1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Ташна кўнгилларга мурожаат... Рамазон кечалари....

05:00 / 14.01.2017 3864 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй аёл, эй нозик хилқат..

Ушбу муборак кечаларни йиғлаб ўткизяпсан. Тонггача ёстиғинг хўл бўлади ҳар гал. Сабаби сен бевасан! Эринг вафот этиб кетган. Ундан сенга нима қолди? Пешонангга “бева” деб босилган тамға, етимлар ва бир дунё дарду алам!

Сенчи, кўнгли ярим? Не умидларда турмуш қурган эдинг? Энди нима бўлди? Тўлғоняпсан яна тонг саҳар? Кеча кундуз сени бебахт қилган инсонгга ҳаёлларингда аччиқ аччиқ гапирсанг ҳам хуморингдан чиқмайсан. Қайтиб келиб ўз уйингга сиғмаяпсан. Лекин сендан ҳам ҳоли хароброқлар бор, ҳув ана, кўзларига уйқу келмаётган дугонангга қара, иккинчи турмуши ҳам бўлмади.

Ҳа, дугонажон?! Бир ўзингни айблайсан, бир уни, бир ундан аввалгисини. Сени ҳозир кўпроқ одамларнинг гап сўзи хижолат қиляпти. Икки эрдан ҳам чиққан бўлиб қолдим дейсан, аввалги турмушим устимдан кулади дейсан. Дунё кўзингга қоронғу кўриняпти. Қора кигиз, оқ кигиз, ҳаммаси бир гўр. Ўзингни қўйгани жой топа олмайсан.

Сенчи?  Шу кундош балоси сени ҳеч ўз ҳолингга қўймадида?! Бир эринг билан уришасан, бир кундошинг билан. Саволлар кетма кет қуйилиб келаверади. Нега нега... ҳаёлинг шундан холи эмас, камига тушларингда кўрасан. Унга айтасан дардингни, бунга айтасан, лекин дард ўлгур тугамайди, ниҳояси кўринмайди. Эртаю кеч ўша офатдан қандай қутулишни ўйлайсан. 

Ҳа, гулим, сенинг мусибатинг балки бошқаларникига қараганда енгилроқдир? Ҳа, ҳали турмуш қурмадинг. Бошқа уйқусизларга қараганда сенинг қайғуинг кичикроқ. Лекин бу ўзингга билинмайди. Назарингда энг бебахт аёл сенсан. Ойнага узоқ термулиб ўзингдан шубҳа қиласан. Ўзингга ўзинг хуник кўринасан ва бахтинг очилмаганининг сабабини шундан кўрасан.

Тасаввур қилинг, шундай бедор аёллар кечаларини чироқни ёқиб ўтказишса, кечанинг ёруғи кундузникидан зиёда бўлар эди.

Дугонажонлар, мен сизлар билан бирга яшайман. Дардларингизни тинглайман. Ҳолингиздан хабарим бор. Сизлар ҳақингизда ўйлайман. Кечалари Роббимнинг раҳматидан умидвор бўлиб кўкка боққанимда, ёнган чироқларингизни кўраман.

Кечаларининг тенги йўқ, кундузларининг мисли йўқ бу муборак ойда, келинг сизларга бир насиҳат қилай, ташна бўлган кўнгилларингизга тасалли берай.

Аввалам бор азизаларим, бахт деганда нимани тушунасиз? 

Ҳа, аёл киши учун эрлик бўлиш, фарзандлик бўлиш бахтдир. Лекин асосий ва ягона бахт шуми? Ҳақиқий бахт Аллоҳни таниш ва давомли итоату ибодатда бўлиб, солиҳ банда бўлиш эмасми? Тақдирга иймон келтирмаймизми? Аллоҳнинг бизга берган неъматларига шукр қилмаймизми?

Сенга бахтни эркак эмас, балки уни яратган Зот беради. Сен бахтни ундан эмас, Холиқингддан кутгин. 

Оила деганда фақат эрни тушуниладими? Ота онангчи, ака укаларинг ва опа сингилларингчи? Фарзандаларингчи?

Билгинки, эркакнинг аёлга, аёлнинг эркакка талпиниши, аслида зурриёт қолдиришга бўлган турткидан ўзга нарса эмас. Бу Буюк Зотнинг ҳикматидир.

Ҳа, сен бевасан, тинмай нолийсан. Лекин беванинг Аллоҳ ҳузуридаги дарожотини биласанми? Унга яхшилик қилиш, етимга яхшилик қилиш билан баробар эканлигини биласанми? Сабр қилсанг, қанча ажрга эришишинг мумкинлигини биласанми? Бевалик аслида сен учун бир олий мақом эканлигидан хабаринг борми?

Қайғуришдан не фойда? Фарзандингни тарбияси билан шуғуллан. Биласанми, қанчадан қанча уламолар, улуғ инсонлар етим бўлишган, отасиз ўсишган, уларга оналари ҳам она ҳам ота бўлганлар. Фарзандларини улуғ инсонлар қилиб етиштирганлар.

Аммо сенчи? Ажрашдингми, майли, ундан аввал ҳам усиз яшагансан, ундан кейин ҳам яшайсан. Шояд ундан ажрашишингдан хайр ва ҳикмат бўлса? Балки ҳали бирга яшаётган бўлсанг, ҳаётинг жаҳаннамга айланиши мумкин эди. Бу нарса яхши аёлларнинг бошидан ҳам ўтган, улуғ аёлларнинг бошидан ҳам ўтган, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари ҳам бундан саломат қолмаган.

Дугонажон, иккита турмушинг ҳам барбод бўлдими? Майли, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлма. Борига шукр қил. Ҳаёт тугади дегани эмас бу. Балки иккинчи бор турмуш қурганингда яхши ният қилмагандирсан. Балки у тўғри ният қилмагандир. Сен кўнглимга қарайди, болаларим бошини силайди дегандирсан. У эса, тайёргина, оғирлигини менга солмайди дегандир. Аллоҳ учун дейилмагандир. Аллоҳнинг розилиги учун дейилмагандир.

Адолат истаётган аёл! Кундошингни ҳам эрингни ҳам ўз ҳолларига қўй. Қиёмат куни улар учун сен жавоб бермайсан. Ҳақсизлик қилишаётган бўлса, ўзлари жавоб беришади. Сен ўзинг нима деб жавоб беришингни ўйла. Ҳали унга ҳали бунга шикоят қилишни бас қилиб, ҳамма иш Ўз қўлида бўлган Роббингга шикоят қилгин, қадарига рози бўлгин, неъматига шукр қилгин. Менга тенг қилди я деб куяверма. Фақатгина Аллоҳга тенгдош қилиб бўлмаслигини эсингда тутгин.

Ҳа, гулим?! Аллоҳ бандаларинг суратию жамолига эмас, қалблари ва амалларига назар солишидан бехабармисан?  Ўзингни тузаб, бирортасига ёқармикинман, дейсану, Роббингни рози қилишга уруниб кўрасанми ҳеч? Балки сенинг шу ҳолатинг, сен ҳавас қилган кўпгина дугоналарингнинг ҳолатидан кўра афзалдир? Улар турмуш қуриб, ибодатга кўп ҳам бўша олмаётгандирлар, тақволар сусайгандир. Сенда уларга қараганда, ибодатга фурсат анча кенг!


Келинг азизаларим, Рамазонни ғанимат билайлик. Кўнгиллар ташналигини Аллоҳ бандасининг муҳаббати билан эмас, Аллоҳнинг муҳабати ила сероб қилайлик. Вужудимиздаги бўшлиқни Аллоҳнинг ишқи ва Расулининг ишқи ила тўлдирайлик. Кечалари бахтсизлигингизни ўйлаб йиғламанг, Аллоҳдан қўрқиб йиғланг. Кераксиз ўй фикр, ҳаёлларни деб бедор бўлманг, ибодат учун бедор бўлинг. Кундузи рўзадор бўлиб, ғийбатчилик, ношукрчилик қилманг, зикр қилувчи, шукр қилучи бўлинг. Рамазоннинг ҳар дақиқасидан фойдаланинг. Минг кечадан хайрли кечани қўлдан қочирманг.

Кундузлари рўзадор бўлар экансиз, тиловат қилар экансиз, кечалари қоим бўлиб ибодат қилар экансиз, сизни улуғлаган Аллоҳни улуғланг. Ўзидан умид қилинг, Ўзигагина ёлборинг, Ўзидангина сўранг.

Аёлларни эркалаган, умматларининг эркакларига уларга яхшилик қилишни васият қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар айтишдан эринманг.

Бирор аёлнинг эри вафот этса, ёки ажрашса, иддаси тугаши билан эшига олдида нафслари учун эмас, савоб умидида совчиликда навбат бўлиб турадиган саҳобаи киромларга ҳам саловоту саломлар юборинг.

Уйида эркак бўлмас, кўчага чиқариб қўйган челакларига сув тўлдириб келиб берган мард эркакларнинг ҳаққига дуо қилинг ва фарзандингизни худди шундай тарбия қилинг.

Сиз мўминлар оналаридан, саҳобиялардан ўрнак олиб, улар тутган йўлни тутинки, сизларга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ила хулқланган, саҳобаларга ўхшаш эркаклар насиб қилсин.

Агар сиз шу айтилган нарсаларга амал қилсангиз, сизнинг ғаму андуҳларингизга шоҳид бўладиган чироқларга ҳожат қолмайди. Балки уларнинг ўрнига улардан афзал бўлган, яна ҳам ёрқин бўлган Раҳмоний нур пайдо бўлади ва сизлар томон назар солган инсу жинлар:”Бечора бахтсизлар” деб эмас, “Энг бахтли мўминалар”, дея ҳавас ила қарайди.


Одинахон Муҳаммад Юсуф


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон Ислом тақвимига кўра тўққизинчи ой бўлиб, мусулмондан махсус рўзага, намозга ва руҳий тадаббурга боғлиқ, диний тиришқоқликни талаб қилади. Иш давоми...

4333 13:44 / 21.05.2018
Савол Бир куни мен кечаси ухлаб қолдим. Саҳарликка ҳам турмадим, ҳатто, Аллоҳ кечирсин, қуёш чиққандан сўнг уйғонибман. Рўзага шунда ният қилиб олдим, ўша кунги давоми...

12193 03:00 / 21.04.2021
Рамазон ойида рўза тутиш, унинг моҳияти ва фойдалариРўза Исломнинг беш фарзидан биттаси ҳисобланади, агар ким уни фарз эканлигини инкор этса кофир бўлишида шубҳа давоми...

4683 16:17 / 23.05.2018
Дунёда миллионлаб рўза тутувчилар бор. Улар рўзадор эканликларининг ташқи аломатлари таом, ичимлик ва яқинликдан тийилиш кабилар умумий бўлсада, бироқ рўза давоми...

4530 14:41 / 25.05.2018