1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Жаноза – фарз ибодатдир!

05:00 / 09.01.2017 29252 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юртимизда диний адабиётлар ва маърузалар кенг кўламда тарқаб, халқимизнинг диний саводи анча ўнгланган бўлишига қарамай, кўпчиликда айрим оддий масалаларда ҳали ҳам савия етишмаётгани кишини ҳайратга солади. Ана шундай масалардан бири ‒ жаноза намози бўлса, ажаб эмас.

 

Бу мавзудаги фикрларни тўплаб, бир мақола қилишни анчадан бери кўзлаб юрардим. Шу йил ёзнинг охирларида насиб бўлди-ю, аммо айрим мулоҳазалар туфайли эълон қилинмади. Вақти-соати бугун экан, уни эътиборингизга ҳавола қилиш насиб бўлиб турибди. Аллоҳ таоло Ўзи манфаатли қилсин.

Жаноза намози фарзи кифоя бўлиш билан бирга, мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи ҳисобланади. Жанозанинг аҳамияти жуда ҳам катта бўлиб, инсон зотига бўлган эҳтиромнинг юксак намуналаридан биридир. Шу билан бирга, у шунчаки анъана, оддий одат эмас, балки шариатда белгиланган махсус ибодат ‒ намоздир. Бу намознинг ўзига яраша шартлари ва рукнлари бор. Ўша шарт ва рукнларсиз у жаноза намози эмас, балки қандайдир ноаниқ ҳаракатлар мажмуи бўлади, холос. Бугунги кунда ушбу ҳақиқатни кишиларга кўпроқ уқтириш лозим кўринади. Сабаби ‒ жанозага қатнашаётганлар кўпинча бу амални қандайдир бир удум, таъзия билдиришга ўхшаш оддий иш деб ўйлайдиган бўлиб қолишган. Жанозага кетаётган одам у ерга бориб, нималар қилиш кераклигини билмайди ҳам, бу ҳақда ўйлаб кўрмайди ҳам. Энг ачинарлиси, кўп ҳолатларда маййитнинг фарзандлари, яқинлари ҳам бундан мустасно бўлмайди, жанозага бепарво ёндашишади. Жанозага келиб, масжидга кирмай, ташқарида тамаки тутатиб турадиганларни айтмаса ҳам бўлади.

Жаноза намоз бўлгани боис, аввало унинг учун намоздаги каби поклик шарт, яъни жаноза ўқимоқчи бўлган киши аввало таҳоратли бўлиши, усти-боши ҳам пок бўлиши керак. Таҳоратсиз ҳолда ёки нопок кийим билан жанозага қулоқ қоққан киши жанозадан бенасиб бўлишдан ташқари қаттиқ гуноҳкор ҳам бўлади, жаноза намозига ва маййитга нисбатан ниҳоятда ҳурматсизлик қилган бўлади. Шу боис, жанозага қатнашадиган одам албатта таҳоратли бўлиши лозим. Таҳорати йўқлар бир чеккада туриб, жаноза намозини кузатиб, кейин дафнга қатнашсалар, жоиз. Аммо сафга аралашиб, таҳоратлиларнинг намозига халал бермасликлари керак.

Иккинчи муҳим масала – жаноза намозининг такбирлари. Бу ҳам жуда долзарб масала. Тўрт такбир жанозанинг рукнлари ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, шу такбирлар гўё жаноза намозининг ракъатларидир. Ракъатсиз намоз бўлмаганидек, такбирсиз жаноза бўлмайди. Ҳатто битта такбир айтилмай қолса ҳам, жаноза намози ҳисобга ўтмайди, уни қайта ўқиш керак бўлади. Такбирни имом билан бирга жамоатдаги ҳар бир киши ўзи ичида айтиши ҳам лозим, худди имомнинг рукуъ-саждаси муқтадий учун кифоя қилмаганидек. Имомнинг такбири фақат ўзи учун бўлади, иқтидо қилувчи одамнинг такбири ўрнини босмайди. Шу боис, жанозанинг дуоларини билмаган киши ҳам ҳеч бўлмаса шу тўрт такбирни айтса, жаноза ўқиган ҳисобланади.

Очиғини айтганда, бу маънода ҳозир аҳвол жуда ҳам чатоқ: бошқаларни қўйинг, намозхонлар ҳам, ҳатто жаноза дуоларини ўқиётганларнинг кўпчилиги ҳам такбир айтишга эътибор бермайди. Айрим «билағонлар» эса такбир айтилганда бошини хиёл кўтариб, қимирлатиб қўя қолади. Бошқалар эса тош қотгандек тураверади, жаноза ўқимайди. Ҳа, улар сафда тик туради холос, жаноза ўқимайди.

Ҳадиси шарифларда қайси бир мўминнинг жанозасида ширкка аралашмаган қирқта мўмин қатнашса, унинг гуноҳлари кечирилади деб башорат берилган. Бу эса шунча одам ўша маййитнинг ҳаққига мағфират сўраса, яъни жанозани рисоладагидек, тартиб-қоидаларига риоя қилган ҳолда ўқиса, демакдир. Ҳозирда эса айрим жанозаларда юзлаб одам йиғилса-да, жаноза ўқиганлар сони қирқта чиқмайдими деб қўрқасиз.

Жанозанинг мағзи – маййитнинг ҳаққига дуо қилиш, мағфират сўрашдир. Бу нарса жаноза дуосида ўз аксини топган. Бугунги кунда бошқаларни қўя туринг, намозхонларнинг неча фоизи жаноза дуосини билади деб ўйлайсиз?

Тафаккур қилсангиз, жуда ҳам ачинарли ҳол. Мусулмонман деймиз, фалончи алломаларнинг авлоди эканимизни айтиб мақтанамиз, қайсиларимиздир эшонзода, қозизодамиз, аммо ўзимизга келса, шу тўрт қаторлик дуони билмаймиз. Ота-онамиз, яқинларимиз оламдан ўтади, имом-домла бошлиқ бегона кишилар уларнинг ҳаққига жаноза ўқиб, дуо қилади, аммо ўзимиз маййитнинг эгаси бўла туриб, бунга ярамаймиз. Тўғри, жанозада сафда туришимиз мумкин, лекин аслида жаноза ўқимаймиз.

Ёшнинг катталиги, иш кўплиги, яна бошқа важлар қуруқ баҳона, холос. Аслида ўзимизда қунт йўқ, ихлос йўқ, инсоф йўқ. Бўлмаса, қатор-қатор енгил-елпи қўшиқларни, юзлаб латифаларни ёдлаган калла билан нега энди тўрт қаторлик дуони ёдлаш мумкин бўлмайди? Бир неча банддан иборат ашулани ярим зал одам қўшиқчи билан бирга жўр бўлиб айтаверади, аммо ўшаларнинг бирортаси ўзи ва ота-онаси учун энг зарур бўлган жаноза дуосини билмайди. Ҳар куни ҳали у, ҳали бу сайтдан хабарларни ва бошқа маълумотларни ўқиймиз, ижтимоий тармоқларда фаолмиз, турли видеоларни соатлаб томоша қиламиз. Ўшаларга сарфланаётган вақтимизнинг мингдан бирида жаноза дуосига ўхшаш зикрлардан бир нечтасини ёдлаб олишимиз мумкин, лекин бунга вақт тополмаймиз.

Ота-онамиз, яқинларимиз ортидан қатор-қатор хайру эҳсонлар қиламиз, хатми Қуръону тиловатлар етказдирамиз. Булар жуда улуғ ишлар, албатта. Аммо отамиз ёки онамизга ўзимиз жаноза ўқий олишимиз мазкурларнинг барчасидан савобли, ота-онамиз учун манфаатли ва аҳамиятлидир.

Эртами-индин ҳаммамиз ҳам оламдан ўтамиз, бизни ҳам ўша сўнгги манзилга кузатишлари бор. Фақат бугуннинг ташвишини қилавермай, келажагимизни ҳам ўйлашимиз лозим. Мусулмон фарзанди бўлсаг-у, ҳеч бўлмаса шу тўрт такбирлик жаноза намозини ўқишни билмасак, мусулмончилигимиз қаёқда қолади? Жаноза намози фақат имомлар ёки масжид ходимлари бажарадиган амал эмас, балки ҳар бир мусулмон киши билиши лозим бўлган ибодатдир.

Фарзандларимиз кўчадан ҳар балони ўрганиб келишяпти. Улар бугун компьютер, мобил телефон ва бошқа жиҳозларни ишлатишни бирпасда ўрганиб олишяпти. Айниқса, ўша жиҳозлардаги ўйинларни чилпирак қилиб ташлашади. «Ўзим ҳатто керак одамнинг  рақами билан исмини ёзишниям билмайман, лекин набирам интернетларга киради, уёғидан кириб, буёғидан чиқиб кетади», деб мақтаниб ҳам қўямиз. Аммо ўша шунқоримиз битта сурани дадил ўқий олмайди, жаноза намози нималигини билмайди, буларни унга ўргатмаганмиз.

Эртага нони бутун бўлсин деб, уларга турли билимларни ўргатяпмиз, мактабдан бошлаб, университетларгача ўқитяпмиз. У ердаги таълимдан кўнглимиз тўлмаса, репетитор ёллаб, унга бериладиган фалон пулни ҳам топяпмиз.  Буларнинг ҳаммаси ўз ўрнида керак. Аммо эртага биз оламдан ўтсак, бу фарзандлар бизга жаноза ўқиб, ҳаққимизга дуо қилишга ярайдими, буни ҳам ўйлашимиз даркор. Ортимиздан лоақал икки калима Қуръонни тўғри ўқиб, бизни дуода ёд этишга ярайдимикин улар? Бошқалар бошимизда туриб, жаноза ўқиб, биз билан хайрлашса-ю, ўз жигарбандларимиз нима дейишни билмай сўппайиб тураверса! Аслини олганда, биз ўзи шунга лойиқмиз, чунки бу болалар ўзимиз етиштирган ҳосил. Аммо ўз фарзандларимизни ота-оналари ҳаққига жаноза ўқиб, дуо қилиш шарафидан маҳрум қилганимизни қандай оқлай оламиз? Бунинг учун Аллоҳнинг ҳузурида, тонгла маҳшар фарзандлар қаршисида нима деб жавоб берамиз? Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам масъулият бизнинг бўйнимизда бўлиши аниқ.

Жаноза намози жуда мураккаб, қийин амал эмас. Тик туриб тўрт марта «Аллоҳу акбар!» дейиш-у, салом бериш ва такбирлар орасида бир-икки қаторлик учта дуони ўқишдан иборат. Буни ўрганиш учун кўп нарса керак эмас, озгина қунт ва муҳаббат бўлса бас. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугун юртимизда бунинг учун талайгина имкониятлар бор, хилма-хил китоблар, қўлланмалар муҳайё. Уларни ўқиб, ўрганиб, сўнг риоя қилиш, амалга ошириш қолди, холос.

Жаноза хусусида унутилаёзган яна бир масала ‒ аёллар масаласидир. Гап шундаки, аёллар ҳам жаноза намози ўқиши мумкин. Аёллар масжидларга қатнамайди, у ерга атайлаб жаноза ўқиш учун бормайди, аммо жаноза намози хонадонда ўқилганда ўша ердаги аёллар эркакларга иқтидо қилган ҳолда жаноза намозини ўқишлари мумкин. Кўплаб вилоятларда жаноза уйда ўқилади, хусусан, маййит аёл киши бўлса, жанозани уйда ўқишга одатланилган. Ана шундай пайтларда аёллар ҳам парда ортида туриб, жаноза намозига қўшилсалар, савоб бўлади. Буни ҳаж ёки умрага борган ҳожи аяларимиз яхши билишади. Ҳарамда ўқиладиган жанозаларда имомга аёллар ҳам иқтидо қилиб ўқийверадилар. Шу боис, жаноза намозининг ҳукмлари ва зикрларини аёлларга ҳам ўргатиб қўйиш даркор.

Одатда айнан маййит тобутга олиниб, жаноза ўқиладиган жойга олиб чиқилган пайтда аёлларнинг баланд овозда йиғлаб, дод-фарёд солиши авжга чиқади. Бунинг ўрнига улар таҳорат билан, маййитнинг ҳаққига холис, самимий дуолар билан жаноза намозига тайёрлансалар, жанозадан олдинги қисқача амру маъруф, наҳий мункарга қулоқ солсалар, сўнг одоб билан, тавозеъ билан, ҳаё-иффат билан, хушуъ-хузуъ билан жаноза намозига иқтидо қилсалар, савоб устига савоб бўлади, барчага ибрат бўладилар, чинакам муслималик фарзини, фарзандлик ёки қариндошлик бурчини адо этган бўладилар.

Маййитнинг ортидан овоз чиқариб йиғлашнинг аввало маййитга озор бўлиши, аёлларнинг овози ҳам авратлиги ҳақида ҳар қанча гапирилса ҳам, бу гапларнинг таъсири билинмаяпти. Эҳтимол, аёллар дод солиб йиғлаш ўрнига жаноза намозига тайёрланса, таҳоратини янгиласа, бир-биридан жаноза намозининг тартибини, унда ўқиладиган дуоларни сўраб, ўрганиб турса, динимизда қайтарилган, исломий маданиятимизга ёт бўлган бу шовқин-суронлар бироз камаярмиди?

Фурсати келганда шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, жанозада таҳорат шартлиги ва такбирлар бу намознинг рукни эканини имом-домлаларимиз ҳар жаноза намозларида жамоатга тушунтириб борсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди, барча учун манфаатли, хайр-баракотли иш бўлар эди. Шу билан бирга, имом-домлаларимиздан яна бир илтимос ‒ жаноза дуоларини секинроқ ўқисалар, чунки улар бу зикрларни яхши билганлари учун уларни тез ўқий оладилар, аммо кўпчилик намозхонларда бу малака йўқ, улар бу дуоларни ўқишга улгурмай қоладилар, шунинг учун баъзан шошиб, такбирларни ҳам айтмолмай қоладилар. Натижада уларнинг намози дуруст бўлмай қолади. Очиғи, баъзан ўзимиз ҳам имомга етолай қийналиб қоламиз, бу эса яхши ҳолат эмас. Зотан, жаноза дуоси маййитнинг ҳаққига қилинадиган энг асосий дуодир, гарчи уни маййит эгалари эшитмаса ҳам, шу боис, уни етарли хушу-ҳузуъ билан, юксак эҳтимом ва ёлвориш билан адо этиш даркор. Масаланинг шу жиҳатига ҳам эътибор бериш керак деб ўйлайман.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни намозда саф тортишга ўргатиш учун қўлларида чўп билан сафларни ростлаб чиқардилар. Имом‑домлаларимиз халқни ана шунга ўхшаш услублар билан, аста-секин тушунтиришлар билан комил ибодат қилишга ўргатиб боришлари даркор. Аллоҳ таолодан бу йўлда барчаларимизга Ўзи мададкор бўлишини сўраймиз.

 

Фурсатдан фойдаланиб, жаноза намози ҳақида қисқача маълумотларни тақдим қилмоқчиман.

 

Жаноза намозининг ўқилиш тартиби

Жаноза намозида азон, иқома, рукуъ, сажда бўлмайди. Имом маййитнинг кўкраги тўғрисида (маййит аёл киши бўлса, белининг тўғрисида) туради. Жамоат эса имомнинг орқасидан саф тортади. Имом қўлларини қулоқлари баробар кўтариб, «Аллоҳу акбар» дейди. Иқтидо қилганлар ҳам шундай қиладилар. Сўнг санони ўқийди:

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ وَتَبَارَكَ اسْمُكَ وَتَعَالَى جَدُّكَ وَلَا إِلَه غَيْرُكَ.

Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдик, ва табаарокасмук, ва таъаалаа жаддук, ва лаа илааҳа ғойрук.

Маъноси: «Аллоҳим, Сени пок деб ёд қиламан, исминг муборак, мартабанг улуғдир, Сендан ўзга илоҳ йўқ».

Санодан сўнг иккинчи такбирни айтади. Кейинги такбирларда қўллар кўтарилмайди. Иккинчи такбирдан сўнг салавот ўқилади:

اَللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى ءَالِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى ءَالِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. اَللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى ءَالِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاِهِيمَ وَعَلَى ءَلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ.

Аллоҳумма, солли ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммад, камаа соллайта ъалаа Иброҳиима ва ъалаа аали Иброҳиим. Иннака ҳамиидум-мажиид.

Аллоҳумма, баарик ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммад, камаа баарокта ъалаа Иброҳиима ва ъалаа аали Иброҳиим. Иннака ҳамиидум-мажиид.

Маъноси: «Аллоҳим, Иброҳим ва унинг оиласини ёрлақаганинг каби Муҳаммад ва у зотнинг оиласини ёрлақагин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан.

Аллоҳим, Иброҳим ва унинг оиласига барака нозил қилганинг каби Муҳаммад ва у зотнинг оиласига ҳам барака нозил қилгин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан».

Салавотдан сўнг учинчи такбирни айтиб, ортидан маййитнинг ҳаққига қилинадиган жаноза дуосини ўқийди:

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِـحَيِّنَا، وَمَيِّتِنَا، وشَاهِدِنَا، وَغَائِــبِنَا، وَصَغِيْرِنَا، وَكَبِيرِنَا، وَذَكَرِنَا، وَأُنْثَانَا، اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الْإِسْلَامِ، وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوفَّهُ عَلَى الْإِيْمَانِ.

«Аллоҳуммағфир ли ҳаййинаа ва маййитинаа, ва шааҳидинаа ва ғооибинаа, ва соғииринаа ва кабииринаа, ва закаринаа ва унсаанаа. Аллоҳумма, ман аҳйайтаҳу миннаа фа’аҳйиҳи ъалал­ Ислаам, ва ман таваффайтаҳу миннаа фа таваффаҳу ъалал­ иймаан.

Маъноси: «Аллоҳим, тирикларимизни ҳам, ўтганларимизни ҳам, борларимизни ҳам, йўқларимизни ҳам, каттаю кичигимизни ҳам, эркагу аёлларимизни ҳам мағфират қилгин. Аллоҳим, биздан кимни яшатсанг, Исломда яшат, кимни вафот этдирсанг, иймонда вафот этдиргин».

Кейин тўртинчи такбирни айтиб, сўнг салом берилади.

 

Жаноза намозининг бошланишига улгурмаган киши такбир айтиб, қулоқ қоқиб, жамоатга қўшилиб олади-да, саломдан олдин қолган уч такбирдан улгурмаганларини айтиб олади.

Ушбу жаноза дуоси барча маййитлар учун кифоя қилса-да, жаноза намозида ўқиладиган бошқа қўшимча дуолар ҳам бор. Масалан, ёш болага алоҳида, аёл кишига алоҳида ўқиладиган дуолар ҳам келган. Уларни намоз ўқиш қоидалари ҳақидаги бошқа китоблардан  ўрганиб олишимиз мумкин.

 

Аллоҳ таоло барча ибодатларимизни, хусусан, жаноза намозларимизни тўғри ва бекаму кўст адо этишни насиб қилсин, уларни даргоҳида ҳусни қабул айласин, ўтганларимизнинг ҳаққига қилган дуоларимизни мустажоб айлаб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин!

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
23МатнҚачон хотиржам ҳолда ўтириб, аъзолари таскин топгач такбир айтиб иккинчи бор сажда қилардилар. Қачан саждадан фориғ бўлсалар икки оёқларида турардилар, давоми...

3603 05:00 / 09.01.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Умму Фазл у кишининг .Вал мурсалати урфа,ни қироат қилаётганини эшитиб.Эй, ўғлим, Аллоҳга қасамки, ушбу сурани қироат давоми...

3650 05:00 / 04.01.2017
1. Ғусл қилиш. 2. Энг яхши кийимларни кийиш. 3. Намозга чиқишдан олдин тоқ ададда хурмо ейиш. 4. Ҳайитни намозгоҳда ёки масжидда адо этиш. 5. Намозга юри6 бориш ва давоми...

1396 14:59 / 09 апрель
31МатнНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўртасидаги ташаҳҳуддан фориғ бўлганларида учинчи ракатга турардилар. Бунда ҳам ерга қўллари билан суянмас эдилар. давоми...

3442 05:00 / 09.01.2017