1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тошкент 2007

МУНОСИБ МАҚОМ

14:25 / 20.04.2017 4962 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзбекистон Республикаси пойтахти Тошкентга 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти мақомининг берилиши хорижий мамлакатларнинг Тошкентдаги дипломатия ваколатхоналари ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари томонидан кенг ва қизғин шарҳланмоқда.
ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Майкл Барри Лейн Ўзбекистон бош кентининг Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинишини муносиб мақом, деб баҳолади.

— Тошкентда “Жаҳон маданияти ёдгорликлари” рўйхатига киритилган Усмон қуръони ҳамда Беруний кутубхонаси сақланмоқда, Бароқхон, Кўкалдош мадрасалари, Қаффол Шоший, Шайх Хованд Тоҳур, Юнусхон, Занги ота ёдгорлик мажмуалари бинолари асраб-авайлаб келинмоқда. 2007 йилда ушбу муҳим воқеа муносабати билан ЮНЕСКО Марказий Осиё ислом меросига бағишланган халқаро конференцияни Тошкентда ўтказишни режалаштирмоқда, — деб таъкидлади ЮНЕСКО ваколатхонасининг раҳбари.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар Фонди – ЮНИСЕФ ваколатхонасининг раҳбари Ризо Ҳусайний ҳам Ислом конференцияси ташкилотининг Таълим, фан ва маданият фонди — ISESCO томонидан 2007 йилда Тошкентга Ислом маданияти пойтахти мақомининг берилиши муносабати билан ўзбекистонликларни муборакбод этди.
— Ўзбекистон қадим замонлардан бери ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келган. Имом ал-Бухорий, Муҳаммад ал-Хоразмий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк мутафаккирлар жаҳон ислом маданияти ва фанига салмоқли ҳисса қўшганлар, — деб таъкидлади Р.Ҳусайний.
— Тошкентда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон шаҳарнинг маданий ва тарихий муҳитини қалбан ҳис қилади, — дейди БМТ Аҳоли зичлиги фонди (ЮНФПА)нинг Ўзбекистондаги вакили Холид Филби. — Музейлар ва мадрасаларнинг маҳобатли бинолари, Тошкент ислом университети фаолиятида акс этаётган сермазмун ислом маданияти шаҳарни бутун Осиё қитъасидаги энг ёрқин ислом маданияти марказларидан бири, деб эътироф этилишига сабабчи бўлгани табиийдир.
Узоқ тарихдан бошлабоқ мусулмон дунёси тарихида асосий ўринлардан бирини эгаллаб келган, жаҳонга Бухоро, Самарқанд, Хивани туҳфа этган Ўзбекистоннинг гўзал пойтахти энг муҳим исломий марказлардан бири, деб эътироф этилишга ҳар томонлама муносиб.
— Ушбу тўғри ва адолатли қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг бой исломий маданияти билан боғлиқ эканлигига шубҳа йўқ, — деди Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жан Бернар Арт ISESCO қарорини шарҳлар экан. — Мусулмон оламининг жаҳонга машҳур қатор олимлари, файласуф ва шоирлари ушбу мамлакат ҳудудида етишиб чиққанлар. Тошкентнинг ислом маданияти пойтахтларидан бири, деб тан олиниши жаҳон жамоатчилигига Ўзбекистондаги бой исломий мерос билан яқиндан танишиш имконини беришига шубҳа йўқ.
“Ўзбекистон бундай эътирофга лойиқдир, — дейди Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Дэвид Моран. — Мусулмон оламининг энг муҳим ёдгорлиги — Усмон қуръони Ўзбекистонда сақланади. Тошкентнинг ислом маданияти пойтахтларидан бири, деб эътироф этилиши ўарб жамоатчилигида унинг бой ва ўзига хос тарихий-маданий ҳамда маънавий меросига қизиқишни кучайтиради. Ўзбекистон хал¬қи Тошкент билан бир қаторда Самарқанд, Бухоро, Хива каби улуғвор ҳамда гўзал шаҳарлари билан ҳар қанча фахрланса арзийди.”
— Мен Таълим, фан ва маданият ишлари бўйича ислом ташкилотининг 2007 йилда Тошкентни ислом маданияти пойтахтларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисидаги қароридан беҳад хурсандман, — деди Мисрнинг мамлакатимиздаги элчиси Нодия Қаффофий. — Тошкентнинг ўтмиши ва қадимдан сақланиб келаётган бой меросини эътиборга олган ҳолда мазкур қарор адолатли қабул қилинган, деб ҳисоблайман.
Ўзбекистон шаҳарлари ислом дини ва маданияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган кўплаб меъморчилик ёдгорликлари ила дунёда ном таратган. Қадимий Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари ҳам Тошкент билан бир сафда жой олишга сазовордир.
Иорданиянинг Тошкентдаги Муваққат ишлар вакили Муҳаммад Юсеф Балқар Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг қарорига биноан, Тошкент шаҳри 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинганлиги тўғрисидаги хабарни мамнуният билан қабул қилганини таъкидлади. Шу ўринда, деди М.Балқар, Ўзбекистондаги Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари ҳамда уларда яшаб ижод қилган ал-Хоразмий ва ал-Бухорий каби буюк алломалари ислом маданияти ва илм-фанининг ривожига улкан ҳисса қўшганликларини айтиб ўтишни истар эдим.
Мен ўтган йили Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги ва Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирларда иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Ўзбекистонда ислом цивилизациясининг моддий ва маънавий меросларидан бўлган нодир ёдгорликларни сақлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар менда катта таассурот қолдирди.
Фикримча, фақат 2007 йил билан чекланиб қолмасдан, Тошкент шаҳрининг мусулмон маданиятининг ривожидаги ўрни ва аҳамиятидан келиб чиқиб, унга ислом маданиятининг доимий пойтахти, деган мақомни бериш мақсадга мувофиқ бўлади.
— Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар томонидан Тошкентга Ислом маданияти пойтахти мақомининг берилиши Ўзбекистоннинг жаҳон ислом маданияти ривожига қўшган юксак ҳиссасининг тан олиниши, деб ҳисоблайман, — дейди мамнуният билан Бангладеш элчиси Суҳроб Ҳусайн. — Тошкентга берилган ушбу юксак мақом Ўзбекистоннинг халқаро майдон ва ислом оламида нуфузи янада ошганлигидан далолат беради. Ушбу қарор Ўзбекистон раҳбарияти томонидан буюк ислом алломалари ва мутафаккирлари, шу жумладан, Имом ал-Бухорийнинг бой маданий ва маърифий меросини тиклаш ва асраб-авайлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси эканлигини алоҳида таъкидлайман.
Саудия Арабистонининг мамлакатимиздаги элчиси Мансур ал-Мансур ҳам юртдошларимизни ушбу муҳим воқеа муносабати билан табриклаб, жумладан, шундай деди:
— Мен Таълим, фан ва маданият ишлари бўйича ислом ташкилотининг Тошкент шаҳрини Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилиш ҳақидаги қарорини тўла қўллаб-қувватлайман. Ўзбекистон пойтахти ушбу фахрли унвонга муносибдир. Мазкур қадимий ва шу билан бирга, замонавий шаҳар бутун дунёдан келган кўплаб меҳмонлар ва сайёҳларда ўчмас таассурот қолдиради. Тошкент келажак авлодларга мерос қилиб қолдириш учун авайлаб сақланаётган муҳташам меъморчилик обидалари, мадрасалар, масжидлар, музей ва кутубхоналарга бой шаҳардир. Осиёнинг кўпгина шаҳарлари орасида айнан Тошкентнинг Ислом маданияти пойтахти сифатида эътироф этилиши қувонарли ҳолдир.
— Эрон томони Ислом конференцияси ташкилотининг Тошкент шаҳрини 2007 йилда жаҳон ислом маданиятининг тўрт пойтахтларидан бири, деб эълон қилиш борасидаги қарорини олқишлайди, — деди Эрон Ислом Республикаси дипломатик ваколатхонаси раҳбари Муҳаммад Фатхали. — Ўзбекистон халқи ва ҳукуматини ушбу аҳамиятга молик унвон билан муборакбод этаман. Дарҳақиқат, Тошкент жаҳон маданий мероси марказларидан бири саналади. Шубҳасиз, Ўзбекистон пойтахти дунё ислом маданиятига улкан ҳисса қўшган шаҳарлардандир.

“Жаҳон” АА

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Араблар Мовароуннаҳрrdquo деб атаган ушбу заминдан IXX асрларга келиб йирик усул алфиқҳ олимлари етишиб чиқдилар. Хусусан Шош қадимги Тошкент дан етишиб чиққан олим давоми...

5848 14:28 / 20.04.2017
Каримберди ТўрамуродовБисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим.Сиз бирndashбирингизни ҳидоятга чорлайверинг. Ҳар бир бандам мен истаган куни ҳидоятга давоми...

9584 14:32 / 20.04.2017
.Кўкалдош, мадрасаси Тошкент шаҳридаги тарихий обидалардан бири саналади. Муҳаммад Солиҳ Қорахўжа Тошкандийнинг .Тарихи жадидайи Тошканд, китобида .Кўкалдош, давоми...

6559 14:27 / 20.04.2017
ҲАЗРАТИ ИМОМ КОМПЛЕКСИ, Ҳастимом Зарқайнар кўч., 123, арх. комплекси. ҲАЗРАТИ ИМОМ КОМПЛЕКСИ қурилишига ўз даврининг ўқимишли кишиларидан бири бўлган имом Абў Бакр давоми...

5597 14:26 / 20.04.2017