1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1430

Қаҳрамон АСЛАНОВ

21:42 / 19.04.2017 3795 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СИНОВЛИ ДУНЁ

Гўдакларга эътибор бергансиз. Беғубор кўзлари билан атрофни кузатади, аммо гапира олмайди. Уларнинг ички дунёсига кира олмаймиз, чунки, ҳеч қайсимиз ўз гўдаклигимизни эслай олмаймиз. Агар улар ҳам фикрлашганда ва атрофни ўзларининг соф қалблари билан хис қилишганда нима бўларди? Ҳаётимизда бўлаётган ва биз учун оддий ҳолга айланган ходисаларни уларнинг покиза нигоҳлари билан кузатишга ҳаракат қилдик. Тўғри, ёзганларим бироз мистика, бироз муболаға, бироз ҳаёлот бўлиши мумкин. Аммо, мақсадим сизларга воқеъликнинг аслини эмас, ҳикматини англатиш эканлигини айтиб ўтмоқчиман. Келинг, сўзни Ойишага берайлик:

***

Мен нақадар бахтлиман. Тақдиримга мусулмонлар яшайдиган ўлкада, мусулмон оиласида туғилиш ёзилган экан. Бунинг нақадар улкан бахт эканлигини билсангиз эди. Афсуски, кўпчилигингиз буни хис қилмайсиз. Айтишларича, инсоннинг мусулмон оиласида туғилиши унинг динининг ярми тўлганлигини англатар экан. Қолган ярмини тўлдириш эса ўша инсоннинг ўзига боғлиқ бўлиб қолар экан. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг бола қаерда туғилишидан қатъий назар мусулмон ҳолатда туғилади, аммо, унинг ота-онаси уни ё мусулмон, ё насроний ёки бутпараст қилиб тарбиялайди, деганликларини ҳам эшитганман. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, менинг ота-онам менинг динимни комил бўлишига ва икки дунё саодатига эришишимга сабабчилардан бўладилар.
Бўлажак ота-онамга шаръий никоҳ ўқитилди. Никоҳ ўқиган домла иккиларига ҳам оиланинг муқаддаслиги, “талоқ” сўзидан ҳатто, Арши Аълонинг ҳам ларзага келиши ҳақида тушунтирди. Шундан сўнг фарзанд тарбияси ҳақида ҳам узоқ гапирди.
Ривоят қилишларича, бир бола ёмон одат чиқарибди. У одамларнинг мешларини пичоқ билан тешиб қочар экан. Ҳар қанча ўқтирилса ҳам, уришишса ҳам фойдаси бўлмабди. Шунда ҳалиги боланинг онаси:
-Бунинг сабабини англагандек бўляпман. Шу болага хомиладор эканлигимда меҳмондорчиликка боргандим. Ҳалиги жойда бир анор бор эди, роса егим келди. Ҳеч кимга билдирмай, игнанинг учини ўша анорга тиқдимда, сувини сўрдим, -деган экан.
Ушбу ривоятдан хулоса қилиб, фарзанд тарбияси фақат насиҳат билан эмас, ҳалол луқма ва ибрат билан ҳам бўлиши кераклигини домла тушунтирди.

***

Бўлажак онам йиғлаб ўтирибди. Дадам хомуш.
-Бўлди, сиқилманг. Ҳаммаси яхши бўлади.
-Нимаси яхши бўлади? Врач ҳаммасини тушунтирди-ку, шунча даволандик, фойдаси бўлмас экан. Нима қиламиз, энди?
-Менимча, врач умид йўқ демади. Барча ҳаракатни қилдик, энди бариси Аллоҳдан, деди.
-Шунинг ўзи умид йўқ дегани эмасми, Комил ака? Ҳали ойим билсалар нима бўларкин.
Ойижон. Нега йиғлайсиз? Мен борман-ку. Сабр қилинг, албатта, мақсадингизга етасиз. Инсонлар қизиқ экан. Нега бирор дўхтир яхши даволайди, деса умидвор бўлишади-ю, ҳаммасини Аллоҳдан сўранг, дейилганда ишонишмайди. Фарзандни берувчи фақатгина Аллоҳнинг ўзику! Гўёки, фақат умидсиз вазиятдагина Аллоҳ тилга олинади, деб ўйлашади.

***

-Сен бола, ростини айт, нима деди дўхтир?
-Ҳаммаси яхши бўлади, деди. Умидларингни узманглар, беш йиллаб фарзанд кўрмай юрганлар бор, дейишди.
-Гапни бурма, айб кимда экан? Суриштирдингми ёки лаллайиб келавердингми?
-Ойи бўлди қилинг, келинингиз эшитиб қолади.
-Бўлди, бунча тарафини оласан ўшани. Энди ўтиравер бир-бирингни юзингга термулиб. Мана Одинахон биз билан бирга тўй қилганди. Ўғил набирали бўлди аллақачон. Сенлар қачон тушунасанлар, ҳайронман. Ўзи бошида айтгандим, тенгимиз эмас улар, деб.
Наҳотки, кўпни кўрган, инсофга чақирувчи ва оиланинг тотувлигини сақлаши керак бўлган катталар фарзандларига сабрга чақириш, дуо қилиш ўрнига уларни ажратиш йўлини қидирса. Ахир, дадам уларнинг ўғилларику. Ҳаммаси ўз ўрнида, режа бўйича бўлишига, енгилликка ўрганиб қолганмикин одамлар.

***

Ўтмишдаги улуғ инсонлардан бири Сирийн (р.а.) уйланибдилар. Тўйларига бутун башарнинг, исломнинг буюк инсонлари келишибди. Бадр ғозийлари ҳам бор экан уларнинг ичида. Аллоҳ таоло пайғамбаримизга исми билан айтиб, Қуръоннни ўқиб беришни буюрган Каъб ибн Молик (р.а.) ҳам бор эканлар. Тўй охирида Каъб ибн Молик (р.а.) дуо қилибдилар, бутун меҳмонлар дуога қўл очишибди.
-Аллоҳим, Сирийннинг оиласини хайр-баракотли қилгил, фазли карамингдан динга ҳизмат қиладиган улуғ фарзандлар ато этгин.
Бу дуонинг ижобат бўлишига йигирма йил керак бўлган экан. Ҳатто, дўстлари Сирийннинг олдига келиб, бошқа хотин олишни маслаҳат берганда ҳам у сабр қилишда давом этган экан.
-Биласизларми, менинг тўйимда Каъб ибн Молик (р.а.) дуо қилганлар, Бадрда қатнашган йигирма саҳоба қўлини очиб, “омин” деб туришган. Бу дуо жавобсиз қолиши мумкин эмас, агар шундай бўлса, мен Аллоҳ учун чиройли сабрда бўламан ва ажр умид қиламан.
Унинг бу сабри эвазига Аллоҳ таоло ўғил фарзанд ато этди. Муҳаммад ибн Сирийн деб тарихда қолган бу бола ислом оламининг энг етук олимларидан бўлиб етишди ва Сирийн номининг бугун бизгача етиб келишида катта хизмат кўрсатди.

***

Дадам хурсанд бўлиб уйга келди.
-Моҳи, уйдамисан. Биласанми, мен жума намозида бир нарса эшитдим.
-Нима эшитдингиз?
-Агар доимо қалбда Аллоҳни ёдда тутиб, тилда “Астофуриллоҳу ал Азийм” деб зикр қилиб юрса, Аллоҳ тезда у инсоннинг гуноҳларини кечирар ва фарзанд ато этар экан. Кел, биз ҳам шунақа қиламиз, зора, Аллоҳ дуоларимизни ижобат қилса.

***

Бугун оилада катта хурсандчилик. Мен ойимнинг вужудидаман ва бундан оиладагилар хабар топишди. Дадамнинг қувонганини айтмайсизми.
Ота-онам ўша кечаси таҳажжуд намозини ўқишди.
“Аллоҳим, ёлғиз ўзингга суянамиз. Сенигина улуғлаймиз. Суянишга ҳам, мадҳ этилишга ҳам энг лойиқ Зот ўзингдурсан. Аллоҳим, бизга фарзанди комил ато этгин. Ушбу омонатни сен учун сақлашга, сенинг ибодатинг учун тарбиялашга бизга куч қувват ато этгин”

***

Кундан кунга улғайиб боряпман. Тезроқ синов дунёсига келишга, ота-онамнинг, буви-буваларимнинг кўзларини қувонтиришга шошилиб кетяпман. Бугун ойим билан поликлиникага бордик. УЗИ аппаратига тушиш учун навбатда ўтирганимизда даҳшатли воқеанинг гувоҳи бўлдим. Бундай ваҳшийлик ҳам бўлишини, инсоният бунга-да қодирлигини умуман тасаввур қила олмасдим. Ҳатто, очликдан боласини еб қўядиган хайвонлар ҳам инсоннинг бу жинояти олдида тилларини тишлашларига шубҳам йўқ.
Бир аёл аборт қилдирмоқчи экан. Инсон томонидан ўйлаб топилган бу янги турдаги сўзнинг маъносини кейин англадим. Айтишларича, унинг учта қиз фарзанди бўлиб, яна хомиладор экан. УЗИ аппаратига тушса, бу ҳам қиз, дейишибди. Шунинг учун вужудидаги боласини ўлдирмоқчи экан.
Ё Аллоҳ! Қандай замонда дунёга келаман, қўрқиб кетяпман. Намунча ваҳший бу одамлар. Жоҳилият даврининг энг катта гуноҳларидан бири қиз болаларни тириклайин кўмиш бўлган. Ахир, ўшалар ҳам фарзандларига уч-тўрт йил яшашга имкон беришганку.
-Синглим, қиз ҳам фарзанд, сабр қилинг, балки кейингиси ўғиб бўлар. Бола ҳам катта бўлиб қолибди, қийин бўлади, -деди врач.
-Йўқ, опа, олдириб ташлайман. Эрим ҳам рози бўлди.
Қандай одам экан-а ўша эр? Жаннат башорати берилганда ҳам Ҳазрати Умар (р.а.) дек зотни зир титратган, хушдан кетказган бу гуноҳни ўйламасдан қилиб юбораверса. Умарга оғирлик қилган юкни, наҳотки кўтара олса? Ким ўзи у эркак, Аллоҳ билан савдолашса? Менга у керак, бунисини ўзинг қайтариб ол, деб Аллоҳнинг неъматини ўлдирса!
Ҳалиги аёлнинг боласини ўлдиришди. Жуда қаттиқ чинқириқ эшитилди. Бу ўша аёл эди. Оналик меҳри ўзини кўрсатди, деб ўйладим, бошида. Йўқ, бу Аллоҳнинг муъжизаси экан. Ўлдирилган ҳалиги хомила ўғил эди ва аёл бунга чидай олмай дод солиб йиғларди. Атрофдагилар унга ачинишни ҳам, юпатишни ҳам билмай ҳайрон эдилар. Аллоҳ уни шу йўл билан шу дунёдаёқ жазолаганди, барча аппаратлар қиз деб башорат қилган хомилани ўғилга айлантириб қўйган ва шу орқали ўзининг борлигини ибрат излаганларга намойиш қилганди. Ҳалиги аёл гоҳ дўхтирларни, гоҳ эрини айблар, асосий айбдор ўзи эканлигига эътибор бермасди. Балки, юпангач буни тушунар. Уйига бориб ўйлар. Йиллар ўтиб, ўлик чақалоғининг нигоҳи уни таъқиб қилар, тушларига кирар. Аёл қалбини Аллоҳга бурар. Шундай бўлсин, илоҳим. Тавба эшикларидан кириш унга қабр туйнугига киришдан олдинроқ насиб этсин. Зинҳор унинг надомати қиёмат кунига тўғри келиб қолмасин.

***

Мен дунёга келдим. Онамнинг қувончи чексиз. Унинг менга қараб турган нигоҳларини хис қиляпман. Дунёларни унутган у. Бутун олам гўзаллиги унинг учун фақат менда жо бўлгандек. Менимча, инсоннинг бу дунёдаги энг катта бахти шу бўлса керак. Она меҳри.
Тўғри, ҳар бир жонзот онадан туғилади, ҳатто, баъзи жонворлар туғилиши учун онаси ўзини қурбон қилар экан. Аммо, Аллоҳнинг инсонга меҳрибончилиги шундаки, унинг бутун умри давомида онани меҳрини унга ҳамроҳ қилади.
Исмимни Ойиша деб қўйишди. Мўминлар онаси Ойиша (р.а.) га хавас қилишди. Мен ҳам хавас қиламан у зотга. Ота-онанинг энг катта бурчларидан бири фарзандга чиройли маъноли исм қўйиш экан. Бу борада ҳам менинг бахтим кулиб боқди. Айтишларича, агар исм бирор улуғ инсонга хавас қилиб қўйилса, ўша инсоннинг бирор бир хислати шу болага ҳам ўтар экан. Мен ҳам шундан умид қиламан. Пайғамбаримизнинг суюкли рафиқалари, буюк олима Ойиша (р.а.) га ўхшашга ҳаракат қиламан. Бутун инсоният унга туҳмат қилганда ҳам иймонига путур етказмаган, ёлғиз Аллоҳга суянган Ойиша (р.а.) нинг ҳаётини ўзимга дастури амал қилиб оламан. Ота-онамни юзини ерга қаратмайман, уларга муносиб фарзанд бўламан.

***

Ҳазрати Ойиша (р.а,) туҳмат остида қолган эдилар. Унинг мажбурий ҳолатда бир саҳобий билан ёлғиз қолганликларидан фойдаланган баъзи мунофиқлар унга қарши бўҳтон уюштирдилар. Ҳатто, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам бир муддат иккиландилар. Ойиша (р.а) оталари Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) нинг уйига кетиб қолдилар.Орадан бироз вақт ўтгач пайғамбаримиз (с.а.в) Абу Бакр (р.а.)нинг уйига келдилар.
-Қизим, -деди Абу Бакр (р.а.), -агар шу гуноҳни қилган бўлсанг, тавба қил, Аллоҳ гуноҳларни кечиргувчидир.
-Отажон, қандай қилиб қилмаган гуноҳим учун тавба қилай, Аллоҳ менинг поклигимни билади ва У гуноҳсиз бандасига ҳеч қачон қилмаган гуноҳини юкламайди.
Шундай деб Ойиша (р.а.) юзтубан ётиб олдилар. Айнан шу дақиқаларда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) га ваҳий келиб, рафиқаларининг поклиги билдирилди.

***

Туғруқхонадан ҳали чиққанимиз йўқ. Тезда уйга боришга, қариндошларимни кўришга ошиқяпман. Улар ҳам мени кутишаётгандир. Бугун яна дадам бизни кўргани келди. Мен томонга бир қараб қўйди-да, унчалик эътибор бермади. Негадир кайфияти йўқ эди.
-Тинчликми? Ҳа, қовоғингиздан қор ёғилмаса?
-Моҳи, эсимда бор, олиб чиқиш учун узук олиб бераман, дегандим. Аммо, иложини қила олмаяпман. Биринчи куни кўп пул кетди. Ҳали бирига суюнчи, бошқасига хизмат ҳаққи дегандек.
-Бу нима деганингиз? Нима, қийналган мен-у, бошқаларни рози қилиб юрибсизми?
-Ахир, сен мени тушунасанку. Албатта олиб бераман, ҳеч қаёққа қочиб кетганим йўқ. Нима қил дейсан?
-Билмайман, қарз оласизми, ўғирлик қиласизми, эртага узук шу ерда бўлиши керак. Бўлмаса, мен ҳеч қаерга бормайман, тамом.
Дадам аччиқ билан чиқиб кетди. Мен ҳеч нарсага тушунмай қолдим. Онам шунақа аёлми? Узук шунчалик ҳам муҳим нарсами? Менга етишиш учун қанчалик қийналишганини биламанку, наҳотки энди, шу нарсани узукка алишмоқчи бўлишса. Қийналганликларини рўкач қилишганига ҳайрон қолдим. Ахир, бунинг эвазига оналик бахтига муяссар бўлдиларку. Бунинг қандай бойлик эканлигини тезда унутишдимикин ёки...


***

Ойим йиғлаб, мени тебратиб ўтирибдилар. Қўлларида чиройли узук. Дадам кирдилар:
-Нима бўлди?
-Ойингиздан сўранг, нима бўлганини?
-Сиз ҳам айтақолинг, тинчликми?
-Бешик тўйидан кейин ўзгариб қолганлар. Айтишларича, онам сарполарни яхши қилмабдилар. Нима қилайлик, улар ҳам қўл учида кун кўришса, яқинда синглимни чиқаришимиз керак.
-Шунга шунчами. Майли ўйламанг, ўтиб кетади ҳаммаси.
-Ҳеч нарса ўтиб кетмайди. Зерикдим, шу гаплардан. Агар камбағал дейишса, келин қилмасинлар эди. Ўзлари боришдику, совчи бўлиб.
Охирги кунларда оиламизда тинчлик йўқолганга ўхшайди. Туғилишимдан олдин ҳаммаси яхши эди. Бувим ҳам ойимга меҳрибонлик қиларди, ҳамма янги меҳмонни кутарди. Энди эса ҳар куни жанжал, тўполон. Ҳаммасига мен айбдормикинман, деб ўйлаб қоламан. Наҳотки, инсонлар шунчалик майда, арзимас нарсалар учун бир-бирларини хафа қилишса. Наҳотки, мен ҳам улғайиб шундай ўйлайдиган бўлиб қолсам? Қаерга келиб қолдим ўзи? Аллоҳ ибодатида қойим бўлган мусулмонлар ичида яшаяпманми ёки майда гап, дунёга тиш тирноғи билан ёпишиб олган жоҳиллар биланми?

***

Хўжа Аҳрор Валий жуда бадавлат инсон бўлган эканлар. Бир куни хизматкори унинг олдига келиб, йўлдаги карвонларига катта талофат етганлигини айтибди. Ул зот:
-Алҳамдулиллоҳ, -дебдилар.
Бироз муддат ўтиб, ҳалиги хизматкори қайтиб келибди ва адашганлигини, айтилган карвон бошқа одамга тегишли эканлигини, унинг карвонига талофат етмаганлигини айтибди.
-Алҳамдулиллоҳ, -биргина сўз янграбди яна. Хизматкорнинг таажжуб билан берган саволига:
-Ҳар икки хабарни айтганингда ҳам қалбимда заррача ўзгариш сезмадим, шунинг учун Аллоҳга ҳамд айтдим, -деб изоҳ берган эканлар.

***

Кеча амаким келди. Дадамнинг энг катта акалари. Алоҳида уй-жой қилиб чиқиб кетган. Болалари катта, ҳатто, яқинда қизини турмушга берар эканлар. Дадам уларнинг болаларини елкасида кўтариб катта қилган, меҳрини берган. Шунинг учун, у киши ҳам мени бошқача яхши кўришса керак, деб ўйладим. Адашган эканман. Менга бир қараб қўйди-да, қовоғини ўйиб олди. У мени кўришга эмас, бувимнинг олдига келибди:
-Неварангизга бешик тўйини роса дабдаба қилибсизми, ойи?
-Ҳа энди, болам, орзу-хавасда. Бу бечоралар ҳам уч йил деганда фарзандли бўлишди.
-Шаҳноза туғилганда бунчалик қувонмагандингиз, ҳатто, маросим ҳам бўлмаганди, эсингиздами?
-У пайтлар бошқа эди-да, ўғлим.
-Мен ҳам ўгай эмасман, ойи. Менга тўй қилмаганигиздан кейин, улушимни беринг-да. Менинг ҳам ҳаражатларим кўпайиб боряпти.
-Оласан оладиганингни, ҳаддингдан ошма. Сен ҳам яқинда тўй қиласан, атаганимиз бордир.
-Тўй ўз йўлига. Дадам келса айтинг уларга. Мен бу уйдан қуруқ қўл билан чиқиб кетганман, мениям рози қилишларинг керак.
Шунга ўхшаш гаплар билан амаким чиқиб кетди. Кундан кунга ҳаётдан безиб борардим. Ҳаётнинг ўлчовлари, тарозиси мен ўйлагандан бутунлай бошқача экан, жудаям қийин бўлиб кетибди бу ҳаётда яшаш. Аёл эридан фарзанд туғиб бергани учун мукофот кутса, ўғил онасидан пул талаб қилса.

***

Ўтмишнинг буюк инсонларидан бири Умар ибн Абдулазиз касалланиб қолибдилар. Умрининг охирлашиб бораётганлиги сезиб, рафиқаси билан видолашибди.
-Эй, Умар, -дебди аёли, -ўғилларингиз бор, уларга нимани мерос қилиб қолдирасиз? Шуларни аниқлаштириб беринг, токи, кейинчалик ўзаро низо чиқаришмасин.
-Мен уларга Аллоҳга бўлган севгимни мерос қилиб қолдираман, шуни қаттиқ ушласалар ҳақиқий саодатга эришадилар, -дебди Умар ибн Абдулазиз ва аёлининг бу жавобдан қониқмаганлигини сезиб, қўшимча қилибди:
-Агар, улар ҳақиқатдан ҳам менинг ўғлим бўлсалар, шу нарса уларга кифоя қилади, агар бу меросга рози бўлмасалар, менинг улардек ўғлим йўқ.

***

Қиз боланинг ризқи улуғ бўлади дейишаркан. Дадамнинг ишлари юришиб кетди. Каттагина ташкилотда бўлим раҳбари бўлиб ишлай бошладилар. Негадир, дадам ҳам, ойим ҳам ўзгариб қолгандилар. Мен туғилмасимдан олдин кечалари намоз ўқишар, тинмай дуолар қилишарди. Энди эса, умуман ибодат қилмай қўйишди.
Қадимий замонларда инсонлар агар тўкин ҳосил ёки ёмғир ёғишини исташса, бирор йиртқичга рубарў бўлишса илоҳларини эслаб қолишаркан ва ибодат қилишаркан. Ёмғир ёғгач ёки ҳавф бартараф этилгач эса ҳаммасини эсдан чиқаришар эканлар. Ҳозирги замон одамлари ҳам шунга ўхшаб қолишибди. Қачонки, бирор эҳтиёж сезсалар ибодатга муккасидан кетишади, ишлари юришиб кетса яна Аллоҳни эсдан чиқаришади.
Аммо, мана шу яшашнинг ўзи ҳам эхтиёж эмасмикин. Ҳар бир нафас олишимиз, қуёшнинг ўз вақтида чиқиши, ризқмизнинг келиб туриши ҳам Аллоҳданку. Шунинг шукронасига ҳам, унга бўлган қуллик ифодасига ҳам ибодат қилинса ярашмайдими? Бир кунда зилзила бўлиб ҳаммаси йўқ бўлиб кетиши ҳам Унинг қўлидаку. Фарзанд сўраб Аллоҳга нолалар қилишди, фарзандли бўлгач эса... Мени шунчалик яхши кўришса, ҳозирги ҳаётим ҳам Аллоҳнинг қўлида эканлигини ва исталган пайтда яна қайтариб олиши мумкинлигини ўйлашмайдими?
Майли оз қолди. Мен ҳам улғаяман, ота-онамга тўғри йўлни эслатаман. Балки, шунинг учун келгандирман дунёга. Атрофни, қариндошларимни ўзгартиришга бор куч-ғайратимни сарфлайман ва албатта бу йўлда ғолиб чиқаман.

***

Ҳазрати Иброҳимни катта гулханда ёқиш учун ташлашгани тўғрисидаги бир ривоят бор. Дунёдаги энг кичкина қушча оғзида сув ташиб келаркан-да, олов устига тўкиб яна бир неча чақирим узоққа қайтиб кетар экан. Атрофдагилар унинг устидан кулиб:
-Ўзинг кичкинагина қўшча бўлсанг, бу оловни ўчиришга ҳаракат қилишинг нимаси? –деб сўрашибди.
-Ўчира олмаслигимни биламан, -деб жавоб берибди қушча, -аммо, Аллоҳ таолонинг қаршисига чиққанимда, менинг пайғамбаримни ёқишаётганда сен нима қилиб тургандинг, деб савол бериб қолиши мумкинлигидан қўрқаман.

***

Бир куни дадам жуда кўп ширинликлар ва совғалар олиб келди. Кеча эшитгандим, дадамнинг пуллари кам эди. Бугун эса...
Ойим ҳайрон бўлиб сўради:
-Қаердан чиқди ёруғлик?
-Сўрама, ойликни қўлига қараш жонимга тегди. Биттаси келганди ишини битиргани, ҳужжатлари тайёр эди, фақат озгина ҳаражати бор. деб ёлғон гапирдим. У эса ишониб юз доллар қистириб қўйди.
-Пора олибсизда?! –ойим ҳам унчалик ташвишланмас эди, кулиб сўради.
-Қанақа пора, рози бўлиб берди-ку.
Шу пайтгача қўрқиб юрган ҳолат ўз оиламга ҳам кириб келганлигига ишона олмасдим. Илгаригиларни эшитгандим, ўғирлик қилишар ва орқасидан тавба қилиб кетишарди. Дадамчи? Катта гуноҳ қилиб, энди бу гуноҳ эмас, деб ўтирибди. Тавба қилиш тугул ўз фарзандига ҳаромдан топилган ширинликларни кўтариб келибди. Энг даҳшатлиси, буни ҳаром деб билмаяпти. Эй Аллоҳим, ота-онамни ўзинг кечиргин, қалбларини юмшатгин!
Чиндан ҳам қўрқиб кетдим энди. У нарсалардан ойим ҳам тановул қилдилар. Бироз ўтиб қорним очқайди. Онам мени тўйдирадилар. Ўша ҳаром ширинликлардан ҳосил бўлган сут ичимга киради. Мен ҳам ҳаромхўр бўлиб қоламан. Энди нима қиламан? Қандай қутуламан бу балодан. Эй, Аллоҳим қорнимни очқатмасдан, жонимни олсанг ҳам майли эди.

***

Мен нақадар бахтсизман. Ҳаром луқма оғзимга кирди. Истамаган бўлсам ҳам, бунга мажбур бўлдим. Игна учидаги анор шарбати нелар қилганини эшитгандим, энди мен қандай инсон бўлиб етишаман. Динимнинг ярми билан дунёга келгандим. Унинг комил бўлишини умид қилгандим, эндичи? Ўша ярмини ҳам бой бериб қўяманку энди. Катта бўлиб, мен ҳам улардек фикрлайдиган бўлиб етишаманми?. Онамдан мерос талаб қиладиган, эримга фарзанд учун узук деб йиғлайдиган, бойликнинг қандай кириб келаётганлигини суриштирмайдиган, Аллоҳни кам эслайдиган инсонлар ичида катта бўляпман, ўзим ҳам ўшалардан бўлиб қолмасмиканман. Қандай қилиб, ўзимни тузатаман энди? Бу оқимга қарши қандай сузаман, ахир, ҳалқумим ҳам шу оқимнинг суви билан бўлғаниб бўлди-ку.

***

Яхшиси, менга ўлим бер Аллоҳим. Сенинг олдинга борай тезроқ. Бу оламдан, бу ваҳшийликдан мени қуткар. Ота-онамни жуда яхши кўраман. Биламан, улар ҳам мени яхши кўришади. Уларнинг гуноҳкор бўлишларига, сенинг олдинга бу гуноҳларни ортиб боришларига чидаб туролмайман.
Ундан кўра менинг жонимни ол. Қиёмат куни, жаннат эшиги олдида мени саволга тут. Мен эса ота-онамнинг дийдорига синов дунёсида тўймаганимни, уларни ҳам жаннатга киритмасанг, мен ҳам киришни хоҳламаслигимни айтай. Уларни шафоат қилай. Фарзандлик бурчимни шу шаклда оқлай, Аллоҳим.
Мени ўлдир ва уларга сабру-жамил ато этгил. Зора, шу сабрлари мукофоти ўлароқ гуноҳлардан покланишса. Ўлимимни уларга ибрат қил ва тўғри йўлга тушиб олишларига сабабчи қилгин. Балки, шунинг учун бу дунёга келгандирман.
Онажон, мен кетяпман. Меҳрингизга тўя олмадим, Аллоҳ, дуоларимни қабул қилди ва ўз ёнига чорлади. Хафа бўлманг, мен сизни ўша ердан туриб дуо қиламан. Гуноҳларингизни Аллоҳдан йиғлаб сўрайман, сизга мукаммал иймон ва сабр беришини истаб ёлвораман. Албатта, Аллоҳ сизга яна фарзанд ато этади, уни ҳам яхши кўриб қоласиз. Аммо, умид қиламанки, бундан кейин шукр қилгувчилардан бўласиз. Қиёмат кунида, Кавсар ховузи олдида сизни ва яқинларимни кутаман. Сабр қилинг, мендан хафа бўлманг. Сизларни шафоат қилиш учун ўлимга рози бўлдим,

***

Азизлар, ўзимизни тузатайлик, токи, фарзандларимиз ўлимни истаб қолишмасин!

 

 

 

Йиғлай олмаётганлигимиз учун йиғлайлик!.

“Кулинг, умрингиз узаяди”, дейишади кўпинча. Кулгининг шифо эканлигини тарғиб қилувчилар балки ҳақдирлар. Йиғлашга келганда эса...
Ҳеч эътибор берганмисиз, йиғлаган инсон юпангач, унинг юзига тикилганмисиз? Ҳатто, чақалоқлар бўлса ҳам майли. Менимча, йиғлаган инсоннинг юзи кулгидан тўхтаган инсондан кўра нурлироқ бўлади. Гўзалроқ бўлади. Нега?
Йиғлаш қалбни даволайди. Қалбни юмшатади. Инсоннинг йиғлаши унинг ўз ёри томон яқинлашмоғидир. Қалбини, қонини, жонини Унга фидо этмоқдир. Йиғламоқ англамоқдир.
Йиғласак кўзларимизга зарарми? Майли шундай бўлсин.
Кулгидан қалбларимиз қорайгандан кўра, кўр бўлсин кўзларимиз йиғламоқдан.
Йиғламоқ бу тилсиз, қалб билан гапирмоқдир. Йиғлаган қалбга Аллоҳ таолонинг ўзи меҳмон бўлади. Йиғлаб роҳат олишимиз балки шундандир.
Йиғламоқ бу нафс йўлларини кўз ёш билан ювмоқдир.
Бир олимдан, “сизнинг устингиздан кулишларига қандай чидаб турасиз?”, деб сўрашганда:
-Бу устимдан йиғлашларидан минг карра яхшироқдир,-деб жавоб берган экан.
Келинг азизлар, атрофимизга, ўзимизга, қалбимизга холис боқайлик. Ана ўшандагина бизни йиғлатадиган ва йиғлашга арзийдиган ҳолатлар орасида қолганимизни янада яхшироқ англаган, ўзимизни йиғидан тўхтата олмаган бўлармидик.
Ҳаққини тўлиқ бажармай ўқиётган намозларимигга йиғлайлик.
Турли дунёвий хасрат билан эгилиб туришимизга ва буни намоз деб номлаётганимизга йиғлайлик.
Бизни яратган, гапиртирган, ризқ берган, ўлдирадиган ва сўроқ қиладиган Аллоҳ билан висол онларимиз бўлган саждаларимиздаги ҳолатимиз учун йиғлайлик.
Намозларда бутун гуноҳларимизнинг авф қилиниши фурсатини бой бераётганлигимиз учун йиғлайлик.
Уйқунинг қучоғида ўтказган ғафлат онларимиз учун йиғлайлик.
Ҳар куни гувоҳи бўлаётганимиз, ибратга тўла воқеаларга қалбларимизнинг юмшамаётганлигига йиғлайлик.
Бу воқеалардан туяқуш каби бошимизни тиқиб қочаётганимизга, ўзгармайдиган ҳақиқат -ўлим соатини ўзимиздан, қалбимиздан узоқ тутаётганимизга йиғлайлик.
Дунёларни ютиб юборса ҳам тўймайдиган нафсимиз учун ва бу нафсга қул бўлаётганлигимиз учун йиғлайлик.
Дуо қилинг, ижобат қиламан, деган, Раҳмон ва Раҳийм бўлган Аллоҳга дуо қилмаётганимизга йиғлайлик.
Сўраган нарсангизни бераман деб ваъда қилган Аллоҳ қаршисида, гўёки, бу ваъда бажарилмай қолиши мумкиндек, ундан мукаммал иймон, ихлос ва тақво сўрамаётганимиз учун йиғлайлик.
Ҳеч ўлмайдигандек, тупроқ остига кирмайдигандек ва сўроқ қилинмайдигандек ўтказаётган кунларимизга йиғлайлик.
Ҳар қандай ифлосликни қилиб, қалбимизни тоза деб, ўзимизни овутаётганимизга йиғлайлик.
Болаларимизни биздан, бизнинг эса улардан қочадиган паллада, Қиёмат соатида, бу ҳаётда борлиғимизни бағишлаб топган мулкимиз ёрдам бера олмаслигини тушуна олмаётганлигимиз учун йиғлайлик.
Баъзи амалларимизни гуноҳлигини ҳам билмасдан елкамизга ортиб олиб, тавбасиз Аллоҳ таолонинг рўпарасига чиқишимиз ҳавфи ичида яшаётганимиз учун йиғлайлик.
Тоғдек гуноҳларимиз кўрсатилганда, бу гуноҳларни қачон қилгандим, эй Раббим, деб турадиган Кундан бехабар ҳолда яшаётганимиз учун йиғлайлик.
Қуръон бизга етар деб, суннатга орқа ўгираётганлигимизга йиғлайлик.
Тилимизда ёдлаб олган, лекин маъносини билмайдиган, амал қилинмайдиган Аллоҳнинг сўзлари, токчаларимизда сувенир каби чанг босиб ётган Аллоҳнинг китоби, бизга даъво қилиши мумкинлигини билмаётганлигимиз учун йиғлайлик.
Ҳатто пайғамбарлар Муҳаммад (с.а.в.)нинг уммати бўлишни орзу қиладиган кунда, ул зотнинг уммати бўлишдан ва шафоатларидан бенасиб қолиш ҳавфидан огоҳ эмаслигимизга йиғлайлик.
Олов ўтни еб тугатганидек, бутун солиҳ амал ва яхшиликларимизни еб тугатадиган ғийбатдан қутула олмаётганимизга йиғлайлик.
Берувчи ва олувчи аниқлигини билган ҳолда, хасрат ва надоматларимизга йиғлайлик.
Гулнинг ҳам, тиконнинг ҳам, боғнинг ҳам, боғбоннинг ҳам соҳиби аниқ бўлса-да, буларнинг эгасидек ҳаракатларимизга йиғлайлик.
Бу муҳташам салтанат остида яшаб ҳам. ўзимизни улуғ хис қилишимизга йиғлайлик.
Йўқликдан борлиқни пайдо қилган ва абадий ҳаёт ваъда қилган Раббимиз учун бир кунда бир неча дақиқа ибодат қилишдан қочаётганлигимизга йиғлайлик. Қочиб охири қаерга боришимизни ўйлаб йиғлайлик.
Бир оёғимиз билан қабрда бўлсак-да, бойлик ортидан югураётганлигимизга йиғлайлик.
Аллоҳ таолони бор деб, гўёки У йўқдек яшаётганимизга йиғлайлик.
Ақл юритмайсизларми, ўйлаб кўрмайсизларми, деб бизга ҳитоб қилган Қуръоннинг овозига жавоб берадиган овозимиз чиқмаётганлиги учун йиғлайлик.
Яхши кунда унутиб, ёмон кунда эслайдиганимиз Аллоҳимизга кўрсатаётган бевафолигимизга йиғлайлик.
Яхши-ёмон, динсиз-диндор, мусулмону-бутпараст демасдан барчамизга, ҳар куни неъматларини бераётган Аллоҳ учун қуллигимизни ифодаси бўлган намоз, закот, рўза, силаи-раҳм, зикр, амри-маъруф каби ибодатларга эътиборсиз эканлигимизга йиғлайлик.
Аллоҳ Раҳмондир, барча гуноҳларимизни кечиради, деб шайтоннинг тузоғига тушаётганлигимизга йиғлайлик.
Йиғлайверинг, бу бизга нажотдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳ учун йиғлаган кўзлар учун дўзахнинг харомлигини айтиб берганлар ҳаммамизга.
Биз шундай бахтли инсонлармизки, йиғлаган расулнинг умматимиз, ёш оқмайдиган кўздан асрагин Аллоҳим, деб нола қилган Муҳаммад (с.а.в.) нинг умматимиз.
Келинг, ҳаммамиз бирга йиғлайлик.
Йиғлашга арзулик ҳолатимизга кулаётганлигимизга йиғлайлик.
Қуриган киприкларимизга, ёшармаган кўзларимизга йиғлайлик.
Йиғлай олмаётганлигимиз учун йиғлайлик.
Дунё шундоқ ҳам қўрқинчли бўлиб кетяпти. Қалбларимиз қотиб кетяпти. Қалбимизни Аллоҳга бурайлик ва уни юмшатишини ундан сўрайлик. Кўз ёшини Раббимиздан йиғлаб сўраб олайлик.
Йиғлай олмасак ҳам, ҳеч бўлмаса кулишдан тўхтайлик.

 

 

МАСЖИД ТАШҚАРИСИДАГИ ТОБУТ

Яқинда жума намозига боргандик. Имом хутбасини тугатгач, пастдан кимдир, майит борлигини ва жаноза намози ҳам жумага мўлжалланганлигини айтди ва масжидга олиб киришга изн сўради. Шунда имом:
-Олиб кирмай туринглар, намозни ўқиб олайлик, кейин,-деб жавоб берди.
Марҳумни мен танимайман, Аллоҳ унга жаннатдан жой берсин, мени таъсирлантиргани бошқа жиҳат эди. Ўша куни ўша инсон масжидга қўйилмади. Масжид эшиклари, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, тавба эшиклари ёпилган эди у инсон учун. Буни нима эканлигини чуқурроқ хис қилиб кўринг.
Албатта, хис қилишимиз қийин. Ўлим билан деярли ҳар куни, ҳар соатда рўбару келамиз. Лекин ҳеч қачон уни тўлалигича англаб ета олмаймиз. Инсон ҳаётида турли вазиятларга тушади. Бу вазиятлар ичида кўпчилик истамайдигани ҳам, интиладигани ҳам кўп. Баъзи орзулар ушалмай қолиб кетади, баъзилари эса йиллар ўтгач ўз қийматини йўқотади. Лекин бир ҳолат борки, у ҳеч қачон ўз маъносини, ҳақиқатини ўзгартирмайди. Бу ўлимдир.
Биз ҳаммамиз ўлимга қараб кетаётган йўловчилармиз. Улов тўхтайдиган ҳар бир бекат ўлимдир, биз эса ўз бекатимиз қачон келишини билмаймиз. На бир бемор, на бир кекса, на бир ёш ўлимга нисбатан яқинроқ ёки узоқроклиги ҳақида даъво қила олмайди. Имом ғаззолий китобида шундай маънодаги сўзлар бор:
-Кўпчилик ўлим қариликда бўлади деб ўйлашади. Лекин эътибор беришмайдики, ёшлар қарилардан анча кўп, демак ёшларда ўлим қариларга нисбатан кўпроқ бўлмоқда. Агар ҳамма ёш қариганда эди, қарилар кўп бўларди.
Бировнининг жанозасида туриб ҳам, ўлимни кам ўйлаймиз, у биз учун жудаям узоқдаги, ҳатто мавҳум тушунчадек туюлади баъзида. Лекин, эътибор беринг, қанчадан қанча сиздан ёшлар орамизда йўқ.. Тасодифан эмас. Агар тасодиф десангиз, сизнинг ўзингиз ҳам кунига неча марталаб ўшандай тасодифга шароит яратасизку. Машинага чиқасиз, ҳар қадамда ҳалокат эҳтимоли бор. Соппа соғ юриб, вафот этганлар қанча. Бир дақиқанинг ичида тузалмас дардга чалинганлар қанча.
Бирор нозик танишингиз эртага меҳмонга бораман, десаю, вақтини айтмаса, нима қиласиз? Эрталабдан ҳаракатни бошлайсиз, тайёр турасиз унинг келишига. Агар қисқа умрингизни бир кунлик вақтга тенглаштирсангиз, ўлимдан бошқа нозик меҳмонингиз бормикан? Ахир, мана шу ўлим туфайли, сизни яратган, мукофотлаб-жазолайдиган Аллоҳ таолога рубару келасизку!
Лекин, биз ўлимни фақат кечқурун кутамиз. Эрталаб у ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиламиз. Бир олим шундай деганди:
-Дунёда туғилишнинг давомийлиги ҳам инсонни ўлим ҳақида ўйлашдан чалғитади. Мана бир мисол, дунё аҳолисини бир қафасда яшаётгандек тасаввур қилинг. Ҳар куни, бир дев келади-да, қафасдан бир неча кишини олиб кетади. Кундан кунга қафас ичидаги инсонлар камайиб боради. Мана шундай ҳолатда, инсон ҳар куни ўз навбати келишини кутиб яшайди.
Дарҳақиқат, ҳаётимиз ўша қафасдан қаери кам? Фақатгина доимиий туғилиш борлиги бизни чалғитмоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в), бир куни саҳобалар билан ўтириб шундай дейишган:
-Орадан юз йил ўтиб, мана шу даврада ўтирганлардан ҳеч ким тирик қолмайди.
Яхшироқ тушуниш учун, ёшлигингиздан бирга катта бўлган танишларингиз билан бир қафасда яшаётгандек хис қилиб кўринг. Хўш, йилдан йилга камайиб боряптими қафасингиздаги инсонлар? Бирор бир тартибга кўра камаймоқдами ёки тартибсизми? Сизга қачон навбат келиши ҳақида бирор маълумот борми сизда?
Дунёнинг тугаши, қиёмат ҳақидаги гап-сўзлар бутун инсониятни ваҳимага солади. Ҳатто, эллик йилдан кейин ерда ҳаёт тугаркан, дейишса ҳаммамиз қўрқиб кетамиз. Агар, бу муддатни бир йил дейишса-чи? Қиёматдаги ҳолатлардан ваҳимага тушиб, ибодат қилишга тушамиз. Дунёдаги барча бойликлар, қурган иморатимиз ўз қийматини йўқотади. Инсон учун ўлимнинг ўзи қиёмат эмасми? Ўлим эса, доимо бизга ҳамроҳлигини тан олишдан ўзимизни олиб қочамиз.
Ҳар қандай моддий нарсанинг ўз умри бўлади. Ишлатилган, кийилган сари қимматбаҳога олган нарсангизни йилдан йилга эскираётганлигини сезасиз. Энди ўзингизга бир назар ташланг. Илгари юзингиздаги ажинлар нечта эдию, ҳозир нечта? Кўзингизнинг нури камайганлиги ҳам рост. Бир неча йил олдин қандай тез югурганлигингизни эсланг. Хотирангиз ўзгарган. Эскиряётганлигингизни сезмаяпсизми? Бу ҳолат кундан кунга ошаётганлигиничи? Ҳали ёшмисиз, эндигина ўттизга кирдингизми? Сиз палончидан ёш эмассиз, фақат ўлим сари ундан кўра камроқ қадам ташладингиз холос. Лекин, кимнинг ўлими қайси қадамда эканлигини билмайсизку!
Ҳазрати Умар (р.а) ҳалифа бўлгач, бир инсонни маош эвазига ёллабдилар. Ҳалиги киши ҳар куни Умарнинг олдига келар ва:
-Бир кун ўлим бор, эй Умар,-деб, ҳақини олиб кетаркан.
Кунларнинг бирида Умар (р.а) ҳалиги одамга, бошқа келиши шарт эмаслигини айтибдилар. Сабабини сўраса:
-Бугун ойнага қарагандим. Сочимга оқ тушганини кўрдим. Энди менга ўлимни биров эслатишининг кераги йўқ ,- деган эканлар.
Хулоса шуки, ўлимни эслайлик ва унга тайёр турайлик. Бир кун келиб, масжид ташқарисида қолганимизда афсус ва надоматлар бизга ҳамроҳ бўлиб қолмасин. Бир шоирнинг қўйидаги сатрлари билан сўзимни тугатаман.

Эсингдами, сен туғилган он,
Ҳамма шодон эди, сен эса гирён.
Шундай яшагинки, кетар чоғингда
Ҳамма гирён бўлсин, сен кетгин хандон.

ФАЗИЛАТЛИ НИКОҲ

- Анвар, тур ўрнингдан, ҳадемай соат ўн бир бўлади.
Ойисининг овозидан уйғониб кетган Анвар қандайдир норози кайфиятда яна ёстиққа бурканиб олди. Кеча ўзи Тошкентдан кеч келганди, энди мазза қилиб дам оламан, деганда, бунақа иш чиқиб турибди.
- Ҳозир, Зариф келсин, бирга борамиз.
- Жиннимисан, одам учрашувга ҳам ўртоғини етаклаб борадими? Тур, ҳозир опанг келади, бирга борасизлар.
Шу оиласидагилар ҳам қизиқ-да. Замондан орқада қолишганми нима бало? Бунақада қанақа гаплашади қиз билан?
Анвар ёшлигидан тил ўрганишга қизиқарди. Айниқса, эсида, ёшлигида ўқитувчиси, катта бўлсанглар ким бўласизлар, деб, бутун синфни саволга тутганда, “дипломат бўламан” деб жавоб берганди. Бу сўзнинг маъносини ҳали тушунмайдиган синфдошлари роса кулишганди. Ҳатто ҳозиргача ўртоғи Зариф, “ҳа, портфел жаноблари” деб масхара қилиб қўяди. Анвар бу фикридан қайтмади ва мактабни битириб, тўппа-тўғри Тошкент Дипломатия Университетига равона бўлди. Унинг тиришқоқлигими, омадлилиги сабабми, ишқилиб синфдошлари ичида фақатгина Анвар студентга айланди. Ўқишни битирди, тузуккина ишга жойлашди ва мана энди таътил олиб уйга қайтди.
Аслида, таътилнинг бошқа сабаби ҳам бор. Бир йилдирки, уйдагилари уни уйлантириш дардига тушишган. Ҳар сафар келганида, шу ҳақида гап очилмай қолмайди. Ойисининг шаштига қараганда бу сафар вазият анча жиддий тус олган.
- Чиқ, опанг келди. Кўришмайсанми?
Ойисининг навбатдаги чақирувидан сўнг туришга мажбур бўлди. Бет-қўлини ювиб, айвон олдига келганда, опаси аллақачон келин бўлмиш қизнинг таърифига тушиб кетганди. Опаси бу ҳақида биринчи марта гапиряптими ёки Анварнинг олдида яна айтилган гапларини такрорлаяптими, ҳар ҳолда келинликка номзод қиз жуда эпчил, чаққон, пазанда ва яна бир нечта таърифларга эга эмиш. Тағин намоз ҳам ўқирмиш.
- Сен ҳам тўйдан кейин уялиб қолмасдан, намоз ўқишни ўрганиб турсанг бўларди, -салом-аликдан сўнг опасининг Анварга қаратилган биринчи гапи шу бўлди.
Бу гапга Анварнинг энсаси қотди. Аслида, Анварнинг ўзи бунақа нарсаларга жиддий қарайди. Ўртоғи Фарҳод билан баъзида жума намозларига ҳам бориб туради. Анварга опасининг у қизни ўзидан устун қўяётганлиги ёқмади. Энди, мен топдим келин, деб, ҳадеб мақтайвериш керакми? Эпчилмиш. Фақат ишлатиш, овқат қилдириш учун одам уйланадими? Фикрлаши қанақа, характери Анварга ҳали ёқадими, йўқми, буни билишмайди-ку. Балки ювош писмиқдир. Негадир опаси мақтаган сари, у ўша қизни ёмон кўриб борарди. Бу гапларни у сиртига чиқармади. Майли, борсин, кўрсин, бирор гап чиқар. Ҳозир бир нарса деса, дарров онаси кўз ёш қилади, опаси жаврайди.
Уйланиш борасида Анвар жуда жиддий фикрларди. Севги бобида ҳам кимни кўрса ёқтириб, севги изҳор этиб кетаверадиганлар тоифасига ҳам кирмасди. Фақатгина мактаб даврида бир қизни севган, лекин айта олмаганди. Унинг ёди билан ухлаб, унинг орзуси билан уйғонса-да, ҳатто ҳозиргача у қиз бехабар. Ўша синфдошининг кўнглини билмаганлиги учун ҳам, айтишга ботина олмасди. Мабодо рад қилсачи, деган истиҳола ва оқибатда севгисидан айрилиб қолиш ҳавфи туфайли ўз ҳаёллари билан юришни афзал кўрарди. Ҳаддан зиёд севган қизи кўз олдида турмушга чиқиб кетса-да, қизнинг фикрини билмагунча, бирор ҳаракат қилишни ўзига эп кўрмасди. Унинг севгиси шундай эдики, бу туйғуни у жуда соф сақларди, ҳатто ўша қиздан ҳам қизғонарди, топташини истамасди.
Кейин билишича, бу севги эмас экан. Студентлик даврида ҳам жуда кўп қизлар билан танишди, дўстона муносабатда бўлди. Ҳатто баъзиларининг унда кўнгли борлигини орқаваротдан эшитган пайтлар ҳам бўлди. Лекин, Анвар курсдош қизларга бўлажак умр йўлдош сифатида қарай олмасди. Кўпгина дўстлари ўқишни битиргунча, қайлиқ топиб, баъзилари уйланиб кетган бўлса-да, Анвар учун уйланиш анча узоқдаги воқеадек кўринарди. Кўпгина қизларга хавас қилган. Ҳар тарафлама чиройли, замонавий кийинган қизларнинг чет тилларида бурро гапиришлари, сиёсат, иқтисод борасида теран фикрлашларини кузатиб ўтириб, қани энди менинг аёлим ҳам шундай бўлса, деб ҳаёл қилса-да, уларни тўлақонли умр йўлдоши сифатида тасаввур қилиш учун нимадир етишмаётгандек туюларди. Ўзи таърифини тўла келтира олмаса-да, унинг орзусидаги маликаси бор эди. Унинг назарида шу пайтгача танишган, кўрган барча қизлар бошқа-ю, ўша малика умуман бошқачага ўхшарди. Аслида уйланишни пайсалга солишининг ҳам сабаби шу эди.
Энди эса орқага йўл йўқ. Тошкентдалигида қандайдир нозик қариндошларининг бўйига етган чевар қизи унга умр йўлдош сифатида танланган ва у тарафдан ҳам ройишлик билдирилган. Соат ўн бирга учрашув тайинланган. Опасининг таъбири билан айтганда, бўлажак келин ёқса ҳам ёқиши керак, ёқмаса ҳам ёқиши керак.

- Ана келишяпти, қовоғингни сал очгин
Опасининг танбеҳидан сўнг, Анвар ўзига келди ва атрофга аланглай бошлади.
- Ассалому алайкум, куттириб қўймадикми?
- Ўзи ҳозир келгандик. Нигорахон, сиз ҳам яхши юрибсизми?
Демак, қизнинг исми Нигора.. Ўрта бўй, кўримсизгина қиз экан. Қиз жавоб бердими, йўқми Анвар англай олмади. Икки опалар ўзаро бир нималарни чуғурлай кетишди, Анвар эса қизнинг нигоҳини изларди. Қиз эса бошини кўтариб ҳам қарамас эди. Қанақа қиз ўзи бу? Наҳотки, кимга тегишининг ҳам аҳамияти бўлмаса унинг учун? Ўзининг фикри йўқмикин. Буни Анвар ҳеч қачон ҳазм қила олмасди. Аёл киши ҳар доим ўз фикрига эга бўлиши ва мустақил қарор қабул қилишга қодир бўлиши керак, деб ҳисобларди.
Учрашувдан Анварнинг кўнгли тўлмади. У бошқача тасаввур қилганди. Ресторандаги суҳбатлар, фикр алмашишлар, охирида гул тақдим этиш-нақадар чиройли бўларди. Ҳеч бўлмаса бир икки оғиз гаплашишни дилига тукканди. Балки, у анча мулоҳазали қиздир, гаплашсам кўнглимдаги ғуборлар тарқалиб кетар, деган ягона умид билан учрашувга чиққан Анварнинг хафсаласи пир бўлди. Анови “янгалар” ҳам уларни ёлғиз қўйишмади. Қизнинг ўзи ҳам кўргазмага келган қўғирчоқдек қимир этмади. Опаси билан қайтиб келганда, Анвар жуда тунд кайфиятда эди.
-Ҳа келдиларингми?-уларни кутиб олган онаси фақат шу саволни берар ва опа-уканинг кўзларидан бирор маъно ўқишга интиларди.
-Келдик, ҳаммаси яхши. Ановинизга айтинг, сал чехрасини очсин
-Ҳа ёқмадими?
-Қаердан билай. Бир оғиз ҳам гаплашмадимку. Бирор жойда ҳам ўтирмадик.
-Тўйдан кейин бемалол гаплашаверасан. Етаклашиб юришинг шартмиди шу бугун. Келин бола ҳам буни истамабди.
“Ие, дарров келин бола бўлиб олибдилар-да. Тузук, сал бўлса ҳам фикри бор эканку”, кинояли ўй кечди Анварнинг ҳаёлидан. Лекин яна жим қолди. Тақдири шу эканда. Нима ҳам дерди. Ҳозир ёқмади, деса, ўзингда борми кўз остингга олганинг, дейишади. Ёши ҳам катта бўлиб боряпти, бу йили уйланиши шарт. Шу пайтгача студентча ҳаёт кечириш жонига тегди. Ҳизмат қилдириш учун уйланишга рози бўлаётгани ўзининг ҳам кулгисини қистатиб юборди.

Тўй ҳаракатлари бошлаб юборилди. Ариза беришга ҳам қиз яна янгасини етаклаб олибди. Қиз бола деган ҳам, бир ишни ўзи эпласа-да. Энди у билан қандай яшайди. Нима деса, ерга қараб, ҳўп дадаси, деб турса асаблари таранг бўлиб кетса керак. Фарзандларини қандай тарбия қилади?
Мана шу ўйлар унга тинчлик бермасди. Ўн беш кундан сўнг бир ёстиққа бош қўядиган қиз унинг учун мавҳумлик ичида эди. Бунинг устига Анварнинг орзусидаги маликага ҳам у сира ўхшамасди. Ора-сирада келиб турадиган Зарифнинг ҳазиллари ҳам ёқмай қолди. Нақадар саёз одамлар. Уларга ҳазил бўлса, тўй бўлса, битта келин салом қилиб турса бўлди. Унинг кечинмаларини эса ҳеч ким тушунмайди.
Бир кун ўртоғи Фарҳод келди. Бироз маҳмаданароқ шу ўртоғи. Худди катта одамлардек ақл ўргатади, баъзида шунча ривояту-ўгитларни қаердан биларкин, деб ўйлаб қоласан киши. Лекин кўпинча Анвар унинг гапига қулоқ солади. Бекорга шунча нарсани гапирмайди, бирор фойдаси бордир, деб, айтганларини қилишга ҳаракат қилади. Лекин Тошкентга боргач, яна ҳаммаси унутилади, иш, уй, дам олиш билан кунларини ўтказиб юраверади. Фарҳод никоҳ, эр-хотин муносабатлари, фарзанд тарбияси ҳақида алланималарни гапириб ўтирди. Кўнглига сиғмай турган бўлса-да, дўстини хафа қилмаслик учун Анвар эшитиб ўтиришга мажбур бўлди.
-Ўртоқ, сенга маслаҳатим, тўй тугагач, келин билан биргаликда икки ракаат намоз ўқинглар. Ҳаётларинг ширин ўтади.
Кейин бир қоғозга бир нималарни ёзди-да:
-Намоздан кейин мана шу дуони ўқигин,-деб ўша қоғозни қўлига тутқазди.

Тўй жуда чиройли ўтди. Яхши тилаклар билдирилди. Ҳамма тарқалиб, келин билан ёлғиз қолишгач, яна Анварнинг ичини бир нималар тирнай бошлади. Унинг учун энди бутун орзулари, севги-муҳаббат, идеал оила ҳақидаги ҳаёллари армонга айлангандек эди гўё. Мана, тўй ўтди. Яқинда таътил тугайди. Тошкентга қайтишади. Ишга боради, келади, фарзандлар туғилади, “яхши боринг” , “яхши келдизми, дадаси” каби сўзлар билан умр ўтиб кетаверади.
-Чарчамадингизми, Нигорахон.
-Йўқ, рахмат.
Бўлди. Яна нима деса экан. Бирор нарса ҳақида гапирса тушунармикин. Анчагача шундай ўтиришди. Телевизорни ёқди. Каналларни айлантирди.
-Қайси бирига қўяй?
-Фарқи йўқ.
Мана шунақа фарқи йўқ бўлиб ўтиб кетаверамизда энди. Анварга энг алам қилгани, агар унинг ўрнида бошқаси бўлганда ҳам бу қиз тегиб кетаверарди. Юраги сиқилиб, нариги уйга кирди, кийимларини алмаштирмоқчи бўлди. Худди шуни кутиб тургандек, орқадан келинойиси кирди.
-Яхши ўтирибсизларми, Нигорахон?
-Рахмат, келинойи
-Олинг. Мана чой олиб келдим. Бирор нарса еб олинг. Очиққандирсиз.
-Хўп, ҳозир, булар келсинлар
Анварнинг этлари жимирлаб кетди. Биринчи марта қиз уни назарда тутиб гапирганди. Гўзал қизларнинг севги изҳорлари ҳам унга бунчалик таъсир қилмаганди. “Булар” калимаси ортида ўзбек қизининг бутун ибоси, садоқатию-муҳаббати, ҳурматию-итоати жо бўлганди. Анвар бу оддий жавоб замирида“Энди мен бутун қалбу-жисмим билан буларга тегишлиман, бутун ҳаётим, орзу умидларим энди фақат шу киши билан боғлиқ” деган маъноларни фаҳмлаганди.
Унинг кўнгли ёришиб кетди. Шу пайтгача бўлажак оиласи ҳақидаги бутун фикрлари, орзу-ҳаёллари бутунлай сароблигини тушунганди. У ўғил, ука, ака сифатида оиласида хурмат кўрган, лекин унга бутунлай бегона бўлган қалб томонидан кўрсатилган бу муносабат у учун бироз ғайритабиий туюлди. У энди кечаги Анвар эмасди. Анча улғайиб қолганди. Елкасига қандай масъулият ортилганини эндигина тўлиқ хис қилаётганди. Қизнинг оддий жавобининг инъекоси ўлароқ, бундан ҳам оддийроқ сўзлардан ташкил топган никоҳ риштаси орқали боғланган кўнгил, ўзаро меҳр ва хурмат, муштарак орзу умидлар ҳаётнинг энг олий мағзи эканлигини англаб етганди.
Қайтиб чиқиб, келинга яна бир бор қаради. Ҳаяжон босди. Оддий қиз. Ҳурлиқо ҳам эмас. Анвар кўрган қизлар ичида ниҳоятда оддий ва кўримсиз. Лекин шу вазиятда унинг салобати Анварни довдиратди. Чойни ҳам бемалол ича олмади. Қанча қизлар билан дўстлашган, ресторанларда ўтиришган, байрам қилишган, аммо бундай ҳолатга у сира ҳам тушмаганди. У ўзини гўё ўша орзусидаги малика қаршисида ўтиргандек хис қила бошлади. Нима учун шу пайтгача, ўша маликасининг қиёфаси кўз олдига келамаганини энди тушунди. У негадир биринчи марта қиз бола билан рўпара келгандек қалтирарди. Бир-икки гапи ҳам тушунарсиз чиқди. Дипломатия университетини битирган Анвар оддий қиз қаршисида гап топа олмай каловланарди. Гўёки бирор ножўя фикр айтсам, мендан кўнгли совимасмикан, деган хавотир уйғонганди. Шу пайт ярқ этиб калласига Фарҳоднинг маслаҳати келди. Келин ҳам намозхон дейишганди. Балки, у ҳам шу нарсани айта олмай ўтиргандир.
-Нигорахон, икки ракаат шукр намози ўқиб олсак, нима дейсиз?
-Рахмат.
Жавобни Анвар тушунмади. Балки, кўнглидагини айта олгани учун Анварга айтилгандир. Ёки мана шундай умр йўлдоши танлашгани учун қизнинг оила аъзоларига қаратилгандир бу ташаккур.
Бу сафар Анвар негадир бу мулозаматдан энсаси қотмади. Таҳорат олиб, икки ёш жойнамоз устида намоз ўқишди. Охирида Анвар, ўша ўртоғи ўргатган дуони такрорлади. Шу кунгача ёдлаб, қайтариб келган ушбу дуо, Анвар учун илк маротаба тўла маънолари билан янграётгандек туюлди.
-Эй Аллоҳим, фақат ўзингдан паноҳ сураймиз. Никоҳимизни ўзинг ҳайрли, баракотли қилгин. Орамизни ўзинг ислоҳ қилгин. Фазли-карамингдан сенинг йўлингда юрадиган ва солиҳ амаллар қиладиган фарзандлар ато этгин. Улуғ Қиёмат кунида, Кавсар ҳовузи ёнида яна бизни жам қилгин. Омин.
Йигитнинг овози титраб чиқди. Қизнинг кўзидан ёш томчилади.

Қаҳрамон АСЛАНОВ

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимМуқаддимаОдам болаларини ер юзида халифа қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Башариятнинг афзали бўлмиш Муҳаммад Мустафо давоми...

5248 21:36 / 19.04.2017
Онангдан бош товлама, ошмасин дарди.Ҳаёт тожи эрур оёғин дарди...Рудакий.Дераза тиқиллади. Назир ёзиб турган ишини қўйиб, ўрнидан турди. Елкасига тўнини ташлаб, давоми...

5962 21:48 / 19.04.2017
Қуръон қиссалари асосидаОДАМ АТО ВА МОМО ҲАВОЖуда қадим замонларда ҳозир биз яшаб турган ер юзида ҳеч ким яшамас эди. Аллоҳ таоло, Мени таниб ибодат қилсинлар ва давоми...

7006 21:45 / 19.04.2017