1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1430

Вой, онажоним!

21:48 / 19.04.2017 5961 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Онангдан бош товлама, ошмасин дарди.
Ҳаёт тожи эрур оёғин дарди...
Рудакий.

Дераза тиқиллади. Назир ёзиб турган ишини қўйиб, ўрнидан турди. Елкасига тўнини ташлаб, сўради:
-Ким?
Кўчадан бўғиққина, “мен” деган овоз келди.
Латифа у ёндан бу ёнбошига ағдарилди. Уйқули кўзларини аранг очиб:
-Чиқманг,-деди.
Назир тўхтади. У хотинига қаради, кўзларида савол бор эди:
-Чиқманг,-такрорлади Латифа,- укангиз. Кераги йўқ.
Назир ҳайрон бўлиб қолди.
-Зокирми? Қутилибдими, қаёқдан билдинг?
Латифа тирсагига суянганича эрини мазах қилди:
-“Зокирми, қутулибдими, қаёқдан билдинг”! Мен ҳаммасини биламан. Боя келувди киритмадим. Ака керак бўлиб қолгандирки келган.
-Яхши қилмабсан. Сени эмас, мени кўргани келган. Ахир укам...
-Укангиз бўлса ўзига. У бузуқ, ўғри, безори, муттаҳам. Шунинг учун ҳам қамалиб чиқди-да! Бизни иснодга қолдиргани ҳам етар. Керакмас, кирмасин, уйимизни булғамасин!
Назир тўхтади. Ундаги қатъият бир ловуллаб бош кўтарди-ю, лекин хотинининг кўзига кўзи тушиши билан сўнрди. Эр-хотин орасидаги майда можаролар кейинги пайтда йириклаша бориб, ўтган ҳафтадаги жанжалда гап уй масаласига тақалган, шунда Латифа “Бу уй кимникилигини унутдингизми?” деб очиқ писанда қилган эди. Назир ичкуёв эканини сира унутмаган, шу боис ҳам хотинининг инжиқликларига чидашга мажбур эди. Табиати юмшоқ эди, “Хайт!” деб тўнни елкага ташлаб чиқиб кетишга журъати етишмасди. Ҳозир ҳам уйнинг хўжайини ким эканлигини эслаб, бўшашди.
-Бугунча кирсин, меҳмон бўлсин. Кеч кирди. Қаёққа боради?-деди ялиниш оҳангида.
-Унда мен кетаман! Дийдорига тўйиб олинг!
Латифа астойдил ўрнидан турди. Кўйлагини кия бошлади. Уй хўжайинининг бу тарзда чиқиб кетишига ишонқирамаса ҳам, Назир қайтди. Чопонини стул суянчиғига ташлаб, қоғозларини тахлади. Ечиниб ётди. Латифа кўйлагини жойига илди. Чироқни ўчирди.
...Деразадан тушиб турган чироқ нури сўнди. Бу билан Зокирнинг умиди, илинжи ҳам сўнди. Ярасини маҳкам босганича акасининг уйидан узоқлашди. У қориндаги оғриқни сезмади. Дил оғриғи туфайли қалқиб турган ёшлари ёноқларига думалади. У беихтиёр қабристон сари юриб кетди.
Зокир йиғларди. Муздек шабада эса унинг кўнглини кўтармоқчи бўлгандек, юзларини тинимсиз силарди. Шу топда у она олдига, фақат онаси олдига ошиқади. Онаси кўксига бош қўйишни истайди. Унинг бошларини силовчи, эркаловчи, овунтирувчи меҳрибон зотнинг лаҳадда ётганини ўйламайди. Кундузи онасининг вафотини эшитганда ҳам, қабрини бориб кўрганда ҳам унинг ўлганига ишонмаган эди. Ҳозир ҳам онаси уни қучоқ очиб кутаётгандай бўлди.
Фақат... уйида эмас...
Қабристонда...
Қабристонгача анча йўл. Икки қўналғадан ўтганда ёноқларига бир-икки ёмғир томчиси урилди. Зокирнинг хаёли чувалашиб кетган эди. Онаси билан бўлган дамлари, бахтиёр кунларини эслаб, хўнграб юборай деди.
Шамол тинди. Ҳаммаёқ жимиб қолди. Шу он бирдан еру кўк ёришиб кетди – яшин чақнади. Бу чақмоқнинг нури эса гўё Зокирнинг болалигини ёритиб ўтгандай бўлди...

***

Ярим кечада яшин чақнади. Дам ўтмай борлиқни даҳшатга солиб момақалдироқ гумбирлади. Шамол ҳукмидаги ёмғир томчилари дераза ойнакларини савалай кетди. Ҳудди шу пайтда қишлоқдан қирқ чақиримлар наридаги туғруқхонада аёлнинг чинқириғи, кейин чақалоқнинг “инга”си эшитилди. Бу Зокирнинг, ҳали номи қўйилмаган Зокирнинг овози эди. Назир бу вақтда ҳеч нарсадан хабари йўқ, уйда бувиси ёнида ухлаб ётарди. Дадаси туғруқхона даҳлизида бедор, бувиси эса уйда мижжа қоқмай Худога илтижо қилишарди. Назирдан кейин яна уч фарзанд кўришиб, учовини ҳам берган Эгамга топширишган эди. Икки ўғли ўлик туғилди, қизига ирим қилиб Тўхтаой деб исм қўйишган эди, аммо гўдак ёшига етмай уни ҳам ўлик туғилган акалари ёнига қўйишди. Ота билан бувининг бу тунги хушхабарни ҳавотир билан кутишлари шундан. Чақалоғи овозини эшитиб онанинг шодликдан йиғлаб юбориб, шукрлар қилиши ҳам шундан...
Назир эрталаб уйғониб ака бўлганини эшитди-ю, қувончини сиғдира олмай, кўчага ошиқди. Ўртоқларига мақтанди. Кичкина болаларнинг одати шу...
Баҳор ўтди. Энди қуёш кўкда узоқ вақт ҳокимлик қилади. Ерни қизитади. Кечалари эса осмон тўла юлдузлар жимирлайди. Осмон бир ҳил. Ҳар кун, ҳар тун манзара шу...
Кунлар алмашаверади, ҳафта ўрнини ҳафта, фасл ўрнини фасл эгаллайверади... Гўё ўзгариш йўқдек...
Лекин ерда ундай эмас... Гарчи уруш тўфонлари ҳамла қилмаса ҳам хонадонларда айрилиқ фарёдлари эшитилиб туради. Назир бу фарёдлар сабабини сал-пал тушунади. Дўмбоққина Зокир эса болалик завқини суришдан бўшамайди. Дўхтир “кейинги болангизнинг соғлом бўлишини истасангиз, туғишдан сақланиб туринг”, дегани учун аяси унга укача олиб келмайди. Зокир уч ёшга тўлгандан кейин дадаси билан аяси Худодан қиз сўрашди. Умидлари ушалишига оз вақт қолган эди...
Даладан ярим кечада қайтган дадаси тонг қоронғусида ишга отланди. Бу вақтда ҳамма уйғоқ эди. Бу ердагилар қуёшдан кейинроқ уйғонишга уялишади, кун ёйилгунча ухлаш қандай бўлишини тасаввур ҳам қилолмайдилар. Дадаси Зокирни эркалаб, буринчасини аста чимчилади-да яқинда ака бўлишини эслатиб қўйди. Қуёш терак бўйи бўлганда уларникига кўпгина милиса амакилар келишди. Бувиси довдираб қолди. Аяси қўрқиб, йиғлаб юборди. Акаси ҳам қўрқиб, бувисининг пинжига кириб олди. Уйларига бунчалик кўп милиса келганидан Зокир олдинига қувонди. Кўчага чиқиб ўртоқларига мақтанмоқчи ҳам бўлди. Айниқса Собитга! Уларникига ҳам шунақа милисалар келганида роса мақтанган эди. Аясининг титраб йиғлаётганини кўриб, Зокирнинг жажжи юраги қандайдир нохушликни сезди-ю, энди қувониш ўрнига қўрқа бошлади. Мақтаниш аҳдидан ҳам воз кечди. Милиса амакиларнинг каттаси аввал аясига кейин бувисига бақиргач, бошқалари ниманидир қидира кетишди. Улар ўзларига керакли нарсани топишолмади, лекин Зокир йўқотиб қўйган ғилдираклари чиқиб, ўзи пачоқланган ўйинчоқ-машина топилди. Болакай шундан қувонгани рост...
Дадасини дала шийпонида қўлига кишан уриб олиб кетишганди. Бунинг оқибати нима бўлишини Назир билиб, аяси ва бувисига қўшилиб роса йиғлади. Зокирнинг ташвиши бошқа эди: пачоқ машинани топиб берган милиса амакилар бир ҳафта олдин туққан сигирлари билан бузоқчани ҳайдаб олиб кетишди... Зокир янги соғилган сутни яхши кўрарди. Аяси сут соғиб бўлгунича ёнида чўнқайиб ўтиргувчи эди. Сигир ҳам шунга кўникканди. Агар у бўлмаса челакни тепиб юборай дерди...
Баҳорда, осмонни қора булут қоплаган пайтда бир милиса амаки келиб аясига нимадир деди. Аяси чинқириб юборди-ю, ҳушидан кетди. Кейин қўшни хотинлар чиқиб йиғлай бошлашди. Жала ёға бошлаган пайтда уйда беҳуш ётган аяси ўлик қиз туғди. Зокир ўлик сингилга ака бўлди. Кейин...
Бувисини кўрпага ўраб олиб келишди. Куйиб кетган жасадни болаларга кўрсатишмади. Бувиси Худодан қиз набира сўраган эди. Набирасини ўзи билан олиб кетди...
Фожиа ҳақида Зокир тушунмайдиган турли гап-сўзлар айтилди. Ҳақиқатни улғайганда билди...

***

Баҳор қуёши қанчалар ёқимли, шабадаси қанчалар тотли, осмони қанчалар гўзал бўлмасин, айбсиз ўғлининг қамоққа олинишидан қалби азобда бўлган онанинг кўзига бу ажойиботлар кўринмас эди. Ер куррасини ёритишга, иситишга қурби етадиган Қуёш ғамнок онанинг дардли юрагига нур беришга ожиз эди. Тунда киприклари қовушгандай бўлди. Фарзанди ҳибсда азоб чекаётган дамда онанинг кўзларига уйқу келармикин?
Субҳи козибда ҳовлига чиққан Рисолат кампирнинг эти баҳор изғиринида жунжикмади. Унинг ҳовлида қиладиган юмуши йўқ, уйқусизлик уни уйга сиғдирмаган эди. У ўрик дарахтининг бужир танасига суянди. Қиши билан дийдираган дарахт баданига ҳали илиқлик югурмаган эди. Кампир курагининг захликдан совқотаётганини ҳам сезмади. Мушт қилиб тугилган чап кафтини очди. Кеча кундузи масковлик прокурор берган ёққичга тикилиб қолди.
У ўғлини биргина марта кўриш, лоақал у ҳақда бирон маълумот эшитиш мақсадида марказга ҳар куни қатнарди. Ҳар куни умиди синган, афтодаҳол кўринишда қайтарди. Келини ва набираларининг умидли нигоҳларига қарашга ботина олмасди.
Кеча ҳам борди. Яна ўша манзара: прокуратура биносига яқин йўлатишмайди. Бу атрофда бошқа жабрдийдалар бўлмаганида ҳам Рисолат кампир соқчиларга ялиниб-ёлбориб ичкарига кириб чиқармиди... Аммо бу ерда унингдек юраги айрилиқ дардида нола чекаётганларнинг ҳисоби йўқ эди. Рисолат кампирнинг нонушта қилмай чиқавергани кун тиккага келганда таъсир этди: оёқ-қўллари бўшашиб, ранги бўзарди. Бу ерга келганлар дардкаш бўлганлари учун ҳам тезда қадрдонлашиб кетадилар. Кампирнинг аҳволини сезган аёллардан бири халтасидан пиёла чиқарди-да, сув қуйиб унга узатди. Рисолат кампир пиёлани олди, лабига олиб борди, бироқ ичмади. Шу онда ичкаридан соқчибоши чиқиб, тўда-тўда бўлиб ўтирганларга яқинлашди:
-Туринглар, нарироққа боринглар. Неча марта айтиш керак сизларга! Сизларни деб хўжайинлардан мен сўкиш эшитяпман!
Одамлар турдилар, лекин нари бормадилар, аксинча, амрини эшитмагандай унга яқинлашиб, саволга тута кетдилар:
-Биродар, Нуралиевни билиб чиқдингизми, шу ерда эканми?
-Командир, Шоимовга овқат киритсам бўладими, уч кундан бери кута-кута ўлиб бўлдик.
-Акажон, Эшназаровнинг суди қачон экан...
-Мен қаердан биламан?-деди соқчибоши аччиқланиб.-Буни адвокатларингиздан сўранглар.
-Мен адвокатман, нима учун мени ичкарига қўймайсизлар?-деди жигарранг шляпали йигит.
-Мен буйруқни бажарадиган одамман, ошнажон, менга тиқилинч қилаверманг.
-Сиз қонунни бузяпсиз!-деди шляпали йигит бўш келмай.
-Қонун-чи, ошнажон, ана, ичкарида ўтирибди. Қўлингдан келса кириб гаплаш,-деди соқчибоши аччиқланганини яширмай. Шляпали йигит яна нимадир демоқчи эди, яқинлашган Рисолат кампир унинг елкасини силаб “Қўй ўғлим, булар билан ўчакишма”, деб тинчитди-да, сўнг соқчибошига юзланди:
-Бувинг айлансин, менинг боламни нима қилишди, тўғрисини айтавер. Айта қол. Билиб чиқаман, девдинг-ку? Илойим онанг дардингни кўрмасин.
Соқчибошига кампирнинг ялиниши таъсир этиб, бироз юмшади:
-Онажон, ўғлингиз ўтирибди, соппа-соғ. Нимага ўтирганини билмайман. Балки қамалиб кетган раисларинг билан олди-бердиси бордир. Масковлик прокурор сўроқ қиляпти. Ўзимизнинг прокурорларни яқинлаштиришмаяпти. Менинг билганим шу. Энди пича нарига бориб, салқинда ўтиринг,-соқчибоши кампирни тинчлантиргандай бўлиб, бошқаларга қаради:-Ана, чинор тагига борсаларинг-чи, салқингина-ку?
-Одамларга салқин жой керакмас, ҳақиқатни билмагунларича шу ерда куйиб тураверадилар.
-Унда ўзларингдан кўринглар!
Соқчибоши шундай деб дарвоза томон имлаган эди, ўнга яқин милиционерлар чиқишиб, одамларни турта-турта чинор томон сура бошлашди. Кампирга раҳм қилишдими, у соқчибоши ёнида туриб қолаверди. Дарвоза очилиб, уч-тўрт киши кўрингач, соқчибоши кампирга ўртада келаётган одамни кўрсатди:
-Ўғлингизни ўртадаги кўзойнакли кал тергов қиляпти. Мени бир туртинг-да, ўшанга қараб югуринг.
Кампир унинг айтганини қилди. Соқчибоши уни қўлидан ушлашга улгурмай қолган ночор киши ҳолида жойида қолаверди.
-Айланай сендан, менинг ўғлимга нима бўлди? Нега қамадилар уни? Уйимизни тит-питини чқариб, эчкимизгача олиб кетишди. Сен масковлик экансан, масковликлар инсофли бўлишади. Адолат қилгин, болам. Ўғлимни чиқариб бер, унинг тариқча ҳам айби йўқ.
Кампирнинг биронта сўзига тушунмаган Москвадан келган “адолатли” прокурор энсаси қотган ҳолда шу ерлик ҳамкасбига савол назари билан қаради.
-Нима деяпти бу кампир?
-Ўғлининг тақдири билан қизиқяпти,-деб русчлаб тушунтирди ҳамкасб.
“Адолатли” прокурор бу томонга сафарга отланганда уйидагиларга “пахта ўғриларини тит-питини чиқариб келаман”, деган, бу ерга келтирилганларнинг ҳаммаси унинг назарида ўғри эди. Шу боис ҳам кампирнинг ўғлини суриштириб ўтирмай ўғрига чиқариб қўя қолди:
-Айтиб қўй унга: ўғрининг тақдири нима билан тугаса, ўғлининг тақдири ҳам шундай бўлади. Давлат мулкига хиёнат қилганлар кечирилмайди.
Таржима қилиб берилган бу гапни эшитган Рисолат кампир “Вой шўрим!” деди-ю, ҳушини йўқотиб қўяй деди. Лекин зиммасидаги ўғлини оқлаш масъулияти уни тутиб қолди. Москвалик прокуратура терговчиси йўлида давом этмоқчи эди, рўпарасига туриб олди:
-Ҳай, айланай сендан, масковлик болам, менинг ўғлим унақаларданмас. Қўй оғзидан чўп олмаган, бировнинг нонига кўз олайтирмаган-а! Уни ҳалол луқма билан ўстирганман. Отаси урушда ўлган...
-Яна ўша дийдиёми?-деди “адолатли” прокурор афтини буриштириб.
-Отаси урушда ўлган экан,-деди таржимонлик қилаётган ҳамкасби.
-Айтиб қўй: отаси урушда ўлган бўлса, боласи қамоқда чирийди. Емоқнинг қусмоғи бор.
-Артур Моисеевич, бунақа демаганимиз маъқул, бу шаддод кампир сочини юлиб, дод солиши мумкин.
-Шундан қўрқяпсанми? Шу юрак билан прокуратурада ишлаб юрибсанларми?! Майли, ғалвага тоқатинг бўлмаса, ўзинг билганча тушунтириб қўявер.
Юмшоқроқ муомалага ижозат теккач, кампирни алдаб бўлса ҳам четга олишга уриниб, деди:
-Озгина сабр қилинг, бугун-эрта тергов тугаса ҳаммаси ойдинлашади. Ўғлингиз айбсиз бўлса, дарров чиқариб юборилади.
-Булар адолат қилишармикин, болам?-деб сўради Рисолат кампир ишончсиз бир оҳангда.
-Умид қилаверинг, энди йўлни тўсиб, буларнинг аччиғини чиқарманг.
-Хўп, йўлдан қочаман, лекин сен бунга тушунтириб қўй: адолат қилсин. Ўғлимнинг болалари жавдирашиб йўлимга кўз тикиб ўтиришибди. Эртага уларни қандай боқаман, билмайман. Уйимда иккитагина товуқ қолган. Шу иккита товуқ ҳам қўшнимизникида юрган экан, милисаларинг сезмай қолишибди. Бўлмаса уни ҳам Худо кўп кўрарди.
-Яна нима гап?-деди “адолатли” прокурор жаҳл билан.
-Айбланувчининг болалари оч эмиш.
-Оч бўлса нима?! Давлат туғдиравер, болаларингни мен боқиб бераман, дебдими?
-Болам, нима деяпти? Аччиғи чиқяптими?
-Уни тинч қўйинг, тергов тугамагунича бир гап айтишга ҳаққи йўқ.
-Унақада сен ҳам масковлик бу ошнангга яхшилаб тушунтириб қўй: ҳалиги гапини бошқа айтмасин. Ўғилгинамни яна ўғри деса, ўзимни шу ернинг ўзида ёқаман, ҳа!
-Бунақа гапларни қўйинг, йўлдан қочинг.
-Гапимни тушунтирмасанг, бир қадам ҳам нарига ўтказмайман.
Таржимонлик қилаётган терговчи кампирнинг гапини тушунтиргач, масковлик адолат соҳиби захарли жилмайди-да, чўнтагидан ёққич чиқариб кампирига узатди.
-Марҳамат, ёққиси келса ёқаверсин.
Рисолат кампир унинг сўзларига тушунмаса-да, мақсадини англади. Бир ёққичга, бир “адолатли прокурор”га қараб қотиб қолди. Кўзларида чўғ каби ёнди. “Адолатли прокурор” ёққични қайта чўнтагига солмоқчи бўлганида бир ҳамла билан қўлидан юлиб олди...
...Ҳозир субҳи козибда, ўрикнинг бужир ва зах танасига суяниб турган онда шу воқеани эслади. Заҳар солмаса тинчимайдиган илондан инсоф умид қилиб янглишганини англади. Чорасизлик азоби юрагини яна бурай бошлади. Оғилхона томондан шарпа сезиб, ўгирилди. Оғироёқ келинининг саҳармардонда ивирсиб юрганидан ажабланди.
-Нима гап, тинчликми?
-Тинчлик...-деди келини хаста овозда,- сигиримизни олиб қўйишгани эсимда йўқ, соққани шошиб турибман.
-Янами...-Рисолат кампир бўғзига қадалган йиғини, ожизгина хўрсиниш билан қайтармоқчи бўлди.
-Аяжон, бугун сиз билан бирга борай.
-Йўқ, бугун ҳам далага чиқа қолинг. Кеча оқшом биргатдан рухсат сўрасам, бояқиш иш кўплигидан нолиб берди. “Қатқалоқ пайтида ҳеч кимга рухсат йўқ”, дейди.
-Бояқишингиз биргат бўлиб олиб жудайла шишиб кетди. Олдин ўғлингизнинг соясига кўрпача соларди, энди саломга алик олгиси келмайди.
-Эътибор берманг, қизим, бугун шишиб кетса, эртага дами чиқиб, эл-юртнинг олдида ўзи уяли-иб қолади.
Кўча томонда кимнингдир қораси кўринди.
Келин ҳомиладор бўлишига қарамай ўша томон чаққон юрди-да омонат панжара эшикни очиб кириб келаётган қўшни аёлга пешвоз чиқди. Тонгги меҳмонга салом бериб сўрашгач, қўлидаги сут идиш ва нонларни ҳижолатлик билан олди. Рисолат кампир уларга яқинлашиб сўрашди. Қўшниларнинг бундай йўқловлари одатий ҳол бўлса-да, “эрталабдан нимага уриниб юрибсиз”, деб қўйди.
-Оқшом хамирим ошиши бир қийин бўлди-ки, нонни кечаси ёпдим. Туновинда дуо қилганингиздан бери сигиримиз серсут бўлиб қолди. Қаймоғиданам бир татиб кўринг, деб олиб чиқдим.
-Остонамни босиб кирган оёқларингиздан айланай. Салимахон ҳам хуфтонда сут чиқарган эканлар, сиз овора бўлибсиз-да... Болаларингизга ичирсангиз бўларди.
-Вой, овораси борми... шунча сутни саккизта бола билан ҳам ичиб адо қила олмаймиз. Ҳа, хўжайиним айтдилар, бугунча қассобдан гўшт олмай турар экансизлар, пешинда ўзлари қўй сўяр эканлар.
Бу аёл огоҳлантирмаса ҳам қассобдан гўшт олишга пуллари йўқ эди. Рисолат кампир қўшнисини кузатгач, ўзини тута олмади: келинига сездирмай оғилхонага кирди-да, хўнграб йиғлади...
Кечки пайт эса хабар келди: прокуратура биноси олдида Рисолат кампир устидан керосин қуйиб ўзини ёқибди. Кеча “адолатли прокурор” узатган ёққич билан ёқибди...
Шумхабарни эшитиб, Зокирнинг аяси хушидан кетди... Кейин... момақалдироқ гумбирлаб, жала қуяётган маҳалда ўлик қиз туғилди... Рисолат кампир Худодан қиз набира сўровди, ўзи билан олиб кетди - буви билан набирани ёнма ён қўйдилар...
Рисолат кампир “ўғлимга енгиллик бўлар, адолат қилишар”, деган мақсадда ўзича бу исёнга жазм қилганди. Исёни саҳро бағрига сингган томчи сингари аҳамиятсиз бир нарса эканини ўйлаб кўрмовди. Ўғлини барибир қамаб, узоқ совуқ ўлкага жўнатишди. Рисолат кампирнинг йили ўтмай, қамоқ лагерида ўғлининг жон бергани ҳақида хабар келди. Жасадни олиб келишга борган қариндошлар қуруқ қайтишди – мумкин эмас экан... Масжид имоми ғойиб жаноза ўқиш билан кифояланди... Эрига ҳеч бўлмаса кафан насиб этмагани Зокирнинг аяси учун армон бўлиб қолаверди.
Кунлар ўтаверди. Кетган қайтади, кетмонланган қайтмайди, деганларидай, қамалганлар бирин-сирин қайта бошлашди. Зокир куни бўйи кўчада, пачоқ машинаси билан тупроққа беланиб ўйнагани ўйнаган. Бир куни гап топиб келди:
-Аяжон, Йовшанни опоқ дадаси кепти...
Онанинг юраги “жиз” этиб кетди. Равшан деган болакайнинг опоқ дадаси билан Зокирнинг дадаси бир кунда олиб кетилганди. У келибди... Она хўрсиниб, ўғлига маъюс тикилиб қолди. Ўғил онасидан жавоб бўлмагани учун бетоқатланиб яна сўради:
-Менинг дадам ҳам келадилай, а?
-Ҳа, ўғлим,-онанинг кўзи ёшга тўлди.
-Эйтага келадилами?
-...
Она жавоб қила олмади. Ўғлини бағрига олиб, юз-кўзларидан ўпаверди. Ўғил эса ҳайрон. Ҳеч нарсага тушунмайди. Кейин у ҳам йиғламсиради:
-Ойи, йиғламанг. Сиззи ким уйди? Дадамла келганлайида этиб беямиз. Уядила. Йиғламанг, жоон аяжон...

***

Ҳасратли кунлар, армонли кунлар, дардли кунлар ўтаверади. Қалб ҳар қанча дард, ҳар қанча армон, ҳар қанча ҳасратга банди бўлмасин, ширин орзуга ҳам жой беради. Ўғилларининг улғайиб бориши она юрагини шундай нурли умид билан қувватлаб турмаганида, ким билади, бу митти юрак ёрилиб кетармиди...
Зокир ҳам мактабга чиқди. Акасининг эски портфелини кўтариб, минг хархаша билан жўнайди ўқишга. Она шом қоронғусида даладан қайтгунча ака-ука унга бир талай болаларга хос ҳасратларини тўплаб қўйишади.
-Аяжон, Зокирингиз тутилмаган дафтаримга чизибди, энди янгисини олиб берасиз.
-Аяжон, акам бошимга урдилар, шунинг учун дарс тайёрлай олмадим...
Она болаларига ваъдалар бериб, овутади. Чарчаган болалар хуфтонга етиб-етмай ухлаб қолишади. Она ҳам толиққан. Лекин уйқуни енгишга уриниб, қўлига игна-ип олади. Далада ишлаб топгани рўзғорни тебратишга аранг етади. Шунинг учун дўппи тикади. Болаларим ўксиб ўсмасин, бирон нимага муҳтож бўлмасин дейди. Яна ойлар ўтиб, Назир ҳам уйқуни енгиб, онаси қанотига киради. Она тепчийди, у пилталайди. Сўнг Зокир ҳам қўшилади. Унинг вазифаси - дўппиларни елимлаш...
Болалар уйқуда. Она уларга меҳр билан боқади. Назиржони уйқусида ҳам жиддий. Бошида чала ёпилган китоби. У кўп ўқийди... Ким бўларкин? Ажаб эмас, олимликка етишса... Ширин хаёл она қалбини шодликка тўлдиради. Жилмаяди... Зокири тушмагур дум тушиб ётиб олган. Эҳтимол тушида ҳам биров билан кураш тушаётгандир. Ўқишга тоқати йўқ, шуниси чатоқ...
Она ўртада. Икки ёнида икки ўғли ширин уйқуда. Икки ўғлини у икки қанотим, деб ғурурланади.

***

Байрам арафасида она бетобланиб қолди. Фарзандларига янги кийим-бош олишга пул тўплаб қўйган эди. Ўзи боролмагач, пулни Назирга берди:
-Ўзингга энг яхши кўйлак, укангга туфли ол.
“Энг яхши кўйлак ол”, деб бекорга таъкидламади. Назирнинг мўйлаби сабза уриб қизларнинг назарига тушадиган бўлиб қолган. Унинг ўғли қизлар олдида мулзам бўлиб юрмаслиги керак.
Ака-ука бозор айланишди. Олй дейишса чиройли кўйлакларнинг тури кўп, туфлилар унданда кўп. Рўмоллар растасидан ўтишаётганда Зокир тўхтади.
-Ака, аямга рўмол ола қолмаймизми? Энг яхшисидан олиш керак.
-Рўмол?-ўйланди Назир. Кейин пулини чамалади. Буни сезган Зокир акасини кўндириш учун шоша-пиша гапини давом эттирди:
-Менга туфли керак эмас. Шу ҳам бўлаверади. Мойласам яп-янги. Рўмол ола қолайлик.
-Яхши айтдинг,-деди Назир.-Менинг кўйлагим ҳам ҳали янги.
Зокир кўнмади:
-Йўқ, эски, енгида ямоғи бор. Янгисини оламиз.
Уларнинг иши онани ранжитди. Ака-ука эса хурсандлар... Она бу рўмолни кўп ўрамади. Авайлади. Фарзандларининг меҳридан нишона сифатида қадрлади...

***

Ҳар тонг она сочидаги толаларни оққа бўяб уйғотади. Бу ҳам етмагандай юзига ажин тортади. Эрмак-эрмак билан бўлиб онанинг сочи оққа бўялиб қолибди. Пешонаси, бетлари ажинга тўлди. Эти суякка ёпишган кафти билан Назирнинг бошини меҳр билан силаяпти. Олий ўқишга кирган ўғли биринчи таътилга чиқиб келиб, соғинган дилига малҳам бўлди. Талабалик маошидан совға олиб келибди. Арзонгина совға она учун дунё бойликларидан аълороқ эди. Назирнинг таътили тугаб, ўқишга қайтиб кетгач, Зокир мактабидан кеч қайтадиган бўлиб қолди. Она бугун даладан эртароқ қайтган эди. Зокир уйда кўринмагач, ҳавотирланди. Зокир шом қоронғусида ҳовлига кириб келди-ю, оғилхонани тозалагани кириб кетди. Кейин, овқатланиб бўлгач, дўппи тепчиётган онаси ёнидан жой олиб, пилталай бошлади.
-Қўй, ўзим пилталайман, сенг дарсингни тайёрла,-деди она.
-Тайёрлаб қўйганман...
-Қачон?
-Мактабда...
-Ёлғон гапирма.
-Рост, аяжон.
-Сени деб қачонгача муаллимларингдан гап эшитаман? Акангга ўхшасанг бўлмайдими? Кўрдингми, ярим йилда бир уйга келганида ҳам китобдан бош кўтармади. Сен-чи? Билмадим, қачон ақлинг кираркин?
-Эртадан кирса керак...
-Сенга майнавозчилик бўлса... Бор, ухла.
-Рост айтяпман, аяжон, нимагалигини айтайми?
Она кўзойнаги оша ўғлига қаради. Ундан кўз узмаганича тиши билан ипни узди. Зокир яна бир оз сукут қилгач, гапини давом эттирди:
-Бугундан ишга бордим. Демак, эртага ақлим кириши аниқ!
-Нима? Қанақа иш?
-Аяжон, қурилишга ишга кирдим.
-Вой, тавба... Кимдан сўрадинг?
-Ўзимдан...
-Уф-ф...-она қўлидаги дўппини четга қўйиб, хўрсинди.
-Ахир, аяжон, қачонгача шундай яшашимиз керак?-Зокир шундай деб ўзини оқламоқчи бўлди.
-Бирон каминг борми? Яна қанақасига яшамоқчисан?
-Ахир бир ўзингизга оғир бўлаётганини кўриб туриб индамай юра олмайман-ку? Акамга энди дурустроқ пул-мул юбориб туршимиз керак. Дўппи тикишингизни йиғиштирасиз. Иккаламизнинг маошимиз етарли бўлади.
-Ўқишинг-чи?-деди она афсус билан. Емай - егизиб, киймай – кийгизиб, не-не ширин умидлар билан фарзандини боққан, ўғлининг ўқиб, баланд мартабаларга етишини истаган онанинг кўзлари намланди. Ўғил шундай бўлишини аввалдан билган эди. Онанинг эзгин руҳи унинг қалбини ҳам поралади. Чорасиз киши овози билан деди:
-Аяжон, мен ҳунар йўлидан кета қолай. Барибир акамга ўхшаб ўқий олмайман... Ўқишга зеҳним паст... биласиз-ку...
Зокир ёлғон гапирди. Зеҳни паст эмаслигини ўзи ҳам билади. Бу онага ҳам яхши маълум. Зокир ўқийман, деб шаҳарга кетиб, онасини ёлғиз қолдиришни истамайди. Онага бу ҳам маълум. Шу боис дардини ичига ютишдан ўзга чораси қолмади. “Яхши ҳунар эгаллаганларнинг мартабаси ҳам баланд бўлади”, деб ўзини ўзи овутди.

***

Назир пойтахтда, ўқишда. Зокир ишда, чангга беланиб юриб ҳунар эгаллади. Онаси орзусидаги баланд мартабага етишмаса-да, қўни-қўшни, қариндош-уруғларнинг юмушларини беминнат бажариб бериб ҳурматга эга бўлди. Қурилишдаги ишидан бўшаган онларида автомобил созлашни ҳам ўргангач, эътибори янада ошди.
Назир охирги таътил чоғи уйга келмади. Онасига мактуб жўнатиб, диплом иши билан банд эканини, устозлари уни институтда олиб қолишмоқчилигини маълум қилди. Бу хабар соғинган юракни кутилмаган шодлик билан қалқитиб юборди – унинг ўғли институт муаллими! Қандай яхши! У ҳали ёш, яна ўқийди. Олим бўлади, профессор, академик бўлиб кетса ҳам ажабмас... Кичиги ҳунардан обрў топишга топяпти-ю, лекин у ҳам ўқиганида қандай яхши бўларди-я...
Зокир онасига ҳам, акасига ҳам жуда-жуда меҳрибон. Онасини киприкларида кўтариб юрай дейди. Ҳар ойда бир марта она-бола шаҳарга пул жўнатишади. Зокир бунга қаноат қилмай, онасига билдирмасдан яна икки марта жўнатади.
Фақат...
Уйга кеч қайтяпти. Она буни ишнинг кўплигига йўяди. Зокирнинг қуралайкўз Сабоҳат яшайдиган кўчада соатлаб туришини ҳали эшитганича йўқ. Ўғил сездирмасликка ҳаракат қилиб юрибди. Она сезган тақдирда ҳам нима қила оларди? Ўғлининг юрагига ўт тушибдими, бас, уни фақат ўт қўйган санамгина ўчира олади.

***

Назир келди. Ёнида хушбичим, қора қошлари терилган, устидаги кийимида ҳаё йўқлиги инобатга олинмаса, латофатли бир қиз. Назир ийманибгина уни таништирди:
-Латифа... келинингиз...
Она ранжишни ҳам, ҳамқишлоқлари олдида уятдан ёниб кетишни ҳам билмайди. Келинга етишганидан қувониши керак эди. Аммо иснод бу қувонч йўлини тўсди. Нима қилсин энди у муштипар? Орзу дегани ҳамиша ҳам рўёбга чиқавермаслигини ҳисобга олмаган экан. Ҳаракати фақат ўзига аён: беш йилдан бери тўйга ҳозирлик кўрарди. Бутун қишлоқни қойил қолдирадиган тўй қилиб, энг яхши қизлардан бирининг келинлик либосида остона ҳатлаб киришини кўз олдига келтириб юрганди.
Келини кириб келди...
Фақат...
Оппоқ келинлик либосида эмас, келинсалом билан эмас, ёр-ёр билан эмас...
Енгсиз калта кўйлакда, бошяланг... Худди бу ҳовлига адашиб кириб қолган бегонадай...
Ташқариси оқланмаган қорасувоқ уй, ҳатто ҳовлига кўрк бўлиб турган мевали дарахтлар ҳам ёқмаганини келиннинг сузилган кўзлари, қимтилган лаблари сездириб қўйди.
Келин онага ёқмади. Лекин сездирмади. Начора! Ўғилгинасига шу ёқибдими, айтгани бўла қолсин. Кийимини алмаштирса етарли, ўзи кўҳликкина қиз экан. Ўзларидан тинчишсин...
Кийимни алмаштириш мумкинлиги Зокирнинг ҳам ҳаёлидан ўтди. Янгасининг шахло кўзларида чақнаб турган кибрнинг ўзгариши қийинлигини ҳам ўйлади...
Назирнинг талабига биноан, катта тўй шаҳарда бўлажаги баҳона қилиниб, қишлоқда маълум оши бериш билан чекланишди. Бу ҳовлида ёр-ёр айтилмади, ўртада гулхан ёқилмади, ҳофизлар овози жарангламади. Куёв келинни остонада кутиб олиб, кўтариб олмади, ёшларнинг қийқириқлари остида гўшангага кирмади... Бу манзараларнинг барчаси армон бўлиб она юрагида қолаверди.
Орадан бир неча ой ўтгач, қайнотанинг марҳамати билан Назирга ҳовли олиб берилди. Уй эски бўлгани сабабли бузиб ташланиб, янгиси қурила бошланди. Катта тўйга атаб тўпланган пул қурилишга берилди. Она пулнинг ярмини Зокирнинг тўйига атаб олиб қолмоқчи эди, у кўнмади. Бадавлат оилага куёв бўлган акасининг кўнгли чўкишини истамади. Бирга ишлайдиган уч дўсти билан меҳнат таътилига чиқиб, акасининг қурилишида ишлади. Шу жараёнда унинг зийрак зеҳни кўп нарсаларни англаб етди. Қуда буваси ҳам, янгаси ҳам уларни ҳашарчи сифатида эъзозламай, мардикор деб билиб менсимай муомала қилишарди. Зокирнинг дўстлари бу муомаладан ранжишса ҳам, дўстларининг юзхотири учун индамай ишлайверишди.
Қудабува билан дастлаб учрашишганда унинг “Назиржон менинг остонамни куёв бўлиб эмас, суюкли ўғил мартабасида босиб кирди”, деганида қувонишганди. Ҳашар кунлари Зокир англадики, бу гапнинг тагида “Назир энди менинг ўғлим. Қизим туфайли унга мен эгалик қиламан, энди унда сизларнинг ҳақларингиз йўқ”, деган маъно яширинган экан. Зокир бу ҳақда сўз очганда она: “Аканг катта шаҳарда мусофир, шундай одам қанотига олгани яхши, олим одам қишлоқда яшамайди, ўша ерда тиниб-тинчишини Худойимдан сўрайман”, деб гапини қайирди. Зокир ҳам акасининг тиниб-тинчишини истайди, лекин эр кишининг муте ҳолда бўйнини қисиб яшашига рози эмас. Назир уй битгач қайнотаси кўрманага автомашина ҳозирлаб қўйганини айтган онда Зокир “акаминг ўзига шунақа ҳаёт ёқса яшайверсин”, деб қўйди.
Назир “кичкинагина уй тўйи қилишаётганини” маълум қилгач, қарз-ҳавола кўтариб арзирли совға билан келишди. Келин оғироёқ эди, тўйдан кейин онанинг қайтишига Назир руҳсат бермади. Қайнонага бу ёқмай, қошларини чимирди-ю, аммо ичкуёвнинг истагига очиқ қарши чиқмади.
Орадан ҳафталар ўтди. Зокир жиянининг туғилгани ҳақидаги хушхабар учун суюнчи тайёрлаб ҳар куни кутди. Шаҳардан дарак бўлавермади. Онасини олиб келишни ўйлаб бир неча марта йўлга отланди ҳам. Лекин бундан акаси ранжиши мумкинлигини ҳисобга олиб йўлга чиқмади.
Шу жума оқшомида шаҳарга жўнаш аҳдида эрталаб нонушта қилиб ишга отланганида жилди очилиб қолган мактубга кўзи тушди. Онасининг дастхатини дарров таниб, шошилганича ўқиди. Мактуб ҳафсала билан ёзилган, катак дафтардан йиртиб олинган бир варақ қоғоз сатҳи асосан “фалончига салом, писмадончи яхши юрибдими?” каби гаплар билан тўлдирилиб, охирида “Ўғлим, вақтинг бўлса келиб мени олиб кета қол”, дейилганди. Сўнгги сатрни ўқиб юраги жиз этди. Кун бўйи кўнгли эзилиб юрди. Бошлиқдан ижозат сўраб, ишдан барвақт қайтди. Қараса, кўча эшик ярим очилиб қолибди. “Ким келди экан?” деб ажабланди. Остона ҳатлади-ю, кўзларига ишонмади. Эрталаб онасидан хат олиб эди, энди унинг ўзи яқинда мойланган айвон устунига суянганича зинада ўтирибди. Ёнида ихчам тугунчаси...
Зокир “Аяжон! деганича худди ёш бола каби онасини қучоқлаб олди.
-Жоним болам, бормисан... Бир ҳафта бўлди хат жўнатганимга. Кутдим-кутдим... келавермадинг...
Зокир хатни бугун олганини айтиб, узр сўради.
-Сендан ҳафамасман, болам, фақат ҳавотирландим,-деди она унинг бошини силаб.
Зокирнинг кўзига онаси паришонроқ кўринди. “Йўлда урингандирлар”, деб ўйлаганди, йўқ, бу маҳзунлик қўшнилар йўқлаб чиқишганда ҳам тарқалмади. Гаплашгиси келмаётгандай ўйга толганича ҳаракатсиз ўтираверади. Қўшнилар бундан ҳавотирланиб “Зокиржон, аянгизни дўхтирга кўрсатинг”, дейишди. Улар айтмай туриб ҳам аясини дўхтирга олиб бормоқчи эди. Аммо онасининг “ўғлиникидан касал бўлиб қайтибди”, деган маломат чиқишидан истиҳола қилиб унамаслиги мумкинлигидан кўнгли ғаш эди.
Кун бир оз совуб қолган бўлса ҳам онанинг иҳтиёри билан айвонга жой солинди. Она майда-чуйда ишларга овора бўлиб ошхонадан чиққунича Зокир ухлаб қолди. Онанинг кўзларига уйқу келмади. Чўнқайганича ўтириб қолди. Самога, чок-чокидан йиртилаётган булутлар орасида милт-милт ёнаётган юлдузларга, юзига хира парда тортган тўлин ойга қаради. Кейин Зокирига тикилиб қолди. Аллақаердандир таралётган мунгли куйни шабада бу ҳовлига ҳам етказди. Она мусиқага қулоқ тутди. Аввал қўлларига, кейин бутун вужудига қалтироқ югурди. Томоғидан кимдир бўғаётгандай, юраги пастга қараб тортилаётгандай туюлди...
Зокир йиғи товушидан чўчиб уйғонди.
-Сизга нима бўлди?-деб онасини бағрига босди.
Ўғилнинг гаплари онанинг қулоғига кирмади. Кўз ёшлари ўзига бўйсунмади. Изтиробда қолган ўғил эса нима қилишни билмай гангиб қолди.
Зокир онасини кўтариб, ўринга аста ётқизди. Она ғужанак бўлиб олди. Яна ҳалиги аҳвол такрорланди. Зокир қўшни аёлни чақирди-да, ўзи шифокорникига югурди...
Йўлда кетяпти-ку, қалби потирлаб, фарёд чекади. Бутун оламни бошига кўтариб ҳайқиргиси келади. Дилини портлатаётган бу сўзлар, афсуски, бўғзида қотиб қолади:
-Эй табиат! Сен ҳам онасан-ку?! Ахир нима учун бизнинг оналаримизга йиғини ўргатгансан? Нима учун уларга кўз кўз ёши бердинг? Нега энди оналар йиғлайдилар? Тунлари мижжа қоқмай бешик тепасида алла айтганлари учунми? Болам деб ўзларини ўт бўлса ҳам, сув бўлса ҳам урганлари учунми? Ёки оқ сут бериб фарзанд ўстирганлари учунми? Ҳаммамиз онадан туғилганмиз-ку?! Нега энди оналарга йиғини раво кўрамиз?! Онадек табаррук зотнинг кўз ёшларини кўрганимизда нима учун юракларимиз минг пора бўлиб ёрилмайди?!
Ҳайқириқ бўғиздан тилга ўтмай қадалиб қолаверди. Бундай гапларни айтиб ўрганмаган тил юрак фарёдини ифода этишга ожиз эди. Қолаверса, атрофида буни эшитадиган бирон кимса ҳам йўқ эди...

***

Она касалхонада. Шифокорларнинг айтишича, у нимадандир қаттиқ хафа бўлган. Бу юрагига таъсир этган. Энди яна шундай кўнгилсизликдан ранжиса, унинг ҳаётини сақлаб қолиш мушкул бўлармиш.
“Пахта иши” деб тарихда қонли из қолдирган ўша кунларда унинг юраги яримта бўлиб қолганди. Бунинг устига бу хафагарчилик...
Қанақа хафагарчилик?
Зокир буни тушуна олмас эди. Онасининг “олиб кет...” деб ёзиши, айвон устунига суянганича паришон ўтириши бежиз эмаслигини биларди. Акасиникида кўнгилсизлик бўлганига ишонарди. Бўлмаса унинг онасини ким ва қаерда ранжитиши мумкин?
Зокир онасига билдирмай Тошкентга қараб йўл олди. Тўғри акасиникига келди. Уйда ҳеч ким йўқ. Ҳашарга келиб ишлаганида қўшнилар билан чиқишиб қолганди. Шунинг учун тортиниб ўтирмасдан рўпарадаги қўшни эшигини тақиллатди. Онаси тенги аёл чиқиб, илиққина сўрашди:
-Э...э, Зокиржонмисиз, айланай сиздан, қайси шамол учирди? Келинг, келинг...
Ичкарига бошлаб кириб, дастурхон ёзди. Чой қўйди.
-Опоғойимнинг соғлиқлари яхшими, озгина хафа бўлгандай эдилар, эсон-омон етиб олибдиларми?
Аёлнинг бу саволи Зокирнинг кўнглидаги гумонни ҳақиқатга айлантирди.
-Бирор гап бўлганмиди?-деди ичи ёниб.
-Ҳалиги... ҳеч нарса, шунчаки сўрадим-да...
Аёл шундай деб Зокирдан кўзларини олиб қочиб, ёлғон гапираётганини сездириб қўйди.
-Илтимос, яширмай айтинг, мен ҳақиқатни билгани атайин келдим. Аям қаттиқ бетоблар. Нима бўлганини билишим шарт.
Аёл Зокирнинг важоҳатидан бироз чўчиди, буни ўзига очиқ айтди ҳам:
-Айтаман, фақат шартим бор: ўзингизни тутасиз, ғалва чиқармайсиз.
Зокирдан сўз олгач, қайнона-келин орасидаги машмашанинг жанжалга айланганини, келиннинг ҳақоратларини, ҳатто юлиб ташлаганини... оқизмай-томизмай айтиб берди.
-Бечора опоғойимга ачинаман. Хизматкордан фарқлари йўқ эди. Сочлари супурги, қўллари косов бўлиб хизматларини қилсалар ҳам келинпошшога ёқмадилар-да! То кўзи ёригунича акангиз келинаянгизнинг қўлини совуқ сувга урдирмади. Туққанидан кейин янгангиз росаям талтайиб ётиб олди. Бир кун ёт, икки кун ёт, ярим ой, бир ой ётасанми! Нима, биргина сен туғибсанми? Янгангиз нонкўр экан. Опоғойимнинг қадрига етмади-я! Жанжал кўтараверганидан кейин опоғойим сизга хат ёздилар. Кейин сизни кутиб бизникида ётиб юрдилар. Охири чидолмай “кетаман”га тушиб қолганларидан кейин поездга ўзим кузатиб қўйдим.
Аёл бир зум жим қолди. Кейин Назирларнинг уйи томон имо қилиб деди:
-Янгангиз келганга ўхшайди. Акангизнинг овози ҳам эшитиляпти. Укажон, яна тўпалон қилиб юрманг-а. Опоғойим сизни қизиққонроқ дердилар. Шу боисдан айтмоқчи эмасдим-у ўзингиз қўймадингиз...

***

Эшик тақиллади.
Ҳовлидан Назирнинг овози келди:
-Кираверинг, эшик очиқ.
Зокир кирди. Келинаяси ясама илтифот билан уни ичкарига таклиф қилди. Зокир акаси билан ҳам совуққина сўрашди. Муддаосини шартта-шартта айтиб, уйга кирмаёқ орқага қайтмоқчи эди, лекин қўшни аёлга берган ваъдасида туриб, ғалва чиқаришдан ўзини тийди. Ичкарига кирди. Дастурхон солинди. Назир ҳол-аҳвол сўради.
Зокир жавоб бермади. Пиёладаги шамага тикилганича ўтираверди. Шу топда унинг кўзига айвон устунига суяниб ўтирган онасининг паришон чеҳраси келди. У муштипар онаси учун, унинг ҳар бир томчи кўз ёши учун дарё-дарё юрак қони талаб қилса ҳам арзирди. Лекин қаршисида – жигари, ўша муштипарнинг аржманд фарзанди. Зокир энди акасига тикилиб қаради. Назир бундан ўнғайсизланди:
-Тинчликми? Аям яхшимилар?
Зокирнинг портлаши учун шу савол кифоя қилди:
-Аям билан нима ишингиз бор? Қилғилиқни қилиб қўйиб...
Чой қуйиб эрига узатаётган Латифа ялт этиб қайнисига қаради. Шахло кўзларидан зулм учқуни сачрагандай бўлди. Шу зумнинг ўзида унинг бурни юмалоқлашгандек, бутун заҳри бурнининг учига тушгандек бўлди. “Аям билан нима ишингиз бор?” деган савол Назирга берилган, воқеан жавоб ундан лозим эди. Бироқ, унинг ўрнига Латифа гап бошлади:
-Ҳой, қайнижон, нима деяпсиз? Биз нима қибмиз?
“Қайнижон” деган сўз ҳурмат эмас, кесатиқ оҳангида айтилгани учун ўт устига мой сепилгандек бўлди.
-Нима қибмиз?!-деди Зокир овозини кўтариб.-Нима қибмиз-а!! Сен...
-“Сен”лама, мен сенга кеннайи бўламан!
-Ҳе, сендақа кеннойини...
-Зокир! Тилингни тий!
-Нима дейсиз, ака! Онангизни бир манжалақи хўрласа ҳам отаси туфайли уйли бўлдим, машинали бўлдим, деб индамай ўтираверасизми?
-Ўйлаб гапир! Ҳеч ким онамни хўрламади. Хўрлатгани йўл қўймайман ҳам!
-Хўрлатгани қўймасмиш... Унда бу жодугарнинг ҳақорат қилганини нима деймиз? Нега аям менинг келишимни кутиб қўшниникида ётиб юрдилар? Хўш?! Хўрлатмасмиш-а...
-Бу хўрлаш ҳам, хўрланиш ҳам эмас. Хотинларнинг ўзаро ғалваси. Арзимаган нарсага аразлашишади, дам ўтмай яна апоқ-чапоқ бўлиб кетишади. Аям Латифани “қизим” деганлар, кеннайинг ҳам аямни “онажон” деган. Киши қариганида сал нозикроқ бўлиб қолади. Сен ёшсан, кейин тушуниб қоласан. Қани, жойингга ўтир, чойингни ич. Қизишмагину, ҳозирги гапинг учун кеннайингдан узр сўра.
Овутиш учун айтилган бу гаплар Зокирни баттар ёндириб юборди:
-Ака! Аямнинг бирон кишига қаттиқ-қуруқ гапирганларини кўрганмидингиз? Буни яна хотинларнинг ғалваси, дейсиз-а! Қариликда нозикроқ бўлармиш... Хизматкорга айлантиришга нозикмас-у гап кўтаришга нозикми?
Эрининг “сиз индамай ўтиринг” деган маънодаги имлашига қарамай, Латифа яна гапга аралашди:
-Вой, вой, вой! Ҳай, онангни ким ишлатибди? Худди маликалардай кун кечирди бизникида. Хизматни мана мен қилдим. Қишлоғини соғинса ҳам биз айбдорми?
-Маликалардайми? Хизматни сен қилдингми? Сен-а?!
-Ҳай, мунча дўриллайсан? Назир ака, айтинг бунингизга, тилини тийсин, иззатини билсин. Меҳмонга келганми бунингиз ўзи?
-Йўқ, меҳмонгамас! Аямни ҳақоратлаган ифлос тилларингни суғуриб олгани келганман!
Зокир кутилмаганда Латифани тарсакилаб уриб қолди. То Назир ўрнидан туриб ўртага тушгунча Латифа юз-кўзи аралаш яна икки марта тарсаки еди.
-Бу нима қилганинг, аҳмоқ!-деди Назир укасини маҳкам қучоқлаб олиб.
-Бу тарсакилар кам...
-Аҳмоқ! Бунақа қиладиган бўлсанг, иккинчи келма уйимга!
-Уйингизни пишириб енг!
Зокир шундай деб бир силтаниб акасининг қўлидан чиқди-да кўча эшик томон тез-тез юриб кетди. Бетларини ушлаб “ув”лай бошлаган Латифа унинг изидан қичқирди:
-Урган қўлларингни қамоқда чиритмасам юрган эканман...
Латифа қамоқда чиритиш аҳдида қатъий туриб, дўхтирлардан қоғоз олмоқчи эди, тарсакининг изи қолмагани учун эплолмади. Ёноғига мушт тушиб кўкарганида ҳам бошқа гап эди. Агар Латифа янгаси эмас, бегона эркак бўлганида Зокирнинг кучли зарб билан мушт тушириши тайин эди. Зокир бу пайтга қадар ҳеч қачон аёл зотига қўл кўтариш у ёқда турсин, ҳатто сўкинмаган эди. Юрагини куйдираётган алам чўғида шу ишни қилди-ю, кўп ўтмай ўзи ҳам афсусланди.
Назир укасининг қизиққонлиги учун Латифадан узр сўради. Узр қабул бўлмади. Гарчи, Латифа дўхтирлардан қоғоз ундира олмаган бўлса-да, аҳдидан қайтмади. Адаси билан маслаҳатлашиб бир фитнани режа қилди...

***

Ерга қор тушди. Биринчи қор тез эриди. Иккинчи қор узоқ куттирмади. Кейин табиат заъфарон либосини тўкиб, оқ зар билан ўранди. Ўранди-ю уйқуга кетди. Она соғайиб, уйга қайтди. Зокир акасиникига борганини айтмади. Айтишдан фойда борми? Бир дарди икки бўлиши керакми?..
Совуқ қаттиқ келди. Кузда тўплаб қўйилган ўтин ҳам, таппилар ҳам ёқиб бўлинди. Шуни кутиб тургандай қуёш нурлари табиатни эркалаб аста уйғота бошлади. Табиат мудроқ кўзларини очди. Зар пўстинини ечди. Лекин икки-уч кун ўтмай яна дангасалиги тутди – устига янги оқ чопон ташлаб, хурпайиб олди. Лекин қуёш бунга йўл бермади. Оқ пўстини эриб кетган табиат яланғоч қолишдан уялиб, яшил ҳарир кўйлагини кия бошлади.
Шундай кунларнинг бирида Зокир ишдан қайтмади. Баҳор адоғига бориб ўғлини уйлантириш умидидаги она тунни ҳавотир билан ўтқазди. Эрталаб уни даҳшатга солувчи хабар етиб келди:
Зокирни қамаб қўйишибди!
“Зокир қамалди?!”
Бу шумхабардан онанинг юрак томирлари узилиб кетгандай бўлди.
-Нега?!
“Бир қизни зўрлаб қўйибди...”
Эҳтимол, “одам ўлдирибди”, деган хабарни эшитса, юраги бунчалар зардобга тўлмасди. Бир қизни зўрлаш?! Бу иснод энди уни қаро ер тубига кирғизиб юбормайдими? Бу атрофдаги қишлоқларда қотиллик бўлган, ўғрилар ҳам қамалган, ҳатто порахўр ҳам чиққан. Бунақа шармандаликни эса сира эшитмаган, бунақа жиноятлар катта шаҳарларда бўлади, деб ўйларди. Қўшнилар “ишонманг, туҳмат бўлгандир”, деб овутишди. Она дарров ишона қолмади, лекин шундай гап чиқдими, тамом, иснод тамғаси ёпишганича қолаверади, бу тамға дарров ювиб ташлана қолмайди. Қишлоқда биттагина одам Зокирнинг бузуқлигига ишонса ҳам бу лаънат ювилмай тураверади. Онанинг ташвиши шундан.

***

Таниш жой. Эридан мужда кутиб, ҳомиладор ҳолатида шу ерда кун бўйи ўтирарди. Қайнонаси зўрлаб олиб кетмаса, тунаб қолиши ҳам мумкин эди.
Қайнонаси ўзини шу ерда ёққан...
Иснод азобидан тўлғонишмас эди у дамда, адолат умидида тунни кунга улашарди...
Энди-чи?
Она ўғлининг бузуқлигига эмас, туҳмат балосига учраганига аниқ ишонади. У дамларда эри ҳам туҳмат балосидан кетган эди. “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади”, деганларидек, кўп қатори чидашга мажбур эдилар.
Ўғлининг тақдири ўзгача...
Прокуратурага киритмадилар. Билгани: ўғли шу ерда. Бузуқлиги учун ўтирибди. Тергов энди бошланяпти...
Она уйга қайтарди. Қайси кўчадан юряпти, кимлар унга салом беряпти, буларни билмайди. Рўмоли ҳам ечилиб, елкасига тушган. Кўзлари маъюс. Ҳеч қаерга қарамай кетиб борарди. Бошида фақат бир гап айланади: ўғли бузуқ... ўғли бузуқ...
“Ўғлим бузуқ? Мен бузуқнинг онасиманми? Йўқ, йўқ! Эй Худо! Менинг шунчалар гуноҳим кўпми? Бунча кўп жазолайсан мени? Эримдан жудо қилдинг. Энди боламдан ҳам жудо қилиб номимни иснодга қўймоқчимисан? Худойим, менинг жонимни олсанг – ол, гуноҳкор бўлсам, дўзахинг оташида куйдириб кул қил, аммо боламни туҳмат балосига қўйма! Менга ўлим берсанг – бер! Аммо иснод билан ўладиганлардан қилма!”
Ўй-хаёли муножот билан банд бўлган онани эшик олдида қўшни аёл қаршилади-ю, аҳволини кўриб қўрқиб кетди. Дарров қўлтиғига кириб, суяганича уйга олиб кирди. Нима гаплигини сўради. Она яримта-юримта қилиб гапириб берди. Лаблари пирпиради. Юраги ўйнади. Қўшни аёл қизини шифокорга жўнатиб, ўзи онани овутиш билан овора бўлди.
-Мана кўрасиз, Зокиржон эрталабгача қайтиб келадилар. Ҳозир туҳмат билан қамаб юборадиган замонмас...
Она шифохонага боришга кўнмади. Ўғлини уйда кутишга аҳд қилди. У қўшнисининг гапига астойдил ишонган эди. Лекин Зокир эрталабгача қайтмади. Онанинг кўзлари тўрт бўлди. Кечгача ҳам қайтмади. Яна икки кун дарак бўлмади. Кейинги кун бир оз қувватга киргандай бўлиб, йўлга отланди.
Бу сафар инсоф қилишди. Ичкарига киритишди. Терговчи Зокири тенги йигит экан. Зокирнинг зўрлик билан номусга тегиш устида қўлга олинганидан бошқа маълумоти йўқлигини билдирди.
-Айланай, ўғлим, номусга тегмагандир? Ўша аёлнинг қўшни қишлоқдан эканлигини менга айтишди. Эрдан ажралгандан кейин шаҳарга кетиб қолиб...-Она “фоҳиша” дейишга тили бормади, гапини охирига етказишга қийналди. Унинг мақсадига тушунган терговчи йигит мушкулини осон қилди:
-Буниси билан бизнинг ишимиз йўқ. Агар фоҳиша зўрланса ҳам жиноят ҳисобланади. Қонун шунақа...
Она “қонунингиз қизиқ экан-ку, номуси йўқ аёлнинг номуси қанақасига топталиши мумкин?” демоқчи бўлди-ю, терговчини ғазаблантириб қўйишдан чўчиб тилини тийди. Ўғли билан учрашишга руҳсат сўради:
-Боламнинг раҳматли дадаларини “пахта иши” деб шу ерда туҳмат билан қамаворишган. Боламга ҳам шу бало ёпишмасин,-деб илтижо қилди.
-Йиғлаганингизда бувимга ўхшаб кетаркансиз,-деди терговчи меҳрибон ўғил овозида.-Менинг бобомни ҳам ўша йиллари шу ерда тергов қилишган. Бувимнинг йиғлаб ўтиришлари эсимда. Кўз ёшингиз ҳурмати, қонунни бузсам ҳам ўғлингиз билан учраштирардим. Лекин иложсизман. Кечқурун ўғлингизни Тошкентга олиб кетишган.
-Нега?
-Билмадим. Шу ерда кўрилса ҳам бўладиган иш эди, юқорининг назоратига тушгандир-да. Сизга битта яхшилик қилишим мумкин, агар шаҳарга борсангиз, бир ўртоғимга тайинлаб қўяман, ўғлингиз билан учрашишингизга ёрдам беради.
Барака топгур чиндан ҳам ёрдам берди. Зокир онасини кўрди-ю, кўзларига тик қараёлмай бошини эгди. Буни иқрор маъносида тушунган онанинг юраги тўхтаб қолгандай бўлди.
Зокир бошини кўтармай дардли овозда деди:
-Аяжон, ишонманг...
Бу овоз онани ҳушига келтирди:
-Болам... болагинам... ҳечам ишонганим йўқ... лекин... нега бунақа бўлди?
-Билмайман... ишдан қайтаётганимда катта боғ томондан ўтаётганидим... бир қиз қичқириб ёрдамга чақирди... Икки йигит зўрламоқчи бўлаётган экан. Қутқармоқчи бўлдим. Икковини икки ёққа отиб юборувдим... Кимдир орқадан бошимга урди. Ҳушимга келсам, милиса қўлимни кишанлаб қўйибди. Текшириб адолат қилишади, аяжон, сиз кўпам куюнаверманг.
Она ўғлининг тўғри йўл туриб нима учун катта боғ томондан юрганини билади. Ҳар куни Сабоҳатнинг кўчасига қараб ўтишини унга қўни-қўшнилар етказиб туришади. Шу боис бу ҳақда сўрамади.
-Шу гапларни терговчингга айтдингми?
-Айтдим.
-Нима дейишяпти?
-Нима дейишарди? “Текширамиз, аниқлаймиз”, дейишади-да. Бу ерда адолат топилмаса, судда бордир.
-Ҳали суд ҳам қилишадими?
-Аяжон, бунақа ишда адолатга етиш осонмас. Лекин сиз менга ишонинг. Ахир мени сиз тарбиялагансиз-ку! Мени фақат покликка ўргатгансиз-ку! Худо хоҳласа адолат бўлади. Сиз қишлоққа қайтаверинг.
-Йўқ, сени шу ерда кутаман. Уйга бирга қайтамиз.
-Қаерда кутасиз?-Зокирнинг қошлари чимирилди.-Акамникидами?
Она ўйга чўмди. Айбдор одамдай бошини эгди. Сўнг ҳасрат тўла овозда “ҳа” деди:
-Ая...
-Қўй ўғлим, гапирма,-она шундай деб бошини кўтарди.-Ҳаммасини эшитдим. Ҳар қалай яхши иш қилмабсан. Касал бўлиб қолганимга аканг ҳам, янганг ҳам айбли эмас. Бу Худо берган бир дард. Истаган одамига бераверади. Мен онаман! Фарзанднинг яхшисига шукр қиламан, ёмонига... йўқ, фарзанднинг ёмони бўлмайди,-она шундай деб негадир хўрсинди.-Қутулиб чиққанингдан кейин тўғри акангникига бориб, улардан кечирим сўрайсан. Мендан кейин аканг сенга ота, янганг она бўлишади. Бу фақат менинг истагим эмас, алмисоқдан қолган одат. Аканг билан иттифоқ яшашингни Худо буюрган. Бўйин товлашга ҳаққинг йўқ.
-Йўқ, аяжон, уйга қайтаверинг,-деди Зокир ўжарлик билан.-Иккаламиз яшаймиз. Уларнинг бизга кераги йўқ.
-Қайсарлик қилма, ўғлим. Мен сени акангникида кутаман. Уйга бирга кетамиз. Тўй қиламиз. Шароф холанг қизини сенга беришга рози...
Зокирнинг кўз олдига ширингина жилмайган Сабоҳат келди. Кўнгил сирини аясидан яширишга уринарди. Аяси эса ишни пишитиб қўйган экан...

***

Ҳақиқат енгди.
Унга қадар Зокир озодлик илинжида ҳафталар эмас, ойларни тутқунликда ўтказди.
Латифа рўпарадаги қўшни аёл билан яхши чиқишарди. Бирон ёққа борса боласини шу аёлга ташлаб кетарди. Шунданми, баъзан у билан сирлашиб ҳам қоларди. Кунларнинг бирида қайнисининг “қамоқда чириши” ҳақида гапира туриб, “уни шундай қопқонга туширдим-ки, икки дунёда қутулиб чиқа олмайди”, деб мақтангач, қўшни аёл сергакланди. Латифа билан яхши муроса қилгани билан Зокирга, унинг онасига меҳри бўлакча эди. Бу икки жабрдийданинг туҳмат балосида қолишини истамади. Унинг куёви Республика прокуратурасида ишларди. Унга воқеани тушунтирди. Оқибатда дастлабки тергов пайтида йўл қўйилган камчиликлар бирин-сирин аниқланди: зўрланганда айбланган аёлнинг фоҳиша сифатида милиция рўйхатида туришининг ўзиёқ кўп саволларга жавоб қайтарди. Кимдир пул бериб туҳмат қилишни топширганини айтгач, жиноий иш ёпилди...
Зокир турмадан чиққач, шаҳар кўчаларида анчагача тентираб юрди. Акасиникига боришни ҳам, уйга кетишни ҳам билмай гангиди. “Аям аҳдларида туриб, акамникида кутаётганмикинлар ё қишлоққа кетганмикинлар?” Зокир япроқлардан тўшалган кузнинг сариқ гилами устида узоқ юрди. Аста-аста юрди. Ўйлади... Акасиникига бориши лозимми? Онасини хўрлагандан кечирим сўраши керакми?.. Кўп ўйлади... Энди унинг “бузуқлиги учун қамалиб чиққан” деган номи бор. Айбсизлиги исботини топган бўлса ҳам ном қолаверади. Акаси бузуқ укадан балки воз кечгандир? Аслида... аввалроқ юз ўгирган. Ўшанда “уйимга келма!” деган эди. Шундай дейишининг ўзи воз кечганини англатмайдими?
Зокирнинг ўзи-чи? Ўшанда қасам ичмаганмиди? Энди ҳайдалган остонасига қандай қилиб бош эгиб боради? Лекин қутулиб чиққанини онасига билдириб қўйиши керак.
“Қишлоққа бораверай-чи, қайтмаган бўлсалар дўстларимдан бири келиб олиб кетар...”
Шу қарорга келиб, уйига қайтди.
Уйига яқинлашяпти-ку, юраги аллақандай бўлиб уради. Ҳамқишлоқларига рўпара келганда уларга тик қарашга уялади. Назарида уларнинг қарашларида нафрат бордек...
Кўча эшик қия очиқ турибди. Демак онаси уйда! Акасиникига кирмагани яхши бўлибди.
Ҳовли супураётган қўшни аёл Зокирни кўрди-ю, турган жойида бир зум қотиб қолди. Зокир аввалига ажабланмади, у онасининг уйда эканига амин эди. Салом бергач, қўшни аёл супургини ташлаб, унга пешвоз чиқди:
-Вой, ўнгимми, тушимми! Зокиржон, эсон-омон қайтдингизми? Айбингиз йўқлигига ҳаммамиз ишонган эдик, ҳайрият, оқлашибди. Нега турибсиз, ичкарига кировринг.
-Аям кўринмайдиларми?
-Вой, Тошкентдалар-ку? Сизни ўша ёққа олиб ўтишгандан кейин кетганларича кўрганимиз йўқ.
Зокирнинг қайтганини эшитган таниш-билишлар йўқлаб киришди. Қўшни аёл хизматда бўлди. Зокир акасиникига телефон қилиб онасига хушхабарни етказиб қўйса ҳам бўларди. Лекин гўшакни янгаси кўтариши мумкинлигини ўйлаб, бу фикрдан қайтди. “Аяжон, уйга қайтдим, Зокирингиз” деб қисқа телеграмма юбора қолди.
Оналарнинг митти юраклари олам жаҳон каби кенг бўлади. Ҳар қандай хўрликка, ҳар қандай ҳақоратга чидайди. Кечирувчан бўлади. Фарзандини қарғамайди. Фарзандларнинг қалби уларнинг акси ўлароқ, тордир. Шу боис кичкинагина дардни ҳам сиғдира олмай дарров портлайдилар. Кечирим сўрагандан кўра, баъзан ўлимни афзал кўрадилар. Буни мардлик, ҳақиқат учун кураш деб биладилар. Ҳолбуки, ундай эмас. Уларнинг қайсарлиги нодонликнинг бир белгисидир.
Зокир онасининг айтганларини бажаришга бурчли эди. Онанинг “акангникига бориб, кечирим сўра”, дейиши шунчаки гап эмас, темир панжара ортидан айтилган васият эканини у билмасди. Билганда-чи? Борармиди?..
Зокир икки кун онасини кутди. Учинчи куни эрталаб бир нотаниш йигит хат ташлаб кетди. Пойтахтга қатнаб таксичилик қиларкан, бир хушрўйгина опа, шу хатни етказишни сўрабди. Зокир онасининг ҳам, акасининг ҳам дастхатини танирди. Буниси бошқача, нотаниш эди. Шошилиб ўқиди:
“Онанг ўлган. Сен безори, сен – бузуқ, уни ўлдирдинг! Буни биздан кўриб юрма. Сенга бу жазолар кам. Жуда кам!”
Зокир мактубни ким ёзганини англади. Юраги ўйнаб кетди. Ишонмади. Қоғозни ғижимлаб нари отди. Кўзига ёш келди. Қўшниникига чиқиб, аёлга бу шумхабарни айтди. У ҳам ишонмади.
-Янгангиз сиздан аламини олиш учун шундай ёзгандир. Бўлмаса, акангиз қишлоққа хабар бермасмиди?
Зокирнинг кўнгли барибир тинчимади. Шаҳарга отланди.
Она у билан қамоқдан кўришиб қайтгач, Назирга “укангни кечир, ака-ука меҳрли бўлинглар”, деб насиҳат қилган, кечаси уйқуга ётиб, тонгда уйғонмаган эди.
Ўша тун қамоқхонада ётган Зокирнинг юраги сиқилиб, қарийб ухлай олмаган эди. Қамоқда юракнинг беҳаловат бўлиши янгилик эмас. Шу боис Зокир эзгин ҳолатини терговнинг чўзилиб кетиши натижаси деб билди. Ярим тунда мизғигандай бўлди. Шу қисқа давр ичида туш кўрибди:
...она-бола Маккаи мукаррамада, Ҳаж ибодатида юришганмиш... Онаси “сенинг тўйингдан кейин Ҳажга бориш менга ҳам насиб этсайди”, деб орзу қиларди. Ҳажга тўйдан олдин келишганмиш. Қайтиш даврида онасини йўқотиб қўйибди. Қидирибди, қидирибди... Шунда онасининг овозини эшитибди: “Ўғлим, сен уйга қайтиб тўйни бошлайвер, мен ўзим етиб бораман...” Зокир қайтай деса, буюмлари жойида йўқмиш. Туфлисини ҳам биров кийиб кетганмиш...
Шаҳар томон бораётган Зокир қамоқхонада кўрган тушини яна эслади, минг турли ўйлар гирдобида бўлди. Акасиникига етгунча шитоб билан юрди. Дарвозага ўн қадамча қолганда шашти пасайди. Ўн қадамни оловли йўл узра ялангоёқ босгандай бўлди. Эшик қия очиқ бўлса ҳам, очиб кирмади. Тақиллатди. Оёқ товуши эшитилди. Эшик очилди. Латифа Зокирни кўрибоқ қошларини чимирди:
-Сенга нима керак?
Бу қараш, бу савол юзига тарсаки каби урилган бўлса-да, Зокир ўзини тутди.
-Аямни чақириб беринг...
-Нима, қамоқдан гап уқмайдиган бўлиб чиққанмисан? Онанг ўлган, деб ёзувдим-ку?! Тур йўқол, турқинг қурсин!
У шарт этиб эшикни ёпди. Ичкаридан қулфлади. Шу қулфни ҳашарга келганида Зокирнинг ўзи ўрнатиб берган эди.
Унинг хўрлиги келди.
Наҳот унинг онаси, онажони ўлган?! Йўқ, йўқ! Ёлғон!! Онаси уни ташлаб кетмайди!..
У рўпарадаги қўшни эшигини тақиллатди. Ўша таниш аёл чиқди. Зокирнинг озод бўлганини куёвидан эшитганди, лекин бу аҳволда келишини кутмаган эди.
-Шу ростми? Аям?..
Зокир бошқа сўз айта олмади. Аёл “рост” деган маънода бош ирғаб, унинг елкасини меҳр билан силаб қўйди. Ичкарига таклиф қилган эди, Зокир кўнмади. Қабристонга олиб боришни илтимос қилди.
Аёл қабрни кўрсатгач, чўнқайиб ўтирди. Зокирнинг қуръон тиловот қилишини кутди. Лекин Зокир бунинг ўрнига ўзини тупроқ устига ташлаб, ўкраб йиғлай бошлади. Зокир бир оз овуниб, қаддини кўтаргач, қўшни аёл қуръон ўқиди-да, юзига фотиҳа тортиб ўрнидан турди. Зокирнинг елкасини яна меҳр билан силаб қўйгач, изига қайтди.
Аёл кетди...
Зокирнинг бир ўзи қолди. Қабр олдида тиззалаб ўтирганича яна йиғлади. Тун қабристонга қора чодирини ёйгач, ўрнидан турди. Қабрнинг у ер-бу ерини текислаган бўлди. Қабристондан чиқаётиб гўрковнинг хонасига кўзи тушди. Чироқ ёқиқ эди. Яқинлашди. Салом берди. Гўрков саломга алик олиб, уни ичкари таклиф қилди. Кириб ўтиргач, чой қуйиб узатди.
-Аямни... шу ерга қўйишибди... мен йўқ эдим,- Зокир шундай деб лабларидаги титроқни босиш учун пиёладаги илиқ чойдан ҳўплади.
-Онангизни Худо раҳмат қилсин,сизга эса сабри жамил ато қилсин-деди гўрков.
-Аямни... қишлоққа олиб кетсам бўлармикин?-Зокир “илтимос, руҳсат беринг”, деган маънода унга ялингансимон қаради.
-Бу атрофда ҳеч кимингиз йўқми?
Зокир саволга дарров жавоб бермади. Сўнг қийналиб деди:
-Акам борлар...
-Унда марҳумани безовта қилманг. Акангиз хабар олиб турадилар. Шаҳарга тушганингизда ўзингиз ҳам келиб турасиз. Аслида майитнинг қайси гўрда ётиши фарқсиз. Қиёматда ҳамма бир жойга тўпланади. Онам гўрида тинч ётсин, десангиз, онангиздан қолган қариндошлар билан узилиб кетманг. Қаерда юрсангиз ҳам доим дуода бўлинг. Шунинг ўзи етарли...
Зокир бу ерда ортиқча ўтиришга ҳожат йўқлигини англаб, ўрнидан турди. Раҳмат айтиб, хайрлашди. Кўчага чиқиб чорраҳага етгач, қай томонга юришни билмай гангиди. Таваккал қилиб ўнгга бурилди. Нотаниш кўчалардан юраётганида акасиникига боришни ўйламаган ҳам эди. Таниш кўчага бурилганда беихтиёр тўхтади. Онасининг сўнгги учрашувдаги гапи ёдига тушди. Кейин гўрковнинг гапи:
“...онам гўрида тинч ётсин, десангиз, онангиздан қолган қариндошлар билан узилиб кетманг...”
Чорасиз фарзанд нима қилсин? Ҳамонки онасини тирилтириш, унга хизмат қилиш қўлидан келмас экан, сўнгги васиятини бажариши шарт эмасми?
Шу қарорга келганда орқа томондан кимдир келиб Зокирнинг елкасига қўл ташлади.
-Братан, бир чектиринг...
Зокир ўгирилиб қаради, димоғига ароқ ҳиди урилди.
-Чекмайман.
Зокир шундай деб унинг қўлини елкасидан олиб ташлади.
-Ҳов, братан, ўпкангни бос!
Шляпани бостириб кийиб олган йигит яна елкасига қўл ташлади. Зокир силтанди. Йигитнинг шериги бор экан, рўпарасига туриб олди. Зокир ўзини четга оламан, деганда жағига бир мушт тушди. Зарба заиф эди, Зокир йиқилмади, ўзини тутиб, рўпарадагини тепиб қолди. Йигитларнинг бир-икки муштли ҳоли бор экан. Аввал мушт туширгани биринчи бўлиб қочди. Шляпа кийгани чўнтагидан пичоқ чиқариб Зокирнинг қорнига санчишга улгурди. Санчди-ю, у ҳам қочиб қолди.
Зокирнинг қорни “жиз” этди. Қўли билан чангаллади-ю, ярага аҳамият бермади. Бир-икки қадам юргач, оғриқдан букчайиб қолди. Шунда ҳам изига қайтмади. Бировни ёрдамга чақирмади. Акасиникига етгач, тўхтади. Деразадан чироқ нури тушиб турибди. Демак, акаси уйғоқ. Дарвоза томон юрмай, деразани аста тиқиллатди. Жавоб кутди. Лекин ҳеч ким кўринмади. Акасининг овози эшитилди:
-Ким?
Зокир бўғиқ овозда “Мен” деди.
Бошқа овоз бўлмади. Зокир дарвоза эшиги очилар, деб умид билан ўша томон қаради.
Кутди...
Эшик очилмади...
Дераза олдида акасининг қораси ҳам кўринмади...
Чироқ ўчди. Бу билан Зокирнинг умиди ҳам сўнди...
Дарвоза эшиги очилмаса ҳам майли эди, акаси деразадан бир сонияга қараб қўйса бас эди. Биргина сўз айтарди:
...кечиринг.
Бу сўзни айтишини онаси истаган эди. Худди қабрида тик туриб олиб уни кузатганича васиятининг бажарилишини кутаётгандай эди.
Айтолмади...
Зокирни йўтал тутди. Ҳар йўталганида ичаклари буралиб азоб бера бошлади. Ички бир овоз “қўшниларни ёрдамга чақир”, дейди. Бошқа бир овоз ҳайқириб “Йўқ! Сенинг ҳалоскоринг қабрда ётибди. Бир ўзи... бир ўзи қоронғу гўрда ётибди. Унинг олдига бор. Бу кеча бирга бўл. Биргина кеча...”дейди. У иккинчи овозга қулоқ тутди - қабристон томон юра бошлади. Бир кеча онаси пойида ётишни иҳтиёр этди...
Муюлишда икки одам кўринди. Зокир уларнинг диққатини тортмаслик учун деворга суяниб, қаддини кўтарди. Икки одамдан бири Зокирнинг ёнидан ўтаётиб минғирлади:
-Хурмачангга яраша ичсанг ўласанми, судралиб юришингни қара!
Зокирнинг яқингинасида айтилган бу танбеҳ унга узоқ-узоқлардан эшитилгандай туюлди. Оғриқ кучайиб, яна букчайиб олди. Тиззаларида қувват қолмаса ҳам юришга ўзини мажбурлади...
Унинг жонсиз танасини эрталаб гўрков кўрди. Зокир бир қабрни гўё қучоқлагандай ётарди.
Аммо...
Бу онасининг қабри эмасди. Қоронғуликда, жон талвасасида адашган, онасининг қабрига етиб бора олмаган эди...

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СИНОВЛИ ДУНЁГўдакларга эътибор бергансиз. Беғубор кўзлари билан атрофни кузатади, аммо гапира олмайди. Уларнинг ички дунёсига кира олмаймиз, чунки, ҳеч қайсимиз давоми...

3795 21:42 / 19.04.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимМуқаддимаОдам болаларини ер юзида халифа қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Башариятнинг афзали бўлмиш Муҳаммад Мустафо давоми...

5248 21:36 / 19.04.2017
Барчамизга маълумки, Меҳрибон ва Раҳимли зот Аллоҳ номи билан бошланган ва бажарилган ҳар бир ишнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам қутлуғ бўлади. Алишер Навоийнинг давоми...

5221 22:43 / 19.04.2017