1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1431

Исломнинг дунё илм-фан ва маданиятига таъсири

20:36 / 19.04.2017 13056 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом дини илм динидир. Юксак маданият фақат ислом биландир. Бу ҳақиқатни ҳозир кўпчилик эътироф этаётир. Илм-фан, маданият мусулмонлар орқали бутун дунёга тарқалди. Мусулмонлар диний илмлар билан бир қаторда табиий фанларда ҳам етук бўлишганлиги тарихдан маълум. Буни ҳозирда илм-фан ривожланган Ғарб давлатлари олимлари ҳам эътироф қилишмоқда. Мусулмон аждодларимиз ўзларининг иймон-эътиқодлари, ихлослари таъсирида илм-фан ва маданиятда ҳам юқори чўққиларга эришишди, таъбир жоиз бўлса бутун дунёга устоз бўлиш шарафига мушарраф бўлишди. Аллоҳ таоло бутун башариятга Ўзининг раҳмати ўлароқ Қуръонни нозил қилди. Пайғамбар (с.а.в) Аллоҳнинг элчиси сифатида халқларга иймон ва ислом зиёсини тарқатдилар. Аждодлари жоҳил бўлган, маданиятдан йироқ халқ иймон ва ислом неъмати билан сарафроз бўлганидан сўнг дунёнинг энг маданиятли халқига айланиб, Аллоҳ Қуръонда мақтаганидек, умматнинг афзали бўлишга муяссар бўлди. Айнан Арабистон ярим оролидан дунёнинг барча бурчига тарқалган ислом инсонларни залолатдан нурга олиб чиқди. Бу нур шундай нур эдики, жоҳилиятда, адашишда юрган миллатни илм ва маданиятнинг султони даражасига олиб чиқди.

Инсоният маданиятида Ислом таъсир ўтказган майдонларни аниқлаш ва белгилаш мушкул. Чунки ислом динининг инсоният маданияти ва илм-фанига таъсири қон билан жон мисоли аралашиб, сингиб кетган. Ер куррасидаги турли миллат ва элатлар Ислом маданиятидан таъсирланганликларини сезмайди. Улардаги инсоний маданият аслида ёт, исломий маданият эканини ҳеч ким хаёлига келтирмайди. Чунки, исломий маданият унсурлари аллақачон ҳамма миллатнинг ажралмас бир бўлаги, маданияти ва ҳаётига айланган.

Ислом таъсири турли миллат ва элатларнинг фалсафаларида, динларида, маданиятларида намоён бўлар, ички дунёлари эса буни фош этарди. Мусулмонлар таназзулидан кейин ислоҳот ҳаракатларини ғайримуслимлар олиб боргани, уларнинг Исломдан таъсирланганидан дарак беради.

Исломнинг башарият илм-фани ва маданиятига ўтказган улкан таъсирини кўплаб инсофли ғайримусулмон ғарб олимлари эътироф этишади.

Франциялик олим Жоливет Костелот ўзининг “Тарих қонуни” китобида бундай ёзади: “Пайғамбар вафотидан кейин араблар катта тараққиётга эришдилар. Ислом ёйилиши замон талаби эди. Шу боис мусулмонлар тараққиёти жуда тезлаб кетди. Натижада ақлни лол қолдирувчи Ислом маданияти юзага келди. Фатҳлар билан бирга Ислом маданияти ҳамма жойга ёйилди. Ислом маданиятининг асари санъат, адабиёт, шеър ва илмларда акс этди. Шу билан фалсафа, фалакиёт илми, кимё, тиббиёт ва руҳий илмлар машъали бир қанча аср мусулмонлар қўлида қолди. Улар ихтирочиларга айландилар. Шунчаки ихтирочилар эмас, балки илм асосларини жуда ўткир ва ўта қобилият билан қўлга киритган ихтирочилар эди. Ислом маданиятининг қолдирган асари ҳаммани лол қолдирганди. Дарҳақиқат, X асрдан то XIV асргача тараққиётига сабаб бўлгани ва Европада ўрта асрларда суст ҳаракат қилган илмий фалсафий фикрни Ислом маданиятидан олгани учун Европа Ислом маданиятидан қарздордир. Ислом маданияти, мусулмонларнинг илми, одоб-ахлоқи, санъати олдида Европа қолоқ ва жоҳил кўринарди. Илм ва маданият байроғини мусулмон олимлари кўтарган, ҳатто Европада ҳам Ислом маданиятидан ўзга маданият бўлмаган тўрт аср мобайнида мусулмонлар фикридан фойдаланганини Европа тан олади”.

Густав Лебон бундай дейди: “Одамлар тажриба, мулоҳаза ва айрим фактлардан умумий хулосага келишларни  Францис Баконга нисбат қиладилар. Бу иккиси янги илмий тадқиқотнинг негизи ва асосидир. Лекин бугун ҳам шуни тан олиш керакки, бу йўлларнинг барисини аслида мусулмонлар ихтиро қилганлар”.

Яна Густав Лебон ўзининг “Араблар маданияти” номли китобида бундай дейди:

“Мусулмонларнинг тадқиқотга бағишлаган ҳиммати кишини ҳайратга солади. Илм ва тадқиқотда мусулмонлар билан тенг миллат бўлиши мумкин, аммо тахминимча мусулмонлардан устуни бўлмаган. Мусулмонлар ҳукмига ўтган шаҳарларда масжид ва мадраса қуришга катта эътибор берардилар. Агар шаҳар катта бўлса, у ҳолда бир эмас, бир нечта масжид ва мадраса қуриларди. Ана шулар қаторида 1173 йилда вафот этган Бенямин Тотбалий гувоҳ бўлган Искандариядаги 20 та мадраса ҳам туради. Бундан ташқари Бағдод, Қоҳира, Кордова ва шунга ўхшаш катта шаҳарларда лабаратория, расадхона ҳамда илмий тадқиқотга асқотадиган барча шароит яратилган, китобга бой кутубхоналарга эга жомеъа – университетлар қад кўтарганди. Мусулмон тарихшунослари ривоятига кўра, биргина Испанияда арабларга тегишли етмишта кутубхона бўлган. Халифа “Ал-ҳакамус-саний”нинг Кордова шаҳридаги хос кутубхона токчаларида олти юз минг китоб терилганди. Шулардан қирқ тўрт жилди фиҳрист – мундарижа бўлган. Шу сабабли доно Чарл тўрт юз йилдан кейин Франциянинг қирол кутубхонасида тўққиз юз жилддан зиёда китоб жамлай олмаган. У жамлаган китобларнинг учдан бир қисми илоҳиёт илмига тегишли бўлган, дейилади”.

Тарихчиларнинг ёзишларича биринчи илм даргоҳи кўпчилик даъво қилганидек Европада эмас, балки 3-хижрий асрда Марокко  мамлакатида ташкил топган. У мадраса “Жомеъатул Қарвин” номи билан бутун дунёга машҳур бўлган. Илм даргоҳида мусулмонлар билан бир қаторда Ғарб мамлакатларидан ҳам талабалар келиб дунёвий билимлардан таълим олишган. Христиан олимларидан ҳисобланган Жерберт исмли киши айнан ўша илм даргоҳида таълим олган. Жерберт биринчи бўлиб араб тилида ёзилган илмий асарларни ўз тилига таржима қилиб, мусулмонлардан ўрганган билимларини Европага тарқалишига сабаб бўлди. Кейинчалик Европа қонунчилигида ислом қонунчилиги билан келиштириб, давлат бошқарув ва қонунчилик ишларини мусулмон шариати асосида қайтадан кўриб чиқиш фикрини ўртага ташлади. Шундай қилиб Франция қонунлари ислом қонунчилиги асосида қайтадан ёзилди.        

Роберт Бриффаулт “The Marking Humanity” номли китобида бундай ёзади: “Европанинг барча соҳасидаги тараққиётида Ислом маданиятининг хизмати беқиёс ва Европа тараққиётига катта таъсир ўтказган кескин асарлари бор”. Яна у бошқа ўринда шундай деганди: “Европага ҳаёт бағишлаган нафақат табиат илмлари, балки Ислом маданияти Европага илк нурини юборганидаёқ ҳар томонлама Европага ўз таъсирини ўтказган эди”.

Исломга қаршилиги ва ғаразгўйлиги билан машҳур бўлган ғарб олимларидан бири Марголиуз Родвелл таржимаи ҳоли муқаддимасида жумладан бундай деганди:

“Тадқиқотчи олимлар иттифоқ қилган нарсалардан бири шуки: Қуръон охирги китоб бўлишига қарамасдан тарих асоси бўлмиш катта диний саҳифалар – самовий китоблар орасида олий ўринни эгаллайди. Айни пайтда Қуръон инсониятга катта таъсир ўтказишда бошқа китоблардан олдинда туради. Шубҳасиз, Қуръон янги инсоний фикр яратди. Ўзига хос хулқий мадрасанинг мустаҳкам асосини барпо этди”.

Тарихчиларнинг айтишича, мусулмонлар пайғамбарларидан кейинги даврда таълим олган илмлари билан 100 йил ичида шундай муваффақиятларга эришиб, бутун дунёга устоз бўлган бўлсалар, ўзига дунё маданиятининг ўчоғи дея таъриф берган Рим империяси эса ўзининг камчиликларидан, вахшийликларидан орадан минг йил ўтса ҳам қутула олмадилар. Уларнинг минг йил ичида эришган нарсалари вахшийлик, жоҳиллик бўлди. Ҳаттоки шу даражага етишдики, овқатни зиёда тановул қилгандан сўнг, ўзлари кашф қилган дори ёрдамида еган овқатларини қусиб ташлаб, яна бошқатдан овқат истеъмол қилишгача боришди.

Европа тарихчиларидан бири бўлмиш Жон Дуанборд деган тарихчи айтадики, “Агар ислом Испанияга етиб келмаганда эди, бизнинг Европамиз ҳалигача ўзининг вахшийлигида, жоҳиллик ҳаётида давом этган бўларди”.  

Мусулмон олимларининг инсоният илм-фан ва маданиятига қўшган ҳиссалари беқиёсдир. Ислом умматидан етишиб чиқиб, нафақат диний илмда балки табиий фанларда ҳам шуҳрат қозонган олимларнинг ҳаёт фаолиятларига, қолдирган беназир илмий ва маданий меросларига назар солиб, ўрганган киши буни яққол сезмай иложи йўқ.

Ислом динида бир халқ ёки шахс бошқа халқ ёки шахсдан насл-насаби ёки миллати билан эмас, балки динга бўлган қизиқиши, илмий савияси, кўрсатган хизмати, дин ва илм йўлида қилган сайъ-ҳаракати билан устун саналади. Ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в): “Бордию илм сурайё юлдузида бўлганида, уни форслардан бўлган кишилар илиб кетган бўларди”, дедилар.

Араблар Исломдан кейин асрлар оша шариат илмларини чуқур эгаллаган, забардаст олимларга тан беришиб, уларни имомларимиз ва раҳнамоларимиз, деб эътироф этганлар. Забардаст ислом уламоларининг кўпчилиги асли араб бўлмасаларда, араблар уларга ўз миллатларига бермаган илмий унвонларни бердилар. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга ҳадис илмида мўминлар амири, деган унвон бердилар. У киши ёзган саҳиҳ китобни эса Қуръондан кейинги энг ишончли китоб, деб тан олдилар. Шунингдек, 468-хижрий йилда вафот этган имом Абул Маъолий Абдулмалик ал-Жувайний ан-Найсобурийга икки ҳарам имоми, деган унвон бердилар. Абу Ҳомид Ғаззолийни эса “Ҳужжатул ислом” деб атаганлар.

Биринчи ислом асрининг охирларидаёқ насл-насаби араб бўлмаган ислом уламолари катта ислом мамлакатида илм манбаига айланган эдилар. Фатво, фиқҳ ва ҳадис илмларида энг етук уламолар ажам бўлганликлари тарихда маълум ва машҳур. Машҳур араб алломаси Ибн Халдун бундай ёзади: “Ҳаётдаги ажаб ишлардан бири: ислом миллатида шаръий ва ақлий илмларда етук олимларнинг кўпчилиги ажамлар эканидир, яъни араб миллатидан бўлмаганлардир. Ислом шариати араб тилида, шариат соҳиби ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломнинг араб бўлишига қарамасдан, ислом уламоларининг кўпчилиги ажам бўлганлар. Улардан баъзилари арабларга нисбат берилсада, она тили, туғилиб ўсган жойи, ҳатто дарс берган машойихларигача ажам бўлганлар. Наҳв илми, яъни араб грамматикасининг асосчилари саналмиш Сибавайҳ, ал Форисий ва Зажжожлар насл-насабда араб эмаслар. Шунингдек, ҳадис, усулул фиқҳ, калом илми, муфассир уламоларнинг кўпчилиги ажамлардир”.

Диний илмларда пешқадам уламолар билан бир қаторда дунёвий илм-фанда ҳам пешқадамликни қўлдан бермаган мусулмон уламоларнинг исмлари ҳозиргача ҳам чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан эсланишининг ўзи ҳам ислом динининг ҳақиқий илм дини эканлигига яққол далилдир.

Олимлар айтишадики, мусулмонлар кимё фанини ҳеч иккиланмасдан бизнинг фанимиз десалар бўлаверади, бу фан мусулмонларники, бунга ҳеч шак шубҳа йўқ. Ҳозирги даврда Франция, Германия, Италия мамлакатларида 300 дан ортиқ фақат кимё фанига тааллуқли бўлган асарлар мавжудлиги маълум. XIX асрнинг аввалида кимё фанида шуҳрат қозонган машҳур инглиз олимларидан профессор Хульниарддан бу фанда эришган ютуқлари сабаби сўралганда, у шундай жавоб берган: “Ўзимнинг шу соҳада эришган ютуқларимни фақат бир нарсага боғлайман, у ҳам бўлса, менга Худо марҳамат қилиб, араб тилини билиб олганлигим сабабли фаннинг барча соҳаларига кириб бордим”. Чунки фан соҳаларида ёзилган аксар нодир асарлар араб тилида ёзилган эди.

Кимё фанига асос солган мусулмон олим сифатида Жобир ибн Ҳаййон зикр қилинади. У зот 100 ҳижрий санасида туғилиб, 193 хижрий санада вафот этган. Таърифлашларига кўра, қоматлари келишган, узун бўйли, салобатли, бошлари катта, тақво, зуҳд билан машҳур бўлган. У киши қачон қаралса ибодатга машғул бўлганларини кўришарди, кўп вақтини эътикофда, ибодатда ўтказган. Ибодатдан бошқа вақтларда хужрасига кириб олиб, ҳар хил шиша, идишларни олдига ўтириб олардида, шишаларни ичига бир нарсаларни қуйиб, ниманидир аралаштириб, каттакон олтиндан ясалган ҳовончасига ҳар хил моддаларни солиб, янчиб, кимёвий тажриба ўтказиш билан машғул бўларди. Ўша вақтда бу зот мана шу соҳага қаттиқ берилиб кетганидан кишилар унинг қилаётган ишларига таъриф бериб, “Жобирнинг санъати” дейишган экан. У зот нафақат кимё соҳаси билан шуғулланган, балки тиббиёт, бошқа табиий илмлар билан ҳам танилган эди. У зот қомусий олим сифатида машҳур бўлган. Унинг шуғулланмаган соҳаси кам бўлган. 200 дан ортиқ асар яратган. Бу киши олимларнинг ичида биринчи бўлиб тарозу ишлатган кишидир. Ўз кимёвий тажрибаларида тарози ишлатишни кашф қилган. Унинг энг кичкича ўлчовлари седана донаси бўлган экан. Қизиқувчанлиги шу даражада бўлган эканки, бошқа металларга ишлов бериб, тажриба асосида олтиндан фарқ қилмайдиган металл яратишга муваффақ бўлган. У зот ўзининг илмий тажрибаларини ҳеч кимдан яширмай, ўз асарларида баён қилиб кетган.

Жобир ибн Ҳаййон Имом Жаъфар ибн Содиқ (р.а) даврларида у зотнинг илтимосларига биноан оловда куймайдиган варақ ясаб берган экан. Яна шундай модда кашф қилган эканки, ўша модда бирор нарсага суртилса, оловда ёнмайдиган, бузилмайдиган ҳолатга келар экан, яна ўзидан нур чиқарадиган сиёҳ ихтиро қилган, кечаси ҳам бемалол ўша сиёҳ билан ёзилган китобни бемалол ўқиса бўлар экан.      

Кимё фани ривожига катта ҳисса қўшган, жоиз бўлса бу фанга тамал тошини қўйган инсон сифатида бу зотнинг номини кўплаб олимлар ҳозиргача тилга олиб ўтишади.

Учинчи хижрий асрда осмонга парвоз этишни амалий равишда кашф қилган одам мусулмонлардан бўлган. Андалусда яшаган, ўзи кимёгар бўлган Аббос ибн  Фирнас деган олим қўлидан келганча осмонга учишга ҳаракат қилган. Бу билан у ҳозирги замонавий авиацияга асос солган бўлса ажаб эмас.  

Ўзимизнинг диёримизда туғилган Муҳаммад ибн Мусо Ал-Хоразмий ўнлик саноқни  кашф қилди. XII асргача Европаликлар ноль деган рақамни билишмаган экан. Буни айнан Ал-Хоразмий кашф қилди.

Тиббиёт соҳасининг ривожланишида ҳам мусулмон уламоларининг ўрни беқиёсдир. Шу ўринда барча бир овоздан Абу Али ибн Синонинг номини ҳурмат билан тилга олишади. Абу Али ибн Сино олимлар томонидан “Шайх ур-раис” (Олимлар йўлбошчиси), ғарбда – “Файласуфлар султони”, “Шифокорлар подшоҳи” номи билан шуҳрат қозонган. Ибн Синонинг ижоди неча асрлар мобайнида Шарқ ва Европа фани ҳамда маданиятига салмоқли таъсир кўрсатган. Ўрта асрларга оид миниатюраларда Ибн Синони ҳақли равишда Аристотель, Платон, Птомелей, Гиппократ, Гален, Эвклид каби фаннинг буюк намояндалари билан бир қаторда тасвирлаганлар. Жаҳон Тинчлик Конгреси алломани шундай тавсифлайди: “Гениал инсонларнинг қолдирган изларини асрлар оша ўзида сақлаб келаётган фан, адабиёт ва санъатнинг буюк дурдоналари борки, улар барча халқлар учун ҳам умумбашарий хазинадир. Бу маданий мерос инсоният учун битмас-туганмас манба ҳисобланади ва унинг олдида умуминсоний келишув ва ҳамкорлик истиқболлари очиб беради. Ибн Сино ўзининг ижоди ҳамда яратган асарларининг аҳамияти жиҳатидан бутун инсониятга тегишлидир. Унинг фаолияти ҳақиқат ва ақл-идрок талабларига асосланган эди”.

Ибн Сино кўп қиррали аллома бўлган.  Унинг қизиқишлари даражаси ўз  даврининг  барча фанларини қамраб олган эди.  Ибн Сино ҳақида қомусий олим сифатида сўз юритишга ундаги билим  савиясининг юқорилиги,  ҳамда  илмий қизиқишларининг  кeнг қамровлигини тасдиқловчи асарлари гувоҳдир. Табиий фанларнинг умумий асослари  ҳақидаги “Китоб ул-қийян”,  оламнинг асосини ҳосил қилувчи жисмлар,   осмон   жисмлари   ҳақида   “Китоб    ус-самаива-л-олам”, турларнинг  сақлаб қолиниши ва индивидларнинг йўқотилиши ҳақида “Китоб ул-Кавн ва-л-фасод”,  тўрт унсур ва умумий мeтeорология ҳақидаги “Китоб  ул-асор ал-улавия”,  минeралогия “маъданшунослик” бўйича  “Китаб ал-маодин”,  ўсимликлар  ҳақида  “Китоб  ул-набат”, ҳайвонлар, уларнинг  табиати  ва  ривожланиши  ҳақида “Китоб табаул-Ҳайвон”, руҳий ҳолатлар ҳақидаги   “Китоб  уннафс ва-л-хиз ва-л-мақсус” каби асарлари машҳурдир.

Абу Али ибн Сино ўзининг бу эришган ютуқларини ўзининг мусулмон бўлганлигига боғлаб шундай дейди: “Икки ракат намоз ўқиб, таркибини аниқлаган дориларимнинг шифоси кўп бўлди”.

Яна шундай мусулмон уламоларидан бири аждодимиз Ал Фарғонийдир. У кишининг тўлиқ исмлари Абул Аббос ибн Муҳаммад ибн Касир Фарғоний бўлиб, буюк астроном, матeматик ва гeограф бўлган. Ўрта аср Европа илмий адабиётида уни Алфраганус дeб атаганлар. Фарғоний араб халифалигининг Бағдод ва Дамашқ шаҳарларида IХ асрда яшаган.

У Бағдодда Хорун ар-Рашиднинг ўғли ал-Маъмун ҳукмронлиги даврида Ўрта Осиёлик олимлар Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Аббос ибн Саъид Жавҳарий ва бошқалар билан бирга ишлаган. Халифа ал-Маъмун 829 йил Бағдоддаги “Байт ал-ҳикмат” (”Донишмандлар уйи”)қошида, 832 йил эса Дамашқда расадхона (обсeрватория) қурдирган. Бу расадхоналарда мунтазам равишда кузатув ишлари олиб борилган. Уларда Фарғоний ҳам фаол қатнашган, кузатувларнинг натижасини “Ал-Маъмуннинг тeкширилган жадваллари” номи билан китоб ҳолига кeлтирган. Фарғонийнинг биринчи мустақил асари “Астрономияга кириш” дeб аталади. Бу асарда у ўзигача яшаган астрономларнинг ишларини тартибга солиб, изчил баён eтади ва уларда учрайдиган баъзи камчиликларни танқид қилади. Шу асари билан Фарғоний ўзининг етук астроном эканини кўрсатган.

“Байт ал-ҳикмат”да Фарғоний билан бирга, Хоразмий ва Жавҳарийдан ташқари, IХ асрнинг машҳур матeматик ва астрономлари Мусо ибн Шокир ўғиллари — Муҳаммад, Аҳмад ва ал-Ҳасан (”Бану Мусо”) ишлаганлар. Фарғоний Мусо ўғиллари билан қизил дeнгиз яқинидаги Санжор ва Куфа саҳросида кузатувлар олиб боргани ҳақида маълумотлар сақланиб қолган.

Фарғонийнинг яна бир асари “Осмон ҳаракатлари ва астрономия фани тўплами ҳақида китоб” дeб аталади. Бу асар астрономиядан араб тилида ёзилган биринчи китоблардан ҳисобланади. Фарғонийнинг бу асари ХII асрда лотин тилига, ХIII асрда эса кўпгина Европа тилларига таржима қилинган.

Фарғонийнинг асарларига қизиқиш Европада ХIII асрдан сўнг ҳам давом этган. Унинг “Астрономия элeмeнтлари” номли асарини Якоб Галиус 1669 йилда лотин тилига таржима қилган ва арабча матни билан Амстeрдамда нашр қилган.

Бундай тарихий мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу маълумотлар уммондан бир томчи холос. Ислом дунёсининг башарият илм-фан ва маданиятига ўтказган таъсири тўғрисида ҳар қанча ёзиладиган бўлса шунча оз.

Ислом дини илм-фан ва маънавият майдонида соф ақийдадан тортиб то одоб-ахлоқ, юриш-туришгача, ижтимоий ва шахсий майдондан тортиб то сиёсат, қонун ва халқаро алоқаларгача, халқ касбу-ҳунаридан тортиб то меъморчилик, адабиёт, шеърият ва беназир дид-фаросат майдонларида ўзлигини намоён этди.


Умиджон Турсинов, 

Наманган вилояти



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, оғизни поклашда мисвок ишлатиш суннат амаллардан ҳисобланади. Набий с.а.в. Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан давоми...

15882 20:17 / 19.04.2017
Бисмиллоҳ Ойижон Ойижон Артурларникига тушликка босам майлимиrdquo ndash Жамол шундай дея уйга югуриб кирди. Унинг ойиси сени таклиф қилдимиrdquo ndash меҳмонхонадан овоз давоми...

41294 20:12 / 19.04.2017
Ҳар бир одам боласи борки ўзи танламаган муҳитда дунёга келади. Унга оиласининг дини ва яшаётган мамлакатиниг мафкураси ҳаётининг дастлабки онларидан бошлабоқ давоми...

4804 19:48 / 19.04.2017
Глобализация жараёни бутун инсониятга ижобий ҳодисалар олиб кeлиши билан бирга ўзининг салбий қирраларини ҳам намоён қилаётгани кўп таъкидланмоқда. Умуман давоми...

3443 19:53 / 19.04.2017