1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1431

Мусулмон инсон ҳаётида вақтнинг аҳамияти

20:13 / 19.04.2017 7221 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпчилигимиз вақт ҳақида эсламасакда, сўзламасакда барибир вақт аталмиш уммон оқимида сузаётганимизни ҳис қиламиз. Бу уммон шундай уммонки, барчамиз шу уммон ичидамиз, унда сузмасликни асло иложи йўқ. Бу уммон асло тўхтамас уммон, бу уммоннинг тўлқинлари доим жўшқин, бир сонияга ҳам тин олмайдиган тўлқин. Ана шу тин олмайдиган, кутиб турмайдиган тўлқин оқимида тонг отади, кун ботади. Улар бир-бирини қувишда давом этар экан ҳаёт аталмиш жавҳарнинг бир бўлаги йўқлик қаърига мавҳ бўлади. Йўқотилган ҳар бир маъносиз, мазмунсиз лаҳзаларимиз надомат сабабчисидир. Бу жараён тўхтовсиз давом этар экан вақт аталмиш қимматбаҳо гавҳарнинг қадр-қиймати янада ошади. Вақт бизнинг бир бўлагимиз, бизнинг ҳаётимиз.  

Қимматбаҳо вақтга аҳамият беришда, ундан унумли фойдаланишда мусулмон уммати бутун башариятга ўрнак бўла олди. Мусулмонларнинг ҳаёти ана шу вақт асосига қурилган. Агар эътибор назари билан қаралса исломдаги барча ибодатларда вақт асосий ўринни эгаллайди. Беш вақт намоз, ўттиз кун Рамазон рўзаси, ҳар йили молидан закот чиқариш каби. Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳаётларида ҳам вақтдан унумли фойдаланиш, уни зое қилмаслик хислатларини кўрамиз. У зоти бобаракотнинг сийратларидан озгина хабардор бўлган киши бу ҳақиқатни дарров англайди.

Хўш вақтнинг мусулмон инсон ҳаётидаги тутган ўрни қандай?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айрим сураларнинг бошида аввал вақт билан қасам ичиб туриб, сўнг марҳамат қилади. Бир неча сураларда вақтни муайян қисмларга тақсимлаган. Масалан, тун, кундуз, тонг, чошгоҳ, аср каби: “(Борлиқни ўз зулмати билан) ўраб келаётган кечага қасам, ёришиб кўринган кундузга қасам.”  (Вал-Лайл сураси, 1-2 оятлар). “Тонгга қасам, (зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам.” (Вал-фажр сураси, 1-2 оятлар). “Чошгоҳ вақтига қасам; (ўз зулмати билан чор-атрофни) қоплаб-ўраб олган кечага қасамки.” (Ваз-зухо сураси, 1-2 оятлар). “Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир.” (Вал-аср сураси, 1-2 оятлар). Аллоҳ таоло Ўзи яратган махлуқотларидан бирининг номига қасам ичишлиги бандаларнинг эътиборини унга қаратмоқчи бўлганлигидан ва унинг аҳамиятли экани ҳақида огоҳлантиришидан дарак бериши сир эмас.

Албатта осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир Яратгувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бордир. (Оли Имрон сураси, 190-оят).

Озгина тафаккур қилган киши албатта бу оятдан ҳикматли панд ва насиҳатларни ола билади. Бир-бирининг ортидан қувалашиб келадиган йил фаслларининг алмашиниб туришида ҳам улкан ҳикмат бордай гўё. Айрим тафаккур аҳллари баҳор фаслини умрнинг муқаддимасига, ёз фаслини гавжум ҳаёт босқичига, куз фаслини кексаликка, қишни эса сарҳисоб ва охират ҳаётига ўхшатишади. Дарҳақиқат, ақл эгалари учун Аллоҳ таолонинг оятларида эслатмалар бордир.

Кеча ва кундузнинг бири кетиб, бири келишида ҳам эслатма олувчи ҳам бир ақл эгаси учун аломатлар бор. Тонг - янгиланиш, кундуз - фаолият, оқшом - сарҳисоб, тун - ўлим ва охират.

Суннат таълимотларида ҳам вақтнинг қиймати, унинг аҳамияти, қиёмат кунида Роббул Оламийннинг олдида вақт борасида банданинг масъулиятли эканлиги таъкидланади.

Муоз бин Жабал (р.а)дан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в) айтдилар: “Қиёмат куни банда қайта тирилиб, қадами ердан кўтарилмасдан туриб ундан тўрт нарса – умрини қандай кечиргани, ёшлигини нималар билан ўтказгани, молу-мулкини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани, илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралади”.

Инсон бутун умри давомида, хусусан ёшлик чоғларида қилиб ўтган амалларидан сўралади. Зеро, ёшлик умрнинг ярмидир. Ёшликнинг қиймати ўзгачадир. Инсон умри ҳар қанча узун бўлмасин, охират ҳаёти олдида у арзимасдир, у қисқадир.  

Тўққиз юз эллик йил умр кўрган, улул азм пайғамбарлардан бўлмиш Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳузурига ўлим фариштаси Азроил алайҳиссалом келиб, ундан сўради: Эй пайғамбарларнинг ичида узоқ умр кечирган зот, дунё ҳаёти ҳақида қандай фикрдасан? У зот жавоб берди: “Мен учун бу дунё гўёки икки эшикдан иборат бўлган бир ҳовлига ўхшайди. Биринчи эшикдан кириб, иккинчи эшикдан чиқиб кетмоқдаман”.

Бу ривоятнинг саҳиҳ ёки саҳиҳ эмаслигидан қатъий назар, бу ривоят барчага гўёки улкан ҳақиқатдан дарак бермоқда. Бу ўлим олдидаги умрнинг қисқалигидир.

Ҳар бир ўтган кун, соат, лаҳзаларни ортга қайтаришнинг имкони йўқдир. Бу ҳақда улуғ тобеъинлардан бўлмиш Ҳасан Басрий (р.а) ўзининг ниҳоятда пурмаъно ҳикматларини айтган: “Ҳар бир янги отган тонг нидо қилади: Эй, одам фарзанди! Мен яна янгидан бош кўтардим, мен сенинг бугун қилган амалларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол, чунки мен Қиёмат кунига қадар асло қайтиб келмасман.”

“Эй одам фарзанди! Сен кунлар мажмуасидан иборатсан холос, бас ўша кунлардан бири кетса, сенинг ҳам бир бўлагинг кетар.”

Ким бу қимматбаҳо вақтнинг қийматини, аҳамиятини билмаса, яқинда вақтнинг ва унда амалга оширилган амалнинг қадр-қийматини биладиган вақт келади. Лекин унда кеч бўлган бўлади.

Аллоҳнинг муқаддас каломи бўлмиш Қуръони Каримда инсон икки ўринда вақтини зое қилиб, сўнгра надомат чекиши зикр қилинади.

Биринчи ўрин: жон бериш соати. Инсон бу фоний дунёдан кўз юмар экан, ана шу пайтда ўзига қисқагина бўлсада муҳлат берилишини орзу қилиб қолади.

Иккинчи ўрин: охиратдир. У жойда ҳар бир инсоннинг хаёти дунёда қилиб ўтган амаллари ҳисоб-китоб қилинади. Жаннатийлар жаннатга, жаҳаннамийлар жаҳаннамга ҳайдалган чоғда инсон ўзини яна ҳаётга қайтарилишини, дунёда солиҳ амаллар қилишни таманно этади. Лекин энди кеч. Энди узрлар қабул қилинмайди.

Саҳиҳ ҳадисда айтилади: “Аллоҳ таоло бир кишининг умрини олтмиш ёшгача узайтириб қўйган экан, энди унинг учун ҳеч қандай узр-баҳона йўқ”.

Диққат ва эътиборнинг барчаси вақтга қаратилар экан, балким вақт ҳаёт деб аталар экан, демак инсоннинг вақт борасида ўз мажбуриятлари, масъулияти борлиги аниқдир. У ўша мажбуриятларга, вожиботларга эътибор қаратмоғи, вақтини кўз қорачиғидай асрамоғи лозимдир.

Инсон ўзининг вақтини молу-мулкини муҳофаза қилгани каби, балким унданда кўпроқ муҳофаза қилмоғи даркор. У динига, дунёсига фойда келтирадиган ишлардан унумли фойдаланишга диққатли бўлмоғи лозим.    

Салафи солиҳлар ўз вақтларига ниҳоятда эътиборли эдилар. Улар вақтнинг қийматини бошқаларга қараганда яхшироқ англар эдилар.

Ҳасан Басрий айтади: “Мен кўрган қавмлар ўз вақтларига сизлар молу мулкларингга ҳарис бўлганларингдан ҳам кўпроқ ҳарис эдилар”.

 Умар ибн Абдулазиз айтади: “Кеча ва кундуз сенда ўз ишларини қилмоқда, бас сен ҳам уларда ўз амалингни қилиб қол”.

Салафлар айтадилар: “Вақт қилич кабидир. Агар сени уни кесмасанг, у сени кесади”. Улар ҳар доим бир ҳолатдан бошқа яхши ҳолатга тараққий этишга қаттиқ аҳамият беришар эди. Эртанги кунлари бугунги кунларидан афзал бўлишини ўйлар эдилар.

Яна айтардилар: “Вақтни зое қилмоқ Аллоҳ ёмон кўришининг аломатидир”. Бу ҳикматнинг остида улкан маънолар ётади. Мусулмон инсон агар басийрат соҳиби бўлса албатта бунинг ҳикматини тушунади. Аллоҳ суйган банда бўлиш учун вақтдан унумли фойдаланмоқ лозим экан. Вақтимиз беҳуда ўтаётганини мулоҳаза қилсак, билингки биз Аллоҳ хуш кўрмаган амал устида эканмиз. Бу ҳикматнинг остида яна шундай маъно яширинки, Аллоҳ Ўзи суйган бандасининг вақтини барокатли қилиб қўяди. Одатда анчагина фурсатларда амалга оширадиган ишларини оз фурсатда битадиган қилиб қўяди.

Бу ҳақиқат ўтмиш уламоларимизнинг сийратларига, ҳаёт йўлларига назар солганда яққол намоён бўлади. Муҳаддислар султони Имом ал Бухорий (р.а) ўзининг қисқа 63 йиллик умри давомида амалга оширган ишларини агар умрига таққосланса, у кишининг илми 63 йилдан ҳам ортиб қолади. Уламолар ана шундай вақтни қадрига етганлари учун ҳам Аллоҳ уларга қисқа умрлари давомида оламшумул ишларни амалга оширишларига мадад берган.

Ибн Жавзий оламдан ўтганидан сўнг унинг барча ишларини яшаган кунларига бўлиб кўришганида бир кунга 11 бетдан тўғри келган экан. Бу дегани бу киши бутун ҳаёти давомида бошқа нарсага чалғимай ҳар куни 11 бетдан ёзиши керак дегани. Бировнинг ишини кўчириш эмас, ўзининг меҳнати ва машаққати билан ёзилган 11 бет. Бошидан ўтган киши билади бу жуда ҳам қийин, деярли иложи йўқ иш.

Ибн Жавзийнинг қаламларининг тўпланган қириндисидан у вафот қилган пайтда уни ювиладиган сувни иситдилар.

Муҳаддис, фақиҳ Имом Нававий (р.а) ўзининг қисқа умри давомида 500 та китоб таълиф қилганлиги ривоят қилинади.

Нававий зикр қилишича, Курз ибн Вабра Қуръонни тунда тўрт марта, кундузда ҳам тўрт марта, Ибн Идрис Қуръонни ўз уйида тўрт минг марта хатм қилган. Шофеъий рамазонда Қуръонни олтмиш марта, Бухорий эса ўттиз марта хатм қилишган. Аҳмад бир кунда уч юз ракаъат намоз ўқир эди.

Абу Ҳурайра ўн икки минг марта, Холид ибн Марвон эса юз минг марта тасбеҳ айтар эди.

Бизнинг асримизда ҳам ихлос сурасини бир кунда минг марта ўқийдиган, бир кунда Қуръонни хатм қиладиган, бир кунда ўн беш минг тасбеҳ айтадиган кишилар бордир.

Абу Толҳа ал-Ансорий қирқ йил рўза тутди. Ибнул Мусаййиб олтмиш маротаба ҳаж қилди. Имом Аҳмад олтмиш ёшида минг масъалага далил билан фатво берди.

Ибн Ҳазмнинг барча китоблари куйиб кетди. Шунда у уларни ёддан қайтарди. Қатода бир туя китобни ёд олди. Шаъбий: Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим, деди.

Уламоларимиз сийратларидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Улар муваффақиятининг калити – вақтнинг қадрига етганликларидир. Ана шу фазилат сабаб ислом шу кунимизгача етиб келди, ана шу фазилат сабаб бизлар Қуръон ва Суннат нуридан баҳраманд бўлиб турибмиз.

Биз умматлар ўтмиш аждодларимизга муносиб бўла олдикми? Биз вақтимиздан унумли фойдаланмоқдамизми? Умримизни, олтинданда қимматроқ бўлган ҳаёт лаҳзаларимизни нималарга сарф қилмоқдамиз?

Надоматлар бўлсинким, бизларнинг бекорчиликдан бошимиз чиқмай қолди. Бекорчилик нақадар хатарли иллат! Бекорчиликдан қочиб, мазмунсиз, дунё ва охиратимизга фойда бермайдиган амаллар билан машғул бўлиб қолмоқдамиз. Гўёки бу вақтимизни ўтказаётгандай туюлса ҳам биз вақтимизни қатл қилмоқдамиз. Ҳа! Ишонаверинг биз қотиллармиз! Вақт қотиллари!

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ким соғлиги ва бўш вақтидан Аллоҳнинг тоатида фойдалана олса, у бахтлидир. Ким соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳнинг маъсиятига сарфласа, у зиёнкордир».

Нафсларимиз агар ҳақ билан машғул қилмаса, у бизни ботил билан машғул қилиб қўяди. Агар уни тоатлар билан тизгинлаб олинмаса, у бизни маъсият ва тойилишлар сари судраб кетади.

Айрим ҳикмат аҳллари инсон кечираётган лаҳзаларни сандиққа ўхшатишган экан. Ҳаёт лаҳзаларини солиҳ амаллар билан ўтказаётганлар нақадар ажойиб хазинага эга бўлишаётган бўлса, вақтларини бекорчилик билан, мазмунсиз ўтказаётганларнинг сандиғи бўм-бўш. Эрта қиёмат куни Парвардигор ҳузурида бу сандиқлар очилганда ким бахтли-ю, ким бадбахт эканлиги маълум бўлади.  

Бас, шундай экан нафсимиз тизгинини фойдалар денгизи томонга бурайлик.

Халқимиз дуогўй халқ. Ёши катта оталаримиз, оналаримиз дуога қўл очганларида энг кўп таъкидлайдиган дуолари “Умринг узоқ бўлсин!” дуосидир. Гоҳида кўп дуо олган инсонларнинг ҳам қисқа муддатда дунёдан кўчаётганлари мулоҳаза қилинади.

Кўпчилик узоқ умр деганда узоқ йиллар умргузаронлик қилишни тушунади. Шу ўринда савол туғилади. Умрни қандай узайтириш мумкин? “Умринг узоқ бўлсин!” деган дуолар нега қабул бўлмаяпти?

Инсон зоти ўлимни ёмон кўради, унда узоқ йиллар яшаш истаги кучли.

Бироқ, ўлим айни гуллаган ёшлик чоғидан сурурланган ўсмирни юлиб кетади.

Фарзандини қанчалик суймасин, унинг учун ўлиб-тирилмасин ўлим онанинг бағридан эркасини олиб кетади.

Бойлик ичида шоду-хуррам бўлган, катта молу-давлат соҳибларини ҳашаматли ҳаётларидан ўлим осонликча тортиб олади.

Қудратли подшоҳларни, саркардаларни мустаҳкам қўрғонлари, хос аскарлари ўлим чангалидан қутқара олмайди.

Кунлар ҳисобли, муҳлатлар саноқли.. Модомики, ҳаётнинг ниҳояси ўлим бўларкан, демак умр қисқа экан.

Кунлар ойларни, ойлар эса йилларни эргаштириб ўтаверади, умр тугаб бораверади!!

Инсон боласининг ҳақиқий умри унинг таваллудидан вафотигача яшаб ўтган йиллари билан ўлчанмайди. Балки инсоннинг ҳақиқий умри унинг умри давомида қилиб ўтган солиҳ амаллари ва яхши хизматлари билан ўлчанади.

Шундай узун умрлар борки, ўлимидан сўнг ёдга олинмайди. Шундай умрлар борки, қисқа бўлгани билан асрларга татигулик умр. Яхшиликлар ва тоатлар билан ўлчанади бизнинг ҳақиқий умримиз.

Бу борада ҳам салафларимиз бизларга ўрнак кўрсатиб кетдилар. Умар ибн Абдулазиз «Кимнинг зиммасида қарзи бўлса, уни мусулмонларнинг байтул-молидан тўланади!» деб жар соларди. У қарздорларнинг қарзларини тўлар эди, байтул-мол эса баракасини йўқотмай тураверарди. Шундан сўнг жарчи чиқиб: «Уйланолмай юрган ёшларни байтул-мол ҳисобидан уйлантирилади!» деб жар соларди. Ёшлар уйландилар, байтул-мол эса ўша-ўша баракали бўлиб қолаверди. Жарчи учинчи марта чиқиб: «Эй одамлар! Байтуллоҳни ҳаж қилишни истаган, бироқ бунга қодир бўла олмаётган кишилар келсин, мусулмонларнинг байтул-молидан улар учун нафақа ажратилади», деб жар солди. Ҳаж қилишни истаганлар ҳаж қилишди, байтул-мол эса баракасини йўқотмай қолаверди.

Хўш бу ишни халифа юз йилда қилдими?! Ёки минг йилдами?! Йўқ, бор-йўғи икки ярим йилда амалга ошди бу ишлар.

Ҳиндистон диёрида яшаб ўтган Ашраф Али Таҳонавий (р.а) ўзининг қисқа умри давомида бир ярим мингта китоб ёзди. Ўзидан кейин кўпгина муршидлик, валийлик даражасига етишган шогирдлар қолдирди. Ана сизга умрнинг баракаси, ана сизга узоқ ва сермазмун умр.

Демак, “Умринг узоқ бўлсин!” дуосининг остида “Умринг барокатли бўлсин, савобларга тўла бўлсин!” деган илтижо ётгандай гўё.

Хўш, биз ўтмиш салафларимизга ҳақиқий меросхўр бўла олдикми? Умрларимиз дафтарига нелар битилмоқда? Бахтли онларми ёҳуд надомат ботқоғига судровчи фойдасиз лаҳзаларми? Оз бўлсада умр лаҳзаларимиз солиҳ амалларга, барокатларга тўлами, ёки узун йилларга чўзилган ҳаётимиз маъносизми? Ўтган умримизнинг неча лаҳзалари фахр билан тилга олишга арзийди?  

Вақтни ўлдирувчи офатлар борки, улар билинмас ва улардан эҳтиёт бўлинмас экан бу офатлар тўфон каби бизларни халок қилади. Вақтнинг кушандаси бўлган офатлардан бири – ғафлатдир. Ғафлат инсоннинг ақли, қалбига мусибат олиб келувчи улкан хасталикдир.

Ғафлат надоматни орттиради. Ғафлат Аллоҳ ато қилган неъматларнинг қўлдан кетишига сабаб бўлади. Ғафлат Аллох йўлидан парда янглиғ тўсади.

Қуръони Карим ғафлатдан қаттиқ қайтарган. Ҳатто ундай ғафлатга берилган кимсалар жаҳаннамга ўтин бўлишлари, сўқир ҳайвонлардан ҳам баттарроқ эканликларини айтган.

“Аниқки, биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир”. (Аъроф сураси, 179-оят).

Бир киши тушида устозини кўриб, сўрабди:

- Сизнингча, қандай пушаймон оғирроқ?

Устози:

- Ғафлат сабаб бўлган пушаймон? — деб жавоб берибди.

Абу Али Даққоқ ҳикоя қилади:

Бир солиҳ зот бор эди. Замонасининг буюк олими эди. бир пайт хасталанди. Кўргани бордим. Атрофида талабалари ўтирган эди. У зот эса йиғлар эди.

Дедим:

- Эй муҳтарам зот, нечун йиғлаяпсиз? Бу дунёдан кўчаяпман дебми?

Деди:

- Йўқ, дунёдан кўчаётганимга эмас, намозимни мазмунсиз ўтказганимга йиғлайман.

Дедим:

- Яъни қандай? Сиз намозингизни тўла-тўкис адо этардингиз-ку?! Деди:

- Ҳа, тўкис намоз ўқирдим. Фақат бугунгача доим ғафлатда сажда қилдим, ғафлатда саждадан бошимни кўтардим. Мана энди ғафлатда ўляпман.

Ҳаётбахш “Нақшбандия” тариқатидаги асосий ва етакчи тамойиллардан бири бўлмиш “Ҳуш дар дам” тамойили ҳам айнан инсон қалбига раҳна солувчи ғафлатга қарши курашиш, ҳар нафасини Аллоҳ ёди билан кириб чиқишига эътиборни қаратишга йўналтирилганлиги ҳам ўтмиш тасаввуф машойихларимизнинг вақтга қаттиқ эътибор берганликларининг ва инсонларни ғафлатдан эҳтиёт бўлишга чақирганларининг яққол далилидир.

«Ҳуш дар дам» тамойилини Алишер Навоий қуйидагича тараннум қилганлар:

“Дамингдин йироқ тутмагил ҳушни,

Ки юзланмагай ҳар дам офат санга”.

Ҳар бир нафасингдан ақлингни йироқлаштирма, доимо хушёр бўл, шунда сенга офат рўбарў бўлмайди, демоқдалар.

Ҳар бир лаҳзамиз, ҳар нафасимиз уйғоқлик ва Аллоҳ ёди билан ўтса не бахт!  

Инсоннинг қимматли вақтини совурилишига сабаб бўладиган хасталик, офатлардан яна бири ишларни ортга суришдир. Бундайларнинг ҳаётий шиори “кейин” деган баҳонага айланиб қолиши ачинарли.

Бир кишига менга насиҳат қилинг дейилди. Шунда у киши: “кейин” деган сўздан эҳтиёт бўл, деди. “Кейин” сўзи иблис аскарларидан биридир, дейишади.

Демак, ҳар бир кунимизни, ҳар бир соатимизни фойдали илм ва солиҳ амаллар билан обод қилмоғимиз керак. Ҳозирги нақд нарсани қўлдан чиқариб юборилса, у абадий қайтиб келмас мозийга айланиб, ҳасрат ва надоматда қолдириб кетади. “Бугунги ишни эртага қўйма”, “Қолган ишга қор ёғар” каби халқ мақолларида ҳам айнан шу ҳақиқат намоён бўлади. Чунки инсон зоти эртага нима бўлишини асло била олмайди, нафақат эртаси балким, уни кутиб турувчи ҳар лаҳзасида нималар рўй беришини билишга ожиздир.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Беш нарсадан аввал беш нарсани ғанимат билгин: Ўлимдан аввал ҳаётингни, бетоблигингдан аввал соғлигингни, бандлигингдан аввал бўш вақтингни, қариликдан аввал ёшлигингни, фақирликдан аввал бойлигингни ғанимат билгин”.

Уламолардан бири ёш йигитга деди: “Амал қилишга қодир бўлмай қолишингдан аввал амал қилиб олгин, мен ҳам амал қилишни истайман, лекин бунга қодир эмасман”.

Халқ орасида инсонни сергак тортишга ундайдиган ҳикматли мақол юради: “Ёшлигингда тоат қилсанг, қаригунча кўникасан, қариганда тоат қилсанг кўниккунча кўмиласан”.

Абу Сулаймон Дороний (р.а) шундай деган эди: "Оқил киши умрининг қолган қисмига эмас, балки тоатсиз ўтган умри учун йиғласа эди, бу йиғи унинг ўлимигача давом этган бўларди. Ажабо, инсон ўз умрининг жоҳиллик билан кечган қисмига назар солса, қолган қисмини қандай кутиб оларкан?".

Яъни оқил киши нодир бир жавоҳирга эга бўлса-ю, унинг бир қисмини ҳеч фойдасиз зое қилса, шубҳасиз у бунинг учун йиғлайди. Агар бу зое қилиш унинг ҳалокатига сабаб бўлса, йиғи янада даҳшатлироқ тус олади. Умрнинг ҳар бир соати, балки ҳар бир нафас нодир жавҳар янглиғ бебаҳодир, ҳеч нарса унинг ўрнини босолмайди. Чунки у абадий бахтсизлик чоҳидан қутқариб, абадий саодат қасри сари элтадиган имкондир. Шундай экан, бундан ҳам нодирроқ жавоҳир бўлиши мумкинми?!

Агар бу нодир жавҳар ғафлат оғушида зое қилинса, бу очиқ зиёндир. Агар у гуноҳ йўлида сарфланса, шармандали ҳалокатдир. Жаҳолат шундай мусибатки, унга йўлиққан киши ўзининг мусибат эгаси эканини билмайди. Негаки, ғафлат уйқуси уни билишдан тўсади. Одамлар уйқудадирлар, ўлгач уйғонадилар.

Орифлардан бири дейди: "Ўлим фариштаси бандага кўриниб: "Бир соатлик умринг қолди, уни бир дақиқага ҳам узайтиролмайсан", деса, банда афсус ва надомат билан шундай ҳасрат чекадики, ўша қолган бир соатини тавбаларга тўла, хатолари ўнгланган бошқа бир соатга алмаштириш учун борини, агар бутун дунё уники бўлса, барча-барчасини сарфлаган бўларди”.

Одам боласини ғафлатда қолдирадиган, кети туганмас баҳоналар гирдобига отадиган хасталиклардан бири замонни сўкмоқдир. Айримлар замонга душман, зулм қилувчи, гуноҳларга чақирувчи каби қарашади. Улар гўёки барча мусибатларга замонни айбдор дейиш билан ўзларини оқламоқчи бўлишади. Халқ ичида “Замон бузилиб кетди”, “Қандай замонларга қолдик” каби нолишлар қулоққа чалиниб туради. Аслида ҳам шундайми? Бизларнинг қилмишларимизга “замон” айбдорми?

Мусулмонлар Уҳуд ғазотида мағлубиятга учраб, етмиш нафар саҳоба шаҳид бўлганидан сўнг бир-бирларидан бу мағлубиятнинг сабабини сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло Қуръонда уларга шундай жавоб берди:

“(Эй мўминлар), агар сизларга (Уҳудда душман томонидан) бир мусибат етса, — ҳолбуки, сизлар (кофирларга Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз — "Бу бало қайдан келди?", дейсизларми?! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларга: "Бу (мусибат-мағлуБият) ўз қилмишларингиздан", деб айтинг! Албатта Оллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир”. (Оли Имрон сураси, 165-оят).

Демак, инсон замонни сўкиб, уни айблашдан аввал ўзини маломат қилмоғи, эгрилик ва камчиликларини ўнгламоғи даркор. Замон ўша-ўша, лекин одамлар ўзгармоқда. “Замон” бузилгани йўқ, одамлар бузилди. Қандай “замон”ларга қолганимиз йўқ, “замон” қандай одамларга қолди.

Ҳозир кимни қараманг вақт тез ўтиб кетаётганидан нолийди. Кунлар, ҳафталар, ойлар, йиллар ғизиллаб ўтиб боряпти. Биз эса ҳеч нарсага улгурмай қолаяпмиз. Илм-фан, техника ривожланиб боргани сайин жараёнлар ҳам тезлашмоқда. Шу билан мувофиқ равишда вақтларимиздан ҳам барака кўтарилмоқда. Инсон зоти ўзи яёв юрмай, замонавий маркабларда юриб ҳам, ҳеч бир қалам, сиёҳдон ишлатмасдан компьютерлардан фойдаланиб ҳам вақтнинг тизгинини тута олмаётир.

Туғруқхона эшиги олдида тунлари билан куттирган, неча ойлаб, ҳаттоки йиллаб йўлларига орзиқтирган чақалоқ бугун тетапоя қилиб юрадиган болакайга, яқиндагина кўчаларни чангитиб юрган болакай зум ўтмай ўсмир йигитга, кечагина мўйловлари сабза уриб, овозлари ҳам анчагина дўриллаб қолган ўсмир йигит бугун оилали эркакка, давраларни гуллатган, қуввати билан филни ҳам йиқитадиган бақувват эркак зум ўтмай мункайиб қолган қарияга айланмоқда.

Вақтларнинг тез фурсатларда ўтиши қиёмат яқинлигининг аломатидир. Зеро инсоннинг устидан ўтаётган ҳар бир сония унинг ўлими томон бир одимдир. Ўлимни эса кичик қиёмат дейишади.

Анас (р.а)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Токи вақт тезлашмагунича қиёмат қоим бўлмайди. Бир йил ҳудди бир ойдек, ой ҳудди ҳафтадек, ҳафта эса кундек, кун эса бир соатдек, бир соат эса бир ўтин ёнгунчалик вақтдай ўтади.” (Имом Ахмад ва Термизий ривояти).

Ибн Хажар роҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Бухорий”га ёзган шарҳи “Фатҳул Борий”да, охир замон яқинлашиши билан вақтнинг баракаси кўтарилади, кадимда одамлар маълум бир вақтда қилган ишни охир замон одамлари ўшанча вақтда қилиб улгурмайдилар деган фикрни билдирганлар.

Ҳаётга дақиқ назар солиб, тафаккур қилиб кўрган оқил инсон бу ҳақиқатни билгач балким ғафлатдан уйғонар, балким бошқатдан туғилишни, ҳаётни бошидан бошлашни орзу қилар.

Ҳаёт ўзи қисқа фурсат экан, ўша қисқа фурсат ҳам ғанифат экан, ўша қисқа фурсатлик ғанимат вақтлар ҳам тезлашиб кетаётган экан, балким қиёмат янада яқин экан биз фурсатларимизни бой бермайлик! Қайтиб келмас бўлиб қолаётган фурсатларимизни Аллоҳ рози бўладиган амалларга ишлатайлик!

Биз мусулмон уммати вақтдан унумли фойдаланиш борисида бошқаларга ўрнак бўлайлик! Бошқалар вақтга, тартибга амал қилиш хислатини бизлардан ўргансин! Ҳозир қўлимизда имконият бор экан, ҳали ҳаётда тирик эканмиз бу қимматбаҳо, меҳмон каби келиб кетадиган вақтимизни қадрлайлик! 


Умиджон Турсинов, 

Наманган вилояти


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги кунда, кишиларнинг ҳаётига ҳам, атроф муҳитга ҳам кўп зиён келтиргувчи нарса бу шаробхўрлик, яъни алкоголизмдир. Қанчадан қанча мутахассислар бунга давоми...

5714 20:45 / 19.04.2017
Сиздан ким бир гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса тили билан қайтарсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан қайтарсин, ана ўша давоми...

12221 20:18 / 19.04.2017
Глобализация жараёни бутун инсониятга ижобий ҳодисалар олиб кeлиши билан бирга ўзининг салбий қирраларини ҳам намоён қилаётгани кўп таъкидланмоқда. Умуман давоми...

3443 19:53 / 19.04.2017
Муҳаммад Масиҳнинг ягона издоши Унга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлсин Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймБИРИНЧИ ҚИСМСЎНГГИ ЭЛЧИhellip ва ўзимдан кейин келадиган давоми...

4943 19:54 / 19.04.2017