1446 йил 22 жумадис сони | 2024 йил 24 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1432

Тилла ва саломатлик

17:23 / 19.04.2017 6005 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!

Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала росулиҳи Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъийн.


МУҚАДДИМА


Муқаддас ислом динимиз башариятни икки дунё саодатига йўллаб, ҳаётнинг ҳар бир соҳасида шариат қоидалари асосида умр кечиришни барчага муҳим омил сифатида буюради. Шариатнинг мақсади ҳам бандаларнинг бадани, моли ва обрўсини зарарлардан сақлаш ва уларга  манфаат келтирадиган амалларга йўллашдир.

Роббимиз Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас  каломида шундай деб марҳамат қилади:

“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни деб рози бўлдим”(Моида сураси,3-оят).

Аллоҳ таоло ислом динини бутун умматга сўнгги ва мукаммал дин қилиб рози бўлгани, улкан шодлик хабари эди. Уламоларимиз бу оят Пайғамбар алайҳиссаломга видолашув ҳажида нозил бўлганлигини  таъкидлашади. Аллоҳ таоло Ўзи хитоб қилиб айтган мукаммал дин, батамом неъмат ва муқаддас Ислом динини суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига таълим бердилар. У зоти боборакот ўз умматларини Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишга буюрдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни Аллоҳ таоло бандаларига Ўзининг каломида шундай билдиради:

“Расул сизга нимани берса, олинг, нимадан қайтарса, қайтинг” (Ҳашр сураси,7-оят). Аллоҳ таолонинг бу амри ҳар бир мўмин учун вожибдир. Бу ҳақиқатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларидан ҳам англаш мумкин:

“Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини  қилинг...”.

Суннатга амал қилиш ҳам дунёвий, ҳам ухровий саодат калити бўлиб, Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва мағфиратини қозониш воситаси ҳамдир. Аллоҳга муҳаббати борлигини даъво қилган бандага Унинг Расулига муҳаббат қилмоғи лозим ва лобуддир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай деб, марҳамат қилади:

“Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг,  Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айт” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Бу маънони қуйидаги ҳадиси шариф ҳам тасдиқлайди:

“...Ким Муҳаммадга итоат қилса, ҳақиқатда Аллоҳга итоат қилибди. Ким Муҳаммадга осий бўлса, ҳақиқатда Аллоҳга осий бўлибди. Муҳаммад одамлар орасини фарқловчидир”. (Бухорий ва Термизий ривоятлари).

Юқоридаги оят ва ҳадисларга амал қилароқ, ислом уммати асрлар оша бу ҳукмларга муҳаббат билан амал қилиб келишмоқда. Улар севимли Пайғамбарларининг муборак суннатига дилларида шубҳа ва танглик бўлмаган ҳолда, гарчи унинг ҳикматларини тўла англаб етмаган бўлсаларда, оғишмай амал қилиб келмоқдалар. Суннатдаги ҳикматлар маълум бўлганда эса, уларнинг иймонлари янада зиёда бўлиб, Пайғамбарларига муҳаббатлари олдингидан ҳам кучли бўлмоқда.

Ҳозирги илм-фан тараққий этган даврда Қуръон ва Суннатдаги мўъжизалар ўз исботини топаётганлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бу ҳам бўлса, бошқа дин вакилларининг Исломга қизиқишларини орттириб, Расулларнинг сўнггиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатларини зиёда қилмоқда.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидаги башоратлар тасдиқланиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидаги ҳикматлар зоҳир бўлаётганлиги ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган дин ҳақ дин эканлиги, ҳамда у зот Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбари эканликларининг ёрқин далилидир.

Сарлавҳада ёзилган мавзуни қисқагина муқаддима билан бошлаганимизнинг маъно ва ҳикматини келажак сатрларни ўқиш давомида англаб етасиз, деган умиддамиз.


Тилла буюмларнинг эркаклар учун ҳаром қилиниши


Суннатда тилла буюмлар истеъмоли эркаклар учун ҳаром қилинган. Кўпгина ҳадисларда бу ҳукм ўз аксини топган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Аллоҳнинг Набийси ипакни олиб, ўнг қўллари билан тутдилар, тиллани олиб, чап қўллари билан тутдилар, сўнгра “Албатта, мана бу иккиси менинг умматимнинг эркаклари учун ҳаромдир”, дедилар.

Хузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “... Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тилла ва кумуш идишларда ичманглар. Ипак ва дебож (майинлиги ипакники каби бўлмаган шойи мато)ни кийманглар. Чунки, ўшалар бу дунёда уларга, охиратда сизларга”, деганлар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилла узукни кўриб қолиб, уни чиқариб олиб, отиб юбордилар ва:

“Сизлардан бирингиз дўзахнинг чўғини олиб қўлига ўрнаштириб олади-я”, дедилар (Муслим ривояти).

Ҳадисдаги тилла узук тақиб олган кишига бу каби қаттиқ таъсир қиладиган услуб билан муомала қилиниши, тилла эркаклар учун ҳаром қилинганлигининг яққол далилидир.

Тилладан узук тақиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирган саҳобий Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳуга ҳам: “Сенга нима бўлди? Дўзах аҳлининг тақинчоғини тақибсан”, деганлар.

Бир ривоятда эса: “Ким тилла ва кумуш идишдан ичимлик ичса, қорнига жаҳаннамдан олов киритур”, дейилган.

Барча фиқҳ китобларининг “кароҳият” бобида ҳам тилла буюм ва тақинчоқларнинг эркаклар учун ҳаромлиги баён қилинган.

Шуни таъкидлаш жоизки тилла тақинчоқлар эркаклар учун ҳаром қилинган бўлса ҳам, аёллар учун ҳаром қилинмаган. Чунки, аёл зоти табиатан зеб-зийнатга мойил қилиб яратилган. Нима учун тилла буюм ва безаклар эркаклар учун ҳарому, аёлларга жоиз эканини келаси сатрларда билиб оламиз, иншаАллоҳ.


Тилла истеъмолидаги истисноли ҳолатлар


Юқоридаги далил ва ҳужжатларни ўқиб, савол туғилиши табиий. Тилла истеъмолида узрли ҳолатлар ҳам борми? Уламоларимиз бу борада ҳам чуқур изланишларни олиб боришган. Ҳадиси шарифларда тилла истеъмолига узрли ва зарурат ҳолатида рухсат берилганлиги таъкидланган.

Ажрафа ибн Асъад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Жоҳилият даврида Кулоб воқеаси куни бурним ярадор бўлди. Шунда кумушдан бурун қилиб олгандим, сасиб кетди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тилладан бурун қилиб олишга амр қилдилар” (Термизий ривояти).

Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича: у кишининг оталарининг тиши тушганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилла билан маҳкамлаб олишга амр қилган эканлар.

Демак, оддий ҳолатларда шариат ҳаром қилган нарсаларга зарурат юзасидан рухсат берилади. Бу “усулул фиқҳ” илмида “Аз-зарурот тубийҳул-маҳзурот” – “Заруратлар манъ қилинганларни мубоҳ қилур” қоидасига асосан шариатимизда жорий қилинган. Бу ҳам бўлса, ислом шариатининг бандаларга енгиллигидир. Лекин, бу рухсатлардан зарурат ҳолатларидан бошқа ҳолатларда фойдаланишга уламоларимиз ижозат бермаганлар.


ЗАМОНАВИЙ ТИББИЁТ НИМА ДЕЙДИ?


Энди мавзу юзасидан замонавий илм-фаннинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари ва тажриба натижалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.


Эркаклар ва тилла


Олимлар узук тақиш киши соғлигига қандай таъсир қилиши ҳақида баҳс юритишди. Бир қанча вақт олдин мутахассислар тилла узукни доимий тақиб юриш зарар келтиришини маълум қилишган эди. Бу кўпроқ эркакларга тегишли эканлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган эди. Гап шундаки, вақт ўтиши билан доимий равишда қўлда тақиб юрилган тилла узук ўзидан кимёвий моддалар ажратиб чиқаради. Айнан шу моддалар эркакларнинг жинсий безларига зарарли таъсир кўрсатиши, бу ҳолат ҳатто жинсий жараённинг пасайишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида олимлар бармоқлардаги узукларни тунда ечиб ётиш лозимлигини таъкидлашмоқда.

Тилла узукни номсиз бармоқда доимий равишда тақиб юриш эндокрин безлари касаллигининг кечишини кучайтириши мумкин. Ўрта бармоқда доимий равишда тақиб юрилган узук эса атеросклероз (артерия томирлари деворининг қаттиқлашиши) ва радикулит касалликларининг ривожланишига олиб келади. Жимжилоқдагиси эса ўн икки бармоқ ичак яллиғланишини келтириб чиқаради.

Маълумотларга қараганда, инсон қўлининг суякларида буйрак, жигар ва юрак билан боғлиқ тўрт юздан ортиқ нуқталар мавжуд. Баъзида шифокорлар иш жараёнида шундай ҳолатларга дуч келишадики, киши бош оғриғи ёки уйқусизликдан халос бўлиши учун бармоғидан узугини ечиши кифоя бўлади.


Аёллар ва тилла


Олимларнинг таъкидлашича, олтин моддаси аёл танасига ижобий таъсир кўрсатиб, ундаги жараёнларни фаоллаштиради.

Бундан ташқари, тилла буюмлар ўрта ёшдаги ва юрак касалликлари билан қийналаётган аёлларга асқотади. Шу билан бирга тилла буюмлар қон босими юқори аёлларга ҳам фойдали. Тилла артериал босимни туширади.

Олимларнинг изоҳ беришларича, аёл танасининг гормонал ва жинсий тизими ташқи таъсирлардан яхши ҳимояланган, шунинг учун металлар чиқарадиган зарарлар уларнинг танасига ўз таъсирини ўтказа олмайди.


Суннатдаги ҳикмат


Юқорида ҳозирги замон тиббиёт мутахассисларининг тилла буюм ва тақинчоқлар истеъмоли борасидаги айрим фикр ва мулоҳазалари ҳамда тажриба натижалари билан танишдик. Нима учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак умматларига тилла тақинчоқларни ҳаром қилганларининг ҳикмати ойдай равшан бўлди.

Аллоҳ таолонинг “Расул сизга нимами берса, олинг, нимадан қайтарса, қайтинг” (Ҳашр сураси, 7-оят), деган сўзида қандай ҳикмат ва мўъжизалар борлигига яна бир бор амин бўлдик.

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан қайтиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган нарсани имкон қадар адо қилиш икки дунё бахт-саодатига эриштириши ҳақ эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Бас, шундай экан, суннат таълимотларига ундаги фойда ва ҳикматларга тўлиқ ақлимиз етмаса ҳам, сидқидил иймон ва ишонч билан амал қилишга ўтмоғимиз лозим. Ана шунда ҳам Роббимиз Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунган бўламиз, ҳам дунё ва охират фойдаларига мушарраф бўламиз.


Умиджон Турсинов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кимёвий моддалар ичида сув ўзига хослиги бўйича махлуқлар ичидаги инсонларга ўхшайди. Махлуқлар кўп, лекин инсон ўзига хос. Кимёвий моддаларнинг сони кўп, лекин давоми...

5182 16:24 / 19.04.2017
Таълим, тарбия масаласи ҳамма замонда долзарб бўлиб келган. Ўтмишда ҳам кишилар таълим олишган, таълим беришган. Бугун ҳам ўқув юртлари, билим масканлари фаолияти давоми...

6285 17:26 / 19.04.2017
Meeting of the poet to the world of Islam took place during his trip to the North Caucasus, the Crimea and Bessarabia. He saw the cultural monuments of Muslims listened to the prayer, watching and thinking about Muslims. Hence his poem quotThe Caucasian Prisonerquot and quotThe Fountain of давоми...

7494 17:20 / 19.04.2017
Аллоҳ сизга интиқ, шошар,Шайтон лаъин узоқ қочар,Осмон эшикларин очар,Тун роҳатин татиб кўринг.Фаришталар ёнингизда,Қанотлари пойингизда, Раҳмат ухлар давоми...

2853 16:54 / 19.04.2017