1446 йил 22 жумадис сони | 2024 йил 24 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1432

Тобеъийлар ҳаётидан лавҳалар

16:30 / 19.04.2017 4862 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1-китоб

Ушбу китобда:

•    Ато ибн аби Рабоҳ

•    Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий

•    Урва ибн Зубайр

•    Ар Робеъ ибн Хусайм

•    Иёс ибн Муовия ал-Музаний

•    Умар ибн Абдулазиз ва у кишининг ўғли Абдулмалик каби тобеъинлар ҳаётлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи ила бошлайман

Эслатма: “тобеъий, тобеъ” {تَابِعِيٌّ، تَابِعٌ}, (кўп. тобеийн) {تَابِعُونَ} сўзи араб тилидаги “табаъа” {تَبَعَ}—  “эргашмоқ, изидан бормоқ” феълидан олинган бўлиб, луғатда “эргашувчи, изма-из борувчи” деган маънони англатади. Истилоҳда эса, бу сўз Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) саҳобийларидан бир ёки бир нечаларини кўрган, улардан илм олган ва ўз ҳаёт йўлида ўша зотлар йўлини тутган кишиларга айтилади.

**Ато ибн аби Рабоҳ**

<<<Ато, Товус ва Мужоҳиддан бошқа Аллоҳ висолига илм олиш орқали етишишни истайдиган кишини кўрмадим >>>

{Салама ибн Куҳайл}

    Мана, биз ҳижратнинг 97 - йили, Зул Ҳижжа ойининг охирги ўн кунлигида турибмиз. Бу эса она заминнинг ҳар тарафидан пиёда ва  уловларга миниб Аллоҳ розилигини топиш умидида келган одамлар билан тўлиб, тўлқиндек мавжланиб турган Каъбатуллоҳдир. Бу одамлар орасида кексалар ҳам, ёшлар ҳам, эркаклару аёллар ҳам, оқу қора танлилар ҳам, араблар ва ажамлар ҳам, хожалару хизматкорлар ҳам бор. Уларнинг барчаси инсонларнинг азалий подшоҳи – Аллоҳ ҳузурига бўйин эгган, талбиялар айтган ҳолда Ундан бир умид ва илинж билан келганлар.

    Бу киши Сулаймон ибн Абдулмаликдир. Дунёнинг номдор подшоҳларидан бири бўлган бу одам бошяланг ва оёқяланг, эгнида фақат изор ва ридоси билан Байтуллоҳни тавоф қилмоқда. Бу ҳолатда Аллоҳнинг наздида унинг даражаси, ҳудди у каби ҳолатда бўлган биродарларининг даражалари билан тенгдир. Унинг ортида икки ўғли ҳам бор. Улар янги чиққан ойдек кўркам ва хушбичим, гулнинг гулкосачаларидек гулгун ва муаттардирлар.

    Сулаймон ибн Абдулмалик тавоф қилиб бўлгач, аъёнларидан бирига ўгирилиб: “Ҳамроҳингиз қаерда?” дея сўради.

 – Анави ерда намоз ўқияпти – деди бояги киши Масжидул-Ҳаромнинг ғарбий қисмига ишора қилиб. Сулаймон ибн Абдулмалик унга кўрсатилган томонга йўл олди, унинг ортидан икки ўғли ҳам одимлашди. Аъёнлар  унинг ортидан етиб олиб, тиқилинчда азият кўрмаслиги учун йўл очишга киришган эдилар, подшоҳ уларни бу ишдан қайтарди ва: “Бу ер шундай мақомки, унда шоҳ ҳам, авом ҳам тенгдир. Фақатгина тақво ҳамда амалларининг қабул этилиши билангина бир киши бошқасидан устун бўла олади. Сочлари тўзиб, чангга беланган бир инсон Аллоҳ розилигини топиш илинжида бу ерга келиши ва Аллоҳ, подшоҳларнинг қилган амалларини эмас, балки шу одамнинг қилган амалини қабул этиши мумкин” , деди. Сўнгра одамлар тўпланиб турган жойга борди ва қидиргани ўша одамни намозда: рукуъ ва саждаларга ғарқ бўлгудек бир ҳолатда топди. Одамлар унинг ортида ўтирар, баъзилар у кишининг ўнг ва чап тарафларидан ҳам жой олган эдилар. Шоҳ ҳам охирги бўш жойга бориб ўтирди. Фарзандларини ҳам ёнига ўтқазди. Қурайшлик бу икки бола, мўминлар амири боя сўраган, энди одамлар билан бирга намоздан бўшашини кутиб ўтирган шу кишини диққат билан кузата бошлашди: Ҳабаший бир қария… Юзи қоп-қора тусда, сочи жингалак, бурни пучуқ бир инсон… Ўтирганида худди қора қарғадек кўриниш касб этарди…

    Бу одам намозини тугатиб бўлгач, халифа ўтирган тарафга юзланди. Сулаймон ибн Абдулмалик унга салом берди. У киши ҳам алик олди.    Ана шу ерда  ҳаж ибодатидаги амаллар юзасидан саволларини бирма-бир сўраб, ҳар бир саволига мукаммал жавоблар олди. Бояги киши шундай жавоб берар эдики, ҳар бир сўзини шундай шарҳлар эдики, бу жумлаларни тўлдириш, ёки изоҳлаш лозим бўлмай қоларди. Ҳар бир гапига Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларидан далил келтирар эди. Халифа саволларини тугатгач ҳалиги одамга Аллоҳдан яхшиликлар тилади ва болаларига: “Қани туринглар энди!” деди. Фарзандлари ўринларидан туришди. Сўнгра учовлон Саъй (Сафо ва Марва орасида бажариладиган Ҳаж ибодатларидан бири) қилгани кетишди. Улар Сафо ва Марва орасида кетаётиб, жарчиларнинг эълонини эшитиб қолишди. Жарчилар: “Эй мусулмонлар жамоаси! Бу ерда Ато ибн аби Рабоҳдан бошқа бирон кимса фатво беришга ҳақли эмас. Агарда у киши бўлмаса Абдуллоҳ ибн абу Нажиҳдан, фатво олинглар!” дея жар солар эдилар. Буни эшитган болалардан бири отасига: “Мўминлар амирининг хизматчиси нега одамларни Ато ибн аби Рабоҳ ва унинг шеригидан бошқа одамдан фатво сўрамасликка буюрмоқда? Ваҳоланки,  бизни назар-писанд қилмаган бояги одамдан биз фатво сўрадикку!” деди, саволомуз тарзда. Сулаймон ўғлига шундай жавоб берди: “Ўша сиз кўрган – биз унга муҳтож бўлган зот Масжидул-Харомнинг муфтийси Ато ибн аби Рабоҳ бўлади. Ул зот мана шу улкан мансабда бўлган Абдуллоҳ ибн Аббоснинг ворисидир”. Абдулмалик сўзида давом этиб, фарзандларига насиҳат ҳам қилди: “Эй болаларим, илм олинглар! Зероки илм билан паст табақали одам шарафга бурканади. Суст одамнинг донғи чиқиб, зиёли бўлади. Ана шу илм туфайли, қуллар шоҳлар даражасига кўтариладилар!”

    Дарҳақиқат, Сулаймоннинг ўғилларига илм борасида айтган гаплари ҳеч бир муболағасиз эди. Негаки Ато ибн аби Рабоҳ ҳам ёшлигида маккалик бир аёлнинг қули бўлган. Аллоҳ аъзза ва жалла бу ҳабаший болани ёшлигиданоқ илм йўлида собитқадам қилиб, сийлади. Ҳаёти давомида Ато ибн аби Рабоҳ ўз вақтини уч қисмга бўлган эди: Вақтининг бир қисмини хожасига энг гўзал даражада хизмат қилишга, хўжайинининг барча ҳақларини энг тўлиқ ҳолда адо этишга сарфлади. Яна бир қисмини эса, Роббисига сидқи дилдан ибодат қилишга ва ибодатларида фақат Аллоҳ азза ва жалланинг ўзигагина ихлос қилишга бағишлади. Ва ниҳоят, вақтининг сўнгги – учинчи қисмини илм талаб қилиш билан ўтказди. Бунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шу пайтда ҳаёт бўлган саҳобийлари олдига борар, уларнинг мўл-кўл ва мусаффо илм булоқларидан тўйиб-тўйиб қонар эди. Хусусан, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр каби саҳобийлар (р.а)дан кўкси илм билан тўлиб тошгунча Пайғамбаримиз (а.с.) ҳақларидаги ривоатларни, фиқҳ ва бошқа турли имларни ўрганди.

    Маккалик аёл қулининг ўзини Аллоҳга бағишлаганини, ҳамда илмга қаттиқ рағбатини кўргач, ундаги ҳаққидан воз кечди. Уни Аллоҳ йўлида озод этди. Шоядки, Аллоҳ шу қул билан Исломга ва мусулмонларга манфаат етказса, деган фикр чарх урган эди унинг хаёлида…

    Ана шу кундан биноан Ато ибн аби Рабоҳ Байтуллоҳни ўзига макон тутди. У ер Атонинг бошпанасига айланди. Каъбатуллоҳ унинг учун ҳам таълим олиш учун мадраса, ҳам Аллоҳга тақво ва ибодатда яқинлик ҳосил қилиш учун намозгоҳ вазифасини ўтарди. Тарихчиларнинг айтишларича, Байтуллоҳ тахминан йигирма йил давомида унинг ётоғи бўлиб ҳизмат қилган экан. 

Буюк тобеий Ато ибн аби Рабоҳ илмда мисли кўрилмаган бир даражага етди. Ўз замондошларининг жуда камчилиги эриша олган буюк бир мартабага эришган эди у.

    Ривоят қилинадики, Абдуллоҳ ибн Умар (р.а) бир куни умра қилиш мақсадида Маккага келди. Одамлар у кишини яхшилаб кутиб олгач, фатво сўраб, савол бера бошладилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар: “Эй Макка аҳли, мен сизларга жуда ҳайрон қолдим! Орангизда Ато ибн аби Рабоҳ бўла туриб, масалаларни мендан сўраш учун йиғиб ўтрибсизми?!” деган экан.

    Ато ибн аби Рабоҳ ҳаёти давомида эришган бу даражага, икки оқилона қоида воситасида эришди. Биринчиси, нафсига маҳкам турди. Яъни, нафсининг фойдасиз ишлардан роҳатланишига йўл қўймади. Иккинчидан эса, вақтдан унунмли фойдаланишга қаттиқ эътибор берди. У ўз вақтини бекорчи гаплару ишларга сарф этмади. Шу ҳақида ҳикоя қилиб, Куфанинг олимлари ва ибодатда мустаҳкам кишиларидан саналган Муҳаммад ибн Суқа бир мажлисда, ҳузурида тўпланган жамоатга қарата шундай дейди: “Менга фойда берганидек, сизларга ҳам фойда бериши мумкин бўлган бир нарсани айтиб берайми?”

 – Ҳа албатта, айтинг?!

 – Бир куни Ато ибн аби Рабоҳ менга насиҳат қилаётиб: “Эй жияним, кераксиз гаплардан сақлан, Зеро биздан аввалги зотлар кераксиз гапларни ёмон кўрар эдилар”, деди. Мен: “Қандай гаплар уларнинг наздида кераксиз гаплар эди?” дея сўрадим. Шунда Ато: “Қуръони каримни ўқиш ва тушуниш, яхшиликка буюриб, ёмоникдан қайтариш, Аллоҳга яқинлаштирувчи илмни ўрганиш, ҳамда зарурий яшаш ва маиший эҳтиёжларни қондириш учун ишлатиладиган сўзлардан бошқа барча сўзларни”,  дея жавоб берди. Кейин бир лаҳза юзимга тикилиб турдида, “Ҳолбуки, шак-шубҳасиз, сизларнинг устингизда қилган ҳар бир амалларингизни ёд олиб, ёзиб турувчи улуғ фаришталар бордир”  оятини рад этасизларми?” деди. Сўнг яна сўзида давом этди: “Шуни билгинки, ҳар бирингизга икки фаришта ҳамроҳдир. “Зотан ўнг ва чап томонда ўтирадиган икки қабул қилувчи (ёзиб турувчи фаришта инсон айтган ва қилган барча яхши ва ёмон сўз ва амалларини) қабул қилиб, ёзиб турарлар. У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар талаффуз қилса, унинг олдида ҳозир бўлган кузатувчи фаришта у сўзни ёзиб олур” . Агар биронтамизга эрталабки қилган амалларнинг ўзи билангина тўлдирилган амал дафтари тушурилса ва унда динимизнинг кўрсатмасидан ҳам, дунё эҳтиёжларидан ҳам саналмаган амал кўпроқ ёзилган бўлса, уялмаймизми ахир?!”

Аллоҳ таоло Ато ибн аби Рабоҳнинг илми ила кўплаб тоифадаги одамларга манфаат етказди. Улар орасида илм аҳли ва мутахассислар ҳам, ҳунарманду косиблар ҳам ва яна бошқа кўплаб кишилар ҳам мавжуддирлар.

    Имом Абу Ҳанифа ан-Нуъмон ибн Собит ўзлари ҳақларида ҳикоя қилиб шундай дейдилар: “Маккада ҳаж ибодатларини бажараётиб, бешта хатога йўл қўйдим ва бир сартарош бунда менга таълим берди. Мен, эҳромдан чиқиш учун сочимни олдирмоқчи бўлиб сартарошҳонага бордим. Сартарошдан сочимни қанчага тарашлаб қўйишини сўрадим. У эса: ”Аллоҳ сени ҳидоятида сақласин, ибодатда шартлашилмайди. Сен ўтиравер, сўнг ҳамёнга қараб ташлаб кетарсан” , дея жавоб берди. Мен бир оз хижолат тортдим ва ўриндиққа ўтирдим. Шу ўтиришимда қиблага тескари ўтириб олган эканман. Буни кўрган сартарош менга қиблага юзланиб ўтиришим кераклигини имлаб кўрсатди. Мен унинг айтганини қилиб, қиблага юзланиб ўтирдим ва бу хатойимдан ҳижолатим янада ортди. Сартарош сочимни олиши учун, бошимни чап тарафини тутдим. У бўлса: “Ўнг тарафини тут!” деди. Бас  ўнг тарафимни тутдим. Сартарош сочимни ола бошлади. У сочимни олар экан, жимгина унга назар солиб, ҳайратга кўмилиб ўтиравердим. Шунда сартарош менга қараб: “Нега жим ўтирибсан? Такбир айт!”  деди. Унинг бу гапидан сўнг то ўрнимдан тургунимча такбир айтиб ўтирдим. Кетишга чоғланган ҳам эдимки, яна унинг таниш овози  “Қаерга кетаяпсан?” дея қулоғим остида жаранглади. Мен – Уйимга – дея жавоб бердим. Шунда у: “Аввал икки ракат намоз ўқиб ол! Кейин истаган ерингга кетавер” ,  деди. Мен унинг айтганини қилиб, намоз ўқидим. Икки ракатлик намозимни адо этиб бўлгач: “Бунча нарсани оддий сартарош билмайди. Яхшигина илм эгасига ўхшайди” , дедим, ўзимга ўзим. Бунинг тагига етиш мақсадида, ундан аста сўрадим: “Менга ўргатган амалларингни қаердан ўргангансан?” Бу саволим унга хуш ёқти шекилли, менга: “Қандай ҳам яхши киши экансан-а!” деди мамнун оҳангда. Сўнг жавоб берди: “Унда эшит. Мен Ато ибн аби Рабоҳнинг шундай қилганини кўрган эдим. Ундан шу нарсаларни ўрганиб олдим. Энди эса, одамларга ҳам ўргатяпман”.

Ато ибн аби Рабоҳга молу-мулк берилди, у эса бойликдан бутунлай юз ўгирди. Унга ҳеч қандай рағбати йўқ эди. Бутун умри давомида нархи беш дирҳамдан ошмайдиган кўйлак кийиб ўтди. Халифалар у зотни суҳбатларига чорлар, Ато ибн аби Рабоҳ бўлса уларнинг дунёсидан унинг динига бирон зарар етишидан қўрқиб уларнинг олдига бормас эди. Аммо шу билан бирга, Исломга бирон манфаъат берадиган, ё бўлмаса, мусулмонларга фойдаси тегадиган иш бўлса, уларнинг ҳам олдиларига борар эди. Мисол тариқасида Усмон ибн Ато ал-Хуросонийнинг қилган ривоятини келтириш мумкин. У киши шундай ҳикоя қилади: Ҳишом ибн Абдулмаликнинг олдига бориш мақсадида отам билан йўлга тушдик. Тонг пайти Дамашққа яқинлашиб қолганимизда, қора эшакка минган, дағал матодан тўқилган кийим кийиб олган бир қарияга дуч келдик. Унинг эгнида эски чўпони ва эскилигидан бошига ёпишиб қолаёзган бош кийими бор эди. Икки узангиси ёғочдан эди. Унинг бу ҳолига кулиб юбордим ва отамдан: “Ота, бу одам ким?”  дея кулги аралаш сўрадим. Отам: “Жим бўл! Бу зот Ҳижоз фақиҳларининг энг улуғи Ато ибн аби Рабоҳ бўлади” , дея менга дашном берди. Бояги одам бизга яқинлашгач, отам эшакдан тушди. У киши ҳам тушди ва бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришишди. Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, икковлари ҳам ортларига қайтиб, уловларига минишди. Сўнг йўлга тушишди. Ҳишом ибн Абдулмалик қасрининг дарвозаси олдига келиб тўхташди. Жойлашиб ўтирмаган ҳам эдиларки, уларга киришга рухсат берилди. Қайтиб чиқишганида отамдан ичкарида нималар бўлганини сўрадим. Отам бир бошдан сўзлай кетди:

 – Ҳишом ибн Абдулмалик Ато ибн Аби Рабоҳнинг қаср дарвозаси олдида эканлигидан хабар топгач, тезда киришга изн берди. Аллоҳга қасамки, фақат Ато ибн аби Рабоҳ сабаблигина мен қасрга кирдим.

Ҳишом Ато ибн аби Рабоҳни кўргач, мулойимлик билан: “Хуш келибсиз! Марҳабо! Келинг! Келақолинг! Мана, мана бу ерга ўтиринг!”  дея ўзининг ўриндиғига, шундоқ ёнгинасига тиззасини тиззаларига текказган ҳолда ўтқазди. Бу ерда яна бошқа улуғ насабли кишилар ҳам бор эди. Улар ҳам суҳбатлашиб турган жойларида, жим бўлиб қолишди. Абдулмалик Ато ибн аби Рабоҳга юзланиб: “Эй Абу Муҳаммад, бизга нима хизмат?” деди. 

Энди сўзлаш навбати Атога келган эди. 

–    Эй мўминлар амири! Икки ҳарам аҳли бўлган, Аллоҳнинг суюклилари ва Расулуллоҳ (с.а.в) нинг қўшнилари бўлган кишиларга ўз нафақа – улушларини ажратиб берасизми? 

–    Ҳа, албатта. Эй ғулом, Макка ва Мадина аҳлига бир йиллик ўз нафақа-улушларини ёзиб қўй!

 Сўнгра – яна бошқа ҳизмат борми эй Абу Муҳаммад? – дея халифа меҳмонга юзланди.

–    Ҳа, эй мўминлар амири. Ҳижоз ва Нажд аҳли асл араблардан ва Ислом динининг етакчиларидандирлар. Уларга ҳам кўп хайр-еҳсон қилинг!

–    Хўп бўлади, шундай қиламан! Хизматчи! Ёзиб қўй! Ҳижоз ва Нажд аҳлига хайр-эҳсон қилинсин! Яна бирор ҳожатингиз борми?..

–    Ҳа эй мўминлар амири. Чегарадагилар душманга юзма-юз туриб, мусулмонларга ёмонлик истаган ёвга қарши жанг қиладилар. Уларга кўп озиқ-овқат юборинг! Чунки, агар улар ҳалок бўлсалар, чегара ҳам барбод бўлади.

–    Хўп бўлади. Хизматчи, уларга озиқ-овқатлар юборилсин деб ёз! Яна бирор хизматингиз борми?

–    Ҳа, эй мўминлар амири. Зиммийлар – қарамоғингиздаги насроний ва яҳудийларга тоқатидан ортиқ нарса юкламанг! Негаки улардан йиғиладиган солиқлар душманларга қарши зўр кўмакдир.

–    Хўп бўлади. Уларга айтганингиздек муомала қилинади. Яна бирон ҳожатингиз борми?

–    Ҳа, бор. Эй мўминлар амири, Аллоҳдан қўрқинг! Билингки, сиз ёлғиз ҳолда дунёга келдингиз, яна ёлғиз вафот этасиз. Маҳшаргоҳда ҳам ёлғиз ўзингиз турасиз. Жуфтлар йўқдир у кунда. Қилган амалларингиз учун ҳам якка ўзингиз жавоб берасиз! Аллоҳга қасамки, у кунда, ҳозир кўз ўнгингизда турганларнинг биронтаси ҳам сиз билан бирга бўлмайди!...

Бу сўзларни тинглар чоғи Ҳишом ибн Абдулмаликнинг гавдаси ерга мункайиб қолган, кўзларидан шашқатор ёшлар қуйилиб келарди.  Ато ўрнидан турди. Мен ҳам турдим. Эшикка етиб қолган ҳам эдикки, ортимиздан бир киши ичида алланимадир бўлган ҳамён олиб келди. Ато ибн аби Рабоҳга: “Подшоҳимиз сизга манавини  бериб юбордилар”, деди. Ато ибн аби Рабоҳ эса: ”Ҳайҳот! Мен сизлардан бу даъватим учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим барча оламлар Парвардигори – Аллоҳнинг зиммасидадир!” – дейишдан нари ўтмади. Аллоҳга қасамки, Ато ибн аби Рабоҳ  подшоҳ ҳузурига кириб чиқдию на қаср ичида ва на ташқарисида бир қултум сув ичган эди”.

Ато ибн аби Рабоҳ юз йил ҳаёт кечирди. Бутун умрини илм олиш ва ибодатда ўтказди. Уни яхшилик ва тақво билан безади. Аллоҳ ҳузуридаги неъматларгагина кўз тикиб, одамларнинг қўлларидаги нарсалардан юз ўгириш ила уни поклади. Вақт-соати битиб, жонини дунёнинг оғир юкларидан қутулган енгил бир ҳолда, охират амаллари билан эса оғир бўлган ҳолатда раҳмати илоҳийга топширди. Умри давомида етмиш марта ҳаж қилди. Ҳар ҳажидаги Арафотдаги илтижолар… Аллоҳнинг розилиги ва Жаннат умидила, Аллоҳ ғазабидан ва аламли дўзах азобидан сўралган паноҳларла йўғрилган илтижолар эди улар… 

{Аллоҳ ул зотни раҳмат қилсин}

**Омир ибн Абдуллоҳ ат Тамимий**

<<< Зуҳду  тақво саккиз кишидан сўнг якун топди. Уларнинг аввалида эса Омир ибн Абдуллоҳ ат Тамимий туради >>>

{ Улқума ибн Мурсад}

Ҳозир биз ҳижратнинг 14-йилида турибмиз. Булар эса мусулмонлар халифаси Умар ибн Хаттоб (р.а) буйруқларига кўра Басра шаҳри чизгиларини тайёрлаётган улуғ тобеинлар ва буюк саҳобийлардан иборат йўлбошчи қурувчи жамоасидир. Улар форс мамлакатида ғазотларда қатнашувчи Ислом лашкари учун ушбу янги шаҳарда лашкаргоҳ тузишни ният қилганлар. Бу шаҳар Аллоҳ азза ва жалла йўлига даъват  учун асос ва Унинг каломини бутун ер юзи бўйлаб юксалишида маёқ вазифасини ўтагаяжак. Дарвоқе, мана бу инсонлар ушбу янги қурилган шаҳарга Арабистон ярим оролининг турли ерларидан ташриф буюраётган мусулмонлар жамоаси бўлади. Улар орасида баъзилар Нажддан, баъзилар Ҳижоздан, яна баъзилар Ямандан келишган. Улар Басра ерларига ўрнашган дастлабки мусулмонлардан бўлмоқ ниятидалар. Нажддан келаётган муҳожирлар сафида Бани Тамим уруғига мансуб Омир ибн Абдуллоҳ ат Тамимий ал-Унбарий номли бир йигитча ҳам мавжуд…

 Бу пайтда Омир ибн Абдуллоҳ ёшликнинг гуркираган даврида, териси ҳали ҳаёт заҳматларидан дағаллашиб улгурмаган, йигитликнинг боғида юрган, гўзал юзли, ақл-заковатли ва тақвоси гўзал бир йигит эди. Басра шаҳри шу йиллари мусулмон мамлакатлари орасида иқтисодий жиҳатдан энг бой шаҳар эди. Негаки, Басрага урушлардан тушган ўлжалар қуйилиб келар, олтинлар эса қуйилиб эмас, нақ оқиб келар эди. Бироқ, ёш Тамимийнинг булар била сира иши йўқ, уларга парво ҳам қилмайди. У одамлар эгаллаб ётган дунё бойликларидан ўзини тияр, фақатгина Аллоҳ ҳузуридаги ҳақиқий даражотларга рағбат қиларди. Дунё ва унинг зийнатларидан тийилиб, холис Аллоҳ ва унинг ризосини тилайдиган бир йигит эди. Басра шаҳрида улуғлардан Абу Мусо ал-Ашъарий (Аллоҳ ундан рози бўлсин ва Жаннатда юзларини яшнатсин) ҳам истиқомат қилар эди. Ул зот кундан – бу гўзал шаҳарнинг волийси ва фатҳларда иштирок этувчи Ислом лашкарининг қўмондони эди. Шу билан бирга, Басра аҳлининг имоми, ҳамда Аллоҳ йўлига бошловчи муршидларидан эди. Омир ибн Абдуллоҳ Абу Мусо ал-Ашъарийдан тинч ҳолатда ҳам, жанглар бўлиб ўтаётган чоғларда ҳам ажралмади, доимо у зот билан бирга юрди. У кишидан Қуръони Карим илмларини Муҳаммад (с.а.в)га нозил бўлиб, ул зот таълим берганларидек – барча таровати ва софлиги билан ўрганди. Бундан ташқари Омир ибн Абдуллоҳ Абу Мусо ал-Ашъарийдан шахсан Расулуллоҳ (с.а.в)дан эшитган саҳиҳ ҳадислар ҳам ривоят қилди. Унинг қўл остида фақиҳлик камолотини топди. Илмда ўзи истаган комилликка етишгач, қолган ҳаётини уч қисмга ажратди:

     Биринчи қисмда у зикр аҳлининг ҳалқаларида, Басра масжидида Қуръон  илмларидан сабоқ берар;

         Иккинчи қисмида ҳилватда, мутлақ Улуғ ва Пок бўлган Аллоҳ ҳузурида оёқлари толгунича ибодатда қоим бўлар;

   Ва ниҳоят вақтининг учинчи қисмида эса жанг майдонларида Аллоҳ йўлида от суриб, қилич ўйнатар эди.

Ҳаёти давомида ушбу уч нарсадан бошқа нарсага берилмади. Алал оқибат Басранинг обиду зоҳидларидан бўлиб танилди. Басралик бир киши ҳикоя қилади: “Мен Омир ибн Абдуллоҳ кетаётган карвонга қўшилиб, сафар қилдим. Кеч кириб, қоронғу тушгач, бир чакалакзорда тунаб қолдик. Омир нарсаларини йиғиштирди. Отини бир драхтга боғлади-да, тизгинини узун ташлаб қўйди. Сўнгра уни тўйдириш учун ўт-ўлан йиғиб келтирди. Кейин эса ўзи ўрмон оралаб кириб кетди. Мен эса ўзимга ўзим: “Аллоҳга қасамки, албатта унинг ортидан бораман. Қани кўрайчи, бу тунда ўрмон ичидаги бу одам нималар билан машғул бўлар экан”, деб ваъда бердим ва унинг ортидан етиб олиб, кузата бошладим. У дарахтлар нисбатан қуюқроқ ўсган, кўздан панароқ бир ерга борганда тўхтади. Аввал қиблани топди, сўнгра намоз ўқий бошлади. Ҳали шу пайтгача бунданда мукаммалроқ, чиройлироқ ва ўз ўрнида хушуъ билан адо этилган намозни кўрмаган эдим. Маълум вақт намоз ўқиб бўлгач, Аллоҳдан нажот истаб дуо қила бошлади. У: “Илоҳо, Парвардигоро! Ўзинг мени ўз амринг ила яратдинг. Дунё балоларига ҳам ўз ихтиёрингла йўлладинг! Сўнг менга – Ўзингни қўлга ол! – дея амр этдинг. Эй Қуввати чексиз ва Матонати улуғ Зот, агар Сени ўзинг мени ўз лутфу карамингла тутиб қолмасанг, мен ўзимни қутқара олмайман! Аллоҳим, Сен барча нарсани билгувчи Зотсан! Ўзингга аёнки, агар менга бутун дунё неъматларию бойликлари берилса ва мендан фақатгина Сенинг розилигинг учун уларни бериш сўралса, сўровчига барини бериб юборар эдим. Менга ҳам ўз раҳматингни бағишлагин, эй раҳмлилар Раҳмлиси! Аллоҳим, мен сени шунчалар қаттиқ севдимки, менга барча қийинчиликлар осон бўлди ва тақдиримдаги ҳар бир ҳолатимга тамоман рози бўлдим. Сенга бўлган муҳаббатим туфайли кечаю кундуз ибодатла машғул бўлганимга заррача ҳам қайғурмасман” – дея даргоҳи илоҳийга ниёз айлашда давом этар эди. Бир вақт менинг уйқим зўрлик қилиб, ухлаб қолдим. Шу алфозда бир ухлаб, бир уйғонар эканман, у ҳали ҳам Аллоҳга муножот қилар, оламлар Роббисига ёлворар эди.  Бу ҳол то тонгга қадар давом этди. Бомдод вақти киргач намозини ўқиб бўлгач, дуо қила бошлади: “Аллоҳим, мана тонг ҳам отди. Одамлар сенинг фазлингдан умид қилган ҳолда у ердан бу ерга елиб-югура бошладилар. Албатта уларнинг ҳар бирининг ўз ҳожати бор. Омирнинг сендан тилаги эса мағфиратингни топишдир. Аллоҳим, менинг ҳам, уларнинг ҳам ҳожатини раво қил! Эй карамлилар Карамлиси!

Аллоҳим мен сендан уч нарса тиладим, улардан иккисини бердингу бирини бермадинг. Аллоҳим, менга учинчи тилагимни ҳам бер?! Токи сенга кўнгилдагидек ва бор муҳаббатим ила ибодат қилай!”

Шу сўзларни айтиб бўлиб, ўрнидан қўзғалган ҳам эдики, менга кўзи тушди. Менинг бу кеча шу ерда бўлганимни тушунди. Шу сабабдан қаттиқ ҳавотирга тушиб қолди. Бу хавотир таъсирида, мендан: “Эй Басралик биродар! Сен кечаси мени кузатганга ўҳшайсан, шундайми?” дея сўради. – Ҳа – дея жавоб бердим мен. Шунда у баттар ташвишга тушиб: “Аллоҳ сенинг айбларингни беркитсин! Мендаги бу ҳолни сир тутгин, хўп?!”  деди, умидли бир оҳангда.

–    Аллоҳга қасамки, Аллоҳдан сўраганинг – учинчи тилагинг нима эканини айтмасанг, одамларга сен ҳақингда айтиб, амалларинг хабарини етказаман!

–    Ҳудо хайрингни бергур, бундай қилма?!

–    Айнан, шундай қиламан!

Менинг бу қатъиятим охири уни гапиришга мажбур этди:

–    Майли, сенга бир шарт билангина айтаман. Фақат бу ҳақида ҳеч кимга чурқ этмасликка Аллоҳ номи ила қасам ичасан!

–    Аллоҳга қасамки, сен тирик экансан, сирингни ҳеч кимга очмайман.

Менинг ичган қасамим уни бир оз хотиржам қилди шекил, аста сўзлай кетди:

–    Мен учун динимда аёлларданда хавфлироқ нарса бўлмаган. Роббимдан сўрадимки, уларнинг муҳаббатини қалбимдан суғуриб ташласин! Дуоим ижобат бўлиб, бирор аёлга қарадимми, ё бир деворгами мен учун фарқи бўлмай қолди.

–    Ҳўш, иккинчи тилагинг нима эди?

–    Мен Роббимдан, ўзидан бошқа ҳеч кимга нисбатан қўрқув ҳис қилмаслигимни тиладим. Бу дуоимни ҳам Аллоҳ ижобат қилиб, осмонлару ердаги бирон нарсадан заррача қўрқмайдиган бўлдим. 

–    Ва ниҳоят, учинчи тилагинг нима эди? Учинчисини ҳам айт?

–    Аллоҳга дуо қилиб, ўзим истаганимдек, кечаю кундуз унга ибодат қилишим учун мендан уйқуни кетказишини сўрадим, аммо У менинг бу тилагимни қабул этмади!

–    Ўзингга бироз раҳминг келсин, ахир шундоқ ҳам бутун кунингни тунлари намозларда қоим бўлиб, кундузлари эса рўза тутиб ўтказасанку! Албатта Жаннатга сен ҳозир қилаётган бундай ибодатдан камроғи билан ҳам эришиш мумкин. Дўзахдан эса сенинг азоб чекиб қийналаётган мана бу ҳолатингдан камроқ қўрқиш ила сақланиш мумкин!

–    Мен афсусланишдан фойда бўлмайдиган у кунда афсусланиб қолишдан жуда қўрқаман. Аллоҳимга қасамки, имконим борича ибодат қиламан. Агар нажот топсам Роббимнинг раҳматидан, агар дўзахга тушсам, амалларда суст бўлганим бунга сабаб бўлади”.

Омир ибн Абдуллоҳ нафақат кечалари ибодатда бўлар, балки кундузлари жанг майдонларида от чоптирар эди. Ғазотга чорловчининг чақирувидан кейин Омир ибн Абдуллоҳ энг илғор гуруҳ сафида жанг қиларди. Ғазотга борар пайти, ўзига шерик танлаш мақсадида даставвал одамларни яхшилаб кузатар, ўзига мос келадиган шериклар топгач у гуруҳдагиларга: “Эй одамлар, мен сизлар билан дўстлашмоқчиман. Фақат шу уч вазифани менга тортиқ этсангиз бас” , дер эди. Одамлар – Нима экан у уч вазифа? – деб сўрашар, у эса қуйидагича жавоб берарди:

–    Аввало мен сизларга ҳизматда бўламан, ҳеч бирингиз мендан бу масъулиятни тортиб олмайсиз. Иккинчидан, мен сизларга муаззинлик қиламан. Ҳеч ким намозга чақиришда менга шерик бўлмайди. Учинчиси шуки, сизларга имконим борича инфоқ–эҳсон қиламан, фақат сизлар уни қабул қиласизлар!

“Розимиз” дейишса уларга қўшилиб олар, акс ҳолда у ерни тарк этиб, бошқа бир жамоага бориб қўшилар эди.

Омир ибн Абдуллоҳ жангларда, машаққатли дамларда фаоллашувчи, ўлжалар бўлинар вақтда эса сустлашувчи жангчилар сирасига кирарди. Жанг майдонида бошқалардан кўра кўпроқ ва шиддатлироқ ҳаракат қилар эди. Аммо ўлжа тақсимоти даврида шундай бир ҳаё билан турар эдики, бошқа ҳеч ким унингдек бўла олмасди.

Бир ерда Саъд ибн аби Ваққос Қодисийя даги мусулмонлар ва форслар ўртасидаги урушда ғалаба қозониб, Кисро саройида бироз тин олиш мақсадида тўхтаб турарди. У Амр ибн Муқарринга Байтулмолга бешдан бир қисми топширилиши лозим бўлган ўлжаларни тақсимлаш вазифасини юклади. Ўлжанинг қолган қисмини эса жангда қатнашган аскарларга бўлиб беришни эслатиб қўйди. Унинг қўл остида шу қадар кўп мол-мулк ва қимматбаҳо буюмлар йиғилдики, уларни на таърифлаб бўлади ва на санаб саноғига етиш мумкин. Бир чеккада қўрғошин билан муҳрланган каттагина сават бўлиб, у бир вақтлар форс шоҳлари овқатланишда ишлатган кумуш ва олтиндан ишланган товоқлар билан тўла. Яна бир четда ёғочдан махсус ишланган қутилар бор. Уларда Кисронинг дуру  гавҳарлар билан безатилган кийимлари, белбоғлари, ҳамда зирхлари жойлашган.

Ўлжалар орасидаги яна бошқа қутичалар эса безаниш ашёлари ва ажабтовур хазиналар билан тўлиб тошган. Яна нарироқда қилич учун ясалган қин ётибди. У форс шоҳларининг авлоддан авлодга ўтиб келган қимматбаҳо қиличларига хизмат қилган бўлса ажаб эмас. Булар орасида йиллар давомида форс шоҳлари ва саркардалари фойдаланган бошқа қиличлар ҳам мавжуд. Бу нарсаларни ишчилар ҳаммага кўринадиган ерга жамладилар. Бу ерда уларнинг сўзлари йиғилганларнинг барчасига эшитилар эди. Шу пайт, уларнинг олдига бир киши келди. Сочлари тўзиб кетган, бошдан оёқ ҳамма ери чанг бир аҳволда. Қўлида бир қути кўтариб олган. Ҳажми катта ва вазни оғир бўлган бу қутини икки қўлида базўр тутиб турарди. Барчанинг эътибори мана шу кишида. Негаки, улар шу пайтгача кўрган бойликлари орасида бундай қимматбаҳо буйум учрамаган, яна ҳам тўғрироғи одамлар топган қутилар орасида бу қути билан баробарлаша оладигани йўқ эди. Қутини бир ерга қўйиб, ичини очдилар. Кўрдиларки бояги қути дуру жавоҳирлар билан тўлдирилган экан. Шартта бояги кишига ўгрилиб дедилар: “Бу қимматбаҳо бойликни қаердан олдинг”?

Киши ҳеч тараддудланмай – Фалон-фалон жангда, фалон-фалон ердан топдим – деб, бўлган воқеани батафсил айтиб берди. Улар: “Ундан бирон нима ўзингга олмадингми?” дея сўрадилар. Бояги киши шундай деди: “Аллоҳ сақласин! Аллоҳга қасамки, ушбу қути ҳам, бутун форс шоҳларининг йиғган мол-мулклари ҳам мен учун олинган тирноқ доналаричалик қадрли  эмас. Агар мусулмонлар учун аталган “Байтулмол” бўлмаганда эди, уни турган жойидан силжитмаган ва сизларнинг олдингизга олиб  келмаган ҳам бўлар эдим”.

Бу жавобдан таъсирланган ишчилар: “Аллоҳ сени икром қилсин, сен кимсан?” дея сўрашди. Нотаниш киши: “Сизлар мени мақташингиз учун кимлигимни айтмайман. Сиздан ўзгага ҳам мақталишимчун кимлигимни айтмаган бўлардим. Лекин – деди қўшимча қилиб – Мен шу ҳолимда Аллоҳга чексиз ҳамдлар айтаман ва ундан савоб умид қилиб қоламан”. Шу сўзларни айтдию бу ерни тарк этиб, ўз йўлига равона бўлди. Боягилар ораларидан бир кишига унинг кетидан эргашиб бориб, кимлигини аниқлаб қайтишни буюришди. Хизматга тайинланган одам қутини келтирган нотаниш кимсанинг ортидан кузатиб борар, у киши эса бундан бехабар ўз йўлида давом этар эди. Бояги киши ўз биродарлари олдига борди. Улар билан кўришиб, яна бир ерга кетганида, хизматчи бу жамоадагилардан: “Ҳозир сиз билан кўришган дўстингиз ким?” дея сўради. Шунда улар:“Наҳотки уни танимайсан? Бу киши Басранинг зоҳидларидан бўлган Омир ибн Абдуллоҳ ат Тамимий бўлади”, дея жавоб беришган экан.

Омир ибн Абдуллоҳнинг ҳаёти аввалда ҳикоя қилганимиздек  тинч-осойишталикдан ташқари зўравонликлару дилсиёҳликлардан, ҳамда одамлар етказадиган турли хил азиятлардан холи бўлди деб айта олмаймиз. Зеро Омир ибн Абдуллоҳ умри давомида ҳақ сўзни очиқдан-очиқ айгувчилар, ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюрувчилар, ҳамда ёмонликни йўқ қилишга уринувчилар учрайдиган ёмон ҳолатларга дуч келди. Унинг бундай азиятларга дучор бўлишига бевосита сабаблардан бири қуйида келтирилади.

Бир куни Басрадалиги чоғида миршаблар бошлиғининг бир ёрдамчиси “Зиммийлардан  бирининг бўйнига ёпишиб, уни судраб олиб кетаётганини кўриб қолди. Бояги зиммий одамлардан нажот истаб: “Эй мусулмонлар жамоаси, Аллоҳ ҳимоя қилгурлар, биронтангиз мени ҳимоя қилинг, менга ёрдам беринг! Пайғамбарингиз зиммийсига ёрдам беринг!” дея нола қиларди. Шу пайт Омир ибн Абдуллоҳ унинг олдига келдида: “Жизя солиғини тўлаганмидинг?” дея сўради. – Ҳа албатта, тўлаганман – дея жавоб қилди бояги киши. Шунда Омир унинг бўйнидан тутган миршабга қараб деди: “Ундан нима истайсан”?

–    Бошлиғимизниннг боғини супуриб-сидиришга олиб кетмоқчиман.

–    Сен шу ишни қила оласанми?“ дея Омир ибн Абдуллоҳ зиммийга юзланди.

–    Йўқ, албатта! Ахир бу ишни қилиш учун менинг анча – мунча куч-қувватим кетади. Кейин мен чарчаган ҳолда оиламни боқиш учун меҳнат қилишим керак.

Буни эшитган Омир миршабга қарадида: “Уни қўйиб юбор!” деди. Ишчи: “Йўқ, қўйиб юбормайман”, деди. Охири иш шу даражага бориб етдики, Омир ўз ридоси билан зиммийни тўсди ва: “Мен тирик эканман, Муҳаммад (с.а.в) зиммаларидаги берилган ваъда бузилмайди”, деди. Сўнг атрофдаги одамлар ёпирилиб келиб, Омирга ёрдам беришди ва бояги кишини куч ишлатиб миршабнинг қўлидан халос этишди.

Шундан сўнг миршаблар Омирни қонунга бўйсунмасликда айблай кетдилар. Унга “суннатдан ва жамоатдан ажраганлик” бўҳтонини ёғдирдилар. Уларнинг сўзлари тахминан шундай эди: “Бу одам аёлларга уйланмайдиган бир одамдир. У ҳайвонлар гўштини емайди, сутларини ҳам ичмайди. Ҳаттоки, ҳокимлар мажлисларига боришни ўзига эп кўрмайди..…

Улар шу ва шунга ўҳшаш сафсаталарини зерикмай тарқатар эканлар, тез орада бу ишнинг хабари мўминлар амири Усмон ибн Аффонга етиб борди.  Халифа Басрадаги волийсига Омир ибн Абдуллоҳни ўз ҳузурига чақиртиришни, у ҳақидаги гапларни суриштиришни ва жавобини халифага етказишни буюрди. Буйруқни олган заҳоти Басра волийси Омир ибн Абдуллоҳни ўз ҳузурига чорлади. Омирга шундай деди: “Мўминлар амири (Аллоҳ уларнинг ҳукмронликлари ва умрларини узоқ қилсин) сени чақиртиришни, ҳамда сен ҳақингдаги гап-сўзларни текширишни буюрдилар”. 

–    Амиримиз нени буюрган бўлсалар, уни бажарингиз!

–    Нега сен Расулуллоҳ (с.а.в) суннатларидан воз кечиб, уйланишдан бош тортяпсан?

–    Мен уйланишни Расулуллоҳ (с.а.в) нинг суннатларидан юз ўгирганимдан тарк этганим йўқ, балки мен ҳам Исломда “руҳонийлик” йўқлигига гувоҳлик бераман. Гап шундаки менинг биргина нафсим бор, уни эса Аллоҳга бағишлаганман. Қўрқаманки, агар уйлансам, аёлим бу муҳаббатдан устун бўлиб қолмасин! 

–    Нега унда гўшт емайсан?

–    Нега энди, ейман. Фақат егим келганда ва гўштни сотиб ололганимда ейман. Аммо уни егим келмаса, ёҳуд егим келсаю, сотиб олишга пулим бўлмаса, қандай ейман?!

–    Майли, нега унда пишлоқ емайсан?

–    Биз яшаётган минтақада пишлоқни маъжусийлар ишлаб чиқаришади. Улар сўйилган ва харом ўлган жониворларни ажратиб ўтиришмайди. Мен пишлоққа қўшилган ширдон  сўйилмаган қўйники бўлиб қолишидан қўрқаман. Агар ушбу пишлоқ сўйилган қўйнинг ширдони қўшиб тайёрланганига мусулмонлардан икки киши гувоҳлик берганида еган бўлар эдим.

–    Сени ҳокимлар суҳбатларига келиш ва мажлисларда иштирок этишдан нима тўсади?

–    Сизнинг эшикларингиз тагида кўплаб ҳожатманд кишилар бор. Сизлар ана ўшаларни ўз ҳузурингизга чорланг. Ҳамда шу ерда уларга ёрдам беринг! Сизларга эҳтиёжманд бўлмаганларни эса ўз ҳолига қўйинг?!

   Омир ибн Абдуллоҳнинг сўзлари халифа Усмон ибн Аффон (р.а)га етказилди. Халифа эса бу сўзларини тинглар экан, уларда заррача бўлса ҳам итоатсизликни кўрмади. Суннат ва жамоатдан чиқиш ҳолатига зиғирча бўлса ҳам гувоҳ бўлмаганини билдирди. Аммо  булар ёмонлик оловини ўчира олмади. Омир ибн Абдуллоҳ ҳақида турфа хил миш-мишлар тарқала бошлади. Унинг тарафдорлари, ҳамда душманлари ўртасида ҳатто фитналар юзага келай деди. Бундан хабар топган Усмон ибн Аффон (р.а) Омирни Шом мамлакатига кўчиришни, у ерда яшашлари учун жой беришни буюрди. Сўнгра Шомдаги волийси Муовия ибн Абу Сўфёнга Омир ибн Абдуллоҳни чиройли кутиб олиш ва ҳурматини жойига қўйишни амр этди. Омир ибн Абдуллоҳ Басра шаҳридан кетаётганида кўп сонли халқ, шу жумладан унинг ака-укалари, ҳамда шогирдлари у билан хайрлашиш учун чиқишди. Басра ташқарисидаги Марбад номли маҳаллагача унга эргашиб боришди. Шу ерга етганда Омир ибн Абдуллоҳ тўхтади, сўнг уларга қараб, шундай деди: “Мен ҳозир дуо қиламан, дуоимга омин ден туринглар!” У шундай дер экан, унинг атрофидаги кўп сонли жамоат, айниқса энг орқада турган одамлар уни яна бир бор кўриб қолиш ва сўзларидан баҳра олиш мақсадида бўйинларини чўзиб, уни бор вужудлари билан тинглай бошладилар. Омир эса қўлини самога, Роббул Аъламиннинг ҳузурига кўтарган ҳолда дуо қилар эди:

“Аллоҳим, менга тухмат тошларини ёғдирган, мен ҳақимда ёлғон айтган, ўз ватанимдан чиқиб кетишимга сабаб бўлган, ёронларим ва менинг орамга раҳна солган кимсани мен кечирдим, Сен ҳам унинг гуноҳидан ўт?! Унинг дини ва дунёсида офият ато эт?! Эй Раҳмлилар Раҳмлиси бўлган Зот, мени ҳам, уни ҳам ва бошқа мусулмонларни ҳам ўз раҳматинг, мағфиратинг ва саҳоватинг билан буркагин?!”

Шундай бир илинж ва умид ила Аллоҳга йўналган муборак дуолар ва бу дуоларга инган дардли оминлар...

Дуо қилиб бўлгач Омир ибн Абдуллоҳ туясини Шом томонга бурди ва йўлига равона бўлди. Омир ибн Абдуллоҳ қолган умрини Шомда ўтқазди. Қуддусда истиқомат қилди. Масжидул Ақсода яшади. Шом амири  Муовия ибн Абу Сўфён (р.а)дан ўзи лойиқ бўлган бир яхшилик ва иззат-икром кўрди. Вафотидан аввал касал бўлиб қолди. Дўстлари у кишининг зиёратига келишди. Унинг олдига кирганларида у йиғлаб ўтирар эди. Сўнг ундан бунинг сабабини сўрашди: “Нега йиғлаяпсан? Ахир дунёда жуда яхши ҳаёт кечирдингку”!

–    Аллоҳга қасамки, мен ҳозир дунёга бўлган хирсим туфайли йиғламаяпман. Ёки ўлимдан қўрққанимдан ҳам йиғлаётганим йўқ. Балки, мен шу узоқ умримда йиққаним – озгина заҳирам нақадар камлигидан йиғлаяпман. Баъзида амал қилишда жаҳд қилиб, баъзида сусткашлик қилганим учун йиғлаяпман. Жаннатга ё дўзахга тушишим бор. Аммо уларнинг қай бирига дохил бўламан, билмайман!

Шу сўзларни айтар экан, гўё йиғлайвериб нам бўлган тиллари ила Аллоҳни зикр қилган ҳолда сўнгги нафасларини олди. Ана шу ерда, ҳа – ҳа, ана шу ерда – икки қибланинг аввалгиси бўлган, уч буюк масжиднинг учинчиси бўлган ва Расулуллоҳ (с.а.в) исро қилган диёрлари бўлмиш Қуддусда Омир ибн Абдуллоҳ ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини ўтказган эди.

Аллоҳ Омир ибн Абдуллоҳнинг қабрини нурга тўлдирсин. Абадий жаннатларида эса юзларини Алоҳнинг ўзи илоҳий нурила яшнатсин!

**Урва ибн аз Зубайр**

<<Кимки Жаннат аҳлидан бир кишига боқиш ила хурсанд бўлишни истаса, Уърва ибн аз Зубайрга боқсин!>>

{Абдулмалик ибн Марвон}

Аср ва Шом оралиғидаги бир пайт. Қуёш ўз заррин нурларини ер юзидан йиғиштириб олаётган, ҳамда шамолга бепоён ва соф кенгликларда эсишга изн бераёзгандек бир ҳолатда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг саҳобалари ва буюк тобеинлар Байтуллоҳни тавоф этмоқдалар. Улар атроф муҳитни Ла илаҳа иллаллоҳ калимасини айтган ҳолда яшнатиб, Каъбатуллоҳнинг бурчак-бурчакларигача гўзал дуолар билан тўлдирмоқдалар. Инсонлар ҳалқа шаклида тўп-тўп бўлиб, Масжид ўртасида жойлашган маҳобатли ва виқорли муқаддас Каъба атрофида ўтирибдилар. Унинг бетакрор гўзаллигидан кўзлари қувнаган бир ҳолатда, лағв га берилмаган ва бировнинг айби ҳақида сўз очмаган ҳолда гўзал суҳбат қураётирлар. Каъбанинг 1-устуни бўлмиш – Яманий устун яқинида гўзал юзли, улуғ насабли, ҳушбўйликлар сепилган либосларда, ҳудди масжиднинг қалблари бир-бирларига ошуфта, оппоқ либосларга бурканган кабутарларидек тўрт бола ўтиришибди. Улар Абдуллоҳ ибн аз Зубайр, унинг укаси Мусъаб ибн аз Зубайр, уларнинг укалари Уърва ибн аз Зубайр, ҳамда Абдулмалик ибн Марвонлардир.

Бу тоат-ибодатга муҳаббати чексиз болалар сокин суҳбатларини давом эттираётган бир чоғда, уларнинг бирлари бу сукунатни бузиб, шундай деди: “Келинг, ҳар биримиз Аллоҳдан ўзимиз ҳоҳлаган тилагимизни сўраймиз!” Бу таклиф барчага маъқул бўлди. Болаларнинг ҳаёллари бепоён ғайбиётнинг ёлғиз хабардори Аллоҳнинг ҳузурига йўналди. Ўй-фикрлари тинчлигу омонликнинг кўм-кўк боғлари узра кеза бошлади…

Маълум вақт шу ҳолда ўтиришгач, Абдуллоҳ ибн аз Зубайр сўз бошлади: “Мен подшоҳлик мартабасига эришиб, Ҳижозга шоҳлик қилишни тиладим”. Сўнг укаси Мусъаб ундан сўз олди ва: “Мен эса икки Ироқ қа ҳокимлик қилишни ва бунда бирор кимса менга қарши бўлмаслигини истайман”, деди. Кейин Абдулмалик ибн Марвон гапга аралашиб: “Магарки сизлар ана шунинг ўзи билангина кифояланар экансиз, мен бунинг ўзигагина қаноат қилмайман. Мен бутун ер юзига ҳукмдор бўлишни, Муовия ибн Абу Сўфёндан сўнг халифаликка эришишни хоҳлайман”, деди. Урва ибн Зубайр эса жимгина ўтирар, бирон нима демас эди. Биродарлари унга қараб : “Сен нимани тиладинг, эй Урва?” дейишди.

–    Сизларнинг дунё ишларида сўраган тилакларингизга Аллоҳ барака берсин, унга эриштирсин! Лекин мен дунёни сўрамайман, балки олган илмига амал қилгувчи олимлардан бўлишни сўрайман. Аллоҳимдан сўрайманки, инсонлар мендан Аллоҳнинг китоби – Қуръон илмларини ўргансинлар, Пайғамбаримиз (с.а.в) суннатларини, ҳамда дин аҳкомларини қабул қилсинлар. Охиратда Аллоҳнинг розилиги ила нажот топайин ва жаннатида роҳат қилайин?!

Шундан сўнг вақт чархпалаги айланиб, Язид ибн Муовиянинг ортидан Абдуллоҳ ибн аз Зубайрнинг халифалигига байъат берилди. У Ҳижоз, Миср, Яман, Хуросон ва Ироқ ерларига ҳукмронлик қилди. Орадан бир оз вақт ўтиб, Каъбада, ўзи бир вақтлар қалбидаги самимий тилагини тилаган жойдан унча узоқ бўлмаган ерда ўлдирилди.

Мусъаб ибн аз Зубайр бўлса, Ироқ ҳокимлигига акаси – Абдуллоҳ томонидан тайинланган эди. У ҳам ўз ҳокимлигини ҳимоялаш чоғи ўлдирилди. Абдулмалик ибн Марвонга келсак, унга ҳокимият отасининг вафотидан сўнг тегди. Абдуллоҳ ибн аз Зубайр, ҳамда унинг акаси Мусъаб ибн аз Зубайрларнинг ўлимидан сўнг, бутун салтанат унинг қўл остига ўтди. Шундан сўнг у ўз замонасида дунёнинг энг буюк ҳукмдорларидан бирига айланди.

Уърва ибн аз Зубайрчи? Унинг ҳоли не бўлди экан? Келинг, у ҳақидаги қиссани авалидан бошлаб ҳикоя қиламиз.

    Урва ибн аз Зубайр Умар ал-Форуқ халифалик йилларининг сўнгги йилида, мусулмон ҳонадонлари ичра шаъни энг улуғ ва мақоми энг юксак бир ҳонадонлардан бирида дунёга келди. Унинг отаси Зубайр ибн ал-Аввом бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг таниқли саҳобаларидан, Ислом учун аввалгилардан бўлиб қилич ўйнатган ва “Аъшараи мубашшара”  лардан бири эди. Онаси Асмо бинту Аби Бакрдир. У киши “Икки белбоғ эгаси” деб ҳам аталарди. Бунга сабаб, Асмо бинту Аби Бакр ҳижрат куни ўз кўйлагининг белбоғини иккига бўлиб, уларнинг бири билан Расулуллоҳ (с.а.в)нинг йўл халталарини, яна бири билан эса сув соладиган мешларини боғлаган экан. 

Она тарафдан бобоси Абу Бакр сиддиқ (р.а) бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг халифалари ва Ҳиро ғоридаги биродарларидир. Она тарафдан бувилари Сафийя бинту Абдул Мутталибдир. У киши Расулуллоҳ(с.а.в)нинг аммалари бўлади. Урванинг холаси эса мўминлар онаси Оиша (р.а)дирлар. Ҳали келажакда Урва Оиша (р.а)нинг дафн этилиш чоғларида қабрга маййитни қўйиш учун тушажак ва уларнинг қабрлари узра ўз қўллари билан тупроқ тортажак.

    Энди ўзингиз ўйланг, шундай улуғ насл-насабга, шундай етук шарафга эга бўлган зотга имон шарафию  Ислом иззати қандай жо бўлмасин?!

Урва ёшлигидан Каъбаи муаззамада Аллоҳдан тилаган ниятига эришиш учун илм талаб қилишга ғайрат билан шўнғиди. Илм учун дунё ва унинг матоҳларидан воз кечди. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг тирик қолган саҳобаларидан шу мақсадда унумли фойдаланди. Уларнинг уйларига қатнар, ортларида туриб намоз ўқир эди. Саҳобийлар мажлисларида иштирок этди. Шундан сўнг Али ибн Абу Толиб, Абдурраҳмон ибн Авф, Зайд ибн Собит, Абу Айюб ал-Ансорий, Усома ибн Зайд, Саъид ибн Зайд, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Нўмон ибн Башир (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) каби кўплаб саҳобалардан ҳадислар ривоят қилди. Мўминлар онаси бўлмиш холаси Оиша (р.а) дан ҳам турли ҳадисларни ўрганди. У илмда юксак даражага кўтарилиб, Мадинадаги мусулмонлар илм ва дин ишларида таянишлари мумкин бўлган етти фақиҳлардан бирига айланди. Бу еттиликка солиҳ ҳокимлару подшоҳлар мамлакат ва фуқаролар масаласида ҳам ёрдам сўраб мурожаъат қилар эдилар. Зеро Аллоҳ уларнинг эътибор марказига жойлаб қўйган эди бу масалаларни. Бунга қуйидаги ҳолат ёрқин мисол бўла олади.

Умар ибн Абдулазиз Валид ибн Абдулмалик томонидан Мадинага волий этиб тайинланган эди. У Мадинага келган он, одамлар уни муборакбод этган ҳолда кутиб олишди. Умар ибн Абдулазиз пешин намозини ўқиб бўлгач Мадинанинг ўнта фақиҳини ҳузурига чорлади. Уларнинг бошчиси эса Урва ибн аз Зубайр эди. Фақиҳлар волий ҳузурида бўлганларида, иззат-икром кўрдилар. Мажлисда уларнинг ҳурматлари ўз ўрнига қўйилди. Кейин бўлса Аллоҳ азза ва жаллага ҳамдлар ва Расулуллоҳ (с.а.в), ҳамда у зотнинг оилаларига саловоти шарифлар ёғдирилди. Сўнгра ҳалифа: “Мен сизларни шундай иш учун чорладимки, уни бажаришдан сизларга албатта ажр бордир. Шу билан бирга бу ҳақиқат йўлида менга ёрдамчи бўлишингизни сўрайман. Мен сизларнинг  ёки бирортангизнинг фикрисиз бирор қарор қабул қилишни хоҳламайман. Агар кимнидир бошқа кимса устидан қонунни бузиб муомала қилганини кўрсангиз, ёҳуд менга шикояти бор кимсалардан хабар топсангиз, Аллоҳ ҳаққи, менга бунинг дарагини етказинг!” деди.  Сўзларини тугатгач, Урва ибн Зубайр ва шериклари унинг ҳаққига кўп дуо қилишди ва унга Аллоҳдан тўғри йўлда бўлишлик ва рушду ҳидоят тилашди.

Урва ибн аз Зубайр илм ва амални бирга жамлади. Кун қизиғида рўзадор ҳолда юрар, тун қоронғусида намозларда қоим бўлар эди. Тили доим Аллоҳ зикр билан намланиб турар эди. Бундан ташқари Аллоҳнинг китоби – Қуръони каримга дўст тутинган, унинг тиловатидан ҳеч айрилмас эди. У шу даражада Қуръонни кўп тиловат қилар эдики, ҳатто ҳар куни эрталаб Қуръоннинг тўртдан бир қисмини Қуръонга тикилган ҳолда хатм қилиб қўярди. Кечалари ибодатларида Қуръонни ёддан тиловат қилар эди. Урва ибн аз Зубайр бу ибодатини йигитлик даврининг гулгун онларидан бошлаб, то вафот этгунича ҳеч тарк этмади. Фақат бир маротаба, ўшанда ҳам бошига тушган оғир бир мусибат уни ушбу улуғ ибодатла ҳузурланиш бахтидан тўсди. Бу хусусида бироз кейинроқ тўхталамиз. 

    Урва ибн аз Зубайр намозида роҳатланар, уни кўзларининг қароси  ва ер юзидаги Жаннати деб билар эди. У намозини ҳақиқий хушуъ билан, руку ва саждаларини бекаму кўст адо этган ҳолда, узоқ вақт ўқир эди.

Ривоят қилишларича, бир куни Урва ибн аз Зубайр шоша-пиша намоз ўқиётган бир одамни кўриб қолди. Бояги одам намозидан фориғ бўлгач, олдига чорлаб, ундан: “Эй биродар! Сенинг Аллоҳдан сўрайдиган биронта ҳам ҳожатинг йўқми?” дея сўради. Сўнгра сўзида давом этди: “Аллоҳга қасамки, мен намозимда Аллоҳдан барча нарсани сўрайман, ҳатто тузни ҳам”.

Урва ибн аз Зубайр мол-мулк масаласида  жуда қўли очиқ, саҳий бир киши эди. Келинг, унинг саҳийлигига доир мисоллардан бирини ҳикоя қиламиз.

Мадинада унинг бир боғи бўларди. У боғ Мадинадаги энг катта боғлардан бири эди. Сувлари мўл, дарахтлари соя-салқин ва хурмолари ғоят юксак қад ростлаган бир боғ эди у. Йил давомида боғини ҳайвонлардан ва ёш болаларнинг оёғости қилишларидан сақлаш мақсадида девор билан ўраб қўяр эди. Хурмолар ғарқ пишиб етилган, кўрган кишининг егиси келиб, иштаҳасини қўзғайдиган вақт, боғининг деворини ҳар тарафдан бузиб ташлар эди. Ўтган-кетганлар боғдаги меъвалардан тўйиб-тўйиб ер ва кўтаролганларича ўзлари билан олиб ҳам кетар эдилар. Ўзи эса ҳар гал боғига кирган маҳал Аллоҳ Таолонинг ушбу сўзларини тиловат қилар эди: “Сен боғингга кирган маҳал, Аллоҳ ҳохлаган нарсагина бўлур, бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир! – десанг эди” .

Валид ибн Абдулмаликнинг халифалик йилларидан бирида Аллоҳ Таоло Урвани имон ва чуқур эътиқод билан лиммо-лим бўлишдек фойдали бир синов билан синашни ихтиёр этди.

Халифа Урва ибн аз Зубайрни Дамашққа, ўз ҳузурига чорлади. Урва ҳам унинг чорловига лаббай деб жавоб берди. Сафарга ўзи билан бирга катта ўғлини ҳам олиб кетди.  Халифа ҳузурига етиб келишгач чиройли бир тарзда кутиб олиндилар. Уларнинг бу ташрифи жуда илиқ қаршиланди. Уни иззат-икром қилиб, ҳурматини жойига қўйишди. Аммо буни қарангки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буёғига шамолнинг тескари тарафга эсишини ирода этди. Яъни ишлар чаппасига кетди. Дастлаб Урванинг ўғли Валид ибн Абдулмаликнинг отхонасидаги уч оёқлаб росмана туриб, тўртинчи оёғининг учида виқор билан турган зотдор отларни томоша қилиш учун кирган эди. Шу пайт отлардан бири болани чунонам тепдики, оқибатда бола шу ернинг ўзидаёқ жон берди. Бошига мусибат тушган бечора ота фарзанди-аржумандининг қабри тупроқларидан қўлларини қоқар-қоқмас, орадан бир оз вақт ўтиб, оғир дардга чалинди. Болдири шишиб кетди. Бу шиш фавқулодда кучайиб, авж олиб, катталашиб кетди. Халифа ҳар тарафдан ҳузурига табибларни чақиртирди ва қандай қилиб бўлсада, Урва ибн аз Зубайрни даволашни буюрди. Аммо даволашнинг ҳеч иложи бўлмади. Охири табиблар Урванинг оёғини болдир қисмидан кесиб ташлашга келишишди. Агар шундай қилинмаса, касаллик бутун танага тарқаб, ўлимга олиб бориши мумкин эди. Урванинг ҳам бунга рози бўлишдан бошқа иложи қолмади.

Жарроҳ оёқни кесиш учун асбоблари билан ҳозир бўлди. Унда гўштни кесиш учун мўлжалланган тиғ ва суякни кесиш учун арра бор эди. Табиб Урвага юзланиб деди: “Кесиш пайти жуда қаттиқ оғриқ бўлади. Буни сезмаслигингиз учун бир-икки қултум маст қилувчи ичимлик ичишингизга тўғри келади”.

–    Ҳечамда, соғлиқ учун ҳаромдан фойдаланмайман!

–    Ундай бўлса  афюн  истеъмол қила қолинг!

Шу дақиқаларда Урванинг Аллоҳга бўлган муҳаббати ва кучли тақвоси билан йўғрилган сўзлари шу ерда йиғилганларни лол қолдирди:

–    Мен танамдаги аъзоларимнинг биридан, унинг оғриғини ҳис қилмай туриб айрилишни хоҳламайман. Шоядки, Аллоҳга шу азоб туфайли гуноҳларим ювилган ҳолда етишсам!

Жарроҳ унинг бу гапидан сўнг мажбурлашдан фойда йўқлигини тушунди ва ишга киришди. Урванинг тепасига бир неча киши келиб турди. Урва бу ҳолни тушунмай, сўради: “Ким булар, нега тепамга келиб туришибди”?

–    Бу кишилар сизни ушлаб туриш учун келишди. Оғриқ кучайганида оёғингизни қаттиқ қимирлатиб юборишингиз ва бунинг оқибатида зарарланишингиз мумкин. Шундан сақланиш учун улар сизни ушлаб туришади.

–    Кетказиб юборинг! Мен уларга муҳтож эмасман. Ўша пайтда зикр ва тасбеҳ ила сабр қиламан!

Чексиз имон ва муҳаббатнинг меъваси бўлган бу сўзлар табибни йиғилганларни беихтиёр кетказишга ундади. Табиб ишга киришди. Биринчи бўлиб оёқ гўштини кесди. Суякка етканда аррани қўлга олиб, арралай бошлади. Урва эса шу пайтда тинмай: “Ла илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу Акбар” дер эди. Жарроҳ суякни кесишдан тўхтаган ва яна оёқнинг гўшт қисмига ўтгсан бўлсада, Урва ҳануз “Ла илаҳа иллаллоҳ! Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар!” дея зикр қилар ва бу даҳшатли азобга қиймати тенгсиз бир сабр кўрсатар эди. Урва ана шу Аллоҳ зикри ичра лаззат уммонига шўнғиган, даргоҳи илоҳийга зикр ва тасбеҳни қанот айлаб юзлангандек эди гўё. То оёғи тамомила кесиб олинмагунича таҳлил ва такбирдан тўхтамади. Табиблар темир идишда ёғ қайнатишга киришишди. Қонни тўхтатиш ва ярани тезроқ битириш учун Урванинг оёғи ёғ тўла идишга ботирилди. Шу пайт оғриқнинг беаёв зарбаси Урвани ҳушидан кетишга мажбур қилди. Бу ҳолга тушган Урва  анчагача ўзига кела олмади. Шу онда бу буюк тобеий нафақат ўз ҳушидан, балки шу кунги Аллоҳнинг китобини тиловат қилишдек улуғ ибодатдан ҳам айрилган эди. Мана шу биргина ҳолатда Урва йигитлик чоғидан то шу онгача тарк этмагани – ўша хайрли амалини тарк этди. Орадан маълум  вақт ўтиб, соғайиб бўлгач, кесиб ташланган оёғини сўради. Оёғини унга топширишди. Уни қўлига олгач, бир-икки айлантириб кўрди, унга маҳзун назар билан тикилиб турдида, сўнг шундай деди: “Мени тун қоронғусида масжидларга кўтариб олиб борган сен эмасмидинг? Дарҳақиқат Аллоҳ, сен билан ҳеч қачон харомга томон қадам ташламаганимни менданда яхши билгувчидир!” Сўзига илова тарзида Маън ибн Авснинг ушбу байтларини ўқиди:

Умр бўйи шубҳаю гумонга хеч ҳам,

Эй кафтим, билиб қўй, урмадим сени.

Фаҳшу  разолатга бошламагансан,

Ҳаётим чоғида оёғим мени.

Кўриш ё эшитиш орқали валек,

Йўналмадим асло бундай фасодга,

Фикру ёдим, бори бутун ақлим ҳам

Чорламади мени асло иснодга.

Биларман менга ҳеч офату  бало

Шу онгача асло йўлиқмади ҳеч,

Магар йўлиққанда, мендан аввал ҳам,

Дўстларга йўлиқди, толиқмади ҳеч!

Шундай азиз меҳмонининг бошига тушган мусибат Валид ибн Абдулмаликка қаттиқ таъсир қилди. Негаки Урва ибн аз Зубайр саноқли кунлар ичида ҳам фарзанду анжумандидан, ҳам ибодатларда меърож сари элтувчи бир оёғидан айрилди.  Урвага таъзия билдириб, унга сабр тоқат тилаган ҳолда дардига шерик бўлди. Сўнг саройида тўхтаб, жойлашган бани Абс қабиласидан бир жамоага дуч келди. Уларнинг орасида кўзи ожиз бир кишига тасодифан йўлиқиб қолди. Валид ибн Абдулмалик ундан кўзига нима қилганини сўради. Бояги киши бўлган воқеани айтиб берди:

“Эй мўминлар амири, Бани Абс қабиласида менданда бойроқ, менданда оиласи катта ва фарзандлари кўп киши йўқ эди. Бир куни оилам ва бойликларимни олиб бир водийга бордик. Бу водий қавмимиз маскан тутган жойдан четроқда эди. Бир пайт бирдан сел келди. Қутурган сув тўлқинлари бойликларимни ҳам, аҳлимни ҳам, болаларимни ҳам оқизиб кетди. Менда фақатгина бир дона туя, ҳамда кичкинагина, янги туғилган чақалоғим қолди холос. Туя ҳам қайсар эди, типирчилаб қўлимдан чиқиб кетди ва қоча бошлади. Боламни қўйиб, унинг ортидан чопдим. Бироз узоқлашишимни биламан, чақалоғимнинг чирқираган товуши водийни ларзага келтирди. Қайтиб келиб, не кўз билан кўрайки, бечора нуридийдамнинг бошчаси бир бўрининг жағлари остида тилка пора бўлаётган экан. У томон ташландим. Аммо боламни қутқара олмадим. Негаки бўри унинг мурғаккина танасини еб бўлаёзганди. Ноилож, минг ҳасратда яна туям томон ошиқтим. Туяга етай-етай деб қолганимда, тўсатдан юзимга қаттиқ тепди. Оёғи пешонамга тегиб, уни синдирди. Зарба таъсиридан кўзларим нуридан ҳам айрилдим. Шундай қилиб, бир кечанинг ўзида ҳам оиламдан, ҳам фарзандларимдан, ҳам молу  мулкимдан, ҳам кўз нуримдан жудо бўлдим”.

Воқеани тинглаган Абдулмалик ўз мулозимига буюрди: “Бу киши билан бирга меҳмонимиз олдига боргин! Ўзининг бошидан ўтган воқеаларни унга сўзлаб берсин. Урва ибн аз Зубайр одамлар орасида унданда каттароқ балоларга дучор бўлганлар ҳам борлигини билсинлар”.

     Орадан бироз вақт ўтиб Урва ибн аз Зубайрни Мадинага келтиришди. Оиласи ҳузурига олиб киришди. Урва кирар-кирмас оила аъзоларига қарата деди: “Сизлар кўриб турганингиз – менинг бу аҳволимдан қўрқиб кетманг! Зеро Аллоҳ азза ва жалла менга тўрт фарзанд берди, кейин эса бирини қайтариб олди ва қолган уччаловини қолдирди. Унга чексиз ҳамдлар бўлсин! Яна менга тўртта оёқ ва қўл берди. Сўнг улардан бирини қайтариб олди. Менга эса қолган учтасини қолдирди. Унга чексиз ҳамдлар бўлсин! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мендан камини олдию, кўпини қолдирди. Мени бир марта азоблаган бўлса, кўп маротаба омонлик берди”.

Бутун Мадина аҳли ўзларининг олими ва имоми бўлмиш Урва ибн аз Зубайрнинг қайтганидан ҳабар топишгач, унинг уйига ҳол-аҳвол сўраш ва дардига шерик бўлиш учун ёпирилиб кела бошлашди. Билдирилган таъзиялар ичра энг яхшиси Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳанинг сўзлари эди. У киши Урвага шундай деди: “Хушхабар, эй Абу Абдуллоҳ! Хушхабар! Сенинг аъзоларингдан ва фарзандларингдан бири сендан аввалроқ Жаннатга етишадиган бўлди! Қолганлари Ҳудо хоҳласа, ўз қисмларига етиб олишгай! Аллоҳ сенда биз уларга муҳтож бўлганимиз – илминг, фиқҳинг, ҳамда тафаккурингни сақлаб қолибди! Бизга ҳам сенга ҳам Аллоҳ булар билан манфаъат берсин! Аллоҳ ажрингни гўзал қилиб берсин! Ҳисобингни осон қилсин!”

 Урва ибн аз Зубайр мусулмонлар учун ҳидоят маёғи, ҳақиқий музаффарлик далили ва шу билан бирга бутун умри давомида яхшиликка чорловчи шахс бўлиб қолди.

Асосий эътиборини ўз фарзандлари, қолаверса бошқа мусулмон болаларига ҳам қаратди. Уларни тўғри йўлга йўллашга имкон бўлди дегунча ундан фойдаланар эди. Болаларга фойдали бўлган насиҳатларни қилишга фурсат бўлган бирор лаҳзани қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилди. У асосан фарзандларини илмга қизиқтиришга қаттиқ тиришди. Ўғилларига шундай дер эди: “Эй болаларим, илм олинглар! Илм олиш учун бор имкониятингизни бағишланг! Дарҳақиқат, агарки сизлар бир қавмнинг даражаси паст кишиларидан бўлсангиз, Аллоҳ сизларни илм туфайли уларнинг улуғи қилиб қўйишга қодир. Ҳайҳот! Дунёда жоҳил қарияданда хунукроқ нарса борми?”

Бундан ташқари фарзандларига садақани Аллоҳга берилган ҳадядек кўришни ўргатарди. Ва шу ўринда қуйидагича насиҳат қилар эди: “Эй дилбандларим, биронтангиз ўз қавмининг улуғига инъом этишга уялганини Аллоҳга инъом этмасин! Бас, албатта Аллоҳ Таоло улуғлар Улуғи ва саҳоватда беназир Зотдир. Албатта фақат Угина, унинг учун алоҳида бирон нарса бағишлашга энг лойиқ Зотдир!”

Урва ибн аз Зубайр одамлар борасида ҳам фарзандларига насиҳат қилар эди: “Биронта кишида яхши амални кўрсангиз, гарчи одамлар наздида ёмон киши бўлсада, ундан яхшиликни умид қилинг! Зероки унда яхшиликнинг давомчилари – шерик–биродарлари бўлади. Магарки, бирон бир кимсада ярамас бир ёмон одатни кўрсангиз, ундан эҳтиёт бўлинг! Гарчи одамлар наздида яхши киши бўлса ҳам! Негаки, унда ҳам ёмонликнинг бошқа турлари мавжуд бўлиши мумкин. Шуни билингки, яхшилик ўз давомчилари бўлмиш –  яхшиликка далолат қилади. Ёмонлик ҳам ўз шериклари бўлган – ёмонликларга далолат этади”.

    Урва ибн аз Зубайр фарзандларига гапга кўнувчанликни, чиройли сўзлашишни ва самимий чеҳрали бўлишни буюриб, бу ҳақида шундай дер эди: “Болаларим, ҳикмат китобларида ёзиладики: “Сўзларинг ёқимли, чеҳранг хушчақчақ бўлсанг, одамлар наздида уларга совға улашиб юрувчи кишиларданда севимлироқ бўласан”.

Шу билан бирга Урва ибн аз Зубайр дабдабага майли ортган ва ҳузур-ҳаловатда роҳатланиб юрганларни кўрганда, уларга Расулуллоҳ (с.а.в)нинг фақирона ва оғир кечган ҳаётларини бир эслатиб қўяр эди.

 Шу ҳақида ҳикоя қилиб Муҳаммад ибн Мункадир шундай дейди: “Урва ибн аз Зубайр бир куни мени учратиб қолди ва: “Эй Абдуллоҳнинг отаси”, деди. – Лаббай – дея жавоб бердим. – Онам Оишанинг олдиларига кирганимда: “Аллоҳга қасамки, биз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг уйларида қирқ кечалаб чироққа ҳам, қозонга ҳам олов ёқа олмай қолар эдик – деганларини эшитганман. Улардан: “Онажон, унда нима билан кун кўрар эдингиз ?“ дея сўраганимда ул зот – Хурмо ва  сув билан–деб жавоб берган эдилар”, деди.

Урва ибн аз Зубайр яхшиликлар билан лиммо-лим, эзгулигу  саҳоватга тўла, тақво тожи кийдирилган етмиш бир йиллик ҳаёт йўлини яшаб ўтди. Унинг муқаррар ажали етган маҳал, Азроил (а.с) уни рўзадор ҳолатда топди. Зеро оила аъзолари унга тановул қилиб олишни таклиф этишганда у рад этган эди. Ҳа, у рад этди. Чунки, хоҳлардики, унинг таоми Кавсар ҳовузи сувларидан баҳра олиш бўлсин! У хоҳлардики, ушбу сувни кумушдан бўлган идишларда, ҳурларнинг қўлларидан ичса! 

(Аллоҳ у зотдан рози бўлсин)

**Робе ибн Хусайм**

<<< Эй Язиднинг отаси! Агарда сени Расулуллоҳ (с.а.в) кўрганларида албатта яхши кўриб қолган бўлар эдилар >>>

{ Абдуллоҳ ибн Масъуд}

Ҳилол ибн Исоф  меҳмони Мунзир ас Саврийга: “Эй Мунзир! Сен билан бир нуроний одамникига бормаймизми? Бирор соат имонлашиб келардик”, деди. – Албатта, яхши бўларди. Аллоҳ ҳаққи, мени бу ерга сизнинг шайхингиз Робе ибн Хусаймга бўлган иштиёқим, у кишини кўришга бўлган қизиқишим, ҳамда имон даргоҳларида бирон соат бўлсада нафас олиш орзуси етаклаб келгандир. Лекин, бизнинг боришимиздан у кишини хабардор қилганмисан? Билишимча у киши фалажланиб қолганидан буён уйидан чиқа олмай қолган. Фақатгина Аллоҳнинг ибодатига берилган ҳолда умр ўтказмоқда экан. Одамлар билан кўришишни эса кўнгли ҳушламаётган эмиш.

–    У киши бутун Куфага танилганида ҳам шундай эди. Дарҳақиқат касаллик ундаги бирон нарсани ўзгартирмаган.

–    Қойил қолиш керак! Аммо шуниси ҳам борки, улардек улуғ ёшдаги қарияларнинг ўзларига яраша нозик табиати бўлади. Нима деб ўйлайсан, у кишининг олдига тезроқ бориб, ўзимиз мақсадимизни айтганимиз маъқулми, ё сукут сақлаб, унинг сўрашини кутганимизми?

–     Агар Робе ибн Хусайм билан тўлиқ бир йил бирга ўтирсанг ҳам, унга гапирмасанг, сенга у бирон сўз ҳам айтмайди. Ундан сўрамагунингча, сени хеч нимадан огоҳ этмайди. У ўз сўзларини зикрга ва сукутини фикрга айлантирган зотдир.

–    Қани кетдик бўлмаса унинг олдига, Аллоҳ суҳбатимизни баракали қилсин!

Икковлон қариянинг уйига боришди. Унинг ҳузурига изн сўраб киришгач ундан: “Ҳазрат қандай тонг оттирдингиз?” дея сўрашди. Қария шундай жавоб берди: “Заиф ва гуноҳкор ҳолимда, Аллоҳ берган ризқ билан озиқланиб, ўз ажалимни кутган ҳолда тонг оттирдим”. Ҳилол Робе ибн Хусаймга яна савол берди: “Куфага моҳир бир табиб келибди. Агар изн берсангиз уни олдингизга чақиртирар эдим”.

–    Эй Ҳилол! Мен давонинг ҳақлигини жуда яхши биламан. Мен Самуд, Од ва Рос аҳллари, ҳамда улар орасида яшаб ўтган кўплаб қавмлар ҳақида чуқур ўйладим. Уларнинг дунёга бўлган муҳаббатию дунё матоҳларига бўлган рағбатларига теран назар билан боқдим. Улар бизданда кучлироқ ва бизданда қудратлироқ эдилар. Улардан ҳам табиблар чиққан. Аммо даволовчи ҳам, даволанувчи ҳам омон қолмади.

 Чуқур бир уф тортган кўйи сўзида давом этди: “Агар бу ўша касаллик бўлганида эди, албатта биз ундан даволанган бўлар эдик”. Мунзир изн сўраган ҳолда гапга аралашди: “Ҳазратим, “у касаллик” деганингиз қандай касаллик”?

–    У касаллик гуноҳлардир.

–    Унинг давоси нима? 

–    Унинг давоси истиғфор.

–    Унинг шифоси қандай топилади?

–    Шифо тавба қилиб, шу ишга бошқа қайтмаслик билан топилади. Сўнг қаттиқ назар солдида,  яна сўзлай кетди - Сирлар.. Сирлар… Сизлар одамлардан яширган сирларингизга эҳтиёт бўлинг! Зеро  улар Аллоҳ ҳузурида очиқ-равшандир! Тезроқ уларнинг давосига киришинг!

–    Уларнинг давоси нима билан бўлади?

–    Тавбаи Насуҳ… Шу сўзларни базўр айтган қария хўнграб йиғлаб юборди. Шу қадар кўп йиғладики, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Мунзир униг бу ҳолидан ажабланиб: “Сиз шу ҳолингизда ҳам йиғлаяпсизми?”дея сўради.

–    Ҳайҳот, Ахир нега йиғламай? Шундай одамларни биламанки, бизлар уларнинг олдиларида ўғрилардекмиз. (Бунда саҳобийларни назарда тутган эди)

Ҳикояни ривоят қилаётган Ҳилол, сўзида давом этиб, шундай дейди: “Биз шу ҳолатда ўтирган ҳам эдикки, олдимизга Шайхнинг ўғли кириб келди ва: “Отажон, онам сиз учун мазали ширинлик тайёрлаб эдилар. Агар есангиз, хурсанд бўладилар. Олиб келайми?” дея сўради. – Келтирақол – дея жавоб берди шайх. Бола ширинликни олиб келиш учун чиқиб кетди. Шу пайт эшикни бир тиланчи тақиллатди. Шайх уни ичкарига олиб киришимизни буюрди. Уни ичкарига бошладик. Уйнинг саҳнига етканимизда, унга разм солдим. Ўрта ёшлардаги бир киши. Кийими йиртилган, сўлаги иягигача оқиб тушган бир одам. Унинг юз кўринишидан ақли расо одам эмаслиги маълум бўларди.

Ундан кўзимни узган ҳам эдимки, шайхнинг ўғли қўлида бир товоқ  ширинлик билан кириб келди. Отаси унга ишора қилиб деди: “Товоқни гадойга бер!” Ўғил ҳам отасининг амрига биноан ширинлик тўла товоқни гадойга берди. Гадой ҳам уни қўлига олиб, ея кетди. У овқатланар, сўлаги эса оқиб турарди. У ширинликни еб-еб, оҳири тугатиб қўйди. Буни кўрган ўғил отасига: “Аллоҳ раҳм қилсин сизга отажон! Онам машаққат чекиб сиз учун тайёрлаган эдилар бу ширинликни. Биз ҳам сизнинг бу ширинликдан ейишингизни хоҳлаётган эдик. Сиз эса уни ҳатто нима еяётганини ҳам билмаётган манави одамга едириб юбордингиз” -, деди. Шунда шайх унга шундай жавоб қайтарди: “Эй ўғлим! У билмаган тақдирда ҳам, Аллоҳ билиб турибди. Зеро Аллоҳ айтади: “Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка – Жаннатга етмагайсиз”. 

Шу пайтда яқинлардан бир киши унинг ҳузурига кирди ва: “Эй Язиднинг отаси! Фотима(унга саломлар бўлсин)нинг ўғли Хусайн(р.а) ўлдирилди” , деди. Робеъ буни эшитиб, маҳзун бир оҳангда: “Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта унгагина қайтгувчимиз!“ деди ва ушбу оятларни ўқиди: “Айтинг, эй осмонлар ва ерни яратгувчи зот, ёлғиз ўзинггина бандаларнинг ўртасида улар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида ҳукм қилурсан”. 

Шайхнинг бу жавоб ўрнида айтган гапи бояги кишини қониқтирмади ва яна қайта шайхдан сўради: “Унинг ўлдирилиши ҳақида нима дейсиз?”

 –  Мен улар бир кун Роббиларига қайтарилурлар ва Аллоҳнинг ўзи улар ўртасида ҳисоб-китоб қилажак дерман.

Ҳилол дейди: “Шу пайт қарасам пешин вақти кириб қолаёзган экан. Шайхдан менга насиҳат қилишини сўрадим. Шайх менинг сўровимни жавобсиз қолдирмади: “Эй Ҳилол, одамларнинг сен ҳақингда айтган мақтовларининг кўплиги сени алдаб қўймасин! Негаки халқ сенинг зоҳирингдан ўзгасини билмайди. Сен ўз амалингга кўра жавоб берасан. Ҳар бир иш, у орқали Аллоҳ ризоси исталмас экан, йўқ бўлиб кетгусидир.

–    Аллоҳ сизни яхшиликлар билан мукофотласин, менга ҳам насиҳат қилинг? – деди Мунзир. 

–    Эй Мунзир, билганларингга амал қилиш борасида Аллоҳдан қўрқ! Сендан махфий сақланганларига амал қилишда эса, уни билгувчи Зотга таваккал қил!

Эй Мунзир, сизлардан биронтангиз – Аллоҳим, сенга тавба қилдим – десаю кейин гуноҳ қилишдан тўхтамаса, унинг бу қилган тавбаси ёлғон бўлади. Шунинг учун бундай демасин. Балки – Аллоҳим, мени кечиргин – десин, ана шунда дуо бўлади. Эй Мунзир, шуни ҳам билки, Ла илаҳа иллаллоҳ дейиш, Аллоҳга ҳамд айтиш, Аллоҳни улуғлаш, уни мақташ, ундан ёмонликлардан сақлашини сўраб паноҳ тилаш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш, ҳамда Қуръони карим тиловатидан ўзга гапларнинг яхшилиги йўқдир! 

    Мунзир сўради:

–    Биз сиз билан шунча вақт бирга ўтирдигу аммо бирон марта шеърдан мисол келтирганингизни эшитмадик, ваҳоланки сизнинг баъзи дўстларингиз шеърлардан мисол келтиришларини кўрган эдик?

–    Сенинг бу дунёдаги ҳар бир гапинг борки, бари ёзиб олинур ва ўзингга қиёмат куни қайта ўқиб берилур! Мен эса ҳисоб кунида, номаи аъмолимдан шеърий байтларни топишни ва менга улар ўқиб берилишини хоҳламайман. 

Кейин иккимизга қарата деди:

–    Ўлимни эслашни кўпайтиринг! Чунки у кўзга кўринмаса ҳам доим келиши кутилувчидир. Дарҳақиқат унинг мавҳумлиги чўзилиб кетса, демак у келиш арафасида бўлади. Унинг соҳиби эса ўз ўлимини кутишдан ўзга чора топа олмайди.

 У кўз ёшларни артаркан, – Ахир эртанги кунимизга нима тайёрламоқдамиз? – деди ва сўзларига ушбу оятни илова қилди: “Қачон Ер зилзиласига тушиб, барча нарса чил-парчин қилинганида, Парвардигорингизнинг ҳукми ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда. (Кофирлар кўришлари учун) ўша Жаҳаннамни ҳам яқин келтириб қўйилганда”.  

Робе ибн Хусайм ушбу оятларни тиловат қилиб бўлгани ҳамоно Пешин намозига азон айтилиб қолди. Робе ўғлининг олдига йўналди ва: “Қани кетдик, Аллоҳнинг чорловчисига жавоб берайлик”, деди. Унинг ўғли биздан: “Ҳудо хайрингизни берсин, отамни масжидга олиб боришга ёрдам беринг?” деб илтимос қилди. Биз уни кўтариб олдик. Ўнг қўлини ўғлининг елкасига, чап қўлини  эса менинг елкамга қўйди. Орамизда осилган ҳолда кетар, оёқлари ерда бетартиб чизиқлар чизар эди. Мунзир унга деди: “Эй Язиднинг отаси! Аллоҳ сизга уйингизда намоз ўқишингиз учун рухсат берганку, уйда намоз ўқисангиз бўлмайдими”?  Робе деди: “Сенинг гапинг тўғри. Бироқ мен “нажот сари келинглар”, “нажот сари келинглар” деб чорлаётган кимсанинг чақириғини эшитдим. Кимки муаззиннинг нажот сари чорлаганини эшитса, қорни ва икки қўли билан судралиб бўлса ҳам борсин”!

Энди келинг, бир ўрганайлик! Бу Робеъ ибн Хусайм ким эди?..

У тобеъинлар байроқлари узра бир байроқдир. Ҳақиқий тақво улар даврида интиҳо топган саккиз кишидан биридир. Ҳақиқий арабий бир киши. Насл-насаби асл Мудорликдир. Расулуллоҳ (с.а.в) билан икки бобоси – Илёс ва Мудорлар орқали боғланади. Ёшлик чоғидан Аллоҳнинг тоат-ибодати ичра улғайди.  Кичиклигиданоқ нафс борасида Аллоҳга тақво қилиш учун тиришди. Онаси кечаси ухлагани ётар, уйғонгач эса ўсмир ёшидаги ўғлини ҳали ҳам ўз меҳробида, намоз ўқиётган ҳолда, Аллоҳга муножот қилаётган, тасбеҳлар айтиб, намозига шўнғиб кетган бир ҳолда кўрар эди. Онаси унга: “Ҳой Робе, ухламайсанми ўғлим”? дер, ўғли эса: “Ахир қоронғу тушган вақт, тунги босқинчиликдан қўрққан одам қандай ухлайди? – дея жавоб берарди. Бундан таъсирланган қари кампирнинг юзларига мунчоқ кўз ёшлари юмалаб тушар ва унинг ҳаққига дуолар қилар эди. Робе улғайиб, ўса бошлагани сайин ундаги дину диёнат ҳам Аллоҳдан қўрқиш ҳисси билан йўғрилган ҳолда алангаланар эди. Унинг тун қоронғусида ҳўнграб йиғлашларининг кучи ва тавба-тазарруларининг кўплиги онасини ташвишга солди. У ўғли ҳақида ҳар хил ҳаёлларга бора бошлади. Энди унинг бу ҳолати хусусида чуқурроқ ўйламаса бўлмайдиган бўлиб қолди. Зероки ундан бошқа барча одам ширин уйқуда эди. Онаси ўғлини чақириб: “Сенга нима бўлди болам? Бирор гуноҳ иш қилиб қўйдингми, гўё бировни ўлдириб қўйгандек бунчалар тавба-тазарруга берилдинг?” дея сўради. Робе жавоб берди: “Ҳа, онажон гапингиз тўғри. Мен бир нафсни ўлдирдим”. Она ҳайратдан донг қотди. Сўнг бетоқатланиб яна сўради: “Ким у ўлдирган одаминг болам? Айтақол, шояд одамларни унинг уйига юборсак ва унинг оиласи сени авф этса! Аллоҳга қасамки, агар улар сенинг бундай йиғлаб, азоб чекаётганинг ва кечалари бедорлик туфайли озорланишингни кўришса, албатта сени кечириб юборишади”.

Аммо Робе: “Ҳеч кимга гапириб ўтирманг! Мен ўз нафсимни ўлдирдим! Уни гуноҳлар ила ўлдирдим”, деди.

    Робе ибн Хусайм Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳидоят ва йўналишда энг яқин саҳобийларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а)га шогирд тушди. Устози билан гўё фарзанд онаси билан боғлангандек – қаттиқ боғланиб қолди. Устози ҳам шогирдини ота ўз фарзандини яхши кўрганидек яхши кўрарди. Ўрталаридаги яқинлик шу даражада эдики, Робе Абдуллоҳ ибн Масъуднинг олдиларига рухсат сўрамай кираверар эди. У киши Абдуллоҳнинг олдиларида бўлган чоғида бирон кишига киришга изн берилмас эди. Ибн Масъуд (р.а) ҳам Робенинг нафсида мусаффоликни кўрар, қалибининг тозалигию ибодатларининг аъло даражадалигини пайқар, унинг Расулуллоҳ (с.а.в) замонларидан кечроқ туғилганлиги ва суҳбатларидан бебаҳра қолгани сабабли қалби афсусга тўлар эди. Айнан шу хусусда унга: “Эй Язиднинг отаси, агар Расулуллоҳ (с.а.в) сени кўрганларида, шак-шубҳасиз сени яхши кўриб қолган бўлар эдилар !” деган эди. Бунга яна шу жумлани қўшимча қилар эди: “Сени бир кўрдиму, дарҳол Аллоҳнинг итоаткор, мўмин бандалари ёдимга  тушиб кетди”.

Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ушбу жумлалари ҳеч бир муболағасиз эди. Зеро Робе ибн Хусайм хушуъда, диндорликда, ҳамда тақвода шундай бир мақомда эдики, у зотнинг қавмидан бирон киши ундан даражада устун бўлиши амри маҳол эди. 

Ундан шундай маълумотлар қолдики, улар билан тарих зарварақлари порлагай! Шундай ривоятлардан бирини у кишининг бир дўсти ҳикоя қилади: “Мен йигирма йил давомида Робе ибн Хусайм билан дўст бўлдим ва бирон марта Аллоҳ ҳузурига кўтарилувчи хуш сўздан бошқасини сўзлаганини эшитмадим. Сўнг ушбу оятни ўқиди: “Ҳар бир ҳуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам Оллоҳ ўз даргоҳига кўтарур”. 

Абдурраҳмон ибн Ажлон Робе ибн Хусайм ҳақида шундай дейди: “Бир куни Робеникида тунаб қолдим. Менинг ухлаганимга ишончи комил бўлгач намозга турди. Қуръондан ушбу оятларни ўқий бошлади: “Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар, Биз уларни дунёда ҳам имон келтирган, яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар! Нақадар ёмон ҳукм қилурлар-а!”  

Бутун тунни намоз ўқиган ҳолда ўтказди. Намозни бошлар, сўнг тугатиб бўлиб, яна қайтарар эди. То бомдод вақти киргунча шундай  ҳолда, кўзлари ёшлар билан суғорилиб намоз ўқиди”…

Ҳа, Робе ибн Хусаймнинг Аллоҳдан нақадар қўрқиши ва хушуълари ҳақида кўплаб маълумотлар келтириш мумкин. Келинг, яна бир ҳикояни тинглаймиз. У кишининг дўстлари ҳикоя қилишади: “Бир куни Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а)нинг суҳбатларидан чиқдик. Биз билан бирга Робе ибн Хусайм ҳам бор эди. Фрот денгизининг қирғоғига етганимизда бир катта ўрага дуч келдик. Ичида олов гуриллаб ёнарди. Ҳар томонга учқуни сачрар, алангаси кўкка кўтарилиб, гуриллаган товуш шундоқ эштилиб турар эди. Ўрага оҳак тайёрлаш учун тош ташлаб, ёндирилаётган эди. Робе оловни кўрган заҳоти, жойида тўхтаб қолди. Қаттиқ қалтираб кетди. Сўнгра ушбу оятни ўқиди: “Дўзах уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг ҳайқириқ ва бўкиригини эшитурлар. Қачон улар кишанланган ҳолларида дўзахдан бир жойга ташланганларида, ўша жойда ўзларига ўлим тилаб қолурлар” .

Кейин эса хушидан кетиб қолди. То ўзига келгунича у билан бирга биз ҳам ўша ерда турдик. Ўзига келгач, биргаликда унинг уйига кетдик”.

Шундай қилиб Робе ибн Хусайм умр бўйи ўлимга ҳозирланиб, Аллоҳга юзма-юз бўладиган кунга тайёрланиб яшади. Ўлим они келганда қизи унинг устида йиғлаб турар эди. Робе қизига қараб: “Қизалоғим, отангга Яхшилик рўбарў бўлаётган бир вақтда нега ёш тўкяпсан?” деди. Кейин эса сокинлик ила Руҳини уни йўқдан бор қилган Буюк Яратгувчисига топширди.

{Аллоҳ ул зотни Раҳмати илоҳийсига олсин}

**Иёс ибн Муовия ал-Музаний**

<< Амр ибн Каъбнинг мардлиги, Ҳатим ат Тоийнинг саҳовати , Аҳнаф ибн Қайснинг ҳалимлиги, ҳамда Иёс ибн Муовия ал-Музанийнинг ақл-заковати у киши(Аҳмад ибн Мўтасим)да мужассамдир>>

 {Абу Таммом}

Мўминлар амири Умар ибн Абдулазизнинг кўзларига ўшу тунда уйқу келмади. Кўнгли эса ҳечам хотиржам бўла олмади. Дамашқда ўтган  бундай совуқ тунда унинг ҳаёлини чулғаган нарса Басрада одамлар ўртасида адолат меъзонлари ила – Аллоҳ нозил қилган шариатга кўра ҳукм қиладиган, ҳақиқат йўлида ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч қандай майлга берилмай ҳукм қиладиган қози тайинлаш масаласи эди.

    Ва ниҳоят  бу масалада динда фақиҳ, ҳақиқат йўлида қатъиятли, тиниқ фикрли, ҳамда ўткир қарашлари жиҳатидан чопқир отлар мисоли бир-бирига тенг бўлган икки кишини танлади. Уларнинг биронтасида кишини музаффар қилувчи бир ҳислатни кўрса, бошқасида шу ҳислатга муқобил бошқа бир сифатни кўрар эди. Тонг отгач, Ироқдаги ҳокими бўлмиш Одий ибн Артоҳни ҳузурига чорлади. Ҳоким Дамашққа етиб келгач  унга деди: “Эй Одий, Иёс ибн Муовия, ҳамда Қосим ибн Робиани ҳузурингга чорла. Улар билан Басра қозилиги хусусида маслаҳатлаш! Сўнг улардан бирини қозиликка тайинлайсан!”

–    Амрингиз бош устига эй мўминлар амири!

Одий ибн Артоҳ Иёс ибн Муовия ва Қосим ибн Робиани ҳузурига чорлади. Уларга қарата шундай деди: “Мўминлар амири-Аллоҳ умрларини узоқ қилган бўлсин-менга иккингиздан бирингизни Басра қозиси этиб тайинлашимни буюрдилар. Сизлар нима дейсизлар?” Бу гапни эшитган иккала олим ҳам бир-бирларини тавсия эта бошлашди. Турфа таърифу тавсифалар билан ўз шерикларининг бу мансабга лойиқроқ эканини англатишга уринишарди. Бир-бирларининг фазилатлари, илмлари ва шу билан бирга фақиҳликларини  ҳам уқтириб ўтишарди. Улардаги бу ҳолни кўрган Одий: “То бу масала ҳал бўлмас экан, ҳузуримдан ҳеч қаерга кетмайсизлар!” деди. Унинг бу қатъиятли қароридан кейин, Иёс ибн Муовия сўз олди: “Эй амир, сиз яхшиси, мен ва Қосим ҳақида Ироқнинг икки фақиҳи бўлмиш – Ҳасан ал-Басрий ва Муҳаммад ибн Сийрийндан сўранг! Ана ўшалар бизни фарқлай олишда одамларнинг энг ҳақлисидирлар”. У кишининг бундай йўл тутишининг ўзига яраша сабаби бор эди. Чунки Қосим ибн Робиа ўша зотларнинг зиёратларига бориб турар, улар ҳам Қосимнинг зиёратига келиб, имонлашиб туришар эди. Иёс эса улар билан ҳеч қандай муомала қилмаган, улар орасида бир-бирларини боғлаб турувчи бирор бир восита йўқ эди. (Улардан сўралса, албатта Қосим ибн Робиани тавсия этишлари тайин эди) Бас, Қосим буни сезиб қолди ва Иёснинг уни қозиликни қабул қилишга мажбурлаб қўяётганини тушунди. Бунинг олдини олиш мақсадида амирга қараб: “Эй амир! Мен ҳақимда ҳам, Иёс ҳақида ҳам ҳеч кимдан сўраб ўтирманг! Шериги ва тенги бўлмаган Аллоҳ ҳаққи қасам ичаманки, Иёс Аллоҳнинг динида менданда фақиҳроқ ва қозиликда менданда олимроқдир! Агар ёлғон қасам ичаётган бўлсам, мен ёлғон гапиришдек ёмон ишни қилган бўламан. Унда шундоқ ҳам мени қозиликка тайинлашингиз тўғри бўлмайди. Агар ростгўй бўлсам, сизнинг фазли улуғ кимса туриб, кам фазилатли одамни танлашингиз мумкин эмас”, деди. Бу гаплардан сўнг Иёс ибн Муовия амирга юзланди ва деди: “Эй амир! Сиз бир кишини ҳузурингизга чақириб, қозиликни тавсия этиш билан уни жаҳаннамнинг ёқасига олиб келиб қўйдингиз! У эса ўзини ёлғон қасам ичиб бўлсада жаҳаннамдан қутқарди. Аллоҳдан айтган ёлғони учун кечиришини сўрашни ҳам кечиктирмади. Ҳамда ўзи қўрққан нарсасидан нажот топди”. У кишининг бу сўзларини эшитган Одий: “Қозилик учун энг маъқул ва муносиб одам сиз каби фаросатда беназир одамдир”, дея у зотга тан берди ва  Басра қозиси этиб тайинлади.

Ўзи тақвода одамларга ўрнак бўлган  Умар ибн Абдулазиз Басра қозилигига тайинланган бу шахс асли ким эди? Келинг, у зотнинг ҳаётлари билан яқинроқ танишиб чиқамиз.

Ҳатим ат Тоийнинг саҳийлиги, Аҳнаф ибн Қайснинг юмшоқ феъли ва Амр ибн Муъдий Карибнинг жасорати ҳақида қанчалик кўп хабарлар тарқалган бўлса, бу инсоннинг ақлу заковати, ҳамда фаросати ҳақида ҳам ҳудди шу қадар кўп маълумотлар мавжуд. Абу Таммом бунинг далили ўлароқ  Аҳмад ибн Мўтасимни мадҳ қилиб шундай дейди: “У кишида Амрнинг жасорати, Ҳатимнинг саҳийлиги, Аҳнафнинг юмшоқ феъли ва Иёснинг ақл-заковати мужассамдир”.

Келинг, у кишининг ҳаётлари ҳақидаги ҳикояни бошидан бошлаймиз.

Бу кишининг ҳаёт йўли инсонни лол қолдирувчи, ноёб кўринишли ҳаёт йўлларидан биридир.

Иёс ибн Муовия ибн Қурра ал-Музаний Нажд диёрининг Ямома деган жойида, ҳижратнинг 46-йилида таваллуд топди. Кейинчалик оилалари билан Басрага кўчиб кетишди, сўнг ёш Иёс ўша ерда ўсиб улғаяди ва таълим олди. Йигит ёшига етганида Дамашққа бориб, у ердаги Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳали ҳаёт саҳобийларидан, ҳамда улуғ тобеийлардан илм олди. Иёснинг ёшлик чоғидаёқ, у кишининг ноёб қобилиятлари, ҳамда ақл-заковатларининг аломатлари зоҳир бўла бошлаган эди. Ҳали ёшгина бола бўлсада одамлар у ҳақидаги хабарларни ўзаро айтиб юришар эди. Ривоят қилинадики, Иёс  зиммийлардан бўлган бир яҳудийнинг бошланғич мактабида ҳисоб илмидан дарс олар эди. Бир куни устозининг яҳудий дўстлари унинг ҳузурида йиғилишди ва диний масалалар ҳақида сўзлаша бошлашди. Иёс эса уларга билдирмай суҳбатларини тинглаб турарди. Бир пайт ўқитувчиси дўстларига шундай деб қолди: “Мен шу мусулмонларга ҳайронман. Улар Жаннатда овқатланамизку, аммо ҳожат чиқармаймиз, деб даъво қиладилар-а!” Бу гапни зимдан эшитиб турган Иёс уларнинг олдига кирди ва тўппа-тўғри устозига юзланди: “Эй, устоз! Сизлар боядан бери жавраётган ушбу масалага мен ойдинлик киритсам, нима дейсиз?”

–    Майли, айтақол!

–    Бу дунёда еган таомингизнинг барчаси чиқинди сифатида чиқиб кетадими?

–    Йўқ.

–    Унда чиқиб кетмайдиган қисми қаерга кетади?

–    Озуқа сифатида ҳазм бўлиб кетадида, бошқа нима ҳам бўларди?

–    Бу дунёда еганларимизнинг бир қисми озуқага айланиб, танамизга сингиб кетганда, нега Жаннатга тушгач ҳаммаси ҳазм бўлмасин? Нимага асосланиб буни рад этасиз? 

Бу гапни эшитган яҳудий енгилганига чидай олмай, бир тутоқиб, сўнгра шогирдига қўли билан ишора қилиб: “Аллоҳ сени ёшлигингдаёқ яксон қилсин! ”, дея қарғаб юборган экан.

Ана шу йигитча йилдан-йилга улғайиб, ҳам илми, ҳам фаросати юксала борди. У қаерга бормасин, у билан бирга унинг ақлу заковати ҳақидаги хабарлар ҳам эргашиб борар эди. Ривоят қилинадики, у ёшлигида Дамашққа келди. Дамашқда шу ерлик бир шайх билан фиқҳий бир масалада тортишиб қолди. Унинг келтирган далил-ҳужжатларидан қониқмаган Иёс уни қозихонага олиб борди. Қози ҳузурида суҳбатлаша туриб, Иёс қизишиб кетди ва рақибига баланд овозда гапириб юборди. Шу пайт қози унга: “Эй бола, овозингни пастроқ қил! Сен тортишаётган киши ёши ва ҳурмати улуғ одамдир”, деди. – Шундайкуя, лекин ҳақиқат унданда устунроқку – дея жавоб берди Иёс.

– Жим бўл –, дея дўқ урди қози дарғазаб бўлиб. 

–    Хўп, агар мен жим бўлсам, менинг далил-ҳужжатларим ҳақида ким сўзлайди?

Бу гапни эшитган қозининг фиғони фалакка чиқди. Кейин Иёсга қараб: “Сен ўзи қозиҳонага келганингдан буён бўлар бўлмас гапларни гипиряпсан!” деди. 

–    Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу... {Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, у яккаю-ягонадир ва унинг бирон шериги йўқдир!} Бу ҳақиқатми, ё бўлмаса бу ҳам бўлмаган гапми?

(Ана шу савол ғазаб ўтида ёниб турган қозининг юрагига раҳмат сувларини сепгандек, мингашиб олган ғазаб отининг жиловидан аста тутиб, уни сокинлик шароби билан суғоргандек бўлди.) Қози бироз жим турдида, сўнг: “Ҳақиқат! Каъбанинг Роббига қасамки, ҳақ сўзладинг”, деди.

Шундай қилиб ёш Музаний илмга қаттиқ берилиб кетди. Илм дарёсидан Аллоҳ берган гўзал бир даражада сипқорди. У илмда шундай бир даражада эдики, ёшлигига қарамай, ёши улуғ кексалар унга дин ишларида бўйсунар, уни ўзларига имом этиб, унга шогирдликка ҳам тушишарди.

Абдулмалик ибн Марвон халифа бўлишидан аввал, бир йили Басрага келганида ўрта ёшга етган, ҳали мўйлаби ҳам сабза урмаган Иёсни кўрди. Унинг ортида тўртта соқол қўйган, яшил тилсон1 кийган қорилар бўлиб, ўзи эса улардан олдинда юрарди. Абдулмалик уларга қараб: “Бу соқолли кимсаларга қойил қолмадим. Улар орасида улардан олдинда юришга лойиқ кексароқ киши йўқми, мана шу ёш болани олдинга чиқариб қўйишмаса?” , деди.

Сўнг Иёсдан сўради: “Эй бола, ёшинг нечада?”

–    Аллоҳ ҳукмронлигингизни давомли қилсин, менинг ёшим Расулуллоҳ (с.а.в) Абу Бакр ва Умар (р.а)лар мавжуд лашкарга Усома ибн Зайд(р.а)ни лашкарбоши этиб тайинлаганларидаги Усоманинг ёшлари билан тенг. (Ўша вақтда Усома (р.а)нинг ёши йигирмага етмаган эди)

 Абдулмалик ибн Марвон уни тинглаб бўлгач: “Олдинга ўт болакай! Ўтақол! Баракалла”, деб қўйди.

Бошқа бир йили одамлар Рамазон ҳилолини кўриш учун йиғилишди. Уларга улуғ саҳобий – Анас ибн Молик(р.а) бошчилик қилдилар. Ўшанда бу саҳобийнинг ёшлари юзга яқинлашиб қолган эди. Одамлар ойни кўриш учун самога тикилиб қарар эдилар. Осмон гумбазининг ҳар тарафини кўздан кечириб чиқдилар, аммо ҳеч нима кўринмади. Лекин бир пайт Анас ибн Молик(р.а) осмондаги бир нуқтага кўзларини тикиб: “Ана у. Мен ойни кўрдим. Ҳув ана турибди” , дея у ерга ишора қила бошладилар. Одамлар у киши кўрсатган тарафга ҳарчанд тикилишмасин, ҳеч нима кўришмади. Иёс ибн Муовия нега бундай бўляпти дегандек Анас ибн Моликка разм солди. Кўрдики, бир соч қошларидан кўзларининг устига эгилиб, тушиб турган экан. Саҳобийдан одоб билан изн сўраб, қўлларини аста чўзиб, бояги соч толасини олиб ташлади. Кейин: “Эй Расулуллоҳнинг (с.а.в) саҳобийи, ҳали ҳам ойни кўряпсизми?” дея сўради. Шунда Анас (р.а) бошқаттан бир қарадиларда: “Йўқ, энди кўрмаяпман, энди кўрмаяпман” , дея жавоб бердилар.

Иёс ибн Муовия заковатининг таърифи кундан-кунга жуда кенг тарқаларди. Одамлар ҳар тарафдан унинг олдига келар, унга илмда ва диний масалаларда дуч келган муаммоларини арз этишар эди. Уларнинг баъзилари маърифат истаб келар, яна баъзилари бўлмағур нарсаларни талашиб, Иёсни ожиз қолдириш умидида келар эдилар. Шу ҳақида ҳикоя қилинадики: Бир қавмнинг пешвоси Иёс ибн Муовиянинг олдига келди. У кишидан: “Эй Воиланинг отаси, маст қилувчи ичимликнинг ҳукми нима?” дея сўради. – Харом – дея жавоб берилди. Шунда бояги киши яна сўради: “Унинг харом бўлиш сабаби нима? Ахир у меъва ва сувнинг қайнатилишидан ҳосил бўладиган нарсаку. Бу нарсалар эса мубоҳ бўлса?”.

 “Эй раис, сўзингни тугатиб бўлдингми, ё яна у-бу нарса демоқчимисан?” деди Иёс ибн Муовия.

     – Йўқ, бўлдим.

     Энди Иёс сўз бошлади:

     –  Агар кафтимга сув олиб, уни сенга сепсам, оғритадими?

–    Йўқ.

–    Агар бир ҳовуч турпоқ олиб, уни ҳам сепсам, у-чи, оғритадими?

–    Йўқ.

–    Агар бир сиқим сомон билан сени урсам, оғриқ сезасанми?

–    Йўқ.

–    Энди агар тупроқни олсам, сўнг унга сомон қўшсам, кейин устидан сув қуйиб, яхшилаб аралаштирсамда, тайёр бўлган гувалани қуёшга қотиши учун қўйиб қўйсам. Қуригач ўша ғишт билан сени урсам, оғритадими?

–    Ия, оғриш тугул, ўлдириб қўясанку!

–    Бас, хамр  ҳам шундай. Унинг таркибидаги нарсалар йиғилиб, хамр ҳосил қилинса ҳаромга айланади.

Иёс ибн Муовия қози этиб тайинлангач, ҳақиқатни аниқлаш борасидаги ноёб қобилиятлари, ақлли тадбирлари, бундан ташқари кучли ақл-заковатини тасдиқловчи кўплаб ҳодисаларга дуч келди. Мисол учун: Бир куни икки киши тортишиб қолиб, қозининг ҳузурига келишди. Уларнинг бири шеригига молини сақлаб туриш учун топширгани, молини талаб қилган пайтида эса шериги ундан мол олганини рад этиб, бермаётганини даъво қиларди. Иёс айбланаётган кишидан бу ҳақида сўраганида, у киши рад этди ва: “Агар бу кишининг далили бўлса, марҳамат келирсин! Ёки мен қасам ичишим ҳам мумкин”, деди.

Бу кишининг ёлғон онт ичиш билан бировнинг молини еб кетишидан қўрққан Иёс, даъвогардан айнан қаерда пулини топширганини сўради. Даъвогар - Фалон - фалон ерда – деб қаерда топширганини аниқ айтиб берди. Иёс ибн Муовия яна сўради:

–    Ўша ерда нима бор эди?

–    Катта бир дарахт бор эди. Унинг соясида ўтириб бирга овқатландик. Кетишдан аввл унга пулни топширдим.

–    Ундай бўлса ўша дарахт олдига бор! Шоядки, етиб боргач пулни қаерга қўйганингни ва уни нима қилганингни эслатса. Кейин қайтиб келиб, менга кўрганларингни айтиб берасан!

Даъвогар ўша жойга кетди. Иёс эса қолган кишига даъвогар келгунича шу ерда ўтириб туришини буюрди. Кейин эса олдидаги даъволашиб келган бошқа одамларга юзланди. Ўша кишилар ўртасида ҳукм қилишга киришди. Аммо шу орада кўз қирлари билан қозихонада қолган кишига билдирмайгина қараб қўяр эди. Бир гал қараса бояги одам тинчланган ва анча хотиржам бўлиб қолибди. Шунда унга дабдурустдан: “Нима деб ўйлайсан, дўстинг сенга пул берган жойга етиб бордимикан?” деб қолди. Ҳалиги киши ҳеч тарқаддудланмай: “Йўғе, у ер анча узоқда. Ҳали етиб бормаганов”,-деб юборди. Шунда Иёс унга деди: “Эй Аллоҳнинг душмани, пулни олган ерингни биласану, аммо пулни олганингни рад этасанми? Аллоҳга қасамки, сен ғирт хоинсан!” Бояги киши эсанкираб қолди. Нима деб қўйганини энди-енди тушунаётган эди. Энди хиёнатига иқрор бўлишдан ўзга чораси қолмади. Иёс унинг дўсти келгунича ҳисоб-китобини қилиб қўйди ва дўсти келгач пулни қайтаришни буюрди.

Бошқа бир ривоятда айтиладики, бир куни икки киши қатифа  масаласида талашиб қолдилар. У қатифанинг бири яшил рангли, қимматбаҳо ва янги бўлиб, яна бири қизил рангли, арзон қатифа эди. Даъвогар бўлган воқеани ҳикоя қила кетди: “Мен ҳовузга чўмилиш учун тушдим. Яшил рангли қатифамни ечиб, ҳовузнинг четига қўйдим. Манави одам ҳам келиб, қизил рангли қатифасини ечиб, меникининг ёнига қўйдида, сўнг сувга тушди. У мендан олдин ҳовуздан чиқди. Кийимларини кийиб бўлгач, менинг қатифамни олдида, бошига кийиб кетиб қола бошлади. Унинг бу ишини кўриб, мен ҳам шоша-пиша ҳовуздан чиқдим. Унга етиб олиб, қатифамни талаб қилдим. У эса қатифани ўзиники деб туриб олди”.

Иёс айбланувчига: “Сен нима дейсан?” деди. Нариги киши: “Бу менинг қатифам, уники эмас. Шунинг учун ҳам ҳозир менинг қўлимда турибди, унда эмас”, дея жавоб берди. Иёс ибн Муовия даъвогардан: “Бирор исботинг борми?” дея сўради. – Йўқ – деди даъвогар. Кейин қози ҳизматкорларига тароқ олиб келишни буюрди. Тароқ келтирилгач иккала кишининг ҳам сочини тараб кўрди.

 Бирининг бошидан қизил қатифанинг бир бўлак мўйи, яна бириникидан эса яшил қатифадан тушиб қолган яшил мўй чиқди. Кейин у бошидан қизил мўй чиққан одамга қизил қатифани, яшил мўй чиққанига эса яшил қатифани топширган экан.

Унинг ақлу заковати ҳақидаги яна бир ҳикояда келадики, Куфада одамларга яхшиликлари, ҳудожўйлиги, ҳамда тақвоси билан танилган бир одам бор эди. Унинг довруғи шу даражада кенг ёйилган эдики, ҳатто баъзи одамлар у кишини ишончли санаб, сафар қилсалар мол-мулкларини унга топшириб кетар, ўлими яқинлашиб қолганини ҳис қилган одамлар уни болаларига васий этиб тайинлар эдилар. Кунлардан бир кун унинг олдига бир киши келди ва унга сақлаб туриш учун молини ташлаб кетди. Орадан вақт ўтиб, ўша мол-мулкига муҳтож бўлган пайт, бориб молини сўраган эди, у киши олган омонатидан тонди. Бояги киши Иёс ал Музанийга шикоят қилди. Воқеани тинглагач, қози ундан: “У киши сени менинг олдимга келишингни билдими?” деб сўради.  – Йўқ, билмади – деган жавоб олди. Сўнг унга: “Ундай бўлса ҳозир ортингга қайтгинда, олдимга эртага кел!” деди. Даъвогар уйига қайтиб кетди. Иёс ибн Муовия эса омонатни олган кишига одам юборди ва у келгач: “Менда кўп миқдорда пул йиғилиб қолган. Бу пуллар етимларга тегишли бўлиб, уларнинг кафили йўқ. Шу пулларни сенга ишониб топширсамми деб турибман. Шу билан бирга сени уларга васий этиб тайинлаш ниятим ҳам бор. Шунинг учун уйингдан бир беҳавотир жойни ва вақтингни ажрата оласанми?“ деб сўради.

–    Ҳа эй қози жаноблари, албатта – деган жавоб отилиб чиқди бояги кишининг оғзидан. 

–    Ундай бўлса, индинга менинг олдимга келгин! Мол учун жой  тайёрла! Ўзинг билан ҳаммолларни ҳам олиб ол! Улар кўтариб кетишади. 

Эртанги кун келгач даъвогар яна қози ҳузурига келди. Қози унга: “Омонатингни олгани бор! Ундан молингни талаб қил! Агар беришни истамаса, - Устингдан қозига шикоят қиламан – дегин”, деб буюрди. Даъвогар қозихонадан чиқиб, бояги кишиникига борди. Ундан яна пулларини талаб қилди. Кутилганидек у одам ҳам пулларни беришдан бош тортди. Шунда даъвогар киши: “Агар пулимни бермасанг, қозига шикоят қиламан”, деди. Бу гапни эшитган нариги одам қози ваъда қилган пуллардан айрилиб қолишдан қўрқиб, дарров унинг пулларини қайтарди ва кўнглини тинчлантирди. Даъвогар Иёс ибн Муовиянинг олдига қайтиб борди ва шундай деди:  “Мен ҳаққимни олдим, Аллоҳ ажрингизни гўзал қилиб берсин!”

Келишилган кун келиб, омонатдор киши ўзи билан ҳамолларни олиб қози ҳузурига келди. Иёс ибн Муовия эса уни ҳақоратлар билан ҳайдаб солди. Шу аснода унга қуйидагича танбеҳ берди: “Сен нақадар ёмон кишисан-а! Эй Аллоҳнинг душмани! Шу дунёйинг учун динни тирикчилик манбаига айлантириб олибсан!” (Шу тарзда омонатга хиёнат қилган бояги киши ҳеч вақосиз уйига қайтган экан.)

Буни қарангки, Иёс ибн Муовия шу даражадаги ақлу заковати, кучли сўзомонлиги ва бетакрор топқирлигига қарамай, ҳаёти давомида ҳужжатларига ҳужжат билан жавоб берадиган ва жавоб топа олмас даражада мот қилиб қўядиган одамга ҳам дуч келган экан. Шу ҳақда Иёс ибн Муовия ал-Музанийниг ўзларидан ҳикоя қилинади: “Мени шу давргача ҳеч ким мағлуб эта олмаган эди. Фақатгина бир кишидан бошқа. Басрада қозилик маҳкамасида ўтириб эдим. Олдимга бир киши кирдида, фалон-фалон боғнинг фалон кишига тегишли эканига гувоҳлик бериб, уни менга белгилаб ҳам берди. Унинг гувоҳлигини синаш мақсадида: “Боғда қанча дарахт бор эди?” дея сўрадим. У эса бир муддат бошини қуйи солганча жим ўтирдида, сўнг бошини кўтариб менга: “Қози жаноблари бу маҳкамада неча йилдан бери қозилик қиладилар?” деди. – Фалон йилдан бери – деб жавоб бердим мен. Шунда гувоҳ менга деди: “Унда айтингчи, бу маҳкама пештоқидаги ёғочлар сони қанча?” Табиийки, мен пештоқдаги ёғочлар сонини билолмадим. Кейин унга тан бериб: “Сен ҳақсан”, дедим ва гувоҳлигини қабул этдим”.

Иёс ибн Муовия ал-Музаний етмиш олти ёшга етганда, тушларида ўзлари ва оталарини икки отга миниб олиб, тенгма-тенг югуриб кетаётганларини кўрди. На ўзлари олдинлаб кетар ва на оталари ўзиб кетар эди. Муовиянинг отаси етмиш олти ёшда вафот этган эди.

Бир куни тунда ўрнига ётган Иёс оила аъзоларига шундай деди: “Бу кеча қандай кеча эканлигини биласизларми?” – Йўқ, билмаймиз – дейишди. – Ушбу кечада – деди Иёс – отамнинг ҳаёти ниҳоясига етган эди. Тонг отганда у кишини ҳам вафот этган ҳолда топдилар.

Ул қози Иёсни Аллоҳ раҳматига буркасин! Зеро ўз замонасининг нодир кишиларидан эди. Фаросату заковатда, ҳамда ҳақиқатни излаб топишда ўз даврининг ажойиботларидан эди у!

{Аллоҳ у зотдан рози бўлсин}

**Умар ибн Абдулазиз ва унинг ўғли Абдулмалик**

<<Маълумки, ҳар бир қавмнинг ўз улуғ кишиси бор. Бани Умайянинг улуғи эса Умар ибн Абдулазиздир. Қиёмат куни унинг ўзи  алоҳида бир уммат бўлиб тирилтирилади>>

{Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳусайн}

Улуғ тобеий бўлмиш мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз ўзидан аввал ўтган  Сулаймон ибн Абдулмаликнинг қабри тупроғидан қўлларини қоқа туриб, ердан келаётган дупур-дупур овозни эшитди. Ёнидагилардан: “Бу нима?”деб сўради. Одамлар: “Бу халифанинг тахти равони, минишингиз  учун тайёрлаб қўйилди”, деб жавоб беришди. Умар унга кўз қирини ташлади. Сўнг бедорликдан ҳолсизланган ва чарчоқ таъсиридаги мадорсиз бир титроқ овозда: “Менга унинг нима кераги бор? Ҳудо хайрингизни бергурлар, уни менинг олдимдан олиб кетинг! Менга ўзимнинг эшагимни келтиринг, шунинг ўзи кифоя”, деди. Сўнг эшагига минар-минмас, олдига ҳизматида бўлиш учун аскарлар қўмондони етиб келди. Унинг ўнг ва чап тарафларида эса аскарлар саф-саф бўлиб туриб олдилар. Уларнинг қўлларидаги найзалар қуёш шуъласида ярқирар эди.  Халифа қўмондонга: “Мени сенга ҳам, уларга ҳам эҳтиёжим йўқ. Мен ҳам бир мусулмонман. Одамлар қандай ҳолда юрсалар, мен ҳам ўшандай юраман”, деди. Кейин эса аста-секин жойидан қўзғалди. Одамлар ҳам ҳалифа билан бирга йўлга тушишди. Юриб-юриб, масжидга етиб келишди. Унга киргандан сўнг одамлар “Ас Солату жамиъа” (намоз жамлагувчидир) дея чақирила бошланди. Одамлар масжидга ҳар тарафдан йиғилиб кела бошладилар. Барчалари йиғилиб бўлгач, Умар ибн Абдулазиз уларга хутба ўқиди. Аввало Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, Пайғамбаримиз(с.а.в)га саловоти шарифлар йўллади. Кейин эса: “Эй одамлар! Мен халифаликка ўз ихтиёрим, ёки талабим билан эришмадим. (Балки мендан аввалги халифа мени тайинлаб кетти). Берилган байъат ҳам айнан менинг номимга берилмаган эди, балки сайланадиган халифага аввалги халифа томонидан олинган эди. Мен бўйинларингиздаги  менга байъат бериш мажбуриятидан сизларни озод этаман. Ўзингизга, ўзингиз рози бўладиган халифа тайинлаб олишингиз мумкин!” деди. Одамлар бир овоздан: “Эй мўминлар амири, биз сизни танладик ва сизнинг халифалигингизга рози бўлдик. Бизга адолатли ва баракали халифалик қилинг!” дея жавоб беришди. Овозлар пасайиб, шовқин тинчиб, қалблар бироз  хотиржам бўлгач, Умар Аллоҳга яна бир бор ҳамду санолар, унинг қули ва расули Муҳаммад (с.а.в)га салавоти шарифлар айтди. Одамларни тақвога чақиришга киришди. Дунёдан ва унинг орзу-ҳавасларидан тийилиб, охиратни ўйлашга чақирди. Уларга ўлимни шундай сўзлар билан эслатдики, бу сўзлардан қотиб кетган қалблар юмшади, гуноҳкор кўзлардан тўкилган ёшлар шашқатор бўлиб оқди. Бу қалб кўзёшлари халифа қалбидан сизиб чиқиб, тингловчиларнинг қалбларига ингандек эди гўё. Кейин бўлса барча йиғилганларга эшитиладиган қилиб овозини кўтардида: “Эй инсонлар! Кимки Аллоҳга итоат этса, унга итоат этиш лозим. Кимки Аллоҳга исён этса, бирон кимса унинг гапига кирмас. Эй одамлар, мен Аллоҳга қанчалик итоат этсам, менга ҳам шундай итоат этинг! Модомики, Аллоҳга исён қилгувчилардан бўлсам менга ҳаргиз итоат қилмайсизлар!” деб сўзларини тугатди ва минбардан пастга тушди. Масжиддан чиқиб, уйига борди. Тўғри хонасига кириб кетди. Ўз  хонасида халифа вафотидан буён чеккани бояги оғир машаққат роҳатини бир соат бўлсада олишни жуда-жуда истар эди.

Аммо Умар ётоғига ёнбошлаб улгурмасдан, олдига чамаси ўн етти ёшлардаги ўғли Абдулмалик кириб келди. Отасининг ётишга тараддудланганини кўриб, ундан: “Эй мўминлар амири, нима қилмоқчисиз?” деб сўради.

– Бироз мизғиб олмоқчиман, болагинам. Танамда мадорим қолмади. 

– Эй мўминлар амири, зулм билан тортиб олинган молларни ўз эгаларига қайтармай туриб, қандай ухламоқчисиз?

–    Болажоним, мен ахир ўтган кунни амакинг Сулаймонникида бедор ҳолда ўтказдим. Ҳудо хоҳласа пешин вақти келса, намозни одамлар билан бирга ўқиб, сўнг молларни эгаларига қайтараман.

–    Аммо ота, ким сизга пешингача яшашингизга кафолат бера олади? 

   Ана шу, ҳа ана шу савол Умарнинг дам олиш ниятини батамом йўққа чиқарди. Кўзларидаги уйқуни ундан анча йироқлаштириб юборди. Чарчаб-ҳориган танасига қатъийят ва куч-қувват киргазди. Сўнг халифа мамнунлик билан ўғлига қараб: “Бери кел болам!” дея олдига чорлади. Ўғлини бағрига босди, юз-кўзларидан ўпиб: “Менинг наслимдан дин йўлида менга пайваста бўлгувчи инсоннни яратган Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсин!” дея Роббига ҳамду сано ёғдирди. Шукр ва ҳамдга тўла бир соф шуъур билан ўрнидан турган Умар, энди одамларга кимнинг моли ноҳақ тортиб олинган бўлса, ўз даъволари билан келишлари ҳақидаги эълонни айтишга буйруқ берди.

Ана шу Абдулмалик асли қандай инсон эди? Бу бола ҳақида одамлар шундай гапларни айтишар эди: “У шундай одамки, отасини ибодатга киргазди. У отасининг зоҳидлик йўлида барқарор бўлган боладир ва ҳоказо…

Келинг, энди ушбу солиҳ бола ҳақидаги қиссани бошидан бошлаб ҳикоя қиламиз.

Умар ибн Абдулазизнинг 15 та фарзанди бор бўлиб, улардан учтаси қиз, қолганлари эса ўғил эди. Уларнинг барчалари тақвода пешқадам ва тўғрилигу яхшиликда улуғ мақомлардаги фарзандлар эди. Аммо Абдулмалик ака-укалари орасида гавҳар шодасининг марказидаги энг йирик гавҳардек эди. Улар ичида Абдулмалик, гўё юлдузлар ичра энг ёрқин юлдуздек ажралиб турарди. Абдулмалик одобли, зеҳни ўткир бола эди. Ўзи ҳали бола ёшида эдию, аммо катталардек ақлли эди. У ёшлигидан Аллоҳ Таолонинг тоат-ибодатида улғайди. Кўриниш жиҳатидан Хаттоб оиласидагиларга энг ўхшайдигани эди у. Ҳусусан Абдуллоҳ ибн Умарга (р.а) тақвоси, гуноҳлардан қўрқиши, ҳамда ибодат орқали Аллоҳга яқин бўлишга интилиши жиҳатидан ўхшаб кетар эди.

Амакиси Абу Бакр ибн Абдулазиз ибн Марвоннинг ўғли Осим ибн Абу Бакр ҳикоя қилади: “Мен бир куни Дамашққа бордим. Амакимнинг ўғли уйига жойлашдим. У шу пайтларда ҳали бўйдоқ эди. Хуфтон намозини ўқиб бўлгач, ҳар биримиз ётоғимизга жойлашдик. Абдулмалик бориб чироқни ўчирди. Сўнг барчамиз уйқуга кетдик. Ярим тунда уйқим ўчиб, уйғониб кетдим. Қарасам, Абдулмалик тик турган ҳолда, қоронғулик ичра намоз ўқир эди. Унинг оғзидан қуйидаги оятлар эшитилар эди: “Эй Муҳаммад, хабар берингки, агар Биз уларни узоқ йиллар (сиҳат-саломатлик, мол-давлат билан) фойдалантирсакда, сўнгра уларга ваъда қилинган нарсалари (азоб) келса, (ўша пайт) уларга ҳаёти дунёда фойдаланган нарсалари асқотурми? {Шуаро 205-206-оятлар}

У оятларни қайтарар ва тинмай  хўнграб йиғлар эди. Унинг юрак қон-томирларни узиб юборар даражадаги бундай йиғиси мени ларзага келтирди. Ҳар гал оятни ўқиб бўлгач, яна қайтдан ўқир, ҳар ўқиганда янада кучлироқ йиғлар эди. Унинг бу ҳолатини кўриб, – Ишқилиб йиғидан ўлиб қолмасайди - дедим ўзимга ўзим. Сўнг уни йиғидан тўхтатиш мақсадида уйқудан турган одам айтадигандек “Ла илаҳа иллаллоҳ вал ҳамду лиллаҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, Аллоҳга ҳамд бўлсин) дедим эшиттириб. Менинг овозимни эшитгач у йиғидан тўхтади,  кейин ундан бошқа бирон товуш эшитилмади.

Умар ибн Абдулазизнинг бу фарзанду анжуманди ўз асрининг йирик олимларидан турфа ҳил илмлар ва Қуръондан сабоқ олди. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳадиси шарифларини тўлиқ ўрганди. Ёшлик чоғидаёқ ўз замонасининг Шом ерларидаги энг улуғ фақиҳларга тенглаша оладиган даражага етди.

Ривоят қилинишича, Умар ибн Абдулазиз бир куни Шомдаги барча фақиҳ ва қориларни йиғди. Сўнгра уларга: “Мен сизларни қариндошларим қўл остида бўлган мана бу тортиб олинган мулкларнинг ҳукмини сўраш учун чақиртирдим. Бунга нима дейсизлар?” деди.

–    Эй мўминлар амири, у ишлар сиз халифа бўлишингиздан аввал содир бўлган. Унинг гуноҳи ўша, молларни зулм йўли билан тортиб олганларгадир. 

Бу жавоб Умарни қониқтимади. Олимлар орасида улардан бошқачароқ фикрда бўлганлардан бири халифага юзланиб: “Амирим, сиз Абдулмаликка одам юборинг! У чақирилган ушбу олимлардан илми, фиқҳи, ёки ақли жиҳатидан ҳеч ҳам кам эмас”, деди. Бу гап халифага маъқул тушди. Кейин Абдулмаликни чақиртирдилар. Абдулмалик мажлисга келгач, унга Умар: “Амакимнинг оила аъзолари одамлардан тортиб олган манави мол-мулк ҳақида нима дейсан? Эгалари келиб, ўз ҳақларини талаб қилмоқадалар. Уларнинг бунга ҳақли эканлари ҳам анқиланди”, деб сўради. Саволни тинглаб бўлгач,  Абдулмалик жавоб берди: “Ўйлайманки, агар сизга ҳолат равшан бўлган бўлса, молларни эгаларига қайтаришингиз зарур. Зеро агар шундай қилмасангиз, уларни тортиб олган кишиларга шерик бўлиб қоласиз”. Бу жавобдан Умарнинг юзларида мамнулик аломатлари сезилди. Кўнглида хотиржамлик туйди ва ўзини қийнаётган бу мушкул саволдан халос бўлди.

Абдулмалик эса ҳаётининг кейинги даврида ватанини қўриқлашни ва Шом ерларидаги чегарага яқин бўлган бирор бир шаҳарда истиқомат қилишни ихтиёр этди. Шу мақсадда йўлга тушган Абдулмалик ортида гуллаб-яшнаган боғлару ҳудудида етти дарё сувлари мавжланган сўлим Дамашқ шаҳрини қолдириб кетди. Унинг отаси эса, Абдулмаликнинг солиҳлиги, ҳамда тақвосининг кучлилигига қарамай, ўғлига шайтон васвасалари таъсир этишидан қаттиқ хавфсирар, йигитликдаги шиддат ва қайсарлик каби ҳолатларни ўйлаб қайғурар эди. Унинг билиши лозим бўлган барча нарсани унга билдиришга қаттиқ бел боғлади. Бу ишга ҳеч ҳам бееътибор бўлмас эди. 

    Умар ибн Абдулазизнинг вазири ва қозиси бўлган Маймун ибн Маҳрон ҳикоя қилади: “Бир куни Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига кирдим. У ўғлига хат ёзаётган эди. Хатда ўғлига ваъз-насиҳатлар қилган, йўл-йўриқ кўрсатган, ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюрган, огоҳлантирган ва хушхабар берган эди. Унинг мазмуни шундай эди: “Дарҳақиқат, мени тўлиқ тушуна олган ва сўзларимни тўғри тарғиб эта олган ёлғиз одам сенсан, ўғлим! Дарҳақиқат Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, У каттаю кичик ишимизда бизга яхшиликни раво кўрди. Эй ўғлим! Аллоҳнинг сенга ва ота-онангга қилган фазлу марҳаматини ёдингда тут! Кибр ва манманликдан йироқ бўл! Зеро, бу ишлар шайтонийдир! Шайтон эса мўминларга очиқдан-очиқ душмандир. Сенга ёзаётганим бу насиҳатларни ёзишимга сабаб, сенда шундай ёмон сифатларни кўрганим эмас, билакс сенинг ишларингда фақат яхшилик кўрганман. Балки сен, ўзингдан ажабланишимга сабаб бўлгувчи яхшиликларни ҳам менга кўрсатгансан. Агар сендаги бу ажиблик мен жирканадиган ёмонликка айланса, бас мендан ҳам сенга ёқмайдиган ишни-жазони кўрасан!”

Кейин Умар ибн Абдулазиз менга юзланди ва: “Эй Маймун ибн Муҳтор! Ўғлим Адулмалик кўзимнинг оқу қорасидир. Мен шу сабабли ҳам ўзимни айбдор санайман. Қўрқаманки, унга бўлган муҳаббатим, унга нисбатан илм билан баҳо беришдан устун келиб қолмасин! Оталарнинг болалари айбларини кўрмайдиган кўрлик ҳолати менга ҳам ўтмаса деб қўрқаман. Шунинг учун сен унинг олдига бор! Уни яхшилаб синаб кўр! Қарагин, унда кибр ёки фахрланиш аломатлари йўқми? У ҳали ёш, шайтон уни ҳали вери тинч қўймайди”, деди. Мен йўлга тушдим. Абдулмаликнинг олдига келдим. Киришга изн сўрадим, рухсат олгач ичкарига кирдим. Ичкарида навқирон, кўркам юзли ва тавозеъли бир йигитни турарди. У Абдулмалик эди. Абдулмалик тукдан тикилган гилам устидаги оқ тўшак устига ўирди. Сўнг менга салом берди ва: “Эшитишимча, отам сизни яхши одам деб билар эканлар. Мен ҳам Аллоҳ сиз туфайли манфаъат етказишидан умидвор бўлиб турибман”, деди. Сўнг мен гап бошладим:

–    Ўзингнинг аҳволинг қандай?

–    Ҳудога шукур, Аллоҳнинг яхшилигу неъматларидан баҳраманд бўлиб юрибман. Аммо мен отамларнинг мен ҳақимда ўйлаётган яхши ҳаёлларидан ғурурланиб кетишдан қўрқаяпман. Ваҳоланки, мен улар ўйлаётганларидек эмасман. Бундан ташқари, отамнинг менга бўлган муҳаббатлари, менга тўғри баҳо бера олишларидан тўсиб қўймасайди деб қўрқаман. Ишқилиб отамнинг бошларига битган бало бўлмасам эди!

(Бу ота ва ўғилнинг нақадар соф ва бир ҳил ўйлашларини қаранга!) 

–    Эй Абдулмалик менга айтчи, қандай тирикчилик қиляпсан ?

–    Бир одамга отасидан ер меърос қолган экан. Ўша одамдан ҳалоллигига шубҳа бўлмаган пулга ерни сотиб олдим. Ушбу ерга ғалла экиб, тирикчилик қиляпман. Шу орқали одамлардан олинадиган харож солиғига ҳеч қандай эҳтиёж туғилмаяпти менда.

–    Нима еб-ичяпсан?

–    Бир куни гўшт, бошқа куни седана билан ёғ, яна бошқа куни сирка билан ёғ… Шунинг ўзи етарли менга.

–    Сен ўзингнинг бу даражангдан фахрланмайсанми?

–    Ҳа, олдин бир оз шундай бўлган эди. Аммо отам менга насихат қилиб, менга ўзлигимни кўрсатиб қўйдилар. Бу фазилатнинг қанчалик паст қийматли экинини менга жуда яхши тушунтириб қўйдилар. Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила бу насиҳат менга кўпдан-кўп фойда берди. Аллоҳ отамнинг ажрини улуғ қилиб берсин!

 Бир соатча у билан гаплашиб ўтириб, унинг нутқидан завқу шавққа тўлдим. Ҳали унданда чиройли юзли ва унданда ақллироқ болани кўрмаган эдим. У ёш ва ҳали тажрибаси камлигига қарамай жуда одобли ва ақлли эди. Пешинга яқин олдимизга бир бола келди. Сўнг Абдулмаликка қараб: “Аллоҳ солиҳ амалларда сизни собитқадам қилсин, ишни тугатиб бўлдик”, деди ва бошқа сўз айтмади. Мен ҳеч вақони тушунмай сўрадим: “Булар нимани қойиллатишди?”

–   Ҳаммомни… – деди Абдулмалик.

–    Тушунмадим, ҳаммомдаги қандай ишни тугатишди?

–    Мен учун ҳаммомни одамлардан бўшатишди.

Бу сўзларни эшитиб, ҳолим ўзгарди ва унга “Шу гапни эшитгунча сен ҳақингда жуда яхши фикрда эдим”, дедим. У менинг бу гапимдан қўрқиб кетди. Юзидан ташвиш аломатлари яққол сезилиб турарди. – Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун (Дарҳақиқат биз Аллоҳникидирмиз ва албатта Аллоҳга қайтувчимиз) – дея зикр қилди, сўнг менга: “Эй амаки, Аллоҳ сизга раҳм қилсин, бу ишнинг нимаси ёмон?” деди.

–    Ҳаммом сеникими?

–    Йўқ.

–     Унда нега одамларни ҳаммомдан чиқариб юборяпсан? Гўёки сен бу ишинг билан ўзингни улардан устун қўяётгандексан. Бундан ташқари ҳаммом соҳибининг кундалик тушумини камайтиряпсан, ҳаммомга келганларнинг ҳафсалаларини пир қилиб ундан қайтаряпсанку!

–    Тўғри, лекин мен ҳаммом соҳибига кундалик пулини бериб, рози қиламан.

–    Бу тўлов, пулни исроф қилишдир. Шу билан бирга унга кибр аралашган кўринади. Ўзинг бошқалар каби бўла туриб, нега одамлар билан бирга ҳаммомга кирмайсан?

–    Бунинг сабаби шуки, баъзи авом халқ ҳаммомга изор  сиз, авратларини беркитмасдан кирадилар. Мен эса уларнинг авратларига назарим тушишидан жирканаман. Уларга мажбурлаб изор кийдиришни ва одамлар менинг ҳукмдорлик доирамдан қўрқиб, изорни мажбуран кийишларини эса истамайман. Аллоҳдан бировимизни бировимиздан устун билмай, тенг яшашимизни ва ундай зўравонликдан сақлашини сўрайман! Энди эса Аллоҳ сизга раҳм қилсин, менга маслаҳат беринг ва мен ундан фойдаланай! Бу ишни ҳал қилиш йўлини кўрсатинг?

–    Ундай бўлса, одамларнинг кечки пайт ҳаммомдан чиқиб, уйларига кетишларини кут! Сўнгра ҳеч ким қолмагач ҳаммомга кираверасан.

–    Бўлди энди шундай қиламан. Қасам ичаманки, бугундан бошлаб кундузлари ҳеч қачон ҳаммомга кирмайман. Агар бу мамлакатнинг қаттиқ совуғи бўлмаганида эди, умуман кирмасдим.

Шундан сўнг бир лаҳза жим бўлиб қолди, алланималар ҳақида фикрлай бошлади. Бир пайт бошини кўтариб менга қаради, кейин унинг нима ҳақида ўйлагани маълум бўлди. “Сизга отамдан менинг бу ишимнни сир сақлашингиз учун қасам ичдим. Қўрқаманки, отам мендан ғазабланиб қолмасинлар! Яна мен отамни норози қилган ҳолда бир дақиқа ҳам яшашни истамайман!” Мен унинг оқиллигини текшириш мақасадида ундан сўрадим:

 – Агар мўминлар амири мендан бирор камчилигинг ҳақида сўраб қолсалар, нима дейман? У кишини алдайверайми?

 – Йўқ, Аллоҳ сақласин! Лекин отамга – Унда бир камчилик кўрдим. Унга шу камчилиги ҳақида ваъз – насиҳат қилдим ва ишининг нақадар ёмонлигини тушунтирдим. У бўлса, тезда ўша ишни қилишдан тўхтади – деб айтинг! Шунда отам сиздан, улардан беркитган нарсангизни очиқ айтишингизни талаб қилмайдилар. Негаки Аллоҳ таоло уларни сир сақланган нарсанинг тагига етишга урунишдан қайтарган.

Шу ҳикояни тугатаётган Маймун ибн Муҳтор – Шу пайтгача бундай ота ва ўғилни кўрмаганман. Аллоҳ уларни раҳмат қилган бўлсин! – деб қўяр эди.

Ҳидоят йўлида равон турган бешинчи халифа Умар ибн Абдулазиздан Аллоҳ рози бўлсин ва уларни ҳам Ўзидан рози бўлгувчилардан қилсин! У киши ва жигарпораси Абдулмаликнинг қабрларини чароғон айласин!

Ҳақиқий ва том маънодаги Улуғ Дўстга етишган кунларида, Аллоҳнинг саломлари бўлсин уларга!

Энг олий бахтга эришган саодатманд бандалар билан бирга тирилган кунларида ҳам уларга саломларимиз ёғилсин! {Омин}


Доктор Аъбдурроҳман Рифат Пошшо

Таржимон: Баҳодир Нурмуҳамедов


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймАлҳамду лиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала росулиҳи Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъийн.МУҚАДДИМАМуқаддас ислом давоми...

6003 17:23 / 19.04.2017
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМАллоҳ таолога У зотнинг буюклигига мос ҳамду санолар бўлсин Ушбу мақолани ёзишдан ўзимни тийиб турган эдим. Сабаби ndash мақтаниш бўлиб, давоми...

2682 16:59 / 19.04.2017
Кимёвий моддалар ичида сув ўзига хослиги бўйича махлуқлар ичидаги инсонларга ўхшайди. Махлуқлар кўп, лекин инсон ўзига хос. Кимёвий моддаларнинг сони кўп, лекин давоми...

5180 16:24 / 19.04.2017
Meeting of the poet to the world of Islam took place during his trip to the North Caucasus, the Crimea and Bessarabia. He saw the cultural monuments of Muslims listened to the prayer, watching and thinking about Muslims. Hence his poem quotThe Caucasian Prisonerquot and quotThe Fountain of давоми...

7492 17:20 / 19.04.2017