1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1433

Навоийнинг “ЛИСОН УТ ТАЙР” асарида авлиёлик таърифи

16:05 / 19.04.2017 10292 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1-БОБ. ДИНДА АВЛИЁЛИК ТУШУНЧАСИНИ ЎРГАНИШНИНГ МЕТОДОЛОГИК АСОСЛАРИ

1.1    . Қуръони Каримда “Авлиё” тушунчасининг ёритилиши

Биз динимизда “авлиёлик тушунчаси” ва “валий инсон” ҳақида изланиш олиб борар эканмиз, уни турли методологик асослар ёрдамида батафсил тадқиқ этишимиз керак бўлади. Зотан биз авлиё сўзини кўп манбаларда учратамиз. Ҳар бир манбада бу сўз ўзига хос услубда ифодаланган ва муайян маъноларни англатади. Шу жумладан Тасаввуфда ҳам. “Авлиёлик”ни тадқиқ этиш жараёнида аввало Ислом динининг асосий манбаи ва илмий-назарий асос бўлган Қуръони Каримга мурожаъат этамиз. Негаки биз ўрганаётган мавзу Ислом дини доирасида бўлиб, бу доиранинг марказида турувчи манба Қуръондир. Шу билан бирга тилшунослик нуқтаи назаридан ҳам бу тушунчани кўриб чиқиш лозим бўлади. Хусусан араб тили грамматикасида, луғатшунослик илмида бу сўзнинг қандай маънолар англатишини ўрганиш, кейинчалик авлиёликни изоҳлаш ва уни тўғри тушунишда бирламчи асос бўлади.

“Авлиё” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “валия” феълидан ясалгандир. Бу феъл:  1) яқин бўлмоқ; 2) қўшилмоқ; 3) бошқармоқ, волийлик қилмоқ; 4) мудирлик қилмоқ, идора қилмоқ каби маъноларни англатади1. Авлиё сўзи “валий” сўзининг кўплик шаклидир. “Валий” сўзи ҳам ўз ўрнида: 1) яқин; 2) туғишган; 3) қариндош; 4) мулкдор, мулк эгаси; 6)васий, ҳомий; 7) валий, авлиё (Аллоҳнинг дўсти) деган маъноларни беради. Биз ўрганаётган “авлиё” тушунчаси мана шу 6-7-маънолардан олинган  бўлиб, уни қуйида янада батафсилроқ шарҳлаймиз2.

Юқорида кўриб ўтганимиздек, “авлиё” сўзи  ўзига хос маъноларга эга ва яна ҳам хосроқ маънода  Қуръони Каримда ҳам келган.  Хусусан Анъом сурасининг 121-оятида Аллоҳ шундай дейди: “Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, бу иш фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, сизлар ҳам мушриклардан бўлурсизлар”1.

“Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар”.

Шунингдек, аввал ўтган оятларнинг ҳукмига биноан, аҳли китобларнинг сўйиши ҳам ҳалолдир. Бошқаларини эса, ейиш мутлақо мумкин эмас.

“Албатта, бу иш фисқдир”.

Яъни, Аллоҳнинг номи зикр қилинмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейиш фисқ, яъни, дин амридан чиқишдир.

“Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар”.

Шайтоннинг дўстлари бўлмиш кофир ва мушриклар имконлари борича сизлар билан тортишадилар. Турли масалаларда, жумладан, Аллоҳнинг номи зикр этилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти ҳақида ҳам тортишадилар. Сизлар уларнинг гапларига, тортишувларига ҳеч эътибор бермасликларинг керак.

“Агар уларга итоат қилсангиз, сизлар ҳам мушриклардан бўлурсизлар”.

Мана шу оятда “Авлиё” сўзи “дўст” маъносида келган. Яъни “шайтонлар ўз дўстларига” бўлиб келган. Бу ерда Аллоҳ таоло мушрик кимсаларни шайтонларнинг дўстлари деб атамоқда. Ҳудди шу суранинг 128-оятида Аллоҳ шундай дейди: “Уларнинг ҳаммасини тўплайдиган кунда: “Эй жинлар жамоаси, инсдан (адаштирганларингизни) кўпайтирвордингиз?!» дер. Уларнинг инсдан бўлган дўстлари: “Эй Роббимиз, биз бир-биримиздан ҳузур топдик ва бизга белгилаган ажалингга етиб келдик”, дерлар. У Зот: “Қайтар жойингиз дўзахдир. Магар Аллоҳ хоҳласа (қолмайсиз)”, дер. Албатта, Роббинг ҳикматли ва билимли зотдир”1.

Ушбу ояти каримада таъриф этилаётган саҳна қиёмат куни саҳнасидир. У кун оятда:

“Уларнинг ҳаммасини тўплайдиган кун”, деб таърифланяпти. Яъни, Аллоҳ инсу жинларнинг ҳаммасини жамлайдиган кун. Демак, қиёмат куни. Аллоҳ таоло инсларни – одамларни жамлаганидек, жинларни ҳам жамлайди. Шунда кофир жинларга Аллоҳ:

“Эй жинлар жамоаси, инсдан (адаштирганларингизни) кўпайтирвордингиз?!” дер”.

Бу гап жинларга қилган ишлари ҳақида хабар бериш эмас, балки қилган амалларини танқид қилиш, қоралаш учун айтилади. Чунки ўзларининг васвасаси ва иғволарига учган одам болалари кўп эканини жинлар яхши биладилар. Аллоҳ таоло бу гапни жинларга айтган бўлса ҳам, жавобини ўша жинларга эргашган, уларга валий-дўст бўлган одамлар беради:

“Уларнинг инсдан бўлган дўстлари: “Эй Роббимиз, биз бир-биримиздан ҳузур топдик ва бизга белгилаган ажалингга етиб келдик”, дерлар”. Бу ерда ҳам “авлиё” сўзи дўст маъносида келган. “Уларнинг инсдан бўлган дўстлари” шаклида келган. Демак, бу ерда ифодаланган “авлиё” сўзининг “дўст” маъносини бериши икки инсон ўртасидаги муносабатни эмас, балки эргашган ва эргашилганнинг дўст бўлишини назарда тутади. Бундан маълум бўладики, биз бу ерда “авлиё” сўзини икки одам ўртасидаги дўстликка нисбатан ишлатишимиз мумкин эмас. Бу ҳол ва воқелик нуқати назаридан нотўғри бўлади. Дўст деб таржима қилинган сўзни ҳам инсонлараро тушуниладиган дўстлик деб эмас, балки хосроқ маънодаги дўстлик, бир зотнинг иккинчи зотга эргашишидан ҳосил бўладиган дўстлик деб тушунишимиз лозим бўлади. Негаки аслида шайтоннинг одамларга очиқ душман эканлигини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бот-бот таъкидлаган. Жуда кўп ерларда огоҳлантиришлар келган. Энди бу сўзнинг инсонлар орасидаги муносабатларни ифодалайдиган мисолларга ҳам бир назар таҳшлайлик! Тавба сурасининг 23-оятида шундай дейилган: “Эй иймон келтирганлар! Агар куфрни иймондан устун кўрсалар, ота-онангиз ва ака-укаларингизни дўст тутманг. Сиздан ким уларни дўст тутса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир”1. Ҳатто ота-она ва ака-ука каби дунёдаги энг яқин кишилар бошқа диёнатни танлаган бўлсалар, уларни ҳам дўст тутиб бўлмайди. Яъни, қалбдан яхши кўриш мумкин эмас. Улар билан алоқа, муомалалар бўлаверади, аммо қалб фақат ақида учун холис қолади. Куфрни ихтиёр этган қариндошларни дўст-валий тутиш ширкнинг бир кўринишидир. Шунинг учун бу ишни қилганлар оятда золимлар деб аталмоқдалар2. Бу оятда Аллоҳ таоло кофир ҳолдаги ота-оналарни дўст тутиб бўлмаслигини билдирмоқда. Биз юқорида кўриб ўтган оятда авлиё сўзи жинлар ва инсонлар ўртасида эргашиш нуқтаи назаридан ҳосил бўлувчи дўстликни ифодалар эди. Бу оятда эса одамлар ўртасидаги дўстликни ифодаламоқда. Келаси оятда эса баъзи тоифаларнинг баъзи кишиларга дўст бўлишларини ифодалаган ҳолда “авлиё” сўзи қўлланган. Тавба сурасининг 71-оятида шундай дейилган: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир3.

Бу васфлардан аввалги оятларда мунофиқлар ҳақида маълумотлар келган. Ўша оятларда мунофиқларнинг бир хил эканликлари, улар доимо бир-бирларига ўхшашлари таъкидланган бўлса, бу оятда мўминларнинг ўзаро дўст-валий эканликлари айтилмоқда. 

“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар”. 

Яъни, мунофиқлар бир-бирларига қанчалик ўхшасалар ҳам, ҳеч қачон ўзаро валий-дўст бўла олмайдилар. Чунки валийлик-дўстликнинг ўзига яраша вазифалари бўлади. Валий одам дўстига ёрдам бериши, оғир ҳолларда қутқариши, уни деб ўзини ўтга-чўққа уриши ва кўпгина машаққатлар чекиши лозим. Мунофиқ ҳеч қачон бу ишларни қила олмайди. У доимо ўзини ўйлайди, қўрқоқ бўлади, қийинчиликлардан қочади. Мўминлар эса, бир-бирларига дўст бўлиш билан бирга яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закот берадилар, ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиладилар. Оятда келган эркак ва аёл дўстлиги шариат таъқиқ қилган доирада эмас. Балки рухсат этилган ва ҳаром бўлмаган доирададир. Дўстлик ҳақидаги хабар оятда келиши билан, улар қай бир сабаб билан дўст бўлишлари ҳам айтилган. Аллоҳ таоло Анфол сурасининг 34-оятида шундай дейди: “Нега энди Аллоҳ уларни азобламас экан. Улар Масжидул Ҳаромдан тўсмоқдалар. Ҳолбуки, Унинг валийлари эмаслар. Унинг валийлари тақводорлардан ўзга ҳеч ким эмас. Лекин кўплари билмаслар”1. Яъни, Аллоҳ уларни азобласа, ҳаққи бор, уларнинг қилмиши азобга лойиқ. Улар одамларни Масжидул Ҳаромдан тўсмоқдалар. Мусулмонларни унга яқинлаштирмаяптилар. Аслида, уларнинг бунга ҳаққи йўқ, улар Масжидул Ҳаромнинг валийлари-мутасаддилари эмаслар2.

Аллоҳ таоло бу оятда уларни, яъни кофирларни азоблаши ҳақида оят келтирмоқда, уларнинг азобланмаётганларига фақат Расулуллоҳ (а.с) улурнинг ораларида юрганлари сабаб бўлаётган эди. Энди қачонки, Расулуллоҳ (а.с) улар орасидан кетганларида, Аллоҳ уларни Бадрда азоблади3.

Бу оятда авлиё сўзи – “валий, мутасадди” маъносида келган. Демак икки зот орасидаги дўстлик маъносидан бошқа маънода, “эгалик ва мутасаддилик”ни билдирувчи маънода ифодаланган. Байтуллоҳнинг “авлиёлари” бу мўмин-мусулмон бандалар эканлиги уқтирилган. Ҳудди шу суранинг 72-оятида Аллоҳ шундай дейди: “Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи зотдир1.

Бу ояти каримадаги “авлиё” сўзи аввалгиларидан умуман бошқа маънода қўлланган. Исломда “вала” тушунчаси “валий”, “валия” сўзлари билан бир ўзак ва бир маънода бўлиб, “яқин дўст, маҳбуб, ҳомий ва жавобгар” маъноларини англатади. Булар инсоний алоқаларга боғлиқ сифатлардир. Мўмин киши мўминнинг валийси, деганда, яқини, дўсти, ҳомийси ва жавобгари, деган маъно англашилади. Шунга асосланиб, баъзи ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлар келиб чиқади. Мисол учун, меросхўрлик ва хун тўлаш масалаларига ўхшаш ишлар.

Исломда “вала” ақида асосида бўлади. Ким мўмин-мусулмон бўлиб, Исломга кирар экан, бошқа ҳамма восита ва алоқалардан узилиб, ақида ила боғланади. Барча мўмин-мусулмонлар унинг валийсига айланади. Қариндошлари мўмин бўлмаса, валий эмаслар; қабиласи мўмин бўлмаса, валий эмас; жамияти мўмин бўлмаса, валий эмас.

Ушбу ояти каримадаги:

“Иймон келтирган, хижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жиҳод қилганлар”дан мурод Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келган муҳожир мусулмонлардир.

“...жой бериб, ёрдам кўрсатганлар” эса, ўша ҳижрат қилиб келган муҳожирларга жой берган, уларга керакли ёрдам кўрсатган мадиналик мусулмонлар – ансорийлар. Аллоҳ таоло уларни бир-бирларига валий – дўст, маҳбуб, ҳомий ва жавобгар, деб эълон қилмоқда. Пайғамбаримиз (а.с) ҳам уларни диндош биродарлар, деб эълон қилганлар. Муҳожирлардан бир кишини олиб, ансорийларнинг биттаси билан ака-ука қилиб қўйганлар. Улар ҳамма масалаларда, ҳатто мерос масаласида ҳам мана шу алоқага таяниб иш кўрганлар. Уларнинг бир-бирларига валийликлари бир-бирларига ёрдам беришда, мерос тақсимлашда, хун тўлашда, қарзларини ўташ ва туғишганлар орасида бўладиган бошқа ҳомийлик ва жавобгарлик масалаларида ўз аксини топган.

“Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз”.

Баъзи бир кишилар иймон келтирган бўлсалар ҳам, турли баҳоналар билан ҳижрат қилмаган, Пайғамбар (а.с)га бошқалар каби байъат бермаган, жоҳилият жамиятидан ажралиб чиқмаган эди. Шунинг учун уларга валийлик йўқ, шунинг учун ҳам “валий”ликни уларга бериб бўлмайди. Аммо:

“Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожибдир”. Агар ҳижрат қилмаган мусулмонларнинг эътиқодлари хавф остида қолиб, ёрдам сўрасалар, уларга бу соҳада ёрдам бермоқ лозим. Шарти шулки:

“Фақат сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас”.

Чунки мусулмон жамияти жамоат номидан бошқаларга аҳд бериб қўйгандан кейин унга вафо қилиш лозим. Ҳалиги ёрдамга муҳтож кишилар эса, ўз ихтиёрлари билан мусулмонлар жамоасига қўшилмай юрибдилар.

“Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи зотдир”.

Ким иймон келтирди, ҳижрат қилди – кўради. Ким иймон келтирди-ю, ҳижрат қилмади, уни ҳам кўради. Ким умуман иймон келтирмади – буни-да кўради1. Ушбу ояти кариманинг тафсиридан маълум бўладики, бу оятда келган “авлиё” сўзи жуда кенг маъноларни ифодалайди. Аввал кўрганларимиз “дўстлик, эргашувчилик” маънолари билан бирга “жавобгар, ҳомий” каби фиқҳий маъноларни ҳам билдиради. 

Кейинги ўринда Каҳф сурасининг 102-оятида ҳам “авлиё” сўзи келган бўлиб, ушбу оятнинг маъноси қуйидагича: “Ёки куфр келтирганлар мени қўйиб бандаларимни валий-илоҳ қилиб олишни гумон қилдиларми?! Албатта, Биз жаҳаннамни кофирларга манзил этиб тайёрлаганмиз”1. Бу ояти каримада “авлиё” сўзи “Илоҳ, Раҳнамо” маъносида келган. Бу маъно ҳам аввалгиларидан фарқли бўлиб, энди ёлғиз Аллоҳнинг Ҳақ Раҳнамолиги ҳақида сўз кетмоқда.

Эндиликда биз Аллоҳнинг мўмин бандаларига “авлиё-дўст” бўлиши ҳақидаги оятларни кўриб чиқамиз.

“Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизга у(жаннат)да кўнглингиз иштаҳа қилган нарса бордир ва сизга унда орзу қилинган нарсангиз бордир2.” Бу оятдан авалги оятларда мўминларнинг васфлари келган бўлиб, уларнинг оқибатлари айтиб ўтилган.

Шайтон гуноҳкорларга қандай дўст бўлса, фаришталар ҳам тақводорларнинг “валилари”дирлар. У (Жаннатда) уларга кўнгиллари иштаҳа қилган ва орзу қилган нарсалари бордир3.

Яъни Аллоҳ ўз дўстларига Жаннатда уларнинг кўнгиллари тусаган нарсаларни ваъда қилган. Ушбу оятда келган Аллоҳнинг “авлиёлиги” ҳам хос маънода. Зеъро унинг дўстлигига эришиш унга қуллик қилиш билан бўлганидан кейин, унинг дўсти бўлиш ҳам ўз қуллигини унутмаган ҳолда бўлади. Юнус сурасининг 62-63-оятларида  Аллоҳ шундай дейди: “Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар”4.

Ҳа, Аллоҳнинг дўстларига ҳам бу дунёда ва ҳам охиратда ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга дўст бўлганлари учун, У зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу-мулкига, обрў-эътиборига, оиласига, жонларига, умуман ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.

Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб-уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.

Аллоҳнинг дўстлар бу дунёю охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар. Ана ўша бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг дўсти бўлиш шарафига муяссар блўганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлардир?

Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир.

Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У зотга иймон келтириш, иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан1. Мана шу оят Аллоҳнинг дўстлари кимлар эканини янада яққолроқ ифодалаб берган. Бу оятда ҳам “авлиё” сўзи Аллоҳнинг дўстлари маъносида келган. 

    Шунингдек, Нисо сурасининг 74, 89, 139, 144-ояти карималарида ҳам, Моида сурасининг 51, 57, 81-оятларида ҳам “авлиё” сўзи келган. Бу оятларнинг кўпчилиги мўмин-мусулмонларнинг бошқа мусулмонлар туриб, кофир кимсаларни дўст тутмасликлари ҳақида. Мусулмонлар бу ишдан қаттиқ қайтарилганлар. Демак бу оятлардаги “авлиё” сўзининг маъноси аввалда зикр қилинган маънолар кабидир. Яъни аксари “инсонлараро дўстлик”ни ифодалаб келган. 

    Қуръони каримнинг Аъроф сураси 27-оятида эса Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй Одам болалари, шайтон ота-онангизни ўзларига авратларини кўрсатиш учун устларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг ёрдамчилари сизни сиз кўрмайдиган томондан кўрадир. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз”1. Бу оятда Аллоҳ шайтонларни кофирларга дўст қилганини айтмоқда. Бундан  мажбурий дўст қилиб қўйиш ва шу орқали йўлдан уриш тушунилмайди. Балки шайтон иймонсизларга дўст бўла туриб, уларни “тузлайди”. “Мен сенинг дўстингман, сенга насиҳатчиман”, деб йўлдан уради. Имонсизлар ўз хоҳишлари билан уларга эргашадилар ва уларга “дўст” бўлиб оладилар. Бу ерда “дўст қилганмиз” дейишдан мурод хабар маъносидадир.

Биз юқорида “авлиё” сўзининг Қуръони Каримнинг қайси сураларида келганини ва ҳар бир “авлиё” сўзи ўз ўрнида ўзига хос маънолар англатганини кўриб чиқдик. Шу нуқтаи назардан Қуръони Каримда келган “авлиё” сўзини англатган маъноси жиҳатидан қуйидаги  турларга бўлиш мумкин:

1.    Шайтонлар инсонларнинг авлиёлари, яъни дўстлари бўлишлари. Бундай дўстликка эришиш одамийликнинг энг тубан даражасига тушиш демакдир;

2.    Ота-оналарнинг фарзандларига авлиё – дўст бўлишлари. Ояти каримада агар ота-оналар кофир бўлсалар, бундай дўстликдан қайтарилган.

3.    Мўмин ва мўминаларнинг ўзаро бир-бирларининг авлиёси, яъни дўсти бўлишлари.  Бу дўстликка эришиш, ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлишни билдиради.

4.    Мўмин ва тақводор бўлган бандалар Аллоҳнинг авлиёси (дўсти) бўлишлари. Бу инсон учун пайғамбарликдан кейинги энг улуғ мақомдир. 

5.    Фиқҳий маънода валий бўлиш. Оятда ҳижрат қилганларга Расулуллоҳ (а.с)нинг валий бўлганликлари, ҳижрат қилмаганларга эса валий эмасликлари айтилди. Шу билан бирга мусулмонларнинг қариндошлари валий бўлишлари ҳам шу маънода келади.

6.    Байтуллоҳга мўмин-мусулмонларнинг “авлиё”, яъни мутасадди, бўлишлари. Оятда кофирларнинг у ерга мутасадди бўлишлари мумкин эмаслиги айтилди.

7.    Бандаларнинг Аллоҳни қўйиб, бир-бирини “авлиё” – Илоҳ қилиб олишлари. Оятда бундай бандаларга аламли азоб борлиги айтилди.

Демак, Қуръони Каримда “авлиё” сўзи фақатгина битта маънода, яъни кўпчилик тушунган тасаввуфдаги “Аллоҳнинг дўстлари” маъносида келмаган экан. Балки, кўплаб маноларни билдириб келган. Биз юқорида оятлар мисолида буни ўрганиб чиқдик. Бундан ташқари тасаввуфда ҳам  “авлиё” тушунчаси бир маънони ифодалабгина қолмай, унинг муайян даражалари ҳам мавжуд. Буни ўз ўрнида батафсил ўрганамиз. Аммо ундан аввал, тасаввуф ўзи нима, қандай илдизга эга, у қандай таълимот, унинг диний-фалсафий ғоялари нимадан иборат деган саволларга жавоб бермоғимиз керак.

1.2.    Динда тасаввуфнинг вужудга келиши ва тасаввуфда авлиёлик даражаларини ўрганиш

Тасаввуф тахминан барча динларда мавжуд бўлган бир йўналишдир. Инсоннинг руҳий томонига чуқурроқ киришга ва унга кўпроқ эҳтимом қаратишга бўлган йўналишдир. Бу нарса айрим динларда бошқа динлардагидан кўра кўпроқ учрайди. 

Ҳиндистонда. У ерда ҳинд фуқаролари бор бўлиб руҳий тарафга қаттиқ этибор берадилар. Улар ўз фикрларича руҳни юксалтириш ва поклаш мақсадида жасадларига азоб берадилар. Танани калтаклаш, таркидунёчилик, доимо узлатда яшаш орқали руҳларини тарбияламоқчи бўладилар. Бунда инсоннинг жисмоний тузилиши ва унинг талаблари эътибордан четда қолади ва фойда ўрнига кўпроқ зарар келтиришга сабаб бўлади.

Христианларда. Айниқса роҳиблик қонунида. Роҳибликни ихтиёр қилган одам черков ҳизматига бутун умрини бағишлайди. Эркаклар уйланиш ва оила қуриш ҳуқуқидан, аёллар эса тумушга чиқиш ва фарзандли бўлишдан  маҳрум бўладилар. Дунё ишларидан батамом узиладилар. Бундай жараён эса ўша кишиларнинг жисмоний ва руҳий талабларини қондира олмайди. Табиий биологик хоҳиш ва эҳтиёжларни ноқонуний тарзда ва яширин амалга оширишга ҳам сабаб бўлади.

Форсларда. Бу ерда монийлик мазҳаби мавжуд. Моний ўз жамоасига аъзо кишиларни пок зотлар деб ҳисоблаган. Уларга зоҳидлик ҳаёти қоидаларини жорий этган. Булар – камбағалликни афзал кўришдан, бу дунё ҳузур ҳаловатларидан воз кечишдан, доимо рўза тутишдан иборат бўлган.    Дунёвий ишлар билан шуғулланиувчилардан эса мол-мулкнинг 1/10 қисмини садақа қилиш; умрининг 1/7 қисмида рўза тутиш каби талаблар қўйилган. 

Юнонларда. Уларда ривоқийлар1 “стоицизм”2 мазҳаби пайдо бўлган. Ва бошқа кўпгина ўлкаларда бадан ёки моддийлик ҳисобига ҳаддидан ошган руҳий оқимлар пайдо бўлди. Бундай оқимларнинг барчаси фақат руҳий тарафга эътиборни қаратиш билан чекланар эди. Натижада талайгина жисмоний муаммолар пайдо бўлди.

Исломда. Бу дин келар экан, ўзи билан руҳий, жисмоний ва ақлий ҳаётнинг ўртасига тенгликни олиб келди. Демак, инсон Ислом динининг тасаввурида жисм, ақл ва руҳдан иборат. Пайғамбар (а.с) тириклик даврларида ўз саҳобийларининг ана шу уч нарсани баробар ушлашга ўргатдилар. Бирига берилиб, бошқасини тарк этишдан қаттиқ қайтардилар. Бунга мисол тариқасида қуйидагиларни келтириш мумкин. Пайғамбар (а.с) айрим саҳобаларнинг ана шу томонлардан бирортасида ғулувга кетганини кўрсалар қаттиқ қайтарар эдилар. Чунончи, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал Ос (р.а) узлуксиз рўза тутиб, ухламасдан ибодат қилиб чиққан ва аҳли оиласини, оилавий вазифаларини ташлаб қўйган эди. Бас, Пайғамбар (а.с) унга: “Агар шундоқ қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсинг малол олади. Албатта сенда нафсингнинг ҳам ҳаққи бор,  аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор. Бас, рўза ҳам тут. Ухлаб ҳам ёт” , дедилар1.

Ислом дини ана шундай ўзаро мутаносибликни таъминловчи ҳақ диндир. Шу билан бирга, бу таълимот негизида шаклланган тасаввуф илми ҳам ҳар жиҳатдан ўртача бўлади. Бизга маълумки Тасаввуфнинг тарихида адибларнинг ўрни жуда катта бўлган. Хусусан Ўрта Осиё адиблари асарларида тасаввуфий ғоялар тараннум этилган бўлиб, кўплаб Европалик Шарқшунослар ушбу асарлар орқали Тасаввуфни ўрганишга киришганлари маълум. Бу ХVIII аср охири ва ХIХ аср бошларида бошланган жараён бўлиб, шу ҳақида Эрнст Карл ўзининг “Сўфийлик” асарида қуйидагиларни келтиради: “Ост Индиа компанияси вакили Сер Уилем Жўнс2 ва Сер Жўн Малкўлмлар3 Афғонистон, Эрон, ҳамда Ҳиндистоннинг кўп қисми гаплашувчи форс тилида изланишлар олиб боришди ва натижада Муҳаммад (а.с) динлари билан боғлиқ бўлган диннинг  мистик шакли билан дуч келишди. Бу уларнинг Шарқ ҳақидаги тасаввурларини бутунлай ўзгартириб юборди. Сўфийларни ҳар бир масжидда учратиш мумкин эди. Уларнинг кўпроғи шоир эдилар”4.

Демак, маълум бўляптики, Европалик шарқшунослар тасаввуфни ўзининг энг ривожланган пайтида эмас, балки анча кейин, сустлашган давридан ўргана бошлаганлар. Зотан аввалги манбаларга кўра тасаввуф Ислом дини негизида мавжуд бўлганини айтдик. Шундай экан, унинг дастлабки, асл ҳоли қандай бўлган деган савол туғилади. Бунга жавоб бериш учун, биз Ислом дини манбаларида келган маълумотларга мурожаъат қилишимиз даркор. 

Тасаввуф ҳақида кўп олимлар турли илмий тадқиқотлар олиб боришган ва аксарияти тасаввуфни Ислом оламида янги пайдо бўлган таълимот эканини айтишган. Жумладан Нажмиддин Комиловнинг “Тасаввуф” китобида шундай маълумотларни учратамз: “Тасаввуф тадрижий равишда тараққиётга эга таълимот бўлиб, Ислом оламида VIII асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. Дастлаб у зоҳидлик ҳаракати кўринишида куртак ёзди. Гап шундаки, Муҳаммад (а.с) вафотларидан кейин, Ислом оламида бўлиниш юз берди. Айниқса, халифа Усмон (р.а) даврларига келиб, бойликка ружуъ қўйиш, қимматбаҳо туҳфалар билан қариндош-уруғлар, яқин дўст-биродарларни сийлаш расм бўлди. Умавийя халифалиги даврига келиб эса, сарой ҳашамлари, дабдабали безаклар, олтин-кумушга берилиш, хазина тўплаш авж олди. Яъни диний машғулотлар, Ҳудо йўлидаги тоат-ибодат ўрнини дунёвий ишлар, дунё молига муҳаббат эгаллай бошлади. Бу ҳол диний амрларни адо этишни ҳар қандай дунёвий ишлар, бойликлардан устун қўйган эътиқодли кишиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Улар орасида ҳадис тўпловчи муҳаддислар, илгаридан қашшоқ бўлиб, уй-жой, мол-мулкка эътибор қилмаган саҳобалар ҳам бор эди. Буларнинг бир қисми динни ҳимоя қилиб, очиқ курашга отланган бўлсалар, иккинчи қисми қаноат ва зуҳдни асосий мақсад қилиб олиб, сарой аҳли ва сарватдорлар, бойлар ахлоқига қарши норозилик белгиси сифатида таркидунёчилик ғоясини тарғиб этиб, ижтимоий фаолиятдан бутунлай четлашганлар, сурункали тоат-ибодат билан шуғулланганлар1. Бу маълумотга кўра, тасаввуф Пайғамбар (а.с)дан кейин, тобеъийлар даврларида шаклланган таълимот деган хулоса чиқади.

Аммо Ҳиндистонлик мутасаввиф Иноят Хон ўзининг “Сўфийлик таълимоти” китобида қуйидаги фикрларни айтади: “Сўфийлик тарихий жиҳатдан муайян таълимот сифатида янгидан шаклланган эмас. У ҳар даврда бўлган. Зеъро олам ҳар доим инсоннинг ички зиёсини ифодалайди. Бу оламни ўзининг юксак кўринишлари билан Ҳудонинг илми деб, уни ўрганишни эса Илоҳий илм – сўфийлик деб аташ мумкин. Сўфийлик ҳар доим амалда бўлган. Унинг вакиллари қалби пок кишилар бўлган. Шунинг учун ҳам, сўфийлик нафақат унинг вакилларига, балки барчага бирдек тегишлидир”1. Бу икки фикрда ўзаро қарама-қаршилик мавжуд. Негаки аввалги фикрга кўра, тасаввуф Ислом дини тарқалган тобеийлар даврида шаклланди деган маълумот берилмоқда. Кейингисида эса, тасаввуф Ер юзи яратилгандан буён мавжуд эди. Фақат у турли шаклларда кўзга ташланди деган фикр англашилади. Бу фикрларни мулоҳаза қиладиган бўлсак, ҳар бири ўзида маълум ҳақиқатни мужассам этган. Биз ўрганаётган тасаввуф Ислом негизида шаклланган руҳий тарбиядир. Муҳаммад (а.с)дан ҳам аввал пайғамбарлар келгани, уларнинг ҳам ўргатган динларида шаръий қонунлар билан бирга  руҳий камолот ўз ўрнига эга эканини ҳисобга олсак, тасаввуф Хазрат Иноят Хон айтганларидек Одам (а.с) яратилганларидан мавжуд бўлган бўлади. Мусо (а.с)нинг асъҳоблари, Исо (а.с)нинг ҳаворийлари, Каҳф соҳиблари, уларнинг барчарлари мутасаввиф кишилар эдилар. Фарқ фақат, шариатда холос. Улар ўзларига туширилган соддароқ шариатни маҳкам тутган ҳолда, руҳий камолотга интилган бўлсалар, кейинчалик туширилган Ислом дини бу камолотни энг юксак чўққисига етказди.

Қуръон оятлари ва Пайгамбар (а.с) суннатларида нафсни тарбиялш, руҳни поклаш ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Тасаввуфнинг мақсади комил инсонни тарбиялаш эканини ҳисобга олсак, Тасаввуф айни Ислом динидир деган мантиқ келиб чиқади. Фақат бу ерда кейинчалик юзага келган “Фалсафий тасаввуф”2ни ҳақиқий ва соф бўлган “Сунний тасаввуф”3дан ажратиб олишимиз лозим. Бунинг учун Қуръон ва суннатдан далиллар келтирамиз.

Тасаввуфнинг Қуръондаги далиллари:

1. Аллоҳ таоло “Жумуъа” сурасининг 2-оятида қуйидагиларни айтади:

“У зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам, уларга оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборди”1.

Биз “саводсиз” деб таржима қилган маъно араб тилида “уммий” дейилиб, бу сўз ўқиш-ёзишни билмайдиган шахсга нисбатан ишлатилади. “Умм” – “она” дегани. Яъни, онадан туғилгандек ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган, деган маънони тушуниш керак. Ўша давр араблари “уммий қавм” дейилган, чунки уларнинг ичларида ўқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган. Ушбу оятда Пайғамбаримиз (а.с) “поклайдиган” деб таърифланмоқдалар. Демак, “тазкиятун-нафс”2 Расулуллоҳ (а.с) бажаришлари лозим бўлган тўрт муҳим нарса: оятларни уммийларга тиловат қилиб бериш, уларга китобни таълим бериш, уларга ҳикматни ўргатиш ва уларни поклашдан биридир. Ўша поклаш “тазкиятун-нафс” – “нафсни поклаш” деб аталиб, мўминларнинг нафсларини кучлантириб сайқаллаш, уларга фазийлатларни касб қилдириш, уларни разолатлардан холий қилиш билан бўлади. 

2. Аллоҳ таоло “Аъла” сурасининг 14-15-оятларида қуйидагиларни айтади:

“Батаҳқиқ, ким пок бўлса, ютуқ топадир. Ва Робби исмини зикр қилса ва намоз ўқиса ҳамдир”3.

3. Аллоҳ таоло “Шамс” сурасининг 7-10-оятларида қуйидагиларни айтади:

“Ва нафс билан ва унинг мукаммал қилиниши билан қасам. Бас, унга фужурини ва тақвосини билдирди. Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди. Ва батаҳқиқ, ким у(нафс)ни кирласа, ноумид бўлди”1.

Тасаввуфнинг суннатдаги далиллари:

“Жаброил ҳадиси” номи билан машҳур бўлган ҳадиси шариф ўзида улкан маъноларни мужассамлаштирган бўлиб, уни алоҳида эътибор билан ўрганилса, жуда кўп фойдалар ҳосил бўлади. Келинг, бу ҳадиси шарифни қўлдан келганича ўрганиб чиқайлик.

Умар ибн Хаттоб (р.а)дан ривоят қилинади: “Бир куни биз Расулуллоҳ (а.с)нинг ҳузурларида эдик. Бирдан, устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ (а.с)нинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: 

“Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, – деди. 

Расулуллоҳ (а.с):

“Ислом – “Лаа илаҳа Иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, – дедилар. 

“Тўғри айтдинг”, – деди у. 

Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди. 

“Менга Иймон ҳақида хабар бер”, – деди. 

Ул зот (а.с): 

“Аллоҳга, Унинг Фаришталарига, Китобларига, Расулларига ва Охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, – дедилар. 

“Тўғри айтдинг”, – деб тасдиқлади ва: 

“Менга Эҳсон ҳақида хабар бер”, – деди. 

Ул зот (а.с): 

“Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг”, – дедилар.

“Менга (қиёмат) соатидан хабар бер”, – деди. 

Ул зот (а.с): 

“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, – дедилар.

“Унинг аломатларидан хабар бер”, – деди. 

Ул зот (а.с): 

“Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал ва чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг”, – дедилар. 

Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен бирмунча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра у зот (а.с) менга: 

“Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?”– дедилар.

“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, – дедим. 

Ул зот (а.с): 

“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга дийнларингиздан таълим бергани келибди”, – дедилар”. (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар)1.

Ушбу ҳадисда келган “Эҳсон” сўзи айни тасаввуфнинг асосидир. Эҳсон диннинг тарбиявий қисми бўлиб, уни одатда тариқат ҳам дейилади. Шу асосда тасаввуф  диннинг руҳий тарбия бўлаги сифатида намоён бўлди. Пайғамбаримиз (а.с)даврларида ўзлари устозлик қилдилар. У кишидан кейин саҳобийлар, кейин тобеийлар, улардан кейин табаъ тобеийлар устоз бўлиб, мусулмонларни камолот сари етакладилар. Улардан кейин олимлар сони ҳам, комилликка етишган устозлар сони ҳам аввалгига нисбатан камайиб кетгани сабабли, ўша давр намоёндаларининг номлари кенг тарқалиб кетти. 

Юқорида ўрганган далилларимизга асослансак, Тасаввуф бу Ислом динининг айни ўзидир. Тасаввуф Ислом дини қонун-қоидаларининг руҳий тарбияга оид қисмини ва унинг амалий кўринишини кўпроқ ифодалайди. Масалан нафс тарбияси, қалбни иллатлардан тозалаш, ҳусни хулқ ва ҳоказолар.

Тасаввуф Ислом дини буйруқларининг амалда бўлишини талаб этади, фарз амаллардан ташқари нафлларни кўп бажаришга ундайди, руҳий тарбияга, яъни “ташқи фиқҳ”дан ташқари “ички фиқҳ” га кўпроқ аҳамият беради ва бунинг натижасида “Иймони яқийн”1 га етишиб, ҳар ҳолатда ҳам Аллоҳни кўриб тургандек амал қиладиган холис мўъминни тарбиялайди. Яна ҳам қисқароқ таъриф берадиган бўлсак, Тасаввуф Ислом теологияси ва психологиясини бир бутун тарзда акс эттирувчи ҳақиқат ҳисобланади.

Бизга маълумки тасаввуфнинг ғояси комил инсонни тарбиялшдир. Бундай камолотга эришган шайхларнинг ўз даражалари ва маноқиблари мавжуд. Комил инсонни тасаввуфий истилоҳда “авлиё” дейилади. Биз аввал авлиё тушунчаси ва унинг Қуръони Каримда англатган маънолари билан танишиб чиққан эдик. Шу маънолар орасида “Аллоҳнинг дўсти” маъноси айни биз ўрганаётган мавзуни ёритиб беришда асос бўлиб хизмат қилади. 

Валий тушунчаси Қуръон ва ҳадисга асосланган бўлиб, “дўст” (Аллоҳнинг дўсти) маъносини билдиради (“Аллоҳ эса тақводор зотларнинг дўстидир”2). Шу маънода Қуръонда Осаф ибн Барҳаё, Марям, МУсо (а.с)га илм берган солиҳ одам, Сулаймон (а.с) га тахтни келтириб берган илмдан хабари бўлган киши, кабиларнинг “возеҳ” (аниқ, равшан) тарзда валий инсон бўлганликларига ишора қилинган. Шу зайилда валийлик (валоят) атамаси пайдо бўлган. 

Валоят3 – банданинг Ҳаққа бўлган қиёмидирки, бу мақомда инсон ўз нафсидан юқори кўтарилади. Валоятни валояти омма (барча мўминлар учун хос) ва валояти хоссага (Хақ васлида фано ва бақо мақомига етганларга хос) ажратганлар.

Валоятнинг  валояти узмо (буюк) ёки валояти лоҳутий, валояти кубро (улуғ) ёки валояти жабарутий, валояти вусто (ўртача) ёки валояти малакутий, валояти суғро (кичик) ёки валояти носутий1 каби даражалари бўлиб, валояти узмо пайғамбарларга, валояти кубро бошқа набийларга, валояти вусто валийларга, валояти суғро мўминлар ва орифларга тааллуқлидир. Авлиёлар ҳам ўз ўрнида қуйидаги даражаларга бўлинади:

1. Қутб – Тасаввуф шайхларига бериладиган энг оилий унвон. Тасаввуфда маълум бир даражага етган авлиёлар. Улар икки нафардирлар. Ҳар бир даврнинг ўз қутби бўлиб, улар ҳар замонда мавжуд бўладилар. Уларнинг қалби Муҳаммад (а.с) қалблари билан алоқадор бўлади.

2. Ғавс – Бу ҳам Қутб каби бўлиб, ёрдам берувчи деган маънони англатади.

3. Абдол – Ғойиб кишилар тоифасидан бўлиб, ўзлари халқ ичра бўлсаларда, уларнинг абдол эканликларини ҳеч ким билмайди. Абдол форс ва туркий тилларида “чилтан” (қирқ кишидан иборат) деб юритилади. Улардан қайси бири вафот этса, ўрнига дарҳол янгиси тайин этилади. Олдинги кишига бадал (ўринбосар) бўлиб келгани учун ҳам уларга  “абдол”, яъни “ўринбосарлар” деб ном берилган. Баъзи манбаларда уларнинг адади 400та эканлиги қайд қилинган.

4. Автод – бу сўзнинг луғавий маъноси “қозиқлар”дир. Улар ҳам абдол каби зотлар бўлиб, ададлари баъзи манбаларда 4 нафар дейилса, баъзиларида 70 нафар дейилган.

5. Нужабо – Олий зот бир тоифа авлиёларки, улар фақат инсонларнинг фойдаси учун фаолият кўрсатадилар. Уларнинг одамлар ҳаққига қилган дуолари мустажоб бўлади. Уларнинг адади баъзи манбаларда 70 киши дейилса, яна баъзи манбаларда 40 киши деб кўрсатилган.

6. Нуқабо – Тасаввуфда бир тоифа авлиёларга шу ном берилган бўлиб, улар умматлар билан зоминдирлар. Улар одамларнинг сирларидан воқифдирлар. 

Ададлари 300 нафар1. Мана шулар авлиёларнинг даражалари номларидир. 

Бунга қўшимча ўлароқ шуни келтириш лозимки, валий инсон хислатлари, валийлик мақоми, даражалари устида ватандошимиз Ҳаким ат-Термизий чуқур назарий тадқиқот олиб борган. Унинг фикрича, ҳақиқатга етишишликда илм ва ақлдан бошқа яна бир учинчи – илоҳий нарса – валийлик ҳам бор2. Умуман олганда қалб кўзгуси пок бўлган инсонлар руҳий олам сирларидан хабардор бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Ҳаким ат-Термизийнинг “Хатм ул-авлиё”3 асари валоят ва авлиёлик масалаларига бағишланган илк мухтасар асар бўлиб, тасаввуф тарихида биринчи марта авлиёлик даражалари, хатм ул-анбиё ва хатм ул-авлиё мавзулари таҳлил этилган. Шунингдек, асарда валоятнинг ўн хусусияти, авлиёларнинг аломатлари, ваҳий, илҳом, каромат, фаросат, қурб каби масалалар Қуръон ва ҳадисдан келтирилган далиллар асосида ёритилган. “Хатм ул-авлиё” асарининг тўртинчи фаслида (“Руҳоний саволлар”) муаллиф авлиёликни даъво қилаётган кишиларнинг авлиё эмасликлари, уларнинг даъволари ҳақ ёки ноҳақлигини аниқлаш учун 157 та савол тузган ва уларга батафсил жавоб берган. Жумладан, “Анбиёлардан бўлмаган одам анбиёлардан устун бўлиши мумкинми?”, деган саволга: “Набийнинг пайғамбарлиги ва мақоми туфайли ҳеч бир набийдан ҳеч бир шахс афзал бўла олмайди”4, деб жавоб берган.

2-БОБ. АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ “ЛИСОН УТ ТАЙР” АСАРИДА АВЛИЁЛИК МАСАЛАЛАРИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

2.1. Алишер Навоийнинг тасаввуф ҳақидаги қарашлари

Бизга маълумки Алишер Навоий 9-10 ёшлигидаёқ Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут-тайр” (“Қуш нутқи”) номли достонини жуда ёқтириб қолади ва муттасил шу достон такрорига ружуъ қилади. Ёш Алишер таълим олган мактабда ўқувчилар муқаддас диний ва дунёвий бадиий асарлар ўқишар эди. Талабалар сабоқ такроридан ё Каломуллоҳни такрорлаш машқидан толиққанларида устоз ёшларнинг хотирасини мустаҳкамлаш учун қизиқарли китоблар мутолаасига рағбатлантирар экан. Уларнинг бири Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, иккинчиси ушбу шарқ ахлоқи отасининг “Бўстон” китобларини ўқишга киришар экан, Алишернинг содда қалби “Мантиқут-тайр”га майл этади. Бу мойиллик шу даражага етадики, у бошқа китобларга қарамай қўяди. Кичик Алишер бу фалсафий-тасаввуфий асардан қаттиқ таъсирланиб, ҳаттоки уни ёдлаб олади. Бундан англашиладики, Алишер Навоийнинг тасаввуф илмига бўлган қизиқиши ёшлигидан куртак отиб улгурган эди.

Алишер Навоий фақат буюк сўз санъаткори эмас, балки ўрта асрлардаги фалсафий, ижтимоий оқимлар жараёнига фаол муносабатда бўлган даҳо мутафаккир ҳамдир. Навоий фалсафа, дин, тариқатлар ҳақида махсус илмий рисолалар ёзган эмас. Лекин унинг мазкур масалаларга доир аниқ маълумотлари бадиий ва илмий, тарихий асарлари таркибида анча мукаммал акс этган. Унинг у ёки бу мазҳаб, тасаввуф, тариқатларга муносабати асосан, икки хил йўсинда намоён бўлади:

1.    Очиқ мулоҳаза, талқин ёки яхлит хулосалар сифатида;

2.    Бадиий асар табиати билан боғлиқ ҳолда, йўл-йўлакай муносабат, имо-ишора тарзида. 

Шунингдек, бир қатор муҳим, аммо нозик масалалар (қазо ва қадар, ҳуруфийлик, маломатия, футувват — жавонмардлик)га муносабат пардали имо-ишора, ҳамда муайян образлар замирига сингдирилган ҳолда кўринади.

Навоийнинг тасаввуф фалсафаси ва ахлоқи, нақшбандия сулукининг асосий принциплари ва йўллари ҳақидаги мулоҳаза ва хулосалари қитъа, ғазал сингари кичик жанрларда очиқ қайд этилгани ҳолда, достонлар таркибида муайян ғоявий ният билан боғлиқ ҳолда, бадиий матн доирасида кўринади. Аммо шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Алишер Навоийнинг хусусан тасаввуф ва тасаввуф алломаларига бағишлаб ёзган қатор диний-фалсафий асарлари мавжуд. Бу ҳақида қуйироқда батафсил маълумот берамиз

Алишер Навоийнинг ижодига назар солсак, бир қатор масалаларда бошқача манзаранинг ҳам гувоҳи бўламиз. Масалан, улуғ мутафаккирлар, жумладан Навоий дунёқарашида муҳим ўрин тутган мавзулардан бири — тақдир масаласи, унинг қазою қадар ҳақидаги ақидалари (жабар ва қадар)га муносабатини олиб кўрайлик. Зотан, бу масала Навоий ижодиётида махсус қўйилган масалалар қаторида туради. Аксар асарларида тақдир билан боғлиқ “таваккул” истилоҳи тез-тез учраб туради. Ана шу қайдларнинг ўзигагина суянилса, Навоий бу масалада фақат жабар тарафдори бўлган деб хулоса чиқариш мумкин. Бироқ, ушбу берилган маълумотларни диққат билан шарҳланса, шоирнинг тақдирни нақадар тўғри тушунгани ва тушунтиргани намоён бўлади. Ёки бўлмаса “Фарҳод ва Ширин”даги учинчи муножот (“Инсоннинг адам ниҳонхонасидан вужуд кошонасига келмакда...”) замирида ётган пардали мазмун теран идрок қилинса, ҳақиқий хулосага келиш мумкин1. Лекин баъзи тадқиқотларда бу муножотнинг туб моҳияти мутлақо нотўғри — “инсон манфаатларини ҳимоя қилиб, Ҳудо билан мунозара қилиш” тарзида талқин қилинган. Бинобарин, Навоийнинг жабар ва қадар тарафдорларига муносабати, тақдир масаласи бўйича ўз ақидаси ҳақида асосли хулоса чиқариш учун унинг барча асарлари таркибида келган шу масалага доир фикр ва мулоҳазаларини батафсил ўрганиш зарур.

Навоий ижодиёти нафақат фалсафий теранлиги, балки ижтимоий моҳияти билан ҳам адабиётимиз тарихида фавқулодда ходиса ҳисобланади. Хилма-хил жанрларга мансуб бадиий дурдоналарда доно сиёсий арбобнинг илғор ижтимоий консепцияси барча жиҳатлари билан тўлиқ ва ёрқин намоён бўлган.

Агар лирик шеърлар, достонлар муқаддимаси ва “Маҳбуб ул-қулуб”да ижтимоий масалалар махсус қўйилиб, аниқ хулосалар баён қилинса, достонлардаги воқеа ва образларни ана шу фикр ва мулоҳазаларнинг бадиий инъикоси деб айтиш мумкин. Бошқа достонларда муаллифнинг тасаввуф ва хусусан, нақшбандия тариқатига муносабати аниқ кўзга ташлангани ҳолда, унинг дунёқарашига катта таъсир кўрсатган ижтимоий оқим ва уюшмаларнинг айримларига муносабати маҳорат билан тўқилган парда ортига олинган. Бунга Навоийнинг комил инсон ғоясининг шаклланишига катта таъсир кўрсатган футувват (жавонмардлик)га муносабати ёрқин далил бўла олади.

Маълумки, Алишер Навоий футувватнинг Кичик Осиё ҳудудидаги ўзига хос тармоғи бўлмиш сахийлик ҳаракати намояндаси (“Сабъаи сайёр”даги Сахий)нинг ёрқин образини яратган1. Шоирнинг ўз тили билан айтганда:

Мурувват – барча бермакдур, емак йўқ, 

Футувват – барча қилмакдур, демак йўқ.

Зотан, бу ҳаракатнинг Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги аъзолари сахий эмас, балки жавонмард деб аталган. Бинобарин шундай кенг ривож топган қудратли ижтимоий ҳаракат бу ҳудудда ўзига хос жиҳатлар касб этган ва турли халқ ҳаракатлари, ижтимоий қатламлар билан вобаста бўлганлиги шубҳасиз.

Бир қараганда Алишер Навоий футувватнинг Кичик Осиёдаги кўриниши бўлмиш сахийлик ҳақида махсус ҳикоя (“Сабъаи сайёр”нинг биринчи ҳикояти) яратгани ҳолда, ўз ватани Хуросонда кенг шуҳрат қозонган ва шаҳар ҳунармандларининг катта қатламини қамраб олган қудратли халқ уюшмаси — жавонмардликни четлаб ўтгандай туюлади. Ваҳоланки, шоир асарларида “футувват”, “жавонмард” атамалари комил инсонларга хос ижобий хусусият сифатида кўп тилга олинади. Тасаввуфнинг ғояси бу комил инсонни тарбиялш эканини ҳисобга олсак, ҳақиқий сўфий одамгина том маънода “жавонмард” бўла олади.

Маълумки, Фаридиддин Аттор футувватга мансуб 72 талаб (сифат, хусусият)1, Ҳусайн Воиз Кошифий эса (уч мартаба, ўн икки рукн (устун) 71 та шартни кўрсатган2. Ана шуларнинг барчаси иккита сифатда мужассам бўлади: саховат (дўстларга нафъ етказмоқ) ва шижоат (дўстларни душманлардан асрамоқ). Агар Навоий асарларидаги ижобий қаҳрамонлар фаолияти, шунингдек, унинг шеърлари ва “Маҳбуб ул-қулуб” асарига эътибор қилсак, барча муҳим сифатлар жавонмардлик талаблари билан мувофиқ эканлигига тўла қаноат ҳосил қиламиз.

Алишер Навоий, гарчи жавонмард номи билан махсус ҳикоя ва образ яратмаган бўлса ҳам, Фарҳод, Масъуд, Саъд, Фаррух, Искандар, Шопур, Мукбил сингари ҳақиқий жавонмардлар тимсолида ўзининг бу масалага доир қарашларини етарли даражада ифодалаб берган. Навоий асарларини футувват нуқтаи назаридан кузатиш асосида нафақат унинг жавонмардларга нисбатан чуқур муҳаббатини ҳис этиш, балки футувватнинг моҳиятини ҳам тўлиқ тушуниш мумкин.

Навоийнинг адабий, илмий асарларини мутолаа қилиш асносида турли мазҳаб, фалсафий тариқат ёхуд ижтимоий силсилага мансуб ўнлаб шахслар номига дуч келамиз.

Муаллиф имконияти даражасида ҳар бир шахснинг эътиқоди ҳақида тасаввур пайдо қилишга ҳаракат қилган. Йўл-йўлакай келтирилган ниҳоятда мухтасар қайдларда ҳам Навоий даҳосининг муҳим жиҳатлари — демократик руҳ ва адолат ҳиссини сезиб олиш қийин эмас. Буюк мутафаккир бир-биридан тафовут қилувчи ва ўзи дахлдор бўлмаган турли мазҳаб ва фалсафий сулукларни тилга олганда холисона иш тутади ва бир ёқлама баҳо беришдан сақланади. Алишер Навоий нақшбандия сулукига содиқ қолгани ҳолда, бошқа тариқатларга ҳам бағрикенглик кўрсатди, турли тариқатга мансуб маърифатли шахсларга эҳтиром билан қарайди.

Нақшбандия талабларида зикри жаҳр, самў ва хилват бўлмаслигини Навоийнинг ўзи ҳам таъкидлаб ўтади. Лекин, Бобур келтирган маълумотларда шундай дейилади: “Алишербек қошида (Камолиддин Ҳусайн Гозургоҳий каби) мутасаввуфлар йиғилиб, важд (жаҳр) ва самў қилурлар экандур”1. Бу шоирнинг ўша тариқат вакиллари билан ҳам яқин муносабатда бўлганига яққол далил бўла олади.

Ҳар бир масалада фикр хилма-хиллигини эътироф қилиш, турли мазҳаб ва тариқатларга ҳурмат билан холисона муносабатда бўлиш, ўта нозик ўринларда ўз фикрини билвосита — пардали ифодалаш ва, энг муҳими, барча масалаларда адолат ҳиссининг барқарорлиги Навоий даҳоси учун характерлидир.

Мана шулар билан бир қаторда Алишер Навоий нақшбандия тариқатига алоҳида эътибор билан қарар ва ўзи ҳам ушбу тариқатнинг кўплаб кўрсатмалари, йўл-йўриқларига риоя этар, нақшбандий пирлар билан яқин муносабатда эди. Навоийнинг нақшбандия тариқатига кириб келиши тасодифий ҳол эмас эди. Унинг шахсида бу буюк таълимотнинг чуқур томир отиб, янада равнақ топиши учун зарур бўлган маънавий-руҳий замин мавжуд эди.

Шу ўринда Навоий шахсини нақшбандий шайхлари билан яқинлаштирадиган яни бир жиҳатни эслатиб ўгиш жоиз. XV асрда Мовароуннаҳрда энг катта мулк эгаси ва ўша замон нақшбандий сулукининг саромади Хожа Аҳрори Валий бўлса, Хуросонда худди шундай одам Алишер Навоий эди. Бундай ҳаёт тарзи бебақо дунёнинг ҳою ҳаваси, мулку давлатига рағбат қилмаслик, дилни ёлғиз Аллоҳ жилвагоҳига айлантириш ғоясини мунтазам тарғиб қилган муршиду соликлар йўлига зид эмасми деган шубҳа туғилиши табиий. Лекин ҳамма гап мулк, мансабу жоҳ эгаси бўлишда эмас, балки уларга меҳр қўймаслик, дилни улар хаёлидан мутлақо холи қилиб, ёлғиз Ёри ҳақиқий (Аллоҳ) муҳаббатига, Маҳбуб жилвагоҳи бўлмиш мусаффо кўзгуга айлантиришда. Биз буни аввал яшаб ўтган салафи солиҳларимиз, яна ҳам аниқ қилиб айтилса Абдурраҳмон ибн Аъвф ва Усмон (р.а) каби бой яшаб тақвою зуҳдда собит бўлган саҳобийлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Алишер Навоийнинг ҳаёт йўли билан таниш бўлган одам жуда катта бойлик қандай олийжаноб мақсадлар йўлида сарф қилингани унинг юксак ҳиммати ва жавонмардлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилади. 

Биз юқорида айтиб ўтганимиздек, Алишер Навоий “тасаввуф”га бағишлаб муайян асарлар ҳам ёзган. Хусусан “Насойим ул муҳаббат”, ҳамда “Лисон ут тайр” диний-фалсафий асари ҳам шулар жумласидандир. Шоир ўзининг “Насойим ул муҳаббат” асарида сўфийлик ва тасаввуф ҳақида жуда қимматли маълумотлар берган. Жумладан асар 1-бобининг иккинчи фасли “Мақомот таърифи: Сўфийлик ва орифлик сифатлари, мезонлари” деб номланган. Бунда қуйидагича маълумотлар келган:

Мақомот – Сўфий руҳий-маънавий камолоти босқичларидир. Мақомотларни босиб ўтишдан мақсад (ҳамма соликлар ҳам тариқат мақомини тўла босиб ўтолган эмас) руҳий-маънавий мартабаларга кўтарилиш, риёзат билан қалбни Аллоҳ васлига тайёрлаш, энг асосийси, ҳалим ахлоқ эгаси бўлиш, эзгу ишларга чоғланиш, инсонларнинг ёрдамчиси бўлишга, жавонмардлар расм-русуми билан яшашга одатланиш эди.

“Насойим ул-муҳаббат”да валийларнинг амаллари, феъл ва муомалалари зикр қилинган бўлиб, улар тавба, луқмаи ҳиллият, шариат риояти (шаҳодат калимаси, салоти хамса, закот, рўза, ҳаж), тариқат одоби, ҳилм, бурдборлиғ (чидам, бардош), ризо, сабр, сидқ, азим риёзатлардир”.

Абу Наср Саррож етти мақомни (тавба, вараъ, зуҳд, фақр, сабр, ризо, таваккул), ал-Калободий ўн етти мақомни, Абу Саъид Майхоний қирқ мақомни, Абдуллоҳ Ансорий юз мақомни, Ибн Арабий 19 мақом ва 360 манзилни кўрсатганлар. Шариат талабларини тўкис адо этган Сўфий тариқатга кирган ва пирга боғланган.

Мақомот йўлига кирган ҳар бир солик1 ўзида илм (маърифат), ҳилм (юмшоқлик, тавозуъ), тақво (ҳар жиҳатдан парҳезкорлик), саҳв (хатоларни англаш), шукр (Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш), сидқ (ростгўйлик), вафо (аҳдга содиқлик), ризо (Аллоҳ тақдирига рози бўлиш), сафо (кўнгилни соф этиш), ишқ (муҳаббат) каби сифатларни камолотга етказиши лозим бўлган.

Сўфий Аллоҳ сирларининг қўриқчиси, “зоҳирда қул, ботинда озод”2 инсон. Сўфий зоҳирини тоат-ибодат хизматига боғлаб, ботинини барча дунёвий алоқалардан узган, қалби мусаффо, ақли юксак, кўнгли муҳаббат аҳди билан тўлган. Унинг ҳиммат кўзи олдида олтин билан тупроқ тенг. Сўфийнинг зоҳирдаги қуллиги Аллоҳгадир, ботиндаги ҳурлиги нафсдандир. Сўфий дам (нафас) билан топган нарсасига қадам билан юриб эришган, яъни “илм ул-яқин”3 рутбасидан “айн ул-яқин”4 рутбасига тараққий этган. Қалбдаги сафо ва сокинликнинг куч-қудрати Сўфий маслагининг собитлигида намоён бўлган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Алишер Навоий тасаввуф намоёндалари ҳақида ҳам, тасаввуф ҳақида ҳам жуда чуқур билим соҳибидир. Ўз даврининг катта сўфийлари ва дарвешлар билан олиб борилаган очиқ мулоқотлар эса шоирнинг тасаввуф ҳақидаги билимларини янада бойитди. Бундан ташқари Алишер Навойнинг ўзи томонидан қаламга олинган асарлари ҳам тасаввуф ҳақидаги беназир асар ҳисобланади. Алишер Навиоийнинг ўзи тасаввуфнинг етук намоёндалари сирасига киради. Зотан ҳаёти давомида шоирнинг қилган ишлари бунинг яққол далили бўлади.

  2.2. “Лисон ут тайр” асарида авлиёлик ва унинг таҳлили

Алишер Навоийнинг тасаввуфий қарашлари ҳақидаги мавзуни ёритар эканмиз, у зотнинг “Лисон ут тайр” асари ва унда келган мажозий образлар, уларнинг ҳар бирининг англатган маънолари ва уларнинг пири-Ҳудҳуднинг ирфоний тарбияларини батафсил очиб беришимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Аввал бу асар ҳақида қисқача тўхталсак. 

Бу достон биринчи маротаба эски ўзбек ёзувида танқидий текст ҳолида “Фан” нашриётида 1965-йилда Тошкентда босилиб чиқарилди. Уни нашрга тайёрловчи Ш. Эшонхўжаев эди. Амалдаги ёзувимизда эса, Алишер Навоий “Асарлар”ининг ўн беш жилдлигининг 11-жилди сифатида 1966-йилда босилди. Бу асарни ҳам нашрга тайёрлаган олим Ш. Эшонхўжаевдир. “Лисонут-тайр”нинг кейинги оммавий нашрида жиддий қисқартиришлар содир қилинган эди: Оллоҳга ҳамд, Пайгамбар (а.с)га наът, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (р.а) мақтови боблари ва айрим боблар нашрдан четда қолиб кетган эди1. Кейинги нашрда эса ана шу қисқартирилган қисмлар ўз жойига қўйилди ва қайта нашр қилинди.

    Биз асар сўз бошиси Ваҳоб Раҳмоновнинг ушбу асар ҳақидаги хулосасини келтиришни лозим кўрдик. Негаки бу хулосада аслида жуда муҳим диний маъно жам бўлиши лозим эди. Аммо адабиётшунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилинган бу асардан чиқарилган хулоса нотўғри маъно ифодалаб қолди. Масалан: “Лисонут-тайр” достонидаги бош қолипловчи ҳикоя: жаҳон қушларининг йиғилишиб мартаба ва фазилатларига кўра жой талашишлари воқеасидан тортиб, қушларнинг Ҳудҳуд йўлбошчилигида Симурғни излаб етти водийдан (Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Тавҳид, Ҳайрат, Фақру Фано) ўтишлари ва Симурғни тополмай, Симурғ — Симурғни излашга чиққан си мурғ (ўттиз қуш)нинг ўзи эканлигини билишларида ҳам, достондаги Шайх Санъон қиссаси ва ўнлаб ҳикояларидан чиқадиган хулоса ҳам битта: Олам — борлиқ Оллоҳнинг зуҳуридан иборатдир. Қушлар (одамлар) Симурғни излаб (яъни Ҳудога етишиш учун) йўлга чиқадилар. Ҳудо излашга умр сарфлайдиган дарвешлар етти риёзат босқичидан (Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Тавҳид, Ҳайрат, Фақру Фано) ўтадилар ва руҳга айлангач, Ҳудо билан қовушадилар. Гўё Оллоҳ — қуёшдир, оламдаги барча нарса ва одамлар — унинг нур зарраларидирлар. Туғилиш — зарранинг қуёшдан узилиб, нурга айланиб кетиши; ўлим эса—зарранинг аслига қайтиб қуёш бағрига етишидир1.

Юқорида кўрсатилган маълумотга асосан, кишида шундай фикр пайдо бўладики, сайри сулук қилувчи киши, яъни тариқат йўлига кирган киши Аллоҳ томон юрар экан, юқоридаги етти босқични босиб ўтгач, руҳга айланади ва Роббисига қовушади. 

Аввало, Ислом қонун-қоидаларига амал қилиш – яккаю ягона ҳақ йўлни тутишдир. Унда кишилар ҳар қандай камолотга юксалсалар ҳам, қул сифатида қолишлари, асли кишининг улуғлиги ҳам шу “қуллиги” билан экани очиқ баён этилган. Шунинг  учун ҳам, шаҳодат калимасида “аъбдуҳу” сўзи, “росулуҳу” сўзидан аввал келади. Бундан ташқари ҳар қандай комил инсон ҳам, оддий кишилар ҳам  вафот этиши, сўнгра Роббисига қайтарилиши маълум ва машҳур. Ҳар ким қилган амалига яраша жазо, ёки мукофот олиши ҳам аниқ ва равшан ҳақиқат. Кимдир Жаннатда, кимдир Дўзахда абадий қолиши ҳам кундек равшандир. Шундай экан, киши қанақасига Руҳга айланади ва Роббисига қовушади? Бу умуман ботил фикрдир. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда нафсни поклаган, комиллик даражасига етган, “муҳсин” бўлган кишиларнинг Аллоҳга қовушиши ҳақида маълумот йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Бундай фикрни диний фирқалардан “Иттиҳодчилар” илгари сурганлар. Уларнинг ҳам фикрлари (бўхтонлари) – одам камолотга етишгач, Роббисига бирлашиб кетади деган фикр эди. Бу ҳудди Буддачиларнинг “Нирвана” ҳолати билан баробар. Ахир қандай қилиб Қуръон ва ҳадисда “банда” деб келинаётган инсон, Роббисига қовушади? Бу умуман ноўрин даъводир. Ваҳоланки, биз аввалги бобда Сунний тасаввуф қандай бўлиши, инсоннинг руҳий тарбиясидан мурод, Роббисига қовушиши эмас, балки покланиши ва Роббисининг лутфига эришиб, Жаннатда уни кўришдек бахтга етишиши эканлигини ўргандик. Шундай экан, биз “Лисон ут тайр”ни диний жиҳатдан таҳлил этмоғимиз лозим ва лобиддир.

Гарчи асарнинг ўзида ташбеҳ, истиора каби адабий жанрлар кўплаб қўлланилган, ҳамда адабиётшуносликка катта хисса қўшган бўлсада, асар ўз табиати билан диний-тасаввуфий асардир. Ундаги мажозий образлар хусусан бойўғли, каклик, булбул, бургут, калхат, кабутар ва бошқа қушлар муридларни, яъни сайри сулук қилувчи кишиларни ифодаласа, “Ҳудҳуд” муршидни билдиради. Симурғ образидан кўзланган мақсад бутун борлиқларни яратган Аллоҳдир. Бу эса, асар айни динийлигининг исботидир.

Асарда кишининг авлиёли даражасига қандай эришиши гўзал услубда тушунтирилган. Бу мақомнинг, яъни авлиёликнинг Қуръонга кўра қандай бўлишини ўрганган эдик. Яъни: Юнус сурасининг 62-63-оятларида  Аллоҳ шундай дейди: “Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир”1. Ушбу оят айнан авлиёлар ҳақидадир. Энди ана шу иймон келтиргандан сўнг бир сўз билан ифодаланган “тақво қилиш” қандай бўлишини, қандай босқичларни босиб ўтганда киши комил – муттақий бўлишини биз Лисон ут тайр асари орқали шарҳлаймиз..

Лисон ут тайрга кўра кишининг сайри сулукидаги дастлабки босқич: Талаб босқичидир. Талаб – сўфийнинг ўзини руҳан тайёрлаши, талабгорлик босқичидир1. Лисон ут тайрда қушларнинг Ҳудҳуд сўзларидан сўнг Семурғни топишга қаттиқ иштиёқ қилишлари, шавққа тушиб, куйиб-ёнишлари ифодаланган. Лисон ут тайрда талаб босқичи шундай таърифланади: Талаб водийсига қадам қўйсанг, олдингга ҳар дам юз минг дарду алам дуч келади. Ҳар дам унда юз малоллик, ҳар нафас минг ўзга ҳолат юзланади. Истамоқлик азоби кўнгулни зор этади, лекин топа олмаслик руҳни абгор этади.

Бунда жонни куйдириш маҳрумлик, васлга эришиш номаълумлик бўлади. Машаққат ва кулфатлар жисмингга ниш санчиб, беҳад улкан дард жисмингни пора-пора қилади. Сен ноёб дурни қўлга киритишни хоҳлайсан, аммо уни топа олмайсан. Бунинг учун дунё асбобларини тарк этмоқ зарурдир.

Солик ўз йўлида ғов бўладиган молу мулк ва бошқа нарсалардан воз кечиб, фонийликнинг тўрт йўлини баланд овозда улуғламоғи керак. Бу йўлда унга бўлган иштиёқдан бошқа ҳамма нарсани ташлаб, ўзни мақсад манзили томон бошлаши лозим. Агар олам матосидан бирон ашё қолмаса, сенда у дам ўзгача сифатлар пайдо бўлади. У хазинадан вайронингга ободлик келиб, зоти нуридан жонингга ёруғлик етишади. Бу ёруғлик сендаги шавқ ўтини тобора алангалатиб, талаб отингни учқур қилади. Бунда ўзингда бир талаб ўрнида юз талаб топасан. Бу пайт тоғлар сенинг кўзингга оддий даладек бўлиб кўринади. Жонингга талаб роҳати етади, машаққат чекиш шиддати сендан фориғ бўлади. Кўнглинг дур топишга қанчалик муҳаббат қўйса, сен учун ғаввослик қилиш шунчалик осон бўлади. Висол қуёши жамолини кўрсатгач, шоминг тонгга уланиб кетади. Агар бу пайт олдингга маст фил келса ҳам сен уни пашша каби назар-писанд қилмайсан. Агар йўлингни юз шер ёки арслон тўсса, уларни сен чўлоқ чумолидек кўрасан. У хазинага эришсанг, кўнглингга аждаҳодан хавф етмайди”1.

Бундай кучли шавққа тушган мурид энди амал қилишга ўтиб, сайри сулукни бошлайди. Бу мақомда асосий талаб икки нарсага – илм ва амалга бўлади. Солик илм олиб, тўймайди, амал қилиб, ҳар амалини нуқсонли ва оз кўраверади. У тавбаи насуҳ қилиб, қалбидаги бўладиган ўзгаришларни тарбиялайди. Унинг ҳолати шундай даражага борадики, Аллоҳ ишқи йўлида ҳатто жон беришга ҳам тайёр бўлади. Ана шунда у мурид иккинчи босқичда, яъни Ишқ босқичига қадам қўйган бўлади. Ошиққа етишиш барча нарсадан авлороқ бўлиб қолади. Ишқ – беинтиҳо жидду жаҳд, азму иродани бир мақсадга йўллаш, тинимсиз талпинишдир2. Бу ҳақида Лисон ут тайрдаги қуйидаги сатрлар фикримизнинг исботи бўлади: “Ишқ сўнмас бир машъалдир. Уни машъал дема, бутун оламни ёндирувчи шуъла дегил. Ишққа ҳар ким муносиб бўлавермайди. Самандардан бўлак қайси жонзот ўт ичида юра олади? Ишқ аро ботирлик ва қаландарлик лозим, шуъла денгизида самандар бўлмоқлик керак. Шуъла ичра куяётган парвона каби ошиқу девонанинг иши куймоқликдан иборатдир. Доноликни раъноларнинг иши деб айтма, парвона бўла олишга капалакнинг ҳадди сиғмайди. Капалак ёш болаларга ўз ҳусни ва зеболигини кўрсатиб, гуллар узра жилва қилиб учиб юради. Аммо унинг қўлидан жанда кийган девонанинг ишини қилиш келмайди. У парвона каби шуълага ўзини ура олармиди?! Гарчи капалак ўзининг турли ранг ва холлари билан кўзга чиройли кўринса-да, у парвона каби ёниб куя олмайди. Азалдан ишқ аро кул бўлмаган ҳар бир қушнинг отини булбул деб бўладими? Ишқ ичра куйиб-ёнмаганни ишққа берилган дема! Ким жонини илдо қилмас экан, уни ошиқ деб санама! Ишқ аҳли ўртаниб ёниш билан ўзини шод этади, бу ишни ўртаниш билан эгаллаб бўлмайди. Ишққа мубтало бўлган киши кўнглидан чиққан ўт вайронани ёндириб юборувчи аждар дами каби қудратлидир. Ошиқлар кўнгли ўтли оҳ чекишдан бегона эмас. Ахир оташгоҳдан дуддан бошқа яна нима чиқиши мумкин?! Ишқдан тушган ёлқини бутун ҳавони ёндириб юборувчи чақмоқ каби оламни ўртаб юборади. Ишқ ўтига ҳақиқий пок ошиқ ўртанади, унинг бу ўртаниши гўё чақмоқ тушган хирмонга ўхшайди. Сен ошиқ кўнглини оташзада деб айтма, балки уни ишқ ана шундай оташкадага айлантирган. Киши агар оташкада ичига тушса, у ерда ўртанмасдан бошқа иложи йўқ. Кимки ишқ аро ўтга айланса, ажабланманг, чунки ўтга нимаики тушса, у ҳам ўт бўлиб ёнади. Ишқ бир ўт каби унинг вужудини чулғаб олади, негаки, олов атрофида айланган киши ўртанмай қолмайди. Ишқ билан ўйнашиб бўлмайди. Жисмингга ўт тушса, у сени қуюндек саргардон қилади. Ишқ аро фақат ўртаниб ёниш лозим, ўт аро куймасдан ўзга чора йўқ. Ишқ осмонидан қайси ёққа чақин тушса, у шу ондаёқ жонни шуъла селобига ғарқ қилиб юборади. Ишқ чақмоғи хонумонни куйдириб юборади, хонумон нима деган гап, бутун жаҳонга ўт қўяди! Ошиқ кишининг асосий иши жон тарк этиш деб билгил. Ёр учун ўлмоқни ўзинг учун арзимас иш деб англагил”1.

Бу сўзлар билан Ҳудҳуд ишқ қандай улуғ нарса эканлиги, унинг йўлида ўлиш эса айни ҳаёт эканлигини тушунтирмоқда. Ошиқ ночор интиладию Маъшуқига етолмайди. Бор хонумони ёниб, фақат ва фақат ибодатда Унга юзланганида ҳақиқий оромини топади. Намозлару зикрлар ошиқ қалбининг оловли гирдобини васл чашмаси билан суғоргандек бўлади. Шу мақомда собит илгарилаган солик учинчи мақомга юксалади.

Учинчи босқич Маърифат босқичидир. Бу босқичда мурид тавбаи насуҳ қилиб, ишқ шаробини тотиб кўргач, энди унинг учун поклик олами ўз эшикларини очади. Ҳар жиҳатдан пок бўлишга ҳаракат қилади. Зеро Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади. Қалбида туғён ураётган шайтоний васвасаларни қалби ила эшитадиган ва улардан қоча оладиган бўлади. Авваллари уларни эшитиб, ундан юз ўгира олмаган киши, эндиликда уларни эшита олади ва улардан қутулиб ўзини поклай олади. Бир жумла билан айтганда Маърифат – Буюк Поклик олами асрорини ўзлаштириб, билиб олиш босқичидир1. Шу ҳақида Лисон ут тайрда Ҳудҳуд тилидан шундай дейилади: “Билгилки, Ишқ водийсидан кейин Маърифат водийси келади. Бу жойнинг ниҳоятда бепоён бир даштдан иборат эканлигига кўз ташла.

Кимки бу водийга кирса, у ердаги аҳволнинг ихтилофли эканлигини кўради. Бу жой шундай бир водийдирки, уни юз туман минг турли йўллар кесиб ўтади, аммо улардан бири иккинчисига сира ўхшамайди. Бутун ва бўлак ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам шу ерда мавжуд. Тараққиёт ҳам, таназзул ҳам шу жойдадир. Унда сен юз туман йўловчини беқарор бир тарзда, ҳар бирини ўзга бир йўлдан кетиб бораётган ҳолда кўрасан. Уларнинг ҳар бири ўзи кетаётган йўл билан фахрланади, ҳар бири йўлни ўз йўли томонга буради. Бири хуш тутган йўлни иккинчиси хоҳламайди, ҳар бирининг кўзига ўзиники яхши кўринади, бошқасини эса назарга илмайди.

Унда пашша ҳам, фил ҳам йўловчи, унда пашша ҳам, Жабраил ҳам учади. Мусо ҳам, Фиръавн ҳам унда йўловчи, аммо билгилки, уларнинг иккаласи бирдек эмас. Маҳдий ва Дажжол ҳам бу йўлдан ўз мазҳабларида, бироқ Исони у минган уловга тенглаштириб бўлмайди. Аҳмад ва Абу Жаҳл ҳам у ерда кўринадилар, буниси нурга ғарқ бўлса, униси зулматга тушгандир.

Бу ерда барча яхши-ёмон сайр этади; унда мўмин ҳам, кофир ҳам йўловчилик қилади. Агар бу ерда оташпарастлар ўз Лотига талпинсалар, Каъба аҳли — мусулмонлар эса ёлғиз Аллоҳга сиғинадилар. Куфр аҳли Лотни огоҳ деб айтсалар, лекин Ислом  аҳли "иллАллоҳ" деб айтадилар.

Бу йўлларнинг бари қуйқали бўлмаганидек, ҳаммасини ҳам соф деб бўлмайди. Улус ичра эътиқодларда бу хил ихтилоф бўлмоғи зарурий бир ҳолдир.

Агар гадо ёки подшоҳ бўлсин, улардан ҳар бири ўзга йўл билан сулукни адо этади. Бунда ҳаракат қилинса, нафи яхши бўлади, бунда сифат ва камолотга эришмоқ лозим. Бунда соликка тафовут содир бўлиб, агар униси меҳробга бош қўйса, буниси бутга сиғинади. Ҳар кимнинг билиши ўзига сифат бўлиб қолади. Маърифат шу хил турли тафовутларни келтириб чиқаради. Ҳар бир киши ўз соҳасида камолга интилиб, бу водий ичида кезиб юради. Гарчи сулук тартибида шу хил турли ўзгаришлар мавжуд бўлсада, лекин бу йўлга кирганларнинг ҳаммасининг мақсади биттадир. Улар бораётган йўл агар эгри ёки тўғри бўлса ҳам, ёки йироқ, ёки яқин бўлса ҳам, бу йўлда баъзилар ўлиб кетган, баъзи бировлар йўлдан адашган, баъзилар эса турли сўқмоқларда овораю сарсон кезсалар ҳам, бу йўлни босиб ўтмасдан туриб, мақсадга эришиш мумкин эмас.

Маърифат қуёши юз кўрсатгач, ҳар ким ўз мақсадига эришмоқ учун ўз сулуки ҳолига натижа истайди ва ўзи шуғулланаётган нарса орқали нақдни қўлга киритмоқни хоҳлайди. Чунки у покиза нур ёруғ шуъла сочгач, бу шуъла ҳар кимнинг камолга эришувини ёритиб туради. Кимки бу йўлда машаққат чеккан бўлса, у ўз сулуки ниҳоясида хазинага эришади. Сулук ичра ихтилоф кўп бўлиб, улардан кўпи қуйқали, софи эса оздир. Бу соф табиат эгалари сирасига пайғамбар шариати қонун-қоидаларига тобеъ бўлганлар киради”1.

Маърифат босқичига етган мурид сайри сулукда давом этиб, Ҳақ ёди билан яшаб, ҳар ҳолатда фақат ундангина тиланадиган даражага етишади. Бу тўртинчи босқичдир. Тўртинчи босқич – истоғно босқичидир.

Истиғно – ўзининг ожизлиги, Аллоҳнинг буюклигини, ўзининг муҳтожлиги, ноқислиги ва Аллоҳнинг эҳтиёжсизлиги, комиллигини англашдир2. Бунда банда ҳар ҳолатида Роббисидан тиланади. Ҳар ишни Аллоҳдан деб билади. Унгагина юзланади, ундангина сўрайди, умидларини ҳам фақат ундан тилайди. Бу ҳақида “Лисон ут тайр”да Ҳудҳуд шундай дейди: “Кейинги водий Истиғно водийси бўлиб: у ерда аъло ва паст табақали кишиларнинг ҳаммаси тенг саналади.

Истиғно ели ҳар дам шитоб кўрсатиб, оламга тўполонлар солади. Истиғно булутидан ёққан ёғиндан юз туман оламни сув олиб кетади. Етти денгиз унда бир қатра ёмғир каби, етти осмон унинг олдида кўкнор донаси каби кичикдир. Етти дўзах олови бу яшин олдида бир учқунга тенг бўлса, саккиз жаннат унинг олдида бир шудринг мисолдир. У ердаги чумолилар шер билан овқатланади, пашшаси эса филни ов қилишга қодир. У ерда етти иқлимни забт этган қаҳрамон шоҳ ҳам оддий бир гадога тенгдир. Қотиллик тиғи у ерда ўзининг юз минг қўшини билан саф тортиб туради. Бу иш мушкул бўлиб, Аллоҳ кимнинг ёри бўлса, ўшанинг иши осон кўчади. Ҳар бир олий табиатли киши бу давлатни қўлга киритса, бу йўл учун ундан ортиқроқ озуқ йўқ. Яъни бу йўлнинг озуқаси беозуқаликдир. Киши ҳар қандай озуққа банди бўлишдан озод бўлмоғи лозим. Лекин унинг шарти шуки, агар бу йўлга кирган киши бошдан-оёқ тоат ва зуҳдини, фойда ва зиёнини, бона йўғини – ҳамма-ҳаммасини жамъ этиб, ҳақ йўлида фано ўтида покласин ва ўзи завқ билан уларни куйдириб, кулга айлантирсин. Бу кулни бошдан-оёқ ҳавога совуриб, улардан ҳеч асар қолдирмасин. Сўнгра кўнгилга афғон шамоли, балки бу чаман сари найсон шамолини эсдириб, қилган барча ишларини мутлақо кўнглидан чиқариб ташласин. Нимаики иш қилган бўлса, ҳаммаси кўнглидан чиқиб кетсин. У ўз вужудини шу тариқа йўқ қила олса, бу йўлга қадам қўйса бўлади. Айтадиларки, агар у яхши воқиф бўлса, бу йўл бир қадамдан иборатдир. Бу қадам йўқу борини ҳеч бир асар қолдирмасдан ёқиб юбориш демакдир. Бу қадам қўйилгач, у матлубга етишади, ҳижрон ўртадан кўтарилиб, маҳбубга қовушади1.

Бу ердаги сўзларнинг англатаётган маънолари нақадар улуғ. Киши умр бўйи Жаннатга кириш учун амал қилади, гўё Роббиси билан савдолашгандек, қилган оз амали учун Жаннатни умид қилади. Аслини олганда, бу амалларни ҳеч нарса тамаъ қилмай, қул бўлгани учун ва  шуни ҳис қилган ҳолда амалга ошириши керак эди. Аллоҳ хоҳласа қабул қилади, хоҳламаса қилмайди. Амаллар бажарилиб Аллоҳга ҳавола этилади. Аммо нотавон инсон ҳар савоби учун барибир таъмагирликдан чарчамайди. Бу босқичга кўтарилган солик эса энди амални Жаннатга етишиш учун, ёки Дўзахдан сақланиш учун қилмайди, балки шунга буюрилани ва умиди фақатгина У бўлгани учун қилади. Амал қиладию, тамаъ қилмайди. Қуллик қиладию, қуллигидан севинади. Ўртадан манфаатлар пардаси кўтарилиб, фақат Аллоҳ розилиги қолади. Унинг розилигини кўзлаб юрган гадо олдидаги шох ҳеч қадрсиздир. Шу мақомда собит турган солик энди бешинчи босқичга кўтарилади.

Бешинчи босқич эса Тавҳид босқичидир. Бу босқич гўё истиғно босқичидек туюлиши мумкин, аммо ўртада нозик фарқ мавжуд. Истиғно босқичи асосан манфаъатларга боғлиқ ҳолат бўлиб, тавҳид босқичи эса, ҳар дамда, ётса ҳам, турса ҳам, амалларда ҳам, барча барчасида Аллоҳнинг яккалигини ҳис қилиб туришдир. Тавҳид ҳолда ҳам, жисман ҳам одамлардан узилишдир. Тавҳид – яккаланиб, халоиқлардан жудо бўлиб, Ҳаққа юз тутишдир1. Бунда маълум муддат узлатга чекиниш орқали мақсадга осонроқ етишиш мумкин. Тавҳид босқичи ҳақида Лисон ут тайрда Ҳудҳуд шундай дейди: “Ундан сўнгги водийни Тавҳид (Ягоналик) водийси деб билгил. Унда фард бўлиб, ортиқча нарсалардан ҳоли бўлиш лозимлигини ҳам англагил.

Бу водийда сайр қилмоқчи бўлсанг, унда яккаю ёлғизлик сен учун асосий қоида бўлади. Бу водийдаги сайринг ниҳоясига етгач, у пайтда юз туман мингта қушни битта қуш деб биласан. Бунда уларнинг барчасининг мақсади яккалик, барчасининг куй ва навоси ёлғизлик бўлади. Таркидунё қилувчилар шу ҳолатга эришса, улар учун бирликда йўқолиш асосий иш бўлиб қолади. Чунки бир карра бир бир бўлади, ақлнинг бу ишга ҳадди сиғмайди.

Бу қийин иш сенинг қаршингда кўндаланг бўлса, билки, бирдан ўзга барча нарса ҳечдир. Бир бўлу, бир кўру, бир де, бир тила! Бунда ҳеч қачон иккиликка майл қилма! Чунки иккилик бу йўлда ортиқчалик қилади ва бирлик сирларини билишдан четга чиқишни англатади. Шу ҳақида катта шайхлардан Хожа Абдуллоҳ Ансорийки, ақл у қилган ишларнинг мингдан бирини ҳам шарҳ эта олмайди, шундай деган эди: “Кўнглихушлиги ва унинг фақр йўлида ҳурматга сазовор бўлиши дилда ундан ўзга, ёдда жонондан ўзга нарса бўлмаслигидир. Ҳар бир кўнгил шундай сифатга эга бўлса, уни кўнгил деб билгил. Йўқса, денгиз ёки кон бўлсада, ундан воз кечгил. Унга маскан бўлган кўнгил - кўнгилдир, йўқса, гулшан бўлса ҳам гулхандир”1.

Олтинчи босқич эса Хайрат босқичидир. Ҳайрат – ана шу ҳолатда ўзини йўқотиш, гангишдир2. Аллоҳнинг яратган ажойиботларининг мушоҳадасидан, ҳамда даражот ва мақомотларда етишадиган фазилатлардан солик гангиб қолади. Ақл буни тушунтириб берар деб, унга юзланса ақл ҳам лол. Фақат Аллоҳ берган Қуръонни ўқиб, зикр қилиб ҳузур оладию, аммо бунинг моҳиятини тўлиқ англолмай, гангиб қолаверади. Бу босқич ҳақида Лисон ут тайрда қуйидаги маълумотлар келади: “Таҳвид водийси босиб ўтилгач, шубҳасиз, Ҳайрат водийси намоён бўлади. Бу водийда ҳали киши бошига тиғ етмасдан туриб, минг оҳ ва юз минг афсус чекиш юзланади. Ҳайрат тилни гунг ва лол этади. Киши кеча ва кундузга қанча боқмасин, унинг кеча ёри кундуз эканлигини сезмайдиган бўлади. Ўзининг йўқлигини ҳам, борлигини ҳам билмайди, эртага нима бўлишини ҳам англамайди. Ҳар нарсага кўз ташласа, ҳайратдан донг қотиб, ҳайронликда сарсону саргардон бўлади.

Йўл аҳли, бу водийга қадам қўйгач, унда ҳайронликдан ўзга иш бўлмайди. Агар тавҳид борасида нимага эришган, ёлғизлик ва ажралиш водийсида нимаики иш қилган бўлса, бу ерда уларнинг барчаси йўқолиб кетади. Ҳатто у ўзининг борлигини ҳам унутади. Агар ундан, сен бормисан ёки йўқмисан, деб сўрасалар, у буларнинг ҳеч бирига жавоб бера олмайди, бору йўқлигига хитоб қилиб, ўзини билдира олмайди. У ўзининг ўртада, ё бир тарафда ёки ташқарида эканлигини ҳам, чеккада ёки кейин, ёхуд олдинда турганлигини ҳам яхши билмайди, ҳайрат уни буларнинг барчасидан четда тутади.

У ўзининг фоний эканлиги ёки боқийлигини ҳам, маст эканлиги ёки соқийлигини ҳам англамайди, мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳам, зотининг малум ёки номаълумлигини ҳам билмайди. Шу тариқа ҳар ёққа боқса, чексиз ҳайратга тушади, ўзини ҳайрат ичида ғарқ бўлган ҳолда кўради. Ўзига ўзи, ошиқ эканлигимдан ажабланаман, аммо кимга ошиқ бўлганимни билмайман, дебди. Ҳар бир заррага зарралар орқали боқиб, уларнинг борлиги ёки йўқлигини исбот этишдан ҳайратга чўмади. Бу мақом ичра ана шу хил ажиб ҳолатлар бўлиб, улардан ҳали биттаси тугамасдан туриб, мингтаси дуч келади1.

Хайрат босқичида риёзатни девом эттириш орқали, Аллоҳнинг лутфи билан кишига бир ҳолат ориз бўлади. Бу кейинги мақомга ўтишдир. Яъни Фақру Фано босқичи. Аллоҳнинг яратганларини мушоҳада қилиш ва уларнинг моҳиятларини аста-секин англаш, мақомотларда юксалиш билан киши энди Аллоҳ Зотининг нақадар ақллар ета олмайдиган Улуғлигини тушуниб етади ва бундай ҳолатнинг олдида ўзини йўқ деб билади. Ҳар бир вужуд унга далолат қилишини, ҳар бири Аллоҳнинг ваҳдониятига гувоҳлик беришини кўриб, ўзи ва бошқа нарсаларни йўқ деб ҳисоблайди. Бунда эҳтиёт бўлинадиган нарса “ваҳдатул вужуд” ғоясига берилмай, сабр ва чидам билан “ваҳдатуш шуҳуд”га етишишдир. Бунда банда жуда катта босқични босиб ўтиши керак бўлади. Негаки “ваҳдатул вужуд” соликка ориз бўладиган бир ҳолдир. Ўшанда сўфий одамга кўринадиган ҳамма нарса бир вужуд бўлиб қолади. Аммо солик илоҳий тавфиқ ила набавий ҳадийга рафиқ бўлиб турса, бошқа бир мақомга эришади. Бу мақом “ваҳдатул вужуд” мақомидан устун бўлган “ваҳдатуш шуҳуд” мақомидир. Бунда бошқа нарсалар ўзи мавжуд бўлса ҳам, унга йўқдек бўлиб қолади. Чунки, қуёш чиққанда юлдузлар кўринмай қолганидек, Аллоҳга етишганда бошқа нарсалар кўзга кўринмай қолади1.

Фақру фано босқичи ҳақида Лисон ут тайрда шундай дейилади: “Фақру Ҳайрат водийсидан ўтсанг, Фақру Фано водийсига дуч келасан. Бу водийда хомуш, гунг, кар ва беҳуш бўлишдан ўзга нарса йўқдир. Чунки бу чуқур денгиз тўфон гирдобида бўлиб, унда юз туман олам ғарқ бўлади. Кучли бўрон ўзининг юксак тўлқинлари билан минг хил нақшлар пайдо қилади. Дам-бадам бу нақшлар йўқолиб, яна минг хил турли янги мавжлар пайдо бўлади. Агар сен бу ҳодисага яхши назар солсанг, мавжуд вужуд йўқ эканлигини кўрасан, чунки денгиздан ўзга барчаси нобуд бўлувчидир. Ҳақ вужуди ана шу чексиз денгиздир, унинг юзидаги мавжлар эса бу оламдаги турли-туман нарсалардир. Маъно аҳллари эътибор қилувчи ушбу ўн саккиз минг олам ичида нимаики нарса бўлса, улар шакл жиҳатидангина мавжуд бўлиб, шаклда кўринувчанлик хусусиятига эгадир.

Ер сатҳи узра юзлаб ажойиб шакллар мавжуд, ҳар бир шаклнинг ўзи яна ранг-баранг товланишларга эга. Фараз қил: теварак-атрофда денгизлар ёки маъданли конлар, ёки дашт-саҳролар, ёки гулшанлар, ёки тўрғай ва булбуллафни ўзига ром этиб, уларни ҳалок қила оладиган даражадаги ранго-ранг нафис гул ва лолалар, турли иқлимлар ва мамлакатлар, дарёлар, булоқлар ва тоғлар ҳамда уларни ўраб олган ўт ва ҳаво, балки ўт ва ҳаводан бошқа яна бир қанча нарсалар мавжуд. Булар атрофида яна тўққиз қаватли осмон, собиту сайёра ва малаклар тўдаси бор. Улар сон-саноқсиз, балки миқдор ичра чексиз кўпдир. Ундаги кўзга кўринмас даражадаги эътиборсиз юлдузлар ер жисмига ўхшаб кетади. Тўрт унсур, етти кўк ва олти томон - булар коинотнинг нодир ва энг олий асосини ташкил этади. Коинотдаги барча нарсалар ичида ҳаммадан энг улуғи Инсон бўлиб, унинг камолоти олдида ақл ҳайрон қолади. Бунда сен хаёл қилиб турган вақтингда ёхуд авом деб гумон қил ёки у олий табақага мансуб бўлсин, ёки қудрат соҳиби бўлган султонлар, ёки ихтиёр эгалари бўлган хоқонлар, агар файласуфлар, олимлар, ёки диний қоидаларни ўзгартириб, янги мазҳаблар тузувчи кишилар бўлсин, ёки уюшмаган қавм, ёки иттифоқли жамоа бўлсин, халқ орасида етук саналган валилар, ёки фараз қилки, Аллоҳдан элчи бўлиб келган пайғамбар бўлсин – буларнинг барчасини ҳақ зоти денгизининг мавжи деб бил ҳамда ўша вужуднинг мавжи деб англагил! Аммо уларнинг барчаси вақтинчаликка нақш этилган бўлиб, ўткинчилик хислатига эга, боқийлик улар учун хос сифат эмас. Денгизнинг чайқалиши ана шу хил турли мавжларни ҳосил қилган ва ҳар ёқда турли-туман нақшларни вужудга келтирган. Бу тўлқинли денгиз бир зум таскин топса, у мавжлардан асар ҳам қолмайди.

Агар ҳар бир кишида ақл мавжуд бўлса, шуни билгилки, азалдан то абад бу оламдаги мавжуд барча нарсалар борлиққа эга эмас, фақат шакл кўринишига эга. Қудратли ҳақдан бошқа ҳамма нарса фоний - ўткинчидир, фақат ёлғиз угина мутлақ Боқийдир. Унга вужуд тартиби маҳкамланган бўлиб, борлиқ расми инкор этилмасдан маъқуллангандир. Ҳақдан ўзга ҳар қандай зот, фараз қилайлик, оби ҳаёт ичган бўлса ҳам, бу оламда мутлақ ўткинчи ҳисобланади. Агар сен боқийлик истамоқчи бўлсанг, ўзингни фоний қилмоғинг зарур1.

Шайх Суфён Сурийки2, у дин ҳамсуҳбатларининг пешвоси эди, Аллоҳ унинг жойини абадул-абад нурли қилсин. У маърифат ҳақида сўз юритаётган пайтда бир шогирди сўради:

—   Агар бир киши Аллоҳга етишмоқчи бўлса, бу мақсадга қай йўсинда эришади? У шундай жавоб берди:

—    Бунинг масофасини минг манзилдан иборат, деб бил. Уларнинг ҳар бирида дард ва офатлар бор. Бу ўт ва нур ўртасидаги етти денгиздан ташкил топган бўлиб, улардан ҳар бирининг кенглиги чексиздир. Бу денгизлардан ўтмоқчи бўлсанг, қаршингда домига тортувчи улкан балиқ намоён бўлади. У шундай даҳшатли балиқки, бир дам тортса, икки оламни бус-бутунича барча халқи (яратилган нарсалари) билан бирга қўшиб ютиб юборади. У истиғно денгизида мақом тутиб, унинг атрофида сузиб юради1.

Биз юқорида зикр қилган улуғ мақомларга ҳамма ҳам етиб кела олмайди. Йўлда қанчадан-қанча инсонлар дош беролмайдилар, қанчаларининг умрлари озлик қилади, аммо шу босқичларнинг бир-иккитсини босиб ўтган кишиларнинг ўзи ҳам фазлу-марҳаматда улуғ шахслар – валийлар бўлиб қоладилар. Қанчалари буни ўзлари билмайдилар ва яна қанчалари тарбияда собит бўлиб, ўзларини паст тутиш билан янада юқорироқ мақомларга кўтариладилар. Аммо фақру фано мақомига етгувчи соликнинг дунёвий аҳволи аянчли ҳолга келади. Зуҳд билан нафсни топтаб, тарбиялаб, паст қилинади. Дунё молидан таналар холи этилади. Шу ҳақида “Лисон ут тайр”да қушларниниг фақру фано мақомидан сўнгги ҳолатлари шундай изоҳланади: “Пировардида бу зор қушлар гуруҳидан ранж топган ушбу мажруҳ тўдадан озчилик қисм танлари ниҳоятда қийналган ва жонлари ўртанган ҳолда мақсадга етиб келишди. Чунки йўл чексиз ва узоқ бўлиб, унда офат кўп, дард, ранж ва шиддат эса бениҳоя эди. Шунинг учун бу қушлардан баъзилари йўлда жон таслим қилдилар, баъзилари оғир хасталикка дучор бўлиб, ярим йўлда адашиб қолдилар. Қушлар олдидан азоб-уқубатнинг аччиқ шамоли эсиб,бу мусофирларнинг умр ипларини кесар эди. Йўлда уларни балога дучор қилувчи ҳодисалар ҳадсиз-поёнсиз эди, шу сабабли улар имконият даражасигача кўп нобуд бўлишди. Оқибатда юз туман минг қушдан фақат юз минглаб машаққатга дучор бўлган ўттиз қушгина омон қолиб, охирги манзилга етиб келди. Улар шунчалик ҳориб-чарчаган эдиларки, танларида ҳатто ҳаёт нишонасидан асар йўқдек эди. Жисмларида бирорта ҳам бутун парлари қолмаган, патлари худди тараша ўтинга ўхшаш парча-парча бўлиб тўзиб кетган эди. Танлари йўл ранжидан мадорсизланган, жонлари дард ва машаққат чекишдан хароб бўлган эди. Улар келган манзилда олий даражадаги бир жойни кўрдилар. Бу ер шундай бир жой эдики, ақл унинг кенглигини идрок қилишга ожизлик қиларди. Бутун осмон ҳатто у ердаги оддий бир хасдан ҳам кичикроқдир. У ерда эҳтиёжсизлик булутидан жала ёғар; момақалдироқ даҳшатли гумбурлаб, тез-тез чақмоқ чақилиб турарди. Гўё оламга бало тўфони ёғилиб, осмонни офат чақмоғи кул қилиб юборгандек эди. Бу ерда етти кўк бир ҳовуч тупроқча, жаннатда ўсадиган сидра ва тўби каби дарахтлар эса хас каби қадрсиз эди. Қушларнинг барчаси ўз ҳолига ҳайрон қолишиб, ожизликдан зору паришон бўлдилар”1.

Лисон ут тайр асарида қушлар тили орқали офодаланган илми ҳол жуда гўзал тартибда берилган. Қушлар тимсол этган муридлар сайри сулукда энг сўнгги мақом – Фақру-фано босқичига етдилар. Ҳар бир давонни пирлари – Ҳудҳуд тарбияси остида босиб ўтдилар. Бу мажоз айни ўринда жуда гўзал ва таъсирли ифодаланган.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, мусулмоннинг Аллоҳга томон “юриши”дан бошлаб, унинг ёмон феълларининг муолажасигача, қалбий иллатларнинг муолажасидан тортиб, мақомотларнинг тафсилот ва тавсифотларигача бу асарда жуда ажиб тарзда англатилган. Бу мақомотларнинг ҳар биридан бир поғона кўтарилиш, кишининг валийлик даражасининг ошгани ва қурбат ҳосил қилгани демакдир. Аслида даражот ва мақомотлар Аллоҳ хузурида беҳисобдир. Аммо шоирнинг айнан ушбу мақомотларни зикр қилиб, айнан шуларни тушунтириши бу мақомотларнинг нақадар улуғлигини кўрсатади.

2.3. “Лисон ут тайр” асарида авлиёликнинг бошқа тасаввуф манбаи билан қиёсий таҳлили

Аввал ўрганиб ўтганимиздек, “Лисон ут тайр” асари фалсафий-диний асардир. Ундан кўзланган асосий ғоя – Муриднинг ўз пири комили ёрдами остида “Илми ҳол”1 ни ўрганиши, ҳар ибодат ва риёзатида Роббисига томон бир поғона юксалиб, даражоти ошиши, қалбидаги касалликлари шифо топа бориб, нафсини поклаши, ҳамда ҳақиқий камолотга эришишини мажозий тарзда кўрсатиб, тушунтириб беришдир. Бунда соликнинг турли мақомларда бўлиши, ҳар мақомга етиш машаққатлари, ҳамда ушбу мақомда турган ҳолда, кейинги даражаларга яна “парвоз” этиши ва унданда баландроқ мақомга етишгач, аввалги хатолари учун тавба қилиб, истиғфор айтиши, сўнгра яна олдинга, Роббисига томон ошиқиши чиройли ўхшатишлар, ҳикоялар, турли бадиий санъатлардан усталик билан фойдаланган ҳолда, айниқса сўзларнинг балоғат билан қўлланилиши орқали бетакрор шаклда ифодаланганига гувоҳ бўламиз. 

Бу бобда биз, Алишер Навоийнинг “Лисон ут тайр” асарини бошқа бир тасаввуфий асар билан қиёслаган ҳолда ўрганамиз. Шуни таъкидлаш лозимки, биз қиёслаш учун танлаган асар ҳам Алишер Навоийнинг ўз асари бўлиб, у асар ҳам ўз услубида беназирдир. Бу асарнинг номи “Насойим ул муҳаббат”2 бўлиб, неча-неча шайхул машойихларнинг ҳаёти ва тасаввуфий табақотлар ажиб бир мазмунда келтирилган. Аммо бу икки асар ҳам тасаввуфий бўлгани учун ҳам, иккиси ўртасида умумий боғлиқлик мавжуд. Бу ҳам бўлса, тасаввуф илмидир. Қуйида “Насойимул муҳаббат” асари ҳақида ва ундаги тасаввуф илми ҳақида берилган маълумотларни ва уларнинг “Лисон ут тайр” асарида  қандай ўз аксини топганини кўриб чиқамиз.

Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида набийлик ҳақида: “Ул Ҳазрат (с.а.в.) анбиёнинг хотами эрди ва андин сўнгра нубувват1 эшиги боғланди”2, дейилади.

Бу билан Алишер Навоий Ҳазрат Муҳамма (а.с) дан сўнг ҳеч бир пайғамбар келмаслиги, ҳамда ҳар қандай баланд даражадаги авлиё ҳам набий даражасида бўла олмаслигини айтиб ўтган. Яъни ҳар қанча ибодатлар билан комилликнинг энг баланд нуқтасига етган валий зотлар ҳам Пайғамбарлардан пастда турадилар. Набий ва валий орасидаги умумий жиҳатларни кўрадиган бўлсак: ғайб оламига ошнолик, Ҳудо билан бандалари орасида воситачи бўлиш, муқаддаслик, илоҳий сифатлар эгаси бўлиш, руҳоний раҳнамо ва ибрат бўлишлик бўлса, набий ва валий орасидаги фарқли жиҳатлар қуйидагиларда кўринади: пайғамбар ваҳий қабул қилади, валий эса илҳом орқали ғайбдан хабар беради. Набийларда валийлик хислати бор, аммо валийда набийлик хислати йўқ. Пайғамбарлар ваҳий қабул қилиб, уни шариат кўринишида ҳаётга жорий этадилар, валийларда бу каби қобилият йўқ, валийлар пайғамбар ҳолати, ишини давом эттирадилар, холос (валий набийнинг меросхўри). Пайғамбар Аллоҳнинг танлаган шахсидир, валий эса ҳар қанча илоҳий хислатларга эга бўлса ҳам, аксар риёзат орқали пир тарбиясини олиб, мақомотларни босиб ўтиши лозим3.

“Насойим ул-муҳаббат”да шайх ул-машойихларнинг ҳаёт-фаолиятлари, ишлари ва феъллари, риёзатлари зикр этилиб, уларнинг то ҳаёт бор экан, миллатни шариат асосида иш кўришда, халқни Ҳақ ва ҳақиқат томон даъват қилишда раҳнамолик вазифасини бажаришлари, ҳақиқат йўлини кўрсатувчи зотлар экани таъкидланган4.

Лисон ут тайр асарида эса бу маънони биз қушларнинг Ҳудҳудга қилган нолаларидан ўқиб оламиз. Масалан улар ўз “шайхлари”га ялиниб шундай дейишади: “Эй нафаси жонбахшу нутқи дилкаш! Уларнинг ҳар иккиси ҳам жону кўнгилга фойдалидир. Сен Сулаймон базмига қабул этилгансан ва у сени элчиликка юборган. Унинг хизматида яқинликка эришгансан, йўлида неча бекатларни кезиб чиққансан. Унинг амри билан қанчадан-қанча водийлардан учиб ўтиб, олий манзилларга етишгансан.

Сен худди Мустафо ёнидаги Жабраил янглиғ Сулаймон қаерга борса, ўша ерда ҳозир бўлдинг. Ҳар қандай яхши-ёмон пайтларида унга ҳамдамлик: айшу ишрат чоғларида ҳамрозлик қилгансан. Агар у (ўз севгилиси) Билқис ҳолидан хабар олишни хоҳласа, сен дарҳол Билқис турган Сабо шаҳри томон йўлга равона бўлгансан. Ёридан хабар етказиб, изтироб ичра турган дамларида унга ором бағишлагансан Агар у шаҳар ёки дашту биёбонларда базм тузгудек бўлса, биз барча қушлар қанотларимиз билан унга соябон бўлганмиз. Юз минглаб қуш унга чодир ўрнини босиб турганида, сен ўша сояда у билан бирга ҳамхона бўлар эдинг. У шу тариқа базм ичра сени бахтиёр этиб, ўзининг пинҳоний сирларига маҳрам этган эди. Чунки Ҳақ сенга баланд мартаба ато қилди, натижада ҳар бир пар ва аъзоингда бирон-бир хосият ҳосил бўлди. Унинг сифатларидан бизга ривоят айтиб, Зотига эришиш учун тўғри йўл кўрсатсанг. Жаҳлга муккасидан кетишдан сақласанг, шоҳимизни изламакка йўлласанг. Агар биз бу ишда ўз мақсадимизга етсак, сендан ғоятда миннатдор бўлур эдик1. Биз энди сенга тобемиз: сен бизнинг бошлиғимизсан. Қандай мақсадинг бўлса, биз уни раво қилайлик. Сен бизга бош қўмондонсан, бизлар эса сенга қўшинмиз. Сен бизни қаерга бошласанг, ўша ёққа орқангдан эргашиб борамиз”. Бу ҳолат тасаввуф пирлари ва муридлар ўртасидаги байъат қилиш ҳолатининг айни ўзидир.

“Насойим ул-муҳаббат”да “валийлар аъмолу афъол ва муомилоту риёзиётидан баъзиси” зикр қилинган бўлиб, улар тавба, луқмаи ҳиллият, шариат риояти (шаҳодат калимаси, салоти хамса, закот, рўза, ҳаж), тариқат одоби, ҳилм, бурдборлиғ (чидам, бардош), ризо, сабр, сидқ, азим риёзатлардир” Бундан ташқари соликнинг ҳоли ва унинг баёни хусусида қуйидаги маълумотларни учратамиз: Ҳол руҳ ва юракнинг қувватини ифодалаганлиги сабабли тасаввуфга “илми ҳол” номи берилгани бежиз эмас. “Ҳол мақомларга қарама-қарши ҳолда йўловчининг ўз кучи, интилиши, иродаси билан амалга ошмайди, ҳол – илоҳий жазба”1 бўлиб, завқ ҳолатида айтилган сўз ва ибораларда илоҳий ҳикмат мужассам бўлган. Ҳолнинг мартабалари қурб, муҳаббат, шавқ, унс, мужоҳада, мушоҳада, мукошафада акс этган. Қурбнинг (яқинлик) белгиси Аллоҳдан ўзга барча нарсадан узилиш2, Аллоҳ орзусида Унга яқинлашув бўлса, муҳаббат Аллоҳ дийдори дардида ёниш, сабру қарорнинг қўлдан кетиши, Ҳаққа буткул таслим бўлишни англатади, яъни “Ўзингдан тамоман фоний бўлмасанг, муҳаббат ҳудудига кира олмайсан”3.

Бунинг ёрқин тимсолини эса биз “Лисон ут тайр”да  “Ишқ ва муҳаббат баҳрининг гавҳари ва шавқу маломат оташкадасининг самандари”4 бўлган Шайх Санъон тимсолида кўрамиз. Достонда Шайх Санъон маъшуқаси ҳузурида хору зор ҳолда шундай дейди: “Эй кўнглимга қиёмат солган! Сен мендан ҳол-аҳвол сўраганингдан кейин арз қилмоқдан ўзга иложим йўқдир. Арзимни бирон такаллуф билан тутиб бўладими, ахир?! Чунки бу иш махфий сир бўлишдан ўтди, энди дардимни ичимга ютганча, уни сенга аён қиламан. Бутхона ичида бу хил зор бўлдим, ишқ бандига гирифтор бўлдим, жонимга ҳар хил балолар юзланди — ҳаммасига юзингни кўриш боисдир. Ажойиб жойда чеҳранг жилваланиши билан худди тўртинчи осмондан қуёш порлагандек бўлди; менда не чидам қолди, не сабру тоқат, ўша соатдаёқ ақлу ҳушимдан ажралдим. Ўз ҳолимни қисқача изҳор этиб, сени дардимдан хабардор айладим. Агар чора қилсанг — сен учун осон, агар қатл қилсанг ҳам жонимнинг ҳаёти бўлади. Мен ўз ҳолимни билдирай, деб сенга арз қилдим. Қатл этасанми ё раҳм қиласанми — сенинг ўзинг биласан1!

Бунда шайхга ориз бўлган ҳол – ўзликдан батамом кечиш ҳолати яққол кўзга ташланади. Ишқ даёсига ғарқ бўлаёзган шайх бу дарё сувидан сипқоргани кези, унинг жонга ўт солувчи тотли таъмидан ўзлигини унутган эди гўё.

Шавқ – Аллоҳга бўлган ишқ-муҳаббат ва қўрқув натижасида кўнгилда пайдо бўлган илоҳий истак, майл2 бўлиб, валийлар шавқнинг фақат ғойибга мансублигини эътироф этганлар.

Унс – қалб хурсандлиги, севувчининг (ошиқ) севилувчи (маъшуқ)дан рози бўлишидир”3.

Мужоҳада орқали Ҳақ йўлчиларининг муҳаббати яна бир бор синовдан ўтган ва уларнинг Аллоҳга (таслим) итоати  қиёмига етган бўлса, мушоҳада ҳолатида валийнинг қалб пардаси кўтарилиб, басират кўзи (қалб кўзи) очилган, яъни мушоҳада аввал сурат (абстракт нарсаларнинг ташқи кўриниши), шакл (конкрет нарсаларнинг ташқи кўриниши) ва хаёллар билан юзага келган, яъни валий Аллоҳнинг тажаллийсини қалб кўзи билан томоша қилган.

Мушоҳада чоғида Аллоҳнинг ҳаёт, илм, ирода, қудрат, калом сифатларини тафаккур қилиш билан бирга у бутун борлиқ, коинот сирларидан огоҳликка эришган. Валийларнинг қалбида ғайбий сирларнинг очилиши, ҳодисаларни кашф йўли билан билиниши – мукошафа бўлиб, “Насойим ул-муҳаббат”да аксарият шайхларнинг ана шундай “ҳақойиқу дақойиқ кашфи, валояту каромат”да гўзал ҳоллари борлиги зикр этилган. 

“Лисон ут тайр”да эса бу босқич достон охирида, қушлар фақру фано босқичига етишганлари ва том маънодаги камолот соҳиби бўлганларида келтирилгандир: “Шундай қилиб, бу содиқлик ва ихлосликдаги иккинчи фанога эришиш Ёрни уларга ошно қилди. Васл боғидан марҳамат кўрсатиш шабадаси эсиб, ёки Масиҳнинг покиза нафаси келиб, улар олдида ниқоб бўлиб турган барча пардаларни бирма-бир олиб ташлади. Нур ва зулматдан иборат бўлган ҳамма пардалар бартараф қилинди. Васл боғида шодлик ва мақсад гули очилиб, унинг муаттар бўйидан кўнгуллар яйради. Қушларнинг дилларидаги шикасталик йўқолиб, васл ичра бу хил мақсад ва шодликка эришдилар. Бу гулшанда ҳар бир гул гўё бир кўзгу каби эди. Қушлар қаёққа қарасалар, ўзлари намоён бўлар эдилар. Бу ерда булардан бошқа яна нур ва соллик, ошкора ва яширин нарсаларнинг ҳаммаси бор эди. Бу гўё кишиларнинг кўзгуга қарагани ёки тиниқ, покиза сувга боққани каби эди. Ҳамма нарса бошдан-оёқ кўзга ташланиб, кўзгу ёки сувнинг киши аксини кўрсатганига ўхшар эди. Бу ўттизта қушнинг шунча кўп машаққат ва ранж чекиб, бу ерга етиб келганларидан мақсад уларга Симурғ ўз юзини кўрсатиб, бу фанолардан ана шундай бақога эришмоқ эди. Аммо улар қаёққа қарасалар ўзларини кўрдилар.

Аллоҳ-Аллоҳ! Бу қандай ажойиб сўзки, Симурғни орзу қилган ўттизта қуш ўзларини ўша Симурғ сифатида кўрдилар! Бунда худди садаф гавҳарга айлангани каби “ман араф”1 сири зоҳир бўлди”2.

Бу ерда ўзларини унинг сифатида кўрдилар дейиш билан, Алишер Навоий: “Аллоҳ сифатлари билан сифатланинг” мазмунидаги ҳадисга ишора қилгандирлар. Яъни бу ерда қушлар ўзларини кўрмадилар, аммо “У”нинг сифатларини кўрдилар. Зеро Аллоҳни кўриш бу дунёда асло мумкин эмас. Буни соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, қушларнинг Аллоҳ маърифатига етишишлари, яъни унинг сифатлари билан сифатланишга уринишлари сабаб, илоҳий лутф билан Аллоҳни танишга эришдилар. Бу ирфоний маърифат уларга Аллоҳнинг тажаллийсини қалб кўзи билан идрок этиш имконини берди. Қалбнинг Аллоҳ сифатлари билан сифатланиши маърифатнинг юқори даражаси бўлиб, Шайх Абу Саид Харроз “Фақат ўз тажрибаси ва ўз феълидан сўзловчи кишигина бу илм (маърифат) ҳақида гапириши жоиз”1 лигини таъкидлаган. Маърифати юксалган валийнинг инсонийлик сифатлари илоҳийлик касб этиб, бутун оламга меҳр-муҳаббат билан қараган ва қалбдан бошқа вужуддаги ҳеч бир аъзо билан Аллоҳ маърифатига эришиб бўлмаслигини англаган.

Тасаввуфда билим манбаи илҳом, кашф бўлиб, ҳар бир валийнинг билими янги, асл, ўзига хослиги билан ажралиб турган. Сўфийлар талқинича, зоҳир ботинга тааллуқлидир, зоҳиринигина поклаган, ботиндан хабарсиз киши ҳеч нарсани била олмайди, шунингдек, зоҳирий билимларсиз ботиннинг мукаммал билимга эга бўлиши мумкин эмас. “Насойим ул-муҳаббат”да зикр этилган аксарият шайхларнинг зоҳирий ва ботиний билимларда етук бўлганликлари қайд этилган2. Бу асарда билишдан ташқари, ибодатлар ва зуҳду тақво самараси ўлароқ киши етишувчи даражотларнинг энг улуғи ҳақида шундай таълим берилади: “Барча ошкору ниҳон У (Аллоҳ)дурким, Ҳақ аҳлидан бўлсанг, ҳаммасини фақат “Бир” деб бил”3. Бу айни тавҳиддир. Ҳар бир ишни “У”ндан ва ҳар бир нарсанинг холиқи “У”дир деб билиш ва шуни қалбда ҳис қилиш билан валийликнинг улуғ мақомига етишилади.

Алишер Навоий “Насойим ул муҳаббат” асарида сўфийликнинг таърифлари ва тавҳид борасида қуйидаги фикрларни келтиради: “Сўфий зотилжам кабидир. Аввали алахсираш, охири жимлик. Агар мустаҳкам бўлсанг, жим бўласан.

Тавҳид Аллоҳ исми зоҳир бўлганда расм ва табиат асарининг завол топиши, тажалли нурлари порлаганда бегона нарсаларнинг фоний бўлиши, илоҳий ҳақиқатлар ошкор бўлганда махлуқотларнинг арзимаслиги, зикри улуғ Жабборга яқинлик мавжуд бўлганда ағёрларнинг кўринмаслигидур.

“Лисон ут тайр” асарида эса “Тавҳид” ҳақида шундай дейилади: “Агар ўзингни шод кўришни истасанг ва ҳар қандай қайғудан озод бўлишни хоҳласанг, ўзингни Унинг ёди билан яшашга одатлантир. Агар шодлик истар бўлсанг, Уни ёд қил. Унинг ёдидан ташқаридаги шодлик ақлга мувофиқ келмайди. Ундан айрилиқдаги айшу ишратдан ғам яхшироқдир, бундай тўйдан аза юз марта яхши саналади. Ундан ғам келса ҳам шодлик ўрнида кўргил, бу сени ҳар қандай бало кишанидан халос қилади”1.

Тавҳид борасида Алишер Навоий томоноидан айтилган фикрларнинг ушбу икки асарда ифодаланиши турлича, услуби ҳам турлича бўлсада, бу фикрнинг жавҳари-маъноси айни бир нарсадир. Ўзликни ва сену менликни йўқотиб, фақат Аллоҳ дейишдир.

“Насойим ул муҳаббат”даги сўфийнинг олий сифатлари ва улуғ ҳимматлари ҳақидаги фикрлар ҳам “Лисон ут тайр” билан муқояса қилинса, айни бир жавҳарни ифодалайди. Масалан “Насойим ул муҳаббат”да шундай сатрлар мавжуд: “Жавонмардлик ўз нафсини хор, мусулмонлар ҳурматини улуғ билмоқликдир.

Олийҳиммат бўл! Зотан кишини жидду жаҳд эмас, юксак ҳиммат камолга етиштиради2.

Тасаввуф халқни тарк қилиш, ва зиёда ҳимматдир3.

“Лисон ут тайрд”а эса Ҳудҳуднинг тилидан ҳиммат ҳақида шундай сўзлар янграйди: “Агар бу даъвоинг чиндан ҳам рост бўлса, ундан ушбу йўлда кўп наф топасан. Агар камбағал кишиларнинг ҳиммати баланд бўлса, шунга яраша иззат ва мартабалик бўлади.

Агар ҳиммат бир гавҳар бўлса, инсонни садаф деб ҳисобла, бу садафга асл шараф ўша гавҳар туфайлидир. Агар кишида ҳиммат бор бўлса, унга тахт ва амалнинг кераги йўқдир, мулк ва мол-дунё ҳам унинг кўнглига ёқимли туюлмайди. Кимнинг нақд молу мулки бўлмаса ҳам, ҳиммати бўлса бас, шунинг ўзи унинг учун катта давлатдир. Зеро, ҳиммати баланд киши, ҳар қандай ишни бажара олади. Ҳиммат ҳақиқий эр кишини эътиборли қилади, бунга мансаб, мулк ва хазинанинг ҳеч бир дахли йўқ. Агар инсонда мол-дунё бўлса-ю, ҳиммат бўлмаса, у ақлли кишилар наздида ҳеч қандай обрў-эътибор топа олмайди. Кимки, олий ҳиммат эгаси бўлса, бу хислати унга иқбол ато этади. Агар шоҳга Аллоҳ паст ҳиммат ато қилган бўлса, ундай шоҳдан олий ҳимматли гадо яхшироқдир. Агар шоҳ ҳиммат бобида паст бўлса, у ҳимматли гадодан мағлуб бўлади. Инсонлардаги гўзаллик ҳиммат туфайлидир, ёмон нафснинг жазоси ҳам ҳимматдандир.

Паст ҳимматли баланд бахт топса ҳам, у тоғлик толеъи паст кишидек қадрли бўла олмайди. Ёлланма чўпон мингта қўйни боққани учун маълум ҳақ олиб, қўйларга посбонлик қилади. Агар бўридан бу қўйларга хавф-хатар етишса, бундай ҳолда у чўпондан бир ит яхшироқдир! Хазинаси бона ҳиммати йўқ кишига ана шу чўпон ва қўй ҳодисаси мисол бўла олади. Унинг хазина қоровули ва қўйга қўйилган чўпондан фарқи йўқдир. Оқибатда бир ринд табиатли ҳимматли киши бу бойликни қўлга киритиб, уларни бир гадога ҳадя қилиб юборади. Агар ринд ҳақиқий ҳиммат ва карам эгаси бўлса, унинг учун бутун бир хазинани ҳадя этиш бир пулни харж этишдек оддий бир ишдир1. Ҳиммат бу яхши хулқнинг меъвасидир.

Яхши хулқли кишининг жони роҳатда, одамлар ундан саломатдадирлар. Ёмон хулқли эса, одамлар ундан балодадирлар, ўзининг жони машаққатдадир. Агар кишининг хулқлари яхши бўлса, сафдошлари кўпаяди, душманлари камаяди, қийин ишлар унга осонлашади, ғазабли қалблар унга юмшайди1.

Шундай қилиб, юқорида келтирилган барча муқоясалардан шу нарса аён бўладаки, гарчи ёзилиш услуби, назм ва мурожаатлар жиҳатидан бу икки асар фарқли эрсада, тасаввуф ҳақиқати ҳақида англашиладиган маънолар бир ҳилдир. “Насойим ул муҳаббат” соф тасаввуфий-тарихий асар ҳисобланса, “Лисон ут тайр” тасаввуфий-адабий, ҳамда фалсафий асар ҳисобланади.

Сўзимиз якунида Алишер Навоийнинг қуйидаги сўзларига мурожаат қиламиз: “Замонамизда сўфийлик бир исмга айланди, ҳақиқат эмас. Илгари исм эмас, ҳақиқат эди”2.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, бу икки асарни тўлиқ қиёсий ўрганишнинг имкони бўлмаган бўлсада, аммо асосий қисмларини қиёслаш ва мулоҳазаларни таҳлил этиш натижасида, тасаввуфнинг нафақат якка шахслар, балки бутун жамият ҳаётида нақадар улкан аҳамиятга эга бўланини тушунамиз. Тасаввуф бу диндир. Унинг аввалда амалда, кейинчалик исмда кўпроқ сақланганини Алишер Навоий ўз асарларида ҳам айтиб ўтиб кетганлар. Биз буни ҳам айни шу қиёсий ўрганиш орқали билиб олдик.

Бир сўз билан айтганда ушбу икки асар, бир манзилга йўлловчи икки йўлдек, бир маънони англатувчи икки сўздек, яна ҳам тўғрироғи бир ҳақиқатнинг икки кўринишидек ёзилган ва жуда кўплаб умумий жиҳатларга эга.

ХУЛОСА

Тасаввуф, ҳамда тасаввуфда авлиё инсон талқини, авлиёлик, унинг даражалари, жамиятда авлиёларнинг тутган ўрни, ҳамда “Лисон ут тайр” асарига кўра авлиёлик мвзусини таҳлил этиш жараёнида қуйидаги хулосаларга келинди:

1. Тасаввуф Ислом фалсафаси бўлиб, унинг асосини Илоҳсеварлик, ўзликни тарбиялаш, покиза ахлоқ, комиллик сари интилиш ташкил этади. Валийлар ҳақиқий ислом маърифати, Пайғамбар (а.с) йўлларини кенг тарқата олган, кишиларни меҳнат қилиб ҳалол ризқ топишга, ҳалол яшашга, маънавий камолот, адолат ва ҳақиқат учун курашувчан бўлишга даъват этганлар. Шу жиҳатдан валийлар инсонийликнинг, шу жумладан, комилликнинг гўзал намунаси бўлганлар.

2. Тасаввуф янгиттан пайдо бўлган таълимот эмас, балки Ислом негизида мавжуд бўлган ҳақиқатдир. Бу ҳақиқатни Пайғамбаримиз (а.с) ўз ҳаётларида яшаб кўрсатиб берганлар. Саҳобийлар ва тобеъийлар даврларида ҳам сунний тасаввуф амалда бўлди. Аммо кейинчалик баъзи кишилар фалсафий тасаввуфга қаттиқ урғу беришлари натижасида сунний тасаввуф, ҳамда фалсафий тасаввуф бир-бири билан аралашиб кетган.

3. Қуръони Каримда жуда кўплаб оятларда “авлиё” ва “валий” сўзлари зикр этилган ва уларнинг айримлари тасаввуфдаги “валоят”ни эмас, ўзга бир маънони, яъни фиқҳий ва бошқа маъноларни ҳам ифодалаган. Масалан: Шайтонлар инсонларнинг авлиёлари, яъни дўстлари бўлишлари мкмукин. Бундай дўстликка эришиш одамийликнинг энг тубан даражасига тушиш демакдир. Ота-оналар ўз фарзандларига авлиё – дўст бўлишлари мумкин. Юқорида ўрганилганидек, Ояти каримада агар ота-оналар кофир бўлсалар, бундай дўстликдан қайтарилган. Мўмин ва мўминаларнинг ўзаро бир-бирларининг авлиёси, яъни дўстлари бўладилар.  Бу дўстликка эришиш, ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлишни билдиради. Мўмин ва тақводор бўлган бандалар Аллоҳнинг авлиёси (дўсти) бўлишлари мумкин. Бу инсон учун пайғамбарликдан кейинги энг улуғ мақом ҳисобланади. Кишилар бир-бирларига фиқҳий маънода валий бўла оладилар. Оятда ҳижрат қилганларга Расулуллоҳ (а.с)нинг валий бўлганликлари, ҳижрат қилмаганларга эса валий эмасликлари айтилди. Шу билан бирга мусулмонларнинг қариндошлари валий бўлишлари ҳам шу маънода келади. Ва ниҳоят Байтуллоҳга мўмин-мусулмонларнинг “авлиё”, яъни мутасадди, бўлишлари мумкин. Умумий айтилганда Қуръони Каримда келган “авлиё” сўзи турфа маъноларни ифодалаб келган.

4. Валийлик белгилари ҳол мартабасида намоён бўлган. Ҳолнинг даражалари қурб, муҳаббат, шавқ, унс, мужоҳада, мушоҳада, мукошафа бўлиб, уларни кучли жазба ва шиддатли ишқ бирлаштирган ва бошқарган. Инсон руҳиятининг имкониятлари, унинг яратувчилик ва мўъжизакорлик қуввати валийликнинг каромат тушунчалари орқали намоён бўлган. Демак, валийлар ҳам ўз ўрнида маълум ҳол мартабаларида фарқланадилар.

5. Валийлик даражалари (руҳоний мартабалар) қутб, афрод, автод, абдол, ғавс, нужабо, нуқабо бўлган. Қутблар азалдан Аллоҳнинг нури билан қалблари мунаввар бўлган валийлар, автодлар дунёнинг тўрт томонига масъул этилган авлиёлар, абдоллар етти иқлимга раҳнамолик қилган зотлар, нужабо дунёдаги халқ ва уларнинг ишларини бошқарувчи  авлиёлар  жамоаси, нақиблар Ҳақ йўлига кирганларнинг йўлбошчиси бўлган уч юз улуғ валийдир. Демак, гарчи камол топган кишилар авлиё деб аталсаларда, уларнинг ҳам ўз ўрнида даражалари мавжуд экан.

6. Алишер Навоий Хуросондаги жавонмардлик ҳаракатининг йирик номоёндаси бўлиб, тасаввуф намоёндалари ҳақида ҳам, тасаввуф ҳақида ҳам жуда чуқур билим соҳиби ҳисобланади. Ўз даврининг катта сўфийлари ва дарвешлар билан олиб борилган очиқ мулоқотлар эса шоирнинг тасаввуф ҳақидаги билимларини янада бойитди. Бундан ташқари Алишер Навойнинг ўзи томонидан қаламга олинган асарлари ҳам тасаввуф ҳақидаги беназир манба ҳисобланади. Зотан ҳаёти давомида шоирнинг қилган ишлари ҳам унинг маънавий камолотига  яққол далил бўлади.

7. “Лисон ут тайр” асари диний-фалсафий асардир. Унда мусулмоннинг Аллоҳга томон “юриши”дан бошлаб, унинг ёмон феълларининг муолажасигача, қалбий иллатларнинг муолажасидан тортиб, мақомотларнинг изоҳ ва тафсилотларигача жуда ажиб тарзда англатилган. Солик ўз йўлида Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Тавҳид, Ҳайрат босқичларини босиб ўтиб, Фақру фано мақомига кўтарилади. Бу мақомотларнинг ҳар биридан бир поғона кўтарилиш, кишининг валийлик даражасининг ошгани ва қурбат ҳосил қилгани демакдир. Аслида даражот ва мақомотлар Аллоҳ хузурида беҳисоб. Аммо шоирнинг айнан ушбу мақомотларни зикр қилиб, айнан шуларни тушунтириши бу мақомотларнинг нақадар улуғлигини кўрсатади.

8. Алишер Навоий гарчи шариат қонунларига бағишлаб диний асар ёзмаган бўлсада, ўзининг “Насойим ул муҳаббат”, “Лисон ут тайр”, “Маҳбуб ул қулуб” ва бошқа асарларида диннинг руҳий тарбия қисми бўлган – Тасаввуфни жуда чиройли тушунтириб берган. Ўзининг “Насойим ул муҳаббат” асарида авлиёларнинг зикрини ва уларнинг ҳикматли гапларини, авлиёликнинг даражотлдари ва ҳолдаги мақомотларни келтириб ўтган. “Лисон ут тайр” асарида эса тўлиқ валийлик сифатлари, нафс тарбияси, кишида учрайдиган ёмон иллатлар, ҳамда сайри сулукдаги мақомотларни адабий санъатларни моҳирона қўллаш орқали батафсил изоҳлаб ўтган.

9. Биз тасаввуфни ва унда авлиёлик даражотларини таҳлил қилар эканмиз, уни холисона, айни Ислом дини асосида ўрганишимиз даркор. Зотан тасаввуф мана неча асрлар кишилар онгида ҳақиқий соф инсоний фазилатларни камол топтириш, жамиятни ғаразли иллатлардан поклашда беқиёс хизмат қилиб келмоқда. Бас шундай экан, динда чуқур кетиб, Аллоҳнинг Зоти хусусида фикрга чўмишдан ҳам, жафокашлик қилиб, тафаккурдан четланишдан ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Хусусан “Лисон ут тайр” асари кучли фалсафий – диний асар эканлигини ҳисобга олиб, Аҳли суннат  вал жамоат ақидасидан четлашмаган ҳолда уни таҳлил этишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. 


Нурмуҳамедов  Баҳодир Суннатуллаевич



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мен бу сўзларни фақат ўз номимдан эмас балки, бутун мусулмонлар яъни умматларингиз номидан айтмоқчиман ё РасулуллоҳЙиғинларнинг бирида, дўсту биродарлар давоми...

5495 16:16 / 19.04.2017
УЧРАШУВ Атрофга зулмат ўз рўмолини ёйган, кўчакуйда одамлар кун аввалидаги харакатларини такрорларди. Кундузги иссиқ тафт сабаб бўшаб турадиган хиёбон давоми...

3344 16:00 / 19.04.2017
Қадимқадим замонда Бағдод деган томонда Абдуллоҳ исмли бой бир йигит яшаган экан. Унинг отаонаси савдогарлик билан шуғилланишар ва улар жуда бахтли яшашар экан. давоми...

3202 16:02 / 19.04.2017
Ҳозирги кунда муборак хаж сафарига борган ҳожиларимизга қониб ичиш насиб этаётган замзам сувининг қудуғи, Аллоҳ таоло ўз ҳалили Иброҳим а.с.нинг ўғли Исмоил давоми...

16024 16:10 / 19.04.2017