1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Усулул фиқҳ (дарслар)

Биринчи далил. Қуръони Карим

22:09 / 18.04.2017 13631 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қуръон» сўзи луғатда «қироат» маъносидаги масдардир.

Усулул фиқҳ уламолари унинг Мусҳаф, Танзил, Фурқон ва Зикр каби турли номлари бўлишига қарамасдан «Китоб» исмини ишлатишга одатланганлар ва бошқалардан ўзгача таърифлайдилар:
«Қуръон – Аллоҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга араб тилида, энг қисқа сураси ҳам ожиз қолдирувчи этиб нозил қилган каломидир. Мусҳафларда ёзилгандир, тавотур ила нақл қилингандир, тиловати ибодатдир, «Фотиҳа» сураси билан бошланиб, «Наас» сураси билан тугагандир».
Усулул фиқҳ илми мутахассисларининг ушбу таърифидан Қуръони Каримнинг бир қанча хусусиятлари аён бўлади.

1. Қуръон назми ва маъноси ила инсоннинг тоқатидан ташқари юқори даражага кўтарилган балоғат ила ожиз қолдиришлик даражасидаги Аллоҳнинг каломидир. Шундай экан, У далолат қилган ҳукмларни бажаришлик вожибдир. Чунки, у итоати вожиб бўлган Зотдан содир бўлгандир.
«Қуръон Аллоҳнинг каломи» дейишлик билан Аллоҳнинг каломидан бошқа нарсалар, агар қудсий ёки оддий ҳадис бўлса ҳам, Қуръон дейилмаслиги аён бўлади. Чунки, ҳадисларнинг маънолари Аллоҳдан бўлиши билан, унинг жумлаларининг тузилиши ва лафзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдандир. Агар ҳадис Аллоҳга изофа қилинса, яъни, унда сўз Аллоҳ таолонинг номидан кетса, қудсий ҳадис ҳисобланади. Лекин ҳадис ҳужжатликда Қуръон мартабасида бўлмайди. Уни намозларда ўқиш дуруст эмас ва ибодати тиловат ҳисобланмайди.

2. Қуръоннинг ҳаммаси араб тилида бўлиб, унда ажамлар тилида бирон нарса ҳам йўқ. Бас, унинг тафсири ва бошқа ҳар қандай тилга қилинган таржимаси, агарда унинг тафсирида оятларининг далолатига ҳар қанча эътибор қилинса ёки таржимасида маъноларига ҳар қанча эътибор қилинса ҳам, Қуръон бўлмайди. Чунки, Қуръон назми ва маъноси араб тилида Аллоҳдан нозил қилинган хос нарсадир.

3. Қуръон Аллоҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туширган каломилигини таъкидлаш билан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломдан бошқа Набийларига туширган каломи ҳам Қуръон бўлмаслиги аён бўлади. Мисол учун Довуд алайҳиссаломга туширган китоби «Забур», Мусо алайҳиссаломга туширган китоби «Таврот» ва Ийсо алайҳиссаломга туширган китоби «Инжил» дейилади.

4. Қуръон авлоддан авлодга тавотур ила нақл қилингандир. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир жамоа инсонлар ёдлаб, кейингиларига етказиш воситаси билан авлоддан авлодга ўтиб келган.
«Тавотур ила нақл қилинган», деган иборадан, тавотир ила нақл қилинмаган калом Қуръони Карим бўла олмаслиги келиб чиқади. Тавотир ила нақл қилинган, дегани эса, каломнинг ёлғончига чиқариб бўлмайдиган даражада кўп сондаги кишилар томонидан нақл қилинишига айтилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли одамлар бўлиб, бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган, кўпликлари жиҳатидан ёлғонга келишиб олиш имконлари ҳам йўқ бўлади.
Қуръони Каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача айнан худди ана шу тарийқада нақл қилингандир. Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг амийни – ишончли соҳиби бўлмиш Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нақл қилганлар.
Ушбу нақл қандоқ кечишини, яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятлари Жаброил алайҳиссалом томонларидан қандоқ етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари ила кўриб, қулоқлари ила эшитиб турганлар.
Бунинг устига, ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, менга мирзаларни чақиринглар, деганлар ва ваҳийни ёзувчи саҳобалар келганларидан сўнг, Жаброил алайҳиссаломдан ояти карималарни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, шундоқ қилиб ўқиб берганлар. Мирзалик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзганлар, бошқа саҳобалар эса, ана шундоқ эҳтимом ила ёд олганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир калимаси ва ҳарфининг мисли кўрилмаган эътибор ила қабул қилиб олиниши, ёдланиши ва ёзилиши ҳамда амал қилинишига васфига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар.
Аллоҳ таоло эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг ўзида Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига диққат билан қулоқ осишни амр этган.
Ўз навбатида, Набий алайҳиссаломдан Қуръони Карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар ҳам шогирдларига юқорида зикр қилинган муомалани қилганлар. Шу тарзда ҳозиргача Қуръони Карим сонсиз-саноқсиз одамлар томонидан ишончли ҳолатда нақл қилиниб келинмоқда.
Тавотур ила нақл қилинган нарса илмни ифода қилади ва ривоятнинг тўғрилигини қатъийлаштиради. Гоҳида одамларнинг ёд олишларини қувватлаш учун Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб тушаётган вақтда битилган ишончли ёзувлар ҳам ривоятни қатъийлаштиришга хизмат қилади. Мана шу хусусиятидан келиб чиқиб айтамизки, тавотур даражасига етмаган шозз қироатлар ва қудсий ҳадислар кабилар Қуръон ҳисобланмайди.
«Шозз» сўзи луғатда «одатдан ташқари» маъносини англатади. Шозз қироат – бизгача тавотур даражасига етмаган оҳод хабарлар ила нақл қилинган қироатдир. Масалан, рўзанинг қазоси борасида Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда «Фа иддатун мин айямин ухарин мутатабиъат» дейилган қироатнинг «мутатабиъат» деган қисми шозз ҳисобланади. У фақат шу ривоятдагина келган. Бошқа барча ривоятларда тавотир тарзда «Фа иддатун мин айямин ухарин» шаклида келган.
Масалани яхшироқ англаб етиш учун мазкур оятнинг маъноси таржимасини ўрганайлик.
Аллоҳ таоло рўза тутишдан вақтинча узрлилар ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутадир» («Бақара» сураси, 184-оят).
Яъни, бемор тузалгандан сўнг, мусофир сафардан қайтгандан сўнг, неча кун рўзасини тутмаган бўлса, ўшанча кун қазо рўза тутади.
Ушбу жумладаги «айямин ухарин» бирикмаси «бошқа кунлар» деб таржима қилинади. Ўша «бошқа кунлар»ни кетма-кет тутадими ёки оралатиб тутадими деган саволга «кетма-кет» деган жавоб ҳам берилган. «Мутатабиъат» сўзи «кетма-кет» деганидир. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ўзлари учун ёзиб олган битикда шу сўзни қўшиб қўйган бўлиши ёки баъзи вақтларда қироат қилсалар, секинроқ айтиб қўйган бўлишлари мумкин. Бундан хабардор бўлган баъзи кишилар уни ривоят қилган бўладилар. Албатта, бу нарса Қуръон даражасидаги нарса бўлмайди. Бу бир саҳобийнинг оятдаги баъзи изоҳ талаб сўзни тафсир қилгани бўлиши мумкин, холос.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган қасам каффороти ҳақидаги оятнинг ривоятида ҳам «Фа ман лам яжид фа сияму саласати айямин мутатабиъат» деб «мутатабиъат» лафзи зиёда қилингандир ва бу ҳам мутавотир эмасдир. Шунинг учун у ҳам Қуръондан ҳисобланмайди.
Масалани яхшироқ англаб етиш учун мазкур оятнинг маъноси таржимасини ҳам ўрганайлик.
Аллоҳ таоло қасамларнинг каффороти ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир. Бас, унинг каффороти ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин» («Моида» сураси, 89-оят).
Бу оятдан бизнинг ушбу мавзуимизга боғлиқ жойи «Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин» деган жойидир. Ушбу жумладаги «уч кун» бирикмаси арабчада «саласату айямин» деб талаффуз қилинади. Ўша «уч кун» рўзасини кетма-кет тутадими ёки оралатиб тутадими деган саволга «кетма-кет» деган жавоб ҳам берилган. «Мутатабиъат» сўзи, аввал айтиб ўтилганидек, «кетма-кет» деганидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзлари учун ёзиб олган битикда шу сўзни қўшиб қўйган бўлиши ёки баъзи вақтларда қироат қилсалар, секинроқ айтиб қўйган бўлишлари мумкин. Бундан хабардор бўлган баъзи кишилар уни ривоят қилганлар. Албатта, бу нарса Қуръон даражасидаги нарса бўлмайди. Бу бир саҳобийнинг оятдаги баъзи изоҳ талаб сўзни тафсир қилгани бўлиши мумкин, холос.
Волидалар нафақаси борасида «Бақара» сурасидаги келган оятнинг баъзи шозз ривоятида «зир роҳмил маҳрами» лафзи зиёда қилинган бўлиб, бу ҳам мутавотир эмас.
Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар. Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч бир жонга имкондан ташқари таклиф бўлмас. Она ҳам, ота ҳам боласи сабабидан зарар тортмасин. Меросхўрга ҳам худди шундоқ» (233-оят).
Бу оятда бизнинг ушбу мавзуимизга боғлиқ жойи «Меросхўрга ҳам худди шундоқ» деган жойидир. Баъзи шозз ривоятда «меросхўр» сўзига унинг сифати тарзида «зир роҳмил маҳрами» лафзи зиёда қилинган экан. Яъни, «маҳрам қариндош меросхўрга» деб меросхўрнинг сифати ҳам зикр қилинган экан. Аммо, бу ҳам тафсир маъносидаги хос гап, холос.
Шундай қилиб, айтамизки, шозз қироат ҳеч қачон ҳужжат ҳисобланмайди. Чунки, у Қуръон ҳам, суннат ҳам эмасдир. У, Қуръон деб ҳам, Суннат деб ҳам ривоят қилинмаган. Баъзилар: уни суннат каби зонний далил қилиб ҳужжат келтириш мумкин, дейдилар. Сабаби, у ҳам Набий алайҳиссаломдан эшитилган бўлса керакки, саҳобалар розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган. Агар шундай бўлса, у зот алайҳиссаломдан эшитилган ҳар бир нарса ҳужжатдир.
Аммо, «басмала» – «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» «Намл» сурасининг ўртасида келган бир оятнинг ярми эканлигига барча мусулмонлар иттифоқ қилганлар. Бироқ, барча сураларнинг аввалида келган басмалани Ҳанафий ва Шофеъий «Қуръондан бир оятдир» деганлар. Чунки, бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир суранинг аввалида нозил қилинган. Ул зот алайҳиссаломнинг ўзлари ҳар бир суранинг аввалига Ушбу оятни ёзишни буюрганлар ва бу мутавотирдир. Қолаверса, саҳобалар Қуръонга ундан бўлмаган бирон нарсани қўшилиб қолишидан қаттиқ ҳимоя қилишлари билан бирга басмаланинг ёзилишига қарши чиқиб инкор қилмаганлар.
Бошқалар эса, жумладан, моликийлар «басмала»ни «Фотиҳа»нинг ҳам ва бошқа бирон суранинг ҳам ояти эмас, деганлар. Оиша розияллоҳу анҳонинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни такбир билан ва «Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн»нинг қироати билан очар эдилар» деган ривоятларини «яъни, «басмала» билан эмас» деб шарҳлайдилар.

Қуръони Каримнинг ҳужжатлиги

Қуръони Карим ҳужжатдир. Барча инсонлар унга амал қилиши вожибдир. Чунки, у ҳеч бир шубҳаси бўлмаган саҳиҳ йўл билан одамларга нақл қилинган Аллоҳ таолонинг каломидир. Бунга шубҳа йўқ. Қатъий далил унинг «эъжози» ожиз қолдиришидир.
«Эъжоз» сўзини арабчадан бизнинг тилимизга таржима қиладиган бўлсак «ожиз қолдириш» деган маъно чиқади. «Қуръоннинг эъжози» деганимизда эса, унга ўхшатишликдан, у каби нарсани келтиришдан ёки унинг энг қисқа сурасига ўхшаш нарсани келтиришдан ўзгалар ожиз эканини эълон қилишдир.
Эъжоз қуйидаги учта нарса билангина мукаммал бўлади:

1. Таҳаддий – қарши чиқишга ва яккама-якка олишувга чақириш.
2. Рақиб тарафнинг қарши чиқишини тақозо қиладиган нарса бўлиши.
3. Рақибнинг қарши чиқишига бирон монеъ бўлмаслиги.

Қуръони Каримда мана шу уч сабаб мукаммал бор. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга одамларни «Қуръонга ўхшаш бирон нарса келтиринглар» деб таҳаддий қилишга буюрган. Араблар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқарганлари ўзларининг даъволари тўғри эканлигини исбот қилишни тақозо этарди. Уларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқиб курашишларига ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди. Зотан, араблар ўзларининг балоғат ва фасоҳатни яхши билишлиги билан фахрланишарди.
Қуръони Каримда таҳаддийнинг эълони борасида кўпгина оятлар бордир.
Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деб марҳамат қилади: «Сен: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузуридаги у иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», дегин» («Қосос» сураси, 49-оят).
Сизларга Таврот ҳам, Қуръон ҳам ёқмаса, улардан кўра яхшироқ китобингиз бўлса, олиб келинг, бошқалар ҳам эргашсин ва мен ҳам ўша китобга эргашай.
Одатда, бирор нарсани танқид қилган, ёқтирмаган, камчилигини айтган одам, унинг ўрнига ўшанга нисбатан яхшироқ бошқа нарсани келтиради. Қани, Таврот ҳам, Қуръон ҳам сеҳрдир, деган ўша кофирларнинг ўзлари бу икки илоҳий китобдан кўра тўғрироқ, ҳидоятлироқ китоб олиб келсинлар-чи?
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мушрикларга таҳаддий қилиб, улардан Таврот ёки Қуръонга ўхшаш китоб келтиришни талаб этишни амр қилмоқда. Албатта, Қуръони Каримга ўхшаш китоб келтириш бандаларнинг имконидаги нарса эмас. Улар бунга ҳар қанча уринсалар ҳам эплай олмайдилар. Бу ҳақийқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам Қуръони Каримнинг «Исро» сурасида қуйидагича баён қилади: «Агар инсу жинлар тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларга ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар» (88-оят).
Барча инсонларга ҳам, жинларга ҳам жуда оз илм берилгандир. Ҳатто улар руҳ ҳақида ҳеч нарса била олмай ҳайрондирлар. Модомики, шундай экан, ҳаммалари бир бўлиб, ўзаро ёрдамлашиб ҳаракат қилсалар ҳам, Қуръонга ўхшаш нарса келтира олмайдилар. Қуръон сўзлари каби сўзлар туза олмайдилар. Қуръон жумлалари каби жумлалар топа олмайдилар. Лекин Қуръони Каримнинг мўъжизакорлиги фақат сўз, гап, балоғат-фасоҳат ёки услуб жиҳатидан эмас, балки инсониятнинг барча мушкулотларини ҳал қилишида, унга икки дунё саодатини ато этувчи мукаммал ва абадий, ҳар замон ва ҳар маконга мос дастур тақдим қилишида ҳамдир. Бундай илоҳий дастурни ҳеч ким, ҳатто дунёдаги барча инсонларга барча жинлар қўшилиб, бир-бирларига ёрдам бериб уринганларида ҳам ярата олмайдилар.
Бундан ожиз бўлганларидан сўнг, Қуръони Карим  уларни унга ўхшаш ўнта сура келтиришга таҳаддий қилди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Ҳуд» сурасида дейди: «Ёки: «Ўзи тўқиб олди», дерларми? Сен: «Бас, агар ростгўй бўлсаларингиз, Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин» (13-оят).
Иймон бўлмаганидан кейин инсон ақлга, мантиққа тўғри келмаган сўзларни ҳам гапираверади. Мушрикларнинг кўпгина мантиқсиз гаплари етмаганидек, улар:
«Ёки: «Ўзи тўқиб олди», дерларми?»
Кофирлар: «Қуръонни Набийнинг ўзи тўқиб олган», ҳам дейдилар. Бундан ҳам аччиғинг чиқмасин, хафа бўлма. Хотиржамлик билан:
«Агар ростгўй бўлсаларингиз».
Яъни, менинг Қуръонни тўқиб олганим ҳақидаги гапингиз рост бўлса:
«Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин».
Қани, нима деб жавоб берар эканлар?
Йўқ! Жавоб бера олмайдилар.
Қуръони Карим сураларига ўхшаш ўнта сура келтириш ҳақидаги талабга ҳам жавоб бера олмаганларидан кейин, Қуръони Карим уларни яна таҳаддий қилиб, ҳеч бўлмаса бир дона сура клтиришни таклиф қилади.
Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деб марҳамат қилади: «Ва агар бандамизга туширган нарсамизга шакингиз бўлса, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва рост сўзловчилардан бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг» («Бақара» сураси, 23-оят).
Яъни, Биз бандамиз Муҳаммад алайҳиссаломга туширган Қуръонда сизнинг шак-шубҳангиз бўлса, бу калом Аллоҳдан эмас, Муҳаммад ўзи тўқиб олган, демоқчи бўлсангиз, ушбу Қуръон сураларига ўхшаш битта сурани ўзингиз келтиринг-чи?! Ва бу ишга Аллоҳдан бошқа гувоҳларингизни келтиринг, улар сизнинг ростгўйлигингизга гувоҳлик берсинлар. Чунки, Аллоҳ Ўз бандаси Муҳаммад алайҳиссаломнинг содиқлигига Ўзи гувоҳли бериб бўлди.
Ушбу оят тушган пайтда қилинган чақириқ ҳозиргача, бундан сўнг қиёматгача ҳам бардавомдир. Қанчадан-қанчалар, Қуръонга ўхшаш нарса келтираман, деб уриниб-уриниб, қўлидан ҳеч нарса келмай ўтиб кетди. Ҳозирги кунгача Қуръон ўзининг инсон сўзидан устинлигини очиқ-ойдин намоён этиб келмоқда ва шундай бўлиб қолади ҳам.
Чунки, Аллоҳ таолонинг Ўзи бунинг ваъдасини бериб қўйган: «Бас, агар қила олмасанглар, ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам, ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар» («Бақара» сураси, 24-оят).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг «ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам», дейиши улкан мўъжизадир.
Одатда, бир тараф иккинчи тараф билан тортишиб, уни мот қилмоқчи бўлганида, ўзидаги энг кучли хусусиятни юзага чиқариб рақибни енгмоқчи бўлади. Шу билан бирга, мазкур хусусиятдан озгина бўлса ҳам рақибида борлигини билса, шарманда бўлмай деб, ортиқча мақтанмасдан, ҳадиксириб туради. Ушбу тортишувда эса, дунёнинг ҳаммаси тўпланиб келганда ҳам Қуръон сураларидан биттасига ўхшаш сурани ҳеч қачон келтира олмаслиги таъкидлаб айтилмоқда. Қуръоннинг кичик сураси уч оятли бўлиб, энг қисқа сура ҳисобланади. Юқорида келтирилган оятда ҳеч бўлмаса, ана шу уч оятли кичик сурага ўхшаш сура келтириш талаби бор. Агар у ҳақиқий илоҳий калом бўлмаганида, бу даражада очиқ, ожиз қолдирувчи сўз айтмаган бўлар эди. Иккинчи тарафдан, мана, минг тўрт юз йилдан ошдики, ҳеч ким бу чақириққа рад қила олмаяпти.
Қуръони Каримнинг илоҳий китоблигига шак-шубҳа билдирувчилар бу даъволарини ҳеч қачон тасдиқлай олмасдилар, тасдиқлай олмасликлари аниқ ҳам. Демак, дўзахдан қўрқсинлар. Иймон келтирсинлар. У дўзахнинг ёқилғиси одамлардан ва тошлардан бўлади. Одамлар ўзлари ёнаверса, азобнинг алами унча баланд бўлмай қолади деб, янада қаттиқ иситиш учун тош ҳам ташлаб қўйилган. Бу дўзах кофирлар учун тайёрлаб қўйилгандир. Қуръони Каримни инкор қилувчилар эса, айни кофирлардир.
Энди мусобақани тақозо қиладиган ва араблар ўзини ҳимоя қиладиган нарсага келсак, бу нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватларидан сўнгги сийратларида намоён эди. Ул зот ўзларининг Аллоҳнинг элчиси эканлари ва мушрикларнинг бутпарастлик дийнини, ота-боболарига кўр-кўрона эргашишларини ботил қиладиган дийн билан келганларининг хабарини бердилар. Уларнинг ақлларини паст санаб, бутларини масхара қилдилар. Мушрикларнинг уларга қилган ибодатларидан кулдилар. Ул зотнинг бу ишлари Аллоҳнинг китобига суяниб қилинди. Мушриклар ўшанда у зотнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсалари ва даъволарини ботил қилишга энг муҳтож инсонлар эдилар.
Қуръони Каримга қарши чиқишда монеъликнинг йўқлигини араблар жуда яхши билар эдилар. Чунки, Қуръон уларнинг тилида, гапириш услубида, ишлаётган ҳарфи ва маъноларида нозил бўлди. Уларнинг хутбалари ва шеърлари ақлларининг ўткирлигига, фикрларининг мусаффолигига, зеҳнларининг тезлигига, ишни кўра билишларига, ҳаётий тажрибалардан хабардорлигига далолат қиларди. Яна шуни билиш керакки, Қуръон уларнинг қарши чиқиш вақтини чегаралаб қўймаганди ва бирданига нозил бўлмаганди. Балки йигирма уч йил мобайнида аста–секин, тарқоқ тарзда нозил бўлди. Бу ҳолат уларнинг қарши чиқишга тайёргарлик кўришларига имконини берарди.
Ва ниҳоят, улар инсонлар ва жинлардан истаганларини ёрдамга чақирсалар-да, Қуръонга ўхшаш китоб келтиришдан ожизу заиф эканликлари намоён бўлди. Матлуб мақсад юзага чиқди. Қуръон башариат сўзи эмас ва бунинг тенги ҳам эмас. Албатта, Аллоҳ таолонинг ҳузуридандир.
Мана шу нарса Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳ таолонинг Расули ва у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга Аллоҳ таолонинг каломидан, шариатидан ва ҳукмларидан етказган нарсаларида содиқ эканликларига қатъий далилдир.

Қуръоний эъжознинг турлари

Қуръони Карим арабларни бир неча жиҳатлардан, жумладан, лафзий, маънавий ва руҳий тарафлардан ожиз қолдирди. Бас, улар Қуръонга қарши чиқишдан тўхтаб, ожиз қолдилар. Улар инсон ақли қанча ривожланса ҳам луғат, баён ва маънолар жиҳатидан Қуръонга ета олмагани ва ета олмаслигини идрок қилдилар. Башарият замонлар оша Қуръоний эъжоз жиҳатларининг чегараси йўқлигига, балки у янгиланиб туришлигига қаттиқ ишонди. Замонлар оша Қуръон оятларини тадаббур қилиш кўпайганида, унинг мўъжизакорлиги зиёда бўлаверади. Борлиқдаги сирларнинг янгидан-янги илмий кашфиётлари Қуръони Каримнинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканлигини, мўъжизалигини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватларини тасдиқлаб, исботлаб тураверади.

Эъжознинг баъзи турлари

1. Қуръон иборалари ва маъноларининг мувофиқлиги ҳамда ҳукмлари ва мақсадларининг шомиллиги. 
Қуръон олти мингдан ортиқ (6226) оятдан иборат бўлиб, улар турли мавзулардадир. Жумладан, эътиқод, шариат ҳукмлари, ахлоқ ва ўтган қавмларни қиссалари ҳақидаги оятлар мавжуд. Қуръони Каримда борлиқдаги кўпгина илмий назариётларга ва ижтимоий, ахлоқий ва виждон масалаларига оид ишоралар борлиги билан бирга ундаги бир маъно бошқа бир маънога ва бир ҳукм бошқа бир ҳукмга қарама-қарши эканини топмаймиз. Ваҳоланки, у йигирма уч йил мобайнида тарқоқ ҳолида нозил қилингандир.
Унинг ибораларида балоғат соҳасида бирон ихтилоф тополмаймиз. Сўзларнинг таъбирида, фасоҳат борасида ҳам бирон тафовут тополмаймиз. Ундаги ҳар бир нарса пурмаъноликда баробар ва шароит тақозо этган ҳолга мувофиқдир.
Бу борада Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар» («Нисо» сураси, 82-оят).
Қуръонни тадаббур қилиш, яъни, уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Исломни билмоқчи бўлган одам, ҳақийқатни англамоқчи бўлган шахс бевосита Қуръони Каримга мурожаат қилмоғи керак. Қуръони Каримга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақийқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам дарҳол англайди. Чунки, Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.
«Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар.»
Албатта, инсон ақли етганича ўрганади. Ҳеч ким: «Мен Қуръонни охиригача фаҳм этдим, бундан бошқа тушунча бўлиши мумкин эмас», дея олмайди.
Қуръон илоҳий мўъжиза, инсон эса, унинг қаршисида ожиздир. Ўша ожиз инсон ўзининг ожизона ақли ила кўпгина Қуръоний ҳақийқатларни кашф этади. Бу эса, унинг ҳидоятига сабаб бўлади.
Тажрибада собит бўлишича, баъзи инсонларнинг ҳидоят йўлига тушишига биргина Қуръоний оятни тадаббур қилиш ҳам кифоя қилмоқда.
Қуръоннинг услуби ҳолатлар тақозосига мувофиқдир. Унинг қонуншуносликка оид оятларида ишлатилган лафзлар нозик ва чегараланган ҳамда баёнида сокинлик бор. Эътиқод ва ибодат борасидаги оятларида нафсларни титратувчи, ҳис-туйғуларга таъсир қилувчи услуб қўлланган.
Баъзан оятларнинг зоҳирида қарама-қаршилик бордек бўлади. Аммо, бу нарса Қуръоннинг аслидаги эмас, балки инсоннинг фаҳмидаги камчиликдир. Агар ана шу оятлар чуқур ўрганилса ва тадаббур қилинса, воқеъликда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқлиги маълум бўлади.

2. Қуръони Карим оятларининг ўта ишончли илмий кашфиётларга мувофиқ келиши.
Қуръони Карим, аслида, шариат ва ҳидоят китоби, ибодат ва ахлоқ дастуридир. Унда баъзи илмий назарий нарсаларни кашф қилиш мақсад қилинмаган. Бироқ Қуръони Каримнинг оятларида осмонлару ернинг яратилиши, осмоннинг юлдузлар билан зийнатланиши, инсон, ҳайвон ва набототларнинг яратилиши, Аллоҳнинг борлиги ва Унинг яккалиги исботи учун собит илоҳий қонунларга ишоралар бор. Ана шу ишоралар исботи қатъий бўлган эски ва янги илмий кашфиётларга мувофиқдир.
Бу гапларнинг исботи учун бир неча далил келтиришимиз мумкин.
Аллоҳ таоло булутлар ва ёмғир ҳақида, уларнинг Роббул оламийнга итоат қилувчи махлуқлар экани ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра бирга тўплашини, сўнгра уйиб қўйишини кўрмаяпсанми?! Бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсан» («Нур» сураси, 43-оят).
Одамлар бу оятни эътиборсиз ўқиб юришган. Лекин аслида у борлиқдаги ҳақийқатларнинг онаси эканлигини илм кашф этди. Чунки, булутларнинг кўшилиши турли зарядларга эга бўлган булутларнинг бирлашувини билдирар эди. Ҳеч шубҳа йўқки, булутда заряд бор. Буни Франклин деган олим 1752 йилда кашф эттан.
Маълумки, қарама-қарши зарядлар бир-бирини тортади, бир хил зарядлар эса, бир-биридан қочади. Бу, аслида, булутларни тарқатиб юбориши керак. Лекин уларни шамол бир-бирига яқинлаштиради. Шунда булут катталашади, ердан бораётган шамол мусбат зарядларни олиб боради, улар фазодаги мавжуд зарядлар билан бирлашиб, буғнинг сув томчиларига айланишига сабаб бўлади. Ва ниҳоят ёмғир ёғади. Ёмғирнинг ҳосил бўлишига асосий сабаб ҳаводаги электр зарядидир. Бу зарядларни эса, шамол бирлаштиради.
Қуръони Каримнинг «Ҳижр» сурасида ушбу ҳодиса шундай баён қилинган: «Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик»(22-оят).
Аввал ҳам таъкидланганидек, Қуръони Карим кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун туширилган китоб, коинот, мавжудот ва илмий масалаларда баҳс юритиш унинг вазифаси эмас. Лекин унда шундай бир илмий ҳақийқатлар борки, улар Қуръони Каримнинг илоҳий, мўъжизакор китоб эканлигини такрор-такрор исбот этиб турадилар.
Маълумки, Муҳаммад алайҳиссалом Маккада ўсган, у ерда илм-маърифат, мадраса ёки илмий муассаса асло бўлмаган. Демак, Набий алайҳиссалом илмий муҳитдан мутлақо бехабар эдилар. Лекин юқорида айтганимиздек, Қуръони Каримда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, уни на ўша вақтда ва на ундан кейинги вақтларда ҳам ҳечким билмаган. Фақат бизнинг асримизга келиб, илм-фан ниҳоятда тараққий этган бир даврдагина Қуръони Каримдаги илмий ҳикматларга изоҳ топи­ла бошлади.
«Анбиё» сурасида шундай дейилади: «Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми?» (30-оят).
Бу оятда айтилишича, осмонлару ер аслида бир нарса бўлиб, кейин бир-биридан ажралган. Қуръони Каримдаги мўъжизалардан бири бўлмиш бу ҳақийқатни ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади. Олимларнинг айтишича, бутун борлиқ бир газдан иборат, кейин бўлакларга бўлинган. Қуёш галактикасига кирувчи олам ҳам шу бўлинишдан келиб чиққан. Бунинг далили сифатида уламолар айтишадики, ерда 92 хил модда бўлиб, шундан 67 таси қуёшда ҳам бор. Демак, ердаги моддаларнинг ҳаммаси ҳам қуёшда борлиги эҳтимолдан холий эмас. Қуёшдаги кўплаб моддалар ерда ҳам учрар экан. Масалан, кислород, азот, фосфор, темир, карбон ва ҳоказо…
Ойда ҳам ердаги моддалар мавжудлиги аниқланди. Бундан чиқдики, оламдаги барча нарсаларнинг асли, Қуръони Каримда айтилганидек, бир экан.
Энди оятнинг «ва барча жонзотларни сувдан яратдик» деган қисмига келсак, бу хабар уламолар сирини очган илмий ҳақийқатдан энг каттаси, десак, муболаға бўлмайди.
Ҳаёт ва ўсиш учун зарур ҳисобланган барча кимёвий ўзгаришлар, шубҳасиз, сувсиз бўлмайди. Сув ҳаётнинг давом этиши, барча жонзот ва набототларнинг яшаши учун асосий моддадир. Ер юзининг тўртдан уч қисми сувдан иборат. Сувнинг хусусиятларидан бири шуки, у ер юзидаги ҳароратнинг доимо бир хил, мўътадил сақланиб туришини таъминлайди. Ахир, бу ҳолат ер юзида ҳаёт бўлишининг бош омилидир.
Сувнинг хусусиятлари жуда кўп ва уларнинг ҳар бири Аллоҳ таоло сувни ўзининг махлуқларига за­рур нарса қилиб яратганлигига далилдир.
Сув музлаганда зичлиги камайиб, ҳажми катталашадиган ягона модда. Шу хусусият сабабли, совуқ қаттиқ бўлганида муз сувнинг юзасига кўтарилиб, бошқа қаттиқ модда сув тубига чўкиши муқаррардир. Муз эса, сувнинг устида қолиб унинг ҳароратини сақлаб туради. Бу эса, сув ҳайвонлари учун ниҳоятда зарурдир.
Паст даражали ҳароратда сув ўзига кўп миқдорда кислород тортади. Музлаган сувдан эса, ҳарорат кўтарилиб, дарё ва денгизларда яшовчи сув ҳайвонларининг ҳаёти сақланади.
Қуръони Каримнинг хикматини қарангки, озгина унда сўзлар билан ер юзидаги ҳаётнинг чексиз сирлари баён этилади. Фақат мана шу оятнинг ўзи ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақийқий Набий, Қуръони Каримнинг ҳақийқий илоҳий китоб эканлигига катта далилдир.
Қуръони Каримнинг «Анъом» сурасидаги ояти карима баёни Яна бир улкан мўъжиза экани бугун энди ҳеч кимга сир эмас: «Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмоқчи бўлса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир» (125-оят).
Одамлар фазога тайёра, ҳаво шари ва бошқа воситалар ёрдамида кўтарила бошлагандан сўнггина, ҳавонинг юқори табақаларида кислороднинг камайишини билиб олдилар. Юқорига кўтарилган сари нафас олиш қийинлашиб, кишининг юраги сиқила бошлаши ҳодисасини эндиликда ёш бола ҳам билади. Лекин бу ҳақийқат на катталар ва на алломалар англаб етмаган бир замонларда Қуръони Каримда айтилган экан-ку!
Ояти каримада, ким осмонга кўтарилса, юраги сиқилишини сезади, дейилган. Қолаверса, бу ҳам пасттекисликлардан иборат, тоғлари унча баланд бўлмаган бир диёрда яшовчи саводсиз одамнинг илмий ҳақийқатими?
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «На ер юзида ва на осмонларда зарра миқдоридаги, ундан кичикроқ ёки каттароқ нарса Роббингдан махфий бўла олмас»(«Юнус» сураси, 61-оят).
Киши билган нарсаларнинг энг кичиги зарра (атом) ҳисобланади. XIX асргача олимлар ўртасида, атом бўлинмайди, деган фикр бор эди. Бир неча ўн йиллар давомида кўпгина олимлар «Атом ҳам бўлинармикан» деган фикрда тажрибалар олиб бордилар ва натижада атомни парчалашга муваффақ бўлдилар.
Атом электрон, протон ва нейтронга бўлинар экан.
Қуръони Каримдаги «заррадан, яъни атомдан кичикроқ нарса ҳам Аллоҳдан махфий қолмайди» дегани, атом ҳам бўлакларга бўлинади, деганидир. Яна Қуръони Каримда «осмонда ҳам» деган ибора бор. Бундан келиб чиқадики, ердаги атомлар билан осмондаги атомларнинг хусусиятлари бир хил экан.
Инсоф билан айтинг-чи, бундан 15 аср муқаддам Муҳаммад исмли ўқиш ва ёзишни ўрганмаган бир киши атомнинг хусусиятларини қаердан ўрганган? Атомнинг бўлиниши ва унинг осмонда ҳам, ерда ҳам бир хил хусусиятга эга бўлишини қандай қилиб билган? Мана шунинг ўзи ҳам Қуръони Каримнинг илоҳий китоб эканлигига ёрқин далил эмасми?!
Аллоҳ таоло «Шуаpo» сурасида ердаги ўсимликларни жуфти Билан яратганини таъкидлайди: «Улар ерга қарамайдиларми?! Биз унда гўзал навлардан қанча жуфтларни ундириб қўйибмиз» (7-оят).
Худди ўша суранинг ўзида инсон ва ҳайвонлар ҳақида шундай дейилади: «У осмонлару ерни йўқдан бор қилгувчи Зотдир. У сизларга ўз жинсингиздан жуфтлар яратди. Чорва ҳайвонларини ҳам жуфт қилиб яратди» (11-оят).
Қуръони Каримда шу билан кифояланиб қолинмайди, балки «Заарийаат» сурасида дунёдаги барча нарсаларда жуфтлик борлиги таъкидланади: «Ва Биз ҳар бир нарсани жуфт яратдик» (49-оят).
Маълумки, электр токи Қуръони Каримдан бир неча асрлар кейин кашф этилди. Унда манфий ва мусбат зарядлар бўлиб, ана шу зарядларнинг бирлашувидан электр токи ҳосил бўлади. Энди буни қўйиб туриб, энг кичкина нарса – атом ҳақида гап юритайлик. Олимларнинг аниқлашича, атомнинг маркази бўлиб, унинг атрофида электронлар бор экан. Электронларда эса манфий заряд, марказда мусбат зарядлар мавжудлиги аниқланди. Тажрибалар давом эттирилди, ниҳоят атом марказининг ўзи ҳам протон ва нейтронга бўлинишини 1932 йили инглиз олими Жеймс Чадвик кашф этди.
Қуръони каримнинг «Ҳижр» сурасида шундай марҳамат қилинади: «Ҳеч бир нарса йўқки, унинг хазийналари Бизнинг ҳузуримизда бўлмаса. Биз уни фақат маълум миқдорла нозил қилурмиз» (21-оят).
«Раъд» сурасида эса: «Ҳар бир нарса Унинг ҳузурида ўлчовлидир», дейилган (8-оят).
Ҳақийқатан ҳам, бу дунёдаги барча нарса ўз ўлчови билан яратилган. Ҳавода кислород 21 фоизни ташкил этади. Агар кислород 50 фоизни ташкил этиб қолса, нима бўлишини тасаввур қилиб кўрайлик: дунёдаги ёниши мумкин бўлган барча нарсаларни ўт олади. Барча жонзотлар кислород билан нафас олади ва ўзидан карбонад ангидрид чиқаради. Ўсимликлар эса, аксинча карбонад ангидрид олиб, кислород чиқаради. Агар шу алмашув бузилса, барча жонзот ва ўсимликларнинг ҳаёти бузилган бўлар эди.
Демак, агар кислород бўлмаса, жонзот бўлмайди, агар карбонад ангидрид бўлмаса ўсимликлар қолмайди.
Қуёшнинг иссиқлиги ерга маълум миқдорда тушиб туради. Агар унинг иссиқлиги ҳозиргисининг ярмига камайса, бутун ер юзи музлаб қолади. Аксинча, янада исиб кетса, бутун дунё куйиб кул бўлади. Шу боис, қуёшнинг зиёси ҳам маълум ўлчовда тушиб туради. Илмий тажрибалардан шу нарса маълум бўлдики, ўсимликларнинг ўсиши, гуллаши учун ҳам маълум бир миқдорда ёруғлик зарур экан. Мана шундай аниқ ўлчовлар асосида яратилган табиат ҳодисалари «ўз-ўзича бўлиб қолган» дейишлик илмсиз одамларга хосдир. Балки бун­дай ҳисоб-китобларнинг бари «Аллоҳнинг иродаси би­лан бўлган» дейиш тўғридир.
Аллоҳ таоло ҳаттоки ўсимликларни ҳам маълум бир ўлчов билан яратгани ҳақида хабар бериб бундай дейди: «Биз ерни ёйиб, устига баланд тоғларни ташлаб қўйдик ва унда ўлчанган турли нарсаларни ўстириб қўйдик» («Ҳижр» сураси, 19-оят).
Кимё ва биология соҳасидаги олимларнинг аниқлашича, ҳар бир ўсимлик маълум бир миқдордаги моддалардан ташкил топган, бунинг ўлчовини фақат энг нозик ўлчов асбоблари билан ўлчаш мумкин. Шундай моддалар турли ўсимликда турли миқдорда бўлар экан.
Аллоҳ таоло одазотни қандай яратиши ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик» («Муъминун» сураси, 12 – 14-оятлар).
Мана шу оятларни чуқурроқ ўргансак, биламизки, унда айтилганлар илмий гаплар бўлиб, инсоннинг асли тупроқдан яратилганлигига ишора қилади.
Ҳам эркак, ҳам аёлдаги уруғликлардан бола пайдо бўлади. Табиийки, уруғлик ейилган овқатлардан вужудга келади. Егулик озуқалар эса, тупроқдан чиққан.
Уруғлик эркак кишидан чиқиб, аёл кишига ўтадиган тирик ҳужайралардир. Бу ҳужайралар урғочи ҳужайралар билан қўшилиш учун ҳаракатга тушади, ва ниҳоят улардан бири урғочи ҳужайранинг тухумини ёриб кириб, унга аралашиб кетади. Натижада онанинг қорнида бола пайдо бўлади. Кейин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уруғликни алақага (қонга) айлантириши ҳақида хабар берди. Бу эса урчишдан кейин пайдо бўладиган бир ҳолат бўлиб, маълум муддатдан кейин алақа ­музғага айланади. Шу вақтдан бошлаб эмбрион шакллана бошлайди. Унда суяк пайдо бўлиб, суяк атрофида гўшт пайдо бўлади.
Оятдаги «ундан сўнг бошқача қилиб яратганмиз» жумласи ҳам Қуръони Каримнинг ажойиб мўъжизаларидан биридир.
Олимларнинг кашф қилишларича, эмбрион иккинчи ойнинг аввалида инсонга эмас, балки янги пайдо бўлаётган бақага кўпроқ ўхшар экан. Иккинчи ой давомида эса унда бутунлай бошқача ўзгаришлар содир бўлиб, сув ҳайвони даражасидан инсон шаклига ўтар экан. «Бошқача қилиб яратиш» дегани шудир.
Қуръони Каримда зикр қилинган бу илмий ҳақийқат – эмбрионнинг ривожланиш жараёни ҳозирги замон илмий кашфиётларидан сўнггина тасдиқланди.
Қуръони каримнинг «Зумар» сурасида шундай деб марҳамат қилинган: «У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида, бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратадир» (6-оят).
Мана шу оят ҳам Қуръони Каримдаги кўплаб илмий мўъжизалардан биридир. Ҳозир кашф қилинишича, она қорнидаги болани уч қават юмшоқ парда ўраб турар экан.
Шуниси қизиқки, унинг уч қават эканлигини оддий кўз билан кўриб бўлмас, балки махсус асбоблар билан қаралсагина аниқ билинар экан.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Яратган Роббинг номи билан ўқи. Ул инсонни алақдан яратди» («Алақ» сураси, 1-, 2-оятлар).
Эрнинг манийи аёлнинг тухумчаларидан бирига етиб бориб урчигандан сўнг икковлари бирлашиб, аралашади ва бачадонга ёпишиб ҳомила бўлади. У эса, зулукка ўхшаш бўлади. Оятдаги «алақ»дан мурод шу.
«Алақ» сўзини бизнинг тилимизга таржима қиладиган бўлсак, «зулук» маъносини англатади. Ҳа, ҳаммамизга маълум «зулук» номли, чувалчангга ўхшаш, қон сўрдириш учун тиббий мақсадларда ҳам ишлатиладиган ҳайвонни араблар «алақ» дейдилар. Араб тилида «алақ» ўзаги «ёпишиб, осилиб олиш» маъносини англатади. Зулук ҳам теккан жойига ёпишиб-осилиб олгани учун «Алақ» номини олган. Аммо, барча қадимги тафсирчиларимиз оятдаги «алақ» сўзига «қотиб қолган қон» маъносини берганлар. Чунки, онанинг бачадонида зулук бўлиши мумкин эмас. Балки, эркакнинг манийи аёлнинг тухумчалари ила урчиши оқибатида лахта қон пайдо бўлади, ана ўша лахта қон ҳомиланинг биринчи босқичи бўлади. Худди мана шу тушунча юзасидан ҳамма уламолар «алақ»ни қотган қон, лахта қон, деб тафсир қилганлар.
Лекин Қуръони Карим олдида барча инсоният ўзининг чегараланган илми ила ожиздир. Илм-фан ривожланиши ила Қуръон маънолари ҳам янгидан-янги маълумотлар билан намоён бўлиб бораверади. Жумладан, ҳомила тўғрисидаги илм ҳам ривожланди. Ўта мураккаб асбоблар ила текширишлар ўтказила бошлади. Ҳомила илми бўйича энг олий халқаро мукофотларни олган ғарблик олимлар манийдаги ҳайвончалар зулукка ўхшашлигини кашф этдилар. Энг ажабланарлиси, эркакнинг уруғини аёлнинг тухумчаларига урчиши орқали пайдо бўлган ҳомила ўзининг маълум босқичида худди зулук каби бўлар экан. Бунинг суратлари ҳам нашр этилди. Ўша алақ(зулук) аёлнинг бачадонига ёпишиб олиб, ўзига озуқани сўриб, ривожланиб борар экан. Қуръони Каримнинг ушбу илмий мўъжизасига барча ғарблик олимлар ҳам тан бердилар.
Илмий анжуманларда, ўз китоб ва мақолаларида буни қайта-қайта таъкидладилар. Бу ҳақийқат Қуръони Каримнинг ҳақийқий илоҳий китоб эканлигига далил эмасми?! Қуръоннинг илк нозил бўлган лафзлариёқ шунчалик мўъжизаларни ичига олганлиги ҳаммани иймонга, Исломга, тоат-ибодатга чорлаши керак эмасми?!

3. Ғойиб ишларнинг хабари берилиши. 
Қуръони Карим келажакда воқеъ бўладиган нарсаларнинг хабарини ҳам берган. Ваҳоланки, бу нарсаларни ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Қуръони Каримнинг бу турдаги мўъжизасига ҳам мисол келтирайлик.
Аллоҳ таоло «Рум» сурасида келажакдаги бўладиган баъзи улкан ишларни баён қилади. Бу ҳам Қуръони Каримнинг мўъжизаларидан ҳисобланади. Бу ҳақийқатни тўлиқ ва аниқ англаб етиш учун дастлаб «Рум» сурасининг аввалги оятларининг тушиш сабаби ҳақидаги маълумотларни билиб олайлик, кейин уларнинг тафсирини ўрганамиз.
Мусулмонлар билан мушриклар орасидаги зиддият ҳаётнинг турли жабҳасида кенг тарқалган эди. Душманликка одатланиб қолган мушриклар мусулмонларга озор бериш учун ҳар бир фурсатдан фойдаланардилар. Ўша вақтнинг икки етакчи давлати бўлмиш Рум ва Форс императорликлари орасида ўзаро тортишув, уруш-жанжал тинмай давом этарди. Уларнинг бу тортишувларини араблар ҳам кузатиб турар ва ўзларича тарафдорлик ҳам қилар эдилар. Румликлар аҳли китоб бўлганлиги туфайли, мусулмонлар уларга тараф бўлишди. Мажусий форсликларга эса, дийнлари ўхшаш бўлган мушриклар тарафдорлик қилишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Набийликларининг бешинчи йили (613 милодий) Рум ва Форс императорликлари орасида жуда катта ва қонли уруш рўй берди. Ўша пайтда Форсга Хусрав II, Румга Ҳеракл подшоҳлик қиларди. Бу икки давлатнинг ўзига яраша ерлари, аскарий куч-қувватлари бор эди. Ўша даврда Фаластин, Сурия, Миср, Ироқнинг бир қисми ва Кичик Осиё Румга тобеъ эди. Мазкур урушда форсликлар Румга икки томондан ҳужум қилдилар. Дажла ва Фурот дарёлари бўйлаб Сурия ерларига, Озарбойжон ва Арманистон тарафдан Кичик Осиёга бостириб кирдилар. Форс лашкарлари Рум кучларини икки жабҳада ҳам енгиб, денгизгача таъқиб этиб бордилар. Улар Суриядаги насороларнинг барча муқаддас шаҳарларини эгалладилар. 614 милодий йилида бутун Фаластинни, жумладан, Қуддусни ҳам қўлга олдилар. Уруш давомида барча канисалар йиқитилди, дийний бинолар хароб этилди. Форсликлар йигирма олти минг яҳудийни ва олтмиш мингдан зиёд христианни қиличдан ўтказдилар. Форс подшоҳи саройига ўлдирилган одамлардан ўттиз мингининг калласи келтирилди.
Уруш ҳаракатлари Мисрга ҳам етиб борди. 616 милодий йилида форсликлар Нил водийсини ишғол қилдилар. Сўнгра Искандарияга юриш этдилар. Бошқа томондан эса, бутун Кичик Осиёни қўлга киритиб, ўша пайтдаги Рум пойтахти Кустантанияга (Константинополга) унинг олдидаги бўғозга етиб келдилар. Форсликлар қаерни босиб олсалар, у ерда оташпарастлик ибодатхонаси қурар ва шу йўл билан христианлик ўрнига оташпарастликни жорий қилар эдилар. Бу катта мағлубиятдан сўнг Рум императорлигига қарашли бир қанча вилоят ва ўлкаларда марказий давлатга қарши исён кўтарилди. Африқо ва Оврупадаги бир қанча ўлкалар, ҳатто пойтахтга қўшни баъзи ўлкалар ҳам империя қарамоғидан чиққанларини эълон қилди. Қисқаси, шарқий Рум императорлиги парчаланди. Лашкар тарқалиб кетди. Хазийна бўшаб қолди. Император Ҳеракл пойтахтни тарк этиб, Қартажага қочди. Ғалабадан сарҳуш бўлган форсликлар бирқанча шартларни қўйдилар. Император форсликларга, жумладан, минг юк тилло, минг юк кумуш, минг юк ипак, минг от, мингта аёл бериши шарт эди. Рум императорлиги бу талабларнинг ҳаммасини сўзсиз қабул қилди. Ўзаро шартнома имзоланди.
Румликларнинг вакиллари тўловларни тўлашга розиликларини билдириш учун Хусравнинг олдига кирганларида, у: «Бу етарли эмас, император Ҳеракл ўзи занжирбанд ҳолда келиб, хочга осилган худосини қўйиб, оташга ва қуёшга топинишини истайман», деди.
Мана шунақа ишлар бўлиб ўтди.
Хуллас, румликларнинг мағлубиятини эшитган Макка мушриклари чексиз қувондилар ва мусулмонларга: «Сиз ва румликлар аҳли китобсизлар, биз ва форсликлар аҳли китоб эмасмиз, бизнинг шерикларимиз сизнинг шерикларингизни енгди, энди биз ҳам сизларни енгамиз», дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло «Рум» сурасининг аввалги оятларини индириб, румликлар саноқли йиллар ичида ғалабага эришажаклари ва бундан мўминлар хурсанд бўлишлари ҳақида башорат берди.
Бу башорат Қуръони Каримнинг мўъжизаларидан эди.
«Алиф. Лаам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар. Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдир» (1 – 5-оятлар).
Яъни, Рум Форсдан енгилди. Бу ҳодиса арабларга яқин ерда бўлди. Рум ва Форс ерлари Арабистон ярим оролига бевосита чегарадошдир. Румликлар бу мағлубиятларидан кейин тезда, саноқли йиллар ичида қайтадан ғолиб бўлажаклар. Румликлар ғолиб бўладиган кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланадилар. Аллоҳ хоҳлаганига нусрат беради. Ва У зот азиз (барчадан ғолиб) ва раҳим-шафқатлидир.
Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамга, шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади, деган фикр келиши турган гап эди. Шундай бўлди ҳам. Мушриклар Қуръоний хабарни масхара қилиб кула бошлашди. Улар манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, аммо Аллоҳ таолонинг ўлчови бошқа экани хаёлларига келмасди.
Ушбу ҳодиса ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Шулардан бири улуғ муфассир ва тарихчи имом ибн Жарир Тобарийнинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир:
«Мушриклар форсликларнинг румликлардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Мусулмонлар эса, румликларнинг форслардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Чунки, улар аҳли китоб эдилар. Уларнинг дийнлари ўзаро яқин эди.
«Алиф. Лаам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда» оятлари нозил бўлганида, мушриклар:
«Эй Абу Бакр! Сенинг оғайнинг, Рум саноқли йилларда Форсдан устун бўлади, демоқда-я?!» – дейишди. Абу Бакр:
«Тўғри айтади», – дедилар. Улар:
«Биз билан гаров ўйнайсанми?» – дейишди. Етти йил муддатга тўрттадан туяга гаров ўйнадилар. Етти йил ўтди. Ҳеч нарса бўлмади. Бундан мушриклар шодланишди. Мусулмонлар маҳзун бўлишди. Абу Бакр бўлиб ўтган гапни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизнингча, «бизъу» (саноқли йиллар) қанча?» – деб сўрадилар. Абу Бакр:
«Ўндан оз», – деб жавоб қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бор, гаровнинг устига яна зиёда қил ва муддатни икки йилга ошир», дедилар. Икки йил ўтмай туриб отлиқлар келиб, Рум Форс устидан ғолиб келганининг хабарини бердилар. Мўминлар бундан шодланишди!»
(Илова: У вақтларда гаров ҳаром бўлмаган эди. Ояти каримада Рум «бизъа» – саноқли йилларда ғолиб келиши айтилган эди. Демак, ўн йилдан оз муддатда, деганидир. Шунинг учун, мушриклар етти йил ўтса ҳам бир гап бўлмаганидан хурсанд бўлдилар. Аммо Набий алайҳиссалом ояти каримада айтилган нарса бўлишига тўла ишончда эдилар. Шунинг учун ҳам, у зот ҳазрати Абу Бакрга гаров қийматини оширишни иршод қилдилар. Аллоҳнинг айтгани содир бўлди.)
Ҳа, мазкур оятларда айтилганидек,
«Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир».
Яъни, румликларнинг мағлубиятга учрашларидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам дунёдаги барча ишлар Аллоҳнинг иродасига боғлиқ эди ва шундай бўлиб қолади. Фақат У зотнинг хоҳлагани бўлади. Аллоҳ таоло румликларнинг саноқли йилларда ғалаба қозонишини айтган эди. У кун келади. Ва:
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланурлар».
Шундай бўлди ҳам. Аллоҳ румликларга ғалаба берди. Мўминлар бундан шодландилар.
«У хоҳлаганига нусрат берур.»
Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, шунга нусрат беради. Унинг хоҳишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди.
«Ва У азийзу роҳиймдир.»
Аллоҳ азиз, ҳамманинг устидан ғолиб ва барчага меҳрибондир. Маълумки, Аллоҳ таоло вақти-соати келиб румликларни форсдан, мусулмонларни мушриклардан устин қилди. Бу оятлар тушган пайтда ҳеч бир одам боласи румликлар форсдан, мусулмонлар мушриклардан ғолиб келишини тасаввурига сиғдира олган эмас. Лекин орадан оятда айтилган саноқли йиллар–тўққиз йил ўтиб, румликлар форсликлар устидан ғолиб келдилар. Айни вақтда, мусулмонлар Бадр урушида ўзларига нисбатан сон ва қурол жиҳатидан бир неча марта устун бўлган мушриклар устидан инсоният тарихини ўзгартирган ғалабага эришдилар. Ҳамда Аллоҳ ваъда қилган нусратга етишиб, шод бўлдилар.
Аллоҳ таоло «Фатҳ» сурасида қуйидагиларни айтади: «Батаҳқиқ, Аллоҳ Расулининг тушини ҳаққ ила тасдиқлади, албатта, Масжидул Ҳаромга, иншоаллоҳ, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда қўрқмасдан кирасизлар. Бас, У сиз билмаган нарсани билади ва сизларга бундан бошқа яқин фатҳни қилди» (27-оят).
Бу сураи карима ҳижратнинг олтинчи йили Набий алайҳиссалом Ҳудайбия сулҳидан қайтиб келаётган пайтлари Маккаи Мукаррама билан Мадийнаи Мунаввара орасидаги йўлда, кечаси нозил бўлган.
Бир куни саҳобаи киромлар тўпланишиб ўтирган эдилар, ҳузурларига Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом келдилар ва уларга тушларида ҳаммалари сочларини олдирган ҳолда, аминликда, қўрқинчсиз Масжидул Ҳаромга кириб бораётганларини кўрганларини айтдилар. Ҳамма бу башоратдан хурсанд бўлди.
Ҳижратнинг олтинчи йили Зулқаъда ойининг бошида умрани ният қилиб сафарга чиқдилар. Юриб бориб Ҳудайбиянинг четига тушдилар.
Расулуллоҳ алайҳиссалом жойлашиб-ўрнашиб бўлганларидан сўнг Бадийъ ибн Варқо ал-Хузоъий ўзининг бир неча қабиладошлари хамроҳлигида келди. Кейин Мақриз ибн Ҳафсни юборишди. Сўнгра ал-Ҳулайс ибн Алқамани юборишди. Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг ҳузурларига Урва ибн Маъсуд Сақафийни юборишди.
Охири Қурайш Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига Суҳайл ибн Амрни юборди. Сулҳ тузилди.
Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом ортларига қайтиб юра бошладилар, ҳамма ҳам қайтди. Куроъул Ғамим номли жойга етганларида бир оз тўхтадилар, одамлар у зотнинг атрофларига шошиб кела бошладилар, кўпчилик тўпланиб бўлганидан сўнг уловлари устида ўтирган ҳолларида «Инна фатаҳна лака фатҳан мубийнан...» деб Фатҳ сурасининг аввалини ўқидилар. Шунда саҳобалардан бири:
«Ё Расулуллоҳ, бу фатҳми?» – деб сўради. Набий Муҳаммад алайҳиссалом:
«Ҳа, менинг нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, бу фатҳдир», – дедилар.
Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз ривоят қилган ҳадислардан бирида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтдилар:
«Сафарлардан бирида Набий алайҳиссаломдан бир нарсани уч марта сўрадим, у киши жавоб бермадилар, шунда мен ўзимча, онанг ўлсин Умар, сурбетлик қилдинг, бир нарсани Расулуллоҳдан уч марта сўрадинг, сенга жавоб бермадилар, дедим-да, уловимни миниб ниқтаб илгари юриб кетдим. Менинг ҳақимда оят тушиб қолмасайди, деб қўрқиб борар эдим. Бирдан бир киши:
«Эй Умар» деб чақириб қолди. Худди мен ҳақимда бирор оят нозил бўлганга ўхшайди, деб орқамга қайтдим. Борсам, Расули Акрам саллалоҳу алайҳи васаллам:
«Бугун менга бир сура тушдики, у мен учун дунё ва ундаги барча нарсалардан кўра суюклироқдир», деб «Инна фатаҳна лака фатҳан мубийнан» ни ўқиб бердилар.
Бу оятда Аллоҳ таоло мўминларга бир неча хушхабар етказмоқда.
Аввало, Набий алайҳиссаломнинг тушларини тасдиқламоқда.
Қолаверса, Масжидул Ҳаромга кириш албатта насийб этишининг хабарини бермоқда. Ушбу хабарни Аллоҳ таолонинг Ўзи таъкидлаб бераётганига қарамай, яна Ўзи «иншоаллоҳ» – «Аллоҳ хоҳласа» деган иборани ишлатмоқда. Бундай дейиш иймон одобларидан бўлиб, дунёдаги ҳар бир ишни ва воқеани Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлашдан иборатдир. Бу ваъда Ҳудайбия сулҳидан кўп ўтмай амалга ошди.
Набий алайҳиссалом Ҳудайбиядан Мадийнаи Мунавварага ҳижрий олтинчи йилнинг Зулқаъда ойида қайтиб келдилар. Зулҳижжа ва Муҳаррам ойлари ўтиб, сафар ойида Хайбарни фатҳ қилдилар. Ҳижрий еттинчи йилнинг Зулқаъда ойида, яъни, роса бир йилдан сўнг Ҳудайбияда иштирок этган саҳобалар билан умрага отландилар. Зул Ҳулайфа деган жойдан иҳром боғлаб, қурбонликларини ҳам ҳайдаб олдилар. Ривоятларда келишича, ўшанда Расулуллоҳнинг ўзлари олтмишта туя олган эканлар. Ҳаммалари бир бўлиб, «лаббайка»ни айтиб, йўлга тушдилар. Марриз-Заҳрон деган жойга яқинлашганларида Муҳаммад ибн Саламани от ва қуроллар билан олдинга жўнатдилар. Буни кўрган мушриклар, Расулуллоҳ орадаги ўн йилгача уруш қилмаслик аҳдини бузиб, бизга ғазот қилиб келаяпти, деб ўйлаб қўрқувга тушишди ва Макка аҳлига бу хабарни етказишди. Набий алайҳиссолату вассаллом Марриз-Заҳронга келиб, ҳарамнинг белгилари кўринадиган жойга тушдилар ва қурол-аслаҳаларини Ботни Яъжиж деган жойга юбориб, ўзлари аҳдномада шартлашилганидек, қиличларини қинида сақлаган ҳолда Маккага қараб юрдилар.
Набий бошлиқ саҳобалар Маккаи Мукаррамага кириб борганларида мушрикларнинг раҳбарлари уларни кўришга тоқат қила олмай, шаҳардан ташқарига чиқиб кетдилар. Қолганлар эса – эркак-аёл, ёш-яланг, қариялар ва болалар йўл четига, томларнинг устига чиқиб томоша қилиб ўтирдилар.
Саҳобалар Набий алайҳиссаломнинг атрофларида «лаббайка»ни баралла айтиб, кириб келишди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, Ҳудайбия куни минган туялари Қасвони минган ҳолларида она шаҳарлари Маккага кириб келдилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа ал-Ансорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг туяларини юганидан тутиб:
«Муҳаммад Расули бўлган Зот исми билан,
Дийнидан ўзга дийн йўқ бўлган Зот исми билан!»
деб бошланувчи қасидани ўқиган ҳолда келар эди.
Шундай қилиб, Қуръоннинг ғайбдан берган хабари рост чиқди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тушлари тасдиқланиб, Маккаи Мукаррама фатҳи бўлди. У ердаги барча аҳоли Исломга кирди. Ислом Арабистон ярим оролининг бошқа тарафларига ҳам тарқалди. Кейинчалик эса, навбатдаги оятда баён қилинганидек, Аллоҳнинг ваъдаси юзага чиқиб, Ислом барча дийнлардан устун бўлди.
Қуръони Каримда Од, Самуд, Туббаъ, Лут қавмлари каби асари қолмаган жамоатлар ҳақида хабар берилган. Булар Қуръондан бошқа жойда келмаган хабарлардир. Бу ҳам Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканлигига далолатдир.
Аллоҳ таоло ўз набийига Тури Сийнода Мусонинг Роббисига қилган муножотини баён қилиб, бундай деб марҳамат қилади: «Биз нидо қилган чоғимизда Турнинг ёнида йўқ эдинг. Лекин Роббингдан раҳмат сифатида сендан олдин огоҳлантиргувчи келмаган қавмни огоҳлантириш учун (қиссаларни сенга билдирдик). Шоядки эсласалар» («Қосос» сураси, 46-оят).
Яъни, Биз Мусога Тур тоғининг ёнида нидо қилганимизда сен у ерда йўқ эдинг. Аммо Биз у ерда бўлиб ўтган қиссани сенга билдирдик. Бу иш сендан олдин огоҳлантиргувчи – Набий келмаган қавмни огоҳлантиришинг учун Роббингнинг сенга берган раҳматидир.
Аллоҳ таолонинг ўзи бу каби мўъжизаларга ишора қилиб шундай дейди: «Ана шу ғайб хабарларини сенга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам. Бас, сабр қил, албатта, оқибат тақводорларникидир» («Ҳуд» сураси, 49-оят).
Нуҳ алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари аллақачон ўтиб кетган. Уларнинг хабарини Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, у кишининг қавмлари, Арабистон аҳолиси ҳам билмас эдилар.
«Ана шу ғайб хабарларини сенга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам.»
Мана энди, ана шу одамларга ваҳий йўли билан номаълум нарсаларнинг хабари – Нуҳ алайҳиссалом ва у зотнинг қавмлари хабари келди.

4. Юқори савиядаги балоғат.
Қуръоннинг барча лафзлари ва жумлалари балоғатнинг юқори чўққисидадир. Калом фасоҳатини, таъбир балоғатини ва таъсир қувватини жамловчидир. Калималари бир-бирига мутаносиб ва жипсдир. Калом ва маъноларда тарқоқлик, заифлик, қоқилиш ва пастлашиш йўқдир. Башар каломида топилмайдиган даражадаги юқори, мутаносиб ва олий даражададир. Бундай интизом фақатгина Қуръонда бордир. Чунки, Қуръон мутлақ қудрат соҳиби бўлган Аллоҳ таолонинг каломидир. Инсонлар эса, доимий равишда бир хил савияда гапириш қобилияти бўлмаган ожиз бандалардир. Баъзи вақтларда бировни васф қилаётганида, мақтаётганида ёки ҳажв қилаётганида уларнинг ожиз балоғати вақтинчалик юзага келиши мумкин, холос.
Юқоридаги гапларимизга Қуръон нозил бўлаётганида унинг Қурайш катталаридан иборат душманларининг гаплари далил бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон тиловат қилишларининг ўзи кучли даъват эди. Чунки, тиловатни эшитган одам ўзи билмаган ҳолда мафтун бўлиб қолар эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни тиловат қилганларида, Қурайшнинг бошлиқлари ҳам тинглашарди.
Аммо, ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўриб, сунъий тўсиқлар пайдо қилишга уринишар эди.
Бу ҳақда энг машҳур Ислом тарихчиларидан бири, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақидаги дастлабки китоблардан бирининг соҳиби Ибн Исҳоқ имом Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Иттифоқо, бир кечада Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бани Заҳро қабиласининг шартномадоши ал-Ахнас ибн Шурайқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида намоз ўқиётганларида қулоқ солиш учун чиқибдилар. Улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида ўтириб тинглабди. Бир-биридан хабари йўқ экан.
Кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, тонг отганда тарқалишибди. Йўлда учрашиб қолиб бир-бирини маломат қилишибди. Бир-бирларига, энди қайта келмайлик, эси паст одамларимиз кўриб қолсалар, кўнгилларига баъзи шубҳалар тушишига сабаб бўламиз, дейишибди-да, тарқалиб кетишибди.
Иккинчи кечаси эса, улардан ҳар бири яна ўз жойига келиб, яна кечаси билан (Қуръон) эшитиб чиқибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, йўлда учрашиб қолишибди ва яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди.
Учинчи кечаси ҳам келиб, туни билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, яна аввалги ҳол такрорланибди. Бир-бирларига: «Қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқамаймиз», дейишибди. Сўнгра аҳдлашиб, тарқалиб кетишибди.
Кундузи ал-Ахнас ҳассасини қўлига олиб Абу Суфён ибн Ҳарбнинг уйига борибди ва унга:
«Эй, Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг нима?» – дебди. Абу Суфён:
«Нима эшитдим? Биз Бани Абду Маноф билан шараф талашганмиз. Улар ҳам кишиларга таом берганлар. Биз ҳам берганмиз. Улар улов бердилар. Биз ҳам улов бердик. Улар хайри-эҳсон бердилар. Биз ҳам бердик. Ҳамма тиз тушиб, пойгага қўйилган икки отдай бўлиб қолди. Шунда улар: «Биздан Набий бор, унга осмондан ваҳий келади», – дедилар. Биз буни қачон идрок қиламиз? Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон унга иймон ҳам келтирмаймиз, уни тасдиқ ҳам қилмаймиз», деди. Ал-Ахнас унинг олдидан туриб кетди».
Мутаассиблик ва мансабпарастликкина уларни иймонга келишдан тўсиб турарди.
Валид ибн Муғийра Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойларидан бўлиб, Набий алайҳиссаломга озор беришда, Қуръони Каримга қарши ҳужум уюштиришда етакчилардан бўлган. Набий Муҳаммад алайҳиссалом «Ҳаа мийм танзийлул китаби» оятини масжидда ўқиётганларида Валид ибн Муғийра кўнгли эриб, ўз қавми Бани Маҳзум қабиласи олдига борди ва:
«Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас, у жиннинг каломи ҳам эмас, бу каломнинг ўзгача ҳаловати бор, бу каломнинг ўзгача таъсири бор, албатта, унинг усти самарали, ости баракали, албатта, у устин келади ва ҳеч нарса ундан устин бўла олмайди», деб айтди. Сўнгра уйига қараб кетди. Қурайш қабиласи аъзолари: «Аллоҳга қасамки, Валид дийндан чиқибди, Қурайшнинг барчаси ҳам дийндан чиқади энди», – дедилар.
Қуръони Каримнинг қалбларга таъсири, нафсларга султони борлигини, инсоният диққати ва эҳтимомини ўзига тортишлигини ҳеч бир кимса инкор этолмайди. Чунки, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг қадимий каломидир.

Қуръон аҳкомлари:
Қуръон аҳкомлари Ислом таълимотнинг асосидир. Зеро, унда инсон ҳаётининг барча соҳалари тўлиқ қамраб олинган. Бирини олиб иккинчисини ташлаб қўйилмаган. Мазкур аҳкомлар уч навдан иборатдир:
1. Ақийда оид аҳкомлар. 
Булар ҳар бир мукаллаф – балоғатга етган, оқил инсон эътиқод қилиши вожиб бўлган нарсалар, яъни Аллоҳнинг борлиги ва бирлиги, фаришталар, самовий китоблар, Расуллар ҳамда охират кунига алоқадор бўлган ва мусулмон банда эътиқод қилиши вожиб бошқа нарсалардан иборатдир. Буларни «ақоид ҳукмлари» ҳам дейилади.
2. Ахлоққа оид аҳкомлар. 
Булар ҳар бир мукаллаф – балоғатга етган, оқил мўмин-мусулмон ўзини зийнатлаши лозим бўлган фазийлатлар ва ўзини сақлаши лозим бўлган разийл нарсаларнинг баёнидир. Буларни «руҳий тарбия» ёки «тасаввуф» ҳам дейилади.
3. Амалга оид аҳкомлар. 
Булар ҳар бир мукаллаф – балоғатга етган, оқил мўмин-мусулмондан содир бўладиган сўзлар, ишлар, шартномалар ва тасарруфотлардан иборат бўлиб, уларни «Қуръон фиқҳи» ҳам дейилади. Ушбу амалга оид ҳукмлар икки турга тақсимланади:
1. Ибодат аҳкомлари: Булар намоз, рўза, закот, ҳаж, назр, қасам, қурбонлик ваш у каби бошқа нарсалар, яъни инсоннинг ўз Роббига қуллигини, бандалигини тартибга соладиган, қурбат ҳосил қилишига ёрдам берадиган ҳамда ихтиёрий амаллардир.
2. Муомалот аҳкомлари: Булар шартномалар, тасарруфотлар, жиноятлар ва жазолар каби ижтимоий алоқаларни тартибга соладиган нарсалардир.
Муомалот ҳукмлари қуйидагиларни ўз ичига олади.
– Аҳволуш шахсийя, яъни, оила кодекси – турмуш қуриш, ажралиш, мерос ва нафақалар каби масалалар.
– Маданий аҳкомлар – фуқаролик кодекси, яъни молиявий нарсалар, олди-сотди, ижара, гаров ва ширкат каби масалалар.
– Жиноий аҳкомлар – жиноят кодекси, мукаллаф содир этган жиноятларга бериладиган жазолар, суд ва даъволар ҳамда адолатни йўлга қўядиган нарсалар.
– Дастурий аҳкомлар – конститутсион ҳукмлар низоми. Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар билан ҳокимлар орасидаги алоқалар.
– Аҳкамуд давлийя – халқаро алоқалар кодекси. Ислом жамиятининг хорижий давлатлар билан алоқаси, тинчлик ва уруш, исломий жамиятларда мусулмон бўлмаган кимсалар билан бўладиган муомалаларкаби масалалар.
Иқтисодий аҳкомлар – молиявий кодекс. Булар – якка шахсларнинг молиявий аҳволи, давлат олдидаги мажбуриятлари, давлат хазийнасини тўлдириш, ўлжалар, ушр, харож, топилган конлар ёки давлат аралашмайдиган закот, садақа, хайр-эҳсон, қарз, оиладаги нафақалар, мерос ва васиятлар, хуллас кишилар фойдаланадиган молиявий масалалардан иборат.
Қуръонда ибодат, оила ва мерос каби баъзи ҳукмлар батафсил баён қилинган. Буларни «таъаббудий ҳукмлар» дейилади. Яъни, инсоннинг дахли йўқ ҳукмлар. Баъзи масалалар эса, ижмолий – умумий ҳолда келган, уларнинг тафсилоти умматнинг ақлига, уламоларнинг ижтиҳодига ташлаб қўйилган.
Оятларнинг ҳукмларга далолати
Қуръони Карим оятлари собит бўлиши ва нақл қилиниши жиҳатидан, юқорида айтилганидек, саҳиҳ нақл ва қатъийликни ифодалайдиган мутавотир йўл ила келгандир.
Ҳозирги лаҳзагача, Аллоҳ таолонинг инояти ила, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридан қандоқ нозил бўлган бўлса, бирор ҳарфи ҳам ўзгармай, ўшандоқ ҳолида турибди. Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, ҳозирги онларгача Қуръони Карим Аллоҳ таоло нозил қилган ҳолида, заррача ўзгаришсиз ўқилмоқда, ёдланмоқда ва ёзилмоқда. Бу маънода Қуръони Карим ягона китобдир. Қуръони Карим биринчи бор ёзилгандан бошлаб ҳозиргача бирор ҳарфи ҳам ўзгармагани аниқ. Қуръони Карим биринчи бор талаффуз қилинганидан бошлаб, ҳозиргача бирор лафзи бошқача талаффуз қилинмагани ҳам аниқ.
Мазкур эътибордан, Қуръони Каримнинг ҳозирги ҳолида Аллоҳ таоло томонидан нозил этилгани собит ҳақийқат эканига эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам вожибдир. Қайси бир мусулмон унинг бирор сураси, ояти ёки ҳарфидан шубҳа қилса, дийндан чиқиб, кофир бўлади.
Юқорида зикр этилиб, шарҳ қилинган таърифдаги ва шаклдаги Қуръони Карим мусулмонлар ўн беш асрдан буён эътиқод қилиб, эъзозлаб, ёд олиб, авлоддан авлодга нақл қилиб, китоб шаклида ёзиб, ибодатларида тиловат қилиб ва ниҳоят, амал қилиб келаётган илоҳий китобдир.
Дунёдаги яккаю ягона, бирор ҳарфи ҳам ўзгармай, Аллоҳ таолодан қандоқ нозил бўлган бўлса, шундоқ сақланиб келаётган китоб ҳам худди шу Қуръони Каримдир.
Аммо Қуръони Карим оятларининг аҳкомларга далолати гоҳида қатъий, гоҳида зонний(қатъий эмас) бўлади.

1. Далолати қатъий матн Қуръонда келган ва уни ўзи тайин қилинган маънодан бошқа ҳеч бир маънога буриб бўлмайдиган лафздир. Бу турдаги матнга мерос, ҳадд (шаръий жазолар) ва каффоротлар ҳақидаги оятлар мисол бўлади.
Масалан, мерос масаласидаги ҳукмлар «Нисо» сурасида қатъий баён этилган. Аллоҳ таоло бу борада шундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади. Агар улар иккитадан кўп (аёл) бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми. Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг. Оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмассизлар. Бу, Аллоҳ жорий қилган фарздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир» (11-оят).
Ушбу ояти кариманинг далолати қатъийдир. Уни бошқа маънога буришнинг ҳеч қандай эҳтимоли йўқ. Далолати қатъий матн бўлгани учун, уни ўзи тайин қилинган маънодан бошқа ҳеч бир маънога буриб бўлмайди. Ҳар бир меросхўрга меросдан ушбу оятда кўрсатилган ҳисса берилади.
Аллоҳ таоло ўғриларни қандай жазолаш ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу уларнинг қилмишига жазо ва Аллоҳдан иқобдир. Аллоҳ азийз ва ҳакиймдир» («Моида» сураси, 38-оят).
Бу ояти кариманинг далолати ҳам қатъийдир. Уни ҳам бошқа маънога буришнинг ҳеч қандай эҳтимоли йўқ. Эркак бўлсин, аёл бўлсин, ўғрилиги собит бўлган шахснинг қўли кесилишини бошқа маънога буриб бўлмайди.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида дейди: «Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир» («Нур» сураси, 4-оят).
Бу ояти кариманинг далолати ҳам покиза шахсларни зинода айбловчиларнинг жазоси ҳақида қатъийдир. Уни ҳам бошқа маънога буришнинг ҳеч қандай эҳтимоли йўқ. Эркак бўлсин, аёл бўлсин туҳматчилиги собит бўлган шахсга саксон дарра урилади.

2. Далолати зонний(қатъиймас) матн Қуръонда келган битта маънодан бошқа маънога ҳам таъвийл қилса бўладиган лафздир.
Бу маънода қуйидаги ояти карима маълум ва машҳурдир: «Талоқ қилинган аёллар уч қуръу кутарлар» («Бақара» сураси, 228-оят).
Ушбу ояти каримадаги ҳукм эри билан бирга яшаган, ҳайз кўрадиган ва талоқ қилинган аёлларга оиддир. Таржимада «қуръу» сўзини айнан олдик. Чунки, бу сўзни араб тилидан бошқа тилга таржима қилишнинг умуман иложи йўқ. Биргина шу оятнинг ўзида у бир-бирига зид иккита маънони англатади. Қуръу, бир маънога кўра, ҳайзни англатса, иккинчи маънога кўра, унинг тескарисини–ҳайздан покланиш маъносини англатади.
Тафсирчиларимиз ҳам, фиқҳий мазҳаблар бошлиқлари имомларимиз ҳам бу масалада иккига бўлинишган. Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи «қуръу»ни, «ҳайз» деб тушунтирганлар. Шунга биноан, ояти каримадаги: «Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуръу кутарлар» жумласининг маъноси «уч ҳайз кутадилар» бўлади. Демак, эри билан бирга яшаган, ҳайз кўрадиган аёлни эри талоқ қилса, у аёл ўзича идда санаб, уч ҳайз кўргунча ўтиради. Шу муддат ичида иддадаги аёл нима қилиши керак бўлса, шуни қилади.
Имом Шофеъий мазҳабида эса, «қуруъ»ни «поклик» деб таъвийл қилинган ва мазкура аёлнинг ҳукми ҳам шунга қараб бўлади. Бундай лафзларни «муштарак» дейилади. Яъни, бирдан ортиқ маънога шерик, дегани. Албатта, бу каби сўзларнинг далолати бир маънога нисбатан қатъий бўлмайди.
Далолати зонний(қатъиймас) матнлардан яна бири омм(умумийлик)ни ифода қилувчи лафзлардир.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида айтади: «Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди...» (3-оят).
Ушбу ояти каримадаги «ўлимтик» лафзи омм, яъни умумийдир. Унинг далолати қатъий эмас. Чунки, бунда ҳар бир ўлимтикнинг ҳаромлиги эҳтимоли ва денгиз ҳайвонларидан бошқа ўлимтикларнинг ҳаромлиги эҳтимоли ҳам бор. Чунки, лафз омм – умумийдир.
Шунингдек, бу оятдаги «қон» сўзи ҳам омм (умумийлик)ни ифода қилади. Унда сўйганда отилиб чиққан қонми ёки томирларда қотиб қолганими экани аниқ эмас.
Агар лафз муштарак, омм ёки мутлақ бўлса, уларнинг далолати зонний(қатъиймас) бўлади. Чунки, уни бир неча маънода таъвийл қилиш мумкин. Лекин бир мазҳабга эргашганлар учун ўша мазҳаб қабул қилган маъно қатъий ҳукм ҳисобланаверади.

Қуръонда баён услуби:
Қуръони Карим Аллоҳ таоло ҳузурида қиёматгача ҳимояланган абадий дастурдир. Унинг абадийлиги, башариятни қиёматгача тўғри йўлга бошловчи абадий дастур экани, ўз навбатида, жузъий эмас, куллий бўлишни, тафсилий эмас, ижмолий бўлишни, шомиллик ва умумийлик билан сифатланишни, ҳар замон ва макон ҳожатларини ўз ичига оладиган бўлишни, умматнинг тадаббурига, назар солиб фикр қилишига йўл очадиган бўлишни тақозо қилади.
Шунинг учун ҳам, Қуръони Каримни шарҳлашда, тушунтириб беришда, ҳукмларини баён қилишда суннатга эҳтиёж тушади. Масалан, намоз ракъатлари, закот миқдорлари, ҳаж рукнлари, аҳд ва никоҳ шартлари Қуръони Каримда баён қилинмаган. Уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан билинади. Яъни, баъзи умумий ҳукмларни Қуръони Каримдан олган ҳолда, уларнинг хусусий-амалий тайбиғини суннатдан ўрганамиз.
Аҳкомларни баён қилишда Қуръони Каримнинг услублари турличадир. Агар бирор ишни қилиш ёки қилмаслик талаб қилинадиган бўлса, ўзига яраша балоғат ишга солинади. Шу йўл билан, мазкур ишга шавқни оширилади, уни бемалол қабул қилишга чақирилади.

1. Бирор ишни амалга ошириш ҳақидаги талаб гоҳо амр билан бўлади.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни хайр-эҳсон қилишга буюриб шундай дейди: «Эй, иймон келтирганлар! Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан, на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчилик йўқ кун келмасдан олдин нафақа қилинг» («Бақара» сураси, 254-оят).
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни намозга буюриб, шундай марҳамат қилади: «Қуёш оғишидан то кун қоронғусигача намозни тўкис адо қил» («Исро» сураси,78-оят).

2. Баъзида талаб қилиш маъноси «фарз» ёки «ёзилиш» сўзлари билан келган.
Аллоҳ таоло беҳуда қасам ичиб қўйган бандаларига енгиллик яратгани ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга қасамларингизни бўшатишни фарз қилди(шариатга киритди). Ва Аллоҳ сизнинг хожангиздир ва У ўта билувчи ва ўта ҳикматлидир» («Таҳрим» сураси, 2-оят).
Мўмин-мусулмонларга рўзанинг фарз қилиниши ҳақида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга ёзилганидек, сизларга ҳам рўза ёзилди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз» («Бақара» сураси, 183-оят).

3. Талаб маъноси гоҳида яхшилик ва гўзаллик сифатларини айтиш билан келади.
Бу маънодаги Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: «Эй, Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки, эсласалар» («Аъроф» сураси, 26-оят).
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири либосдир. Одам авратини  беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ таоло инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Демак, либосни ўз ўрнида, яъни, шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо, энг асосий либос–тақво либоси. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло оятда:
«Тақво либоси, ана ўша яхшидир», демоқда.
Агар одам оддий либос бадан авратларини тўсиб, жисмини зийнатласа, тақво либоси маънавий авратларни тўсиб, инсон қалбини зийнатлайди. Бу оятда тақво либосини лозим тутишни талаб қилиш маъноси бор.
Аллоҳ таоло жаннат эгалари бўлмиш солиҳ бандаларининг энг афзал ибодатлари уларнинг гўзал амаллари экани ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Гўзал амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир. Уларнинг юзларини қаролик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар» («Юнус» сураси, 26-оят).
Ушбу ояти каримада гўзал амал қилиш талаби бор.

4. Қуръони Каримдаги талаб маъноси баъзан луғатда лозим қилишни ифодаловчи лафз билан келади.
Масалан, ҳажнинг мусулмонларга фарз қилиниши ҳақида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Одамлардан йўлини топганлари зиммасида Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир» («Оли Имрон» сураси, 97-оят).
Ушбу ояти карима ила ҳаж ибодати фарз бўлган. Оятнинг арабча матнида биз таржимада келтирган «зиммасида» ва «бурч» сўзлари йўқ. Бу маънолар араб тилидаги ушбу маъноларни ифода этувчи «ала» ҳарфидан келиб чиққан.
Бирор ишни манъ қилиш ёки ундан сақланишни талаб қилиш ҳам турли услублар ила йўлга қўйилади.
1. Баъзида бу маъно наҳй қилиш(қайтариш) билан ифода қилинади.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳар қандай шубҳали, нопок луқмадан, бир-бирларини ҳаққларига хиёнат қилишдан қайтариб, шундай деб марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир» («Нисо» сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни қуйидаги оятда баён қилинган ҳаром ишлардан ҳам қайтаради: «Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: «Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар, ҳаққ ила бўлса, майли». Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз», деб айт» («Анъом» сураси, 151-оят).
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ҳаром ишлардан қайтарибгина қолмайди. Балки, ундай ишларнинг яқинига ҳам йўламасликка буюради: «Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир» («Исро» сураси, 32-оят).
Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Демак, мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак экан. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим экан.
2. Баъзида бирор ишдан қайтариш учун ана шу нарсанинг яхшилик эмас, балки ёмонлик экани таъкидланади.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шудай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар, буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур» («Оли Имрон» сураси, 180-оят).
Бу оятда бандаларни бахилликдан қайтариш бу сифатни ёмонлаш ва унинг аянчли оқибатларининг хабарини бериш билан амалга оширилмоқда.
3. Баъзан оқибатининг ёмонлиги ёки зарарини зикр қилиш билан маълум бир амалларни тарк қилиш талаб қилинади.
Аллоҳ таоло Ўз оятларини ёлғонга чиқарганларнинг оқибати ёмон бўлишини билдириб, бундай дейди: «Сўнгра ёмонлик қилганларнинг оқибати Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарганлари ва уларни истеҳзо қилганлари учун ёмон бўлди» («Рум» сураси, 10-оят).
Аллоҳнинг Набийларнинг келтирган оятларини ёлғонга чиқариш ва уларни мазаҳ қилиш энг ёмон одатдир. Бундай қилганларнинг оқибати ёмон бўлиши турган гап. Ёмонлик охират кунида бўлади. Қиёматнинг келишига эса, ҳеч шубҳа йўқ.
Аллоҳ таолога берган аҳдларига хиёнат қилган кимсаларнинг оқибати ёмон бўлиши ҳам муқаррардир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳнинг аҳдини мийсоқдан кейин бузадиганлар, Аллоҳ боғланишига амр этган нарсаларни узадиганлар ва ер юзида бузғунчилик қиладиганларга, ана ўшаларга лаънат ва уларга ёмон диёр бор» («Раъд» сураси, 25-оят).

Оятлардан ҳукм чиқаришнинг баъзи қоидалари:

1. Аллоҳ таоло бир ишга буюрган, уни улуғлаган, уни бу ишни қилувчини ёки ишнинг ўзини мақтаган бўлса, бу ишга  ёки уни бажарувчига муҳаббат қилса, унинг учун яхшилик ваъда қилган бўлса, уни «тўғри», «баракали» деб сифатлаган бўлса, у билан ёки у ишни қилувчи билан қасам ичган бўлса, мазкур иш шариатда бор бўлади. Ундай ишнинг ҳукми, шароитга қараб, фарз билан мандуб орасида бўлади. Агар жумла сийғасининг ўзи араб тили қоидаси бўйича ишни албатта қилиш кераклигини тақозо этса ёки ишни албатта қилишни ифода этадиган ёрдамчи омил билан келган бўлса, мазкур ишни амалга ошириш фарз бўлади. Бошқа ҳолатларда мандуб бўлади.

2. Шариат соҳиби бир ишни тарк қилишни талаб қилса, уни ёки ундай ишни қилувчини ёмонласа, лаънатласа, бундай ишни қилувчини ҳайвонларга ёки шайтонларга ўхшатса, у шуни «ифлос» ё «фисқ» деса, уни бу дунё ёки охират азобига сабаб қилса, уни «шайтоннинг амали» деса, «одамлар орасида адоват солади» деса, у иш шариатда йўқ. Яъни бу иш буюрилмаган ва унга рухсат ҳам берилмаган. Мазкур иш ҳаром ва макруҳ орасида бўлади. Агар жумла сийғасининг ўзи араб тили қоидаси бўйича ишни албатта тарк қилиш кераклигини ифода этса ёки ишни албатта тарк қилишни ифода этадиган ёрдамчи омил билан келган бўлса, мазкур ишни тарк қилиш фарз бўлади. Бошқа ҳолатларда мандуб бўлади.

3. Бирон ишни Аллоҳ таоло ҳалол деса, рухсат берса, «машаққат, танглик, гуноҳи йўқ» деса, ундай иш шариатдаги мубоҳ, рухсат берилган ишлардан ҳисобланади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Зароиъ, сўзи луғатда .зарийъа,нинг жамъи бўлиб, бир нарсага етиш учун васийла бўладиган нарсага айтилади.Усулул фиқҳ уламолари наздида эса, у бирор манъ қилинган давоми...

4895 22:00 / 18.04.2017
.Шаръу ман қоблана, ndash .Биздан олдингиларнинг шариати,дан мурод, Аллоҳ таоло биздан олдин ўтган умматларга Иброҳим, Мусо, Довуд, Ийсо алайҳимуссаломга ўхшаш Ўз давоми...

4497 22:02 / 18.04.2017
.Маслаҳат, араб тилидаги сўз бўлиб луғатда .манфаат,, .фойда,, .наф, маъноларини англатади ва ҳар бир нарсанинг солиҳ, яъни тўғри бўлиши маъносини билдиради. Бизда давоми...

5274 22:04 / 18.04.2017
Таърифи, навлари, ҳужжатлиги, бу борада уламолар фикрлари.Таърифи ndash .истиҳсон, луғатда таърифланишича, бир нарсани яхши санашдир. Усулийлар истилоҳида эса, далил давоми...

5114 22:05 / 18.04.2017