1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Усулул фиқҳ (дарслар)

Шаръий ҳукмларнинг далиллари

16:54 / 18.04.2017 4579 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло одамларни беҳуда яратгани йўқ, уларни бепарво ўз ҳолига ташлаб қўйгани ҳам йўқ. Балки Ўзи яратган оламда Ўзи яратган одамга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб беришни ҳам Ўзи зиммасига олди. Бунинг учун «дийн» деб аталмиш кўрсатмалари тўпламини бандаларига тақдим этди. Унда уларга қиладиган амалларининг ҳукмларини баён қилиб берди. Ўша амалларнинг фарз, вожиб, ҳалол, ҳаром, тўғри, нотўғри ва шунга ўхшаш бўлишини ирода қилди. Мазкур шаръий ҳукмларнинг далилларини ҳам жорий қилди. Ушбу фаслда ўша шаръий далиллар ҳақида сўз юритамиз.

«Далил» сўзи луғатда ҳар қандай ҳиссий ёки маънавий, яхши ёки ёмон нарсани кўрсатувчи ва унинг йўлига бошловчи маъноларини англатади.
Усулул фиқҳ илми олимлари: «Унга тўғри назар солиш ила талаб қилинаётган хабарга етиштирадиган нарса далилдир», дейдилар.
Усулийларнинг истилоҳида эса: Шаръий далил шаръий амалий ҳукмни чиқариш учун дастак қилинадиган нарсадир. У илмул яқийн билан қатъий далолат қилса ҳам ёки зоннинг ғолиблиги билан зонний (қатъиймас) далолат қилса ҳам – барибир.
Ушбу эътибордан шаръий далиллар икки турли бўлади: Далолати қатъий ва далолати зонний (қатъиймас) далиллар.
«Зонн» лафзи бу ерда гумон маъносида эмас, балки қатъийнинг муқобилидаги, яъни, қатъий эмас маъносидадир.
Далиллар умумий эътибор қилинганда икки хил бўлади:
1. Уламолар жумҳури иттифоқ қилган далиллар: Китоб, Суннат, Ижмоъ ва Қиёс.
2. Уламолар жумҳури иттифоқ қилмаган далиллар:  Истиҳсон, Масолиҳул мурсала, Истисҳоб, Урф, Мазҳабус Саҳобий, Шаръу ман қоблана. (Ҳанафий мазҳабидан бошқаларда Саддуз-зароиъ ҳам бор.)
Уламолар жумҳури иттифоқ қилган далилларга эргашмоқлик вожибдур. Лекин уларнинг ҳар бирининг даражалари бор. Мазкур даражалар қуйидагича: аввал Китоб (Усулийлар истилоҳида «Китоб» лафзи ишлатилса, Қуръони Карим тушунилади), кейин Суннат, сўнг Ижмоъ ва охири Қиёс.
Бу далилларга эргашмоқ вожиблигига қуйидаги ояти карима далилдир:
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир» («Нисо» сураси, 59-оят).
Мўмин-мусулмонларнинг мужтаҳид уламолари шариат ҳукмларини чиқариб олиш ишларида аввало Аллоҳ таолога итоат этишлари керак, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, ундан кейин мусулмонларнинг ўзларидан бўлган ишбошиларга итоат қилишлари лозим. Агар бирор нарсада ихтилоф туғилиб, тортишув чиқса, Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига қайтариш лозим. Мезон шу. Ўлчов шу.
Агар бу қоидага риоя этилмаса, ҳамманинг ўзича ҳал қилишига қўйиб берилса, тартиб-интизом қолмайди, аксинча, одамларнинг ақлий қобилиятлари турлича бўлгани сабабли ихтилофлар чиқади.
Мужтаҳид уламолар бир ишда шариати исломиянинг ҳукми нима эканини билиш учун унинг ҳукмни, аввало, Қуръони Каримдан излайдилар. Агар у ишнинг ҳукми Қуръонда мавжуд бўлса, унга амал қиладилар. Чунки, юқорида келтирилган оятнинг оятнинг аввалида:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг», дейилгандир. Аллоҳга итоат қилиш Унинг охирги илоҳий китоби Қуръони Каримга амал қилиш билан бўлади.
Фараз қилайлик, мазкур ишнинг ҳукми Қуръони Каримда зикр қилинмаган бўлса, унда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатларига мурожаат этилади. Изланган ҳукм у ердан топилса, унга амал қилинади. Чунки, ояти каримада иккинчи манбаъ сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга амр этилгандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида бевосита у зотнинг ўзларига итоат қилинган, ҳозир эса суннатларига амал қилиш у кишининг ўзларига итоат қилиш билан баробар ҳисобланади.
«...Расулга...» итоат қилинг. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда асосий ҳукмларни баён этган ва умумий ҳукм чиқариш қоидаларига ўшаларни асос қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида эса, Қуръондаги умумий ҳукмлар батафсил баён қилинган ҳамда баъзи зикр этилмаганлари айтилган.
Замон, шароит ўзгариши билан ўзгариб турадиган маълум бир ҳукмлар эса, мусулмон жамоаси ижтиҳод қилиб ечишлари учун қолдирилган. Бунинг ҳикматлари кўп. Аввало, бу ҳолат мусулмонларни доимо изланувчан, ҳаракатчан бўлишга ундайди. Иккинчидан, шариати исломиянинг ҳар замон, ҳар маконга салоҳияти борлигини таъминлайди.
Агар Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам зикри келмаган масала кўндаланг бўлиб қолса, бу масаланинг ечилиши мусулмонларнинг ишбошиларига ҳавола қилинади. Ижтиҳод мақомига етган ишбоши уламолар мазкур масалани Қуръон ва Суннат қоидалари асосида ҳал этадилар. Мусулмон умматининг эътироф этган муждаҳидлари бирликда ҳал этган ечим(қарор) фиқҳда «ижмоъ» деб номланади. Бунга амал қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Чунки, ушбу оятда:
«...Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг», деган амр бор. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш эса, вожибдир. Аммо ишбошиларга бўйсунишда бир неча шартлар бор. Аввало, оятда «ўзингиздан бўлган» дейиляпти. Фиқҳ илми уламоларимиз бу оятдаги «ишбоши»ларни шундай тушунтирганлар: фиқҳда ижтиҳод даражасига етган уламоларнинг жамланиб, бирор масала бўйича иттифоқ бўлиб қарор қилишлари ишбошиликдир.
Ояти каримадаги: «Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг», деган жумла шариатда ҳукм чиқариш учун Қуръон, Суннат ва Ижмоъдан кейинги тўртинчи масдарга – Қиёсга асос бўлган.
Айтайлик, мусулмонлар ҳаётида янги масала пайдо бўлди. Айнан шу муаммо Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам зикр қилинмаган, аммо шунга ўхшаш бошқа бир масала бор. Уламолар ана ўша ўхшаш масала билан янги пайдо бўлган масалани таққослаб ҳукм чиқарадилар. Бунинг номи «Қиёс» бўлади.
Оятда мусулмонлар ўртасида тортишувга сабаб бўлган нарсани Аллоҳга (яъни, Қуръонга) ва Расулга (яъни, у кишининг суннатларига) қайтаришни «агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз», жумласи билан бирга қайд қилинмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишга бўлган буйруқ Китоб ва Суннатга эргашмоқликдир. Илмий ва шаръий ўринларда мусулмонлардан чиққан ишбошига итоат қилишга бўлган буйруқ мужтаҳидлар иттифоқ қилган ҳукмларга эргашмоқликка бўлган буйруқдир. Тортишилган нарсаларни Аллоҳга ва Унинг Расулига қайтаришга бўлган буйруқ шаръий матнлар ва ижмоъда собит бўлмаган масалаларда қиёсга эргашмоқликка бўлган буйруқларни тақозо этади.
Бу тартибга суннатдан далил қуйидаги ҳадиси шарифдир:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни Яманга юбораётиб унга:
«Қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» – дедилар.
«Аллоҳнинг Китобидаги нарса ила», – деди.
« Агар Аллоҳнинг Китобида бўлмасачи?» – дедилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила», – деди.
«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бўлмаса-чи?» – дедилар.
«Фикрим ила ижтиҳод қиламан», – деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчисини тавфиққа бошлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», – дедилар. Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Бағавий Маймун ибн Меҳрондан ривоят қилади:
«Абу Бакрга бирон тортишувли иш келса, у аввал Аллоҳнинг Китобига қарар эди, агар ундан улар орасида ҳукм қилишга бирон нарса топса, шу билан ҳукм қилар эди. Агар Китобда бўлмаса, Расулуллоҳдан бирон нарсани бу борада суннат деб билса, шу билан ҳукм қилар эди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан топишга қийналса, одамларнинг бошлиқлари ва яхшиларини йиғиб, улар билан маслаҳат қиларди ва фикрлари бир жойга келганида, шу билан ҳукм қиларди. Умар ҳам шундай қиларди».
Уларнинг бу ишига қолган саҳобалар ҳам иқрор бўлганлар ва бу ижмоъга айланган.

Нақлий ва ақлий далиллар

Далиллар яна бошқа бир жиҳатдан икки турга: нақлий ва ақлий далилларга тақсимланади.
Нақлий далиллар: Китоб, Суннат, Ижмоъ, Урф, Шаръу ман қоблана ва Мазҳабус-саҳобийлардир.
Нақл қилиш йўли билан собит бўлган далиллар «нақлий далиллар» деб аталади. Уларнинг пайдо бўлишида ва шаклланишида мужтаҳиднинг дахли йўқ. Мисол учун Китоб ва Суннатни оладиган бўлсак, уларнинг вужудга келишига мужтаҳиднинг ҳеч қандай дахли йўқ. Шунингдек, Ижмоъ ҳам муждаҳид уни далил сифатида келтиришидан олдин собит бўлган бўлади. Урф, Шаръу ман қоблана ва Мазҳабус-саҳобийлар бошқалардан нақл қилинган бўлиб, уларнинг вужудга келишига мужтаҳид олимнинг дахли йўқдир.
Ақлий далиллар: Қиёс, Масолиҳул мурсала, Истиҳсон, Истисҳоблардир.
Бу турдаги далилларнинг шаклланиши ва вужудга келишида мужтаҳиднинг бевосита ўрни бор. Чунки, у бу борада ақлини ишга солиб, билими ва ақли даражасида ижтиҳод қилади.
Бу икки турдаги далиллардан ҳар бирининг иккинчисига ҳожати тушиб туради. Масалан, нақлий далилга суянилмаган ижтиҳодни ҳеч ким қабул қилмайди. Чунки, ақлнинг ўзи билан шаръий ҳукм чиқариб бўлмайди. Шунингдек, шаръий далилдан ҳукм чиқариш назарга, тааммулга ва чуқур ўрганишга муҳтож. Яъни, ақлсиз нақлий далилларни тушуниб бўлмайди ва улардан бирон ҳукм чиқариб ҳам бўлмайди.

Мустақил ва мустақил бўлмаган далиллар

Бу далиллардан шаръий ҳукм чиқаришда мустақил асос бўладиганлари бўлиб, у ҳукмни исбот қилишда ўзидан бошқага муҳтож эмас. Улар: Қуръон, Суннат, Ижмоъ ва Ижмоъга алоқадор нарсалар – Истиҳсон, Урф, Мазҳабус-саҳобийлардир.
Мазкур далиллардан мустақил асос бўла олмайдигани ҳам бўлиб, у Қиёсдир. Чунки, Қиёс ҳукмни исбот қилишда Китобда ёки Суннатда ёки Ижмоъда келган асл ҳукмга ва қиёс қилинадиган асл ҳукмнинг иллатини билишга муҳтождир.
Ҳукм чиқаришда мустақил бўлмаган яна бир далил Ижмоъдир. Ундаги эҳтиёж у бўлаётганида ва боғланаётганидадир, уни далил қилиб келтиришликда эмас. Чунки, Ижмоъга иттифоқ қилувчилар уни бино қилиш учун Китобга, Суннатга ёки Қиёсга мурожаат қилишга муҳтож бўладилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Маслаҳат, араб тилидаги сўз бўлиб луғатда .манфаат,, .фойда,, .наф, маъноларини англатади ва ҳар бир нарсанинг солиҳ, яъни тўғри бўлиши маъносини билдиради. Бизда давоми...

5274 22:04 / 18.04.2017
Ушбу бобдаги ҳадисларнинг таърифи, навлари, санади эътибори билан қисмлари, қатъий ва зоннийлиги, Қуръонга нисбатан ўрни, ҳужжатлилиги, оҳод ва мурсал хабарлар давоми...

4416 21:55 / 18.04.2017
Усулулфиқҳ илми хулофои рошидинлар ва улардан кейинги саҳобалар давридаги ижтиҳод ҳаракати пайтида юзага келди. Саҳобалар бирndashбирларидан янги пайдо бўлган давоми...

5077 16:53 / 18.04.2017
Таърифи, арконлари, ҳужжатлиги, шартлари, иллат маслаклари ва қисмлари..Қиёс, сўзи луғатда .бир нарсани бошқаси билан ўлчаш,, яъни .бирон нарсанинг ўлчовини билиш, давоми...

5922 22:06 / 18.04.2017