1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мусталахул хадис (дарслар)

Ҳасан ҳадис

11:20 / 18.04.2017 6573 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Худди саҳиҳ ҳадисга ўхшаб, ҳасан ҳадис ҳам икки турдан иборат.

1. Ҳасан лизатиҳи – ўзи ҳасан бўлган ҳадис.

2. Ҳасан лиғойриҳи – ўзидан бошқа ила ҳасан ҳадис.

Ҳасан ҳадиснинг таърифи: 

«Ҳасан» сўзи луғатда сифати мушаббаҳа бўлиб, «ҳусн – гўзаллик» маъносини англатади. 

«Мусталаҳул ҳадис» уламолари эса, ҳасан ҳадиснинг таърифида турли гапларни айтганлар. Чунки, бу ҳадис саҳиҳ билан заифнинг ўртасида келган. Шунинг учун, унинг таърифи ихтилофга сабаб бўлган. Бунинг устига, баъзи уламолар ҳасан ҳадисни таъриф қилаётганда умумий таърифни эмас, балки таърифнинг икки қисмидан бирини келтирганлар. 

Хаттобийнинг таърифи:

Ҳасан ҳадис – чиқарилган жойи маълум ва одамлари машҳур бўлган ҳадисдир. Кўпгина ҳадислар шуларнинг жумласидан. Уламоларнинг кўпи уни қабул қилади ва фуқаҳоларнинг барчаси унга амал қилади.

Термизийнинг таърифи: 

Ҳар бир ривоят қилинган ҳадиснинг санадида ёлғончиликда туҳмат қилинмаган шахслар бўлса ва ҳадиснинг ўзи шозз бўлмаса, бир важҳдан (йўналишдан) бошқа йўналишларда ҳам ривоят қилинган бўлса, бизнинг наздимизда, ҳасан ҳадисдир. 

Ибн Ҳажарнинг таърифи:

Оҳод хабар одил, зобти тугал бўлган ровийдан нақл қилинган бўлса, санади муттасил бўлса, иллати бўлмаса ва ўзи шозз бўлмаса, саҳиҳ лизатиҳи бўлади. Ўша шартларнинг ичида зобтида бироз енгиллик бўлса, ҳасан лизатиҳи бўлади. 

Ибн Ҳажарнинг таърифига қараладиган бўлса, ҳасан ҳадис ҳам худди саҳиҳ ҳадисга ўхшайди, лекин унинг ровийининг зобти озроқ бўлади. Бу таъриф ҳасан ҳадиснинг энг яхши таърифи ҳисобланади. 

Хаттобийнинг таърифини танқид қилганлар жуда кўп. 

Термизий эса, ҳасанни эмас, ҳасан лиғойриҳини таъриф қилган. Аслида, таърифни ҳасан лизатиҳига берилиши керак. Чунки, ҳасан лиғойриҳи, аслида, заиф ҳадислар қаторига киради. Лекин ривоят қилинган йўллари кўп бўлганидан, улар бир-бирини қувватлаб, ҳасаннинг мартабасига кўтарилиб қолган бўлади.

Ихтиёр қилинган таъриф: 

Ҳасан ҳадисни Ибн Ҳажарнинг таърифига суянган ҳолда таъриф қиладиган бўлсак, қуйидагича бўлади: 

«Санади муттасил бўлиб, зобти енгилроқ одил киши ўз мислидан охиригача ривоят қилган ҳамда шузуз ва иллати бўлмаган ҳадис ҳасан ҳадисдир». 

Ҳасан ҳадиснинг ҳукми:

Ҳасан ҳадис ҳужжатлик борасида, агар унинг қуввати саҳиҳ ҳадисникидан озроқ бўлса ҳам, саҳиҳ ҳадисга ўхшайди. Шунинг учун, ҳасан ҳадисни барча фуқаҳолар ҳужжат тарзида келтирганлар ва унга амал қилганлар. Ҳасан ҳадисни ҳужжат қилиб келтирсак бўлади, деган гапни муҳаддислар ва усул уламоларининг кўпчилиги айтган. Фақатгина жуда оз кишиларгина бу гапни айтишмаган. Баъзи енгил оладиганлар эса, ҳасанни саҳиҳнинг қаторига қўшишган. Бу ишни қилганлар ичида Ҳоким, Ибн Ҳиббон ва Ибн Хузайма каби уламолар бор. Гарчи улар аввалги таърифга қўшилсалар ҳам, ҳасанни саҳиҳга қўшиб юборсак бўлаверади, деб енгил олишган. 

Ҳасан ҳадиснинг мисоли:

 Имом Термизий чиқарган қуйидаги ривоят ҳасан ҳадисга мисолдир: 

Бизга Қутайба ҳадис айтди, бизга Жаъфар ибн Сулаймон Зубаъий ҳадис айтди, Абу Имрон Жавнийдан, Абу Бакр ибн Абу Мусо Ашъарийдан, у айтди:

Мен отамнинг душман ҳозир бўлганда шундай деганларини эшитдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатнинг эшиклари қиличлар соясидадир», – дедилар. 

Имом Термизий мана шу ҳадис тўғрисида баҳо бериб айтадиларки: «Бу – ҳасан, ғарийб ҳадисдир». Мана шу ҳадиснинг «ҳасан» деб айтилишининг сабаби шуки, уни ривоят қилган тўртта ровийнинг ҳаммаси сиқадир. Фақатгина Жаъфар ибн Сулаймон Зубаъий «ҳасан ҳадис эгаси» дейилган. Ана шу одамнинг зобти саҳиҳ ҳадиснинг ривояти зобтидан бироз камайиб қолгани сабабидан, ҳадис саҳиҳ мартабасидан тушиб, ҳасанга ҳукм қилинган.

Ҳасан ҳадисга яна бир мисол.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», – дедилар».

Термизий ривоят қилган ва «ҳасан», «саҳиҳ» деган.

Ҳасан ҳадиснинг мартабалари: 

Саҳиҳ ҳадиснинг мартабалари бўлгани каби, ҳасан ҳадиснинг ҳам мартабалари бўлиб, уларнинг баъзиси баъзисидан фарқ қилади. Имом Заҳабий: «Ҳасан ҳадиснинг икки мартабаси бор», деган. 

1. Олий мартабадаги ҳасан ҳадис. 

Ривоят қилган ровийларининг ўзлари мазкур ҳадисни «саҳиҳми ёки ҳасанми?» деб ихтилоф қилишган бўлса, бундай ҳадис олий мартабадаги ҳасан ҳадис бўлади. 

Ҳамма уламолар бир овоздан «саҳиҳ» ҳам, «ҳасан» ҳам демаган. Уламоларнинг баъзиси «саҳиҳ» деса, қолганлари «ҳасан» деган. Мисол учун, Баҳз ибн Ҳакимдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинган ҳадис. Шунингдек, Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинган ҳадис. Ибн Исҳоқ Тамийдан ривоят қилинган ҳадис. Мана шу ҳадисларни «саҳиҳ» дейилган ҳолатлар ҳам бор. Аммо бундай ҳадис саҳиҳнинг энг кучсизи ҳисобланади.

2. Ундан кейинги мартаба бўлиб, унда ҳадиснинг ҳасан ёки заиф экани тўғрисида ихтилоф қилинган. Баъзилар «ҳасан» деган, баъзилар «заиф» деган. Мисол учун, Ҳорис ибн Абдуллоҳ, Осим ибн Зомра ва Ҳажжож ибн Артоа каби ровийлар қилган ривоятлар.

Уламолар «санади саҳиҳ ҳадис» ёки «санади ҳасан ҳадис» деган нарсаларнинг мартабаси 

А. Агар муҳаддислар «бу – саҳиҳ санадли ҳадис» деса, «бу – саҳиҳ ҳадис» дегандан пастроқ бўлади. 

Б. Худди шу гапни «ҳасан»га биноан айтсак ҳам бўлади. «Бу ҳадиснинг санади ҳасандир» деса, бундай ҳадис «бу –ҳасан ҳадис» дегандан кучсизроқ мартабада бўлади. 

Чунки, матндан ташқари, санаднинг ўзи ҳам саҳиҳ ёки ҳасан бўлиши мумкин. Матнда шоззлик ёки иллат бўлса ҳам, санаднинг ўзи саҳиҳ бўлаверади. Мисол учун, муҳаддис: «Мана бу ҳадис саҳиҳдир», деди. Шунда у «Мазкур ҳадиснинг саҳиҳлиги учун қўйилган бешта шартнинг ҳаммасига жавоб беради» деган кафолатни берган бўлади. Агар ўша муҳаддис «санади саҳиҳдир» деса, санадга тегишли учта шартнинг кафолатини беради. Аммо матнга тегишли иккита шартнинг кафолатини бера олмай қолади. 

Демак, санади муттасил, ровийлари адолатли ва зобтли эканига кафолат беради. Лекин «санади саҳиҳ» дейилганда, матнда шузуз борми ёки йўқлиги айтилмайди. Иллат борми ёки йўқми эканига ҳам кафолат берилмайди. 

Агар «Ҳофиз» мартабасидаги муҳаддис «Мана шу ҳадиснинг санади саҳиҳ» деса ва унинг иллатини зикр қилмаса, бундан «Унинг матни ҳам саҳиҳ» деган хулосани чиқариш мумкин. Чунки, аслида, матнлар ҳаммаси саҳиҳ бўлади ва шузузи ҳам бўлмайди. 

Имом Термизий ва бошқа муҳаддисларнинг «Бу ҳадис ҳасандир, саҳиҳдир» дейишларининг маъноси нима?

Агар бир муҳаддис қайсидир ҳадиснинг таърифида «Бу ҳадис ҳасандир, саҳиҳдир» деса, бу гап сиртдан қараганда тушунарсиздир. Чунки, ҳасан ўзи алоҳида бир нарса, саҳиҳдан даражаси паст, қандай қилиб битта ҳадис ҳам ҳасан, ҳам саҳиҳ бўлиши мумкин? Даражаси остин-устин бўлган нарса қандай қилиб битта ҳадисда ифодасини топади, деган савол туғилади. Уламолар имом Термизийнинг ушбу иборани ишлатишдан мақсадлари нима экани тўғрисида бир қанча жавобларни берганлар.

Ўша жавобларнинг ичида энг гўзали Ҳофиз ибн Ҳажарники ва бу жавобга имом Суютий ҳам рози бўлиб қўшилганлар, унинг қисқачаси қуйидагидан иборат: 

а) «Бу ҳадис ҳасандир, саҳиҳдир» деганда, ҳадиснинг иккита ёки ундан кўп санади бўлса, бир санади эътиборидан ҳасан ва яна бошқа бир санади эътиборидан саҳиҳдир, деганидир;

б) Агар «ҳасан» деб таърифланаётган ҳадиснинг битта санади бўлса, имом Термизийнинг бу сўзларининг маъноси: «Бу ҳадис баъзи бир муҳаддисларнинг наздида ҳасандир, бошқаларнинг наздида саҳиҳдир», деганидир. 

Мана шундай гапни айтаётган одам уламоларнинг ихтилофига ишора қилаётган бўлади ва ўзи бирортасига қўшила олмасдан, иккисини зикр қилган бўлади. 

 Имом Бағавийнинг «Масобийҳ» китобида ҳадисларни тақсимлаши: 

Имом Бағавий «Масобийҳ»да ўзига хос истилоҳни ишлатган. У имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобларида ёки битталарида келтирилган ҳадисларни олган бўлса, «саҳиҳ» деган. Ундан кейинги тўртта «Сунан» китобларидаги ҳадисни олган бўлса, «ҳасан» деган. Имом Бағавийнинг истилоҳи «Мусталаҳул ҳадис» уламоларининг истилоҳига хилофдир. Чунки, имом Абу Довуд, Термизий, Насаий ва ибн Можанинг китобларида ҳадисларнинг саҳиҳи бор, ҳасани бор, заифи бор, мункари бор. Ҳаммасини «ҳасан» дейиш мумкин эмас. 

Шунинг учун, Ибн Салоҳ ва Нававий бу борада қуйидагиларни айтишади:

«Масобийҳ» китобини ўқиётган шахс ҳадис илмидан хабардор бўлиб, Бағавийнинг истилоҳига алоҳида эътибор бериши керак». 

Чунки, «Масобийҳ»даги «саҳиҳ» мусталаҳул ҳадис илмидаги саҳиҳ эмас, Бағавийнинг ўзининг хос истилоҳи бўлиб, «Саҳиҳайн»да, яъни икки «Саҳиҳ»да келган» деган маънодадир. «Ҳасан» дегани эса, «кейинги тўртта «Сунан» китобларида келган» деганидир. 

Ҳасан ҳадислар қайси китобларда мавжуд? 

Уламолар саҳиҳ ҳадисларга хос китобларни алоҳида қилганлари каби, ҳасан ҳадисларга атаб, алоҳида ўзига хос китоб қилишмаган. Лекин баъзи китобларда ҳасан ҳадислар мавжуд бўлиб, ана шу китобларнинг энг машҳурлари қуйидагилардан иборат:

«Жомеъут-Термизий» 

Бу китоб «Сунани Термизий» номи билан машҳур бўлган. Мана шу китоб ҳасан ҳадисларни танишда асл китоб ҳисобланади. Термизий ҳасан ҳадисларни ушбу китобида машҳур қилган ва зикрини кўп келтирган. Лекин эслатиб қўйиш керакки, имом Термизийнинг «ҳасан», «саҳиҳ» деган қавллари келган китобнинг нусхаси бошқа нусхаларидан фарқли келиши мумкин ва бунга диққат билан эътибор бериш керак бўлади.

Шунинг учун, ҳадис илмини ўрганаётган талаба ёки ҳадисларни текшираётган олим, ҳақийқий нусхани излаши керак, танлаши керак ва синалган, эътимод қилинган усулларга солиштириб кўриб, ажратиб олиши лозим.

«Сунану Абу Довуд» 

Абу Довуд аҳли Маккага ёзган рисоласида, мана шу китобда саҳиҳ ҳадисларни, унга ўхшаш ва унга яқинроқ ҳадисларни келтирганини зикр қилган. Қайси бир ҳадисда жуда шиддатли нуқсон бўладиган бўлса, заифлигини баён қилиб қўйган. Агар ҳеч нарса айтмаган бўлса, у ҳадис солиҳ ҳадис (бошқа бир заиф ҳадисни қўллаб-қувватлаб ҳасан лиғойриҳи даражасига кўтаришга яроқли бўлган ҳадис) эканини эслатган. 

Ана шунга биноан, имом Абу Довуд заифлигини баён қилмаган ҳадис келган бўлса ва мўътамад имомлар уни «саҳиҳ» деб айтмаган бўлса, имом Абу Довуднинг наздида, ҳасан ҳадис бўлади.

«Сунану Дорақутний» 

Дорақутний мана шу китобида ҳасан ҳадисларни ўзи алоҳида белгилаб, зикр қилиб ўтган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оҳод хабар йўллари сонига қараб уч қисмга тақсимланади1. Машҳур.2. Азиз.3. Ғарийб.Мана шу уч қисм тўғрисида алоҳидаалоҳида сўз юритилади.БИРИНЧИ ҚИСМ давоми...

4484 16:15 / 18.04.2017
Оҳод хабар машҳур бўлсин, азиз бўлсин ёки ғарийб бўлсин, қуввати ва заифлигига қараб иккига бўлинади 1. Мақбул..Мақбул хабар, хабар берувчисининг содиқлиги устин давоми...

4586 16:17 / 18.04.2017
1. Мустахражнинг мавзуъиУнда бир мусанниф ҳадис китобларидан бир китобни олади. Кейин ўзининг алоҳида санадлари ила ҳалиги олган китобдаги ҳадисларни китоб давоми...

4275 16:19 / 18.04.2017
Ҳар бир илмда бўлгани каби .Мусталаҳул ҳадис, илмида ҳам ўзига хос атамалар, таърифлар ва тушунчалар бор. Мазкур нарсаларни яхшилаб тушуниб олиш бу илмнинг қоида давоми...

7017 16:13 / 18.04.2017