1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мусталахул хадис (дарслар)

Оҳод хабарнинг йўллари сонига нисбатан тақсими

16:15 / 18.04.2017 4483 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оҳод хабар йўллари сонига қараб уч қисмга тақсимланади:

1. Машҳур.

2. Азиз.

3. Ғарийб.

Мана шу уч қисм тўғрисида алоҳида-алоҳида сўз юритилади.

БИРИНЧИ ҚИСМ МАШҲУР

Машҳурнинг таърифи:

Араб тилида «машҳур» сўзи исми мафъул бўлиб, бир ишнинг эълон ва ошкор қилинганини билдиради. Ошкор бўлгани учун уни «машҳур» деб аталган.

Уламолар истилоҳида эса, ҳар бир табақада уч ва ундан ортиқ одам ривоят қилган, аммо тавотур даражасига етмаган ҳадисни «машҳур» дейилади.

Демак, санадидаги ҳар бир табақада учтадан кўп ровийи бўлган ва тавотур даражасига етмаган ҳадисни «машҳур» деб аталади.

Машҳур ҳадиснинг мисоли:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Албатта, Аллоҳ илмни уламоларнинг кўксидан суғуриб олиш ила олмайди. Лекин илмни уламоларни қабз қилиш ила олади. Ҳатто бирор олимни қўймаганидан кейин, одамлар жоҳилларни ўзларига раҳбар қилиб олишади. Улардан сўрашади. Улар билмасдан фатво беришади ва ўзлари ҳам залолатга кетишади, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар».

Ушбу ҳадисни Бухорий, Муслим, Тобароний, Аҳмад ва Хатийб тўртта саҳобийдан – Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зиёд ибн Лубайд, Оиша ва Абу Ҳурайрадан ривоят қилишган. Улардан ривоят қилганлар уч киши. Бу ҳадис ровийларининг учинчи табақаси тўрт ва тўртинчи ва бешинчи табақаси беш кишидан иборатдир.

Мустафийз

«Мусталаҳул ҳадис» илмида ҳамда ҳадисга оид бошқа илм ва гапларда «машҳур» ҳадисга боғлиқ жумлаларда «мустафийз» сўзи ҳам учрагани сабабли, ушбу лафз билан ҳам танишиб қўйиш фойдадан холий бўлмайди. 

«Мустафийз» сўзи луғатда исми фоил бўлиб, «истафозал маау» – «сув тошди» деган маънодан олинган. Ҳадислардан баъзисининг «мустафийз» деб аталиши унинг кўп тарқалгани, сув каби ҳамма тарафга тошиб кетгани учундир.

Уламолар истилоҳида «мустафийз» уч хил таърифга эгадир:

1. Мустафийз машҳур билан бир хилдир.

2. Мустафийз машҳурдан кўра хосроқдир. Чунки, мустафийзда санадда икки тарафи бир хил бўлиши шарт қилиб қўйилган. Бундай бўлиш машҳурда шарт эмас.

3. «Мустафийз машҳурдан кўра умумийроқ», деб иккинчи қавлнинг тескариси айтилган. 

Истилоҳий бўлмаган машҳур

Уламолар таъриф қилган «машҳур» ҳадиснинг шартига тўғри келмаса ҳам, «машҳур» лафзи билан номланадиган ҳадисни «истилоҳий бўлмаган машҳур» дейилади..

Бу турдаги ҳадислар инсонларнинг тилларида машҳур бўлиб кетгани учун шу номни олган, унга бирор шарт қўйилмайди ва бу қуйидаги нарсаларни ўз ичига олади:

1. Унинг битта санади бор.

Яъни, бир ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фақат бир киши ривоят қилган, холос. Аммо бу ҳадис кейинги даврларда одамлар ичида машҳур бўлиб кетган. Бундай ҳадисни уламолар истилоҳидаги «машҳур» ҳадис қаторига қўшиб бўлмайди. Чунки, ундай бўлиши учун санаднинг ҳар бир табақасида камида учта ровий бўлиши керак. 

2. Унинг биттадан кўп санади бор.

Баъзи бир ҳадисларнинг биттадан кўп санади бўлса ҳам, уни уламолар таърифидаги «машҳур» ҳадис қаторига қўшиб бўлмайди. Чунки, унинг машҳур даражасига етишига бошқа камчиликлари тўсиқ бўлади. Мисол учун, иккитагина санади бўлиши мумкин ёки баъзи табақаларда санадда етишмовчилик учрайди. Аммо ўзи одамлар ичида кўп тарқалгани учун машҳур бўлган, холос.

3. Унинг умуман санади йўқ. 

Яъни, ҳадис бўлмаган гапни «ҳадис» деб айтилган ва бу маъно одамлар ичида тарқалиб, машҳур бўлган.

Истилоҳий бўлмаган машҳурнинг турлари:

1. Аҳли ҳадислар ичида машҳур бўлган ҳадис.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ой рукуъдан кейин Реъл ва Заквонни дуоибад қилдилар».

Бухорий ва бошқалар ривоят қилишган.

Бу ҳадисни Муслим ҳам ривоят қилган.

2. Аҳли ҳадис, уламолар ва оддий кишилар ичида машҳур бўлган ҳадис.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир».

Бухорий ва бошқалар ривоят қилган.

Бу ҳадисни Муслим, Аҳмад, Термизий, Насаий, Ҳоким ва Ибн Ҳиббон ҳам ривоят қилишган.

3. Фақиҳлар орасида машҳур бўлган ҳадис.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Аллоҳга энг ёмон кўрилган ҳалол нарса талоқдир». 

Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилишган.

Бу ҳадис фақиҳларнинг китобида келтирилади. Уни Абу Довуддан ташқари Ибн Можа, Ҳоким, Ибн Адий, Тобароний ва Байҳақий ҳам ривоят қилишган.

4. Усулул фиқҳ уламолари орасида машҳур бўлган ҳадис.

Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Мен намозни қандай ўқиганимни кўрганингиз каби намоз ўқинг».

Ибн Ҳиббон ривоят қилган. 

Ушбу ҳадис олти саҳиҳ ҳадис китобларида ҳам, улардан кейин келадиган китобларда ҳам учрамайди. Лекин ҳамма усул китобларида қайта-қайта келтирилади. Бу унинг усулул фиқҳ олимлари ичида машҳур бўлганидандир.

5. Наҳв олимлари орасида машҳур бўлган ҳадис.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Суҳайб қандай ҳам яхши банда – Аллоҳдан қўрқмаса, Аллоҳга исён қилмас эди». 

Абу Убайд «Ғарийб»да келтирган.

Кўпчилик муҳаддислар бу ҳадиснинг асли йўқ деб билсалар-да, наҳв олимлари бу ривоятни маълум қоидани тушунтириш мақсадида келтиришаверади.

6. Омма орасида машҳур бўлган ҳадис.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Шошилиш шайтондандир». 

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадисни Термизий «ҳасан» деб баҳолаган бўлиб, омма орасида машҳур бўлган. Аммо кўпинча омма орасида асли йўқ, сохта, тўқима ҳадислар ҳам машҳур бўлади. Бунга имом Аҳмад ибн Ҳанбал «Ким менга Озарнинг башоратини берса, мен унга жаннатнинг башоратини бераман» ва «Қурбонлик кунингиз – рўза кунингиз» деган ривоятларни келтирадилар.

Юқорида зикр қилинган мисоллардан кўриниб турибдики, ҳадис уламолари таърифидаги «машҳур»дан бошқа йўл билан машҳур бўлган ва «истилоҳий эмас машҳур» номини олган ҳадисларнинг машҳурлиги нисбий ҳолатдир. Уларнинг баъзиси усулул фиқҳ олимлари орасида машҳур бўлса, бошқалари наҳв олимлари орасида машҳур бўлиши мумкин. Бундай машҳурлар саҳиҳ бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам, ҳатто сохта бўлиши ҳам мумкин.

Машҳурнинг ҳукми

Истилоҳий бўлган ва истилоҳий бўлмаган машҳур ҳадислар саҳиҳми, саҳиҳ эмасми экани аввалида айтилмайди. Ҳукмини билиб олиш учун машҳур ҳадисларни ўрганиладиган бўлса, саҳиҳи ҳам, ҳасани ҳам, заифи, мавзуъи (сохтаси) ҳам борлиги аён бўлади. Ана энди истилоҳий машҳурнинг ҳукми чиқади. Бундай машҳур ҳадис мартаба жиҳатидан азиз ва ғарийб ҳадислардан устин туради.

Машҳур ҳадис ҳақидаги машҳур китоблар

«Машҳур ҳадислар ҳақидаги китоблар» деганимиз одамлар тилида машҳур бўлган ҳадислар ҳақидаги китоблардир. Истилоҳий машҳур тўғрисида эмас. Чунки уламолар истилоҳий машҳур ҳадислар тўғрисида ёзмаганлар, балки одамларнинг орасида машҳур бўлиб кетган, уламоларнинг қоидаларига тўғри келмайдиган ҳадислар тўғрисида китоблар таснийф этганлар.

Саховийнинг «Ал-мақосидул ҳасана фий маштаҳаро алал алсина» деган китоби. Ажлунийнинг «Кашфул хофаи ва музийлул илбаси фий маштаҳаро ала алсинатин-наси», деган китоби.

Ибн Дайбаъ Шайбонийнинг «Тамййизит тоййиби минал хобийси фий ма ядуру ала алсинатин-наси минал ҳадиси» китоблари шулар жумласидандир.

Китобларнинг номидан кўриниб турибдики, уламолар ўзларининг бу асарларида одамлар орасида машҳур бўлиб кетган ҳадисларни олиб, ундан махфий қолган жойини баён қилиб, илтибосга тушган жойларини тўғрилаб, қайси бирига ишонса бўлиши, қайси бирига ишониб бўлмаслиги нуқтаи назаридан тартибга солганлар. 


ИККИНЧИ ҚИСМ АЗИЗ


Азизнинг таърифи:

«Азиз» лафзи луғатда сифати мушаббаҳа бўлиб, «азза» – «яъиззу» феълидан олинган. У «оз» ва «нодир бўлди» маъносини билдиради. Агар «азза» – «яъаззу» феълидан олинган бўлса, «кучли» ва «шиддатли бўлди» маъносини билдиради. «Оз ва нодир» дегани бундай ҳадислар кам келганидан бўлса, «кучли ва шиддатли» дегани унинг ривоят қилинадиган йўлини бошқа тарафдан кучлантириб келадиган ривоят борлигидандир. 

Уламолар истилоҳида эса, ровийлари барча табақаларида иккитадан кам бўлмаган ҳадисни «азиз» дейилади.

Таърифнинг шарҳи:

Азиз ҳадиснинг санадидаги барча ровийлар табақаларининг бирортасида иккитадан оз ровий бўлмаслиги керак. Агар санаднинг баъзи бир табақаларида учта ёки ундан ортиқ ровий бўлса, зарар қилмайди. Аммо, қайсидир табақасида ровий иккита бўлиши керак. Мана шундай ҳадис азиз ҳадис бўлади. Чунки, бундай ҳолатда ибрат санаддаги оз сонга қаратилган бўлади. Ушбу таъриф кучли таърифдир. Буни Ҳофиз ибн Ҳажар ҳам «Нухбатул фикар»ида зикр қилиб ўтган. 

Баъзи уламолар «азиз» тўғрисида бошқача фикр билдириб, ҳадиснинг ровийларининг барча табақаларида икки ёки уч киши ривоят қилган бўлса, «азиз» бўлади, дейдилар. Улар «машҳур» билан «азиз»нинг орасини ажратмаганлар.

Азиз ҳадиснинг мисоли:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Сизлардан бирортангиз, то мен унга ота-онасидан, боласидан ва барча одамлардан маҳбуб бўлмагунимча, иймони комил бўлмайди». 

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бухорий ушбу ҳадисни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилган. 

Мана шу ҳадиси шарифни муҳаддис имомлар аввал Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Анасдан Қатода ва Абдулазиз ибн Суҳайб ривоят қилган. Қатодадан Шўъба ва Саъийд ривоят қилган. Абдулазиздан Исмоил ибн Улайя ва Абдулворис ривоят қилган. Бу ҳадисни санаднинг аввалида ҳар бир ровийдан иккитадан ровий ривоят қилмоқда. Аммо кейинги табақадан бошлаб иккитадан кўпайиб кетган. Шунинг учун, азиз ҳадис бўлиб танилган.

Уламолар азиз ҳадисга хослаб алоҳида китоблар ёзмаганлар. Мулоҳаза қилинадики, бу турдаги ҳадислар оз бўлгани учун шундоқ қилинган бўлиши мумкин. Ёки бу борада ёзилган китобларнинг фойдаси кўп бўлмаслигини мулоҳаза қилиб, улар ҳақида китоб ёзмаганлар.

Ушбу ҳадисни «азиз» деб номланади. Чунки, санадининг барча табақотларида иккитадан кам ровий бўлмаган, балки баъзи табақотларида ровий иккитадан кўпдир. 


УЧИНЧИ ҚИСМ ҒАРИЙБ


Ғарийбнинг таърифи:

«Ғарийб» лафзи луғатда сифати мушаббаҳа бўлиб, «ёлғизланган» маъносини билдиради. Яъни, «яқинларидан узоқдаги» маъносида бўлади.

Уламолар истилоҳида эса, битта ровий ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадисни «ғарийб» дейилади.

Таърифнинг шарҳи:

Ёлғиз бир шахснинг ўзи ривоят қилган ҳадисни «ғарийб» дейилади. Ровий санаднинг ҳамма табақасида биттадан бўлса ҳам ёки битта табақасида ёлғиз ровий бўлиб, бошқаларида кўп бўлиб кетса ҳам, фарқи йўқ. Бу ерда энг ози эътиборга олинади.

Ғарийб ҳадиснинг иккинчи номи ҳақида

Кўп уламолар ғарийб ҳадисни бошқа исм билан ҳам атаганлар. У исм «фард»дир. «Ғарийб» ва «фард» иккиси бир-бирининг маъносини билдиради. Баъзи бир уламолар «фард» билан «ғарийб»ни алоҳида-алоҳида маънога бўлишади. 

Ҳофиз ибн Ҳажар: «ғарийб» ва «фард» иккиси луғат жиҳатидан ҳам, истилоҳ жиҳатидан ҳам бир-бирининг маъносини англатадиган бир хил нарса, дейди. Шу билан бирга, у киши: «Мусталаҳул ҳадис» илми уламолари ишлатилиши кўп ва оз бўлиши жиҳатидан иккисининг орасини фарқлаганлар. Улар «фард» исмини фарди мутлаққа, «ғарийб» исмини эса, фарди нисбийга ишлатганлар, дейди. 

«Фарди мутлақ» мутлақ ёлғизликни ифода қилади, ҳамма табақасида фақат битта ровий бўлади. «Фарди нисбий» эса, санаднинг битта табақасида бир дона ровий бўлиб, қолганида кўпайиб кетиш эҳтимоли бор ҳадисдир.

Ғарийбнинг қисмлари ҳақида

Ғарийб ҳадис ровийнинг ёлғизланиш ўрнига нисбатан икки қисмга бўлинади: мутлақ ғарийб, нисбий ғарийб. 

1. Мутлақ ғарийб.

Буни «фарди мутлақ» деб ҳам аталади. 

Унинг таърифи:

Санадининг аслида ғарийблик бўлса, «ғарийби мутлақ» дейилади. Яъни, ривоятнинг аслида, бошланишида бир киши ривоят қилган бўлса, ҳадис «мутлақ ғарийб» деб аталади. Бошқача қилиб айтганда, ҳадисни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир дона саҳобий ривоят қилган бўлади.

Унинг мисоли: 

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади», – дедилар». 

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан санаднинг аслида Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар, холос. Ушбу тафарруд, яъни ҳадисни битта одамнинг ривоят қилиши гоҳида санаднинг охиригача кетиши ҳам мумкин ёки биринчи табақада битта бўлса-да, иккинчи табақада ровийларнинг сони кўпайиб кетиши ҳам мумкин.

2. Нисбий ғарийб ёки фарди нисбий.

Унинг таърифи:

Ҳадис санадининг давомида ғарийблик пайдо бўлса, яъни, ровий битта бўлиб қолса, «тафарруди нисбий» ёки «ғарийби нисбий» дейилади. Ривоятнинг аслида, яъни бошланишида биттадан кўп ровий ривоят қилган, лекин санадининг давомида, бирор табақага келганда, битта ровий бўлиб қолган бўлса, ҳадис «нисбий ғарийб» деган номни олади.

Унинг мисоли:

Моликдан, у Ибн Шиҳоб Аз-Зуҳрийдан, у Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага фатҳ куни бошларида дубулға билан кирдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 

Бу ҳадиснинг аслида, яъни бошида Анас розияллоҳу анҳу борлар ва у киши билан бошқалар ҳам бу ҳадисни ривоят қилганлар. Анас розияллоҳу анҳудан кейин Зуҳрий ва яна бошқалар ҳам ривоят қилишган. Лекин Зуҳрийдан ривоят қилган фақат Моликдир. Ҳадис санадининг давомида, учинчи табақада ровий ёлғиз – фард бўлиб қоляпти. Шунинг учун буни «ғарийби нисбий» ёки «тафарруди нисбий» дейилади. Бу турдаги ҳадиснинг тафарруди – ёлғизланиши тайинли бир шахсга нисбатан бўлгани учун «нисбий ғарийб» деб аталади. 

Нисбий ғарийбнинг турлари 

Ғарийби нисбийнинг турлари бир неча хил бўлади. Уни ғарийби нисбий санаш ғаробатлар мутлақ бўлмагани учун бўлади. Бошқача қилиб айтганда, ғаробатнинг ҳосил бўлиши муайян нарса учун бўлади. Унинг турлари кўпдир.

1. Сиқага (ишончли ровийга) нисбатан ғарийблик ҳосил бўлиши. 

Бу турдаги ҳадисни баҳолашда муҳаддислар: «Бу ҳадисни фалончи сиқадан бошқаси ривоят қилмаган», дейишади. Ўнта, ўн бешта ровий бир ҳадисни ривоят қилишган. Аммо уларнинг ичида фақатгина биттаси сиқа, қолганлари сиқа эмас. Демак, ҳадиснинг ровийлари ичида ёлғиз сиқа бўлгани учун, уни «сиқага нисбатан ғарийб ҳадис» дейилади.

2. Муайян ровийдан муайян ровий ёлғиз ўзи ривоят қилгани учун ғаробат бўлади. «Бу ҳадисни фалончи ёлғиз ўзи фалончидан ривоят қилган», деб битта одам айтилмоқда. Агар бошқа тарафдан ривоятлар бўлган бўлса ҳам, эътиборга олинмаяпти. 

3. Шунингдек, бир юртнинг аҳли ёки бир тарафнинг аҳлига нисбатан олганда ҳам тафарруд – ғарийб бўлиши мумкин. Мисол учун, бу ҳадисни Макка аҳли ёки Шом аҳли тафарруд қилган, деб айтилиши мумкин.

4. Бир юртнинг ёки тарафнинг одамлари, бошқа юртнинг ёки тарафнинг одамларидан ривоят қилганига нисбатан ҳам ғарийб бўлиши мумкин экан. Мисол учун, бу ҳадисни аҳли Басра аҳли Маккадан ёлғиз ўзлари ривоят қилган. Ёки аҳли Шом аҳли Ҳижоздан ривоят қилган бўлиши мумкин, лекин бу жуда ҳам оздир.

 Ғарийбнинг яна бошқа бир тақсими

Уламолар ғарийб ҳадисни санади ёки матни жиҳатидан қуйидаги турларга тақсимлайдилар.

1. Ҳам санади, ҳам матни ғарийб бўлган ҳадис.

Бу турдаги ҳадиснинг матнини фақат битта ровий ривоят қилган бўлади.

2. Фақат санади ғарийб, матни ғарийб эмас ҳадис. 

Бу турдаги ҳадиснинг матнини бир жамоа саҳобалар ривоят қилган бўлади. Шу билан бирга, худди ўша ҳадисни бир киши ёлғиз ўзи бошқа саҳобийдан ривоят қилади. Мана шундай ҳадисни имом Термизий: «Мана бу тарафдан ғарийбдир», дейди. 

Ғарийб ҳадислари кўп деб гумон қилинган китоблардан:

а) Баззорнинг «Муснад» китоби; 

б) Тобаронийнинг «Мўъжамул авсат» деган китоби.

Ғарийб ҳадислар борасида таснийф қилинган энг машҳур китоблар: 

а) Дорақутнийнинг «Ғароибу Молик» китоби;

б) Дорақутнийнинг «Афрод» китоби; 

в) Абу Довуд Сижистонийнинг «Ас-Сунан аллатий тафаррода бикулли суннатин минҳа аҳлу балда» китоби. 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир илмда бўлгани каби .Мусталаҳул ҳадис, илмида ҳам ўзига хос атамалар, таърифлар ва тушунчалар бор. Мазкур нарсаларни яхшилаб тушуниб олиш бу илмнинг қоида давоми...

7015 16:13 / 18.04.2017
Худди саҳиҳ ҳадисга ўхшаб, ҳасан ҳадис ҳам икки турдан иборат.1. Ҳасан лизатиҳи ndash ўзи ҳасан бўлган ҳадис.2. Ҳасан лиғойриҳи ndash ўзидан бошқа ила ҳасан ҳадис.Ҳасан давоми...

6573 11:20 / 18.04.2017
Ислом оламидаги умумий тушкунлик, жумладан, исломий илмлардаги тушкунлик даврида бошқа барча илмлар қатори ..Мусталаҳул ҳадис,, илми ҳам эътиборсиз қолди. Эски давоми...

4016 16:13 / 18.04.2017
Оҳод хабар машҳур бўлсин, азиз бўлсин ёки ғарийб бўлсин, қуввати ва заифлигига қараб иккига бўлинади 1. Мақбул..Мақбул хабар, хабар берувчисининг содиқлиги устин давоми...

4585 16:17 / 18.04.2017