1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Усулул фиқҳ (дарслар)

Усулул фиқҳнинг таърифи

11:52 / 18.04.2017 3348 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тарийқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Истинбот» сўзи луғатда «ер қаъридан сув чиқариш» маъносини англатади. Дийний илмларда эса, шаръий далиллардан шаръий ҳукмларни чиқариш «истинбот» дейилади.
«Усулул фиқҳ» илми уламоларининг диққат-эътиборини доимо ўзига жалб қилиб келган. Улар бу соҳада ҳанузгача ўз қийматини йўқотмаган кўплаб асарлар таълийф этдилар.
Аввало, «Усулул фиқҳ» қандай маъно англатади, деган саволга жавоб ахтарайлик. «Усулул фиқҳ» бирикмаси икки сўздан иборат: «Усул» – асос, далил; «фиқҳ» – аниқ тушуниш.
Уламолар истилоҳида эса, «Усулул фиқҳ» қуйидагича изоҳланади:
Батафсил далил-ҳужжатлардан шариатнинг амалий аҳкомларини истинбот этиш қоидаларини ўргатувчи илм «Усулул фиқҳ»дир. 
Ушбу таърифни яхшилаб ва тафсилотлари билан ўрганиб олсак, «Усулул фиқҳ» илми ҳақийқатини англаб етишимизга ёрдам беради, десак муболаға бўлмайди.
«Батафсил далил-ҳужжатлар» иборасидан мурод жузъий далил-ҳужжатлардир. Яъни, умумийнинг тескариси. Демак, далил-ҳужжатлар умумий ва батафсил, яъни жузъийга бўлинади.
«Умумий далил» дейилганда бутун бошли бир масалани қамраб оладиган, якка-ёлғиз ҳукмга боғланиб қолмаган далиллар англанади. Мисол учун, Қуръон, Суннат, Ижмоъ ва Қиёс шариатнинг далиллари, дейилади. Шунингдек, мазкур умумий-ижмолий далилларда келган ва умумийликни ифода этадиган далилларнинг «омм» ва «хос» каби турларини ҳам «умумий» далил дейилади.
Жузъий далил эса, махсус якка масалага боғлиқ бўлади. Уларнинг ҳар бири алоҳида ёлғиз нарсанинг ҳукмини билдиради.
Мисол учун, Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида бундай деб марҳамат қилади: «Сизларга оналарингиз ҳаром қилинди» (32-оят). Ушбу ояти карима тафсилий – жузъий далилдир. Чунки, у махсус бир дона масала – оналарга уйланиш масаласига боғлиқ бўлиб, у ишни қилиш ҳаром эканини ифода қилмоқда.
Далил-ҳужжатлардан шариат аҳкомларини истинбот этиш уламолар ишлаб чиққан қатъий қоидалар асосида амалга оширилади.
«Усулул фиқҳ» илми билан шуғулланувчи олимни «усулий» дейилади. Мазкур қоидаларни усулий олим ишлаб чиқади. Усулий олим қоидани қандай ишлаб чиқишини тасаввур этиш учун қуйидагиларни фараз қилайлик. Усулий олим қўлига Қуръони Каримни олиб ўта диққат билан ўргана бошлайди.
Бас, у Аллоҳ таолонинг «Бақара» сурасидаги: «Намозни қоим қилинг!» (43-оят) деган қавлини ўқийди. Унда амр-буйруқ майлида келган феълга биноан, намоз ўқиш фарз бўлган экан, деган хулосани чиқаради.
Кейин яна «Бақара» сурасидаги ва юқоридаги оятдаги: «Закотни беринг!» деган амр-буйруқни ўқийди. Унда амр-буйруқ майлида келган феълга биноан закот бериш фарз бўлган экан, деган хулосани чиқаради.
Сўнгра Аллоҳ таолонинг «Ҳаж» сурасидаги: «Роббингизга ибодат қилинг ва яхшилик қилинг! Шоядки, нажот топсангиз» (77-оят) деган ояти каримани ўқийди. Унда амр-буйруқ майлида келган феълга биноан, Аллоҳ таолога ибодат ва яхшилик қилиш фарз бўлган экан, деган хулосани чиқаради.
Охири келиб, «Ҳар бир амр-буйруқ фарзни тақозо қилади», деган қоидани чиқаради.
Усулий олим Қуръони Каримни синчковлик билан ўрганишни давом эттиради. У, Аллоҳ таолонинг «Ҳужурот» сурасидаги: «Эй, иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир» (11-оят) деган қавлини ўқийди.
Унда наҳй – қайтариқ майлида келган феълга биноан бировни масхара қилиш ҳаром бўлган экан, деган хулосага келади.
Кейин Аллоҳ таолонинг «Бақара» сурасидаги: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (188-оят) деган ояти каримасини ўқийди ва ундан наҳй – қайтариқ майлида келган феълга биноан, бировнинг молини ботил йўл билан ейиш ҳаром қилинган экан, деган хулосага келади.
Сўнгра у Аллоҳ таолонинг «Анъом» сурасидаги: «Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг!» оятини ўқийди ва наҳй – қайтариқ майлида келган феълга биноан, бировни ноҳақдан ўлдириш ҳаром қилинган экан, деган хулосага келади.
Охири келиб, «Ҳар бир наҳй – қайтариқ ҳаромни ифода қилади», деган қоидани чиқаради.
Қоида жузъий ҳукмларни ўз ичига олган умумий тизимдир. Масалан: «Буйруқ вожиб учундир ва қайтариқ ҳаром учундир» деган қоида каби.
Аллоҳ таолонинг «ва намозни қоим қилинглар ва закотни адо этинглар» деган сўзи намознинг ва закотнинг фарзлигига далолат қилаяпти.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ ҳаром қилган нафсни ўлдирманглар, магарам ҳақ билан» ва «зинога яқинлашманглар» деган сўзлари душманни қасдан ўлдиришлик ва зинонинг ҳаром эканлигига далолат қилаяпти.
Мужтаҳид ўзидаги ижтиҳод малакаси билан ана шу қоидаларни ишга солиб, шаръий ҳукмларни фаҳмлашга ва шаръий далиллардан фойдаланишга йўл топади.
Аҳкомлар, яъни шаръий ҳукмлар истинбот-шаръий далиллардан шаръий ҳукмларни чиқариш амалиётининг самарасидир. У, шариатда, асосан, мукаллаф – ибодат қилиши лозим бўлган бандаларнинг амалларига боғлиқ бўлган нарсадир.

Ҳанафий мазҳаби бўйича шаръий ҳукмлар «фарз», «вожиб», «суннат», «ҳаром», «макруҳи таҳримий», «макруҳи танзиҳий» ва «мубоҳ»ларга тақсимланади.
1. Фарз.
Шариат қилишни жазм ила шубҳасиз ва қатъий далил билан талаб қилган иш фарздир.
Бунга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:
Қуръони Карим ила собит бўлган фарз амалга Исломнинг беш рукнига ўхшаш амаллар киради.
Мутавотир ва машҳур суннат ила собит бўлган фарзга намозда қироат қилиш мисол бўлади.
Ижмоъ ила собит бўлган фарзга тўрт хил таом – буғдой, арпа, хурмо ва тузларнинг баъзиларини баъзиларига насияга сотиш ҳаромлигини мисол келтириш мумкин.
Фарз амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Фарз амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Фарзни инкор қилган кофир бўлади.
2. Вожиб.
Шариат қилишни жазм ила, аммо қатъий бўлмаган далил билан талаб қилган амал вожибдир.
Фитр садақаси, Витр намози ва икки ийд намозлари каби амаллар вожиб амаллардир.
Вожиб амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Лекин вожибнинг савоби фарзникидан озроқ бўлади.
Вожиб амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Лекин унинг иқоби фарзни қилмаганнинг иқобидан озроқ бўлади. Вожибни инкор қилган кофир бўлмайди.
Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар фарз ва вожибни бир нарса деб тушунадилар ва иккисини қўшиб «вожиб» деб атайдилар.
Аммо Ҳанафий мазҳаби юқоридаги дақиқ фарқни эътиборга олиб, иккисини алоҳида ҳукмлар деб билади.
3. Суннат.
Шариат қилишни жазм бўлмаган ҳолда талаб қилган, уни қилган одам савоб олиб, қилмаган мазаммат қилинмайдиган амал «суннат» дейилади.
Бунинг мисоли: қарз олди-бердисини васиқа сифатида ёзиб қўйиш ҳақидаги ҳукм.
Суннат амални қилган одам савоб олади. Уни тарк қилган одам иқоб қилинмайди. Ундай киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маломатларига ва итобларига қолиши мумкин.
Ҳанафийлардан бошқалар суннатни «мандуб», «нафл», «мустаҳаб», «татоввуъ», «эҳсон» ва «ҳасан» каби номлар билан ҳам атайдилар.
Ҳанафийлар эса, суннат билан мандуб ва мустаҳабнинг орасида фарқ бор, дейдилар.
Суннат таъкидланган амал бўлиб, дийнда лозим бўлмаган аммо уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда қилиб юрганлар ва аҳёнда узрсиз тарк қилгандирлар.
Мандуб ёки мустаҳаб эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий қилмаган амаллардир.
Ҳанафийлар суннатни бир неча турга тақсимлайдилар:
1. Суннати муаккада. Жамоат намози каби амаллар.
2. Суннати машруъа. Душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутишга ўхшаш амаллар.
3. Суннати зоида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг емоқ-ичмоқлари, кийинишлари, юришлари, ухлашларига эргашмоққа ўхшаш ишлар.
4. Ҳаром.
Шариат тарк қилишни шубҳасиз қатъий далилга суяниб жазм ила талаб қилган нарса ҳаромдир.
Одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино ва ўғрилик қилиш кабилар.
Ҳаромдан четда бўлиш фарздир.
Уни қилган одам уқубатга сазовор бўлади.
Ҳаромни «маъсият», «гуноҳ» каби исмлар билан ҳам аталади.
Ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади.
5. Макруҳи таҳримий. (Ҳаром ҳисобланадиган макруҳ).
Шариат қатъий бўлмаган далил ила (яъни, оход хабарларга асосан) тарк қилишни жазм ила талаб қилган нарса макруҳи таҳримий бўлади. Бунга бировнинг савдоси устига савдо қилиш ёки совчилиги устига совчилик қилиш, эркакларнинг ипак ёки тилло истеъмол қилиши каби ишлар мисол бўлади.
Ҳанафийларда «макруҳи таҳримий»ни қисқа қилиб «макруҳ» деб қўйилади. Уларнинг наздида макруҳи таҳримий ҳаромга жуда яқин нарса ҳисобланади. Аммо, уни инкор қилган киши кофир бўлмайди.
6. Макруҳи танзиҳий. (Озодалик макруҳи.)
Шариат тарк қилишни жазм бўлмаган ва уқубат тайин қилмаган ҳолда талаб қилган нарса макруҳи танзиҳийдир. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сувдан тоҳарат қилиш, суннати муаккада ишларни тарк қилишлар мисол бўлади.
Макруҳи танзиҳийни тарк қилган одам савоб олади. Уни қилган одам иқобга учрамаса ҳам, маломатга қолади.
7. Мубоҳ.
Шариат томонидан мукаллаф кишига қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган нарса мубоҳдир. Емоқ ёки ичмоққа ўхшаш нарсалар. Ҳаромлиги ёки манъ қилингани ҳақида ҳукм келмаган барча нарсалар мубоҳдир.
Мубоҳ нарсани қилганга ҳам, қилмаганга ҳам савоб ҳам, итоб ҳам йўқ. Аммо, мубоҳ нарсани қилмаслик ҳалокатга олиб борадиган бўлса, уни қилиш вожибга айланади. Мисол учун, таом емаслик ўлимга сабаб бўладиган бўлса, уни емоқ вожибга айланади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Зароиъ, сўзи луғатда .зарийъа,нинг жамъи бўлиб, бир нарсага етиш учун васийла бўладиган нарсага айтилади.Усулул фиқҳ уламолари наздида эса, у бирор манъ қилинган давоми...

4895 22:00 / 18.04.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин у зотнинг саҳобалари Қуръони Каримда ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам давоми...

4759 22:07 / 18.04.2017
Таърифи, арконлари, ҳужжатлиги, шартлари, иллат маслаклари ва қисмлари..Қиёс, сўзи луғатда .бир нарсани бошқаси билан ўлчаш,, яъни .бирон нарсанинг ўлчовини билиш, давоми...

5922 22:06 / 18.04.2017
Усулулфиқҳ илми хулофои рошидинлар ва улардан кейинги саҳобалар давридаги ижтиҳод ҳаракати пайтида юзага келди. Саҳобалар бирndashбирларидан янги пайдо бўлган давоми...

5077 16:53 / 18.04.2017