1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

ИБОДАТ – Аллоҳга қулликдир

05:00 / 09.01.2017 6120 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом динида намоздан муҳимроқ, ундан улуғроқ ва аҳамиятлироқ бошқа ибодат йўқ. Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: «Намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур» (Анкабут,  45).          Аллоҳ таоло яна айтади: «Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида  (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир» («Мўминун», 1-2); «Мунофиқлар ... қачон намозга турсалар, дангасалик билан, одамлар кўрсин деб турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар» (Нисо, 142).

Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган ҳадисларда бундай дейилади: «Ислом беш нарса устига қурилган: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» калимаси, намозни адо этиш, рамазон рўзасини тутиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш». Расули акрамдан: «Қайси амал афзал (Аллоҳга маҳбуброқ) деб сўрашганида: «Вақтида ўқилган намоз», деб жавоб берганлар. (Имом Бухорий ва Муслим). Намознинг фазилати, унинг эвазига бериладиган ажр-мукофотлар ҳақида Сарвари коинотдан бошқа яна ўнлаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган: «Бир киши билан ширк ва куфр орасидаги фарқ намозни тарк қилишдир» (Имом Муслим); «Қиёмат куни банданинг биринчи бўлиб ҳисоб қилинадиган амали намоздир» (Имом Термизий); «Қайси бир мусулмон намоз ўқиб, у билан Аллоҳнинг розилигини талаб қилса, гуноҳлари худди дарахтнинг барги тўкилгандек тўкилиб кетади» (Имом Аҳмад).

Намоз мўминга нажот ва паноҳдир, дардига малҳамдир. Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, қачон Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бошларига бирор ташвишли иш тушса, кечада кучли шамол бўлса, қуёш ёки ой тутилса, бирор ҳодиса юз берса, бошпаналари масжид, ибодатлари намоз бўлиб қолган.

Намоз руҳ озуқаси, қалб жароҳатининг шифоси, нафснинг жиловидир. Намоз қийналганларга ёрдам, хавфдагиларга омонлик, заифларга қувват, қуролсизларга қалқондир. Намоз бандани дили ва вужуди билан боғлайдиган ибодатдир. Намоз иймоннинг аломати, қабрни пурнур этувчи зиё, охиратда дўзахдан пана этувчи, бандани ёмонлик, гуноҳлардан қайтарувчи энг яхши даводир.

Бизларнинг эса намоз ўқимаслик учун узрларимиз, баҳоналаримиз, сабабларимиз кўп. Биримизга  «нега намоз ўқимайсиз?» дейилса, «Нима учун намоз ўқишим керак?» деб қарши савол берамиз ёки «намоз ўқимасам ҳам виждоним тоза, ўзганинг ҳақини емайман, ҳаммага яхши муомала қиламан, доимо яхшилик, хайр-эҳсонни унутмайман» деб тасалли ахтарамиз.

Ваҳоланки, дунёда ҳамма нарса ҳисоб-китобли эканини яхши биламиз. Биров зиёфатга таклиф этса ёки ҳадя берса, кўнглимизда: «Эвазига нима сўраркин?, Менда қандоқ юмуши бор экан?», деган шубҳалар ғимирлайди. Бировдан қарз олсак, муддати етиши билан уни қайтариш ҳақида бош қотира бошлаймиз. Бир мардикор устани ишлатсак, кетиши олдидан ҳаққини адо этишимиз керак Ўзимиз хам ишхонадаги меҳнатимиз учун маош тўланиши сал кечикса, жанжал кўтарамиз, ҳатто судлашиб ундириб оламиз.

Энди бир тасаввур қилиб кўринг: Аллоҳ таоло бизларни зулумотдан ёруғ дунёга келтирган бўлса, яшашимиз учун бу заминни, бағри тўла хазина тоғларни, нафас олишимиз учун мусаффо ҳавони, ичишимиз учун зилол чучук сувни, емишимиз учун ҳайвон, парранда, балиқларнинг ширин гўшти ва сутини, арининг болини, анвойи, шириндан-шакар мева-набототларни яратиб бериб қўйган бўлсаю, эвазига ҳеч нарса тўламай қочиб юраверсак, адолатдан бўлармикин? Бизни соғ-саломат, ҳамма аъзоларимизни бекаму кўст, уйли-жойли, оилали, фарзандли, давлатли қилиб қўйган бўлсаю бунинг эвазига Аллоҳга шукримизни, муҳаббатимизни, қуллигимизни изҳор этмасак, инсофдан бўлармикин? Буларнинг ҳаммаси фақат намоз билан адо бўлади. Беш вақт намоз ўқибгина  Аллоҳнинг розилигини топамиз. Топибгина қолмай, яна Унинг охиратдаги мукофотига – жаннатга эришамиз. Намоз бир инсоннинг мусулмон эканига ишоратдир. Намоз покликдир, шукрдир, маданиятдир, сиҳатдир, охиратдан умидворликдир. Намоз қалбларнинг нури, кўзларнинг сурури, икки дунё саодатининг зуҳуридир.

Ҳатто мусулмон бўлмаган инглиз ёзувчиси, Нобел мукофоти соҳиби Бернард Шоу: «Мусулмонларнинг намози икки мингинчи  йилда дунё тиббий Академияси профессорларининг дори тавсияномаларидан  жой олади», деган.

Биримиз ишимиз кўплиги, рўзғор ташвишлари, бола-чақа муаммоларидан бўшамаётганимизни баҳона қилиб, намоз ўқишга вақт етишмаётганидан зорланамиз.  Бировимиз «Нафақага чиқиб олсам, қизимни узатиб олсам, манави ишимни битириб олсам», деган сон-саноқсиз  важ-карсонларни рўкач қилиб, намозни бошлашни пайсалга соламиз, орқага сурамиз. Гўёки  ана шу ишни қилгунча ёки нафақага чиққунча умр кўришимизга Аллоҳ кафолат бериб қўйгандай...  Гўёки  ажал бу юмушларимизни битириб, пешонамиз саждага тегишини кутиб турадигандай...

Ёки баъзиларимиз намоз ўқишга шароит топилмаётганини, таҳоратга иссиқ сув йўқлигини, масжиднинг совуқлигини, яна аллақанча нарсаларни дастак қилиб намоз ўқишдан бўйин товлаб юрибмиз. Аммо товуқнинг катагидай тор, шароити йўқ кулбаларда яшаган ота-оналаримиз бузуқ ҳаволарда, зах ва зимистон ҳужраларда намоз ўқишган. Қаҳратон қиш кунлари икки-уч чақирим наридаги анҳорга бориб, музни тешиб таҳорат қилишган. Йўлдами, чўлдами, сафардами – намозларини вақтида адо этишган, қазо қилишмаган. Ҳозирги пайтда баҳаво, ёруғ уйларда яшаб, уст-бошимиз,  емагимиз етарли бўлиб, таҳоратга иссиқ-совуқ сувга эга ҳолда яна намозга эринсак, Аллоҳга қулликда бепарволик қилсак, асло узрли эмасмиз.

Гоҳида соғлиғимизнинг яхши эмаслигидан, ибодат чоғида ўтириб- туролмаётганимиздан ёки кун бўйи далада, боғда, кўчада тирикчилик  ўтказаётганимиздан ёхуд кимларнингдир зуғумидан қўрқишимиздан намоз ўқимасликка баҳона ахтарамиз. Ваҳоланки, динимизда узлуксиз бурни қонайдиган, таҳоратини тута олмайдиганлар ҳам намоздан озод қилинмаган: улар узрли киши сифатида намоз ўқишади. Кексалик- қартайганлик, оғир хасталик, жисмоний нуқсон  ҳам намоз ўқишга монеъ бўлолмайди: динимиз бундайларга ўтириб, имо-ишора билан, ҳатто ёнбошлаб, чалқанча ётиб намоз ўқишни тавсия этади. Агар  кийим топа олмай яланғоч қолсангиз, ўтирган ҳолда бош ҳаракатлари билан намоз ўқийсиз. Фақат аёлларга ҳайз ва нифос пайтида, беҳушларга ва мажнунларга тузалгунларича намоз ўқимасликка рухсат бор. Ҳаттоки, Умму Мактум исмли саҳобий икки кўзлари ожизлигидан, етакловчилари йўқлигидан масжидга – жамоат намозига келмасликка Расулуллоҳдан (с.а.в.) ижозат сўраганларида, у зот: «Азонни эшитасанми, жамоатга келишинг шарт», деб рухсат бермаганлар. Жамоат намозининг ҳукми шунчалик қаттиқ бўлгач, умуман намоз ўқимасликка  қандоқ баҳона топиш мумкин.

Чунки дунёда ҳаётида намоздан жиддийроқ, муҳимроқ бир иш, бирор вазифа йўқдир. Намоз бандаликнинг, Аллоҳга ишонишнинг эътирофидир. Аллоҳни севишнинг, эҳтиром қилишнинг ифодасидир. Намоз кибр ва нафс чопонини отиб, қуллик либосини кийиш кайфиятидир. Мусулмонни ғайримуслимдан айирадиган энг катта аломатдир. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг тарк этилишига изн берилмаган.

Шундай, «мусулмонмиз» деймизу аммо намоз ўқимай, «бир куни бизга ҳам инсоф кириб қолар», «нафақага чиқсам албатта бошлайман», «мен ҳамма жиҳатдан яхшиману фақат намоз ўқимайман-да» қабилидаги  гаплар билан ўзимизни алдаб-овутиб юрибмиз. Мусулмонлик деганда, иймон, намоз қолиб бошқа нарсаларни тушуниб қолганмиз, ўзимизни залолатга солганмиз. Намознинг энг муҳим ибодат эканига ишонмасликдан бенамозликнинг даҳшатли оқибатларини менсимаслик сари юз бурганмиз.

Иймонни озиқлантириб, куч бериб, янгилаб турадиган нарса намоздир, ибодатдир, илмдир, ахлоқдир. Уларсиз иймон қалбнинг бир четида чирийди, маъносиз, сохта, тақлидий бир нарсага айланади, ҳаттоки ўлади. Ана шундай «иймони»га ишониб, «қалбим пок» дея намозини тарк этганлар қуриб қолган чўпни гул деб кўтариб юрган ақлсиз кимсага ўхшамайдиларми? Иймонимизни  ибодат билан безаб, фоний дунёдаги умримизни Аллоҳга қулликда, итоатда, ибодатда ўтказиш фурсати етмадими?!

Қиблага юзланиб ибодат бошлаган инсон энг буюк Зот, ҳамма нарсага қодир Ҳукмдор, замину осмонлар, барча жонли ва жонсиз мавжудотлар, борлиқ ва замонларнинг ягона Хожасига сиғинади. Дунёнинг ҳамма нарсасини унутади. Унинг ҳашам-зийнатлари, лаззат-фароғатлари, мол-дунёси ва муносабат-муомалаларидан батамом узилади. Улуғ Парвардигор ҳузурида ҳокисор, ожиз, нотавон қул каби ёлбориш, шикаста диллик туйғуларига ғарқ бўлади. Чин юракдан, тенгсиз бир ихлос билан Унга қулликни бажо келтиради. Шунчалик қудратли, шунчалик буюк Зот ҳузурида турганини, ўзини қум заррасидан ҳам майда, капалак боласидан ҳам ожиз, майин шаббода пирпиратиб учириб-ўйнаб юрган бир хасдан ҳам қадрсиз махлуқ каби ҳис этади. Ўзини фано саҳросида адашиб-улоқиб, йўлини топа олмай тентираб юрган жулдур кийимли, ялангоёқ, қадди букилган ғариб кимсадай тасаввур қилади. Вужуди кузакдаги япроқ каби титрайди. Кўз ёшлари асло тинмайди. Тили Аллоҳга ҳамд, шукрона айтишдан толмайди. Шу тарзда иймоннинг бошқалар тасаввур ҳам қила олмайдиган бир ҳаловатини, ажиб бир лаззатини топади. Уни ҳеч бир нарсага, дунёнинг бирор матосига ўхшатиб, тенглаб бўлмайди. Бир китобда ёзилганидай: жулдур жанда кийган, нафсининг барча ором-лаззатларидан воз кеча олган сўфийлар: «Биз шунчалик роҳат-фароғатдамиз-ки, агар буни ҳукмдорлар билиб қолишса, эгнимиздаги жулдур кийимларга эга бўлиш учун бизга уруш очган бўлишарди». 

Бу оний ҳаловат чўққисини забт этиш осон бўлмайди. Рад қилишлар, кескин инкорлар, тушунмовчиликлар, руҳий танбалликлар, шайтони лаъиннинг ҳар қадамдаги тинимсиз васвасаларидан қутулиш енгил кечмайди.  Залолатни таниш ҳидоят сари ташланадиган қадамнинг  ибтидосидир. Охират манзилига осонликча етиб бўлмаслиги, Аллоҳнинг висолию жаннат неъматларига мушаррафликнинг баҳоси жуда қиммат экани ҳақ!

Ишқ-муҳаббат ҳамманинг қалбига ҳам у ёки бу йўсинда макон қуради. Севган ёримизнинг кўнглини овлаш учун эс-ҳушимиздан айриламиз. Юрсак ҳам, турсак ҳам фикри-ёдимиз унда бўлиб қолади. Висолига етиш учун уйқу, ҳузур-ҳаловат, емоқ-ичмоқ ва бор-будимиздан воз кечишга тайёр турамиз. Ошиқликнинг қисмати, таомили–шу! Аллоҳни севиш учун эса маъшуқага етишмоқ машаққатларидан кўра кўп куч-ғайрат сарфлаш керак бўлади. Чунки Аллоҳ ниҳоятда гўзал! Унинг жамолига мушарраф бўлиш йўллари эса узун ва қийинчиликларга тўла. Унинг васлини орзулаган инсон бунга фақат чинакам қуллик ва тоат-итоат билангина эришади. Унга юкуниш орқалигина улкан саодат ва лаззат-ҳаловатнинг олий мақомини топа олади.

Аллоҳ таоло бизнинг ибодатларимизга, сиғинишларимизга муҳтож эмас. Унга ибодат қилувчи, сиғинувчи махлуқлар беҳисоб. Агар истаганида инсонларни ҳам фаришталар каби итоаткор ва бегуноҳ қилиб яратган бўлур эди. Аксинча Унга юкунишга, Унинг раҳмат ва марҳаматига бизлар кўпроқ муҳтожмиз. Аллоҳ таоло шунчалик меҳрибонки, хоҳлаган пайтимизда, ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз Ўзининг ҳузурига киришга, ҳузурида истаганча туришга ижозат бериб қўйган. Жойнамоз устида қўлларимизни кўтариб, «Аллоҳ акбар» дейишимиз билан Аллоҳнинг олий ҳузурига кирамиз ва хоҳлаганимизни сўрай оламиз. Бандалик саодати ва иймон ҳаловати қанчалар улкан неъмат эканини намозда кашф бўлади…

Мўмин-мусулмон учун намоздан кейинги аҳамиятли вазифалардан яна зикруллоҳ, яъни ҳар ерда, ҳар вақтда, ҳар ҳолатда Аллоҳ таолонинг зикрини қилиш, Ундан гуноҳларимизга мағфират тилаш, берган неъматларига шукр қилиш ҳақида ҳам гапиришга тўғри келади. Кўпларимиз намоз каби зикруллоҳга бепарвомиз, қанча-қанча вақтни беҳуда совурсак-да Аллоҳни эслаш, Унга ҳамд ва шукр айтиш хаёлимизга келмайди.

Энг аввало водий қишлоқларидан бирида содир бўлган воқеани келтириб ўтай: Қўшни бола ҳовлиқиб чиқиб, бобосининг аҳволи оғирлашганини, уйда ҳеч ким йўқлигини айтди. Ортидан югурдим. Кирсам, тўқсонга яқинлашиб қолган Қурбон ота кўзини шифтга қадаб, хириллаб оғир нафас олиб  ётибди. У кўпдан буён бемор: бир қўл-оёғи шол, қон босими баланд, юраги хаста эди. «Дўхтир чақирайми?» деб сўрадим. У соғ қўлини мажолсиз силтади. Беморнинг ранги ҳар қачонгидан оқарган, кўзларидан нур кетган. Аҳволни тушуниб, аста иймон калималарини айта бошладим. У эса парво қилмай, ютоқиб нафас олар, орада тинмай «бемеҳр», «ноқобил» ўғилларини қарғаб сўкинар эди.

Қурбон отанинг бадфеъллиги, тошбағирлиги, оғзи шалоқлиги туфайли фарзандларнинг кириб-чиқиши камайгани тўғри. Умр бўйи гоҳ мол бозорида даллол, гоҳ қассобчилик қилган Қурбон ота қариганида ҳам ўнгланмади. Пешонаси сажда кўрмади. Аллоҳни фақат бошига мушкулот тушганида эслади. Ҳозир ҳам кўз ўнгимда жон таслим қиларкан, оғзидан чиққан охирги сўзи «кўрнамаклар, аблаҳлар» бўлди...

Иккинчи воқеа эса мана бундай: Шаҳар кўчаларидан бирида автомобил фалокати рўй берди. Ёшгина ҳайдовчи йигит бирор нарсага чалғиб қолганми ёки машинани бошқаролмай қолганми, йўл четидаги бетон устунга бориб урилибди. Йўловчилар дарров ёрдамга шошилишди. Қисиб қолган рул орасидан бемажол танани аранг суғуриб олишди. Нималардир деб пичирлаётган ҳайдовчини ерга ётқизишлари билан жони узилди. Унинг сўнгги сўзи магнитофондан берилаётган ашуланинг «Қайлардасан, санамгинам?» деган жумлалари бўлди...

Ана шу воқеалардан хулоса битта: Бу дунёда барчамиз меҳмонмиз. Ҳаммамиз бир куни бу оламдан кўчамиз. Ҳеч кимга: «Сен фалон куни, фалон ҳолатда ўласан», деб ҳужжат берилмаган. Ҳеч ким охират оламига қандай кетишини олдиндан билмайди. Шундай экан, ўлим соати яқинлашганида тилларимиз «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтиб турмоғи учун бу дунёда ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлишимиз лозим. Акс ҳолда, умримиз юқоридаги воқеалардаги каби ёмон хотималаниб қолиши мумкин, Аллоҳ сақласин!

Қуръони каримда Аллоҳ таоло: «Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Мени инкор этмангиз» (Бақара, 152), дея амр этган.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлим фариштаси ўлаётган кишининг олдида ҳозир бўлиб, унинг қалбига назар солади. Қалбидан ҳеч нарса топмайди. Сўнгра унинг иккала жағини очиб, тилининг «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган ҳолда танглайига ёпишиб қолганини кўради. Ихлос калимаси туфайли бу банда мағфират қилинади» , деганлар (Байҳақий ривояти). Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом), асҳоби киром (розийаллоҳу анҳум) ва солиҳ салафларимизнинг тиллари ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан банд бўлган. Шунинг учун ҳам у зотларнинг ўлим олдидан айтган охирги сўзлари Аллоҳга илтижо, тазарру, ҳамд-шукрона бўлди.

Сарвари Коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим олдидаги сўнгги нафасларида: «Ал-Рафиқ ул-аъло» (Энг олий Рафиқим Аллоҳ) дедилар, сўнгра «намоз, намоз» дея умматни ибодатга чақириб, жонни Эгасига топширдилар.

Биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқнинг (р.а.) охирги сўзлари «Мутлақ куч ва қудрат Ўзинггагина хосдир, Аллоҳим!» бўлди.

Ҳазрати Усмон ибн Аффоннинг (р.а.) жон чиқар пайтдаги сўзларига эътибор қилинг: «Каъбанинг Парвардигорига қасамки, булар менинг шаҳидлигимга гувоҳдир!».

Муҳаммад ибн Алидан ривоят қилинишича, жонларига хаворижлар қасд қилганидан кейин Ҳазрати Али (к.в.) охирги нафасларигача «Ла илаҳа иллаллоҳ»дан ўзга сўзни тилга олмадилар.

Халифа Муовия ибн Абу Суфён ўлим онларида: «Кошкийди оддий қурайшлик кишилардан бўлиб қолсам, кошки бу вазифада ишламасам эди», деб ўз мансаб-мавқеларидан изтироб чекканлар.

Халифа Умар ибн Абдулазиз ўлим онида: «Аллоҳим, дийдорингни Умарга хайрли қил! Ла илаҳа иллаллоҳ» деб туриб жон таслим қилганлар.

Улуғларнинг сўнгги дамдаги сўнгги каломлари фақат Аллоҳнинг зикри, тавҳид калимаси бўлган. Хотималари, оқибатлари шундай бўлиши учун умр бўйи тайёргарлик кўришган. Ҳар қадамда, ҳар бир ҳолатда –ётганда ва ўтирганда ҳам тилларидан таҳлил, такбир тушмаган. Чунки умрлари поёнидаги охирги сўз жаннат боғларига бир очқич, Аллоҳ ҳузуридаги савол-жавобларида жонга ора кирувчи бир ҳужжат бўлишини яхши англашган.

Бизлар-чи?!

Бизлар ғафлатдамиз. Кун бўйи бекор ўтирамиз, зерикамиз, эснаймиз, мудраймиз. Қанча-қанча вақтларимизни телевизор қаршисида ёки мусиқа тинглаб, маза-матрасасиз баҳс ва гурунгларда, томошахоналарда, шахмат-нарда тахталари устида ёки ғийбатлар мажлисида совуриб юборамиз. Қанчалаб қимматли соатларимиз беҳуда амаллар, кимнидир-ниманидир кутишлар, номаъқул юмушларга қурбон бўлиб кетади. Аммо Аллоҳни эслашга, Унинг зикрини қилишга, Унга ҳамд-шукрона айтишга тилларимиз эринади. Охиратга тайёргарлик қилмаймиз. Баҳоналар қидирамиз, шайтоний васвасага учамиз. Вақтнинг зиқлиги, соғлиқнинг ёмонлиги, тоқатнинг етмаётганидан зорланамиз. Ваҳоланки, оқибат жуда ёмон ва аянчли келиши – сўнгги сўзларимиз фисқ-фужур, ширкона калом, баъзан эса шайтоний нағма бўлиб қолиши мумкин. Аллоҳ асрасин!

Шунинг учун тилларимизни кўпроқ Аллоҳнинг зикрига ўргатайлик! Қалбларимизга тасбиҳ («Субҳаналлоҳ»), таҳмид («Алҳамдулиллаҳ»), таҳлил («Ла илаҳа иллаллоҳ»), такбир («Аллоҳу акбар»)ни кўпроқ муҳрлайлик! Маккаи мукаррамага ва Мадинаи мунавварага борадиган йўлларнинг икки четига «Зикр эт»: «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ», «Аллоҳу акбар» калималари ёзилган тахталар бежиз ўрнатилмаган. Кўплаб мусулмон мамлакатларининг радио-телевидениеси ана шу зикрларни ҳар кўрсатув-эшиттириш оралиғида бекорга эслатиб турмайди. Фахри Коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам бекорга умматларини зикруллоҳни кўпайтиришга чақирмаганлар.

Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилса, уларни малоикалар ўраб олади ва раҳмат қоплайди. Устларига хотиржамлик-сакинат туширади. Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар билан эслайди», деганлар. (Имом Муслим).

Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳни зикр қиладиган киши билан зикр қилмайдиган кишининг мисоли худди тирик билан ўликнинг мисоли кабидир» (Имом Бухорий).

«Вақт тополмаяпман ёки тоқатим етмайди», деган баҳоналар билан умримизнинг энг яхши дамларини ғафлатда ўтказмайлик! Аллоҳ ҳузурида қандай савоб-мукофотлар кутаётганини билганимизда бирор нафасни зикрсиз олиб, зикрсиз чиқармас эдик. Бунга Жаноби Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган ўнлаб ҳадиси шарифлар далил бўлиб турибди.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Зикрларнинг афзали: «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. (Имом Термизий ва Ибн Можа).

Самура ибн Жундубдан (р.а.) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўзларнинг Аллоҳ таолога энг яхшиси тўрттадир: «Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар». Уларнинг қайси биридан бошласанг, зарари йўқ», деганлар. (Имом Муслим).

Абу Заррдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган сўзни айтайми? Аллоҳ таоло учун сўзларнинг энг яхшиси «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деб айтишингдир», дедилар (Имом Муслим).

Яна шу зотдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг ҳар битта аъзоингизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбеҳингиз садақа, ҳар бир таҳмидингиз садақа, ҳар бир таҳлилингиз садақа, ҳар бир такбирингиз садақа, яхшиликка буюришингиз садақа, ёмонликдан қайтаришингиз садақа», дедилар (Имом Муслим)

Энди Аллоҳни эслашга киришарсиз? Умрингиз Аллоҳ зикри билан хотималанишини истарсиз? Сўнгги каломингиз «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлиши учун бугундан ҳаракатни бошларсиз?

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юртимизда диний адабиётлар ва маърузалар кенг кўламда тарқаб, халқимизнинг диний саводи анча ўнгланган бўлишига қарамай, кўпчиликда айрим оддий масалаларда ҳали давоми...

29254 05:00 / 09.01.2017
1. Ейиш ва ичишингиз ҳалол ва пок бўлишига эътиборли бўлинг.2. Ҳаром амаллардан узоқлашинг.3. Агар овқат тайёр бўлса, аввал овқатланиб олинг.4. Ҳожатхонага бориш давоми...

2096 19:00 / 09.12.2022
Икки азондан мурод азон ва иқомадир.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Азон ва иқома орасидаги дуо рад қилинмас,, дедилар,. давоми...

4753 05:00 / 09.01.2017
Таваккул mdash мусулмон кишининг ишини ирфон, қурбат ва ризоси талабида, фойда, зарар, қийинчилик ва зиёнларга таслим бўлиб, қазоқадарга рози, неъматларга шукр ва давоми...

1294 10:00 / 24.11.2021