1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Бойлик аслида нима?

19:33 / 23.08.2020 10179 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳа, азизлар, бу масала бугунги кунда ҳам, авваллари ҳам ўта жиддий масалалардан бири бўлган. Чунки бойлик ҳақида шу қадар турлича қараш мавжудки, уларнинг барчасини ўқиб, инсон бир тўхтамга кела олмай қолади. Баъзилар: «Ислом бойликни қоралайди, ҳадисларнинг аксарига қара, бойлик зарарли эканлиги айтилган, шунинг учун иложи борича инсон камбағал бўлиши керак!» деган сўзларни айтишади.

Бошқа тоифа кишилардан эса: «Ислом тарихида жуда кўп бадавлат кишилар ўтган, жаннатга тушишини тириклигидаёк эшитган ўнта саҳобийнинг ярмидан кўпи бой кишилар бўлган, нима учун Ислом бойликни қоралар экан, қайтанга, мусулмонлар қанча бой бўлишса, шунча яхши» деган гапларни эшитамиз.

Хуллас, бойлик масаласи жуда нозик бўлиб келган. Юқоридаги ҳолатларни ўрганиб чиқиб, уламолар бу масалада ҳам ўртада турмоқ афзал эканига ижмоъ қилишган. Яъни, Ислом бойликни қораламайди, мусулмонлар ичида бой-бадавлат кишилар кўпайгани яхши, дейди, бироқ бойлик инсоннинг охирати учун зарарли бўлса, ундан хатарлироқ нарса йўқлигини ҳам баён этади. Чунки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини диққат билан ўқиган кимса пайғамбаримиз дуо қилсалар, фақирликдан паноҳ сўраганликларини кўради ва шу билан биргаликда, охиратда фойда бермайдиган бойликдан ҳам қочганликларини кузатади.

Демак, сарваримизнинг ўзлари ҳам бу борада ўртада турганлар. У зоти шарифнинг мавқелари шундай бўлганки, мўмин кимсага бойлик фойдали бўлса, у бой бўлгани, зарар бўлса эса, фақир ўтгани хайрли деб ҳисоблаганлар. Бунга ҳаётий далиллар тўлиб ётибди, десак хато қилмаган бўламиз.

Тарихда қайсики қавм ҳалокатга учраган бўлса, у бойликка ружуъ қўйганидан шу ҳолга тушган. Чунки инсоннинг табиатида бой бўлганидан сўнг кибр отлиғ туйғу пайдо бўлади. Мана шу туйғуга кўпчилик енгилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида инсон учта ҳолатда ўзгаришини баён қилганлар. Ана шу ҳолатлардан бири қўлига катта бойлик тушганидадир. Тарихда ўтган солиҳ инсонларнинг қай бири бой ўтгани ва қай бири фақирлик остонасида кун кечиргани ҳақида у қадар кўп муҳокама қилинмайди. Чунки солиҳликнинг белгиси ҳеч қачон бойлик бўлиб келмаган. Бойлик фақатгина инсонга берилган синовдир. Қуръоннинг «Талоқ» сурасининг 7-оятида шундай марҳамат қилинади:

«Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни, бойлигига ярашадиган) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (яъни, ўз ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни ўзи унга ато этган (ризқ-рўз)дан бошқа нарсага таклиф қилмас (яъни, ҳар бир инсон фақат Аллоҳ ўзига ато этган ризқдан инфоқ қилишга таклиф қилинур). Аллоҳ танглик-камбағалликдан кейин енгиллик-бойликни ҳам (пайдо) қилур».

Мана шу калималар инсонга бойлик тушунчасини очиқлаб беради. Аллоҳ таоло Ўз Каломида бойлик деган сўзни ишлатганида, албатта, ё қаттиқ ваъид билан ўтмиш кишиларини ҳикоя қилади, яъни уларни берилган бойликдан инфоқ-эҳсон қилмаганликларида айблайди, ёки мўмин бандаларини Ўзи берган ризқдан инфоқ эҳсон қилишга чақиради.

Демак, бундан бойликнинг энг асосий жиҳати эҳсон, садақа ва закот деган масалаларга ҳам бевосита боғлиқлиги борлиги кўринади. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Бирон бир кимса оч қолса, қайсидир бойнинг хасислиги туфайли оч қолибди!». деганлар Бу жумлалардан чиқадиган маъно шуки, Аллоҳ таоло инсониятнинг ризқини ҳаммага ҳар хил қилиб берган-у, бандалар эҳсон, садақа ва закот орқали бир-бирларининг ҳолларидан бохабар бўлиб туришларини шарт қилиб қўйган. Бу йўналиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг чексиз ҳикмати ила содир бўлган!

Аллоҳ таоло кимга бойликни ато этган бўлса, у ўша бандасини жиддий синовга таклиф қилгани аниқ. Кўпчилик бойлик берилишини исташади-ю, аслида бу ўта жиддий имтихон йўлакчаси эканлигини ёддан чиқаришади. Бу бойликка бардош берган кишилар тарихда иймон ва амал масаласида ҳам ўзларига яраша ўтганликларини бироз унутиб қўйишади. Тарозининг бир палласига оғир бир нарсани қўяётганларида, нариги палласига ҳам Аллоҳ томонидан шунга яраша вазн қўйилаётганлигини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Йўқ, бунақаси кетмайди. Инсон Аллоҳнинг неъматларини қабул қилаётганида, унинг жавобгарлигини ҳам ҳис қилиши зарур. Шунда бойлик масаласини осонгина тушуниб оламиз.

Инсон бой бўлса, қўлида пули кўп бўлса, яшаши осон кечади. Буни ҳеч ким инкор қилмайди. Аммо гўзал бир тартибот борки, давр қанчалик шиддаткор тусга кирса, вақт масаласи ҳам тезлашиб кетгани сингари, инсон қанча пул топса, ўшанча ҳотиржамлиги йўқолиши бор гап. Бирон бир замонда бой кишилар фақир мискинлар сингари ўз уйларида ҳотиржам ухлай олишмаган. Ҳотиржам ухлашликни исташса, камбағал бўлиб ўтишлари талаб этилади. Аллоҳнинг кўзга кўринмаган бир қонуни мавжудки, у худди сув қирғоққа келиб урилиб, ортига қайтиб тургани каби, албатта ўз чегарасига келганда тўхтайди. Мана шу буюк чегара бой кишиларнинг ҳаётида яққол намоён бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонларнинг баъзиларига жуда кўп бойлик ато этади, баъзиларини эса фақирликда ўтказади. Бу ҳолат баъзиларни ўйлантиради: Нима учун, нега, деган саволлар билан қалбини тирнаб ўтади. Аслида, улар умумий бир қоидани билиб олишса, кифоя қилади. Аллоҳ таоло бир бойга кўп мулк берган бўлса, уни яхши кўрганидан эмас, балки унинг иймонини текшириш учун берган бўлади. Бир кимсани камбағал бўлишини ирода этган бўлса, уни ёмон кўрганидан эмас, балки мана шу ҳолатида ҳам қуллигини унутиб қўймайдими, деган буюк имтихони учун шуни хоҳлаган бўлади. Бирон бир инсон унутмасинки, бойлик ва фақирлик шу пайтгача инсониятнинг ўлчови бўлиб келмаган, балки бу ҳолатлар синовлар дунёсининг турлича майдонларидир, холос. Кимдир бой бўлиб синалади, кимдир эса фақир бўлиб.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Термизийдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда дунёнинг қадрини пашшанининг қанотига ҳам тенглаштирмаганлар. «Дунёнинг қадри Аллоҳнинг наздида пашшанинг қанотичалик қадрли бўлганида, кофирга бир томчи сув ҳам бермай қўярди!»

Ҳа, азизлар, дунё, мулк, бойлик – буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг буюк имтихонидаги турли табақадаги сабаблар холос. Тўғри, Ислом тарихида жуда кўп аҳли давлат кишилар ўтган. Уларнинг аксари савдогар бўлиб, савдо ишларида буюк тақволарини намойиш этишган ҳамда то бугунгача ривоят бўлиб келишади. Саҳобийлардан Усмон, Талҳа, Абдураҳмон ибн Авф ва бошқа бир қатор саҳий зотлар томонидан кўрсатилган мурувват достонларга айланган. Кейинги асрларда ҳам саҳоватлари билан танилган Абу Ҳанифа, имом Молик ва бир қатор забардаст уламолар ҳаётини тингласак, кўзимизга ёш келади. Бу воқеаларни ўқиган кимса, «қанийди мен ҳам бой бўлсам, тинмасдан саҳоват кўрсатардим, жуда кўп ажрлар билан Аллоҳнинг жаннатига сазовор бўлардим», деб юборади. Аммо бу ерда банда ана шу бойлик уни жаннат сари эмас, балки жаҳаннам қаърига етаклаб кетиб қолса-чи, деган фикрни ўйлаб кўрмайди. Аслида, Аллоҳ бир бандасининг ҳолатини ўша бандасининг ўзидан яхши билгани учун, унга керакли миқдорда неъматларини ато этади. Агар банда ўзига катта баҳо бериб, ҳаддидан ошадиган бўлса, Парвардигорнинг синовига бели синиб қолиши ҳеч гап эмас. Банда бу ерда асосий масала бойликда эмаслигини билиши лозим. Асосий масала иймонда. Иймон қанча бақувват бўлса, шунчалик буюк мақомларга эришади. Агар иймон дош бермайдиган бўлса, Абу Хурайрадан келган ҳадисга кўра, биринчи бўлиб дўзахга улоқтириладиган кимса ҳам саҳий бой эканлигини эслатиб ўтамиз. Унинг саҳийлиги одамлар орасида машҳур бўлиб кетган, ҳаётлик даврида ҳамма у жаннатнинг юқори даражаларидан бирида бўлади, деган тахминда бўлган. Аммо Аллоҳ унинг саҳийлиги риё учун бўлганлигини юзига солиб, дўзахга улоқтиради.

Демак, гап бойликда эмас экан. Агар гап бойликда бўлганида, биринчи навбатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бойликка интилган бўлардилар. Бу зоти Шариф инсониятга ибрат бўларли даражада тақво йўлини танладиларки, уйларида бир неча кунлаб қозон қайнамаган пайтлари бўлди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари дунёнинг энг содиқ кишилари эдилар. Агар номига «менга ҳар куни фалон-фалон нарсалар керак» десалар, уйлари қасрларнинг қасрига айланиб кетарди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий ҳаёт тарзини танладилар. Шу билан биргаликда, умматларига дуо қилишни ўргатганларида фақирликдан паноҳ сўрадилар. Бу қадар ўртада туриш, бу қадар масаланинг моҳиятини очиб бериш пайғамбаримизнинг дорулфунунларидагина бўлган деб ўйлаймиз. Чунки сарваримиз ўз умматларига энг асосий нарсани ўргатиб кетдилар – бойлик ҳам, фақирлик ҳам Аллоҳдан! Бой одамлар қўлларида турган мулк аслида ўзлариники эмас, балки оламлар Роббисига тегишли эканлигини ҳар лаҳза ёдларида олиб юрсинлар, фақир кимсалар ҳам дунёдаги камбағаллик жаннатга восита эканини ҳеч қачон унутмасинларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида: Жаннатнинг асосий қисми фақир мискин кимсалар бўлади» деб марҳамат қилганлар.

Хуллас, биз бугун бирон бир тоифа вакилларини мақтамоқчи ҳам эмасмиз, танқид остига олиш ниятимиз ҳам йўқ. Биз бир нарсани айтиб қўймоқчимиз холос. Кимда ким шу пайтгача азиз бўлган бўлса, уларни азиз қилган нарса – иймон ва тақво бўлган. Шу икки буюк қурол ила қуроллансак, бойлик аталмиш ёв ҳам асиримизга айланади. Асир билан эса хоҳлаганча муомала қилишга имкониятимиз бор. Аллоҳнинг Ўзи бу борада бизга мададкор бўлсин!

Islom.uz архивидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, давоми...

2669 10:10 / 24.03.2017
Инсон ҳаёт кечирар экан ҳазил мутойиба билан кўнглини ёзишга муҳтож бўлиб туради. Ушбу эҳтиёж динимизда баён қилинган одобахлоқ доирасида қондирилса ундан давоми...

3639 15:29 / 22.04.2017
Аҳмад Маҳмуд Ҳазиний. Нодирхон Ҳасан, quotФанquot нашриёти.Абу Исо Термизий. Саҳиҳ Термизий, quotҒафур Ғуломquot нариёти, 1993 йил.Абу Мансур Мотуридий. Х.Исломий, quotҒафур давоми...

11955 14:17 / 15.03.2017
Ҳозирги кунда икки киши бир бири билан учрашиб қолса, бошқалар ҳақида ўз фикрларини билдириб, .Фалончини мана бунақа айби бор, Писмадончини мана бунақа давоми...

2617 14:32 / 27.03.2017