1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Марварид ҳикматлар

16:41 / 27.03.2017 3219 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуйидаги сатрларда Фейсбук ижтимоий тармоғида нашр қилинган қисқа ҳикматлар берилган.


8 та энг оғир ҳолатлар: 

1. Бир шахсга қаттиқ ўрганиб қолсанг-у, тўсатдан унинг ғойиб бўлиши. 

2. Сени тушунадиган ёки сени ҳис қиладиган кишини топа олмаслигинг. 

3. Бир инсонни яхши кўрсанг-у, аммо уни кўриш имконсиз бўлиши. 

4. Ўзи тирик бўлатуриб, сенинг кўзингда (сен учун) ўлган бўлиши. 

5. Унинг ҳаётида сенга жой йўқ бўлган инсонни яхши кўришинг. 

6. Ёлғон гапирганини билиб турсанг-да, уни севганинг учун унга ишонишинг. 

7. Кўз ёшларинг юзларингни ювганда ҳам табассум қилишинг. 

8. Замон сени ўзинг хоҳламаган нарсага мажбур қилиши. 


Ғамлардан қутулиш, муаммоларни ҳал қилиш, маҳзунликни кетказиш ва шодликка эришиш чораси? 

1.    Аллоҳга сидқ билан илтижо қилиш. 

2.    Қалб хотиржам бўлиши учун Аллоҳни кўп зикр қилиш. 

3.    Ҳожатлар раво бўлиши учун Пайғамбар алайҳиссаломга саловотни кўпайтириш. 

4.    Истиғфорни кўпайтириш. Зеро, бу қулфларнинг калитидир. 

5.    Сидқ билан дуо қилиш. Зеро бу ютуққа эришиш ва қутулиш сабабидир. 

6.    Садақа қилиш. Зеро, бу билан ёмонликлар даф бўлади. 

Мана шулар шодлик боғининг гуллари, барча қулфларнинг калитларидир. Хоҳлаганингни танлаб ол, уни ўзингга лозим тут ва доим амал қилиб бор. Шунда бахтиёр бандалардан бўласан. 

Агар мусибат, муаммо шиддатлашганини кўрсангиз, билингки, Аллоҳнинг қутқариш куни яқиндир.  

Аллоҳим, бизларни берганингда шукр қиладиган, балолантирганингда сабр қиладиган, гуноҳ қилганда истиғфор айтадиган бандаларингдан қилгин! 


Болани суннатга мувофиқ тарбия қилиш:

1.    Болангизнинг сочини тараётганингизда, бу ишни Пайғамбар алайҳиссалом “Кимнинг сочи бўлса, уни икром қилсин!” деганлари учун қилаётганингизни билдиринг! 

2.    Ўғлингизга атир сепаётганингизда, бу ишни Набий алайҳиссаломнинг “Менга дуёларингиздан хушбўйлик ва аёллар маҳбуб қилинди. Кўзимнинг қувончи эса намозда қилиб қўйилди” деган гапларига эргашиб қилаётганингизни билдириб қўйинг! 

3.    Ўғлингиз мактабга кетаётганда, унга Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Ким илм излаб йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннатга олиб борадиган йўлни осон қилиб қўяди” деганларини эслатиб қўйинг! 

4.    Ўғлингизга табассум қилаётганингизда, унга Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Биродарингнинг юзига табассум ила боқишинг садақадир” деганларини билдириб қўйинг! 

5.    Ўғлингизни мақтаётганингизда, унга Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Ширин сўз ҳам садақадир” деганларини билдириб қўйинг! 

6.    Ўғлингизни таомлантиришдан бўшаганингизда, унга бу ишни Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Челагингдагини биродарингнинг челагига бўшатиб беришинг садақадир” деган сўзларига амал қилиб бажарганингизни билдириб қўйинг! 

7.    Катта ёшдагилар иштирок этаётган мажлисда ўтирганда, ўғлингиздан уларни ҳурмат қилишни талаб қилинг. “Шу ишимиз билан биз Набий алайҳиссаломнинг “Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган биздан эмас” деган сўзларига эргашяпмиз” денг. 

Шу тарзда болаларингизнинг хатти-ҳаракатларини Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннат ва сийратларига боғлаб боринг. Уларга ҳадиси шарифларни ўргатинг!

Агар болалигимга қайтиб қолсам, мендан “Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?” деб сўрашса, мен уларга “Шифокор бўламан”, “Учувчи бўламан” демайман. Балки, “Бахтли инсон бўлишни истайман” деб жавоб бераман. 

Эй Фейсбукда тунни бедорлик билан ўтказаётган дўстим! Кечанинг охирги учдан бирида икки ракат намоз ўқиб, нафсингга садақа қилмайсанми?! Ахир у намоз дунё ва ундаги барча нарсадан афзал-ку!

Кимнингдир ҳаёти мукаммал деб гумон қилма! Уйи борнинг машинаси йўқ. Хотини борнинг иши йўқ. Иштаҳаси борнинг таоми йўқ. Овқати борнинг ўша овқатни ейишга имкони йўқ.


Бола тарбиясига оид фикрлар:

1.    Агар бола шижоатлантириб турилса, ўзига ишонадиган бўлиб ўсади. 

2.    Агар бола қийинчиликда ўсса, сабрни ўрганади. 

3.    Агар бола мақтовлар ичида ўсса, розилик ва муҳаббатни ўрганади. 

4.    Агар бола шериклик муҳитида ўсса, бировга бир нарса бериш ва қўли очиқликни ўрганади. 

5.    Агар бола рост гапирувчилар хонадонида ўсса, ростгўйликни ўрганади. 

6.    Агар бола инсофлилар муҳитида ўсса, адолатни ўрганади. 

7.    Агар бола ҳис-туйғуларга риоя қилувчилар орасида ўсса, эҳтиромни ўрганади. 

8.    Агар бола қаттиқ терговчи ва танқидчилар орасида ўсса, ёлғонни ўрганади. 

9.    Агар бола қўполли ва урушқоқлик муҳитида ўсса, адоватни ўрганади. 

10.    Агар бола доимий хавф муҳитида ўсса, заиф ва қўрқоқ бўлиб вояга етади. 

11.    Агар бола жипслик ва аҳиллик муҳитида ўсса, ҳамжиҳатликни ўрганади. 

12.    Агар бола масхара қилувчилар муҳитида ўсса, хижолатпаз бўлиб ўсади. 

13.    Агар бола ҳасадгўйлар орасида ўсса, ҳасад қилишни ўрганади. 

14.    Агар бола ортиқча аҳамият ва ҳимоя остида ўсса, ўзига ишонмайдиган бўлиб вояга етади. 

Аллоҳни йўқотган нима топибди?.. 

Аллоҳни топган нима йўқотибди?..

Қаноат қилсанг, оз ҳам кўпдир. 

Тамаъ қилсанг, кўп ҳам оздир. 

Яхши кўрсанг, узоқ кишинг ҳам яқиндир. 

Ёмон кўрсанг, яқин кишинг ҳам узоқдир.

Бу ҳаётда ҳеч кимга суянма! Ҳатто соянг ҳам қоронғу жойларда сени тарк этади.

Мутлоқ ҳуррият Ёлғиз Аллоҳга бўлган саҳиҳ бундаликдан пайдо бўлади.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий

Бахт - эга бўлмаган нарсамизга эга бўлишимиз эмас, балки эга бўлган нарсамизнинг қийматини тушуниб, идрок этишимиздир.

Ўзингга муносиб бўлмаган жойда яшашинг оғриқлидир.

Эртангни ғамлари билан бугунингни оғирлаштирма! Эҳтимол, эртангни ғамлари келмас. Аммо ўзинг бугунингни шодлигидан маҳрум бўлганинг қолади.

Доктор Иброҳим Фуқий

Қаноат - кўзойнакдир. Уни тақсанг, ҳаётни чиройли кўра бошлайсан.

Аллоҳ бир бандасини балолантириб, кейин унинг қалбига назар солса, қалби рози, шукр қилувчи, сабр қилиб савоб умид қилувчи экани кўриши нақадар гўзал!

Сизнинг фикрингизга тескари фикр билдиришим сизга душманлигимни англатмайди.

Она шундай хилқатки, намозида гоҳо ўзни дуо қилишни унутади, лекин фарзандлари ҳаққига дуо қилишни асло унутмайди!

Бир инсон сизга қалбининг калитини топширса, уни йўқотиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг! Чунки, ўша калитни йўқотиб қўйсангиз, унинг нусхасини топа олмайсиз.

Агар қалб қотса, кўз қурийди (ёшланмайди).

Эҳтимомнинг энг олий даражаси - ҳаётингизда бир шахс бўлиб, у сизнинг фойдангизни ўйлаб безовта бўлса. Сизнинг ҳаётингизни у ўзининг ҳаёти деб тасаввур қилса.

Бирор нарсангни ўғирламасликларини истасанг, уни китобнинг орасига яшириб қўй. Чунки, ҳозирги замон мусулмонлари китоб очишдан (ўқишдан) қўрқадиган кишилардир.

Оёқ кийимсиз юрганимга хафа бўлиб, йиғлаб юрардим. Оёқлари йўқ одамни кўрганимдан кейин йиғлашдан тўхтатдим. Бизга саноқсиз неъматлар берган Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсин!

Ҳасадчига сабр қил! Албатта, сенинг сабринг уни “ўлдиради”. Агар олов ёндирадиган нарса топа олмаса, ўзини ўзи ёндиради. 

Ўзинг ясамаган нарса билан фахрланишинг айбдир. Чиройинг билан фахрланма! Чунки, чиройни сен яратмадинг. Насабинг билан фахрланма! Чунки, олий насабни сен танлаб олмадинг. Лекин хулқларинг билан фахрлан! Чунки, у хулқлар билан ўзинг безандинг. 

Орзу ҳақидаги энг чиройли нарса - кўзи ожиз одам “Бир кун келиб мен ҳам кўрарман” деган умидда кўзойнак сотиб олишидир. 

Ҳар бир нафаснинг Аллоҳ зикрисиз ғафлатда олиб-чиқарилаётганининг ўзи катта гуноҳ!

Фақирлик олийжаноб нафсларни хор қилолмайди. Бойлик пасткаш нафсларни олийжаноб қилолмайди. 

Ҳар бир билган нарсанг қалбингни хушнуд қилолмайди. Баъзи нарсаларнинг номаълумлигича қолгани яхшидир. 

 Одамларга ҳайронман! Жасади ўлганга йиғлашади. Қалби ўлганга йиғлашмайди. 

Ҳис-туйғулар талаб қилинадиган нарса эмас. Шунинг учун сизга муштоқ бўлмайдиган кишидан хафа бўлинмайди.

Бепарволик - қисқа ва очиқ-ойдин мактубдир. Унинг устига “Мендан нари кет!” деб манзил ёзилгандир.

Агар табиб барча беморларни битта дори билан даволамоқчи бўлса, уларнинг кўпчилигини ўлдиради. Шунинг учун барча одамлар билан бир хил услубда муомала қилмагин! 

Биз шундай замонда яшаяпмизки, агар тошга “Инсонга айлан!” деб буюрсангиз, у сизга “Узр, хали етарлича қаттиқ эмасман” деб жавоб беради.

Учта нарсани ёдда тутинг, бахтли бўласиз: 

1.    Агар бир неъматга эришсангиз, Аллоҳга ҳамд айтинг! 

2.    Агар ризқингиз секин келса, Аллоҳга истиғфор айтинг! 

3.    Агар сизга қийинчилик етса, “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ”ни кўпайтиринг! 

Ҳамма нарса агар кўпайса, арзонлашади. Фақат одоб ундай эмас. У кўпайган сари қимматлашиб бораверади. 

Намозга дўзахдан қўрқиб эмас, жаннатга муштоқ бўлиб туринг! 

Доим кимдир сизнинг ишингизга катта аҳамият беради. Сиз эса буни сезмайсиз ҳам. 

Барча подшоҳларнинг эшигига: “Яқинлашиш ва расмга олиш тақиқланади!” деб ёзиб қўйилади. Лекин подшоҳларнинг Подшоҳи эса биз бандаларига: “Аллоҳга сажда (ибодат) қилиб, (Унга) яқин бўлинг!” деб айтади. 

Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади дейишади. Кимда нима бўлса, шуни инсонларга тарқатади, сочади. 

“Сен учун” деб ёзилган нарса заиф бўлишингга қарамай сенга келади. “Сен учун эмас” деб ёзилган нарсага кучли бўлишингга қарамай ета олмайсан. 

Гоҳида сукут бошқаларга суҳбат одобини ўргатиб қўйиш учун фойдали дарс вазифасини ўтайди. 

Бало-мусибат сенинг жисмоний қувватингни эмас, Аллоҳдан ёрдам сўраш қувватингни синаш учун берилади. 

Агар эшакка ҳам кўп эътибор бериб юборсангиз, у ўзини араб отиман деб ўйлайди. 

Ҳаётдаги кўп муаммоларимизнинг асосий икки сабаби қуйидагилардир: 

1.    Ўйламасдан иш қиламиз. 

2.    Иш қилмасдан ўйлашда давом этаверамиз. 

Ёлғончи билан дўстлашишдан эҳтиёт бўл! Чунки, у саробга ўхшайди. Яқинни узоқ қилиб кўрсатади, узоқни эса яқин қилиб.

Оптимист стаканнинг сув бор қисмига қарайди. Писсимист стаканнинг сув йўқ қисмига қарайди. 

Луқмони Ҳакимдан сўрашди: “Ҳикматни кимдан ўргандингиз?” У киши шундай жавоб бердилар: “Жоҳиллардан. Ҳар сафар улардан бир айбни кўрганимда, ўша айбдан четландим”. 

Менга дин ҳақида қуруқ гап гапирма! Мени ўз ҳолимга қўй, мен динни сенинг хулқингда, муомалангда, ҳаёт тарзингда кўрай!


Қанчадан қанча гаплар тил камонидан ўйламасдан отилади. Натижада ўзидан катта-катта жароҳатлар қолдиради. 

Шикоятни кўпайтирма, чунки, яна ғам келади. Ҳамдни ўпайтир, бахт келсин! 

Одамлар сенинг шикоятларингни биринчи бор эшитиб, далда бўладилар. Кейинги сафар эса малоллана бошлайдилар. 

Албатта, қалбларда темирнинг зангидек занг бўлади. Уни кетказадиган нарса истиғфордир. 

“Иложи йўқ” деган сўзни инсон ўз ожизлигини оқлаш ўйлаб топган. 

Икки нарса ҳаётга бўлган қарашингизни ўзгартиради: беморлик ва мусофирлик. 

Ҳаёт ишлари сизга машаққат туғдираётган бўлса, хафа бўлманг! Атроф қанчалик қоронғу бўлса, Ой ҳам шунчалик порлоқ ва нурли бўлиб кўринади. 

Қалб қалбни севса, кўз айбни кўрмайди. 

Икки киши орасидаги яхши муносабатни кўрсангиз, “Булар барча ишда бир ёқадан бош чиқаришади, ўзаро келишишади” деб ўйламанг. “Улардан бири иккинчисининг айбларига кўз юмяпти” деб ўйланг.

Ўзингни хатоларингга адвокат, бошқаларнинг хатосига прокурор бўлма! 

Ўзи ухлаётган, аммо одамлар унинг ҳаққига чиройли дуолар қилаётган киши нақадар бахтли! Ўзи ухлаётган, аммо одамлар уни дуойибад қилаётган кимса нақадар бадбахт! Қалблар уни яхши кўрган кишига хушхабар бўлсин! Тиллар уни лаънатлаётган кишига хасрат бўлсин! 

Шодлик калитлари 10 тадир: 

1.    Иймон. 

2.    Намоз. 

3.    Сабр. 

4.    Тиловат. 

5.    Тасбеҳ. 

6.    Қаноат. 

7.    Ризо. 

8.    Яхшиликни кутиш. 

9.    Тафаккур. 

10.    Кечириш. 

Доктор Оиз Қараний 

Жасад қариса ҳам муҳаббат қаримайди ва ўлмайди. Муҳаббат бизнинг қалбимизни доимо ёш қолдиради.

Ғамларнинг кўплиги қовоқ солиш учун мантиқий сабаб эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар орасида ғами энг кўп киши эдилар. Лекин у зот инсонларнинг сертабассуми эдилар. 

Биз ўтмишни ўзгартира олмаймиз. Келажак расмини ҳам чиза олмаймиз. Шундай экан, нима учун ўзгартиролмайдиган нарсамизнинг ҳасратида ўзимизни ўлдирамиз. Ҳаёт қисқа, мақсадлари эса кўп. Сен булутга назар сол, тупроққа эмас. Агар йўллар торайиб кетса (машаққатларинг кўпайса), ғайбларни ўта билувчи Зотдан ёрдам сўра! 

Оиз Қараний 

Агар ўзингни баъзи ўринларда одобсиз, тарбиясиз деб ҳис қилсанг, шунинг ўзи сенинг одобли шахс эканлигингни билдиради. 

Баъзан эски нарсаларга маштоқ бўлиб қоламиз. Шахсларнинг кулгулари... Ҳа, тақдир уларни биздан анча узоқлаштириб ташлади.  Биз жуда бахтиёр бўлган дамлар... Эҳ... Уларнинг кўпи энди ҳеч қачон қайтиб келмайди. 

Одамлар орасида юрсанг-у, сендан аҳлоқ атирининг хушбўй ҳиди таралиб турса, қандай чиройли! 

Маҳатма Ганди

Хатоларни қилиб-қилиб, “Булар тақдирда ёзилган экан” дейиш нақадар жоҳилликдир! 

Сен: “Эй Роббим, хато қилдим, гуноҳ қилдим, ёмонлик қилдим, ибодатларда нуқсонга йўл қўйдим” деганингда, “Эй бандам, афв қилдим, кечирдим, ўтиб юбордим, раҳм қилдим” деса, қандай гўзал! Азизлар, Аллоҳни зикр қилинглар, У Зот ҳам сизларни зикр қилади! 

Ҳеч ким сени ҳис қилмаса, ҳеч ким сени тушунмаса, хафа бўлма! Баъзида ўзингни ўзинг тушунмай қоласан-ку! 

Барчанинг қалбига ўзингга хос бўлган нимадир эк! Эккан нарсанг муҳаббат бўлмаса ҳам, эҳтиром бўлсин! 

Барчамиз бу дунёда ғам-ташвишларга кўмилиб яшаймиз. Ичимиздаги энг афзалимиз балоларга сабр қилган, кенглик ва тангликда ҳам Аллоҳни зикр қилиб, Унга ҳамд айтган кишидир. 

Шундай кун келадики, юзингда биргина табассум пайдо бўлиши учун ўзини фидо қиладиган, ўзини бахшида қиладиган инсонни топасан. Шундай экан, қалбинг эшикларини қулфлаб олма! Чунки, қалбинг эшикларини чертувчиларнинг ҳаммаси ҳам уни жароҳатлашни ният қилмавермайди! 

Шаъровий 

Ахлоқингни сайқаллаш сари босадиган биринчи қадаминг – бошқаларнинг айбларидан кўзингни юмишни ўрганишингдир. Чунки, бу дунёда мукаммал инсоннинг ўзи йўқ! 

Касаллигингиз турини билмайман. Аммо Қуръон барча касалликларга шифо эканини биламан. 

Шундай қавмларни кўрдимки, уларнинг айблари йўқ эди. Шунинг учун улар одамларнинг айблари ҳақида гапиришарди. Натижада Аллоҳ уларда ҳам айбларни пайдо қилди. Яна шундай қавмларни кўрдимки, уларнинг айблари бор эди. Шунинг учун улар инсонларнинг айблари ҳақида гапиришдан сукут қилишарди. Натижада Аллоҳ уларнинг айбларини сатр қилди. 

Ҳасан Басрий 

Ҳаром ҳаромлигича қолади, гарчи ҳамма уни қилаётган бўлса ҳам. Ҳеч қачон ҳалол ишдан тўхтамагин, гарчи уни бир ўзинг қилаётган бўлсанг ҳам.

Касаллик фақат жасадда эмас, хулқда ҳам бўлади. Агар хулқи ёмон кимсани кўрсангиз, унга Аллоҳдан шифо тилаб дуо қилинг ва ўша касалликдан сизга офият бергани учун Унга ҳамд айтинг! 

Дин ҳаромдан узоқлашишдир, ҳаётдан эмас! 

Ким гўзаллик истаса, ахлоқ унга кифоя қилади. 

Агар бир шахснинг ахлоқи қанақалигини билмоқчи бўлсанг, унга ғазабланаётган пайтида назар сол! Агар бир шахснинг олийжаноблиги қанақалигини билмоқчи бўлсанг, унга ёмонлик қилган киши билан қандай муомала қилишига назар сол! Агар бир шахснинг ақли қанақалигини билмоқчи бўлсанг, унинг фикрига тескари фикр билдирган киши билан қандай муомала қилишга назар сол! 

Гапирмаслик учун кафтинг билан оғзингни осонгина тўса оласан, лекин юрагинг оғримаслиги учун кафтингни юрагинг устига қўйишинг жуда қийин.

Бир куни бобомдан “Юрагингизга энг ёқимли нарсалар нима?” деб сўрадим. Шунда бобом “Эй болажоним, узилмас дўстлик, қотмайдиган қалб, ўзгармай бир хил ҳолатда қолиш, чин севги” деб жавоб бердилар. 

Шундай қавмлар бўладки, уларнинг юзига поябзалинг билан урсанг, поябзал “Нега мени ерга урдинг?!” деб қичқиради. 

Гоҳида инсон гапиргани учун надомат қилади. Лекин у сукут қилгани учун ҳеч қачон надомат қилмайди. 

Эҳтиром севгига далолат қилмаса ҳам, яхши тарбия кўрганликка далолат қилади. Шундай экан, яхши кўрмайдиган кишингни ҳам эҳтиром қил! 

Бузуқ одам ҳаммани ўзига ўхшаб бузмагунча кўнгли хотиржам бўлмайди. 

Эҳтиром заифлик эмас, тарбиядир. Узр сўраш хорлик эмас, хулқдир. 

Мен билан муомала қилиш жудаям осон. Сиз менга эҳтиромни беринг, мен сизга берганингиздан кўпроғини бераман. 

Садақа қилаётганингда сен пулларингни йўқотмаяпсан. Балки уларни ўзинг учун бошқа замонга юборяпсан. 

Садақа қилган кишингнинг ўша садақага муҳтожлигидан кўра сенинг ўша садақанинг ажрига муҳтожлигинг қаттиқроқдир. 

Гумонингни яхшилаганинг сайин Аллоҳ сенинг ҳолингни яхшилайди. Бошқаларга яхшиликни раво кўрганинг сайин Аллоҳ сенга ундан зиёда яхшиликни ўзинг ўйламаган томонингдан келтиради. 

Сенга яхши кўришларини айтишдими? Ўзингни уларга эҳтиёжи тушган қилиб кўрсат. Ваъда бераманки, уларнинг бирортасини тополмайсан! 

Сенинг фикрингга тескари фикр билдириб турадиган дўстинг бўлгани қандай яхши! Чунки, у чиндан ҳам сенинг фойдангни ўйлайди. Фикрингни тасдиқлаб, доим унга мувофиқ бўладиган дўстдан эҳтиёт бўл. Чунки, унинг касрига сен ўзинг ҳақингда доим “Тўғри гапиряпман” деб ўйлайверасан. 

Дунёга ҳарисликни қўй! Ҳаётда тамаъ қилма! Мол тўплама! Чунки, уни ким учун тўплаётганингни билмайсан. Ўз ерингда вафот этасанми ёки бошқанинг ерида вафот этасанми, билмайсан! Албатта, ризқ тақсимлангандир. Ёмон гумон фойда келтирмайди. Тамаъ қилаётганларнинг барчаси фақирдир. Қаноатлиларнинг барчаси бойдир. 

Агар бир маъсиятга тушиб қолсанг, уни ҳеч кимга айтма! Инсонлар ошкор қилиб, сени шарманда қилади ва бу ишига узр ҳам сўрамайди. Аллоҳ эса сатр қилади ва кечиради. 

Ўзидаги йўқ нарсани бор қилиб кўрсатишга уриниш қашшоқликнинг ярмидир. 

Оғриқ-аламларини табассум билан ҳикоя қилиб бераётган кишини кўрганингда билки, у ичидан минг марта ўлиб бўлган!

Инсон бу ҳаётда худди қаламдек бўлиши керак. Ҳаётдаги тойилишлар чиройлироқ ёзиши учун инсонни учлайди. Иш шу тарзда давом этиб, учланадиган инсон тугайди, лекин ортидан ёзган гўзал нарсалари (қилган хайрли ишлари) қолади. 

Агар унутиш бозорда сотилганда эди, олтиндан ҳам қиммат бўларди. 

Агар ҳаётда мўътадил яшамоқчи бўлсанг, сенга эҳтиёжлари тушганда сени топадиган, уларга эҳтиёжинг тушганда сен уларни тополмайдиган кишилардан халос бўл! Доктор Иброҳим Фуқий 

Сени аёл деб атамайман. Балки ҳамма нарса деб атайман. Маҳмуд Дарвеш 

Оғир ва оғриқли вазиятларда битта дўстга эга бўламиз. Дўстга ўхшаб юрганлардан эса қутиламиз. 

Замонни айблаймиз. Айб эса ўзимизда. Замонимизни биздан бошқа айби йўқ. Замоннинг Айбсиз Соҳибини сўкамиз. Агар замон гапирганда эди, бизни сўккан бўларди. Бўри бўрининг гўштини емайди. Биз эса бир-биримизнинг гўштимизни ошкора емоқдамиз. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ

Хотираларимиз шу қадар кўпки, худди минг йил яшаганга ўхшаймиз. 

Ҳақиқий йўқотиш – истиқомат ҳудудидан ташқарида, Роббингдан узоқ ҳолатда, дунёга ғарқ бўлиб, пок билан нопокнинг фарқига бормасдан, ўлик қалб билан, мақсадсиз яшашингдир. 

Мағрур одам қушга ўхшайди. Осмонга қанча кўтарилган сари одамларнинг кўзига шунча кичик кўриниб бораверади. 

Ғамларимизга йиғламаётган бўлсак, бу биз ҳис-туйғуни йўқотдик дегани эмас. Ғамларимиз шу қадар кўпки, уларга тенг келадиган кўз ёшини топа олмаяпмиз. Шунинг учун жим туриш билан кифояланяпмиз. 

Аёлларнинг энг гўзали – бедор бўлган, қийналган, тарбия қилган, қўлидаги борини берган ва эвазига ҳеч нарса сўрамаган аёлдир. Унинг исми МЕНИНГ ОНАМдир.

Инсоннинг аҳмоқлиги ортган сайин унинг “Мен бошқалардан афзалман” деган фикрга ишончи ҳам ортиб боради. 

Ким тарихни ўқимаса, замон бўйи кичкина гўдаклигича қолаверади. 

Қанийди ҳурсандчиликни захира қилиб олиб қўйиш, яшириб қўйиш имкони бўлганда, қийин лаҳзалармизда ишлатган бўлардик. 

Ҳаётнинг инсонга ўртагадиган қўпол, аммо ҳақиқат бўлган дарсларидан бири – ҳамма сенга яхшиликни истамайди, деган дарсдир.  

Киши илм талаб қилишда давом этар экан, олим ҳисобланади. Энди илм олиб бўлдим деб ўйлаши биланоқ яна жоҳилга айланади. 

Хотираси кучли одамга ҳасад қилманглар! У ўзининг оғриқли ва аламли хотираларини унутолмайди. 

Жим турганим унутганим эмас. Ер ҳам жим туради. Аммо унинг бағрида вулқонлар биқирлаб қайнаб ётибди. 

Одобнинг энг юқори чўққиси – сенга бир масала хусусида гапираётган шахсга қулоқ солиб, эшитиб туришингдир. Ваҳоланки, у шахс ўша масалани билмайди, сен эса жуда яхши биласан. 

Инсон ҳамма сўровчиларга моддий ёрдам бера олмайди, лекин у ҳаммага ширин сўз айта олади. 

Дунё ва охиратнинг фойдаларига қийинчилик билан эришилади. Қийналмаган кишида роҳат бўлмайди. Чунки, машаққат миқдорича роҳатга етилади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ

Аллоҳ қайси бандасига ҳикмати туфайли бир эшикни ёпиб қўйган бўлса, марҳамати туфайли унга иккита эшикни очиб қўяди. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ

Ҳаёт тажрибалари надомат учун эмас, балки ўрганиш учундир. 

Ваҳм касалликнинг ярмидир. Хотиржамлик давонинг ярмидир. Сабр шифонинг боши (бошланиши)дир. Ибн Сино

Тақдирларимиз ёзиб қўйилган. Шундай экан, жимгина яшайлик!

Гўзалликни ўз ўрнидан бошқа жойга бўлса ҳам, экиб қўйавер! Чунки, гўзаллик қаерга экилса ҳам, ҳеч қачон зое бўлмайди. Замонлар ҳар қанча ўтмасин, барибир ўша гўзалликни эккан одамгина ўриб олади. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

Шундай замон келадики, озга қаноат қилмайдилар, кўпга тўймайдилар, ғамлари қоринлари бўлиб қолади, динлари динорлари бўлиб қолади, қиблалари аёллари бўлиб қолади. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

Бир обидга: “Бир бурда нон бир динор экан” дейилди. Шунда у киши: “Аллоҳга қасамки, мен бунга парво қилмайман. Агар буғдойнинг бир донаси бир динор бўлса ҳам мен Роббим буюрганидек ибодат қилавераман, У эса Ўзи ваъда қилганидек ризқимни етказаверади” деб жавоб берган экан.

Сен бир ҳақиқатни қабул қилишинг керак: баъзи шахслар сени ҳаётинггга умуман мос эмаслар, гарчи сен уларни хоҳласанг ҳам!

Гоҳида ким биландир гаплашгим келади. Кейин “Суҳбатдошим мени тушунмай қолсачи...” деган ўй билан жим бўламан.

Зафарга эришувчи билан бошқалар орасидаги фарқни айтайми? Бошқаларнинг қуввати кам эмас, билими ҳам кам эмас. Балки, иродаси кам!

Ким инсонларнинг қалбларига озор берса, бир кун келиб унинг ҳам қалбига озор берадиган топилади. Шунинг учун ҳеч кимнинг қалбига озор берма!

Энг оғир ҳолат – сенга “Йиғлама! Кўз ёшларинг мен учун жуда қадрли” деган шахс туфайли йиғлашингдир. 

Тўшакда ётиб йиғлагандан кўра жойнамоз устида йиғлаган афзал.

Кўз йиғиси ошкор қилади. Қалб йиғиси “сўяди”. Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш эса дўзах оловини ўчиради. 

Йиғи асносида гапириш инсон гапирадиган энг рост сўзлардир! 

Ҳақиқий фақирлик молнинг камлиги эмас, амалнинг камлигидир!


Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир қултум сувга тенг бойлик Донишмандлардан бири шундай дебди .Ҳар кунги бажарган ва бажара олмаган амалларинг, бесамар ўтган вақтинг сенга кўрсатиб турилса, бой давоми...

2896 21:44 / 21.04.2017
Қарз олдиберди муомаласиҚарз олдибердиси жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлардан биридир. Инсон ҳаётининг барча жабҳаларидаги каби, динимизда бу давоми...

7442 21:47 / 21.04.2017
Кимгадир бирор нарсани тақиш ёки нимагадир бирор нарсани осиб қўйишга нисбатан араб тилида қолладаrdquo феъли ишлатилади. Шу маънода муқаллид тақлид қилувчи давоми...

3026 17:24 / 27.03.2017
Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмини ҳақ динга чақирди. Бироқ улар пайғамбарга итоат этишмади. Аксинча, ўзларининг жоҳилликларида давом этди. Фойдаси ҳам, давоми...

6574 14:33 / 27.03.2017