1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

"Ирода" сифати ҳақида эътиқодимиз

14:34 / 27.03.2017 3163 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири "ирода" сифатидир.  "Ирода" луғатда "хоҳлаш", "қасд қилиш" маъноларини англатади. Истилоҳда эса "Барча бўлиши жоиз нарсаларни улар учун мумкин бўлган кўплаб нарсалардан бирига хослайдиган Аллоҳ таолонинг  азалий сифати – ирода сифати дейилади".  Яъни ирода сифати бўлиши ножоиз нарсаларга тааллуқли бўлмайди.

Ирода сифатнинг собитлигига Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар келган:

إِنَّ اللَّهَ يَحْكُمُ مَا يُرِيدُ

Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир[1].

Бошқа бир оятда шундай хабар берган:

يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ

Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас[2].

Имом Абу Давуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَا شَاءَ اللَّهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ

Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлган, хоҳламагани бўлмаган.

Булардан бошқа яна кўплаб оят ва ҳадисларда Аллоҳ таолонинг ирода қилувчи Зот экани баён қилинган. Бу эса У зотда ирода сифати собит эканига далолат қилади.

Шунга кўра аҳли сунна вал жамоа мазҳабида Аллоҳ таолонинг ирода сифати ҳақида шундай эътиқод қилинади: Дунё ва охиратдаги барча иймон-куфр, тоъат-маъсият, фойда-зарар, оз-кўп, катта-кичик ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолонинг иродасига кўра ҳикматига мувофиқ қазо ва қадари билан юзага келган. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлган, хоҳламагани бўлмаган. Аллоҳ ирода қилган нарсани рад этувчи йўқдир.

"Ирода" сифати ҳақидаги ушбу эътиқодни тўғри тушуниш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Қуйидаги жавоблар аҳли сунна уламоларининг "ирода" сифатига тааллуқли саволларга берган жавобларидир:   

Ирода сифати атрофидаги савол жавоблар

Савол: Барча мавжудотлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келишига иймон келтирган банда сабабият қонунлари ҳақида қандай эътиқодда бўлади?

Жавоб: Сабабият қонунлари ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: мавжудотларнинг вужудга келишидаги сабаблар иккитадир:

  1. Аслий сабаб;
  2. Таъйин қилиб ўрнатилган сабаб.

Аслий сабаб деганда Аллоҳ таолонинг иродаси тушунилади. Яъни барча нарсалар аслида Аллоҳ таолонинг иродаси туфайли вужудга келади.

Таъйин қилиб ўрнатилган сабаблар деганда эса нарсаларнинг пайдо бўлиши учун таъйин қилиб ўрнатиб қўйилган сабаблар тушунилади. Масалан, ёмғир ўсимликлар ўсишига, олов куйдиришга, сув чанқоқ қондиришга  сабаб қилиб қўйилган. Мазкур сабаблар юзага чиқарилган пайтда уларга боғлиқ қилиб қўйилган нарсалар ҳам юзага чиқишини Аллоҳ таоло таъйин қилиб ўрнатиб қўйган.  Яъни чанқоқ киши сув ичганда унинг чанқоғи қонишини сув яратмайди, балки Аллоҳ таоло яратади. Қоғоз оловга ташланса қоғозни куйдириб юборишни олов яратмайди, балки Аллоҳ таоло яратади. Чунки чунки сув ҳам, олов ҳам таъйин қилиб ўрнатиб қўйилган сабаб холос, аслий сабаб Аллоҳ таолонинг иродасидир. Фарзанд дунёга келишига эркак ва аёлнинг бирга бўлиши тайин қилиб ўрнатилган сабаб, аслий сабаб эса Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра фарзанд вужудга келиши ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади, деб эътиқод қилинади. Ушбу ҳақиқатни англатиш учун Аллоҳ таоло гоҳида одатий сабабаларни бекор қилиб қўяди. Масалан: Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланганида куймаганлар. Оловнинг одатий ишини қила олмай қолиши, ичига ташланган инсонни куйдира олмаслиги оловнинг ўз-ўзидан куйдира олмаслигига Аллоҳ хоҳласагина куйдиришига ёрқин далилдир.  

Савол: Банданинг маъсият содир этишини Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бўлса, кейин уни маъсият қилгани учун жазолаши зулм эмасми?

Жавоб: Аллоҳ таоло банданинг маъсият қилишини ирода қилиб, сўнг бандани қилган маъсияти учун жазолаши зулм бўлмайди. Чунки зулм ман этилган ишни қилиш билан бўлади.  Аллоҳ таолонинг ишларида эса ман этилган иш бўлмаслиги сабабли бу иш зулм ҳисобланмайди. Қолаверса банда Аллоҳ таолонинг унга нимани ирода қилганини билиб кейин ўша ишни қилмайди. Балки шариат талаб қилган ишларни бажаришга ва ман этган ишлардан сақланишга буюрилганини билади.  Шунга кўра бандага бериладиган жазо Аллоҳнинг иродасини амалга оширгани учун эмас, талаб қилинган ишларни бажармагани ва ман этилган ишни содир этгани учун берилган бўлади.

Савол: Барча мавжудотлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келар экан, У зотнинг Ўзи ирода қилган нарсанинг хилофига амр қилиши қандай тушунилади? Масалан Фиръавннинг иймонга келмаслигини ирода қилган, лекин уни иймонга келишга амр қилган.

Жавоб: Вужудга келган барча нарсалар Аллоҳнинг иродаси ва амрига боғлиқлиги эътиборидан тўрт қисмга бўлинади:

1.                 Аллоҳ таоло ирода ҳам қилган, амр ҳам қилган нарсалар. Масалан: мўминларнинг иймонли бўлишлари. Аллоҳ таоло мазкур бандаларни иймонли бўлишини ирода қилган ва уларни иймонли бўлишга амр ҳам қилган.

2.                 Аллоҳ таоло ирода ҳам қилмаган, амр ҳам қилмаган нарсалар. Масалан: Иймон билан дунёдан ўтган мўмин банданинг куфр билан ўтишини ирода ҳам қилмаган, бунга амр ҳам қилмаган.

3.                 Аллоҳ таоло ирода қилган лекин амр қилмаган нарсалар. Масалан:  Содир бўлган куфр ва маъсиятлар. Воқеъликда юз берган  куфр ва маъсиятлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган лекин уларга амр қилмаган.

4.   Аллоҳ таоло амр қилган, лекин ирода қилмаган нарсалар. Масалан: Кофирларнинг иймонга келиши. Аллоҳ таоло кофирларни иймонга келишга амр қилган лекин уларнинг иймонга келишларини ирода қилмаган. Ўзи ирода қилмаган нарсага уларни амр қилиши У зотнинг ўзи биладиган ҳикматга кўрадир. Аллоҳ таолонинг ишлари асло беҳикмат бўлмайди. Фақатгина биз улардаги ҳикматни билмаслигимиз мумкин холос. Қуръони каримда зикр қилинган "ирода" сифати икки турли бўлади:

1. Қадарий, холқий ирода.

2. Шаръий, амрий ирода.

Борлиқда вужудга келадиган барча нарсалар қадарий холқий ирода билан юзага келган бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

 فَمَنْ يُرِدِ اللَّهُ أَنْ يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ وَمَنْ يُرِدْ أَنْ يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقًا حَرَجًا كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاءِ

Кимни Аллоҳ ҳидоят қилишни ирода қилса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир[3].

Яъни мўмин банданинг ҳидоятга келиши ҳам, кофирнинг залолатга кетиши ҳам, булардан бошқа барча яхши-ёмон ишлар ҳам қадарий холқий ирода билан юзага келган бўлади.

Шаръий амрий ирода эса қадарий холқий иродадан хос бўлиб, бундан шариатда амр қилинган ишларни Аллоҳ таолонинг талаб қилиши тушунилади. Шаръий амрий ирода ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

 يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ

Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас[4].

Демак Фиръавннинг иймонга келмаслиги қадарий холқий ирода билан бўлган, уни иймонга келишга амр қилиш эса шаръий амрий ирода билан бўлган, деб тушунилади. 

Савол: Аллоҳ таоло иродасига кўра банданинг маъсият содир этиши аслида итоат қилиш ҳисобланмайдими? Чунки ирода қилинган нарсани бажариш аслида итоат қилиш саналмайдими?

Жавоб: Агар Аллоҳ таоло бандага маъсият қилишни ман қилмаганида банданинг маъсият содир этиши итоат қилиш бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло эса бандани маъсиятлардан ман қилган. Шунинг учун банданинг маъсият қилиши ман қилинган ишни содир этиш саналади.  

 Савол: Аллоҳ таолонинг билиши ва ирода қилиши орасида қандай фарқ бор? 

Жавоб: Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири илм сифатидир. Илм сифати ва ирода сифати орасида фарқ бўлиб, илм сифати ирода сифатидан умумий  ҳисобланади. Илм сифати умумий учта нарсани қамраб олади:

  1. Бўлиши вожиб зотни;
  2. Бўлиши мумкинмас номавжудни;
  3. Бўлиши жоиз нарсани.

Бўлиши вожиб зот деганда Аллоҳ таоло тушунилади. Буни уламолар шундай тушунтирганлар: борлиқнинг мавжуд экани яратувчининг борлигини тақозо қилади. Чунки мавжудотларнинг ўз-ўзидан бор бўла олмасликлари инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Демак борлиқ мавжудми, унинг яратувчиси бўлиши вожибдир. Ўша яратувчи Аллоҳ таолодир. Шунинг учун У зотни бўлиши вожиб зот дейилган.     

Бўлиши мумкинмас нарса деганда пайдо бўлиши мутлақо мумкин бўлмаган нарса тушунилади. Масалан Аллоҳ таолонинг шериги пайдо бўлиши мутлақо мумкин эмас.

Бўлиши жоиз нарса деганда эса яратиб қўйилган барча нарсалар тушунилади.

Илм ва ирода сифатлари орасидаги фарқ шуки илм сифати мазкур учала умумий нарсларни ҳам қамраб олса, ирода сифати фақат бўлиши жоиз нарсаларга тааллуқли ҳисобланади. Демак ирода сифатининг илм сифатидан фарқи илм сифатидан хос эканидадир. Шу маънода Аллоҳ таоло Ўзининг бор бўлишини Ўзи ирода қилган дейилмайди, чунки ирода сифати бунга боғланмайди. Аллоҳ таоло Ўзининг шериги бўлишини ҳам ирода қила олади дейилмайди, чунки ирорда сифати бунга боғланмайди. Аммо барча махлуқотлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлган дейилади, чунки ирода сифати айнан шу нарсаларга тааллуқли бўлади.

Ушбу фарқдан махлуқотлар қандай яратилган бўлса Аллоҳ таолонинг илмига кўра иродаси билан шундай вужудга келтирилгани тушунилади. Бу ҳақида Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги маънодаги сўзлари нақл қилинган: "Биз билан қадарийлар орасидаги масала икки сўз билан ойдинлашади. Биринчиси улардан: - Аллоҳ таоло вужудга келадиган нарсаларнинг барчасини мутлақо билганми? деб сўраймиз Агар – йўқ, деб жавоб берсалар Роббиларини жоҳилликда айблаганлари учун кофир бўладилар. Агар – ҳа, деб жавоб берсалар, иккинчи саволни берамиз: - билган нарсасини Ўзи билганига кўра жорий қилишни хоҳлаганми? Агар - йўқ деб жавоб берсалар, бу сўзларидан Аллоҳ Ўзининг билмаслигини хоҳлаган, деган маъно чиқиб қолади. Бу эса Ҳакийм зотнинг сифатига тўғри келмайди. Агар - ҳа, деб жавоб берсалар, Аллоҳ таоло барча нарсаларни Ўзи билганидек бўлишини хоҳлаганини исбот қилган бўладилар".       

Савол: Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган нарсалар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади?

Жавоб: Чунки "ирода" сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Сўфи Оллоҳёр бобомиз мазкур маънони қуйидагича тушунтирганлар:

Худо рози эмас исёнимизға,

Ризосидур анинг эҳсонимизға.

Яъни исён қилишимиз ҳам, эҳсон қилишимиз ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келади. Аммо У зот исён қилишимизга рози бўлмайди. Ўзи рози бўлмайдиган нарсаларни ҳам ирода қилиши ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди. Бу ҳақиқатни Сўфи Оллоҳёр бобимиз шундай тушунтирганлар:

Қадалса бир тикан ё тушса бир қил,

Иродасиз эмас ҳеч иш яқин бил.

Яъни ирода сифатига иймон келтирган киши рўй берган барча нарсани, ҳатто бир дона тикан қадалса ҳам, танасидан бир дона қил тушса ҳам албатта Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлди, деб билиши лозим.

  Савол: Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими?

Жавоб:  Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан эмас, балки бандаларга тааллуқлилиги, ҳамда уларга зарарли бўлишига нисбатандир. Чунки  амаллар Аллоҳ таолонинг иродасига тааллуқли бўлиши жиҳатидан ёмон иш ҳисобланмайди.

Савол: Пайғамбарлар бандаларнинг иймонга келишларини хоҳлаган, шайтон эса бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаган. Шу маънода Аллоҳ таолонинг кофирларнинг иймонга келмасликларини ирода қилиши шайтоннинг хоҳишига мувофиқ бўлиб қолмайдими?

Жавоб: Шайтоннинг бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаши ҳам, пайғамбарларнинг бандаларнинг иймонли бўлишини хоҳлашлари ҳам Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра барча Аллоҳ ирода қилган нарсани хоҳлаган ҳисобланади.

Хулоса

"Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлиш туфайли бандада барча ҳолатларда Роббисига қуллик қилиш лаззатини татиш ва имкон қадар ибодатга уриниш юзага келади.

"Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши содир этган гуноҳ ва маъсиятларини Роббисининг иродасига тўнкаб ўзини оқлашга ўтмайди, балки тавбага шошилади. Чунки у қилган гуноҳлари ҳақидаги Роббисининг иродасидан хабардор бўлиб кейин уларни мажбуран қилмаганини жуда яхши билиб туради.

 "Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши муваффақиятларга эришганида ҳовлиқиб ўзига бино қўймайди, балки ато этилган неъматларнинг шукронасини адо этишга шошилади. Чунки у бу неъматларга аслида ўзи ҳақдор бўлгани учун эмас Роббиси ирода қилгани учун эришганини яхши билиб туради.     

 "Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор мусийбатга дучор бўлса Роббисининг иродасига таслим бўлади ва: Роббим бу сенинг иродангдир, бундан кўра каттароқ мусийбатларга дучор қилмаганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин, биз Сеникимиз ва Сенинг ҳузуринга қайтамиз, дея дуо қилишга ўтади.   

"Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор ибодатни адо этар экан бу иши Роббисининг иродасига кўра амалга ошганини ҳис этиб хурсанд бўлади ва ҳар бир амалида қалбан Роббисига ҳамд айтиб туради:

-               Роббим, мўминлигим Сенинг иродангдир, иймон муҳаббатини қалбимга солган ҳам, мени куфрдан узоқ қилган ҳам, мўминлик бахтига сазовор қилган ҳам Ўзингсан;

-                Роббим, ўқиган намозим Сенинг иродангдир, намозни менга маҳбуб қилган ҳам, намоз ўқиш бахтига муяссар қилган ҳам Ўзингсан;

-                Роббим, тутган рўзам Сенинг иродангдир, рўзанинг машаққатига муҳаббатли қилган ҳам, нафсим устидан мени ғолиб қилган ҳам, рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳам Ўзингсан;

-                 Роббим, берган закотим Сенинг иродангдир, бахилликдан нажот берган ҳам, зиммамдаги ҳақни адо этишга тавфиқ берган ҳам, закот бериш бахтига муваффақ қилган ҳам Ўзингсан;

-                Роббим, адо этган ҳажим Сенинг иродангдир, бандаларинг орасидан ҳаж сафарига боришимни хоҳлаган ҳам, ҳаж машаққатларига сабр-бардошли қилган ҳам, ҳажни адо этиш бахтига лойиқ кўрган ҳам Ўзингсан;

-               Роббим, адо этган барча амалларим Сенинг иродангдир, шунинг учун қилган амалим туфайли бирор ажру мукофот олишга мен ҳақдор эмасман, балки бу амалларни менга ирода қилганинг учун ҳамду-санолар билан улуғланишга Сен ҳақдорсан, Сени доим улуғлашга мен бурчлиман, берадиган ажру мукофотларинг  фақат ва фақат лутфу марҳаматингдир...

Роббимиз барчамизни Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ қилсин.  

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

[1] Моида сураси 1-оят.

[2] Бақара сураси 185-оят.

[3] Анъом сураси 125-оят.

[4] Бақара сураси 185-оят.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттобдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот .Бизлар бир куни Расулуллоҳнинг с.а.в. ҳузурларида эдик. Олдимизга оппоқ кийимли, қопқора сочли бир киши кириб келди. давоми...

5126 14:28 / 15.03.2017
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳаммамиз ҳам ўзимизни мусулмон санаймиз. Ҳозир кўчада учраган ўзбекни ушлаб, .Мусулмонмисан, десангиз, .Ҳа, алҳамдулиллоҳ, мусулмонман,, давоми...

2476 21:25 / 21.04.2017
Фотиҳа сурасида Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бештаси Аллоҳ, АрРобб, АрРаҳмон, АрРаҳийм, АлМалик зикр қилинган. Шунингдек, ушбу сурада АлҲамийдrdquo ҳамду санога давоми...

4215 14:10 / 24.03.2017
Аллоҳ таоло инсонларни ҳаётий дунёда тўлатўкис ҳаёт кечиришлари ва шунинг сабабидан охиратини ҳам обод қилишлари учун барча шартшароитларни мукаммал давоми...

3271 14:42 / 22.04.2017
Аудиолар

120310 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41948 14:35 / 11.08.2021