1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жаннатийлик белгиси

20:00 / 02.05.2019 5434 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Убода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, албатта, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга ташланган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир”, деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

 Ушбу ҳадисда иймон ва тавҳиднинг фазли ҳақида, яъни, қуйидаги нарсаларга иймон келтириш фазли ҳақида сўз кетмоқда:

1. Аллоҳдан ўзга бандалар ибодатига сазовор илоҳий маъбуд йўқлигига;

2. Аллоҳнинг ёлғиз эканига;

3. Аллоҳнинг шериги йўқлигига;

4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига;

5. Ийсо алайҳиссалом ҳам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига;

6. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг Марям онамизга ташланган калимаси эканига, яъни, «Бўл!» деганида отасиз дунёга келганига;

7. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳдан бўлган руҳ эканига;

8. Жаннат ҳақ эканига;

9. Дўзах ҳақ эканига иймон келтириш.

Ҳадисда ушбу нарсаларга шоҳидлик берган одамни, нима амал қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло жаннатга киритиши таъкидланмоқда.

Маълумки, Ислом дини янги келган пайтида дунёни ширк балоси босиб ётган эди. Одамлар Аллоҳ таолога ширк келтиришар эди. Ҳатто туясини қумга соғиб, лой қилиб ўзига «худо» ясаб оладиганлар бор эди. Ҳазрати Умар мушриклик пайтларида хурмо мевасини бир-бирига ёпиштириб, «худо» ясаб ибодат қилганини, кейин қорни очиб «худо»сини еб қўйганини айтиб, жоҳилият аҳмоқлиги устидан кулиб юрар эдилар.

Ана шундай ҳолатда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тавҳид (яккахудолик) дини ила юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн уч йил давомида қилган ишлари кишиларни тавҳид калимасига -- «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ»га чақириш бўлди. Ўша даврда нозил бўлган ояти карималарнинг маъноси ҳам шу эди. Айтилган ҳадиси шарифларнинг маъноси ҳам шу эди. Дарҳақиқат, ўша пайтда шаҳодат калимасини айтганлар комил мўмин бўлишган. Чунки, бошда Исломнинг арконлари, ибодатлари ҳали жорий қилинмаган эди. Табиийки, ўша пайтда шаҳодат калимасини айтиб, ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсаларга гувоҳлик берганлар вафот этишса, албатта, жаннатий бўлишган. Чунки улар ўша даврда жорий бўлиб турган Аллоҳнинг амри¬ни тўлиқ адо этатуриб, вафот этишган.

Кейинчалик, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан сўнг бирин-кетин бошқа рукнлар, дин аҳкомлари жорий қилина бошланди. Энди мусулмонлар шаҳодат калимасини айтиш билан кифояланиб қолмасдан, ана шу рукнларни, аҳкомларни ҳам адо этишлари лозим бўлди. Аллоҳ таоло ояти карималарда мазкур рукн ва аҳкомларни бажармаганлар дўзахга тушишини айта бошлади. Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида ушбу маъноларни баён эта бошладилар. Энди «шаҳодат калимасини айтган одам жаннатга тушади» деган гап билан кифояланилмайдиган бўлди. Энди шаҳодат калимасини айтган, намоз ўқиб, рўза тутган, закот бериб, ҳажга борган жаннатга киради», дейиладиган бўлди. «Шаҳодат калимасини тасдиқ қилмаган дўзахга тушади», де¬йиш билан бирга «намоз ўқимаган, рўза тутмаган, имкони бўлиб туриб закот бермаган, ҳажга бормаган ҳам дўзахга тушади», дейила бошланди.

«Шаҳодат калимасини айтса бўлди, бошқа нарсаларнинг кераги йўқ», деганларнинг гапида заррача ҳам мантиқ йўқ. Агар шаҳодат калимасини айтиш етарли бўлса, Аллоҳ таоло нима учун бошқа рукн ва аҳкомларни фарз қилди? Ўша мантиқсиз шахслар ўзларининг мантиқсиз гаплари билан гуноҳи азимга журъат қилган бўлишади.

Бундай ҳолларда масаланинг туб моҳиятини, ҳамма тарафни атрофлича ўрганиб, сўнгра ҳукм чиқариш керак. Мисол учун, «Рўзадор киши Раййан номли эшикдан жаннатга киради», деган маънода ҳадиси шариф бор. Шу ҳадисни далил қилиб: «Мен рўза тутсам бўлди, бошқа рукнларни ва аҳкомларни адо қилмасам ҳам жаннатга кираман», дейиш мумкинми? Йўқ, албатта!

Демак, Аллоҳ таоло ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсаларга гувоҳлик берган одамни нима амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади, дейилиши Исломнинг дастлабки, иймондан бошқа рукн ва аҳкомлари жорий қилинмаган даврига хосдир. Кейинги даврда қайси рукн жорий қилинган бўлса, у ҳам қўшилиб кетаверган. Шунинг учун намоз фарз қилинган даврдаги ҳадисларга қарасак, намозни вақтида адо қилган одам жаннатга тушади, дейилади. Рўза фарз қилинган вақтдаги ҳадисларда – рўзани тутган одам, закот фарз бўлган давр¬даги ҳадисларда – закот берган одам, ҳаж фарз бўлган даврдаги ҳадисларда – ҳаж қилган одам жаннатга тушади, дейилган. Ҳаммаси мукаммал бўлгандан кейин айтилган ҳадисларда ҳамма рукн¬ларни қўшиб айтилгани ҳам бор.

Ислом дини таълимотлари бир соат, бир кун ёки бир йилда жорий қилингани йўқ. Балки йигирма уч йил давомида, аста-секин жорий қилинди. Иймон масаласи мураккаб масала бўлганидан, мазкур йигирма уч йилнинг катта қисми – ўн уч йили иймонни мустаҳкамлашга қаратилди. Қолган ўн йилда бошқа рукн ва аҳкомлар аста-секин, бирин-кетин жорий қилинди. Ушбу ҳақиқатни тўғри англаб етиш бунга ўхшаш масалаларни тушунишга ёрдам беради. Бошқа вазиятда айтилган бир ҳадисни ушлаб олиб, Исломнинг   иймон рукнидан бошқа ҳамма рукн ва аҳкомларини бекорга чиқариб юборишга ҳеч ким ҳақли эмас.


“Ҳадис ва Ҳаёт”, 2-жилд, 114-118-бетлар

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳмад ибн Абу Ҳаворийдан ривоят қилинади .Абу Сулаймон Доронийга .Рукн билан Мақом1 ўртасида Аллоҳ таолодан таом, шароб, либос, хушбўй ва аёллар шаҳватини давоми...

2015 09:05 / 25.08.2019
Кишилар мақом ва юқори мартабани бойликдан, машина маркаблардан, ҳашаматли қаср, уйлардан, катта фойдалар келтирувчи бизнес ва тижоратлардан, гўзал, соҳибжамол давоми...

1271 16:40 / 16.08.2021
Абу Дардо розияллоҳу анҳу гуноҳ иш қилиб қўйган бир одамнинг олдидан ўтиб қолдилар. Одамлар уни сўкишарди. У киши одамларга қараб, .Агар у қудуққа тушиб кетса, уни давоми...

1601 09:10 / 26.06.2019
Намл сурасининг 82оятида айтилган ердан чиқадиган ҳайвон ҳақида бир оз маълумот берсангиз.Жавоб Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймСаволда зикр қилинган ҳайвон давоми...

4579 21:13 / 03.11.2018