1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Бахт абадийдир

10:05 / 27.03.2017 2396 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(“Ўзим билан танишув” туркумидан) 



Иброҳим (алайҳиссалом)ни энг катта гулханнинг ўртасига ташладилар. Жаброил (алайҳиссалом) келиб: “Нима истайсиз, эй Аллоҳнинг расули?”, – деди. “Аллоҳнинг ўзи менга кифоядир”, – деган жавоб бўлди. 

Шу тарзда савол уч марта такрорланди. 

Жавоб ҳам.

Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳнинг имтиҳонида эканликларини, Аллоҳнинг ҳукми ҳеч қачон инсонларнинг зарар кўриши учун тақдир қилинмаслигини жуда яхши билар ва шунга тўлиқ ишонардилар. Аллоҳнинг раҳмати қачон, қай тарзда ва қандай шаклда, қайси муносабат билан воқеъ бўлишини банда билмайди. Масалан, оловга ташланиш, денгизга улоқтирилиш ва наҳангнинг қорнида қолиб кетиш, зиндонбанд қилиниш бизнинг назаримизда жуда катта мусибатга ўхшаб кўринади. Биз ноқис ақлимиз билан буларнинг барчасини, шубҳасиз, мусибат, жабр, зулм деб тушунамиз ва шундай қабул қиламиз. Яъни булар биз учун бахтсизлик саналади. 

Шайтон бахт ва бахтсизлик ҳақидаги асл ҳақиқатдан бизни чалғитиш учун имкони борича ҳаракат қилади. Шайтоннинг амрига қулоқ тутсак, бахт – бахтсизлик, бахтсизлик – бахт бўлиб қўринади. Чунки шайтон алдовчидир. У ҳар кимнинг қон томирида юриб, васвасага солади, тўғри йўлдан оздиришга урунади. 

Бахт қуёшга ўхшайди. У баъзан бизга кўринади, баъзан эса йўқ. Қуёшнинг кўринмай қолиши уни йўқ дейишга асос бўлолмайди. Чунки у ўз жойини ўзгартиргани, йўқолиб қолгани йўқ. Муайян қонуният туфайли бизга бир муддат кўринмай қолди, холос. Кундузи қуёшнинг кўриниб туриши қанчалик улуғ неъмат бўлса, кечқурун бизга кўринмай туриши ҳам худди шундай неъматдир. Кундуз тирикчилик, тун ором учун манзил.  

Аслида бахт Аллоҳ таолодан келадиган ҳар бир нарсанинг ўз фойдамиз учун  берилган буюк неъмат эканини англашдир. Иброҳим (алайҳиссалом) бу ҳаёт интиҳон майдони эканини ва ўзининг имтиҳон қилинаётганини биларди. Имтиҳон эса одатда инсоннинг юқорироқ босқичга лойиқлигини ўзига билдириб қўйиш учун қилинади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтса, даражаси ошади. Кучли олов темирнинг зангини еб йўқотгани каби гулхан ўз қалби ва имонини тоблаши, ярқироқ ва мунаввар қилишини Иброҳим (алайҳиссалом) буюк неъмат деб билди. Унга мамнуният билан рози бўлди ва ундан юз ўгирмади, қочмади. У Аллоҳнинг амри фойдадан ва ҳикматдан холи бўлмаслигига амин эди. Натижада, олов унинг учун ёндирувчи ва куйдирувчи офатга эмас, салқин ва раҳматга, ҳузур-ҳаловатга  айланди. У Аллоҳга чин дилдан ишонгани учун амрига бўйсунди, бўйсунгани учун сабр қилди, сабрига рози бўлди ва Аллоҳ ҳам ундан рози бўлди. Оқибатда, инсоният тарихида ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган “Халилуллоҳ” мақомига эришди.                    

Биз эса Аллоҳнинг раҳматини кўра олмаймиз. Ўзимизда етарли илм ва маърифат йўқлигидан шайтоннинг ёлғонларига осонликча алданиб қоламиз. У бизни раҳматдан юз ўгиришга, бўйин товлашга ва қочишга чақиради.  Биз воқеа- ҳодисаларни ақл ва мантиқ билан эмас, ўз аслини йўқотган шайтоний хоҳишларимиз билан баҳолаймиз. Буюрилган ва ўзимиз учун фойдали бўлган,     ўзимиз чин дилдан истаган қарорни эмас, шайтон бизга тавсия қилган қарорни қабул қиламиз. 

Биз одатда ўтга қараганда фақатгина куйдирувчи офатни, денгизни кўрганда ғарқ этувчини, зиндонга юзланганда алам ва хорликни кўрамиз. Шайтон бизни мана шу шакллар билан алдаб қўяди. 

Бир табибни жуда оғир беморнинг ҳузурига олиб боришди. Табиб унинг томирини ушлаб кўргач, бир сўз дейишга чоғландию, индамади. Индамай чиқиб кетди. Беморнинг соғайишига умид йўқлиги унинг жимлигидан англашилган эди.

Лекин... 

Бемор тақдирга тан берди. Ўз ўлимини кута бошлади. Шу пайт девор кавагидан бир илон чиқиб, у томонга судралиб кела бошлади. Бемор қочмади – қимирлашга мажоли йўқ эди. Илон келиб уни чақиб олди. Бемор ҳушини йўқотди. 

Анчадан кейин ўзига келиб, кўзларини очган бемор баданидаги касалликдан асар ҳам қолмаганининг гувоҳи бўлди. 

Орадан бир неча кун ўтгач, ҳалиги одам кўчада табибни учратиб қолди. Табиб унга таажжуб билан тикиларкан, кўзларига ишонқирамас эди. 

– Илоннинг заҳрини қаердан топдингиз? – деди ниҳоят табиб тилга кириб. 

Киши бўлиб ўтган воқеани гапириб берди. 

– Мен сизнинг дардингизга фақатгина илон заҳри даво бўлишини билардим. Фақат уни топиш ва сизга ичириш имконсиз деб ўйлаганим учун чорасиз ҳолда уйингиздан чиқиб кетгандим, – деди табиб ҳайрат билан.      


* * *



Яхшилар учун яхшиликлар абадийдир. 

Ёмонлар учун ёмонликлар абадий. 

Икки ўртада сарсон юрувчилар ҳеч қаерда қўним топмайдилар.      


* * * 




Аллоҳ таоло биз учун нима яхши ва нима фойдалилигини биздан кўпроқ ва яхшироқ билади. Аллоҳни бизга атаган нарсаси, шубҳасиз, яхшилик бўлади. Ахир қалбида заррача меҳри бўлган она фарзандига ёмонликни раво кўрмайдию  ундан чексиз маротаба меҳрибон зот инсонларга ёмонликни раво кўрармиди!?  


Ғуломиддин Озод



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда инсонни ақлини оладиган, унинг хотирасини заифлаштирадиган, турли касалликлар асаб касаллиги, ошқозон, ўпка касаллиги, нафас йўлини сиқувчи, фикр ва давоми...

5222 19:51 / 22.04.2017
Абу Нуъайм ва Абу Осим Узра ибн Собитдан , у эса Сумома ибн Абдуллоҳдан келтиради .Анас ибн Молик идишдан икки ё уч бор ҳўплаб сув ичиб,ҳар гал ҳўплаганидан сўнг давоми...

5186 11:44 / 27.03.2017
Албатта, ҳамду санолар Аллоҳникидир Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. давоми...

2772 09:39 / 22.03.2017
Ичимликларга оид қайтариқларАбу Қатода розияллоҳу анҳу оталаридан нақл қиладилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб айтдилар .Бирортангиз сув ёки давоми...

2218 19:05 / 17.09.2020