1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ҳижрий қамарий тақвим бўйича ой янгиланишини ҳисоб қилиш услуби

10:05 / 27.03.2017 14219 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳирраҳманирроҳийм


Оламларнинг роббиси Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар ва Унинг Расули, бизларнинг шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо саллалоҳу алайҳи ва салламга беҳисоб дуруду салавотлар бўлсин.

Исломда буюрилган бир қатор ибодатлар қамарий йил ойларининг муайян кунларида бажарилади.

 Шунинг учун қамарий йил ойлари бошланиш кунларини белгилаш аҳамиятли масала ҳисобланади. 

Кейинги йиллардаги Рамазон ойининг бошланиши ва ийдлар саналари борасидаги кўрилаётган номувофиқликлар шундоқ ҳам катта аҳамиятли бу масалани нихоятда долзарб қилиб қўймоқда.

Мақола мазкур муаммони муолажа қилиш йўлини ахтариш мақсадида ёзилмоқда. 

Бу ишга муаллиф Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг “... тўғри бўлса Аллоҳдан, хато бўлса мендан ва шайтондан ...” [3] деган қавлларига эргашиб қўл урди ва бўлиши муқаррар бўлган хато ва камчиликлар учун Аллоҳ таолодан мағфират ва азиз ўқувчилардан кечирим тилайди.




Биз ишни албатта Қуръони каримга мурожаат қилишдан бошлаймиз:


“У қуёшни зиё (таратувчи) ва ойни нур (сочувчи) этган ҳамда йилларнинг ададини ва (вақт ва замонга доир) ҳисобни билишларинг учун уни (ойни) манзилларга (бўлиб) ўлчаб қўйган Зотдир” (Юнус сураси, 5-оят).

Юнус сурасининг келтирилган 5-ояти ва унинг муҳтарам шайх Абдулазиз Мансур жанобларининг [2] лафзларидаги маъноси таржимасидан  ой ва йилларни ҳисобини юритиш мўъминлар учун буюрилган амал эканлиги чиқади.

 Зероки, Аллоҳ таоло берган бошқа кўп неъматлар қаторида вақтга доир ҳисоб илми ҳам уни шукрини адо қилиб ҳар иккала дунёга тааллуқли амалларни ўз вақтида бажариш учун ишлатишни тақозо қилади.

Ҳижрий қамарий тақвим юритишнинг ҳисобий илмий асосларини ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳа яратганлар.

 Умуман бутун Ислом оламида тақвим юритишнинг дунёвий илмлардаги асосларидан бўлган нужум ва риёзийёт илмларига катта эҳтимом кўрсатилган.

 Ватанимиз олимларининг бошқа кўпгина илмлар қаторида бу соҳадаги улушлари ҳам беқиёсдир.

 Бу борада Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ва унинг ўз замонасида катта эътимодга эга бўлган “Зиж” ларини, Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ва унинг турли халқларнинг тақвимлари тўғрисидаги асарларини, Муҳаммад Тарағай Улуғбек ва унинг “Зижи кўрагоний” сини кўрсатиш кифоя [8].

 Булардан ташқари бу ўринда фавқулодда юқори аниқликка эга бўлган ҳижрий шамсий тақвим яратган улуғ олим Абул Фатҳ Ғиёсиддин Умар ибн Иброҳим Хайёмни ҳам зикр этмаслик мумкин эмас [6].

Мазкур алломаларнинг тақвимга доир ишларида тақвим ҳисобининг тарихий, тавсифий ва ҳисобий жиҳатлари умумий тарзда кўрилиб географик жойлашувнинг таъсири ўша  замонда эҳтиёж туғилмагани сабабли тадқиқ қилинмаган. 

Шунинг учун ҳижрий қамарий тақвим бўйича ойларнинг янгиланиш кунларини белгилашнинг мавжуд ҳисобий услублари алоҳида минтақалар доирасида, шу минтақалардаги олдинги йиллардаги ҳолатга асосланганида, фақат шу минтақа учун яхши натижалар беради. 

Минтақалараро ва давлатлараро миқёсда, айниқса бутун дунё миқёсида олинганда асос қилиб олинган олдинги йиллардаги ҳолатлар ҳам бир хил бўлмаганлиги сабабидан бир-биридан фарқли натижалар олинади.

Нақлиёт ва алоқа воситаларининг имкониятлари мавжуд бўлган масофаларга нисбатан жуда ҳам оз бўлган пайтларда бундай ҳолат қийинчилик ҳам туғдирмаган ва ҳатто амалда кўп сезилаберган ҳам эмас.

Ҳижрий қамарий тақвим юритишда ҳозир қуйидаги ҳолатлар кузатилади:

1.Одат тариқасида 30 ва 29 кунлик ойлар алмашиб келадилар ва бунда қайси ой неча кунлик эканлиги олдиндан белгилаб қўйилади. 

2.Бир неча йилда бир марта икки ой кетма-кет 30 кунлик келади ва кўпинча қўшни минтақаларда бу ҳолат турли йилларда юз беради. 

3.Қўшни мамлакат ва минтақаларда тақвимий ой ҳисобининг бошланиши вақти-вақти билан бир ёки кетма-кет бир неча йил бир  кунга  фарқ қилиб қолади ва кейин яна бирхиллашиб қолади.

4.Жорий ойнинг 29 куни ҳилолни кўриш имконияти бўлмаганда, уни қуйида кўрадиганимиздай ҳадиси шарифга асосланган шаръий ҳукмга биноан 29 кунлик бўлиш эҳтимолини истисно қилмаган ҳолда ҳам  30 кунлик деб ҳисоб қилинади.    

Ҳижрий қамарий тақвим янги бошланишини белгилаш тўлалигича Пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи ва салламнинг бир қатор ҳадиси шарифларига биноан амалга оширилади.

 Бундай ҳадислар анчагина бўлиб биз мавзуни ёритиш учун ҳазрати  шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жаноблари тасниф қилган “Ҳадис ва ҳаёт” тўпламининг “Рўза” деб аталган 9-жузида [4] келтирилган учта ҳадиси шариф ва уларнинг таржималаридан фойдаланамиз.

Биринчи бўлиб 1210 рақам остида келтирилган қуйидаги ҳадиси шарифга ва унинг таржимасига мурожаат қиламиз:


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“То ҳилолни кўрмагунча рўза тутишни бошламаганлар. То уни кўрмагунча оғзи очиқ бўлмаганлар. Агар сизлардан у булутла тўсилиб қолса, ҳисобини қилинглар”, дедилар.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

“Рамазондан олдин рўза тутманглар. У (ой) ни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар. Агар уни булут тўсиб қолса, ўттиз кунни мукаммал қилинглар”, дейилган.

Бухорийнинг лафзида эса:

“Агар сизлардан булутла тўсилиб қолса Шаъбонни ўттиз кун мукаммал қилинглар”, дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса:

“Агар сизлардан булутла тўсилиб қолса, ўттиз кун рўза тутинглар” дейилган. 

Қамарий тақвим ойларига боғлиқ ибодатларнинг энг муҳими албатта Рамазон рўзасидир. Кўрилган ҳадиси шариф таржимасининг маъносидан шуни англашимиз мумкинки, баайни намоз фақат вақти кирганидан кейингина фарз бўлганидай, Рамазон рўзасини тутишни бошлаш ҳам,уни тугатиб ийди Рамазонни ҳайит қилиш ҳам фақат ва фақат ҳилол кўрилгандан кейингина тўғри бўлади. 

Ҳилол кўрилишини бунчалик шарт қилинишидан мақсад уни ҳарфан ўз кўзи билан  кўриш эмас, балки ой кафолатли янгиланганган бўлишига қатъий ишонч ҳосил қилиш эканлигини бир қатор ҳадисларда бу борада бошқа жойдаги бошқа  бир-икки одил  кишининг гувоҳлиги қабул қилиниши тўғрисида хабарлар келтирилганлиги кўрсатади.

 Кўрилган ҳадиси шариф Рамазон билан бирга Шаъбон ва Шаввол ойларига ҳам тааллуқлилигидан у бошқа ойларга ҳам тегишли бўлади ҳамда  ундан тақвимий ой янгиланишини ҳисоб қилиш услубининг иккита асосқоидаси (принципи) келиб чиқади:

1. Янги ой ҳисоби фақат янги ой туғилгани бевосита ёки лоақал бошқа жойдаги бошқа кузатувчи орқали  аниқ билинганидан сўнг бошланади.

2.  Биринчи қоида шунчалик кучликки, ҳатто шак кунигача янги ой туғилгани равшан билинмаганда,  фарз намозни вақтини чиқармай таъхир қилиб ўқиш жоиз бўлгани сингари,  янги ой ҳисобини ой аслида янгиланганидан бир кун кеч бошлаш фақат жоиз эмас, балки буюрилган. 

Энди 1218 рақами остида келтирилган иккинчи ҳадиси шарифни таржимаси ва шарҳи билан кўрамиз:


Курайб розияллоҳу анҳудан ривоят:

“Умму Фазл бинти ал-Ҳорис уни Шомга, Муовиянинг олдига юборган эди. У айтадики:

“Бас, Шомга келиб у (Умму Фазл)нинг ҳожатини бажардим. Мен Шомдалигимда Рамазон кириб қолди, ҳилолни жумъа кечаси кўрдим. Сўнгра ойнинг охирида Мадинага келдим. Ибн Аббос мендан:

“Ҳилолни қачон кўрдингиз?” деб сўради.

“Уни жумъа кечаси кўрдик”, дедим.

“Сен ўзинг кўрдингми?” деди.

“Ҳа, одамлар ҳам кўрдилар. Рўза тутдилар. Муовия ҳам рўза тутди”, дедим.

“Лекин биз шанба кечаси кўрдик. То ўттиз кунни мукаммал қилгунимизча ёки уни кўргунимизча тутаверамиз”, деди.

“Муовиянинг кўргани ва рўза тутгани билан кифояланмайсанми?” дедим.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундоқ амр қилганлар”, деди”.

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Бу ерда исломда тақвимий кун кеча-кундуз тарзида, яъни олдин кеча, кейин кундуз бўлиши сабабли ҳадиси шарифдаги  жумъа ва шанба кечалари бизнинг одатий гапимиздаги пайшанба ва жумъа кунларидан жумъа ва  шанба кунларига ўтар  кечаларга тўғри келишини ҳамда муайян кун охиридаги оқшом кейинги кеча-кундузга тегишли бўлишини эслатиш жоиз.  

Ушбу ҳадиси шариф таржимасининг таҳлили олдинги ҳадиси шарифдан келиб чиққан икки асосқоидани тасдиқлаш билан бир қаторда тақвим ҳисобининг ҳозирги тартибидаги мукаммаллаштиришга муҳтож бўлган жиҳатлари ва уларни муолажа қилиш йўлларини аниқлашга имкон беради.

 Мазкур ҳадиси шарифнинг матни ва унинг таржимаси маъноларидан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин ислом ҳудудлари кенгайиб географик омил таъсири сезилишга бошлагандан кейин саҳобаи киромлар ва тобеинларнинг юқоридаги иккита ҳадиси шарифдан фойдаланиб янги ой ҳисобини бошлашларида амалда шу пайтгача мавжуд бўлган икки хил ёндашув юзага келган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу янги ой ҳисобини бошлаш учун ҳилолни албатта шу жойда ўзимиз кўришимиз шарт ва акс ҳолда тугаётган ойни (мабодо у аслида 29 кунлик бўлса ҳам), 30 кунлик қилиб олишимиз керак деган биринчи ёндашув тарафдори бўлган эканлар.

Курайб розияллоҳу анҳу ва Ибн Аббос розияллоҳи анҳуларнинг савол-жавобларидан Курайб розияллоҳу анҳуда бошқа жойда бошқа кишиларнинг, хусусан Муовия розияллоҳу анҳу каби ишончли кишиларнинг,(албатта олдин) , кўрганига ҳам  амал қилиш керак деган мулоҳаза борлиги кўринади ва бу иккинчи ёндашувдир.

Шу ҳадиснинг шарҳидаги баъзи уламоларнинг “ҳар ўлка одамлари ҳилолни ўзлари кўради ва ўшанга биноан амал қилади” деганлари биринчи ёндашувни қувватлайди. “Агар бир ўлкада ҳилолни кўриш собит бўлса, бошқа ўлкалар ҳам ўшанга амал қилиши керак” деганлар   уламоларнинг жумҳури бўлганидан эса  иккинчи ёндашувнинг афзаллиги келиб чиқади. 

Ҳилол бир ўлкада кўриниб ундан шарқда жойлашган бошқа ўлкаларда кўринмаганда  ой аслида янгиланган эканлигини эътиборга олишдан иборат иккинчи ёндашувнинг  моҳияти амалда жойларнинг географик жойлашувлари таъсирини ҳисобга олишдан иборатдир. 

Ҳозирги пайтда алоҳида мамлакатлар доирасида иккала ёндашувга ҳам бирга амал қилинмоқда. 

Лекин миллий чегаралардан ташқаридаги ҳолат бўйича иккинчи ёндашувни қўллаш айрим ҳолларда инкор қилинмоқда. 

Масалан,мамлакатнинг пойтахтида янги ой ҳисобини бошлашни тақозо қиладиган ҳолат кузатилганда унинг бундай ҳолат кузатилмаган шарқий ноҳияларида ҳам ҳеч гап-сўзсиз янги ой ҳисоби бошланади. Ёки аксинча янги ой ҳисобини бошлашни тақозо қиладиган ҳолат мамлакатнинг ғарбий қисмида  юз берганида ҳам масала пойтахтдаги ҳолат бўйича ҳал қилинади ва бу ҳам ҳеч бир эътирозга учрамайди. 

Яъни,пойтахтда фақат биринчи ёндашув ,чекка ноҳияларда эса  ҳам биринчи, ҳам иккинчи ёндашув амалда бўлмоқда.

 Бундай ҳолатлар мамлакатлар орасида юз берганидаги айрим ҳолларда эса иккинчи ёндашувга амал қилиш масаласи самарасиз баҳс мавзусига айланмоқда. 

Албатта бу иккала ёндашув ҳам  шаръий ҳужжатлар билан асосланган ва ҳар бири ўз фазилатига эга, бинобарин,  уларнинг биттасини хато, иккинчисини тўғри деб бўлмайди. 

Шу билан бирга  кейинги йиллар тажрибаси бундай хилма-хилликнинг ҳозирги глобаллашув шароитида афзаллигидан ноқулайлик ва қусурлари кўплигини кўрсатмоқда.

 Юқоридагилардан айрим мамлакатлар миқёсида ҳозир амалда бемалол бирга қўлланаётган  иккала ёндашувни бутун дунё миқёсида ҳам бирга қўллаш самарали бўлиши керак фикр  келиб чиқади.

Масалани дастлабки ўрганиш ойнинг ер атрофида айланиш даврига                                      яқин тенг бўлган синодик ой – кетма-кет икки ой янгиланиши оралиғи 29,5306 кеча-кундуздан иборат эканлигидан келиб чиққан ҳолда  биринчи ҳадисдан биринчи ёндашув бўйича дақиқ истифода  қилишда содир бўладиган ҳолатларни таҳлил қилиш асосида мазкур ишда кўзланган мақсадга эришиш йўлини топиш  мумкин деган хулосага олиб келди.

Маълумки, исломда ой ва йил ҳисоби янги ойларнинг туғилиши бўйича олиб борилади. Бунда ер юзасининг  ой  янгилангани кўрилган соҳасида ёки бу соҳанинг энг шарқий чегарасидаги ойнинг қуёш билан деярли бирга  ботишида охирги онда янгиланганлиги маълум бўлган нуқталарида шу кун  оқшомидан, яъни кейинги кеча-кундуздан янги ой бошланади. 

Қуёшнинг ботиш вақти кундан-кунга мавсумий ва географик кенглик—параллел бўйлаб тўхтовсиз ўзгариб туриши сабабли жойларда ой янгиланиш вақти ҳам ўзгариб турадики, бу маълум  ноқулайлик туғдиради.

 Бу амалдаги тақвим ҳисоби тартибининг маълум, лекин эътибор берилмайдиган биринчи хусусияти бўлиб уни ҳам муолажа килиш мақсадга мувофиқдир.

 Ой янгиланаётган пайтда ой қуёш ва ернинг орасида, деярли битта фазовий тўғри чизиқда  жойлашади, шунинг учун ой ва қуёш шимол-жануб йўналишида жуда яқин кўринадилар. Ҳатто куёш, ой ва ерда кузатилаётган нуқта аниқ бир тўғри чизиқда бўлиб қолсалар ой ва қуёш устма-уст кўриниб қуёш тутилади. Қуёш тутилиши фақат ой янгиланганда содир бўлиши азалдан маълум. 

Ой охирги онда янгиланиб ботгани кўрилган  чизиқдан шарқда бирор 20-30 чақирим узоқликдаги соҳада ой янгиланмасдан ботиб кетади ва шунинг учун янги ой ҳисоби эртаси кунга қолади. Худди шундай ҳолат иккинчи ҳадисда ўз ифодасини топади, чунки Дамашқ Мадинаи мунавварадан ғарбий йўналиш бўйича 400-500 чақирим масофада жойлашган бўлиб, айни шу масофа ҳисобидан ой Дамашқда 10-15 дақиқа кеч ботади ва бу вақт ичида у махсус асбобсиз ҳам қайд қилса бўладиган даражада янгиланиб улгуради. 

Бу иккала соҳа чегарасида ердаги ой охирги онда янгиланиб ботгани кўринган  нуқталар ҳосил қилган чизиқ аслида ой янгиланган чизиқ (АОЯЧ) бўлиб у умуман олганда шимол-жануб йўналишидаги меридиан чизиғига яқин бир чизиқдир. 

Юқоридаги ҳадислардан ҳозирги услубда дақиқ истифода қилинганда мазкур АОЯЧ қуёш ҳаракатига мос равишда ғарбга ҳаракатланиши давомида ҳар бир жойда оқшомда янги тақвимий ой бошланиб боради ва бир кеча-кундузда бутун ер юзида тақвимий ой янгиланиб чиқади.

Бунда ҳаракатдаги АОЯЧ ни ой янгилана бориш чизиғи (ОЯБЧ) деб аташимиз мантиқан тўғрироқ бўлади. 

АОЯЧ нинг жойлашиши ва шакли, ҳамда ОЯБЧ нинг ҳаракатдаги шакли  ойнинг ер атрофида, ернинг ўз ўқи атрофида ва ернинг қуёш атрофида айланиш текисликлари ораларидаги бурчакларнинг шу ондаги катталиклари ва ўзаро нисбатларига боғлик бўлиб, унга географик жойлашув ва йил мавсуми, шунингдек  ер юзасининг баланд-пастлиги ҳам маълум таъсир кўрсатади.

Масалан  экваторда бу чизиқларни баҳор ва куздаги тун ва кун тенглигида унга деярли тик тўғри чизиқ деб ҳисоблаш мумкин бўлса, ундан шимол ва жанубга узоқлашган сари кун узайишида ғарб ва қисқаришида шарқ томонга аввал жуда оз, кейин тобора кўпроқ бурилиб боради ва бу бурилиш ёз ва қишдаги қуёш тўхталишида энг катта қийматга эришади. 

Бундан ташқари тоғларда ҳам бу чизиқлар баландликка мос равишда ғарб томонга бурилади. Шунинг учун ер юзи бўйлаб ҳаракатланиши давомида ОЯБЧ нинг шакли булардан ташқари АОЯЧ нинг шаклига нисбатан ҳам озми,кўпми, ўзгаришга учрайди.

 Мазкур чизиқларнинг жойлашуви, шакли ва ҳаракати таъсир омилларининг кўплиги ва мураккаблиги сабабидан амалда ҳар бир ой янгиланиши учун айрича бўлиб, бир хил бўлиб қайтарилиши эҳтимоли йўқ даражада кичикдир.                  

Иккинчи ҳадисда кўрилган мазкур ҳолда ой Дамашқ ва Мадинаи мунаввара ораларидаги АОЯЧ да ва Дамашқда пайшанба куни оқшомда янгиланиб ботади ва жумъа кеча-кундузидан  янги ой ҳисобланади (1-расм). Шу ва кейинги расмларда ер куррасига   шимолий қутбдан туриб қаралгандаги  ҳолат тасвирланган.  

 Янги ой ғарб томонга ҳаракат қилади ва ер куррасини айланиб асосан 180 даража меридиан – узоқламадан ўтган сана алмашиниш чизиғидан ўтади. Асосан Тинч океанининг 180 даража узоқламадаги кимсасиз сувларидан ўтган бу чизиқдан шарқда – Америкада ҳафта кунлари ва мелодий сана ғарбдаги Евросиё, Африка ва Австралиядан ҳамма вақт бир кеча-кундуз – 24 соатга кеч юради. Сана алмашиниш чизиғидан ўтишида амалда ҳафта куни ҳам алмашиб,жумъа кеча-кундузи шанба кеча-кундузга айланади ва ундан ғарбда то Мадинаи мунавварагача бўлган соҳада шу шанба кеча-кундузидан янги ой ҳисоби бошланади. 

Бинобарин бу ҳолда АОЯЧ дан ғарбда то сана алмашиниш чизиғигача бўлган соҳада Рамазон ойи ой янгиланган куни оқшомда жумъа кеча-кундузидан , ундан ғарбда то яна шу АОЯЧ гача бўлган соҳада, демак Мадинаи мунавварада ҳам ой янгиланганининг эртаси куни оқшомда шанба кеча-кундузидан бошланади. 

Бу ҳозир амалдаги қамарий тақвим ҳисобимиз тартибининг иккинчи муҳим хусусиятидир.

Бу хусусият ой кунлари билан боғлиқ диний ибодатларнинг бажарилишидан ташқари ҳижрий қамарий тақвимдан дунёвий ишларда фойдаланишда ҳам қийинчилик туғдиради. 

Масалан, мазкур ҳолатда замонавий ахборот технологиялар воситасида Дамашқдан жумъа куни, Рамазоннинг биринчи санасида ўтказилган пул маблағи Мадинага шу жумъа куни, лекин Шаъбоннинг ўттизинчи санасида, расман жўнатилишидан бир кун олдин келиб тушган бўлади.

Бир қамарий ойнинг узунлиги 29,5308 кеча-кундуздан иборатлиги сабабли кўрилаётган ҳолатда АОЯЧ Рамазон ойи тугаб, Шаввол ойи бошланишида аввалги ҳолатидан ер курраси бўйлаб тахминан 191.016 даражага ғарб йўналишида силжиб иккинчи ҳолатни олади. Рамазон ойидаги АОЯЧ (АОЯЧ–Рм) ни тахминан 38 даража шарқий узоқламада эди деб ҳисобласак, Шавволдаги АОЯЧ (АОЯЧ–Шв) тахминан 153 даража ғарбий узоқламада жойлашади.

Энди бу ҳолда ҳам Шаввол ойидаги АОЯЧ-Шв ва ундан ғарбда – Евроосиёда якшанба куни оқшомидан, шарқда – Америкада душанба куни оқшомидан бошланади.

 Шаввол ойининг туғилиши шарқий ярим куррада қуёш чиқаётганда содир бўлади ва шу сабабли Мадинаи мунаввара ва Дамашқда бир кунда, якшанба оқшомидан янги ой ҳисоби бошланади ва демак, Рамазон ойидаги АОЯЧ-Рм дан ғарбда 30 кунлик, шарқда 29 кунлик бўлади.

 Бинобарин, 30 кунлик соҳа АОЯЧ-Рм дан АОЯЧ-Шв гача ғарбий йўналишда, 29 кунлик соҳа АОЯЧ-Рм дан АОЯЧ-Шв гача шарқий йўналишда бўлади.

 Бу амалдаги қамарий тақвим ҳисобимизнинг учинчи муҳим хусусиятидир.

Энди Шаввол ойидаги ҳолатни кўрайлик (2-расм). Бунда АОЯЧ–Шв юқорида кўрсатилганидай тахминан 153 даража ғарбий узоқламада ва Шаввол ойи тугаши ва Зулқаъда ойининг бошланишидаги АОЯЧ (АОЯЧ–Зқ) ҳам олдинги ойдагидай 191,016 даража ғарбга силжиб тахминан 16 даража шарқий узоқламада жойлашади. 

Шаввол бошланадиган АОЯЧ–Шв дан ғарбда то сана алмашиниш чизиғигача бўлган кичик соҳада янги ой ой туғилган кун оқшомидан, ундан ғарбда яна шу АОЯЧ–Шв гача бўлган катта соҳада эса эртаси кун оқшомидан бошланади.

Шаввол ойи у бошланадиган АОЯЧ–Шв дан ғарбда кейинги Зулқаъда ойи бошланадиган АОЯЧ (АОЯЧ-Зқ) гача соҳада ой 30 кунлик, АОЯЧ–Шв дан ғарбда АОЯЧ–Зқ гача соҳада 29 кунлик бўлади. Энди 1- ва 2-расмларни солиштирсак АОЯЧ–Рм ва АОЯЧ–Зқ оралиғида Рамазон ҳам, Шаввол ҳам кетма-кет 30 кунликдан бўлади.

 Рамазон ойи учун ҳам таҳлил қилганимизда Рамазондан олдинги Шаъбон ойидаги АОЯЧ (АОЯЧ-Шн) ва Рамазондан кейинги Шавволдаги АОЯЧ–Шв оралиғида ҳам Шаъбон ва Рамазон ойлари кетма-кет 30 кунлик бўлишини кўрамиз. 

Бу ҳолат ҳам қоида бўлиб шу ойдан олдинги ойнинг бошланиши ва шу ойдан кейинги ойнинг бошланишидаги АОЯЧ лари оралиғида олдинги ва шу ой иккаласи ҳам 30 кундан бўлади.

 Бу амалдаги қамарий тақвим ҳисобимизнинг тўртинчи муҳим хусусиятидир.

Ниҳоят, Зулқаъда ойидаги ҳолатни кўрайлик (3-расм) Шаввол ойидаги ҳолатни кўрганда АОЯЧ–Зқ 16 даража шарқий узоқламада бўлишини кўрган эдик.

 Юқоридагиларга мос равишда АОЯЧ–Зқ дан шарқда то сана алмашинув чизиғигача бўлган соҳада Зулқаъда ойи ой туғилган кун оқшомидан, ундан ғарбда яна шу АОЯЧ–Зқ гача бўлган соҳада эса эртаси кун оқшомидан бошланади.

 АОЯЧ–Зқ ва ундан 191,016 даража ғарбга силжиб тахминан 175 даража ғарбий узоқламада жойлашган Зулҳижжа ойидаги АОЯЧ (АОЯЧ-Зҳ) орасида Зулқаъда ойи 30 кун, АОЯЧ–Зқ дан шарқда яна АОЯЧ–Зҳ гача 29 кунлик бўлади. 3-расмдан кўринадики, АОЯЧ-Зҳ ва сана алмашинув чизиғи орасидаги тақрибан 5 даража ёки 500 км ча соҳада ой туғилган кун оқшомидан бошланади, лекин 29 кунлик бўлади. 

Шунингдек, олдин қайд қилинган тўртинчи хусусиятга мувофиқ АОЯЧ- Шв ва АОЯЧ–Зҳ оралиғида Шаввол ва Зулқаъда ойлари кетма-кет 30 кунлик бўлади.

Булардан ташқари янгиланаётган ой қуёшга жуда яқин бўлиши сабабли уни  АОЯЧ дан ғарбда 30 кунлик соҳада икки кун ва шарқда 29 кунлик соҳада бир кун асбобсиз оддий кўз билан кузатиш жуда қийин бўлади.

Шундай қилиб ҳозирги тақвим ҳисобимизда ҳозирча эътибордан четда қолаётган жиҳатлар бор бўлиб, улар қуйидагилар:

1.    Янги ой ҳисоби бошланиш  вакти мавсумга ва географик жойлашувга боғлик равишда тўхтовсиз ўзгариб туради.

2.    Ҳар бир янги ой ҳисобининг бошланиши АОЯЧ ғарбида тахминан 180 даражадаги сана алмашинув чизиғигача бўлган соҳада ой туғилган кун оқшомидан бошланиб, шарқида яна шу чизиққача бўлган соҳада ҳафта куни бўйича бир кун кеч бошланади. Бунда АОЯЧ сана алмашинув чизиғига тўғри келиб қолса, ойнинг янгиланиши бутун ер юзида ҳафтанинг бир кунида юз беради. Бошқа ҳолларда янги ой ҳисоби,сана алмашинув чизиғи қайси соҳа ичида бўлса, шу соҳа доирасида, ундан ғарбда ҳафта куни бўйича шаркдагидан бир кун олдин юради.

        3.  Ҳар бир ой, бошланишидаги АОЯЧ - ғарб – тугашидаги кейинги ой        АОЯЧ соҳада 30 кунлик (ер юзасининг тахминан 53 %), бошланишидаги АОЯЧ - шарқ- тугашидаги кейинги ой АОЯЧ соҳада 29 кунлик (ер юзасининг тахминан 47 %) бўлади.

        4.  Ҳар бир ойда ундан олдинги ойнинг бошланиши ва ундан кейинги ойнинг бошланишидаги АОЯЧ лар оралиғидаги тахминан 22,032 даража бўлган соҳа, бу экваторда 2500 чақиримгача бўлган масофа, шу ва олдинги иккала ой кетма-кет 30 кунликдан бўлади.

    Булардан кўринадики,юқорида кўрсатилган ҳижрий қамарий тақвим юритиш амалиётида турли жойда турли вақтда  юз бериши мумкин бўлган ҳолатларнинг барчаси амалда ҳар бир ойнинг ўзининг давомида  ер юзининг турли сохаларида  содир бўлиб ўтар экан.    Бинобарин, ҳар бир ойнинг ўзида (!!!) ер юзида қуйидаги соҳалар албатта мавжуд бўлади:

1    - ой ҳисоби янги ой туғилган кун оқшомидан бошланадиган соҳа

2    - ой ҳисоби ой аслида туғилганидан бир кун кейинги оқшомдан бошланадиган соҳа

3    - ой 30 кунлик бўладиган соҳа

4    - ой 29 кунлик бўладиган соҳа

5    - олдинги ва шу ой 30 кунлик бўладиган соҳа

Тақвим юритишга доир  ҳадиси шарифлардан  ҳозиргидай истифода қилинганда бир жойда турли ойларда юз бериши мумкин бўлган мазкур бешта ҳолатнинг барчаси аслида ҳар бир ой давомида ер юзининг  турли жойларида мавжуд бўлиши, кўрилган  иккала ҳадисга, хусусан иккинчи ҳадисга  амал қилингандаги зикр қилинган икки хил ёндашувни қўллаш натижасида ой бошланиш саналари борасида юз бериб келаётганган ҳар хилликнинг иккаласи ҳам уларга асос бўлган шаръий ҳужжат мавжуд бўлгани учун ҳозиргача бўлган шароитда тўғри бўлган деб ҳисоблаш лозимлиги тўғрисидаги юқоридаги фикрни яна бир бор, энди бошқа томондан тасдиқлайди.

Бу эса ўз навбатида шу пайтгача кўринишидан  бир-бирини истисно қилувчи йўлларнинг иккаласини бир вақтда тўғри деб ҳисоблаб келинганлиги ҳам аслида  беҳикмат бўлмаганлигини ҳам кўрсатади.

 Аммо шу билан бирга нақлиёт ва алоқа воситалари имкониятларининг ҳозирги кундаги даражасида бундай ҳолат мусулмонларнинг ибодатда бирдам бўлишлари ва ўзаро алоқаларида муаммолар пайдо бўлиши, ҳижрий қамарий тақвимни қўлланиш доирасининг торайиши, ҳамда турли асоссиз гап-сўзлар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда, ва энг муҳими, ихтилофлар юзага келиши эҳтимолини туғдирмоқда. 

Кўрсатилган  ҳолатни ҳозирги шароит тақозо қиладиган тарзда,яъни бутун дунёда ҳижрий қамарий тақвим шаръий ҳужжатлар билан асосланган ҳолда  бир хил  юритиладиган қилиб ислоҳ қилиш йўлини топиш учун [4] да 1246 рақам остида келтирилган учинчи ҳадиси шарифни таржимаси билан кўрамиз:


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан:

“Мўминлар яхши, деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир. Мусулмонлар ёмон, деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам ёмондир” деб ривоят қилинган”.

Ушбу ривоятни Имом Молик келтирган.

 Мазкур ривоятдан турли масалаларда мўминлар учун енгиллик, қулайлик ва бошқа яхшилик берадиган ҳамда ояти карима ва ҳадислар белгилайдиган чегаралар доирасидан чиқмайдиган, яъни динга янгилик киритмайдиган ечимларни жоиз ҳисоблаш лозимлиги тўғрисидаги хулоса келиб чиқади.

Юқорида келтирилган ояти карима ва ҳадиси шарифлар,хусусан  учинчи ҳадиси шариф  асосида ҳозирги ҳолатни қуйидагича ислоҳ қилиш таклифи муҳокама қилиш учун берилади:

Биринчи. Оламнинг бош масжиди бўлган Байтуллоҳ жойлашган ва ер юзининг киндиги бўлган Маккаи мукаррамани бутун жаҳонда ҳижрий қамарий тақвим бўйича ойларнинг алмашинуви тақвимий ҳисоблари учун таянч нуқта деб қабул қилиниши маъқул ва матлуб бўлади. 

Бу бутун дунёда янги тақвимий ой ҳисоби бошланишининг бирдан-бир зарур ва етарли шарти сифатида ойнинг Маккаи мукаррама осмонида янгиланган ҳолда кўриниши ва қуёшдан кейин ботиши ёки охирги онда янгиланган заҳоти қуёш билан бирга ботишини қабул қилишни билдиради.

 Бу Маккаи мукаррамада тақвимий ой янгиланишини белгилашга оид  ҳадиси шарифлардан истифода қилишда фақат биринчи ёндашувга амал қилинишини тақозо қилади.

 Бу ҳолда ой янгиланишини кузатиш нуқталарининг сони, жойланиши ва баландлиги масалаларини ҳал килиш лозим бўлади. Гап шундаки, аввало АОЯЧ, ОЯБЧ ва кузатиш нуқталари аслида ҳандасавий (геометрик) маънодаги, яъни фикрий  (идеал) нарсалардир. 

Ваҳоланки, шаръий ҳукмлар улар бажариладиган бўлиши учун  муайян чегараларга эга бўлган ва аниқланиши мумкин   бўлган миқдорий катталикларга асосланади.

Қолаверса Маккаи мукарраманинг ҳудуди бошқа замонавий шаҳарлар сингари тўхтовсиз кенгайиб бормоқда ва кенгайиб боради ҳамда унда қурилаётган биноларнинг баландлиги ҳам муттасил ошиб бормоқда ва яна ошиб бориши ҳам таъйин. 

Шуларни эътиборга олган ҳолда кузатиш нуқталарини Пайғамбаримиз Алайҳиссалом белгилаб берган ва Ҳазрати Шайх [5]да зикр қилган 5 та мийқотда – Зул ҳулайфа, ҳозирги Обори Али, Жуҳфа, Қорнул-манозил, Яламлам ва Зоти ирқ ёки масофа жиҳатидан эҳтиёти шарт бўйича афзалроқ Ақийқ ҳамда Қизил денгиз соҳилининг Маккага энг яқин жойида, яъни Ҳарам ва Ҳил дан иборат Маккаи Мукаррама минтақаси чегараларида жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бундан ташқари кузатиш нуқталари баландлиги шу атрофдаги табиий баландликлар даражасида бўлиши ва келажакда қуриладиган иншоотлар баландлиги чекланиши зарур бўлади.

Иккинчи. Дунё бўйича исломий тақвим ҳисоблари учун ягона қамарий сана алмашинув чизиғини жорий қилиш ҳамда уни ҳозир амалдаги ва асосан 180 даража узоқлама - меридиан орқали ўтувчи сана алмашинув чизиғи билан бир деб қабул қилиш. 

Учинчи. Маълумки, мавжуд сана алмашинув чизиғида янги сана, шу жумладан ҳафта кунлари кечаси соат 24 дан бошланади.

 Биз эса юқоридаги учинчи ҳадисга суяниб  янги сана ва ҳафта куни мазкур чизикда маҳаллий вақт билан Маккаи мукаррама минтақасидаги  қуёш энг кеч ботадиган кундаги шом вақтининг биринчи дақиқасидан бошланади ва қуёш ҳаракатига мос равишда ғарбга ҳаракат қилиб, 24 соат давомида ер куррасини айланиб чиқади деган қоида қабул қилишимиз маъқул бўлади. 

Мавжуд расмий тақвимда келтирилган  маълумотларга кўра григориан тақвими бўйича Маккаи мукаррамада қуёшнинг энг кеч ботиши 10 июнда бўлиб, тахминан соат 19:03 га ва энг эрта ботиши 7-8 декабрларда бўлиб, тахминан соат 17:39 га, Жиддада эса мос равишда 19:06 ва 17:43 га тўғри келади [7].

Энди [6] нинг 12 “Намозни қаср қилиб ўқиш” бобида 66 саволга берилган жавобдаги “уч кунлик йўл 88,704 - 96 км бўлиши” ҳақидаги маълумотга мувофиқ” Маккаи мукарамадан шарқий йўналишдаги Ақийқ мийқотининг [5] да кўрсатилган 2 кунликдан ошиқ йўлга тенг узоқлигини 70 км атрофида деб олайлик.

Унда Маккаи мукаррама жойлашган 23 даража шимолий кенгликнинг узунлиги тахминан 36000 км эканлигидан мазкур кенгликда ҳар 25 км да ҳақиқий маҳаллий астрономик вақт тахминан 1 дақиқага фарқ қилади. 

У ҳолда Ақийқда қуёш Маккадан тахминан 3 дақиқа олдин юриб энг кеч ботиши тахминан 19:00 ва энг эрта ботиши 17:36 га тўғри келади. Бинобарин қуёшнинг зикр қилинган мийқотлар ва Қизил денгиз билан чегараланган ҳамда Ҳарам ва Ҳилдан иборат Маккаи мукаррама минтақасининг шарқида энг кеч ботиш вақти 19:00 га ва ғарбида энг эрта ботиши 17:43 га тўғри келади. 

Намози шомнинг жоиз вақти хуфтоннинг вақти киргунича, яъни ками билан 1 соат 30 дақиқа бўлганида ҳам  Маккаи мукаррама минтақасида намози шом вакти қуёш энг кеч ботганида 19:00 дан 20:30 гача ва қуёш энг эрта ботганида 17:43 дан 19:13 гача давом этади. Бундан бутун йил давомида соат 19:00 дан камида соат 19:13 гача оралиқда Маккаи мукаррама минтақасида намози шом вақти собит бўлиши келиб чиқади. Бошқача айтганда маҳаллий вақт билан соат 19:00 йил давомида кафолатли тарзда шу минтақадаги намози шом вақти доирасида бўлади. 

Бу ҳолда  юқорида учинчи ҳадисга мувофиқ қабул қилганимиз қоидага биноан ер юзидаги ҳар бир жойда қамарий тақвимий сана ва ҳафта куни алмашиниш вақтини маҳаллий вақт билан соат 19:00 да деб қабул қилиш мумкин бўлади.

 Бундан эса бу ҳолда барча жойда маҳаллий вақт билан соат 19:00 билан соат 24:00 орасида ҳафта куни бир кунга олдин ва қамарий тақвимий сананинг амалдаги григориан ва юлиан тақвимий саналаридан фарқи одатдагидача ҳисобланганидан  бир кунга  ортиқ бўлиши келиб чиқади.

Бунда сана алмашиниш чизиғида ҳам, бошқа барча жойларда ҳам қамарий сана алмашиниш вақти ҳамма вақт Маккаи мукаррама минтақасидаги шом вақтининг узунлиги доирасида бўлади.

 Шу жойда сана алмашиниш вақти 19:00 бўлиши фақат тақвим юритишда аҳамиятли бўлиб, қуёш ҳаракатига боғлиқ кеча-кундуз соатларига боғланган ибодатларнинг бажарилишига ҳеч қандай таъсир қилмаслигини ҳам эслатиш жоиз. 

Ойлар кеча-кундузлардан иборатлиги учун бутун ер юзида янги ой ҳисоби ҳам Маккаи мукаррама минтақасида янги ой кўрилган ёки ботишгача янгиланиши ҳисоб бўйича кутилаётган кунида сана алмашиниш чизиғида оқшомда қамарий сана алмашинув вақти – соат 19:00 дан бошланади.

Бунда АОЯЧ Маккаи мукаррамадан шарқда қамарий сана алмашинув чизиғигача бўлган соҳада бўлганда, бу АОЯЧлар ер куррасида бир текисда тақсимланадилар деб ҳисоблаганда барча ой янгиланишлари сонининг тахминан 39 фоизи бўлади, янги ойнинг тақвимий ҳисоби қамарий сана алмашинув чизиғида ойнинг аслида янгиланишдан 0 - 9 соат 20 дақиқагача олдин бошланиши мумкин. 

Россиянинг Чукотка ярим ороли ва Янги Зеландияда янги ой ҳисоби унинг туғилишидан эрта бошланиши 9 соат 20 дақиқагача, Индонезиянинг  энг чекка шарқий ноҳиялари ва Австралиянинг шарқида 6 соат 40 дақиқагача бўлади.

Мазкур ҳолатда  биринчи ҳолда оғиз бекитиш ва иккинчи ҳолда таровиҳни ўқиш ҳам амалда ой аслида ҳам янгилангандан кейин бўлади.

 Биринчи ҳадиси шарифдан чиқарганимиз асосқоидалар ва  иккинчи ҳадиси шариф шарҳидаги жумҳур уламоларнинг  “агар бир ўлкада ҳилолни кўриш собит бўлган бўлса, бошқа ўлкалар ҳам ўшанга амал қилиши керак” деган ҳукмларига фақат алоҳида мамлакатлар доирасидагина эмас, балки бутун дунёда амал қилиш асосида, ҳамда учинчи ҳадиси шариф таржимаси маъносига мувофиқ бундай ҳол жоиз бўлади.

 Бу эса ҳам биринчи, ҳам географик омилни ҳисобга олувчи  иккинчи ёндашувга амал қилинишини билдиради.

Юқорида кўрилган ҳолларда АОЯЧ Маккаи мукаррамадан шарқда у билан қамарий сана алмашинув чизиғи оралиғида бўлган эди. Агар АОЯЧ Маккаи мукарраманинг ғарбий четидан ғарбда яна шу қамарий сана алмашинув чизиғигача бўлган жойларда бўлса, бу барча ой янгиланишларининг тахминан 61 фоизи, ва уларнинг тахминан учдан бири Тинч ва Атлантик океанларининг кимсасиз сувларига тўғри келади,                                          ой Маккаи мукаррамада янгиланмай ботиб кетганлиги учун янги ой ҳисоби эртаси кунга, яъни Макка билан бир кунга қолдирилади. 

Бу ҳолда янги ой ҳисобининг қамарий сана алмашинув чизиғида ойнинг аслида янгиланганидан кеч бошланиши 0 - 14 соат 40 дақиқагача бўлади.

 Бунинг жоизлиги юқорида зикр қилинган биринчи ҳадисда тугаётган ойнинг охирги кунлари ҳаво булутли бўлганида Шаъбон ва Рамазон ойларини 30 кунлик қилиб ҳисоблаб олиш кераклиги буюрилганлиги ва бундан келиб чиқилганда   Рамазон, Шаввол ва бошқа ойларнинг ой асли туғилгандан бир кун -  24 соат кейин бошлаш ҳам буюрилган бўлиб ҳисобланиши, ва шундай қилинганда мусулмонларнинг ибодатларида бирдам бўлишлари, бу эса фарқли бўлишларидан афзал эканлиги сабабидан, ҳамда бундай ҳолатни   мусулмонлар яхши деб билишларига мувофиқ учинчи ҳадис маъносидан келиб чиқади. 

Бу ҳам, ҳам биринчи, ҳам  географик омилни ҳисобга олиб иккинчи ёндашувга амал қилиш бўлади.

Ҳар иккала ҳолда жойларда иккинчи ёндашувга амал қилинганда тақвим ҳисобининг эрта ё кеч бошланишлари вақтларининг узунликлари ва сонлари асосан меридиан-узоқламалар бўйича Маккадан бўлган масофага мутаносиб бўлади. 

Бундан ташқари тақвимий ой ҳисоби бошланишлари вақтлари фарқларининг катталиклари ва сонлари ўзаро тескари мутаносиб бўладилар,яъни фарқ қанча катта бўлса,унинг содир бўлиш эҳтимоли шунча оз бўлади. 

Тақвим ҳисобини бундай бажарилганда тақвимий ойнинг 30 ёки 29 кунлик эканлиги юқоридаги умумий ҳолга ўхшаш аниқланиб, у Маккаи мукаррама қайси соҳада бўлса шунга мос кунлик бўлади

 АОЯЧ лар Маккаи мукаррама атрофига тўғри келганида кетма-кет уч ойдан биринчисининг ва  учинчисининг  бошланишдаги АОЯЧ лари Маккаи мукарраманинг бевосита икки томонида жойлашсалар, биринчи ва иккинчи ой иккаласи ҳам 30 кунлик бўлади ва бундай ҳолат ҳар 32-33 ойда бир такрорланиб, ойнинг узунлиги тахминан   29,5306 кеча-кундуз бўлишини таъминлайди.

Таклиф қилинаётган услуб бўйича тақвим тузиш ой янгиланишларининг кўп йиллик ва  Маккаи мукаррамада   қуёш ботишининг бир йиллик мавжуд жадвалларини солиштириб, ҳар бир жойда  тақвимий ой ҳисобининг  бошланиши Маккаи мукаррамада янги ой кўринадиган ёки охирги онда янгиланиб қуёш билан деярли бир вақтда ботадиган кунларда ўша жой маҳаллий вақти билан соат 19:00 дан бўлади деб белгилаш асосида амалга оширилиши мумкин.

Хулласи калом, ҳижрий қамарий тақвим борасида кун тартибидаги асосий масала ой янгиланиши ҳисоби учун Маккаи мукаррамани таянч нуқта қилиб олиш, ягона қамарий сана алмашинув чизиғини расман жорий қилиш ва сана алмашинув вақтини маҳаллий вақт билан соат 19:00 деб белгилаш асосида ҳижрий қамарий тақвимни мусулмонларга кўпгина масалаларда қулайлик яратадиган тарзда  юритишга эришишдан иборат.


Охирда шуни алоҳида  қайд қилиб қўйишимиз керак бўладики,юқорида олдинга сурилган таклифлар ўз ички моҳиятига кўра ҳижрий қамарий тақвим  юритиш масаласига доир ҳадиси шарифлардан истифода қилишнинг бу тўғрида очиқ гапирилмаса ҳам, амалда  ҳозиргача алоҳида мамлакатлар кўламида қўлланиб келинаётган амалиётини Маккаи мукаррамани таянч нуқта қилиб олинганган ҳолда қўллаш асосида тақвимий ойларнинг бошланиш саналари бутун дунёда бир хил бўлишига эришишнинг шаръий асосга эга бўлган  имконияти мавжудлигини кўрсатиб беришдангина иборат бўлиб, динда ҳеч қандай янгиликка эга эмас.

Аллоҳ барчамизга товфиқ ва ҳидоят берсин.


Манбалар

1. Қуръони карим.

2. Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”. Тошкент: “Тошкент Ислом Университети”, 2006.

3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва ҳаёт”. 28 жуз “Тафсир”. Тошкент: “Шарқ”, 2010.

4. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва ҳаёт”. 9 жуз “Рўза”. Тошкент: “Шарқ”, 2006.

5. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва хаёт”. 10 жуз “Хаж”. Тошкент: “Шарк”, 2007.

6. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Зикр аҳлидан сўранг”. 1-қисм, Тошкент: “Шарқ”, 2012.

7. Тақвим Уммул Қуро, 2012.

8 Кириллин В.А. “Страницы истории науки и техники”, Москва: «Наука», 1980.



 Абдувoҳидов Мубашширхон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир киши тоғ этагида набираси билан деҳқончилик қиларди. У ҳар куни уйқудан эрта туриб, дастурхон атрофида Қуръон ўқирди. Набираси ҳам бобосига ўхшашга доим давоми...

2960 10:25 / 27.03.2017
Баъзилар сендан ниманидир хоҳлашади, сени ўзингни эмас. Баъзилар сени ўзингни хоҳлашади, сендан нимадир эмас. Баъзилар сени бўш вақтларида яхши кўришади. Баъзилар давоми...

2636 16:43 / 27.03.2017
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар Сизни нима йиғлатди, эй Аллоҳнинг Расулиrdquo деб сўрашди. У зот Бирордарларимни давоми...

4129 11:27 / 27.03.2017
Умму Аҳмад адДуайжий ҳикоя қилади Йигирма ёшли қиз автомобил ҳалокати натижасида вафот этди. Вафотидан бироз аввал яқинларининг аҳволинг қандай деган давоми...

2603 10:01 / 24.03.2017
Аудиолар

135322 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55572 14:35 / 11.08.2021