1446 йил 6 рабиъус сони | 2024 йил 09 октябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Тафсири Хилол (mp3)

05:00 / 19.01.2017 17128 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Диёримиз Ислом дини нури ила мунаввар бўлганига ўн беш аср бўлди. Бу давр мобайнида халқимиз ичидан авлодларга кўплаб маданий мерос қолдирган буюк алломалар, муфассирлар етишиб чиқдилар. Таассуфки, «олий» мақсадларга етиш борасида аждодлар имлоси баҳридан ўтиш оқибатида мазкур туганмас мерослардан узилиб қолган халқимиз, ҳали ҳануз улардан тўла баҳраманд бўлолгани йўқ. Ўлкамизда сўнгги марта Қуръони Карим тафсири қачон битилганини ҳеч ким эслай олмайди.
Бу муборак дастуримизнинг она тилимизда таржимаси, тафсири бўлмаса! Бир вақтлар Ислом нури ёғдусида яшаган халқ зулматда қолди. Аллоҳга шукурлар бўлсинким, эндиликда зулмат чекиниб, қора тун қаъридан ҳилол ёғду сочмоқда. Шунинг учун ҳам қўлингиздаги китобни «Тафсири Ҳилол» деб атадик.
Хайрли ишнинг дебочаси бўлмиш бу ёзувлар уч кунлик ой–ҳилол мисоли халқимиз маънавиятига нур сочиб турсин. Иншааллоҳ келгусида кўплаб тафсирлар ёзилажак, «Бадр»–ўн тўрт кунлик ой каби қадриятларимиз осмонида янада нурафшонроқ нур таратиб, порлаб туражак.
Бу тафсир кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, динимиз асосларини ўрганувчи ҳар бир мўмин-мусулмон ундан истеъфода этиб, манфаат топажак. Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчи зотдир.

 

 

Қуръонни инсоният учун қиёматгача боқий ҳидоят маёғи, барчани ожиз қолдирувчи баёни ва икки дунё саодатига элтувчи дастурул амал қилиб нозил этган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
Қуръонни Парвардигори оламдан қабул қилиб олган, уни бутун оламларга омонат ила етказган, ҳам ўқишни, ҳам ўқишни ўргатган, ҳаётга тамомила татбиқ этиб кўрсатган ҳабиби Роббил оламийн, Муҳаммад ал-Амийнга энг пок ва энг юксак саловоту дурудлар бўлсин!
Сарвари олам, саййидул анам, набиюл араби вал ажам соллаллоҳу алайҳи васалламдан, Қуръонни ҳарфма-ҳарф ихлос ила қабул этиб, бутун вужудларига сингдириб, унга оятма-оят амал қилиб, заминда икки оёқла одим отиб юрувчи, жонли қуръонларга айланган саҳобаи киромлардан Қуръонни нозил этган Зот рози бўлсин.
Ўтган жамики аҳли Қуръонларни, Унга эътиқод қилган аҳли иймонларни, Уни қалблари ила тасдиқлаган аҳли ирфонларни, Унга амал қилган аҳли Исломларни уларга Қуръонни берган зот Ўзидан бошқа молик йўқ кунда Қуръон шафоати ила Ўз раҳмати ила қамраб олсин!
Аммо баъду, азиз ва муҳтарам тафсирхон! Аввало Ўз Роббиси афвига муҳтож, сиздек мухлисларнинг дуосига соҳиби эҳтиёж камина ходимингизга сиз жанобнинг мақоми олийингизни умрингиздаги энг савобли, энг баракали ва энг фойдали фаолиятнинг ибтидоси ила муборакбод этишга лутфу карам ила ижозат бергайсиз.
Зотан, жаноби олийингиз Аллоҳ берган муборак қўлингизга Аллоҳ нозил этган муборак китобнинг тафсирини олдингиз. Энди сиз муҳтарам, муборак кўзингиз нурини тўкадиган сатрлар, оддий, ердан чиққан маъноларни англатувчи сатрлар эмас, балки етти осмоннинг устидан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг наздидан энг ишончли ва энг муқарраб фаришта олиб тушган илоҳий каломни, унинг маъноларини, унинг тафсирини англатувчи сатрлар эканлигини бир лаҳза ҳам унутмаслигингиз лозиму лобуддир.
Ҳа, азиз ва муҳтарам тафсирхон! Сиз одатдаги оддий фаолиятни амалга ошираётганингиз йўқ. Сиз муҳтарам фавқулодда бир фаолиятни бошламоқдасиз, каломи Роббил оламийнни ўқимоқдасиз, Қуръони Карим оятлари маъносини ўқимоқдасиз, илоҳий дастур тафсирини ўқимоқдасиз. Зоти олийларига маълумки, фавқулодда ишни бажариш учун фавқулодда ҳозирлик, фавқулодда эҳтимом, фавқулодда эътибор ва фавқулодда саъйю-кўшиш зарурдир. Мазкур нарсалар рўйхати ибтидосида таҳорат деб аталмиш, поклик, деган жуда ҳам улуғ ва зарур нарса турадир.
Ҳа, Тоҳир–пок сифати ила сифатланган Зот–Аллоҳ таолонинг каломи поки бўлмиш, Арши аълодаги пок саҳифаларга битилмиш, у ердан самои дунёга пок фаришталар воситаси ила индирилмиш Қуръони Карим ила бўладиган ҳар бир боғланиш, ҳар бир алоқа фақатгина таҳорат-поклик орқали бўлмоғи вожиб.
Ҳа, қадрли ва мўътабар тафсирхон, ҳозир сиз бошлаётган муборак фаолият учун поклик лозиму лобуддир. Поклик бўлганда ҳам, тўлиқ ва тўкис маънодаги поклик лозимдир: ҳам моддий маънодаги поклик, ҳам маънавий маънодаги поклик лозимдир.
Бинобарин, ушбу китобингизни ҳар сафар қўлингизга олишдан олдин таҳорат олган бўлишингиз, кийим-бошингиз, маконингиз пок бўлишига алоҳида эътибор бериш масъулиятидадирсиз. Энг муҳими, маънавий поклик, дил поклигидир. Бу ишга алоҳида эҳтимом сарфлашингиз мажбуриятингиздир. Чунки пок Парвардигорнинг пок каломини ўқиш-ўрганиш, ўқиш-сингдириш учун пок бадан, пок либос, пок макон мавжудлиги ила пок ният, пок қалб, пок онг, пок эътиқод ва пок маънавият асосий шартдир.
Зотан пок нарсани қабул қилиб олиш учун пок жой керакдир. Роббил оламийннинг Ўзи каломи поки ҳақида: «Уни покланганлардан ўзга тутмас», деб қўйибдир.
Қуръони Карим Аллоҳнинг пок каломи эканлиги ҳақ. Агар бир банда мазкур каломи покни ихлос ила ўрганишга ҳаракат қилса, албатта фойда топар. Мабодо, бирор халал етса, банда айбини ўзидан ахтарсин.
Азиз ва муҳтарам тафсирхон, сиз Аллоҳнинг каломини ўқиш-ўрганиш бахтига ноил бўлмоқдасиз. Ҳозиргача ўқиб юрган нарсаларингиз бандаларнинг каломи эди. Албатта, Аллоҳнинг каломи билан банданинг каломи орасида фарқ бўлиши муқаррар.
Ушбу муқаррар фарқ қанчалик дейсизми?
Яхшиси, бу саволни биргаликда Каломуллоҳни биринчи бор Аллоҳдан қабул қилиб олган инсон, Аллоҳнинг каломига биринчи рўбарў бўлган зот, Каломуллоҳни инсониятга етказган зот-севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрайлик.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга Имом Термизий Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадислари ила: «Каломуллоҳнинг бошқа каломлардан фазли, Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан фазличадир», деб жавоб берурлар.
Энди, қанчалик улуғ ишга қўл ураётганимизни англаб етган бўлсак ажаб эрмас.
Ҳа, азиз тафсирхон, сиз билан биз ўрганмоқчи бўлаётган Каломуллоҳнинг бошқа каломлардан ортиқчалиги Аллоҳнинг бандадан қанча ортиқчалиги бўлса, шунча бордир.
Ушбу улкан ҳақиқатни тушуниб етганимиздан сўнг, ўзимиз ўрганаётган каломи шарифнинг олий мақомига муносиб бўлмоққа интилишимиз лозим.
Ҳурматли тафсирхон, Аллоҳ таоло сиз билан бизга ушбу китоб орқали Ўзининг каломи шарифига ошно бўлишни насиб этиши ила улкан ва беназир саодатни ато этди. Сиз билан биз дунёдаги яккаю ягона, бир ҳарфи ҳам ўзгармай сақланиб келаётган, Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёмат қойим бўлгунча соф ҳолида сақлашни зиммасига олган муқаддас китобни ўрганиш бахтига муяссар бўлдик.
Дунёда Қуръони Каримдан бошқа соф, тағйир топмаган илоҳий, самовий китоб йўқ. Баъзи бир илоҳий китоблик нисбати берилаётган китоблар асл ҳолидан бошқача бўлиб, турли ғаразгўй фикр ва гапу сўзлар қўшилиб, бузуқ ҳолга келиб қолган китоблардир. Агар мабодо улар бузилмай қолганда ҳам бари-бир Қуръони Карим келганидан сўнг мансуҳдирлар. Бинобарин, сиз билан биз дунёдаги энг улуғ, энг муқаддас, энг пок, энг баракали китобни ўрганаётган бўламиз.
Азиз тафсирхон! Сиз билан биз оддий китобни ўқиётганимиз йўқ. Сиз билан биз илоҳий китобни ўқимоқдамиз. Шунинг учун ҳам бу қилаётган ишимиз учун содиқул масдуқ сифатига эга бўлган, ҳар бир гаплари сидқдан иборат бўлган маҳбуб Пайғамбар афандимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ваъда этилмишдир.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳабиби Роббил оламийн соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳнинг каломидан бир ҳарф ўқиса, унга ўша учун яхшилик ёзилур. Бир яхшилик эса ўн мислига кўпайтирилур. Алиф Лам. Мим ҳарф демасман. Лекин, Алиф ҳарфдир, Лам ҳарфдир, Мим ҳарфдир», деганлар.
Кўрдингизми азизим, бир суранинг бошида келган Алиф Лам Мим бир эмас, уч ҳарфдир. Уларга биттадан учта савоб берилур. Сўнгра ўн мислича кўпайтирилиб ўттизга етказилур. Бу ваъда ўша ҳарфларни қироат қилган одамга.
Аммо сиз билан биз ул муборак ҳарфларни қироат қилганимиздан сўнг маънолари таржимасини, сўнг эса тафсирини, уларга амал қилишни ҳам ўрганамиз, бу ишлар мукофотига Роббимиз субҳанаҳу ва таолодан бериладиган ажру савобларни тушуниб олсак бўлаверади.
Демак, қўлимиздаги китобимизнинг ҳар бир ҳарфини ўқишимиз учун алоҳида савоб оламиз. Ана шу бахтни ғанимат билмоқ эса бизнинг бурчимиздир.
Сиз муҳтарам ўзингиз Каломуллоҳнинг тафсирини ўқиб ўлтирибсиз. Лекин сиз ёлғиз эмассиз. Сиз билан бирга ўзингизга бириктирилган икки фаришта билан бирга, Қуръони Карим ўрганаётганингиз шарофати ила нозил бўлмиш сакийна ҳам бор. Сакийна, деганимиз кўзга кўринмас булутсиймон нарса бўлиб, Аллоҳ таолонинг махлуқотларидандир. Унда хотиржамлик, раҳмат ва сокинлик бўлиб, у ила фаришталар ҳамроҳ бўлурлар. Сакийна ила қалб мусаффо бўлиб, нурга тўлиши учун ҳам «сакийна» номини олгандир.
Бу гаплар ҳаводан олиб айтилган эмас. Бу гаплар Расули Роббил Оламийн соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларидир: Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизийлар ал-Баро розияллоҳу анҳу дан ривоят қиладилар: «Бир киши сураи «Каҳф»ни қироат қиларди. Унинг оти олдига икки арқон ила боғлаб қўйилган эди. Уни бир булут ўраб олиб, айланиб унга яқинлаша бошлади. Оти эса чўчиб ундан қоча бошлади. Тонг отгандан сўнг ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб У зотга бўлган ҳодисани зикр этди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана ўша сакийнадир. Қуръон учун нозил бўлибдир», дедилар».
Бошқа ривоятлардан аниқланишича, мазкур саҳобий Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу бўлганлар. Отнинг типирчилашидан хавотирланиб қироатни тўхтатганларида, ҳалиги сакийна ҳам тўхтаган. От тинчланиб, қироатни қайта бошласалар, сакийна ҳам яна тушишда давом этган. Бу ҳол бир неча бор такрор бўлган.
Энди муҳтарам тафсирхонга қандоқ каломни ўрганаётгани яна ҳам равшан бўлгандир. Сиз билан биз ана ўша ўрганаётган нарсамизга муносиб ўрганувчи бўлишимиз даркор.
Эҳтимолки, сиз жанобингиз Каломуллоҳни ўқишда, ўрганишда, уқишда қийналарсиз. Тилингиз унча келишмас. Маъноларни тушунишингиз қийин бўлар. Чунки, авваллари тартибли диний, Қуръоний таълим кўрмаган кишилар учун бу табиий бир ҳол. Лекин, агар шундоқ бўлганда ҳам сиз ўксинманг. Яхшироқ билганимда тезроқ, кўпроқ ўқир эдим, савобни ҳам шунга яраша олардим, деб ҳасратланманг. Каломуллоҳни ўқишда, ўрганишда қийналганнинг ҳам ўзига яраша савоби бор.
Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизийлар уммул мўминийн Оиша онамиз розияллоҳу анҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонга моҳир киши элчи, ҳурматланган, итаоткор(фаришта)лар биландир. Қироат қилсаю, бу унинг учун қийин бўлганга эса, икки ажр бордир», деганлар.
Қуръонни яхшилаб ўрганиб, унга моҳир бўлган кишилар малакут оламида Қуръон ишини юритиб турувчи фаришталар билан бирга бўлар эканлар. Аммо, Қуръон ўрганишда қийналаётганларга икки ажр бор экан: Қуръон ўқигани учун бир ажр, ўқишда қийналгани учун бир ажр.
Қийинчиликсиз бир нарсага эришиб бўлмаслиги маълум. Одамлар бўлган-бўлмаганга, ҳаром-хариш ишлар учун ҳам қанчадан-қанча қийинчиликларга дош берадилар. Сиз билан биз энг шарафли, энг савобли, энг фойдали иш учун баъзи бир қийинчиликларга дучор бўлсак, нима қилибди.
Аслини олиб кўрганда, Каломуллоҳ йўлидаги ҳар бир иш ҳузур-ҳаловат ва роҳат-фароғатдир. Асосий қийинчилик, асосий қийноқ, асосий бахтсизлик Каломуллоҳдан бехабар ва бебаҳра қолишликдир.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган кимса, хароба уйга ўхшайдир», деганлар.
Аллоҳ бундоқ бўлишдан Ўзи асрасин! Демак, сиз билан биз ушбу китобимиз орқали ўрганаётган ҳар бир нарса ила қалб уйимиз, иймон-эътиқод уйимиз, маънавият уйимиз обод бўлиб боради. Ушбу бахту саодат ҳам ҳар кимга муяссар бўлавермайди.
Ўзимиз уриниб Каломуллоҳни ўрганиш ила ажру савоблар берилиши, сакийна тушиши, қалб уйимизнинг харобаликдан чиқиб обод бўлиши ва яна шунга ўхшаш икки дунёмиз ободлиги учун кўпгина нарсаларга эришар эканмиз. Бу муборак ишга иложи борича кўпроқ, ихлос билан уринмоғимиз даркор.
Яна билиб қўйишимиз лозим бўлган бир ҳақиқат бор. Бу ҳақиқат ҳам Аллоҳнинг каломини ўрганиш ила чамбарчас боғлиқ. Қуръони Каримни ўрганишни бошқалар билан, кўпчилик бўлиб амалга ошириш ила мазкур ҳаракат учун бериладиган ажру савоб, хайру барака ва улкан даражалар ҳам ошиб боради. Чунки Қуръони Карим ёлғиз шахсларга эмас, жамоатга атаб нозил қилинган илоҳий дастурдир. Унга тўлиқ амал қилиш, фақат кўпчилик билангина зоҳир бўлиши мумкин. Қолаверса, кўпчиликда барака бор, ўқиш-ўрганиш жараёнида биров мулоҳаза қилмаган нарсани бошқаси мулоҳаза қилиши, бири сезмаган хатони иккинчиси сезиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларда кўпчилик бўлиб Қуръон ўрганишга алоҳида эҳтимом билан тарғиб қилинган.
Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар Уқбату ибн Омир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Биз суффада ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар ва: «Сизлардан қай бирингиз ҳар куни эрталаб Бутҳонга ёки Ақиққа бориб, Аллоҳга гуноҳ қилмасдан ва қариндошлик алоқасини узмасдан, икки катта ўркачли туяни олиб келишни хоҳлайсиз?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз буни хоҳлаймиз», дедик бизлар. Шунда У зот: «Албатта, сиздан бирингиз ҳар куни масжидга бориб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан икки оятни таълим олмоқлиги, унинг учун иккита туядан яхшироқдир. Учтаси учтадан яхшироқдир. Тўрттаси тўрттадан яхшироқдир. Оятларнинг адади қанча бўлса ўшанча туядан яхшироқдир», дедилар».
Ўша пайтда ҳар бир араб учун катта ўркачли туя қандоқ катта бойлик эканлигини, уни ҳалол-пок йўл билан, Аллоҳга гуноҳ қилмай, қариндошлар ҳаққини поймол қилмай топиш қандай бахт эканлигини тушуниб етсак, Қуръони Каримнинг ҳар бир оятини ўрганиш катта ўркачли туя топишдан ҳам яхшироқ мулк эканининг аҳамиятини тушуниб етган бўламиз.
Ҳа, бизнинг муқаддас динимиз Исломда илм ўрганиш, айниқса, Аллоҳ таолонинг китоби бўлмиш Қуръони Каримни тиловат қилиш, уни дарс қилиб ўқиб, тафсирини ўрганиш улуғ иш ҳисобланади. Мазкур ишнинг қадр-қиймати ва улуғворлигини, айниқса, кўпчилик бўлиб ўрганиш қадр-қиймати ва улуғворлигини яна ҳам аниқроқ тушуниб етмоқ учун маҳбуб Пайғамбаримиз Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзларига қулоқ осайлик.
У зоти бобаракот Имом Муслим ва Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу модан ривоят қилган ҳадиси шарифларида қуйидагиларни айтадилар: «Ким талаби илм йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осонлаштирур. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда жамъ бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, албатта, уларнинг устиларидан сакийнат нозил бўлур, уларни раҳмат қамраб олур, уларни малоикалар қуршаб олур ва уларни Аллоҳ Ўз ҳузуридаги кимсалар ичида зикр қилур».
Ушбу ҳадиси шарифни тадаббур ила тафаккур қилиб кўрайлик. Дунёда Аллоҳнинг китобини тиловат қилиш, уни дарс қилиб ўқиш учун жамланган кишилардан ҳам бахтлироқ, саодатмандроқ жамоа бормикан?! Йўқ, албатта!
Шундоқ экан Аллоҳнинг китобини ўрганиш учун жамъ бўлганлар энг афзал бўлмай, кимлар афзал бўлсин?! Келинг, ўша афзаллик тафсилотларини юқоридаги ҳадиси шариф қамровидан келиб чиқиб ўрганиб олайлик.
Аллоҳнинг китобини тиловат қилиш ва уни ўзаро дарс қилиб ўрганиш учун жамланган қавмга қуйидаги хайротлар насиб этар экан:
1. «Уларнинг устидан сакийнат нозил бўлур».
Сакийнат-хотиржамлик, хайр-барака, сокинлик ва бошқа яхшиликлардан иборат эканлигини, у худди булут каби Каломуллоҳни ўрганаётганлар устидан нозил бўлишини аввал ҳам ўрганиб ўтдик. Ушбу нодир фазилат бошқа хайрли ишларни бажо келтирувчилар учун ваъда қилинмаган.
2. «Уларни раҳмат қамраб олур».
Албатта, Аллоҳнинг каломини ўрганаётганларни Аллоҳнинг раҳмати қамраб олади. Ҳар бир банданинг Роббисидан бўладиган заррача раҳматга қанчалар муҳтож эканини эътиборга оладиган бўлсак, Қуръон ўрганиш туфайли Аллоҳнинг раҳмати ила қамралиб қолган бахтиёрларнинг қанчалик мартабага ноил бўлганларини тасаввур қилсак бўлаверади. Бундоқ улуғ даражага ҳам фақат Қуръон тиловати ва уни дарс қилиб ўқиш, яъни тафсирини ўрганиш билангина эришиш мумкин.
3. «Уларни малоикалар қуршаб олур».
Фаришталар қандоқ мукаррам зотлар экани ҳаммага маълум. Фаришта бор жойда хайри-барака, яхшилик, тинчлик-омонлик, фазилат ва бошқа кўплаб эзгуликлар бўлур. Энди бир эмас, катта жамоа фаришталар ўраб турган, уларга ҳавас билан қараб турган мўминлар жамоаси қанчалик саодатманд эканлигини англаб олсак бўлаверади. Ушбу мисли йўқ олий мақомга ҳам фақатгина Қуръони Каримни тиловат қилиш, унинг тафсирини ўрганиш билангина муяссар бўлинади.
4. «Уларни Аллоҳ Ўз ҳузуридаги кимсалар ичида зикр қилур».
Аллоҳнинг ҳузуридаги кимсалар кимлигини Аллоҳ Ўзи билади. Аммо ўшалар билан бирга Қуръон тиловат қилган ва уни дарс қилиб ўрганган, яъни тафсир билан машғул бўлган кишиларни ҳам зикр қилишини биз ҳам биламиз.
Бу нақадар улуғ бахт! Бу нақадар буюк саодат! Бу улуғ бахтга ва буюк саодатга фақат Қуръони Карим тиловоти ва уни дарс қилиб ўрганиш билангина эришиш мумкин.
Қимматли тафсирхон, энди жанобингиз ушбу китобингизни мутоала қилиш ила қанчалик буюк ишни қилаётганингиз, қанчалик олий мартабага эришаётганингизни чуқур ҳис қилаётган бўлсангиз керак?!
Қадрли тафсирхон, ўзингиз ўрганмоқчи бўлиб турган васфига сўз ожиз ушбу илоҳий дастурнинг моҳиятини яна ҳам аниқроқ тушуниб олишимиз учун бутун вужудимизни эътибор ва эҳтимом нуқтасига айлантирган ҳолда, ушбу китобни Аллоҳдан қабул қилиб олган зотга мурожаат қилиб, уни васф этиб беришларини сўрайлик.
У зоти бобаракот бизнинг бу саволимизга Имом Термизий ал-Ҳорис ал-Аъвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф орқали жавоб берадилар. Ўша ҳадисда ал-Ҳорис ал Аъвар қуйидагиларни айтадилар: «Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шўнғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб:
«Эй амирал мўминин, кўрмайсизми, одамлар турли гапларга шўнғибдилар», дедим.
«Дарҳақиқат, шуни қилибдиларми?» дедилар у киши.
«Ҳа», дедим. У киши қуйидагиларни айтдилар: «Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлур!» деганларини эшитдим. Шунда: «Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.
«Аллоҳнинг китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир.
Ким бир жаббордан қўрқиб, Уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдирур.
Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур.
У-Аллоҳнинг метин арқонидир.
У-ҳикматли зикрдир.
У-сиротул мустақиймдир.
У-унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган,
У-унинг ила тиллар тутилмайдиган,
У-уламолар ундан тўймайдиган,
У-кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиблари тугамайдиган нарсадир.
У-жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир.
Ким у билан гапирса, содиқ бўлур.
Ким унга амал қилса, ажр олур.
Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур.
Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур.
Мана буларни олгин, эй, Аъвар», дедилар».
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтиб берган бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг васфи батафсил баён қилинмоқда.
Азиз тафсирхон, келинг ушбу набавий васфни қўлимиздан келганча ўрганиб чиқайлик.
Ушбу ҳадисда севикли Пайғамбаримиз, йўлбошчимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонларидан кейинги даврларда фитна чиқишидан умматларини огоҳлантирмоқдалар.
Ҳазрати Алидек улуғ зот ва олим саҳобий эса, одамларнинг масжидда ўтириб олиб турли гапларга шўнғишларини ўша, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган фитна, деб тушунтирмоқдалар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фитна ҳақидаги огоҳлантиришни эшитишлари билан ўша фитнадан чиқиш йўлини сўрадилар. У киши бир марта муҳтож бўлсалар, бугунги кунда сиз билан биз бу йўлга юз миллион марта муҳтожмиз.
Келажакда мусулмонлар фитнага учрашидан огоҳлантирган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фитнадан чиқиш йўлини ҳам кўрсатиб бердилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг:
«Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули», деган саволига
«Аллоҳнинг китоби ила», деб жавоб бердилар.
Мусулмонларнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қилган тавсиялари шу. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун Қуръони Карим фитнадан чиқиш йўли бўлишини ҳам батафсил баён қилиб, шарҳлаб тушунтириб бермоқдалар. У зот ўз умматларига бу ҳақда қуйидагиларни айтмоқдалар:

1.«Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори»...бор.
Ҳа, Қуръони Каримда мусулмон уммати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан олдинги ўтган нарсаларнинг хабарлари бор. Бўлганда ҳам энг ишончли, энг тўғри, энг ибратли хабарлар бор. Мусулмонлар Қуръони Каримдаги ўша ўзларидан олдин бўлган нарсаларнинг ахборини ўқиб, ўрганиб, улардан ибрат олишлари матлуб.
Мазкур ахборларда ким кофир, фосиқ, мушрик, осий, мунофиқ, саркаш бўлса, ҳалокатга учраши ҳақида сўз юритилади. Мусулмонлар улардан ибрат олиб, ўша ҳалокатга учраганларнинг қилмишларидан бирортасининг ҳам яқинига йўламасликлари лозим.
Мазкур ахборларда Аллоҳга, У зот юборган Пайғамбарларга, У зот нозил қилган китобларга иймон келтирганлар икки дунё бахту-саодатига эришганлари таъкидланади.
Мўмин-мусулмонлар бу ҳақиқатлардан ибрат олиб, Аллоҳга, У зотнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Роббил оламийннинг охирги ва абадий китоби Қуръонга бўлган иймонларини мустаҳкамлашлари лозимдир.
Муҳтарам тафсирхон, сиз билан биз мазкур ахборлардан ҳам ибрат олишимиз лозим. Иймон-эътиқод, дину диёнат ва татбиқи шариат йўлидаги учрашимиз лозим бўлган ҳар бир қийинчиликларга ҳам тайёр бўлмоғимиз лозим.
Азиз ва қадрли тафсирхон, аввал ўтган ҳодисалардан ибрат олиш лозимлигини ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, ҳар бир қавм қайта-қайта таъкидлайди. Лекин ўша ибрат олиниши лозим бўлган қиссалар бир-биридан фарқли. Дунёда фақатгина сиз билан бизнинг, яъни мўмин-мусулмонларнинггина ибрат олишимиз лозим бўлган ўтмиш ҳақидаги қиссаларимиз энг тўғри ва энг ишончлидир. Биз ибрат оладиган ўтмиш қиссаларини ўтмишнинг, ҳозирнинг ҳамда келажакнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи айтиб берган.
Ҳа, муҳтарам тафсирхон, дунёда фақат сиз билан бизгина олдин бўлиб ўтган нарсалар ҳақида тўғри маълумотга ва улардан фойдали ибрат олиш имконига эгамиз. Бунинг учун Аллоҳ таолога шукр қилайлик ва Роббимизнинг китобини қунт билан ўрганайлик.
Қимматли тафсирхон, жанобингизга маълум бўлсинким, Қуръони Каримдаги бор нарсалар фақат биздан олдин ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари қиссасидан иборат эмас. Мазкур ахборлар ичида Аллоҳ таоло бутун борлиқни йўқдан бор қилиб яратгани, бутун мавжудотларни яратгани, Одамни Ўз қўли билан яратиб, уни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиб қўйгани, Одамдан унинг жуфтини яратгани, Одам алайҳиссалом билан шайтон алайҳи лаъна орасида бўлиб ўтган можаролар ва яна бошқа кўпгина нарсалар ҳам бор.
Мазкур нарсалар билан батафсил танишиш, улардан ибрат олиш ва бошқа ишлар, ушбу «Тафсири Ҳилол»ингизни қунт билан ўқиб, зеҳн солиб тушуниш, дўстлар билан муҳокама-мунозара қилиш орқали бўлади.

2. «Унда сиздан кейинги нарсаларнинг хабари...бор».
Қуръони Каримдаги биздан-уммати Муҳаммадиядан кейинги нарсалар хабари, қиёмат қоим бўлиши, ҳамма ўлганлар қайта тирилиши, маҳшарга тўпланиши, бу дунёда қилган ишлари заррача ҳам қолдирилмай, ҳисоб-китоб қилиниши, иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар хурсанд, куфр келтирган ва фисқу-фужур қилганлар хафа бўлиши, мезон, кўприк, жаннат ва дўзах ҳамда шунга ўхшаш бошқа хабарлардир.
Бу хабарларга иймон келтириш мўмин-мусулмон шахс учун иймоннинг арконларидан бир рукндир. Мазкур хабарларни Қуръони Каримда зикр қилиниши, уларни иймон рукнларидан бирига айлантирилишидан мақсад, кишиларни иймон, Исломга чақиришдир.
Аллоҳнинг каломидан қиёмат ва унга тегишли нарсалар ҳақида маълумот олган, унга иймон келтирган киши ўша кунга тайёргарлик кўриб яшашга ўтади. Мўмин ҳолида Аллоҳ буюрган ҳамма нарсаларга оғишмай амал қилади ва Аллоҳ қайтарган ҳамма нарсалардан қайтади.
Ҳа, муҳтарам диндошим, фақат сиз билан биз мусулмонларгина ўзимизни олдинда нималар кутаётганини биламиз, уларга иймон келтирамиз ва ҳозирдан тайёргарлигимизни кўриб борамиз. Бу ишда бизга Қуръони Карим ёрдамчи бўлади. Биз бу билан қанчалар фахрлансак оз.

3. «ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор». 
Ҳа, Қуръони Каримда сиз билан биз мусулмонларнинг орамиздаги барча нарсаларнинг ҳукми бордир. Ўша нарсалар ҳақида ҳукмнинг йўл-йўриқлари, қонун-қоидалари бордир.
Демак, сиз билан биз «Тафсири Ҳилол» орқали Аллоҳнинг каломини ўрганар эканмиз, айнан ўша олий мақом ишни амалга ошираётган бўламиз.

4. «У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир». 
Ҳа, содиқул масдуқ сифати соҳиби бўлмиш, Муҳаммад ас-Содиқ лақабини олмиш ростгўй Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу қавлларида ҳам содиқ-ростгўйдирлар. Зотан, Роббул оламийннинг Ўзи ҳам «Ториқ» сурасида Каломи Шарифни васф қила туриб:
«Иннаҳу лақовлун фасл ва маа ҳува билҳазл», яъни «Албатта у фосил қилувчи қавлдир, У ҳазл эмасдир», деб марҳамат қилган.
Қуръони Каримнинг фосил қилувчилиги-ажратувчилиги ҳақиқийдир. У ҳар бир нарсани ажратиб-ажратиб кўрсатиб берган. Жумладан, ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан, фойдани зарардан, ҳалолни ҳаромдан, савобни гуноҳдан, мўминни кофирдан, мухлисни мунофиқдан ажратиб қўйган.
Ана ўша ажримларни, оддий ажрим эмас, илоҳий–Қуръоний ажримларни билиб олишимиз учун Қуръони Каримни яхшилаб, зеҳн ва ихлос ила ўрганмоғимиз зарурдир.
Ҳа, Қуръон ҳазил эмас, Унда бирорта ҳам бефойда, каммаъно, ҳикматсиз сўз йўқ. Қуръони Каримдаги ҳар бир сўз ўта жиддий, ўта фойдали, ўта пурмаъно ва ўта ҳикматлидир.
Сиз билан биз Аллоҳнинг каломини ўрганар эканмиз, ушбу ҳақиқатларни ҳам доимо ёдимизда тутмоғимиз лозимдир. Ана шунда ўрганаётган нарсамизнинг қадр-қийматини ўз жойига қўйган бўламиз.

5. «Ким бир жаббордан қўрқиб Уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдиради». 
Яъни, ким бирор томоннинг жабру-зулмидан қўрқиб Қуръони Каримни тарк қилса, Аллоҳ таоло ўша Қуръонни тарк қилувчининг умуртқа поғонасини синдириб, ҳеч нарсага ярамай, қимирлай олмасдан ётадиган қилиб қўяди.
Бу, албатта, мажозий маънодаги гапдир. Бирор жаббордан қўрқиб Қуръонни тарк қилганларнинг белларидаги умуртқа суяклари синиб ётиб қолмайдилар. Балки, улар бу дунёю у дунё ишларида уларни тўғри йўлга бошлаб, белларига қувват бўлган омилдан ажраган бўладилар.

6. «Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади». 
Қуръони Карим бандаларни икки дунё саодатига бошловчи илоҳий ҳидоятдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бир қанча оятларда Қуръон барча оламлар учун ҳидоят эканлигини қайта-қайта таъкидлаб айтган.
Буни бошқалар билмаса ҳам мусулмонлар яхши билади. Бундоқ улкан ҳақиқатни билиб туриб–Қуръон Аллоҳнинг ҳидояти эканлигини англаб туриб, ундан бошқадан ҳидоят излаш соғлом ақлга мутлақо тўғри келмайди.

7. «У–Аллоҳнинг метин арқонидир». 
Инсон ҳаётнинг асов дарёсидан нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олмоғи учун бирор арқонга осилмоғи лозим. Ана ўша нажот арқони Аллоҳ таолонинг метин арқонидир.
Бу метин арқон ҳеч қачон узилмайди, ҳеч қачон панд бермайди. Ким унга осилса, ҳаёт дарёсининг ҳар қандай асовлигидан, хавф-хатаридан ўтиб нажот қирғоғига эсон-омон чиқиши турган гап.

8. «У–ҳикматли зикрдир». 
«Ҳикмат»нинг маъноси, ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш, баён қилишдир. «Зикр» эса эслатма маъносидадир.
Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан жорий қилинган «ҳикматли зикр»дир. Ундаги зикрнинг ҳаммаси ўта ҳикматлидир. Одамлар бу дунёда ҳикматга эҳтиёжли бўлиб юрадилар. Ҳикматли гап-сўзларни ўқиб-ўрганиб, эшитиб-ёдлаб, яна бошқа ишлар ҳам қилиб юрадилар. Улар ана ўша ҳикматларни ўзларига, ўзгаларга эслатма бўлишини ҳаётдаги ишларида йўл кўрсатувчи, танбеҳ берувчи бўлишини хоҳлайдилар.
Сиз билан биз-мусулмонлар нақадар бахтлимиз, ана ўша юқорида зикр қилинган ҳолатлар учун сиз ва бизга Роббил оламийннинг Ўзи ҳикматли зикрни тушириб қўйибди. Албатта, Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила бандаларнинг ҳикмати орасида Аллоҳ билан бандачалик фарқ бор.
Қани Қуръоний ҳикматлар билан танишишга муштоқлар?
Қуръондаги ҳикматлар мисли йўқ ҳикматлардир.
Қуръондаги ҳикматлар илоҳий ҳикматлардир.
Қуръони Карим бошдан-оёқ ҳикматли зикрга тўладир.
Зотан Қуръони Каримнинг номларидан бири Қуръони Ҳакиймдир.
Қуръони Каримнинг номларидан яна бири зикрдир.
Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида Қуръони Каримни «Ҳикматли зикр» деб номлабдилар.
Дунёдаги энг яхши ҳикматларни ўрганай, улардан ўрнак олай, уларга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни яхшилаб ўргансин. Дунёдаги энг яхши эслатмани ўрганай, ундан ўрнак олай, унга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни ўргансин.
Ҳурматли тафсирхон «Тафсири Ҳилол»ни ўқиб ўрганиш ила биз дунёдаги энг яхши ҳикматли зикрни ўрганаётганимизни унутмайлик.

9. «У–сиротул мустақиймдир». 
Ҳа, Қуръони Карим–сиротул мустақийм–тўғри йўлдир. У Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидир. Ҳар бир банда ҳар бир мақсадга эришиш учун сиротул мустақиймга муҳтождир. Сиротул мустақиймсиз ҳеч ким мақсадга эриша олмайди. Сиротул мустақиймда юрмаган одам, нотўғри йўлдан юриб адашади, кўзлаган манзилга ета олмай, ҳалокатга учрайди. Сиротул мустақиймга юрмаган одам нотекис йўлдан юриб, қоқилади, йиқилади, бурни қонайди, бўйни синади, кўзлаган манзилига ета олмай, сарсон-саргардон бўлиб ҳалок бўлади.
Шунинг учун ҳам ҳар бир банда ўзи учун сиротул мустақиймни излайди. Сиз билан биз-мусулмонлар нақадар бахтлимизки, Роббимиз Ўзи бизга сиротул мустақиймни бериб қўйибди. Икки дунёда кўзланган саодат манзилига элтадиган сиротул мустақиймни шундоқ хизматимизга тайёр қилиб қўйибди. Биздан бўладигани ўша илоҳий сиротул мустақиймдан юриб кетиш, холос. У эса бизларни икки дунёдаги саодатли муқсадларимизга элтади.
Ана ўша сиротул мустақиймда юришни амалга ошириш учун уни ўрганиш лозим. Сиз билан биз «Тафсири Ҳилол»ни ўқиш, ўрганиш ила шу мақсадда иш қилган бўламиз.

10. «У–унинг ила ҳавойи нафслар тоймайдиган... нарсадир». 
Ҳа, Қуръони Каримга алоқадор бўлган ҳавойи нафс ҳеч қачон ҳақ йўлдан тоймайди. Чунки, Қуръони Карим барча ҳавойи нафсларни халқ қилган Холиқ томонидан уларни жиловлаб, тойиб кетмайдиган қилиб ушлаб турувчи қўлланмадир.
Дунёдаги барча бандаларнинг бу дунёдаги асосий муаммоларидан бири ҳавойи нафслари билан бўладиган муаммоларидир.
Кишиларни ёмонликка бошлаётган нарса ҳам асосан ҳавойи нафсдир.
Қачонки банданинг ҳавойи нафсига шайтон кўрсатма берса, банданинг ўзи кўрсатма берса ёки ўша бандага ўхшаш бошқа бандалар кўрсатма берса, албатта, у ҳавойи нафс ҳақ йўлдан тояди ва ўз эгасини ҳалокатга бошлайди.
Ҳар замон, ҳар маконда бандалар якка-якка ҳолларида ҳам, тўп ҳолларида ҳам ҳавойи нафсни тойдирмайдиган қўлланмани қўллаганда нажот топадилар.
Ҳавойи нафсни тойдирмаслик учун илоҳий қўлланмани қўлламаганлар эса, ҳавойи нафсларига қул бўладилар ва ҳалокатга учрайдилар. Аллоҳ таоло бандаларга раҳм қилиб уларга ҳавойи нафсларини тойдирмай ушлаб турадиган Қуръони Каримни бериб қўйган.
Ана ўша илоҳий қўлланмани яхшилаб ўрганиб, унга оғишмай амал қилган кишининг ҳавойи нафси тоймайди. Сиз билан бизнинг «Тафсири Ҳилол»ни ўрганишимиз ҳам ана шу мақсаддаги бир қадамдир.

11. «У–унинг ила тиллар илтибосга тушмайдиган... нарсадир».
Ҳа, Қуръони Карим ила бўлган тиллар ҳеч қачон илтибосга тушмас. Яъни, бошқа нарсалар билан аралашиб кетиб, қайси бир ҳақ, қайси бири ноҳақ бўлиб қолиб илтибосга тушилмайди. Қуръони Карим билан бўлган тил ҳеч иккиланмасдан ҳақни гапираяпман, деяверади. Қуръондан бошқа нарса аралашдими, дарҳол илтибос тушади. У ҳолда банда қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақ эканинни ажрата олмай сарсон бўлади.
Муҳтарам тафсирхон, сиз ўз ишингиз ила ана ўша тилларни илтибосга туширмайдиган илоҳий иложни топмоқдасиз!

12. «У–уламолар ундан тўймайдиган... нарсадир». 
Ҳа, Қуръони Каримдан уламолар тўймаган, тўймаяптилар ва тўймайдилар ҳам.
Модомики, Қуръони Каримни Роббил оламийндан қабул қилиб олган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ деганларидан кейин уламолар Қуръондан тўймасликлари ҳақиқатдир.
Бу улкан ҳақиқатни воқеълик ҳам тасдиқлайди.
Илмлар кўп, уламолар ундан ҳам кўп. Чунки, ҳар бир илм бўйича қанчадан-қанча олим бўлади. Ана ўша турли илмлар бўйича қайси бир олим Қуръони Каримга мурожаат қилса, ундан ўзига керак нарсани олади. Лекин бари бир тўймайди. Яна янги нарса олгиси келаверади. Қуръон нозил бўлгандан буён уламолар ундан олишган нарсани ўзлаштириб, улардан баҳраманд бўлган бугунги олим ҳам тўймай яна ўзи бир нарса олишга уринади.
Дунёда бир хил мавзуда ёзилган китоблар ичида Қуръони Каримга боғлаб ёзилган китобларчалик кўп китоб бўлмаса керак.
Тафсир китобларини ёзиш бир минг тўрт юз йилдан буён давом этмоқда. Ҳар бир тафсир билан танишсангиз, ўзига хослиги, озгина бўлса ҳам, бошқалардан ажралиб туриши билан фарқ қилади. Демак, уламолар Қуръондан тўймаганлари учун шундоқ қиладилар.
Ҳозирги кунимизда ҳам янги-янги тафсирлар чиқиб турибди. Улар ҳам ўзига хослиги билан ажраб туради. Демак, уламолар Қуръонга тўймаяптилар.
Агар Қуръонга тўймайдиган уламолар тафсирчи уламолар, десак катта хато қилган бўламиз. Балки, бошқа уламолар ҳам Қуръонга тўймайдилар.
Мисол учун муҳаддис уламоларни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Чунки, уларнинг мутахассислиги бўлмиш ҳадис илми Қуръони Карим ила чамбарчас боғлиқдир. Зотан, ҳадиси шарифлар Қуръони Каримнинг тафсири ва ҳаётга татбиғидир.
Фиқҳ уламоларини олиб кўрайлик. Қуръони Каримга тўймайдиган уламолар айнан фуқаҳолардир, десак муболаға бўлмайди. Чунки, Қуръони Карим фуқаҳоларнинг биринчи навли ва энг асосий озуқаларидир. Улар Ислом шариатининг аҳкомларини асосан Қуръони Каримдан оладилар. Бунинг учун улар ҳар бир оят, ҳар бир Қуръоний ҳарфни синчиклаб, қайта-қайта, атрофлича ва чуқур ўрганадилар. Бу ҳолатда уларнинг Қуръондан тўймасликлари турган гап.
Араб тили уламолари ҳам худди шундоқ. Улар хоҳ илми наҳв, хоҳ илми сарф, хоҳ илми баён, хоҳ илми бадийъ бўйича мутахассис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъий назар, Қуръони Каримдан тўймайдилар. Чунки, Қуръони Карим араб тилининг мўъжизасидир. Унинг тил усталари Қуръони Карим ҳузурида ожиздирлар. Шунинг учун ҳам араб тили олимлари Қуръони Каримга доимий равишда тил жиҳатидан ҳам муҳтожлар, доимо унга мурожаат қиладилар ва доимо унга тўймайдилар.
Хулоса шулки, қайси бир илмни олсак ҳам, илми ақоидми, илми фароизми, илми мантиқми, илми тасаввуфми ёки бошқа илмларми, бари-бир уларнинг уламолари Қуръони Каримга тўймасликлари Қуръони Каримнинг ўзига хос бир неча илмларни пайдо бўлишига олиб келди.
Бу илмларнинг мажмуаси «Улумул Қуръон»-«Қуръон илмлари»-деб аталади. Бу қадимги илм бўлиб, унга қанчадан-қанча уламолар ўз умрлари, зеҳн-заковотларини бағишлаганлар. Бу соҳада сонсиз-саноқсиз китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. «Улумул Қуръон» ўз ичига илмул қироат, илмул носихи вал мансухи, илмул маккиййи вал маданиййи, илму сабаби нузул, илмул расми, илмул муҳками вал муташобиҳи каби бир қанча илмларни олади. Табиийки, ушбу илмларга мутахассис бўлган уламолар асло Қуръони Каримга тўймайдилар.
Тарихчиларни олиб кўрайлик. Бу дунёнинг яратилиши, инсоннинг дунёга келиб, ривожланиши, қадимда содир бўлган тарихий ҳодисаларнинг энг ишончли масдари Қуръони Карим асосида қадимги дунё тарихини битдилар. Улар ўз замонларида шунинг учун ҳам етакчи тарихчилар бўлдилар.
Энди жуғрофиячиларимизни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръони Каримдаги жуғрофияга тегишли оятларга асосланиб, улардан руҳланиб бу илм тарихида мисли кўрилмаган улкан натижаларга эришдилар.
Агар Қуръони Каримдан турли соҳадаги мусулмон уламолар тўймайди, десак хато қилмаган бўламиз. Балки, Қуръони Каримга мурожаат қилган ғайримуслим олимлар ҳам ундан тўймаётганига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Дунё тарихини Таврот, Инжил, Қуръон ва янги илмга солиштириб ўрганиб чиққан ғайридин олимлар Қуръони Каримга тан бериб, мусулмон бўлдилар.
Дунёда денгиз-уммон илми бўйича кўзга кўринган ғайридин олимлар ўз соҳалари бўйича Қуръони Каримни ўрганиб чиқиб мусулмон бўлдилар.
Шунингдек, табиблар, инсон наслини ўрганувчилар ва бошқа-бошқалар ҳам Қуръони Каримга тўймаяптилар.
Ҳозир «Қуръондаги илмий мўъжизалар» номли халқаро ҳайъат ишлаб турибди. Ундаги баҳслар асосан ғайри мусулмон олимлар Қуръондан тўймасликларининг далили эмасми?
«Тафсири Ҳилол» ёзилган тилда сўзлашиб, ўқиб-ёзувчилар орасида ҳам турли соҳаларнинг олимлари бор. Бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар айтамиз. Шу билан бирга улар Қуръони Карим маънолари ила араб тилида ёки бошқа тилларда ошно бўлишлари душвор эканлиги ҳам маълум. Умид қиламизки, «Тафсири Ҳилол» орқали мазкур олим ва турли соҳа мутахассислари ҳам Қуръони Карим ила ошно бўлиб, унга тўймайдиган кишилар қаторига қўшилсинлар.

13. «У–кўп такрорлаш билан эскирмайдиган... нарсадир».
Ҳа, дунёда кўп такрорлаш билан эскирмайдиган бирдан-бир нарса Қуръони Каримдир. Қорилар ҳар бир ояти каримани ёдлаш учун минглаб марта такрорлайдилар, ёдлаб бўлганларидан сўнг ҳам доимий равишда ўқиб турадилар. Аммо ҳар ўқиганларида янги завқ, янги шавқ, янги ҳузур, янги ҳаловат оладилар. Бу маъно Қуръони Каримни тингловчиларга ҳам тегишли. Ояти карималар ҳар сафар такрор эшитилганда, янгича ҳаловат, янгича ҳузур олинади. Чунки, Қуръони Карим такрорлаш билан эскирмайдиган нарсадир.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга маҳбуброқ?» деб сўради. У зот:
«Етиш билан жўновчилик» дедилар.
«Етиш билан жўновчилик нима?» деди.
«Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб бориб, етиши билан яна жўнайдиган», дедилар».
Ҳа, азизлар, фарз амаллардан кейин Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун энг афзал ибодат Қуръон ўқиш, ўрганишдир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу тушларида Аллоҳ таолони бир неча бор кўрган эканлар. Бир пайт у киши, яна тушимда У зотни кўрсам, деб аҳд қилибдилар. Бас, кейин Аллоҳ таолони яна бир бор тушда кўрганларида:
«Эй Роббим, банда Сенга қайси нарса билан муқарраб бўлади?» деб сўрабдилар. Аллоҳ бу саволга:
«Каломимни тиловат қилиш билан, эй Аҳмад!» деб жавоб берибди.
«Маънони тушунсами ёки тушунмаса ҳамми, эй Роббим?» дебдилар Имом Аҳмад.
«Маънони тушунса ҳам, тушунмаса ҳам», дебди Аллоҳ таоло.
Бундан келиб чиқадиган хулосамиз, демак, Аллоҳнинг каломини қанчалик кўп такрор ўқисак, ўргансак, эшитсак, Аллоҳ азза ва жаллага шунчалик яқин бўламиз. Маъносини тушунмай ўқиганга шунчалик мартаба бўлса, тушуниб ўқиганларга қанчалик бўлиши маълум.

14. «ва ажойиблари тугамайдиган нарсадир». 
Ҳа, Қуръони Карим дунёдаги ажойиблари тугамайдиган бирдан-бир нарсадир. Зотан барча ажойиботларнинг эгаси Аллоҳ таолонинг китоби бўлганидан кейин шундоқ бўлади-да.
Қуръони Каримнинг катта-кичик ажойибларига, инсоният ўн беш асрдан бери кўриб, мулоҳаза қилиб, тан бериб келмоқда. Инсоннинг ақлий даражаси, илми ўсган сари Қуръони Каримнинг янгидан-янги ажойиботларини англаб етмоқда.
Биргина мисол келтирайлик, электрон ҳисоблаш машиналари чиқиб, ҳамма нарсани ҳисоблаш, атрофлича ўрганиб олиш имкониятлари кўпайди. Қуръони Карим ҳам ўша машиналарга солиб ўрганиб чиқилди.
Натижада, Қуръони Каримнинг ҳарфлари, сўзлари ва оятлари-ҳамма-ҳаммаси ҳисобли экани маълум бўлди.
Ана ўша ҳисоб асосида янги чоп қилинган Қуръон нусхаларини электрон ҳисоблаш машиналари ёрдамида текшириб, хатолари бўлса осонлик билан топиш имкони ҳам пайдо бўлди.
Охир-оқибат келиб, Қуръондаги ададий мўъжизалар соҳаси пайдо бўлди ва уламоларимиз бу соҳа бўйича китоблар ёза бошладилар.
Азиз тафсирхон, сиз жанобингиз ҳам Қуръони Карим ила ошно бўлиш мақсадида «Тафсири Ҳилол»ни ўқир экансиз, Каломуллоҳнинг ажойиботларини кашф этарсиз, деган умиддамиз.

15. «У–жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир». 
Ҳа, Қуръони Карим фақат инсларни эмас, балки, жинларни ҳам икки дунё саодатига элтувчи дастурдир.
Авваллари жинлар осмонга чиқиб, у жойдаги гапларни ўғринча эшитиб олиб, ердаги ўзлари билан алоқадор одамларга ёлғон-яшиқ қўшиб етказар эдилар. У одамлар эса фолбинлик қилиб кишиларга ғайбнинг, хабарини бераётган бўлиб, турли нарсаларни айтар эдилар. Узоқ вақт шундоқ давом этиб келди. Лекин бирдан осмон хабарини эшитгани чиққан жинларни юлдузлардан оловли парчалар ажраб чиқиб қувлайдиган бўлиб қолди. Энди жинлар осмон хабарларига ўғринча қулоқ оса олмай қолдилар.
Шунда улар бу ғайриоддий ҳолнинг сабабини ахтариб дунё кеза бошладилар. Насийбин деган жойлик жинлар йўлда кета туриб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон тиловатларини тўсатдан эшитиб қолдилар. Тўхтаб, биз билан осмон хабари орасига тушган шу нарса экан, дейишди. Тиловатни эшитиб бўлгандан кейин эса, «биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», дейишди.
Яъни, жинлар дарҳол Қуръони Каримнинг ажиб эканини ҳам, ҳидоятга бошлашини ҳам англаб етдилар. Улар зудлик билан Қуръони Каримга иймон келтирдилар ва бошқа жинларни ҳам унга иймон келтириб, амал қилишга даъват қила бошладилар.
Жинларнинг бу ишлари сиз билан биз инсларга сабоқ бўлиши керак. Қуръони Каримга улар каби ҳозиржавоб бўлишимиз керак. Шу билан бирга бу улкан ҳақиқатдан бошқа ибрат ва мулоҳазаларни ҳам олмоғимиз керак.
Жумладан, сиз билан биз ўрганаётган «Қуръони Карим» деб номланган илоҳий китоб нафақат ҳамма макон ва замондаги ҳамма инсонларга, балки, барча жинларга ҳам илоҳий дастурдир. Унинг мухлислари, ўқиб, ўрганувчилари кўпчилик тасаввур қилгандан кўра чандон-чандон кўпдир. Сиз билан биз ўша кўпчиликнинг бири эканимиз билан ҳар қанча фахрлансак, шунча оздир.

16. «Ким у билан гапирса, содиқ бўлур». 
Ҳа, Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи, Аллоҳ таоло эса каломида содиқ зотдир. Шунинг учун ким Қуръон билан гапирса, у одам гапида содиқ бўладир. Аллоҳнинг гапини гапирган содиқ бўлмай, ким ҳам содиқ бўлар эди.
Ҳа, азиз тафсирхон, сиз билан биз Каломуллоҳни ўрганар эканмиз, ўзимиз учун энг олий мақом, энг содиқ гаплар хазинасини ўрганаётган бўламиз. Ушбу илоҳий дастурдан олиб гапирган гапимиз энг содиқ гап бўлади. Барча гапимиз Қуръон ила гапириладиган бўлиши учун ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун эса, бизга «Тафсири Ҳилол» ёрдам беради.
Азиз ва муҳтарам тафсирхон, ўйлаб кўринг, сиз билан биз нақадар хушбахт бандаларимиз. Аллоҳ таолонинг гапини гапириб, энг содиқ гап эгаси бўлиш бахтига эришишимиз мумкин. Бунинг учун тайёр нарсани ўрганиб олсак бўлади. Аммо, биздан бошқалар бу бахтга сазовор эмаслар.
Ҳа, азизлар, шунинг учун ҳам ўз бахтимизнинг қадрига етмоғимиз, бизга бу бахтни берган Зотга тинимсиз шукур қилган ҳолда, ўз бахтимиз маёғи Қуръони Каримни кўпроқ ўрганмоғимиз, ҳар бир гапимиз ундаги гаплар ила гапирилиши учун қаттиқ ҳаракат қилмоғимиз зарур.

17. «Ким унга амал қилса, ажр олур».
Ҳа, ким Қуръони Каримга амал қилса, ушбу муборак дастурни хаётига татбиқ қилса ажр олади. «Ажр» сўзини сал қўполроқ иборалар билан таъриф қиладиган бўлсак, қилган ишига иш ҳаққи олиш маъноси чиқади. Арабларда ҳозир ҳам иш ҳаққини ажр дейишади.
Қуръони Каримга амал қилувчиларнинг ажрлари оний эмас, доимийдир. Чунки уларнинг ажрларини чексиз ва доимий имконга эга Зот–Подшоҳи азалий Зот–Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Қуръони Каримга амал қилувчиларнинг ажрларини Боқий сифатга эга бўлган, ҳам фоний дунёнинг, ҳам боқий дунёнинг Молики бўлган Аллоҳ таоло беради.
Имом Термизий ҳазрати Али розияллоҳу анҳу дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Қуръонни қироат қилса, уни ёдлаб олса, ҳалолини ҳалол қилса, ҳаромини ҳаром қилса, Аллоҳ ўша одамни у билан жаннатга киритади ва дўзахга кириши вожиб бўлган қариндошларидан ўнтасига шафоатчи қилади», деганлар.
Қуръони Каримни ўқишнинг, ўрганишнинг, ёдлашнинг, у ҳалол деган нарсани ҳалол билиб, ҳаром деган нарсани ҳаром билиб амал қилишнинг фазли қанчалик улуғ эканини кўрдингизми?!
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда:
«Ким Қуръонни қироат қилса ва ундаги нарсага амал қилса, қиёмат куни унинг ота-онасига сизларнинг ичингизда бўлиб бу дунё уйларига нур сочиб турган қуёшнинг ёғдусидан яхшироқ ёғдуси бор тож кийдирилади. Энди, ўша ишни қилганнинг ўзига нима бўлишини биласизларми?» дейилган.
Яъни, Қуръонни қироат қилиб унга амал қилган шахснинг ота-онасига шунчалик иззат-эҳтиром, шону шараф бўлса, унинг ўзига қанчалик нарсалар бўлишини ўзингиз билиб олаверинг, деганлари.
Демак, азиз диндошим, агар дунёга келишимга сабаб бўлган, мени тарбиялаб вояга етказган, кўплаб хизматларимни қилган мушфиқу меҳрибон ота-оналарим қиёмат куни ҳамманинг ҳузурида, васфига тил ожиз тахтларга ўтқазилиб, бошларига қуёшнинг ёғдусидан яхшироқ ёғдуси бор тож кийдирилсин, уларнинг бу иззат-икромга сазовор бўлганларини кўриб ҳамма ҳавас қилсин, десак, Қуръони Каримни ўқиб, унга амал қилайлик. Агар ўзимиз ҳам ўшандоқ мартабага эришайлик, десак, азиз фарзандларимизга Қуръонни ўқитиб, унга амал қилишни ўргатайлик. Ундан ҳам юқори мартабага эришайлик, десак, ҳаммамиз Қуръони Каримни ўқиб, ўрганиб унга амал қилайлик. Қуръони Каримнинг маъноларини тушунмай туриб, унга амал қилишимиз қийин, бу ишда эса, «Тафсири Ҳилол» бизга ёрдамчи бўлишини Аллоҳ таолодан сўрайлик.

18. «Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур».
Ҳа, Қуръони Карим ила ҳукм қилгангина адолат қилиши мумкин. Қуръони Каримдан бошқа нарса билан ҳукм қилган эса, ҳеч қачон адолат қила олмайди.

19. «Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур».
Ҳа, ким одамларни сиротул мустақиймга–энг тўғри йўлга–даъват қилмоқчи бўлса, Қуръони Каримга даъват қилмоғи керак. Қуръони Каримдан бошқага даъват қилишдан ҳеч қандай фойда йўқ.
Қуръони Каримни эса Аллоҳ таоло сиротул мустақийм қилиб етти осмон устидан туширгандир. Ана шундоқ олий мақомдан тушган нарса, нафақат ерни, балки, бутун оламларнинг тўғри йўлини ўзида мужассам қилган бўлади. Ана шундоқ олий мақомдан тушган нарса, ўзига эътиқод ва амал қилганларни энг юксак мартабаларга олиб чиқади.
Ушбу гапларимиз ҳақ эканлигини исботлаш учун назирий-фикрий далиллар, ҳаттоки, Қуръони Карим оятларидан ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ҳам далиллар келтирмоқчи эмасмиз.
Модомики, гап воқеълик ҳақида кетар экан, биз ҳам ўз даъвомизнинг ҳақ эканлигига воқеъликдан далил келтирамиз. Биз ўз даъвомизга далил қилиб келтирадиганимиз воқеълик, воқеъликда бор бўлган воқеъликдир.
У эртак ҳам эмас, хаёл ҳам эмас. Балки, дўсту душман кўрган, дўсту душман гувоҳ бўлган, дўсту душман эътироф қилган воқеъликдир.
Ўша биз даъво қилаётган воқеъликнинг ҳақиқатини, моҳиятини тўла англаб етиш учун дунёнинг бундан ўн беш аср олдинги воқеълигини яшаб ўтишимиз лозим. Ҳа, хаёлдан ўтказиш, эслаш, зикр қилиш эмас, бутун вужуд билан яшаш лозим.
Келинг, ўша воқеъликни биргаликда яшайлик.
Ўша пайтда бутун дунё жоҳилий ҳаёт кечирар эди. Инсоният бошдан оёқ жаҳолат ботқоғига ботган эди. Кишиларнинг барчаси бўлган-бўлмаган, бузуқ ва аслсиз ақидаларга эътиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм сурар эди. Қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон эди.
Инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди. Ана шундоқ қуюқ зулмат, моғор босган қалблар ухлаган бир пайтда фақатгина бир инсоннинг моғор босмаган пок қалби уйғоқ эди. Ўша ягона уйғоқ қалб мавжуд вазиятдан норози бўлиб, мазкур қоронғуликдан нурга чиқиш йўлини ахтарар эди. У муборак қалб, Макка номли шаҳарда Абдуллоҳ исмли отадан, Омина исмли онадан туғилган, Аллоҳнинг инояти билан жоҳилиятнинг барча чиркинликларидан сақланиб қолган Муҳаммад исмли муборак инсоннинг қалби эди.
Мазкур ягона пок қалб эгаси жоҳилият зулматидаги ноҳақлик, фисқу-фужур ва бошқа номаъқулчиликлардан четланиб, Макка шаҳри четидаги тоғдаги «Ҳиро» номли ғорга кириб ўтирар ва инсоният қандоқ қилиб жоҳилият зулматидан нурга чиқиши мумкин, деб фикр юритар эдилар. У зот шу тариқа бўлажак улкан ҳодисаларга ўзлари билмаган ҳолда тайёрланар эдилар.
Айни ўша пайтда инсониятни Ўз қўли билан яратиб, уни гўдаклигидан турли саркашликларига, инжиқликларига ва хатою адашишларига қарамай Пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб тарбиялаб олиб келаётган Аллоҳ таоло, инсониятнинг навбатдаги ва энг катта адашувидан кейин унга энг охирги Пайғамбарни юборишни, энг сўнгги китобини нозил қилишни ва энг сўнгги, мукаммал ва доимий шариатини жорий қилишни ирода қилган пайт келган эди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ғори Ҳиронинг оғзига чиқишлари билан «Иқроъ!!!–Ўқи!!!» деган гулдурос овозни эшитдилар. Ана ўша овоз жоҳилият зулматини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи–Қуръони Каримнинг–биринчи ояти эди. Бу шуъла дунёдаги ягона пок қалбни ёритди. Кейин эса янгидан-янги шуълалар чарақлаб, ёғду мукаммаллашиб борди.
«Эй ўраниб ётувчи, кечаси қоим бўл!», «Эй ўраниб ётувчи, тур, бас, огоҳлантир!» деган хитоблар бўлди.
Энди мазкур ягона пок қалб Қуръон ёғдуси билан ёришган ягона қалбга айланди. Энди ўша ягона пок ва илоҳий ёғду ила ёришган қалб эгаси ўз Роббиси амри ила ягона ўзи бутун дунёни пок қалбли қилиш учун, илоҳий ёғдудан баҳраманд бўлишга даъват қилиш учун бел боғлади.
Аста-секин Аллоҳнинг инояти ила мазкур илоҳий ёғду-Қуръоний ёғду бошқа қалбларни ҳам ёрита бошлади. Ер юзида асталик билан бўлса ҳам, қийинчилик билан бўлса ҳам жоҳилият зулматини Қуръон ёғдуси ёриб чиқа бошлади. Кишилар ичида қалби Қуръон нури билан мунаввар бўлганлар кўпая борди.
Албатта, узоқ муддат зулматда қолган кофирлар ёғдуни тинчликни бузиб безовта қилувчи нарса деб тушунадилар. Шу боисдан ҳам улар унга қарши чиқадилар. Улар ёғдуни иложи борича тўсишга ҳаракат қиладилар. Биз ўрганаётган воқеликда ҳам шундоқ бўлди. Жоҳилият зулматига ўраниб қолган инсонлар Қуръон ёғдусини ўз оромларини бузувчи нарса деб билдилар. Уни тарқамаслиги учун қўлларидан келгану келмаган барча чораларни кўрдилар. Улар Қуръон ёғдусини, ул ёғдудан баҳраманд бўлганларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш учун ҳаракат қилдилар.
Лекин, Аллоҳ кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини батамом қилувчи зотдир. Аста-секин Аллоҳнинг инояти ва аралашуви ила нафақат инсонларнинг қалблари, балки, бутун вужудлари Қуръон ёғдуси ила ёришди. Кейин эса уларнинг бутун ҳаётлари ўша ёғду билан ёришиш жараёни бошланди. Қалблари Қуръон ёғдуси ила мунаввар бўлган, ҳар бир нарсани Қуръон ёғдуси ила кўрадиган, ҳар бир ишни Қуръон ёғдусида қиладиган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобаи киромлари ер юзида икки оёқлари билан юрадиган тирик Қуръонларга айландилар.
Қуръон ёғдуси ила ёришган биргина қалб эгаси Аллоҳнинг амри ила бошлаган бу ҳаракат Аллоҳнинг мадади ила якка шахсларга, оилаларга тарқаб, борди.
Қуръон ёғдусида турмуш кечирадиган халқлар ва юртлар сони кўпайиб борди. Турли халқлар ўзларига Қуръон таълимотларини олиб келган кишиларни, уларнинг олий мақом ахлоқ-одоблари ва сифатларини кўрибоқ аҳли Қуръонлар қаторига қўшила бошладилар.
Улар бутун дунёга устоз бўлдилар, бутун дунёда пешқадам бўлдилар. Улар энг илғор, энг тараққий этган, энг бахтли, энг тинч, энг бой, энг соғ, энг илмли, энг маданиятли, энг кучли, энг адолатли, энг олий ахлоқли инсонлар сифатида майдонга чиқдилар.

1. Кириш
2. Муқаддима
3. Қуръон тушишининг бошланиши
4. Қуръоннинг жамланиши 
5. Қуръоннинг тарқоқ тушиши ҳикматлари
6. Қуръоннинг инсонларни ожиз қолдириши
7. Қуръоннинг мўжизакорлиги
8. Қуръонни қандоқ ўқиймиз
9. Мовароуннаҳрда тафсир ва муфассирлар
10. Тафсири Ҳилол ўқувчиларига
11. Кириш сўзи

01. Фотиҳа
58. Мужадала
59. Ҳашр
60. Мумтаҳана
61. Саф
62. Жумъа
63. Мунафиқун
64. Тағобун
65. Талоқ
66. Таҳрим
67. Мулк
68. Қалам
69. Ал-Хакка
70. Маориж
71. Нуҳ
72. Жин
73. Муззаммил
74. Муддассир
75. Қиёмат
76. Инсон
77. Мурсалот
78. Наба
79. Назиат
80. Абаса
81. Таквир
82. Инфитор
83. Мутаффифун
84. Иншиқоқ
85. Буруж
86. Ториқ
87. Аълаа
88. Ғошия
89. Фажр
90. Балад
91. Шамс
92. Лайл
93. Зуҳо
94. Шарҳ
95. Тийн
96. Алақ
97. Қадр
98. Баййина
99. Залзала
100. Адият
101. Қорииъа
102. Такасур
103. Аср
104. Ҳумаза
105. Фил
106. Қурайш
107. Мааъуун
108. Кавсар
109. Кафирун
110. Наср
111. Масад
112. Ихлос
113. Фалақ
114. Нас
Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзингиз экадиган нарсани ўйлаб кўрингаУни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизмиИнсонлар ва ҳайвонлар фойдаланадиган ўсимликни олиб кўрайлик. Унинг униб давоми...

4157 15:40 / 24.03.2018
Эй иймон келтирганлар Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтиради. Улар мўминларга хокисор, давоми...

4064 05:00 / 23.01.2017
3. Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар давоми...

5270 05:00 / 19.01.2017
33.Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва .Албатта, мен мусулмонларданман, деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким борДунёдаги энг гўзал сўз, Аллоҳ таоло йўлига давоми...

6088 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

131378 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51870 14:35 / 11.08.2021