1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Омонатга хиёнат қилмаслик – бу жуда улуғ фазилатдир

15:36 / 24.03.2017 3146 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (сав) воситалари орқали сиз билан бизга жорий қилган шариати исломия таълимоти бўйича бизлар Ҳақ таолога барча сирру-ошкора ишлар маълум ва машҳур деб эътиқод қилмоғимиз зарур бўлади.


Бинобарин, ҳар бир ишимизда ва ҳар бир амалимизда Унинг ҳозиру нозир эканлигини эсдан чиқармаслигимиз ва шу қилаётган ишимиз Унинг қаҳру ғазабига сабаб бўлиб қолмаслигига ҳаракат қилмоғимиз керак. Бунинг учун Аллоҳ таоло ҳузурида қандай кишилар мукаррам ва муҳтарам ҳисобланиб, қандай кишилар Унинг раҳмат назаридан йироқ бўлиб қолиши мумкин эканлиги тўғрисида маълумот ҳосил қилган бўлишимиз лозим бўлади.

Барча ислом уламоларининг иттифоқларича, барча яхши сифатларнинг ичида инсон учун энг ўзлаштиришлиги оғир бўлгани – бу омонатни сақлашлик ҳисобланар экан. Омонатни сақлашлик ва уни ўз вақтида адо этишлик нақадар оғир вазифалардан эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида шундай хабар берган:

“Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир”.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло омонат сақлашлик вазифасини осмону замин, тоғу тошларнинг зиммаларига юкламоқчи бўлгани ва улар ўзларининг шунчалик салобатлари, қудрат ва савлатларига эга бўла туриб, омонатни ўз гарданларига олишдан қўрққанликларини ҳикоя қилади. Инсон эса ўзининг ақлу заковати, фаҳму идроки, куч қуввати ва бошқа имкониятларига суяниб туриб, бундай оғир масъулиятни ўз зиммасига олган.

Омонатни яхши сақлаб ўз эгасига саломат топшириш хусусида Жаноб Пайғамбаримиз (сав) ёшликларидан бошлаб барчага намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. Ул зоти бобаракотни ёшлик даврларидан бошлаб бунчалик ишончли, вафодор, омонат ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган қилиб қўйишлигида Ҳақ таолонинг кўп ҳикматлари бор, албатта. 

Улардан бири – 40 ёшга тўлишлари билан энг улуғ ва масъулиятли вазифа, яъни пайғамбарлик бурчини тўла адо этишликлари учун олдиндан бунга ҳар томонлама тайёрланган бўлишларидир. Бу зоти шарифни Аллоҳ таоло шу ўтган муддат ичида ичида шунчалик қаттиқ синов ва тажрибалар билан тарбият эттиким, пайғамбарлик вазифаси қанчалик оғир ва масъулиятли бўлишига қарамай, кейинги ташвишли ва қийин кунларда, ўзларига сабру қаноатни қалқон қилиб олган ҳолда 23 йил давомида расуллик ва набийлик вазифаларини шараф билан адо этиб ўтдилар.

Омонатга хиёнат қилмасдан, уни ҳусни адо этишликнинг уддасидан чиқишлик – бу жуда улуғ фазилатдир. Омонатдор бўлишлик, кишиларнинг ишончларини оқлашлик нақадар қийин иш бўлганлигидан, унга бериладиган ажру савобларга молик бўлишлик ҳам шунча қийин, албатта. Чунки омонатдорлик инсон ҳаётининг барча тармоқларида мавжуд. Масалан, аввало ҳар бир инсон билан Ҳақ таоло ўртасидаги омонат, иккинчидан ўзи билан аҳлу аёл, қавму қариндошлари ўрталаридаги омонат, ўзи яшаб турган жамият олдидаги ҳамда қилаётган ибодатларидаги омонат ва ҳоказолар. Қисқа қилиб айтганда, Аллоҳ таоло ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасига нималарни фарз ва вожиб қилган бўлса, шуларни Ўзи буюргандек адо этишлик – бу улуғ ва шарафли иш ҳисобланади. Буларга таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа амаллардаги фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб каби аҳкомларни беузр тарк этмаслик ёки уларни чала адо этмаслик каби ишлар киради.

Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) марҳамат қиладиларки:

“Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”.

Бу билан Пайғамбаримиз (сав) айтмоқчиларки, имон ҳам мўмин кишига берилган бир омонат нарса. Уни шайтонга бой бермаган ҳолда, авайлаб сақлаш керак. Топширилган омонатларни турли офатлардан сақлай олмайдиган киши ўз имонини ҳам, албатта, сақлай олмайди. Аҳду паймонига вафо қилмайдиган, ёлғончи, алдамчи кишиларда дин ҳам қарор топмайди, демоқчилар. Омонатларни яхши сақлай олмасликдан барча жиноят ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Инсонлар бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқларни яхши билмасликлари ёки билсалар ҳам унга тўла риоя қилмасликларидан муросасизлик, уруш-жанжал ва мушкил муаммолар вужудга келади.

Масалан, бировнинг шаънига айтилган сўз. Унинг ҳақлигини билиб туриб, бирор дунёвий ғараз билан, нотўғри гувоҳлик бериш, унинг шаънига ботил бўҳтонлар тўқишлик – бу айни хиёнат ҳисобланади.

Ёки давлат томонидан ишониб топшириб қўйилган корхона ёки ташкилотлардаги хизматларни олсак. Шахсий манфаат ва бемеҳнат даромад орттириш мақсадида баъзи ишчи ва хизматчилар ўз мансабларидан ёки қўлларидаги халқ бойлигидан нотўғри фойдаланиб, кўр-кўрона суистемолга ўтадилар. 

Буларнинг ҳаммаси ҳам ўз масъулиятига ва зиммасидаги омонатга хиёнат қилиш демакдир. Шунинг учун ҳам одил ҳукуматимиз, айниқса кейинги пайтларда меҳнатсиз даромад, порахўрлик, масъулиятсизлик каби иллатларга қарши чора ва тадбирларни кучайтириб бораётгани мақсадга жуда мувофиқ бир ишдир. Ислом дини таълимотида турли ботил йўллар билан бойлик орттириш қатъий ман қилинганидек, фақат ўзининг манфаатини кўзлаб, ўзгаларни унутиш, балки уларнинг ҳисобига яшаш ҳам қаттиқ қораланади. Ҳалол меҳнат, пешона тери билан касбу камолот орқасидан, ҳар ким ўз имкониятига яраша ишлаб, топган ризқу рўзисига қаноат қилиб, яшаб борилса, айни муддао бўлади. 

Омонатдорликнинг омма яхши тушунадиган, бу ҳақда кўп сўраладиган тури инсонларнинг бир-бирларига мол-мулкларини вақтинча омонат қўйиши ва сўралган пайтда қайтариб беришидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилган вақтларида амакиларининг ўғли Ҳазрат Али ибн Абу Толибни ўз ўринларига тайинлаб, ўзларига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушриклар томонидан омонат қўйилган, сақлаб юрилган буюм ва молларни эгаларига қайтариб беришни буюрган эдилар. Ҳолбуки, Макка мушриклари Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилган ерларидан чиқиб кетишга, тавҳидга чақирганлари учун ватанларини тарк этишга мажбурлаган қавм эди. 

Омонатдорликнинг жузъий тушунчалари ҳам борки, буларнинг баъзи бирини эслатиб ўтиш жоиз. Чунки инсон наздида кичик ва арзимас саналган бепарволик кейинчалик катта-катта хиёнатларга олиб келиши мумкин. Баъзи тожирларнинг молларни чет элдан давлат божини тўламай, қинғир йўллар билан олиб кириши давлат ва халқ олдидаги хиёнатдир. Бозорда харидорларга сифатсиз молларни сотиши хиёнатдир. Ёлланган сотувчиларнинг белгилаб берилган нарх устига қўшиб, даллоллик билан қимматига сотиши ҳам хиёнатдир. Харидор бир молни кўриб турган бўлса, тожирнинг менда ундан яхшиси бор, деб савдони чалғитиб бузиши хиёнатдир. Пайвандчи усталарни ишлатганда рухсатсиз электр токидан фойдаланиш, хонадондаги электр ҳисоблагични орқасига қайтариб, пулини кам тўлашга уриниш хиёнатдир. Коммунал тўловларини вақтида тўламаслик, автобус, трамвай, троллейбус чипталарини олмай, кўзни шамғалат қилиш хиёнатдир. Автомашина бошқариб кетаётганда йўл ҳаракатини тартибга солувчи йўлчироқнинг яшил ёки қизил чироғига риоя қилмаслик бошқа йўналишдан келаётган ҳайдовчи ҳаққига хиёнатдир. Хуллас, имони заиф, охират жавобгарлигини, масъулиятини ўйламайдиган айрим кишилар лоқайдлик билан зиммаларидаги омонатларга хиёнат қилишса ҳам, виждонлари заррача азобланмай, аксинча, “бопладим” деб мақтанганига гувоҳ бўламиз. Билиб қўйингки, инсоннинг инсонлиги омонатдорлиги биландир. Аллоҳ таоло айтади: “Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди...” (Аҳзоб, 72).

Кейинги пайтларда олинган қарзларни ўз вақтида ўз эгасига бермаслик ёки узр айтиб, муддатини узайтиришни сўрамаслик каби нохуш ҳолатлар юз бераётгани маълум бўлмоқда.

Ҳадиси шарифларда қарздор қарзини узишга қийналиб қолса, муддатини узайтириб берувчилар учун катта мукофотлар ваъда қилинган. Лекин беузр олинган қарзни ўз вақтида бермаслик бу айни оғир гуноҳлар сирасига киради. Бинобарин, барча масъулиятларимизни чуқур ҳис этган ҳолда шу каби салбий сифатлардан сақланиб боришга жиддий ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.

Хиёнат қачон содир бўлади? Моддий ва шаҳвоний нафс устун келганда, бераҳмлик, инсофсизлик ўртага тушганда, киши харом билан ҳалолни ажратолмай қолганда, ёлғондан парҳез қилмай қўйганда! 

Хиёнатнинг кўп-ози, катта-кичиги бўлмайди. Бир ҳовучи ҳам бир тоннадай азоб келтиради. Ақли етмай ёки бировнинг зўри билан гуноҳ қилган одамдан, шу кунгача ҳиёнат қилмаган бўлса ҳам, аммо баданида унга мойиллиги бор одам ҳавфлироқдир. Чунки у хиёнатнинг уруғини кўтариб юради, у оёқ остидаги бало, бир кунмас бир кун кутилмаганда ниш уриб чиқиб, атрофга панд беради.

Илоҳо, зиммаларимиздаги бурч ва вазифаларни ўз вақтида адо этишдек эзгу сифатга барчаларимизни мушарраф айласин! 


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”

 жомеъ масжиди имом хатиби

“ЙИЛ ИМОМИ – 2011” танлови ғолиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни бемор устозимизни кўргани бориб ўтирган эдик, ишлатилган электр энергиясининг пулини сўраб бир электросет ходими келиб қолди. Пулни санаб олиш асносида давоми...

2735 10:12 / 27.03.2017
Имом Шофеъий р.а. айтдилар Мен сўфилар билан бирга юриб улардан икки сўзни истифода қилдим. Бири Вақт қиличдир, агар уни кесмасанг у сени кесадиrdquo. Иккинчиси эса давоми...

2820 15:36 / 24.03.2017
Исломда кийиниш маданиятиЛибос бу ndash Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. У инсонни иссиқсовуқдан давоми...

6531 21:36 / 21.04.2017
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМАлҳамдулиллаҳ, ассолату вассаламу аъла Росулиллаҳ. Амма баъду.Aллoҳ тaoлo инсoнлaргa бeргaн нeъмaтлaрнинг ичидa энг тaкрoрлaнмaси, энг давоми...

3073 21:09 / 21.04.2017