1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Намозда кулишнинг ҳукми

17:45 / 07.04.2019 8025 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозда кулиш уч хил бўлади:

1. Қаҳқаҳа отиб кулиш.

Кишининг ўзидан бошқаларга эшитилидаган кулгиси қаҳқаҳа, дейилади. Бунда у атайин ёки беихтиёр куладими, тиши кўринадими ёки йўқми, фарқи йўқ.

Рукуъ ва саждали намозда қаҳқаҳа билан кулган балоғатга етган эркак ва аёл янгидан таҳорат қилиб, намозини қайтариб ўқиши лозим .

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозда қаҳқаҳа билан кулса, қайтадан таҳорат қилиб, намозини бошидан ўқисин!», дедилар».

Ибн Адий “Камил”да ривоят қилган.

Бу ривоятда қаҳқаҳа таҳоратни ҳам, намозни ҳам бузиши айтилмоқда. Аслида қаҳқаҳа отиб кулиш билан банданинг бирон ери ифлос бўлмайди. Бироқ намознинг ҳурматидан шундай ҳукм жорий қилинган. Бундан маълум бўладики, нажосат чиқмаса ҳам таҳорат бузилиши мумкин экан. Уйқуда ҳам қисман шундай.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар қаҳқаҳа отиб кулса, таҳоратини қайтадан қилиб, намозини ҳам қайтариб ўқийди», деганлар».

Дорақутний “Сунан”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф.

Абу Малийҳ ибн Усома отасидан ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқаларида туриб намоз ўқиётган эдик. Кўзи ожиз бир киши келиб, чуқурга  тушиб кетди. Биз бундан кулган эдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни таҳоратни қайта қилиш ва намозни бошидан ўқишга буюрдилар” (Дорақутний Сунанда ривоят қилган) .

Уламолар юқоридаги ҳадиснинг айтилишига, айнан шу воқеа сабаб бўлганини таъкидлашган.

Агар уйқудаги одам намозда қаҳқаҳа билан кулса, намози бузилади, аммо таҳорати кетмайди. Агар намозда эканлиги ёдидан кўтарилиб, қаҳқаҳа отиб кулса, таҳорати бузилади.

Жаноза намози ва тиловат саждасида қаҳқаҳа отиб кулган кишининг таҳорати бузилмайди, аммо намози ва саждаси бузилади. Сабаби жаноза намози мутлақ намоз эмас. Ҳатто бир киши намоз ўқимасликка қасам ичиб, кейин жаноза намозини ўқиса, қасамини бузмаган ҳисобланади.

2. Қиқирлаб кулиш.

Бундай кулиш араб тилида «зиҳкун» («зоҳкун» ёки «зоҳикун») дейилади. Кишининг фақат ўзи эшитадиган даражадаги кулгиси қиқирлаб кулишдир. Рукуъ ва саждали намозларда қиқирлаб кулган кишининг намози бузилади, аммо таҳорати синмайди. Ким намозда қиқирлаб кулса, намозини қайтадан ўқийди, яна таҳорат қилиши шарт эмас.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Кулиш намозни бузади, аммо таҳоратни синдирмайди” (Дорақутний “Сунан”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).

Абу Суфёндан ривоят қилинишича, Жобир розияллоҳу анҳудан намозда кулган киши ҳақида сўрашганида, у: “Намозини қайтадан ўқийди, аммо таҳоратини янгиламайди”, деб жавоб берган (Дорақутний ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам намозда кулган одам намозини қайтадан ўқиши лозимлиги, таҳорати бузилмаслигини айтган.

3.Табассум.

Мийиғида жилмайиш, оҳиста кулиш табассум бўлиб, мана шу кулги мўминнинг сифатидир. Намозда табассум қилган кишининг намози бузилмайди, таҳорати ҳам синмайди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳоблари билан аср намозини ўқиётганларида табассум қилдилар. Намоздан сўнг у зотга: «Эй Расулуллоҳ, намоз ўқиб туриб табассум қилдингизми?» дейишди. Шунда у зот: «Менинг олдимдан Микоил алайҳиссалом ўтди. Унинг икки қанотида чанг бор эди. У менга кулган эди, мен унга табассум қилдим. У одамлар ҳожатини раво қилиб қайтаётган экан», дедилар (Дорақутний, Абу Яъло ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади заиф).

Абу Яъло Мусилий “Муснад”да Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, бу воқеа Бадр ғазотида бўлган.

Ушбу ривоятдан маълум бўладики, намозда табассум қилиш билан намоз ҳам, таҳорат ҳам бузилмайди.

Одилхон Исмоилов

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх шогирдига қараб, .Қаерда юрибсан, Абу Вадоа, деди. У .Аёлим оламдан ўтди. Шунинг учун дарсларга келолмадим. Узр, устоз, деди. Устоз .Бизга хабар бермабсанда, давоми...

2463 08:16 / 28.09.2020
Аллоҳ таоло бутун махлуқотларининг ичида инсонни мукаррам ва мукаммал қилиб яратди. Яхшидан ёмонни фарқлай олиши учун ақл берди, қалбидаги ва ақлидаги давоми...

2545 10:40 / 03.08.2022
Барчамизга маълумки, намоз улуғ ибодатлардан бўлиб, бу ибодатни бажариш орқали банда кўп ажрмукофотларга эришади. Бундан ташқари, ҳадисларда баъзи нарсалар давоми...

3926 17:00 / 10.03.2019
Ғордаги кабутар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари ҳақида ҳикоя қилиб берадиМен пок оқ кабутарман. Каъба томондан дондун олиб келиш учун у давоми...

4757 17:09 / 04.11.2020
Аудиолар

135083 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55361 14:35 / 11.08.2021