1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Дилдан, ихлос билан дуо қилайлик

14:05 / 24.03.2017 4171 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсонларни яратган экан, уларнинг барча эҳтиёжларини ҳам Ўзи қондиради. Шунинг учун ҳам доим Унинг ўзигагина сиғиниш ва Ўзидангина ёрдам сўрашга буюрган. Зеро, У инсонга жон томиридан ҳам яқинроқ, Унга илтижо қилганнинг дуосини эшитгувчи зотдир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён қилинган:



“Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар”.

Оятда мўминлар учун улкан башорат бордир. У ҳам бўлса дуо ва илтижо қилувчиларнинг сўровларини ато этишга берилган илоҳий ваъдадир. Аллоҳ таоло бу оятда банданинг дуосини ижобат қилишини ваъда қилар экан, бунинг учун банда Унинг талабини сўзсиз бажариши ва чақириғига доимо лаббай деб жавоб бериши лозимлигини таъкидламоқда.

Инсон зоти борки, ҳаётда доимо орзу, мақсад билан яшайди. У ўз мақсадларига етишиш учун тинмай ҳаракатда бўлади. Баъзан осонлик билан, баъзан оғир машаққатлар билан кўзланган мақсадга етиб борилади. Бу йўлда гоҳо бир ўзи уринса, гоҳида яна бошқа бировдан ёрдам олади.

Шундай ёрдам бергувчиларнинг энг афзали - бизларни йўқдан бор қилиб яратган, бизни доимо ризқлантириб келаётган Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эканини баъзан унутиб қўямиз.

Бандадан бир ёки икки ёрдам сўрасангиз, кейингисини малол олиши мумкин, аммо Аллоҳ таоло Ўзи бизларни дуо қилишга чорлаб, дуоларни ижобат қилишини, бандалари сўраган нарсани беришини ваъда қилган. 

Дарҳақиқатан, дуо – банданинг Яратган парвардигорига қарата йўллаган дил изҳоридир. Баъзи кишилар кенгчилик даврда, омади келиб турган вақтда дуо-ю истиғфорни унутиб қўяди, бошига ташвиш тушиб, мусибат етганда эса, суянчиғи дуо бўлиб қолади. Ҳолбуки, банда хотиржам, дасти узун, соғ-саломат юрган кунларда Аллоҳни эсласа, У ҳам оғир кунларида унутмаслиги ҳақида Пайғамбаримиз (сав)дан ҳадислар ворид бўлган.

"Раббингиз "Менга дуо қилинг, Мен сизларга ижобат қилай" - деган". ("Ғофир" сураси, 60-оят).

Демак, Тангримиз бизларнинг дуоларимизни ижобат қилишга ваъда берган бўлса, дуоларимиздан ноумид бўлишлик яхши эмас. Фақат биз чин дилдан, ихлос билан дуо қилайлик. 

Дуо қилиш ва унинг қабул қилиниши ҳақида кўплаб асарлар ёзилган. Буларда асосан қачон ва қандай ҳолатда дуо қилишимиз лозимлиги баён қилинган. Жумладан, дуо қабул бўладиган вақтлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталади. Яъни, Қуръони Карим хатм қилинганда, муборак кунлар ва кечаларда, намоздан сўнг, ва яна кўпчилик бўлиб дуо қилинганда, шунингдек, ота-онанинг фарзандига дуоси, улуғ зотларнинг дуолари, мусофир ва мазлумнинг дуоси қабулга яқиндир. Қабул бўлишлигининг шартлари эса - Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримизга салавот ва салом айтишликдир. 

Дуо – ибодатдир. Барча ибодатларни адо этиш қонун-қоидалари бўлгани каби дуо қилишнинг ҳам ўзига яраша хос одоблари бор. Дуо одоблари хусусида кўплаб оятларда баён қилинган. Жумладан, бир оятда:

“Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” – дейилган бўлса, кейинги оятда эса:

“Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” – дейилган.

Шу билан бирга дуо қалбнинг маҳсули эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Қалб дуонинг маҳражи экан, уни тоза тутиш керак. Акс ҳолда, тилдан чиққан қуруқ сўзларнинг фойдаси бўлмайди. Баъзан шунчалар йиғлаб, зорланиб дуо қилсак ҳам негадир дуоларимиз қабул бўлмаётганга ўхшайди. Бу борада Иброҳим ибн Адҳамдан сўраганларида шундай жавоб берган эканлар: "Ўнта нарса ила қалбларингиз ўлиб қолган: Аллоҳни танийсиз, аммо Унинг ҳаққини адо қилмайсиз; Аллоҳнинг Китобини ўқийсиз, лекин унга амал қилмайсизлар; Иблиснинг душманлигини даъво қиласизлару унга дўстлик қиласиз; Расулуллоҳнинг муҳаббатини даъво қиласиз, аммо фарз ва суннатларини тарк қиласиз; Жаннатни яхши кўришликни даъво қиласиз, аммо унга лойиқ амал қилмайсиз; Дўзахдан қўрқишликни даъво қиласиз, аммо гуноҳлардан қайтмайсиз; Ўлимнинг ҳақлигини даъво қиласиз, аммо унга тайёргарлик кўрмайсиз; Бошқаларнинг айблари билан машғул бўласиз, ўзингизнинг айбларингизни ташлаб қўясиз; Аллоҳнинг (берган) ризқини ейсизу, унга шукр қилмайсиз; Ўликларингизни дафн қиласизу ибратланмайсиз".

Шунингдек, дуони Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиш билан бошлаб, яна шулар билан тугатиш суннатга мувофиқ ва мустажоб бўлишга асосдир. Ой ва кунлар ичида дуолар мустажоб бўладиган махсус вақтлар ҳам борки, Пайғамбаримиз (сав) буларнинг баъзиларини айтиб берганлар. Жумладан, азон билан иқомат ўртасида, саҳар вақтида, жума кунида, Шаъбон ойининг ярмидаги тунда, Қадр кечасида, шунингдек, Арофот, Мино, Муздалифа каби муқаддас даргоҳларда қилинган дуоларнинг юқорида зикр қилинган шартлар бажарилган тақдирда ижобат бўлишига шубҳа йўқ. Шундай экан, ана шу вақтларни ғанимат билиш муқсадга мувофиқдир.

Аввало, қалбларимизни покласак, иншооллоҳ дуоларимиз ижобат бўлгай. Фақат баъзи дуоларимизга Парвардигор сўраганимизни бу дунёда бермаслиги мумкин. Аммо унинг савобини охиратда беради. Муқаддас китобларда ёзилишича, банда бу оламдан ўтганда: "Қанийди дуоларимнинг ҳаммаси ҳам дунёда қабул бўлмаган бўлса-ю, бугун унинг ажрини кўрсам эди", дер экан.

Кишининг дуо ва ибодатлари Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида аввало, ҳалол-пок луқма билан озиқланишга аҳамият бериши, қолаверса маъсият ишлардан ўзини сақлаши муҳим аҳамиятга эгадир. Аввало содир этилган гуноҳларни эсга олиш, афсус ва надомат чеккан ҳолда астойдил тавба қилиш, доимо истиғфор айтиб юриш қалбни юмшатадиган амаллардан бири ҳисобланади. 

Маюс қалб билан қилинган дуонинг эса, ижобат бўлиши аниқроқдир. Бундан ташқари, дуо ҳамда тавба-ю истиғфор бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган, Унинг муҳаббатига сазовор қиладиган амаллардан бўлиши билан бирга, ризқнинг мўл ва неъматнинг янада зиёда бўлишига ҳам сабаб бўлади.

Шундай экан, келинглар сиз билан юрт тинчлиги ва фаровонлиги, жаннатмакон Юртимизни янада тараққий топиб гуллаб яшнашини ҳамда келажагимиз бўлмиш ёшларимизни баркамол авлод бўлиб вояга етишишини яратгандан сўраб қолайлик.

Илоҳим Аллоҳ таоло барчаларимизни дуолари қабул бўлгувчи бандаларидан қилсин, Аллоҳ қалбларимизни пок, қилган дуоларимизни қабул айласин!


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ


 “Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмоннинг мунофиқлиги Мусулмон Исломни қабул қилган, унга бўйсунган, Аллоҳга ўзини таслим қилган киши. Мўмин Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган одам демакдир. давоми...

3797 21:39 / 21.04.2017
Бутун инсониятни яратиб, уларга қандай яшашни таълим берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва ўз хулқи билан бутун инсониятга намуна бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

5600 19:54 / 22.04.2017
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳаммамиз ҳам ўзимизни мусулмон санаймиз. Ҳозир кўчада учраган ўзбекни ушлаб, .Мусулмонмисан, десангиз, .Ҳа, алҳамдулиллоҳ, мусулмонман,, давоми...

2686 21:25 / 21.04.2017
Мусулмон киши нима учун яратилдию, нима қилиши лозимлигини яхши билади. Бу борада у кўнглига келганини эмас, балки Роббисининг каломи билан яшайди. Аллоҳ таоло давоми...

5402 14:29 / 27.03.2017