1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Исломда ибодат тушунчасининг кенглиги

13:51 / 24.03.2017 3302 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом динидаги ибодатлар маълум бир амаллар билан чекланиб қолмасдан балки ижтимоий манфаати бор бўлган ҳар қандай ишни Ислом, модомики яхшилик қилгувчи киши одамларнинг мақтови, уларнинг орасида обрў- эътибор орттириш мақсадида қилмаган экан энг афзал ибодатлардан бири деб ҳисоблайди.. Қайғуда қолган  одамнинг кўз ёшларини аритиш, бошига мусибат тушганнинг мусибатини енгиллатиш, қалби ўксикнинг қалбига сурур бағишлаш, оч одамга таом едириш, мазлумни ҳимоя қилиш, золимнинг қўлини қайтариб қўйиш, қарзини узолмай юрганнинг қарзини узишга кўмаклашиш, фарзандлари бор камтар камбағалга ёрдам бериш, йўл тополмай турганга йўл кўрсатиш, илмсизга илм ўргатиш, мусофирга бошпана бериш, бирор –бир ҳайвондан ёмонликни даф этиш, кўчада йўловчиларга озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш, тирик жонга манфаат еткариш- мана шуларнинг барчаси агар ният тўғри бўлса, ибодат, Аллоҳга яқин қиладиган ишлардир.  

 Ана шунай турдаги кўплаб амаллар борки Ислом уларни Раҳмонга ибодат қилиш деб, иймоннинг шўъбаларидан деб, Аллоҳнинг наздида савобга молик қиладиган ишлардан деб белгилаган.

Демак бир кунда сиз қилган ибодат сифатида ёзиладигани, Роббингиз ҳузурида у сабабли ажрга мустаҳиқ бўладиганингиз  намоз ёки рўза, зикр ва дуоларгина эмас экан. Йўқ, сиз бир кунда ибодатингиз ва яхшиликларингиз мезонига кўплаб ишларни қўшиб қўйишингиз ҳам мумкин ва улар Ҳаққ таолонинг ўлчовида ўз қиймати ва оғирлигига эга бўлади.

Шундай ишлардан бири Исломнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек хусуматлашаётган икки шахснинг ўртасини яраштириб қўймоқликдир: «Сизларга рўза, намоз ва садақанинг даражасидан кўра афзалроқ ишнинг хабарини берайми?» дедилар ул зот. Саҳобалар: «Ҳа!» дедилар. У зот: «Одамлар ўртасини ислоҳ қилишлик. Чунки одамлар ўртасининг бузилиши бу устарадир» дедилар. (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳиббон ўз “Саҳиҳ”ида ривоят қилганлар). Бошқа бир ривоятда: «Мен сочни тарош қилади демадим. Аммо динни тарош қилади, дедим» деганлар. (Бу қўшимчасини Термизий ривоят қилган).

Беморларнинг аҳволидан хабар олиш ҳақида, унда беморга енгиллик ва кўнглини кўтаришлик бор бўлгани учун ҳам бу амалнинг Аллоҳнинг наздидаги мавқеи ҳақида гапириб шундай дейдилар: «Кимда ким бир беморнинг аҳволидан хабар олгани борса, самодан туриб бир нидо қилгувчи: «Яхши бўлгин, қадаминг ҳам яхши йўлни боссин ва Жаннатдан ўз манзилинга эга бўлгин!» дея нидо қилади». (Термизий ривоят қилиб “ҳасан ҳадис” деган, Ибн Можа ва Тобаронийлар шунга ўхшаш ҳадисни Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар). Яна: «Кимда ким бир беморнинг аҳволидан хабар олгани борса токи ўтиргунича раҳматга шўнғиб борайверади. Энди қачон ўтирадиган бўлса, раҳматга ботиб кетган бўлади», деганлар. (Аҳмад, Баззор ва Ибн Ҳиббон ўзининг “Саҳиҳ”ида ривоят қилган).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Қиёмат кунида бўлиб ўтадиган жуда ҳам ажоиб бир кўринишни Аллоҳ билан Унинг бандаси ўртасидаги суҳбат сувратида ривоят қилиб берадилар:

«Қиёмат куни Буюк ва Қудратли Аллоҳ шундай дейди:

         «Эй одам фарзанди, Мен бемор бўлдим. Нимага хабар олмадинг?»

«Эй Роббим, Сен оламларнинг Парвардигори бўлсанг, мен қандай         қилиб Сендан хабар оламан?»

«Фалон бандам касал бўлганини билмаганмидингки унинг ҳолидан хабар олмадинг? Агар унинг ҳолидан хабар олганингда унинг ҳузурида Мени топишингни билмаганмидинг?»

«Эй одам фарзанди, Мен сендан таом сўрадим. Сен эса Менга таом

бермадинг!»

«Эй Роббим, Сен оламларнинг Парвардигори бўлсанг мен қандай

қилиб Сенга таом бераман?»

«Фалон бандам сендан таом сўради. Сен эса унга таом бермадинг.  Агар унга таом берганингда эди ўшани Менинг ҳузуримда топишингни билмаганмидинг?»

«Эй одам фарзанди, Мен сендан сув сўрадим. Сен эса сув бермадинг!»

«Эй Роббим, Сен оламларнинг Парвардигори бўлсанг, мен қандай қилиб Сенга сув бераман?»

«Фалон бандам сендан сув сўради. Сен эса унга сув бермадинг. Агар  унга сув берганингда эди ўшани Менинг ҳузуримда топишингни билмаганмидинг?» (Муслим ривоят қилган).

Икки шайхлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. У зот: «Бир одам йўлда кетар экан тиканнинг шохини учратиб қолибди ва уни йўлдан олиб ташлабди. Бас, Аллоҳ унинг бу ишига мукофот ўлароқ уни мағфират қилибди», дедилар. Муслим қилган ривоятда: «Бир одам йўлнинг ўртасида ётган дарахт шохининг ёнидан ўтиб қолибди ва: «Аллоҳга қасамки, мен буни мусулмонларга озор бермасин учун уни йўлдан улоқтириб юбораман», дебди. Бас Аллоҳ уни Жаннатга киргизибди», деганлар.

Абу Зарр дедилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга умматимнинг амаллари –яхшисию ёмони – кўрсатилди. Бас мен уларнинг яхши амаллари ичида йўлдан олиб ташланадиган азиятни кўрдим», дедилар. Муслим ривояти.

Ижтимоий  мажбурият

Ислом бу амалларни яхши ҳисоблаб уларни мақташ билан кифояланиб қолмасдан у ишларни қилишга даъват ҳам қилади. Унга тарғиб қилади, буюради. Мусулмоннинг зиммасидаги уни Жаннатга яқин қиладиган ва дўзахдан узоқ қиладиган кундалик вазифалари қаторига қўшади. Ислом бу ишларни баъзан “садақа” деб номлаган бўлса, баъзида “намоз” деб атайди. Бу иш нима бўлганда ҳам ибодат ва Карим Аллоҳга яқин қиладиган ишдир.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бандани дўзахдан нима йироқ қилади?» деб сўрадим. У зот: «Аллоҳга иймон келтириш»дедилар. Мен: «Иймон билан бирга бирор амал ҳам борми?»дедим. «Аллоҳ сенга мулк қилиб берган нарсадан бермоқлигинг» дедилар. «Эй Аллоҳнинг набийси, агар беришга ҳеч нарса топа олмайдиган фақир бўлсачи?» дедим. «Амри маъруф ва наҳйи мункар қилади» дедилар. «Агар амри маъруф ва наҳйи мункар қилишга қурби етмасачи?» дедим. «Ундай бўлса, овсарга ёрдам берсин» дедилар. (яъни, қўлидан иш келмайдиган нодонга ҳунар ўрганиши учун ёрдам берсин). Мен: «Эй Расулаллоҳ, айтингчи, агар бирор бир ишни уддасидан чиқа олмайдиган бўлса нима қилсин?» дедим. У зот: «У ҳолда мазлумга ёрдам берсин» дедилар. Мен яна: «Эй, Аллоҳнинг набийси, айтингчи, агар мазлумга ёрдам бериш қўлидан келмайдиган заийф бўлса нима қилади?» дедим. У зот:«Биродаринга ҳеч бир яхшилик қолдиришни истамайсанми? Одамларга озор бермасин» дедилар. Мен: «Айтингчи эй, Аллоҳнинг расули, агар шу ишни қилса Жаннатга кирадими?» дедим. У зот: «Қайси бир мўмин ана шу хислатлардан бирини талаб қиладиган бўлса, у хислат унинг қўлидан тутиб Жаннатга олиб қиради» дедилар». (Байҳақий ривоят қилган).

Исломнинг пайғамбари ана шу сингари руҳ билан ҳар бир мусулмонни рағбатлантиради. Агар имконияти чекланган бўлса, ана шу ибодатни адо этиши мумкин. Ислом бу ибодатни бирор бир вақтга тайин қилмади ёки бирор бир жойга боғлаб қўймади. Шунингдек, ана шу ибодатни фақатгина бадавлат кимсаларга хос бўлган молиявий, фақатгина кучлиларга хос бўлган жисмоний, фақатгина зиёлиларга тегишли бўлган маданий ибодатлар жумласидан ҳам қилган эмас. Аксинча барча инсоният учун бирдай мажбурият қилиб қўйди. Уни ҳар бир инсон тоқатига қараб адо этади, унда бою камбағал, кучлию кучсиз, авому уламо муштаракдирлар.

Биз улуғ пайғамбарнинг бу борадаги ҳадисларини ўқир эканмиз кўрамизки, у зот ана шу умумий ибодатни инсонга унинг инсон бўлгани учун фарз қилиб қўйиш билан кифояланиб қолмасдан балки уни қилишни қаттиқ талаб ҳам қилади, ҳатто унинг бўғимларидан ҳар бирига фарз қилиб қўйди. Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда: «Одамларнинг ҳар бир бармоқ суягига Қуёш чиқадиган ҳар кунда садақа вожибдир:  икки одамнинг ўртасини яраштириши садақадир, бир кишини уловига миндириб қўйиши ёки юкини ортиб бериши садақадир, ширин сўзи садақадир, намозга томон босган ҳар бир қадами садақадир, йўлдан озорни олиб ташлаши садақадир». (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ибн Аббос шу ҳадиснинг ўхшашини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. Унда Расулуллоҳ: «Инсоннинг ҳар бир аъзосига ҳар куни бир намоз вожибдир». Шу пайт қавм ичидан бир киши: «Буниси бизга ҳабар берганларингиз ичида энг машаққатлисидир» деди. У зот: «Амру маъруф ва наҳйи мункар қилмоғинг намоздир, заийфга ёрдам бермоғинг намоздир, йўлдан озор берадиган нарсани четлатмоғинг намоздир, намозга қараб босган ҳар бир қадаминг намоздир» дедилар». Ибн Хузайма ўзининг “Саҳиҳ”ида ривоят қилган.

Шунга ўхшаш яна бир ҳадисни Бурайда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган. У зот: «Инсонда олтмиш учта бўғим бор. Бас у ана ўша бўғимларнинг ҳар бири учун садақа бермоғи лозимдир» дедилар. Одамлар:  «Ундай бўлса, бу ишга кимнинг тоқати етар эди эй Аллоҳнинг расули?» дедилар.(Улар молиявий садақа деб ўйлаган эдилар). У зот: « Масжиддаги балғамни кўмиб қўясан ва йўлда ётган нарсани олиб ташлайсан..» дедилар. Аҳмад ривоят қилган.

Кишининг ўз биродари юзига қилган табассуми, қулоғи кар одамнинг эшитишига ёрдамлашмоғи, кўзи ожиз одамни етакламоғи, тушунмай турган одамнинг тушунишига ёрдамлашмоғи, ўз ишида маслаҳат сўраган кимсага маслаҳат бермоғи, ёрдам сўраб турган мусибатзада инсоннинг дардига шерик бўлмоғи, кучсизларга қўли билан ёрдам бермоғи ва бу оламдаги яна кўплаб амаллар борки бир қанча ҳадисларда у ишларни садақалар қаторига қўшиб келган ва Исломнинг элчиси у ишларни буюк ибодат ва энг яхши садақа деб санаганлар.

Мусулмон одам яхшилик қиламан, манфаатим бировларга етсин деса, бу иш фақат инсонлар билан чекланиб қолган эмас. Ҳаётдаги ҳар қандай тирик жонга ҳатто қушлар ва ҳайвонларга ҳам қилиши мумкин. Мусулмон одамнинг уларга қиладиган ҳар қандай яхшилиги ва улардан даф этадиган ҳар қандай озор- азияти уни Аллоҳга муқарраб қиладиган, Унинг розилигига эриштирадиган садақадир. Инсонни ҳам, ундан бошқасини ҳам қамраб оладиган ана шу яхши амалларнинг кенг доираси ичида ибодат қилмоқчи бўлганлар, кўпроқ ибодат қилишни истовчилар, жамиятга хизмат қилиш ва халоиққа яхшилик қилишни хоҳлагувчилар ибодатхоналарга қамалиб олиб ҳаётдан узлат қилишнинг ўрнига ўзлари учун етарли даражада ва қаноатларини қониқтирадиган ҳайсиятда ишларни топадилар.

Шартли ибодат

Инсоннинг ўз тирикчилиги учун ишлаши ҳам шартли ибодатдир. Бундан ҳам ажоиби шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоннинг ўз тирикчилиги учун қиладиган дунёвий ишларини, ўзи ва аҳли учун елиб – югаришини агарчи бу ишларнинг манфаати  унинг ўзи ва оиласидан нарига ўтмасада,  ибодатнинг турларидан, Аллоҳга яқин қиладиган амаллар жумласидан деб баҳолаганлар. Экин майдонида ишлаб юрган деҳқон, корхонасида ишлайдиган ишчи, дўконида ишлаб турган савдогар, ўз идорасида ишлаб турган мансабдор, ўз ҳунармандчилиги билан машғул бўладиган ҳар қандай ҳунарманд ўзининг тирикчилик учун қиладиган амалини – агар улар қуйидаги шартларга риоя қиладиган бўлсалар -  Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ва намоз қаторига қўшиши мумкин:

Амалнинг Исломий нуқтаи назардан шаръий бўлмоғи. Аммо судхўрлик, шаробхўрлик, ўйин- кулгу ва шу сингари ишлар бор жойларда ишлаш каби динга номувофиқ келадиган амаллар эса асло ибодат бўлмайди ва бўла олмайди ҳам. Ҳақиқатда Аллоҳ пок, У фақат пок нарсани қабул қилади.

Яхши ният билан бўлмоғи. Мусулмон одамнинг нияти ўзини тиймоқлик, оиласини беҳожат қилмоқлик, ўз халқига нафъи етмоқлик ва Аллоҳ буюрганидек Ер юзини обод этмоқлик бўлиши керак.

Амални бажараётиб пухта ва яхши қилиб бажариши. Зеро ҳадисда: «Албатта, Аллоҳ ҳар бир ишни аъло даражада бажармоқликни фарз қилгандир», (Муслим ривояти) ва «Албатта, Аллоҳ сизлардан бирингиз бир ишни қиладиган бўлса, пухта қилиб бажаришини яхши кўради» дейилган. (Байҳақий Оиша онамиздан ривоят қилган).

Амални бажаришда Аллоҳнинг ҳадларига риоя қилмоқлик. Яъни, зулм қилмайди, хиёнат қилмайди, алдамайди ва бировнинг ҳаққига тажовуз қилмайди.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар. Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир», ва «Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас», деб амр қилганидек, дунёвий ишлар билан бўлиб диний мажбуриятларни адо этишдан тўсилиб қолмаслик.

Мусулмон шахс ана шу ишларга риоя қилар экан агарчи жойнамоз устида бўлмаса ҳам  ўз ҳаракатлари давомида ибодат қилаётган бўлади, ва агарчи ибодат кулбасида бўлмаса ҳам Аллоҳга илтижо қилаётган бўлади. Каъб ибн Ажрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир одам ўтиб қолди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари унинг кучи ва чаққонлигини кўриб: «Эй Аллоҳнинг расули, агар ана шу куч ва фаоллик Аллоҳнинг йўлида (яъни, Аллоҳнинг Калимасини юксалтириш учун бўладиган жиҳодда бўлса эди», дедилар. (Жиҳод уларнинг наздиларида энг афзал ибодат эди) Бас у зот: «Агар у ёш болаларини деб юрган бўлса, демак у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ўзининг нафсини тиймоқлик учун юрган бўлса, демак у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у риё ва фахрланиш учун юрган бўлса, демак у шайтоннинг йўлидадир» дедилар». (Мунзирий шундай деган: “Бу ҳадисни Тобароний ривоят қилган. Рижоли Саҳиҳнинг рижолидирлар”)

Ер юзини кезиб ризқ ахтаришни Қуръон Аллоҳнинг розилиги бор бўлган иш эканига ишора қилиб чиройли тарзда «Аллоҳнинг фазлини талаб қилиш» деган ном билан атаган. Бунинг мисоли Аллоҳ таолонинг: «Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг», «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир»  деган сўзларидир. Ризқ талабида сафарга чиққанларни Аллоҳ учун жиҳод қилгувчилар билан бирга бир жойда зикр қилиб шундай дейди: «Бошқалар ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди)».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам деҳқончилик қилиш ва дарахт экишнинг фазилати, бу ишларни қилган одам учун Аллоҳнинг наздида ёзиладиган савоби ҳақида ушбу гапни айтганлар: «Қайси бир мусулмон бир кўчат экадиган бўлса ёки бир экин қиладиган бўлса, ва ўшандан бирор қуш ё инсон ёки ҳайвон ейдиган бўлса, унинг эвазига унга садақанинг савоби бўлур». (Муттафақун алайҳ).

«Ростгўй ва ишончли савдогар набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлур», дея эълон қилганлар. Термизий ривояти

Ана шундай таълимтолар соясида яшаётган мусулмон одамнинг бошқа бир мусулмонга қарам бўлиб қолмоғи мумкин эмас ва тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Бошқаларга қарам бўлиб қолиши ёки жамиятга юк бўлиши, ҳаётдан фақат олсаю ҳеч нарса бермай яшаши, ибодат ёки таркидунёчилик номи билан одамлар ва ҳаётдан узлатда бўлмоғини тасаввур қилиб бўлмайди. Аксинча ўзининг намозда ва жиҳодда эканига ишончи комил бўлган ҳолда аъло даражадаги ишлаб чиқарувчи сифатида ҳеч бир ташқи ундовларсиз ҳаётнинг барча жабҳаларига киришиб кетмоғи керак бўлади.

Ғариза амаллари

Юқорида ўтган ҳамма гаплардан кўра ажоиброғи шуки, мусулмон одам ўзининг инсонлик нуқтаи назаридан бўладиган ғаризасининг талабини қондириш учун адо этадиган зарурий ҳожатлари ҳам ибодатлар туркумига киради. Масалан еб- ичиши, эрнинг ўз хотинига яқинлик қилмоғи ва шу сингари амалларини Ислом битта шарт – ният воситасида ибодатнинг кенг доираси ичига киргазади. Зеро ният – бу ихтиёрий амаллар ва одатларга қўшилиб келиб уларни итоат ва қурбат амаллари сафига қўшадиган ажоиб моддадир.

Бунинг энг ёрқин далили Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга айтган ушбу сўзларидир: «Сизлардан бировингизнинг фаржида ҳам садақа бордир»Саҳобалар: «Бизлардан бировимиз ўз шаҳватини қондирадию унинг учун ўша ишида ажр бўладими?» дедилар. У зот: «Айтингчи, агар ўшани ҳаромга қўйганида унга гуноҳ бўлар эдими?» дедилар. Улар: «Ҳа» дедилар. У зот: «Худди шунга ўхшаб агар уни ҳалолга қўядиган бўлса унинг учун ажр бордир» дедилар. (Муслим ва Термизий ривояти). Уламолар: бу- Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига ўта меҳрибон бўлганидандир. Агар хотиннинг ҳаққини адо этиш ва фаржни сақлашни ният қиладиган бўлсалар, ўз шаҳватларини қаноатлантирганлари учун ҳам уларга савоб ёзади. Ва Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

 

 Шайх Юсуф Қаразовий

Алоуддин Хофий таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Халқимизда Кичгина деманг бизни, кўтариб урамиз сизниrdquo, ndash деган нақл бор. Жуда чиройли гап. Ҳақиқатда, кичик нарсаларни менсимаслик кейинчалик салбий давоми...

3229 21:31 / 21.04.2017
Дуо луғатда, илтижоrdquo, ўтинчrdquo каби маъноларни англатади. Истилоҳда, банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини, ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган давоми...

2917 21:15 / 21.04.2017
Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилиб айтади Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга ташвишлардан чиқиш йўлини пайдо қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирурrdquo давоми...

3348 16:49 / 27.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймАллоҳ таъолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз давоми...

3711 21:05 / 21.04.2017