1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Дуо фазилати

10:11 / 24.03.2017 11228 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дуо – ибодат турларидан бири бўлиб, инсон руҳига қўшиб яратилгандир. Қийинчилик вақтида ўз-ўзидан, биров ўргатмаса ҳам ҳар бир одам Аллоҳга илтижо қилади.


Ҳаётдаги ҳодисалар қаршисида ожиз қолганда ўзига дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган:

 “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору-зор холларида кирурлар” – деди. (Ғофир сураси, 60-оят).

Мана шу оятда Аллоҳ дуони “ибодат” деб атаган. Кимки ундан юз ўгирса Аллоҳнинг ғазабига учрашини эслатиб ўтган. 

Дуо – араб тилида “чақириш”, “сўраш” маъноларини англатади. 

Кўпинча “дуо” билан “бир нарсани талаб қилиш” маъноларини аралаштириб юборамиз. Шунинг учун, талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олишимиз керак.

“Талаб” сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир. Масалан: мен ёнимда ўтирган одамга “сув бериб юборинг” десам киши олиб беради, мана шу талаб бўлади. Талабнинг дуодан фарқи бор. Талаб – кимдандир бирон нарсани сўрашдир. 

Дуо эса, инсоннинг ўзидаги нафсоний бир холатдир. Дуо бутун вужуд билан берилиб ҳамма нарсани унитиб, Аллоҳ таолога қурбат хосил қилиб туриб, Роббул оламийннинг Ўзига ёлворишдир.

 Қўлларини очиб, чиройли сўзларни териб, қофиясини келтириб, ниҳоятда гўзал қилиб айтишнинг ўзи дуо бўлавермайди. Ҳа, дуо қилинаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда улардан ҳар бирининг синиқлик ва ҳокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши бўлмаса, одатга кўра икки қўлни кўтариб тилга талаб сўзларни такрорланаётган бўлади. 

Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап,  ҳаёлда бошқа гап бўлиши ҳам мумкин.

Албатта бу ҳолатни дуо деб бўлмайди.

Абу Ҳурайродан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): “Аллоҳга дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ дедилар”.

Роббил оламийннинг ҳузурида энг икром қилинган нарса дуодир. Бу ҳадисдан дуо барча зикр ва тоатлардан афзал экани англанади.

Аллоҳ таоло инсонларни яратган экан, уларнинг барча эҳтиёжларини ҳам Ўзи қондиради. Шунинг учун ҳам доим Унинг ўзигагина сиғиниш ва Ўзидангина ёрдам сўрашга буюрган. Зеро, У инсонга жон томиридан ҳам яқинроқ, Унга илтижо қилганнинг дуосини эшитгувчи зотдир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён қилинган:

“Сиздан (Эй, Муҳаммад) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватимни) ижобат (этиб), Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара сураси, 186-оят). Аллоҳ таоло бу оятда банданинг дуосини ижобат қилишини ваъда қилар экан, бунинг учун банда Унинг талабини сўзсиз бажариши ва чақириғига доимо лаббай деб жавоб бериши лозимлигини таъкидламоқда.

Дарҳақиқат, дуо — банданинг Яратган парвардигорига қарата йўллаган дил изҳоридир. Баъзи кишилар кенгчилик даврда, омади келиб турган вақтда дуо-ю истиғфорни унутиб қўяди, бошига ташвиш тушиб, мусибат етганда эса, суянчиғи дуо бўлиб қолади. Ҳолбуки, банда хотиржам, дасти узун, соғ-саломат юрган кунларда Аллоҳни эсласа, У ҳам оғир кунларида унутмаслиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ворид бўлган.

Дуо Аллоҳ ҳузурида мукаррам, даражаси юқори қадри улуғ нарса ҳисобланади. Ибодатдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ғазабидан сақланиш билан бирга ризқ ва шифо сўраш каби дунёвий ғаразларга ҳам эришишдир.

Ибодатнинг мана шу жиҳатларини “дуо” дейиш мумкин. Зотан, ибодатларнинг энг асосийларидан бўлган намоз араб тилида “солат” дейилади ва “дуо” маъносини англатади. Бу маънодаги дуо қалбий бўлади. Яъни, сўров тилга олинмаса ҳам, қалбида туради. 

Шу эътибордан, дуо икки қисмдан иборатдир, дия оламиз. Тил билан сўраш ва дил билан сўраш. Тил билан сўраш, дилдагининг таржимасидир. Ҳудди шу ҳолат – дил билан қасд қилиш ва уни тил билан таржима қилиш Аллоҳ таоло учун энг мукаррам нарсадир.

Шунинг учун Анас (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий (с.а.в): Дуо ибодатнинг мағзидир” – дедилар. Бундан “дуо ибодатдир” деган хулосани чиқариш мумкун бўлади.

“Шарҳи Ақидатут Таҳовия” китобида: “Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва хожатларни раво қилади” – дейилади.

Шарх: жумҳур мусулмонлар ва бошқа дин аҳллари дуо манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этиш учун энг кучли сабаблардан эканига ишонишади. Аллоҳ таолонинг мусулмон  бўлсин, кофир бўлсин, бандасининг дуосини ижобат қилиб, унга сўраганини бериши, ризқ ва ёрдам бериши оят ва ҳадислардан маълумдир. 

Имом Бухорий (р.х): “Ал-Адабул Муфрад” китобида Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади”, - дедилар. 

Шарҳ: Ибн Масъуд (р.а)дан қилинган ривоятда : “Аллоҳдан у зотнинг фазлини сўранг, чунки, Аллоҳ сўралишни хуш кўради”, - дейилган.

Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ таоло унга ғазаб қилишини, шунинг учун барча хожатларимизни Роббул оламийнга арз қилиб, мушкулларимизни осон қилишини сўраб дуо қилиш, биз учун фарзу вожиб амаллардан эканини билиб оламиз.

Аллоҳ таоло ўзининг олти сифатига далолат қилгани сабабидан дуо қилишга амр қилгандир.

1. Вужуд (борлиги): Чунки йўққа дуо қилинмайди. Йўқдан бирор нарса сўралмайди.

 2. Ғанийлиги (бойлиги): Чунки фақирга дуо қилинмайди. Фақирдан бирор нарса сўралмайди.

3. Эшитувчилиги: Чунки карга дуо қилинмайди. Кардан бирор нарса сўралмайди.

4. Карам (сахийлик): Чунки бахилга дуо қилинмайди. Бахилдан бирор нарса сўралмайди.

5. Раҳмат: Чунки раҳимсизга дуо қилинмайди. Раҳимсиздан бирор нарса сўралмайди.

6. Қудрат: Чунки ожизга дуо қилинмайди. Ожиздан бирор нарса сўралмайди.

Дуони инкор қилувчи ушбу олти сифатни инкор қилувчидир. Ундан ғофил бўлган, олти сифатдан ғофилдир.

Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг, 55-оятида марҳамат қилиб:

“Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан у ҳаддан ошувчиларни севмас”, - деган. 

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ – ёлбориш ва махфийлик бўлиши зарурлиги таъкидланмоқда.

Ҳудди шу маъно пайғамбаримиз  Муҳаммад (с.а.в)нинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Мусо ал-Ашъарий (р.а) ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинади:

“Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар. Расулулллоҳ (с.а.в): “Эй одамлар, ўзингизга шафқат қилинглар. Сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитувчи ва энг яқин зотдир”, дедилар”.

Анасдан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони кўп қилар эдилар:

“Аллоҳим! Бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин!”

Шўъба айтди: “Мен Убодага айтган эдим, “Анас бу дуони қилар эди. Аммо кўтармаган”, - деди. 

Шарҳ: “Кўтармаган” дегани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ривоятини етказмаган, дегани.

Бу – мусулмонларнинг  дуоси. Улар Аллоҳ таолодан икки дунёнинг яхшилигини сўрайдилар. Чунки, Ислом дийни икки дунёнинг ободлигига чақиради.

Мўмин-мусулмонлар дийнсизу худосизларга ўхшаб, фақат бу дунёнинг ҳойи-ҳавасини сўрамайдилар. Ёки баъзи тоифаларга ўхшаб, фақат охиратни ўйлаб, бу дунёни эсдан чиқармайдилар.

Бу дуода юксак одоб ҳам аниқ-равшан кўриниб турибди. Сўраладиган нарсани тайин қилиб номини айтмасдан, умумий қилиб “яхшилик” деб айтилмоқда. Аллоҳ таолонинг Ўзи “яхшилик”нинг нималигини яхши билади.

Имом ибн Касир: “Ушбу дуо дунёдаги барча яхшиликларни ўзида жамлаб, ёмонликларни четлатган”, деганлар.

Ибн Мурдавайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “(Байтуллоҳнинг) бурчагидан ҳар ўтганимда, “Омийн!” деб турган фариштани кўрдим. Унинг ёнидан ўтсангиз, “Роббана аатина фиддуня ҳасанатан ва фил охирати ҳасанатан ва қинаа азаабаннаар”ни ўқинглар”, деганлар.

Бу дуо Набийимиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаломнинг кўп қиладиган дуолари эди.

Ибн Аби Ҳотим Абу Толутдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилган:

“Анас ибн Моликнинг ҳузурида эдик. Собит у кишига: “Биродарларингиз дуо қилишингизни сўрашяпти”, — деди. Анас ибн Молик “Роббана атина...”ни ўқиди.

Бир муддат гаплашиб ўтирдилар. Туришмоқчи бўлишганда:

“Эй, Абу Ҳамза, биродарларингиз туришмоқ-чи, уларни бир дуо қилсангиз”,—деди.

Шунда Анас ибн Молик:

“Сизларга ишларни майдалаб беришимни хохдайсизми?! Агар Аллоҳ сизга бу дунё ва охиратнинг ях¬шилигини бериб, дўзахнинг азобидан сақласа, яхшиликнинг ҳаммасини берган бўлади-ку”, — деди”.

Дуо — ибодатдир. Барча ибодатларни адо этиш қонун-қоидалари бўлгани каби дуо қилишнинг ҳам ўзига яраша хос одоблари бор. Дуо одоблари хусусида кўплаб оятларда баён қилинган. Жумладан, бир оятда:

“Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилинг!” (Аъроф сураси, 55-оят), — дейилган бўлса, кейинги оятда эса:

“...Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингизлар!...”, — дейилган (Аъроф сураси, 56-оят).

    Дуо асносида Аллоҳнинг гўзал исмларини такрор-такрор айтиш ҳам дуонинг мустажоб бўлишига бир сабаб бўлиб, бу хусусда Қуръони каримда:

“(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: “Аллоҳ, деб чорлангиз ёки Раҳмон деб чорлангиз. Қандай чорласангиз ҳам (жоиздир). Зеро Унинг гўзал исмлари бордир...”, — деб марҳамат қилинган (Исро сураси, 110-оят). Дуода тинчлик, офият, саломатлик Билан бир қаторда, дунё ва охират яхшиликларини сўраш лозим. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони карим орқали бизларга таълим сифатида: “...Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, — деган дуони ўргатган (Бақара сураси, 201-оят). 

Шунингдек, дуони Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиш билан бошлаб, яна шулар билан тугатиш суннатга мувофиқ ва мустажоб бўлишга асосдир. Ой ва кунлар ичида дуолар мустажоб бўладиган махсус вақтлар ҳам борки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг баъзиларини айтиб берганлар. Жумладан, азон билан иқомат ўртасида, саҳар вақтида, жума кунида, Шаъбон ойининг ярмидаги тунда, Қадр кечасида қилинган дуоларнинг юқорида зикр қилинган шартлар бажарилган тақдирда ижобат бўлишига шубҳа йўқ. Шундай экан, ана шу вақтларни ғанимат билиш муқсадга мувофиқдир.

Кишининг дуо ва ибодатлари Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида аввало, ҳалол-пок луқма билан озиқланишга аҳамият бериши, қолаверса маъсият ишлардан ўзини сақлаши муҳим аҳамиятга эгадир. Аввало содир этилган гуноҳларни эсга олиш, афсус ва надомат чеккан ҳолда астойдил тавба қилиш, доимо истиғфор айтиб юриш қалбни юмшатадиган амаллардан бири ҳисобланади. Маюс қалб билан қилинган дуонинг эса, ижобат бўлиши ҳақиқатдир. Бундан ташқари, дуо ҳамда тавба-ю истиғфор бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган, Унинг муҳаббатига сазовор қиладиган амаллардан бўлиши билан бирга, ризқнинг мўл ва неъматнинг янада зиёда бўлишига ҳам сабаб бўлади.

Дуо эса, инсоннинг ўзидаги нафсоний бир ҳолатдир. Дуо – бутун вужуд билан берилиб, ҳамма нарсани унутиб, Аллоҳ таолога қурбат(яқинлик) ҳосил қилиб туриб, Роббул оламийннинг ўзига ёлворишдир.

Қўлларни очиб, чиройли сўзларни териб, қофиясини келтириб, ниҳоятда гўзал қилиб айтишнинг ўзи дуо бўлавермайди. Эҳтимол, чин дуо қилаётган одам йиғлаб туриб, бир оғиз ҳам сўз айта олмас, лекин кўнглидан, қалбидан бир нималар ўтиб туради, юрагида Аллоҳдан қўрқув – хушуъ  ва хузуь бор, ёлвориш, тилак бор – ана  шунинг ўзи кифоя қилади.

Шунинг учун, чала-чулпа таржима қилинган дуоларни ўқиш, ёдлаш эмас, унинг моҳиятини тушуниш лозим.

    Дуо қилишнинг одоблари, услублари, шартлари бор. Имкони бўлса, дуодан олдин бирор солиҳ амални тақдим қилиш керак.

Дуоларим қабул бўлсин, деган киши учун энг биринчи шарт – тавбадир. Чунки, тавба – солиҳ  амалдир. Қилинган гуноҳларга афсус-надоматлар билан, пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолога йиғлаб,  ёлвориб, астойдил тавба қилиш – дуодан олдин қилинадиган солиҳ амалдир.

Ундан кейин, дуолар қабул бўладиган соатлар, ҳолатлар бор, дуонинг қабул бўлиши учун қилинадиган амаллар бор. Ана шуларни топиш, излаш керак.

Дуо қабул бўладиган соатлар – тонг, саҳар чоғларидир. Ана шу пайтлардаги дуолар кўпроқ қабул бўлади.

Жумъа намозида иккинчи азон билан иқомат ўртасидаги вақт ҳам дуолар қабул бўладиган пайтдир.

Ҳадисларда келишича, банданинг Аллоҳ таолога энг яқин пайти – саждада турилган вақтида ҳам умидвор бўлинган нарсалар сўраб олинадигаи пайтдир.

Дуо кўп қабул бўладиган вақтлардан яна бири фарз намозларидан кейинги вақтдир.

Бизда “фарз намозларидан кейинги вақт” дейилса, фарз намозидан кейин, суннат намозидан аввал дуо қилиш керак экан, деган тушунча пайдо бўлган. Бу хам нотўғри.

Бизнинг мазҳабимиз бўйича, равотиб суннатлар фарз намознинг бир қисми, уни тўлдирувчи намозлар ҳисобланади.

Шунинг учун, фарздан кейин суннати бор намозларда ўша суннатларни ўқигандан кейин дуо қилинади. Ва шу дуо фарз намозидан кейин қилинган дуога ўтади.

Қуёш ботаётган пайтдаги (айниқса жумъа кунларида) дуолар ҳам ниҳоятда яхши қабул бўлади. Арафа куни, ҳайит куни, Қадр кечаларидаги дуоларнинг ижобат бўлишини ҳам ҳамма билади. Дуо қабул бўладиган энг улуғ вақтлардан бири – Қуръони  Каримни қироат қилгандан кейинги вақтдир. Шунингдек, хайр-садақа қилгандан кейин қилинган дуолар ҳам яхши қабул бўлади.

Дуо қабул бўлиши учун қўлларни кўтариш ке¬рак, қиблага юзланиш керак, тоҳаратли бўлиш ке¬рак, ўзининг хорлигини изҳор қилиш керак, айни пайтда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга саловот айтилмагунча, кишининг дуоси бошидан юқорига кўтарилмайди”, деганлар.

Демак, мана шу одобларга эътибор бериб, наф¬соний ҳолатларга риоя қилиб туриб, астойдил дуо қилиш керак экан.

Майда-чуйда нарсаларни қаторлаштириб, ҳар бир нарсани санаб, қофиясини келтириб дуо қилиш мутлақо қабул бўлмаслиги мумкин.

Шунингдек, кишининг ҳалқуми пок бўлмаса ҳам, дуо қабул бўлмайди. Ҳатто, бир луқма ҳаром еган кишининг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмайди. Бу жиҳатларни ҳам билиш керак.

Хуллас, дуонинг матни муҳим эмас. Машҳур дуоларнинг матнларини билиш яхши, лекин бу нарса дуонинг ижобат бўлишига сабаб бўладиган асосий омил эмас. Дуонинг қабул бўлиши учун юқорида айтилган ҳолатлар мавжуд бўлиши керак.

Энг муҳими —инсоннинг қалби Аллоҳ таолога боғлиқ бўлиши, Аллоҳ таолога илтижо қилиши, сўраётган нарсасини фақат Аллох, азза ва жалладан сўраб, бошқа бирор банда ёки нарсани бунга яқинлаштирмаслиги керак бўлади. Ана шунда, иншоаллоҳ, дуолар қабул бўлади.

Бугунги кунда “Дуо қиляпмиз, лекин қабул бўлмаяпти”, дейдиганлар ҳам кўп учрайди. Шу ҳолатнинг ўзи ҳам дуонинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади. Банда “Мен дуо қиляпман, лекин қабул бўлмаяпти” демаса, дуоси қабул бўлади. Акс ҳолда, дуоси қабул бўлмайди.

Шунингдек, дуони ўзига қилиш билан бировга қилишнинг ҳам фарқи бор. Ҳозирги кунда кўпчиликнинг ҳаққига қилинган дуолар қабул бўлмаяпти. Чунки, беш-ўнта киши йиғлаб, астойдил дуо қилиб ўтирса, ҳаққларига дуо қилинаётган кишиларнинг эса Аллоҳ билан ишлари йўқ, намоз ўқимайди, ароқ ичади, зино қилади - парвойи фалак. Бу ёқда ўтирволиб, Аллоҳга осийлик қилаётган ўша кимсаларнинг ҳаққига қилинган дуо қандай қабул бўлсин?

Дуо–ибодатнинг мағзи, илиги, мўминнинг силоҳидир, жуда катга, улуғ бир фазийлатдир.

 Бироқ унинг одоби, шартларини йўлга қўйиш лозим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дуоларимизни қабул бўладиган қилсин.

Абу Саъийд ал-Худрийдан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, (Аллоҳ таоло) унга уч нарсадан бирини албатта беради.

Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг учун охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан дафъ қилади”, — дедилар.

“Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?” -дейишди.

“Аллоҳ кўпайтирувчироқ!” – дедилар”.

Шарҳ: Демак, банда “дуоларим қабул бўлмади” демаслиги керак экан. Аллоҳ таоло унга шу дуоси туфайли охиратда катта ажрни тайёрлаб қўйган бўлиши ёки катта бир балони дафъ қилиши мумкин экан.

Шунинг учун, дуо қилишда иккиланмаслик, гумонда, шубҳада юрмаслик зарур. Дуо қилавериш ва ижобат бўлишидан умидвор бўлиш керак.

Дуони қандай ижобат қилиш эса Аллоҳ таолонинг иродасидир. Ўзи билади. Аллоҳ таоло сўралган нарсани бермаса, ажрини охиратга олиб қўяди ёки ўрнига бошқа бир ёмонликни дафъ қилади.

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади:

“Дуонинг ижобати турли навда бўлади. Гоҳида сўраган нарсасининг айни ўзи берилади. Гоҳида унинг ўрнига эвази берилади”.

Ибн Жавзий айтади:

“Билки, мўминларнинг дуоси рад қилинмас. Фақат, унинг учун ортга суриш яхши бўлганда ижоба¬ти ортга сурилади. Ёки тездами, секинми, унинг ўрнига ундан кўра яхшироқ эваз берилади. Эҳтимол, арзимаган нарсани сўраган бўлади. Аммо Аллоҳ таоло унга афзал ва ўта арзигули нарсани беради.

Бас, мўмин кишига Роббига дуо қилишни, Ун¬дан талаб ва сўрашни тарк қилиш жоиз эмас. У таслим бўлиш ва тафвиз қилиш -   Аллоҳга  солиб қўйиш ила қанчалик ибодат қиладиган бўлса, дуо билан ҳам шунча ибодат қилади”.      

Дарҳақиқатан, дуо – банданинг Яратган парвардигорига қарата йўллаган дил изҳоридир. Баъзи кишилар кенгчилик даврда, омади келиб турган вақтда дуо-ю истиғфорни унутиб қўяди, бошига ташвиш тушиб, мусибат етганда эса, суянчиғи дуо бўлиб қолади. Ҳолбуки, банда хотиржам, дасти узун, соғ-саломат юрган кунларда Аллоҳни эсласа, У ҳам оғир кунларида унутмаслиги ҳақида Пайғамбаримиз (сав)дан ҳадислар ворид бўлган.

Дуо – ибодатдир. Барча ибодатларни адо этиш қонун-қоидалари бўлгани каби дуо қилишнинг ҳам ўзига яраша хос одоблари бор. Дуо одоблари хусусида кўплаб оятларда баён қилинган. Жумладан, бир оятда:

Дуода тинчлик, офият, саломатлик билан бир қаторда, дунё ва охират яхшиликларини сўраш лозим. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони карим орқали бизларга таълим сифатида:

“...Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин” – деган дуони ўргатган.

Шунингдек, дуони Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиш билан бошлаб, яна шулар билан тугатиш суннатга мувофиқ ва мустажоб бўлишга асосдир. Ой ва кунлар ичида дуолар мустажоб бўладиган махсус вақтлар ҳам борки, Пайғамбаримиз (сав) буларнинг баъзиларини айтиб берганлар. Жумладан, азон билан иқомат ўртасида, саҳар вақтида, жума кунида, Шаъбон ойининг ярмидаги тунда, Қадр кечасида, шунингдек, Арофот, Мино, Муздалифа каби муқаддас даргоҳларда қилинган дуоларнинг юқорида зикр қилинган шартлар бажарилган тақдирда ижобат бўлишига шубҳа йўқ. Шундай экан, ана шу вақтларни ғанимат билиш муқсадга мувофиқдир.

Кишининг дуо ва ибодатлари Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида аввало, ҳалол-пок луқма билан озиқланишга аҳамият бериши, қолаверса маъсият ишлардан ўзини сақлаши муҳим аҳамиятга эгадир. Аввало содир этилган гуноҳларни эсга олиш, афсус ва надомат чеккан ҳолда астойдил тавба қилиш, доимо истиғфор айтиб юриш қалбни юмшатадиган амаллардан бири ҳисобланади. Маюс қалб билан қилинган дуонинг эса, ижобат бўлиши аниқроқдир. Бундан ташқари, дуо ҳамда тавба-ю истиғфор бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган, Унинг муҳаббатига сазовор қиладиган амаллардан бўлиши билан бирга, ризқнинг мўл ва неъматнинг янада зиёда бўлишига ҳам сабаб бўлади.

Шундай экан, келинглар сиз билан юрт тинчлиги ва фаровонлиги, жаннатмакон Юртимизни янада тараққий топиб гуллаб яшнашини ҳамда келажагимиз бўлмиш ёшларимизни баркамол авлод бўлиб вояга етишишини яратгандан сўраб қолайлик.

Илоҳим Аллоҳ таоло барчаларимизни дуолари қабул бўлгувчи бандаларидан қилсин! 

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир мўмин банда юзини Аллоҳга қаратиб”, бирор нарса сўраса, албатта, унга ўшани беради. Ё унга дунёда тезда беради. Ёки унинг учун охиратга олиб қўяди. Модомики, шошилмаса”, - дедилар.

Шунда одамлар: “Ё Расулуллоҳ! Шошилиши нима?” дейишди.

“Дуо қилдим. Дуо қилдим. Ленин ижобат бўлишига ишонмаяпман, дейиши”, - дедилар”.

Шарҳ: Дуо қилган киши дуосининг тез ижобат бўлмаганидан шикоят қилавермаслиги керак экан. Сабр қилиб, умидвор бўлса, дуоси шу икки йўлдан бири билан ижобат бўлар экан. Ё шу дунёда сўраган нарсаси берилади. Ёки ўшанча яхшилик охиратда унинг учун захийра бўлиб қолади.

Агар аввалги ҳадисни ҳам эътиборга олсак, Аллоҳ таоло бу бандадан ўшанча ёмонликни дафъ қилиши ҳам мумкин.

Шунинг учун, мўмин-мусулмон банда дуосининг тез ижобат бўлмаганидан шикоят килмаслиги керак.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”, - дедилар”.

Шарҳ: Роббул оламийннинг ҳузурида энг икром қилинган нарса дуодир. Шунинг учун, банда кўп дуо қилиши лозим.

Бу ҳадисдан дуо барча зикр ва тоатлардан афзал экани англанади. Дуо Аллоҳ таоло ҳузурида мукаррам, даражаси юқори, қадри улуғ нарса ҳисобланади. Бас, уни қабул ва ижобат қилиши ҳам шунга қараб бўлади.

Ибодатдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ғазабидан сақланиш билан бирга ризқ ва шифо сўраш каби дунёвий ғаразларга ҳам эришишдир. Ибодатнинг мана шy жиҳатларини “дуо” дейиш мумкин.

Зотан, ибодатларнинг энг асосийларидан бўлган намоз араб тилида “солат” дейилади ва “дуо” маъносини англатади. Бу маънодаги дуо қалбий бўлади. Яъни, сўров тилга олинмаса ҳам, қалбида туради.

Шу эътибордан, дуо икки қисмдан иборатдир, дея оламиз. Тил билан сўраш ва дил билан сўраш. Тил билан сўраш дилдагининг таржимасидир. Худди шу ҳолат – дил  билан қасд қилиш ва уни тил билан таржима қилиш Аллоҳ таоло учун энг мукаррам нарсадир.

Шунинг учун ҳам, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Дуо ибодатнинг мағзидир”, - дедилар.

Бундан “дуо ибодатдир” деган хулосани чиқариш мумкин бўлади. Ёки аксинча, ибодатларнинг барчаси дуодир, дейиш ҳам мумкин. 

           Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг шарафли ибодат дуодир”, - дедилар”.  

        Шарҳ: Бу ҳадиси шариф аввалги ҳадисга қилган шарҳимизнинг хулосасидир, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Зотан, дуода банданинг ҳокисорлиги бутунича зоҳир бўлади. Унинг Роббига ёлвориши тўлалигича намоён бўлади.

           Нуъмон ибн Баширдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта дуо айни ибодатдир”, - дедилар, сўнг “Менга дуо қилинглар, мен сизларга ижобат қиламан”ни қироат қилдилар”.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуонинг ибодат ҳисобланиши Қуръони Каримдан олинган маъно эканини билдириш учун мазкур ояти каримани далил сифатида қироат қилганлар. Дарҳақийқат, “Ғофир” сурасидаги бу ояти кариманинг маънолари таржимаси ва тафсирини ўргансак, бу маъно яна ҳам ойдинлашади.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”, - деди” (“Ғофир” сураси, 60-оят).

Аллоҳ таолога банда томонидан қилинадиган дуо ва ибодат луғатда бир хил маънони билдиради. Дуо ва ибодат хоҳ сўздан иборат бўлсин, хоҳ амалдан, банда томонидан Аллоҳ таолонинг розилигини излашдир, иймон ила У зотнинг розилигини сўрашдир.

Дуо ва ибодат банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида хожатманд эканини эътироф этишидир. Ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Бу ишни фақат иймони борларгина, қалб кўзи очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳ таолога нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қиладилар. Буни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи буюргандир.

“Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман”.

Менга ибодат қилинг, қабул этаман, Менга илтижо қилиб, ҳожатингизни сўранг, сўраганингизни бераман, дейди Аллоҳ таоло.

Ожизлигини, ҳожатмандлигини эътироф этиб, дуо қилинаётган Зотнинг жалолига муносиб одоб-ахлоқ билан сўраш банданинг иши. Қолгани эса, Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Мен ижобат ташвишини чекмайман, мен дуо ташвишини қиламан. Менга дуо қилиш илҳом этилса, ижобат ҳам қилинади”, дер эканлар. Ҳа, Аллоҳ таоло Ўзига иймон билан дуо қилганларнинг дуосини ижобат этади, ибодатларини қабул қилади. Аммо шу билан бирга:

“Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”,-деди”.

Аммо, ўзини билмаганлар, Аллоҳ таолога дуо қилишдан, ибодат этишдан кибр ила ўзларини юқори кўрганлар, қалб кўзи кўр бўлганлар жаҳаннамга кирадилар. Кирганда ҳам, хору зор бўлиб кирадилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни дуолари қабул бўлгувчи бандалардан қилсин. 


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”

жомеъ масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади Аллоҳ умматимнинг хаёлларидан ўтган нарсаларни, агаруни гапирмасалар ёки давоми...

3485 15:00 / 24.03.2017
Баъзилар сендан ниманидир хоҳлашади, сени ўзингни эмас. Баъзилар сени ўзингни хоҳлашади, сендан нимадир эмас. Баъзилар сени бўш вақтларида яхши кўришади. Баъзилар давоми...

2657 16:43 / 27.03.2017
Дунёда илмдек азиз нарса йўқ. Илмли инсон икки дунё бахтига сазовор бўлади. Кишининг саодатига хизмат қиладиган илм ҳосил қилишнинг ўзига хос жиҳатлар бўлади. Ким давоми...

3249 21:27 / 21.04.2017
Аллоҳ таолонинг инсониятга берган энг улкан неъматларидан бири, шубҳасиз, нутқ қобилиятидир. Нутқ инсонни бошқа жонзотлардан фарқлаб турувчи омиллардан бири давоми...

13994 10:08 / 24.03.2017