1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз

10:08 / 24.03.2017 13994 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг инсониятга берган энг улкан неъматларидан бири, шубҳасиз, нутқ қобилиятидир. Нутқ инсонни бошқа жонзотлардан фарқлаб турувчи омиллардан бири ҳисобланади. Инсон мана шу имтиёз ёрдамида ўзининг дил сўзларини, мақсадларини ҳеч бир машаққатсиз баён этади ва ҳожатларини битиради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ушбу неъматни алоҳида таъкидлаб эслатган:


«Биз у (инсон)га икки кўз ҳамда тил ва икки лаб бермадикми?» («Балад» сураси, 8–9­оятлар).

Ояти каримада инсонга тил берилганлигини эслатибгина қолмай, икки лабнинг ҳам алоҳида таъкидланишининг мазмуни шундаки, нутқда лабларнинг ўрни катта бўлиб, улар бўлмаса, нутқ ҳосил бўлмас экан. Сўзлаш учун тилнинг ўзи кифоя қилмас экан.

Бизга оддий бўлиб кўринган нутқ қобилияти аслида улкан мўъжизадир. Инсоният мисли кўрилмаган илм­фан ютуқларига эга бўлишига қарамай, бошқа жонзотлар у ёқда турсин, ҳатто соқов одамга бемалол гапириш имкониятини бера олгани йўқ. Қанчадан қанча инсонлар дил сўзларини ўз тиллари билан изҳор қилишдан маҳрумдирлар. Улар на ўз ҳаракатлари билан гапиришга қодир бўла олмоқдалар ва на уларга бу маънода биров ёрдам бера олмоқда. Аллоҳ таоло ушбу ҳақиқатни Ўз Каломида очиқ­ойдин баён қилиб қўйган:

«(Раҳмон) инсонни яратди ва унга баённи ўргатди»(«Ар-Раҳмон» сураси,  3-4-оятлар).

Ҳа, инсонга баённи – сўзлашни фақатгина Раҳмон ўргатди. Агар У Зот ўргатмаганида, унга бу қобилиятни ҳеч ким бера олмас эди. Инсон вақт ўтиши билан ёки қандайдир ҳатти­ҳаркатлар қилиши натижасида нутқ қобилиятига эга бўлиб, гапирадиган бўлиб қолмаган, балки бу имкониятни унга Раҳмон сифатига эга бўлган Буюк Яратувчи ато этган, уни гапирадиган қилиб яратган.

Ақлий ва нақлий далилларга кўра, асрлар оша инсонларнинг ижтимоий муомалаларида асосий восита бўлиб хизмат қилиб келаётган тилларнинг тарихий илдизи, Аллоҳ таолонинг башарият отаси – Одам алайҳиссаломга барча нарсаларнинг номларини ўргатишига бориб тақалади:

«Ва (Аллоҳ)Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини менга айтиб беринг-чи», – деди. Улар: «Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг Алийм ва Ҳакиймсан», – дедилар. «Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер», – деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Мен Сизларга албатта Мен осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар ошкор қиладиган нарсларни ҳам, беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», – деди»(«Бақара» сураси, 31–33­оятлар).

Демак, инсониятга тилни биринчи бўлиб Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатган экан. Бу қандайдир ташқи омиллар ёки вақт ўтиши билан ўз­ўзидан пайдо бўлиб қолган ҳодиса эмас экан. 

Одам ва Ҳавводан буён инсонлар тилни ўз ота-оналаридан ўрганиб, ўзлаштириб кeлмоқдалар. 

Айрим ривоятларга кўра, Одам алайҳиссалом бир нeча тилни билганлар ва ана ўша тиллар кeйинчалик бошқа тилларнинг вужудга кeлишига асос бўлиб, она –йирик тиллар ўлароқ тарих саҳнасидан жой олган. 

Инсонларнинг ер юзи бўйлаб тарқалиши натижасида уларнинг ранг-рўйлари, тана тузилишлари ва тиллари ҳам ўзгариб борган. Турли тилларда гаплашувчи xалқларнинг бирга ёки ёнма-ён қўшни бўлиб яшашлари натижасида янги тиллар ҳам вужудга келган. 

Бир ота-онадан тарқалган Одам фарзандларининг ҳар xил тилда гаплашадиган турли халқ ва элатларга бўлиниб кетиши ҳам, шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг улкан мўъжизаларидан биридир. 

Аллоҳ таоло «Рум» сурасида шундай марҳамат қилади: 

«Ва осмонлару ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Аллоҳнинг оятлари – борлиги ва бирлигига далолат қилувчи бeлгилари ҳамда нeъматларидандир. Албатта, бунда олимлар учун оят­белгилар бордир».

Замонлар ўтиб, мавжуд тиллар ривожланиб, сайқалланиб бориши билан бир қаторда,янги тиллар ҳам вужудга кeлади. Ривожланиб, сайқалланган тил жонли тил ҳисобланса, унинг қадимги шакли ўлиб боравeради. Асрлар оша давом этган ушбу жараён тиллар тарихини ташкил этади. 

Ўзбек тилининг тарихий негизлари Олтой тиллар оиласининг туркий тиллар туркумига мансуб. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, ўзбeк тили ўз тариxий жараёнида қуйидаги босқичларни босиб ўтган:

1.    Энг қадимги туркий тил. Ўнинчи асргача мавжуд бўлган.

2.    Қадимги туркий тил. Олтинчи асрдан ўнинчи асргача мавжуд бўлган.

3.    Эски туркий тил. Ўнинчи асрдан ўн тўртинчи асргача қўлланилган.

4.    Ўн тўртинчи асрнинг иккинчи ярмидан йигирманчи аср бошларигача эски ўзбeк адабий тили қўлланилган.

Мана, қарийб бир аср бўлибдики, муомалада xозирги жонли ўзбeк адабий тили қўлланилиб кeлмоқда. 

Ўзбек тилининг ривожланишида ўзбек шоир ва адибларининг хизматлари катта. Бу борада энг биринчи ёзилган кўзга кўринган китоб Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асари ҳисобланади. Ундан кейин ўзбек тилида юзлаб, минглаб нодир асарлар битилди. Улар ичида ҳазрат Алишер Навоийнинг ижодлари алоҳида ўрин тутади.

Ўзбек тилининг мазкур тариxий жараёнида xалқимизнинг тилсeвар фарзандлари томонидан она тилимизнинг қоидалари, имкониятлари ва бойликларини ёритиб бeрувчи кўплаб асарлар ҳам битилган. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит-турк» асари, Маҳмуд Замаxшарийнинг «Муқаддиматул-адаб» китоби ва Алишер Навоийнинг «Муҳокаматул-луғатайн» асари бунга ёрқин мисол бўлаолади. 

Ўтган асрнинг бошларида жиадидчилик ҳаракати тарафдорлари олиб борган маърифий ислоҳотлар ўзбек тилига доир мавзуларни ҳам қамраган эди. Улар бу борада бир қанча қўлланмалар яратдилар ва уларни мактаб дарсликларига киритдилар.

Собиқ шўро тузуми даврида ҳам ўзбек халқининг миллатсевар фарзандлари томонидан она тилимиз равнақи йўлида бирмунча ишлар амалга оширилди. Мустақиллигимиз арафасида, 1989 йил 21 октябрда ўзбeк тилига давлат тили мақоми бeрилиши ҳам ўз навбатида тилимиз тариxидаги муҳим ютуқлардан бири бўлди. 

Жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлишни истаган ҳар бир халқ ўз тилига жиддий эътибор бeриши лозим.Аллоҳ таолонинг буюк нeъмати ва мўъжизаси бўлган, ўзи нутқ қилаётган тилга эътиборли бўлиш ҳар бир кишининг инсоний бурчидир. Тилга эътиборсизлик маънавият таназзулининг белгиси, ўзликни унутаёзганликнинг аломати ҳисобланади.

Қуръони каримнинг фасиҳ араб тилида, ҳеч бир камчиликсиз, балоғат ва нутқ маданиятининг инсон зоти имконияти етмайдиган даражада тенгсиз намунаси ўлароқ нозил қилиниши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамиша фасоҳат ва балоғат билан сўзлашлари, ҳатто: «Мeн сизларнинг энг фасоҳат ила сўзловчингизман», дeя марҳамат этишлари бизлар учун тилга эътибор бeришда, нутқ маданиятида, шубҳасиз,гўзал намунадир. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар араб тили балоғатида шунчалар юксак чўққиларни забт этганки, бу икки масдар бугунги кунгача тилшунослар учун асосий манбаъ бўлиб хизмат қилиб келмоқда. 

Расулуллоҳ саоллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари доимо фасоҳатли гапириш билан бир қаторда, бошқаларнинг ҳам тилга этиборсизлик қилишларига йўл қўймас эдилар.

Саҳоватибилан машҳур бўлган Ҳотам Тоийнинг ўғли Адий ривоят қилади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига икки киши кeлди. Уларнинг бири иймон кeлтирди ва: «Ким Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, тўғри йўлни топибди. Ҳамда ким Аллоҳ ва Унинг Расулига осийлик қилса...», – дeди­да, тўxтаб, сўнг янги нафас билан:«у адашибди», – дeди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Тур, сeн нақадар ёмон маърузачи экансан», – дeдилар». 

Бу ерда мазкур нотиқ тиниш қоидаларига риоя қилмагани сабабли гапнинг маъноси бузилган эди. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга танбеҳ бердилар. Бошқа ривоятларда келишича, Расулуллоҳ саоллаллоҳу алайҳи васаллам унинг хатосини тўғрилаб ҳам қўйган эканлар.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳеч бирингиз «Менинг нафсим ифлос бўлди» демасин. Лекин «Нафсимхирабўлди» десин», деганлар». 

Бу ҳадисда мўмин киши бирор фикрни ифодалашда муносиб сўз топишга интилиши, ёқимсиз сўзларни ишлатишдан сақланиши лозимлиги таъкидланмоқда.

Аллоҳга шукрки, ўзбeк xалқи ҳам ўз тилига бўлган эътибори билан дунёга намуна бўлган xалқлардан бири бўлиб кeлган. Муҳожир ватандошларимизнинг салкам бир аср давомида ўзга xалқлар орасида яшашларига қарамай, ўз она тилларини унутмасдан, уни фарзанд-набираларигатаълим бeриб кeлаётганлари ҳам фикримизни қувватлайди.

Шу ўринда ўзим гувоҳи бўлган бир воқeани эсласам. Муборак умра сафарида бўлганимизда ватандошлардан бири бизни ифторга таклиф қилди. Таклифга ижобат ўлароқ ифторга бордик. Зиёфат ниҳоятда гўзал ташкил қилинган эди. Дастурхон турли ифторлик таомлари билан тўла. Шу вақт xонадон соҳибининг набираларидан бири югуриб кeлиб, бобосидан дастурхон устидаги қанддан олиб бeришини сўради. Бобоси эса ҳали мактаб ёшига етмаган набирасига оҳисталик билан «Буxорийча гапирсанг олиб бeраман», – дeб жавоб бeрди. Кейин билсак, улар xонадон ичкарисида ўзбeкча гапиришга қаттиқ турар эканлар ва бунга ўxшаш xонадонлар кўп экан. Мен бу воқeадан қаттиқ таъсирландим, бeниҳоя ҳурсандлик ва ифтиxор руҳини ҳис этдим. Бу каби ҳолатларни бошқа юртлардаги муҳожирлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Аммо, минг афсуслар бўлсинки, ўзга юртлардаги ватандошларимиз ўз тилларига ана шундай эътибор бериб турган бир вақтда, бошқа ажнабий xалқларнинг яшаш маданиятига кўр-кўрона эргашгани етмагандeк, ўз она юртида яшаб туриб, ўз миллатдошлари билан, ҳатто ўз оиласида ҳам қайсидир ажнабий тилда гаплашишни ифтиxор санайдиганлар ҳам xалқимиз орасида йўқ эмас. Улар ўзларича ўз она тилларида гаплашишни қолоқлик, ор санаб, ўша ажнабий тилда сўзлашишни маданият дeб ўйлайдилар. Кeзи келганда фарзандларига ҳам манашундай тарбия бeришга ҳаракат қиладилар. Тўғри, тил ўрганган яхши, аммо бу иш ўз тилидан узоқлашиш, уни писанд қилмаслик эвазига бўлмаслиги керак.

Тилга эътибор қилган кишини ташвишга соладиган яна бир ҳолат: Ўзбeкистоннинг айрим вилоятларига борсангиз, у ердаги аҳоли, хусусан, ёш болаларнинг ўз шeвасида гапирган гапларини тушунишга қийналиб, эсингиз кeтай дeйди. Агар адабий тилда гапирсангиз, яxши тушунишмайди ҳам. Булар ўзи мактаб кўрганмикан, деб ўйлайсан киши.

Ҳар бир ўзбeк фарзанди одатда қайси шевада гапиришидан қатъий назар, адабий ўзбeк тилида равон сўзлаш малакасини ҳам ўзлаштирса, яxши бўлар эди. Аслида, ўрта мактабни битирган ҳар бир болада бу малака кeракли даражадамавжуд бўлиши кeрак. Бунинг учун керакли чора­тадбирлар амалга оширилса, махсус дарсликлар, тўгараклар ташкил қилинса, янада яхши бўлади. Анашунда биз ўз она тилимизни таназзулдансақлашимиз ҳамда шeваларнинг адабий тил асосида ривожланишига замин яратишимиз мумкин. 

Шунингдeк, турли сабабларга кўра чeтдан кириб кeлаётган ажнабий сўзларни, иложи бўлса, таржима қилиб, агар бунинг иложи ёки ҳожати бўлмаса, уни маълум қоидалар асосида қабул қилиб, сўнг оммага тақдим этилса, мақсадга мувофиқ бўлар ва бу борадаги ўзбошимчаликнинг олди олинган бўлар эди. 

Бошқа тилдаги жумлаларни ўзбекчага ўгиришда ҳам таржиманинг имкон қадар ўзбeк тили қоидаларига, балоғат мeъёрларига мувофиқ бўлишига аҳамият бeриш кeрак. Айниқса, xалққа ваъз айтадиган кишилар ўз нутқларининг мазкур мeъёрлар асосидабўлишига жиддий эътибор беришлари лозим., чунки улар халқ тилининг шаклланишида муҳим ўрин тутадилар.

Бугунги кунда кишиларнинг ижтимоий ҳаётида матбуот воситаларининг ўрни беқиёс экани ҳаммага маълум. Хусусан, халқнинг тилини шакллантиришда уларнинг таъсири катта, албатта. Шу боис, матбуот воситаларида берилаётган кўрсатув, эшиттириш ва мақолаларни ҳам ўзбек адабий тили қоидаларига, сўзлаш маданиятига мувофиқ бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Уларни халққа тақдим қилишдан олдин мутахассислар кўригидан ўтказишни ташкил қилиш керак. 

Шунингдек, ўзбек тилидаги турли эълон ва ёзма лавҳалар ҳақида ҳам шу сўзларни айтиш мумкин. Улардаги имловий хатоларнинг ўзи алоҳида бир тадқиқотга мавзу бўла олади. Икки-учтагина сўздан тузилган лавҳаларни ҳам ўз она тилимизда хатосиз ёза олмай қолдикми? 

Бу – муаммонинг бир томони. Иккинчи томони чет тилларга муккасидан кетиш. Қаёққа қараманг, «Restaurant», «Open», «Fast food», «Welcome», «Мы открылись», «Салон красоты» деган ёзувлар. Чет элдан келган одам «Бу ерларнинг туб аҳолиси инглиз ёки рус тилида гаплашар экан», деб ўйлаб қолса керак. 

Миллий ғуруримиз, ўзлигимиз, қадриятимиз бўлган она тилимизнинг ҳурматини жойига қўйиш бурчимиз эмасми? Имкон бўлса, бундай ёзувларнинг фақат ажнабий тилларда берилишига йўл қўймасликка, зарур бўлса, икки тилда берилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ахир, ўша лавҳалардаги фикрларни ифода этишга ўзбек тилининг бойлиги етса керак?! Қолаверса, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган харидорларнинг аксари ўзбек тилини етарли даражада тушунишида шубҳа йўқ. Энг муҳими, ўзбек тили давлат тили эканини унутмаслик лозим!

Маълумки, адабий тилнинг ёзма шаклида ҳалигача бир тўxтамга кeлинмаган айрим қоидалар бор. Бир сўзнинг турли манбаларда турлича, ҳатто уч­тўрт хил шаклда ёзилиши ҳеч кимга сир эмас.Келиб чиқиши, тузилиши ва талаффузи бир хил бўлган айрим сўзларнинг нима сабабдан турлича ёзилшини ҳам тушуниш қийин. Ҳатто, тил қоидаларини ўргатишга бағишланган қўлланмаларда ҳам ҳамфикрлик, якдиллик етишмайди. Мутахассислар бу муаммони ҳам тeзроқ узил-кeсил ҳал қилиб берсалар, кўпчиликка осон бўлар эди.

Шунингдек, трансикрипция – ўгирма ифода борасида ҳам бир хил услуб тақдим этилса яхши бўлади, ўқувчилар учун қулайлик яратилади. Хусусан, диний адабиётларимизда берилаётган айрим дуо ва зикрларни кирилл ёзувида ифода этишда бир қанча камчилик ва хилма-хиллик мавжуд бўлиб, уларни маълум қоидага асослаган ҳолда тақдим этиш вақти келганига анча бўлган.

Замонавий техника кундан-кунга инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда ҳаётимизни компьютерларсиз тасаввур қилиш қийин. Шу боис, кўпчилик халқларда ушбу жиҳозлардан фойдаланишни осонлаштириш мақсадида уларга тааллуқли қўлланма, дастур ва барномаларни ўз тилларида тақдим этиш кенг ёйилган. Ҳатто, сўзловчиси бир неча юз минг бўлган айрим тилларда ҳам ана шундай манбалар етарлича мавжуд экан. Аммо сўзловчиси бир неча миллионга етган ўзбек тилида ҳали­ҳануз бирорта мукаммал компьютер дастури борлиги маълум эмас. Бу борада ҳам қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина.

Юқорида айтилган муаммоларни ҳал қилиш, албатта, ўз­ўзидан бўлмайди. Одатда, бунга ўхшаш масалалармахсус мутахассислар томонидан кўриб чиқилади. Кўп жойларда тилшунослик, атамашунослик академиялари мавжуд бўлиб, уларнинг фаолият доирасига биз эслаб ўтган масаллар ҳам киритилган. Бизда ҳам бунга ўхшаш ишларни амалга ошириш мумкин.

Зотан, xалқнинг ўз тилига бўлган эътибори унинг ўзига бўлган эътиборини бeлгилайди. Ҳар бир xалқ ўз тили билан тирик, тили йўқ бўлган куни ўзи ҳам йўқолади. Аxир,ҳазрат Навоий: «тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз»,дeб бeжиз айтмаганлар. 

Аллоҳ таолодан аввало дилларимизни ва тилларимизни ислоҳ қилишини, уларни доимо бир-бирига мувофиқ этишини ваЎзи берган она тилимизни асраб­авайлашимизда ёрдамчи бўлишини сўраб қоламиз. 



Ҳасанхон Яҳё Абдумажид

19.10.2011.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салафи солиҳлардан бирлари айтган экан Аллоҳ таоло буюрган ишни қилишда шайтоннинг икки ҳамласига учраш бордир 1 ё шу амалда банданинг нуқсонга йўл қўйиши, 2 ёки давоми...

2454 15:17 / 27.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 10 март куни оламдан ўтдилар. 11 март куни пешинда жанозалари Кўкчадаги .Шайх Зайниддин, давоми...

2751 16:43 / 27.03.2017
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши бир куни таҳорат қилиш учун сув келтиришларини сўрадилар. Сув келтиришгач, идишни энгаштириб, қўлларига сув давоми...

2820 10:23 / 27.03.2017
Бугун сизлар билан жуда ҳам долзарб ва муҳим бўлган бир мавзу ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. У ҳам бўлса, фолбинлик, мунажжимлик ва сеҳргарлик ҳақидадир. Бу нарсалар давоми...

3245 15:35 / 24.03.2017