1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Ҳайзли ва нифосли аёлларнинг ҳукми ва уларнинг пок бўлиши

05:00 / 09.01.2017 20288 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Асмо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайзнинг ғусли ҳақида сўради. У зот:
«Сиздан бирингиз сув ва сидрини олади. Сўнгра яхшилаб тозаланади. Кейин бошига сув қуяди ва токи, бошининг ҳамма жойига етгунча қаттиқ ишқайди. Сўнгра устидан сув қуяди. Кейин мискланган пахтани олади ва у билан покланади», дедилар. Асмо:
«У билан қандоқ покланади?» деди. У зот:
«Субҳаналлоҳ! У билан покланасан-да!» дедилар.
Бас, Оиша:
«Қоннинг ўрнига қўясан», деди.
Бошқа бир ривоятда:
«У зот:
«Мискланган пахтани олиб, у билан покланасан», деб уч марта айтдилар ва уялиб, юзларини ўгириб олдилар. Бас, Оиша:
«Ансорийларнинг аёллари қандоқ ҳам яхши аёллар. Уларни ҳаё динда фақиҳ бўлишларидан ман қилмас эди», дедилар
».

Бешовларидан фақатгина Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга савол берган аёл Асмо бинти Шакл ал-Ансориядирлар. У киши ўз динларига тўлиқ ва аниқ амал қилиш мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайздан кейин қилинадиган ғусл ҳақида сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни батафсил баён қилиб бердилар:

1. «Сиздан бирингиз сув ва сидрини олади».

Яъни, сиз аёллардан ҳайзи тўхтаганингиз ғусл қилиш учун тайёрланиб, бунинг учун ишлатадиган сувни ва совун ўрнига сидр наботини олади (ўша вақтда Арабистонда совун ўрнига сидр ишлатилар эди).

2. «Сўнгра яхшилаб тозаланади».

Яъни, истинжо қилиб, олди-орқасини яхшилаб тозалаб олади.

3. «Кейин бошига сув қуяди ва токи бошининг ҳамма жойига етгунча қаттиқ ишқайди».

Чунки соч остига сув етмай қолмаслиги керак. Хусусан, ҳайз кўриб, яхшилаб тозаланиш имкони бўлмай юргандан кейин бу иш яна ҳам катта аҳамият касб этади.

4. «Сўнгра устидан сув қуяди».

Яъни, бутун танасига сув қуйиб, яхшилаб ювади.

5. «Кейин мискланган пахтани олади ва у билан покланади».

Яъни, миск (мушк) суртилган пахта ила покланади. Миск топа олмаса, бошқа хушбўй нарса ҳам бўлаверади. Аммо Асмо бинти Шакл ал-Ансория розияллоҳу анҳо бу гапни тушуна олмадилар ва яхшилаб тушуниб олиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«У билан қандоқ покланади?» деб сўрадилар. 

«У зот: «Субҳаналлоҳ! У билан покланасан-да», дедилар».

Яъни, Асмо розияллоҳу анҳонинг тушунмаганларига ажабландилар ва очиқ айтишдан тортиниб, яна аввалги гапларига ўхшаш гап қилдилар.

Шу ерга келганда гапга Оиша онамиз аралашдилар ва Асмо розияллоҳу анҳога:

«Қоннинг ўрнига қўясан», дедилар.

Бошқа бир ривоятда:

«У зот:

«Мискланган пахтани олиб, у билан покланасан», деб уч марта айтдилар ва уялиб, юзларини ўгириб олдилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта уятчанликлари маълум ва машҳур.

Оиша онамиз шундоқ бўлса ҳам Асмо бинти Шакл ал-Ансориянинг тутган ишларига таҳсин айтиб:

«Ансорийларнинг аёллари қандоқ ҳам яхши аёллар. Уларни ҳаё динда фақиҳ бўлишларидан ман қилмас эди», дедилар.

Дарҳақиқат, уларнинг илм йўлида кўрсатган шижоатлари ва фидокорликлари самарасидан мўмин-мусулмонлар ҳозиргача фойдаланиб келмоқдалар ва, иншааллоҳ, қиёматгача фойда оладилар.


Аёллар Оишага ичига пахта солинган тувакни юбордилар. Унда сарғиш рангли қон асари бор эди. У (Оиша):

«То оқ нарсани кўрмагунингизча шошилманглар», деди. У бу билан ҳайздан тамоман пок бўлишни ирода қилган эди». 

Бухорий ва Молик ривоят қилишган.

Шарҳ: Бир гуруҳ муслима аёллар ҳайзнинг шаръан қачон тамом тугашини билмоқчи бўлишибди. Бу масалани Оиша онамиздан сўраш мақсадда чиқиндиларга ишлатиладиган тувакка сарғиш рангли қон артилган пахтани солиб, у кишига юборишибди. Бу «қон шу рангда кела бошлаганда ҳайз тамом бўладими?» деганлари эди. Шунинг учун Оиша онамиз:

«То оқ нарсани кўрмагунингизча шошилманглар», дедилар. 

Ҳайз кўрган аёлдан охирги вақтда оқ рангли суюқлик келгани ҳайзнинг тугагани аломати экан. Ана шунгача шошилиб, ҳайзим тугади, деб ғусл қилиш ёки ҳайз ман қилган нарсаларга уриниш лозим эмас.


Муоза розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. 

«У киши айтади, Оиша розияллоҳу анҳодан:
«Нимага ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутади-ю, намознинг қазосини ўқимайди?» деб сўрадим.
«Нима, сен Ҳаруриямисан?!» деди.
«Мен Ҳарурия эмасман, лекин сўраяпман», дедим.
«Ўша нарса бизда ҳам бўлар эди. Бас, рўзанинг қазосини тутишга амр қилинар эдик, намознинг қазосини ўқишга амр қилинмас эдик», деди
».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, Муоза розияллоҳу анҳо билан яқиндан танишиб олайлик:

Муоза бинти Абдуллоҳ ал-Авсия жуда ҳам оқила аёл бўлганлар. Ҳар куни кечаси олти юз ракат намоз ўқиб, уйқудан доимо ўзларини тийиб юрар, қирқ йил осмонга тик қарамаган эканлар.

Куниялари Умму ас-Суҳба бўлиб, ўғиллари шаҳид бўлган экан. Ўғиллари жаннатда бўлганлари учун «Роббим, мени ўғлим Суҳба билан учраштирса эди», деб дуо қилар эканлар.

Муоза розияллоҳу анҳо Оиша онамиздан, Ҳишом ибн Омир ва Умму Амр бинти Абдуллоҳдан бир неча ҳадисларни ривоят қилган эканлар. 

У кишидан эса Абу Қалоба, Қатода, Язид ар-Ришк, Айюб ва Исом ал-Аҳвал, Сулаймон ибн Абдуллоҳ ал-Басри, Исҳоқ ибн Саъид, Умму ал-Ҳасан ва бошқалар ривоят қилишган экан.

Муоза розияллоҳу анҳо 101-ҳижрий санада вафот этдилар.

Муоза розияллоҳу анҳо Оиша онамиздан ҳайз кўрган аёлга жорий қилинган баъзи ҳукмларнинг ҳикмати ҳақида сўрабдилар. Шунда:

«Нимага ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутади-ю, намознинг қазосини ўқимайди?» деган эканлар.

Шунинг ўзидан ҳайз кўрган аёл рўза ҳам тутмаслиги, намоз ҳам ўқимаслиги келиб чиқади.

Ҳайз тамом бўлгандан кейин эса ҳайз вақтида тута олмаган рўзасининг қазосини тутади. Аммо ҳайз вақтида ўқий олмаган намозининг қазосини ўқимайди.

Нима учун шундоқ? Бу Муоза розияллоҳу анҳонинг хаёлларига келган ва Оиша онамиздан сўраганлар. Оиша онамиз эса саволга жавоб беришнинг ўрнига, Муозага қарши савол бериб:

«Нима, сен Ҳаруриямисан?!» дедилар.

Яъни, сен ҳарурия мазҳабидаги аёлмисан, деганлари. Ҳарурия Куфа шаҳрига яқин жойдаги Ҳаруро қишлоғига берилган нисбат бўлиб, Хавориж мазҳабининг таъсис мажлиси шу қишлоқда бўлгани учун Хаворижлар Ҳарурийлар ҳам дейилади.

Маълумки, Хаворижлар аёл киши ҳайз пайтида ўқий олмаган намозини ҳам ўқийди, дейдилар. Муоза розияллоҳу анҳонинг «Нима учун ҳайз кўрган аёл намознинг қазосини ўқимайди?» деган саволи Оиша онамизга оғир ботиб, нима учун бузуқи мазҳабнинг гапини айтмоқдасан, дегандек гап қилдилар. Лекин Муоза розияллоҳу анҳо бузуқ ният билан эмас, соф ният билан сўраган эдилар. Шунинг учун:

«Мен Ҳарурия эмасман, лекин сўраяпман», дедилар.

Яъни, менинг Хаворижларга алоқам йўқ, лекин билмоқчиман, дедилар. Ана шундан кейин Оиша онамиз саволга жавоб бериб:

«Ўша нарса бизда ҳам бўлар эди».

Яъни, биз ҳам ҳайз кўрар эдик.

«Бас, рўзанинг қазосини тутишга амр қилинар эдик».

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биз аёлларни ҳайз вақтидаги қазо қилган рўзамизни тутишга амр қилар эдилар.

«Намознинг қазосини ўқишга амр қилинмас эдик».

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биз аёлларни ҳайз вақтидаги қазо қилинган намозни ўқишга амр қилмас эдилар, дедилар.

Аввалги мусулмонлар Аллоҳдан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан амр бўлса, наҳий бўлса, дарҳол итоат билан амал қилишга ўтар эдилар. Амр ва наҳийни муҳокама қилмас, нима учун, деб сўрамас эдилар.

Зотан, мўмин-мусулмонликнинг бош фазилати ҳам шудир. Амр ёки наҳийни муҳокама қилиб, ёқса амал қилиб, ёқмаса амал қилмаслик куфр ва мунофиқликдан бошқа нарса эмас. Чунки мусулмон шариатнинг амрини нима учун, деб сўрамайди. Унга оғишмай амал қилади. Бунга Оиша онамизнинг жавоблари очиқ-ойдин далолат қилиб турибди.

Кейинчалик бошқа диндагилар, турли-туман одамлар ҳадеб сўрайверганидан уламоларимиз мазкур Муоза розияллоҳу анҳонинг саволига ўхшаш саволларга жавоб беришга ўтишган.

Жумладан, шу саволга ҳам жавоб беришган. Рўза йилда бир марта фарз бўлади. Ҳайз кўрган аёл маълум кунларнинггина рўзасини қазо қилади. Шунинг учун рўза савобидан маҳрум бўлмаслиги юзасидан унинг қазосини тутади.

Намоз эса ҳар куни беш марта фарз, ҳайз кунларида қолдирилган намоз сони кўпайиб кетади. Бунинг устига аёл киши ҳар ойда ҳайз кўради. Бу ҳар ойда такрор машаққат дегани. Шунинг учун ҳайз кўрган аёлдан намозни қазо қилиш талаб қилинмайди.


Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши:
«Нифос кўрган аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қирқ кун ўтирар эдилар. Юзларимизга нарса тошиб кетиб, варас суртиб олар эдик», деди
».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Умму Салама онамизнинг бу гапларидан фарзанд туғиб, нифос кўрган аёллар қирқ кунгача намоз ўқимай, рўза тутмай ва бошқа ибодат қилмай ўтирар эканлар.

Ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб, Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари нифоснинг энг кўп муддати қирқ кун деганлар. Бола туққан аёлдан қирқ кундан ортиқ вақтда ҳам қон келаверса, ўша қирқ кундан ортиғи нифос ҳисобланмайди. Қирқ кун тўлгандан кейин аёл ғусл қилади ва ибодатларини адо этишни бошлайди. Бошқа нифос ман қилган нарсалар ҳам жоиз бўлади.

Нифоснинг ози эса бир лаҳза ҳам бўлиши мумкин, дейди баъзи уламолар. Лекин кўпчилик уламолар нифоснинг озининг чегараси йўқ, дейдилар. Оддий ҳолатларда эса нифос қони тўхтаган вақти нифоснинг охирги вақти бўлади.

Умму Салама онамизнинг айтишларича, қирқ кун нифосда ўтириб, аёлларнинг юзларига турли нарсалар тошиб кетар экан. Ўша нарсаларга қарши Ямандан келтирилган сариқ рангли варас номли набототдан суртиб олар эканлар. Бу ҳам узоқ вақт яхшилаб тозаланмаслик оқибатидан экан.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бири нифосда қирқ кеча ўтирар, уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нифос намозини ўқишга буюрмас эдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари, деганда қизлари ва қариндошлари ҳам тушунилади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинларидан Ҳадича онамиз ва чўрилари Мория Қибтиядан бошқалари туғмаганлар. Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Нифоснинг ғолиб муддати қирқ кун экани. 

2. Нифос кўрган аёл намоз ўқимаслиги.

3. Нифос вақтдаги тарк қилинган намоз қазо қилинмаслиги.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳайзли аёл ва жунуб Қуръондан ҳеч нарса ўқимайди», дедилар
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Чунки ҳайзли ҳолат ҳам, жунубли ҳолат ҳам – поклик ҳолати эмас. Ундоқ ҳолатда Аллоҳнинг каломини қироат қилиб бўлмайди.


 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мана бу уйларни масжиддан бошқа томонга юзлантиринглар. Мен масжидни ҳайзли аёлга ва жунубга ҳалол қилмайман», дедилар
». 

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ўша вақтда баъзи кишилар уйларини масжидга қаратиб қуриб олган эдилар. Уйларига масжид орқали кириб-чиқар эдилар. Бундай ҳолатда, албатта, ҳайзли аёл ҳам, жунуб ҳам масжиддан ўтиши, унда қолиши мумкин эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларни масжиддан бошқа томонга қаратиб қуришга амр қилдилар. Токи ҳайзли аёллар ва жунублар масжидга кирмасинлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳайзли аёл масжидга кириши мумкин эмаслиги.

2. Жунуб шахснинг масжидга кириши мумкин эмаслиги. 

Албатта, масжид Аллоҳнинг уйи бўлганидан кейин у ерга фақат пок ҳолда кириш керак.

Булар ҳайз ва нифос ҳукмини баён қилувчи баъзи ҳадиси шарифлардир. Фойдани мукаммал қилиш учун ҳайз ва нифосга тегишли ҳукмларни қисқача эслаб ўтамиз:

1. Ҳайз ва нифос тамом бўлгандан кейин ғусл қилиш вожиб бўлади. 

Бу ҳайз ҳақидаги оят ва Имом Бухорий Фотима бинти Абу Ҳубайш розияллоҳу анҳодан ривоят қилган:

«Ҳайз кўрган кунларинг миқдорида намозни қўй. Сўнг ғусл қилгин-да, намозни ўқий бергин», деган ҳадисга биноан бўлади.

2. Ҳайз кўриш ила қиз бола балоғатга етади ва шариат таклифларини амалга ошириши лозим бўлади.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳайз кўрувчининг намозини Аллоҳ химор (авратни тўсадиган кийим)сиз қабул қилмайди», деганлар.

Шундан ҳайз кўриш ила ўзини тўсиш лозим бўлгани билиб олинади.

3. Идда ўтириш ҳам ҳайзга қараб бўлади.

4. Ҳайзли ва нифосли аёлга намоз ўқиш ҳаромдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима бинти Абу Ҳубайш розияллоҳу анҳога:

«Қачон ҳайз келса, намозни қўй», деганлар.

Шунингдек, бу масала юқорида ўрганган ҳадисларимизда ҳам ўтди.

Улардан ҳайз пайтида ўқилмай қолган намозлар қазо қилиб ўқилмаслигини ҳам билдик.

5. Ҳайзли ва нифосли аёлга рўза тутмоқ ҳаромдир.

Буни ҳам ўтган ҳадислардан билдик.

Шунингдек, улардан ҳайз пайтида тутилмай қолган рўзани қазо қилиб тутиш лозимлигини ҳам биламиз.

6. Ҳайзли ва нифосли аёлга Байтуллоҳни тавоф қилиш ҳаромдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга:

«Қачон ҳайз кўрсанг, ҳожи нимани қиладиган бўлса қилгин-у, аммо то пок бўлмагунингча Байтни тавоф қилмагин», деганлар.

7. Қуръон қироат қилиш ва мусҳафни ушлаш ҳам бу фаслдаги ҳадисга биноан ҳайзли ва нифосли аёллар учун ҳаром.

8. Ҳайзли ва нифосли аёлларга масжидга кириш, туриш ва у ерда эътикоф ўтириш ҳаром. Буни ҳам шу фаслдаги ҳадисдан ўргандик.

9. Ҳайзли ва нифосли аёлларга жинсий яқинлик қилиш ва уларнинг киндиклари билан тиззалари орасидан лаззатланиш ҳаром. Бу ҳақдаги ҳадисларни ҳам ўрганиб чиқдик.

10. Ҳайзли аёлни, яъни, ҳайз кўриб турган аёлни талоқ қилиш ҳаромдир.

Буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳайзли хотинини талоқ қилганларида баён қилганлар.

Ушбу ҳукмларни барча, айниқса, мўмина-муслима аёллар яхшилаб билиб олишлари ва уларга амал қилишлари лозим. Чунки ҳайз ва нифосни ўз эгасидан бошқалар билмайди, билиш имкони ҳам йўқ. Қолаверса, бу масалаларни омма ичида муолажа қилишга одатланилмаган. Шунинг учун аёллар ўзлари илмий мажлислар қилиб, билганлардан дарс олиб, яхшилаб ўрганиб қўйишлари ўта муҳимдир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир билан қироат орасида бироз сукут сақлаб турар эдилар. Бас, давоми...

32151 05:00 / 04.01.2017
МуқаддимаИслом уламолари намозда quotФотиҳаquot сурасидан сўнг quotОминquotни айтиш борасида ихтилоф қилмаганлар. Уламолар қайси мазҳабга мансуб бўлмасинлар, қайси давоми...

12249 05:00 / 09.01.2017
Бир она айтади.Аллоҳ мени уч фарзанд билан ризқлантирди. Энг кичиги ўн ёш, ўртанчаси ўн икки ёш ва каттаси эса ўн етти ёш. Ўн йилдан буён уларни намоз ўқишга давоми...

2378 15:30 / 01.11.2021
Амр ибн ҳурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда турганларини кўрдим. Бошларида қора салла, унинг пешини кифтлари давоми...

5904 05:00 / 09.01.2017