1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Оқпадар ҳақида ҳикоялар

09:43 / 22.03.2017 7644 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳирроҳманирроҳим



 (Эй инсон), Парвардигоринг, сизларга Ёлғиз Унинг Изига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар у икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг қил остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб "уф" тортма ва уларнинг (сизларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сиз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут — хокисор бил ва: "Парвардигорим, мени (улар) гидаклик чоғимдан тарбиялаб-истирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин", деб (ҳақларига дуо қил)! 

И з о ҳ: Ушбу икки оятда ота-она ва фарзанд иртасидаги муносабат хусусида сиз боради. Аввало, Ислом барча мимин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшиликни Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қияди. Бу таълимотга биноан, ота-она миминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир фарзанд уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сизларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. (Ал-Исро сураси, 23-24-оятлар).



Ушбу китоб мазкур ояти каримадаги амри Илоҳийга итоат қилмаганларнинг топган оқибатлари ҳақидадир. Ўқийлик, ибрат олайлик...


Муқаддима


Бутун оламлар Парвардигори Оллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи ва салламга салоту салом бўлсин.

Албатта ота-онага оқ бўлмоқ энг катта ва оғир гуноҳлардан биридир.

Бу ҳақда Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Китоби - Қуръонда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати – ҳадисларида ҳамда ўтган оқил ва фозиллар ҳикматларида қаттиқ ваъидлар – азоб ваъдалари ва дашномлар бордир.

Бу замонда ота-онага оқ бўлишнинг ажиб ва ғарийб шакллари кўпайди. Шунинг учун мен ота-онага оқ бўлиш ҳақидаги воқеий қиссаларни жамлашни лозим топдим. Бундай қиссалар қалбни қонатади, кўздан ёшлар оқизади.

Эҳтимол, Оллоҳ таоло мана шу қиссалар орқали аксар бандаларига фойда етказар, залолатларини кетказар. Ёлғиз Ёрдамчи ва Суянилгувчи Зот Оллоҳдир.


Иброҳим ибн Абдуллоҳ ал-Ҳозимий


Ота-онага оқ бўлишнинг кўриниш-суратлари


1. Хоҳ сўз билан, хоҳ амал билан бўлсин, Уларни йиғлатмоқ, хафа қилмоқ,.

2. Овозни кўтариш ва қўпол гапириш билан уларга ўдағайламоқ, дўқ-пўписа қилмоқ..

3. Уларнинг ишларидан уф тортиб, сиқилмоқ.

4. Уларнинг олдида қовоқ солиб, пешонани тириштирмоқ.

5. Ота-онага беписандлик ва таҳқир билан қараш.

6. Уларга иш буюрмоқ.

7. Она тайёрлаган таомни танқид қилиш.

8. Уй ишларида уларга ёрдам бермаслик.

9. Улар сўзлаётганда юзни бурмоқ.

10. Уларнинг фикрларини кам ҳисобга олмоқ.

11. Уларнинг ҳузурига кириш чоғида изн сўрамаслик.

12. Уларнинг олдида муаммоларни сўзламоқ.

13. Ота-онага одамлар олдида таъна қилиш, уларни ҳақоратлаш, айбларини айтиш.

14. Уларни сўкиб, лаънатлаш.

15. Ота-онанинг обрўсини тўкмоқ.

16. Кўп талаблар қўйиб, уларга юк бўлмоқ.

17. Ота-онадан кўра хотинга хизмат қилишни муқаддам қўйиш.

18. Муҳтожлик, ёки кексалик чоғларида уларни ёлғиз қолдирмоқ.

19. Уларга бўлган бўйнидаги масъулиятдан тонмоқ, улар зикр қилинишидан, ёки уларнинг фарзанди бўлганидан ҳаё қилмоқ.

20. Уриш билан уларга тажовуз қилмоқ.

21. Уларни қариялар уйига ташламоқ

22. Агар улар баъзи бир гуноҳларга аралашиб қолсалар улардан воз кечмоқ, уларга яхшилик қилишни, насиҳат қилишни тарк этмоқ.

23. Уларга бахиллик, хасислик қилмоқ.

24. Уларга қилган яхшиликларини миннат қилмоқ

25. Уларнинг молида берухсат олмоқ

26. Улар олдида оҳ-воҳ вилиб дардларини достон қилмоқ.

27. Уларнинг ўлишини орзу қилмоқ.

28. Уларни ўлдирмоқ, улардан қутулишга ҳаракат қилмоқ.

Оллоҳдан У Зотнинг ғазаби ва ёмон оқибатидан паноҳ сўраймиз.


Ота-онага оқ бўлишнинг ёмон асорати


1.Ота-онасига оқ бўлган жаннатга кирмайди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Оллоҳ таоло уч кимсага жаннатни ҳаром қилди (Ҳадис ниҳоясида) Ота-онасига оқ бўлганни (зикр қилди)”. Саҳиҳ ҳадис.

Яна у зот айтдилар: “Ота-онага оқ бўлган кимса жаннатга кирмайди”.

2. Оқ бўлган кимсанинг яхши амаллари қабул бўлмайди. 

3. Оқ бўлганга лаънат ўқилур. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ота-онасини ҳақорат қилганни Оллоҳ лаънатлар”.

4. Оқ бўлганнинг жазоси тезлашур. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Золимлик ва ота-онага оқ бўлиш Оллоҳ таоло Охиратда берадиган жазосидан аввал бу дунёнинг ўзида бу жиноят эгасига азобини тезлатишига энг лойиқ гуноҳдир”.

5. Оқ бўлганнинг ризқи кенг, умри узун бўлмас. 

6. Ота-онасига оқ бўлганнинг фарзандлари ҳам ўзига оқ бўлурлар. (Мана шу уларнинг қилмишларига) яраша жазодир!

7. Оқ бўлган кимсага ваъда қилинган қаттиқ азоб бордир.

8. Одамлар орасида ота-онасига оқ бўлганнинг номи хунук бўлур.

9. Оқ бўлганнинг ишлари юришмас, истаган нарсаси амалга ошмас. Ундайларга яхшилик эшиги беркилур.

10. Ота-она ўзларига оқ бўлган фарзандларини дуоибад қилурлар. Парвардигор уларнинг дуоларини ижобат этар. Ундай кимса дунё-ю Охиратда зиён топар. Мана шу очиқ зиёндир.

11. Ота-онасига оқ бўлганнинг ҳаёти қуйида келтирилажак ҳикоялардагидек аламли ва оғриқли ҳолда ниҳоя топар.


ОҚПАДАР ҲАҚИДА ҲИКОЯЛАР


Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Отам билан тун кечада Байтуллоҳни тавоф қилар эканмиз, бу пайтда кўзлар уйқуга кетган, овозлар тинган пайт эди. Баногоҳ атрофдан бир кишининг ҳазин ва аянчли овозда шеър ўқиётганини эшитилди.

Буни эшитган отам менга: Анави гуноҳлари учун Роббисидан афв сўраётган одамнинг сўзларини эшитдингми? Уни менинг олдимга олиб келсанг яхши бўлар эди, деди. Мен Байтуллоҳ атрофида юриб уни изладим ва мақоми Иброҳим олдида намоз ўқиётган ҳолда топдим. Унга: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччалари сизни сўраяпдилар, дедим. У намозини тугатиб менга эргашди. Отамнинг олдига келиб: Ота, мана ўша киши, дедим. Отам унга қараб: Кимсан?, деб сўради. 

У: Арабман, деди. 

Исминг нима? 

Исмим Манозил ибн Лоҳиқ. 

Нима бўлди, бошингга бирон иш тушдими? 

Менинг бошимга гуноҳлари умидсиз қилган, айблари адо қилган, ўзи эса хатолар денгизига шўнғиган одамнинг куни тушди. 

Отам унга: Менга ҳикоянгни сўзлаб бер, деди. У ҳикоясини бошлади:

Мен ўйин-кулгуга берилган ёш йигит чоғимда отам менга доим насиҳат қилар, ёшликнинг адашиш ва тойилишларидан эҳтиёт бўлишимни, Оллоҳнинг куч-қувват ва интиқоми золимлардан узоқ эмаслигини айтар эди. У ҳар гал менга насиҳат қилганида, мен уни урар эдим. Бир куни уни одатдагидан қаттиқроқ урдим. Шунда отам Байтуллоҳ олдига келиб, каъбапўшга осилганича мени дуойибад қилди.

Отам дуойибадини тугатмай туриб, мен мана бу дардга йўлиқдим деди ва ўнг томонини очди. Унинг ўнг томони шол бўлиб қолган эди.


Асмаъий айтади: Аъробийлардан бўлган бир кимса мана бу воқеани айтиб берди:

Мен энг яхши одам ким-у энг ота-онасига оқ бўлганлар кимлигини билиш мақсадида ўз маҳалламдан чиқиб бошқа маҳаллалар оралаб борар эканман, бир қари чолнинг олдидан чиқдим. Унинг бўйнида қудуқдан сув тортадиган челакнинг узун арқони бор эдики, у юкни ҳатто туя ҳам кўтара олмас эди. Бу айни туш пайти бўлиб, иссиқ қаттиқ қиздираётган эди. У чолнинг орқасида бир йигит турар, унинг қўлида арқондан қилинган қамчиси бўлиб, у билан чолни урар, ҳатто чолнинг орқаси арқоннинг зарбидан ёрилиб кетган эди. Мен бу ҳолатни кузатар эканман, йигитга: Оллоҳдан қўрқмайсанми, ахир бу қари чолку, уни жароҳатлаганинг етмагандек, нега уни яна уряпсан?, дедим. У пинагини ҳам бузмай: Бундан ташқари у менинг отам ҳам, деди. Мен: Оллоҳ сени яхшилик билан мукофотламасин, дедим. У: Жим бўл, бу одам, яъни отам ўз отасига шундай қилган, отаси эса бобосига, деди. Мен айтдим: Ҳақиқий оқпадар шудир.


Уламолардан бири айтади: Бир киши ўзининг кекса отасига хизмат қилишдан бош тортиб, уни саҳрога олиб чиқди. Бир харсанг тошни олдига етиб келишгач, бола отасини ўша ерга туширди. Ота сўради: Ўғлим, нима қилмоқчисан? Ўғил жавоб берди: Сизни сўймоқчиман.

Ота айтди: Қароринг қатъий экан, у ҳолда мени бу эмас, кейинги харсанг тош олдида сўйгин. Чунки мен ҳам отамга оқ бўлган ва уни ана шу харсанг олдида сўйган эдим. Сен учун ҳам ҳудди шунинг ўзи бўлади ўғлим.


У етим ўсди. Ўн икки ёшидаёқ отаси вафот этди. Онаси уни ўз қарамоғига олди. Онаизор қўни-қўшниларнинг уйларида ишлар, у ердан ошган овқатларни келтириб фарзандини едирар, эски кийимларни топиб келиб ўғлини кийинтирар эди. Ишлаб топган пулининг бир қисми билан уйнинг ижара ҳаққини тўласа, қолган қисмини еб-ичишга ишлатар эди.

уйида хизмат қилиб ҳолдан тойган она сил касалига мубтало бўлиб ётиб қолди. Уни едириб-ичириб, парвариш қилувчиси йўқлиги сабаб ҳукумат касалхонасига мурожаъат қилишга мажбур бўлди, чунки у ерда беморнинг овқатидан хабар олишар, касалини даволашар эди. Лекин баданини кемираётган дард азоби билан уйда ёлғиз қолган фарзандига чекаётган қайғу азобини бирга кўтаришга қурби етмас, у бир вақтнинг ўзида икки дардни – жисми ва нафсини емираётган азобни бошдан ўтказаётган эди.

У Охират диёрига риҳлат қилди. Бола эса эртаси йўқ инсонга айланди.

У ўқишни ташлади, қурилишда ишлашга мажбур бўлди. У аста-секинлик билан қурувчилик сир-синоатини ўрганди ва ҳеч қанча вақт ўтмай бу касбнинг устасига айланди. Бу орада унинг иқтисодий аҳволи ҳам яхшиланиб, мамнун ҳаёт кечира бошлади.

Кунларнинг бирида у уйланишга қарор қилди. Қурувчиликдаги устозининг ҳузурига бориб, унинг қизини қўлини сўради. Устоз рози бўлгач, тўй бўлиб, келин куёвникига олиб келинди.

Йиллар ўтди. Энди унинг уйи, жуфти ҳалоли, фарзандлари бор эди. У касбининг моҳир устаси, ўз ишида омонатдорлиги, бўйнидаги ишни ихлос билан бажариши билан машҳур эди.

Унинг мижозлари кўп бўлиб, хафтада етти кун ишлар, бирор кун ҳам, балки бир соат ҳам дам олмас, шундай қилишга мажбур ҳам эди. Чунки у йил сайин катталашаётган оиласига кунлик иш ҳақини етказиши керак эди.

У фарзандлари таълим олишини жуда истар, аёли, фарзандларига: Мен ҳаётимда кўп машаққат чекдим, бундан кейинги ҳаётимда ҳам, Оллоҳнинг изни билан у дунёга риҳлат қилганимдан кейин ҳам роҳат топишни истайман, дер эди.


Унинг ўғли Бакр университетга ўқишга кирди, кейин эса давлат ишига жойлашди. 

Ота эллик ёшни қаршилаган бўлса-да, ўз касбида давом этар, унинг дарди, заифлиги кўпайган сари, шуҳрати ҳам кўпайиб борар эди.

Ўғли ўз курсдошига уйланди. Янг келин эрига ота-онасининг уйини ташлаб, ўзларига муносиб бошқа уйни ижарага олишни, янги машина сотиб олишни, янги уйларини қимматбаҳо гилам-тўшаклар, музлатгич, кир ювиш анжомлари билан тўлдиришни шарт қилиб қўйган эди.

Бакр аёлининг сўзларига сўзсиз бўйинсунар, чунки унинг хотини машҳур бой оиладан бўлиб, унинг буйруқларини ҳеч бир эътироз ва тортишувсиз бажариши лозим эди.

У бўйнига юкланган катта қарзлардан машаққат чека бошлади. Уйнинг ижара, сув, электр, телефон ҳақларини бериш унинг зиммасида эди. Унинг молиявий ишлари чалкашиб кетди. Бўйнидаги бу машаққатларни енгиллатадиган бирор чора излаб топмоғи керак эди.

Ота фарзандининг қарзларини бир қисмини узишга кўмаклашишни истар эди-ю, лекин унинг ҳам ўз уйи, мактабда ўқиётган фарзандларига қараш масъулияти бор эди. У фарзандига ёрдам беришдан ожиз эди. шунинг учун у фарзанди ҳақида устма-уст ғам остида эди - биринчиси оталик шуъури бўлса, иккинчиси унга ёрдам бера олмаётгани эди.

Фарзандининг хотини топган маоши ўзининг шахсий эҳтиёжидан ошмас, унинг шахсий эҳтиёжларига эса қуйидагилар кирар эди: Кийим-кечак, пардоз-андоз ашёлари, меҳмондорчилик, кўнгил очар тантаналар...


У ўзи ишлайдиган вазирликдаги уй-жой қурилиш жамиятидан озгина ерга эгалик қилар эди. Ота фарзандига ўша ерга уй қуриб беришга бел боғлаб, қурилиш ашёлари, уста ҳақларини беришни ўз зиммасига олди. Қурилиш бошланди. Бино кундан-кунга кўтарилиб, икки йил ичида бино тўла битказилди.

Ота иш бошида ўғил-қизлари вояга етиб, ўғиллари ишда ишлаб, қизлари турмушга чиқишгани, уйда кампири билан ёлғиз қолганлари сабаб, ўғли билан қурилажак янги уйда бирга яшашларини айтган эди.

Тўсатдан отанинг кампири вафот этди. Ота ёлғиз қолди.

Фарзанд янги уйга кўчиб ўтаркан, у билан бирга отаси ҳам кўчиб ўтди. Ота олтмиш ёшни қоралаган бўлиб, турли дардларга чалиниб, касбини давом эттиришга кучи етмай қолган эди.

Фарзанднинг бу қари бекорчи отаси билан бўлган муамоласида муаммолар кўрина бошланди. Бу муаммолар кундан-кунга катталашар, ҳатто бундай оилавий ҳаётга тоқат қилиб бўлмай қолган эди.

Қайнотаси улар билан бирга бир ҳовлида бўлиши келиннинг жонига теккан эди. У гоҳо қайнотасини унинг шахсий ишларига аралашишда айбласа, гоҳо унга хизмат қила олмаслигини айтар, бир сафар қайнотаси ҳавони булғаб, болаларига касал юқтиришлигини туҳмат қилса, бошқа сафар муомалани билмаслик, маданиятсизликда айблар эди.

Ахийри у вулқон каби портлаб, эрига деди: Бу ҳовлида ё мен, ёки отанггиз туради, биттасини танланг!


Ота фарзандининг уйини икки йилда қуриб битказди. Ваҳоланки у икки ойда ҳам битказиши мумкин эди.

У ҳар куни шериклар – шогирдлари билан мижозларнинг ишини қилар, бир мижознинг ишини тугатгач, озгина дам олиб, кейинги – янги ишни бошлар, унинг бундай қилишига сабаб, ўғлининг уйини битказиш учун пул тўплаш эди. чунки у ўғлининг уйини ўз пулига қуриб беришга сўз берган эди.

У ҳар ҳафта жумъа куни эрталаб ўғлининг уйидаги қурилишни давом эттириш учун ёрдамчилар билан бирга у ерга келар, ишни эрталаб бошлаб, туннинг биринчи хўроз қичқирган пайтида тугатишар эди.. Бу ҳафтада бир кун бўлганлиги сабаб, ишда бошлиқ, устоз ҳамда бинокорликни ўргатишда оталик қилганлиги сабаб, шогирдлари бир кунлик иш ҳақини олишдан кечишар эди.

Уни қишда тумов ва бош оғриш касали безовта қилар, ана шундай ҳолда ҳам ишдан ўзини олиб қочмас эди.

У фарзандининг уйида ишлаш мобайнида ҳафталик иш ҳақини уйига жўнатиш ўрнига, у пулларни бино учун керак бўлган нарсаларга ишлатар, ҳамда мижозларининг қурилишида ошиб қолган қурилиш ашёларини мижозларнинг ўзлари устани ҳурмат қилганлари учун бекорга беришар эди.

Қандай бўлмасин, ота фарзандининг уйини ўз пешона тери ҳамда ўзи ва оиласининг ейиш-ичиши, саломатлигининг ҳисобига қуриб битказишга муваффақ бўлди.

Лекин у янги уйга кўчгач, касал бўлиб қолди, ўғлининг хотини – келини билан муаммолар пайдо бўлди. Келин тўла эркинликни қўлга киритиш ҳамда ҳовлига кириб-чиқишда бемалол бўлиш учун бу ҳовлида ёлғиз ўзи эркин нафас олишни истар эди.

Эр-хотин оилавий овқатланиб бўлганларидан сўнг, ота улардан ошган овқатларни бир ўзи тановул қилар эди.

У бу уйга кирганидан буён кийимлари юавилмаган, уларни ташқаридаги бир қари хотин ҳақ эвазига ювиб берар эди.

Отанинг тўшаги ҳовлига биринчи келганида қандай бўлса шундай ҳолда бўлиб, унинг хонасини ҳеч ким тозаламас эди.

Фарзанди ҳам отасини унга ошган овқатларни олиб келгандагина кўрар, отаси унга бирор таомни ейиш истагидалигини айтса, у зарда қилиб, имкони йўқлигини, истаган овқатини қилиб бера олмаслигини айтар эди.

Дард қийнаб, оғриқ қаттиқлашгач, ота боласидан уни табибга олиб боришини сўради, бола эса жеркиганича, табиб унга ҳеч нарса қилиб бера олмаслигини айтди.

Келини эса қайнотасининг хонасига кирмас, ҳолидан хабар олмас, унга бир сўз ҳам демас эди. Фарзандларига ҳам бувасини кўриш, ҳатто у ётган хонага киришни манъ қилиб қўйган эди.


Фарзанд хотинини қувонтириш ҳамда унга берган ваъдасини бажариш учун, отани уйдан ҳайдаш мақсадида у ётган хонага кирди.

Бу воқеа қиш ойларининг қаттиқ совуқли кунида – асрдан кейин соат тўртлар чамасида бўлган эди.

Касалманд кекса отага дард қаттиқ келган эди. Уни кўкйўтал дарди, қисма касали қийнар, бундан ташқари унда қанд касали, нафас қисилиш, тумов дарди ҳам бор эди.

У отасига бир сўз демай, уни кир, бурдаланган тўшагига ўраганича, увадаси чиққан тўшакни ерда судради. Ота йиғлар, бу пайтда у уйдан кўчага олиб чиқилган эди. У отаси ўралган тўшакни зарб билан кўчага улоқтирди.

Тўшак ичидаги касалманд ота кўча бошига тушди. Бу пайтда совуқ қаттиқ, ёмғир қуяр эди.

Шундан сўнг оқпадар фарзанд уйга кириб, эшикни қулфлади, сўнгра худди кескин жангда ғалаба қозонган киши каби иссиқ уйга шошилди. Аёл эрининг бу ботирлигидан хурсанд бўлиб унга табассум ҳадя этди. Отасидан уни афзал кўрганлигига жавобан уни иссиқ чой билан сийлади.

Кўчадан ўтган одмлар ёмғир билан жиққа хўл бўлган тўшак атрофида тўпланишди. Тўшакни очганларида унинг ичидаги инсон ҳаётдан кўз юмган эди.

Шундан кейин бир гуруҳ полициячилар келиб, мурданинг оғзи ва бошидан оққан қонни топишди. Бу қон доғлари тўшак деб аталувчи увадаси чиққан матога ўрнаб қолган эди. 

Фарзанд ўз отасини ўлдиришда айбланиб суд маҳкамасига олиб келиниб, унга умрбод қамоқ жазоси белгиланди. Аёли эса фарзандларини олиб ўзининг ота уйига кетди. Ҳовли ҳеч ким яшамайдиган жойга айланди.

Ҳовлига текинга ижарачи қўйилди.


Оқпадар фарзанд ўн беш йилдан бери турмада ўтирар, аёли уни йилда бир ёки икки марта кўргани келар эди.

Ҳукумат қарорига кўра маҳбусларга афв бериладиган бўлди. Қамоқҳона мудири маҳбуснинг аёлига унинг эри эртага афв муносабати билан қамоқдан озод қилинишини айтди.

Аёл фарзанди билан бирга эрини кутиб олиш учун қамоқхонага келди. Аёлнинг фарзанди қамоқхонада бир вазифада ишлар, онасини олиб шахсий машинасида келаётган эди. 

У отасини қамоқхона эшигидан чиқаётганини кўрди. Ота ҳам аёли билан ўғли у томон келаётганини кўрди. У аёли, фарзанди билан тезроқ кўришиш илинжида улар томон шошди. Бола эса машинасини отаси томон учирди.

Аммо, фавқулодда ҳолат сабабли боланинг машинаси отани даҳшатли тарзда уриб юборди. Ота ерга йиқилди. 

Бола саросимага тушиб, тормозни босиш ўрнига газни босиб юборди. Машина қўзғалиб, отанинг жасадини босиб ўтди.

Бола машинадан шошилганича тушди ва отасини охирги, сўнгги нафасини олаётганини кўрди. Отасининг оғзи ва бошидан қон оқар эди.

У отасини ўлдирди, отасининг оғзи, бошидан қон оқди. Кейин фарзанди уни ўлдирди, қон унинг оғзи ва бошидан оқди.

Ер ҳукмдори уни умрбод қамоқ жазосидан озод этган бир пайтда Еру осмон Ҳукмдори бўлган Оллоҳ уни қабрдаги абадий жазога қайтарди.

У ўлди, аёли шунгача тул бўлиб қолди ва абадул-абад шундай қолар. Отасини машинаси билан ўлдирган ўғил эса қамоққа олинди.

Ҳовлига келсак, у шу кунгача эгасиздир, ҳовлининг эгаси ҳам, ёки бирор бир ижарачи ҳам у уйга қадам босмади. У уйга ўша уйнинг эгаларидан бўлак биров кирмас. Одамлар: Бу уй бу ерда яшаган одамга бахтсизлик келтиради, дер эдилар. Бу ҳовли йигирма йил мана шундай ҳолда қолди. У уй сотилмас, ижарага ҳам берилмас. У биров қадам босмайдиган, инсон зоти яшамайдиган харобага айланган эди.

Бу уй қашқирлар маконига айланган эди. Бу уй, ўз атрофидагиларга қатл этилган отанинг оҳларини эслатар эди.

Ўз ота-онасига оқ бўлган фарзандга ҳалокат бўлсин!


Воил ўрта мактаб шаҳодатномасини қўлга киритди. Бу хабардан Воилдан кўра ота-онаси кўпроқ хурсанд бўлди. Чунки Воил уларнинг ёлғиз фарзанди, бу ҳаётдаги ягона орзулари эди. Воил Парижда тиббиёт фанини ўрганишни орзу қилар эди. Ота фарзандининг таклифига рози бўлди ва жигарбандининг орзусини амалга ошириш учун ҳам икки ҳисса ишлай бошлади. Воил тиббиётни ўрганиш мақсадида Париждаги “Сорбонна” университетига ўқишга кирди. Унинг отаси савдогарлик қилар, фарзандининг эҳтиёжларига пул юбориб турар эди. Воил университет яқинидаги фаранг оиласининг кичикроқ хонасини ижарага олди. Шундан сўнг Воил ўша оиланинг қизи билан дўстлашиб қолди, кунлар ўтиб улар ошиқ-маъшуққа айландилар. Қиз Воилнинг хонасига қачон истаса кираверар, ана шу пайтда бу иккисига шайтон қўшилиб, уларга гуноҳ-исённи чиройли кўрсатар, улар бир-бирларини телбаларча яхши кўрар эдилар. Воил севгилисини совға-ҳадяларга кўмиб ташлар, ота эса фарзандига керакли пулни тўла етказиб бериш учун кеча-ю кундуз тинмас, фарзанд у пулларга айш-у ишрат қилар эди. Воил қиз билан машғул бўлиб, бунинг таъсири дарсларида кўринаётган, ўртоқларидан ортда қолиб кетаётган эди. Йиллар ўтар, ота фарзандига пул юборишдан чарчамас, Она эрига ёлғиз фарзандини унутмасликни, унга керак бўлган нарсаларни юборишни айтиб турар, улар болалари нима ишлар қилиб юрганидан бехабар эдилар.

Кунларнинг бирида қиз Воилнинг олдига ўпкаси тўлганича йиғлаб келди. Кўнгли бузилган Воил уни тинчлантира бошлади ва унинг елкаларини аста сийпади. Қиз тинчлангач, Воил ундан йиғининг сабабини сўради. Шунда у: Отам мени уйдан ҳайдаб юборди, отам менинг балоғат ёшига етиб, мустақил бўлганимни, ўзим учун ўзим жон куйдиришим кераклигини, айтди, деди. 

Воил бу қиз билан қонуний никоҳланиш пайти келганлигини билди ва кейин афсус қилмаслик учун бир лаҳзани ҳам ғанимат билиб, унга уйланди. Воил оила тебратишни бўйнига олган эди. Шундан кейин у отасидан бу ерларда нархлар кўтарилиб кетганлиги сабаб кўпроқ пул жўнатишини сўради. Ота фарзандига пул жўнатишдан толмас, она эса уни ўз фарзандига бахиллик қилмасликка ундар эди. Охирги пулларни жўнатган отанинг ҳеч нарсаси қолмаган эди. У фарзандига энди қандай пул жўнатишини ўйлаб ҳайрон бўлиб қолди. Шунда онаси фарзандини, унинг келажагини ўйлаб, барча зеб-зийнатларини сотиб, пулини ўғлига жўнатди. Воил пул сўрашда давом этар, ота-онасига ёрдам бериш ҳақида ўйламас, унга энг муҳим нарса севимли маҳбубасига саховат қилиш учун қўлида жарақ-жарақ пул бўлиши эди.

Отанинг иқтисодий аҳволи танглашди, молиявий манбалари қулади. 

Воилнинг ўқиш муддати ҳам чўзилиб кетди. Ота-она бошдан ўтказган қийинчиликларини унуттирар, гўзал ҳаётларини қайтарар деган мақсадда фарзандларини сабрсизлик билан кутишар эди. Она эрини сабр қилишга ундар, ҳали саодатли кунлари олдинда эканлигини, Воил келгач уларга гўзал ҳаётларини қайтаришини айтар эди.

Фарзанд эса пул сўрашда давом этар эди.

Пул топа олмаган ота-она ҳовлини сотишга қарор қилишди, ўзлари эса кичикроқ уйни ижарага олишди. Пулни фарзандларига юборишди. Улар озгина муддатдан сўнг фарзандлари қайтгач, уларга қаср қуриб бериши ва улар унда бахтли ҳаёт кечиришларини орзу қилар эдилар.

Исрофгар бола пулни олиб, олди-ортига қарамай сарфлар эди. Холи танг бўлган ота-она энди фарзандларига бошқа пул жўната олишмас эди. Ота фарзандига мактуб жўнатиб, унга бошқа пул жўната олмаслигини, ҳовлини, ҳатто онасининг зийнатларини ҳам сотишганини, шунинг учун ўйлаб иш тутишини айтди.

Бундан ғазабланган Воил отасининг сўзларига ишонмади, отаси ҳақида ёмон ўйларга борди. Шайтон васваса қилди, унингча, отаси унинг келажагини барбод қилган эди. тошбағир бола ота-онасидан алоқасини узди. Ўқишини давом эттириш учун ишлай бошлади. Ўқишини тамомлагач, ватанига қайтди ва ўзи турган шаҳарда хусусий клиника очиш учун жамғарма йиғиш мақсадида тижоратини давом эттирди. Муроди ҳосил бўлиб, мол жамлади, белни маҳкам боғлаб, клиника барпо қилишга киришди. У фаранциялик аёли билан ўз ватанида яшар, уни биров, ҳатто ота-онаси ҳам ватанига қайтганини билишмас эди.

Мол-давлати кўпайган Воил Ота-онаси билан алоқа боғлашни ўйламас, мана бундай фаровон ҳаёт кечиришига сабаб бўлган ота-онасига нисбатан унинг томирларида гина-адоват қони оқар эди. 

Лекин Оллоҳ муҳлат берур, бехабар бўлмас. У Зот бандаларининг ишидан ғофил эмасдир. 

Воилнинг клиникасига унинг ота қадрдонларидан бири келишини Оллоҳ хоҳлади. У Воилни таниди, Воил эса уни танимади. У клиникадан чиқар экан, Воилнинг отасига унинг фарзанди ўқишдан қайтиб, ўз ватанида хусусий клиника очганининг хабарини етказиш учун у томон шошилди. Бу хабарни эшитган ота эшитганларига ишонмай, довдираб қолди. Дўсти эса рост сўзлаётганини айтди ва: Юргин, сенга унинг ишхонасини кўрсатаман, деди.

Ота дўсти билан кетар экан, фарзандининг бу ишидан даҳшатда қолди. Етиб келишгач, клиника дарвозасидаги пешёзувда фарзандининг исми ёзилганини кўриб, жигарбанди бўлмиш фарзандининг исини ҳидлагандек бўлди. Кўзига ёш келди. Бу саодат, қувонч кўз ёшлари эди. Клиниканинг иккинчи қаватига кўтарилдилар. Ота кўзларига ишонмас эди. Ва ниҳоят шунча узоқ айрилиқдан сўнг фарзандини кўрди. Соғинч алангасини ўчириш учун уни бағрига босмоқчи бўлди. У фарзандига яқинлашаркан, оқпадар бола сурбетларча бақириб деди: Жойинггиздан қимирламанг, менга яқинлашманг, аёлим сизни кўриб қолмасин, акс ҳолда мени писанд қилмай қўяди. 

Ота жойида қотиб қолди. Падаркуш фарзанд эса гапини давом эттирар эди: Мени эшитинг, мен сизга моддий томондан ёрдам қиламан, лекин сиз клиникадан узоқлашинг, сизни умуман кўришни истамайман!

Ота ўзининг бутун орзулари чиппакка чиққанини сезди. Унинг барча кутган нарсалари йўққа айланган эди. Ўзини тутиб, қатъийлик билан оқпадар фарзандига уни эшитган тоғ ҳам жойидан жилиб, тошлари учиб кетадиган сўзларни айтди: Сенга Оллоҳнинг, барча одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат Кунига қадар сенга Оллоҳнинг ғазаби бўлсин. Абадул абад бахтсиз бўлгайсан!

Фарзандининг юзига туфлади. Бу унинг қалбидаги фарзандига бўлган ўтни ўчирган эди. сўнгра: Оламлар Парвардигори бизни сендан беҳожат қилсин, деди.

Ота аёлининг олдига орзулари пучга чиққан ҳолда, алам ва мағлубият билан қайтдики, булар унинг жигарини парчалар эди. Бу шум хабарни эшитган она қаттиқ қайғуга ботди, узоқ йиғлади. 

Албатта бундай мажруҳ ва ярадор қалбдан чиққан қаттиқ дуоибаднинг натижаси бўлмоғи зарур эди.

Отанинг сўзлари оқпадар фарзандга, унинг қалбига таъсир этмади. Унинг қалби тош эди, балки у қоронғу тун зулматларидан ҳам қорароқ, қаттиқроқ эди.

Ишлаб чарчаган Воил дам олиш кунини мазмунли ўтказиш учун аёли билан саёҳатга чиқди. Тор кўчаларнинг бирида кетаётган машина тўсатдан сирғаниб кетиб, чуқур водийга қулаб тушди. Воил ҳам, аёли ҳам ўша заҳоти жон таслим қилишди. Бу хабар ота-онага етиб келди. Улар Билимдон Оллоҳ таоло мазлумнинг дуосини қайтармаслигига яна бир карра амин бўлдилар.


Бир кишининг ахлоқсиз аёли бор эди. Ўғил онасининг келинидан нолиб қилган насиҳатларини тингламас, чунки аёли унга ўз таъсирини ўтказиб бўлган эди. У аёл бошқа мамлакатдан эди. Уйланувчи одам мана шундай на аҳли-оиласи, на қариндош-уруғи таниш-маълум бўлмаган аёлга уйланишдан эҳтиёт бўлмоғи даркор. Зеро, бундай никоҳнинг оқибати ёмон бўлиши мумкиндир. Ўғил билан она ўртасидаги ихтилоф кескинлашганидан сўнг ўғил аёли ўргатганидек, онасидан қутулиш мақсадида уни ўлдиришни истади ва онасига: Мен билан бирга сайрга чиқмайсизми?, деди. Ўғлини яхшиликка ўзгараётганини кўрган она шодон ҳолда: Майли ўғлим, бораман, Оллоҳ сендан рози бўлсин, яхши ишларингга Оллоҳ сени муваффақ қилсин, деб дуо қилди. Она-бола машинага чиқиб саҳро томон кетдилар. Она ўғлини бундай ўзгарганлиги, уни сайрга олиб чиқиб кетаётганидан хурсанд бўлаётган бир пайтда ўғил онасига нисбатан ёмонликни дилига туккан эди. Ўғил машинани бошқариб кетар экан, умумий кўчалардан ўтиб, рулни қуруқлик, қумлик ҳамда ваҳшийларнинг маскани томон буриб, машинани ўша ерда тўхтатди ва онасига: Машинадан тушинг, деди. Она: Бизни меҳмондорчиликка чақирган одамнинг уйига етиб келдикми?, деб сўради. Ўғил: Бизни ҳеч ким меҳмондорчиликка чақирмаган, лекин мен сизни ўлдириш учун шундай йўл тутдим, чунки сиз мен билан аёлим ўртасига заҳар солдинггиз, деди. Она йиғлаб: У ҳолда мени уйда ёлғиз қолдириб, ўзинглар алоҳида яшанглар, деди. Ўғил: Йўқ, у ҳолда одамлар мени маломатлашади, агар ҳозир сизни ўлдирсам, биров билмайди, деди. Она: Ахир Оллоҳ қилаётган ишингни кўриб турибдику, У Зот сендан ҳам, аёлингдан ҳам ўч олади, деди. Ўғил масхаромуз оҳангда: У ҳолда Унга мен ҳақимда шикоят қилинг, деди. Шунда она бор овози билан: Қароринг қандай бўлмасин, мен ўлимдан қўрқмайман, чунки Оллоҳ таоло айтган: “қачон аæаëëаðи åòñа, óни áиðон ñоаò êåòãа ҳаì ñóðа оëìаéäиëаð, иëãаðи ҳаì қиëа оëìаéäиëаð”. (Юнус сураси, 49-оят)

Боласи уни ўлдирмоқчи эканлигини кўрган она: Ўғлим, бир оз муҳлат бер, икки ракаъат намоз ўқиб олай, ташаҳҳудга етганимда истасанг мени ўлдир, чунки мен мени ўлдираётган пайтингда сени кўришни истамайман, деди. Қиблага юзланган она Оллоҳга бўлган комил ишончдан дарак берувчи овоз билан Оллоҳу акбар, деди ва хушуъ билан намоз бошлади. Ўғил даҳшат ичида ўтирар эди. Оллоҳ эса қалблардаги яширин нарсаларни ҳам билар, У сирларни билгувчи, мазлумларга ёрдам берувчи Зотдир. У агар бирор нарсани хоҳласа унга бўл дер ва у нарса бўлар. Намоз ўқиётган она ташаҳҳудга етгач, ўғилнинг кўзлари қизариб, баданлари титрай бошлади. Шунда у ўнг ва сўл томонига қараб ҳеч кимни кўрмади. У онасининг ортида турар экан, қўлидаги тош билан онасининг бошига уриб иккига бўлмоқчи бўлган бир пайтда, она ўғли томонидан қаттиқ бир қичқириқни эшитди, нима бўлганини кўриш учун ортига ўгрилди... Ўғлини ер ютган эди, унинг оёқлари ерга ботган, қолган жасади ернинг устида эди, тош ушлаган қўли эса шол бўлган, бирор ҳаракатга қодир эмас эди. Бу ҳолни кўрган она яккаю ёлғиз ўғлининг бундай аҳволга тушгани учун фарёд уриб йиғлади... ўғлим... жигарбандим... эй Парвардигор ёлғиз фарзандимни нима қилиб қўйдинг? Сўнгра у нозик қўллари билан фарзандини меҳр билан қучиб: Боламнинг бошига бундай кўргулик тушиши ўрнига мен ўлсам кошки эди, деди. Ёлғиз Зот бўлган Оллоҳ мана бу онасига оқ бўлган фарзанддан ўч олган эди. Бу қиссада ўзгалар учун ибратлар бордир.


Шайх Алий Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтади:

Ишхонамда ўтирар эканман, ҳузуримга ёши катта бир киши кириб келди. Кексалиги сабаб юришга ҳам мажоли йўқ, оёғини зўрға судрар эди. Менга салом бериб, столга суяниб тўхтади, кейин ўтириб: Менинг ҳикоямни эшитишингизни ва менга зулм қилганларга чора кўришингизни сўрайман, деди. Мен: Марҳамат қилиб сўзланг, қулоғим сизда, дедим. У ҳикоясини бошлади:

Мен йигитлик чоғимда ҳалол, покиза эдим. Ҳар куни эрталаб уйдан чиқиб дўконимга борар, у ерда турп, бақлажон, узум каби сабзавот, меваларни сотар эдим. Топган фойдамни бир қисмига гўшт, нон сотиб олиб, ошиб қолган сабзавотларни уйга олиб борар, аёлим уларни пиширгач, еб-ичиб, Парвардигоримизнинг неъматларига ҳамду сано айтганча уйқуга ётар эдик. Бизлар ғам чекмас, эрта ҳақида ўйламас эдик, одамлар билан ҳам, ҳукумат билан ҳам ишимиз йўқ эди. Бировлардан нарса талаб қилмас, улар ҳам бизлардан бирор нарса талаб қилишмас эди. Мен мадрасада таълим олмаган бўлсам ҳам, фарз намозларни қандай ўқишни, пулларимни санашни билар эдим, шунинг ўзи менга кифоя эди. Ҳаётимни бировни алдамай, ўғрилик қилмай, ҳалол меҳнат қилиш билан ўтказдим. Лекин ҳаётимнинг кемтик жойи бизнинг фарзандимиз йўқлиги эди. Фарзанд кўриш учун барча воситаларни қўлладик... кейин эса ишимизни Оллоҳга топширдик. 

Кунлар, тунлар шу зайлда ўтиб борар эди. Кунларнинг бирида шодлик-хурсандчилик бизнинг уйимизни ҳам четлаб ўтмади. Ҳомиладор бўлган аёлимга ширин сўзлар айтиб, яхши парвариш қилиб, унга кўпроқ вақт ажрата бошладим. Биз кунлар, соатларни санар эдик. Ҳатто аёлимнинг тўлғоқ кечаси келгач, бутун тунни туғилажак фарзандни кутиш билан ўтказдим. Тонг ёришгач, шовқинни эшитдим. Аёлимга қараган доя менга шодон ҳолда ота бўлганим хушхабарини берди. Ўша пайтда ёнимда бир риёл бор эди, ўшани унга суюнчи қилиб бердим.

Фарзандимиз кулса, ҳаёт бизга кулгандек бўлар, йиғласа унинг йиғисидан уйимиз тебранар эди, касал бўлса, кунларимиз зулматга айланар, ҳаётимиз нотинч бўлар эди. У ўсган сари биз учун байрам бўлар, у ҳар гал бир сўз айтганида шодлик бизни ўраб олар эди. Агар у бирор нарсани истаса, унинг биргина истаги учун боримиздан кечар эдик... шундай қилиб у мактаб ёшига етди. Онаси: Боламиз катта бўлиб қолди, нима қиламиз?, деди. Мен: Уни дўконимга олиб бораман, у ерда ҳам яйрайди, ҳам менинг ишимни ўрганади, дедим.

Аёлим: Кўкатфуруш бўладими?, деди. Мен: Нима бўлибди, отасини ҳунаридан ор қиладими?, дедим. У: Йўқ, нега энди. Яхшиси уни қўшнимизнинг ўғли каби мактабга берамиз. Ахир ўғлимиз ҳукумат ишларида ишлаб, фалончилар каби костюм шимлар кийиб, раҳбар бўлиб юрса ёмонми?, деди. 

Аёлим қарорида қатъий туриб олганидан сўнг ўғлимни мактабга олиб бордим, бор пулим унинг китобларини олишга кетди. У синфининг биринчи қаторида ўтирар, устозлари ҳам уни яхши кўришар, қадрлашар эди.

Имтиҳонни аъло баҳоларга топшириб, бошланғич синфнинг гувоҳномасига эришгач, аёлимга: Мана ўғлимиз Иброҳим гувоҳномалик бўлди, энди етар, мен билан бирга дўконда ишлайди, дедим. Аёлим зарда билан: Дўконга ҳам ўт тушсин илойим, ўғлимизни шунча олган билимини, келажагини барбод қилмоқчимисиз? Гап тамом, мактабнинг иккинчи босқичига ўтади, деди. Мен: Эй хотин, сенга бу сўзларни ким ўргатди а? Билими, келажаги, деганинг нимаси?. Отаси, бобосининг ҳунарини менсимаяпсанми?, дедим. Аёлим ҳовуридан тушиб: Қўшнимиз ўз ўғлини билим олишини қанчалар исташини биласизми?, деди. Мен: Эй хотин, бизлар оддий одамлармиз, бизлар ўзгаларга тақлид қилмаймиз, дедим. 

Аёлимнинг оҳ-воҳидан сўнг ўғлимиз мактабнинг иккинчи босқичига ўтди. Чиқимлар кундан-кунга кўпаяр, аммо мен унга берган пулларимдан рози эдим. У бакалавр даражасига етди.

Мен ўғлимдан сўрадим: Энди бўлгандир? Ўғлим: Ҳа отажон бўлди. Энди Европага бормоқчиман, деди. Мен: Европа, қайси Европага?, деб сўрадим. У: Парижга, деди. Мен буни эшитиб: Оллоҳдан паноҳ сўрайман, кофир давлатга бормоқчимисан? Ахир бу бизга тўғри келмайдику?, дедим. Ўғлим, унга қўшилиб аёлим сўзларида қаттиқ туриб олишди. Аёлим менинг юмшамаётганимни кўргач, ўзининг келинлик зирак, узукларини сотди. Унинг бор мул-мулки шулар эди. Пулларни ўғлига берди. Ўғлим эса пулларни олиб, менга қарамасдан Парижга кетди.

Ўғлимнинг бу ишидан ғазабланган эдим, у билан бир муддат боғланмадим. Юборган хатларига ҳам жавоб бермадим. Лекин шундай давом эта олмас эдим. Қалбим юмшади. Унга хат юбордим, нима керак бўлса, тортинмай сўрашини айтдим. У доим сўрар эди. Менга йигирма лира жўнатинг... ўттиз лира.... ҳатто мен ва онаси иккимиз кун бўйи қуруқ нон есак ҳам, ўғлимизга сўраган нарсасини етказиб беришга ҳаракат қилар эдик

Унинг курсдошлари ҳар ёз ойида дам олиш учун уйларига келишар, ўғлимиздан эса дарак йўқ эди. Унга келишини, соғинганимизни айтсам, у дарси кўплигини, уйига келиб-кетиб вақтини бекорга сарфлашни истамаслигини айтар эди.

Кейин юз лира сўради... ундан кейин уч юз лира.

Тасаввур қилинг, дўконининг бор мол-мулки йигирма лирадан ошмайдиган, кунлик фойдаси бир лирагина бўлган оддий бир кўкатфурушда уч юз лира нима қилсин. Ниҳоят унга бунча пулни бера олмаслигимизни айтиб, ўртоқларига ўхшашни ҳаракат қилмаслигини, чунки уларнинг оиласи бой, бизлар эса камбағал эканлигимизни айтиб насиҳат қилдим.

Ҳовлини ярим баҳосига сотдим. Эшитяпсизми? Яшаётган ҳовлимни икки юз лирага сотдим. Бу ҳовлидан бошқа мени ҳеч қандай давлатим йўқ эди. Қолган юз лирани бир судхўр яҳудийдан ҳар ойда ҳар бир лира учун тўққиз танга тўлаш шарти билан олдим. Яъни ундан олган юз лирам йил охирида икки юз саксон лира бўлади. Ўғлимга бу пулларни юборар эканман, унга бошқа бир тийин ҳам бера олмаслигмини, шундоқ ҳам хонавайрон бўлганлигимни айтдим.

Шундан сўнг уч йилгача ундан хат-хабар келмади. Унга юборган хатларимга ҳам жавоб бермади.

Орадан ўтган етти йил ичида унинг юзини кўра олмадим, ҳовлидан ҳам ажралдим. Бу орада судхўр яҳудий ўз ҳақини сўраб келди. Мен унга қарзни тўлашдан ожиз эдим. У ҳукуматга менинг устимдан даъво қилди. Ҳукумат ҳам унинг ёнини олди. Чунки у уларга мен билмайдиган бир варақни кўрсатди. Давлат одамлари мендан: Шу вараққа сиз қўл қўйганмисиз, деб сўрашди. Мен тасдиқладим. Улар менга қарзимни тўлашимни, акс ҳолда қамоққа олинишимни айтишди. Мен қамалдим. Ҳа, мени қамадилар. Аёлим ёлғиз қолди. Уни Оллоҳга топширган эдим. Аёлим одамларни кирини ювиб, уйларда хизмат қиладиган хизматкорга айланди. Хорлик косасини қултумлаб ичди.

Қамоқдан чиққанимдан сўнг қўшниларимиздан бири менга: Ўғлинггизни эшитдинггизми, деди. Мен: Ўғлим. Қаерда у?, деб сўрадим. У: Ростдан хабаринггиз йўқми ёки ўзинггизни гўлликка соляпсизми? Ахир ўғлинггиз ҳукумат ишида катта вазифада ишлар, франциялик аёли билан хашаматли бир қасрда яшар эканку, деди. Шундан кейин аёлим билан сафар тадоригини кўриб, ўғлимизнинг олдига бориш учун йўлга чиқдик. Ўғлимизни худди кичкиналигидек бағримизга босиб, қучганимиздагина барча ғамларимиз кетиб, ҳаётимизнинг мазмуни қайтиши мумкиндек эди. Зеро, мана бундай узоқ айрилиқ сабаб бизлар унга ниҳоят даражада ташна бўлган эдик. Ўғлимиз турган хонадонни топиб бориб эшикни тақиллатдик. Эшикни бир хизматкор аёл очди. Бизнинг афт-ангоримизни кўриб ҳайратга тушди ва: Сизларга ким керак, деди. Бизларга Иброҳим кераклигини айтдик. У: Иброҳим жаноблари сиздай ғарибларни уйларида қабул қилмайди. Девонга боринглар, деди. Мен: Кимни ғариблар деяпсан, эй ақли йўқ аёл, мен унинг отасиман, бу эса онаси, дедим. 

Шовқинни эшитгач, ичкаридан Иброҳимнинг ўзи чиқди ва хизматкоридан: Булар кимлар, деб сўради. Иброҳимнинг ортида бир чиройлик фаранглик аёли ҳам турар эди. 

Аёлим ўғлини кўриб йиғлади ва: Иброҳим, ўғлим, деб қўлларини у томон чўзиб, ўзини унга ташламоқчи бўлди. Иброҳим эса бунга йўл қўймади ва кийимини қоқиб, аёлига французча бир иккита сўзни айтди. Кейин билсак, у айтган сўзлар “мажнунлар” маъносини англатар экан.

Иброҳим ичкарига кириб кетар экан, хизматкорига бизларни ҳайдаб юборишини айтди. Бизлар ўз фарзандимизнинг уйидан ҳайдалдик.

Мен эса унга эргашиб, қўлидан ушламоқчи бўлганимда у, агар бирортасига мен унинг отаси эканлигимни айтсам, ўлдиришини айтди ва: Эй киши, мендан нима истайсан, пулми? Мен сенга ойлик тайинлайман, фақат шарт шуки, менинг олдимга бошқа келмайсан, мен отангман демайсан, деди.

Мен унинг берадиган пулини олмадим ва ҳолимиздан шикоят қилиб сизнинг олдинггизга келдим.

Мен бу кишидан: Ўғлингизнинг исмини ва қандай ишда ишлашини айтинг, деб сўрадим. У менга норози қиёфада қараб: Мени ўлдиришни истайсизми?, деди. Мен, ҳукм даъво кўриб чиқилгандан кейин ўқилишини, даъво эса унинг ўғлини исмини билмай туриб кўрилмаслигини айтдим.

У: У ҳолда Оллоҳ азза ва жаллага шикоят қилишдан бошқа чорам йўқ экан, Ундан мана бу оқ бўлган фарзанддан ўчимни олиб беришини сўрайман, деди ва оёғини умидсиз ҳолда судраганча хонани тарк этди ва шундан кейин қайтиб келмади.

Аммо унинг ўғлига келсак, отасига нима қилган бўлса, фарзандидан ҳам шуни кўриши аниқдир, айтадиларку, не кўргазсанг шуни кўрасан.


У яна қўпол муомала қилди, онасининг юзига қараб бақирди, уни сўкди, ҳақорат қилди.

Оллоҳ берган куч-қувватни зулмга, ноҳақ бўлса ҳам ўз фикрида туриб олишдек қайсарликка сарфлади.

Онаси унга доим бундай қўпол, зулмкор бўлмаслигини айтиб насиҳат қилар эди. Атрофидаги ҳамма, ҳатто аёли ҳам унинг қўполлиги сабаб қайтиб келмайдиган бўлиб уйига кетган эди.

Ҳурмат-эътиборга муҳтож она гўё ўғлининг хизматчисидек бўлиб қолди. 

Она Оллоҳдан ўз жигарбандининг аҳволини ўнглаб, Тўғри Йўлга бошлашини сўраб неча маротаба кўзёш тўкди. Ахир у нима бўлганда ҳам якка-ю ёлғиз фарзанди. Шояд Оллоҳ унга ҳидоят берса. Лекин туғён уни одамгарчиликдан чиқарган эди.

Бир куни у онасининг олдига ёмон бир алфозда кириб келиб, унга қичқирди: Ҳалиям кечки овқатни тайёрламадинггизми?

Қарилик, дард ва қайғудан қадди букилган онаизор оёқ-қўли титраганича, кўзининг оқу қораси бўлмиш фарзанди учун овқат тайёрлашга турди. Ўғил таомни кўриб, ёқмагани сабаб ерга отиб юборди ва ғазаб отига минганича онасига деди: Сиз ҳеч нарсани яхши тайёрлай олмайсиз, куним энди сиз – оқсоч кампирга қолди. Билмадим сиздан қачон қутулар эканман.

Она йиғлади: Болам, Оллоҳдан, дузахдан қўрқгин. Ахир Оллоҳнинг ғазабидан наҳот қўрқмасанг. Ахир Оллоҳ таоло ота-онага оқ бўлишдан қайтарганку, сени қарғашимдан қўрқмайсанми?

Онанинг бу гаплари унинг ғазабини, мажнунлигини янаям оширди ва онасининг кийимиларидан қаттиқ тортганича, ўзи томон буриб деди: Мен сизни насиҳатларинггизга зор эмасман, Оллоҳдан қўрқ деган гапларингизни менга айтманг, деди ва уни итариб юборди. Она юзтубан ҳолда ерга тушди. Ана шу онда унинг йиғиси истеҳзо кулгисига аралашди. Ўғил онасининг истеҳзо аралаш кулаётганини кўриб: Энди мени дуоибад қилар эмиш, худди Оллоҳ унинг дуоларини ижобат қиладигандек, деб онасини масхарлаганича уйидан чиқиб кетди. Дарҳақиқат, унинг қалби тошга айланган эди.

Шундан сўнг ўғил машинасини ҳайдаб кетди. У радиодан таралаётган куйни баланд қўйганича шодон кетар эди. У уйда ғамгин ҳолда қолган мискина онасига қилган ишларини унутган эди. 

Ўғлининг бу қилиқларидан онанинг қалби вайрон, дилини алам ўртар, кошки эди, агар у шу фарзандини дунёга келтирмаганида уни дуоибад қилмас, балки Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил, деган бўлар эди.

У машинасида тезликни оширганча кетар экан, тўсатдан рўпарасидан туя чиқиб қолди. У тараддудга тушиб, мувозанатни йўқотди. Ўзини ўнгламоқчи бўлди, лекин тақдирдан қочиб бўлмас эди. Машинанинг синган темирларидан бир бўлаги унинг ичига кириб кетди. У ўлмади. Оллоҳ унга муҳлат берган эди. У бир операциядан иккинчисига кўчиб юраверди. Тўшакка михланиб ётиб қолди. Ҳаракатдан мосуво бўлди. Сўздан қолди. У ўзгаларга ибрат бўлсин учун ана шу ҳолида қолди.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтади:

Фақат уч инсон бешикдалик чоғида сўзлаган, шулардан бири Ийсо ибн Марям ва Журайждир. Журайж ибодатли бўлиб, бир кулбани ўзи учун ибодатхона қилиб олган эди. Кунларнинг бирида ўша кулбага Журайжнинг онаси келиб уни чақирди. Бу пайтда Журайж намоз ўқиётган эди. Онасининг чақираётганини эшитиб Парвардигорга нидо қилди: Эй Парвардигор, онамни дейми, ёки намозни. У шундай деб намозини давом эттираверди. Онаси боласи жавоб бермаганидан кейин қайтиб кетди. Эртаси, ҳам шу ҳол такрорланди. Учинчи куни ҳам жавоб бермагач, она фарзандини дуоибад қилди.

Бани Исроил Журайжнинг ибодати ҳақида музокара қилшар экан, уларнинг орасига гўзал бир бузуқ аёл қўшилиб деди: Агар истасанглар, уни йўлдан уришим мумкин. Шундан сўнг у Журайжнинг ёнига борди, лекин Журайж унга қайрилиб ҳам қарамади. Шунда у бузуқ аёл ибодатхонага келиб турадиган бир чўпон билан дон олишди. Ундан ҳомиладор бўлгач, одамларга бу ҳомиласи Журайждан эканини айтиб жар солди. Бани Исроил Журайжга лаънат ёғдирдилар, ибодатхонасини вайрон қилишди, уни уришди ҳам. Ҳеч нарсадан хабари йўқ Журайж улардан бунинг боисини сўради. Улар: Сен мана бу бузуқ аёл билан зино қилдинг, у эса сендан бола кўрди, дейишди. Журайж: Бола қани, деб сўради. Болани олиб келишди. Журайж: Намоз ўқиб олгунимча менга тегманглар, деди ва намозини ўқиб бўлгач, гўдакнинг олдига келиб, унинг қорнига қўлини тираб: Эй бола, отанг ким?, деб сўради. Шунда гўдак тилга кириб: Менинг отам фалончи чўпон, деди. Шундан сўнг бани Исроил Журайжнинг олдига келиб, унинг кийим-бошини қоқишди ва: Сенга олтин-кумушдан ибодатхона қуриб берамиз, дейишди. Журайж: Йўқ, менга аввалги ибодатхонамни тиклаб беринглар, деди. Улар шундай қилишди.


Савдогарлардан бири ҳар йили Рўза ва Қурбон ҳайит арафасида катта бузоқ сўйиб фақирларга тарқатишни одат қилган эди. Ўз насибаларини олган камбағаллар уни дуо қилар ва шу кун ўзгача тус олар эди. Савдогарнинг ёрдамчилари йиғилиб, узун саф тортган муҳтожларнинг бирма-бир исмларини айтар ва ҳар бирларига гўшт солинган халталарни тутқазар, унинг ҳақига раҳмат, санолар ёғилар эди. Бу савдогар қишлоқдан шаҳарга кўчиб келиб, шу ерда ўз тижоратини юргизган эди. Бирортаси унинг ота-онаси ёки кўчиб кетган қишлоғи ҳақида маълумотга эга эмас эди. Омад унга кулиб боқиб, обрўли савдогарга айланди ва шу орада бой хонадонга куёв ҳам бўлди.

Кунларнинг бирида, тўғрироғи ана шундай эҳсон кунларининг бирида савдогарнинг олдига кутилмаган бир меҳмон келди. У савдогарнинг ота-онаси яшайдиган қишлоқдан бўлиб, хамқишлоғининг бундай обрў-мартабаси, сахийлигини кўргач, яширган сирни очмасликка тоқат қила олмади ва савдогарни ҳоли топиб унга пичирлаганча деди: Мана бу гўштлардан берсанг, бугуноқ қишлоққа бориб уларни ота-онангга етказар эдим, деди. Буни эшитган савдогарнинг рангги ўзгарди ва: Нималар деяпсиз, мен уларга нима керак бўлса доим етказаман, деди. Шунда ҳалиги одам унинг онаси муҳтожликдан фалончининг уйида хизматкорлик қилаётганини, кўпинча ундан ёрдам сўрашини айтди.

Савдогар уни одамлардан нарироққа олиб бориб деди: Мени одамларнинг орасида шарманда қилманг илтимос, ахир қайноталарим мени онам ҳам, ака-укам ҳар борлигини билишмайди. Агар улар менинг фақир оиламдан хабардор бўлишганида менга қизларини беришмас эди. Шунинг учун мен сир очилмасин деб қишлоқдан бутунлай алоқани уздим. Илтимос бу сирни бошқаларга айтманг, чунки мен обрўли одамман, менга ўтган кунларимни эслатманг.

У хамқишлоғининг гапларидан қайғурганича ортига қайтди.


Бу воқеа қадим ўтган замонда эмас, балки бизнинг замонимизда, тўғрироғи Даммом шаҳрида юз берган.

Бу воқеа шаҳар газеталарида ёритилган:

Йигирма тўрт ёшни қаршилаган бу йигит бир кун келиб уйқудан уйғонар чоғи, ўнг қўли шол бўлганлигини кўраман деб хаёлига ҳам келтирмаган эди. Лекин ота-онасининг ёлғизи бўлган бу бахтсиз боланинг бошига шундай фожиа тушди.

Муқаддас Ислом дини ота-онани ҳурмат қилиш, уларга эҳтиром кўрсатиш фарз эканлигини ҳар қанча уқтирмасин, у ота-онасини сўкиб, ҳақорат қилишни одат қилиб олган эди. Отасининг вафотидан сўнг унинг онасига бўлган қўполлиги зиёда бўлса бўлдики, камаймади. Онаизор унга дарсларини орқага сурилишига, адашишига сабабчи бўлаётган ёмон ўртоқларидан узоқ бўлишини айтиб насиҳат қилар эди. 

Ўғлининг унинг гапларига кўнишига ақли етмаган она тоғалари орқали уни тарбияламоқчи бўлди. Лекин бола тоғасини ҳам ҳақорат қилиб, унга беадаблик қилди. Ҳатто унинг ғазаби қўзиб этиги билан онасининг белига тепди.

Она бу оқпадар ўғлидан куйиб йиғлади ва уни дуоибад қилди. Фожеа иккинчи куни бўлди. Уйқудан уйғонган йигит ўнг қўли ҳаракатга келмаётганини сезди.

Хонасининг эшигини беркитиб ота-онасига қилган ҳурматсизликларини эслаб куну тун йиғлади. Қалби эриган она якка-ю ёлғиз жигарбандига шифо беришини сўраб Оллоҳга дуолар қилди.

Бу қиссасини изоҳлашга ҳожат йўқ, зеро, бу воқеа ҳар қандай изоҳдан устундир. Лекин мен бу қиссани ота-онасига оқ бўлган, ёки уларга уф деган, сўзларини қайтарган ҳар қандай фарзанд Оллоҳнинг Охират азобидан аввал бу дунёдаги азобидан қўрқсин учун айтдим.


Йигирма етти ёшли бу йигит ўтира олмайди. Йигит ҳикоя қилади:

Бир кун онам менга қариндошларимиздан бирнинг уйига олиб бориб келишимни сўради. Лекин бу менга ёқмади, бора олмаслигимни айтдим. Онам: Илтимос ўғлим, мени ўша қариндошимизникига олиб боргин, ахир уларни зиёрат қилиш менинг бурчим, деди. Мен: Хўп, фақат бир шартим бор, ўша жойга сиз билан бирга бориб, ярим соатдан кейин машинанинг сигналини бир маротаба чаламан, агар чиқмасанггиз ўзим кетавераман, дедим. Шундай қилиб у онасини айтилган жойга олиб борди. Ярим соат ўтгач, ўғил машина сигналини чалди, онаси чиқмагач, машинасини миниб кетди. У уловни елдак учириб кетар чоғида йўлда фалокат юз берди ва ўша фалокат сабабли ўтира олмайдиган бўлиб қолди, балки у бели ёки қорни билан ётар ва фақат бошинигина қимирлата олар эди. Оллоҳ унга шифо берсин.


Бу тул аёл ҳусну латофатини йўқотмаган бўлиб, ёлғиз фарзанди билан бирга яшар, балоғатга етган фарзандига бўлган муҳаббати сабабли бошқа турмуш қурмаган эди. Бу аёлнинг ёмон бир қўшниси бор эди. Ўша қўшниси бир куни уйда ёлғиз ўтирган аёлнинг ёнига келиб унга зўрлик қилмоқчи бўлди, у билан бирга бўлишини сўради. Оллоҳдан қўрққан аёл бунга рози бўлмади ва унга: Сенинг бу қилмишинг учун шармандангни чиқараман, ҳокимгача арз қиламан, деди. У буларни эшитиб шошилганича чиқиб кетар экан, дилида бу аёлга нисбатан ёмонликни тугиб қўйди. Шарманда бўлишдан қўрққанлиги сабаб бу аёл уни ҳокимга арз қилишидан аввал, ундан қутулиш чораларини ўйлади. 

Аёлнинг нодон ўғли ана шу ёмон қўшнининг қизини севиб қолган эди. Қизнинг қўлини отасидан ҳар қанча сўрамасин, у рози бўлмас эди. Шунда у йигитни ҳузурига чақиртириб деди: Сен мендан гўзал қизимнинг қўлини сўраётган эдинг. Мен сенга қизимни, унга қўшиб мол-давлатимнинг бир қисмини ҳам беришга қарор қилдим, лекин бир шартим бор, деди. Буларни эшитган йигитнинг боши осмонда, бир эмас минг шартига ҳам рози эди. У бир оз жим тургач, деди: Шарт шуки, менга онангни юрагини олиб келасан. Йигит даҳшатга тушди. Онамнинг юрагини??? Қўшни: Ҳа. Онанг қизимга уйланишингга рози бўлмайди, демак ундан қутулишинг керак. Сен эса қизимга уйланишни истайсан, қизимнинг ҳам сенда кўнгли бор. Биламан, сен йигитлар ичида энг кўркамисан, шунинг учун ҳам қизимни сенга бермоқчиман. Шартимга кўнсанг шаҳардаги энг чиройли уйда яшайсан, орзуйинг амалга ошади, деди. 

Узоқ жимлик, тараддуд ва ўй-фикрдан сўнг йигит бошини кўтарди ва: Шартинггизга розиман, деди. Қўшни унга ўткир ханжарини берди. Йигит кўзлари қизарган ҳолда онаси турган хонага кириб, уни ухлаётган ҳолда топди. Кейин у ҳанжарни онасининг кўксига санчиб, тезлик билан унинг юрагини суғуриб олди. Онасининг кўксидан оқаётган қон худди қувурдан тушаётган сув каби отилиб чиқаётганини кўрган фарзанднинг кўзи ярқ этиб очилиб фарёд урди, ўзини тутолмагани сабаб қўлида турган юрак ерга тушиб типирчилай бошлади. Йигит қичқирди. Ана шу пайтда Оллоҳ Ўз қудратини намойиш этди. Юрак тилга кирди: Болам, нега қичқиряпсан, бирон нима бўлдими? Йигитнинг бадани титради, сочлари тикка бўлди, юзи сарғайди ва бу қабиҳ жиноятдан қочиш учун ўзини ўлдирмоқчи бўлиб, ханжарни қўлига олди. Онаси томон қайрилди ва уни ўлимнинг охирги лаҳзаларида изтиробли лекин кескинлик билан мана бу сўзларни айтаётганини эшитди: Болам, менинг биринчи юрагим – қалбимни ўлдирдинг, энди иккинчи қалбимни ўлдирмагин, сен менинг иккинчи қалбимсан, ўзингни ўлдирма, менга бир мусибатнинг ўзи етади! Она ўзининг қотили бўлмиш фарзандига меҳр кўрсатганча ҳаётдан кўз юмди. Ҳукумат қўшни одам ва қотил фарзандни олий жазо – ўлим жазосига ҳукм қилди.

Бу воқеа ҳақиқат бўлиб, Шом саҳролари томонда юз берган. 


Муслима аёллардан бири бошидан ўтган аламли қиссани, ҳар бир сатрига надомат кўз ёши тўкилган ҳикоясини сўзлаб берди:

Мен - ёшгина қизча, бир қалби пок, софдил йигитга турмушга чиқдим. У ёлғиз онаси билан бир хонали уйда яшар, унинг онасига бўлган меҳри ҳамда юмшоқ феъллилиги ота-онам уни куёвликка муносиб кўришига туртки бўлди.

Тўйдан сўнг қайнонам билан қўшни бўлган хонада яшай бошладик. Эрим вақтини онаси ва мен билан баробар ўтказар эди. Кунлар ўтар ва менга эрим барча вақтини онаси учун сарфлаётгандек туюлар эди. Шунда мени ваҳший бир туйғу ўраб олди. Шайтон қалбимни васвасага солди. Эримдан яшашимиз учун бошқа кенг, катта уй излашини талаб қилдим. Бошида кўнмаган эрим мен оёқ тираб олганимдан сўнг кўнишга мажбур бўлди. Биз қайнонамнинг уйига яқин жойлашган иморатга кўчиб ўтдик. Хурсандчилигим узоққа чўзилмади, янги уйга кўчиб ўтганимиздан ҳеч қанча вақт ўтмай эрим фалокатга учраб, Охират диёрига равона бўлди. Оллоҳ уни раҳмат қилсин. Уч фарзанд – икки қиз ва бир ўғилнинг масъулиятини менинг бўйнимга юклаб кетди. Шундан сўнг фарзандларимни тарбиялаб, уларни ўқитдим. Оллоҳнинг инояти билан катта ўғлимни уйлантирдим. Уларни ёнимдаги хонага жойлаштирдим. Лекин... нени кўргазсанг шуни кўрурсан, деганлари тўғри экан! Ўғлим хотинини мендан устун кўрар эди. Ўғлим менга каттароқ уйда яшашга қизиқаётганини айтди. Ундан бизни ташлаб кетмаслигини илтимос қилдим. Оллоҳдан кейин ундан бошқа яқиним йўқлигини айтиб ёлвордим. Яхшиси улар катта уйга кўчишлигини, мен бошқа фарзандларим билан уларнинг уйига – кичик уйга кўчишимизни айтдим. Лекин у бошқа жойдан иморат қидиришини айтиб, оёқ тираб туриб олди ва биздан узоқ бўлган маҳаллага кўчиб ўтди. У гўё мен унинг бувисига – отасининг онасига қилган ишимнинг – онани ўз фарзандидан ажратганимнинг қарзини тўлаётгандек эди.

Зеро, бундай қарз Охиратдан аввал шу дунёнинг ўзида тўланмоғи даркор. Вақт ўтгандан кейинги надомат фойда бермас. Ўзгадан ибрат олган эса ақллидир.


У ота-онасининг бағрида эркатой бўлиб вояга етди. Ота вафотидан сўнг она унга ҳам оналик, ҳам оталик қилди. Йигит улғайиб, билаги кучга тўлди. Кишига айланди. Отаси унга мерос қолдирган бойлик ёрдамида тижоратни йўлга қўйди. Онанинг дуолари унга ҳар жойда ҳамроҳ эди. У бирор бир ишга қадам босмасин, онаси уни ўша ишида муваффақият топишини тилаб дуо қилар ва ана шу дуолар сабаб унинг мол-давлати кўпаяр, тижорати кенгайиб борар эди. Она фарзандининг барча ишларига эътибор қаратган эди. Фарзанди хурсанд бўлса хурсанд, ғам чекса у ҳам ғам чекар эди. Унга ҳаётни чиройли кўрсатар, уни ишлашга ундар эди. Унинг катта бойликка эга бўлиши ва одамлар орасида шуҳрат топишига аввало Оллоҳ сўнгра ана шу муштипар она сабабчи эди.

Она фарзанди уйланиб, унинг фарзандларини кўрсагина бахтиёрлиги бутун бўлишини, фарзандининг ўз оиласи барпо бўлганини кўришдан завқ олишини билгани сабабли фарзандига келин олмоқ учун ҳалол қизни излади. Фарзанд эса онаси кўрсатган қизга рози бўлмай, ўзи танлаган қиз билан турмуш қурди. У бахтиёр эди. Аммо онанинг бахтиёрлиги буюкроқ эди. Она Оллоҳдан фарзанди учун солиҳ зурриёт ато этишини сўраб дуолар қилди. Оллоҳ унинг дуоларини ижобат этиб, фарзандига икки фарзандни берди. Ота фарзандларини ўзидан ҳам яхши кўрар, уларнинг роҳати учун тунларни бедор ўтказар эди. Икки фарзанд вояга етиб, йигит бўлдилар. Она эса қариди, унга қараб, хизматларини қилувчига эҳтиёж сезди. Лекин фарзанд катта бойлик эгаси бўлишига қарамасдан бундан бош тортди. У онасига бир хизматчи ёллашга пулини аяди. У ўзини онаси билан бирга яшашдан сиқилаётганини сезди, ундан қутулиш йўлларини излади. Тоқати тоқ бўлган фарзанд ўз онасини қариялар уйига ташлаб келди.

Бундай фарзандга ҳалокат бўлсин. Қайси фарзанд ўз онасини қариялар уйига ташлайди. Онанинг бедорликлари, сабр-бардоши, изтироб ва меҳр-шафқатига жавоб шуми?! Буларнинг барчаси шамолдай совурилди. Эй ноқобил фарзанд, сени деб бор куч-ғайратини сарфлаган онангни топган мукофоти шу бўлдими? Сенга минг бора ҳалокат бўлсин.

Кунларнинг бирида фарзанд бир дўстини зиёрат қилмоқ ва шу баҳонада дўстини ўз сиридан воқиф қилмоқ мақсадида уникига борди. Ўзининг омадсизликларидан сиқилгандай бўлиб деди: Қара дўстим, онамни қариялар уйига жойлаганимдан сўнг жуда кўп қариндош-уруғларим, яқин-узоқ дўстларим мени маломат қилдилар. Дўсти бундан даҳшатга тушиб: Ўз туққан онангни қариялар уйига жойладингми? Нима учун?, деганича саволларни ёғдириб ташлади. У эса: Бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ. У ҳолда ҳукумат ўзи бундай жойларни нимага очган?, деди.

Дўсти бу гаплардан ёқа ушлаб: Субҳоналлоҳ, Оллоҳим ғазабингни бизларга юборма. Шундай мол-давлат, обрў-эътибор эгаси бўла туриб онангдан ёрдам қўлингни тортдингми. Ахир сенинг бундай муваффақиятга эришишингга ўша онанг сабабчи эмасми? Яхшилаб ўйлагин, Оллоҳдан мағфират сўра. Онангни олдига бориб оёқларини ўп. Оллоҳга тавба қил. Онангни уйга олиб келиб унга хизматчи ёллагин, уни бахтиёр қилгин, дея дўстлик насиҳатларини қилди.

Оқ бўлган фарзанд дўстининг бу гапларидан сиқилиб деди: Биродар, агар яна менинг дардимни янгилайдиган бўлсанг, мен сени танимайман.

Дўсти эса: Бу нарса мени хафа қилмайди. Балки сендек ўз онасига оқ бўлган кимса билан дўст бўлмоқ мен учун ордир, деди.

Кунлар ўтиб борар эди. Қариялар уйида қолган онани ҳеч ким кўргани келмас, онанинг эса касал бўлмаган куни йўқ эди. Дард унга оғир келди, уни биров йўқламади. Қариялар уйидан касалхонага кўчирилди. Шунда ҳам фарзандни кўнгли юмшамади. Қариндош-уруғлари, фарзандлари унга онасини зиёрат қилишини қанча айтишмасин, у бундан бош тортди, кибри бунга йўл қўймади. Онанинг дарди зўрайгандан зўрайиб, ажал онлари яқинлашди. Онаси ўлим соатларида турганини билган бетавфиқ фарзанд тавба қилиш, онасидан кечирим сўраш ўрнига бировга билдирмай шаҳардан чиқиб кетди. Онаси вафот этиб, дафн этилганини эшитгандан сўнггина ортига қайтди. У эккан нарсаларининг меваларини териш учун қайтган эди. Эккан нарсаси бунча ҳам ёмон бўлмаса. Дарҳақиқат у оқлик ва исённи эккан эди, энди у нимани териб олади? Натижа нима бўлади? Шубҳасиз, у бахтсиз ва бадбахтликни териб олур.

Ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳали онасининг қабри қуримай туриб, оқпадарнинг жигарбанди, энг суюкли ўғли автоҳалокатга учраб, қурбон бўлди. Бу фалокат отанинг юрагига ханжар санчгандек бўлди. Шундан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай иккинчи фарзанди – тижоратида ҳам, бошқа ишларида ёрдамчиси бўлган якка-ю ёлғизига бедаво дард йўлиқиб, тўшакка михланиб қолди. Шундан сўнг отани қўрқув ушлади, фарзанди учун даво излади, лекин буларнинг бари бефойда эди. Иккинчи фарзанди ҳам аввалгисининг олдига – у дунёга равона бўлди. Ота ёлғиз қолди. Унинг қанотлари синган, аҳволи оғир эди. Кенг ер унга тор бўлиб қолган эди. Тижорати касод бўлди. Ишчи, хизматкорлари хиёнат қила бошлади. Бу каби азоблар кундан-кунга кўпайиб борар эди. У экканини ўраётган эди. Охиратдаги уқубат қандай бўлиши эса Ёлғиз Оллоҳга аёндир.


Яқин ўтган кунларнинг бирида жоҳил, одобсиз бир бола бўлиб, отаси уни юмшоқлик билан ҳаром ишлардан қайтарар, фарзанд эса насиҳатни қабул қилмай отасининг юзига тик қараб бақирар эди. Ота фарзандининг одоби ҳақида масъул эканини билар, зеро, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Барчанггиз раҳбардирсиз, ҳар бир раҳбар ўз қўл остидагилар ҳақида масъулдир”, деб марҳамат қилганлар. Ўз аҳли-оиласининг бошлиғи ва уларга масъул бўлган ота ўғлига қаттиқ сўзлар айтди. Фарзанд эса отасига бақирибгина қолмай, уни ҳақорат қилди ва: Сиз бу насиҳатларинггиз билан фойдаси йўқ ишларни қиляпсиз, деди. Ота бундан қаттиқ ғазабланди. Шундан сўнг бола тўп ўйнаш учун чиқиб кетди. Ўйин пайтида тўп уй олдидаги сув қудуқ томон учиб кетди. Қудуқдан нохуш ҳид келар эди. Бола тўпига етиш учун унинг ортидан югурди. Қудуқ четига келгач, оёғи тойилиб қудуққа тушиб кетди. Шундан сўнг у бир оз аввал ўзи ҳақорат қилган отасини ёрдамга чақирди: Отажон ёрдам беринг!!! Меҳрибон ота ўғлининг овозни эшитиб шошилганича етиб келди ва фарзандини чўкиб ўлганини кўрди. Ота фарзандни аста кўтарди, бу пайтда одамлар тўпланган эди. Отанинг кўзидан ёш тўкилди ва атрофидаги одамларга: Мен фарзандимни яхши кўраман, мен унга насиҳат қилмоқчи эдим, лекин у насиҳатларимни қабул қилмади, мени ҳақорат қилди. Кейин ҳалок бўлди, деди. Сўнгра ўғлининг юзидан ўпди бу ўлим бўсаси эди. Ота йиғлар эди. 

Қиссадан ҳисса шуки, ўзни севган инсон ота-онага оқ бўлишдан, ёмон ошналардан узоқ бўлсин. Куч қувват Ёлғиз Оллоҳникидир.


Бир бола ўз онасини унга насиҳат қилгани учун ўлдирди ва бунинг оқибатида ақлдан озиб мажнунга айланди. У кўчаларда ялангоёқ, ярим яланғоч ҳолда юрар, ёш болалар уни ортидан майна қилишар эди. У ҳозир ҳам шу аҳволдадир. У бу шармандаликдан фақат ўлим билан қутула олиши мумкин. Лекин Оллоҳ таоло унинг қилган жинояти учун бу дунёнинг ўзида жазони тақдир қилган эди. Ҳар бир инсон бундан ибрат олмоғи лозим. Ақлли инсон ота-онага оқ бўлишдан сақланмоғи керак, акс ҳолда бундай кимса Охиратдан аввал шу дунёда ҳам жазоланиши муқаррардир.


Ёшлигимда отам ўтиб кетди. Онам мени парвариш қила бошлади. У бировларнинг уйида хизмат қилиб оиламизни боқар эди. Ёлғиз фарзанд бўлганим сабабли онам мени ўқишга берди. Университетни тамомладим. Шундан сўнг онам мени чет элга ўқишга жўнатди. Хайрлашар чоғида онам менга: Гапларимга қулоқ сол ўғлим, хабарлашиб туриш эсингдан чиқмасин, хат жўнатгин, саломатлигингни билиб тураман, деди.

Бир оз муддатдан сўнг ўқишимни тугатиб ғарб маданиятига ўрганган киши тимсолида уй    га қайтдим.

Юртимга келгач катта лавозимда ишладим. Кейин уйланиш учун қиз изладим. Онам менга диндор ўқимишли қизни топганига қарамасдан ўзим танлаган бой хонадоннинг гўзал қизига уйландим, чунки мен енгил-елпи ҳаётга ўрганган эдим.

Тўйдан олти ой ўтгач аёлим онамни ёқтирмай қолди. Бир куни уйга келсам аёлим йиғлаб ўтирибди. Сабабини суриштирдим. Аёлим: Бу уйда ё мен ёки онангиз туради. Ортиқ чидаёлмайман, деди. Ғазабим қўзиб ўша заҳоти онамни уйдан ҳайдаб юбордим. Онам уйдан чиқиб кетар экан менга қараб: Болам Оллоҳ сени бахтли қилсин, деди.

Она қалби қанчалар меҳрибон! Ёлғиз фарзандининг уйидан ҳайдалиб чиқиб кетаётиб ҳам фарзанди учун Оллоҳдан саодат сўрамоқда.

Озгинадан сўнг онамни излаб кўчага чиқдим, лекин топа олмадим. Уйга қайтдим. Аёлимнинг макри ва ўзимнинг жоҳиллигим менга бу мўътабар инсонни – онамни унутишимга сабаб бўлди.

Бир неча замон онамдан хабар бўлмади. Бу орада мен дардга йўлиқиб касалхонага тушиб қолдим. Буни эшитган онам мени кўргани касалхонага келди. Бу пайтда аёлим олдимда эди. У онамни мен ётган хонага киргизмади ва: Бу ерда ўғлинггиз йўқ. Бизлардан нима истайсиз ўзи, кетинг бу ердан, деб ҳайдаб юборди.

Онам қандай келган бўлса шундай қайтиб кетди.

Касалхонадан уйга қайтганимдан сўнг касалим яна қайталанди. Бу орада мен лавозимимдан, уйимдан айрилдим. Қарзга ботган эдим. Бундай бўлишига аёлим сабабчи эди. Охир оқибат суюкли аёлим менга: Сиз лавозимингиздан ҳам, мол-давлатингиздан ҳам айрилдинггиз, жамиятда ҳеч қандай ўрнинггиз қолмади. Хуллас мен сиз билан яшашни истамайман, мени талоқ қилинг, деди. 

Эшитганим бу сўзлар бошимга урган чақмоқдек бўлди. Ўша заҳоти уни талоқ қилдим. Чуқур уйқудан уйғониб, ташналикни сезганимдан сўнг онамни изладим, ниҳоят у зотни топдим. Лекин қаердан? Уни одамлар садақа билан кун кечирадиган бошпанаси бўлмаган жойдан топдим. Онам йиғлайвериб мадордан қолган эди. Онамни кўрибоқ ўзимни у зотнинг оёқлари остига ташладим. Йиғладим. Онам ҳам йиғлади. Бизлар шу алфозда бир соатча турдик. Шундан кейин онамни олиб келдим. Кейин эса Оллоҳнинг буйруқларига бўйинсуниб, қайтарган нарсаларидан қайтишга ва ўлгунимга қадар онамга итоат қилишга ўзимга сўз бердим.


Кўчаларнинг бирида ёш ўспирин буғдойранг, мушакдор бир йигит туриб, қўлидаги қалин асо билан олдидаги олтмиш ёшларни қоралаган, жисми ориқ кишини урар эди. Киши зарбдан шикоят қилмай жим турар эди. Атрофдагилар кишини йигитнинг қўлидан қутқармоқчи бўлиб, улардан бири йигитга деди: Ҳой бола, нега бу бечора одамни урсан, сен урадиган нима иш қилди?, деб сўради. Йигит уришда давом этар, уларга қарамас эди. Яна улардан бири: Бошқалар ҳам сенинг отангни шундай уришидан қўрқмайсанми?, деди ва одамларга қараб:Яхшиси бу йигитни отасига айтиб берамиз. Бунинг отасини ким танийди?, деди. Шунда бир салобатли киши ўртага чиқиб, секингина гапирди: Мен бу йигитни ҳам, отасини ҳам танийман. Йигит ураётган кимса унинг отасидир, деди. Йиғилганлар бу гапдан даҳшатга тушишди, ҳайратдан ёқа ушладилар. Ё тавба, фарзанд ўз отасини ҳам урадими? Улар отани йигитнинг қўлидан халос этишди. Шу пайт калтак еяётган ота одамларга қараб деди: Уни ўз ҳолига қўйинглар. Оллоҳ мендан интиқом олмоқда. Мен ҳам отамни шу ўғлимдек пайтимда худди шундай қилиб урганман. Отам ўшанда мендан пул сўраган эди.

Шундан сўнг одамлар Оллоҳнинг нақадар адолатли зот эканига яна бир бор амин бўлдилар. “Парвардигорингиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир”. (Фуссилат сураси, 46-оят).


Бу одамнинг исми Жаммол бўлиб, туялардан иборат катта подаси бор эди. У туяларига мол юклаб бир шаҳардан иккинчисига олиб бориб сотар, ўзи аёли билан шаҳарда яшар эди. Унинг деҳқон отаси бўлиб, шаҳар ташқарисидаги кичик бир кулбада фақирона ҳаёт кечирар, унинг жисми ориқлиги ва кексайиб қолганлиги сабаб дала ишларини қилишга мадори йўқ эди. У ўғли Жаммолга аҳволини тушунтириб, пул беришини айтиб ёрдам сўради. Фарзанд иншаоллоҳ эртага бераман, деб айтди. Ўғли рози бўлганини кўрган ота хурсанд бўлиб, оиласини бундан бохабар этди. Лекин Жаммол ваъдасида турмади, чунки у ўша куни туяларига мол юклаб сафарга чиқмоқчи эди ва шундай қилди – тун қоронғусида йўлга чиқди. Эрталаб эса бечора ота ваъдага биноан фарзандининг уйига келди. Аммо Жаммолнинг аёли унга ўғли кеча тунда сафарга чиқиб кетганини айтгач, ғазабланди, Оллоҳга зорланганича йиғлади ва: Оллоҳим, унинг ақли, мол-давлати, кўзини тортиб олгин, деб уни дуоибад қилди. Оллоҳ бу мазлум отанинг дуосини ижобат этди. 

Оқпадар фарзанд сафарга чиқиб кетганининг иккинчи куни тунда бўрон эсиб қаттиқ шамол турди. Совуқ қаттиқ эди. Туялар кучли шамол таъсирида таҳликага тушиб, саҳро томон қочдилар. Қумлар уларни ўраб олди. Жаммол даҳшатдан қичқирар, унинг овозини ҳеч ким эшитмас эди. Шамол уни узоқ бир зулмат ичига олиб бориб ташлади. У хушидан кетди. Кўзини очгач, қаердалигини била олмади, карвонларини ҳам йўқлигини кўрди. У йиғлайверганидан кўзи кўр бўлиб қолди. У очлик, ташналик ва иссиқдан азоб чекар эди. Ҳеч ким йўқлигини билгач, яна ҳам қўрқуви ошиб, ақлдан озгунича қичқирди. Ўша атрофдан ўтаётган аъробийлардан бири Жаммолни таниб қолиб, уни аҳли-оиласига олиб борди. Эрининг аҳволини кўрган аёл, бу Оллоҳнинг интиқоми, дея Оллоҳнинг қудратига таҳсин айтди. Жаммол отаси қарғаганидек молидан, кўзидан, ақлидан айрилган эди. У шаҳар кўчаларида дайдиб юрар, ёш болалар уни масхара қилиб, озор беришар эди. Ота унга ейиш учун таом берса олмас, бегоналарнинг уйида таомланар эди. Меҳрибон она фарзанди ортидан кўчаларда юрар, ўғлига таом берган одамларга унга бериши учун таом берар. Оқпадар эса таомни онаси тайёрлаганини сезиб, унга қўл ҳам теккизмас эди. Бу воқеа узоқ бир юртда бўлиб ўтган. Бас, эй ақл эгалари бундан ибрат олинглар.


Бир аъробийнинг фарзандлари турмай бирин-кетин вафот этди. Кексайган пайтида Оллоҳ унга ўғил ато этди. Аъробий ёлғиз фарзандига меҳр кўрсатиб, унга ғамхўрлик қилди. У ўз фарзандини сабодан ҳам қизғонар эди. У моҳир овчи эди. Лекин жоҳиллиги сабаб ўз волидасига оқ бўлаёзган эди. Унинг кекса онаси бўлиб, унинг кексалиги, аҳволи оғирлиги уни бу йўлдан – ўша онасига оқ бўлишликдан қайтара олмади. Кунларнинг бирида у аёлига деди: Онамдан зерикдим, мени одамлар орасида хижолат қиляпди. Шунинг учун эртага онамни уйда қолдириб, ўзимиз бошқа жойга кўчиб кетишни ўйлаяпман. Онам вафот этгунича ўша ёқларда бўлиб турамиз. Уни деб кўп нарсалардан айрилдим, унга хизмат қиламан деб кўп машаққат чекдим, деди.

Бу сўзларни эшитган аёл эрининг нақадар пасткаш эканлигини англади, лекин кўчиб кетиш фикрига қўшилди. У бунга рози бўлишлик билан кутилмаган бир йўл билан эрини бу ишдан қайтармоқчи эди. Аёлнинг оқила эканлиги ва эрининг онаси – қайнонаси уларнинг ўғлини яхши кўриши режаси амалга ошишига ёрдам берди. Сафар вақти етгач эри уловига ўтириб карвон олдига ўтиб, уларга йўл кўрсатиб кетди. У кетар чоғида аёлига онасини уйга ташлаб кетишини таъкидлаган эди. Аёл қайнонаси билан ўзининг тўрт ёшли ўғлини ҳам ташлади. Йўлда кетаётган эр бир жойда тўхтаб, аёлидан ўғлини чақиришини сўради. Шунда аёли: Ўғлимизни онангизнинг олдига ташлаб келдим. Чунки бу каби фарзандлар тарбияланмаслиги зарурдир. Сиз онангизни ёлғиз ўзини саҳрога ташлаганинггиздек, ўғлингиз ҳам ёши каттайгач шундай қилур. Сиз каби у ҳам ўз онасини – мени тарк этар. Шунинг учун у мендан қутулгунича, мен ундан қутулишни афзал кўрдим, деди. Бу сўзларни эшитган эрнинг қалби уйғонди, уловига миниб, онасининг олдига қайтди ва онасининг атрофида бир бўри тўрт ёшли гўдакка ҳамла қилмоқчи эканини, онаси болани қучоғига олиб, бўрини тош отиб ҳайдаётганини кўрди. Бўри уни кўриб қочиб кетди. Онаси унинг боласига қандай меҳрибон эканлигини кўрган фарзанд онасининг пойига тиз чўкиб, кечирим сўради ва онасига муносиб фарзанд бўлишга аҳд қилди.

Бу инсонни онага оқ бўлишдек буюк гуноҳдан қайтишига унинг аёли сабабчи бўлди. Зеро, солиҳа аёл икки дунё саодатидир. Оллоҳ Ўзи Мададкордир.


Қимматбаҳо буюмлар сотувчиси айтади:

Рамазон кунларининг бирида бир киши аёли ва онаси билан дўконимга келишди. Кишининг онаси камсуқумгина бўлиб, ўғлининг фарзанди – набираси билан бирга эди. У набираси билан бирга бир чеккада турди. Аёл эса пештахта олдига келиб йигирма минг риёл баҳосидаги тилла тақинчоқни танлади. Кейин онаси келиб юз риёл атрофидаги бир узукни олди. Киши харид қилинган нарсаларни ҳисоб-китоб қилиш учун йигирма минг риёл берди. Мен яна юз риёл беришини айтдим. У, нима учун, деб сўради. Мен, онаси юз риёллик узук олганини айтдим. Шунда у: Кампирларга тилланинг кераги йўқ, деб онасининг қўлидан тақинчоқни олиб стол устига ташлади. Она аламини ютганича ёндаги набирасини олиб машинага чиқди. Шунда у кишига аёли: Нега ундай қилдингиз, энди онанггиз бизникидан аразлаб кетиб қолса фарзандимизга ким қарайди?, деди. Буни эшитган киши узукни олиб келиб онасига берди. Она: Модомики тирик эканман, тилла тақмайман. Мен бошқалардек ҳайит байрамини шодон ўтказиш учун мана шу узукни танлаган эдим. Сен ичимдаги шодликни ўлдирдинг. Оллоҳ сени кечирсин, деди.


Устоз Абдуррауф ал-Ҳановий айтади: Мени бир танишим бўлиб, отаси унга жуда кўп бойлик, олтинлар, кўчмас мулклар мерос қолдирган эди. У кўзга кўринган савдогарлардан бири эди. Бир кун ўша танишимни онаси дуоибад қилиб қарғади. Шундан сўнг у ўспиринлик чоғидаёқ дардга чалинди, ваҳоланки, у бузуқ-фаҳш ишларга яқин ҳам йўламас эди. Отам унга эҳсонлар қилиб турар, мени унинг, аёли, фарзандларининг ҳолидан хабар олиш учун уларникига тез-тез жўнатиб турар эди.


Басра томондаги бадавлат инсонлардан бири Оллоҳдан фарзанд ато этишини сўраб дуо қилди. У ота бўлди. Унинг хурсандчилиги чексиз эди. Ота фарзандига тарбия берди. Бола гўдаклик ёшидан ўтиб, йигит бўлди. Отани шу фарзандидан бўлак нарса қизиқтирмас, унга яхшилик қилишни кечиктирмас эди. Аммо, отанинг белига ханжар суқилганда эса...

У фарзандини ёрдамга чақирди. Лекин не кўз билан кўрсинки, ханжар санчгувчи унинг фарзанди эди. Ота аламдан изтиробга тушганича Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ, деди. Оллоҳдан мағфират сўради. Оллоҳга иймон билан йўлиқмоқ учун таҳлил айтди.

У Оллоҳ уни қайтарган нарсадан қайтмаган эди. Ахир У Зот айтган эди: “Эй мўминлар, албатта жуфтларингиз ва болаларингиздан сиз¬лар учун душман бўлганлари ҳам бордир. Бас, улардан эҳтиёт бўлинглар!”. (Тағобун сураси, 14-оят)


Доктор Иброҳим ас-Санийдий айтади: Менга дўстларимдан бири мана бу воқеани айтиб берди:

Касалхоналардан бирида даволанаётган беморга доктор уй шароитида даволанадиган муолажани ёзиб берди. Уйга жавоб берилганини эшитган бемор йиғлаб, уйга бормаслигини айтди. Сабабини сўралганида шундай жавоб берди: Бу ерда менга қарашади, ҳолимдан хабар олишади. Уйда эса худди тиламчи бегоналарга ўхшайман. Фарзандларим мен билан бирга турсаларда улар менга қарашмайди, балки вафотимни кутишади, бас қандай қилиб улар мени бу ердан чиқишимни исташсин. 

Уларга ўлим бўлсин. Оқ бўлган бундай фарзандларга ҳалокат бўлсин. “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ҳаргиз: "Оллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил", деб ўйламанг! Фақат Оллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) Кунига қолдирмоқда, холос”. (Иброҳим сураси, 42-оят).

Агар улар тавба қилмасалар, Оллоҳ уларни балолар. Оталарига нима қилган бўлсалар фарзандларидан ҳам шуни кўрурлар. Оллоҳ Мададкордир.


Аввом ибн Ҳавшаб айтади: Бир куни бир маҳаллага иш юзасидан бордим. Маҳалла ёнида қабристон жойлашган эди. Аср намозидан кейин қабрлардан бири очилиб боши эшакникига, жасади инсонникига ўхшаш мурда чиқди ва уч бора эшак каби ханграб, яна қабр ичига кириб кетди. Бу пайтда бир кампир қабр яқинида туриб шеър, ғазалга ўхшаш нарса айтар эди. Шунда бир аёл мендан: Бу кампирни танийсанми ?, деб сўради. Мен: Йўқ, ким бу ўзи, дедим. У: Бу кампир анави мурданинг онаси, деди. Мен: Буларнинг қиссаси қандай бўлган, деб сўрадим. Шунда у мана буларни айтиб берди: Бу йигит ароқ ичар, онаси унга: Ўғлим Оллоҳдан қўрқгин, ароқ ичишдан қачон қайтасан?, деб насиҳат қилди. Ўғли бунга жавобан: Менга эшакка ўхшаб ханграманг, деди ва аср намозидан кейин вафот этди. У шу кундан бошлаб ҳар куни аср намозидан кейин қабрдан чиқиб уч маротаба эшак каби ханграб, сўнг яна қабр ичига кириб кетади.


Номи айтилишини истамаган инсон мана бу воқеани сўзлаб берди:

Мен фарзандимга қаттиққўллик қилар, бу билан мен уни кучли шахс бўлишини истар эдим. У эса улғайган сари мендан қочадиган бўлди. Мен эса унга қўполлик қилар, уни тушунишни истамас эдим. Тўғриси, мен бир водийда бўлсам, у бошқа водийда эди. У мени яхши кўриш ўрнига мендан қўрқиб, хайиқиб вояга етди. Катта киши бўлганда ҳам шу ҳолича қолди. Унда доимо ҳадик ва одомовилик бор эди. Одамлардан, улар билан гаплашишдан қўрқар, агар биров билан гаплашса ҳудди ўша одам уни масхара қилаётгандек туюлар эди. Чунки мен уни гўдаклигидан масхара қилар, гаплашишни билмаслигини юзига солар эдим.

Мен бу билан ўз фарзандимни шахсиятини мана шундай аянчли ҳолга олиб келишимни ўйламаган эдим. Ўғлимнинг ёши каттайгач, ишхонамни унга топширдим. У ишхонамни идора қилишда кўп хатолар қилди, кўп зиёнлар олиб келди. Кейин менга сездирмай ишхонамни ўз ҳолига келтирмоқчи бўлди ва натижада хонавайрон бўлди. Ёмон ўртоқлари ўғлимнинг бор-будини йўқ қилишди. Ёмон тарбиям, дин ва дунё ишларини ўғлимга ўргатмаганим сабабли ўғлим мени пичоқсиз сўйган эди. Ҳар бир оталарга айтадиганим, улар фарзандлари билан бу ҳолни такрорламасинлар, уларга эътибор берсинлар, чунки бир кун келиб ўзлари ўша фарзандларига муҳтож бўладилар. Шунинг учун келажакни ҳам ҳисобга олиб қўйинг.


У онаси билан бир уйда яшар эди. Улар билан бирга бир хизматчи аёл ҳам бўлиб, онасига қарар, унинг хизматини қилар эди. У табиатан қўпол, муомаласи хунуклиги сабаб кўзи ожиз, шол бўлган онасига меҳр кўрсатиш ўрнига унга озор берар, ҳақоратли сўзларни айтар, унинг нафсониятига тегар эди. Оят. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам “Аввал онангга, яна онангга, яна онангга яхшилик қилгин”, деб марҳамат қилган.

У онасининг нафақа пулини олиш учун онасини олиб банкка борар. Онаизор ногиронлар аравачасида ўтириб кетар экан, фарзанди унга дилини оғритувчи гапларни айтар, у эса жим эшитиб кетар эди. Фарзанд онасига: Сиз кўр ва шолсиз, куним сизга қарашга қолди, дер эди. Она бу гаплардан озорланар, лекин бир сўз айтмас эди.

У фарзандининг аччиқ гапларидан йиғлар, фарзанди эса заҳарли гапларни айтишни давом эттирар эди: Агар мана шу сизнинг нафақа пулинггиз бўлмаганида сизни қариялар уйига ташлар эдим. У бу гапларни айтар экан, бечора онанинг қалби бу гапларидан пора бўлар эди. Банкдан нафақа пулини олган фарзанд онасини уйга элтиб, пулни ўзига олиб қолар, онасини хизматчига ташлаб, ўзи дўстлари билан ўйин-кулгу қилиш учун чиқиб кетар, онасига эътибор бермас, ҳол сўрамас, парвойи фалак эди. Балки у онасининг зиёрат қилмоқчи бўлган қариндошларини қайтарар, уларни уйдан ҳайдаб солар, ёмон сўзлар айтиб таҳдид қилар эди. Шундай қилиб бу бахтиқаро она фарзанди сабабли гўё ўлимни бошидан ўтказар, бир иш қилишга қодир эмас эди.

Кунларнинг бирида фарзанд дўстлари билан қўшни давлатга сафарга чиқди. Ишларини тугатиб, машинада ортларига қайтишар экан, тўсатдан машина бир нимага урилиб ағдарилди. Улар қаттиқ жароҳат олишмади, аммо улар орасидаги оқпадар фарзанд эса қаттиқ шикастланганлиги сабаб касалхонада бир ойча ётиб даволанди. Касалхонадан шол бўлган ҳолда ногиронлар аравачасида чиқди. 

Улар аввалгидек онаси билан нафақа пулини олиш учун банкка боришар, лекин улар нафақани аввалгидек она курсида, фарзанд пиёда юриб эмас, балки энди фарзанд курсида, пулни олиш учун эса улар билан бирга хизматчи аёл борди.

Эй Оллоҳ, бу қиссада ибрат олишни истаган инсон учун ибратлар бордир. Термизийдан мана бу ҳадис ривоят қилинади: “Ким биродарини бир гуноҳ билан айбласа, ўзи ҳам ўша гуноҳни қилмагунича ўлмайди”. Ибн Масъуд айтади: Мен итни масхаралаб қўйсам, Оллоҳ мени итга айлантириб қўйишидан қўрқаман. Оллоҳдан омонлик сўраймиз.


У она эди, у меҳрибон эди. У яхшилик ва эзгулик денгизи эди. Лекин унинг табассумли юзида замон заҳматлари кўринарди. Неча йил устидаги ғам-аламни кўтариб юрди. Неча кунлаб қон йиғлади.

Ундайларнинг мукофоти фақат эзгуликдир. 

Бизлар қадр-қиймат ўзгарган, балки инсоннинг ўзи ўзгариб кетаётган замонда яшаяпмиз. Бунга сабаб бизларнинг Билимдон, Донишманд, Кўргувчи ва Эшитгувчи Зот бўлган Парвардигоримизнинг йўлидан узоқлашганимиздир.

Биродарларимдан бири гуноҳдан тавба қилиб, Ҳақиқат томон қайтганини ҳикоя қилиб айтади:

Ҳаётимнинг кўп кунлари, ҳатто уйланганимдан кейин ҳам ота-онамга оқ бўлгудек ишларни қилдим. Бу ҳолда давом этавердим. Уларга овозимни кўтардим, хунук сўзлар айтдим. 

Унингча, онаси оёғини судрар, нотўғри қадам босар эмиш. Онанинг кўзёшлари қулоқсиз фарзанднинг кийимига тушар, унинг қалбидан, дилидан оҳ-воҳлар чиқар, тили шу сўзни такрорлар: У ҳали ёш йигит. Оллоҳ унга фарзандлар берса, ажабмас, биз ота-оналарнинг қадрига ҳам етса.

Биродарим ҳикоясини давом эттириб айтади: Аёлим мағрур, мутакаббир эди. У ота-онамни қадрламас, уларга ғазаб қилар, мен унинг ота-онамни ҳақоратлаётганини томоша қилиб турар эдим. Онамни яқинларидан узоқда ушлар, онам эса бунга эътироз билдирмас эди. Ҳа, мен аёлимнинг ота-онамни тўхтовсиз ҳақоратлар қилаётган ғазабидан қўрқар эдим. 

Кечаларнинг бирида мен, аёлим, ва фарзандимиз билан ҳаво алмаштириш учун ташқарига чиқдик.

Уйга келиб онамни йўқлигини кўриб, отамдан қаердалигини сўрадим. Отам, онам касалхонада эканлигини, қўшнимизнинг ўғли яқин касалхонага онамни кўтариб олиб борганини айтди. Табиб онамнинг аҳволи оғирлигини хабар қилди. У жонлантириш хонасида эди. Аёлим кўйлагимдан тортиб отамнинг олдида уйимизнинг эшигини ёпди ва: Бугунча дам олайлик, онанггизни олдига эртага борамиз, деди.

Эрта тонгда ваҳима билан уйғониб фарёд урдим: Онажон, меҳрибоним, ўлманг, мени кечиринг, менга муҳлат беринг онажон, пойинггизни ўпаман, гуноҳимни кечинг, энди бирор кун ҳам сизга қўполлик қилмайман, азоб бермайман, сизни ҳақорат қилмайман, уф демайман, фақат сиз ўлманг. Лекин тақдир зарбаси кучли эди. Бу ҳаётда онамдан ажралдим. Аёлимни талоқ қилдим. Ҳозир эса қолган умримни отам ва фарзандимга хизмат қилиш билан ўтказаяпман. Оллоҳдан онамга раҳм қилишини, менинг гуноҳларимни кечиришини сўрайман. 

Эҳтмол Оллоҳ унинг тавбасини қабул қилар ва бутун оналарга раҳм этар, уларга Ўз фазли-марҳаматидан берар.


Унинг ўғли кундан-кунга улғаяр,у юрагининг парчаси, онаизорнинг Оллоҳдан кейин бутун орзу-умидларини мана шу ёлғиз фарзандига боғлаган эди. 

Она фарзандини ҳеч кимдан кам қилмаслик мақсадида қизлар мадрасасида хизматчи бўлиб ишлар, фарзандини мулойимлик билан тарбиялаб, барча истакларини бажо келтирар эди. 

Қачон сени одамларга қўшилиб, катта бўлганингни кўрар эканман, дея ўғлини бағрига босар ва: Сен менинг ҳаётимсан, дер эди.

Емай едирди, киймай кийдирди. Мактабни аъло баҳолар билан тугатганини эшитишни орзу қилиб кутди.

Қўшниларига мақтаниб чиқди, ўғлининг заковатли, зеҳнли эканидан фахрланди. Ўғил университетга қабул қилинганида унинг шодлиги яна ҳам кўпайди: Энди сен мен орзу қилган инсонга айландинг, Оллоҳга ҳамд бўлсин.

Ҳа онажон, диплом олишимга ҳам оз қолди.

Ўғлим, сени холангнинг қизига уйлаб қўяман, қиз бечора сени роса кутди.

Фарзанд онасининг гапидан саросимага тушиб, унга тикилганича деди: Нима?? Ахир у менга тўғри келмайди, у мен каби ўқимишли ҳам эмас?!

Бу нима деганинг ўғлим?

Бу, холамнинг қизига уйланмайман деганимдир.

 Тақдир зарбаси бунчалар қаттиқ. Бу гап нафақат онага, балки холасининг қизига ҳам қаттиқ ботди, ахир у уни сабрсизлик билан кутди, уни деб бошқа совчиларни қайтарди, у эса орзуларини чиппакка чиқарди. Қиз бу гапни эшитиб узоқ йиғлади.

Она эса бу зарбани кўтарди. Фарзанд шаҳарда ишлай бошлади. Онасини шаҳарга кўчирмоқчи бўлиб, уйни сотди. Ўша уй баҳосида шаҳардан уй сотиб олиб, ўзининг номига ўтказди. Кейин янги уйга қўшни бўлган бир қиз билан гаплаша бошлади.

У онасига ўша қизникига совчи бўлиб боришини айтганида бу кунни узоқ кутган она хурсандлигидан қичқириб юбораёзди. Улар тотув оилага айланган эди.

У қўшни қизга уйланди. Она, ўғил ва келин бир уйда яшар эдилар. Кунлар ўтаверди. Келин эрига қайнонасидан шикоят қилар, унинг тадбирларидан сиқилар, эрига кўнглидаги гапларни сочар эди:

Онанггизни деб ҳаётим жаҳаннамга айланди

Нималар деяпсан?

Бу уйда ё мен, ёки онанггиз туради.

Ахир у менинг онам

Мен хотининггиз эмасманми?!

Қўй, менинг жаҳлимни чиқарма, сабр қил бирор йўли чиқиб қолар.

Она ўғил ва келинига хизмат қилишдан тўхтамас, ўғлининг фарзанди учун онасидан кўра кўпроқ тунларини бедор ўтказар эди.

Келин қайнонасидан қутулиш режасини туза бошлади. Эрига қайнонаси уни уриб, сўкканини айтиб ёлғон гапирди. Эр онасининг бу ишидан жаҳли чиқиб, ундан қутулишни ўйлади.

Буни сезган она тунда уйдан чиқиб кетиб, қариндошларидан бирининг уйига борди.

Кунлар ўтди. Фарзанд онасини излаб келмади. Она эса фарзандини, набирасини келинини соғинган эди. Уларни кўришни истади. Шунча вақтдан бери келинининг дилидан кек-адоват кетган деб ўйлаб, эшик қоқди. Эшикни келини очди: Сизга ким керак, нега келдинггиз, биз сизсиз ҳам бахтиёр ҳаёт кечиряпмиз?

Бир оз шошманг қизим.

Биздан нима хоҳлайсиз ўзи?

Сизларни соғинганим учун кўргани келдим.

Биз сизни соғинмадик.

Кейин эшик олдига ўғли келди, онасини кўриб, сиқилди, совуққина ичкарига бошлади. Бу ёқда аёлининг ғазабланаётганини кўриб оғир вазиятга тушди.

Нега келдингиз?

Она фарзандига қаради. Уни қандай тарбиялагани, қанотида олиб парваришлагани, ўғлим мени танглик, бахтсизликдан қутқаради деб ўйлаб бор йўғини унга сарфлагани, уни уйлантириш учун зеб-зийнатларини сотгани, ўғли уйни ўз номига ўткизиб, аввалги уйни сотганидан сўнг унинг пулидан бир сўм ҳам олмагани - шуларни ўйлади.

Бу қандай қабоҳат?

Нима деганинггиз бу?

Ахир мен бу ерга келмай қаерга бораман?

У аёли билан маслаҳатлашиб онасига деди:

Онажон юринг бир жойга борамиз.

Қаерга болам?

Қариндошларникига.

Агар сен шуни истаётган бўлсанг майли.

У онасини қариялар уйига олиб борди. Онаизор қаерга келганини билмас. У онасини ўша ерга қўйиб, аёлини хурсанд этиш учун унинг олдига шошилар эди. Ўғли отасидан сўради: Отажон, бувим қани, мен уни кўришни истайман. Онаси жеркиб берди: Бугундан бошлаб бувингни унутгин, тушундингми?

Мен бувимни яхши кўраман.

Аёли эридан бу бахтли кунида байрам қилмоқ учун дугонасиникига боришини айтди. Икковлари машинада кетишар экан, шу пайт фарзанднинг кўз ўнгида бахтиқаро онасининг сиймоси гавдаланди... уни қариялар уйига эски латтадек ташлаганини, кўзлари қотиб қолганини эслади. Бошини оғриқ тутди. Аёлига бақирди. У машина бошқарувини йўқотиб, ёнида кетаётган юк машинасига урилди. Тез ёрдам машинаси келди. Ярадорлар машинага олиб чиқилди. Аёл касалхонага етмай вафот этди. Эр шол бўлиб қолди. Уларнинг фарзанди эса омон қолди.

Хушига келган ўғил баланд овоз билан қичқирди: Онажон, қани менинг онам? Онамни қариялар уйидан чиқаринглар. Бу пайтда она кўз ёш тўкар, кафтини боласининг бошига қўйганича дер эди: Оллоҳ сенга шифо берсин.


Ҳаёт бамисоли кемадир.

Ота вафот этгандан сўнг она фарзандини бағрига босди. Ўғил бадавлат эди. У онасига яхшилик қилар эди. Ўғли худбин, фақатгина ўз фойдасини ўйлайдиган аёлга уйланди. Келин қайнонасидан сиқилар, у билан бирга туришни истамас, тили билан унга озор берар эди. Она Оллоҳнинг иродаси билан руҳий дардга чалинди. Шундан сўнг келин учун ер торлик қилиб қолди, ортиқ тоқат қила олмай, эрига деди: 

Ё мени, ёки онанггизни танланг!

Эр аёлини сабр қилишга кўндирмоқчи бўлди, лекин буларнинг бари бефойда эди. Аёли ўз фикрида туриб олган эди.

Натижада эр шайтоннинг гапига кириб, йўлдан озди, онасидан қутулиш учун қабиҳ режа тузди. Бундай жиноятдан Оллоҳдан паноҳ сўраймиз.

Қиш кунларининг бирида қоронғи тунда онасини уйнинг томига олиб чиқиб, ўша ердан уни ерга улоқтирди. Ҳа ўз онасини ерга ташлади. Она ерга тушганида охирги нафасларини олганича фарзандининг бу зулмидан Оллоҳга шикоят қилар эди.

Ўғил қилган жиноятини бировлар сезмаслиги учун одатга биноан таъзиячилар учун чодир тикди. Ношуд фарзанд Оллоҳнинг адолати унга кўз тикиб турганидан бехабар эди.

Кунлар ўтди. У ўзини Оллоҳнинг азоби, золимларга берилажак бахтсизликдан тинчман, деб ўйлар эди.

Оқпадар фарзанд ҳам онаси каби руҳий дардга чалинди. Аёли ундан сиқила бошлади. Ана шундай қорли оқшомларнинг бирида оқ бўлган фарзанд уйининг томига чиқди. Уни биров олиб чиқмади. У ерга унинг ўзи чиқди. Ўзини ерга ташлар экан, охирги нафасларида Парвардигори олдида қилиб ўтган гуноҳларини бўйнига олди. Не кўргазсанг шуни кўрурсан. Оллоҳ муҳлат беради, унутмайди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам рост айтганлар: “Оллоҳ Охиратдагидан ташқари бу дунёнинг ўзида азобнинг тезлатишига сабаб бўладиган гуноҳ зулм ва қариндош билан алоқани узмоқликдир”.


Ўғли уйланмоқчи эканлигини эшитган кекса онанинг юзига шодлик тўлди. Ўйлаб ўтирмай ўғлига муносиб кўрган қўшнисининг қизига совчи бўлди. 

Тўй бўлди. Ҳеч қанча вақт ўтмай келин ўзининг асл қиёфасини кўрсатди. Қайнонаси билан чиқишмай қолди. У эри ҳам онасига қўпол муоамала қилишини истар эди. Ва ўша кун келди – фарзанд аёлининг гапига кириб ўз онасини калтаклади.

Суд зали. Масаланинг сир асрорлари, онанинг ўғли ва келини билан бўлган воқеалар ўртага қўйилди. Она суд раисининг олдида бўлган воқеани ҳикоя қилиб берди:

Ёшим етмишда. Шу кунгача ҳаётимда фақат бир марта хурсанд бўлганман, у ҳам бўлса ўғлимнинг келиним билан турмуш қурган куни. Ўғлим уйланишга қарор қилгани, келин топишимни айтганида қанчалар хурсанд бўлган эдим. Ўшанда ўйлаб ўтирмай унга қўшнимизнинг қизини айтдим, унинг хулқини, гўзаллигини мақтадим. Тўй бўлди. Мен, ўғлим, келиним бир уйда яшар эдик. Ўғлимнинг бошқа уй сотиб олишга имкони йўқ эди. Шундан сўнг ўзим келин-куёвларга янги уй сотиб олиб бердим. Уларнинг ҳаёти гўзал ўтмоқда эди.

Ўғлим ишга жойланди. У ишга эрта кетиб, асрдан кейин қайтар эди. Мен келиним билан унинг ишдан қайтишини кутиб, уни хурсанд қилиш учун ҳамма нарсани тайёрлаб қўяр эдик. Лекин саодатнинг умри қисқа экан. Мен билан келинимнинг орасидаги ширин муомала поёнига етган, келиним мен танигандан бошқача бўлиб қолган эди.

У менга қўпол муомала қилар, кун бўйи мени ёлғиз қолдирар, фақатгина ўғлим ишдан қайтишидан озгина аввал уйидан пардоз-андоз билан чиқар эди.

 Кексалигимга қарамасдан уйни тозалаш, таом тайёрлаш менинг бўйнимда бўлиб, бу ишларга келиним ёрдам бермас, менга ўғлимнинг хурсанд бўлиши кифоя эди. Унинг зулмлари кундан-кунга кўпаяр эди. Ўғлимга келиним таомни ўзи тайёрлаганини айтар. Мен ҳеч нарса демай жим турар эдим. 

Бир кун эрталаб бошим оғриган ҳолда уйғондим. Келинимни чақирсам жавоб бермади, хонасига бориб, эшигини очишим билан келиним мени сўкиб, ҳақоратлади, қилган ишимдан хижолат чекиб, узр сўрадим. Лекин у жим бўлмас, мени ҳақоратлашда давом этар эди. Шу пайтда ўғлим ҳам баъзи бир қоғозлари уйда қолганлиги сабаб одатига хилоф равишда уйга эрта қайтди. Ўғлим мени эшик олдида турганимни, аёли мени сўкаётганини кўриб бунинг сабабини сўради. Мен унга касал эканимни, келинимнинг ёрдамига муҳтож эканлигимни айтдим. Ўғлим мени ҳақорат қилгани учун хотинига танбеҳ беришнинг ўрнига, йиғлаб ётган хотинини кўриб, ғазаби қайнади, мени қаттиқ калтаклади. Ўғлим хотинининг йиғисини эшитган сари мени қаттиқроқ урар эди. Охир оқибат зарбанинг қаттиқлигидан ерга йиқилиб тушдим.

Келиним ҳимоя қилишнинг ўрнига у ҳам мени калтаклар эди.

Шунинг учун улардан шикоят қилиб келдим. Маҳкама қандай ҳукм чиқаришидан қатъий назар, мен шикоятимни қайтариб олмайман. Чунки мен тарбияси учун бутун ҳаётимни сарфлаган фарзандимнинг бу ишларидан кейин унга нисбатан менда ҳеч қандай раҳм-шафқат қолмади.

Онанинг сўзларини эшитган суд эр-хотиннинг ҳар бирига беш юз жунайҳ жарима солиш билан бирга бир йилга озодликдан маҳрум этди.


Гуноҳига тавба қилган гуноҳ қилмаган кабидир. Гуноҳини эътироф этганнинг нафси роҳат топур, қайғу-ҳасрат, маломатдан қутулур. 

Бир киши айтади:

Мен ўз онасига зулм қилган фарзандман. Афсуски, мен бу ишимнинг нақадар қабиҳ эканлигини вақт ўтганидан кейин англадим. 

Бу зулм, дўстимнинг синглисига уйланмоқчи эканлигим ошкор бўлганидан кейин бошланди. Қизнинг исмини эшитган онам қичқириб юборди: Йўқ, болам, бу оиладан узоқ бўл, уларга яқинлаша кўрма. Яхши қизлар кўп. Мен сенинг фойдангни ўйлаяпман. Ўзим сенга яхши қиз топаман.

Мен эса онамга узил-кесил оҳангда дедим:

Онажон, у менинг ҳаётим, менинг ишимга аралашманг. Уйланадиган менман, сиз эмас.

Отам вафот этганидан сўнг айни ёшлик чоғида бошқа турмуш қуришдан воз кечиб, бутун умрини мен билан опамнинг тарбиясига бағишлаган онам менинг сўзларимни эшитиб жим қоли.

Онамни ўша қизникига совчиликка юбордим. Қизни кўрган онам ларзага келди, ҳатто бу ҳолат унинг юзида кўринди. Мен бунга парво қилмай, тўй ишларим билан чалғидим. Онам ўша жимлигича тўйга ишлатиш учун менга қимматбаҳо нарсаларини берди.

Уйландим. Онам билан хаёлимни банд қилмаслик мақсадида онамни ўз уйида қолдириб, аёлим билан алоҳида – мустақил ҳаёт кечиришни истадим. Чунки онам ва аёлим бир-бирларини ёқтиришмас эди. Онамнинг назарида, хотиним нозик туйғулардан, хушмуомаладан бегона эди.

Ҳа, ичимда онамни маломатлар эдим: Нега аёлимни бунчалик даражада ёмон кўради, хотиним эса онамни яхши кўришини, уни ҳурмат қилишини, онам биз билан бирга яшаса, унинг хизматини қилишини кўп айтган. Аёлимнинг бу сўзлари мени ўзига боғлаб олган эди. У ҳис-туйғуларимни шунчалик даражада эгаллаб олган эдики, мен худди ўз онасини унутиб, у томон шошган гўдак каби эдим.

Онамнинг кундан-кунга тинка-мадори қуриётган эди. У яна жим. Онамдан: Келинингиз билан келиб сиз билан бирга яшайликми?, деб сўрадим. Онам қатъий оҳангда:

Йўқ, хотининг мен билан кеча-ю кундуз бирга бўлиб яшаётганини кўриб ўлгандан, ёлғиз ҳолда ўлганим афзалдир. Умримнинг кўпини яшаб бўлдим, энди ўзимни сабрлиларнинг ажрини зое кеткизмайдиган Карим Парвардигоримга топширмоқчиман болам, деди.

Йиллар ўтди. Олти боланинг отаси бўлдим. Мени ҳайрон қолдирган нарса, онамнинг фарзандларимни хушламай, опамнинг фарзандларига меҳрибонлик қилиши эди.

 Йиллар ўтиб онам дард ортидан тўшакка михланиб қолди. Шунда опам мендан юз ўгирди, менинг исмимни айтишни ҳам истамади. Опам нега менга бундай муомала қилаётгани, онам касал бўлиб ётган бундай пайтда менга нисбатан нега бунчалик ўзгариб қолганлигига қизиқдим.

Шу пайт опам менга ичидагиларни тўкиб солди:

Бундай бўлишига сен сабабчисан, сен хотининг билан онамни ранжитдинглар, хотининг онамни сен йўғингда ҳақорат қилар, масхаралар, фарзандларинг ҳам онаси билан бирга онамни масхара қилишар эди. Онам менга йиғлаб шикоят қилар ва уйингда жанжал бўлмаслиги учун буларни сенга етказмаслигимни тайинлар эди. Сен ҳатто онамга мана бундай мажруҳ пайтида ҳам ишонмайсан.

Фарзандларинг тарбиясизликлари, бувиларига меҳрсизликлари сабаб онангга кўп азоблар беришди.

Опам қўли билан юзимга урмоқчидай бўлиб, алам ва ғазаб билан сўзлади:

Сен хотин танлашда адашдинг, онангга у хоҳламаган аёлни олиб келишлигинг оқ бўлганлигингдир.

Шундан кейин ўзимни ушлаб туролмадим, гўдаклар каби йиғлаб онам ётган хонага кирдим. Онам шифтга қараб ётар, юзидан нур ёғилар эди. Демак бу унинг охирги лаҳзалари.

Мен гўё коинот маҳкамасининг саҳнасида турар, онам менга қараб: Нега кечикдинг болам, деяётгандек эди.

Мен эса йиғлаганча: Мени кечиринг онажон, мен гуноҳкорман, энди сизни хафа қилмайман, менга фурсат беринг, рад этманг, дер эдим. У жимгина охиратга рихлат қилди.

Мана ўттиз йилдан бери кўз ёшларим юзимни ювади, ҳеч нарсани кўрмайман, ўз-ўзимга ғулдирайман: Сен борлиқдаги буюк қалб эгасига қанчалар ёмонлик қилдинг!

Она, у дунё меваси, унинг гўзал боғидир. Қани энди барча фарзандлар шу сўзни такрорласалар: Парвардигор, мени кечиргин, тавбаларимни қабул эт, Сен тавбаларни қабул қилгувчи, Меҳрибонсан.

Зеро, ўзгалардан ибрат олган бахтли инсондир.


Бир аёл ҳикоя қилади:

Мен эрим билан бирга яшар эдим. Ўғлим ўн икки, қизим ўн ёшда эди. Онам ғайратли аёл бўлиб, биз фарзандларини бекаму-кўст катта қилди. У аёллар бозорида тижорат қилар, укам билан унинг хотинига кўп пул берар эди. Онам пешин пайтида уйда бўлиб, бозорга асрдан авввал борар, уйга эса кечқурун хуфтондан кейин хориб, чарчаб келар эди. Онам укам ёки унинг хотини билан нонушта ёки кечки чойда уларнинг гап-сўзлари уларга пул бериб, болаларингга нарса сотиб ол, аёлингга нарса олгин каби гаплар эди. Шунинг учун ҳам онам уларнингда наздида суюкли ва мўътабар эди.

Кунларнинг бирида онам ижарага олинган машинада уйга қайтаётиб фалокат юз берди, онамнинг машинаси билан бошқа машина тўқнашиб, онамнинг бош мияси чайқалди, баданининг ярми шол бўлиб қолди. Онам уйда ўтириб қолди, унга қарайдиган хизматчи, ейиш-ичишда унга ёрдамчи керак эди. Укамнинг хотини онамга хизмат қилишдан бош тортди, укамга унинг онасига хизмат қилмаслигини айтиб, онасини уйдан чиқариб юборишини талаб қилди ва онамни менинг уйимга олиб бориб қўйишини айтди. Чунки унинг наздида мен онамнинг қизи бўлганим сабабли хизматни ҳам мен қилишим керак эди.

Укам онамни уйимга олиб келди. Мен бундан хурсанд бўлдим. Чунки онамнинг менга қилган беминнат яхшиликларини қайтариш имконияти туғилган эди. Онамни парваришлаб, эримга ҳам қарамай қўйган, унга хизмат қила олмаётган эдим. Тоқати тоқ бўлган эрим ё уни ёки онамни танлашимни айтди. Мен ҳеч иккиланмай онамни танладим. Чунки эрим менсиз ҳам бошқа аёлни топа олишини билар эдим, онамнинг эса мендан бошқа унга қарайдиган ҳеч кими йўқ эди.

Эрим мени талоқ қилди. Шундан кейин бор зеб-зийнатларимни сотиб, пулига кичикроқ уйни ижарага олдим ва ўша уйда онам, мен ўғил-қизим билан яшай бошладик. Ортган пулимни ишлатиб тугатгач, нима қилишга бошим қотиб қолди. Уй эгаси ижара ҳаққини сўраб келар. Мен эса кунлик емишимизни топишгагина қодир эдим. Ундан муҳлат беришини сўрадим, лекин бу ҳол қачонгача давом этади?

Уй эгасининг сабри тугаб, уйни бўшатишимизни айтди. Юкларимни олиб, онам ва болаларим билан уйдан чиқиб кетдик. Бизнинг борадиган жойимиз, ёрдам берадиган одамимиз йўқ эди. Лекин укам бор-ку, ахир онам унга ҳам онаку? Аҳволимизни тушунтириш учун уйига бордик, эшикни унинг хотини очди ва : Уканггиз уйда йўқ, сизлар билан кўришишни истамайди, деди.

Ўйласам, укам онамни менинг олдимга ташлаб кетганидан бери бирор марта ҳам онамдан хабар олмабди, шундай экан, онамнинг ўзини истамаган инсон қандай қилиб уйига тўрт жонни қабул қилиб, уларнинг ош-нонига қарайди?

Бизлар кўчада дарахт тагида, йўловчилар учун бўлган махсус йўлакка жойлашдик. Ўтган-кетганлар бизнинг аҳволимизни кўриб у бу нарса ташлаб ўтишар эди.

Кунларнинг бирида бир киши садақа бериш учун олдимизга келди. Иккинчи куни ҳам келиб, биздан: Нега бу жойда турибсизлар, яшайдиган уйинглар йўқми?, деб сўради. мен, шу ердан бошқа жойимиз йўқлигини айтдим. У: Яқин қариндошинглар бордир, деди. Мен: Бизларни кўчага ташлаб қўйган энг яқин жигаримиздан бўлак қариндошимиз йўқ, дедим. 

У одам бир оз жим туриб, бизнинг аҳволимизни кўриб кўзига ёш келди. Бир оздан кейин қайтиб келиб бизларга: Юкларингни олиб мен билан юринглар, деди. Мен, қаергалигини сўрадим. У: Бу ердан яхшироқ жойга, деб жавоб берди.

У одамга раҳмат айтиб, ҳаммамиз унинг машинасида бир уйга келдик. У одам бизларга уйнинг эшигини очиб берди. Гўё ўшанда бизларга саодат, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат эшиги очилган эди.

У: бундан кейин мана шу жой сизларнинг уйинггиз, бу ерда сизларни ҳеч ким безовта қилмайди, сизлардан ижара ҳақи ҳам олинмайди. Яна керакли нарсаларни ўзим келтириб бераман, деди.

Бу кичиккина уй бизларга катта қасрдек кўринди. Чунки бизларни қуёш иссиғидан, ёмон кўзлардан асрагувчи Оллоҳ бўлса, кейингиси мана шу уй эди.

Саховатли киши бизлар учун уйга керакли барча нарсаларни олиб келиб берди. Бундан ташқари у ҳар ҳафта ейиш-ичишимиздан ҳам хабар олиб турар эди. Ҳатто у киши кийимларимизни ҳам олиб берди. Аёли ҳам бизларни зиёрат қилиш учун икки уч ҳафтада бир келар, яна у одам бизларга ҳар хафта пул ҳам бериб турар эди. Мен онамга хизмат қилиш учун бўш эдим. Кейин ўғил-қизимни мактабга жойладим, шу ҳолда тўрт йил ҳам ўтиб кетди.

Онам вафот этди. Бошқалар каби келди кеттини кузатиш учун укамга хабар юбордим. Укам бир қанча дўстлари билан келди. Келганлар укамга таъзия билдиришар, Оллоҳдан унга сабр тилашар эди. Жаноза намозини ўқиб бўлишгач, маййитни қабристонга олиб бориб кўмишди.

Шундан кейин укам кетиб, қайтиб келмади. Бизнинг аҳволимиз, қаерда яшашимиз билан қизиқмади. Менга таъзия ҳам билдирмади.

Сизларга айтишни унутибман. Уйимиздан чиқиб кетганимиздан буён эримни кўрмаган эдим. Ўзи ҳам фарзандларини кўриш, ҳол-аҳвол сўрашни ҳам лозим кўрмади.

Саховатли киши одатига кўра бир хафта ўтиб келди. Унга онам вафот этганини айтдим. У менга таъзия билдирди. Аёлини олиб келди. Икковлари ҳам таъзия учун кеч қолишганига узр айтиб, менга таъзия билдиришди. Мен уларга миннатдорлик билдирдим. У киши бундан кейин ҳам алоқаларимиз узилмаслигини, уй мендан кейин фарзандларимга қолишини айтди.

Унинг шунча йилдан буён қилиб келаётган саховатига раҳмат айтиб, кейинги сафар аёлини олиб келишини айтдим. Аёл келди, унга агар менга лойиқ иш бўлса қилишимни, фарзандларимни ўз пешона терим билан боқмоқчи эканлигимни, аввал онамга қарашим кераклиги учун ташқарига чиқа олмаганимни, ҳозир эса фарзандларим катта бўлиб, мактабда ўқишаётганлиги, ўзим эса уйда бекорчи бўлиб ўтиришни ёқтирмаслигимни, айтдим. Аёл бу ҳақда эридан сўраб, жавобини етказишини айтди.

Кейинги ҳафта саховатли киши келиб, қизлар мактабидан менга иш топганлигини, агар рози бўлсам, ўша ерда ишлашимни айтди. Мен рози бўлдим. Яширмайман, хурсандлигимдан учиб кетай ҳам дедим, сабаби у мактабда менинг қизим ҳам таълим олар, шу билан бирга мактаб уйимизга яқин эди.

Вазифамни бажаришга киришдим. Ишимни ғайрат билан қилганим сабабли, ўқувчилардан тортиб мактаб директоригача мени яхши кўриб қолишди. Ўқитувчилар мендан ёрдамларини аяшмади. Бири менга, фарзандларимга кийим ҳадя қилса, бошқаси қизимга мактаб формасини олиб берди.

Кунлар шу зайлда ўтиб борар, бизлар эса одамлардан меҳр кўриб яшар эдик. Чунки мен онамга қилган яхшиликларимнинг мукофотини олаётган эдим. Оллоҳга ҳамд бўлсин.

Бир куни укам олдимга кечирим сўраб келди. Сабабини суриштирдим. Укам онамга менга қилган беҳурматлигига афсус чекишини, тижорат дўконига ўт тушиб ҳамма ёқ ёниб кетганлигини, эрининг ёмон аҳволга тушганини билган хотини ундан талоқ қилишини сўраб онасиникига кетганини – барча-барчасини айтиб берди.

Ана шундай. Хотинларини оналаридан устун кўрган, нафис жавҳарни арзимаган баҳога сотганларнинг оқибати бахтсизликдир. 


Ҳинд ҳикояларидан бирида айтилади:

Бир киши вафот этди. Унинг уч ўғли бўлиб, вафоти олдидан уларга бир тарвузни мерос қолдирган эди. Фарзандлар отасидан ёдгорлик бўлиб қолган тарвузни эъзозлашар, бирортаси уни ўзиники қилиб олмас эди. Улар уни қўл етмайдиган жойга олиб қўйишган эди. Вақт ўтиб тарвуз бузилди, унинг ёқимсиз ҳиди атрофга тарқади. Ҳид уйни ўраб олган эди. Шунда уч ўғлон тўпланиб бу тарвузни нима қилиш ҳақида ўз фикрларини айтишди. Катта ўғил:

Тарвуз қанчалар бузилиб, ундан ёмон ҳид чиқмасин, уни авайлашимиз керак. Чунки у отамиздан ёдгорликдир. Ўзбошимчалик қилишимиз ярамайди, деди.

Иккинчи ўғил: Уни бундай ҳолатда сақлашимиз бизларга нолойиқдир. Унинг ўрнига ўшанчилик янги тарвуз сотиб оламиз. У бизларга отамизни эслатиб туради. Чунки тарвузлар бир-бирига ўхшайди, деди.

Учинчи ўғил: Мен бунга қаршиман. Тарвузни сўйиб, уруғлари ҳам бузилиб кетмай, уларни олиб, ерга экишимиз керак. Шунда у уруғлардан кўп тарвузлар етишади ва бу тарвузлар бизларга отамизни эслатиб туради, деди.

Мунозара чўзилиб кетди. Ҳатто уларнинг дўстлари уларнинг шовқинини кўчадан эшитиб, бу муаммони ҳал қилиш учун дўстларининг уйига кирдилар ва анча тортишувлардан сўнг, учинчи ўғилнинг маслаҳатига амал қилинадиган бўлди. Тарвуз сўйилди. Уруғлари олиниб, ерга экилди. Ер жуда кўп ширин тарвузларга тўлди.


У қўлига қалам олди. Хаёлот денгизида сузаркан, гоҳ ғам-андуҳларининг теварак атрофига шўнғиб кетар, ана шунда уни мавжлар чекка соҳилларга отар, у ёзаётган сатрлар кўз ёшлари билан мусобақалашар эди гўё.

Мен дунё неъматлари ва фаровонликнинг барчасини ўзида тўла мужассам этган йигит каби ҳаёт кечирдим. Мен дунёнинг лаззатига ошиқ бўлдим, уни ниҳоя топишини истамас, хоҳлаганим билан дўст бўлар, қачон хоҳласам ташқарига чиқар ва истаган пайтимда уйга қайтар эдим. Менга бу қисқа ҳаётимда лаззатдан бошқаси ҳамроҳ эмас эди. Кундузим уйқу бўлса, туним ернинг ҳар тарафида саёҳат қилиш эди. Ҳеч парво қилмай, ҳалол ҳаромни бирдек қабул қилар эдим. Мен ғафлат жангида кўзим нури, ақлу-ҳушимни йўқотган эдим. Кўзим бутун инсоният ва махлуқотларнинг Парвардигорига осий бўлишдан ўзгасини кўрмас эди.

Ана шу пайтда онамнинг ғам ва қўрқув билан аралашган ҳолда титраган овозини эшитдим: Сенга ёмонлик бўлмаса деб қўрқаман. Бу сўзлар хотирамга кирмай ўтиб кетар, онамнинг бу сўзларидан ажабланиб, масхаромуз кулар эдим. Мен ҳар гал кулганимда онамнинг кўз ёшларининг оқиши кўпаяр, йиғлаши зиёдалашар ва яна ўша сўзни қайтарар эди: Сенга ёмонлик бўлмаса деб қўрқаман. Билмадим, бу бечора кампир нимадан қўрқар экан? Ахир мен айни гуллаган ёшлик чоғимда, куч-ғайратга тўлган бўлсам. Бас, шундай экан, нимадан қўрқиш керак, бу йиғлашлар нима учун? 

Яна дунёга муккамдан кетдим. Нафсимнинг хоҳиши, истакларини амалга оширдим. Ана шундай кунларнинг бирида бу ҳаётимдаги кунлардан бошқача бўлган бир кун келди ва ана шу кун ҳаётимнинг бурилиш нуқтаси бўлди.

Мен ғофил бўлсамда, Оллоҳ ғофил эмас, кўзларим уйқуда бўлсада, У Зот ухламас. Ҳушимга келгач, мағрурликдан сўнг итоаткор бўлган ҳолимда каромат эшигидан ўзга барча эшиклар беркилганини ҳис этдим. Қўл-оёғимга темир боғланганлигини кўрдим. Аввал маъсият, онага оқ бўлиш панжарасининг ортида бўлсам, энди ўзимни темир панжара ортида кўрдим. Мен қамоқхонада эканман, қулоғимда меҳрибон онамнинг сўзлари жаранглади: Сенга ёмонлик бўлмаса деб қўрқаман. Мен замон тўрвасида барча қамоқҳоналардан ўзга – хасрат қамоқхонаси борлигини билмаган эдим. 

Ҳа, мен мастлик, ҳавойи нафс гирдобида юрган, сўнгра қўлимга кишан солинган вақтда онам бу дунёни тарк этган эди.

Ана шунда қанчалар надомат қилганим, қанчалар истиғфор сўраганим, ўша кеча қанчалар кўп намоз ўқиганимни сўраманг. Ҳа, мен мўътабар инсон – онамни унутган эдим.

Кўз ўнгимда хотиралар тасмаси гавдаланди, шунда мен Роббимга қилган ҳар бир гуноҳим, онамга оқ бўлишимга сабаб бўлган ҳар бир сўзимни кўрдим. Ҳасратим, изтиробим зиёдалашди ва мен Оллоҳ менинг тавбаларимни қабул этиб, хато-гуноҳларимни мағфират қилишидан ноумид бўла бошладим, лекин мен кўз ўнгимда ажиб бир нурни кўрдим, гўзал сўзни эшитдим: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: "Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Мағфиратли, Меҳрибондир”. (Зумар сураси, 53-оят)


Тонг отишига кўп вақт қолмаган эди. Жойимда ухлаб ётар эканман, туйқусдан эшик тақиллаб қолди. Ё Оллоҳ, яхшиликка бўлсин.

Эшик қоққан ким бўлди? Эҳтимол қиш кечаларидаги мана бундай қаҳратон совуқ, бўронлар эшик тақиллатаётган кишини шунга – кеч тунда бизнинг эшигимизни қоқишга мажбур қилгандир. Ўзимдан шуларни сўрар эдим.

Эшикни очиш учун калитни бурамасимдан олдин тўхтаб қолдим. Қўлим ҳаракатга келмай қолди. Нима бу, эшик ортидан ҳалок бўлаётган инсоннинг тез-тез нафас олиши эшитилар эди. Тезлик билан эшикни очдим. Рўпарамда жароҳат, алам вайрон қилган, кучсизлик ва зулм қаддини буккан бир инсон турар эди. У хансираганча, зўрға нафас олар эди. Бу одам кекса, виқорли Хизр бува эди.

Мен дарҳол ундан: Бундай бўронли изғирин кечада бу ерга нега келдингиз Хизр амаки, деб сўрадим.

Хизр амаки саволимга жавоб бермай иссиқ хонага ишора қилди. Мен уни иссиқ уйга олиб кирдим. Хизр бува иссиқда ўзига келгач, саволимга жавоб берди: Сўзларимга қулоқ сол! Кекса отангнинг сўзларини бирма-бир тингла. Мен бир неча кундан кейин Парвардигорим ҳузурига кетсам керак, деди.

Шу пайт қўшни уйдан қизим Ғарнотанинг йиғи аралаш овози эшитилди. Буни эшитган Хизр бува секингина сўради: Бу Ғарнотанинг овозими? Оллоҳ унга ва у каби Ҳавво онамизнинг қизларига раҳм қилсин.

Хизр амаким бир оз сукут сақлади, кейин чойдан ичиб, сўзини давом эттирди: Мен олис қишлоқларга эрга берган қизларимни ўйламай, бор мол-мулкимни ёлғиз ўғлим Сулаймоннинг номига ўтказмоқчи эканлигимни қизим Оиша отангга етказгач, у менинг олдимга – қишлоғимга ғазабнок аҳволда кириб келганида мен отангнинг сўзларига қулоқ осмадим. Оллоҳ унинг умрини узун қилсин.

Бор мол-мулкимни ўғлим Сулаймон номига ўткиздим. Ҳа, мен отангнинг насиҳатларига қулоқ солмадим.

Мен ақлдан озар даражада аҳмоқ бўлган, Ҳақни эшитишдан кар бўлган, адолатнинг даъватидан юз ўгирган эдим. Барча давлатимни, кўчмас мулкларимни ўғлим Сулаймоннинг тасарруфига ўтказдим. Унинг тўрт опа-синглиси ўлганимдан кейин бу меросни ўзларига тақсимлаб олишларидан қўрққаним учун кўзим очиқлигида шундай қилган эдим.

Хизр амаким зўрға нафас олар эди. Гўё унинг қалби пора-пора бўлаётган эди. у кўзёшларини артар экан, ҳикоясини давом эттирди.

Қизларимдан ҳам ёлғиз фарзандим – Сулаймонни ортиқ даражада яхши кўрганим, ҳавойи нафсим сабабли қилган бу ишимга бир йил ҳам ўтмай, дунёдан ҳеч нарсага эга бўлмай қолган, фақирга айланган эдим. Ҳатто мен ўғлим Сулаймон ва унинг аёлини таб тортмай менга орқа ўгирганларини сездим. Уларнинг менга бўлган муомалалари ўзгарган эди. Уларга гапларим, қилган ишларим ёқмай қолган, уларнинг мен билан бўлган муомалаларида қўполлик, совуқлик кўрина бошлаган эди.

Уларга бу ҳақда айтганимда олган насибам мана бу ўғлимнинг қўпол сўзлари бўлди. Уни деб боримни қурбон қилган ўғлим менга шу гапларни айтди:

Менга қаранг қари чол, сизга мен чидаганим билан келинингиз чидамайди. Сизнинг ғайри табиий қилиқларинггизга сабр қилавериб тоқатимиз ҳам тугади. Агар сиз шу аҳволда давом этаверсангиз хотиним учта болани ташлаб кетади. Шунинг учун сиздан илтимос, айтаётган гапларинггиз, қилиқларингизни ўйлаброқ қилинг, ҳаётимизга заҳар солманг.

Хизр амаки шу ерга келганда йиғлаб юборай деди. Мен уни тинчлантирдим. У яна давом этди:

Ҳа, уни деб бутун умримни сарфлаган, якка-ю ёлғиз фарзандим менга шундай деди.

Шундан кейин мен ўғлим унга бўлган эътиборимни оёқ ости қилгани учун унга беэътибор бўлишга ҳаракат қилдим. 

Аҳволимни ўнглаш учун ундан озгина пул олишни ўйлаб, ўғлимнинг зайтун ёғ ишлаб чиқариш заводида ишловчи ишчилардан биридан ёрдам сўрадим. У озгина кутишимни айтиб кетди ва бир оздан кейин ўғлим билан бирга келди. Ўғлим титраганича, менга лаънат ўқиб келди. Унинг бу иши учун мен ҳам унга қўполлик қилдим. У эса менга қўлини кўтарди ва юзимга шапалоқ тортди. Мен ҳозиргача бундай шармандагарчиликка тушмаган эдим. Кейин у мени эшакни тортгандек тортиб қишлоқдан ташқарига олиб чиқди ва ҳозироқ қишлоқдан чиқиб кетмасам ўлдиришини айтди. 

Мен унинг бу таҳдидига жавоб бермадим.

Хизр амаки бир оз жим туриб, нафасини ростлаб олгач ҳазин овозда ҳикоясини давом эттирди: Ўғлим Сулаймон яқин қишлоққа келин бўлиб тушган опаси Оишага одам юбориб, бу ерга келишини, отасини ўлдириб қўймасдан туриб уни ўзи билан олиб кетишини айтди.

Қизим Оиша эри Саид билан етиб келди. Улар мени ўзлари билан бирга қишлоққа кетишимни, уларга бош бўлишимни айтишди.

Куёвим Саид ҳам улар билан бирга кетишимни сўраб ёлворди.

Мен уларнинг раъйига қарши бора олмай мажбуран улар билан бирга умримнинг кўпини ўтказган қишлоғимни менинг ғайри табиий қилиқларимга тоқат қила олмайдиган оқпадар фарзандим ва унинг аёлига ташлаб чиқиб кетдим.

Бир неча ҳафта қизим Оишанинг уйида қолдим. Шу вақт ичида улар менга яхши муомалада бўлишди, мени икром қилишди. Куёвим Саид менга қилган муомаласини кўриб, қани энди эллик йил умримни берган, уни деб ўзимга ҳам, қизларимга ҳам зулм қилганим ўғлим Сулаймон ҳам шундай бўлса, куёвимдек менга яхши муомалада бўлса деб орзу қилар эдим.

Мен ўзимни куёвимнинг уйида чўғ устида ўтиргандек сезар эдим. Ва бу кеча улар уйқудалик пайтида у ердан чиқдим ва мазлум, мағлуб ҳолда чиққан қишлоғим томон юзландим. 

Қишлоғимга – ўзим қурган уйимга етиб келганимни кўрган келиним қичқирди. Буни эшитган ўғлим калтак олиб мени қаттиқ савалай бошлади. Мен эса фарёд уриб бақирар эдим: Мен отангман ўғлим!!

Лекин Сулаймон ҳамма нарсани унутган эди. У мени уришда давом этди. Мен хушимдан кетиб йиқилдим.

Шу пайт ўғлим хизматчиларидан бирини уйғотиб, мени қизим Оишанинг уйига олиб боришини, у ерга еткизмай туриб мени қўйвормаслигини айтди.

Мен билан кетаётган хизматкор бир пайтлар менинг қўлимда ҳам ишлаган эди. Қизимникига боргач, куёвим мени қишлоғимга қайта боришимга йўл қўймаслиги, мени қўйиб юбормаслигига кўзим етгач, ёнимдаги хизматкордан мени сенинг уйингга олиб боришини сўрадим. Негадир сенга ўз қиссамни сўзлаб бергим келди.

Шунинг учун сенга насиҳатим, ҳеч қачон ўғлинг Усомани қизинг Ғарнотадан афзал кўрма, икковини ҳам бир кўргин. Акс ҳолда сен ўзингга, ўзингдан кейин фарзандларингга зарар қилган бўласан ва Оллоҳнинг, одамларнинг лаънатига учрайсан.

Хизр ота қиссанинг шу ерига етиб келиб тўхтади. У мендан бир кеча шу ерда тунашини сўради. Қовоқлари уйқу учун таслим бўлди. Отанинг оҳу нолалари қулоқларимга мана бундай деяётандай туюлар эди: Саид... Саид, менинг ўғлим сенсан Саид...


Наркотик. Аср вабоси. Наркотик истеъмол қилувчилар мана шу заҳри қотилга эришиш учун ўзини, опа-синглисини сотадилар.

Гиёҳванд қотил ҳам ана шундай бангилардан эди. У ўз ҳаётини Тўғри Йўлдан оғиш учун тиккан эди. Ўша заҳарга эришиш учун пул керак бўлар, пулни эса қотиллик билан бўлса ҳам топишга қасам ичган эди. Унинг қурбони ёши улуғ саййида – онаси бўлди. Онаизор бутун ҳаётини олти фарзандининг тарбияси учун бағишлаган эди. У эрининг қўполликлари, жеркишларини кўтарар, ишлари олдинга юриб, қўли кўп пулни кўргач, аёлнинг жазоси эри унинг устига ундан ҳам гўзалроқ хотин олиши бўлди. У бундай оғир хиёнатни фарзандлари учунгина кўтарди. Энди эса унинг ўртанча ўғли ундан кайфи сафо учун пул сўради. Она у сўраган пулга эга эмаслигига қасам ичиб, бера олмаслигини айтди. Ўғил эса катта пичоқни олиб ухлаб ётган онасини қўйни сўйгандек сўйиб юборди.

Бу қабиҳ жиноят хабари тарқалди. Бир аёл ўз уйида ўлдириб кетилганлиги хабари махфий қидирув бўлими айғоқчиларига етгач, дарҳол жиноят содир этилган жойга етиб келиб, гиламда чўзилиб ётган мурдани кўрдилар, мурда усти ёпиб қўйилган эди. Қўшнилардан мурдага алоқадор нарсалар сўралганида қўшнилардан бири кўрган-билганлари ҳақида кўрсатма берди. У қотилни аёл ухлайдиган хонанинг балконида қўлида қонга бўялган пичоқни ушлаганча турганини кўрганлигини айтди. 

Махфий полиция ходимларининг гумонлари тўғри чиқди. Аёлнинг қотили унинг оқпадар фарзанди экани маълум бўлди. Ундан ташқари гувоҳлар бу йигит тўғри йўлдан оғган, кайфи сафога берилган эканлиги, қўшнилар билан чиқишмаслигини, улар ҳам унинг тентаклиги, аҳмоқлиги учун у билан муомала қилишга қўрқишларини айтишди. 

Муттаҳам фарзанд эса қилган жиноятидан бир ҳафта ўтиб, амакисидан пул сўраш учун кетаётаган пайтда полициячилар қўлига тушгунича, яшириниб юрди.

Қўлга тушгач, ўзини жиннига солиб, онаси ҳақида сўради, топган саодати онаси эканлигини айтди. Лекин унинг бу ҳийласи полициячиларга ўтмади. Жиноятини тафсилотлари билан айтиб бўйнига олди:

Отам мени ва уч акамни ишлашга мажбур қилар, бизлар эса гўдак эдик. Отам уч опамни бировларнинг уйларида хизматкорлик қилишга буюрар, ишлаб топган пулларимизни олиб, ўзимизни эса қаттиқ калтаклар эди.

Отам бадавлат бўлгач, жуфти ҳалоли бўлган онамни ёмон кўра бошлади ва иккинчи хотинга уйланиб, ундан икки ўғил, бир қиз кўрди. Мен кундан-кунга отам бизга зулм қилаётганини сезар, ундан унинг уйидаги печкадаги пишаётган нонни қасддан куйдириб юбориш ёки хамирни бузиш билан ўч олишга қарор қилар эдим. 

Бундан ташқари мен азоб берувчи отамдан қочиб гиёҳванд дориларни қабул қилишни ўргандим ва вақт ўтиши билан бу заҳри қотилнинг асирига айландим.

Қотил фарзанд гапини давом эттириб, деди:

Отам ўлгандан кейин онам бизни хорлар, онам ва акам, опаларим менга азоб беришар эди. Бир куни бир тўда ўртоқларим билан гиёҳ қабул қилиб тонгга яқин қолиб кетдим. Уйимга қайтиб онамни ухлаб ётганини кўрдим. Ундан қўрқитиб пул ундириш учун унга пичоқ тақадим, аммо онам мени ҳайдаб, жеркиб берди. Мен уни пичоқ билан сўйдим. Унинг бўйнидан оқаётган қонни кўриб қаттиқ темирни олиб бошига солдим. Кейин пичоқни суғуриб балконга чиқдим. Опам онамнинг аҳволини кўриб бақирганини эшитгач, қочдим. Кўчаларни кезар эканман, бошим оққан тарафга кетар эдим. Қўлга тушмаслик учун харобалар ичида тунар эдим. Яқин қариндошларимдан бирининг уйига пул сўраб борганимда полициячилар мени қўлга олишди. Буларнинг ҳаммасига гиёҳванд моддалар сабабдир. Мен ҳаммани бу нарсани тарк қилишга, ёмон дўстлардан узоқ бўлишга чақираман.


Бир одам ҳикоя қилади: Мен кексаман, ёшим етмишлар атрофида. Касалим мени тўшакка михлаб қўйди. Мен жуда кўп мол-давлат, кўчмас мулклар эгаси эдим. Ҳатто Риёз шаҳридаги эски маҳаллалардан бири менинг исмим ёзилган энг мўътабар жойларга айланиб қолди. Бир ойлик даромадим юз эллик минг риёлдан кам эмас эди. Тўрт ўғил, саккиз қизимнинг ҳаммасини уйли жойли қилдим.

Кунларнинг бирида ўғилларим ҳузуримга келиб, каттаси гап бошлади: Биз сизнинг фарзандларингизмиз. Агар соатингиз битиб, дунёдан ўтсангиз қизларингизнинг эрлари – куёвларингиз бегона бўла туриб ярим давлатингизни олишади. Биз сизнинг ўғилларингз бўла туриб ўшалар каби қолган ярим давлатингизни оламиз. Шунинг учун мол-давлат, кўчмас мулкларинггизни бегоналарга кетиб қолмасдан туриб биз ўғилларингизга тақсимлаб бера қолинг, деди.

Уларнинг гапларидан кейин шайтон менинг ҳам ичимга шу ўйни солиб қўйди. Тўғрисини айтсам, мен диннинг фақат номинигина билар, намозни ҳам аҳён-аҳёнда ўқир эдим. Ўзимча: Ўғилларим, менинг кексалигим, инжиқликларимни кўтаришади, мол-давлатимни ҳам, номимни ҳам муҳофаза этишади, куёвларим эса уларникида бир кун яшашимни ҳам кўтара олишмаса керак, дедим ва бор мол-мулкимни ўғилларимга бўлиб бердим.

Ўша йили бир фалокат туфайли тўшакка михланиб қолдим, қадам босиш уёқда турсин, ҳаракат ҳам қила олмас эдим. Касалхонага ётганимдан сўнг ўғилларим мендан юз ўгиришди. Ҳеч қайсиси мени кўришни истамас, мен уларга бекорчи юк бўлиб қолган эдим.

 Мени кўргани келган тўрт ўғлим мен билан қолишни хушламай ҳузуримдан чиқиб кетишди. Кейин уч қизим мени кўргани касалхонага келишди. Қолган бешта қизим бор мол-мулкимни ўғилларимга бўлиб берганимдан сўнг мендан алоқаларини узган эдилар. Мени уч қизимдан мени уйларига олиб кетишларини сўрадим. Биринчи қизим мадрасада ишлагани туфайли ярим кун ўша ерда бўлишини, уйга келганидан кейин ҳам ўзини дарсларини тайёрлашини, болаларига, эрига қарашини айтиб узр сўради.

Иккинчиси, икки ой аввал эгизак фарзанд кўрганлиги боис, ҳам чақалоқларга, ҳам менга қарай олмаслигини айтди.

Учинчиси, укамнинг ўғлини аёли бўлиб, эри билан бирга келиб менга ўз бағрларини очди ва мени уйларига олиб кетдилар. Ваҳоланки, улар янги келин-куёв бўлиб, турмуш қурганларига икки йил ҳам тўлмаган эди. Уларнинг ёш чақалоғи бўлиб, етти ойлик бўлган эди. Улар мени кутиб олишлари кутилгандан ҳам аъло даражада бўлди. Улар мендан нима исташимни сўрашар, ҳатто энг тансиқ таомни ҳам тайёрлашар, уларнинг бу ишлари менинг ҳасрат-надоматимни зиёда қилар эди. Айниқса, бор мол-мулкимни ўғилларимга тақсимлаб бериб, қизларимга ҳеч нарса қолдирмаганимни эслаганимда алам мени эзар эди. Мен Оллоҳнинг амрини назар писанд қилмаган, мерос тақсимлашдаги динимнинг шариъатига қарши борган эдим.

Бир куни куёвимга мени ўғилларимнинг олдига олиб боришини, улардан озгина пул сўрамоқчилигимни айтдим. Лекин жияним, у ердан ноумид қайтишимни ўйлаб бунга рухсат бермади. Лекин мен сўзимда қатъий туриб, унга мени ўғилларимнинг уйига олиб боришини, улар мени фақат уларникида туришимни истамаслигини, пул сўрасам беришини айтдим.

Аввал катта ўғлимнинг уйига бориб, қизимнинг – куёвимнинг уйида туришга хижолат бўлаётганимни, шунинг учун ўзимга хизматкор ёллашим учун пул беришини айтдим. Лекин минг афсуски, ўғлим яна мени ноқулай аҳволга солиб қўйди ва менга: Аёлим барча уйларимни сизга қайтариб юборишимдан қўрққанлиги учун уйларни унинг номига ўтказдим. Уйларнинг ижара ҳақлари ҳам банкка – аёлимнинг ҳисоб рақамига тушади, ўзимнинг топганим эса оиламдан ортмайди, деди. Мен унинг олдидан чиқиб, иккинчи ўғлимнинг уйига бордим. У ҳам уйларни фарзандларининг номига олиб берганини, фарзандлари катта бўлишгач асқотиб қолишини, мол-давлатни эса икки кун аввал буюмга айлантириб қўйганини айтди. Кейин учинчи ўғлимникига бордим...

 Ундан ноумид бўлиб, қониқарсиз жавобни олгач, тўртинчи – кенжа ўғлимнинг уйига бордим. У кенжам бўлганлиги сабабли ўзимга яқин олар эдим. Лекин уни уйидан топа олмадим. Аёлининг айтишича, мен унга мол-мулкимни бўлиб берганимдан сўнг уйда ўтирмай қўйгани, уйга келса ҳам кераклича пулни олиб, бир жойларга кетиб, ўша ёқларда ойлаб қолиб кетиши, уйга қайтгач, бир ёки икки ҳафта туриб яна чиқиб кетишини айтди.

Шундан кейин қизим – куёвимнинг уйига мағлуб, маҳзун ҳолда қайтдим. Қизим куёвим билан қанчалар мени ғам чектирмасликка, мусибатларимни енгишга, фарзандларим қилган ишларини унуттиришга ҳаракат қилишмасин, мен афсус-надомат чекаверар эдим. Уларнинг менга қилаётган хизматларини кўриб ҳасрат надоматим ортаверар эди.

Бу қиссада ақл эгалари учун ибратлар бордир.

Демак, мана шу инсон каби мерос бобида қизларга зулм қилишнинг оқибати Охиратдан аввал бу дунёнинг ўзида кўринар экан. Шунинг учун эй инсон, Қуръон ва Суннатга амал қил, мерос бобида ўғилларингни қизларингдан афзал билма.

Инсу жиннинг макрига Оллоҳнинг Ўзи етарлидир.


Ишончли одамлардан бири ҳикоя қилади:

Биз у билан анчадан бери қўшни бўлиб яшар эдик. Табиийки, бундай узоқ қўшничиликдан кейин ота-оналаримиз ўртасида садоқат пайдо бўлди. Онам унинг ногирон онасини зиёрат қилгани борар, унга ҳамдардлик билдирар, у билан бирга ўтирар, касаллик сабаб курсига михланиб қолган бу аёлнинг дардини енгиллатишга ҳаракат қилар эди. Ана шундай пайтларда у онамга эрининг зулмидан шикоят қилар эди. Унинг эри ёш аёлни никоҳига олган, янги келган аёл кундошига яхши муомала қилмас, ёшини катталигини ҳурмат қилмас, унинг касал эканлигига раҳм қилмас эди, шунинг учун у кундоши билан жанжаллашар эди. Аёл шуларни айтиб шикоят қилар экан, онам уни сабр қилишга ундар, Оллоҳ бирор ишни ҳукм қилгунича кутишини айтар эди.

Кунлар ўтди. Аёлнинг эри ётган жойида тўсатдан вафот этди. Онам қўшничилик ҳаққи учун уларникига таъзия, ҳамдардлик билдириш мақсадида шошилди. Отам маййитни қабристонга бирга олиб борди. Шундай қилиб уларнинг аламдан иборат ҳаётининг бир бўлаги ўз ниҳоясига етди. Лекин қани эди, шу билан бу оиланинг барча муаммолари ниҳоя топиб, ўрталарида софлик пайдо бўлса.

Лекин минг афсус.. ота вафот этганидан ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг бойликлари, мол-мулклари тақсимлаб олинди. Отасининг вафотига ўн кун ҳам ўтмай ўғил бойваччага айланди. Қимматбаҳо машиналарни минар, энг қиммат кийимларни кияр эди. У молларни экспорт қилиш ширкатига асос солган ва ўзининг таъбири билан айтганда, таниш-билишларга бой амалдорга айланган эди. Мен унинг бу аҳволини кузатар эканман, мол-дунё уни тўғри йўлдан, Оллоҳни танишдан чалғитиб қўймаса, деб қўрқар эдим. Чунки у қандай қилиб аввал фақир бўлган одам бойваччага айланиб қолганлигини ўйлаш ўрнига бошидан оёқ учигача лаззат ва гуноҳларга муккасидан кетган, бошқалар каби бойлик келганда босар-тусарини билмай қолган эди.

Кейин у гиёҳвандликка ўрганди, ичкиликка берилди, қимор ўйнади. У ўзлигини унутган, уйланишни эса хаёлига ҳам келтирмас, бу дунёнинг зебу зийнатларида абадий қоламан деб ўйлаган эди. Қулоқларини насиҳатни эшитишдан беркитиб олган, катта кетиб, кибр қилар эди. У касал онасига меҳр кўрсатиш ўрнига унга зулм қилар, у билан қўпол муомалада бўлар эди. Онаизор ҳам худди аввал эридан шикоят қилганидек мана бу ўғлининг ишларидан онамга шикоят қилар, онам ҳам аввалгидек, уни тинчлантирар, Оллоҳ бирор ишни ҳукм қилгунича сабр қилишини айтар ва: Сабр қилинг, эҳтимол Оллоҳ уни тўғри йўлга бошлар, дер эди.

Орадан тўрт йил ўтса ҳамки, бу йигит гуноҳ ботқоғига ботиб борар, ҳеч кимнинг насиҳатини тингламас, мағрур, мутакаббирга айланган эди. У фақат ўзини, ширкати ортидан қанча пул топишни ўйлар эди. Мана шу тўрт йил оралиғида онасининг касали секин-секин ривожланиб, ҳатто у тилдан, ҳаракатдан қолди. У боласига зорланар, у онаси эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилар эди. Онам унга онасига фарз бўлган ҳаж ибодатини қилишга ёрдам беришини айтганда ҳам ноқобил фарзанд бундан бош тортди. Ўлимидан аввал умра қилдиришини айтганда ҳам рози бўлмади. Шундан кейин бу мискина Парвардигори уни бир куни тўғри йўлга ҳидоят қилишини сўраб дуо қилди.

Онам унинг нотўғри йўл тутганлигини, кибрли эканлигини кўргач, менга у билан дўстлигим ҳурмати унга насиҳат қилишимни сўради ва эҳтимол шундан кейин қилаётган ишларидан уялар, Оллоҳ унга берган мана бундай тўкин – сочин ҳаёт неъматини сақлашга ҳаракат қилар, деб айтди. Мен бу инсонга юриб кетаётган йўлидан тойилиб кетмаслиги учун аста секинлик билан яқинлашдим ва унинг шовқинли ҳаётидан кўп нарсага гувоҳ бўлдим. Аввал уни ёнимга олиб, насиҳат қилишдан бошладим, лекин қанча ҳаракат қилмай худди денгиз ўзанини бузмоқчи, қўллари билан саробни ушламоқчи бўлган кимса каби сездим ўзимни. Барча уринишларим бесамар кетди. Шайтон унинг ақлини эгаллаб олган, ҳушидан кетказган эди. Унга қанча насиҳат қилганим сари, унинг эгрилиги, туғёнга тушиши зиёдалашар, у ўзидан интиқом олаётгандек эди гўё. Уч ҳафта, тўғрироғи онаси дарди тузалмай вафот этган кунга қадар уни тўғри йўлга бошлаш мақсадида у билан бирга юрдим. Онаси ўтганда ҳам унинг кўзидан ёш оқмади. Унинг қалби тошга айланган эди. Балки у онасининг вафоти ҳақидаги хабарни бегона шахс вафотидек қабул қилди. У билан бирга қабристонга кетар эканмиз, одамлар маййитни тобутда кўтариб кетишаётан пайтда у уч тўрт қадам орқада қолди ва: Узр, сизлар билан қабристонга бора олмайман, ширкатимга боғлиқ муҳим ишларим бор эди, фурсат ўтиб кетмасдан бора қолай, деди.

Мен шу пайтгача бунчалар хунук суратдаги қалби тош инсонни кўрмаган эдим. Оллоҳдан унга мағфират сўрадим. Шошилганча одамларга қўшилиб кетдим. Маййитни дафн этдик. Маййитнинг укасига таъзия билдиргач, ҳамма қабристондан чиқиб кетди, фақат мен қабр олдида қолдим. Ўзимча шу сўзларни айтар эдим: Бу аёл озмунча азобларни тортмади, эри, ҳатто онасини дафн этишга келишдан ҳам такаббурлик қилган ёлғиз фарзанди томонидан турли хорликларга йўлиқди. Оллоҳдан бу аёлни ва унинг фарзандини мағфират қилишини, маййитни ўз раҳматига олишини сўраб дуо қилдим. Қабристон ёнидаги жойда аср намозини ўқидим, кейин масжидда шомни ўқидим. Хуфтон вақтида эса касалхонага боришимга тўғри келди, сабаби.. мушфиқ онанинг фарзанди – дўстимнинг фалокатга учраганининг хабари келди, дарҳол касалхонага шошилдим. У сўнгги нафасини олаётган эди. Мен суриштириб, у қабристондан чиқиб кетганидан ҳеч қанча вақт ўтмай, фалокатга учраганини билдим. У ҳаётдан кўз юмди. Эртасига уни мискина онасининг қабри ёнига дафн этдик. У билан бирга унинг изтироблари ҳам ўз ниҳоясига етган эди. Ҳеч бир мусулмоннинг ҳаёти бундай ниҳоя топмасин!



Муаллиф 

Иброҳим ҲОЗИМИЙ


Қуръони Карим оятларининг таржима ва изоҳлари муаллифи 

Шайх Алоуддин МАНСУР


Масъул муҳаррир 

Зиёуддин МАНСУР


Арабчадан

Заҳириддин МАНСУР таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимИкки дўстнинг суҳбатига қулоқ тутинг Ҳа, биродар, анави икки одамга тикилиб қолдинг Нима, улар ўртасидаги қалин муносабат бири давоми...

2999 09:37 / 22.03.2017
Ўтган азизларнинг вақтни авайлашлари ва уни зое қилишдан ҳазар қилишлариЎтган азизлар яъни салафи солиҳлар вақтни зое қилишдан ҳазар қилардилар. Фузайл ибн Иёз давоми...

3097 14:47 / 22.04.2017
Агар талаба Аллоҳ учун холис бўлса ажрсавобга эга бўлади ва саъйу харакатига барака берилади. Оқибатда Аллоҳ олимлар ва уларнинг йўлидан юрганлар учун берган давоми...

7323 09:10 / 17.03.2017
Мусулмон хизматчидан барча исломий ахлоқий фазилатлар талаб этилади. Чунки у ўз иши доирасида мусулмонларнинг юзи, вакилидир. Ана шу талаб этиладиган хулқлардан давоми...

2444 10:18 / 27.03.2017