1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Жавробга масҳ тортамизми ёки пайпоққами?

09:38 / 09.01.2017 5463 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

بسم الله الرحمن الرحيم

لحمد لله والصلاة والسلام على رسول الله ، سيدنا محمد صلى الله عليه وآله وصحبه وسلم

Бизларга Исломни дин деб танлаган, Исломни эса поклик устига бино қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

Оламларга раҳмат қилиб юборилган, Ҳабибимиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар ёғилсин! У Зотнинг оилалари ва шогирдларидан Роббимизнинг ўзи рози бўлсин! Аммо баъду:

             Мусулмоннинг ҳар бир иши илмий далил асосидадир. Ислом дини қўйган илмий асосни тарихда ҳам, хозир ҳам ҳеч ким қўя олгани йўқ. Кўр-кўроналик илмнинг зиддидир. Бугунги кундаги одатий пайпоққа масҳ тортишлик масаласи очиқ-ойдин илм билан бўлмаётганга ўхшаб кўринади. Шу сабабли ушбу масалада баъзи изланишлар қилишга ҳаракат қилдик. Камчиликларимиз кўрсатилса холис қабул қиламиз. Биз ҳар қандай мунозара илмий асосда бўлишлиги тарафдоримиз.

            Набий солаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги жавроб бугунги кундаги одатий пайпоқдан фарқ қилади. Шунинг учун мақола сарлавҳасини  “Жавробга масҳ тортамизми ёки пайпоққами?”, деб қўйдик. Аслида ҳар қандай сўзнинг луғавий ва истилоҳий маъноси бўлиб, Ислом уламолари дастлаб ушбу таърифни аниқлаб олгач, кейин у хусусда ўз хулосаларини билдиришади.

Абул Файз Муртазо Зубайдий шундай дейди:

“Луғатда жавроб деб оёқни ўраб турувчи нарсага айтилади. Жавроб араб тилига форсчадан кирган бўлиб, унинг асли “гўри по”, яъни “оёқнинг қабри” маъносидадир”[1] .

Шунинг учун арабчада жавроб сўзининг кўплик шаклига “ҳо” ҳарфи қўшиб, яъни “жаварибаҳ” деб, унинг четдан кирганлигини билдириб қўйилади.

Имом аз-Заркаший:[2]

“У оёқни исситиш учун жундан қилинган қопламадир”, деган.

            Ат-Тибий шундай дейди:[3]

“Жавроб терини ўраб турувчи нарсадир”. Худди шу таъриф “Мажмаъ ал-Биҳар”да ҳам келтирилган.

Муҳаммад ибн аш-Шавконий[4] шундай дейди:

“Хуф, яъни махси теридан бўлиб, икки қадамни ўраб туради. Журмуқ, яъни чориқ ундан каттароқдир. Жавроб эса журмуқдан ҳам каттароқ бўлади”[5].

Шайх Абдулҳақ ад-Деҳлавий[6] шундай ёзадилар:

“Жавроб махсининг устидан совуқда тўфиққача кийиладиган махсидир. Уни аввалги махсининг остини кир бўлиб, ювилишидан сақлаш мақсадида кийилади”.[7]

Ибн ал-Арабий ал-Моликий[8] шундай дейди:

“Жавроб совуқни тўсиш учун жундан қилинган қадамни ўраб турадиган (оёқ) кийимидир”.[9]

Ибн Таймия[10] ўзининг “Фатово”сида:

“Жавроб билан кавушнинг фарқи, жавроб жундан, кавуш эса теридан қилинганлигидадир”, деган.

Бадриддин Айний[11] айтади:

“Жавроб Шом шаҳри одамлари қаттиқ совуқда киядиган нарса бўлиб, уни титилган жундан йигириб қилинади. Жавробни қадамга тўфиқнинг устигача кийилади”.

Жавроб тукдан ҳам қилинади.

Холид ибн Саъддан ривоят қилинади:

“Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тукдан бўлган икки жавробларига ва кавушларига масҳ тортар эдилар”.[12]

Маждуддин Файруз Ободий[13] ўзининг тафсирида жавробга умумий шомил маънони айтиб шундай деган:

“Теридан, жундан, тукдан ёки бошқа ҳар қандай нарсалардан нафис ёки қалин ҳолда тўқилган оёқни ўраб турувчи нарсага жавроб дейилади. Балки жавроб тўқилган ва тўқилмаган нарсаларга ҳам шомилдир”.

Ал-Ҳалабий[14]  Маждуддин зикр қилган таърифдан кейин қуйидагиларни айтади:

“Тафсирдаги жавробнинг таърифи луғат эътиборидандир. Лекин урфда тикилмаган бўлса ҳам (оёқни) ўраб турувчи нарсага жавроб дейилади. Жавроб тикилган ва тикилмаган бўлса ҳам махсига ўхшаб кийиладиган нарсадир”.[15]

Тибий, Шавконий ва шайх Абдулҳақ ўз тафсирларида, жавроб деб теридан қилинган, махсидан каттароқ, махсининг туридан бўлган нарсага айтилади, дейишган.

Ибн ал-Арабий, Ибн Таймия ва Айнийларнинг тафсирларида, жавроб жундан қилинган оёқ кийими, дейилади.

Ҳанафийларларнинг буюк имомларидан Шамсул Аимма ал-Ҳалвоний[16] шундай дейди:

“Жавроб беш хил нарсадан қилинади.

1-    Миръизийдан;

2-    Ғозлдан;

3-    Қилдан;

4-    Юпқа теридан;

5-    Кирбосдан.

Ибн Нужайм[17] Шамсул Аиммадан ривоят қилиб, ушбу беш нарсани таърифлаб, жумладан:

“Миръизий эчкининг юнги остидаги майин тукдир. Ғозл жундан йигирилган ипдир. Кирбос пахтанинг ипидан тўқилган матодир”, деган.[18]

Иброҳийм Муҳаммад ибн Иброҳийм ал-Ҳалабий айтади:

“Кирбос ҳар қандай ип туридан бўлган нарсага айтилаверади. Каноп, ибрисим яъни ипак кабиларнинг ҳам кирбос дейиш мумкин”.

“Бахрур Роиқ”нинг хошиясида  жавробнинг таърифидаги ихтилоф икки жиҳатдандир:

1-    У нимадан қилиниши тўғрисидаги ихтилоф;

2-    Унинг миқдори тўғрисидаги ихтилоф, дейилган.

Аллома Абу Тийб Шамсул Ҳақ[19] ушбу икки турдаги ихтилофни зикр қилиб ўтгач, қуйидагиларни айтади:

“Ушбу ихтилоф, яна Аллоҳ ўзи билгувчироқ, луғатшуносларнинг жавробни турли изоҳлашлари сабабли ёки жавробнинг турли диёрларда кўриниши ва ясалиши турли хил бўлганлиги сабабли пайдо бўлган. Баъзи жойларда жавроб теридан қилинган ва баъзи ўлкаларда жундан ясалган бўлса, яна бошқа ўринларда ҳар қандай турдаги матодан тайёрланган. Ким жавробга таъриф айтса, ўз юртидаги жавробнинг кўринишини таърифлаган. Ҳар ким ўзида борини, кўрганини айтган”.[20]

Муборакфурий[21]  айтади:

“Ушбу турли хил изоҳ ва тушунтиришларни жамлаш мумкин. Жавроб “Қомус”нинг соҳиблари айтганидек нимадан бўлишидан қатъий назар оёқни ўраб турадиган нарсадир. Лекин жавробни теридан, жундан, тукдан ёки бошқа нарсадан бўлиши тўғрисидаги сўзлар ҳар кимнинг ўз юрти ҳунармандчилиги эътиборидандир. Валлоҳу Аълам”.[22]

Яна Муборакфурий жавробнинг истелоҳий маъноси хусусида сўз юритиб, шундай дейди:

“Мазҳаблар ўртасида жавробга  масҳ тортиш бўйича ранг-баранг қарашлар мавжуд. Менинг наздимда энг кучли сўз имом Таҳовийнинг “Шарҳул Осор”да айтган сўзидир:

“Биз, жавроб агар қалин бўлса, унга масҳ тортишнинг зарари йўқ, деймиз. Батаҳқиқ, Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳимлар ҳам худди ушбу сўзни айтишган. Аммо Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ, жавробга масҳ тортиш учун уни қалин бўлиши билан бирга, теридан ишланган бўлишини ҳам шарт қилганлар. Шунда жавроб гўё махси каби бўлади, деган.[23]

Ҳанафийларнинг китобларидан бўлмиш “Шарҳул Виқоя”да:

“Жавробнинг иккиси ҳам зич тўқилган бўлиши, яъни уни боғлаб олмаса ҳам тўфиқда ўзи туриши керак. Яна кавуш қисми теридан бўлиши лозим. Агар жавроб зич тўқилган бўлиб, кавуш қисми теридан бўлмаса Абу Ҳанифанинг наздларида унга масҳ тортиш жоиз эмас. Лекин икки шогирдлари  жавроб зич тўқилган бўлишининг ўзи масҳ тортишга кифоя қилади дейишган. Абу Ҳанифа икки шогирдларининг гапига қайтган ва фатво ҳам шунгадир”, дейилган.

Яна “Шарҳул Виқоя”да шундай дейилган:

“المنعل”  ал-Мунаъал “ التنعيل” ат-Танъилдан олинган бўлиб, жавроб қадамининг остига худди ковушга ўхшатиб тери қўйишга айтилади.

“المجلد”  ал-Мужаллад “التجليد” ат-Тажлиддан олинган бўлиб, жавробнинг юқори ва қуйи қисмини тери билан қоплашга айтилади”.

Ҳанафий мазҳабининг жавроб хусусидаги умумий қарашлари қуйидагича:

Агар икки жавробнинг ости теридан бўлса ёки мутлақ теридан бўлса, унга масҳ тортиш тўғрисида барча иттифоқ қилади. Агар  икки жавробнинг ости теридан бўлмаса ёки мутлақ теридан бўлмаса, унга масҳ тортиш тўғрисида ихтилоф қилишади. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳи алайҳ аввалги сўзларида, унинг ости ёки мутлақ ўзи теридан бўлмаса унда доим юриш имкони йўқ, деган хулоса билан масҳ тортишни ман қиладилар. Бу суратда жавробнинг махсига ўхшаш жиҳати йўқолади. У зотнинг икки соҳиблари Абу Юсуф ва Муҳаммадлар агар жавроб қалин ва мустаҳкам матодан бўлса, унда бемалол юриш мумкин. Бас шу жиҳатдан у махсига ўхшайди, деб унга масҳ тортишлик ижозатини берадилар. Агар жавроб қалин ва мустаҳкам матодан бўлмаса, бу икки шогирднинг наздида ҳам билиттифоқ унга масҳ тортишлик жоиз эмас. Ушбу маълумот Абдулҳай Лакнавийнинг[24] “Шарҳул Виқоя” га ёзган “Умда ар-риоя” номли хошиясида ҳам келтирлган.

Аллома Косоний[25] роҳимаҳуллоҳ “Бадоеъус саноеъ” китобида шундай ёзадилар:

“Уламоларнинг иттифоқига кўра, пайпоқларнинг матоси сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, уларга масҳ тортиш мумкин эмас”.

Аллома ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ ҳам шундай дейдилар:

“Ип ёки жундан қилинган пайпоқларга масҳ тортиш мумкин эмас”. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Кийилган пайпоқ бир фарсахдан (уч милдан яъни 5760 метрдан) ортиқ йўл юрса бўладиган даражада қалин бўлсагина, уламоларнинг фикрида бироз фарқ учраши мумкин. (“Ал-Баҳрур-Роиқ”).

Жавроб хусусида  моликийларнинг мазҳаби Абу Ҳанифанинг аввалги сўзи билан бир хилдир. Яъни, улар ҳам жавробга масҳ тортишлик учун унда энг камида икки шарт топилишлиги лозим, дейдилар.

1-    Жавроб мутлақ теридан бўлиши;

2-    Ёки энг камида кавуш қисми теридан бўлиши лозим.

Шофеъий ва Ҳанбалийлар ижтиҳодини имом Термизий зикр қилади:

“Агар жавроб қалин ва мустаҳкам матодан бўлса, унинг остига тери қопланмаган бўлса ҳам унга масҳ тортиш жоиздир”.

Бунга кўра Абу Ҳанифанинг кейинги сўзлари, икки шогирдларининг сўзи, имом Шофеъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сўзлари бир хилдир. Яъни, агар жавроб қалин ва мустаҳкам матодан бўлса, унинг остига тери қопланмаган бўлса ҳам унга масҳ тортишлик жоиздир.

Имом Шофеъийдан Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг аввалги сўзига ўхшаш сўз ҳам нақл қилинган. Ибн Қудома[26] “Муғний” номли китобида шундай дейди:

“Абу Ҳанифа, Молик, Авзоий, Мужоҳид, Амр ибн Дийнор, Ҳасан ибн Муслим ва Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳимлар агар икки жавробнинг остига тери қопланмаган бўлса, уларга масҳ тортиш жоиз эмас. Чунки унда юриш имкони йўқдир. Нафис жавробга масҳ тортиш жоиз бўлмаганидек, остига тери қопланмаган жавробга ҳам масҳ тортиб бўлмайди, дейишади”.

Ибн ал-Арабий “Ориза”да шундай дейди:

“Уламолар жавробга масҳ тортиш хусусида уч хил фикрни олдинга суришади:

1-    Агар жавроб тўфиққача теридан қилинган бўлса, унга масҳ тортишлик дуруст бўлади. Имом Шофеъий ва бизнинг баъзи соҳибларимиз ҳам ушбу сўзни айтишган.

2-     Агар жавроб қалин бўлиб, мутлақ теридан бўлмасада, лекин остига тери қопланган бўлса, унга масҳ тортишлик жоиздир. Шофеъийларнинг баъзи соҳиблари ўз мазҳабларида ушбу сўзни тасдиқ қилишган. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳам мана шу фикрни қувватлаган. Шофеъийнинг асҳоблари буни имом Моликдан ривоят қилиб келтиришган.

3-    Агар жавробнинг остига тери қопланмаган ва ёки мутлақ теридан бўлмаса ҳам, унга масҳ тортишлик жоиз бўлади. Бу сўзни Аҳмад ибн Ҳанбал айтганлар. 

-          Биринчи фикрни қўллаганлар шундай дейишади:

“Жавроб тўғрисидаги ҳадислар заифдир. Агар жавроб теридан бўлса, унинг ҳукми махсига ўхшаб қолади ва шунда у махси тўғрисида келган ҳадислар тахтига дохил бўлади”.

-          Иккинчи фикрни қўллаганлар шундай дейишади:

“Албатта, агар жавроб қалин ва мустаҳкам матодан бўлиб, у оёқни тўфиққача беркитса, у билан юришлик имконияти бўлади. Демак унда юриш имконияти бўлгандан кейин у махси кабидир. Махсига эса масҳ тортишлик билиттифоқ жоиздир”.

-          Учинчи фикрни қўллаганлар шундай дейишади:

“Ҳадиснинг зоҳирида мутлақ жавроб дейилган. Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, жавробга масҳ тортишлик асл бўлади”.[27]

Шофеъийлардан бўлган ибн Рослан[28] Абу Довуднинг “Сунан”ларига ёзган ўзининг шарҳида шундай дейди:

“Имом Шофеъий “Умм”да қуйидаги матнни келтиради:

“Жавробга, унинг қалин ва остига тери қопланганлик шарти билан масҳ тортишлик жоиздир”.

Шофеъийларнинг улкан жамоаси ушбу сўзни қувватлайди.

Қози Абу Тийб шундай дейди:

“Масҳ тортишнинг фарз ўрнидан бошқа жойида юришлик мумкин бўлган жавробга масҳ тортишлик жоиздир”[29].

Шофеъий мазҳабидаги энг тўғри сўз шудир”.

Муборакфурий  шундай дейди:

“Агар сиз, жавроб лафзи ҳадисда ҳеч қандай қайдларсиз, мутлақ келган, нима сабабдан унга масҳ тортишлик учун фуқаҳоларнинг барчаси маълум шартларни қўйишмоқда. Яъни баъзилар теридан бўлишлигини, баъзилар эса остига тери қопланган бўлмоқлигини, яна баъзилар қалин ва мустаҳкам матодан бўлишини айтишмоқда, десангиз, унга қуйидаги жавобни берамиз:

“Қуръони Каримдаги оятнинг очиқ-ойдин далолати оёқни ювмоқликдир. Аллоҳ  таоло шундай марҳамат қилади:

 “Эй, иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар”.[30]

Оятдаги “ювинглар”, деган очиқ-ойдин далолатни, фақатгина саҳиҳлигида муҳаддислар иттифоқ қилган, мутавотир ҳадис бўлсагина тарк қилиш мумкин бўлади. Махсига масҳ тортишлик тўғрисидаги ҳадислар ана шундай мутавотир ҳадислар жумласидандир. Ҳатто бу борада имом Абу Ҳанийфа роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

“Маҳсига масҳ тортиш масаласида келган далиллар менга кундай равшан бўлмагунча рухсат бермаганман”.

Яъни махсига масҳ тортишлик тўғрисидаги ҳадислар мутавотир даражада эканлигини аниқланмагунча, фуқаҳолар махсига масҳ тортишликка ижозат беришмаган.

Имом Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳи шундай ёзадилар:

“Қуръоннинг буйруғини Суннат билан истисно қилиш мумкин, бироқ бунинг учун суннат махсига масҳ тортишлик мавзусидаги каби тавотур ёки истифода даражасига етиши шарт” .

Шунинг учун оятдаги оёқни ювишлик амалининг ўрнига суннатдаги махсига масҳ тортишлик амалини қилиш борасида ихтилоф йўқ. Лекин жавробга масҳ тортишлик тўғрисида бор йўғи учта ҳадис ворид бўлган ва уларнинг иккитасини санади заифлигига иттифоқ қилишган.

Энди, қандай қилиб оятдаги очиқ-ойдин ювишлик маъносини қўйиб, уламолар саҳиҳлигида ихтилоф қилган ҳадисни далил қилиб олдинга сурамиз!? Мана шунга ишора қилиб имом Муслим шундай деган эди:

“Қуръоннинг очиқ-ойдин ояти Абу Қайс ва Ҳузайл кабиларнинг сўзи билан тарк қилинмайди”.

Шу сабабдан жавробга масҳ тортиш учун фуқаҳолар қўйган юқоридаги қайдларни шарт қилиш лозим бўлади. Ушбу шартлар билан жавроб махсига ўхшаб қолади ва унга масҳ тортиш эса худди махсига масҳ тортиш ҳадисига амал қилиш ҳисобланади. Натижада эҳтимолий далилдан аниқ далилга амал қилган бўлинади. Фуқаҳолар наздида агар жавроб теридан ёки унинг ости теридан бўлса, ёҳуд бу икки шарт топилмай қалин ва мустаҳкам матодан бўлса, у худди махси кабидир. Ундан бошқасига масҳ тортмаслик эҳтиётлироқдир”.[31]

Муборакфурий  шундай дейди:

“Агар сиз:

“Нима учун, имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳ жавробга масҳ тортиш ҳадисини заиф дейиш билан бирга, ўзлари унга масҳ тортиш учун ҳеч бир қайдларни қўймаганлар? Ибн ал-Арабийнинг сўзларида буни кўриш мумкин-ку?”,  деган саволни ўртага ташласангиз унга қуйидагича жавоб берамиз:

“Аслида имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ ҳам жавробга масҳ тортиш учун унинг шаффоф бўлмаслигини яъни қалин ва мустаҳкам матодан бўлишини шарт қилиб қўйганлар. Имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳ буни очиқ баён қиладилар. Ибн Қудома “Муғний”да шундай дейди:

“Батаҳқиқ Аҳмад ибн Ҳанбал мутлақ жавробга масҳ тортишга ижозат бермаган. Агар жавроб қалин бўлиб, бўшашмасдан оёқда худди махси каби тик турса, унга масҳ тортиш учун ижозат берганлар. Кишилар жавробни махси ўрнида кўрганлари учун унга масҳ тортар эдилар. Улар жавробни кийиб олиб, у билан бемалол кўчаларда юришарди”.

Ибн Қудома бундан олдин ушбуни келтирган эди:

“Аҳмад ибн Ҳанбалдан йиртиқ жавробга масҳ тортишлик тўғрисида сўралди. Бас у киши буни хуш кўрмаслигини билдирди. Ғолибо, имом Аҳмаднинг наздида бу енгил санашдир. Чунки жавробнинг ёлғиз ўзига масҳ тортиш ҳадисида собит бўлмаган. (Балки унинг ёнида кавуш ҳам зикр қилинган). Ушбу ҳадис қуйидагича:

Муғийра ибн Шуъбадан ривоят қилинади:

“Албатта, Набий солаллоҳу алайҳи васаллам икки жавроб ва икки кавушга масҳ тортар эдилар”.[32]

Яна ибн Қудома давом эттириб:

“Агар жавроб кавуш билан собит бўлса, унга масҳ тортади. Қачонки кавушни ечса таҳорат синади. Яъни жавробнинг ўзи ҳадисда собит бўлмаган, балки унга масҳ тортиш учун унинг ёнида кавуш бўлиши ҳам лозим. Шунда унинг устига масҳ тортишлик мубоҳ бўлади ва агар кавушни ечса, таҳорат синади. Чунки жавробнинг собитлиги масҳнинг жоизлиги учун лозим бўлган икки шартдан биридир. Кавушнинг кийилиши билан у комил бўлади. Демак кавушни ечса, битта шарт йўқолиб, худди қадам кўриниб қолганидек таҳорат ботил бўлади”, дейди.

Шунга кўра имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳ жавроб ҳадисига суянмай, балки саҳобалардан келган асарларга суянмоқда. Ҳофиз ибн Қаййим[33] шундай дейди:

“Батаҳқиқ имом Аҳмад жавробга масҳ тортишликнинг жоизлигига далил келтириб, унга Абу Қайснинг ривоятини иллат қилади. Бу у кишиниг инсофли ва адолатли эканлигидандир. Ушбу масалада имом Аҳмаднинг эътимоди ана ўша саҳобалар ва очиқ-ойдин қиёсдир. Зеро жавроб билан махсининг орасида айтарли фарқ йўқдир. Шундай экан жавробга махсининг ҳукмини жорий қилиш тўғри бўлади”.[34]

Муборакфурий  шундай дейди:

Ибн Қаййимнинг, зеро жавроб билан махсининг орасида айтарли фарқ йўқдир, деган сўзида мулоҳаза бор. Агар жавроб теридан бўлмасада, лекин қалин ва мустаҳкам матодан бўлиб, пухта тўқилганлигидан оёқда боғичсиз ўзи тик турса ва унинг ўзи билан юриш мумкин бўлса, шубҳасиз бундай жавроб билан махси ўртасида айтарли фарқ бўлмайди. Албатта, бу жавробнинг ҳукми махсининг ҳукми кабидир. Аммо жавроб орқаси кўринадиган даражада юпқа бўлиб, боғичсиз оёқда турмаса, унинг ўзи билан ерда юриб бўлмаса, бундай жавробни қандай қилиб махсига тенглаштирамиз?! Демак ҳукмда махсига тенглашадиган жавробнинг фуқаҳолар келтирганидек шартлари бўлиши лозим. Махси билан юпқа жавробни қиёслаш, икки фарқли нарсани қиёслашдир. Бунинг нотўғри эканлигини тушуниш қийин эмас. Гарчи, фаразан махси билан юпқа жавробнинг ўртасида деярли фарқ йўқ, дейилсада, аниқки юпқа жавроб махси тўғрисида келган ҳадислар тахтига дохил бўла олмайди. Чунки жавроб махси туридан эмасдир. Шундай экан махсига ва юпқа жавробга масҳ тортишлик ёлғиз қиёс билан собит булмокда. Қуръоннинг очиқ-ойдин ояти қиёс билан тарк қилинмаслиги барча иттифоқ қилган қоидадир.

Агар сиз Муслимнинг:

“Қуръоннинг очиқ-ойдин далолати Абу Қайс ва Ҳузайлга ўхшаганларнинг сўзи билан тарк қилинмайди”, деган сўзига Ҳофиз ибн Қаййимнинг берган икки хил жавобини келтирсангиз. У жавоб қуйидагича эди:

-          “Биринчидан:

 Албатта Қуръоннинг очиқ-ойдин далолати жавробга масҳ тортишликни ман қилса, унда ушбу ман қилишлик махсига масҳ тортмоқликка ҳам тегишли бўлиши лозим. Шунда ижмоъ масаласига берилган жавобни, ихтилоф масаласига ҳам бериш тўғри бўлади. 

-          Иккинчидан:

Саҳобалар Қуръонни Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитишган, унинг таъвилини билиб, жавробга масҳ тортишган. Ваҳоланки улар Қуръоннинг зоҳирини, Аллоҳнинг бундан кўзлаган мақсадини уммат ичида энг билувчироғи эдилар”.[35]

Бу икки жавобда ҳам мулоҳаза бор, деймиз.

-          Биринчи жавобдаги мулоҳаза:

Махсига масҳ тортишлик тўғрисида муҳаддислар саҳиҳлигида иттифоқ қилган бир неча ҳадислар ворид бўлган. Саҳобалар ушбу саҳиҳ ҳадислар сабабидан Қуръоннинг очиқ-ойдин далолатини тарк қилиб, ўша ҳадисларга амал қилишган. Аммо жавробга масҳ тортишлик тўғрисида муҳаддислар саҳиҳлигида иттифоқ қилган ҳадислар ворид бўлмаган. Бу ҳадисларни ўрганиб чиқсангиз, улар тўғрисида турли сўзларни кўрасиз. Қандай қилиб Қуръоннинг очиқ-ойдин далолатини тарк этиб, маълул ҳадисга амал қилинади?!

-          Иккинчи жавобдаги мулоҳаза:

Саҳоба розияллоҳу анҳумлар масҳ тортган жавробнинг орқаси кўринадиган даражада юпқа бўлганлиги, боғичсиз оёқда турмайдиган ва у билан юриб бўлмайдиганлиги очиқ-ойдин собит бўлмаган. Лекин улар масҳ тортган жавробнинг қалин ва мустаҳкам матодан бўлганлиги ва у билан юриш мумкинлиги тўғрисидаги маънолар эҳтимоли кучлироқдир. Саҳобалар жавробларини махси сифатида кўришган ва уларга масҳ тортишда махсига масҳ тортишлик маъносидаги ҳадисларга амал қилгандек амал қилишган. Имом Аҳмаднинг ушбу сўзлари бунга далолат қилиб турибди:

“Кишилар жавробни махси ўрнида кўрганлари учун унга масҳ тортар эдилар. Улар жавробни кийиб олиб бемалол кўчаларда юришарди”. [36]

Саҳобалар жавробга масҳ тортишган, дейишлик, мутлақ, қалин ёки юпқа бўлсин ҳар қандай жавробга масҳ тортишган деган маънони билдирмайди. Аллома Абу Тийб Шамсул Ҳақ роҳматулоҳи алайҳ “Ғоятул мақсуд” да мазҳабларнинг жавробга масҳ тортишлик тўғрисидаги фикрларини келтиргандан кейин қуйидагиларни ёзади:

“Сиз биласизки, жавроб теридан, жундан ва яна шунингдек пахтадан ҳам қилинади. Буларнинг барчасини жавроб деб номланади. Ушбу умумий жавроблар ичида фуқаҳолар рухсат бергани Набий солаллоҳу алайҳи васаллам масҳ тортган жундан бўлган жавробдир. У жавробнинг ости теридан ёки ўзи қалин ва мустаҳкам матодан бўлиши қатъий собит бўлмаган. Нима учун фуқаҳолар масҳ учун жавробнинг теридан бўлишлигини тайин қилишмоқда? Чунки жавроб теридан бўлса, у махсига ўхшаб қолади. Зеро махси фақат теридан қилинади. Агар ҳадис Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг қовлий ҳадисларидан бўлиб, унда:

“Жавробларингга масҳ тортинглар”, деган сўзлари бўлганида эди, шу сўздан жавробни ҳеч қандай қайдларсиз умумий тушуниш мумкин бўларди. Зеро бундай қовлий ҳадис йўқми, демак жавробни умумий тушуниш ҳам йўқ”.

Яна сиз:

“Нима учун жавроб айнан жундан бўлишлиги керак. Эҳтимол Набий солаллоҳу алайҳи васаллам масҳ тортган жавроб жундан бўлмай пахтадан ҳам бўлиши мумкин-ку? Ровий буни очиқламаган”, десангиз, унга қуйидагича жавоб берамиз:

“Ҳа тўғри! Бу ерда икки томоннинг эҳтимоли баробар. Жавроб жундан бўлганидек, пахтадан ҳам бўлган бўлиши мумкин. Лекин бу икки эҳтимолнинг ўртасида яна бир кучли эҳтимол бор. Бу – унинг теридан бўлиш эҳтимоли. Агар жавроб теридан бўлса, у махси маъносидаги ҳадисларга мувофиқ келади. Унга масҳ тортишлик ҳеч қандай ихтилофсиз жоиз бўлаверади. Аммо теридан бошқа нарсадан бўлса, бунда киши хотиржам бўладиган даражада аниқлик бўлмай, балки турли хил шубҳали эҳтимоллар юзага чиқади.

Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У киши шундай деди:

“Мен Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан:

“Сени шубҳага солган нарсани тарк қилиб, сени шубҳага солмаган нарсага ўтгин. Бас, албатта сидқ хотиржамликдир, кизб шубҳадир”, деганларини ёдлаганман”.[37]

Демак тўғрилиги аниқ бўлган йўл турганда, тўғрилиги эҳтимоллий йўлни танлаш ноўриндир.

Жавробга у қалин ёки юпқа бўлсин, мутлақ масҳ тортиш мумкин дейдиганлар, имом Аҳмаднинг “Муснад”ларида келган ушбу ҳадисни ҳам далил қилиб келтирадилар. У киши шундай дейди:

Бизга Яҳё ибн Саид Саврдан, у Рошид ибн Саъддан, у эса Савбондан ривоят қилади. Савбон розияллоҳу анҳу шундай деди:

“Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам сария жўнатганларида, уларга совуқ етди. Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтишгач, уларга етган совуқдан шикоят қилишди. У зот солаллоҳу алайҳи васаллам  “асоиб” ва “тасохийн”ларига масҳ тортишни буюрдилар”.[38]

Ибн Асир “Ниҳоя”да:

“Асоиб” саллалардир. Чунки у билан бош боғланади. (Асаба деб араб тилида бошни боғлайдиган нарсага айтилади). “Тасохийн” деб қадамни иситиб турадиган махси, жавроб ва шу каби ҳар қандай нарсага айтилади. Бу луғат кўплик шаклида бўлиб, унинг бирлиги йўқдир. Ушбу ҳадис санадидаги кишиларнинг барчаси ишончли ва рози бўлинганлардир”.

Аслида бу ҳадисни далил учун келтириш тўғри эмас. Чунки ровийлар ўртасида узилиш бор. Рошид ибн Саъд бу ҳадисни Савбондан эшитмаган. Ҳофиз ибн Абу Хотим шундай дейди:

“Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал менга ёзган нарсасида шундай деди:

“Аҳмад яъни ибн Ҳанбал:

“Рошид ибн Саъд бу ҳадисни Савбондан эшитмаган”, деди.[39]

Ҳофиз ибн Ҳажар шундай деди:

“Абу Хотим:

“Ал-Харбий Савбондан эшитмаган”, деган.

Ал-Холлал Аҳмад (ибн Ҳанбал)дан ривоят қилиб:

“Ундан эшитишлиги мумкин эмас”, деди.[40]

Ҳофиз Абул Аббос ўзининг “Фатаво”сида шундай дейди:

“Агар жавробнинг ўзи билан юрилса, унга масҳ тортишлик жоиздир. Унинг теридан бўлиш бўлмаслигининг фарқи йўқ. Бу уламоларнинг саҳиҳ сўзидир. “Сунан”да Набий с.а.в икки жавроб ва кавушларига масҳ тортар эдилар, деган маълумот келган. Гарчи бу ҳадиснинг саҳиҳлиги собит бўлмаса ҳам, лекин қиёс унга амал қилишликни тақозо этади. Чунки жавроб билан кавушнинг ўртасидаги фарқ, бирининг жундан бошқасининг эса теридан бўлишлигидадир. Маълумки шариатда бу каби фарқнинг таъсири йўқдир. Унинг теридан, пахтадан, канопдан ёки жундан бўлиши, худди эҳромнинг оқ ёки қора бўлиши кабидир. Тери жундан бироз пишиқроқ холос. Шунингдек теридан бўлган махсига масҳ тортишликдаги эҳтиёж, жундан бўлган жавробга масҳ тортишликдаги ҳикмат ва эҳтиёж билан баробардир. Буларнинг ўртасини фарқлаш икки ўхшаш нарсанинг ўртасини фарқлаш кабидир. Бу эса адолатдан эмас. Энг тўғриси Китоб ва Суннатда келган нарсадир. Аллоҳ таоло энг тўғрисини китобларида нозил қилди ва пайғамбарларини ўша билан жўнатди”.

Муборакфурий  Абул Аббоснинг ушбу сўзларига “Тухфа ал-Ахфазий” да шундай дейди:

“Ҳофиз ибн Таймиянинг (яъни Абул Аббоснинг) бу сўзи бизнинг “жавроб қалин ва мустаҳкам матодан бўлиб, унинг ўзи билан юриш мумкин бўлсагина, унга масҳ тортишлик жоиз”, деган сўзимизга қарши эмас. Чунки у киши: “Агар жавробнинг ўзи билан юрилса, унга масҳ тортишлик жоиздир”, демоқда. Маълумки, жавроб қалин ва мустаҳкам матодан бўлсагина унинг ўзи билан юришлик мумкин бўлади. Аммо ибн Таймиянинг: “Шунингдек теридан бўлган махсига масҳ тортишликдаги эҳтиёж, жундан бўлган жавробга масҳ тортишликдаги ҳикмат ва эҳтиёж билан баробардир. Буларнинг ўртасини фарқлаш икки ўхшаш нарсанинг ўртасини фарқлаш кабидир”, деган сўзи, агар жавроб қалин бўлиб, унинг ўзи билан юрилса, тўғри бўлади. Лекин жавроб юпқа бўлиб, унинг ўзи билан юриб бўлмаса, ибн Таймиянинг сўзи тўғри бўлмайди. Чунки юпқа жавробни махсига қиёс қилиш икки турли нарсани бир-бирига таққослашдир. Бу эса билганингиздек нотўғри қиёс ҳисобланади”.[41]

Фуқаҳолар ўртасида умумий илмий қарашларни  диққат назари билан ўрганиб чиқсак, биз бугунги кунда кийиб юрган шаффоф пайпоқларга масҳ тортишликнинг ёрқин далилини кўрмаймиз. Ўзи умуман олганда киши ибодат масаласида эҳтиётлироқ бўлгани маъқул. Жавробга масҳ тортишлик хусусида барча фуқаҳолар иттифоқ қилишган, лекин жавробнинг сифати тўғрисида турли хил фикр олдинга сурилган. Бу фикрларни ҳам ўрганиб чиқилса, бугунги куннинг шаффоф пайпоқларига масҳ тортиб бўлмаслигига уларнинг иттифоқини кўриш мумкин.

Барчамизни Аллоҳ таоло ҳақ йўлга ҳидоят қилсин. Зеро асл ҳақиқатни ёлғиз Унинг Ўзи билади. У ҳидоят қилса, адаштиргувчи йўқ. Агар адаштирса, ҳидоят қилгувчи йўқ. 1431ҳижрий 23 жумодул аввал Жума. Соат 01:33.

 

Аброр Мухтор Алий ал-Ҳанафий.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1.      Қуръон Карим.

2.     “Сунан Абу Довуд”. Имом Абу Довуд ас-Сижистоний.

3.     “Сунан Термизий”. Имом Термизий.

4.     “Муснад”. Аҳмад ибн Ҳанбал.

5.     “Туҳфатул Аҳфазий шархи Сунан Термизий”. Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳийм Муборакфурий.

6.     “Китабул маросил”. Ҳофиз ибн Абу Хотим.

7.     “Таҳзиб ат-таҳзиб”. Ҳофиз ибн Ҳажар.

8.     “Ниҳоя”. Ибн Асир.

9.     “Ал-Муғний”. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Қудома ал-Мақдисий.

10.  “Найлул Автор”. Муҳаммад ибн аш-Шавконий.

11.  “Ламаъатут Танқиҳ шарҳ Мирқотул Масобиҳ”. Аллома шайх Абдулҳақ ад-Деҳлавий.

12.  “Оризатул Аҳвазий шархи Сунани Термизий”. Имом Ҳофиз Қози Абу Бакр ибн ал-Арабий ал-Моликий.

13.  “ Фатаво”. Аҳмад ибн Абдулҳалим Абдуссалом Ибн Таймия.

14.  “Ғунийятул Мустамло”. Иброҳийм Муҳаммад ибн Иброҳийм ал-Ҳалабий.

15.  “Баҳрур Роиқ шарҳи Канзуд Дақоиқ”. Нажмуддин аз-Зоҳидий Ибн Нужайм.

16.  “Ғоятул Мақсуд”. Аллома Абу Тийб Шамсул Ҳақ.

17.  “Умда ар-Риоя”. Шайх Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий.

18.  “Шарҳи Осор”.  Имом Таҳовий.

19.  “Бадоеъус саноеъ”. Алоуддин ибн Масъуд ал-Косоний.

20.  “Ал-Қомусул Муҳит”. Маждуддин Файруз Ободий.

21.  “Тожул Уруз”. Абул Файз Муртазо Зубайдий.

22.   Мактаба аш-Шомила.

[1] Абул Файз Муртазо Зубайдий “Тожул Уруз”.

[2] Имом Абу Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ аз-Заркаший, ҳижрий 794 да вафот топган.

[3] Ҳасан ибн Муҳаммад  ат-Тибий, ҳижрий 743 йили вафот топган.

[4] Муҳаммад ибн аш-Шавконий 1172-1255 ҳижрийда яшаб ижод қилган.

[5] Муҳаммад ибн аш-Шавконийнинг “Найлул Автор” номли китобидан.

[6] Аллома шайх Абдулҳақ ад-Деҳлавий. Ҳинд муҳаддисларидан, 958-1052 ҳижрийда яшаб ижод қилган.

[7] Аллома шайх Абдулҳақ ад-Деҳлавийнинг “Ламаъатут Танқиҳ шарҳ Мирқотул Масобиҳ” номли китобидан.

[8] Имом Ҳофиз Қози Абу Бакр ибн ал-Арабий ал-Моликий.

[9] Имом Ҳофиз Қози Абу Бакр ибн ал-Арабий ал-Моликийнинг “Сунани Термизий” га ёзган “Оризатул Аҳвазий” номли китобидан.

[10]Аҳмад ибн Абдулҳалим Абдуссалом Ибн Таймия. Ҳижрий 728 да вафот топган.

[11] Бадриддин Айний,  ҳижрий 762-855 да яшаб ижод қилган.

[12] Абдурраззоқ ривояти.

[13] Маждуддин Файруз Ободий, луғатшунос, “Ал-Қомусул Муҳит”нинг соҳиби, ҳижрий 852 да вафот топган.

[14] Иброҳийм Муҳаммад ибн Иброҳийм ал-Ҳалабий ҳижрий 956 вафот топган.

[15] “Ғунийятул Мустамло”. Иброҳийм Муҳаммад ибн Иброҳийм ал-Ҳалабий.

[16] Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ал-Ҳалвоний. Шамсул Аимма номи билан машҳур. Ҳижрий 448 да вафот топган.

[17] Ибн Нужайм номи билан машҳур аллома Нажмуддин аз-Зоҳидий. Ҳижрий 758 да вафот топган.

[18] Баҳрур Роиқ шарҳи Канзуд Дақоиқ. 2-жуз. 211-саҳифа.

[19] Аллома Абу Тийб Шамсул Ҳақ, ҳижрий 1273-1329 да яшаб ижод этган.

[20] “Ғоятул Мақсуд” китоби.

[21] Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳийм Муборакфурий , ҳижрий 1353 да вафот топган.

[22] “Туҳфатул Аҳфазий” 1-жуз, 424-саҳифа.

 

[23] Имом Таҳовий, 229-321 ҳижрийда яшаб ижод қилган. “Шарҳи Осор”,  1жилд,  995 саҳифа.

[24] Шайх Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий.  1264 -1304 ҳижрийда яшаб ўтган.

[25] Алоуддин ибн Масъуд ал-Косоний. Ҳижрий 587 да вафот топган.

[26] Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Қудома ал-Мақдисий. 541-620 ҳижрийда яшаб ўтган.

[27] Яъни, аслида мутлақни қайд қилмай, уни мутлақлигича жорий қилинади.

[28] Сирожиддин ибн Рослан ал-Балқиний ал-Мисрий аш-Шофеъий. Ҳижрий 805 да вафот топган.

[29] Яъни масҳ тортишнинг фарз ўрни оёқнинг усти тарафидир. Демак жавробнинг ости тарафи юришга ярайдиган даражада бўлишини масҳ тортиш учун Қози Абу Тийб шарт қилиб қўймоқда.  

[30] Моида сураси, 6-оят.

[31] “Туҳфатул Аҳфазий”.

[32] Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривояти.

[33] Ибн Қаййим ал-Жавзия номи билан машҳур Ҳофиз Шамсиддин Муҳаммад ибн Абу Бакр. Ҳижрий 751да вафот топган. 

[34] Ибн Қаййим ал-Жавзиянинг “Сунан Абу Довуд” га ёзган хошиясидан. Таҳорат китоби, 1-жуз, 189-саҳифа.

 

[35] Ибн Қаййим ал-Жавзиянинг “Сунан Абу Довуд” га ёзган хошиясидан. Таҳорат китоби, 1-жуз, 190-саҳифа.

[36] Ибн Қудома. “Ал-Муғний”.

[37] Имом Термизий ривояти. У, бу ҳадис саҳиҳдир, деган.

[38] Абу Довуд ривояти.

[39]“Китабул маросил”нинг 22-саҳифаси.

[40] Ҳофиз ибн Ҳажар “Таҳзиб ат-таҳзиб”

 

[41]“Туҳфатул Аҳфазий шархи Сунан Термизий”. 1-жуз, 434-саҳифа).

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1дарсБИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфиятиҲанафий мазҳаби ижтиҳоди ёғдусига кўраМАТН1Матн Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

3453 05:00 / 09.01.2017
.Истинжо, луғатда ахлат кетказишдир.Фуқаҳолар истилоҳида эса нажосатни сув ва унга ўхшаш нарса ила кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса ила артишга истинжо давоми...

21803 05:00 / 04.01.2017
. . . . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

4650 11:18 / 21 январь
Намозхоннинг ихтиёрисиз таҳорати кетса, дарҳол таҳорат қилиб намозини охирига етказади. Агар ташаҳҳуддан кейин бўлса ҳам. Янгидан бошлаш афзалдир. Бу ҳолда имом давоми...

5518 05:00 / 09.01.2017