1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

ЗАИФ ВА УЙДИРМА ҲАДИСЛАР

09:34 / 22.03.2017 7178 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ва уларни саҳиҳ ҳадислардан фарқлаш масаласи

Ҳозирги кунда энг кўп тарқалган ачинарли одатлардан бири заиф ва мавзуъ (уйдирма) ҳадисларни саҳиҳ ҳадисдек тақдим қилишдир. Хусусан, маъруза, суҳбат ва анжуманларда заиф ва уйдирилган ҳадислар келтирилмоқда. Мақола ё китобларда ҳадислардан фойдаланиляпти, аммо улар ҳақида етарли маълумот берилмаяпти. Бу эса ўта жиддий камчиликдир. Баъзи ҳолатларда бу каби хатоларга етук олимлар ҳам йўл қўяётгани ва кераклича аҳамият бермаётгани ёз-ган асарлари ва маърузаларидан маълумдир.
Машҳур олимлардан Юсуф Қарзовий шундай ёзади: «Кўплаб Ислом диёрларида имом-хатиблар ва воизлар тунда ўтин тўпловчиларнинг ҳолига тушиб қолишган. Саҳиҳ ёки ҳасан санади бўлмаса ҳам, халққа манзур бўладиган ҳадисларни олаверишади. Қаерда жума мавъизасида ёки суҳбатда иштирок эт-майин, албатта заиф, ҳатто ўта заиф, баъзан уйдирма ҳадислардан бир шингил эшитаман».
Юсуф Қарзовий ибн Ҳажар ал-Ҳайсамийнинг «Ал-Фатво ал-ҳадисийа» деган асаридан нақл қили-шича, у зот ўз давридаги имом-хатиблардан маърузаларида ишлатаётган ҳадисларнинг ровийларини билишни, улар ҳақида маълумот келтиришни, саҳиҳ ва саҳиҳ бўлмаган ҳадисларни бир-бирига аралаштириб юбормасликни, акс ҳолда вазифасидан озод қилинишини ҳукумат раҳбарларидан талаб қилган экан. Юсуф Қарзовий бугун ҳам худди шу тажрибани амалга ошириш керак, деган фикрни илгари суради.
Ҳадис илми ҳақида халқимизнинг маълумоти жуда оз ва заиф. Шунинг учун минбарларда ё тўй-маъракаларда тақдим қилинаётган ҳадислардан саҳиҳ эмасларини ажратиб олишга одамларнинг қурблари етмайди. Натижада, илмига сал ишонилган кишилардан эшитган ҳадисларни ҳеч тараддудсиз қабул қилмоқдалар. Афсуски, бу ҳақда кенгроқ маълумот берадиган қўлланма ҳам йўқ, халқ турли маърузаларда ё газета-журналлардаги мақолаларда келтирилаётган ҳадислар билан кифояланиб қолмоқда.

Заиф ҳадисларга амал қилиш масаласи

Заиф ҳадисларнинг нима эканини тўғри тушуниб олишимиз учун, аввало, саҳиҳ ҳадиснинг илмий таърифини билишимиз лозим.
Саҳиҳ ҳадис адолат ва забт шартларига эга бўлган ровийларнинг узлуксиз санад билан, шозз ва иллатдан узоқ ўлароқ ривоят қилган ҳадисларидир.
Заиф ҳадис саҳиҳ ёки ҳасан ҳадиснинг шартларидан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлмаган ҳадисдир.
Демак, саҳиҳ ҳадисни аниқлашда бешта шарт қўйилган:
1. Ровийнинг адолати.
2. Ровийнинг забти.
3. Санадининг узлуксиз бўлиши.
4. Ҳадиснинг шозз ва
5. Иллатдан узоқ бўлиши.
Булардан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлма-са, ҳадис заиф ҳисобланади. Заиф деб ҳукм қили-нишига кўпроқ ровийнинг шахсияти, ҳадис санадидаги нуқсон сабаб бўлади.
Аввало, мавжуд ҳадиснинг заиф ёки заиф эмаслигини аниқ билиш зарур. Бунинг учун ровийнинг сиқалиги (ишонарлилиги) борасида муҳаддислар орасидаги ихтилофларни билиш лозим. Чунки рижол (ровий) ва ҳадис ҳақида берилаётган ҳукмлар олимларнинг шахсий ижтиҳодига боғлиқ. Бирисига кўра заиф бўлган ровий, бошқа бир олимга кўра сиқадир. Бир олим заиф ҳисоблаган ҳадис бошқа олимга кўра саҳиҳ ёки ҳасан бўлиши мумкин.
Хўш, заиф ҳадисга амал қилса бўладими? Бу борада олимлар орасида ҳар даврда турлича фикрлар баён қилинган. Ушбу фикрларни уч гуруҳга умумлаштириш мумкин:

I. Ҳеч қандай масалада заиф ҳадисга амал қилиш мумкин эмас, деган фикр. Хоҳ ҳалол-ҳаромга, хоҳ амалларнинг фазилатига оид мавзуларда бўлсин, заиф ҳадис билан амал қилинмайди. Яҳё ибн Майн (в. 233/847), Абу Шома Абдураҳмон ибн Исмоил (в. 665/1267), Абу Бакр ибн ал-Арабий (в.77 543/1148), ибн Ҳазм (в. 556/1064) каби олимлар мазкур фикрдалар.

II. Аҳком масалаларида эмас, балки амалларнинг фазилатига оид масалаларда заиф ҳадисларга амал қилиш жоиздир. Бу фикрда ижмо (олимларнинг иттифоқи) борлиги айтилади. Ибн Салоҳ (в. 643/1245) тарғиб ва тарҳиб (ёмонликлардан қайтариш) мавзуларида заиф ҳадис ривоят қилишни жоиз дейди.

Ибн Ҳажар (в. 852/1449) амалларнинг фазилатига оид масалаларда заиф ҳадисга учта шарт қўяди:

1) ҳадис жуда ҳам заиф бўлмаслиги;
2) Ислом дини тамойилларидан бирига уйғун бўлиши;
3) амал қилинаётган заиф ҳадиснинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга оид эканлиги хусусида эҳтиёт бўлиш ва ҳадиснинг субутига қатъий ишонмаслик шарт, Чунки заиф ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга оид бўлмаслиги ҳам мумкин.

Алоий (в. 761/1359) биринчи шартда олимлар иттифоқ эканини зикр қилади. Иккинчи ва учинчи шартни эса, ибн Абдуссалом (в. 660/1262) ҳамда ибн Дақиқ ал Ийд (в. 702/1302) айтишган.
Юсуф Қарзовий юқоридаги уч шартни етарли ҳисобламай, уларга яна икки шартни илова қилади:

1) ақл, дин ва тил жиҳатидан қабул қилиб бўлмайдиган муболағалардан ҳамда қўрқитишлардан холи бўлиши;
2) ўзидан кучлироқ бошқа бир шаръий далилга зид келмаслиги лозим.

III. Баъзи шартлар билан аҳком масалаларида ҳам заиф ҳадислардан фойдаланиш мумкин, деган фикр ҳам бор.

Аҳком масалаларида заиф ҳадисларга амал қилиш хусусида олимлар қуйидаги мулоҳазаларни билдиришган:

1) бунинг учун у заиф ҳадислар бошқа заиф ҳадислар билан ёки баъзи далиллар билан дастакланиши лозим;
2) иснодлари заиф бўлса ҳам, инсонлар мазмуни ила амал қилаётган ҳадислардан аҳком масалаларида фойдаланиш мумкин;
3) муҳаддислар эҳтиёткорлик билан олган ҳадисларга кўпроқ мос бўлган заиф ҳадис ила аҳкомда фойдаланиш мумкин;
4) қайси бир мавзуда зайф ҳадисдан бошқа далил топилмаса, олимларнинг шахсий фикрларидан афзал кўрилган ҳолда ундай ҳадис билан амал қилинади.

Аҳмад ибн Ҳанбал (в. 241/855) ва Абу Довуд ас-Сижистонийга кўра, аҳком масалаларида бошқа ҳадис топилмаган пайтда заиф ҳадисдан фойдаланиш мумкин.
Абу Довуд билан Аҳмад ибн Ҳанбалнинг юқоридаги фикрлари олимлар орасида турлича шарҳланган. Масалан, уларнинг даврларида заиф ҳисобланган ҳадисларнинг кўпи кейинги даврларда ҳасан ҳадис деб қабул қилинган (дейилмоқда) ёки улар заиф ҳадисни қиёсдан афзал кўрганларидан шундай фикр айтган бўлишлари мумкин, дейилмоқда. Мазкур ҳадисларнинг заифлик даражаси ҳам бир хил эмас.

1. Заифлиги бартараф қилинган ҳадислар ҳам борки, бир жиҳатдан ҳасан ҳадисга, бошқа бир жиҳатдан заиф ҳадисга ўхшайди, лекин ҳасан ҳадисга яқинроқдир.
2. Заифлик даражаси мутавассит (ўртача) бўлган ҳадис. Бу ҳадис ровийи ҳақида «заифул-ҳадис», «мардудул-ҳадис» ёки «мункарул-ҳадис» дейилган ривоятлардир.
3. Санадида муттаҳам (ёлғончиликда айбланган) ёки матрук (ҳадис олиш тарк этилган) ровий мавжуд бўлган ривоятлар ҳам жуда заиф ҳадис, деб эътироф қилинган. Шунинг учун ҳам заиф ҳадис билан амал қилинаётган пайтда ҳадиснинг заифлик даражаси ҳамда амал қилинадиган мавзу диққат эътиборда туриши керак.

Заиф ҳадислар ривоят қилинаётганда ҳадиснинг заифлиги мутлақо айтилиши зарур.
Шунингдек, бундай ҳадислар қатъийлик ифода этувчи жумлалар билан эмас, балки мажҳул жумлалар билан ривоят қилиниши муҳаддислар орасида қабул қилинган услубдир.
Афсуски, ҳозирги кунда мазкур қоидага амал қилинмаяпти.
Хулоса ўрнида шуни айта оламизки, юқорида келтирганимиз, қарашлардаги баъзи ташвишланишларни эътиборга олган ҳолда, бизнингча, мўътадил ва маъқул кўрилган фикр шуки, заиф ҳадислар ҳеч бир ишга ярамайди, деган қаноат ниҳоятда хатодир. Бундай хато қарашга кўпинча заиф ҳадисларнинг уйдирма ҳадислар билан аралаштирилиб юборилиши, заиф ҳадисларнинг ўзига хос мартабалари борлигини назарда тутмаслик сабаб бўлмоқда. Заифлиги қатъий бўлмаган, баъзи исбот ва далиллар билан дастакланган заиф ҳадислар эътиқод ва ҳалол-ҳаромларни ажратувчи масалаларни истисно қилганда, бошқа барча соҳаларда ҳужжат бўлади. Фазилатлар борасидаги заиф ҳадисга ҳамма ҳам амал қилаверади, аммо фиқҳий мавзулардаги заиф ҳадисга фақатгина олим ва фуқаҳолар кўрсатмасига мувофиқ амал қилиш мумкин. Чунки аҳком ҳадисларидан ҳукм чиқариш учун маълум даражада илмий савия талаб қилинади. Заиф ҳадисларни буткул қабул қилиш ёки буткул рад этиш ўрнига, уларнинг хусусиятларига ва қўлланилаётган мавзуига қараб алоҳида-алоҳида баҳо бериш энг маъқул йўлдир. Ҳақиқатдан ҳам олимларнинг аксарияти ўтмишда мазкур услубни татбиқ қилган.

Заиф ҳадисларга мисоллар

Бугун энг катта муаммо, юқорида таъкидланганидек, заиф ҳадиснинг заифлиги айтилмасдан, саҳиҳ ҳадис каби ривоят қилинишидир. Ҳолбуки, нақл этилаётган ҳар бир ҳадис, хусусан заиф ҳадис, хоҳ у билан амал қилинсин, хоҳ амал қилинмасин, қандай ҳадис эканлиги айтилиши шарт.
Саҳиҳ ҳадис билан аралаштириб юборилган ҳамда халқ орасида машҳур бўлиб кетган заиф ҳадислардан бир нечтасини мисол тариқасида келтирамиз:
«Уч сабаб туфайли арабларни севинглар: чунки мен арабман, Қуръон араб тилида ва жаннат аҳлининг лисони арабчадир» (Ибн ал-Жавзий ал-Жав-зий, «Китабул-Мавзуъот» II жилд, 41-бет; Дарвиш ал-Ҳут, «Аснал-Матолиб», 49; Ажлуний, «Кашофул-Хофо», I ж. 54; Албоний, «Силсилатул-аҳодис аз-заифа вал-мавзуъа», I ж. 293).
«Умматимнинг ихтилофи раҳматдир» (Олимлар мазкур ҳадиснинг «санади йўқ», дейишади. Қаранг: Али ал-Қорий, «Асрорул-Марфуа», 108; Саховий, «Мақосидул-ҳасана», 46-47; Шайбоний, «Тамйизут-той-йиб», 16; Ажлуний, ў. а. I ж. 64; Апбоний, ў. а. I ж. 14).
«Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир» (Али ал-Қорий, ў.а. 359; Суютий, «Ад-Дурарул-мунташи-ра», 402; Шавқоний: «Ал-Фавоидул-мажмуа», 250; Саховий, ў. а. 526-527; Дарвиш ал-Ҳут, ў. а. 507).
«Амалларнинг энг хайрлиси ўртачасидир» (Суютий, ў. а. 221; Саховий, ў. а. 245-246).
«Бир ғазовотдан келаётган пайтларида ҳазрати Пайгамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кичик жангдан катта жангга қайтдик», дедилар. Шунда саҳобалар: «Катта жанг нима?» деб сўрашди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Нафсга қарши курашдир», дедилар» (Суютий, «Жомиъус-сағир», II ж. 253; Али ал-Қорий, ў. а. 211-212; Дарвиш ал-Ҳут, ў. а. 308; Ажлуний, ў. а. I ж. 424-425).
«Умматимдан ким динига оид қирқ ҳадис ёд олган бўлса, уни Аллоҳ таоло қиёмат куни фақиҳ ва олимлар зумрасида тирилтиради» (Имом Нававий мазкур ҳадиснинг барча (етиб келиш) йўлларини заиф дейди. Яна қаранг: Саховий, ў.а. 480-481; Шавқоний, ў. а. 290-291; Ажлуний, ў.а. II ж. 246-бет).
«Ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқишдир» (Саховий, ў. а. 265-266; Дарвиш ал-Ҳут, ў. а. 229; Ажлуний, ў. а. I ж, 421; Суютий, «Ад-Дурарул-Мунташира», 245; Шайбоний, ў. а. 95).
«Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинг, чунки у Аллоҳнинг нури билан боқади» (Ибн ал-Жавзий, ў. а. III ж. 143; Саховий, ў. а. 38-39; Шавқоний, ў. а. 244; Ажлуний, ў. а. I ж. 41-43; Апбоний, ў. а. IV ж. 299).
«Таҳорат устига таҳорат (олиш) нур устига нурдир» (Суютий, ў. а. 416; Саховий, ў. а. 523; Дарвиш ал-Ҳут, ў.а. 519; Ажлуний, ў. а. II ж. 336).

Заиф ҳадисларни таниш йўллари

Заиф ҳадисларни таниш ва билиш учун баъзи манбаларга мурожаат этиш керак. Муҳаддислар баъзи заиф ҳадисларни жамлаб, заифлик сабабларини тушунтиришган. Заиф ровийларни ҳар жиҳатдан танитадиган, улар ҳақида кенг маълумот берадиган «рижол», яъни, табақот китоблари ҳам анчагина. Баъзилари қуйидагилардир:

1. Ибн Ҳиббон (вафоти 354/965): «Китабул-мажруҳин».
2. Заҳабий (в. 748/1347): «Мезонул-иътидол, ал-мурний фий аз-зуафо».
3. Уқаймий (в. 322/934): «Китаб аз-зуафо ал-кабир».
4. Ибн Адий (в. 365/975): «Ал-Комил фий зуафо ар-рижал».
5. Имом Бухорий (в. 256/870): «Китаб аз-зуафо ас-сағир».
6. Ибн Ҳажар (в. 852/1449): «Лисан ал-мезон».
7. Дорақутний (в. 385/995); «Аз-зуафо вал-матрукин».
8. Ибн ал-Жавзий (в, 597/ 1200): «Китаб аз-зуафо вал-матрукин».
9. Насоий (в. 303/915): «Китаб аз-зуафо вал-матрукин».

Баъзи йирик муҳаддисларимизнинг ўзлари ҳадиснинг сиҳҳатини ҳам аниқлаб қўйишган. Масалан, Имом ат-Термизий (в. 279/892) «Сунан» китобида кўплаб заиф ҳадисларни сабаблари билан биргаликда аниқлаб берган. Худди шунингдек, Суютий ҳам «Ал-Жомиъ ас-сағир" асарида ҳадисларнинг сиҳҳат даражаси ҳақида маълумот берган.
Булардан ташқари, баъзи манбаларга қилинган тахриж тадқиқотларидан ҳам фойдаланса бўлади. Мисол учун, Имом Ғаззолийнинг «Иҳёи ъулумид-дин» асарига Ироқий (в. 806/1403) қилган «Тахрижу аҳодиси «Иҳё»; Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг (в. 852/1448) «Кашшоф» ҳақида қилган тахрижи «Ал-Кофиш шоф фий тахрижи аҳодисил-Кашшоф»; Зайлабийнинг (в. 762/1360) «ал-Ҳидоя» ҳақидаги «Насбарройа ли тахрижи аҳодисил-Ҳидоя» номли асарларидан заиф ҳадисларни аниқлашда фойдаланишимиз мумкин. Бу борада заиф ровийлар ва заиф ҳадислар ҳақида ҳадис шарҳларида берилган маълумотларни ҳам эътиборга олиш керак.

Уйдирма ҳадислар ва уларнинг пайдо бўлиш сабаблари

Бугунги кунда яна бир афсусли ҳолатлардан бири уйдирма (мавзуъ) ҳадисларни саҳиҳ ҳадислар билан адаштириб юборилаётгани ва халққа саҳиҳ ҳадис каби тақдим қилинаётганидир.
Мавзуъ ҳадиснинг илмий таърифи бундай: Ҳазрати Пайрамбарга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, оид бўлмаган ва у зотнниг номларидан уйдирилган сўзларга «мавзуъ ҳадис» дейилади. Уйдирма ҳадисларнинг дастлаб юзага чиқиш тарихи ҳақида уламолар турлича фикр билдиришган бўлсаларда, аксарият олимлар Ҳазрати Усмон, розийаллоҳу анҳу, шаҳид этилганларидан сўнг пайдо бўла бошлаган, деган фикрни олға сурадилар. Илк ҳадис уйдирганлар орасида шиа, муржиа, қадарийа, жаҳмия, мушаббиҳа ва хорижия каби сиёсий ҳамда эътиқодий фирқаларнинг таъсири катта бўлгани билдирилади.
Ҳадис тўқишга кейинги даврларда бошқа фирқа ва жамоалар ҳам қўшилган, натижада ҳижрий II-III асрларда уйдирма ҳадислар жуда кенг тарқалган. Ҳадис тўқишни қатъиййан ман этувчи Ҳазрати Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сўзларига мазкур тоифалар ҳеч парво қилмаган. Ҳолбуки, Пайғамбаримизнинг, алайҳис-салом, бу борадаги муносабатлари ғоят очиқ ва қатъийдир:
«Мен ҳақимда қасддан ёлғон сўзлаган киши жаҳаннамдаги жойига тайёргарлик кўрсин!» (ал-Бухорий, «Илм», 38-боб; Адаб: 109-бет; Муслим, «Муқаддима», 2-3-ҳадис; «Зуҳд, 72-ҳадис,; Абу Довуд, «Илм», 4-боб; ат-Термизий, «Илм», 8-боб, 13; «Тафсир», 1-боб; Ибн Можжа, «Муқаддима», 4-боб; Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад», II ж. 159, 171, 202, 214, 410,413, 469-бетлар).
«Кимки бир сўз ёлғон эканини билатуриб менинг ҳадисим сифатида ривоят қилса, унинг ўзи ёлғончилардан биридир» (Ибн Можжа, «Муқаддима», 5-боб).
«Менинг номимдан уйдирилган ёлғон сўз бошқа бир киши номидан уйдирилган ёлғон каби эмасдир. Кимки менинг номимдан билиб туриб ёлғон сўз уйдирса, жаҳаннамдаги жойига тайёргарлик кўрсин!» (ал-Бухорий, «Жаноиз», 34-боб; Муслим, «Муқаддима», 2-ҳадис).
Саҳоба ва тобеъинларнинг баъзилари бу ҳадислардаги огоҳлантиришлардан қўрққанлари учун ҳам, хато қилиб қўймайлик, камайтириб ёки қўшимча қилиб юбормайлик, деган андишада жуда кам ҳадис ривоят қилишган.
Ибн ал-Жавзий: «Баъзида ҳадис иснодидаги ровийларнинг барчаси ишонарли бўлишига қарамасдан ҳадис уйдирма бўлиши мумкин, лекин буни аниқлаш жуда қийин, буни фақатгина шу соҳа мутахассислари била оладилар», дейди. Бундай ҳадислар жуда оз бўлса ҳам, баъзида учраб туради.
Мавжуд уйдирма ҳадисларга назар ташласак, уларнинг бир қисми Исломга зид, мантиқсиз, кулгили ифодалар, бир қисми эса, исломий тамойилларга мос, фойдали ва ҳикматли сўзлар эканига гувоҳ бўламиз. Лекин маъноси қандай бўлишидан қатъи назар, бундай уйдирма сўзларга ҳадис дея амал қилиш, Пайғамбаримизга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, изофа қилиш жоиз эмас ва ҳаромдир.
Мавзуъ ҳадисларга оид асарларда баъзи олимлар уларни нақл қилганларида: «Маъноси тўрри, аммо уйдирилган, Ҳазрати Пайрамбарга оид эмас», жумласини қўшиб қўядилар. Бундай ифодаларни «Мавзуъот» китобларида кўплаб учратишимиз мумкин.
Ҳадисга оид муаммолардан яна бири баъзи ҳадисларнинг уйдирилган ёки уйдирилмагани хусусида турлича ижтиҳодлар юзага чиққанлигидир. Масалан, Ибн ал-Жавзий мавзуъ деган кўплаб ҳадисларга Суютий эътироз билдиради, мавзуъ эканини қабул қилмайди. Ҳар икки қарор ҳам олимлар изланишлари натижасида берилган ижтиҳодий ҳукмдир. Албатта, ҳар икки олимнинг қарорларини ҳурмат қилиш керак. Бу масаладаги бизнинг шахсий қаноатимиз шуки, агар бир ҳадисни аҳл бир муҳаддис мавзуъ деб ҳукм қилган бўлса, бошқа бир олим ҳар қанча, уйдирма эмасдир, деса ҳам, у ҳадис ҳақида шубҳа туғилади. Натижада инсоннинг мазкур ҳадисга амал қилиши қийин бўлиб қолади.

Уйдирма ҳадисларга мисоллар

«Дунё охиратнинг экинзоридир» (Соғоний, «Ал-Мавзуъот», 111; Алиал-Қорий, «Ал-Маснуа», 71; «Асрорул-марфуа», 206; Саховий, «Фатҳул-муғийс», 260; Ажлуний, «Кашфул-хофо», 1ж. 412; Шавқоний, «Ал-Қоваидул-мажмуа», 272).
«Дунё бир қоя устида, қоя эса ҳўкиз устида жойлашгандир. Ҳўкиз шохини қимирлатган пайтда қоя силкинади ва ер қимирлайди, у зилзиладир» (Ибн Қаййим ал-Жавзиййа, «Ал-Манорул-муниф», 78).
«Кибрланганга жавобан кибрланиш садақадир» (Али ал-Қорий, «Асрорул-марфуа», 175; Ажлуний, ў.а. 1ж. 333; Дарвиш ал-Ҳут, «Аснал-матолиб», 171).
«Олимларнинг сиёҳлари шаҳидларнинг қонидан афзалдир» (Али ал-Қорий, ў.а. 303; Шавқоний, ў.а. 278;Ажлуний, II ж. 200; яна қаранг: Саховий, ў.а. 442).
«Фосиқ (тўғрисида гапирилса) ғийбат бўлмайди» (Али ал-Қорий, ў.а. 367; Суютий, «Ад-Дура-рул-мунташира», 424; Ибн Қаййим ал-Жавзиййа, ў.а. 134; Албоний, «Силсилатул-аҳодис аз-заифа вал-мавзуъа», II ж. 53).
«Озгина садақа ҳам кўп балоларни даф қилади» (Саховий, ў.а. 311; Али ал-Қорий, «Асрорул-марсруа», 234; Ажлуний, ў,а. I! ж. 23).
«Вақти ўтмасдан олдин намозни ўқишга, ўлмасдан олдин тавба қилишга шошилинг» (Соғоний, ў.а. 96; Албоний ў.а. I ж. 174).
«Олимнинг уйқуси ибодатдир» (Али ал-Қорий, ў.а. 359; Ажлуний, ў.а. II ж. 329).
«Туз сизларга кераклидир, чунки етмиш дардга даводир»; бошқа қавлда: «Ё Али, туз керакдир, чунки у етмиш дардга даводир» (Ибн ал-Жавзий, ў.а. I! ж. 289; Ибн Қаййим ал-Жавзиййа, ў.а. 55; Шавқоний, ў.а. 161; Суютий, «Ал-Лаолиул-маснуа», II ж. 179; Дарвиш ал-Ҳут, ў.а. 284).
«Шубҳасиз, гул пайғамбарнинг теридан яратилган» (Саховий, ў.а. 159)
«Овқатни пуфлаш баракани кетказади» (Ибн Қаййим ал-Жавзиййа, ў.а. 65).
«Бир соат фикрлаш олтмиш йиллик ибодатдан яхшидир» (Али ал-Қорий, «Ал-Маснуа», 53; «Асрорул-марфуа», 175; Ажлуний, ў.а. 1 ж. 310-311).
«Мен синиқ қалблар билан биргаман» (Али ал-Қорий, «Асрорул-марфуа», 137; Саховий, ў.а. 123; Шайбоний, «Тамйизут-тоййиб», 41; Ажлуний, ў.а. I ж. 327-328; Ибн ал-Жавзий, ў.а. II ж. 245).
«Аллоҳ илк яратган нарса ақлдир» (Соғоний, ў.а. 94; Али ал-Қорий, «Асрор ул-марфуа», 154; Саховий, ў.а. 163; Ажлуний, ў.а. I ж. 263).
«Мен ҳикмат уйиман, Али унинг эшигидир» (Ибн ал-Жавзий, ў.а. 349; ва яна: Ибн Арроқ, «Танзиҳу шаркат шариатул-марфуа», I ж. 377-378; Саховий, ў.а. 123-124; Ажлуний, ў.а. I ж. 203-204; Шавқоний, ў.а. 348).
«Кўп гапирган кўп янглишади» (Саховий, ў.а. 499; Дарвиш ал-Ҳут, ў.а. 459-460).
«Гўзал юзга боқиш ибодатдир» (Ибн Қаййим ал-Жавзиййа, ў.а. 62; Али ал-Қорий, «Асрорул-марфуа», 355).
«Қийин аҳволга тушиб қолсангиз, қабристондагилардан ёрдам сўрангиз» (Абдураҳмон Абдуллоҳ, «Мавзуъ ва заиф ҳадисларнинг ақидага таъсири», 42).
«Аллоҳдан қўрқмагандан қўрқ» (Апи ал-Қорий, ў.а. 344; Саховий ў.а. 500; Шайбоний, ў.а. 191).
«Шахмат ўйнаган кимса малъундир» (Али ал-Қорий, ў.а. 343-344; Саховий, ў.а. 500; Дарвиш ал-Ҳут, ў.а. 462).
«Умматимнинг олимлари Бани Исроилнинг пайғамбарлари кабидир» (Апи ал-Қорий, ў.а. 340; Ажлуний, ў.а. II ж. 64; Албоний, ў.а. I ж. 679).
«Инсонлар йўл бошловчиларнинг динидадир» (Дарвиш ал-Ҳут, ў.а. 508).

Шу жумладан, аёлларни камситувчи мазмундаги уйдирма ҳадислар ҳам халқ орасида кенг тарқалган:

«Аёллар уйнинг чироғидир, лекин уларга ўқиш ва ёзишни ўргатмангиз» (Ажлуний, ў.а. II ж. 316).
«Аёллар билан маслаҳатлашинглар. Сўнгра айтганларининг тескарисини қилинглар» (Али ал-Қорий, «Асрорул-марфуа», 225; Саховий, ў.а. 297; Шавқоний, ў.а. 129; Ажлуний, ў.а. II ж. 3).
«Сизлардан ҳеч ким маслаҳатлашмасдан бир иш қилмасин. Агар маслаҳатлашишга ҳеч бир кимса топмаса, бирорта хотин билан маслаҳатлашсин, аммо унинг деганининг тескарисини қилсин. Чунки унинг (аёл кишининг) айтганининг зиддини қилишда барака бордир» (Али ал-Қорий, ў.а. 226; Шавқоний, ў.а. 130).
«Хотинга итоат пушаймонлик келтиради» (Ибн ал-Жавзий, ў.а. II ж. 272-273; Али ал-Қорий, ў.а. 226; Саховий, ў.а. 297).
«Хотинлар бўлмасайди, эркаклар жаннатга кирарди» (Албоний, ў.а. 140).

«Дунё - охират» мувозанатининг бузилишига сабаб бўладиган, дунёнинг ва ҳаракатнинг зиддига тўқилган, яъни, фақирликни ёқлаб уйдирилган ҳадисларга ҳам мисол келтириб ўтмоқчимиз. Чунки бу хил «ҳадис»лар ҳам замондошларимизга салбий таъсир кўрсатиб, одамларни дунёдан, тирикчилик ҳаракатидан ва бойлиқдан кўнглини совутмокда. Бу борада ҳам халқимизнинг кўзини ва фикрини очишимиз даркор.
«Фақирлик менинг фахримдир, мен у билан фахрланаман» (Апи ал-Қорий, ў.а. 254; «Ал-Маснуа», 97; Ажлуний, ў.а. II ж. 87; Дарвиш ал-Ҳут, ў.а. 303).
«Бу умматнинг энг хайрлилари фақирларидир. Энг тез жаннатга кирадиганлари заифларидир» (Албоний, ў.а. II ж. 40).
«Фақирлар билан бирга бир жамоат бўлинг, чунки қиёматда уларнинг давлати бўлади» (Ибн Қаййим ал-Жавзиййа, ў.а, 140).
«Дунё бир лошдир, уни қўлга киритишни истаганлар эса, итлардир» (Соғоний, ў.а. 96; Ажлуний, ў.а. I ж. 409).
«Дунё охират одамларига ҳаром, охират дунё одамларига ҳаром, дунё билан охират эса, Аллоҳ одамларига ҳаромдир» (Албоний, ў.а. I ж. 105).
«Саломат узлаттадир» (Али ал-Қорий, «Асрорул-марфуа», 222).
«Ҳар бир уммат учун калит бор. Жаннатнинг калитлари мискин ва фақирлардадир. Улар қиёмат кунида Аллоҳ билан бирга бўладилар» (Ибн ал-Жавзий, ў.а. III ж. 141).
«Дунёни тарк этиш сабр иши бўлиб, Аллоҳ йўлида қилич солдиришдан ҳам оғирдир. Дунёни тарк этган кимсага Аллоҳ мутлақо шаҳид савобича савоб беради» (Албоний, ў.а. I ж. 408; Фақирлик мақталган, лекин сиҳҳат ҳолати танқид қилинган бошқа ҳадислар учун қаранг: Йилдирим Аҳмад, «Тасаввуф тамал таълимотининг ҳадислардаги манбалари», 399-403).
«Ҳар нарсанинг калити бордир. Жаннатиинг калити сабрли фақир ва мискинларни севишдир. Улар қиёмат кунида Аллоҳ билан бирга бўладилар» (Ибн Арроқ, ў.а. II ж. 286).
«Аллоҳ дунёга дедики: «Эй дунё! Менинг волийларимга бор, аммо уларга ҳийла ва фитна солма. Менга хизмат (ибодат) этганга икром қил, сенга хизмат (итоат) этганга азият бер» (Ибн ал-Жавзий, ў.а.Ш 136).
«Аллоҳ бойга бой бўлгани учун мулозамат қилган фақирни лаънатлайди ва ундан одамнинг динидан учдан бири кетади» (Ибн Арроқ, ў.а. II ж. 287; ёки яна қаранг: Саховий, ў.а. 477; Ажлуний, ў.а. II ж. 242; Мазкур ҳадисни заиф деганлар ҳам, уйдирма деганлар ҳам бор. Бу ҳақда қаранг: Соғоний, 96; Али ал-Қорий, «Асрорул-марсруа», 188;Суютий,ў.а. 191; Ажлуний, ў.а. II ж. 344-345).

Муборак ой, кун ва кечаларга алоқадор ҳам анча-мунча заиф ва уйдирма ҳадисларга дуч келамиз. Турли жойларда бу хил ҳадислар тилдан-тилга кўчиб юришини, айниқса, ўша муборак кечаларда бўладиган суҳбатларда улар саҳиҳ ҳадислар каби одамларга етказилаётганини кўряпмиз. «Хусусан, кун ва кечалардаги намозларга доир ҳадислар, якшанба куни ва кечаси ўқилган намозлар, душанба куни ва кечаси ўқилган намозлар билан хафтанинг бошқа кунларига алоқадор намозларга доир ҳадисларнинг ҳаммаси ёлғондир. Шаъбоннинг ўртасидаги кечада ўқилган намозга оид ҳадислар ҳам уйдирмадир»
«Ким шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси минг марта Ихлос сурасини юз ракат намозда ўқиса, у кимса ўлиб дунёдан кўчмасдан аввал Аллоҳ унга тушида юз нафар фариштани туширади, у фаришталардан ўттизи уни жаннат билан, ўттизи жаҳаннамдан нажот топгани билан суюнчилашади. Ўттизи эса, уни хато иш қилиб қўйишдан қўрийди, ўн нафари унга душманлик қилувчиларга тузоқ қўяди» (Суютий, «Жомиъус-сағир» I! ж. 50).
«Ким ражаб ойининг илк кечаси шомдан кейин йигирма ракат намоз ўқиса... кўприкдан савол-жавобсиз ўтади» Ибн Қаййим ал-Жавзиййа, ў.а. 95-96; Али ал-Қорий, «Асрорул-марфуа», 440).
«Ким ашуро куни рўза тутса, Аллоҳ унга 60 (олтмиш) йил ибодат қилгандек савоб ёзади» (Али ал-Қорий, ў.а. 402).

Ейиш-ичишга алоқадор ҳам халқ тилида баъзи «ҳадис»лар юради. Қовоқ, патлижон, анор, узум, бақлажон, тарвуз, мош, гуруч ва ҳоказо емишларнинг фазилатларига оид сўзларни Ҳазрати Пайғамбарга боғлашга ҳаракат қилинади. Мисол учун, «Патлижон ҳар дардга даводир» деган сўз уйдирма ҳадислар сирасига киради (Ибн Қаййим ал-Жавзиййа, ў.а. 51; ва ҳ).

Уйдирма ҳадисларни таниш йўллари

Мушкулот шуки, бугун замондошимиз ҳар эшитган ҳадисни соғлом деб қабул қиляпти, уларни манбалардан тадқиқ этиш ва сиҳҳатини аниқпаш имконига эга эмас. Чунки мавзуъот китобларини кўрмаган, қўлига етиб бормаган. Шунингучун манбаи кўрсатилмаган ва шубҳали кўрилган ҳадислар мутлақо мавзуъот китобларидан тадқиқ этилиши керак. Мурожаат қилса бўладиган машҳур манбалар ушбулардир:

1. Мақдисий (в.507/1113):«Тазкиратул-мавзуъот».
2. Ибн ал-Жавзий (в.597/1225):«Китабул-мавзуъот».
3. Умар ал-Мавсимий (в. 622/1225); «Ал-Мурний анил-ҳифз вал-китаби».
4. Соғоний (в. 650/1252); «Ал-Мавзуъот».
5. Суютий (в.911/1505); «Ал-Лаолиул-маснуа фил аҳодисил-мавзуъа».
6. Ибн Арроқ (в.963/1556); «Танзиҳуш-шариа».
7. Ғаттоний (в.986/1578):«Тазкиратул-мавзуъот».
8. Али ал-Қорий (в. 1014/1605): «Ал-маснуа фил-маърифатил-ҳадисил-мавзуъа».
9. Шавқоний (в. 1250/ 1832): «Ал-Қоваидул-мажмуъа фил-аҳодисил-мавзуъа».

Муҳаддис олимлар аввалги замонларда ҳадис тўқиганлар билан қаттиқ-қаттиқ мужодалалар қилишган ва ундай кишиларни бир-бир аниқлаб, уларни рад ва тор-мор этиб, уларнинг қандай одам эканликларини табақот (биографик) китобларда келгуси авлодларга танитиб кетишган. Уларнинг кимлигини билиш учун шунақа асарларга мурожаат қилинса кифоядир. Уйдирма ҳадисларни танишнинг яна бир усули муҳаддислар ўртага қўйган мезонларни билишдир. Ҳадис манбаларида санади бўлмаган ҳадис қабул этилмаганидек, у санадда ҳадис тўқувчи бир ровийнинг бўлиши ҳам у ҳадисни рад этиш учун етарли бир сабабдир. Бошқа томондан муҳаддислар соғлом бир ҳадиснинг Қуръонга, саҳиҳ ҳадисларга, ижмоъга, диний қоидаларга, ақлга, қатъий тарихий воқеаларга зид бўлмаслик шартларини келтиришгандир. Бошқача айтганда, ҳадиснинг лафзларида асло бузуқлик бўлмаслиги керак.

Хулоса

Олимми, мутафаккирми, муаллимми, воиз, имом, муфтийми ё ёзувчими, ким бўлса ҳам, ўзлари қўллаётган ҳадислар масаласида ниҳоятда талабчанлик қилишлари, хоссатан уйдирма ҳадисларни қўллашдан кескин қочишлари керак. Ҳадис айтишни табиий ва оддий бир иш деб ўйламасдан, ҳадиснинг динда иккинчи манба эканини ва динни шакллантирганини унутмаслик даркор. Заиф ва уйдирма ҳадисларни ажратмасдан саҳиҳ ҳадис каби айтиб юриш диний нуқтаи назардан ҳаромлигини ва ман этилганини унутмайлик. Ҳар бир ҳадиснинг ҳукми ва амал йўналиши фарқли бўлгани учун уларнинг ҳар бири ўзининг ҳақли ўрнига қўйилиши, саҳиҳга саҳиҳ, заифга заиф ва уйдирмага уйдирма дейилиши, бир-бирларига мутлақо аралаштириб юборилмаслиги борасида етарли талабчанлик кўрсатилиши илмий дурустликнинг бир таянчидир. Ҳадисларни сиҳҳат нуқтаи назаридан манбалардан ўрганиш ёки ишнинг билимдонларидан сўраш тушунчаси, шуури ва малакасини оммага ўргатиш ва ёйиш лозимдир.

Ҳидоят журнали

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бутун ер юзидаги инсоният, шарқу ғарбдаги барча қавм ва миллатларга Расул қилиб юборилган пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

6522 15:09 / 25.08.2020
Аллоҳнинг розилигини барча нарсадан устун қўйиш лозимдир. Бунда агарчи барча инсонлар сизга ғазаб қилса ҳам сиз Аллоҳ таоло ва Унинг Расули рози бўладиган ишни давоми...

2930 14:39 / 27.03.2017
Дарахтнинг буюклиги у йиқилганда яхшироқ бўй кўрсатади дейилганидек, устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг улуғликлари, давоми...

2652 16:50 / 27.03.2017
Албатта, мусулмонларда бошқа барча илмлар қотори нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича ҳам асосий ва биринчи манба Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2855 14:26 / 15.03.2017