1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг зуҳди.

16:00 / 02.07.2019 7031 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жуда кўп яхши сифатларга эга эдилар, шу билан бирга, олий даражадаги зоҳид ҳам эдилар. У киши розияллоҳу анҳу мол-дунёга мутлақо ўч эмас эдилар. Имконлари бўлса ҳам, дунёнинг ўткинчи ҳавасларига қизиқмас, оддий халқ қатори бўлиш учун қўлларидан келган барча ишни қилар эдилар.

Имом Тобарий Солим ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳуга тайин қилинган маошни олишда давом этди. Аммо унинг ҳожати кўпайди. Муҳожирлардан бир гуруҳи тўпландилар. Уларнинг ичида Усмон, Али, Толҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳум бор эдилар.

Зубайр: «Умарга унинг маошини зиёда қилишимиз ҳақида гапирсак бўлар эди», деди.

Али: «Бу аввалроқ бўлиши керак эди. Юринглар, борайлик», деди.

Усмон: «У Умардир. Келинглар, ўзига билдирмасдан унинг нимаси борлигини ўрганайлик. Ҳафса розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бориб сўрайлик, унга бу гапни ҳеч кимга айтмаслигини тайинлайлик», деди.

Бас, улар Ҳафса розияллоҳу анҳонинг олдига киришди ва ҳеч кимнинг исмини айтмасдан, «Бир гуруҳ одамлар гапиришди», деб хабарни Умарга айтишини сўрадилар-да, унинг олдидан чиқиб кетдилар. Ҳафса Умарнинг ҳузурига бориб, ҳалиги масала бўйича гаплашди. Умарнинг юзида ғазаб аломатларини сезди.

«Улар кимлар!?» деди Умар.

«Сизнинг фикрингизни билмасдан аввал уларнинг кимлигини билишга йўл йўқ», деди Ҳафса.

«Уларнинг кимлигини билсам, албатта юзлари қораяди. Сен мен билан уларнинг орасидасан. Аллоҳ ҳаққи, ростини айт! Сенинг уйингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай либослари бор эди?» деди Умар.

«Бўялган икки кийим. Меҳмонлар келганида ва хутба қилганда кияр эдилар», деди Ҳафса.

«Сенинг ҳузурингда у зот ноил бўлган энг яхши таом нима!?» деди Умар.

Ҳафса: «Арпа нон қилиб, иссиқлигида ёғ идишимизнинг остида қолганини устидан қуйиб, юмшоқ ва ёғли қилар эдик. У зот уни яхши кўриб ер эдилар ва таом ҳисоблар эдилар», деди.

«Сенинг ҳузурингда у зотнинг энг яхши тўшаклари нима эди!?» деди Умар.

«Бизнинг бир қалин кийимимиз бор эди. Уни ёзда тўрт буклаб, тагимизга солар эдик. Қишда эса ярмини тагимизга солиб, ярмини устимизга ёпар эдик», деди Ҳафса. Шунда Умар шундай деди: «Эй Ҳафса, уларга айтиб қўй! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортиқча нарсаларни ўз ўрнига қўйганлар. Мен ҳам ортиқча нарсаларни ўз жойига қўяман. Мен ва икки соҳибим худди бир йўлга тушган уч кишига ўхшаймиз. Биринчиси зоду роҳилага эга бўлган ҳолида ўтиб кетди. Бошқаси унинг ортидан эргашди. Унинг йўлидан юриб бориб, ортидан етиб олди. Сўнгра унга учинчиси эргашди. Агар у иккисининг йўлини лозим тутса ва зодларига рози бўлса, уларга етиб олиб, бирга бўлади. Агар уларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, улар билан жамлана олмайди». 

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади:

«Басранинг жомеъ масжидидаги бир мажлисга келсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир тўп саҳобалари Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг зоҳидликларини, Аллоҳ уларга Исломда фатҳ қилган нарсаларни ва ҳусни сийратларини эслашиб ўтирган эканлар. Мен қавмга яқинлашдим. Қарасам, ичларида Аҳнаф ибн Қайс Тамимий розияллоҳу анҳу ҳам бор экан. Унинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим:

«Умар ибн Хаттоб бизни бир гуруҳ лашкар билан Ироққа юборди. Аллоҳ бизларга Ироқни ва Форс юртларини фатҳ қилди. У ерда Форс ва Хуросоннинг нарсаларига эга бўлдик, улардан кийим кийдик. Умарнинг олдига келсак, у биздан юзини ўгириб олди, бизга гапирмай қўйди. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига оғир ботди. Ўғли Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг олдига келдик. У масжидда ўтирган экан. мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобдан бизга етган жафодан унга арз қилдик.

Абдуллоҳ: «Мўминларнинг амири устингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам киймаган, у зотдан кейинги халифа Абу Бакр Сиддиқ киймаган кийимларни кўрибди», деди.

Биз уйларимизга бориб, устимиздаги кийимларимизни ечдик ва унинг олдига у аввал эгнимизда кўрган кийимларимизни кийиб келдик. У ўрнидан туриб, ҳар биримиз билан алоҳида-алоҳида саломлашди ва ҳар биримиз билан алоҳида-алоҳида қучоқлашиб кўришди. Худди бундан олдин бизни кўрмагандек муомала қилди. Биз ўлжаларни унга тақдим қилдик. Умар уларни бизга тенг тақсимлаб берди.

Ўлжалар ичида Умарга хурмони сариёққа булаб тайёрланган сариқ, қизил сулол таоми бор экан. У уни татиб кўрди. Унга таъми ва ҳиди жуда яхши кўринди. Шунда у бизга ўгирилиб: «Эй муҳожир ва ансорлар! Ўғил отасини, ака укасини ушбу таом учун ўлдириши мумкин», деди ва уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам борликларида ўлдирилган муҳожир ва ансорийларнинг болаларига беришга амр қилди. Сўнгра Умар туриб, кетмоқчи бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳам туриб, унинг изидан юра бошладилар. Улар бир-бирларига: «Эй муҳожирлар, ансорлар! Манави одамнинг зоҳидлигига ва кийимига нима дейсизлар? Аллоҳ бизга унинг раҳбарлигида Кисро ва Қайсарнинг юртларини, ернинг машриқию мағрибини фатҳ қилганидан бери нафсларимиз заифлашди. Унинг олдига арабу ажам элчилари келиб турибди. Улар унинг устидаги ўн икки ямоқли тўнни ҳам кўриб туришибди. 

Агар сиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жамоаси – катталаримиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турли мавқифларда ва жангларда бирга бўлганларимиз, аввалги муҳожир ва ансорларимиз ундан ушбу тўнни бир юмшоқроқ, кўримлироқ кийимга алмаштиришини, унга эрталаб бир идишда таом берилишини ва кечқурун бир идишда таом берилишини, ундан унинг ўзи ҳам, у билан ҳозир бўлган муҳожир ва ансорлар ҳам ейишини сўрасангиз, яхши бўлар эди», дедилар. 

Қавмнинг барчаси бир овоздан: «Умарга бу гапни у зот солаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан бошқа одам айта олмайди, одамларнинг ичида бу ишга ўшагина журъат қилиши мумкин. Ёки қизи – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафсагина айтиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомлари туфайли Умар унга ҳам бирор нарса дея олмайди», дедилар.

Улар бу ҳақда Алига гап очдилар. Али: «Буни мен қила олмайман, яхшиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларига айтинглар, улар мўминларнинг оналари, бу ишга журъат қиладилар», деди.

Улар Оиша ва Ҳафса розияллоҳу анҳолар бирга ўтирганларида улардан илтимос қилишди. Оиша:

«Буни мўминларнинг амирига мен айтаман», деди. Ҳафса:

«Менимча, у бу ишни қилмаса керак, сенга тушунтириб ҳам беради», деди.

Улар мўминлар амирининг олдига киришди. У уларни (ҳурмат билан) яқинига ўтирғизди. Оиша:

«Эй мўминларнинг амири, гапиришимга изн беринг», деди. Умар:

«Эй мўминларнинг онаси, сўзла», деди. Оиша:

«Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз йўллари ила жаннатга ва розиликка кетдилар. Ул зот дунёни хоҳламадилар, дунё у зотни хоҳламади. Шунингдек, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам у зотнинг изларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтирганидан, муртадларни қатл қилганидан, аҳли ботилнинг ҳужжатларини йўқ қилганидан, раъиятга адолат қилганидан, молни баробар тақсим қилганидан, хало­йиқнинг Роббини рози қилганидан кейин ўз йўлига кетди. Аллоҳ уни Ўз раҳматига ва розилигига қабз қилди. Уни Ўз Набийси алайҳиссаломга – Рафиқул аълога қўшди. У дунёни хоҳламади, дунё ҳам уни хоҳламади. 

Энди, батаҳқиқ, Аллоҳ сизнинг қўлингиз ила Кисро ва Қайсарнинг хазиналарини ва юртларини фатҳ қилди. Сизга уларнинг моллари олиб келинди. Сизга мағрибу машриқ яқин бўлди. Аллоҳдан янада зиёда қилишини ва Исломни қўллашини сўраймиз. Олдингизга ажамларнинг элчилари келмоқда, арабларнинг ҳайъатлари келмоқда. 

Сизнинг устингизда эса манави тўн бор. Уни ўн икки жойидан ямаб олгансиз. Энди сиз уни бир юмшоқроқ, кўримлироқ кийимга алмаштирсангиз, сизга эрталаб бир идишда таом берилса ва кечқурун бир идишда таом берилса, ундан ўзингиз ҳам, сиз билан ҳозир бўлган муҳожир ва ансорлар ҳам есалар яхши бўлар эди», деди.

Шу пайт Умар қаттиқ йиғлади ва:

«Сендан Аллоҳ номи ила сўрайман. Қани менга айт-чи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳузурига боргунларича буғдой нонга ўн кун ёки беш кун, ёки уч кун тўйганмилар?! Ёки тушлик ва кечки таомни жамлаганмилар?!» деди. 

«Йўқ», деди Оиша. Шунда Умар унга қараб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ердан бир қарич кўтарилган дастурхонда таом қўйилганини биласанми?! Ул зот таом келтиришга амр қилсалар, ерга қўйиларди. Яна амр қилсалар, дастурхон йиғиштириб олинар эди», деди.

(Оиша ва Ҳафса) икковлари:

«Аллоҳнинг номи ила айтамизки, гапингиз тўғри!» дейишди.

У икковларига қараб:

«Икковингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларисиз, мўминларнинг оналарисиз. Иккингизнинг барча мўминларда, хусусан, менда ҳақларингиз бор. Сизлар эса мени дунёга тарғиб қилгани келибсизлар. 

Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўполлигидан баданларига ботадиган, жундан бўлган чопон кийганларини яхши биламан. Икковингиз ҳам биласизларми?» деди.

«Аллоҳнинг номи ила айтамизки, гапингиз тўғри!» дедилар.

«Эй Оиша! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сенинг уйингда бир арқоқли жун чопон устида ухлаганларини биласанми? Ўша чопон кундузи гилам, кечаси тўшак бўлар эди. Биз у зотнинг олдиларига кирсак, ёнбошларида бўйранинг изини кўрар эдик. 

Эслагин, эй Ҳафса! Сен ўзинг менга у зотга икки қават жой солиб берганингда унинг юмшоқлигидан Билолнинг азонигача уйғонмаганларини, сўнгра сенга «Эй Ҳафса, нима қилиб қўйдинг? Бу кеча менга ўринни икки қават солиб берибсан. Тонг отгунча ухлабман. Менга дунёнинг нима кераги бор эди?! Мени юмшоқ тўшак ила машғул қилишингизнинг нима кераги бор эди?!» деганларини айтиб берган эдинг. 

Эй Ҳафса! Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалгию кейинги гуноҳлари мағфират қилинганини билмасмидинг?! Ул зот оч ҳолларида кеч киритар, тунни саждада ўтказар эдилар. Аллоҳ у зотни Ўз раҳмати ва розилиги ила қабз қилгунича кечаю кундуз рукуъ ва сажда қилган ҳолларида, йиғлаган ва тазарруъ қилган ҳолларида бардавом бўлдилар. 

Умар хуштаъм таом емайди. Юмшоқ кийим киймайди. Ўзининг икки соҳибидан ўрнак олади. Туз ва зайтун ёғидан бошқа икки таомни жамлаб емайди. Ҳар ойда одамлар еган гўштдан ортиқча гўшт емайди», деди.

Икковлари чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига бўлган гапларнинг хабарини бердилар. Умар Аллоҳ азза ва жаллага йўлиққунча ўша ҳолда бардавом бўлди».

Ибн Асокир ривоят қилган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг зоҳидликлари ҳақида бунга ўхшаш ривоятлар ишончли ровийлар томонидан кўплаб келтирилган. 

Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг бу даражадаги зоҳидликлари ўзларининг шахсий ижтиҳодлари ва ўз шахсларига тегишли эканини айтиб ўтмоқ керак. 

Кўриб ўтганимиздек, бошқа саҳобалар ҳам у кишини бу йўлдан қайтара олмаганлар.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(зуҳд ва ҳаё китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Ибн Қаййум .Жавабул кафий лиман саъала ан даваиш шафий, китобида қуйидагиларни айтган .Фикрларнинг энг олийси, энг буюги ва энг манфаатлиси Аллоҳ ва охират давоми...

2766 20:30 / 24.01.2019
Савдода ҳаром қилинган нарсалардан яна бири рибонинг барча турлари ва кўринишларидир..Рибо, луғатда .зиёда, маъносини англатади. Шариатда эса молни молга давоми...

3411 14:07 / 13.11.2018
Абу Абдураҳмон Бақий ибн Махлад Андалусий хозирги Испания 201276 ҳ.ж. У киши йигирма ёшида илм талабида Боғдодга пиёда сафар қилади. Унинг бу сафаридан мақсади, буюк давоми...

2810 11:00 / 25.06.2019
Биринчи мақолаҲикоя. Бир куни бир неча саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдилар. Бир одам мажлисдан туриб кетгач, давоми...

7727 08:45 / 04.07.2019