1446 йил 3 рабиъус сони | 2024 йил 06 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

МУСУЛМОН ҲАЁТИДА ВАҚТ

14:31 / 15.03.2017 10640 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунда (1995 йил кўзда тутилмоқда) расмий хисоб-китобларга кўра, оврупалик бир одамнинг кунлик иш унумдорлиги етти соатдан кам бўлмас экан. Аммо мусулмон кишининг иш унумдорлиги бор-йўғи ўттиз дақиқа атрофида экан. Мусулмоннинг ҳаёти шундай бўлиши, шундай ўтиши керакмиди?!
Мусулмонлар мана шундай самарасиз яшашлари мумкинми?! Ваҳоланки, уларнинг динлари шундай динки, Қуръони каримда гуноҳкорларнинг тили билан қиёмат куни айтадиган сўзларини олдиндан баён қилади: «(Сўнг ҳар бир кишининг, Китоби - нома-и аъмоли (ўртага) қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг ундаги (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандай китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру-нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф, 49).

Қуръони карим ва Суннатнинг вақт масаласига эътибори

Ушбу рисола машҳур олим проф. док. Юсуф ал-Қаразовийнинг «МУСУЛМОН ҲАЁТИДА ВАҚТ » рисоласи асосида тайёрланди.

Муқаддима

Вақт мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли масалалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар дақиқа-ю сония, соат, кун, инсон умрининг хатосиз ўлчовидир.
Аммо, афсуски, исломнинг вақтга нисбатан мавқеи билан бугунги мусулмонларнинг ҳаётида тутган ўрни ўртасида катта фарқ бордир. Ислом вақтга буюк қиймат беради, мусулмонларимиз эса, кўпинча уни фойдасиз елга совуришади. Улар аҳли дунёнинг шаъни бўлмиш бу дунёларини обод қилиш учун ишладилар ва на дин аҳлининг шаъни бўлмиш охиратларини обод қилиш учун ишладилар. Балки, улар икки дунёларини барбод қилдилар ва икки яхшилик бўлмиш дунё ва охират ноз-неъматидан маҳрум бўлдилар. Агар тушунганларида эди, дунёлари учун гўё улар абадий яшаб қоладигандек, охиратлари учун эртага ўладигандек амал қилар эдилар. Ҳаётда ўзлари учун “Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил-ахироти ҳасанатан ва қина азабан-нар..” (Бақара, 201)ни илоҳий таълимотини ҳаётларида шиор қилиб олган бўлар эдилар.
Ҳозирги кунда (1995 йил кўзда тутилмоқда) расмий хисоб-китобларга кўра, оврупалик бир одамнинг кунлик иш унумдорлиги етти соатдан кам бўлмас экан. Аммо мусулмон кишининг иш унумдорлиги бор-йўғи ўттиз дақиқа атрофида экан. Мусулмоннинг ҳаёти шундай бўлиши, шундай ўтиши керакмиди?!
Мусулмонлар мана шундай самарасиз яшашлари мумкинми?! Ваҳоланки, уларнинг динлари шундай динки, Қуръони каримда гуноҳкорларнинг тили билан қиёмат куни айтадиган сўзларини олдиндан баён қилади: «(Сўнг ҳар бир кишининг, Китоби - нома-и аъмоли (ўртага) қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг ундаги (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандай китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру-нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф, 49).
Йўқ, ундай бўлмади. Бугун кучлилар (Америка ва Оврўпа давлатлари) каби уммону фазоларга ҳар дақиқада эгалик қилишга ошиқаётган бир асрда мусулмонларимиз ўзлари тушиб қолган ҳозирги даражаларига рози бўлиб турибдилар. Аҳвол бундай давом этиши мумкин эмас.
Сизларга йўллаётган ушбу китобимиз вақт муаммосини Қуръон ва суннат кўрсатмалари орқали муолажа этишга кўмак беради, деган умиддамиз. Мақсадимиз мусулмонлар ғафлатдан уйғонсинлар, вақтнинг кадр-қимматига қарашларини тўғриласинлар ва унинг қадрига етсинлар. Ушбу китоб сизнинг қўлингизга етиб, ҳаётдаги камчиликларингизни тузатишга кўмак берса, Аллоҳга беҳисоб шукрлар қилинг. Дуоларингизда бизларни ҳам йўқлаб турасиз деб умид қиламиз.

Вақтга эътибор

Қуръони каримда ва суннатда вақтга ҳар томонлама ва турли шаклларда эътибор берилган. Шундай эътиборларнинг энг аввалида вақт ҳам Аллоҳнинг буюк бир неъмати экани ва унинг аҳамиятини баён қилиш ғояси туради. Қуръони Карим вақт қадрининг буюклиги ҳамда Аллоҳнинг инсонга қаратган фазлу карамининг кенглиги ҳақида баён қилиб: «У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна у Зот кеча ва кундузни сизлар учун бўйинсундирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар», дейди. (Иброҳим сураси, 33–34 оятлар мазмуни).
Ва яна айтади: «У эслатма - ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган зотдир», (Фурқон сураси, 62-оят мазмуни).
Яъни, Аллоҳ кечанинг ортидан кундуз ва кундузнинг ортидан кечани келадиган қилиб қўйди, демак, кимда-ким улардан бирини беҳуда амаллар билан ўтказса, иккинчисида ўша қилган хатоларини тўғрилаш тадоригини кўриши мумкин. Аллоҳ таоло вақтнинг аҳамиятини баён қилиб, Маккада нозил қилган сураларининг муайян қисмларида, бир неча сураларнинг эса бошларида вақтга қасам ичади. Бунга мисол тариқасида «Вал-Лайл», «Вал-Фажри», «Ваз-Зуҳо», «Вал-Аср» кабиларни олиш мумкин. Мазкур сураларни кўздан кечирсак, Аллоҳнинг қуйидаги сўзларини ўқиймиз: (мазмуни):

«Борлиқни ўз зулмати билан ўраб келаётган кечага қасам; Ёришиб - кўринган кундузга қасам» (Вал-Лайл, 1–2). «Тонгга қасам; (Зулҳижжа ойидан аввалги) ўн кечага қасам». (Вал-Фажр, 1–2 ). «Чошгоҳ вақтига қасам; (Ўз зулмати билан чор атрофни, қоплаб - ўраб олган кечага қасам» (Ваз-Зуҳа, 1–2). «Аср (вақти)га қасамки, барча, инсон зиён-бахтсизликдадир». (Вал-Аср,1–2).
Агар Аллоҳ ўз махлуқларидан бирининг номи билан қасам ичса, бу ҳолат ё ҳодисага инсонларнинг диққатини қаратиш ҳамда ўша қасам ичилган нарсанинг қадри ва манфаати буюклигини инсонларга билдириш ҳисобланишини муфассир олимлар тушунтиришган. Пайғамбар суннатларида ҳам вақт қиймати алоҳида таъкидланади ва уни Аллоҳ олдида қиёмат кунида инсон бўйнидаги бир масъулият экани тасдиқлаб ўтилган. Ҳатто, ҳисоб-китоб кунида ҳам мукаллафга бағишланган асосий тўртта саволдан иккитаси вақт ҳақидадир.
Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинади, пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: «Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси - умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси - ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси - мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси - ўрганган илмига қандай амал қилгани сўралади». Баззор ва Табароний ривояти.
Шунингдек, инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса, ўзига хос шаклда сўралади. Ёшлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос қийматдор тарафи бор. У ҳаёти ғайрату шижоатга, ўткинчи мақсадга тўла ёшдир, ҳамда (ёшлик) икки заифлик - гўдаклик ва кексалик - орасидаги жисмоний қувватга тўлишган бир даврдир. Рум сураси 54-оят мазмуни бундай: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни ночор нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна ночорлик ва қариликни (пайдо) қилди...”.

Ислом шиорлари ва одоби вақт қийматини таъкидлайди

Исломий мажбуриятлар ва исломий одоблар ушбу юксак маъноли фикрни қувватлайди. Вақт қиймати унинг ҳар бир қисм ва ҳар бир марҳаласига эътибор бериб (унумли фойдаланиб) ва вақтни аҳамияти борлиқни ҳаракати ва фалакни айланиши, қуёш, юлдузларни сайр қилиши, кеча ва кундузни алмашиниб туриши билан бирга (зийраклик билан) эътибор беришлик инсонда хис-туйғу сезгисини уйғотади.
Кеча ёришиб, тонг юзидан пардасини олган вақтда Аллоҳнинг чақирувчилари (муаззинлар) уфқларни, бутун тўрт томонни тўлдириб, ғофилларни огоҳ этиб, уйқудагиларни уйғотиб, эрталабки ширин ўринларидан турғазиб, Аллоҳ ҳузурига келишлари учун уларни: «Намозга келинг! Нажотга келинг! Намоз уйқудан яхшидир!» деб чақирадилар. Мўминлар бу чақириққа жавобан шайтоннинг (ҳийла) тугунларини ечиб, намоз сари ошиқадилар.
Тушлик вақти бўлиб, қуёш осмон ўртасидан ботиш сари бир оз силжиганида, одамлар ўзларининг кунлик машаққатлари, дунёвий машғулотларининг ғам-ташвишига шўнғиб кетган вақтларида Аллоҳнинг чақирувчилари иккинчи маротаба такбир, таҳлил айтиб, Аллоҳнинг ягоналигига, Муҳаммаднинг алайҳиссалом пайғамбарликларига гувоҳлик бериб намозга, нажотга чақирадилар. Шунда одамлар оғир дунёвий амалларнинг чангалидан чиқиб, бутун ишларнинг бошқарувчиси ва ризқлантирувчилари бўлмиш Холиқнинг олдида дунё талаблари, турмуш ғалваларидан холис бир шаклда бир неча дақиқа тин ўлароқ ибодат қиладилар. Ҳар бир соя ўзининг икки мислича бўлиб, қуёш ботиши сари эгила бошлаганида учинчи маротаба муаззин ҳаммани намозга чорлайди.
Қуёшнинг нури сўниб, ўзи уфқда аста ғойиб бўлганида муаззин тўртинчи бора кундузнинг охири ва кечанинг бошланиши бўлган шом намозини адо этишга чақиради.
Шафақ ғойиб бўлганида эса, мусулмон кишининг кунлик ҳаётини якунловчи охирги намоз учун сўнгги азон билан раббоний овоз эшитилади – бу чақириқ энди хуфтон намозигадир.
Мусулмоннинг кунлик ҳаёти мана шу зайл намоз билан бошланиб, намоз билан тугайди, яъни, у икки бомдод ва хуфтон намозлари оралиғидадир. Модомики кеча ва кундуз алмашиниб, фалак ҳаракатланиб турар экан, банда ҳам яратувчиси Аллоҳга ваъдасини доимий янгилаб туради.
Ҳар ҳафтада жума куни келганида, чақирувчи, ўзига хос шартлар асосида, маълум жойларда янгидан нидо қилиб, барчани ҳафталик жамоат намозига чорлайди. Бу намоз жума намозидир. Мазкур саналган намозлардан ташқари, то саҳаргача ўқиладиган тунги намозлар ҳам бор. У намозларни ўқийдиганлар Аллоҳнинг хос содиқ қулларидирлар, чунки улар Роббилари учун ширин уйқудан воз кечиб, ибодат қилиб тонг оттирадилар.
Яна чошгоҳ намози, кеча ва кундузнинг турли вақтларида ўқиладиган нафл намозлари ҳам бор. Ҳар ой боши янги - ҳилол чиққанида ҳар бир мусулмон у янги ойни Роббига таҳлил ва такбир айтган ҳолда қарши олади.

...

«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар... Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, У сени яратиб ўрин тайин қилди ҳамда бутун олам учун сени бир мўъжиза қилди. Эй Аллоҳ, уни бизларга иймон ва омонлик, ислом ва саломатлик ва ўзинг севиб, рози бўладиган муваффақиятли ой қилгин.
Эй яхшилик ва ҳидоят ойи. Сенинг ва менинг роббим Аллоҳдир.
Ҳар йили бир марта Рамазон ойи келади. Бу қутлуғ ойда шайтонлар занжирбанд этилиб, жаҳаннам эшиклари қулфланади ҳамда жаннат эшиклари очилади. Бу пайтда Аллоҳ: «Ҳой яхшилик истовчи, яхшилик сари юзлан! Ҳой ёмонлик истовчи, ёмонликдан тўхта!» деб нидо қилади.
Бунда осийлар тавбага келади. Ҳақдан юз ўгирган қайта унга юзланади, ғофиллар огоҳланадилар ҳамда йўлини йўқотиб ҳар тарафда кезиб юрган кўплар Аллоҳ томонига қайтадилар.
Чиройли ибодатлари ва рўзалари билан Аллоҳнинг розилигини қидирадилар. Расули Акрам (с.а.в.) ваъда қилганларидек: «Кимки Рамазон рўзасини Аллоҳга ишониб ва ундан савоб умид қилиб тутса, олдинги барча гуноҳлари кечирилади ва кимки бу ойда Аллоҳга ишониб, ундан савоб умид қилиб ибодат қилса, аввалги гуноҳлари кечирилади».
Рамазон ойидаги бу маънавий саёҳатдан сўнг унга эргашиб яна бир саёҳат ойи келади. У ҳам бўлса, ҳам руҳий, ҳам жисмоний ва молий хусусиятларни қамраб олган ҳаж сафари бўлиб, Рамазон ойи поёнига етиши билан унга мансуб ойлар бошланади.

«Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. Бас, ким шу ойларда (ўзига) ҳажни фарз қилса, ҳаж мобайнида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади. Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Албатта, энг яхши озуқа Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқинглар, эй аҳли донишлар! (Бақара сураси 197-оят).
Баъзи салаф олимлар беш вақт намозни «Кун ўлчови», жума намозини «Ҳафта ўлчови», Рамазонни «Йил ўлчови» ва, ниҳоят, ҳажни «Умр ўлчови» деб номлашган. Улар бу билан мусулмонларни, аввало, кунларини саломат ўтказишга, агар кунлари саломатликда кечса ундан сўнг ҳафтани, сўнгра йилларини ва, ниҳоят, энг сўнгида умрларини саломат ўтказишга шавқлантиришган. Бу ўлчовлар ҳаётнинг мушку анбарларидир.
Буларнинг ёнида закот фарзлиги ҳам мавжуд. У ҳар йили муборак вақтларда ўрим-терим пайтида, ҳосил йиғилаётган пайтларда вожиб бўлади: «...Ўрим-терим кунида (бечора-мискинларгаларга) ҳаққини беринглар» ( Анъом сураси, 141-оят).
Мана шу шаклда ҳар бир мусулмон йилнинг келиб кетишидан хабардор бўлиб туради, ўзнинг ҳаракатларини назорат қилиб боради ва агар бир йил ўтган ёки ўрим вақти келган бўлса, закотни кечиктирмай беради.

Вақт хусусиятлари

Вақтнинг ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари бор. Бизлар уни тўғри маънода тушунишимиз ва унинг нури билан иш олиб боришимиз лозим. Вақтнинг хусусиятлари ушбулардир;
1. Вақт тез ўтади.
Хоҳ шод-ҳуррамлик ва қувонч билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамол тезлигида ўтади. Бизга хурсандлик кунларимиз бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек кўринади. Аслида, ундай эмас, лекин инсонга шундай туюлади холос. Шоирлардан бири айтадики:

Бахту саодатга тўла ойларим
Гўё давом этди кундан ҳам қисқа,
Ва лекин ҳижронга тўла кунларим
Йиллардек кўринди менинг кўзимга,
Наҳот энди ўтди йиллар, дўстларим,
Ҳайрат-ла боқаман бу кун ўзимга.

Бу ёруғ дунёда инсон умри қанчалик узун бўлмасин, модомики ўлим ҳар тирикликнинг ниҳояси экан, бас у қисқадир.
Ўлим пайтида ўзи яшаб ўтган йиллар ва бир-бирига боғлиқ воқеалар бир неча лаҳзада тез ёниб-сўнувчи чақмоқ каби қисқа туюлади инсонга. Пайғамбарлар орасида энг узоқ яшаган ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом ҳақларида ҳикоят қилинишича, минг йилдан ортиқроқ умр кўрганларидан сўнг, у кишининг жонларини олиш учун ўлим фариштаси келди. Ва у кишидан, «Эй Пайғамбарларнинг энг узун умр кўргани, сиз дунёни қандай тушундингиз?» деб сўради. Шунда Нуҳ(а.с) айтдилар: «(Дунё) гўё бир ҳовлининг икки эшиги бўлиб, уларнинг биридан кириб бошқасидан чиқиб кетдим!»
Бу қисса ҳақиқатга қанчалик тўғри ёки нотўғри бўлмасин, албатта, ҳаётий воқеликка тўғридир. Ундаги ҳақиқат инсон умрининг ўлим вақтигача аста-аста сўниб боришидир. Шунингдек, қиёмат қўпганида ҳам инсонга йўқотган ва бой берган нарсаси вақтнинг қанчалик қисқа экани кўрсатилади. Аллоҳ таоло дейди: «Улар у (қиёмат соати)ни кўрадиган кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар» (Ван-нозиот сураси 46-оят мазмуни).
Бошқа бир оятида: «(Аллоҳ) уларни тўплайдиган кунда улар (бу дунёда) гўёки кундуз куни бир соатгина тургандек бир-бирларини танирлар» (Юнус сураси, 45-оят мазмуни).
2. Вақтдан ўтгани ортига қайтмайди ва ўрнига алмашмайди ҳам.
Ҳар бир кун ўтади, ҳар бир соат ниҳоясини топади ва ҳар бир лаҳза кезувчидир, уни ортга қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришнинг имкони йўқ. Бу холни Ҳасан ал-Басрий етук сўзлари чиройли тавсифлайди: «Ҳар бир тонгги ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: «Мен янги яратилдим (имкониятингман), ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Агар кетсам, қиёматга қадар қайтмайман».
Ҳасан ал-Басрий ҳақларида ал-Имом Али Зайнул-Обидин: «Бу зот сўзлари пайғамбарлар сўзларига ўхшаш киши эдилар» - деганлар. Кўп кексаларни кўрамиз, улар ёшлик даврларини яна бир бора қайтишини орзу қиладилар, лекин бу фақат орзу бўлиб қолади, халос. Унинг озию кўпи ҳеч нарсани билдирмайди. Шоирлардан бири айтади:

Ортига қайтсайди бир кунга ёшлик
Унга айтардим нелар қилди кексалик.

Бошқа бир шоир умрнинг қай тарзда ўтишини тасвирлаб, унинг кечаю кундузлари ортга қайтмасдан кетади ва бунга умид ҳам йўқ, деб ёзади:

Киши кетар умрининг жиловин тутиб,
Ойу кунлар ичра фонийлик сафари сари,
Кеча ва кундузлар тонг оттириб тунни кутиб,
Дунёни тарк этар яқинлашиб қабр сари.

3. Вақт инсон эга бўладиган нарсаларнинг энг нафисидир. Модам вақт тез ўтувчи ва қайтмайдиган ҳамда бирон нарса билан алмаштириб бўлмайдиган нарса экан, у инсон эга бўладиган нарсаларни энг нафиси ва қийматлисидир. Вақтнинг нафислиги ҳар амал ва ишлаб чиқариш учун бир манбаъ, асос (яъни, қурол) бўлишидир. У воқеликда (ҳаётда)ҳоҳ шахс, хоҳ жамият бўлсин, инсон учун асл сармоя ҳисобланади. Вакт машҳур мақолда айтилганидек, фақат олтиндан эмас, балки қимматбаҳо тош, ҳар қандай нафис гавҳардан, олмосдан, маржону тилладан ҳам бебаҳороқ, қимматлироқдир. Ислом мутафаккирларидан бири айтганидек: «У ҳаётдир. Инсон ҳаёти эса, унинг туғилган онидан токи вафот онигача яшаб ўтадиган вақтидир». Бу хусусда яна Ҳасан Ал-Басрий айтадиларки: «Эй одам боласи, сен ташкил топган кунлардан иборатсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг кетиши демакдир». Ким вақт қадрини ўз онида билмаса,бир кун келиб унинг накадар бебаҳо, қадрли ва ўша вақтда қилинган ишнинг қимматли эканини англаб етади, бироқ унгача у анчагина вақтни бой берган бўлади. Бу хусусда Қуръони карим инсон икки ҳолатда вақтини зое этганига пушаймон бўлишини эслатади, лекин бу пушаймон фойда бермайдиган пушаймондир.
Биринчи ҳолат - жон бериш пайтида.
Инсон ёруғ дунёдан юз ўгириб, охират сари юзланган вақтида ўзига яна бир - оз мухлат берилишини ёки йўқотган нарсасини тўғрилаб, бузганини тузатиб олиш учун озгина вақтнинг ортга қайтарилишини орзу килади. Шунда Қуръон айтади: «Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!» (Мунофиқун, 9–10).
Сизларнинг бирингизга ўлим келиб, у; «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб солиҳ баландалардан бўлсам», деб қолишдан илгари «Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!», Аллоҳ бу бўш-бефойда истакларга кескин ва қатъий жавоб бериб: «Аллоҳ бирон жонни ажали келган вақтида (вафот этдирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Мунофиқун, 11), дейди.
Иккинчиси - Охират замонида.
Ҳар бир жон амалига яраша мукофотланиб, жаннатийлар жаннатга, дўзахийлар дўзахга киритилган бир пайтда дўзахийлар орзу этиб қоладиларки, вазифали ҳаётга яна бир қайтишни, ҳаётларини янгидан бошлаб, яхши амаллар қилишни! Бироқ улар истаётган нарса ҳақиқатдан нақадар узоқ! Чунки у вақтда мухлат замони тугалланиб, тақдирлаш замони келган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Кофир кимсалар учун жаҳаннам ўти бордирки, на улар (иккинчи бор ўлиш)га ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилир. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз. Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни қилурмиз), деб дод-вой қилурлар. Ахир, биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку?! Бас, энди азобларингизни тортаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас! (Фотир, 36-37).
Мана шу оғир саволлар билан уларнинг умидлари узилади, чунки: «Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?» саволига ҳеч бирлари жавоб топа олмайди.
Аллоҳ ҳар бир ақллига яшаганларича (касб-кор) амал қилиши учун нима билан вазифаланишини бериб қўйган ва ғафлатдан уйғотиб, гуноҳларига тавба қилишга имкон берган эди.
Шунгача гуноҳкор тавба қилишга, сарсарилар ўз йўлини топишга ва ғофиллар огоҳланишига вақт бўлади. Бир саҳиҳ ҳадисда: «Аллоҳ кишига муҳлат бериб, ҳатто олтмиш ёшга киргунча узрини қабул қилади». Бухорий ривояти.

Мусулмоннинг вақт олдидаги вазифалари

Вақтга катта эътибор берадиган, ҳатто уни ҳақиқий ҳаёт деб биладиган мусулмон кишининг вақт олдидаги вазифалари бор. Шундай экан, ҳар бир муслим уни кўз ўнгига келтирган ҳолда чуқур идрок этмоғи ва уни маърифат, идрок доирасидан иймон ваэътиқод доирасига, ундан сўнг эса, амал қилиш ва ижро этиш доирасига кўчириши лозим.

Вақтдан унумли фойдаланишга интилиш;

Мусулмоннинг вақт олдидаги биринчи вазифаси уни асраш, худди молини асрагандек, балки ундан ҳам ортиқроқ қиймат бериб асрашдир. Вақтнинг барча имконларидан фойдаланиб қолиши, дини ва дунёсида фойда берадиган, миллатини яхшилик ва фаровонликка, моддий ва маънавий юксалишга олиб борадиган ишлар билан машғул бўлиши лозим. Ўтмиш салаф олимлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) вақтларига қизғанчиқроқ бўлишган, чунки улар вақтнинг қийматини бошқалардан кўра яхшироқ билишар эди.
Ҳасан ал-Басрий айтадилар: «Мен бир қавмни кўрдим, улар сизларга қараганда вақтларига дирҳаму динорларидан ҳам кўра ҳирслари қаттиқ эди!» Яъни, улар вақтларини доимий амал билан обод қилишга қизиқувчан, уни беҳуда кетишидан ўта эўтиёткор эдилар. Умар ибн Абдулазиз айтадилар: «Кеча ва кундуз сенинг вужудингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларга амал қилиб қол!» Олимлар: «Манфурликнинг аломати вақтнинг зое кетказишдир», деб уқтиришган. Ва яна: «Вақт бир қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади!» дейишган. Улар (олимлар) ўзлари турган мавқедан яна ҳам гўзалроқ даражага интилар эдилар. Шу жиҳатдан уларнинг бугуни кечасидан, эртаси бугунидан афзалроқ бўлар эди. Бу хусусда улардан бири: «Кимнинг бугуни кечаги куни каби бўлса, у алдангандир ва кимнинг бугуни кечагисидан ёмон бўлса, у лаънатлангандир!» деган.
Улар вақтларини манфаатли илм таҳсил қилишга, фойдали ишларга ё нафс тарбияси ёки бошқаларга фойда келтиришга сарфлашларидан ташқари, бирор кунни ёки ярим кунни ва ё қисқа бир муддатни бўлсин беҳуда этишдан қизғанишар эди. Токи ўзлари сезмай қолиб, умрлари бўш ишларга сарф бўлиб, гарду ғуборга, кўпикка айланиб кетмасин. Ўтаётган ҳар бир кунни ҳам ўзи учун ва ҳам атрофдагилар учун илм, маърифат, иймон ва эзгуликларни юксалтиришга фойдаланмасликни улар Аллоҳ неъматига ношукрчилик ва вақтга ҳурматсизлик бўлади, деб ҳисоблашар эди. Ибн Масъуд (р.а.) айтадилар: “Мен бир куннинг қуёши ботиб, ажалим билан орамиздаги масофа қисқариб, ўша кунлик яхши ишларим кўпаймаганига қилган пушаймонимдек пушаймон қилмадим! Бошқа бир сўзларида: «Агар кун ўтган ва мен ўзимни Аллоҳга яқин қиладиган илмимни зиёда қилмаган бўлсам, шу куннинг чиққан қуёши мен учун баракали бўлмагандир», дейдилар.
Мазкур сўзни баъзилар Пайғамбарга (с.а.в) нисбат берадилар. Бироқ ибни Қаййум ўзларининг «Саодат калити» номли асарларида бу тахминни рад қилиб, ушбу сўз баъзи саҳоба ёки тобеинларга тегишли эканини таъкидлайди. Бу хусусда шоир айтади:

Агар менинг бир куним ўтса-ю, ҳидоятдан нур олмасам
Ва илм истифода этмаса у менинг умрим эмас.

Вақт қотиллари

Модам булар аввалгиларнинг вақтга бўлган қизиқиши ва унинг хотирини, қийматини эъзозлаши экан албатта, бу ёқда қалбларни ўртаб, жигарларни пора-пора қилиб, минг ҳасрату таассуф чекадиган бугунги кунда кўриб турганимиз кўп мусулмонларимиз қийматли вақтларини зое кетказиб, исроф қилиб, бефойда ишлар ишлар йўлида қурбон килмоқдалар.
Гапнинг ҳақиқати мол-дунёсини исроф этган аҳмоқликдан, вақтини исроф этган аҳмоқлик хатарлироқдир. Молини исроф этган кишидан ҳам кўра вақтини исроф этувчилар тошбўрон қилинишга лойиқдирлар, чунки молни бошқа нарсага алмашса бўлади, лекин вақтни ҳеч нимага алмаштириб бўлмайди.
Ҳозирда тилларда кўп қўлланганидан одатий сўзга айланиб қолган, турли тўпланти ва мажлисларда қўлланилаётган «вақтни ўлдириш» (яъни, вақтни ўтказиш) деган иборани ўйлаб кўрайлик. Бу исрофгар ё нобудчилар кечаю кундуз нарда, шахмат, карта ва бошқа ҳалолу ҳаром ўйинлар атрофида дунёдан узилиб, намоз, Аллоҳ зикри ва диний - дунёвий вазифаларига парво қилмай ўтирганини кўрамиз. Агар биз уларга бу ишлари билан қанча исрофгарчилик қилаётганларини эслатсак, улар очиқ-ойдин: «Биз вақтимизни ўлдиряпмиз», деб жавоб қилишади. У бечоралар билмайдики, ким вақтини ўлдирса, ҳақиқатда у ўз жонини ўлдирган кабидир. Вақтни ўлдириш одамларнинг кўзи ўнгида аста-секин ўз жонига қасд қилишдек жиноятдир. Лекин бундай жиноят учун ҳеч кимса жазога тортилмайди! Қандай ҳам жазолансин, бу жиноятининг хатарини идрок қила олмаса, зарарини сезмаса?!

Фароғатни ғанимат билиш

Инсониятга Аллоҳ турли неъматларни берган. Кўпчилик ғафлатда қолиб, ана шу неъматларнинг қадрига етмайди, унинг ҳаққига шукрона этолмай қолади. Шундай неъматлардан бири фароғат неъматидир.
Пайғамбаримиздан (с.а.в.) ибн Аббос орқали келган ҳадисни Имом ал-Бухорий ривоят қиладилар: “Аллоҳ неъматларидан икки неъмат бор, кўп одамлар бундан насибасиздир, улар: сиҳат-саломатлик ва фароғатликдир!” Бу ердаги “фароғат” кишини ухровий ишлардан тўсувчи турли хил дунёвий ташвишлардан ҳолиликни ифода этяпти. Агар турмуш ташвишлари одамни ўзига ғарқ қилиб юбормаса, Аллоҳнинг (ж.ж) ҳаққини адо этишдан қолдирмаса, бу фикрларимиз кишиларни тирикчилик ва касбкор қилишга тарғиб этувчи кўп далилларга зид келмайди.
Аслида, алданиш олди-соттида ва тижоратда бўлади. Аллома ал-Мановий вояга етган ҳар бир шахсни тижоратчига, саломатлик ва фароғатни сармояга ўхшатади, бу иккиси фойданинг асосий сабабчилари ва зафарнинг бош омилларидан бўлгани учун: «Ким Аллоҳ буйруқларига бўйин эгиб муомала қилса (яъни, иш бажарса), фойда қилади. Ким шайтонга эргашган ҳолда ишларини бажарса, сармоясини беҳуда кетказибди».
«Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил...» деб бошланувчи бир ҳадисда: «Фароғатингни мушкул аҳволингдан олдин ғанимат бил», деган қисми ҳам бор. Аммо фароғат (бўшлик, ғам-ташвишлардан холилик) доим ҳам бўш туравермайди. Ҳар қандай фароғат ҳам ё эзгулик билан, ё ёмонлик билан тўла туриши шубҳасиздир. Ким нафсини ҳақ ишлар билан машғул этмаса, у ботил (фойдасиз) ишлар билан банд бўлиб қолади. Ким фароғатни эзгулик ва яхшилик билан тўлдирган бўлса, нақадар роҳат ва ким уни ёмонлик ва бузғунчилик билан тўлдирган бўлса, нақадар надоматдир. Баъзи солиҳлар: «Турли машғулотлардан вақтнинг фароғати буюк неъматдир», дейишган. Киши бу неъматга исён қилиб, ўз истагига биноан ҳавою нафс эшигини очиб, шаҳватлар етагига тортилиб кетса, Аллоҳ унинг қалб неъматини қориштириб ташлайди ва унинг қалб мусаффолигидан оладиган лаззатини тортиб олади. Яна бир донишманд дейди: «Дунё машғулотларидан фориғ бўлганингда У сари юзланмасанг, тўсиқларни камайтириб (кетказиб) ва мавлойимиз сари (ҳузурига беришга) ҳозирлик кўрмасанг, надомат устига надомат бўлсин».
Ўтган солиҳ салафлар ё дунёвий ва ё диний ишларини қилмай бўш юрган одамни ёқтирмас эдилар. Ундай одам хоҳ эркак, хоҳ хотин бўлсин бўш юриши фароғат, яъни, хотиржамлик неъматини унинг учун учун азобга айлантиради. «Эркак кишининг бекорчилиги ғафлатдир, аёл кишининг бекорчилиги шаҳватдир», яъни, шаҳвоний ҳисни ҳаракатга келтирувчи, шаҳвоний ишлар ҳақида ўйлашидир, деб бекорга айтилмаган.
Миср ҳокимининг хотини Зулайҳо Юсуфни (а.с) севиб қолиб уни ўз тузоғига тушириш учун ҳар хил ҳийлалар уюштириши у яшаётган муҳитдаги бекорчиликдандир. Шаҳвоний қувватларининг кучлилиги билан ажралиб турувчи ёшлар бекорчилиги устига қўшилса бекорчиликнинг хатари янада кучаяди.

Эзгу ишларга шошилиш

Вақтнинг қиймати ва аҳамиятини қадрлаб, уни қодир бўлганича эзгу ишлар билан ўтказиш мусулмон кишига муносибдир. Лекин бунда ялқовлик ва дангасалик билан амалларнинг баъзисини бажариб, баъзисини кечиктириб ёки бошқа кунларга қолдириш, яхши ишларни (ибодатларни) эътиборсизлик, хафсаласизлик билан бажариш кифоя қилмайди. Шоир айтганидек:

“Дангасаликдан бугунги ишни кечиктирмайман эртага,
Чунки ожизларнинг куни эртадир!”

Пайғамбаримиз (с.а.в.) умматларига мусулмон тонгда ва кечқурун ўқиб туриши учун таълим берган зикр ва дуолардан бири будир: «Эй Аллоҳим, маҳзунлик ва ғам-ташвишдан ўзингга сиғинаман ва яна ожизлигу дангасаликдан ўзингдан паноҳ тилайман». Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларни эзгулик йўлини бошқа ишлар тўсиб қўймасидан илгари эзгу ишларда мусобақа қилиб унга шошилишимизга буюради: «Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор. Бас, яхши ишларга шошилингиз! Қаерда бўлманг, Аллоҳ сизларнинг барчангизни ҳисоб-китоб учун, келтиради» (Бақара, 148).
Аҳли китобларни огоҳлантириб, уларга нозил қилган (китобида) айтади: «Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин у зот ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир миллатга алоҳида шариат - йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз! Барчангизнинг Аллоҳга қайтишингиз бор» (Моида, 48).
Ва яна жаннат ва ундаги ноз-неъматларга қизиқтириб, Номи Улуғ бўлган Зот айтади: «Ва Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган кенглиги осмон ва ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз!» (Ҳадид, 21).
Бас, ушбу айтилганлардан қилиш мумкин: Аллоҳ бандаларини ўз мағфирати ва жаннатига мусобақа қилишга ва шошилишга, унинг сабабларини, яъни, иймон, тақво ва эзгу ишларни ўринлатишга буюради: «Бас, бахслашувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етишиш йўлида) баҳслашсинлар» (Мутоффифин, 26).
Аллоҳ танлаган яхши пайғамбарларини бундай мақтайди: «Дарҳақиқат, улар (яъни мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва бизга рағбат ва қўрқув бидан дуо илтижо қилар эдилар. Улар бизга таъзим ва итоат қилгувчи эдилар» (Анбиё, 90).
Яна аҳли китоблардан солиҳ кишиларни мақтайди, чунки улар: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар. Яхши амалларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадилар ва яхшилик қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардандирлар» (Ол-и Имрон, 114).
Айни пайтда Аллоҳ мунофиқларни қуйидаги сўзлар билан ёмонлайди: «Ва қачон намозга турсалар, дангасалик билан хўжакўрсинга турадилар». (Нисо, 142); «Намозга фақат эринган ҳолларидагина келишлари ва ўзлари истамаган ҳоллардагина инфоқ-эҳсон қилганликларидир» (Тавба, 54).
Жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) фитна ва турли тўсиқлар тушиб қолишидан аввал эзгуликка шошилиш зарурлигини уқтирар эдилар: «Сизлар ҳаддан ортиқ туғёнкор бойликни, ё унутилмиш фақирликни ё бузгувчи касалликни ё сўнгдирувчи покизаликни ё жиҳозловчи ўлимни ёки кутилаётган ғоят мақтанчоқ ғоибдаги Дажжолни ва ёки қиёматни кутяпсизларми? Қиёмат буларнинг барчасидан даҳшатли ва аччиқроқдир». (Ат-Термизий Абу Ҳурайрадан ривояти).

Кунлар ўтишига эътибор

Мусулмон киши ўтаётган ҳар кечаю ҳар кунидан ибрат олмоғи лозим. Чунки кеча ва кундуз янгиларни эскитади, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни қаритади, кексаларни фонийлик сари етаклаб ўтаверади. Қадимда бир шоир айтганидек:

Ёшни қаритиб, кексани кетказиб,
Кун айланиб ҳаёт ўтади.
Кеча кундузни қаритган чоғда
Бундан сўнгра янги кун келади.

Албатта, мусулмон киши замоннинг ўтиши, кеча ва кундузнинг алмашингуви хусусида фикр юритмаслиги мумкин эмас. Ўтаётган ҳар бир кун, балки кечаётган ҳар бир соатда, балки тугаётган ҳар бир лаҳзада борлиқ ва ҳаётда турли ҳодисалар рўй бермоқда. Баъзиларини кўрамиз, баъзиларини кўрмай ҳам билмай ҳам қоламиз. Ер жонланади, уруғ униб чиқади, ўсимлик гуллайди, гул мева тугади, хосил йиғиштирилади ва экин хас-чўпга айланиб, шамоллар уни учириб кетади. Ёки она қорнидаги бола шаклланади, бола туғилади ва чақолоқ ўсиб, ўсмир улғайиб, улғайган кексайиб, кексалар вафот этади.
Фалак ва Ер тинмай айланар экан, инсонлар ҳолати ҳам енгиллик ва қийинчилик, бойлик ва камбағаллик, саломатлик ва хасталик, хурсандчилик ва маҳзунлик, машаққат ва роҳат, орасида айланаверади. Ушбулар ақли бор кимсаларга бир дарс, қалби борларга панду насиҳат, кўзи очиқларга ибратдир. Аммо ақл эгалари тафаккурдан, қалб эгалари шуурдан, кўз эгалари ибрат назаридан маҳрум бўлсалар, улар учун кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳеч қандай маъно касб этмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир» (Ол-и Имрон, 190-оят); «Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турур. Албатта бунда дил эгалари учун ибрат бордир» (Нур, 44).

Вақтни тартибга солиш

Ҳар бир мусулмон вақтини бир низом асосида тақсимлаши керак. Хоҳ диний, хоҳ дунёвий бўлсин, бири иккинчисига, муҳим бўлмагани муҳимига аралашиб кетмаслиги ёки халақит бермаслиги учун муайян бир низом лозим бўлади.
Чунки шошилинч ишлар тез бажарилиши учун унча зарур бўлмаганларини вақтинча кечиктириброқ қилса бўлади. Яъни, чегараланган вақт ичида бажарилиши шарт бўлган ишлар ўша вақтида бажарилмоғи керак.
Иброҳим (алайҳиссалом) саҳифаларидан Пайғамбаримиз (с.а.в.) ривоят қилган сўзда: «Оқил киши бир кунини тўртга тақсимлаши лозим: бир қисмида Роббига муножот қилади, бир қисмида ўзини ҳисоб-китоб қилади, бир қисмида Аллоҳнинг санъати борасида фикр юритади ва яна бир қисмида ейиб-ичиш каби ҳожатларини бажаради», дейилгандир. (Ибн Ҳиббон ривояти).
Вақтни тақсимлаш ва тартиблашга айниқса, маъсулиятли шахслар муҳтождирлар. Зиммаларидаги вазифа кўплигидан ҳатто улар вазифаларини вақтга қараганда кўпроқ деб ҳис этадилар. Киши вақтини тартибга солиш билан хордиқ чиқариш ва дам олишига ҳам имкон яратади, чунки одам узоқ тиришса, баданлари хориганидек, кўгилга ҳам малол келади. Шу боисдан мубоҳ бўлган (яъни, рухсат этилган) ўйин-кулгу ва кўнгил- хушликдан ҳам бир чимдим бўлиб туриши керак.
Ҳазрат Али (р.а.): «Қалбларингизни вақти-вақти билан роҳатлантириб туринглар чунки қалб қийналса, кўр бўлади», деганлар. (Муаллифнинг «Исломда ҳалол ва ҳаром» номли асарига қаранг!)
Мусулмон киши жонини иш билан қийнаб, қувватини заифлатиб, ишнинг давомийлигини кесиб, ўз нафсининг, оиласининг ва ниҳот жамиятининг ҳаққидан воз кечиши, гарчи бу эзилиш Аллоҳнинг ибодати- рўза, намоз, ибодату зоҳидлик учун бўлса ҳам, яхши эмасдир.
Шунинг учун Пайғамбаримиз (с. а. в) кечалари ортларида намоз учун тўпланганларнинг кўпайганини кўриб асҳобларига: “Амалларингизни тоқатингизга яраша қилингиз, токи ишингиз ўзингизга малол келмагунча Аллоҳга малол келмайди ва албатта Аллоҳга амалларнинг энг ёқимлиси, оз бўлса-да, давомлисидир», дедилар.
Бошқа бир ўринда: «Албатта, дин енгилдир, ҳеч ким уни қийинлаштирмасин. Агар шундай қиладиган бўлса, у ҳолатда дин унга ғолиб келиб қолади. Бас, тўғри йўл тутинг, (ҳаммани ўзингизга) яқинлаштиринг ва барчага динни енгил қилиб кўрсатинг», деганлар. (Бухорий ривояти).
Қуръон ўқишни, рўза ва намозни ҳаддан зиёд кўпайтириб юборган кишиларга тежамкорликни ва меъёрни насиҳат қилиб: «Жисмингнинг сенинг устингда ҳаққи бор, оилангнинг сенинг устингда ҳаққи бор ва куч- қувватингнинг ҳам сенинг устингда ҳаққи бор», деганлар. Имом Бухорий ривоятлари.
Зоҳидлик ва ибодатда меъёридан ошганларга: «Мен сизларнинг ичингизда Аллоҳдан қўрқувчироқ ва сизлардан кўра Унга тақво қилувчироқман. Лекин мен намоз ўқийман, ухлайман ҳам, рўза тутаман ва ҳам оғиз очиб юраман, аёлларга ҳам уйланаман. Бас, ким менинг тутган йўлимдан (суннатимдан) юз ўгирса, у мендан (умматларимдан) эмасдир», дейдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
У зотнинг (с.а.в.) йўллари (суннатлари) ва ҳаётий дастурлари- маънавий ва моддий (олам) оралиғидаги ўртача ва адолатли йўлдир. Инсоннинг нафс насибаси билан Аллоҳнинг ҳаққи ўртасидаги бир мувозанатдир. Бундан келиб чиқиб, Ислом инсонга вақтининг бир қисмини нафсига ором бериш учун, ҳалол гўзал ҳаёт матоси ва зийнатидан бўлган ноз-неъмат, ўйин-кулгу учунсарфлашга рухсат беради ва буни ҳеч қандай зарар деб билмайди.
Саҳобалардан бири Ҳанзала Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келиб, ўзини оила аҳли олдида бошқача, Расулуллоҳ (с.а.в) олдиларида бошқача тутишини айтиб, бу ҳолатини мунофиқликка йўйди. Шунда Пайғамбар (с.а.в.) унга дедилар: “Эй Ҳанзала! Агар сизлар менинг олдимда қандай ҳолатда бўлсангиз, шундайлигингизча қолсангиз эди, фаришталар йўлларда сизлар билан қўл бериб сўрашишар эди. Лекин, эй Ҳанзала соат-соати билан”. Бу ҳадисни имом Муслим ривоят қилган. Соат-соати билан дегани бир соат Аллоҳ учун, бир соат ўз қалби учун деганидир.

Ҳар вақтнинг вазифаси бор

Мусулмон киши вақт ундан қалб, тил ва бошқа аъзолар амалидан нима талаб этаётганини билиб англаши ва ана шуни амалга оширишга интилиши лозим. То унинг бажарган иши кўзлаган мақсадига муносиб тушсин ва ҳамда Аллоҳ (а.ж) ҳузурида қабул бўлсин.
Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ҳазрати Умарни (р.а.) халифаликка тайинлаётган пайтларида: «Билгин (эй Умар), Аллоҳ учун кундузи қилинадиган амаллар бор, уни тунда қабул қилмайди ва шунингдек, тунда бажариладиган ишни кундузи қабул қилмайди», деб васият қилганлар.
Демак, инсоннинг бир ишни қайси замонда бажариши эмас, балки ўша ишнинг муносиб вақтини топиб бажариши муҳим экан. Шунинг учун Аллоҳ (ж.ж.) фарз ва бошқа ибодатларнинг кўпини вақт билан чегаралаб берди. Уларни ана шу вақтидан аввалроқ ҳам, кечиктириб ҳам бажариб бўлмайди. Бу билан Аллоҳ бизга ҳар нарса вақтидан аввал ҳам, кейин ҳам қабул бўлмаслигининг таълимини беряпти. Аллоҳ таоло намоз ҳақида: «Албатта, намоз мўминларга вақти тайинланган фарз бўлди» (Нисо, 103), дейди.
Рўза ҳақида: «Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин», дейди.
Ҳаж ҳақида: «Ҳаж мавсуми маълум ойлардир», закот борасида: «Ўрим-терим кунида (бечора-мискинларга) ҳаққини беринглар», дейди.
Қалбнинг амали (вазифаси) тилнинг амали кабидир ва у ўз ўрнида ва ўз вақтида ишлатилмоғи лозим.
Баъзи ориф зотлар айтадилар: Банданинг вақтлари тўрт хил бўлиб, бешинчиси йўқдир. Улар: неъмат, бало, тоат ва маъсиятдир. Сенинг устингда Аллоҳ учун ҳар бир вақт ичида қулликдан бир улуш бор, ушбу қуллик ҳаққини Аллоҳнинг Робблик ҳукми тақозо этади.
Ким вақтини тоат –ибодат билан ўтказса, унинг натижаси Аллоҳдан унга келадиган неъматни кўришдир, Аллоҳ уни ўша неъматга йўллайди ва у шу сабабли ибодат қилади. Ким вақтини неъмат билан ўтказса, унинг вазифаси Аллоҳга шукр қилиб, қалбини Аллоҳ билан шод этишидир. Ким вақтини маъсият билан ўтказган бўлса, унинг йўли тавба ва истиғфордир. Кимнинг вақти бало-мусибат билан ўтган бўлса, унинг йўли ўша мусибатга сабр қилиб рози бўлишдир. Розилик ушбу мусибатларга нафснинг Аллоҳдан рози бўлиши ва сабр: Аллоҳ олдида қалбни саботидир. Мазкур сўзни Ориф Қуръон ва суннатнинг бу мавзудаги қарашидан олган.
Тоатнинг мақомиҳақида Аллоҳ таоло айтади: «(Эй, Муҳаммад), айтинг, Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, Ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги билан мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир». (Юнус, 58).
Неъмат ҳақида Аллоҳ айтади: «(Биз уларга) Парвардигорингиз берган ризқу рўздан баҳраманд бўлинглар ваУ Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир. (Парвардигорингиз) мағфират қилувчи Парвардигордир». (Сабаъ, 15).
Маъсият ҳақида айтади: «(Эй Муҳаммад), Менинг турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўл-мангиз! Албатта, Аллоҳ (ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур» (Зумар, 53).
Бало (мусибат) ҳақида айтади: «Албатта Биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад,) Бирор мусибат келганида: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчиларимиз», дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг» (Бақара, 155-156).
Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ида Пайғамбардан (с.а.в.) ривоят қилинади: “Мусулмоннинг иши ажойиб: унинг барча иши яхшилик, мусулмондан бошқа бирон кимсада бундай эмас. Агар унга хурсандчилик келса, Аллоҳга шукр айтади, бас, бу унинг учун яхшидир. Ва агар унга мусибат етса, сабр қилади, бу ҳам унинг учун яхшидир”.

Фазилатли вақтларни исташ

Вақтини тежайдиган мусулмоняхшилик сари шошилмоғи керак, яъни, Аллоҳ бошқа вақтларга нисбатан муаййан руҳий хислатлар билан ажратиб қўйган вақтларни исташи лозим.
Ҳадиси шарифда ривоят қилинганидек: «Албатта, сизларнинг вақтингизда Роббингизнинг туҳфалари бор. Сизлар уни қабул этинглар». (Табароний ривоятлари.) Бу хослаш хусусияти Парвардигор ишидан бўлиб, у истаган кишисини истаган нарсаси билан хослайди.
Аллоҳ баъзи кишиларни баъзиларига кўра ва баъзи бир нарсаларни баъзисига кўра ва баъзи маконларни баъзисига нисбатан фазилатли қилганидек, айрим вақтларни ҳам бошқаларига кўра фазилатли қилди: «Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур. Улар учун ихтиёр йўқдир» (Қасос, 68).
Аллоҳ кечанинг саҳар вақтларини - кечанинг учдан охирги бир қисмини фазилатли қилди. У пайтда ҳар кечаАллоҳ бандаларга тажалли этиб, ўзининг буюклик сифатига лойиқ ҳолда уларга иниб, (бандаларига) нидо қилади: «Истиғфор қилувчи борми, мен уни кечирай? Тавба этувчи борми, тавбасини қабул этай? Хожатини сўровчи борми? Дуо қилгувчи борми? Ҳатто тонг ёришади» (Муслим ва Аҳмад ривояти).
Шунинг учун Аллоҳ солиҳ, тақволи кимсаларни ўзининг каломида бундай васфлади: «Албатта, тақводор зотлар (у кунда) Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларни (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар, зеро улар, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёлик чоғларида) чиройли амаллар қилгувчи эдилар. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар. Ва саҳарларда улар (қолган саҳву хатарлари учун) Парвардигордан мағфират сўрар эдилар». (Ваз-Зориёт, 15-18).
Расулуллоҳ (с.а.в.): «Банданинг Аллоҳга энг яқин бўладиган вақти кечанинг охирги яримидир. Агар сен шу соатда Аллоҳга зикр айтадиган яхшилардан бўлишга қодир бўлсанг, бас, айтинг» деганлар, (Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло ҳафта кунларидан жума кунини фазилатли қилди. У мусулмонлар учун ҳафталик байрамдир. У кунда жума намози фарз қилиниши ва жума учрашуви бордир, ва унда (дуо) ижобат бўладиган соат бор, мусулмон Аллоҳга эзгулик билан дуо қилса ва бу ана шу вақтга мувофиқ келса, дуоси ижобат бўлади.
Ҳадисда: «Кимки намози жумага аввалги саотларида етиб борса, гўё у туя қурбон қилгандек, кимки иккинчи вақтида (яъни иккинчи хутба ўқилмасдан) борса гўё у сигир қурбон қилгандек, сўнг (келган) қўй, сўнг товуқ, сўнг тухум (садақа қилгандек) бўлади. Кейин имом хутба учун минбарга кўтарилганда фаришталар дафтарларини ёпадилар», дейилган.
Аллоҳ йил кунлари ичида Зулҳижжа ойининг охирги ўн кунини фазилатли қилди. Бу ўн кун ичида афзалроғи Арафа кунидир. Арафа куни балки умумий йил кунларининг афзали бўлиб, ибни Аббосдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда: “Аллоҳга мана шу кунларда яъни, Зулҳижжа ойининг ўн кунида қилинадиган эзгу ишдан кўра ёқимлироғи йўқдир”, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам тенг келмайдими”, деб сўрашди. «Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам. Фақат бир киши ўз жони ва моли билан чиқиб, эвазига ҳеч нарса олиб қайтмасагина мустасно», дедилар (Бухорий ривояти).
Аллоҳ ойлар ичида Рамазон ойини фазилатли қилди. Бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб, ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи) нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган ва у ойда рўза фарз қилинган. У ойда кечалари туриб намоз ўқиш суннат қилинган ва у ойда эзгу ишларни кўпайтириш яхши саналган. Рамазон ойи мўминларнинг мавсуми, солиҳ кишиларнинг савдоси ва эзгу ишларда мусобақалашувчиларнинг майдонидир.
Ўтган салафлар Рамазонни завқу шавқ билан, “Марҳабо покловчи”, деган ҳолларида кутиб олардилар. Рамазон сабабли айбларининг ва гуноҳларининг киридан покланишни умид этардилар. Чунки Аллоҳ тавба этувчилар ва покланувчиларни яхши кўради.
Убода ибн Сомит ривоятида Пайғамбар (с.а.в.) бир куни, ўшанда Рамазон ойи келган эди, дедилар: «Сизларга баракот ойи Рамазон келди. Аллоҳ сизларни у ойнинг ичига ўради, раҳмат индириб ва хатоларни ўчириб, дуони ижобат этади. Аллоҳ у ойда сизларни (ибодатда) ким ўзарлигингизга боқиб, фаришталарига сиз билан фахрланади. Сизлар Аллоҳга ўзларингизнинг (фақат) яхшиликларингизни кўрсатинглар. Чунки бахтсиз у ойда Аллоҳни раҳматида бенасиб қолган одамдир».
Рамазон ойининг ҳар куни ҳам муҳим, лекин унинг янада муҳимроқ қисмлари охирги учинчи қисми, яъни, охирги ўн кунидир.
Унинг муҳимлиги икки сабабга кўрадир:
Биринчидан, албатта, у (яъни, учинчи ўн кунлик) ойнинг тугашидир ва, албатта, амаллар тугалланишига кўрадир. Шунинг учун Расулуллоҳдан (с.а.в.) ривоят қилинган дуоларида: «Эй Аллоҳим, умримнинг яхшисини охир пайтлари, амалимнинг яхшисини тугалланиши ва кунимнинг яхшисини сенга йўлиққан кун қилгин», дейилган.
Иккинчидан, у ўн кунликда қадр кечаси бор деб гумон қилинган ва у кечани Аллоҳ минг ойдан яхши қилди, Китобида бу кечанинг фазилати ҳақида сура нозил қилди: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад,) Қадр кечаси нима эканини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча) да фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил а.с.) Парвардигорларининг изни-ихтиёри ила йил давомида қилинадиган барча ишлар билан осмондан заминга тушурлар. У (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир» (Қадр сураси).
Қуръон ҳужжати ила ишонгинки, у кеча (яъни, Лайлат-ул қадр) шу ой ичидадир. Ҳадисларда қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан ахтаришга буюрилгандир. Охирги ўн кунлик кирса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) белларини боғлаб кечани бедор қилар, оилаларини ҳам уйғотар ва у ўн кунни (масжидда) эътикоф ўтириш билан ўтказар эдилар.
Ҳаром ойлар - Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойлари ҳам - Аллоҳ фазилатли қилган ойлардандир. «Албатта, ойларнинг саноғи Аллоҳнинг наздида, Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган кунида ёзиб белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган (ойлар) дир. Мана шу тўғри Диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизларга зулм қилмангиз», дейди. (Тавба, 36).
Инсон жонига қасд қилиш ҳар бир ойда ҳаром қилинган, лекин бу ҳаром ойларда гуноҳи қаттиқроқдир.

Мусулмоннинг кунлик ҳаётидаги низоми

Мусулмон умрининг мазмунли- баракали ўтишини истаса, кунлик ҳаёти низомини Ислом талабига кўра тузиб олиши керак. Бу исломий низом мусулмоннинг эрта ётиб, эрта уйқудан уйғонишини тақозо этади. Мусулмоннинг куни тонг отишидан бошланади ёки бўлмаганида қуёш чиқишидан олдиндан.Шу (билан мусулмон) тонгни пок тоза ҳолда, осийларнинг нафаслари кирлатмасидан олдин қаршилайди.Осийлар уйқуларидан куннинг ярмида уйғонадилар. Мусулмон киши ҳар тонгини Расулуллоҳ (с.а.в) умматлари ҳақига дуо қилиб: «Эй Аллоҳим, умматимнинг тонгларини баракали қилгин», деганларига муносиб тарзда қаршилайди.
Мусулмонлар чалинган офатлардан бири улар кунлик ҳаёт низомларини ўзгартириб юборганларидир. Улар тунни узоқ суҳбатлар билан бедор ўтказиб, сўнг уйқуга кетадилар, ҳатто субҳи намозини ҳам қазо қиладилар. Салаф (олимлардан) бири: “Қуёш чиққанидан сўнг бомдод намозини ўқиган одам қандай ризқланишига ажабланаман”, дейди.
Имом ал-Бухорий Абу Ҳурайра (р.а.) орқали Пайғамбаримиздан (с.а.в.) келган ҳадисда ривоят қиладилар: «Сизлардан бирингиз, уйқуга кетганингизда шайтон бошингизнинг орқа тарафига уч тугун боғлайди. Ҳар бир тугунни у: “Сенга узун кечалар бўлсин!” деб тугади. Агар киши уйғониб Аллоҳни зикр этса, биттаси ечилади. Агар ўрнидан туриб таҳорат олса, иккинчи ва намоз ўқиса, учинчи тугун ечилиб, у ғайратли, кайфиятли ва кўтаринки руҳда тонг орттиради. Агар мазкурларни бажармаса, дангаса ва тушкун кайфиятли ҳолда уйғонади ҳамда кун бўйи ялқовлик ва тушкунлик унга ҳамроҳ бўлади”.
Шайтоннинг барча тугунларини ечиб, кунини зикр, таҳорат, намоз билан қаршилаб, ўзининг ёруғ кунига, ҳаёт майдонига хуш кайфият, ғайратли, очиқ қалб билан кириб борган одам билан бошида шайтон тугунлари ечилмай қолиб кетган, кунини кайфиятсиз қаршилаган ва чошгоҳ вақтигача ухлаб, ҳаёт майдонига ялқов, оғир вужуд билан ҳамда хатокор, кайфиятсиз бошлаган одам орасида албатта катта фарқ бордир.
Мусулмон кунини Аллоҳ тоатида бошлаб, намознинг фарзу суннатларини адо этиб, Пайғамбаримиздан (с.а.в.) нақл қилинган субҳи дуолардан қўлидан келганича айтиб бошлайди.
Сўнгра Қуръони каримдан унга насиб бўлганича маъноларини англаб, тадаббур ва хушуъ билан ўқийди. Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур кишилари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак китобдир», деганидек (Сод, 29).
Нонушталигини меъёрида қилиб олгач, энди ҳаётининг тадоригини кўради, ризқ истаб кунлик иши сари юзланади. Ҳатто ҳеч ким олдига туша олмайдиган бой ва обрўли бўлса ҳам, ҳалол ишлар билан машғул бўлишга киришади.
Ислом фоизни ҳаром қилди. Чунки, фоиз (рибо) мол ҳеч қандай меҳнатсиз, шерикчиликсиз ва ҳеч қандай хавфу хатарсиз, ўнига юзни ёки мингни қўшиб келтиришга асосланган соҳиби мол кичкина масъулиятни ҳам кўтармай ором курсисида ёнбошлаган ҳолда мол топадиган низомдир. Бу эса, Исломнинг инсонга қарашига зиддир. Чунки инсон меҳнат қилиш ва ерни обод қилиш учун яратилган: «У сизларни ердан пайдо қилиб, унга жойлаштирди». (Ҳуд, 61).
Киши ҳаётдан олгани каби, ҳаётга бермоғи ҳам лозим. Ундан фойдаланганидек, ўзидан ҳам фойдалантириши керак. Токи, ишламасдан еб, бекорчи, ишсиз яшамасин. Гарчи у Аллоҳнинг ибодати учун барча машғулотлардан фориғ бўлганини даъво этсада. Зеро, Исломда тарки дунё қилиш йўқдир.
Ал-Байҳақий Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қилиб, айтади: “Оламда энг ёмон нарса бекорчиликдир”. Бунга қўшимча қилиб аллома ал-Мановий «Файз-ал қадир” асарида: “Агар инсон бекор бўш қолса, унинг онги динига зарар берадиган нарса билан машғул бўлиб, ташқи аъзолари бекор қолади. Шунингдек, қалби ҳам бўш қолмай шайтон унинг қалбига ин қуриб, тухум қўяди ва у ерда болалайди. Шайтоннинг насли барча жонзотлардан кўра тез кўпаяди.
Ким касб-ҳунар қилиб, одамларга фойда етказмаса, улардан фойдаланади-ю ўзи уларни қийнайди холос. Ундай одамнинг ҳаётидан одамларга ҳаво ва сувни ифлослатиб, нархлари қимматлашишидан бошқа фойда йўқдир”.
Шунинг учун Ҳазрати Умар (р.а) бирор сиймоли кишини кўрсалар: “Унинг ҳунари борми?” деб сўрардилар. Агар йўқ дейилса, назарларидан четда қолар эди. Ва яна у бекорчининг қабиҳ ишларига далолат қиладиган бир жиҳати: у ўзининг молини исроф ва увол қилиб истеъмол этади, айни чоқда бошқаларнинг молини ҳеч қандай эваз бермай ёки унга бадалини қайтармасдан еб юборишгача боради. Баъзи тариқат аҳли (сўфийлар) ҳунарсиз кишини ҳаробада яшовчи бойқушга ўхшатишган. Чунки унинг у ҳаробада кимсага фойдаси йўқ!
Мусулмон дунёвий ишларини тўғри ниятда аллоҳнинг зикрини унутмай, қилаётган ишини ишончли ва мукаммал адо этса, ибодат ва жиҳод деб билади. Зеро, ишни мукаммал қилиш мусулмон учун фарздир. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳ ҳар бир нарсани гўзал қилишга буюради», деганлар. (Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда: «Аллоҳ сизлардан бирингиз иш қилсангиз, уни мукаммал бажаришингизни ёқтиради», дейилади. (Ойшадан (р.а) Байҳақий, Абу Яъло ва ибни Асокир ривояти).
Яна мусулмон киши бепарво бўлиши ё унутиб қўйиши мумкин бўлмаган кунлик вазифалари ҳам бор. Масалан, буларга жамиятга ёрдам қилиш, жамият шахсларининг ҳожатларини чиқариб кўмаклашиш, уларнинг ишларини енгиллаштириш каби ишлар киради. Бу ишлар у учун садақа ва ибодат бўлади. Бухорий ва Муслим Абу Мусодан, Абу Мусо эса, Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадисда: «Ҳар бир мусулмон учун садақа вожибдир”, дедилар. Саҳобалар: «Агар топа олмасачи, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашди. Расулуллоҳ: «Қўли билан меҳнат қилиб, ўзига фойда келтириб ва сўнгра садақа беради», дедилар. Саҳобалар: «Қодир бўлмаса ёки меҳнат қилолмаса-чи?» деб сўрашди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Йиқилиб қолган (ночор) ҳожатмандга ёрдам беради?» дедилар. Саҳобалар: «Шундай қила олмасачи?» деб сўрашди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Эзгуликка буюради», дедилар. Саҳобалар яна: «Агар шундай ҳам қила олмаса-чи?» деб сўрашганида, Расулуллоҳ: «Ўзини ёмонликдан тийиши ҳам, унинг учун садақадир», деб жавоб бердилар.
Бундай садақа ёки ижтимоий солиқлар мусулмон зиммасига ҳар куни юклатилгандир. Балки, ҳар бир ошиқ ёки бўғинларига ҳар куни қуёш чиқиши билан садақа вожиб бўлади дейилган ҳадис тўғридир. Бу билан мусулмон киши атрофидаги инсонлар ва махлуқларга эзгулик, манфаат ва саломатлик улашувчи булоқ бўлиб тонг орттиради.
Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Инсоннинг ҳар бир бўғини учун, Қуёш чиқадиган ҳар бир кун учун садақа лозим. Икки кишининг ўртасини яхшилашинг садақа, бир одамни аравасига миндириб ва юкини кўтаришиб қўйишинг садақа, ширин сўз ҳам, намоз учун босган ҳар қадаминг, йўлда ётган озор берувчи нарсаларни олиб ташлашинг ҳам садақадир», дедилар.
Ҳадисда зикр этилган «бўғинлар»дан мурод, бошқа ҳадислар далолат қилганидек, суяк, бўғин ва аъзолардир. Булар инсонга уни энг гўзал суратда, уни текислаб ва мукаммал қилиб яратган зот берган неъматлардир. Бас, шундай экан, Аллоҳ таоло берган неъматлар учун инсон шу неъматни Аллоҳнинг тоатига, унинг бандаларига манфаат келтиришга ва ўзи қодир бўлган қайси йўл билан бўлмасин уларга яхшилик келтиришга шукр қилиши лозим.
Қуёш тиккадан эна бошлаган вақтида пешин намози учун азон айтилади. Мусулмон намозни илк вақтиданоқ жамоат бўлиб адо этишга ҳаракат қилиб шошилади. Зеро, намознинг аввалги вақти Аллоҳнинг розилигидир. Чунки, Аллоҳ эзгулик ишларида одамни бир-биридан ўзишга ҳаракат қилишга буюрган. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам жамоат намозидан орқада қолган кишиларнинг уйларини ёқиб юборишга азм қилганлар ва жамоат намозининг савобини, хусусан у масжидда ўқилса, якка ҳолда ўқилган намоздан йигирма етти даража афзал кўрганлар.
Куннинг ўртасида мусулмо киши Аллоҳ ризқ қилиб берган (гўзал) лаззатли нарсалардан қорни тўйгунча ейди, исроф қилмай ёки неъматлардан ўзини маҳрум қилиш даражасида тарки дунё қилмасдан тановул қилади. Аллоҳ таоло: «Эй одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, у исроф қилгувчи кимсаларни севмас. (Эй Муҳаммад) айтинг: “Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!” (Аъроф, 31-32), деганидек.
Иссиқ ўлкаларда, хусусан ёз фаслида, баъзи одамларда қайлула қилиб бир оз мизғиб олишга эҳтиёж туғилади. Шу билан эрта туриш (уйғониш)га ва кеча намозларини ўқишга ўзларида мадор йиғадилар.
Бунга Қуръони карим: «...пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган (ечган) пайтингиздаги» (Нур, 58), деб ишорат қилади.
Аср вақти келса, чақирувчи (муаззин): «Намозга келинглар!» деб нидо қилади. Бу вақтда агар муслим қайлула қилаётган бўлса, қайлуласидан ёки, ишлаётган бўлса, иш ташвишидан куннинг «ўрта намози» деб аталувчи ибодатини адо этишга шошилиб туради. Мусулмон бу пайтда савдо-сотиқ ё тижорат ёки бошқа ишлар билан машғул бўлиши мумкин эмас. Чунки, мусулмонлар Аллоҳ ўз Китобида сифатлаганидекдурлар: «...кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар нажот топишдан умидворлик ва ҳалокатдан қўрқув ўртасида изтиробга тушиб қоладиган (қиёмат) кунидан қўрқурлар» (Нур, 37).
Мусулмон аср намозини кечиктириши уни енгил санаб, гоҳо қуёш нури сўниб ботишга яқинлашганида ўқиши лойиқ иш эмас. Чиқар вақтига тақаб ўқиган намоз мунофиқнинг намозидир. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бу мунофиқнинг намози, бу мунофиқнинг намози, бу мунофиқнинг намозидир: қуёш ботишини кутиб туради, ҳатто қуёш шайтоннинг икки шохи ўртасига келганида ўрнидан туриб (товуқ ер чўқигандек) тўрт дафъа ер чўқиб, Аллоҳ учун жуда оз зикр қилади», деганлар. (Муслим ривояти).
Қуёш ботган пайтида мусулмон шом намозини аввалги вақтида ўқишга шошилади, чунки бу намознинг вақти жуда қисқадир. Фарз ва суннатни ўқиб бўлгач, ўзи билган кечки дуо ва зикрлардан ўқийди. Масалан: «Эй Аллоҳим, бу кундузингнинг кетиб, кечангнинг киришидир ва сенга дуо қилиб ёлворувчининг овозидир, гуноҳимни кечиргин!».
Мусулмон кечки овқатини тежамлик ва исрофсизлик билан тановул қилади. Сўнгра, хуфтон намозини суннатлари билан қўшиб ўқийди. Агар у тун ўртасида уйғонишга одатланган бўлса, «витр» намозини кечиктиради, агар одатланмаган бўлса, уйқусидан аввал ўқиб олади. Мусулмон баъзан кечки овқатни хуфтондан кейинга қолдиради. Фақат овқат тайёр бўлса, хуфтондан олдинга қўяди. Ҳадиси шарифда айтилганидек: «Мусулмоннинг қалби Аллоҳ муножотидан бошқаси билан машғул бўлганида, намоз ўқимасин!»
Мусулмон уйқуга ётишидан аввал айрим зиёрат ёки борди келдиларини ҳам бажаришга ҳаракат қилади. Шунингдек, илмини ошириш учун кунлик насибасида интизом китоб мутолаа қилиши ҳам керак. Аллоҳ Расулига «Айтинг: “Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин», деб буюрган. Бу борада мусулмон дину дунёсига фойда берадиган китоб ва мажалларни танлаб ўқигани яхши. Ҳаким: «Сен менга нима ўқишингни айтсанг, мен сенга кимлигингни айтаман», деган. Мусулмон ибодатда Роббининг, уйқуда кўзининг, ором беришда баданининг, бошқаришда оиласи ёки ишининг ҳақларини адо этади. Бунда тажовуз қилмаган ҳолда, ўз нафсини мубоҳ яъни, айрим зарарсиз нарсалар билан ёки кундузи ё кечаси (шариат рухсат берган) кўнгилхушлик билан фойдалантирмоғида ҳеч бир зарар йўқдир.
Аммо мусулмон кечани узайтириб яъни, ухламай ўтказиб, гарчи буни атайин қасд қилмаган бўлса-да, баъзи ҳақларга тажовуз қилиши яхши эмас. Чунки, бир тараф меъёридан ошиб кетса, иккинчи тараф зарар кўради. Бундай хол Аллоҳ буюрган ва Қуръони карим келтирган нарсага зиддир.

«Сизлар тош-тарозидан туғёнга тушмасликларингиз (яъни, ўзгаларга зулм қилмасликларингиз) учун мезон - тарозуни ўрнатди. (Эй инсонлар, ўзаро олди-берди муомалаларингизда) тўғри, адолат билан тортинглар ва тарозидан уриб қолманглар!» (Ар-Раҳмон, 8-9). Яна мусулмон кишига вожиб бўлган нарсалардан ҳар бир ўтган кунида, Аллоҳ таоло ўз китобида буюрганидек, қариндош-уруғларининг ҳақларини эслаб туриши лозим: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош, қўшни ва бегона қўшнига ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги хизматкорларингизга яхшилик қилингиз!» (Нисо, 36).
Ҳақларнинг энг биринчиси ва улуғи бу махлуқотларнинг ва барча неъматларнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ таолонинг ҳаққидир. Мусулмон унинг ҳаққида ялқов ёки ғофил бўлиши асло жоиз эмас. Аллоҳ таоло ўзининг кунлик ҳақларини китобида билдирган. Улардан биринчиси намоздир. Аллоҳ мўминларнинг биринчи сифатларини намоздаги хушуълари деб белгилади: «Улар намозларида қўрқув ва умид билан бўйин эгувчи кишилардир» (Муминун, 2). Охирги сифатлари намозни мустаҳкам тутишларидир: «Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишидан) сақловчи кишилардир» (Муъминун, 9).
Турли ишлар билан машғул бўлиб, намозларини вақтидан ўтказиб юборган кимсага Аллоҳ ҳалокатини баён этади: “Бас, намозларини “унутиб қўядиган” кимсалар бўлган “намозхон”ларга ҳалокат бўлғай» (Моъувн, 4-5).
Ҳақларнинг иккинчиси ота-она ҳаққидир. Уларга яхшилик қилиш Аллоҳнинг китобида Ўзининг ягоналигига иқрордан ва ибодатлар Унгагина ихлос билан қилишдан сўнг келади. Қуръони карим ва суннатда онага алоҳида эътибор қаратилган, чунки онанинг ҳаққи кучлироқ, унинг риоятига эҳтиёжи кўпроқ ва боласини парвариш қилишдаги хиссаси каттароқдир: «Онаси унга қийналаниб ҳомиладор бўлиб, (уни) қийналиб туққандир. Унга ҳомиладор бўлиши ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир» (Ахқоф, 15).
Ислом одамлар йилда бир кун «Оналар байрами» деб номлайдиган хос бир кун бўлиб қолишлигига кифояланмайди бунга рози ҳам бўлмайди, балки йилнинг ҳамма кунлари оналар учун байрам бўлишини хоҳлайди.
Бундан кейин ака-ука, опа-сингил, аммалар, почча, холалар, амаки-тоғалар уларнинг қизу ўғиллари ва бошқа қариндош яқинларининг ҳаққилари келади. Сўнгра жамиятдаги етиму мискинлар, мусофир, узоқ-яқин қариндошлар, қўшнилар ҳаққи, сафарда, вақтинча ҳамроҳ бўлганларнинг ҳаққи ҳам бор. Бунинг остига аёлнинг эрига ёки эркакнинг аёлига бўлган ҳаққи ҳам киради. Ва ниҳоят охиргиси қул ҳаққидир.
«Қўл остингиздаги эга бўлганингиз» оятининг маъноси кўпроқ қулдорлик давридаги қулларга яхшилик қилишнинг вожиблигига қаратилган бўлса-да, унинг умумий маъноси инсон қўл остидаги жами нарсалар -ҳайвонлар, асбоб-ускуналар ва бошқаларни қамраб олади. Шундай экан,Ю инсон уларга ҳам яхшилик қилишга буюрилгандир. Бу яхшилик уларни муҳофаза этиб, чиройли сақлаб, исроф қилмасдан тўғри қўллашдан иборатдир, чунки улар унга омонатга берилган ва вақтинча эга қилингандир. Мусулмон уйқуга ётишдан олдин таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқиб, сўнг тўшагига бориб ўнг тарафи билан ётиши, Расулуллоҳдан ворид бўлган дуолардан бирини, масалан: «Парвардигорим, Сенинг исминг билан ёнбошладим ва номинг билан уйғонаман. Агар жонимни олмоқчи бўлсанг, уни кечиргин, агар қўйиб юборсанг солиҳ бандаларингни асраганинг каби уни ҳам асра», каби дуоларни ўқиб ётиши мустаҳаб қилинган.
Мусулмон киши ўзидан талаб қилинган диний амал ва сўзлар ҳақида олимларимиз ёзиб кетган асарлардан фойдаланиши лозим.

Кеча, бугун ва эрта оралиғидаги инсоннинг вақти

Инсон яшаётган вақт ёки замон уч қисмданиборат: ўтган, ҳозир ва келажак ёки кеча, бугун ва эрталардир. Инсонларнинг вақт ёки замонга алоқадорликлари бир неча хил бўлади. Одатда, улар ифрот ва тафрит ҳаддан ошириб юбориш ёки ҳаддан пасайтириб юбориш тарафида бўладилар. Бир тарафда ўтмишнинг қуллари, ёнларида ҳозирга сиғинувчилар ва уларнинг ёнида эса, келажакнинг хизматкорлари. Иккинчи тарафда мувозанадаги мўътадил кишилар. Улар учала вақтнинг ҳам ҳаққини ҳаддан ошмай, зарар ҳам кўрмай ўз вақтида адо этадилар. Лекин бундайлар жуда оздирлар.
1. Ўтмишга боғланганлар.
Инсонлар орасида фақат кечанигина танийдиганлари бўлади. Улар ёлғиз ўтмишлари билан яшаб, бугунларини ёки умидли эрталарини сезмайдилар ва диққат ҳам қаратмайдилар. Бу ўтмиш хоҳ уларнинг шахсий ўтишлари бўлсин, хоҳ оилалари, аждодлари ёки миллат ва қавмларининг ўтмиши бўлсин уларга фарқи йўқ.

Бундай тоифа ўтмиш қуллари бир неча хил бўлади:

а) Ўтмиши билан фахрланиб, аждодлари билан ғурурланиб, кечалари билан бугунларига ёки ўтмишлари билан ҳозирларига боғловчи (уловчи) бирор янгилик ёки қўшимча киритмасдан доимо: “Биз ундай эдик, оталаримиз бундай эди, аждодларимиз ундай эди”, деб юрадиган аммо, биз бундай ишларни қилдик ёки буни бажардик дейишга арзигулик ҳеч бир иш қилмаганлар тоифаси. Бундайлар ҳақида шоир Мутабанний:

“Гарчи сен номдор оталар билан фахрлансанг, тўғридурсан,
Лекин бунча ҳам ёмондир уларнинг ташлаб кетган фарзандлари”, деган.

Бошқа ўринда:

“Истаганингни фарзанди бўл, одоб ўргангин,
Киши нисобини мақташда одоб кифоядир.
“Тут буни!” деган йигитдир,
“Отам ундай эди”, деган йигит эмасдир”, дейди.

Албатта, ўтмишнинг улуғлари билан фахрланиб, аждодлар ишидан таъсирланиш мавтовлик ишдир, агар уларнинг бошлаб кетган нарсасини давом эттирилса ва камолига етказилса. Уларнинг ишларини яхшисига эргашилса. Аммо улар қилиб кетган ишлар билан кифояланиб тўхтаб қолиш ўта салбий хол бўлиб, жамият ва миллат тараққиёти йўлида ҳеч нарса беролмайди.
Зотан, чирик суякга қараб: “Сен ўтмишда тирик жасад эдинг”, дейишдан нима наф?
б) «Меросчилар» тоифаси. Булар ўтмишдан қолган ҳамма нарсани ичидаги тўғри, хато, жиддий ва ҳазиллари билан бирга улуғлашга чақирадилар. Ўтмиш доимо ҳозирдан яхшидир, чунки аввалгилар ҳозиргилар учун ҳеч нарса қолдирмадилар, яъни, барча ишни қилиб- бажариб кетдилар ва ҳозиргилар ўтганлардан етукроқ эмас, деб эътибор қилади.
Бу ерда лозим бўлган жиҳат мерос тушунчасини белгилаб олиб, сўнг бундан кейингисини тўғрилашдир. Айримлар биз мусулмонларнинг Қуръон ва суннатимизни ҳам мерос тушунчасига киргизадилар. Ҳолбуки, биз мўминлар бундай қарашга бефарқ бўла олмаймиз,имонимиз бунга йўл қўймайди. Зеро, «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган - буюрган вақтида бирор мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишларини ихтиёр қилишлари жоиз эмасдир» (Аҳзоб, 36).
Мероснинг илоҳий жиҳатига иккиланишга ёки текширишга ўрин йўқ. Аммо инсоний жиҳати эса, бемалол ғалвирга солиниб, ундан қабул қилинадигани ё қабул қилинмайдигани ажратиб олинаверади. Мерослар ичида маҳаллий бўлгани (яъни, маълум бир халққа тегишли бўлгани) бор, бутун дунёга ярамайди. Яна пайдо бўлган маконигагина уйғун бўлиб, бошқа бир маконга тўғри келмайди; ва бир замонга тўғри келиб, бошқа замонга ярамайдиганлари бор. Ва ҳакозо.
в) Ўтмишнинг ботилидан ҳақиқатини, залолатидан ҳидоятини ажратиб олмай, ота-боболари яшаб ўтган ҳаётнинг ўзигагина ёпишиб олиб, унга тақлид қилиб яшайдиганлар ҳам бор. Бундай кимсалар ҳақида Қуръони карим: “Қачон Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз”, дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?» (Бақара, 170).
Қадим замонлардан ҳамма пайғамбарлар шунақа фикрлаш-тушунчаларга дуч келишган. Ҳазрати Ҳуднинг (а.с) қавмлари у кишига: «Сен бизга ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб ўтган бутларни тарк қилишимиз учун келдингми?» дедилар (Аъроф, 70).
Самуд қавми Ҳазрати Солиҳга (а.с): «Эй Солиҳ, сен илгари бизнинг орамиздаги умидли киши эдинг-ку. Энди бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларга ибодат қилишимиздан қайтарурмисан?!» дедилар (Ҳуд. 62).
Ҳазрати Иброҳим (а.с.) қавмларига: «Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир (яъни, нега жонсиз ҳайкалларга сиғиняпсизлар)?» деганида: Улар айтдилар: «Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз». (Анбиё, 52-53).
Ҳазрати Шуъайб (а.с.) қавмлари эса у кишига: « Эй Шуъайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини сенинг ўқиётган намозинг буюрмоқдами?» дедилар (Ҳуд, 87).
Мана бундай одатни Қуръон тасдиқлаб: «(Эй Муҳаммад,) шунингдек, Биз сиздан илгари бирон қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантирувчи - пайғамбар юбормадик, магар (юборганимизда) у жойнинг боёнлари: «Албатта, бизлар ота-боболаримизни бир миллат-дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз”, деганлар”, дейди (Зухруф, 23).
Қуръони карим бундай тоифадаги ақли қотиб қолган, ота-боболарининг ишларини маҳкам ушлаб олиб ва улар қолдириб кетган нарсага кўр-кўрона эргашган одамларни инкор этади: «Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?!» (Бақара, 170); «Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва Ҳақ йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам-а?!» (Моида, 104); «Агар мен сизларга сизлар ота-боболарингизни эътиқод қилган ҳолларида топган Диндан тўғрироқ динни келтирган бўлсам ҳам-а?!» (Зуҳруф, 24).
г) Ўтмиш ичида яшаб, орзу ва ҳасрат ибораларини доим такрорлаб, ўтмишда йўқотган нарсасига ҳасрат чекиб ва унга пушаймон бўлиб: “Кошки буни қилмасам эди, “Эҳ, буни қилмаса эди”, балки “Буни қилганимда, бундай бўлармиди”, “Агар буни эртароқ қилганимда ёки уни кечроқ қилганимда, бундай бўлар эди” ва ҳоказо деб унга пушаймон қилиб юрувчилар ҳам бор.
Бундай фикрлаш кишини руҳий тушкунлик матоҳига ўрайди, унинг қалбида оқлаб бўлмайдиган, ҳеч фойдаси йўқ, безовта ва сиқинтилар уйғотиб, ҳалок этувчи салбий касаллик билан заҳарлайди. Шунинг учун мақолда: «Йўқотилган ўтган вақт билан машғул бўлиш иккинчи бир вақтни бой бериш демакдир», дейилади.
Қуръони карим ва суннати шариф бундай йўлни инкор этганининг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқдир.
Аллоҳ таоло мусулмонларга Уҳуд ғазотидан сўнг етган тушкунликда: «Эй мўминлар, куфр йўлини тутган ва (бошқа) ерларга сафар қилиб ёки ғазотга чиқиб кетган дўстлари ҳақида: “Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар”, дейдиган кимсаларга ўхшамангиз! (Бу гапларини) Аллоҳ уларнинг дилларидаги ҳасрат қилиб қўяди. Ахир, тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ-ку? Аллоҳ қилаётган амалларингизни Кўргувчидир» (Оли-Имрон, 156).
Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кучли мўмин Аллоҳга заиф мўминдан кўра ёқимли ва яхшироқдир. Ҳар бир сенга фойдаси тегадиган яхши ишга Аллоҳдан ёрдам сўраб киришгин ва ожиз бўлмагин. Ва кошки мен буни қилсам эди, ундай бўлар эди, демагин, балки: “Аллоҳ нимани ирода этган ва тақдир қилган бўлса, ўша бўлади”, дегин. Чунки «кошки» калимаси шайтоннинг ишини (йўлини) очиб беради», деганлар. (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳнинг қадарига иймон келтириш инсонни «кошки», «шояд» ва шунга ўхшашларнинг салбийлигидан олиб чиқиб, ижобий амал ва келажакни қуриш учун таъсирли, ижобий омилларга етаклайди.

2. Келажакка сиғинувчилар
Бундай исрофгар, ўтмишини бирон-бир турига боғланиб қолган «кечагилар»нинг зидди ўлароқ ўтмишга орқасини ўгириб олиб, ўзининг тарихидан ва халқининг тарихидан, умуминсоният тарихидан батамом юз ўгириб, диний, миллий ва маданий меросларини бутунлай тарк этиб, ўтмишнинг ҳақ билан ботилини, ҳалоли билан ҳаромини ва фойдаси билан зарарини текширмай ва ажратмай келажакга маҳкам ёпишиб олиб ғулувга кетганлар ҳам бор.
Улар: “Ўлиб, тупроққа қоришиб кетган ота-боболаримиз ҳақида бизни тинч қўйинг ва эртанинг кишилари бўладиган ёшлар, балки эртанинг ўспиринлари бўладиган гўдаклар, балки яқинда эртанинг гўдаклари бўладиган она қорнидаги чақалоқлар ҳақида баҳс юритишимизга бизни ҳоли қўйинг”, дейдилар. Ва яна улар: “Бизнинг кўзларимиз орқамизга қараш учун яратилгани йўқ, балки олдинга боқишимиз учун юзларимизга жойлангандир. Нима учун сизлар бизни доим орқага қарашга ундайсизлар, ваҳоланки, келажакка қараш бизнинг йўналишимиз ва тараққиётимизни тез мақсадга элтади-ку?” дейдилар ва яна шунга ўхшаш сўзлар айтадилар. Бу гап агар ўтмиш ташвишида қолиб, бугуннинг ҳаққига ва эртанинг вазифаларига боқмай, ўтмишдан чиқмаётган кишиларни уйғотиш учун айтилсагина тўғри ва ҳақдир. Аммо ўтмишни барча нарсалари билан бирга унутиш мақсадида ёки меросни жами ичидаги олган нарсалари билан отиб юбориш, дарс, ибрат, ақл ва кўзларга тўғри йўл кўрсатадиган ўгитларни қамраб олган барча тарихий нарсаларни тупроққа қориштириш учун айтилса, бу сўз ҳақ бўлолмайди ёки ботил нарсани кўзлаб айтилган «ҳақ» сўз бўлади.
Ўтмиш ва унинг ибратларидан фойда олишга чақирувчи Аллоҳ таолонинг сўзи нақадар ростдир: «Ахир, улар (яъни Макка мушриклари) Ер юзида сайр қилиб-айланмайдиларми, (ана ўшанда) улар учун доно диллар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкракларидаги кўнгиллар кўр бўлур» (Ҳаж, 46).
Келажакка салбий боқиш: Яъни, келажакдан тушкунлик ва шумланиш.
Одамлар ичида эртага (келажакка) боқиб, у ҳақида фикр юритадиганлар бор, лекин у боқиши умидсизлик боқишидир. Чунки у кўзига қоп-қора кўзойнак тақиб олиб, унинг ортидан ҳаётга, тирикларга, замон ва маконга боқади. Бу билан у эртага бўлган ишончини ва зафар қучиш ҳақидаги умидини йўқотади. Шунинг учун у тушкун ва умидсиздир.
Унинг қалбида ишлар фақат ёмондан ёмонроққа, ёмонроқ эса ундан ҳам ёмон сари кетаверади. Зеҳнига ҳаёт зулматдир, унда тонг отмайди ва унинг қоронғулигини қуёш кетказа олмайди, деган тушунча ўрнашиб олган.
Бундай боқиш шубҳасизки, бузувчи, вайрон этувчи боқишдир. Инсоннинг ўзини, ҳаётни ва атрофидаги жамиятни вайрон қилувчидир. Шахснинг ҳаёти умид учқунларисиз узукнинг тешигидан, балки игнанинг тешигидан ҳам торроқдир.
Орзу-умидсиз ҳаёт ҳаракатсиз, руҳи йўқ, қотиб қолган ўлик ҳаёт демакдир. Агар орзу бўлмаса эди, қурувчи уй қурмас, боғбон кўчат экмас ва илм бир қадам ҳам олдинга силжимас эди.
Динимиз, тарих ва воқеълик барчаси бизларга таълим беришича, умидсизлик билан ҳаётда ҳеч қандай маъно йўқ ва ҳаёт бор экан, умидсизликда маъно бўлмайди. Албатта, қийинчиликдан сўнг енгиллик ва кечадан сўнг тонг бор. Ҳамда бир холнинг бир хилда давом этиши мумкин бўлмаган ишдир.
Аллоҳ таоло: «Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур» (Юсуф, 87); «Парвардигорнинг фазлу раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар» (Ҳижр, 56), дейди.
Тушкунлик ва умидсизлик кўринишларидан яна баъзилари: Кўп одамлар, биз бугун охир - замондамиз, қиёмат аломатлари зоҳир бўлиб, яхшилик ва эзгулик орқага, ёмонлик ва қабоҳат олдинга кетяпти, диндорлик ўз соҳибини кундан-кун сўндириб, ҳатто нурини ўчириб боряпти, куфр аста-секин ер юзини босиб оляпти, қиёмат эса кофирнинг ўғли кофир бўлсагина қўпади, демак, жамиятни тузатишга, даволашга ҳеч умид йўқ, деган тушунча ва ишончдалар. Бундай умидсиз дунёқарашларига охир замонда бўладиган фитна ва қиёмат аломатлари ҳақида ворид бўлган ҳадисларни далил қиладилар. Иш улар тушунганчалик юзаки ва калта фаҳмлаётганларидек саёз эмас. Қиёмат қўпишининг яқинлиги ва унинг аломатларининг зоҳир бўлиши ҳақида келган ҳадислар, қиёмат эшикнинг тагида турибди, деган маънони англатмайди. Чунки, яқин билан узоқ иккиси ҳам нисбий холди. Ким билади, балки қиёмат билан бизнинг ўртамизда минглаб йиллар бордир. Балки, тасаввур қилганимиздан ҳам яқинроқдир. Буни фақат Аллоҳнинг ўзи билади. Қуръони карим: «Қаердан билурсиз, эҳтимол у Соат яқин келиб қолгандир» (Аҳзоб, 63). «Қаердан билурсиз, эҳтимол (Қиёмат) Соати яқиндир» (Шўро, 17); «У сизларга фақат-тўсатдан кутилмаганда келур» (Аъроф, 187).
Аллоҳ таоло бу айтилганлардан ортиқ маълумот бермаган. Пайғамбаримизнинг (с.а.в) бизларга юборилишларининг ўзи ҳам қиёмат аломатларидандир. У киши: “Мен пайғамбар қилиб юборилдим ва қиёмат мана бу иккиси каби”, деб ўрта ва кўрсаткич бармоқларини ёнма-ён қилдилар».
Ислом шариатини, Ислом умматини тирилтириш учун, биз охирзамондамиз деган тушунчага таяниб, қиёмат қоим бўлишини кутиб, амалдан тўхтаб ўтириб қолишни, Ислом қаттиқ қоралайди. Чунки, мусулмон ҳаётда кўз очиб юмгунчалик вақт давом этар экан ҳаракатга, амал қилишга буюрилгандир. Мусулмонлар ягона уммат-миллат бўлганлари учун то тавба эшиги беркитилгунча барчалари бунга буюрилгандирлар. Тавба эшиги эса, дунё ҳаётининг охирги кунлари бўлиб, Аллоҳ ушбу ҳаёт учун қўйган йиллар тугаб, қуёш мағрибдан чиққанида ёпилади. «Парвардигорингизни айрим оятлари келадиган кунда эса, илгари иймон келтирмаган ёки иймонда яхшилик касб қилмаган бирон жонга энди келтирган иймони фойда бермас» (Анъом, 158).
Дин назарида енгил саналган дунёвий ишларни ҳам то ҳаётининг сўнгги нафасигача давом эттиришга Расулуллоҳдан (с.а.в.) буйруқ ворид бўлган; «Агар қиёмат қўпиб, сизларнинг бирингизни қўлида кўчат бўлса-ю ўша кўчатни экиш муддатича туришга қодир бўлса, бас, ўша кўчатни эксин», деганлар (Бухорий ва Аҳмад ривоятлари). Модам мусулмон сур товушини эшитса-да то ишини қодир бўлганича тамомламагунча гарчи ундан сўнг биров манфаат кўрмаса ҳам, қўлидаги кўчатни ташлаб юбормасликка буюрилган экан, биз энди қандай қилиб қараб турамиз?! Ҳолбуки, биз билан қиёматнинг ўртасида билинмаган муддат бўлиб, унинг миқдорини фақат борлиқни яратувчи Зотгина билади.
Амал қилиш мусулмондан ўз чегарасида талаб этилгандир; Гарчи меҳнати тезда мева бермаса-да. Агар мева бериб қолса, у икки яхшиликни меҳнатининг натижасини ҳамда Аллоҳ ҳузрида савобни қўлга киритади. Агар мева бермаса, унга ҳаракат қилиб, тиришиб, вазифасини адо этгани кифоя қилади. Бу билан Аллоҳ ҳузурида узрини айтиб, мухолифларига исботини кўрсатади, шунда мухолифларига Аллоҳнинг олдида узр қолмайди. Сенга мақсад яна ҳам равшанланиши учун (бу мавзудаги) ҳадислардан айримларини айтиб ўтаман:
Ат-Термизий Али ибн Абу Толибдан ривоят қилиб айтади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): «Яқинда мендан сўнг зулматли кечанинг бўлагидек фитналар бўлади», дедилар. Мен: “У фитнадан чиқиш йўли қандай, эй Расулуллоҳ?” деб сўрадим. Расулуллоҳ: «Аллоҳнинг китобидир. Унда сизлардан олдингиларнинг хабари, сизлардан кейингиларнинг дараги ва ўрталарингизда кечадиган нарсанинг ҳукми бор», дедилар”.
«Эзгу-хайрли ишларни қилиб қолиш учун шошилингиз. Яқинда зулматли қоронғу кечанинг парчасидек фитналар бўлиб, киши мўмин бўлиб тонг оттиради, кофир бўлиб кеч киргизади ва (ёки) мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир бўлиб тонг оттиради, киши дунёнинг озгина моли эвазига динини сотиб юборади» (Муслим ривояти).
Абу Саълаба ан-Хашанийнинг ҳадисини Абу Довуд, Термизий ва ибн Можалар ривоят қиладилар: «Сизларнинг олдиларингизда сабр кунлари бордир. У кунларда сабр қилиш, чўғни қўлда ушлаш кабидир. У кунларда амал қилувчи ўзининг мислидек амал қилаётган элликта кишининг савобини олади”. Мен: “Элликта одамнинг-а эй Расулуллоҳ?» деб сўрадим. Расулулоҳ: «Ҳа, элликта одамнинг савобини», дедилар”.
Бу ҳадиснинг бошқа ривоятларида савобнинг бундан ҳам кўплиги ҳақида нақл бор: «Сизлар бугун бирон яхши иш қилмоқчи бўлсаларинг, атрофларингда ёрдамчилар бор, лекин улар эзгулик учун ёрдамчилар тополмайдилар», дейилган.
Икки шайх (Муслим ва бухорий) Хузайфа ибн Ямонийдан ривоят қилади. Хузайфа айтади: «Одамлар Расулуллоҳдан (с.а.в.) эзгулик ҳақида сўрар эдилар, мен эса ёмонлик қилиб қўйишдан қўрқиб, у кишидан ёмонлик ҳақида сўрар эдим. «Эй Расулуллоҳ, бизлар жаҳолат ва ёмонлик ичида эдик, Аллоҳ бизларга мана бу яхшиликни келтирди, энди бу яхшиликдан сўнг яна ёмонлик бўладими?» деб сўрадим. Расулуллоҳ: «Ҳа», дедилар. “Ўша ёмонликдан сўнг яна яхшилик бўладими?” дедим. Расулуллоҳ: “Ҳа, лекин у яхшилик ичида туман бўлади”, дедилар. “Унинг тумани нима?” деб сўрадим. Расулуллоҳ: «Улар менинг суннатимсиз йўл тутиб, ҳидоятимдан ташқарида юрган бир қавмдир, сен уларни танийсан ва инкор қиласан», дедилар. Мен: «Бу ёмонликдан сўнг яна яхшилик борми?» дедим. Расулуллоҳ: «Ҳа, жаҳаннамнинг эшиги остига чақирувчилар бўлади, ким уларга жавоб қилиб эргашса, уни ўша ҳолида қолдиринглар», дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, уларни бизга сифатлаб беринг!» дедим. Расулуллоҳ: «Улар бизнинг тери парчаларимиз (яъни, наслимиз) бўлиб, бизнинг тилимизда сўзлашадиган бир қавмдир», дедилар.
Ушбу ҳадисларда ёмонликдан қайтариш ҳам эзгуликка қизиқтириш ҳам, ҳақнинг устида мустаҳкам бўлишга, Аллоҳнинг китобига амал қилишга ундаш ҳам, унинг итоатида сабрли бўлишга, арқони атрофида бирлашишга ва жаҳаннамга чақирувчиларга қарши курашишга қизиқтириш ҳам бор.

Орзу ва ҳаёллар билан келажакка юзланиш

Келажакка умидсизлик ва тушкунлик билан боқиш қанчалик салбий ҳол бўлса, келажакка ҳеч қандай илм ё амалсиз – режасиз, ёлғиз орзулар-у бўшдан-бўш хаёллар билан боқиш ҳам шунчалик салбий хаётдир.
Каъб ибн Зуҳайр айтганидек: “Ёлғиз орзу ҳаёллар фақат адашишликдир!”...
Бир одам аллома Ибн Сиринга келиб: «Мен тушимда сувсиз сузиб юрган ва ҳавода қанотсиз учаётган эмишман, бунинг таъбири нима?” деб сўради. У киши: «Сен орзу ва хаёллари кўп одам экансан!» дедилар.
Али ибн Абу Толиб (р.а.) ўғлига: «Сен орзуларга таяниб (ишониб) қолишдан эҳтиёт бўлгин, чунки у ахмоқлик бўлакларидир», дедилар.
Қуръони карим аҳли китоб бўлган яҳудий, насроний динидаги кишиларни жаннатга киришга тааллуқли бўлган, жаннатга киришга лозим қиладиган иймон ва амал сабабларисиз қилаётган орзуларини инкор этгани ҳеч ажабланарли эмас. Аллоҳ таоло: «Улар: “Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради», дейишди. Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад,) Айтинг: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатларингизни келтирингиз! Йўқ, ким чиройли амаллар қилган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, унинг учун Парвардигори ҳузурида ажр бор ва улар учун хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар», (Бақара, 111-112) деган.
Қуръони карим аҳли китобларнинг фақат ўзларини инкор этиб қўймай, балки уларга тақлид қилиб, ўзларини Ислом дини билан номлаш ёки унга ўзларини нисбатлаш билан Аллоҳ ҳузуридаги азобдан бизларни қутқаради деб юрган мусулмон кимсаларни ҳам уларга шерик қилди: «(Эй мусулмонлар,) Сизларнинг хом хаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хом хаёллари ҳам “ ҳақ” эмас — кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на дўст ва на бир мададкор топар. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас» (Нисо, 123-124).
Қуръон хом хаёлларга таяниб қолишни инкор қилади, аммо умидни инкор қилмайди. Бу икки ишнинг ўртасидаги фарқ: амалга яқин бўлгани умид, амали бўлмаса, хаёлдир.
Шунинг учун Пайғамбар (с.а.в.) ҳадислари ожизликдан, аҳмоқликдан киши ҳавою нафсига эргашиб, шаҳвоний истакларининг орқасидан кетишини Аллоҳнинг афвига, мағфиратига ва раҳматининг кенглигига таяниш деб эътибор қаратди. Аллоҳнинг каломига кўра: «Зеро, Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир» (Аъроф, 56); «Ва раҳматим — меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен уни (раҳматимни) тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга иймон келтиргувчи бўлган кишиларга ёзурман» (Аъроф, 156).
Бу хусусда ҳадисда: «Чаққон киши нафсини жиловлаб, ўлимдан кейинги ҳаёт учун ишлаб қўйган, ожиз (киши) ҳавою нафсига эргашиб, орзу-хаёлларини Аллоҳга ташлаб қўйган кишидир», дейилган.
Аллоҳ таоло Қуръонда умидни ҳурматлаб, умидли кишини мақтайди. Буни биз Аллоҳнинг сўзи мисолида кўрамиз: «Албатта, иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар - ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфиратли, Раҳмлидир» (Бақара, 218).
Бу мавзуда баъзи солиҳ кишилар айтадилар: “Амалсиз жаннатни талаб қилиш гуноҳлардан бир гуноҳ, суннатга эргашмай туриб шафоатдан умидвор бўлиш ғурурнинг бир кўриниши ва қилинган гуноҳлар билан Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиш жаҳолат ва аҳмоқликдир”.
Ҳасан ал-Басрий айтадилар: “Бир қавмни Аллоҳнинг мағфиратидаги орзу-хаёллари алдаб қўйиб, ҳатто бирор яхшилик қилмай дунёдан ўтиб кетдилар. Улардан бири: “Мен Роббимга чиройли гумонда бўламан!» дейди ва бу гапи билан ёлғон гапиради. Агар гумонини чиройли қилганида эди, амалини ҳам Аллоҳга чиройли қилур эди”. Шуни айтиб охирида Аллоҳнинг каломини ўқидилар: «... мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди. Бас, сизлар зиёнкор кимсаларга айланиб қолдинглар» (Фуссилат, 23).
У киши яна: «Эй инсонлар, хом хаёлллардан сақланинг, чунки у аҳмоқлик водийи бўлиб, сизлар унга тушиб кетасиз. Аллоҳнинг номига қасамки, Аллоҳ кимсага ҳаёл туфайли на бу дунёда ва на у дунёда бирор яхшилик бермаган”, дер эдилар.
3. Ҳозирни севувчилар
Яна бир тоифа одамлар борки, улар на ўтмишга, на келажакка қарадилар. Улар яшаётган кунлари ичида ва шу кунлари учун яшайдилар. Ўтмиш йўқ бўлиб кетди, нима йўқ бўлган бўлса, у ўлган, ва нима ўлган бўлса, у билан машғул бўлиш ёки у ҳақида фикр юритишниг кераги йўқ. Келажак, уларга кўра ғайбдир, ғайб эса номаълум нарса. Мавжуд инсон ҳали мавжуд бўлмаган нарса билан алоқадар бўлиши керак эмас. Акс ҳолда қум устига бино қуриш ва ё ҳавога ёзишдек бемаъни ишдир. Уларнинг бугунги кунлари билан ўралашиб қолишлари кечаларидан фойдаланишдан алдаб қўйганидек эрталарига назар солишдан ҳам алдаб қўйди.
Улар фақат ҳозирларининг ва бугунги кунларининггина фарзандларидирлар. Улар охират билан қизиқмайдилар, чунки охират келажакдир, ваҳоланки, улар нақдни насияга, тез келувчини сўнг келувчига сотмайдилар ва ўзларини маданий мерос ва тарих билан ҳам машғул этмайдилар, чунки тарих тугаб кетган ўтмишдир.
“Бугунги кунларининг фарзандлари” деган сўзни маъноси — улар фақатгина ҳозирги келувчи лаҳзаларигагина қизиқиб, у ҳақда ўйлайдилар, уни сиқиб - симириб сўрадилар ва у билан роҳатланадилар. Эрта ҳақида ўйлаб ёки кечаларини эслаб ўзларининг кайфиятларини бузмайдилар.
Бундай йўлда борувчиларини араб шоирининг сўзи билан мисол қилинади:

“Нимаики кечмишса, у йўқ бўлди ва орзу қилинган нарса номаълумдир.
Ва сен унинг ичида яшаб турган вақтгина сеникидир”.

Бу сўзни тўғри йўлдаги мўминлар ҳам, анализчи моддапарастлар ҳам айтиши мумкин. Модам инсон учун фақат ўзи булиб турган вақт бор экан, унда нима учун уни зое кетказади? Нима учун Аллоҳ тоатида, ҳақ ишига ёрдам бериб, эзгу ишларни қилиб ва яхшиликларни ёйиш билан вақтини жиловлаб олмаяпти?

Замонга тўғри боқиш

Замонга тўғри боқиш ўтмиш, ҳозир ва келажакни биргаликда қамраб олишдир.
1. Ўтмишга назар солиш керак.
Ўтмиш ҳодисаларига эътибор қилиш ва умматларга аввалгиларнинг тутган йўли ва охир оқибатлари нима бўлганини ибрат қилиб кўрсатиш учун ўтмишга назар солиш лозим. Ўтмиш ҳодисалар идиши ва ибратлар хазинасидир. Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, сизлардан илгари ҳам кўп суннатлар — ибратлар ўтгандир. Бас, ерда айланиб юриб (Аллоҳнинг динини) ёлғон деганларнинг оқибатлари қандай бўлганини бир кўринглар!» (Ол-и Имрон, 137); «Агар бугун Уҳудда сизларга жароҳат етган бўлса, Бадр жангида у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган... бу кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз» (Ол-и Имрон, 140); «Қанчадан-қанча пайғамбарлар ўтганки, улар билан биргаликда кўпдан-кўп художўйлар кофирларга қарши жанг қилганлар. Ҳамда Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткашлик—заифлик қилмаганлар ва (кофирларга) бўйин эгмаганлар. Аллоҳ мана шундай сабр қилувчиларни севади» (Ол-и Имрон 147); «Ахир, улар ер юзида сайр қилиб - айланмайдиларми, (ана ўшанда) улар учун доно диллар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкракларидаги кўнгиллар кўр бўлар» (Ҳаж, 46) деган.
Олдингилар кейингилар учун қолдириб кетган фан, одоб ва илмлардан текшириб, тадқиқ ва таҳқиқ қилганимиздан сўнг улардан ҳозирги замонамиз ва ҳолатимизга лойиқ бўладиганларини фойдаланишга олишимиз керак. Ҳадиси шарифда: «Ҳикматли сўз мўминнинг йўқотган нарсасидир, уни қаерда топса, олишга ҳақлироқдир”, дейилган.
Эскини эски бўлгани учун тарк қилиш тўғри эмас. Айрим қадимий деб эътибор қилинадиган нарсалар борки, хусусиятига кўра янгилашни қабул қилмайди. Зотан, унинг фазилати ўша эскилигидадир. Қуръоннинг фазилати эмасми, у Аллоҳнинг каломи бўлиб, янгиси яратилмайди ва ҳам давр айланиши ва замонлар ўтиши билан эскиб - чириб кетмайди. Каъбанинг фазилати эмасми, у «Қадимий уй» бўлиб, асрлар ўтишига қарамай ҳаж қиладиганлар кўзлаган макондир. Демак, Қуръон янгиланмайди, Каъба янгиланмайди ва ҳақиқатлар ҳам янгиланмайди. Айрим янги нарса катта зарар келтириб ва айрим эски нарсалар катта манфаат келтирса-да, янгиланиш тарафдорлари барча эски нарсадан юз ўгириб ва барча янги нарсани олқишлаб исрофга кетдилар.
“Керак бўлса улар динни, тилни, қуёшу ойни янгилашни истайдилар!” деб уларни мазаҳ қилади араб ва Ислом адиби Мустафо Содиқ ар-Рофиъий.
Эски ва янги нисбий нарсалардир. Кўпинча бир миллатга эски бўлган нарса, бошқа бир миллатга янгидир ва, шунингдек, бир муҳитда янги бўлган нарса бошқасида эски ҳисобланади. Ва янги нарса ҳеч қачон абадий янги бўлиб қолмайди. Бугуннинг эскиси кечанинг янгиси ва бугуннинг янгиси эртанинг эскиси бўлади.
Ҳар бир ўтган кун учун бир тўхтаб, инсон ўзини бир сарҳисоб қилиб: “Ўтган кунимда нима иш қилдим? Нима учун қилдим? Ўзимдан нима қолдирдим? Нима учун қолдирдим?” деб туриши керак. Кўпроқ бу сарҳисобни уйқуга ётишдан аввал қилса, яхшидир. Нафсини сарҳисоб – муҳокама қилиш лаҳзаси инсоний юксалиш лаҳзаларидан саналади. Чунки бунда инсон шаҳватига ақлини, ҳавою нафсига ички туйғусини ҳоким қилиб ажратиб туради. Мўмин иймонини нафсига таъқиб қилиб турадиган миршаб, ҳисоб-китоб қиладиган тафтишчи ва ҳукм чиқарадиган қози қилиб қўяди. Бу билан у «ёмонликка тўлган нафс» ҳолатидан, «маломатчи нафс» ҳолатига кўтарилади ва бордию одам шариат буюрган ишни қилишда нуқсонга йўл қўйса, ёки қайтарилган ишга кириб қолса, ўз эгасини маломат қилиб туради. Тепада зикр қилганимиз бир ҳадиси шарифда: «Оқил инсон учун тўрт соати бўлмоғи (яъни, бир кунлик умрини тўртга тақсимламоғи) керак, ундан бир соатида ўз нафсини ҳисоб-китоб қилади», деб айтилган.
Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб (р.а.): «Сизни ҳисоб-китоб қилинмасидан аввал ўзларингизни сарҳисоб қилингиз ва қилган амалларингиз ўлчанмасидан аввал сизлар ўз амалларингизни тортиб кўринг», дейдилар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин, агар кеч кирса, икки оёқларига қамчи билан уриб, ўзларига:”Бугун Аллоҳ учун нима иш бажардинг?” дер эдилар.
Улуғ тобеъин Маймун ибн Маҳрон: “Аллоҳдан қўрққан киши ўз нафсига нисбатан қаттиққўл султон ва зиқна шерикдан ҳам кўра қаттиқроқ ҳисоб-китоб қилади”, деганлар. Ислом мутафаккирларидан бири: “Мўмин нафсига ҳокимдир, Аллоҳ у нафсни ҳисоб-китоб қилади. Албатта, нафсларини бу дунёда ҳисоб-қитоб қилиб юрган одамларнинг у дунёда ҳисоб-китоблари енгил бўлади. Бу дунёда ҳисоб-китобсиз юрган қавмнинг эса, қиёмат кунида ҳисоботлари оғир бўлади, - дейдилар. Сўнгра ҳисоб-китобни шарҳлаб айтадилар: - Мўмин киши бир нарсага тўқнаш келиб, уни ёқтириб қолади. Ва: “Аллоҳга қасамки, сен мени ажаблантирдинг, сенга менинг эҳтиёжим борку, - лекин, ҳайҳот, сенинг билан менинг ўртамиз тўсиқдир!” дейди. (Бу бир ишни қилмасдан аввалги ҳисоб-китобдир)”.
Сўнгра яна айтадилар: “(Агар) у бирор ишни қилиб қўйса, дарҳол ўзига келиб: “Мен бу билан нима қилмоқчиман! Аллоҳга қасамки, бунинг учун Аллоҳга узр айтолмайман. Аллоҳга қасамки, шунинг учун бу ишни энди ҳеч қачон қилмайман, Худо хоҳласа!” дейди (Бу эса, бир ишни қилиб қўганидан кейинги ҳисоботдир)”.
Ким ҳар куни ўзини ўзи ҳисобот қилолмаса, бир неча кунда бир марта қилсин ёки ҳафтада бир марта қилсин, шунда у нима унга фойдаю нима унга зарарлигини билади.
Кейин ҳар ойнинг охирида узунроқ ҳисобот қилиши лозим. Ва йил тугаб хайрлашиш ва янги йилни қаршилаш онида ўтган йилда нимани бой берганини текшириб, келаётган йилда нималарни тузатиши кераклиги ҳақида янада узунроқ ҳисобот қилиши даркор. Бунинг мисоли йиллик ҳисоботдир!
Оврупаликлар пайдо қилган оврупача янгилик ва, афсуслар бўлсин, айрим мусулмонлар тақлид қилаётган нарса - умрнинг бир йили тугаган вақтда дабдабали тўй қилиб, хуштаъм таом ва хушбўй ичимликлар тортиб, одамлар «туғилган кун» деб номлаган “шодиёна”лар ўтказадилар!
Одамлар Аллоҳ у ҳақда ҳеч қандай ҳужжат туширмаган турли тақлид ва удумларга берилиб кетдилар. Улар бир неча йиллик умрига хослаб ёки уни нишонлаб шамлар ёқади, сўнг уларни рамзий бир ҳаракат билан ўчиради ва шу муносабат сабабли табрик ва ҳадялар алмашадилар.
Оқил инсон на фойдаси ва на маъноси бўлган бундай кўр-кўрона тақлид ўрнига, ҳаётидан яна бир йил тугагани муносабати билан тааммул ва тафаккур қилиб бир тўхтаб ҳушёр тортмоғи лойиқроқ эди. Зийрак савдогар фойда зиёнини билиш ва нима унга зарару нима унга фойда келтирганини ҳис этиш учун ҳар йилнинг бошида ҳисоб дафтарига қараб, қўлидаги моллари ва қарзларини ҳисоб-китоб қилади, Аллоҳдан бугунги куни кечагидан ва эртаси бугунгидан яхшироқ бўлишини сўрайди.
Оқил инсон умридан том бир йил чегирилгани муносабати билан нафсини ҳисоб-китоб қилиши лойиқроқ эди. Чунки, Аллоҳ яқинда ўша ўтказган умридан сўрайди. Ваҳоланки, у қисқа замон эмас, бир йилдир! Бу дегани йил ўн икки ой, бир ой ўттиз кун, бир кун йигирма тўрт соат, ҳар соат олтмиш дақиқа, ҳар дақиқа олтмиш сония деганидир. Ҳар сонияда унга Аллоҳ берган бир неъмат ва омонат бор.
Оқил инсон умр минораси тобора қулаётгани ва ҳаёт китоби тўлаётгани учун нафсига қайғуриши лойиқроқ эди. Ҳар бир ўтган кун унинг ҳаёт дарахтининг япроғидир, у сўлиб тўкилиб боряпти. Аллоҳ раҳмат қилсин Ҳасан ал-Басрий айтадилар: «Эй одам боласи, сен ташкил топган кунлардан иборатдирсан. Ҳар бир куннинг ўтиши сенинг бир бўлагинг кетиши демакдир!»
Абу Али Даққоқ шундай деган эди:

Ҳар бир кун менинг бир қисмимни олиб, ўтиб кетади
Қалбда хасрат қолдириб, ўзи бедор кетади.

Бошқа бир шоир:

Инсон кетган кунлари учун шод бўлади.
У кунларнинг кетиши унинг ўзининг кетиши-ку!

Яна бир бошқа шоир:

Бизлар ҳар ўтказган кунларимизга шодланамиз
Ва лекин ҳар ўтган кун умрнинг бир бўлагидир.

Оқил инсонга мана шундай фикрлаш лойиқроқдир. Лекин дунёда оқил инсонлар жуда ҳам оз.
2. Келажакка боқиш.
Албатта, келажакка боқиш ҳам керак. Инсон фитрати (яратилиши) билан келажакка боғлиқдир. Инсон бунга бепарво бўлмайди ёки орқага ташлаб қўёлмайди. Инсон ўтмиш ва ундаги нарсаларни эсловчи қилиб қўйилганидек, келажак ва унда нима бўлиши ҳақида тасаввур этиб хаёл сурувчи ҳам қилиб қўйилгандир.
Келажакнинг хусусиятларидан бири унинг мажҳуллиги - номаълумлигидир. Келажакда қандай сирлар яшириниб ётганини ва унинг учун нима яхшилик ёки ёмонлик беркиниб турганини кимса билмайди. Аллоҳ таоло: «Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас» (Луқмон, 34), деган.
Унинг хусусиятларидан яна бир - киши қанчалик уни (келажакни) узоқ деб ўйламасин, албатта, ҳар бир келувчи яқиндир. Шунинг учун, “ Албатта, бугун эрта биландир ва, албатта, эрта кутувчиси учун яқиндир”, дейилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Соат - Қиёмат иши кўз очиб юмгунча ё ундан ҳам тездир» (Наҳл, 77), деган.
Оқил киши ҳадясини келажаги учун олиб қўяди ва бўладиган иши учун бўлмасидан аввал тайёрланади. Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта учун нимани тақдим этганига қарасин!» (Ҳашр, 18), деган.
Дин инсонни ўтмиш билан боғлаб қўяди, деб ўйлаб юрганлар диннинг жавҳари ва ҳақиқатини англаб етишда хато қиладилар. Диннинг асосий мақсади инсонни абадий ҳаёт, яъни, келажак учун тайёрлашдир, бу дунёда хайрли ишлар орқали абадий дунё учун тайёрлашдир.
Диннинг асл негизи келажакка боқиш асосидир. Ҳадиси шарифда: “Банда икки қўрқинч орасидадир. Ўтказган муддати орасида Аллоҳ унинг номига нима қилди ва қолган муддатда Аллоҳ унга нима ҳукм чиқаради - билмайди. Банда ўз жонидан ўзи учун, дунёсидан охирати учун қаримасидан аввал ёшлигидан улуш олсин. Жоним унинг ядида(ихтиёрида) бўлган зотга қасамки, ўлимдан сўнг қийналиш талаб қилинган иш йўқдир. Бу дунёдан сўнг фақат жаннат ёки оташ ҳаёти бор”.
Бу сўздан, диндор инсон дунёвий келажагидан ғофил бўлиб, фақат охиратдаги келажаги билан қизиқади, деган маъно чиқмайди. Асло.
Мусулмон Ислом унга таълим берган хоҳ диний, хоҳ дунёвий ишларда бўлсин, ўзи учун муайян сабабларни (касбларни) ушлаб, ундан насибасини олиб, эртаси учун тайёргарлигини кўрмоғи лозим. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) мусулмонлар учун олий етакчи эдилар. Биз у Зотни Авс ва Ҳазраж қабиласи билан байъат қилганларида ва ҳижрат иши ҳақида фикрлаб, таянч қоидасининг орқасидан Ислом жамияти ва Ислом шариатини ўрнатиш учун ҳаракат қилиб даъватларининг келажаги ҳақида баҳс қилганларини кўрамиз. Биринчи ва иккинчи Ақоба байъати, сўнг Ясрибга ҳижрат қилишга тайёрланиш Исломнинг келажаги учун мустаҳкам режа ва оҳиста қилинган ҳаракат эди.
Дунё ишларида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг оилалари учун бир йиллик озуқа ғамлаб қўйганларини биламиз. Бунда Аллоҳга таваккал қилишга ҳеч қандай зидлик кўринмайди. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) сабабларга ёпишиб олишга қарши чиқардилар.
3. Ҳозирги вақтга эътибор қаратиш.
Демак, мусулмон ўтмишга ўзини, қилган ишларини ҳисоб-китоб қилиш ва ундан манфаат олиш учун ҳамда келажакка ҳам ҳозирлигини кўриб зоди роҳиласини тайёрлаш учун боқиши керак экан. “Ҳар бир жон эгаси эрта учун нима тақдим этганига қарасин” ояти шунга ишора қилади. Ҳозирги вақтга, биз унда феълан яшап турган соатга у зое йўқ бўлиб кетишидан аввал, уни ғанимат билишимиз учун алоҳида диққат қаратмоғимиз зарур.
Ҳозирда ўтиб турган вақтнинг ҳаққини адо этиш учун меҳнат қилишга қизиқтириш хусусида келган энг ибратли сўз Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) биз аввалроқ зикр қилиб ўтган ажойиб ҳадисларидир. У ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар сизлардан бирингизнинг қўлида кўчати бўлган пайтида ?иёмат қўпиб қолса, бас, шу кўчатини ўтқазсин”, дейдилар.
Биз бу ўринда ушбу етук ибратли ҳадиснинг таҳлилига бир тўхтаб ўтамиз. Нима учун Пайғамбар (с.а.в.) кўчат соҳибини гарчи шу ҳолатда бўлса ҳам, агар ?иёмат ҳозир бўлса ҳам ўша кўчатни ўтказишга буюрдилар? У кўчат эгаси ўтқазган нарсаси мева бергунча яшамайди-ку? Демак, бу ерда у одам бугунги кўчати эртага мева бериши учун ўтқазмаяпти. Бинобарин, ўша ўтқазган кўчатидан ўзидан кейингилар баҳраманд бўлиши учун ҳам ўтқазгани йўқ.
Шундай экан, нимага унда кўчатни экишга буюрилмоқдамиз?!
Бу ерда мақсад равшан. Мевасидан биров фойда кўрса-кўрмаса, меҳнатнинг ўзини қадрлашдир. Ва модам ҳаёт юриб турибди экан, мусулмон инсон ер юзини обод этиши, ҳаёт учун ишлаб чиқариши ва меҳнат қилиб одамларга бир нарса ато этиши керак. Ҳатто Исрофил сурини чалишга ҳозирлик кўриб турган ва ундан сўнг ҳаёт чироқларининг барчаси парчаланиб кетса-да, ҳаётда бир лаҳза ҳам меҳнатсиз яшаш мумкин эмас.
Инсон умрини узайтира оладими?
Шубҳасиз, инсон ўзининг фитратига кўра ҳаётни севади ва унда умрини узайтиришни, балки, қодир бўлса, ҳаётда абадий қолиб кетишни истайди. Бу табиий майл абадийликни севиш туйғусидир. Инсонларнинг отаси Одамга(а.с.в) иблис келиб, истеъмол қилишдан қайтарилган нарсани у кишига хийла билан кўрсатди: “Сўнг шайтон унга васваса қилиб: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?”деди (Тоҳо, 120).
Динимиз ҳам узун умрни, агар у эзгу ишлар қилишга ва ҳаққа ёрдам беришга хизмат қилса, неъмат деб билади. Пайғамбаримиздан (с.а.в.) “Одамларнинг афзали ким?”деб сўралганида, у Зот: “Умри узун бўлиб, қилган ишлари яхши бўлган одамдир”, деб жавоб бердилар. Яна шубҳа йўқки, ўлим одамлар ҳаётини заҳарлайди. Кўпгина йигит ёшлик гулида, куёв тўйининг илк кечаларида, ёлғиз эркатой оиласи олдида, фаровон бой, ўзининг неъмат ва фаровонлиги ичида, қўрқоқ ҳоким ўзининг хизматкор ва қўриқчилари орасида бирдан сўниб қолади. Шунинг учун ўлим “Лаззатларни суғуриб олувчи ва жамоатдан ажратувчи” деб номланади.
Модам ўлим ҳар айланманинг ниҳояси ва ҳаётнинг хотимаси экан, шубҳасиз, умр жуда ҳам қисқадир.
Инсоннинг орзуйи қанча узун бўлмасин ва унга ҳаёт қанча узайтириб берилмасин, албатта, унинг ҳаёти саноқли кунлару чегараланган нафаслардир, холос. Ҳаётини ўлим рухсатсиз кесиб ташлайди ва соҳибини “Кошки ундай бўлса эди” (пушаймон) калимасининг қучоғига ташлаб кетади.
Ҳадиси шарифда “Истаганингча яша, барибир сен ўлувчисан, хоҳлаганингни яхши кўр, албатта ундан ажралувчисан ва хоҳлаганингни қил, албатта сен ўша билан бориб у ҳақда сўралувчисан”, дейилган.
Юрак ўрнига бошқа юрак қўйиш даражасига етган тиббиёт ҳам, инсонни ой сатҳига олиб чиққан илм ҳам, ўлимга қарши туришга ва кекса бир чолни ёш йигитга қайтариб қўйишга қодир бўлгани йўқ. (бўлолмайди ҳам!)
Расулуллоҳ (с.а.в) айтган сўзлари тўғридир: “Аллоҳ ҳар бир дардга, шифосини ҳам берган, фақат ўлимга эмас”.
Модам инсоннинг умри шу шаклда чегараланган экан, у талаб этаётган нарса қаердаю унга қандай қодир бўлади?
Аслида, инсоннинг ҳақиқий умри, туғилган кунидан то вафот этадиган кунигача яшаб ўтган йиллари эмас. Ҳақиқий умри Аллоҳнинг ҳузурида унинг “дафтар”ига ёзиб қўйилган эзгу ишлари ва яхши феъллари миқдоричадир.
Агар бир инсон юз йилдан кўпроқ умр кўрса-ю, лекин Аллоҳга тақво ва бандаларга манфаат етказиш бўйича “амал дафтарчаси” бўм-бўш ёки ундан ҳам баттар бўлса ҳеч ажабланмаслик керак. Агар биз уни ишларини кўпайтириб гапирсак ҳам, унинг амал дафтари Аллоҳ ҳузурида қуп-қуруқдир. Баъзан бир одам ёш вафот этади, лекин унинг амал дафтари, балоғат ёшидан кейинги озгина умрида катта-катта ишлар билан лим тўладир.
Ҳаким бир зот айтади: “Баъзи умрнинг муддати кўп, қилган ишлари оз, айрим умрнинг муддати оз, амаллари кўп бўлади. Кимнинг умри баракали қилинса, қисқа бир вақтда Аллоҳнинг лутфи билан ишоратлар етмайдиган ва иборалар доираси остига кирмайдиган, яъни, ёзиб тугатиб бўлмайдиган нарсага эга бўлади.”
Демак, киши умрини ўзини мувоффақ бўлганча Аллоҳнинг ибодати ва Унинг махлуқларига яхшилик қилиш билан узайтира олади. Бу ишини ихлос билан мукаммал адо этса, устига савоб ҳам, фазилат ҳам бўлади. Ва қилган ишидан ўшанга яраша ўзи ҳам фойда олади, бошқалар ҳаётига ҳам таъсир этади. Одамларни тўғри йўлга чорлаб қўйиш, ёмонликдан қутқариш, улардан машаққатни кетказиш, зулмни даф этиш, уларни душмандан ҳимоя қилиш ва шу каби кўп эзгу ишлар шулар жумласидандир. Уларнинг фойдаси шахсга ёки бир неча одамларга ёки умум миллатга тегади. Бошқа тарафдан, Аллоҳнинг ҳузурида мақом жиҳатидан амалларнинг олий чўққиси Аллоҳ йўлига чақириқ ва унинг йўлида жиҳод қилиш каби ишлар ҳам бор.
Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким бир одамни тўғри йўлга чақирса, шу чақириққа эргашган кимсанинг савобларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ўша чақирган одамга ҳам бўлади”, дейдилар. Ва яна: “Жаннатда юзта даража бор бўлиб, уни Аллоҳ ўзининг йўлида жиҳод қилган мужоҳидлар учун тайёрлаб қўйган. Ҳар даражанинг оралиғи ер билан осмон оралиғи кабидир”, деганлар. Шунингдек, бошлиқ ва ҳокимларнинг адолати ҳам. Чунки адолатда одамларнинг катта қисмини яхшиликка йўналтириш ҳамда нафсига қарши жиҳод қилиш, ҳавоюнафс истакларига ва яна манманликка ва зулмкорликларга элтувчи сабабларга қарши курашиш бор. Шунинг учун ҳадисда: “Бошлиқнинг адолатли бир куни олтмиш йиллик (нафл) ибодатдан афзалдир”, дейилган. Расулуллоҳ нинг (с.а.в) саҳобаларидан бир одам дарадан ўтди, у ерда чучук сувли булоқ бор эди. У ажаб бир ҳолга тушди, ва: “Одамлардан ажраб ибодат қилиш учун шу ерда яшасам-чи – деди, сўнгра мулоҳаза қилиб: - токи Расулуллоҳдан (с.а.в.) рухсат олмагунимча бундай қилмайман”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бундай қилмагин, чунки сизларнинг Аллоҳ йўлидаги ўрнингиз уйида етмиш йил ўқиган (нафл) намозидан афзалдир. Аллоҳ сизларни кечириб, жаннатга киргизишини яхши кўрмайсизларми? (Шундай экан), Аллоҳ йўлида жиҳод қилинглар. Ким туя устида жанг қилса, унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар. Шундай амаллар фазилатли бўлади ва турли таъсирлар сабабли фарқланади. Бахтиёр инсон афзалликка интилган кишидир. Аллоҳ таоло айтганидек: “Бас, (эй Муҳаммад,) Менинг бандаларимга - сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни, нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг!”(Зумар, 17-18).
Қанча-қанча одамлар қисқа вақт ичида катта ишларни қилишга муваффақ бўладилар, ҳатто уларнинг ишларини мўъжиза деб ўйлайсиз. Аслида у мўъжиза эмас, балки барака ва муваффақиятдир, яъни, Аллоҳдан берилган иноятдир.
Расулуллоҳ (с.а.в.) қисқа муддатда башарият тарихида то бугунга қадар мисли кўрилмаган натижага эришдилар — Аллоҳ хоҳлаганича йигирма уч йил ичида инсонларни зулматдан нурга чиқариб, янги дин ўрнатиб ва у дин устида ягона наслни тарбиялаб, ўрнак бўларли бир миллатни етиштирдилар. Шундай қисқа бир замонда илк кунидан бошлаб йўлига тўғаноқ бўлган тўсиқ ва машққатларга қарамасдан амалий бир давлатга асос солдилар.
Сен:” Расулуллоҳ (с.а.в.) мўъжизалар билан қўлланиб турилганлар, ким у кишидек бўла оларди? У киши қаердаю биз қаердамиз? демагин.
Воқеъликда Расулуллоҳнинг (с.а.в.) даъват ва жиҳод йўлидаги ҳаётлари Аллоҳнинг суннатига мувофиқ кечган эди. У кишининг суянган мўжизалари кавний-фалкка оид мўъжиза бўлмай, балки Қуръони карим эди. Албатта, ўзларининг қўлларидан келадиган барча сабабларни ўринлатиб қўйганлар, илоҳий ёрдамга ҳожат тушганидагина мўъжизалар ҳам келган. Масалан, ҳижрат қилаётганларида Аллоҳ қўллагани каби: яъни, у кишининг қалбларига хотиржамликни солди ва кўзга кўринмайдиган аскарлар билан қувватлади.
Шунингдек, Бадр урушида Расулуллоҳ барча сабабларни ҳозирлаганларидан кейин Аллоҳ у кишини кетма-кет юборган мингта фариштаси билан қўллади. “Аллоҳ фақат хушхабар бўлсин деб ва кўнгилларингиз хотиржам бўлиши учун шундай қилди” (Анфол, 10).
Рошид халифаларга; уларга ҳамқадам бўлган саҳобаларга ва уларга яхшилик билан эргашганларга қара: улар диёрларни қандай фатҳ қилиб, Исломни ёйиб, миллатларга таълим бердилар! Улар нақадар жоҳилий диниларини, одатларини ва тилларини бир неча ўн йил ичида ўнгладилар. Ҳатто тарихчилар оламда қисқа бир замонда Ислом амалиётга оширган диний, нафсий, фикрий, ижтимоий ва сийсий бу инқилоб қаршисида ҳозиргача ҳайрону лолдирлар.
Умар ибн Абдулазиздек кишига қара: халифаликни ўзининг тўғри ўзанига қайтаришга асос солди, ҳақларни ва зулм билан тортиб олинган нарсаларни эгаларига қайтарди, омонатларни эгаларига етказди. У киши Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатига қарамади. У халифа бўлганига икки ярим йил ўтмасданоқ ер юзи адолат ва инсофга тўлди.
Тўсиқлар кўпайиб, йўлдан қайтарувчилар катталашиб ва унга ёрдам берувчилар камайган сари амалнинг оғирлиги ҳақ майдонида зиёдалашади ва Аллоҳ ҳузурида қиймати, савоби кўпаяди. Бир жиҳатдан саҳобаларнинг (р.а.) кейингилардан устунликларининг сири ҳам шунда. Чунки одамлар кофир бўлганида улар иймон келтиришди ва бошқалар Пайғамбарни ёлғончи деганида, улар тасдиқлашди. Шунинг учун ҳам Муҳожир ва Ансор саҳобалар ўзларидан кейинги саҳобалардан, Макка фатҳидан, ва Ислом очиқ кучга тўлганидан сўнг Исломга кирганлардан фазилатлидирлар.
Бу ҳақда Қуръони карим айтади: “Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (Расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) жанг қилган кишилар билан баробар бўлмас. Улар кейин инфоқ-эҳсон қилган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат - жаннат) ваъда қилгандир” (Ҳадид,10). Шунинг учун яна жамият фасодга тўлиб, ҳолатлар оғирлашиб, бошлиқлар ўзидан пастдагиларга зулм қилиб, бойлар туғёнга кетиб, кучлилар ҳаддидан ошиб, олимлар гердайиб, фаҳш ишлар ёйилиб, ёмон ишлар ошкор бажарилиб, эзгу ишлар тобора камайган вақтда, солиҳ амалларнинг савоби каттароқ ва қадри юксакроқ бўлади.
Буни эски олимларимизнинг тили билан айтсак “Фитнанинг(бузуқ ишлар) ошкор бўлиши, замонни бузилиши”, бўлади. Бизнинг тилимиз билан айтганда “Замонавий жоҳилият” дейилади. Дин орқага, жаҳолат олдинга юз тутган пайтида Аллоҳнинг дини билан ва Аллоҳнинг дини учун амал қилгувчилар гўёки янги саҳобалардир. Бир саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.): “Машаққатдаги ибодат, менга ҳижрат қилиш кабидир”, дейдилар.
Абу Умаййа аш-Шаъбоний ҳикоя қилади: “Мен Або Саълаба ал-Ҳашанийга бордим, у кишидан: “мана бу оятга қандай қарайсиз?” деб сўрадимю. У киши: “ Қайси оятга?”деди. Мен: “Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! Модомики ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас”, деган оятга”, дедим. У киши: “Мен Ҳубайрдан сўраганман, Ҳубайр эса бу ҳақда Расулуллоҳдан (с.а.в.) сўраган экан, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эзгуликка буюраверинг, ёмонликдан қайтараверинг, ҳатто қаршисида бўйин эгилган хасисликни, эргашилган орзу-ҳавасни ва таъсирчан дунёни кўрсангиз ва ҳар бир фикрловчи одамга ўзининг фикри ажойиб кўриниб, шу туфайли сенга яқин келмайдиган ишни кўрсанг, шундагина сен ўзингни билишинг лозим. Албатта, ҳали орқаларингизда сабр кунлари бор. У кунда сабр қилиш, қўлида чўғни ушлаган кабидир. У кунларда солиҳ амал қилгувчи учун худди ўзи сингари амал қиладиган эллик кишининг савоби мисличалик савоб бордир”, дебдилар.” (Ибни Можа ривояти)деди.
Бунга имом Абу Довуд мана бу сўзни қўшимча қилди: “Эй Расулуллоҳ, улардан эллик кишими ёки бизданми?”деб сўради. (У зот) “Сизлардан эллик кишининг савоби бўлади”, дедилар (Лафзи имом Термизийга қарашли).
Айрим ривоятларда ушбу савобнинг кўп бўлиши сабаби ҳақида Расулуллоҳнинг мана бу сўзлари зикр қилинади: “Сизлар эзгуликка ёрдамчи топа олаяпсизлар ва лекин улар эзгуликка ёрдамчи топа олмайдилар”.
Ушбу ҳадис Ислом ёйилиб, одамлар Исломга тўп-тўп бўлиб кириб ва яхшиликка ёрдам берувчилар кўпайганидан сўнг, айрим саҳобаларга Расулуллоҳ(с.а.в.) ушбу сўз билан хитоб қилганлар. Фақат бундан аввалги мухожир ва ансорлар мустаснодир, улар Исломга ёрдам берувчи бирор кимса топа олишмаган. Аксинча, уларга қарши курашувчилар кўп эди унда. Уларга қарши бутун араблар битта камондан ўқ отишган. Шунинг учун фазилатда ҳеч ким уларга яқин бўла олмайди.
Ҳадиси шариф, модам тинглашга қулоқ, хис қилишга битта қалб бор бўлса ва модам бирорта кимсадан жавоб олиш умиди бор бўлса, амру маъруф ва наҳйи мункарни давом эттиришни вожиб қилади. Лекин раҳмат эшиклари ёпилиб, сабаблар кесилган вақтда, инсон ўйланганидан ва тоқатидан ҳам каттароқ ишлар бўлади.
Ҳадисда айтилганидек: “Сен қувватинг ва тоқатинг етмайдиган ишни кўрсанг, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” (ҳеч қандай мадор ва қувват йўқдир, фақат Аллоҳ биландир), дегин.
Бундай ҳолда то Аллоҳ бўладиган ишга Ўзи ҳукм чирқармагунча мўъмин фақат сабр қилиши лозим бўлади.

Инсоннинг иккинчи умри

Иинсон вақтини сарф этишда омадли ризқлантирилган бўлса, вафот этганидан сўнг Аллоҳ хоҳлаганича унинг ҳаётини узайтиради. У ўлик экан, тирилади, у қабрда экан, тириклар учун мактубини етказади... Албатта, бу одам ортидан фойдали илм, эзгу иш, чиройли хотира ёки эргашса арзийдиган чиройли одат, ёки бўлмаса, ўзидан сўнг самара бериб турадиган хайрия муассасаси ёки чиройли тарбия қилган зурриёт қолдирган бўлса, унинг ҳаёти давом этаётган бўлади ваорқасидан чиройл сийрати (тарихи) қолади. Абу Ҳурайрадан Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Агар Одам боласи вафот, этса уч нарсадан бошқа амаллари узилади: садақаи жория (доимий юриб турадиган яхшилик) ёки фойдали илм ёки ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд”.
Бошқа бир ҳадис бу учтага яна қўшимча қўшиб келади:
“Албатта, мусулмон ўлганидан сўнг амалларидан унга бориб турадигани илмдир, уни ўргатса ва ёйса ёки солиҳ фарзанд қолдирган бўлса ёки Қуръон китоб мерос қолдирса ёки масжид қурса (қурдирса) ёки мусофирлар учун уй қурса ёки анҳор қазиса ёки соғломлигида ва ҳаётлигида ўлимидан кейин бориб турадиган садақани ўз молидан ажратса” (Ибн Можа ривояти). Имом Муслим ўзининг «Саҳиҳ» номли китобида келтирган ҳадисда: “Ким чиройли бир иш ташкил қилса, унинг учун савобдир ва то қиёматгача ўша гўзал ишни қилганга савоб етиб туради,”дейилган.
Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Биз Ўзимизгина ўликларни Қиймат кунида қайта тирилтирурмиз ва уларнинг қилган ишларини ҳамда (қолдирган) изларини ёзиб қўюрмиз” (Ёсин, 12); “У Кунда инсонга (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларнинг (яъни, яхши-ёмон амалларнинг) хабари берилур” (Қиёмат, 13).
Бир одамнинг ўлимидан сўнг, ортидан чиройли эслаб юриш у одамнинг умрига қўшилган умр деб ҳисоблашда инсоният ҳамфикрдир. Чегарали умрдан сўнг чегарасиз умр...
Шоир Мутанаббий айтади: “Ёшликни эслаш унинг иккинчи умридир, унинг ҳожати ўзига озуқа бўлади, ҳаётнинг фазилати меҳнатдир”.

Раҳмоннинг дўсти, пайғамбарлар отаси Иброҳим (с.а.в.) дуоларининг ажабланарли ери йўқ: “Ва мен учун кейин келгувчи кишилар ўртасида рост мақтовлар қилгин” (Шуаро, 84). Орқасидан қалблар қаттиқ маҳзун, кўзлар йиғловчи, тиллар уни яхшилик билан эслаган ва ҳаққига Аллоҳдан раҳмат сўраб дуолар қилинган одам билан ўлса кўзлар йиғламаган, айрилиғидан қалб ҳам маҳзун бўлмаган, тиллар эса унинг ҳаққига дуо ҳам қилмаган одам ўртасида катта фарқ бор.
Чунки улар ҳаётда ортиларидан чиройли из қолдирмаган, балки ҳаддан ошиб золим бўлиб яшаганлар. Шоир шундай дейди:

Бундай одам гарчи яшаса-да, ундан кимса наф кўрмади,
Гарчи ўлган бўлса ҳам унга биров маҳзун бўлмади!

Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва улуғ -гўзал жойларни қолдириб кетдилар. Ва (қанчадан-қанча) ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб кетдилар)! Шундай қилиб, Биз у (неъматларни) бошқа бир қавмга мерос қилиб бердик! Бас, уларга осмон ҳам, Ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ ва уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам берилмади!” (Духон, 25-29 ).
Кўпинча, ундайлар ўзи ўлади-ю, лекин улар билан бирга зулмлари ва гунохлари ёки куфрлари ва залолатлари ўлмайди. Улар кетларидан “шогирдлари” - ўзларига эргашувчилар қолдириб кетадилар ва эргашувчилари уларнинг йўлларидан изма-из борадилар. Агар ким яхши йўл очиб кетса, унга савоб бўлиб, унинг йўлини тутганларнинг савобидан ҳам унга то қиёматгача савоб етиб туради. Аммо ким ёмон йўл чиқарса, ҳам унга гуноҳ, ҳам у ёмон йўлга кирганларнинг гуноҳи унга то қиёматгача етади. Яна, ким фойдали илм қолдирса, ундан эзгу амаллари узилмайди. Шунингдек, ким ёмон из ва адаштирувчи фикр қолдирса, ундан ёмон, ярамас амали узилмайди. Бундайларнинг охиратдаги насибаси қўрқинчли. Ўзларини тупроқ чиритиб юборган, лекин гуноҳ амаллари ёки ботил сўзлари, нотўғри, адаштирувчи фикрлари китобларда, мақолаларда ё филмларда, кўрсатувларда ёки овоз ва тасвир кассеталарида кезиб юрибди, ақлларни ва қалбларни бузишда ишини давом эттирмоқда. Бу гўё амалини ҳавога совурган кабидир. Бу ҳақда солиҳ салафлар: “Ўлганидан кейин гунохи ҳам бирга ўладиган кишига қандай ҳам яхши! Ўлганидан кейин гунохлари орқасидан боқий қоладиган одамга қандай ҳам азоб!” дейишган.

Вақтни ўлдирадиган офатлардан эҳтиёт бўлиш

Бундай офатлар кўп, одам унинг хатаридан огоҳ бўлмаса, вақтини ва умрини зое кетказиб қўяди.
1. ўафлат. Бу офатлардан бири ғафлат инсоннинг ақли ва қалбига мусибат етказадиган касалликдир. Қалб ва ақл кечаётган ҳодисаларни, кеча ва кундузнинг алмашишини сезмайдиган, ҳис этмайдиган бўлиб қолади. Нарсаларнинг маъноларига ва ишларнинг оқибатига нисбатан сергакликни йўқотади. Маънолар билан эмас, суратлар билан; ҳақиқатлар билан эмас, кўринишлари билан; мағизи билан эмас, қобиғи билан; ниҳояси билан эмас, бошланиши билан ҳукм чиқаради. Қуръони карим ғафлатдан қаттиқ огоҳлантиради, ҳатто у ғафлат аҳлини жаҳаннамга ўтин ва тирик жонзотлар ичида энг адашганлардан қилди: «Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бор-у, кўра олмайдилар, қулоқлари бор-у, эшита олмайдилар. Улар чорвалар кибидирлар, йўқ, улар (ақлсиз-фаҳмсизликда) чорвалардан ҳам, адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир» (Аъроф, 179).
Қуръони карим илмнинг ҳақиқати ва мағзи қолиб, зоҳири билан қизиқадиганларни айблаб: «Лекин кўп одамлар билмаслар. Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар» (Рум 6-7), дейди.
Қуръон Расулуллоҳга(с.а.в) хитоб қилиб айтади: «Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, ошкор бўлмаган сўзлар билан (яъни, дилдан) эртаю кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!» (Аъроф, 205); «Ва Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавою нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» (Каҳф, 28).
Ҳақиқий балолардан яна бири тоғларни ларзага келтирадиган ҳодисалар миллатимиз устида содир бўлади. Лекин миллат ўзгармайди, воқеалардан ибрат ҳам олмайди, пинагини бузмайди ҳам. Гўёки у бир томоша ўйналгандек ўтиб кетаверади, миллат эса бундан хулоса чиқармайди.
Бундай офатлардан сақланиш учун Абу Бакр (р.а.) шундай дуо қилганлар: «Эй Аллоҳим, бизни сарсон-саргардон қилмагин ва ғафлатда қолдирмагин ҳамда бизларни ғофиллардан қилмагин!»
Саҳл ибн Абдуллоҳ айтар эдилар: «Уч тоифа одамларнинг суҳбатидан эҳтиёт бўлинг: тилёғламачи (яъни, олимлар) дан, жоҳил сўфилардан ва ғофил баҳодирлардан!»
2. Кейинга қолдириш. Яна бир офат кейинга қолдириш ва ишни ўз вақтидан кечиктиришдир. Буниси инсонга ҳозири ва бугунидан манфаат олишда хатарли офатларнинг энг ашаддийидир.
Кунингни фойдали илм ва эзгу ишлар билан тўлдиришинг сенинг устингдаги кунингни ҳаққидандир. Ҳозиринг қўлингдан кетиб абадий қайтмайдиган ўтмишга айлангунгача уни эртага қолдирма. Эртага ўриб олишинг учун бугун экишинг сен учун вожибдир. Агар бундай қилмасанг, пушаймонлик фойда бермайдиган ўринда пушаймон қилган бўласан.
Шеър:

Йўқдир сенга ҳашр куни
Ўлимдан аввал ҳашр учун тайёрлигингдан ўзга нарса,
Гарчи сен экмасанг, ўрувчи курганингда
Экин вақтини йўқотганингга пушмон этасан.

Кейинга суриш офатлари

Кейинга суришда бугунлик вазифани эртага қолдириш офати бор.
Биринчидан, албатта, эртагача яшашингга кафолатинг йўқ. Амирларнинг биттаси бир солиҳ кишини зиёфатига чақирди. У солиҳ киши рўзадор бўлганидан узр сўради. Шунда Амир: “Бугун рўзангни оч, эртага тутарсан”, деди. Солиҳ киши: «Сен мени эртагача яшашимга кафолат бера оласанми?» дея жавоб берган экан.
Ҳолбуки, ҳеч ким ҳеч кимга эртагача яшашига кафил бўла олмайди. Ўлим тўсатдан ва турли сабаблар билан келади.
Фан - техника ва тиббиёт қанча ривожланганига қарамасдан бизнинг асримизда тўсатдан ўлиш ўтган асрга нисбатан кўпроқдир. Тиббиёт ўлимни тўхтата олмайди ёки жарроҳлик ва бошқа амалиётлар билан уни қайтара олмайди. Илм ҳам бугун замонавий асбоб-ускуналари, машина, тайёра, турли, механик ва электрик жиҳозлари билан бир бўлиб ҳам ҳар куни саноқсиз ҳодисалар туфайли бўлаётган ўлимга тўсқинлик қила олмаяпти. Аксинча, айни шу илм-фан ва техника тараққиёти янги-янги ўлим сабабларини тайёрладики, инсон саноат асридан аввал улардан омонда эди.
Иккинчидан, дейлик, сен эртагача яшашингни кафолатлай олдинг ҳам, лекин барибир сени ўраб турган касалликлар олдингдан чиқиб қолувчи тасодифлар ёки бошингга тушувчи балолар каби тўсиқлардан эмин бўлолмайсан. Шунинг учун эзгу ишларга шошилиб, кунлик вазифани вақтида адо этишинг олижанобликдир. Кечиктириб кейинга суришинг фурсатни қўлдан бой беришинг ожизликдир. Сўнгра ғам-ғуссадан шикоят қилиб қоласан.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир одамга насиҳат қилиб: «Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: ўлимингдан олдин ҳаётингни, хасталигингдан олдин саломатлигингни, машғуллигингдан олдин фароғатингни, кексалигингдан олдин ёшлигингни ва камбағаллингдан олдин бойлигингни», дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).
Олимлардан бири баъзи ёшларга: “Иш қобилиятингни йўқотмасингдан аввал ишлаб қол, чунки мен бугун ишлашни истайман, лекин қодир эмасман”, деган экан.
Ҳафса бинти Сирин айтар эдилар: «Эй ёшлар, ишланглар. Албатта, иш ёшликдадир. Кексайгач, ҳеч нарса қила олмайсизлар”.
Учинчидан, албатта, ҳар бир куннинг ўз иши, ҳар вақтнинг ўз вазифаси бор. Бу ерда ишдан бўш вақт йўқдир. Умар ибн Абдулазиз ишнинг кўплигидан сал хорғин кўринганларида у кишига: «Бу ишингизни эртага қолдира қолинг», дейишибди. Шунда халифа: «Менга бир куннинг иши оғир келяпти-ку, икки куннинг иши тўпланиб қолса, уни қандай қилиб бажараман?» деган эканлар.
Ибн Ато ҳикматида айтади: “Вақтлар ичидаги ҳақларни қазо этиш мумкиндир, аммо вақтларнинг ҳаққини қазо қилиш мумкин эмас!” Ҳар бир ўтаётган вақт ичида Аллоҳ учун сенинг устингда янги ҳақ бордир. Муайян бир вақт ичидаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этмаган одам бошқанинг ҳаққини қандай адо этсин!?
Тўртинчидан, тоат-ибодатни кечиктириш ва эзгу ишларни ортга суриш инсонни уларни тарк этишга одатлантиради. Одат эса, агар у томир отса, мустаҳкам табиатга айланиб, кейин ундан чиқиш қийин бўлиб қолади. Ҳатто киши тоатга ва солиҳ амалга шошилиши лозимлигини ақлан ҳис этади, лекин иродасидан бу ишга ёрдам берувчи нарса тополмайди, аксинча, амалдан толиққанлик, безганлик хусусиятларини топади. Агар бир кунгина ибодат ва яхши ишга қадам ташласа, гўё елкасида бутун халқни кўтариб юргандек унга оғир келади. Шунга ўхшаб, уни гуноҳлари, динга хилоф қилган ишлари учун тавба қилишни кейинга сураётганини кўрамиз. Агар инсон нафси гуноҳ қилишга ва шаҳвониятга оғишга одатланса, улардан чиқиб кетиш қийин бўлади. Чунки кун ўтган сайин унга муҳаббати ва кўникмаси кўпаяверади ва гуноҳи катталашаверади ва бора-бора асари қалбда ўрнашиб, ҳатто ўз қораси билан ўраб олиб қалбни қоронғуликка чулғайди. Бундай қалбга ҳидоятдан бир шуъла ёки нурдан бир заррача ҳам киролмайди.
Ҳадиси шарифда: “Агар мусулмон киши гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб гуноҳдан ўзини тортса ва истиғфор айтса, қалби сайқалланади. Агар гуноҳ қилверса, қалбдаги қора нуқта катталашаверади, ҳатто қора нуқта қалбини ўраб олади”, дейилаган. Аллоҳ китобида зикр қилинган қалбни гуноҳлар қоплаши мана шудир: «Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир» (Мутаффифун, 14).
Бешинчидан, албатта, меҳнат тирик инсоннинг муҳим мақсадидир. Ишламайдиган одам яшашга лойиқ эмас. Инсондан талаб қилинган иш - хоҳ диний, хоҳ дунёвий иш бўлсин - ундан оқиб турувчидир.
Мусулмонларда машҳур ҳикмат бор: “Сен дунёйинг учун гўё сен абадий яшаб қоладигандек ишла, охиратинг учун худди эртага ўладигандек ишла”.

Замонни сўкиш

Муттасил замонга маломат тошини отиш ва замоннинг зулмидан, кунларнинг оғирлигидан доимий шикоят қилиш салбий тўсиқдир ва эҳтиёт бўладиган офатлардандир.
Буларнинг барчаси жабарийлар қарашининг иллатларидан, улар шахс ва жамиятни шу тушунча ичида ўз нафсларини «поклашга» уринишади ва хатоларининг қийинчилигини кўтаришдан қочадилар ва унинг гуноҳини бошқаларга юклаб қутулиб кетмоқчи бўладилар. Улар машаққатни ё бир-бирларига, ё замонга, ё қадарга, ё даврга, ёки ундан бошқа нарсага юклайдилар. Аслида эса, устиларига ёғилаётган бало ва улардан тортиб қўйилган неъматга юзаки боқишдан кўра, уни чуқурроқ таҳлил қилишликлари керак эди. Сабабланганларни сабаб билан, натижаларни бошланиш билан Аллоҳ таоло махлуқотларида жорий этиб қўйган суннатига мувофиқ боғлаб кўриши керак. Замон Аллоҳ юргизган қонуни ва йўлига мувофиқ ҳодисалар идишидирки, бу нарса саҳиҳ ҳадис маъносида кўринади: «Замонни сўкмангиз, чунки Аллоҳ ўзи замондир (яъни, у қонун ва қоидаларни тузувчидир)».
Мусулмонлар Уҳуд ғазотида мағлуб бўлишганида улар билан бирга Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам бор эдилар. Шу жангда етмишта қаҳрамон саҳобий шаҳид бўлди. Саҳобалар ўзларига етган бало ва жароҳатнинг сабабини сўрашди. Жавоб эса, Қуръоний эди: «(Эй мўминлар,) агар сизларга (Уҳудда душман тарафидан) бир мусибат етса, - ҳолбуки, сизлар (кофирларга Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз – “Бу бало қандай келди?” дейсизларми?! (Эй Муҳаммад) Уларга: «Бу (мусибат-мағлубият) ўз қилмишларингиздан», деб айтинг! Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир” (Ол-и Имрон, 165).
Қуръони карим бу умумий қоидани тасдиқлайди: «Аллоҳ бир қавмга инъом қилган неъматини то улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи эмасдир» (Анфол, 53).
Одамлар ҳадеб замонни айблаб, даврни маломат қилавермасдан эгриликни тўғрилашга ва бузуқни тузатишга ҳаракат қилиб, ўзларини тез-тез маломат этиб туришлари мақсадга мувофиқдир.
Шоир айтганидек:

Замонамизни айблаймиз, ваҳоланки, айб биздадир,
Биздан бошқа замонимизнинг айби йўқдир.
Бу замонни ҳеч гуноҳсиз мазаҳ этамиз,
Агар замон гапирса, бизни мазаҳ этадир.

Баъзи адиб ва шоирлар ўзларининг норозиликларини жамиятнинг фасодини ва ҳокимларнинг зулмини замондан деб билганларида (бу сўзлари билан) замонни назарда тутмайдилар, балки (шу) замон аҳлини ва шу замондаги ҳукмдорларни назарда тутадилар.
Масалан:

Замонимдан сўрадим жаҳолатга ботувчи
Ёмонлик билан мағрур, қабоҳатга хосланмиш
Мен айтдимки, унга юқорига чиқишга йўл борми?
(Замон) айтдики, уни икки йўли бор:

Жаҳолату нуқсонлик? Шунинг учун золим подшоҳлардан бири деди: «Замон султондир. Ким замонни сўкса, унга азоб вожиб бўлади! Мусулмон кишининг вазифаси агар ўзи ёқтирмайдиган нарса бошига тушса, ўз нафсига мурожаат этиб замонга қилган шаккоклигини ўйласин отамиз бўлмиш Одам ва онамиз Ҳавво Аллоҳ уларни жаннатдан чиқариб юборганида айтганларидек: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр қилдик. Агар Ўзинг бизларни мағфират қилмасанг ва раҳм-шафқат кўрсатмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз” (Аъроф, 23), деб Парвардигорининг эшигини тавба ва истиғфор билан қоқсин.
Аллоҳ билан сўзлашган Мусо (алайҳиссалом) Парвардигорларига муножот қилиб бўлиб қайтган вақтларида қавмларини у киши кетганидан сўнг йўлдан адашиб, улар билан гаплашиб ҳам тўғри йўлга бошлаб ҳам бўлмайдиган, бузоқ ҳайкалини ўзларига маъбуд қилиб олган ҳолда кўрдилар. Улар Мусонинг (а.с.) акалари Ҳоруннинг насиҳатига қулоқ солмадилар, балки уни заиф ҳисоблаб, ўлдириб қўйишларига сал қолди. Шу ҳолда Мусо (а.с.) Аллоҳ таолога тазарруъ ва дуо билан юзланиб, дедилар: «Парвардигорим, мени ва биродаримни ўзинг мағфират қилгайсан ва бизни Ўз раҳматингга доҳил қилгайсан. Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғисан» (Аъроф, 151).
Художўйлардан бири шаҳид этилаётганида бундай деган эканлар: «Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткашлик-заифлик қилмаганлар ва душманларга эгилмаганлар – Аллоҳ мана шундай сабр қилгувчиларни севади. Уларнинг айтганлари фақат шундан иборат эди: “Парвардигоро, Ўзинг бизнинг гуноҳларимизни ва ишларимизда ҳаддан ошиб қилган хатоларимизни мағфират айла, қадамларимизни собит қил ва бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил! Бас, Аллоҳ уларга ҳам бу дунё савобини (ғалаба ва мол-давлатни) ва ҳам охиратдаги гўзал ажрни (жаннатни) ато қилди. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади” (Оли Имрон, 147-148).

Нашрга тайёрловчи: Аъзамхон Муҳаммадали

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фитратни ўзгартиришдан қайтариқларАбу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ит учун ва қон олганлик учун ҳақ давоми...

1906 19:30 / 10.09.2020
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимАраб тилида психология илмун нафсrdquo, яъни нафсни ўрганиш илмиrdquo деб аталади. Инсон жасад, руҳ ва нафсдан ташкил топади. Ҳозир давоми...

9585 13:56 / 24.03.2017
Салаф солиҳларнинг ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак, улар суннатга амал қилиш борасида бизга гўзал намуна бўлишган. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ quotҚайси давоми...

2397 11:45 / 27.03.2017
...Бу mdash ақл, қалб, кўз, қулоқни ҳидоят йўлида ишлатмаган жоҳиллар ҳақидаги оятлар эди. Аллоҳ умрида ҳидоят таъмини татимаган жоҳилларни чорва ҳайвонларига давоми...

4177 17:46 / 17.03.2017
Аудиолар

131172 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51685 14:35 / 11.08.2021