1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Қиблага қараш

05:00 / 09.01.2017 5292 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозни қиблага, Каъбаи Муаззамага юзланиб ўқиш фарздир. Бўлмаса, намози намоз бўлмайди.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва сўйган (гўштимиз)ни еса, бас, ўша Аллоҳнинг зиммасидаги ва Унинг Расулининг зиммасидаги мусулмондир. Бас, Аллоҳнинг аҳдига хиёнат қилманглар», дедилар».

Шарҳ: «Қибла» луғатда «қаршида», «рўбарўда турган нарса» дегани. Намозда Каъбаи Муаззама намозхоннинг юзланадиган томони бўлгани учун «қибла», дейилади.

«Зимма» дегани «аҳд», «омон», деганидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким намозимизни ўқиса» деб айтганлари ким биз ўқиган намозни ўқиса, деганларидир. Мусулмонларнинг намозини ўқишга, улар каби тавҳидга ва Пайғамбарларга иймон келтирган кишигина мушарраф бўлади. Ким буларга иймон келтирса, Аллоҳдан келган барча нарсаларга иймон келтирган ҳисобланади. Шунинг учун ҳам намоз Ислом динининг бош белгиси дейилади. Калимаи шаҳодат эса, намоз ичида борлигидан зикр қилинмаган.

«Қибламизга юзланса».

Қиблага юзланиш намознинг ичида бор бўлиб, унинг фарзларидан эканига қарамай алоҳида зикр қилинишининг ўз ҳикмати бор.

Бошқа динларда ҳам ўзига хос намоз мавжуд. Аммо Каъбанинг қибла қилиб олиш фақат аҳли Исломга хос. Шунинг учун қибла алоҳида зикр қилинмоқда. Чунки қибла бўлмаса, намоз йўқ. Намоз бўлмаса, дин йўқ.

Мана шу икки нарса – намоз ва қибла мусулмонларни ибодатда бошқалардан ажратиб туради.

ҳадиснинг давомида мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган одатлардан яна бири ҳам зикр қилиниб:

«ва сўйган (гўштимиз)ни еса», дейилмоқда.

Мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган нарсалардан бири, Аллоҳнинг номи айтиб сўйилган гўштни ейишдир.

Бошқалар нимани бўлса фарқига бормай ейишаверади. Кишининг мусулмонлигига сиртдан далил бўладиган нарсалардан бири, Аллоҳнинг исми айтилиб сўйилган гўштни емоқлиги экан.

Демак, ким намоз ўқиса, қиблага юзланса ва Аллоҳнинг номи айтилиб сўйилган гўштни еса:

«Бас, ўша Аллоҳнинг зиммасидаги ва Унинг Расулининг зиммасидаги мусулмондир».

Яъни, Аллоҳнинг ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳди омонидаги мусулмон бўлиб, унга биров тега олмайди. У мусулмонлар фойдаланадиган барча имтиёзлардан фойдаланади.

«Бас, Аллоҳнинг аҳдига хиёнат қилманглар», дедилар».

Яъни, мазкур одамга ғайримусулмонга қилинадиган муомалани қилманглар.

Демак, мусулмон бўлиб, мусулмонча тақдир ва муомалага эришиш учун намоз ўқиш, қиблага юзланиш ва Аллоҳнинг номи айтиб сўйилган ҳайвон гўштидан ейиш керак экан.


Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн олти ой ёки ўн етти ой Байтул Мақдис томонга (қараб) намоз ўқидик. Сўнгра Каъба томонга бурилдик».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Байтул Мақдис томонга қараб намоз ўқишни бошлаганлар. Қибла ўша томонда эди. Шунинг учун ҳам Қуддуси шариф ҳозиргача икки қибланинг биринчиси, деб аталади.

Байтул Мақдисга қараб намоз ўқилгани муддати тўғрисидаги шак ҳадиснинг ровийи Баро розияллоҳу анҳудан эканини уламолармиз таъкидлаб ўтганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинаи Мунавварага Робиъул аввал ойида келган эдилар. Қибланинг Каъба томон бурилиши эса, иккинчи ҳижрий йилнинг Ражаб ойи ярмида содир бўлди. Шу икки муддат ичида Байтул Мақдис қибла бўлиб туриб сўнг Каъба қибла бўлиб қолди.

Демак, Каъбага қараб ўқилмаса, намоз – намоз ҳисобига ўтмайди.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Одамлар Қубода бомдод намозини ўқиб турганларида, бирдан бир одам келиб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу кеча оят нозил қилинди. Батаҳқиқ, у кишига Каъбага қараш амр қилинди. Бас, сиз ҳам ўша томонга қаранглар», деди.

Уларнинг юзлари Шомга қараган эди, Каъбага қараб айландилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Худди шу ривоятдагига ўхшаш ҳодиса бош¬қа бир масжидда ҳам содир бўлган. Ўшанда Каъба қибла бўлгани ҳақидаги оят нозил этилгач Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Каъбага қараб намоз ўқиган одам ансорийларнинг масжидда Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиётганларини кўриб, қибла ўзгаргани ҳақида хабар берган. Ансорийлар намозда туриб Каъбага бурилганлар. Ана ўша масжид, масжиди Қиблатайни, деб номланиб қолган.

Бу ҳадисдан ҳам намозда Каъбаи Муззамага қараб юзланиш фарз экани келиб чиқади.


Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба томон юзлантирилишларини яхши кўрар эдилар. Аллоҳ: «Бас, Биз юзингни осмонга қараб бурилишини кўрурмиз. Албатта, сени ўзинг рози бўлган қибла томон бурурмиз. Бас, юзингни Масжидул ҳаром томон бур. Ва қаерда бўлсаларингиз ҳам юзларингизни у томон бурингиз» оятини нозил қилди. Бас, у зот Каъба томон юзландилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Байтул Мақдиснинг қибла бўлиши Қуръон билан эмас, суннат билан собит бўлган эди. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбаи Муаззаманинг қибла бўлишини жуда хоҳлар эдилар. Аммо одоб сақлаб, Аллоҳдан бу ишни тезлатишини сўрамас ҳам, дуо қилмас ҳам эдилар. Фақат юзларини осмон томон тез-тез буриб, бу ҳақда ваҳий тушиб қолмасмикан, деб интизор бўлар эдилар. Аллоҳ таоло ўша ҳолатга ишора қилиб:

«Бас, Биз юзингни осмонга қараб бурилишини кўрурмиз», демоқда.

Сўнгра Пайғамбарига Каъбани қибла қилиб беришни ваъда этиб:

«Албатта, сени ўзинг рози бўлган қибла томон бурурмиз», демоқда.

Ва ниҳоят, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, мўмин-мусулмонларга ҳам намозда Каъбани қибла қилиб олишни буюрмоқда:

«Бас, юзингни Масжидул ҳаром томон бур. Ва қаерда бўлсаларингиз ҳам юзларингизни у томон бурингиз».

Мана шу оят нозил бўлганидан кейин у зот алайҳиссалом умрларининг охиригача Каъба томон юзланиб намоз ўқидилар. Саҳобалар ҳам шундоқ қилдилар. Барча мусулмон авлодлар ҳам шундоқ қилиб келдилар ва қилмоқдалар. Дарҳақиқат бизда бошқа томонга қараб намоз ўқиганнинг намози қабул бўлмайди.


Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мағриб ила машриқ ораси қибладир», дедилар».

Ибн Можа, ал-Ҳоким, Дора Қутний ва Термизийлар ривоят қилган.

Шарҳ: Бу гап Мадинаи Мунаввара ҳамда унинг жиҳат ва тарафдагиларга тегишли.


Омир ибн Робийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан зулматли кечада сафарда эдик. Қибла қайси тарафда эканини била олмадик. Биздан ҳар бир киши ўз билганича қараб намоз ўқиди. Тонг оттирганимиздан кейин буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдик. Бас: «Аллоҳнинг юзи қаён қарасангиз шул томонда» ояти нозил бўлди».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, ояти карима саҳобаи киромларнинг ижтиҳод қилиб, қиблага юзландим, деб қилган уринишларини тасдиқлаб нозил бўлган.

Булут ва зулмат туфайли ҳамда бошқа сабабларга кўра қиблани аниқлай олмаган киши ўзича ижтиҳод қилиб бўлгандан сўнг қибла бошқа томонда экани аён бўлиб қолса, кўпчилик уламоларнинг фикрича, намозни қайтариб ўқимайди. Ҳанафий мазҳаби ҳам шу фикрга қўшилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Ғусл қилиш. 2. Энг яхши кийимларни кийиш. 3. Намозга чиқишдан олдин тоқ ададда хурмо ейиш. 4. Ҳайитни намозгоҳда ёки масжидда адо этиш. 5. Намозга юри6 бориш ва давоми...

1395 14:59 / 09 апрель
Биз бетаҳоратлик деб таржима қилган ибора араб тилида .ҳадас, дейилади. Ҳадас сўзи бўлмаган нарсани тезтез янгиланиб пайдо бўлиб туришига айтилади. Одам таҳорат давоми...

5006 05:00 / 04.01.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффорати давоми...

7295 05:00 / 04.01.2017
13дарс18МатнАввал икки тиззаларини кейин икки қўлларини сўнгра пешоналарини ерга икки кафтлари орасига қўярдилар.18Матннинг далиллари۱ 1. Воил ибн Ҳужр давоми...

3327 05:00 / 09.01.2017