1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Ризқи кенгайиб, бой бўлишни хоҳловчилар учун кундалик қўлланма

12:19 / 15.03.2017 5798 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Аллоҳга тақво қилиш.

Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун чиқар йўлни (пайдо) қилур ва уни ўйламаган томонидан ризқлантирур” (Талоқ, 2-3).

Исмоил Бажжий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзингизга амр қилинган амалларни тўлиқ адо қилганларингизда, албатта экин экмаган ҳолда ризқлантирилган бўлар эдингиз”, деганлар” (Имом Бухорий “Тарих”да ривоят қилган).

2. Охиратни дунёдан устун қўйиш. 

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимнинг ташвиши охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбида бойлик пайдо қилади ва хотирини жам этади. (Мол-)дунё унга судралиб келади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг икки кўзи олдига фақирлигини келтиради, хаёлини паришон қилади ва унга (мол-)дунёдан фақат ўзига тақдир қилинганигина келади” (Термизий, Ибн Можа, имом Баззор, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. “Завоид” китобида ҳадиснинг санади саҳиҳ, дейилган).

3. Намоз ўқиш. 

Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига шундай хитоб қилади: “Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз Сиздан ризқ сўрамаймиз, (балки) Ўзимиз Сизга ризқ берамиз. Чиройли оқибат – жаннат (аҳли) тақвоникидир” (Тоҳа, 132).

Маъмар қурайшлик бир кишидан ривоят қилади: 

“Агар Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оилаларига ризқдан танглик етса, аҳли-оилаларини намоз ўқишга буюрар эдилар ва “Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг!” оятини ўқирдилар” (Имом Табароний, Абу Нуайм,  Абд ибн Ҳумайд, Абдураззоқ “Мусоннаф”да ва Байҳақий  “Шуъабул иймон”да саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

4. Силаи раҳм қилиш.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимни ризқи кенг бўлиши ва ажали кечиктирилиши (яъни, умри узоқ бўлиши) хурсанд қилса, бас, қариндошлик алоқаларини боғласин!” деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ва имом Аҳмад ривояти).

5. Ибодатга фориғ бўлиш.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. Шунда қалбингни бойликка тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман. Акс ҳолда қўлингни иш билан банд қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман!” (Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Байҳақий, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳоким ҳадис санадини саҳиҳ, деган).

6. Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этиш.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этинглар. Зеро, уларнинг ҳар иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказгани каби фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” (Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти. Термизий ҳадис санадини ҳасан-ғариб, деган).

7. Ҳаромдан сақланиш ниятида никоҳланиш.

Аллоҳ таоло айтади: “Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини никоҳлаб қўйинглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли-карами билан бой – беҳожат қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, Билгувчидир” (Нур, 32).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч (тоифа кишилар)га ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир(. Булар): Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи, (бўйнидаги вазифасини) адо қилишга ҳаракат қилаётган мукотаб ва пок юришни ният қилиб никоҳланувчидир” (Термизий, Насоий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Ҳоким: “Ҳадис санади Муслим шартига кўра саҳиҳ”, деган).

8. Омонатдорлик. 

Бир ривоятда: “Омонатдорлик ризқни жалб қилади, хиёнат эса камбағалликни жалб қилади”, дейилган (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ҳасан санади билан Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Омонатдорлик бойликдир”, деганлар” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

9. Толиби илмларга ёрдам кўрсатиш. 

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида икки ака-ука бор эди. Уларнинг бири Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келар, бошқаси эса касб-кор қилар эди. Тирикчилик билан шуғулланувчи Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга биродари устидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Балки сенга у сабабли ризқинг етиб тургандир!” дедилар” (Термизий ва Ҳоким ривоят қилган. Абу Исо Термизий ҳадиснинг санади ҳасан-саҳиҳ, деган).

10. Заиф ва бечораҳол кишиларга яхшилик қилиш. 

Мусъаб ибн Саъд  ривоят қилади: “Саъд ўзини бошқалардан фазилатлироқ деб билди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонасизлар ва ризқланасизлар!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

11. “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”ни кўп айтиш. 

Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Нуҳ алайҳиссаломнинг вафоти яқинлашгач, икки ўғлини чақириб деди: “Мен иккингизга васият қилмоқчиман. Мен сизларни икки нарсага буюраман ва икки нарсадан қайтарман. Сизларни ширк ва кибрдан қайтараман ҳамда “лаа илаҳа иллаллоҳ”га буюраман. Зеро осмонлар, Ер ва ундаги бор нарсалар тарозининг бир палласига ҳамда “лаа илаҳа иллаллоҳ” бошқа бир паллага қўйилса, албатта у оғир келади. Агар осмонлар ва Ер бир ҳалқа бўлиб, унга “лаа илаҳа иллаллоҳ” қўйилса, уни узиб юборади. Мен сизларни “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ”(ни кўп айтиш)га буюраман. Зеро, у барча нарсанинг “салот”идир ва у билан барча нарса ризқлантирилади” (Имом Аҳмад ривояти. Имом Аҳмад томонидан қилинган бошқа ривоятда: “У билан (Аллоҳнинг) махлуқотлари ризқлантирилади”, дейилган).

12. Истиғфор айтишни кўпайтириш. 

Қуръони каримда Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмига қарата шундай хитоб қилгани келтирилади: “Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба қилингиз. Шунда У Зот устингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшади” (Ҳуд, 52).

Қуръони каримнинг бошқа сурасида Нуҳ алайҳиссалом тилидан шундай дейилади: “Ва мен: “Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, албатта У ўта Мағфиратли бўлган Зотдир. (Шунда) У Зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад беради ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилади ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилади”, дедим” (Нуҳ, 10-12).

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки истиғфор (айтиш)ни кўпайтирса, Аллоҳ у (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвиш ва тангликдан чиқиш йўли (пайдо) қилиб, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абу Довуд, имом Аҳмад, имом Табароний, Насоий “Сунанул кубро”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг олдига бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келганида, у зот унга: “Истиғфор айтгин!” деб маслаҳат берди. Бошқа одам келиб камбағаллик, яна бошқаси фарзандларининг камлиги, тўртинчиси эса, ерининг унумдорлиги паст эканидан шикоят қилиб келганида, Ҳасан Басрий уларнинг барчаларини кўп истиғфор айтишга амр қилди. Шунда Робийъ ибн Субайҳ: “Сизнинг олдингизга турли тоифадаги одамлар келиб, ҳар хил масалада шикоят қилишган бўлсалар-да, уларнинг ҳаммасини истиғфор айтишга буюрдингиз. Бунинг сабаби нима?” деб сўради. Унинг саволига жавоб сифатида Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги оятни ўқиб берган экан (“Тафсийрул қуртубий”, “Тафсийрун насафий”, “Тафсийрул кашшоф”).

13. “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтиш. 

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ кимга бир неъмат берган бўлса, бас, Аллоҳга ҳамд айтишни кўпайтирсин! Кимнинг гуноҳлари кўпайиб кетса, Аллоҳга истиғфор айтсин! Кимнинг ризқи кечикса, бас, “лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин!” (Имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).

14. Бойлик ва кенг ризқ сўраб дуо қилиш. 

Умму Салама розийаллоҳу анҳо қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуо қилар эканлар: “Эй Аллоҳим, мен Сендан манфаат берадиган илм, кенг ризқ ва қабул қилинадиган амални сўрайман!” (Имом Аҳмад ривояти).

15. Камбағалликдан паноҳ сўраб дуо қилиш. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам камбағалликдан мана бундай паноҳ тилар эдилар: “Эй Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам фитнаси ва азоби, қабр фитнаси ва азоби, бойлик фитнаси, камбағаллик фитнаси ҳамда масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман!” (Имом Бухорий ривояти).

16. Ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиш.

Ҳофиз ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳақида шундай ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Маъсуд вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон унинг зиёратига келиб: “Нимадан шикоятинг бор?” деб сўради. Ибн Маъсуд: “Гуноҳларимдан”, деди. Усмон ибн Аффон: “Нимани хоҳлайсан?” деб сўради. Ибн Маъсуд: “Раббимнинг раҳматини”, деди. Усмон ибн Аффон: “Сенга табиб буюрайми?” деди. Ибн Маъсуд: “Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди”, деб жавоб қилди. Усмон ибн Аффон: “У ҳолда сенга ҳадя буюртирайми?” деб сўради. “Унга ҳожатим йўқ”, деди Ибн Маъсуд. Усмон ибн Аффон: “Сенда ҳожат бўлмаса, сендан кейин қизларингга қолади”, деди. Ибн Масъуд бунга жавобан: “Қизларимнинг камбағал бўлиб қолишларидан қўрқаяпсанми? Мен уларга ҳар кечада Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман”, деб жавоб берди”.

Ибн Маъсуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кимки ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор камбағалликка дучор бўлмайди” (Абу Яъло ва  Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган.  Байҳақий ривоятида: “Ибн Масъуд ҳар кеча қизларини Каҳф сурасини ўқишга буюрар эди” жумласини зиёда қилган).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Воқеа сураси бойлик (келтирувчи) сурадир. У (сура)ни ўқинглар ва фарзандларингизга ўргатинглар” (Ибн Мардавайҳ ривояти).

Яна Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аёлларингизга Воқеа сурасини ўргатинглар. Зеро, у бойлик (келтирувчи) сурадир” (Дайламий ривояти).

17. Ризқ талабида жидду жаҳд қилиш.

Аллоҳ таоло айтади: “У (Аллоҳ) сизлар учун Ерни хокисор – бўйсунувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у (Ер)нинг ҳар томонида юринглар ва У (Аллоҳ)нинг ризқ-рўзидан енглар! Ёлғиз Унинг ҳузурига қайтиш бордир” (Мулк, 15).

Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради” (Имом Табароний, Ибн Адий,  Ҳаким Термизий ва Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Дангаса тижоратчи маҳрум, шижоатли тижоратчи эса ризқланувчидир” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

18. Ашуро куни аҳли-оиласига кенглик қилиш.

Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимки Ашуро куни оиласига кенглик қилса, Аллоҳ йил бўйи унга кенглик қилади” (Табароний “Кабийр” ва “Авсат”да, Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).

Имом Табароний “Кабир”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Ашуро куни аҳлига кенглик қилса, йил бўйи кенглик (фаровонлик) ичида бўлади”, деб айтганлар.

19. Таомдан олдин ва кейин қўлни ювиш.

Мусо ибн Жаъфар  отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Таомдан олдин (қўлни) ювиш камбағалликни кетказади. (Таомдан) сўнг (қўлни ювиш) эса кичик гуноҳларни кетказади ва кўзни тузатади” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

Салмон розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Тавротда таомнинг баракаси ундан олдин қўлни ювишда эканини ўқидим ва буни Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эдим, у зот: “Таомнинг баракаси ундан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

20. Аллоҳга маъсият қилмаслик. 

Савбон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан, албатта маҳрум бўлади. Қадарни фақатгина дуо қайтаради. Умрни фақат яхшиликлар узайтиради” (Имом Аҳмад, имом Табароний “Кабийр”да ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

21. Зино қилмаслик. 

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Зино камбағалликка сабаб бўлади” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

22. Ёлғон сўзламаслик. 

Абу шайх Ибн Ҳиббон “Табақот”да Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан марфуъ тарзда ривоят қилади: “Ёлғон (сўз) ризқни камайтиради”.

23. Кибр, ғурур ва куфрони неъмат қилмаслик. 

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибру ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоага ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: “Ховлиқмагин. Чунки Аллоҳ ховлиқма кимсаларни суймас. Ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират диёри(нинг ободлиги)ни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам инфоқ-эҳсон қил. Ерда бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кишиларни суймас”, деганларида, у: “Менга (бор молу давлатим) фақат ўзимдаги билим туфайли ато этилгандир”, деди. Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва жамғармаси кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Аллоҳ ҳалок қилганини билмадими?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам! Сўнг қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: “Эҳ қани эди, бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу дунё бўлса?! Дарҳақиқат, у улуғ насиба эгасидир!” дедилар. Илм-маърифат ато этилган кишилар эса: “Ўлим бўлсин сизларга! Имон келтирган ва яхши амаллар қилган кишилар учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! Унга фақат сабр-қаноатли кишиларгина эришурлар”, дедилар. Бас, Биз Қорунни ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам Ерга юттирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади. Ва куни кеча унинг мартабасини орзу қилиб турган кимсалар: “Воажаб! Аллоҳ бандаларидан ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб, (Ўзи хоҳлаган бандаларнинг ризқини) танг қилиб берар экан-да?! Агар Аллоҳ бизларга марҳамат қилмаганида, бизларни ҳам (Ерга) юттирган бўлар эди. Воажаб! Кофир бўлган кимсалар нажот топмас экан-да!” деб қолдилар” (Қасас, 76-82).

Аллоҳ таоло айтади: “Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар Ер юзида ноҳақ кибр қилдилар ва: “Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?” дедилар. Ахир улар ўзларини яратган Зот – Аллоҳ куч-қувватда улардан зўрроқ эканини билмадиларми?! Ва улар Бизнинг оятларимизни инкор қилувчи бўлдилар. Бас, Биз уларга мана шу ҳаёти дунёда хор-расво қилувчи азобни тотдириб қўйиш учун шум кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик. Охират азоби эса, шак-шубҳасиз, янада хор қилгувчироқдир ва уларга ёрдам берилмас” (Фуссилат, 15-16).

24. Бахиллик қилмаслик. 

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Биз уларни имтиҳон қилдик. Илгари боғ эгаларини ҳам шундай имтиҳон қилган эдик. Ўшанда улар, албатта уни эрта тонгда ажратмаган ҳолларида узиб олишга қасам ичган эдилар. Бас, улар уйқуда бўлган чоғларида унинг устида Парвардигорингиз томонидан бўлган айланувчи бир айландию, у узилгандек бўлиб қолди. Улар эса тонгда туришиб: “Агар узмоқчи бўлсангизлар зироатгоҳларингизга юра қолинглар”, (деб) бир-бирларини чақирдилар. Сўнг: “Бугун у (вақтда) устларингизга бирон мискин кириб қолмасин-да, (дейишиб) бир-бирларига пичирлашган ҳолларида жўнаб кетдилар. Улар ёмон ният билан қодир бўлган ҳолларида тонг саҳарлаб бордилар. Энди қачонки уни кўришгач, (аввал): “Шак-шубҳасиз, бизлар йўлдан адашиб қолдик”, дедилар. (Сўнгра:) “Йўқ, бизлар маҳрум бўлибмиз!” дедилар. (Шунда) уларнинг энг адолатлиси: “Мен сизларга тасбеҳ айтмайсизларми, демаганмидим?” деган эди, улар: “Эй Раббимиз, (Сен ҳар қандай нуқсондан) Покдирсан. Албатта, бизлар зулм қилувчи бўлдик”, дедилар. Сўнг улар бир-бирларига боқиб, маломат қилиша бошладилар. Улар дедилар: “Эй, ўлим бўлсин бизларга! Дарҳақиқат, бизлар ҳаддан ошувчи бўлдик. Шоядки Парвардигоримиз бизларга ундан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар, албатта Ёлғиз Парвардигоримизга рағбат қилувчидирмиз”. Мана шундай азоб бордир. Агар билсалар, Охират азоби, шак-шубҳасиз, янада каттароқдир. Албатта, тақводор зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида (ноз-)неъмат боғлари бордир” (Қалам, 17-34).

25. Закотни ўз вақтида адо этиш.

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан  ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: “Агар бир қавм закотни бермасалар, Аллоҳ уларни қурғоқчиликка гирифтор қилади” (Имом Табароний “Авсат”да, Байҳақий “Шуъабул иймон”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган. Имом Ҳокимнинг ривоятида: “Агар бир қавм закотни бермасалар, Аллоҳ улардан ёмғирни ман қилади”, дейилган. 

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беш нарса сабабли беш нарса бўлади!” – дедилар. Шунда (одамлар): “Эй Расулуллоҳ, беш нарса сабабли содир бўладиган беш нарса нима?” – деб сўрадилар. У зот: “Агар бир қавм аҳдни бузсалар, уларнинг устидан душманлари ғолиб қилинади. Агар улар Аллоҳ туширган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилишса, уларнинг орасида камбағаллик кенг ёйилади. Агар уларнинг орасида фаҳш ишлар очиқ-ойдин қилинадиган бўлса, ораларида ўлим тарқалади. Агар улар тарозидан уриб қолсалар, ўсимликлардан ман қилинадилар ва қурғоқчиликка гирифтор бўладилар. Агар закотни бермасалар, улардан ёмғир ман қилинади”, дедилар” (Имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).

26. Тарозидан урмаслик. 

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир қавм аҳдни бузсалар, Аллоҳ уларнинг устидан душманларини ғолиб қилиб қўяди. Агар улар ўлчовдан уриб қолсалар, ўсимликлардан ман қилинадилар ва қурғоқчиликка гирифтор бўладилар”, дедилар” (Ибн Мардавайҳ ривояти).

Имом Насоий Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда: “Агар (одамлар) ўлчов ва тарозидан уриб қолсалар, қурғоқчилик ва озуқа танқислигига учрайдилар”, дейилган.

27. Ризқ топишда ҳақиқий таваккул қилиш. 

Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга Етарлидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига Етувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир” (Талоқ, 3).

Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганларингизда эди, худди қорни оч ҳолда кетиб, тўйган ҳолда қайтиб келадиган қуш каби ризқлантирилган бўлар эдингиз!” (Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Абу Исо Термизий: “Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳдир”, деган).

28. Эрталаб барвақт туриш. 

Сохр ал-Ғомидий ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!” деб дуо қилдилар. У зот қўшинни бирон жойга жўнатмоқчи бўлсалар, куннинг аввалида жўнатар эдилар”. Сохр тижоратчи киши эди. У ҳам тижорат карвонини куннинг аввалида жўнатар эди. Натижада унинг мол-дунёси кўпайиб, бойиб кетди (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, имом Табароний, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган). 

Оиша розийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ризқ талабида барвақт ҳаракат қилинглар! Зеро, эрталабдан ҳаракат қилиш барака ва муваффаққият (омили)дир” (Имом Табароний “Авсат”да ривоят қилган).

Амр ибн Усмон ибн Аффон отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тонгги (уйқу) ризқни(нг келиши)ни тўсади” (Имом Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ушбу ҳадиснинг санади заиф).

Али розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш чиқишидан олдинги уйқудан қайтарганлар” (Ибн Можа ривояти. Ҳадиснинг санади заиф).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен тонг пайтида ухлаб ётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимдан ўтиб қолдилар. У зот мени оёқлари билан қимирлатиб: “Эй қизалоғим, тур, Раббингнинг ризқ (тақсимлаш)ига гувоҳ бўл. Асло ғофиллардан бўлма! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла тонгдан қуёш чиққунча бўлган пайт оралиғида одамлар ризқларини тақсимлайди”, дедилар” (Байҳақий ривояти. Ҳадиснинг санади заиф).

29. Неъматларнинг қадрига етиш, уларни кичик санамаслик. 

Оиша розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирдилар ва тўсатдан кўзлари тўкилган увоқларга тушди. Уларни териб олиб, тозалаб едилар. Сўнгра: “Карим (сифатли Аллоҳ таоло берган неъматлар)ни қадрлагин! Зеро, у (неъматлар) бирон қавмдан олиб қўйилса, бошқа қайтариб берилмайди!” дедилар” (Ибн Можа ривояти). 

30. Аллоҳнинг йўлида инфоқ-эҳсон ва садақа қилиш. 

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Албатта, Роббим бандалардан Ўзи хоҳлаган кишилар ризқини кенг қилади ва (Ўзи хоҳлаган кишилар ризқини) танг қилади. Сизлар бирон нарсани инфоқ қилсангиз, бас У Зот унинг ўрнини тўлдиради. У ризқ бергувчиларнинг энг яхшисидир” (Сабаъ, 39). 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бандалар тонг оттирадиган ҳар бир кунда икки фаришта тушиб, уларнинг бири: “Эй Аллоҳим, инфоқ қилган (банданг бойлиги ўрни)ни тўлдиргин!” дейди. Бошқаси эса: “Эй Аллоҳим, (инфоқ қилмай, бойлигини ўзида) ушлаб турган(нинг моли)га талофат бергин!” дейди” (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилишган). 

31. Неъматларга шукр қилиш. 

Қуръони каримда Мусо алайҳиссалом тилидан шундай дейилади: “Яна Парвардинорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: “Қасамки, агар сизлар шукр қилсангиз, албатта зиёда қиламан. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта азобим жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7). 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимга шукр қилиш берилган бўлса, зиёдаликдан маҳрум қилинмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: “Агар шукр қилсангизлар, зиёда қиламан” деган. Кимга тавба қилиш берилган бўлса, қабул қилинишдан маҳрум қилинмайди. Чунки, Аллоҳ: “У Зот бандаларидан тавбани қабул қилади” деган” деб айтганларини эшитганман” (Ибн Мардавайҳ ривояти). 

32. “Маа шаа Аллоҳу лаа қуввата иллаа биллааҳ”ни кўп айтиш. 

Аллоҳ таолонинг Каломи мажидида солиҳ банда тилидан шундай дейилади: “Сен боғингга кирган пайтингда: “Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлади), бор куч-қувват Аллоҳга хосдир” десанг эди! Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг, шояд Роббим менга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар” (Каҳф, 39-40). Мазкур ояти карима таржимасида “Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлади), бор куч-қувват Аллоҳга хосдир” деб келтирилган жумла арабий матнда “Маа шаа Аллоҳу лаа қуввата иллаа биллаҳ” деб ифодаланган. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Аллоҳ таоло бирон бандасига аҳли, моли ёки фарзандларида бирон неъмат берганида, у: “Маа шаа Аллоҳу лаа қуввата иллаа биллаҳ” деб айтса, то умрининг охиригача Аллоҳ таоло у бандадан ҳар бир офатларни даф қилади” дедилар. Сўнгра “агар боғингга кирганингда...” оятини тиловат қилдилар” (Абу Яъло, Ибн Мадавайҳ, Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган). 

33. Сарф-харажатларда тежамкор бўлиш. 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Тежамкор бўлган (киши) камбағал бўлмайди” (Имом Аҳмад, Ибн Абу Шайба ва Байҳақий ривояти). 

34. Қаноатли бўлиш. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Бойлик мол(-дунё)нинг кўплигида эмас. Балки (ҳақиқий) бойлик нафс тўқлигидир” (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилишган). Нафс тўқлиги дегани қаноатли бўлиб, таъмадан йироқ юришдир. 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Сизлар қаноатли бўлинглар! Чунки қаноат битмас-туганмас бойликдир” (Имом Табароний ривояти). 

35. Юқоридагиларнинг барчасига қатъий амал қилиш. 


“Кенг ризқ ва барака омиллари” китоби асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўтган кишиларга сиғиниш, барча халқлар ўртасида кенг тарқалган ақидадир. Одамлар ўтиб кетганларга ўзларича худонинг сифатларини беришади. Кимки бу эътиқод давоми...

2867 05:00 / 14.03.2017
Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизникига меҳмонга келиб қолсаларhellipАгар замин узра қадам босган зотларнинг энг улуғиhellip дунёнинг энг буюк давоми...

2539 05:00 / 14.03.2017
Баъзи бир чаласавод кишилар илмли одам динсиз бўлади, кишининг илми қанча кўпайса, унинг динсизлиги ҳам шунча ортади, деб ўйлайдилар. Ҳақиқатда эса ҳеч бир замонда давоми...

3042 05:00 / 13.03.2017
АнНаввос ибн Самъон алАнсорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот давоми...

11728 05:00 / 13.03.2017