1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Қуръоннинг луғавий мўжизаси

12:15 / 15.03.2017 3261 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони карим нозил бўлган кундан бошлаб то қиёмат кунига қадар инсониятни ожиз қолдиришда, ҳайрон қолдиришда, лол қолдиришда давом этаверади. Қуйида Қуръондаги луғавий мўжизалардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Қуръонда حية (ҳаййа) деган сўз бор. Бунинг маъноси “илон” дегани. Қуръонда яна ثعبان (суъбан) деган сўз ҳам бор. Бунинг ҳам маъноси “илон”. Лекин бу икки сўз Каломи шарифда шундай ишлатилганки, ҳар бири ўз ўрнига тушган. Чунки, бирини иккинчисининг ўрнида ишлатиш мумкин эмас эди.

Ҳайвонлар ҳаётини ўрганиш билан шуғулланувчи зоология фани мутахассислари ушбу икки калима борасида тадқиқот олиб боришди. Тадқиқотлар натижасига кўра, حية (ҳаййа) сўзи кичик илонларга нисбатан,  ثعبان  (суъбан) сўзи эса катта, йирик илонларга нисбатан ишлатилар экан. Бундан ўн тўрт аср муқаддам ушбу икки сўз ўз ўрнида ишлатилгандаёқ сўзга уста араблар тилларини тишлаб қолишган. Келинг, ушбу сўзлар ишлатилган ўринларни учта оят мисолида бирма-бир кўриб чиқайлик.

1-оят. Мусо алайҳиссалом қайноталари Шуайб алайҳиссаломдан изн сўраб, хотинлари – Сафура ва бошқалар билан Мадяндан Мисрга, яъни ўз юртларига оналари ва опаларининг зиёрати учун тунда кетаётиб, йўлда адашиб қоладилар.Йўл қидириб юрганларида бир тепаликда олов шуъласини кўрадилар. Унинг нима эканлигини билиш учун ўша тепаликка чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга асоларини ерга ташлашни буюриб, шундай дейди:

(Аллоҳ) айтди: “Уни (ерга) ташлагин, эй, Мусо!” Бас, (Мусо) уни ташлаган эди, бирданига у ҳаракатланувчи жонли илон бўлиб қолди”. (Тоҳа, 19-20).

Асони илонга айлантиришдан мақсад Мусо алайҳиссаломни қўрқитиш эмас, балки мўжиза кўрсатиш, холос. Шунинг учун Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига асони кичик илон шаклига киритиб, мўжиза кўрсатди. Агар асо катта илонга айланганда Мусо алайҳиссалом қўрқиб кетар эдилар.

2-оят. Мусо алайҳиссалом Фиръавннинг олдига бориб, уни Аллоҳга иймон келтиришга даъват қилганларида, у Мусо алайҳиссаломдан пайғамбарликларига далил-ҳужжат сўради. Шунда Мусо алайҳиссалом асоларини ерга ташладилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Бас, (Мусо) асосини ташлаган эди, бирдан у аниқ (чин) аждаҳога айланди” (Аъроф, 107).

Бу ўринда асонинг аждаҳо (катта илон)га айланишидан мақсад Фиръавнни қўрқитиб қўйиш эди. Қўрқса, иймон келтириши ва Мусо алайҳиссаломнинг чин пайғамбарликларини тасдиқлаши умид қилинган эди. Шунинг учун асо катта илонга айланди.  

3-оят. Сеҳргарлар тўпланиб, арқон ва асоларини ерга ташлаб, одамларнинг кўзига сеҳр ишлатдилар. Шунда Мусо алайҳиссалом асоларини ерга ташлайдилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Мусога: “Асоингни ташла!” – деб ваҳий қилдик. Бирдан у (аждаҳога айланган асо) уларнинг сохта (илон)ларини комига торта бошлади (юта бошлади)” (Аъроф, 117).

Ушбу оятда эса кичик илон маъносини англатувчи  حية (ҳаййа) сўзи ҳам, катта илон, аждаҳо маъносини англатувчи ثعبان (суъбан) сўзи ҳам ишлатилмаган. Нима учун? Агар оятга диққат билан назар соладиган бўлсак, сеҳргарлар инсонларнинг кўзларига арқон ва асоларини илондек ҳаракатланаётган, юраётган қилиб кўрсатдилар. Аллоҳ таоло айтади:

(Улар қўлларидаги асо ва ипларни ташлаган эдилар) бирданига иплари ва таёқлари – сеҳрлари сабабли – унга (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди” (Тоҳа, 66).

Сеҳргарлар қўлларида олиб келган ип ва таёқлари симоб эритмасидан тайёрланган, илон шакли берилган нарсалар бўлиб, қуёшнинг иссиғи таъсирида ҳаракат қиларди. Юқоридаги оятда ҳалиги иккала сўзнинг ҳам иштирок этмаганига сабаб, асони ерга ташлашдан мақсад ўша жойда турган инсонларни қўрқитиш эмас эди. Шунинг учун катта илон зикр қилинмади. Шу билан бирга асони ерга ташлашдан мақсад уни кичик илонга айлантириб, мўжиза кўрсатиш ҳам эмасди. Балки сеҳргарлар қилган сеҳрни ҳақиқий маънода ҳаракатланаётган асо воситасида йўқ қилиш эди. Бу билан инсонларга сеҳргарлар қилаётган нарса сеҳр ва ботил нарса эканини, улар фақат йўқ нарсани бор қилиб, ботилни ҳақ суратида кўрсатишларини, Мусо алайҳиссаломнинг асолари эса, ҳеч қандай сеҳр бўлмай, балки ҳақ мўжиза эканини, сеҳр билан мўжиза бошқа-бошқа нарсалар эканини барчага билдириб қўйишдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг давомида:

Бас, ҳақиқат воқе бўлди, уларнинг қилган ишлари эса ботил (барбод) бўлди. Шундай қилиб, (сеҳргарлар) енгилдилар ва забун ҳолатга тушдилар. Сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида (ерга) ташландилар. (Сўнгра) айтдилар: “(Биз) оламларнинг Раббига, (яъни) Мусо ва Ҳоруннинг Раббига имон келтирдик” (Аъроф, 118-122) дея марҳамат қилади. Сеҳргарлар Мусо алайҳиссаломнинг бу мўъжизаларини кўриб, дарҳол тушуниб етдиларки, бу сеҳр эмас, Аллоҳнинг қудрати. Шундан кейин иккиланмай имон келтирадилар. Бу мусобақа Искандарияда ўтказилган.

Ҳа, Аллоҳнинг Китобидаги ҳар бир сўз, ҳар бир жумла мўжизадир. Унда ҳеч қандай ноаниқлик, номутаносиблик бўлиши мумкин эмас. Зеро, У зотнинг ўзи бу ҳақида шундай деб марҳамат қилган: “Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил (ноҳақлик) келмас. (У) ҳикмат ва ҳамд эгаси (томони)дан нозил қилингандир” (Фуссилат, 42).    

Аллоҳ таолонинг ожиз қолдирувчи, инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи Каломини ўқиб, ўрганиб, унга амал қилиб яшашимизни У зот барчамизга насиб айласин, омин! 

Интернет материаллари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аббос ибн Абдулмуттолибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳни ndash Робб, Исломни ndash дин, Муҳаммадни ndash Расул, деб давоми...

2955 05:00 / 14.03.2017
Аллоҳни зикр қилар эканмиз, уни кўпайтиришга ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки, Аллоҳни зикр қилингларrdquo ояти билан Аллоҳни кўп зикр қилингларrdquo ояти ўртасида давоми...

109251 10:35 / 18.07.2020
Араб мушриклари гаплари ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар давоми...

10164 05:00 / 13.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг ҳижрий 1431 йил 7 зулқаъда, мелодий 2010 йил 15 октябрда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. давоми...

5829 12:30 / 15.03.2017