1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Абу Муслим Абдурраҳмон ибн Муҳаммад

11:45 / 30.04.2019 2937 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом, ҳофиз, ривоятлари аниқ, пешво, шайхулислом Абу Муслим Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Меҳрон ибн Салама Бағдодий.

Муҳаммад ибн Муҳаммад Боғандий, Абул Қосим Бағавий, Ибн Абу Довуд, Абу Аруба Ҳарроний, Абу Муҳаммад ибн Соъид, Абул Ҳасан ибн Жавсо, Абу Ҳомид ибн Билол ва булардан бошқа кўплардан Ироқ, Шом, Жазира, Хуросон ва Мовароуннаҳрда ҳадис эшитганлар. Ўттиз йилга яқин Самарқандда истиқомат қилганлар.

У кишидан котиб Аҳмад ибн Муҳаммад, Али ибн Муҳаммад Ҳаззо Муқрий, Абу Абдуллоҳ Ҳоким, Абул Ало Воситий ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар.

Илм ва амалда кўзга кўринганлардан бўлганлар.

Абул Фатҳ ибн Абул Фаворис айтадилар: “Ривоятлари аниқ, зоҳид эдилар. Бундай олимни кўрмаганмиз”.

Ҳоким айтадилар: “Ҳақиқатларни билишда замоналарининг ягонаси эдилар. Ҳадис илмида ҳам пешқадамлардан эдилар. Найсобурга келдилар. Ундан кейин Самарқандда яшадилар. Кўп ровийдан санад йиғдилар. Сўнгра 368 йилда Маккага бордилар ва ўша ерда яшадилар”.

Ибн Абул Фаворис: “Абу Муслим кўп асар ёзганлар”, – деб айтганлар.

Хатиб айтадилар: «Кўп шайхлардан боблар бўйича ҳадис тўпладилар. Ривоятлари ниҳоятда аниқ, ҳофиз, тақводор, зоҳид эдилар. Абул Ало Воситий бир куни менга у кишини узоқ тавсифлаб: “Дорақутний ва бошқа шайхлар у кишини жуда ҳурмат қилардилар”, – деб айтдилар».

Ҳоким айтадилар: «Ибн Меҳрон билан учрашиш учун Марвга, Мовароуннаҳрга бордим. У кишини тополмадим. 365 йилда ҳажга бордим. Карвонлар орасидан у кишини излай бошладим. Яна тополмадим. У киши ўзларини танитиб юрмасдилар. 367 йили яна ҳажга бордим. Менга: “У киши Маккадалар”, – дейишди. Қидириб-қидириб, тополмадим. Кейин: “Бағдодга кетдилар”, – дейишди. Жуда хафа бўлдим. Бағдодга қайтиб, тағин у кишини суриштира бошладим. Абу Наср Малоҳимий мендан: “Шу ерда абдоллардан бўлган бир шайх борлар. У кишини кўришни хоҳламайсизми?” – деб сўрадилар. Мен: “Хоҳлайман”, – дедим. У киши билан кетдим. “Саббоғин” хонақоҳига кирдик. Шайх чиқиб кетган эканлар. Абу Наср: “Мана шу масжидда кутиб ўтир, у киши келадилар”, – дедилар, аммо у шайхнинг кимликларини айтмадилар. Кейин Абу Насрнинг ўзлари у киши билан бирга кириб келдилар. Озғиндан келган, яктак кийган шериклари менга салом берди. “Ҳофиз Абу Муслим ибн Меҳрон шу киши”, – деган ўй кўнглимдан ўтди. У киши билан гаплашиб ўтирган эдик. Мен: “Бу ерда шайх (яъни, сиз) яқинларидан бирор кишини учратдиларми?” – деб сўрадим. Шайх: “Мен учратадиган кишилар замони ўтиб кетди”, – дедилар. Мен: “Иброҳимдан бирор фарзанд қолганми?” – деб сўрадим. Ибн Меҳрон: “У кишини қаердан биласиз?” – деб суриштирдилар. Жим турдим. Абу Насрга: “Бу киши ким?” – дея мурожаат этдилар. Абу Наср: “Бу киши Абу Фулон (фалончининг отаси), яъни Ҳоким”, – дедилар. Шунда мени ҳурматлаб, ўринларидан турдилар. Мен ҳам ўрнимдан турдим. У киши мен ҳақимда эшитганларини, мени кўришни қанчалар истаганларини айтдилар. Мен ҳам худди шундай, у киши билан учрашиш учун қанчалар йўл босганимни гапирдим. Узоқ суҳбатлашдик. Ўшандан кейин бир неча марта у киши билан учрашдим. Сўнгра қайтаётган куним хайрлашдим. Келаси йил ҳаж мавсумида учрашишимизни айтиб: “Мен энди Маккада қоламан”, – дедилар. 368 йилда мен ҳам, у киши ҳам ҳаж қилдик. Ибн Меҳрон Маккада умрларининг охирига қадар қолдилар. Ҳадис айтиш ва бошқа илмлари билан одамлар назарига тушишни хоҳламас эдилар. Акалари Иброҳим ҳам катта ҳофизлардан бўлганлар».

Бизга Муаммал ибн Муҳаммад, у кишига Абул Юмн Киндий, у кишига Шайбоний, у кишига Хатиб, у кишига Муҳаммад ибн Али Муқрий, у кишига Абу Муслим ибн Меҳрон, у кишига Абдулмўмин ибн Халаф хабар бердилар. У киши Солиҳ ибн Муҳаммаддан, у киши Абу Зуръадан эшитган эканлар: “Икки кишидан икки юз минг ҳадис ёзиб олдим. Улар: Иброҳим Фарро, Абдуллоҳ ибн Абу Шайба”.

Абу Абдурраҳмон Суламий ва бошқалар айтадилар: “Ибн Меҳрон 375 йилда Маккада вафот этдилар”.

«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан

Муаллиф
Азизхўжа Хайруллоҳ ўғли
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отатурк инқилобидан сўнг Усмонийлар оиласини уй кийимлари билан Европага сургун қилишди.Султоннинг фарзандлари, хотини ёлворишди Бизга Шом, Иордания ёки Мисрга давоми...

4199 13:00 / 29.11.2021
Ана шундай оғир бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан бошқа ерда ҳам Ислом даъватини қилиб кўриш ҳақида ўйлай бошладилар. Бу жой ўша пайтларда давоми...

7147 19:03 / 25.03.2020
Худди ўша йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари билан Басра шаҳри ҳам қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Бу қишлоқ Дажла ва Фурот дарёлари давоми...

1943 09:36 / 27.07.2024
Юсуф алайҳиссаломнинг насаблари ҳақидаги энг ажойиб гап Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги сўзларидир.У давоми...

3765 19:45 / 02.03.2019
Аудиолар

213148 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132370 14:35 / 11.08.2021