1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Бир ҳадиснинг 77 ҳикмати ва фойдаси

05:00 / 14.03.2017 3468 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мазкур ҳадиси шариф "Жаброил ҳадиси" номи билан шуҳрат қозонган бўлиб, у ҳақида Ибн Дақиқ ал-ийд (р.ҳ.): "Худди Қуръоннинг онаси "Фотиҳа сураси" бўлгани каби ушбу ҳадис бутун ҳадисларнинг онасидир. У суннатнинг ҳаммасининг маъносини ўзида қамраган", деган эди. Шунинг учун ҳам "Мишкот ал-масобеҳ" ва "Шарҳ ас-сунна" каби ҳадис тўпламлари худди Қуръони карим "Сураи фотиҳа" билан бошланганига ўхшатилиб, ушбу ҳадиси шариф билан бошланган. Қози Иёз (р.ҳ.) мазкур ҳадисни ўзида жами зоҳирий ва ботиний ибодатларни жамлаган, деган.

Бу ҳадисда Жаброил фаришта (а.с.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан учта нарса тўғрисида – ислом, имон ва эҳсон ҳақида савол сўраган. Қўшимча равишда қиёмат ва унинг аломатлари борасида ҳам савол берган. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга қониқарли ва ажойиб тарзда жавоб берганлар.    
عن عمر بن الخطاب رضي الله عنه قال : بينما نحن عند رسول الله صلى الله عليه وسلم ذات يوم إذ طلع علينا رجل شديد بياض الثياب ، شديد سواد الشعر ، لا يرى عليه أثر السفر ، ولا يعرفه منا أحد ، حتى جلس إلى النبي صلى الله عليه وسلم فأسند ركبتيه إلى ركبتيه ، ووضع كفيه على فخذيه وقال : يا محمد ! أخبرني عن الإسلام ؟ فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم :" الإسلام أن تشهد أن لا إله إلا الله ، وأن محمدا رسول الله صلى الله عليه وسلم ، وتقيم الصلاة ، وتؤتي الزكاة ، وتصوم رمضان ، وتحج البيت إن استطعت إليه سبيلا "، قال : صدقت ، قال : فعجبنا له يسأله ويصدقه ، قال : فأخبرني عن الإيمان ؟ قال :" أن تؤمن بالله ، وملائكته ، وكتبه ، ورسله ، واليوم الآخر ، وتؤمن بالقدر خيره وشره " قال : صدقت ، قال : فأخبرني عن الإحسان ؟ قال :" أن تعبد الله كأنك تراه ، فإن لم تكن تراه فإنه يراك " قال : فأخبرني عن الساعة ؟ قال :" ما المسئول عنها بأعلم من السائل " قال : فأخبرني عن أمارتها ؟ قال :" أن تلد الأمة ربتها ، وأن ترى الحفاة العراة العالة رعاء الشاء ؛ يتطاولون في البنيان "، قال : ثم انطلق ، فلبثت مليا ، ثم قال لي :" يا عمر أتدري من السائل ؟" قلت : الله ورسوله أعلم ، قال :" فإنه جبريل أتاكم يعلمكم دينكم ".

Ҳазрати Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.)дан ривоят, у айтадилар: "Биз бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларида бирга эдик. Шунда, бизларнинг олдимизга кийимлари ниҳоятда оппоқ, сочлари ўта даражада қоп-қора бир кимса келди. Унда сафар аломати кўрилмади, бизлардан ҳеч ким уни танимади. У Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига келиб, тиззасини ул зотнинг тиззаларига теккизиб, икки кафтини ул зотнинг сонларига қўйиб ўтириб олди ва "Эй, Муҳаммад! Менга исломдан хабар беринг!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ислом – бу сенинг "Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ", деб ишонмоғинг, намозни барпо қилмоғинг, закот бермоғинг, рамазон рўзасини тутмоғинг ва йўлга қодир бўлсанг байтуллоҳни ҳаж қилмоғингдир", деб жавоб бердилар. Ўша кимса: "Тўғри айтдингиз", деди. Биз унинг ҳам сўраб, ҳам тасдиқлашидан ажабландик. У яна: "Менга имондан хабар беринг!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Аллоҳга, унинг фаришталарига, унинг китобларига, пайғамбарларига, охират кунига имон келтиришинг ва тақдирнинг яхшилиги-ю ёмонлигига имон келтирмоғингдир", дея жавоб бердилар. Ўша кимса: "Тўғри айтдингиз", деди ва "Менга эҳсондан хабар беринг!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Аллоҳга худди уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар уни кўра олмасанг, у сени кўриб туради", деб жавоб бердилар. Ўша кимса: "Менга қиёматдан хабар беринг!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "У борада сўралган кимса сўрагувчидан кўра билимлироқ эмас", деб жавоб бердилар. Ўша кимса: "Унда, унинг аломатларидан менга хабар беринг!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Аёл ўз тарбиячисини туғади, ялангоёқ, ёланғоч, камбағал қўй боқувчиларнинг бинолар борасида бир-бирлари билан ўзишаётганини кўрасан", деб жавоб бердилар. Сўнг ўша кимса қайтиб кетди. Мен лол-у ҳайрон бўлиб, узоқ вақт туриб қолдим. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) менга: "Эй, Умар! Сўровчининг кимлигини биласанми?", дедилар. Мен: "Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ!", дедим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: "Бу Жаброил эдилар, сизларга динингизни ўргатгани келган эди".
Мазкур ҳадисни Имом Муслим (1/8); Термизий (4/2610); Абу Довуд (2/4695); Насоий (6/11721); Ибн Можжа (1/63); Аҳмад (1/184); Абу Авона (4/6470); ат-Таёлусий (1/21); Ибн Абу Шайба (7/37558); Байҳақий (2/21393); Ибн Ҳиббон (1/168); Табризий (1/1) каби муҳаддислар халифаи одил, амир ал-мўъминин Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.)дан ривоят қилганлар. Яна ушбу ҳадис бошқача лафзлар билан Абу Ҳурайра (р.а.)дан ҳам (Бухорий, 1/50; 6/4777); (Муслим, 1/10); (Ибн Можжа, 4/4044); (Аҳмад, 2/9497); (Ибн Ҳиббон, 1/159); (Ибн Хузайма, 2/272); (Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, 1/166); (Ибн Абу Шайба, 7/37557), шунингдек, Абу Ҳурайра (р.а.) ва Абу Зарр ал-Ғифорий (р.а.) икковидан ҳам (Насоий, 4/4991); (Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, 1/165), яна Ибн Аббос (р.а.)дан ҳам (Баззор, 2/4832, 5990), яна Анас ибн Молик (р.а.)дан ҳам (Баззор, 2/6950), яна Ибн Умар (р.а.)дан ҳам (Абу Ҳанифа, 1/200) ривоят қилинган. Уларнинг ҳаммасининг мазмуни бир хил, Жаброил (а.с.) келиб Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бир неча савол сўраган ва жавоб олган. Шунингдек, ушбу ҳадиси шариф Жарир ибн Абдуллоҳ (р.а.) ва Абу Омир ал-Ашъарий (р.а.) кабилардан ҳам ривоят қилинган бўлиб, мутавотир даражадаги ҳадислардан саналган.
Ушбу "Жаброил ҳадиси" деб аталган саҳиҳ ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар қуйидагилардир:

  1. Имон, ислом ва эҳсон, қиёматга ишонч кабилар мусулмонликнинг асоси ҳисобланади.
  2. Мазкур ҳадиснинг айрим ривоятларида "Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан биргаликда супада ўтирган эдик" деган ибора келгани боис Имом Қуртубий (р.ҳ.) олим ўзига хос баландроқ жойда ўтириши мустаҳаб, деган.
  3. Сўралган нарсадан кўра кўпроқ ва муфассалроқ жавоб бериш керак. Айрим ривоятларда Расулуллоҳ (с.а.в.): "У борада сўралган кимса сўрагувчидан кўра билимлироқ эмас", деб жавоб берганлар ва дарҳол қиёматнинг аломатларини айтиб берганлар.
  4. Дунё ва охиратга фойдаси бор нарсалардан сўраш керак, фойдаси йўқ нарсалар ҳақида олимдан сўраш керак эмас.
  5. Сўроқ фиқҳий масъаладан ҳам бўлди. Қози Иёз (р.ҳ.) бундан олим кимса одамлардан фиқҳий савол сўрашларини талаб қилиши керак, деган. Токи одамлар савол беришни ўргансинлар ва диний масъалаларни билиб олсинлар.
  6. Савол-жавоб тарзида таълим-тарбияни йўлга қўйиш керак. Жаброил (а.с.)нинг ҳам савол беришидан мақсад мусулмонларга таълим бўлиши учун эди. Бошқа ўринларда ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалардан бирор нарса сўрар, улардан жавоб кутар эдилар, гоҳида эса ўзлари берган саволларга ўзлари жавоб берар эдилар.
  7. "Тиззасини тиззаларига теккизиб, кафтларини сонларига қўйиб ўтирди", деган мазмундаги гаплардан таълим олувчи олим ва устознинг олдида одоб сақлаб, эҳтиром ва таъзим билан ўтириши кераклиги чиқади.
  8. Бирор нарса сўраладиган кимса ҳам камтар ва ҳалим бўлиши керак. Уни исми билан чақирилса ёки бошқа шу каби оғир гаплар қилинса, сўровчига жаҳл қилмаслик керак.
  9. Олим сўровчига мулойим оҳангда гапириши, меҳр-шафқат кўрсатиши керак. Бир ривоятда келган кимса салом берган, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга алик олганлар. У "Мен ёнингизга яқин ўтирсам майлими?" деган. Саволини бир неча марта берган. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар сафар унга эринмай, жаҳллари чиқмай унинг яқинроқ ўтиришини айтганлар.
  10. Сўровчи ҳам устозига ниҳоятда иззат-икром ва одоб билан муомала қилиши даркор. Имом Аҳмад (р.ҳ.) ривоятида: "Биз Расулуллоҳ (с.а.в.)га бунчалик икром кўрсатган кимсани кўрган эмасмиз", дейилган.
  11. Бу ҳадисдан намознинг ислом асоси экани маълум бўлади.
  12. Бу ҳадисдан закотнинг ислом асоси экани маълум бўлади.
  13. Бу ҳадисдан рўзанинг ислом асоси экани маълум бўлади.
  14. Бу ҳадисдан ҳажнинг ислом асоси экани маълум бўлади.
  15. "Рамазон рўзасини тутишинг" дейилишидан Рамазон сўзи ёнида ойни айтмаса ҳам, "рамазон ойи" демаса ҳам жоиз.
  16. Бу ҳадисдан имоннинг асосий шартларидан бири Аллоҳга ишониш экани маълум бўлади.
  17. Бу ҳадисдан имоннинг асосий шартларидан бири фаришталарга ишониш экани маълум бўлади.
  18. Бу ҳадисдан имоннинг асосий шартларидан бири Аллоҳнинг китобларига ишониш экани маълум бўлади.
  19. Бу ҳадисдан имоннинг асосий шартларидан бири пайғамбарларга ишониш экани маълум бўлади.
  20. Бу ҳадисдан имоннинг асосий шартларидан бири қиёмат куни бўлишига ишониш экани маълум бўлади.
  21. Бу ҳадисдан имоннинг асосий шартларидан бири тақдирнинг яхши-ёмонлиги, аччиқ-чучуги Аллоҳдан эканига ишониш кераклиги маълум бўлади.
  22. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоятида: "Аллоҳ билан учрашувга ишонишинг" деб келтирилганига кўра қиёматда, жаннатда Аллоҳ билан учрашув ва уни мўъминлар кўришлари ҳақиқат эканлиги маълум бўлади.
  23. Ибн Ҳажар Асқалоний (р.ҳ.) айтишига қараганда, Абу Ҳурайра (р.а.)нинг ушбу ривоятидан Аллоҳ таолони бу дунёда кўриб бўлмаслик маъноси маълум бўлади. Аллоҳни бу дунёда зоҳир кўз билан кўриб бўлмайди, уни қиёмат кунида кўрилади.
  24. Абу Ҳурайра (р.а.)нинг ривоятида: "Ўлгандан сўнг қайта тирилишга имон келтирмоғинг", дея "имон келтириш" яна такрорланганининг сабаби кофирлар кўпинча ушбу нарсага мутлақо ишонмасликлари натижасида мўъминларга бир огоҳлик ҳисобланади. Шунингдек, ундан аввал келтирилган Аллоҳ, расуллари ва китоблари ҳамда фаришталарга имон келтириш мавжуд нарсаларга ишониш кераклиги бўлса, ўлгандан кейин тирилиш кейин содир бўладиган нарсага ишониш лозимлиги учун ҳам "имон келтириш" сўзи такрорланган.
  25. "Тақдирнинг яхшилиги-ю ёмонлигига имон келтирмоғингдир", деб "имон келтириш" сўзининг такрор берилишининг сабаби эса бу ишонч ҳатто-мўъмин мусулмонларни ҳам иккилантирадиган, тараддудга солиб қўядиган нарса устида бўлаётгани боис ушбу сўз танбеҳ ва огоҳлантириш маъносида қайтарилган.
  26. Фаришталар, китоблар ва пайғамбарларга имон келтириш мутлақ ва умумий қўйилгани, номлари зикр қилинмагани боис уларнинг ҳаммаларига бирданига имон келтириш лозимлиги маълум бўлади.
  27. Имон ҳақидаги жавобнинг умумий тарзда, бир қолипда айтилгани боис имон қисмларга ва бўлакларга ажратилмаслиги маълум бўлади. Яъни, имон ҳақидаги жавобда келтирилганларнинг баъзисига ишониб, айримларига ишонмаслик мумкин эмас. Имон буларнинг ҳаммасига бирданига ишониш бўлади ёки умуман имон бўлмайди.
  28. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоятида сўроқ имондан, сўнг исломдан, кейин эса эҳсондан бўлган. Имон диннинг асоси, мусулмонликнинг асли бўлгани боис у ҳақида биринчи сўралган. Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) ривоятида эса биринчи исломдан, сўнг имондан сўралган. Чунки, ислом зоҳирий иш, имон эса ботиний ишончдир. Аввал ташқи кўринишни тузатиш зарур. Аслида, воқеа битта, мазкур ривоятларда тартиб баён қилинган эмас, ровийлар уни ўзлари хоҳлаган тарзда келтирганлар.
  29. Ҳадисда амалларни ихлос билан, холис Аллоҳ учун бажариш кераклигига очиқ далолат бор.
  30. "Аллоҳга худди уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар уни кўра олмасанг, у сени кўриб туради", дейилишидан Аллоҳга қилинадиган ибодат қай ҳолатда бўлиши кераклиги маълум бўлади. Аллоҳ бандани ҳамма вақт кўриб туради. Банда бутун ҳаёти давомида, ҳамма вақт ва ҳар ҳолатида Аллоҳ ўзини кўриб турибди, деган туйғуда ҳаёт кечирмоғи керак.
  31.  Аллоҳ таолога доим муроқаба қилиб, Аллоҳ кузатиб турганини доим мулоҳаза қилиб яшаш керак. Зотан, Аллоҳ ҳар бир нарсани кўрувчи, билувчи, эшитувчидир.
  32. "У борада сўралган кимса сўрагувчидан кўра билимлироқ эмас", дейилишидан қиёматнинг қачон бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмаслиги маълум бўлади. Бир ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.) бешта нарсани Аллоҳдан ўзга ҳеч кимса билмайди, дея бу борадаги ояти каримани (Луқмон сураси, 34-оят) далил сифатида ўқиганлар.
  33. Яна "У борада сўралган кимса сўрагувчидан кўра билимлироқ эмас", дейилишидан кинояли гап қилиш мумкинлиги келиб чиқади. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) номларни зикр қилмасдан, Жаброил (а.с.)ни назарда тутиб ушбу гапни гапирганлар.
  34. Қиёматнинг аломатлари сўралганда, Расулуллоҳ (с.а.в.) иккита аломатнигина айтганларидан: "кўпликнинг энг ози иккита бўлади", дейдиганларга далил топилади. Баъзи ривоятларда бу ерда учта аломат айтилган.
  35. Ушбу ҳадисдан қиёматга яқин замон фисқу фасодга тўлиб кетиши маълум бўлади. Қиёмат арафасида одамларнинг ахлоқлари бузилиб, болалар ўз ота-оналарига оқ бўлиб, уларнинг сўзларига кирмасдан, ота-оналарига худди ўз қули ва чўриси каби муомала қиладиганлар кўпайиб кетади. Ишлар тескари бўлиб, энг разил, энг ифлос ва энг пасткашлар халқнинг, миллатнинг боши, раҳбари бўлиб оладилар. Одамлар қўлида мол-мулк кўпайиб, исроф ва бўлмағур сарф-харажат ҳаддан ошади. Инсонлар бир-бирлари билан уй қуришда ва бошқа ишларда ким зўрга мусобақа қилиша бошлайдилар.
  36. "Аёл ўз раббисини туғади" деган гапдан "рабб" сўзини мураббий, эга, саййид ва молик маъносида бандаларга нисбатан ҳам ишлатиш мумкинлиги чиқади.
  37. Инсон фариштани кўриши ва у билан сўзлашиши мумкинлиги ушбу ҳадисдан маълум бўлади.
  38. Инсон фариштани одам суратида ёки бошқа бирор нарса, масалан булут ҳолида кўриши мумкин. Инсон фариштани ўз ҳолида ҳам кўриши мумкин. Ушбу ҳадисда Жаброил фаришта (а.с.) Диҳят ал-Калбий (р.а.) деган чиройли саҳоба кўринишида келганлиги айрим ривоятларда қайд қилинган.
  39. Ҳар бир нарсани Аллоҳ билишлигини тан олиш керак. Мазкур ҳадисда саҳобалар бирор нарсани билмасалар, Расулуллоҳ (с.а.в.)га одоб юзасидан: "Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ!" деганлари айтилган.
  40. Инсон бирор нарсадан сўралганда, уни билмаса, "билмайман" дейиши керак. Бундай дейиши унинг мартаба ва даражасини асло пасайтирмайди, балки бу нарса унинг эҳтиёткорлиги ва парҳезу тақвосини намоён қилади. "Билмайман!" деган сўз илмнинг ярми, деган гап ҳам бор.
  41. Инсоннинг ўзига манфаатли нарсалар бўйича истаган кимсасига савол бериши ҳуқуқи мавжуд.
  42. "Сизларга динингизни ўргатгани келган эди", дейилишини Ибн ал-Мунир (р.ҳ.) яхши савол-жавоб илм ва таълим деб аталишини билдиради, деб изоҳлаган.
  43. Имон исломдан, эҳсон эса имондан кўра олий мартаба экан.
  44. Ислом ҳақида алоҳида, имон ҳақида алоҳида сўралганидан бу иккиси бир-биридан алоҳида маънода экани маълум бўлади.
  45. "Сизларга динингизни ўргатгани келган эди", дейилишидан ислом, имон ва эҳсон учтаси биргаликда "дин" деб аталиши келиб чиқади.
  46. Илм мажлисларига, илмий суҳбатларга чиройли кийимларда, ўзига қараган ва эътибор берган ҳолда тоза-озода бўлиб келиш керак. Имом Байҳақий (р.ҳ.) ривоятида савол сўрагани келган Жаброил (а.с.)ни "Одамларнинг ичида энг чиройлиси, ҳиди энг хушбўйи бўлиб, кийимига бирорта гард юқмаган эди" деб тавсиф қилинган.
  47. Мазкур ҳадис матнида Бухорий (р.ҳ.) ривоятида: "Сенга қиёматнинг шартларидан хабар бераман", Имом Муслим (р.ҳ.) ривоятида эса "Сенга гапириб бераман", Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) ривоятида эса "Лекин, сен истасанг, қиёматнинг шартларидан айтиб бераман" дейилишидан خبر – "хабар бермоқ", حديث – "гапириб бермоқ", نبأ – "айтиб бермоқ" сўзларининг маъноси бир хил эканлиги келиб чиқади. Муҳаддислар бу сўзларни бир хил маънода ишлатадилар.
  48. Ибн Ҳазм (р.ҳ.) айтишига қараганда, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бир кимсага айтган гаплари тамоми умматга айтилганини ва бунинг барчага шаръий ҳукм эканини билдиради.
  49. Бир ривоятда "Расуллуллоҳ (с.а.в.) бир куни одамларга кўриниб турган эдилар" дейилишидан раҳбарлар, имомлар, олиму уламолар, пешво кимсалар доим халқ олдида бўлиши, одамлар билан бирга бўлмоғи кераклигини билдиради. Улар узлатда ва хилватда бўлишлари керак эмас.
  50. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг камтар ва оддий инсон эканлигини бу ҳадиснинг айрим ривоятлари билдиради. Чунки, уларда "Расулуллоҳ (с.а.в.) асҳоблари ила ўтирган эдилар, ҳеч қайсимиз танимайдиган бир ғариб кимса келиб қолди. Ўша ғариб билан яқиндан танишиш учун уни ўтирган жойимизга таклиф қилдик" деган иборалар ҳам бор. Расулуллоҳ (с.а.в.)дек зот ғариб-бечоралар билан бирга ўтиришдан ор қилмаганлар.
  51. "Икки кафтини ул зотнинг сонларига қўйиб ўтириб олди" дейилганидан толиби илм ўз устозига иложи борича яқин бўлиши, доим суйкалиб, ундан фойда олишга ҳаракат қилмоғи даркор. Устозига қулоғини солиб, бор эътиборини қаратиб ўтириши, ҳеч нарсага чалғимасдан қулоқ тутиши лозим.
  52. Диннинг ташқи ва ички кўриниши бўлади. Унинг ташқи кўриниши исломдир. У Аллоҳ таолонинг буйруқларига амал қилмоқдир. Диннинг ички кўриниши эса имондир. У Аллоҳ таолога, унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарларига ва бошқа имоннинг асосий ишончларига қалбида жазм қилиб ишонишдир. Эҳсон эса бу иккисидан келиб чиқадиган натижа ва самарадир.
  53. Айрим ривоятларда кириб келган Жаброил (а.с.) Расулуллоҳ (с.а.в.)га салом берган. Демак, шогирдлар устозларига салом беришлари керак. Баъзи ривоятлардан салом берилгани айтилган эмас. Демак, кунда кўриб туриладиган устозга дарҳол савол билан мурожаат қилиш ҳам мумкин.
  54. Ақлли инсоннинг гапи ҳақиқат деб эътибор қилиниши керак. Чунки, Жаброил (а.с.) жавобни эшитиб, "Тўғри айтдингиз!" деган. Бундан саҳобалар ажабланишса ҳам лекин уни нотўғри деб ҳисобламаганлар.
  55. Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) ривоятида "Умра қилгайсан" деб келтирилишидан умра амали ҳажга қўшиб қилинадиган суннатлардан экани маълум бўлади.
  56. Берувчининг саволига муносиб тарзда жавобни барча тафсилотлари билан бирга қилмасдан қисқа қилиш ҳам мумкин. Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг жавоблари қисқа-қисқа бўлди.
  57. "Менга исломдан хабар беринг!" ёки "Менга имондан хабар беринг!" дейилишидан савол сўровчи жавобга қонимай қолса, тафсилотларини сўраб олишга ҳақли эканини билдиради.
  58. Сўровчи ўз саволларини бирданига ҳам бериши мумкин ёки саволларини бўлиб-бўлиб, ҳар қайсисининг жавобини эшитиб-эшитиб бериши ҳам мумкин.
  59. "Бу Жаброил эдилар, сизларга динингизни ўргатгани келган эди" дейилишидан, айнан Жаброил фаришта (а.с.)нинг одам суратида келгани, дин дейилган саволларни бериб, ҳамманинг олдида жавобларни олгани ушбу нарсалар ва маълумотлар ўта муҳим ва аҳамиятли эканини билдиради.
  60. "Бу Жаброил эдилар" дейилишдан аҳамиятига қараб айрим сир-асрорларни ошкора қилиш мумкинлиги билинади.
  61. Ҳадиснинг айнан лафзини эмас, унинг маъносини ҳам ривоят қилиш мумкин. Чунки, ушбу ҳадиснинг айримларида "Эй, Муҳаммад!" дейилган бўлса, бошқаларида "Эй, Расулуллоҳ!" ёки "Эй, Набийуллоҳ!" дейилган. Айрим ривоятларда "Сенга қиёматнинг шартларидан хабар бераман", бошқаларида эса "Сенга гапириб бераман", яна бирларида эса "Лекин, сен истасанг, қиёматнинг шартларидан айтиб бераман" дейилган.
  62. Айрим ҳадисларни барча икир-чикирлари ила муфассал ривоят қилиш мумкин, айнан шу ҳадисни қисқартириб, керак ўринларини, асосий жойларини ҳам ривоят қилиш мумкин. Ушбу ҳадис ривоятларида худди шу ҳол кузатилган.
  63. Мазкур ҳадиснинг бир ривоятида: "Жунубликдан ғусл қилгайсан ва таҳоратни тўла адо этгайсан" дейилишидан ғусл ва таҳоратнинг фарзлиги келиб чиқади.
  64. Имом ал-Бухорий (р.ҳ.)нинг "Буларнинг ҳаммаси имондан бўлади" деган гаплари "Сизларга исломни дин эканига рози бўлдим" оятининг (Моида, 3) тафсири экани маълум бўлади.
  65. Ибн Манда (р.ҳ.) ривоятида мазкур воқеа Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг умрлари охирларида содир бўлгани қайд қилинган. Демак, ушбу воқеа ҳажжат ал-вадоъдан сўнг юз берган ва бу ислом динини ва шариатини бутунлай ифода қилиб, хотима ва хулосасини баён қилиб берган ҳадис бўлиб қолди.
  66. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "У борада сўралган кимса сўрагувчидан кўра билимлироқ эмас", дейишларидан ул зоти шариф сўрагувчининг ҳолини, кимлигини яхши билиб турганлигини билдиради. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак (р.ҳ.) ўзининг "Китоб аз-Зуҳд" асарида Исо ибн Марям (а.с.) қиёматнинг қачон бўлишини Жаброил (а.с.)дан сўрагани, шунда Жаброил (а.с.) саволга жавоб бера олмасдан "У борада сўралган кимса сўрагувчидан кўра билимлироқ эмас" дегани нақл қилинган. Демак, Расулуллоҳ (с.а.в.) ушбу воқеага ишора қилган бўлишлари ҳам мумкин.
  67. Савол сўраб келган одамнинг исмини, кимлигини суриштириш шарт эмас. Чунки, бу ерда ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) савол сўровчи фариштанинг кимлигини сўраган эмаслар.
  68. Сўровчининг "Эй, Расулуллоҳ!" деб мурожаат қилишидан саҳобалар унинг мўъминлигини, ундан Расулуллоҳ (с.а.в.)га ҳеч қандай хавф-хатар етмаслигини англаб, унга индамаганлигини англаш мумкин.
  69. Сўровчининг "Эй, Расулуллоҳ!" дейишидан яна шогирдлар ўз устозларини унга ёқадиган исмлари ила аташлари ва мурожаат қилишлари кераклигини биламиз.
  70. Олим одам саволга жавоб бераётганини маълумотларнинг энг муҳимларини тартиби билан зикр қилиши керак. Бу ерда Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам худди шундай қилдилар, масалан, имон келтиришда аввал Аллоҳни, сўнг унинг фаришталарини ва ҳоказоларни зикр қилдилар.
  71. Имом Насоий (р.ҳ.) ва Байҳақий (р.ҳ.) ривоятларида савол сўровчи келиб, тўшакнинг чеккасига ўтирган ва "Эй, Муҳаммад! Ассалому алайкум!" деб мурожаат қилган. Бундан ҳар қандай кимса ўзи истаган улуғ инсонга ҳурмат ила мурожаат қилишга ва истаган нарсасини сўрашга ҳақли.
  72. Жавобни эшитган сўровчи ёки таълим олувчи жавобдан қониққанлигини ёки иштибоҳли жойини сўраб олиши керак. Жаброил (а.с.) ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.)дан жавобни эшитиб, бир неча бор "Садақта!" – "Тўғри айтдингиз!" дея жавобдан қониққанлигини билдирган.
  73. Инсон бирор нарсани билишни истаса, устози олдида ҳаддан ошиқ иш қилиб қўйиши ҳам жоиз. Жумладан, Жаброил (а.с.) тўпори араб бўлиб, тап тортмай келди. Гилам чеккасида ўтириб, тўғри Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига ўтиб ўтирди. Ул зотга тиззаларини теккизиб, ўтириб олди.
  74. Ақида масъалаларида саҳобалар саҳиҳ ҳадисларни далил сифатида кўрсатиб келганлар. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ҳам отаси Ҳазрати Умар (р.а.) ривоят қилган ушбу ҳадисни далил сифатида зикр қилган.
  75. Ақида масъалаларида битта одамнинг ривояти (хабари воҳид) қабул қилинади. Чунки, бу ривоятда Ибн Умар (р.а.) далил сифатида кўрсатган.
  76. Мазкур ҳадиси шариф Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ниҳоятда фасоҳатли, гапга чечан ва сўзга уста бир зот бўлганини кўрсатади. Чунки, ул зоти шариф саволларга қисқа, лўнда, айни пайтда маъноси жуда улуғ ҳолда жавоб берганлар.
  77. Мазкур ҳадиси шарифдан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: "Утийту жавомеъ ал-калим" ("Гапларнинг тўпламлари бўлиб келтирилдим!") деган гаплари яна бир бор тасдиқланади. Зотан, ушбу ҳадиси шариф Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бутун шариатларини ўзида қамраган, шомил қилгандир.

Мазкур "Жаброил ҳадиси" деган ном билан машҳур бўлган ушбу ҳадиси шарифнинг санаб ўтилган ҳикмат ва фойдалардан бошқа ҳам минглаб ҳикмат ва фойдалари борлиги шубҳасиз. Биз билмаган, санаб ўтмаган бошқа ҳикмат ва фойдалардан айримларини, мазкур ҳадисни диққат ва тафаккур билан ўқисангиз, сиз ҳам топишингиз мумкин.
Аллоҳ таоло ушбу ҳадиси шариф мазмуни ва ҳукмларига амал қилиб яшамоғимизни, унинг ҳикматларидан файз-барака олмоғимизни барча мусулмонларга насиб айласин!       

   Ҳамидуллоҳ Беруний.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хамрга қарши олиб борилган ишлар фақат Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари билан кифояланмаган. Жамиятнинг барча аъзолари бу давоми...

2572 05:00 / 13.03.2017
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирбирингизни ёмон кўришманг. Бирбирингизга ҳасад қилманг. давоми...

6898 05:00 / 14.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мелодий 1984 йил 2 мартда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога давоми...

5504 12:29 / 15.03.2017
Аллоҳ таоло .Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. Ва у дўзах башар учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмас,, деган.Бу ояти каримадаги .аскарлар,дан давоми...

4285 05:00 / 13.03.2017