1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳақ ҳамиша ғолиб

05:00 / 06.01.2017 7635 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом оламининг шавкатли қаҳрамони, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.внинг ишончли ва садоқатли сафдоши, мусулмонларнинг иккинчи халифаси, доно ва одил Умар Ибн Хаттобнинг (р.а.) номи, Ислом даъвати йўлидаги хизматлари тилларда достон бўлиб келяпти...

ТАҚДИМ

Ислом оламининг шавкатли қаҳрамони, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ишончли ва садоқатли сафдоши, мусулмонларнинг иккинчи халифаси, доно ва одил Умар Ибн Хаттобнинг (р.а.) номи, Ислом даъвати йўлидаги хизматлари тилларда достон бўлиб келяпти. Ҳазрати Умарнинг (розийаллоҳу анҳу) тилидаю дилида ҳамиша Аллоҳнинг зикри эди. Аллоҳ таоло Умар (р.а.) сабабидан Исломнинг шавкатини улуғлади. Аллоҳ таоло ҳазрати Умарни (р.а.) шундай мартабага эриштирдики, у сўзлаганда дунё ларзага келарди. У одиллик билан ҳукм чиқарганда ғайридинлар ҳам лол қоларди. Тўғрини эгридан ажратишда ўта ҳассос бўлганидан Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга “Форуқ” (фарқловчи) деб ном бергандилар. У ҳақиқат йўлида жавлон урганида дунёни ўтқазиб-турғизарди. У мусулмон уммати учун ёрқин нур, жаннат аҳли учун порлаган чироқ бўлди. Ҳазрати Умар (р.а.) Исломни қабул қилганида Аллоҳнинг малоикалари бу хушхабарни бир-бирларига етказиб, хурсанд бўлишганди.
Умар Ибн Хаттоб (р.а.) Қурайш қабиласидан эди, куняси Абу Ҳафса, лақаби Форуқ бўлган. Ота томондан шажаралари – Хаттоб ўғли, Нуфайл ўғли, Абдул Уззо ўғли, Риёҳ ўғли, Қурт ўғли, Разий ўғли, Адий ўғли Каъбдир. Сулоласи тўққизинчи отада (Каъбда) Пайғамбаримизнинг сулолаларига бирлашади. Оналари Хонтама исмли аёл бўлиб, Қурайшнинг Бани Махзум наслидан, Ҳошимнинг қизи эди.
Ҳазрати Умар (р.а.) фил йилидан уч йил кейин туғилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбарликка мушарраф бўлганларида, 27 ёшда эди. Пайғамбарликнинг олтинчи йили, яъни 33 ёшда Исломга кирди. У маккалик мусулмонларнинг қирқинчиси бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн уч ёш кичик эди, у зотдан ўн уч йил кейин вафот этди. Боқий дунёга риҳлат қилганида, Жаноби Пайғамбаримиз каби 63 ёшда эди. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳудан сўнг ўн ярим йил халифа бўлди. Ашараи Мубашшарадан эди.
Ҳазрати Умар (р.а.) одил ва доно халифа бўлибгина қолмади. У киши даврларида Ислом футуҳоти анча тезлашди, Қуръон ва ҳадисни ўрганиш ва тарғиб қилиш кучайди. Умар ибн Хаттобнинг (р.а.) халифалик йилларида кўплаб маданий-маиший ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳазрати Умар (р.а.) идоравий ва молиявий ишларни такомиллаштиришга катта эътибор берди, Ислом давлатида илк бор почта хизмати, тафтиш идораси, болалар уйлари, ҳибсхона ташкил эттирган ҳам Ҳазрати Умар (р.а.) бўлди. У кишининг даврида пул ислоҳотида катта ўзгаришлар бўлди, беқиёс ободончилик, қурилиш ишлари олиб борилди. Халифа Умар (р.а.) Басра, Куфа, Мисрдаги Фистат шаҳарларини барпо қилди, Нил билан Қизил денгизни туташтирувчи канал қазитди, кўплаб ариқ ва кўприклар қурдирди. Макка ва Мадина, Шом ва Ҳижоз ўртасидаги қатнов йўлига мусофирхоналар, Ислом етиб борган жойларга кўплаб масжидлар тиклатди. Маккадаги Масжидул-Ҳаромни ва Мадинадаги Масжидул-Набавийни кенгайтирди.
Шундай инсоннинг ҳоли ҳаётда ниҳоятда камтар, камсуқум, оддий бўлганликлари ҳақида жуда кўп ривоятлар бор. Ислом оламини бойлик ва шуҳратга кўмиб ташлаган халифа берилган озгина маошга қаноат қилар, кийимида бир қанча ямоқ билан юрар, вафот этганида анчагина қарзи бор эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) шундай деганлар: «Умарнинг илмини тарозунинг бир палласига қўйиб, бутун Арабистондагиларнинг илмини бошқа бир палласига қўйганда, Умарнинг илми қўйилган тарозу палласи оғир келарди. У киши Аллоҳни энг яхши таниган, Аллоҳ китобини энг яхши тушуниб англаган ва динни ҳам ниҳоятда чуқур тушунадиган бир одам эди». Пайғамбар алайҳиссалом эса: «Кўкда Умарни ҳурмат қилмаган фаришта йўқ, ерда ундан ҳайиқмаган шайтон йўқ», деганлар.
Ушбу китоб Ислом оламида «Мўминлар амири», «Ҳақни ботилдан ажратувчи», «Одил халифа» каби номлар билан машҳур бўлган Умар ибн Хаттоб (р.а.) ҳақида ҳикоя қилади. Китобхонни Сурия, Эрон, Мағриб, Миср каби катта ўлкаларнинг фатҳига бош бўлган улуғ фотиҳ, Расули акрамнинг (с.а.в.) ишларини давом эттирган содиқ сафдош, жаннатга кириши башорат қилинган ўн саҳобийнинг бири, тўғри йўлдаги тўрт халифанинг иккинчиси бўлмиш ҳазрати Умарнинг (р.а.) ҳаёти ва фаолиятидан лавҳалар билан таништиради. Исломий идора юритишда ва маданий соҳада улкан ислоҳотлар уюштирган, мусулмонлар учун тақвим ва ҳижрий сана юритишни жорий этган, халифалик пайтида фавқулодда адолат билан иш тутган саҳобийнинг ибрати билан ўқувчиларни таништиради.

ЖАҲОЛАТ ЗАМОНИ
Саҳродаги воқеа

Кечга бориб ҳаво айниди. Осмонни бир зумда чанг-тўзон қоплади. Кун бўйи олов селини ёғдирган қуёш ҳам жамолини беркитиб олди. Гармсел иссиғини юзларга уриб турган шамол янада кучайди. Учиб юрган қумлар оғиз, кўзларга кирар, тишлар орасида ғижирлар эди. Кечгача йўл юриб ҳолдан тойган, ташналикдан оғзи кўпикка тўлиб, тумшуғига кўпириб чиққан туялар сарбоннинг буйруқларига ҳам бўйсунмай қўйди. Савдогарларнинг карвонни тўхтатиб, шу ерда манзил қуришдан ўзга чораси қолмаганди. Маккадан ўн чақирим берида, иссиқ шамол увиллаб ётган саҳрода тунаб қолиш Умарга жуда алам қилаётганди. Айниқса, бир ой ўзга юртларда сарсон-саргардонликдан кейин, шомлик савдогарлар билан қизғин талашиб-тортишувлардан кейин, сафар машаққат-азобларидан чарчаган вужудлар ором, фароғат, таскин истаб турган бир пайтда бу мажбурий қўниш ҳаммага ҳам малол келаётганди.
Шу пайт туялардан бири ёшгина туякашга бўйсунмай, карвондан четга чиқди-да, лўкиллаб қоча бошлади. Бир неча киши туя ортидан югуриб кетди. Сабаби унга нодир буюмлар юкланган бўлиб, савдогарлар туянинг бебошлигидан саросимага тушиб қолишганди.
Ярим соатлардан кейин туякаш бола саркашни судраб келди. Умар тутоғиб кетганидан, ҳеч нарса сўрамади. Туякашни қамчи ила юз-кўзи демай, савалаб кетди. Туя ортидан чопавериб, шундоқ ҳам ҳолдан тойган бола ерга юзтубан йиғилди. Юз-кўзи қонга беланди, қумга аралашиб лойга айланди. Умарнинг жаҳли шунда ҳам пасаймаган, Ғазаби сўнмаган эди. Агар шериклари ўз вақтида тўхтатиб қолишмаганида, у болани калтаклаб ўлдириб қўйиши ҳеч гап эмас эди.
У ҳарсиллаб, бўғриқиб ҳозиргина тикланган чодирга кириб келаркан, қўлидаги қамчинини жаҳл билан чодир ичига отди. У бошидаги рўмол ва чамбарини ҳам ечиб ташлади. Ҳаяжонини босолмай, дағал шолча устига чўзилди. Сал нарида ётган Абу Мусо унинг аҳволини кўриб, овутмоқчи бўлди.
– Росса жаҳлинг тез-да, Хаттобнинг ўғли, ахир туя онгсиз бир ҳайвон-ку! Ҳаммаси ҳам саркашлик қилади. Болада нима айб?
– Ҳамма гуноҳ туякашда. Бепарво бўлмаганда, туя ҳам қочиб кетмасди, ғазабимга ҳам учрамасди. Муносиб жазосини бердим. Унинг ёнини олиб, нима қиласан, Мусонинг ўғли?
– Айтдим-қўйдим-да. Туя ҳам, туякаш ҳам сеники. Шундай бўлгач, хоҳлаганингни қилавер, Хаттобнинг ўғли!
Унинг муросали овозидан Умарнинг Ғазаб оти жиловлангандай бўлди. Қўли билан пайпаслаб, кичкинагина мешни топди-да, боғичини ечиб, ундаги шаробни ютоғиб симира бошлади...
Умар кенг гавдали, узун бўйли, қорачадан келган, қуюқ соқол-мўйловли, бошининг олд қисми сочсиз, икки қўли билан тенг ҳаракат қила оладиган, катта қадам ташлаб юрадиган алп келбат бир киши эди. Бировга бўйин эгмас, кучи вужудига сиғмас эди.
Умар Маккада ўзининг жаҳлдорлиги, қаҳри шадидлиги, қаттиққўллиги билан ном чиқарганди. Ана шу қусурларига қарамай, у шаҳарнинг баобрў аъёнларидан эди, эътиборли, бадавлат, саййид киши эди.
Аллоҳ уни қалби покиза, заковати кучли, ҳақ деб ишонган нарсасига содиқ қоладиган соҳиби жасорат қилиб яратган эди. У бой-бадавлат бўлиши ила Қурайшнинг сиёсий ишларига бош-қош эди, қабилалар ўртасидаги низо ва жанжалларни ўзининг обрў-эътибори, мавқеи билан муросага келтирарди.
...Умарнинг қорни очқаб кетди. Егулик ахтариб, чодир ичидаги барча хуржунларни титкилаб чиқди. Нафсни ором олдирмоқ учун ярим меш шаробдан бошқа нарса тополмади. Бирдан хуржун ичида қўлига нимадир урилгандай бўлди. Олиб қараса, эрталаб ибодат қилиш учун хурмо ва ҳалводан эзғилаб ясаб олган санам экан. У бутга бироз ҳайрон бўлиб тикилиб турди, кейин унга ибодат қила бошлади. Ибодатини тугатиб бўлгач, яна қорни очлиги эсга тушди. Барибир очлик устун келди. У санамни уч-тўрт тишлам қилиб, пок-покиза туширди.
Хаттобнинг ўғли
Маккадан Мадинага борадиган карвон йўлининг икки томонида кенг ва бепоён ўтлоқлар бўларди. Болалар у ерларда туя ва қўйларини боқар, ҳайвонларни яйловга қўйиб юбориб, ўзлари эртадан-кечгача болаларга хос ўйинлар билан машғул бўлишарди.
Хаттоб ҳам ўн уч ёшли Умарни туя боқишга қўйганди. У Бани Махзум қабиласидаги бошқа оилаларнинг туяларини ҳам қўшиб боқар, эрта тонгдан то қош қорайгунча кунни ҳайвонлар ортида юриб ўтказарди. Узун бўйли, чайир, бақувват, хийлагина жаҳлдор Умар қатъият, жасурлиги ва меҳнатсеварлиги билан алоҳида ажралиб турарди.
Ҳозир ҳам ҳайвонларни янтоғ, шувоқ каби кўкатлар Арабистон қуёшида қовжираб ётган сайхонликка қўйиб юбориб, бир неча тенгдошлари билан кураш тушишга киришди. У ўзидан ҳам каттароқ болаларнинг учтасига тенг келаётганди. Болалар Умарга ҳар томондан ташланишар, бири оёғига ёпишса, иккинчиси белидан ушлаб, тортиб йиғитишга уринарди. Аммо Умар асло уларга таслим бўлишни истамасди. Ажиб бир эпчиллик билан иккитасини чалқанча ағдарди. Вазиятнинг қалтислигини кўрган учинчи бола тирқираб қочиб қолди. Умар ғолиб чиққанидан шодланиб, у ер-бу ерини қоқаркан, шу пайт кўзи сал нарироқда отдан тушмай, ўғлининг олишувини томоша қилиб ўтирган отасига тушди.
Юрагини ваҳима чирмади. Туяларни ўз ҳолига ташлаб, кураш тушаётганидан отасининг жаҳли чиқишини ўйлаб, оёқ-қўлига титроқ кирди. Қаттиққўллиги, тошбағирлиги, қаҳри кучлилиги билан бутун Маккага довруғи кетган Хаттобдан ўғли у ёқда турсин, ҳатто катталар ҳам ҳайиғиб юришарди. Унинг жаҳли чиқиб қолганида ёки бирор нарсадан аччиқланганида рўпара бўлишдан Худонинг ўзи асрасин. У нафақат қулларнинг, балки кичкина Умарнинг елкасида ҳам қамчисини тез-тез синаб кўрар, жонидан яхши кўрган ўғлини аёвсиз калтаклаб турар, бунинг сабабини сўраганларга ёки ўртага тушмоқчи бўлганларга: «Қўявер, майли пишисин, Хаттобнинг ўғли бўшанг, қўрқоқ ва ношуд бўлиб ўсишини хоҳламайман», деб ўзини овутарди. Шунинг учун Умардан калтак еган ёки курашда енгилган болалар унинг баданидаги, оёқ-қўлидаги калтак, қамчи изларини кўриб тасалли топишарди. Ҳозир ҳам унга қамчи тушиб қолиши ҳеч гап эмасди...
Умар қўрқа-писа отасига қаради. Аммо унинг важоҳатли юзида қаҳр-ғазаб аломатларини эмас, нимтабассум ва мамнунлик кўринишларини ўқиди. Вужудидаги таранглик, зўриқиш бўшашди. У ҳам отасига жилмайиб боқди.
– Яша, ўғлим, менинг арслон ўғлим, - деган хитоблар билан Хаттоб отдан тушди, ўғлининг елкасига залворли қўллари билан бир-икки уриб қўйди. Умар мункиб кетай деди. Отаси яна уни рағбатлантириб қўйди: «Болалар билан кураш тушганингни кўрдим. Ҳар ғалай тарбиям беҳуда кетмабди. Чавандозлик ва мерганликда қанчалик илгари бўлсанг, курашда ҳам шунақа мақомга эга бўлибсан. Хаттоблар хонадонига, Бани Махзум қабиласига муносиб ўғлон бўлибсан!»
Ўғли туяларни қайтариш учун чопиб қоларкан, Хаттоб у туғилган пайтни хотирлаб, жилмайиб қўйди. Хотини Хонтаманинг ой-куни яқинлашганида унга: «Қиз туғишни хаёлингга келтира кўрма, Маккада ҳеч кимга гап бермайдиган Хаттобнинг қиз фарзанд кўриши мумкин эмас, агар шу сафар ўғил туғсанг, кейинчалик қанча қиз кўрсанг ҳам розиман», деб дағдаға қилганларини эслади. Ўшанда Аллоҳ унга ўғил ато этди. Ўша ўғли Умарни энди ўзига ўхшаш ботир, шижоатли, ҳайбатли бўлишини орзу қиларди. Умарни қанчалик яхши кўрмасин, ана шу ният йўлида уни калтаклашдан ҳам ўзини тия олмасди. Умар ҳам отасининг юзини, қабиланинг юзини ерга қаратадиган бола бўлиб улғаймаётганди.
«Отажон, раҳм қилинг!»
Бугун энг фожиали, энг бахтсиз кун эди. Бугун мусибатли ва тенгсиз уқубат куни эди. Макканинг таниқли киборларидан бири Умар ибн Хаттоб жоҳилият даврининг қабиҳ ва ярамас бир одатини амалга оширмоқчи эди. У қабиладошларининг урфига риоя қилиб, ўз қизини, жажжигина, муштипар, маъсума қизчасини тириклай кўмиб юбормоқчи эди. Чунки барча ҳижозликлар қатори қурайшийлар ҳам қиз фарзанд кўришни ўзларига айб ва ор санашар, ёшлигидаёқ тириклай ерга кўмишарди.
У ҳовлида ўйнаб юрган қизчасини олдига чорлади. Қизалоқ ўйинини ташлаб, чопқиллаб отасининг олдига келди: «Лаббай отажон!»
– Юр, сени бир ўйнатиб келай! – Умар шундай деб қўлига ёғоч куракчасини олди. Савол назари билан тикилиб турган қизчасига далда берди:
– Ҳозир сенга бозордан чиройли кўйлакча олиб бераман.
Қизи хурсанд бўлиб, отасига эргашди. Улар етаклашиб шаҳар ташқарисига чиқишди. Умар тепалик яқинидан бир жойни кавлай бошлади. Қизи ҳайрон бўлиб сўради:
– Отажон, чуқурни нима қиласиз?
– Унга сени кўммоқчиман.
– Нега бундай қиласиз, ахир мен сизнинг қизингизман-ку, раҳмингиз келмайдими?
– Ота-боболаримизнинг одати – бу!
Аммо қизалоққа бу далил ишонарли эмас эди. Шунинг учун у жонининг борича бемеҳр отадан ва таҳликали жойдан қоча бошлади. Умар икки ҳатлашдаёқ дағ-дағ титраётган қизига етиб олди. Жажжи қўлчаларидан силтаб тортиб яна чуқур олдига олиб келиб ўтқазиб қўйди. Қизча яна қочмоқчи бўлди. Аммо отасининг кучли ва дағал қўллари уни яна чуқур олдига ирғитди.
Шу пайт чуқур кавлаётган Умарнинг отган тупроғи сачраб юз-кўзига сочилди. Отасининг қилмишларини кўзида ёш жаласи, қўрқув ва таажжуб ила кузатиб турган қизалоқ отанинг терчиган юзига сочилган тупроқни ширингина қўллари билан тозалади, соқолини тараб уларни туширди.
– Отажон, мени кўмиб юборсангиз, соқолингизни ким тараб, юзингизни ким тозалайди?
Умар қизининг қўлчаларини силтаб ташлади, ўзини итариб юборди. Яна қазишда давом этди.
Ҳозир унинг қалбида бир-бирига зид икки туйғу кураш бошлаганди: «Олти йил авайлаб-эъзозлаб ўстирган қизчасини ўз қўли билан тириклайин ерга кўмяпти. Борди-ю, уни етаклаб Маккага қайтса, нима бўлади? Қурайшийларнинг масхарасига, таъна-маломатларига қолади-ку!»
Кўмиб юборай, деса, қизининг ялинчоқ нолалари, «Отажон раҳм қилинг», деган илтижолари юрагини қиймалаётганга ўхшарди. Уни ўлдириб юборса, умр бўйи виждон азобига қолиб кетмасмикин?
Бирдан Умар ўзига келди. Фитратидаги тошбағирлик, қаҳри қаттиқлик устун бўлди. Қизчани жаҳл билан, дод-фарёдига қулоқ солмай, чуқур ичига тортиб туширди. Шошиб ерга юзтубан йиғилган қизи устига тупроқ ташлай бошлади. Унинг фарёд солиб ўрнидан турмоқчи бўлганини кўриб, қўпол оёқлари ила мурғак ва ожиз танани босиб турди. Тупроқ қимирламай қолгандан кейингина пешонасидаги терни арта-арта қабрдан узоқлашди. У уйига қараб кетаркан, юзида ғазаб, важоҳат, қаҳр ўйнаб турар, аммо кўзлари ғиж ёшга тўлган эди...
Бўйсунмас жориялар
Умар кўчадан келиб, эндигина истироҳат учун ёнбошламоқчи эди, қўшни аёл кириб келди:
– Менга қара, Ибн Хаттоб, сендан ёрдам сўраб чиқдим. Икки жориям саркашлик қилиб, жонимга тегяпти. Ота-боболаримизнинг динини ташлаб, анави Муҳаммад деганларига эргашаётган эмиш. Йўлга солишга кучим етмаяпти, биласан, бошимда эркагим йўқ. Сен бир таъзирини бериб қўярмикансан, деб чиқувдим.
Умарга жон кирди. Унинг вужудида ёввойи бир куч, шафқатсиз бир телба туйғу асло тинчлик бермас, фитратидаги баджаҳллик, қайсарлик, уришқоқлик ҳамиша уни гиж-гижлаб турар, қаерда жанжал-тўполон бўлса, ўша ерда Умар ҳозиру нозир эди. Ҳозир ҳам эндигина қозиққа илган қамчисини олиб, беваникига қараб юрди. Кира-солиб, она-бола Наҳдийя ва Лубайнани аямай, боши-кўзи демай савалай кетди. У «диндан чиққан» она-болани узоқ қамчилади, уларнинг юз-кўзи қип-қизил қонга беланди. Умар ора-сира уришдан тўхтаб, аёлларнинг «инсоф»га кириб, узр сўрашини кутар, аммо уларнинг шунча калтакка ҳам парво қилмай, «иймон», «иймон», деяверишлари баттар Ғазаблантирарди. У яна жазавага тушганича, қамчи устига қамчи ёғдирарди.
Охири Умар ҳолдан тойди, пешонасидаги реза-реза терларни қомийсининг этаги билан артиб, она-болага кўзларини қаҳр билан тикди:
– Хўш, Лубайна, калтакка тўйгандирсан? Сенга раҳмим келганидан эмас, чарчаганимдан тўхтадим. Охирги марта сўрайман, бекангнинг айтганига кўнасанми-йўқми?
Лубайна оғзидаги қонни тупуриб ташлади, индамай Умарга қараб, «йўқ» дегандай бош чайқади:
– Яна савашимни хоҳлаяпсан, шекилли?
– Сен-ку калтаклаб чарчайсан, Умар, аммо мен калтак ейишдан чарчамайман. Сенинг қамчиларинг менинг қалбимдаги иймонни мустаҳкамлаяпти, холос!..
Аёл гапини тугата олмади. Умарнинг аъзои бадани қалтираб, жазавага тушди, иложсизликдан, гапига кўндиролмаганидан аламга кирди ва «ув» дея қичқирганича, ҳолдан тойган Лубайнага ташланиб, уни бўға бошлади. Бу икки чўри ким бўлибдики, ҳеч ким гапини икки қилолмайдиган Умарга тик боқса, гапига рад жавоби берса?! Уларнинг ишонгани ким ўзи, суянгани нима ўзи?!
Умар гўёки қутурган бир махлуқ ҳолатига тушганди, кўзига ҳеч нарса кўринмасди. У бақувват ва дағал қўллари билан Лубайнани бўғаркан, аёл бор кучини тўплаб, унинг қўлларини ажратиб ташламоқчи бўлди, аммо калтаклар зарбидан ҳолсизланган тананинг бунга мажоли етмади. Лаблари «Аллоҳ, Аллоҳ», дея пичирлади-ю боши шилқ этиб шалвираб тушди. Умар уни ўлди, деб ўйлаб қўлини бўшатди. Энди у боядан бери қизига азоб бераётган Умарга қўрқув, даҳшат ва ғазаб билан термулиб турган Наҳдийя томон юрди. Уни ҳам роса калтаклади, кейин томоғидан олиб бўғди. Бечора она ҳам ҳушидан кетди. Умарнинг шунда ҳам ғазаби сўнмаган, жаҳли пасаймаган эди.
Орадан бир неча кун ўтиб, бева аёл яна чўриларини хўрлаб, калтаклаётганида бир воқеа содир бўлганини Умар эшитиб қолди. Бева аёл: «Ё ота-боболаримиз динига қайтасизлар, ё ўлиб қутиласизлар», деб хўрлаётганида, яқиндагина Исломга кирган Макка киборларидан Абу Бакр шу ердан ўтиб қолибди ва икки чўрини сотиб олиб, Аллоҳ розилиги йўлида озод қилиб юборибди. Бу хабардан Умарнинг ҳайронлиги ошди, Абу Бакр билан уришмоқчи ҳам бўлди. Нимадир уни бу йўлдан қайтариб қолди... Нимадир унинг қалбини безовта қилаётганди...

Қутурган сел

Макка мушриклари шаҳарда Ислом динига кириб, Муҳаммад алайҳиссаломга эргашганларга асло тинчлик бермай қўйишди. Кўча-кўйда учратиб қолишса, ҳақоратлашар, гоҳо калтаклашар, итга талатишарди. Бошларидан хамр қуйиб юборишарди. Ахлат ва мағзаваларни сочиб кетишарди. Болаларини мусулмонларнинг болаларига қарши гиж-гижлашарди. Хуллас, мушриклар Исломга кирганларнинг бошига ит кунини солаётган аламли, хўрлик кунлар эди. Бу ишда, айниқса, Макканинг обрўли, гапи бутун акобирларидан Абу Суфён, Амр ибн Ҳишом, Умар ибн Хаттоб кабилар роса қутуриб, аламини учрагандан олаётган, заҳрини хоҳлаганга сочаётган фожиали кунлар эди.
Амр ибн Робиа ҳам хотини Лайло билан кўп мусибат, хўрлик-камситишларга дучор бўлишди. Охири кўч-кўлонларини йиғиштириб, қанча йиллар яшаган ҳовли-жойлар, хеш-ақробаларини ташлаб, Ҳабаш юртига ҳижрат қилишга қарор қилишди. Уларнинг йўл тадоригига тушиб қолганини кўрган Умар Лайлонинг йўлини тўсиб чиқди:
– Йўл бўлсин, Абдуллоҳнинг онаси, Маккани тарк этиб, сафарга кетмоқчимисизлар?
Лайло Умар билан гап талашиш бефойдалигини ҳис этиб, ўзини қўлга олди-да, ҳаяжонини яшириб оҳиста деди:
– Ҳа, Умар, бу юртдан бош олиб кетмоқчимиз. Аллоҳнинг даргоҳи кенг, шунча хўрланганимиз, азоб-ситамларга қолганимиз етар! Ахир сизлар кун бермай қўйдингизлар-ку, аёвсиз хўрлаб, камситиб, азоблаб ташладингизлар-ку! Ҳа, Умар, Аллоҳнинг ери бепоён, карами кенг, бирор жойдан тинчроқ, эркинроқ яшаш имкони чиқиб қолар?
– Яхши ўйлабсизлар, худойингиз сизларга йўлдош бўлсин!
Эр-хотин гапни чувалатмаслик учун эшакларини ниқташди. Умар уларнинг ортидан маъюс тикилганича қолди. Лайло буни сезди. Ҳатто Умарнинг товушида аллақандай синиқлик, ачиниш оҳангларини илғагандай бўлди. Ё ўзининг ҳозирги ҳолати жуда ғамгин бўлгани, йиғлаб юбормаслик учун лабларини қаттиқ қимтиб олгани учунми, унга шундай туюлган бўлиши мумкин эди. Ҳар ғалай, туғилиб ўсган жойингни, ватанингни, қавму-қариндошларингни ташлаб кетиш осон иш эмасди. Аммо бундай қилмасликнинг иложи ҳам йўқ эди. Чунки тарозининг нариги палласига эр-хотиннинг дини-иймони қўйилган эди.
Бироз юришгач, Лайло эри Амирга қалбини кемираётган шубҳаларини сўзлаб берди. Аммо у хотинининг кузатишларига унча аҳамият бермади:
– Нима, Умар ҳам мусулмон бўлади, деб ўйлаяпсанми?
– Аниқ айтолмайман-у, аммо шунақага ўхшайди. Гапларидан қилган зулмларига пушаймон бўлаётгани сезилгандай туюлди.
– Э, бунга асло ақлим етмайди. Хаттобнинг эшаги мусулмон бўлишига ишониш мумкиндир, аммо Умарнинг Исломга киришига ишониш қийин.
Ҳижратга отланиб, ватанини тарк этаётган Амир ва Лайло золим ва тошбағир Умарнинг қалбида ҳозир нелар кечаётганини, нималар туғён ураётганини қаёқдан билсинлар? Гўёки жиловсиз сел каби куч-шижоати вужудига сиғмаётган Умар, кечагина учраганга заҳрини сочиб ёки текканга тегиб, тегмаганга тош отиб, дилини оғритиб юрган Умар, айниқса Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиб, иймон ва Ислом неъматига мушарраф бўлган мусулмонларни қон қақшатаётган Умар бугун сал бошқачароқ бўлиб қолаётганди. Қутурган, ваҳшатли, даҳшатли, йўлида учраган ҳамма нарсани, жонзот ва жонсизни суриб, йиғитиб, янчиб бораётган сел оқимини тўғри тўғонга йўллаб қўйилса, сокин бўлиб, тинчланиб қолгани каби жаҳолат ва ғазаб, қайсарлик ва шафқатсизлик уя қурган Умарнинг қалбига бугун иймон нурлари, Аллоҳнинг нури тажаллийси ўзига йўл ахтараётганди.

Пайғамбарнинг (с.а.в.) дуоси

Араб жазирасида Укоз бозорининг олдига тушадиган маъмур бозор йўқ. Маккадаги бу бозорга дунёнинг ҳамма жойидан мол, қул ва пул оқиб келади. Эртадан кечгача харидор чақираётган сотувчиларнинг қичқириғи, одамларнинг ғала-ғовури, туяларнинг ўкириши, қўйларнинг маъраши, раққосаларни жазавага солган дуф оҳанглари, шоир ва нотиқларнинг кучаниб шеър ўқишлари, нутқ ирод этишлари бир зум тинмайди. Бир томони Яману Шомдан, Бағдоду Шероздан келаётган савдогарлар мол юкланган туя карвонларини Укозга қараб буришарди. Анвойи газмоллар, кийим-кечаклар ёнида мис ва кумушдан ясалган идиш ва кўзачалар териб қўйилганди. Бир томонда Ҳабашистондан олиб келинган қуллар – эркак, аёл ва болалар сотувга қўйилган. Яна бир томонда меш ва идишларда узум ва хурмодан тайёрланган хамр ва шароб. Бошқа томонда ҳайвон бозори, туялар, қўйлар, паррандалар... Оч ҳам, тўқ ҳам, бой ҳам, фақир ҳам шу ерда. Ошпазлар дошқозонларда таом тайёрлаб, мискинларга, очларга тарқатиш билан овора, сахий бойлар камбағалларга садақа улашиш билан машғул. Хуллас, қайнаб-тошган, гувиллаган, одамга лиқ тўлган Укоз бозори ана шунақа ажойиб ва ғаройиб эди.
Бозордан сал четроқдаги каттагина майдонда, одатда араб шоирлари шеърларини халойиққа ўқиб берадиган, воизлар, нотиқлар нутқ сўзлаб, ҳаммани оғзига қаратадиган жойда бугун одам ҳар қачонгидан ҳам кўп. Оломон давра қилиб, ўртани ўраб олган. Ўртада эса кўкси очиқ, кенг, этаги ерга тегай, деб турган кўйлакда Умар гир айланиб юрарди:
– Қани, Умарга тенг келадиган, мен билан кураш туша оладиган борми? Қани, ўзига ишонганинг борми?
Шу пайт бўйни йўғон, кенг гавдали, бўйдор, қуёшда қоп-қорайиб кетган бир бадавий ўртага чиқди. Умар унга бошдан-оёқ бир қараб чиқди-да, аста яқинлашди. Кейин ҳали ўзини ўнглашга улгурмаган саҳройининг белидан маҳкам қисиб, даст кўтарди-да, бошидан айлантириб ерга урди. Туйғус зарбадан гангиб қолган аъробий ўрнидан туришга ҳам ҳоли келмай, ерда индамай ётарди. Ҳамма ёқни қийқириқ, олқиш, қарсак овозлари тутиб кетди. Одамлар Умарнинг елкасига уриб, «Яшавор, Хаттобнинг ўғли», «Бопладинг», «Бутларимиз сени қўлласин!» деган хитоблар билан хурсандчиликларини изҳор этишарди.
Фақат бир кишигина бу ғала-Ғовурга аралашмай, четда хомуш турарди. У Умарнинг алп келбатига, иссиқ ва ҳаяжондан бўғриқиб кетган юзига, бақувват қўл-оёқларига аллақандай фахр ва меҳр билан нигоҳ ташларкан, юзларини Ҳарам томонга қаратиб, қўлларини бироз кўтарди-да, Аллоҳга илтижо қила бошлади:
– Эй Аллоҳим! Сен ҳар нарсага қодир Зотсан, ўликдан тирикни, тирикдан ўликни яратгувчи Зотсан! Ўз динингни ана шу Умар каби жасур ва бақувват банданг билан кучлантиргин. Унинг қалбига иймон нурларини юборгин! Эй Аллоҳим, бу динни ё Умар билан, ёки Амр билан азиз қил!..
Дуо қилган бу зот инсониятга Аллоҳ томонидан юборилган охирги Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом эдилар. Кейинчалик ҳам Исломга кирган мўминлар Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ана шундай дуо қилганларини кўп эшитишди. Ҳар гал у зотнинг дуосига «Омин», дея қўшилиб туришди. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом улар билан Исломни азиз ва кучли қилишни истаган икки киши Макканинг энг номдор, олий мартабали, сўзи ўткир киборларидан эди. Умар ибн Хаттоб билан Амр Ибн Ҳишом (яъни, Абу Жаҳл) икковлари Ислом неъматидан баҳраманд бўлишса, динга қувват бўлишини, юзлаб, минглаб одамлар уларга эргашишини Расулуллоҳ (с.а.в.) яхши билардилар, доимо шуни орзу қилардилар. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва иродасини қарангки, уларнинг бири – Умар Ибн Хаттобнинг қалби иймон нури ила мунаввар бўлиб, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) энг яқин сафдошларига, хулафои рошидиннинг бирига айландилар, Ислом динига улкан хизматларни қилишга мушарраф бўлдилар. Иккинчиси – Амр Ибн Ҳишом Исломнинг ва мусулмонларнинг энг катта душманига айланди, кофирлигича ўлиб кетди, Абу Жаҳл номини олиб, лаънат ва мазамматларга ғарқ бўлди.

ҲАЗРАТИ УМАРНИНГ ИСЛОМГА КИРИШИ
«Мусулмон бўлишга келдим»

Макка шаҳри ажиб бир эврилиш, ғалати бир тозариш остонасида турарди. Жаҳолат ва разолат ботқоғига ботган шаҳар бир нури илоҳийнинг тажаллиси ила мунаввар ва нурафшон бўлмоқда эди. Неча асрлардан буён бижғиб ётган бузуқлик, ифлослик, ҳақсизлик ахлатхоналари узра бир покиза ва фараҳбахш насимлар эсиб, ўлик қалбларни уйғотаётган эди. Одамлар уммони пўртаналарида бир-бирига зид икки тўлқин: ширк ва иймон тўлқинлари кураш бошлаганди. Неча асрлар бўйи жаҳолат, ахлоқсизлик, қимор, зино, фаҳш, рибо қон-қонига сингиб кетган маккаликлар ана шу ифлосликлардан халос бўла олмай иккиланаётган, қийналаётган, ғазабга минаётган бир давр бошланган эди. Араб жазирасидаги бу табаррук шаҳар тўлғониб, қайнаб-тошиб, азият чека-чека ана шу икки тўлқин курашига жимгина шоҳид бўлаётганди. Гуноҳларга ботиб кетган Қурайш Каъба атрофини завқ-сафо, қимор ва майхўрлик уйига айлантириб олганди.
Худди мана шу паллада Макка яқинидаги Хиро тоғининг чўққисидаги торгина ғорга Аллоҳ таолонинг илк ваҳийлари туша бошлади. Аллоҳ таоло томонидан охирги Пайғамбарликка муносиб кўрилган расулларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам малак Жаброил алайҳиссалом келтирган муждаларни ҳаяжон, қўрқув, қизиқиш ва ихлос ила қабул қилишни бошлаган саодатли бир давр бошланди. Жаҳолат асри ўз ўрнини саодат асрига бўшатиб бераётган муборак бир замон бошланаётганди.
Макка яқинидаги шаҳар киборлари машварат ва кенгашлар ўтказадиган Шўро уйи – Дорун-надва бугун ҳар қачонгидан безовта, бесаранжом, таҳликали бир тўлғониш оғушида. Амир Ҳамзанинг мусулмон бўлиши Қурайш акобирларини саросимага солиб қўйган. Аъёнлар тўпланган жойда Шўро раиси Абу Суфённинг ғазабнок ва қаҳрли сўзлари акс-садо бериб янграётир:
– Эй аҳли Қурайш, қачонгача бу бедодликка томошабин бўлиб турамиз? Абдулмутталибнинг набираси ўзини Пайғамбар санаб, ота-боболаримизнинг минг йиллик динини оёқ ости қилишига қачонгача йўл қўйиб берамиз? Унинг касрига Макканинг ва Байтуллоҳнинг чин эгалари қурайшийлар иккига бўлиниб кетишди. Ота-бола, ака-ука бир-бирига душманга айланди. Қабила парокандаликка юз тутди. Эрта-индин Қурайш ўз мавқеини йўқотиб, ҳамма обрў-эътиборидан маҳрум бўлади...
Боядан бери ғазабидан кўкариб-бўзариб ўтирган Абу Жаҳл раиснинг гапини сабрсизларча бўлиб, шартта ўртага чиқди:
– Бас, етар! Муҳаммадни йўқ қилмасак, ўзимиз мағлуб бўламиз. Қани, ораларингда бу ишнинг уддасидан чиқа оладиган бирор мард борми?
Сафнинг орқа томонидан: «Бор, мана мен унинг адабини берадиган», деган ҳайқириқ янгради. Отилиб чиққан Умар қиличини шартта қинидан суғуриб, ҳавода бир силкиди-да, «Унинг жонини маҳв этурман», дегандай таҳдид қилди. Ҳар тарафдан киборларнинг «Яшавор, Хаттобнинг ўғли», «Умардай мардлар – Қурайшнинг фахри», деган қизғин хитоблари эшитилди.
Умар қиличини тақиб, Каъбани тавоф қилди, Сафо тепалигига қараб юрди. Унинг мақсади – жаноби Расулуллоҳни жисман йўқ қилиш, шу тариқа Исломнинг ғолибона юришини тўхтатиб қолиш эди. У бу ишни қабила олдидаги бурчи деб биларди. Бўлиниб кетган Қурайшни бирлаштириб, аввалги мавқеини тикламоқчи эди.
Умар йўлда Абдуллоҳ ўғли Нуаймга дуч келиб қолди. Унинг важоҳатини кўриб, Нуайм сергак тортди. Умарни саволга тутди:
– Йўл бўлсин, Хаттоб ўғли?
– Араблар ўртасига нифоқ солаётган Муҳаммаднинг вужудини йўқ қилиш учун кетяпман. У Қурайшни хароб қиляпти, аллақаёқдаги сафсаталари билан ота-боболаримиз динига тажовуз қиляпти. Унинг адабини бериб қўйишни Макка киборлари менга топширишди.
Нуайм титраб кетди. У ҳали Исломга кирмаган эса-да, агар Умарни чалғитмаса, Макканинг энг ростгўй ва ҳалол кишиси Муҳаммадга бирор кор-ҳол бўлиши мумкин. У тезда бир қарорга келди:
– Валлоҳи, жуда қийин ишга бош урибсан. Муҳаммаднинг саҳобалари уни қаттиқ қўриқлашади. Менга қара, Умар, сен Муҳаммаднинг динини мағлуб қилиш учун кетяпсан-у, у ёқда синглинг билан куёвинг аллақачон унинг динига кириб бўлишди-ку!
– Йўқ, ёлғон айтасан, Абдуллоҳнинг ўғли! Бўлиши мумкин эмас! Агар гапларинг рост бўлса, икковини ҳам қиличдан ўтказганим бўлсин! – деди Умар қаҳр билан.
У йўлидан қайтиб, тўппа-тўғри куёви Саиднинг уйига бостириб борди. Бу ерда бир неча асҳоб Қуръон мутолааси ила машғул эди. Умарнинг селдай шиддат билан кириб келиши Саиднинг уйига тўпланганларни пароканда қилиб юборди. Ўқиб ўрганилаётган муқаддас Қуръон саҳифалари дарҳол яширилди. Умар ичкарига кирар-кирмас, ваҳшат ила сўради:
– Менга қара, бадбахт, диндан қайтдингми, нима ўқиётган эдинг?
– Нима ўқиётганимизни сенга айтолмаймиз.
– Ие, куёвим бўлатуриб, ҳали мендан сир яширадиган бўлдингми?
Умар шундай деди-ю, Саидни ерга ётқизиб дўппослай кетди. Озғин ва нимжон Саид филдай бақувват ва жаҳлдор Умарга асло бас келолмасди. Вазиятнинг қалтис тус олаётганини кўрган Умарнинг синглиси Фотима йиғлаб юборди ва эрини ажратиш учун акасининг қўлига ёпишди. Бу «одобсизлик»ка чидолмаган Умар синглисининг башарасига мушт солиб юборди. Аёлнинг юз-кўзи қонга беланди. У шунда ҳам таслим бўлмади, аксинча, ғазаб ва қатъият билан акасига мағрур тикилди:
– Аллоҳдан қўрқ, эй Умар! Кучинг бир хотинга етдими? Эрим билан мусулмон бўлдик. Бошимизни олсанг ҳам, биз барибир мусулмонликдан кечмаймиз!
«Воажаб! Аввалги юввошгина, итоатгўй Фотима айтяптими шу сўзларни? Ундаги бу ишонч, бу шижоат, бу қатъият қаердан пайдо бўлди?» Юзидаги қонларга ҳам парво қилмай, қаҳрли кўзларини акасидан узмай турган Фотиманинг шу топдаги ҳолатини кўриб, ака ҳовридан тушди. У қилган ишидан пушаймон эди. Улар ўқиётган қоғозларни сўради, кейин аллақандай сохта бепарволик, лоқайдлик билан ўқий бошлади. Булар «Ҳадид» сурасининг қуйидаги илк оятлари эди:
«Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди. Ва У азиз ва ҳакимдир. Осмонлару ер Унинг мулкидир, тирилтиради ва ўлдиради, У ҳар бир нарсага қодирдир. У осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга кўтарилган Зот. Ерга нима кераклигини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам билади. У қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан бирга. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир. Осмонлару ердаги мулклар Уникидир ва барча ишлар Аллоҳнинг Ўзигагина қайтади. Кечасини кундузга киритади, кундузни кечасига киритади ва кўксингиздаги нарсани ҳам яхши билувчидир. (Эй инсонлар) Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиринглар...»
Бу не сир-синоатки, оятларни ўқиб бўлибоқ Умар тахтадек қотиб қолди. Аввалда ҳеч эшитмаган бу фасоҳатли оятларнинг юксак оҳанги, теран мазмунидан ҳайратга тушди, вужуди ларзага келди, кўзларига ёш қалқди. Аллоҳ каломининг таъсири руҳини қамраб олди. Шу заҳоти тиллари беихтиёр «Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ» деган калимани қайтара бошлади. У ажиб бир ҳолатга тушиб қолган, назарида вужуди ҳам ўзига бўйсунмаётгандай эди. Мушрик Умар ўрнига мўмин Умар пайдо бўлиб қолганди. У атрофида ҳайрон қотган одамларга титраб-қақшаб мурожаат қилди:
– Мени Аллоҳнинг Пайғамбари ҳузурига етказинглар!
Бу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқамнинг Сафодаги уйида асҳоблари билан дин суҳбати қуриб ўтиргандилар. Умар эшикдан овозининг борича: «Мен мусулмон бўлишга келдим», деб ҳайқирар эди.
Мушриклар тарафдори бўлган, ҳамиша уларнинг суҳбатида қоим турган бу жангари ва баджаҳл одамнинг суҳбатга беижозат ва шитоб ила кириб келиши асҳобни сергаклантирди. Сабаби Умардан ҳамма нарсани кутиш мумкин эди. Эҳтимол, у Набий алайҳиссаломга суиқасд қилиш учун келгандир? Яқиндагина Ислом неъматидан баҳраманд бўлган ҳазрати Ҳамзанинг қўли беихтиёр қилич дастасига югурди. Икки-уч саҳоба шахдам ўриндан туриб, Умарнинг қўлини қайиришга шай турарди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ним табассум ила «Унга тегманглар», деб ишорат қилдилар.
Бундан дадилланган Умар Расулуллоҳнинг (с.а.в.) олдиларига яқинлашди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом Умарнинг кўйлагидан тортиб, шундай дедилар:
– Эй Хаттоб ўғли, Исломга келсанг бўлмайдими?
Бунга жавобан Умар:
– Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва аннака Расулуллоҳ, – деб шаҳодат калимасини айтиб юборди. Расулуллоҳ (с.а.в.):
– Аллоҳу акбар! – дедилар.
Одамлар бу қувончли ҳолдан шодланиб, еру-кўкни «Аллоҳу акбар!» такбирларига тўлдириб юборишди. Бу такбирдан тоғлар ларзага келаёзди. Кейинчалик маълум бўлишича, Умарнинг Исломга кирганида Пайғамбаримиз ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом ташриф буюриб, Умарнинг мусулмон бўлганига малоикалар ҳам хурсанд бўлганининг хабарини бериб кетган эканлар.
Энг бахтли кун
Макка мусулмонларининг қирқинчиси бўлган Умар ҳозир жуда бахтиёр эди. Ана шундай мард, жасур, шижоатли инсоннинг Исломга кирганидан асҳоблар ҳам шод ва мамнун эдилар. Улар:
– Душанба куни Расулимиз Роббиларидан Абу Жаҳл ёҳуд Умар бирла Исломни мададлантиришни сўраб дуо қилгандилар. Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсинки, ушбу улуғ шарафга сиз ноил бўлдингиз, эй Умар, – деб биродарларини муборакбод этишди.
Ҳаммалари Умарнинг таклифи билан биргаликда Арқамнинг уйидан чиқиб, Каъба сари юришди. Каъба атрофида Макка мушриклари кўплигидан оз сонли мусулмонлар у ерда ибодат қилишга ботинолмас, ҳатто у ерда ҳозир бўлишдан ҳам ҳайиғишарди. Ҳозир сафларида Умар бўлгани учун улар Каъбага дадил яқинлашиб келишди. «Дорун-надва»да Умарнинг қайтишини пойлаб ўтирган мушриклар сафдошларининг оломонни бошлаб келаётганидан хавотирга тушдилар. Олдинда келаётган Умар Қурайш пешволарига қарата шундай деди:
– Эй аҳли Қурайш, мени танимасанглар таниб олинглар, мен Хаттобнинг ўғли Умарман! Мен бугун Исломни қабул қилдим: Аллоҳдан ўзга илоҳ ва маъбуд йўқ, Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир.
Умарнинг баланд овозда шаҳодат калимасини айтиб келиши мушрикларни тамоман довдиратиб, саросимага солиб қўйди. Боягина Исломга кирган Умар Абу Жаҳлнинг уйига бориб, мусулмон бўлганини айтганида, у уйига ҳам киритмай сўкиб жўнатганди. Ҳозир рўпарасидаги Қурайш мушриклари унинг мусулмон бўлганидан Ғоят ғазабланиб кетишди. Умар арслон каби уларга ташланди. Жанжал кучайиб, вазият қалтис тус ола бошлади. Қон тўкилиши аён бўлиб қолди. Ҳолатнинг ёмонлашувини сезиб қолган Умарнинг она томондан қариндошлари Ос Ибн Воил ўртага тушиб, муштлашаётганларни ажрата бошлади.
Ишнинг пачаваси чиққанини сезган мушриклар бирин-кетин масжидни тарк эта бошлашди. Ҳозиргача улар мусулмонларнинг Ҳарамда ибодат қилишларига тўсқинлик кўрсатиб келишарди. Аламга кирган Умар мусулмон биродарларини очиқ, эркин суратда ибодат қилишга даъват этди. Қурайший мушрикларга қасдма-қасдига Ҳарамда илк бор жамоат бўлиб намоз ўғилди.

РАСУЛУЛЛОҲ БИЛАН ЁНМА-ЁН
Умарнинг ҳижрати

Макка мушрикларининг мусулмонларга қарши зулм ва тазйиғи кун сайин кучайиб борарди. Улар Исломни қабул қилган ҳамшаҳарларини ҳақоратлашар, калтаклашар, турли қийноқ-азобларга солишар, ҳатто ўлдиришдан ҳам тойишмасди. Қуллар ва чўрилардан Исломга кирганлар-ку, энг оғир таҳқир, хўрловларга маҳкум эди. Шунда Расули акрам (с.а.в.) мусулмонларни Мадина шаҳрига ҳижрат қилишларига амр этдилар. Бир вақтлар Ҳабашистонда жон ва иймон асраб қолган мусулмонлар учун энди Мадина нажот қалъаси, осойишталик маскани бўлиб қолганди. Маккалик мусулмонлардан биринчи бўлиб Абу Салама Абдул Асад ўғли, энг охирида эса Расули акрамнинг (с.а.в.) амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб Мадинага ҳижрат қилди. Муҳаррам ва сафар ойлари мобайнида ҳамма яширинча беркиниб, қочиб Мадинага кўчиб бўлди. Фақат ҳазрати Умаргина бундан мустасно эди.
Унинг Ясриб (Мадина)га кўчиши Расули акрамнинг (с.а.в.) ҳижратларидан ўн беш кун олдин бўлди. У барча асҳобдан фарқли ўлароқ очиқ-ойдин, яширинмай ҳижрат қилишга қарор қилганди. Чунки ҳазрати Умар (р.а.) Ислом неъматидан баҳраманд бўлганидан кейин аввалги жасорати янада кучланган, «Ҳақ ҳамиша ғолибдир», деган мустаҳкам эътиқодда эди.
Ҳазрати Умар (р.а.) Мадинага жўнайдиган кунлари эрталабданоқ яхши кийимларини кийдилар, қиличларини тақдилар. Камонларини белга осиб, бир неча ўқларни ўқдонга жойладилар. Кейин қўлга асоларини олиб, Каъбага шаҳдам кириб бордилар. У ерда Қурайш мушриклари ўзларича мажлис қуриб ўтиришганди. Улар ҳазрати Умарнинг (р.а.) Исломга кирганидан ғазаблари ошиб, нафратлари тошиб ётган бўлса-да, у кишининг феъл-атворларини яхши билишгани учун бирор сўз ёки ҳаракат қилишга ботина олишмасди. Ҳозир ҳам ҳеч нарсага парво қилмай кириб келган Умарнинг (р.а.) ҳатти-ҳаракатидаги қатъият ва нописандликни кўриб уларнинг дами ичига тушиб кетди. Ер остидан ўқрайиб қараганларича, унинг ҳар бир ишини кузата бошлашди.
Умар (р.а.) улар томонга ҳатто қиё боқмай, Каъбани етти бор тавоф қилдилар. Кейин Мақоми Иброҳимда туриб, бемалол намоз ўқидилар. Ибодатларини хотиржам тугатиб бўлгач, машварат қилиб ўтирган мушрикларнинг қаршисига бориб тўхтадилар. Кейин қиличларини шартта суғуриб, ҳавода ўйнатиб қўйдилар. Бундан чўчиб кетган икки-уч мушрик ҳатто ўрнидан туриб кетди. Ҳазрати Умар (р.а.) уларга парво қилмай, мушрикларга шундай дедилар:
– Ҳозиргача мусулмонлар сизларнинг зулмингиздан қочиб, Мадинага яширинча, қўрқиб ҳижрат қилишди. Бугун мана мен Мадинага кетяпман! Ораларингда оналарини йиғлатишни, хотинларини тул, болаларини етим қилишни хоҳлаганлар, жонидан тўйганлар бўлса, қани орқамдан тушсин!
Умар ибн Хаттоб шундай деб, Каъбадан узоқлашдилар. Бирорта таъқиб қилувчи ортларидан эргаша олмади. Йигирма чоғли мусулмон шу куни ҳазрати Умар (р.а.) билан Мадинага ҳижрат қилди.

Рашк туфайли...

Бир куни жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) асҳоблар билан суҳбатлашиб ўтиргандилар. Кейин уларга қарата шундай дедилар:
– Тушимда жаннатни кўрдим. Бир аёл кўркам ва улуғвор бир қаср ҳовлисида ўзига оро бериб турарди. Мен фаришталардан: «Бу қаср кимники?» деб сўрадим. Улар: «Умар ибн Хаттобникидир», дейишди. Шунда мен Умарнинг ниҳоятда рашкли эканлигини эслаб, қасрдан нари кетдим.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) Расули акрамнинг (с.а.в.) бу гапларини эшитиб, тўлқинланиб кетганидан ҳўнграб йиғлаб юборди ва йиғи аралаш шундай деди:
– Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онам сизга фидо бўлсин, келиб-келиб сиздан рашк қилармидим?!

«Ўликларимиз – жаннатда»

Уҳуд ғазоти Бадр жанги каби маккалик мушрикларга қарши олиб борилган даҳшатли урушлардан эди. Мушриклар аввалги урушдаги мағлубиятлари аламини олиш учун жон-жаҳдлари билан жанг қилишарди. Қурайшийлардан Ибн Шиҳоб, Утба, Ибн Қомия, Убай ибн Халафлар қандай бўлмасин, ҳазрати Пайғамбарни (с.а.в.) ўлдиришга қарор бериб, у зотнинг қароргоҳларига бостириб киришди. Убай «Муҳаммадни ўлдираман», деб қасам ичди, аммо Расули акрам уни яралаб, маҳв этдилар. Бироқ Саъд ибн Абу Ваққоснинг мушрик укаси Утба отган тошдан Расули акрамнинг (с.а.в.) лаблари ёрилиб, тишлари синди. Ибн Ҳишом отган ўқ Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) пешоналаридан яралади. Яна бир қурайший Ибн Камиа у зотни қилич билан яралаб йиғитди ва дарҳол Абу Суфёнга бориб, «Муҳаммадни ўлдирдим», дея мақтанди. Душман томони бу хабардан ниҳоятда қувонди.
Мусулмонлар орасида таҳлика, саросима бошланди. Баъзилар қоча бошлади, қўшин парокандаликка юз тутди. Аммо Анас ибн Надир каби «Муҳаммад ўлган бўлса, Аллоҳ боқийдир!» деб жангни давом эттирганлар ҳам бор эди. Ана шундай аламли, фожиали дамларда ҳам ҳазрати Умар (р.а.) Расули акрамнинг (с.а.в.) ёнларидан жилмади, у зотни жон-жаҳди билан душман ҳамласидан ҳимоя қилди.
Аммо мушрикларнинг етакчиси Абу Суфён ҳанузгача ҳазрати Муҳаммаднинг (с.а.в.) ўлик-тирикликларини билолмай гаранг эди. У шубҳасини йўқотиш учун Ислом қўшинлари томон қичқириб, уч бора «Ораларингда Муҳаммад борми?» деб сўради. Расули акрам (с.а.в.) огоҳлантириб қўйганлари учун мусулмонлардан ҳеч ким унга жавоб қилмади. Шунда Абу Суфён айни тарзда Абу Бакрни (р.а.) сўради. Яна жавоб ололмади. Кейин Умарни (р.а.) сўради. Бу гал ҳам ҳамма жимлигини кўриб, у севиниб кетди: «Демак, буларнинг учови ҳам ўлибди, ғалаба биз томонда экан!»
Боядан буён ғазабидан тўлғониб ўтирган ҳазрати Умар (р.а.) бу гапни эшитиб, чидолмай қолди. Бор овозда Абу Суфёнга қараб қичқирди:
– Товушингни ўчир, эй Аллоҳнинг душмани! Бу одамларнинг ҳаммаси тирик, мана қаршингда туришибди!
Абу Суфён Умарнинг гапидан бироз талмовсираб қолди. Душманларининг тирик эканидан ҳафсаласи пир бўлгани учун Каъбадаги энг катта бутларини эслашдан ўзга илож тополмади:
– Олий бўл, Ҳубал! Азиз бўл, Ҳубал!
Бунга жавобан эса ҳазрати Умар (р.а.) Расули акрамнинг (с.а.в.) амрлари билан шундай деди:
– Аллоҳ аъло ва ажалл! (Аллоҳ - энг жалил, энг устун!)
Абу Суфён ҳам жим туролмади:
– Бизнинг Уззоимиз бор, сизники йўқ!
Ҳазрати Умар (р.а.) ҳам бўш келмади:
– Аллоҳ бизнинг мавлоимиздир, сизники эса йўқ!
– Жанг навбати билан, ғолиблик навбати билан. Бугун биз Бадрнинг интиқомини олдик! – деди Абу Суфён болаларча ғурурланиб.
Аммо Ҳазрати Умар (р.а.) ҳам осонликча мағлуб бўладиганлардан эмасди:
– Тўғри, сизлар устун келдинглар. Аммо барибир тенг эмасмиз. Бизнинг ўликларимиз жаннатда, сизларники эса жаҳаннамдадир!
Абу Суфён бу гапга чидолмай, овозининг борича бақирди:
– Эй Умар, Аллоҳ учун тўғри гапир! Биз Муҳаммадни ўлдирдикми ёки йўқми?
– Валлоҳи, ўлдирмадинглар! Ҳозир Расули акрам сенинг бу гапларингни эшитиб ўтирибдилар.
Ҳазрати Умар (р.а.) билан Абу Суфённинг бу даҳанаки жангидан сўнг мушриклар ўз қўшинларини жанг майдонидан олиб кетишди. Улар бу жангда устун келган бўлса-да, бироқ зафар шаробини ичолмадилар, батамом мудофаасиз Мадинани истило қилолмадилар. Бирорта мусулмонни ҳам асир ололмай, Маккага қўрқув ва алам билан қайтишди. Ана шу жангдан сўнг ҳазрати Умар (р.а.) Пайғамбар алайҳиссаломга янада қаттиқроқ боғланиб қолганини ҳис этди.
Тарихда мусулмонларнинг биринчи бор имзолаган сулҳ шартномалари бўлмиш Ҳудайбия сулҳи шартларига кўра, мусулмонлар ва мушриклар ўн йилгача бир-бири билан урушмасликка, ўша йили мусулмонларнинг Каъба зиёратига келмаслигига, Каъба зиёратига қўшилган мусулмонлар Маккада уч кундан ортиқ қолмаслигига, улар Каъбани зиёрат қилаётганида қурайшийларнинг Маккадан ташқарига чиқиб туришига келишиб олинди. Яна сулҳ шартларига кўра, қурайшийлардан бирортаси мусулмонлар томонига ўтмоқчи бўлиб, валийсининг рухсатисиз Мадинага келса, мусулмон бўлса ҳам, у одам қабул қилинмайди, қайтариб юборилади, аммо бирор мадиналик мусулмон Қурайш тарафига ўтиб, Маккага кирадиган бўлса, қайтариб берилмайди, дея келишиб олинганди. Худди шу масалада ҳазрати Умар (р.а.) Расули акрамни (с.а.в.) тушунмай, хийла озор бериб қўйганларини муаррихларимиз ёзиб қолдиришган.

Пушаймонлик

Тарихдан маълумки, Ҳудайбия сулҳига имзо чекиб бўлингач, у ерга Суҳайл ўғли Абу Жандал келиб қолди. У аввал Маккада мусулмонликни қабул қилгани учун отаси томонидан занжирбанд қилиниб, қамаб қўйилганди. У минг машаққат билан қамоқдан қутилиб чиқиб, занжирини судраганича сулҳ тузилган жойга келган ва мусулмонлардан паноҳ сўрамоқчи бўлганди. Шунда Абу Жандалнинг отаси Суҳайл: «Сулҳ шартларига мувофиқ сиздан биринчи бўлиб сўрайдиган нарсам шуки, ўғлимни қайтариб берсангиз, агар берилмаса, сулҳ бузилади», деб оёқ тираб туриб олди.
Расули акрам (с.а.в.) Абу Жандални сулҳ ҳукмидан истисно этилишини хоҳлаган эди. Бироқ қурайшийлар раҳнамоси Суҳайл қайсарлик қилиб туриб олди. Валийсининг истагига ён босиб, Абу Жандални топширишга рози бўладилар. Бечора Абу Жандал вазиятнинг бундай тус олиб кетганидан хафа бўлиб, қовоқ-тумшуғи осилиб кетганди. У мусулмонларга қарата шундай деди:
– Мен мусулмонликни қабул қилганим учун бу азоб-уқубатларга гирифтор бўлиб, зулм ва хўрлик кўргандим. Мени яна ўша мушрикларнинг қўлига топширмоқчимисизлар? Ахир манави яраларим ҳали битиб улгургани ҳам йўқ-ку! – дея ўзининг ночорликда ва изтиробда қолганини билдириб, биродарларидан марҳамат ва нажот кутарди.
Унинг аҳволини кўриб, жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) тасалли бердилар:
– Эй Суҳайлнинг ўғли! Сабр қил, Аллоҳдан умидингни узма! Биз мусулмонлар мағлуб бўлмаймиз! Аллоҳ таоло яқинда сенга ва сен кабиларга нажот йўлини кўрсатади, беришга мажбурмиз, унинг ҳукмларини бузиш эса бизга тўғри келмайди.
Абу Жандал яна кишанланган ҳолда Маккага қайтарилди. Бу ҳолат, бу муомала ҳамманинг асабини таранг, ўзини гаранг қилиб қўйганди. Мусулмонлар ғалаёнга келишди. Дарҳақиқат, биродарларини кишанланган ҳолатда яна мушриклар қўлига топширилишига тоғат қиладиган ҳоллари йўқ эди. Энг аввало ҳазрати Умар (р.а.), ўша қизиққон ва ҳақиқатгўй Умар чидолмай қолдилар. Ўзларини босолмай, Расули акрам (с.а.в.) ҳузурларига бориб:
– Мен тушунолмай қолдим, Сиз Аллоҳнинг Пайғамбари эмасмисиз, даъвойингиз ҳақ даъво эмасмиди? Бу залолатни нега қабул қиляпсиз? Бу ҳукмга қандоқ йўл қўйдингиз? – дея овозини баландлатиб, қизишиб гапирди.
Расули акрам (с.а.в.) ҳазрати Умарнинг бу қизғин таъналарига осойишталик билан жавоб қайтардилар:
– Муҳаққақ, мен Аллоҳнинг расулиман, Аллоҳга исён ҳам қилганим йўқ. Мусулмон бўлганларга Аллоҳнинг ўзи нажот беради, йўл кўрсатади. Биз сабр қилишимиз керак.
Бироқ Умар (р.а.) Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу гапларидан қониқмай, яна тортишувда давом этди:
– Сиз бизга Каъбани тавоф қиламиз, дегандингиз-ку!
– Ҳа, айтдим. Бироқ бу йил тавофи ифо қиламиз, демаганман. Яна такрор айтаман, Маккага кирасизлар, Каъбани тавоф қиласизлар, - дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.) яна хотиржамлик билан.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) яна ҳаяжонга тушиб, тўғри Абу Бакр Сиддиқни қидириб кетдилар. Унга ҳам юқоридаги эътирозларини билдирдилар. Ҳазрати Абу Бакр (р.а.):
– Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳнинг Пайғамбаридирлар, нима қилсалар ҳам, Аллоҳнинг амрига мувофиқ қиладилар. Бу қизиққонлик нечун, биродари азиз? - деб ҳазрати Умарни огоҳлантирдилар.
Ҳазрати Умар (р.а.) қизишган ҳолда саййидул-мурсалин Муҳаммадга (с.а.в.) қилган қўпол муомалаларидан кейинчалик кўп пушаймонлик ва афсус чекдилар, Аллоҳ таолонинг мағфиратига ноил бўлмоқ учун нафл ибодатлар қилдилар, рўза тутиб юрдилар ва бир неча қулни озод қилдилар. Ана шу воқеа эса мусулмонлар ўз шахсий фикрларини изҳор этишда нақадар ҳур, эркин эканликларига ҳам бир мисолдир.

Шайтон ҳам қочгай..

Бир куни Умар ибн Хаттобнинг (р.а.) жаноби Расулуллоҳни (с.а.в.) кўргилари келиб қолди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг хонадонларига етиб бориб, у зотнинг ҳузурларига кирмоққа изн сўрадилар. Шу пайтда ичкарида Қурайш қабиласининг бир гуруҳ аёллари бор эди. Эркаклар қатори аёллар ҳам ўзларини қизиқтирган, ечиша олмаётган саволларига жавоб сўраб, тез-тез Расули акрамнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб туришарди. Бу гал ҳам улар эзмаланиб ниманидир сўраб туришган экан. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) овозлари аёлларнинг шанқи товушлари орасидан аранг қулоққа чалиниб қоларди.
Ижозат бўлгач, ҳазрати Умар ичкарига кириб бордилар. У кишининг кирганини кўрган аёллар шоша-пиша ҳижоб-рўмолларига ўраниб олишди. Бу ҳолатни кўриб жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) мийиғларида чиройли табассум қилиб қўйдилар. Ҳазрати Умар буни кўриб: «Ў Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин, Аллоҳ таоло сизни умр бўйи кулдирсин», дедилар. Шунда жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: «Мен ҳозир манави ҳузуримдаги аёллардан таажжубдаман, сенинг овозингни эшитиб, улар шоша-пиша рўмолларини ўраб олишди». Ҳазрати Умар бунга жавобан: «Сиз аёлларнинг иззат-эҳтиром ва ҳаё қилмоқликларига ҳаммадан ҳам ҳақлироқсиз», дедилар ва аёлларга ўгирилиб, уларга дашном бердилар: «Эй ўзига-ўзи душманлар, нечун мендан уялиб, Аллоҳнинг Расулидан ҳаё қилмайсизлар?» Аёллар бу таънага жавобан чувиллашиб: «Сиз жаноби Расулуллоҳга нисбатан қўполроқ ва дағалроқсиз, важоҳатингиздан қўрқамиз», дейишди. Шунда Расули акрам (с.а.в.) шундай дедилар: «Эй Хаттобнинг ўғли! Жоним қўлида бўлган зот ҳаққи, агар сенинг йўлингдан ҳатто шайтон чиқиб қолса, (дағаллигингдан қочиб) бошқа йўлга бурилиб кетгай!» Аёллар Пайғамбар алайҳиссаломнинг гапларини тасдиқлаб, бош силкиб қолишди.

Умид – охиратдан!

Бир куни ҳазрати Умар (р.а.) Расули акрамни (с.а.в.) зиёрат қилмоқ учун бордилар. Ҳазрати Оишадан (р.а.) изн сўраб, ҳужраи саодатга кириб бордилар. Кичкинагина ҳужра. Бир томонда ялонғоч бир садр. Устида теридан тикиб, ичига похол солинган бир тўшак. Бир бурчакда халтанинг тагида бир ҳовуч сули. Битта пўстак, нарироқда суви бўшаган меш. Аллоҳнинг сўнгги Пайғамбари, бутун Ислом оламининг раҳбари, дунёнинг ярмига Аллоҳ таолонинг ҳақ динини ёйиб, ётқизиб-турғизаётган комил инсоннинг уй жиҳозлари шулар эди, холос. Ҳазрати Оиша (р.а.) ҳам ана шу камтарона ҳаёт тарзига кўнганлар. Ойлаб қозон осилмаса ҳам, гўшт ва буғдой нони бу хонадон учун ниҳоятда тансиқ бўлиб кетса ҳам, емишлари нуқул хурмо ва сув бўлиб қолса ҳам зорланмайдилар, Расули акрамни (с.а.в.) таъна ва маломат билан қийнамайдилар. Чунки бу зот Аллоҳ розилиги йўлида шу турмушни, шу йўлни танлаганларини яхши биладилар.
Ҳужрадаги бу ҳолатни, Расули акрамнинг (с.а.в.) биргина эҳромда ўтирганларини кўриб, ҳазрати Умар (р.а.) ўзларини тутиб туролмадилар. Кўзларидан ёш жаласини оқизиб, йиғлаб юбордилар. Расули акрам (с.а.в.) таажжубланиб, йиғи сабабини сўрадилар. Ҳазрати Умар (р.а.) ҳамон ўзларини босолмай, болалар каби пиқ-пиқ йиғлаб жавоб айтдилар:
– Сиз устида ётган кўрпа баданларингизга ботиб, из қолдирибди. Бутун мол-мулкингиз шу хона ичида, кўриб турибман. Қозонингизга нима тушаётганидан ҳам хабарим бор. У ёқда қайсарлар ва кисролар олтин-кумуш ичра кўмилиб ётибди, дунёнинг бутун завқ-шавқи ва лаззатига ғарқ бўлган, дастурхонига кунига бир неча хил таом ва нозу-неъматлар тортилади, бир неча сидра кийим кияди. Аслзодалар, бойлар, акобирлар ҳам дунё неъматларидан фойдаланишда улардан қолишмайди. Сиз эса Аллоҳнинг Пайғамбарисиз, мусулмон оламининг раҳнамосисиз, шундайин ҳаёт кечиряпсиз, шунга асло тоғат қилолмаяпман.
Расули акрам (с.а.в.) ҳазрати Умар гапини тугатиши билан ним табассум қилиб қўйдилар-да:
– Эй Хаттобнинг ўғли! Сен бу дунё уларники, охират неъмати бизники бўлишини истамайсанми? Менинг бор умидим – охират дунёсидан! – деб марҳамат қилдилар.

Илмга йўйдилар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яқин сафдошлари Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттобни тез-тез тушларида кўриб турардилар. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом шундай деб қолдилар:
– Мен ухлаб ётганимда туш кўрдим. Тушимда сут ичдим, ҳатто унинг тирноқларим атрофидан оқиб чиқаётганини ҳам кўрдим. Сўнг сутнинг ортиб қолганини Умар ибн Хаттобга бердим.
Шунда саҳобалар Расули акрамдан (с.а.в.) сўрашди:
– Буни нимага йўйдингиз, ё Расулуллоҳ?
– Илмга, - дедилар у зот.


Узун кўйлакда..

Яна бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳазрати Умарни тушда кўрганларини сўзлаб бердилар:
– Мен ухлаб ётгандим, тушимда кўйлак кийиб олган одамлар менга намоён бўлди. Баъзи кўйлакларнинг этаги тиззага қадар тушиб турибди, бошғалари эса калталигидан тиззага ҳам етмайди. Умар узун кўйлак кийиб олган бўлиб, этагини судраб борарди.
Шунда саҳобалар у зотдан савол сўрашди:
– Ё Расулуллоҳ, буни нимага йўйдингиз?
– Динга, - дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

Аччиқ ҳақиқат

Бу кун мусулмонлар учун энг оғир, энг мусибатли, энг қайғули кун бўлди. Аллоҳ таолонинг сўнгги расули, Пайғамбарларнинг саййиди, энг комил инсон ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дорул-омонатдан дорул-бақога рихлат қилаётган кун эди. Бир неча кунги хасталик душанбага ўтар кечаси кучайди, аммо беморликка қарамай, Расули акрам (с.а.в.) эрта тонгда ҳазрати Али ва ҳазрати Фазл ёрдамида жомеъга чиқмоқни ихтиёр этдилар. Ҳазрати Абу Бакрга иқтидо қилиб, бомдодни ўқидилар, кучлари етганича, жамоатга ваъз-насиҳатлар қилдилар.
Хоналарига қайтиб келганларида аҳволлари анча оғирлашган эди. Пешингача бир неча бор ўзларидан кетиб қолдилар. Ора-сира ёнларидаги сув идишга қўлларини ботириб, юзларини ҳўллаб олардилар, шаҳодат калимасини келтириб, ўлим қўрқуви ва шиддатига бардош бермоқликда ёрдам сўраб, Аллоҳга илтижо қилардилар. Лаблари тинмай ушбу дуони такрорларди: «Аллоҳим, мени афу эт! Мени рафиқу аълога (Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳ зотлар мақоми) етказгин!»
Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳазрати Оишанинг қўлларида жон бердилар, муборак руҳлари Буюк Аллоҳга қовушди.
Расули акрам вафот этган кунлари Мадина аҳли қаттиқ мотамда қолди. Пешиндан сўнг ўлим хабари ҳамма ёққа тарқалиб, хонадонларга қайғу, мусибат, ғам-алам кириб борди. Асҳоби киром ҳам, хеш-ақраболар чуқур изтиробда, мутаассир, эсанкираган ҳолатда эдилар. Ҳазрати Али тек қотган, ҳазрати Усмоннинг тили тутилган эди. Мўминлар тинмай кўз ёши тўкишар, мотам тутар, мунофиқлар эса хурсандчилигини яширолмасди. Бундай аҳволдан ҳазрати Умар (р.а.) ғазаб отига минган, ўзини босолмас, бу айрилиққа, сўнгсиз мусибатга чидолмай, қафасга тушган қуш каби ҳар ёнга урар, қайғулари вужудига сиғмай қийналарди. У қиличини қинидан суғириб олган, уни ҳавода ўйнатиб, ўзи тинмай телбалардай қичқиради:
– Йўқ, Муҳаммад ўлмаган! У шунчаки беҳуш бўлиб қолди, кўп ўтмай, ўзига келади! Ким Муҳаммадни ўлди, дейдиган бўлса, бўйнини шу заҳоти узиб ташлайман!
Шундай нозик ва таҳликали бир пайтда ўзини тутиб, саросимага тушмаган ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ бўлдилар. У киши жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) билан видолашдилар, «Ҳаётлигингизда ҳам кўркам эдингиз, ўлимингиз ҳам кўркам!» деб пешоналаридан ўпдилар. Кейин ҳамон ўзини босолмай, ҳайқираётган ҳазрати Умарга (р.а.) қарата: «Жим бўл, ё Умар!» деб уни тинчитдилар. Кейин масжидга кириб, халққа юзланиб гапирдилар: «Эй инсонлар! Орангизда Муҳаммадга сиғинган киши бўлса, яхши билиб олсинки, Муҳаммад ўлди. Аллоҳга ибодат қилганлар бўлса, яхши билиб олсинларки, Аллоҳ боқийдир, асло ўлмагайдир». Кейин Қуръони каримдан Пайғамбарлар, шу жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўтгувчи ва ўлгувчи эканлари ҳақидаги оятларни ўқидилар. Шундагина бошғалар қатори ҳазрати Умар (р.а.) ҳам тинчланди. Ўуши ўзига қайтди. Содир бўлган воқеанинг аччиқ ҳақиқатини англаб етди. Шундагина ўн олти йил ёнларидан бир дам жилмаган дўстларидан, Аллоҳнинг расулидан айрилиб қолганларига ишониб, ўксиб-ўксиб йиғлади.

АҲЛИ ЖАННАТ САЙЙИДЛАРИ
Расулуллоҳ сирлари

Ҳафса бинти Умар ҳазрати Умарнинг (р.а.) қизлари эди. У Расули акрамнинг (с.а.в.) саҳобаларидан Ханийс ибн Хузома ас-Саҳмийнинг хотини эди. У Мадинада вафот топди ва Ҳафса тул қолди. Шунда Умар ибн Хаттоб (р.а.) қизини хайрият аҳлларидан бирортасига хотин қилиб беришни ўйлаб қолди. У биродари Усмон ибн Аффон (р.а.) ҳузурига бориб, тул қолган қизини хотинликка олишини таклиф қилди. Негадир ҳазрати Усмон бу таклифга унча рўйхушлик бермади. «Бироз ўйлаб кўрайин», деган мавҳумроқ жавобни қилди. Ҳазрати Умар (р.а.) бир неча кун кутиб тоғати тугади. Шунда ҳазрати Усмоннинг (р.а.) ўзи келиб учради ва: «Шу кунларда уйлана олмайман, шекилли, бунинг иложини тополмадим», деди.
Ҳазрати Умар (р.а.) унинг гапидан ҳафсаласи пир бўлиб, бошқа биродари Абу Бакр Сиддиқнинг (р.а.) ҳузурига жўнади. Ҳазрати Усмонга айтилган таклиф унга ҳам етказилди: «Агар истасангиз, қизим Ҳафсани сизга никоҳлаб қўяман». Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ лом-мим ҳам демади, индамай бурилиб кетаверди.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) бир неча кун у кишидан жавоб бўлишини кутиб юрди. Аммо биродарлари ҳамон сукутда эди. Табиатан қизиққон Умарнинг (р.а.) бундан жаҳли чиқди, куюнди: «Қизимни тортиқ қилиб турсам-у бу одам ё «ҳа», ё «йўқ» демаса. Ҳатто Усмон каби бир тайинли жавоб қилмаса!»
Орадан бир кун ўтди. Ана шу муҳлат ичида Сарвари олам Муҳаммад (с.а.в.) Ҳафсани сўраттириб қолдилар. Ҳазрати Умар (р.а.) жуда севиниб кетди: «Аллоҳнинг расули қизини сўраттирса, сен у зотга қайнота мақомига эришсанг, инсон учун бундан ортиқ шараф ва бахт борми?» Уларнинг никоҳини ҳазрати Умарнинг (р.а.) ўзлари ўқиди.
Ана шундай масъуд кунларнинг бирида ҳазрати Умар (р.а.) дўстлари Абу Бакр Сиддиқни (р.а.) учратиб қолдилар. Абу Бакр Сиддиқ биродарига шундай дедилар:
– Ўшанда қизинг Ҳафсани менга хотинликка таклиф этганингда, нега лом-мим демай кетганим сабабини билганмисан? Назаримда, менинг бу қилиғимдан оғриниб, хафа бўлгансан ҳам. Аслида, бу таклифингга кўнмаганимнинг сабаби бор. Бир куни жаноб Расулуллоҳнинг ўз суҳбатларида Ҳафса ҳақида гапириб ўтганларидан хабардор бўлдим. Сарвари оламнинг бу ниятлари мени таклифингга кўнишимга монелик қилди.
– Нега бу гапларни ўшанда менга очиқ айта қолмадинг? – деб сўрадилар ҳазрати Умар (р.а.).
– Чунки мен у зотнинг сирларини ошкор қила олмасдим-да! Борди-ю жаноб Расулуллоҳ қизингни олмаганларида, мен олган бўлардим, - деди ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) биродарига меҳр кўзи билан боқиб.

Ҳовуз бўйида

Бир куни Расули акрам (с.а.в.) шундай деб қолдилар: «Мен тушимда кўрсам, бир қудуқ бўйида турибман. Ундан челакда сув олиб, одамларга ичираётган эканман. Шу аснода олдимизга Ибн Абу Қаҳофа (яъни, Абу Бакр) келиб қолди. У менга дам бермоқ ниятида қўлимдан челакни олди-да, ҳовуздан бир-икки бор сув тортди. Аммо сув камроқ чиқди. Аллоҳ таоло уни мағфират қилсин! Кейин Умар ибн Хаттоб келиб қолди. У Абу Бакрнинг қўлидан челакни олиб, ҳовузга ташлади. У бақувват ва моҳир бўлгани учун шу қадар кўп сув тортиб чиқардики, ҳатто одамлар сувни тўйгунларича ичиб, батамом қонишди. Ҳовуз суви эса камайиши ўрнига тобора кўпайиб борарди. Ҳатто одамлар қудуқ атрофига туялари учун қўралар ҳам қуришди.

Қай бири маҳбуброқ?

Кунларнинг бирида жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.) Амр Ибн Осни қўшинга қўмондон қилиб, Зотус-Салосилга юборадиган бўлдилар. Сафар олдидан икковлари бироз суҳбатлашиб қолишди. Амр Ибн Ос Сарвари оламдан (с.а.в.) сўраб қолди:
– Эй Аллоҳнинг расули, қўшинда Абу Бакр ва Умар розийаллоҳу анҳумо бўлатуриб, мени бош қилиб тайинладингиз. Бу одамлардан қай бири сиз учун маҳбуброқ?
– Оишанинг отаси Абу Бакр, – дедилар Сарвари олам (с.а.в.).
– У кишидан кейин-чи? – яна сўради Амр Ибн Ос.
– Сўнг Умар ибн Хаттоб, – дедилар ва у зот ҳазрати Умардан сўнг яна бир неча кишининг номини санаб ўтдилар.

Жаннат башорати

Улуғ саҳобийлардан Абу Мусо ал-Ашъарий уйларида таҳорат олиб, кўчага чиқдилар. У кишининг нияти Расулуллоҳга (с.а.в.) чин дилдан комил ихлос билан хизмат қилиш, кунларини у зот билан бирга ўтказиш эди. Абу Мусо яқиндаги масжидга бориб, Расули акрамни (с.а.в.) сўради. Масжиддагилар: «Ҳозиргина бу ердан чиқиб, ҳов анави тарафга кетдилар», дейишди.
Саҳобий улар кўрсатган томонга бордилар. Ахтара-ахтара суриштирсалар, Биъру Арисга, яъни саҳнида қудуғи бўлган бир боққа кириб кетган эканлар. Пайғамбар алайҳиссалом токи таҳорат олиб, покланиб бўлгунларича, Абу Мусо боғнинг хурмо шохларидан ясалган эшиги олдида сабр билан кутиб турди. Кейин у зот турган жойга борди. Қарасалар, Пайғамбар алайҳиссалом қудуқ тахтасининг ўртасида изорларини шимариб, оёқларини қудуқ ичига осилтириб ўтирибдилар. Саҳобий у зотнинг қошларига бориб, салом бердилар. Расули акрам (с.а.в.) алик олдилар-да, яна индамай хаёлга берилдилар.
Абу Мусо яна эшик олдига бориб ўтирди. «Бугун бир эшикбонлик қилиб, Пайғамбар алайҳиссаломни хушнуд этайин», деб дилдан ўтказди. Шу аснода Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) келиб, эшикни тақиллатдилар. Абу Мусо:
– Ким? – деди.
– Мен Абу Бакрман.
– Шошмай туринг, мен жаноби Расулуллоҳдан сўраб келай, – деб у зотнинг ҳузурларига кетди ва Абу Бакр келиб, ичкарига кирмоққа изн сўраётганини изҳор этди. Шунда у зот:
– Ижозат бер ва жаннати эканликларини айтиб, хушнуд қил! – дедилар.
Абу Бакр (р.а.) боққа кириб, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига бордилар. Саломлашишгач, Абу Бакр (р.а.) ҳам изорларини Пайғамбар алайҳиссалом каби шимариб, у зотнинг ўнг томонларида қудуқнинг ичига оёқларини осилтириб ўтирдилар.
Абу Мусо яна эшик ёнига қайтиб келди. Боя кўчага чиқаётиб, биродари Абу Бурдага «Таҳорат олиб, ортимдан етиб бор», деб тайинлаб келганди. Шунинг учун Аллоҳ таоло биродарига яхшиликни раво кўрган бўлса, бу ерга етиб келиб, Расули акрам (с.а.в.) суҳбатларидан баҳраманд бўлишини орзу қилиб ўтирганди. Шу пайт эшик тақиллаб қолди. Абу Мусо шошилиб сўради:
– Ким бу?
– Умар ибн Хаттобман, – деган овоз келди.
– Бироз кутиб турсангиз, – деди ўтинч оҳангида Абу Мусо. – Мен ижозат сўраб келай.
У Расулуллоҳнинг (с.а.в.) қошларига бориб, салом берди ва Умар ибн Хаттоб келиб, ичкарига кириш учун рухсат сўраётганини маълум қилди. У зот:
– Ижозат бер ва жаннати эканини айтиб, хушнуд қил, - дедилар. Абу Мусо шошқич эшик олдига бориб, Умар ибн Хаттобга (р.а.) хитоб қилди:
– Киринг, жаноби Расулуллоҳ сизнинг жаннати эканингизни башорат қилдилар.
Худди шу тахлитда ҳазрати Умар (р.а.) ҳам боққа кириб келдилар ва жаноби Расулуллоҳнинг (с.а.в.) чап ёнларига бориб, оёқларини қудуқ ичига осилтириб ўтирдилар.
Бироздан сўнг Усмон ибн Аффон (р.а.) ҳам боққа келдилар ва жаннатга кириши башорати билан кутиб олиндилар. Фақат ҳазрати Усмон (р.а.) қудуқ лабидаги тахтада жой қолмагани учун қудуқнинг жаноби Расулуллоҳга (с.а.в.) қарама-қарши тарафига бориб жойлашдилар.
Саъид ибн ал-Мусаййиб бу воқеани, яъни жаноб Расули акрамнинг (с.а.в.) ўнг томонларида Абу Бакр Сиддиқ, чап томонларида Умар ибн Хаттоб, оёқ томонларида Усмон розийаллоҳу анҳунинг ўтирганларини уларнинг қабрлари кейинчалик қай тартибда жойлашганига йўйган эканлар.

Икки шаҳид

Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг энг содиқ саҳобаларидан Абу Бакр, Умар, Усмон розийаллоҳу анҳумлар билан Ухуд тоғига чиқдилар. Шунда ҳатто онгсиз, забонсиз тоғ ҳам азборойи хурсанд бўлганидан титраб кетди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом уни тинчлантирдилар: «Эй Ҳуд, тек тур, чунки Пайғамбар ва ҳамиша ростгўй (Абу Бакр) ҳамда икки шаҳид (Умар ва Усмон) устингдадир», дедилар. Дарҳақиқат, Абу Бакр Сиддиқ ҳар қандай шароитда ҳам бирор марта ёлғон сўз айтмадилар, икки халифа Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффон дин душманлари қўлида шаҳид бўлишди.

МЎМИНЛАР АМИРИ
«Аллоҳдан қўрқ!»

Умар ибн Хаттоб (р.а.) чинакамига мўминларнинг амири, одил ва форуқ халифаси эди. Ҳазрати Умар (р.а.) ўз оиласи ва болалари учун овқат ва унни ўзи орғалаб ташиди. Халифа ўз қўли билан овқат пишириб, етимларга тарқатди. У Аллоҳдан қўрқарди, ҳамиша Аллоҳнинг ризолигини истарди, Аллоҳга мақбул ишларни қилишга интиларди. «Дажла қирғоғида бир чўпоннинг қўзисини бўри олиб қочса, Аллоҳ халифа Умардан сўрайди», деб кўз ёшини тўкарди. Бир гал отда кетаётиб ўзига-ўзи: «Ё Умар, Аллоҳдан қўрқ!» деди ва шу заҳоти отдан тушиб, бошини ерга қўйиб, сажда қилди ва овози бўғилган ҳолда «Умар кимки, Аллоҳдан қўрқмасин!» дея нола қилди. У ҳар ишда одиллик қиларди, ночор, мазлум, ожиз кишиларнинг ҳимоячиси эди. Ҳатто, бир гал бир волийга шаҳодатнома бериб, вилоятга раҳбар қилиб жўнатаётиб, суҳбат чоғида унинг ўз фарзандларини бирор марта қучоғига олиб эркаламаганини билиб қолгач, шаҳодатини йиртиб ташлаб, қувиб чиқарган ҳам шу ҳазрати Умар (р.а.) эди. У кишининг яна бир одатлари бор эди. Ҳар куни қош қорайгач, ўзидан-ўзи: «Айт-чи, эй Умар, бугун Аллоҳ йўлида нима иш қилдинг?» деб сўрарди.

«Мен ҳам кечирдим»

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларида адолат билан иш тутганлари, айниқса, фақир, ночор, мазлум кишиларга жон фидо қилганликлари тилларда достон бўлиб кетган. У кишининг халифалик йилларида бир одам жанжалкаш, шаддод хотинининг жанжалларию бақир-чақирларидан тўйиб, халифага шикоятга келди. У Умарнинг (р.а) эшиклари олдига келиб, энди чақирмоқчи бўлиб турса, ичкаридан аёл кишининг қаттиқ-қаттиқ гапиргани эшитилди. Бояги киши ҳайрон бўлиб қолди, қулоқларига ишонмади. Наҳотки, халифанинг хотини бақир-чақир қилаётган бўлса? Астойдил қулоқ солса, халифанинг хоними Умму Гулсум эри ҳазрати Умарга қаттиқ гапирмоқда. Халифадан эса садо чиқмасди.
Хотинидан шикоятга келган одам ўзига- ўзи шундай деди:
– Мен хотинимнинг жанжалларидан, унинг ёмон феълидан, менга нисбатан ҳурматсизлигидан халифага арз-дод қилиб келгандим. Бу қандай бедодликки, менинг бошимдаги ғам-алам халифанинг бошида ҳам бор экан. Яхшиси, бу ердан тинчгина кетақолай!
У қайтиб кетаётган эди, Умар (р.а.) уни кўриб қолдилар:
– Нега келдинг-у энди нега кетяпсан? – дедилар.
– Сизга хотинимдан шикоят қилиб келгандим. Қарасам, бу дард, бу ташвиш сизнинг бошингизда ҳам бор экан. Шунинг учун шикоят қилишдан кечиб, қайтиб кетаётган эдим, - деди арзга келган киши.
– Агар гап шундоқ бўлса, энди менга яхшилаб қулоқ сол, - дедилар халифа. – Оиладаги аёлларимизнинг бизга сабр-қаноат, тоғат билан қилган хизматлари ҳам, айни пайтда эрнинг зиммасида унинг ҳақлари ҳам бор. Хотиним жаҳаннам оташи билан менинг ўртамда бир парда-тўсиқдир. Кўнглим у билан роҳат топади, ҳаромга боқмайман, чунки у менга хотинлик вазифасини қилади. У уйим ва мулкимнинг қўриқловчи муҳофизидир, уйдан чиқсам, у уйдаги мол-мулкимни сақлаб, бекалик вазифасини бажаради. Кийимларимни ювиб-тозалайди, уйнинг бошқа юмушларини бажаради, ҳамма ёқни ораста тутади, болаларни ювиб-тараб, едириб-ичиради, тарбия қилади. У менинг овқатимни пишириб, олдимга қўяди, бошқа юмушларимни қилади. Шунча хизматларни ўрнига қўйиб бажариб, бирор марта ҳам миннат қилмайди, зорланмайди.
Бояги одам ҳазрати Умарнинг бу насиҳатларини эшитгач:
– Сизга қилинадиган бу хизматлар менга ҳам қилинади. Сизки аёлингизни хуш кўриб, баъзи қусур-камчиликларини кечирганингиздан кейин мен ҳам хотинимнинг қусурларини кечирдим, - деди.

Тундаги ҳодиса

Мусулмонларнинг халифаси Умар (р.а.) доимий одатларига кўра, бир кун кечаси Мадина кўчаларини айлангани чиқдилар. У ана шундай «сайр» пайтида аҳолининг ҳолидан хабар олар, адолат бузилмаслигини назорат қилар, бева-бечораларнинг арз-шикоятларини тинглар эдилар.
Бу гал ҳам тунги кўчаларни айланиб юраркан, олдинда бир шарпа кўринди. Яқинлашиб қараса, бир одам ҳадеб чодир ичига қараяпти. Ҳазрати Умар ундан сўрадилар:
– Бу ерда нима қилиб турибсан?
– Саёҳатга чиққан эдик. Ичкарида ўтирган менинг оилам, ҳомиладор эди, шу ерда тўлғоқ тутиб қолди. Мажбуран биз шу ерда қолдик, биз билан келган карвон йўлида давом этиб кетди, - деб жавоб берди мусофир.
– Унда нега бу ерда турибсан, кириб хотинингга ёрдам бермайсанми? – дедилар Умар (р.а.).
– Ёрдам берай, десам, бу ишга ақлим етмайди.
– Унда сен шу ерда тур, мен ҳозир доя олиб келаман.
Умар (р.а.) шундай деб, уйларига жўнадилар ва ухлаб ётган хотинларини уйғотдилар.
– Ё Умму Гулсум. Тур ўрнингдан, ҳозир сенинг ёрдаминг керак бўлиб қолди. Агар уруш майдонида жанг бўлса, безовта қилмас эдим. Бугун сен кераксан, бу иш сенинг қўлингдан келади.
Умму Гулсум чодирдаги аёлга ёрдам қилди ва бир оздан сўнг чодир ичидан чақалоқнинг йиғиси эшитилди. Юмушларини тугатиб чиққан Умму Гулсум мусофирни ўғилли бўлгани билан қутлади. Сўзлашув асносида хотинининг туғишига кимлар ёрдам берганини сезиб қолган мусофир тамоман довдираб қолганди:
– Ё амирал-мўминин, сизни безовта қилдимми?
Бунга жавобан ҳазрати Умар хиёл жилмайиб қўйдилар ва мусофирга қаттиқ тайинладилар:
– Тонгда ҳузуримга кел. Байтул-молдан керакли ёрдам берилади.

Чиройли хотима

Иттифоқо бир куни мўминлар амири Умар ибн Хаттобнинг (р.а.) ҳузурларига уч йигит кириб келишди. Улар оталарини ўлдирган қотилни тутиб келишганди, ундан қандай қасос олиш масаласини аниқлашни халифага топширмоқчи эдилар. Қотил ҳазрати Умарни алдаб бўлмаслигини тушуниб, айбини бўйнига олди, ҳар қандай жазога розилигини изҳор қилди. Фақат мол-мулкини фарзандларига билдириб қўйиш учун уч кунга муҳлат сўради. Ўша ерда ҳозир бўлган саҳобийлардан Абу Зарр ғифорий қотилнинг кафолатини олди.
Уч кун ўтди, қотилдан дарак йўқ эди. Халифа унинг кафолатини олган Абу Заррни топтириб келди. У етиб келиб, қатл этилишга тайёргарлик кўра бошлади. Шу пайтда ўша қотил ҳаллослаганича етиб келди. Халифанинг юзи ёришди. Қотилдан таажжубда сўради:
– Қочиб кетишга имконинг бўлатуриб, нега қайтиб келдинг?
– Халифаликда ваъдасининг уддасидан чиқадиган қолмабди, дейишларидан қўрқиб келдим, - деди қотил.
Шунда халифа саҳобий Абу Заррга юзланиб сўрадилар:
– Сен нега танимаган одамингнинг кафолатини олдинг, ахир у келмаганда, унинг ўрнига қатл этилган бўлардинг-ку?!
– Халифаликда ҳимматли кишилар йўқ экан-да, дейишмаслиги учун шундай қилдим, - деди саҳобий.
Бу манзарани кўриб турган жабрдийда уч йигит Халифага шундай деб мурожаат қилишди:
– Биз ҳам отамизнинг қотилини кечирдик, ундан қасос ҳам олмаймиз, тағин бу дунёда афв этгувчилар қолмабди-да, деб юришмасин.
Масаланинг бу янглиқ чиройли адолат билан хотима топганини кўрган амирнинг юзларида мамнунлик аломатлари жилва эта бошлади.

«Умар эшитмасинми?»

Ҳазрати Умарнинг халифалик йиллари. У киши ўз одатларига кўра, бир гуруҳ кишилар билан Мадина кўчаларидан кетиб борардилар. Шунда бир аёл халифани тўхтатиб, қаттиқ овозда насиҳат қилишга тушди: «Эй Умар, яқиндагина Умарча деб аталардинг, улғайганингдан сўнг «Эй Умар» деб мурожаат қиладиган бўлишди. Энди эса «Эй амирал-мўминин» деб аталмоқдасан. Аллоҳдан қўрққин, эй Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекор ўтказишдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади», дея таъна-дашном қилаверибди бояги аёл.
Бутун Ислом оламининг халифаси, дунёнинг ярмини турғизиб-ўтқизаётган ҳукмдор юпун кийинган, кўримсизгина бу аёлнинг маломатларини худди талаба боладай одоб билан, жимгина тинглаяпти, ҳатто эътироз билдира олмаяпти. Бу не ҳол? Халифанинг ҳамроҳлари таажжуб ичра у кишидан: «Эй мўминларнинг амири, бу кампирга ҳам шунчалик тўхтаб, аччиқ-тизиқ гапларини эшитиб ўтирасизми?» деб сўрашди. Бунга жавобан ҳазрати Умар: «Аллоҳга қасамки, агар у эрталабдан кечгача ҳам йўлимдан тўхтатиб ушлаб турса ҳам, фарз намозлари вақтидан бошқа пайтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи?! Бу – Ҳавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Оламларнинг Парвардигори бу аёлнинг сўзларини эшитади-ю оддий банда Умар эшитмасинми?» - дедилар.

Халифанинг келини

Ҳазрати Умар халифалик йўлларида кўпинча Мадина кўчаларини тунда ёлғиз айланар, мусулмонларнинг ҳоли-ҳаётидан, турмушидан шу тариқа хабардор бўлиб оларди. Ўша куни ҳам оддий кийимдаги халифани Мадина кўчаларида кўрганлар таний олишмади, эътибор ҳам беришмади. У катта-катта қадам ташлаб бораркан, чор атрофга синчковлик билан назар ташлар, нигоҳидан майда-чуйда нарсалар ҳам қочиб кутула олмасди. Шу пайт хонадонларнинг биридан икки аёлнинг ғўнғир-ғўнғир гаплашаётгани қулоғига чалинди. Қизиқсиниб деворга яқин борди. Девор ортидан бир хотиннинг қизига айтаётган гаплари баралла эшитилиб турарди:
– Қизим, бугун соққан сутимиз негадир кўзимга оз кўриняпти, шунга бир оз сув қўшиб кўпайтирмасак, бўлмайди, шекилли. Шунга сув олиб келиб бергин.
Қизи ҳайратланиб: «Вой онажон, нималар деяпсиз? Амирал-мўминин сутга сув қўшманглар, деб буюрган эди-ку, - деди. Онаси унга жавобан:
– Қизим, биласанки, тирикчилигимиз сут билан ўтади. Мен бир бева аёлман, бошқа даромадимиз йўқ. Сутга бироз сув қўшсак, кўпаяди, эҳтиёжимизга ишлатамиз, - деди. Аллоҳдан қўрқиш қалбига жо бўлган одобли қиз:
– Онажоним, бугун сизга нима бўлди? Сизнинг бундай деганингизни халифа эшитса, нима бўлади? - деди.
– Қизим, кечаси бу вақтда халифа ухлаб ётибди. Бизнинг бу ерда сутга сув қўшганимизни қандай билади, қандай кўради?! - деди.
Ул муборак қиз онасини гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилиб:
– Онажон! Бугун сизга бир нарса бўлибди! Сиз шундай номақбул сўзларни айтмоқдасиз! Сиз айтган ҳийлани агар халифа кўрмаса, ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ билади ва кўради! Сутга сув қўшиш – гуноҳдир! – деб онасини гуноҳдан сақлаб қолди.
Ҳазрат Умар бу суҳбатни охиригача эшитди. Эртасига эрталаб бу ерга келиб, Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни ўғлига сўради. Ҳазрат Умар ўғлини шу фақир қизга уйлантирди. Ҳазрат Умарнинг ўша муборак келинидан шундай авлодлар – фарзандлар дунёга келдики, улардан бири ҳазрат Умар каби адолатли бўлиб, тарихда иккинчи Умар исмини олди. Бу зот Умар ибн Абдулазиздир. Умар ибн Абдулазиз бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқиб яшайдиган муҳтарам бир зотдир.

Учта гуноҳ

Мадина кўчаларини кезиб, раъият аҳволотидан доимо хабардор бўлиш халифа Умар ибн Хаттобнинг (р.а.) энг суйган машғулотларидан эди. Бу гал ҳам ҳазрати Умар (р.а.) ана шу пойтахт кўчаларини айланиб юргандилар. Бир ҳовли ёнидан ўтиб кетаётиб, эркак ва аёлнинг ғўнғир-ғўнғир гаплашаётганини эшитиб қолдилар. Деворга чиқиб қарасаларки, уларнинг ўртасида ичкилик тўла идиш турибди. Шунда Умар (р.а.) тутоғиб кетиб, эркакка таъна қилдилар:
– Эй Аллоҳнинг душмани, сен қилаётган бу гуноҳ ишлар Аллоҳдан пинҳон қолади, деб ўйлайсанми?
У одам эса хотиржам туриб, халифага жавоб қилди:
– Эй амирал мўминин, мен Аллоҳга бир гуноҳ қилган бўлсам, сиз биратўла учта гуноҳга йўл қўйдингиз. Аллоҳ таоло: «Жосуслик қилманглар!» деган. Сиз бизнинг гапимизни пойлаб, жосуслик қилдингиз. Аллоҳ яна айтганки: «Уйларга эшиклардан киринглар!» Сиз эса девор ошиб тушдингиз. Ва яна Аллоҳ таоло: «Ўзларингизнинг уйларингиздан бошқа уйларга унинг аҳлидан изн сўрамасдан, салом бермасдан кирманглар», дейди. Сиз буни ҳам қилмадингиз.
Умар (р.а.) бу кишининг зукколигига тан бериб, бўшашиб қолди ва ундан шундай деб сўради:
– Бирорта хайрли ишинг бўлса, айт, сени авф қиламан.
– Худо ҳаққи, қайтиб бу ишни ҳеч қачон қилмасликка сўз бераман, - дея узр сўради бояги киши.
– Борақол, сени кечирдим, - дедилар ҳазрати Умар хотиржам бўлиб.

Сотилган шикоят

Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб қоронғу кечаларнинг бирида мўминлар амири Умар ибн Хаттобнинг (р.а.) уйига бориш учун йўлга чиқдилар. Кетаётсалар, йўлда саҳройи одамларнинг йиртиқ кийимларини кийиб олган бир киши йўлларини тўсиб чиқди ва енгларидан тортиб: «Юр мен билан, эй Аббос», деди.
Аббос (р.а.) диққат билан қарасалар, у киши амирал-мўмининнинг ўзлари эканлар. Кўпинча биров таниб қолмаслиги учун кийимларини ўзгартириб, Мадина кўчаларини айланиш, мусулмонларнинг ҳоли-ҳаётидан, турмушидан хабардор бўлиш у кишининг одатларидан эди. Чунки амирал-мўминин Расули акрамнинг (с.а.в.) «Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизлар ва ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсизлар», деган гапларини маҳкам тутган эдилар.
Аббос ибн Абдулмутталиб халифага салом бергач, сўрадилар:
– Йўл бўлсин, эй мўминлар амири?
– Бу зулматли тунда араб маҳаллаларини айланиб чиқмоқчиман, - дедилар ҳазрати Умар (р.а.).
Кеча салқин эди. Ҳамма кечки юмушларини тугатиб, уйқуга ҳозирлик кўраётганди. Ҳазрати Умар чодирлар ва кулбалар оралаб борарканлар, уларнинг ҳар бирини диққат билан кузатар, ниманидир ахтараётганидек баъзан тўхтаб ҳам қолардилар. Айланишни тамомлаб, энди орқага қайтишмоқчи ҳам эдики, тўсатдан бир чодирдан келаётган овоз халифани сергаклантириб қўйди. Секин чодирга яқинлашишди. Унда бир аёл қозон олдида куймаланиб ўтирар, атрофида бир неча бола чирқиллаб йиғларди. Аёл тинмай болаларни овутмоқчи бўлар, «Сабр қилинглар, озгина қолди, ҳозир овқатим пишса, ейсизлар», деб алдарди. Ҳазрати Умар (р.а.) бу ҳолатни кўриб, кайфиятлари бузилди. Ўринларидан жилолмай қолдилар. Шу алфоз анча туриб қолишди. Ниҳоят, Аббос тилга кирди:
– Эй амирал-мўминин! Нега бу ерда турибмиз, юринг кетайлик?!
– Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, токи бу аёл овқатини сузиб болаларига едирмагунча ҳеч қаёққа кетмайман! – дедилар ҳазрати Умар.
Вақт ўтиб борарди. Болалар ҳамон йиғидан тўхтамас, аёл эса «Сабр қилинглар, ҳозир овқатни сузаман, озгина қолди», деб такрорлашдан чарчамасди. Ҳазрати Умар чидаб туролмадилар ва Аббосга:
– Юр, ичкарига кирайлик-чи, нима гап экан? – дедилар. Икковлон орқама-орқа чодирга киришди. Ҳазрати Умар аёлга салом бердилар.
– Ассалому алайкум!
– Ва алайкум ассалому ва роҳматуллоҳу ва барокатуҳ, – деб гўзал жавоб қайтарди бояги аёл.
– Болаларга нима бўлган, нега улар йиғидан тўхташмаяпти? – сўрадилар ҳазрати Умар (р.а.).
– Қоринлари оч.
– Нега қозондаги овқатдан бермаяпсан?
– Овқат бўлганда, бермасмидим. Уларни алдаб, овунтириб ўтирибман, холос. Зора, йиғидан чарчаб ухлаб қолишса. Уларга едирадиган ҳеч нарса йўқ! – деди аёл бўшашиб. Ҳазрати Умар (р.а.) қозонни кавлаб кўрдилар. Озгина сув ичига бир неча майда тош ташлаб кавлаб ўтирган экан.
– Нега бундай ночор аҳволда қолдинг? – сўрадилар амирал-мўминин.
– Менинг ҳеч кимим йўқ, на ака-укам, на отам, на эрим... Бирортаям қариндошим йўқ, ёлғиз аёлман.
– Унда нега мўминлар амирига бориб, аҳволингни тушунтирмадинг? Байтул-молдан бирор нарса берарди-ку!
– Валлоҳи, Умар менга зулм қилди, – деди аёл. Аёлнинг бу гапидан ҳазрати Умар (р.а.) даҳшатга тушди, вужудлари қалт-қалт титрай бошлади, пешоналаридан совуқ тер чиқиб кетди.
– Эй хола, Умар сенга нима зулм қилди? – деб сўради халифа аранг тилга кириб.
– Ҳа, Худо ҳаққи, Умар бизга зулм қилди. У бошлиғимиз эди, қўл остидаги ҳар бир одамнинг ҳол-аҳволидан огоҳ бўлиб туриши мумкин эди. Ахир мусулмонлар орасида мендақа сербола, ночор, ёрдам ва шафқатга муҳтож оилалар бор-ку!
– Умар сенинг аҳволингни қаердан билсин? Сен унга арз билан бориб, аҳволингни маълум қилиб қўйишинг керак эди., – деди ҳазрати Умар (р.а.).
– Йўқ, валлоҳи, ҳақиқий бошлиқлар қарамоқларидаги одамларнинг нимага муҳтожлигидан доимо хабардор бўлишлари керак. Эҳтимол, мендақа камбағалнинг ҳаёси йўл қўймай, бошлиқ олдига боришга ийманар...
– Ҳақ гапни айтдинг! – деди ҳазрати Умар (р.а.). – Болаларни озгина тинчитиб тур, мен ҳозир келаман!
Ҳазрати Умар (р.а.) Аббосни етаклаб чиқиб кетди. Хазинага бориб, ичкарига киришди. Ҳазрати Умар (р.а.) битта қопга унни тўлдириб, Аббос ёрдамида елкага олдилар. Кўзада турган ёғни Аббосга кўтартириб, икковлон бояги аёлнинг чодирига жўнашди. Йўл хийла олис эди, қопдаги ун ҳазрати Умарнинг (р.а.) пешонасига, кўз-юзига тўкилиб борар, терга қоришиб қотиб қоларди. Халифанинг чарчагани ва қийналаётганини кўрган Аббос ёрдамлашмоқчи бўлди.
– Ота-онам сизга фидо бўлсин, амирал-мўминин. Чарчаб кетдингиз, қопни мен кўтариб олай!
– Йўқ. Худо ҳаққи, сен қиёмат куни бўлганда, менинг гуноҳ ва зулмимни кўтара олмайсан. Эй Аббос, шуни билиб қўйки, зил-замбил тоғларнинг оғирлигини кўтариш охиратда катта-кичик жиноятлар азобини кўтаришдан осонроқ. Юрақол, Аббос, болалар чарчаб ухлаб қолмасларидан етиб борайлик!
Ҳазрати Умар (р.а.) ва Аббос қадамларини тезлатишди. Чодирга етиб келганларида иккови ҳам ҳолдан тойиб, мадордан кетиб бўлишганди. Қоп елкадан тушди. Ҳазрати Умар (р.а.) ўчоқ бошига бориб, қозон ичидаги тошларни тўкиб ташлаб, тозалади. Унга ёғ солиб, ўт ғалади. Ўтин ҳўл экан, анчагача тутаб ёнмади. Халифа энгашиб, ўтинга пуфлай бошлади. Бу юмушларни Аббос қилмоқчи эди, халифа кўнмади. Қозонга ўзи ёғ солиб, ун билан аралаштириб, таом тайёрлай бошлади. Овқат пишгач, ўзи уни совутиб болаларга едирди. Уларнинг қорни тўйиб, ўйнай бошлаганларидан кейингина кўнгли тасалли топди. Бу ишларни ҳайрон бўлиб кузатиб турган аёл ҳазрати Умарга (р.а.) шундай деди:
– Ҳой яхши одам, аслида Умарнинг ўрнига сен лойиқ одам экансан!
Шунда ҳазрати Умар ўнғайсизланиб:
– Мен амирал-мўмининнинг яқинларидан бўламан. Мен аҳволингни унга тушунтириб қўяман. Эртага унинг ҳузурига боргин, мен ҳам ўша ерда бўламан. Иншааллоҳ, ҳаммаси яхши бўлади, – деди.
Икковлон аёл билан хайрлашиб ташқарига чиқди. Шундагина халифа енгил тин олиб, чуқур хўрсинди:
– Бугун ғалати тун бўлди, эй Аббос! Валлоҳи, ўша аёлнинг болаларини тош қайнатиб алдаётганини кўрганимда, гўё тоғлар силкиниб, елкамга ағдарилгандай бўлди. Масаллиқни келтириб, овқатни пишириб уларга едирганимдан кейингина ўша зил-замбил тоғ елкамдан тушди. Алҳамдулиллаҳки, бир ҳақсизликнинг олди олиб қолинди.
Халифа ва Аббос ўша тун бирга қолишди. Ҳазрати Умар (р.а.) тонг отгунча тўлғониб ухлолмай чиқди. Эртасига тонг отгач, ўша аёл халифа ҳузурига кириб келди. Ҳазрати Умарни (р.а.) бошқа кийим, бошқа мақомда кўриб қолиб, қўрққанидан дағ-дағ титрай бошлади. Аммо халифа унга далда берди:
– Қўрқманг, сизни бу ерга таклиф этишдан мурод, кеча сиз мендан Аллоҳга шикоят қилган эдингиз. Шу шикоятингизни мен сотиб олмоқчиман, қанчага сотасиз?
Аёл ҳам қўрқув, ҳам таажжубдан тили калимага келмасди.
– Эй Аббос, сиз гувоҳ бўлинг, – деди халифа ўрнидан туриб, ўша шикоятни ўз пулимдан 500 динорга сотиб олдим.
Ҳазрати Умар (р.а.) пулни санаб, аёлга узатди. Ундан етказилган озор учун қайта-қайта узр сўради. Унга ва болаларига Байтул-молдан ҳар ойга етгудай миқдорда нафақа тайинлади ва унинг ижросини доимо назорат қилиб юрди.

Бола билан суҳбат

Ҳазрати Умар (р.а.) эрта тонгда масжидга боришни одат қилгандилар. У киши ҳали азон айтилмасдан масжидга кириб, намоз вақти бўлишини кутиб ўтирардилар.
Ўша куни ҳам тонг отмай, масжидга отланиб, йўлга чиқдилар. Кўчада шошилинч кетиб борарканлар, бир болага кўзлари тушди. У ҳам қаёққадир шошилиб кетаётганди. Ҳазрати Умар (р.а.) қизиқсиниб болакайдан сўрадилар:
– Эй болам, эрта тонгда бунчалик шошилиб қаёққа кетяпсан?
– Намоз ўқиш учун масжидга боряпман, – бурро жавоб қилди ўша бола, – намоз вақти яқинлашиб қолди. Менинг эса таҳоратим йўқ эди, шунинг учун азон айтилмай туриб, таҳорат олишим ва намоз вақтини кутишим керак. Шунинг учун шошиляпман.
Ҳазрати Умар (р.а.) боланинг жавобидан суюнди, аммо уни бир синаб кўриш учун яна саволга тутди:
– Болам, ҳали жуда ёш кўринасан, ҳатто намоз ҳам фарз бўлмаган, сенга қийин бўлмаяптими?
Аммо бола саволга довдираб қолмади, аксинча, бир ҳаяжон ичида қизғин жавоб қилди:
– Ҳазратим, наҳотки, бу ишда ёшнинг аҳамияти бўлса? Кеча маҳалламизда мендан ҳам ёшроқ бир бола вафот этди. Демак, менга ҳам шунча йил яшайсан, деб кафолатлаб қўйилмаган. Шунинг учун ибодат қилишга ошиқаман.
Ҳазрати Умар (р.а.) боланинг бу қадар зукколик билан айтган жавобидан ҳангу-манг бўлди, икки қарама-қарши туйғу оҚушида қолди. Бир томондан боланинг кичик ёшдаёқ Аллоҳдан қўрқиб, унинг ибодатига шошганидан қувонган бўлса, иккинчи томондан ақлини таниган кап-катта одамларнинг ғафлатда, жаҳолатда юрганидан мутаассир бўлиб, қайғу чекди.

Аллоҳнинг қадаридан...

Умар (р.а.) бир неча мулозимлар билан Шом сафарига чиқди. Мақсад – у ердаги мусулмонларнинг аҳволини ўз кўзи билан кўриш, ҳолидан хабар олиш, Шом волийси, машҳур саҳобий Абу Убайда ибн Ал-Жарроҳнинг арзи-илтимосларига қулоқ осиш эди. Ўнлаб отлар карвони кечга яқин Ҳижоздан келадиган йўлда биринчи бўлиб тўқнашиладиган Шом қишлоғи – Сирғга етиб келди. Бу ерда халифа Умар ва унинг йўлдошларини Ажнод (Фаластин, Ўрдун, Дамашқ, Химс, Қунсурайн) амирлари Шом волийси бошчилигида кутиб олгани чиққан эканлар.
Абу Убайда ҳазрати Умар отининг жиловидан ушлаб, халифанинг эгардан тушишига ёрдамлашди. Икковлон қучоқлашиб кўришишди. Ҳол-аҳвол сўрашилди. Халифа Умар Расулуллоҳнинг машҳур саҳобаларидан доно ва жасур Абу Убайдани жуда ҳурматлар, унинг дилини ранжитмасликка тиришарди. Абу Убайда гап орасида Шомда вабо тарқаганини айтиб қолди. Ҳазрати Умар бир сапчиб тушдилар. Вабо давоси мушкул, ўта юқумли касаллик бўлганидан бирор тадорикини топиш лозим эди. Ҳазрати Умар ибн Аббосга юзланиб буюрдилар:
– Эй Аббоснинг ўғли, менга биринчи муҳожирларни чақириб кел.
Ибн Аббос ҳамсафарларидан бир неча кишини бошлаб келди. Ҳазрати Умар уларга маслаҳат солдилар: «Шомда вабо тарқалибди. Нима қиламиз – кириб бораверамизми ёки ортга қайтамизми?» Муҳожирлар тортишиб қолишди. Бирлари Шомга бораверишни маслаҳат беришса, бошғалари беҳуда ҳалок бўлмаслик учун Ҳижозга қайтмоқни мақбул кўришарди. Ҳар иккови томоннинг гаплари ҳам жўялига ўхшаб кўринарди:
– Шомлик мусулмон биродарларимизнинг ҳолидан хабар олгани чиққан эдик. Бу хабарни ҳамма эшитган, дўст-душман қараб турибди. Дўстларимизни ҳафа қилиб, душманларимизни шод қилиб, ортга қайтсак, қандоқ бўларкин?
– Сен билан шунча одам Шомга кетяпти. Улар орасида Расулуллоҳнинг саҳобалари, Ясрибнинг машҳур аъёнлари ҳам бор. Шунча одамни вабо тарқаган жойга олиб бориш уларни ўлимга маҳкум қилмоқ ила баробар эмасми?
– Жўнанглар олдимдан, – деди ҳазрати Умар уларнинг ихтилофга бораётганларидан тутоғиб. Сўнг Аббосга буюрдилар:
– Менга ансорийларни чақириб кел!
Улар ҳам муҳожирлар каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вабо ҳақидаги кўрсатмаларидан бехабар эканлар. Ансорлар ҳам иккиланиб қолишди. Умар ноилож ҳамсафарларидан бошқа бир гуруҳни чорлашга жазм этди:
– Менга ҳув анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел!
Фатҳ муҳожирларидан икковининг ҳам гапи бир жойдан чиқди: «Одамлар билан орқага қайтишни, вабо тарқаган жойга бормасликни маслаҳат берамиз!»
Ниҳоят, ҳазрати Умарнинг кўнгли таскин топди. У одамлар орасига жарчи юборди: «Ҳаммага маълум қил, эрта тонг чоғи уловимга минурман, орқага қайтурмиз!»
Шунда Абу Убайда шундай деб қолди:
– Аллоҳнинг қадаридан қочибми?
Шом волийсининг бу гапи ҳазрати Умарга малол келди, оғир ботди. Аммо сиртига чиқармади. Чунки халифа шундай машҳур саҳобийни хафа қилиб қўйишдан қўрқарди. Буни Расули Акрамга (с.а.в.) хиёнат деб тушунарди. Лекин барибир бироз оғринганларини изҳор қилиб қўйди:
– Бу гапни сендан кутмагандим, эй Абу Убайда. Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочяпмиз. Мана сенинг бир қанча туянг бўлса-ю уларни иккига бўлинган водийда ўтлатаётган бўлсанг. Бўлакларнинг биринчисида ўт-ўлан мўл-кўл, иккинчиси эса қуп-қуруқ, қовжираган. Туяларни у ўтлоқда ҳам Аллоҳнинг қадари билан боқасан, бунисида ҳам Аллоҳнинг қадари билан боқасан...
Шу пайт аллақаёққа ҳожати билан кетиб қолган Абдураҳмон ибн Авф келиб қолди-ю тортишувга нуқта қўйилди. Ҳазрати Умар тортишувга сабаб бўлган вабо ҳақида сўради. Абдураҳмон ибн Авф шундай деди:
– Бу ҳақда менда илм бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қачон бирор ерда вабо чиққанини эшитсангиз, у ерга борманг, қачон сиз турган ерга вабо тарқаса, ундан қочиб чиқманг», деганларини эшитганман.
Ҳазрати Умарнинг юзларига табассум қалқди: «Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарларнинг саййиди шундай деб кўрсатма берган эканлар-у боядан бери нега беҳуда тортишиб ўтирибмиз». У киши ҳамроҳларига буюрдилар:
– Қани отларга мининг! Ҳижозга кетурмиз. Шомга эса кейинроқ келурмиз. Хуш қол, эй Абу Убайда! Хуш қолинг, Ажнод амирлари!

ҲАЗРАТИ УМАРНИНГ АДОЛАТИ
Одиллик шамшири

Ҳазрати Умар (р.а.) раъиятни қаттиққўллик билан бошқарсалар-да, мўмин-мусулмонлар ҳам, ҳаттоки зиммийлар ҳам у кишидан норози бўлмасдилар. Чунки Умар ибн Хаттоб адолат билан иш тутардилар. Ҳукм чиқарганда икки томоннинг обрў-мартабаси-ю бой-камбағаллиги, ҳукмдору-қул эканлигини ҳисобга олмас, Ислом шариатига, Аллоҳнинг буйруғи-ю Расулуллоҳнинг (с.а.в.) суннатларига амал қилардилар.
Ҳазрати Умарнинг халифалик даврларида Ислом давлати бир неча вилоятларга бўлинган, уларнинг ҳар бирига алоҳида волий (ҳоким) тайин этилган эди. Халифанинг ўзлари Мадинада волий эдилар. Маккада Нофиъ ибн Абдулхорис Ҳузоий, Тоифда Суфён ибн Абдуллоҳ, Басрада Абу Мусо ал-Ашъарий, Дамашқда Муовия ибн Суфён, Мисрда Амр ибн Ос, Фаластинда Алқама ибн Муҳаззаз волий эдилар. Улар халққа ҳам, армияга ҳам, дин ишларига ҳам раҳбар эдилар.
Халифа давлат амалдорлари учун қуйидаги тўрт қоидани ишлаб чиққанди:
1. Ҳеч қачон от ёки извошда юрмаслик;
2. Ҳеч қачон нафис, гўзал матодан кийим киймаслик;
3. Ҳеч қачон лаззатли таом емаслик;
4. Муҳтожлар келганда, ҳеч қачон эшикни ёпиб олмаслик ва ташрифчиларни қабул қилувчи ҳожиб (махсус ходим) тутмаслик.
Умар ибн Хаттоб бир қўлларида дарра, иккинчи қўлларида адолат шамширини маҳкам тутиб, идора этганлари боис у зот ноҳақ бирор кишига зулм етказмадилар, ноўрин жазоламадилар. Аксинча, гуноҳ иш қилган кимса ўзининг бойлиги, насл-насаби, мартабасига қарамай, халифанинг даргоҳларидан қочиб қутула олмади.
Ҳазрати Умар (р.а.) амалдорлар пора олишмасин, деб уларни бирор ерга ишга юборишдан олдин барча мол-мулкини ҳисобга олдирардилар. Орадан вақт ўтгач, ана шу мулкни тафтиш қилиб, текширтирардилар. Агар текширувда мулк аввалгисидан кўпроқ чиқиб қолса, ортиқчасини давлат хазинасига – Байтул-молга олдириб қўярдилар. Масалан, Канона араблари ҳузурига закот омили (йиғувчи) бўлиб борган Утма ибн Абу Суфён Мадинага қайтиб келганида, унинг ортиқча мол-мулки Байтул-молга қўшиб олинган. Унинг «Мен буни савдогарчилик қилиб, ҳалол йўл билан кўпайтирганман», деган баҳоналари ҳам инобатга ўтмаган.
Шунингдек, Умар ибн Хаттоб (р.а.) Холид ибн Валиднинг Ашъас ибн Қайсга ўн минг дирҳам мукофот берганларини эшитиб қолиб қаттиқ ғазабландилар. Холид ибн Валидни вазифасидан бўшатдилар ва барча пулни хазинага мусодара қилиб олиб қўйдилар. Кейинчалик Усмон ибн Аффон даврларида хазина молини ўз манфаати йўлида тасарруф қилиб, баъзи амалдорларни мукофотлар эвазига ўз томонига оғдириб олган Муовия каби зотлар ҳам ҳазрати Умар даврларида бундай ярамас ишларга қўл уришга ботина олмаган эдилар.
Ҳазрати Умар (р.а.) қўл остиларидаги волийларга халқ орасида адолатни маҳкам ушлашга, катта-кичик, бой-камбағал, аслзода-оддий фуқаро орасини айирмасдан, ҳаммага бир текис кўз билан қарашни буюрдилар. Қайси бир ўлкадан элчи ёки шикоятчи келса, энг аввало волийлар ҳақида сўрар эдилар: «Касалларингизни бориб кўрадими? Қулларни зиёрат этадими? Заиф, бечораларга юмшоқлик билан муомалада бўладими? Муҳтож, ночорлар ҳолидан хабардорми? Шикоятчилар, ҳожатмандлар учун эшиги доимо очиқми?» деган саволларни берардилар. Агар бирор саволга «йўқ» деган жавоб олсалар ва бу далил текшириб кўрилганда исботини топса, ўша волийнинг ҳолига вой, деяверинг, у тўхтовсиз ишдан бўшатиларди. Ҳазрати Умар адолат бузилмасин, деган мақсадда далилларини жуда мукаммал текширтирардилар. Агар текширув натижаси волийни бўшатишни тақозо этса, қандай мартабали киши бўлмасин, уни вазифасидан тўхтовсиз олиб ташлардилар.

Қасос ҳаммадан олинади

Бир куни мисрлик бир қибтий Умар ибн Хаттобнинг (р.а.) ҳузурларига келиб, Миср волийси Амр ибн Оснинг ўғлидан шундай шикоят қилди: «Мен пойгада Амрнинг ўғлидан ўзиб кетсам, у алам қилиб, мени қамчи билан ноҳақ урди, устингдан халифага шикоят қиламан, десам, «Биз аслзодалармиз, ҳеч ким бизни тергай олмайди, қўлингдан келганини қил», деб мени ҳақоратлади».
Ҳазрати Умар (р.а.) дарҳол Амр ибн Осга хат ёзиб, ўғли билан зудликда Мадинага етиб келишига амр этди. Ота-бола шошилинч етиб келиб, халифанинг ҳузурига кириб боришди. Уларни кўрган халифа бояги мисрлик қибтийни чақиртирди. Қўлига қамчи тутқазиб, волий Амрнинг ўғлини калтаклашга буюрди. Ҳар урганда ҳазрати Умар (р.а.) «Ур аслзоданинг боласини!» деб турдилар. Амрнинг ўғлини уриб, қасосини олган қибтийга энди унинг отасини уришга буюрдилар. Аммо мисрлик «Отасида қасдим йўқ, ўғлидан қасосини олдим», деб халифани хотиржам қилди.
Амр ибн Ос ҳазрати Умарга (р.а.) ушбу воқеадан мутлақо бехабар эканликларини айтиб, узрхоҳлик қилди. Аммо халифа бунинг баҳона бўлмаслигини айтиб, Амрни шундайин таънаомуз сўзлар билан койидилар: «Сизлар қачондан буён халқни ўзингизга қул қилишга бошладингиз. Ҳолбуки, уларни оналари озод, ҳур ҳолда туққан-ку!» Умарнинг (р.а.) адолатларини қарангки, шикоятчи оддий мисрлик бир қибтий бўлса, Амр ибн Ос эса бутун Миср ўлкасининг волийси, янгича таъбир билан айтганда, генерал-губернатори вазифасидаги киши бўлган.
Ҳазрати Умар (р.а.) бир ҳаж мавсумида бутун халқни йиғиб, волийлар иштирокида уларга хутба сўзладилар: «Эй халойиқ, мен ушбу волийларимни сизга ҳақлик билан ҳукм юргизишлари учун юборганман. Асло сизнинг танингизга, молингизга эгалик қилиш учун жўнатмаганман. Ҳозир кимда-ким булардан зарар ёки азият кўрган бўлса, туриб очиқ айтсин!» Шу пайт бир киши ўрнидан туриб, Миср волийси унга ноҳақ равишда юз дарра урганлигини айтиб берди. Буни эшитган ҳазрати Умар (р.а.) хафа бўлиб, ўзларини қўйгани жой тополмай қолдилар ва Миср волийсини саволга тутдилар: «Нима учун юз қамчи урдинг?» Ундан маънилироқ асосни эшитмаган халифа ундан қасос олишга амр этдилар. Бу буйруқни эшитган Амр ибн Ос чидаб туролмай, ўриндан туриб кетди ва халифани бу йўлдан қайтармоқчи бўлди: «Эй амирал-мўминин, агар сиз бундай йўл тутсангиз, волийларга оғир ботади, уларнинг халқ олдидаги обрўсига путур етади. Сиздан кейинги халифаларга ҳам ушбу иш одат бўлиб қолади».
Ҳазрати Умар (р.а.) бунга жавобан: «Нечун қасос олинмаслиги керак? Ҳатто Расулуллоҳ ҳам ўзларидан қасос олдирганлар, олдирар эдилар», дедилар-да, бояги шикоят қилган одамга буюрдилар: «Волийни юз қамчи ур!»
Амр ибн Ос қарасалар, халифа ниятидан қайтадиган ҳолатда эмас. Энди ўзга чора қолмаганини тушунган волий ҳазрати Умарга (р.а.) ялинишга тушди: «Эй мўминлар амири, ҳеч бўлмаса, бизга ҳар қамчи ўрнига пул бериб, ризо қилишга рухсат этинг!» Халифа рози бўлдилар. Волий бояги одамни ҳар қамчи учун икки динордан олишга кўндирди ва икки юз динор баробарига муқаррар қасосдан қутилиб қолди.

Волийнинг тавбаси

Бир куни ҳазрати Умар (р.а.) Мадина кўчаларида кетиб бораётсалар, бир одам йўлларини тўсиб чиқиб, у кишига таъна-маломатлар ёғдира бошлади: «Эй мўминлар амири, сен волийларингга ёлғиз панд-насиҳат қилиш билан Аллоҳнинг азобидан қутилиб қоламан, деб ўйлайсанми? Ҳолбуки, Мисрдаги волийинг Иёз ибн ҳанам Пайғамбар алайҳиссалом тақиқлаганига қарамай, нафис ипак кийимлар кияди, шикоятчи – ҳожатманд кирмасин, дея эшигида соқчи ҳам сақлайди».
Бу гапни эшитган ҳазрати Умар (р.а.) қаттиқ хафа бўлдилар, ҳатто шу жойнинг ўзидаёқ тафтишчилар бошлиҚи Муҳаммад ибн Масламани топтириб келдилар. Уни Мисрга боришга ва юртнинг ўша пайтдаги волийси Иёзни қандоқ ҳолда топса, шундайлигича Мадинага олиб келишга амр этдилар. Текширишдан маълум бўлишича, Иёз нафис кийимлар ҳам кийган, эшигида соқчи ҳам ушлаган экан.
Иёзни ҳазрати Умарнинг (р.а.) ҳузурига олиб киришди. Халифа Иёзни ечинтириб, устига дағал жундан тўғилган қора чакмонни кийгиздириб, қўлига чўпонлик таёғини тутқаздилар-да, «Энди сен бориб, манови қўйларни боқиб келасан!» дедилар. Иёз бундан қатъиян бош тортди: «Мен катта ўлканинг волийси бўлсам, қўй боқаманми? Менга бундан ўлим яқинроқ!» деди. Ҳазрати Умар (р.а.) яна буйруқларини такрорладилар. У эса яна тихирлик қилиб туриб олди. Бундан ғазабланган ҳазрати Умар (р.а.): «Сенинг отанг қўй боққанлиги учун ҳанам (яъни, қўй) деб номланган бўлса керак, сен нега қўй боқишдан ор қиласан?» дедилар. Халифа билан тортишиб баттар обрўси расво бўлишини тушунган Иёз ялиниб-ёлборишга тушди: «Албатта, ўзимни тузатаман, хатоларни ҳаргиз қайтармайман!» Шундан сўнггина Умар (р.а.) Иёзнинг чакмонини ечишга буюрдилар ва аввалги вазифасига қайтардилар.

Саройга ўт қўйилди

Куфа шаҳри барпо қилинганида, шаҳар ҳокими учун бошғаларидан кўра юксакроқ ва ҳашаматлироқ, кўркамроқ ва безаклироқ бир бино тикланди. Бу иморат халқ тилида «Саъднинг саройи», деб юритиладиган бўлди. Мазкур сарой солинган жой бозор майдонига яқин бўлиб, бозордагиларнинг товуши, ғала-ғовури баралла эшитилиб турарди. Саройнинг эшик оғаси бўлиб, халқ билан ҳукмдорнинг ўртасида ўша воситачи эди.
Бир куни Саъд эшик оғасига «Бозордагилар товушларини кўтариб сўзлашмасинлар», деб амр этган эмиш, деган гаплар оралаб қолди. Охири бу гап ҳазрати Умарнинг (р.а.) ҳам қулоқларига етиб борди. У киши дарҳол тафтишчилар раиси Муҳаммад ибн Масламани чақириб: «Куфага тез етиб боргин-да, Саъд саройининг дарвозасини ёндириб ташла, мана бу мактубни эса Саъднинг ўзига топшир», дея қўлига бир мактубни тутқаздилар.
Муҳаммад ибн Маслама Куфага етиб келиб, Саъдга билдирмай, улкан сарой дарвозасига ўт қўйиб юбордилар. Саъд бўлган воқеанинг тагига етгач, Муҳаммад ибн Масламани таниб қолди ва саройга таклиф этди. Тафтишчилар раиси саройга боришдан бош тортди. Охири ноилож қолган Саъднинг ўзи Муҳаммаднинг олдига келиб, ўз уйига меҳмонга таклиф этади. Муҳаммад ибн Маслама бу таклифни ҳам кескин рад этади. Охири Саъд раисга йўл кира, озиқ-овқат учун ул-бул нарса тайёрлаб келади. Муҳаммад буни олишга ҳам рози бўлмайди. Бунинг ўрнига Саъдга халифа Умарнинг (р.а.) мактубини топширади.
Мактубда шундай қаҳрли сўзлар ёзилганди: «Сен ўзингга ҳашаматли сарой солдириб, халқдан ажралиб яшар экансан, саройинг халқ тилида «Саъднинг саройи» номи билан машҳур экан. Халқнинг бемалол кириши учун тўсиқ қилиб, дарвоза ҳам қуриб, ҳатто эшик оғаси ҳам қўйган эмишсан. У сенинг саройинг эмас, фасод саройидир. Бундан кейин саройга дарвоза қурдириб, халқнинг киришига монеълик қилма!»
Саъд мактубни бошдан-оёқ ўқиб чиқиб, қаттиқ изтиробга тушди. У Муҳаммад ибн Масламага қасам ичиб, халқ орасида юрган гап-сўзлар ёлғонлигини, ҳеч қачон бундай гап айтмаганини исботлади. Муҳаммад ибн Маслама Мадинага қайтиб келиб, Саъднинг қасам ичиб айтган гапларини етказгандан кейингина ҳазрати Умар (р.а.) қаноат ҳосил қилиб, хотиржам бўлдилар.

Зўравонлик кетмайди

Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб (р.а.) бир гал Аббос ибн Абдулмутталиб (р.а.) ҳовлисининг ҳисобига Масжидул Ҳаромни кенгайтирмоқчи бўлдилар. Аббос ибн Абдулмутталибнинг ҳовлилари масжидга қўшни эди. Ҳазрати Умар (р.а.) ундан ҳовлисининг баҳосини сўрадилар. Аммо Аббос ҳовлини сотишга кўнмади:
– Йўқ, амирал мўминин, бу нарсага рухсат этмайман. Умид қиламанки, халифа сифатида зўрлик билан тортиб ҳам олмайсиз.
– Хўш, унда нима қилай? – сўрадилар ҳазрати Умар (р.а.).
– Эй амирал мўминин, унда икковимизнинг ўртамизни адл ажрим қилиб берадиган одил қозини танланг, – деди Аббос.
– Қозини сен танлашинг керак, токи мансабидан фойдаланиб, менга зулм кўрсатди, дея таъна-маломат қилмаслигинг учун сен танлаганинг маъқулроқ, – дедилар ҳазрати Умар (р.а.).
Аббос ибн Абдулмутталиб (р.а.) Шурайх исмли қозини танлади. Унинг таклифига халифа ҳам рози бўлди.
– Унда Шурайҳга одам жўнатинг, ҳузурингизга етиб келсин, - деди Аббос.
– Йўқ, у келмайди, билъакс биз унинг ҳузурига борамиз, - деди Умар ибн Хаттоб (р.а.).
Шундан сўнг икковлон қозининг маҳкамасига йўл олишди. Ҳазрати Умар (р.а.) у ерда Аббос (р.а.) билан ёнма-ён тик турдилар. Қози эса ўтирган ҳолатда воқеани батафсил диққат билан эшитди. Ниҳоят, у ҳукм қилиш олдидан:
– Эй амирал мўминин, – дея ҳазрати Умарга (р.а.) илтифот билан мурожаат қилди. Ҳазрати Умар (р.а.) бундан нарозиландилар:
– Менга бундай мурожаат қилманг, зеро, қози хузурида ҳамма тенг ҳуқуқли бўлиши керак. Шундоқ экан, номимни атаб гапираверинг.
– Эй Умар, менга қулоқ солинг, - деди қози.
– Нима дейсиз, эй Шурайҳ?
– Шубҳасиз, Аллоҳнинг набийи бўлмиш Довуд алайҳиссалом ҳам Масжидул Ақсони ёнидаги ҳовли ҳисобига кенгайтирмоқчи бўлганларида, Аллоҳ таолодан шундай ваҳий келганди: «Эй Довуд, Менинг Уйимга бошқанинг уйини қўшиб кенгайтирмагин. Ҳаромдан энг узоқ уй Менинг Уйимдир».
Қози шундай деди-ю ҳазрати Умарнинг (р.а.) даъвосини рад этувчи ҳукм чиқариб берди.
Маҳкамадан қайтишаётганда, Аббос (р.а.) бирдан ҳазрати Умарга (р.а.) шундай деб қолдилар:
– Эй амирал мўминин, Аллоҳ таоло номига қасамки, қози чиқарган ҳукмни эшитгандан сўнг ризои нафс билан Аллоҳнинг байти учун уйимни қўшиб беришга рози бўлдим. Албатта, кимники бўлишидан қатъий назар, бирорта уй пул ёки зўравонлик эвазига олинмайди. Ҳақлар ҳам тортиб олиниши лозим эмас. Ҳақ-ҳуқуқлар ҳар қандай ҳолатда ҳам ризолик ва адолат билан ҳал этилади.
Ҳазрати Умар (р.а.) Аббос ибн Абдулмутталибнинг (р.а.) бу гапларини тасдиқлашдан бошқа илож тополмадилар.

Иззат – Исломдадир!

Тарих китобларида ҳазрати Умарнинг (р.а.) фатҳ этилган Қуддус шаҳрига кириб боришлари шундай тасвирланган: Қуддусликлар «халифангиз келсагина шаҳарни сизларга топширамиз», дейишади. Ҳазрати Умар (р.а.) бир туя, бир хизматкор билан Мадинадан Қуддусга равона бўладилар. Камтарликни қаранг. Дунёнинг ярмини бошқариб турган амир хоҳлаганида аркони давлат билан, асъасаю дабдаба билан йўлга чиққан бўларди. Аммо унинг хизматкордан бошқа кузатувчи йўқ, қўриқчиси йўқ, қилич-қалқон, ўқ-ёй йўқ.
Адолатли Умар (р.а.) хизматкор ва ўзлари навбат билан туяга миниб боришаверди. Қуддусга яқинлашганларида шаҳар аҳли «халифа келяпти», деб дарвоза калитларини топшириш учун унинг истиқболига чиқади. Шунда туяга миниш навбати хизматкорда эди. У туяда, халифа эса пиёда келяпти. Бир жойда халифа Умар (р.а.) сувдан кечиш учун почаларини шимариб олади. Энди бир тасаввур қилиб кўринг: «Ислом олий давлатининг бош раҳбари яланг оёқ, бош яланг, почалари шимарилган ҳолда мағлуб шаҳарга кириб бораётир... Қуддусни қамал қилган Ислом лашкарининг бош қўмондони бу кўринишдан хижолат бўлиб, халифага таъна қилади:
– Эй Умар (р.а.), айб бўлди, бу ҳолдан биз уяламиз.
Ҳазрати Умар унинг кўксига бир уриб:
– Йўқол кўзимдан! Агар шу сўзингни олдинроқ айтсайдинг, вазифангдан олиб ташлардим. Иззат – Исломдадир, қилиқ-қиёфада эмасдир! – дедилар.

Баридан воқиф

Умар (р.а.) халққа эътиборли, заифларга яхшилик қилувчи, ҳақиқат борасида қаттиққўл ва одамларнинг барини баробар кўрадиган халифа эдилар. Умар (р.а.) одамларга бериш учун ўзларини маҳрум қилар ва улар тўйишлари учун оч қолар эдилар. Одамларнинг уйларидан, манзилларидан хабардор бўлиб турардилар.
Бир куни бозорда садақа сўраётган қарияни кўрдилар ва: «Эй шайх, нима қилаяпсан?» деб сўрадилар. Қария: «Мен ёши улуғ қарияман, ёрдам ва нафақа сўраяпман», деди. У Мадина ахолисидан бўлган яҳудий эди. Умар (р.а.) буюк инсоний хислат эгаси эдилар. Шундан унга: «Эй шайх, биз сенга инсоф қилмадик. Ўшлигингда сендан жизя олиб қариганингда ташлаб қўйдик», дедилар-да, унинг қўлидан ушлаб уйига олиб бордилар. Унга зарур миқдорда озиқ-овқат тайин этдилар ва Байтулмол хазиначисига: «Бу ва бунга ўхшашларнинг ўзи ва аҳлига етарли миқдорда маблағ ажрат», деб одам юбордилар.

* * *

Бир марта Умар (р.а.) Мадина кўчаларида юргандилар, озғинликдан тўзиб кетган қизчани кўриб қолдилар. Қиз бир турар, бир йиғиларди. Шунда Умар (р.а.): «Бу қизалоқнинг айби нима?! Гуноҳи не?! Қайси бирингиз бу қизчани танийсиз?» дедилар. Ўғиллари Абдуллоҳ: «Танимадингизми, эй мўминларнинг амири?» деганда, у киши: «Йўқ», дедилар. Абдуллоҳ айтдилар: «Бу – қизларингиздан бири!».
– Бу қайси қизим?
– Умарнинг ўғли Абдуллоҳнинг қизи Фалона.
– Эссиз, унинг бу ҳолга тушишида нима сабаб бўлди?
– Сиздаги нарса бундан тўсиб қўйди.
– Аллоҳга қасамки, менда мусулмонларникичалик ҳаққингдан бошқа нарса йўқ. Бу мен ва сизнинг ўртангиздаги Аллоҳнинг китоби (фарзи)дир.

* * *

Мадинага тижоратчилар карвони келди. Унда аёллар ва болалар ҳам бор эди. Умар (р.а.) Абдураҳмон ибн Авфга (р.а.): «Бу кеча уларга қўриқчилик қиламизми?» дедилар. Уларни қўриқлаб кеч киритишди. Аллоҳ фарз этган намозларини ўқишди. Шунда Умар (р.а.) бир гўдакнинг йиғисини эшитдилар ва у томон юрдилар. Унинг онасига: «Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара», дедилар, сўнг ўз ўринларига қайтдилар.шунда яна йиғи овозини эшитиб, онасига: «Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара», дедилар-да , жойларига қайтдилар. Вақтики, тун охирлаганди, яна унинг йиғисини эшитдилар. Онасига бориб: «Ҳайф сенга, яхши она эмас экансан! Ўғлингга нима бўлди, кечадан бери тинчимайди?» дедилар. Онаси у кишини мўминларнинг амири эканликларини билмай: «Эй Аллоҳнинг бандаси, у кечадан бери мени безор қилиб юборди, мен уни кўкракдан чиқаришга мажбурлайман, у эса кўнмайди», деди. Умар (р.а.): «Нима учун?» деб сўрадилар. У айтди: «Чунки Умар кўкракдан чиққан болаларгагина нафақа белгилайди (яъни, фарзандлари кўкракдан чиққан оталаргагина ҳақ беради). Умар (р.а.): «Бунинг ёши нечада?» дедилар. У: «Мана шунча ойлик», деб айтди. Умар (р.а.) эса: «Эссиз унақа шошмагин», дедилар-да бомдод намозини ўқидилар. Йиғининг кучлилигидан қироатлари одамларга эшитилмади. Шунда салом бериб дедилар: «Эй бахтсиз Умар, қанча мусулмон фарзандлари ҳалок бўлди...» Сўнг бир мунадийга: «Гўдакларингизни кўкракдан чиқаришга шошилманглар. Биз Исломда туғилган ҳар бир гўдак учун (ҳақ) белгилаймиз», деб нидо қилишга буюрдилар. Бу билан ҳамма томонга чопар юборилди.
Фақир ҳоким
Ҳазрати Умар (р.а.) Саид ибн Омир ал-Жумаҳийни Химсга волий қилиб тайинлади. Уни сафарга жўнатиш олдидан ҳузурларига чақириб:
– Эй Саид, мана волий бўлиб кетяпсан, сенга қанча маош ажратай? - деб сўрадилар халифа.
Саид ибн Омир талмовсираб қолди. У амирнинг ўзи жуда оз маошга қаноат қилиб юрганини, уйида кўпда қозон қайнамаслигини, кийимида бир неча ямоқ борлигини эшитганди. Шунинг учун хижолат бўлиб:
– Эй амирал мўминин, мен маошни нима қиламан? Байтул-молдан бериб туриладиган нафақа (яъни, кийим ва овқат)нинг ўзи етади, - деб жавоб қайтарди ва Химсга жўнаб кетди.
Саид Химсда волийлик қилиб тайинланганидан кейин бир оз вақт ўтгач, Умар ибн Хаттоб (р.а.) бир гуруҳ ишончли кишилар билан Химсга келдилар. Мақсад – волийнинг иши билан танишмоқ, камчиликларини тузатмоқ, адолатсизлик қилган бўлса, танбеҳ бермоқ эди. Халифа халқнинг ҳаёти билан танишиш, муҳтож ва мискинлар бўлса, уларга ёрдам кўрсатиш учун бечора-фақир кишиларнинг рўйхатини олишга буюрдилар. Рўйхат тузилди. Уни кўраётган Умар (р.а.) рўйхатнинг аввалида «Саид ибн Омир» исмига ногоҳ кўзлари тушиб, атрофдагилардан сўрадилар:
– Ким бу?
– Бизнинг волийимиз...
– Ие, у ҳам фақирлар қаторидами? - ҳайрон бўлиб сўрадилар халифа.
– Ҳа, жудаям фақир. Валлоҳи, унинг уйида ойлаб ўчоққа ўт ғаланиб, овқат пиширилмайди.
Бу гапларни эшитиб, ҳазрати Умар (р.а.) йиғлаб юбордилар. Бу қандоқ мўминки, ўзи волий бўлатуриб, бой бир ўлканинг ҳукмдори бўлатуриб, ўзи камбағалларча турмуш кечирса, Байтул-молдан егулик олишга ҳадди сиҚмаса. У-ку бир волий экан, бутун Ислом оламининг халифаси ҳазрати Умарнинг (р.а.) ўзлари-чи? Унинг ҳам хонадонида унча-мунчага қозон қайнамайди, эгнидаги хирқасининг бир неча ямоғи бор. Мусулмонликнинг, мўминликнинг қисмати шундоқ. Волийси ҳам, халифаси ҳам, олими ҳам, фозили ҳам сабр-қаноатда, тамкин-итоатда бир-биридан ўзишга ҳаракат қилади.
Ҳазрати Умар (р.а.) шундан кейин волийнинг вакилларига минг динор бериб тайинладилар:
– Мендан Саидга салом айтинглар. Мана бу пулларни амирал-мўминин муҳтожликдан қутилишинг учун бериб юборди, деб айтинглар.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) юборган халтачани вакиллар Саид ибн Омирга келтириб беришди. Волий ҳайрон бўлиб очиб кўрди. Қараса, ичи тўла динор... Шунда у бошига оғир кулфат тушган одамдай, истиржо айтди: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун». Халтачани четга сурди, кайфияти бузилди, юраги сиқилди. Охири барча динорни майда халтачаларга солиб тақсимлади ва ҳаммасини мусулмонларга тарқатиб, тинчиди.

Амир қочиб кетди

Мусулмон оламида бугун бир шодиёна. Кўнгилларни қувнатувчи, дилларни яшнатувчи бир мужда тарқалиб, ҳаммани шод-масрур қилган. Ярмук жангида румликлар томонида жанг қилган машҳур саркарда, ҳассония амири Жаблаха ўғли Айхам ана шу урушдан сўнг мусулмон умматининг мардлик-шижоатига, Ислом динининг ҳақ дин эканига тан бериб, Исломни қабул қилганди. Ҳижратнинг 16-йили бутун Мадина аҳли ўз ёронлари билан бу ерга келган Жаблахани зўр шодиёна билан қарши олди. Халифа ҳазрати Умар ҳам Жаблаханинг мусулмон бўлганидан ғоят хурсанд бўлдилар. Шу йили Жаблаха ҳаж қилиш учун Маккага жўнаб кетди. Ана шу ҳаж пайтида ҳазрати Умар (р.а.) билан Жаблаханинг ораларини бузиб қўйган мана бу воқеа содир бўлди.
Жаблаха ҳайрат ва ихлос ила Масжидул Харомга кириб борди. Минг-минг ҳожиларга қўшилиб, Каъбани тавоф қила бошлади. Тавоф пайтида оломон ичида юрганида, бир аъробий (саҳройи киши) Жаблаха эгнидаги кийимнинг этагини босиб олди. Бундан Жаблаха қутуриб кетди. У бир амир, машҳур саркарда, бунинг устига халифанинг меҳмони бўлса-ю аллақаёқдаги насл-насабининг тайини ҳам йўқ бир саҳройи эҳтиёткорликни унутиб, унинг этагини босиб олса-я! Жаблаха ғазабини босолмай, ўша аъробийнинг юзига бир шапалоқ қўйди. Бу ҳам камлик қилгандай, уни ҳақоратлаб жеркиб ташлади.
Шунда аъробий адолат излаб, Умар ибн Хаттобни (р.а.) топиш учун кетди. У халифа ҳамиша ҳар ишда адл туришини, ҳақ йўл учун ҳеч кимни аямаслигини кўп эшитганди. Ўзини ҳақоратлаб, зулм кўрсатган Жаблаханинг адабини халифа яхшилаб бериб қўйишини ҳам биларди.
Ҳазрати Умар (р.а.) Жаблахани топтириб келди. Унинг ҳам сўзини эшитиб кўргач, айб Жаблаханинг ўзида эканини билиб олди. Кейин унга юзланиб: «Яхшиси, бу одамни рози қил, бўлмаса, сенинг ҳам юзингга унинг шапалоҚи тушади», деди.
Жаблаха эса таажжубда: «Оддий саҳройи билан амирнинг орасидаги муносабат ҳали шуми?» – дейди зорланиб. Аммо халифа ён берадиганларга ўхшамади: «Ислом наздида оддий ҳалқ билан амир ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ», дейди ҳазрати Умар (р.а.).
Охири ноилож қолган Жаблаха халифадан эрталабгача муҳлат сўрайди. Халифанинг адолатидан қўрққан Жаблаха ярим тунда бутун шон-шавкати билан Маккадан қочиб чиқиб кетади ва Қустантаниядан паноҳ топади.

ЯМОҚ КЎЙЛАКЛИ ХАЛИФА
Ифтихор

Ҳазрати Умарнинг (р.а.) халифалик даврида бир минг тўрт юз шаҳар фатҳ этилди, Византия, Эрон, Миср каби ўлкаларнинг халқи мусулмон бўлиш бахтига эришди. Фатҳ этилган бой юртлардан бутун-бутун хазиналар, ғанимат моллар, олтин-кумушлар халифалик пойтахти – Мадинаи мунавварага худди сел каби оқиб келарди.
Аммо Ислом оламининг иккинчи халифаси Умар Хотамун-набий Муҳаммад (с.а.в.) васиятларига амал қилиб, камтарона, фақирлардай турмуш кечирар, жуда озига қаноат қилар, аҳли байтини ҳам шунга тарғиб қиларди. Унинг хонадонида ойлаб қозон осилмас, кийимлари йиртилиб, тўзиб кетгунча янги бўлмас, у зот ўз аҳволларига одамларнинг кулиши, масхара қилиши ёки ачинишига парво ҳам қилмасди.
Бир куни ҳазрати Умарнинг (р.а.) ўғли отасига шикоят қилиб қолди:
– Отажоним, кийим-бошим эскиб, тўзиб кетди. Ошналарим масхара қилиб, «Халифанинг ўғли ҳам шунақа жулдур кийимда юрадими?» деб устимдан кулишяпти. Яна «Отанг мўминлар амири бўлса, Байтул-мол хазинасининг калити унинг қўлида бўлса-ю сенинг серямоқ кўйлакда юришингни қара, ё даданг ёмон кўрадими?» дейишяпти. Мана ҳайит келяпти, бирорта янги кийим олиб беринг.
Халифа Умар (р.а.) норози бош чайқади:
– Бўлмайди, ўғлим, янги кийим олгани пулимиз йўқ.
– Отажон, яқинда оладиган маошингиз устидан пул сўраб кўринг, ўша пулни кийимга берасиз, - деди ўғил ҳамон бўш келмай.
Ноилож қолган ҳазрати Умар (р.а.) Байтул-молнинг хазинабонига бир хат ёзди. Унда «Келгуси ойнинг маошидан бироз пул бериб тур, ўғлимга ҳайитликка либос олмоқчиман», деб ёзилганди. Мактубни ўғлидан бериб юборди. Уни олган хазинабон хатни ўқиб кўриб, кайфияти бузилди, бошини сарак-сарак қилиб, халифанинг ўғлига шундай деди:
– Мен пул беролмайман.
– Нима учун? Ё мактубга ишонмаяпсизми? – сўради йигитча қизишиб.
– Йўқ, мактуб халифадан эканини биламан. Аммо яна битта ҳужжат етишмайди. Халифа янаги ойгача яшаши ҳақида тилхат бермабди, - деди хазинабон.
Ҳазрати Умарнинг (р.а.) ўғли бу гапни эшитиб, нима дейишини билмай қолди. Бўшашиб, ортига қайтди. Унинг ҳеч нарсасиз келганини кўрган ота сўради:
– Ҳа, ўғлим, нима бўлди, пулни ололдингми?
– Йўқ, отажон! Биринчидан хазинабон пулни бермади ва сабабини айтди. Шундан кейин пул олишдан воз кечдим. Иккинчидан, унинг қилиғидан шундай хулосага келдимки, сиз шу қадар ҳалол, Аллоҳга ишонган миллатнинг халифаси бўлганингиздан ҳар қанча ифтихор қилсангиз арзиркан.
Ҳазрати Умар (р.а.) ўғлининг фахр тўла айтаётган сўзларини эшитаркан, шундай деди:
– Хазинабон Умарнинг феълини билади. Агар сенга пул бериб юборганида, туғилганига пушаймон қилдирардим. Ўша заҳоти вазифасидан бўшатган бўлардим. Сен эса хафа бўлма, ўғлим. Аллоҳ насиб этса, янги кўйлак ҳам кийиб қоларсан.

Кимнинг чироғи?

Бу воқеа ҳазрати Умарнинг (р.а.) Мадинада халифалик қилиб турган пайтларида содир бўлганди. Бир куни у зотнинг ҳузурига маккалик Абдураҳмон ибн Авф меҳмон бўлиб келди. Қоронғу кеча эди. Ҳазрати Умар (р.а.) уйларида давлат ишлари билан машҚул эди. Абдураҳмон кириб келганда, саломлашди-да, унга жой кўрсатиб, ўтиришни ва ишларни тамомлагунларича кутиб туришни илтимос қилди. Ошналари халифанинг ишларни тугатишини сабр билан кутиб турди.
Ниҳоят, ҳазрати Умар (р.а.) ишларини тамомлаб, ёниб турган чироқни ўчирдилар ва бошқа бир чироқни ёқа бошладилар. Буни ҳайрат ва таажжуб билан кузатиб турган ошналари бир чироқни ўчириб-бошқасини ёқишининг сабабини сўради. Ҳазрати Умар (р.а.) унга шундай жавоб қайтардилар:
– Бояги ўчирган чироғимнинг ёғи давлат хазинасидан олинганди. Давлат ишларини қилаётганимда, у ёниб турса, менга ҳалол бўларди. Сен эса менинг ошнам бўлганинг учун сен билан қиладиган суҳбатимиз ўзимизга тегишли бўлади. Шу сабабли ёғини ўз пулимга сотиб олган иккинчи чироқни ёқиб қўйдим. Давлат молини хусусий ишларда фойдаланилса, ёруҚлик ўрнига қоронҚулик, яъни уят ва инсофсизлик бўлур эди.
«Йўлимиздан айрилма!»
Пайғамбар алайҳиссаломдан ибрат олган саҳобаи киромлар камтарона, одмигина, борига қаноат қилиб яшадилар. Ҳазрати Умар (р.а.) ҳам бу соҳада қолишмадилар, имконлари бўлатуриб жуда оддий, фақирона турмушни афзал кўрдилар.
Ҳазрати Умарнинг қизлари, ҳазрати Пайғамбаримизнинг завжалари Хафса онамиз бир куни жуда хафа бўлиб кетдилар. Сабаби, оталари мўминлар амири бўлса, дунёнинг ҳамма жойидан мол-дунё оқиб келаётган бўлса, бойиганлар бойиб юрса-ю шундоқ халифанинг дастурхони жуда ғариб эди, оталари қуруқ, бемаза овқатлар билан кифояланиб юради. Хафса онамиз оталарига таъна қила бошладилар:
– Отажоним, ҳаётимиз анча яхшиланиб қолган, ҳамманинг ўзига яраша нафақаси бор. Бироз ўзингизга қарасангиз, аҳволингизни яхшиласангиз, ўзингизга ёқадиган, мазали таомлардан буюрсангиз.
Бу гапларни эшитган ҳазрати Умар (р.а.) тутоғиб кетдилар:
– Ҳой, менга қара, шу гапларни Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотини гапиряптими? Ахир сен у зотнинг қандай яшаганларини бошғалардан кўра яхшироқ биласан-ку! Нега энди менга бошқачароқ яшашни таклиф қиласан? Билиб қўй, мен асло Расули акрамнинг (с.а.в.) йўлларидан, суннатларидан чиқмайман!
Хафса бинти Умар оталарига энди гап уқтириб, кўндириб бўлмаслигини англаб, жим бўлиб қолдилар. Чунки бундан аввалроқ ҳам икковларининг ўрталарида худди шу соҳада кўнгилсиз гап-сўзлар ўтганди.
Ўша куни Хафса онамиз оталарининг зиёратига келганди. Ҳол-аҳвол сўрашилди, йиғилган гаплар гаплашилди. Шунда Хафса розийаллоҳу анҳо гап орасида отасига шундай деб қолди:
- Отажоним, бугун хирқа (кийим)нгизда ўн иккита ямоқ санадим. Бу эски кийимни бирор фақирга бериб, янгисини сотиб олсангиз бўлмайдими? Ахир Ислом оламининг халифасисиз, олдингизга узоқ-яқиндан турли меҳмонлар келиб туради.
Ҳазрати Умар (р.а.) қизининг куюниб айтаётган сўзларини эшитиб турди-да, мийиғида бир кулиб қўйди:
- Эй менинг суюкли қизим! Мана сен Расули акрамнинг оиласи бўлишга мушарраф эдинг, у зотга биздан ҳам яқин эдинг. Расули акрамнинг бу ўткинчи дунёга қанчалик қиймат берганларини, бу фоний дунёни нечоғли хақир кўрганларини, «Маҳшар куни мен ва Абу Бакр билан бўлишни истасанг, йўлимиздан айрилма!» деб буюрганларини наҳотки тушунмасанг?! Охиратда Аллоҳга ҳисоб бериш кераклиги учун ушбу ямоқли кийимни кийиб юрганим маъқул.

Нафсни қийнаш

Бир куни одамлар кўришсаки, ҳазрати Умар (р.а.) сув тўла мешни елкасига олиб ҳарсиллаб келяпти. Юз-кўзидан тинмай тер қуйилади, чарчаганидан оёғини аранг судраб босади. Отасининг аҳволини кўриб қолган ўғли норози бўлиб гапирди:
– Нега бундай қилдингиз, ота, ахир сувни биз ташиб келардик-ку!
Ҳазрати Умар (р.а.) мешни ерга қўяркан, ўғлига деди:
– Қарасам, нафсим жуда ҳаддидан ошиб кетгандай бўлди. Ич-ичимдан ўзимнинг ҳам ҳаддимдан ошиб кетаётганимни сезиб қолдим. Шу боис нафсимни залил қилиб, қийнамоқ учун мешни ортмоқлаб йўлга тушдим.
Маломат сабаби
Бир гал шундай воқеа юз берди. Навбатдаги фатҳлардан бирида Исломиятга кирган ўлкадан кўплаб мол-мулк ўлжа қилиб келтирилди. Тартибга кўра, ўлжа мол ҳамманинг ўртасида баравар тақсим қилинарди. Шунда қизиқ ҳодиса рўй берди. Кўйлаклик газламалар ҳаммага тенг тақсимланганди-ю аммо у оз бўлгани учун бирорта одам ҳам ўзига кўйлак тиктиролмасди, чунки бир кишининг улуши кўйлакка етмасди. Шунда ҳазрати Умарнинг (р.а.) ўғли Абдуллоҳ бир тадбир топди:
– Берилган мато менга кўйлакликка етмайди, озлик қилади. Отамнинг улуши ҳам унинг ўзига камлик қилади. Яхшиси, мен ўзимга тегишли матони отамга ҳадя қилсам, унга кўйлак тикиш учун етаркан.
Абдуллоҳ шундай ҳам қилди, ота-боланинг улушидан ҳазрати Умарга (р.а.) бир кўйлак тикилди. Кунлардан бир куни ҳазрати Умар (р.а.) ана шу кийимда минбарда сўзлаётганида, бир фақир киши ўрнидан туриб, унга маломат қила бошлади:
– Эй амирал мўминин, энди мен сенинг гапингга ишонмайман, сенга итоат ҳам қилмайман. «Нега?» десанг, сен Аллоҳ ва Унинг расули буюрган ишни қилаётганинг йўқ.
Ҳазрати Умар (р.а.) саросимага тушиб қолди ва ўша одамдан ажабланиб сўради:
– Бу нима деганинг?
Ўша киши ўрнидан туриб, сўзлай кетди:
– Бир куни ўлжа бўлинаётганида, ҳар биримизга теккан матодан бир кўйлак чиқмасди. Шунинг учун бирор киши ўзига теккан улушдан кўйлак тиктира олмади. Сен эса халифалигингдан фойдаланиб, ўзингга икки ҳисса улуш олибсан, мана кўйлак тиктириб, кийиб ҳам олибсан.
Ҳазрати Умар (р.а.) хижолатликдан қип-қизариб кетди. Аммо айни пайтда бу кишининг ҳақни гапираётганидан хурсанд ҳам эди. У нажот излагандай атрофига боқди, нигоҳи одамлар тўпи ичидан кимнидир ахтара бошлади. «Ораларингда Абдуллоҳ борми, бор бўлса, ҳақиқатни айтиб берсин!» деди халифа.
Хайриятки, Абдуллоҳ шу ерда, жамоат орасида экан, ўз улушидан воз кечиб, отасига кўйлак тиктириб берганини айтиб, халифани хижолатликдан қутқарди. Бундан қониқиш ҳосил қилган бояги одам узр сўради:
– Воқеа шундай бўлган экан, майли, мен сўзимни қайтариб олдим. Ҳақиқатан тушунмовчилик бўлибди. Сенинг гапингга энди ишонаман, итоат ҳам қиламан...
Ҳазрати Умар (р.а.) шундагина енгил тин олди, юзига қизиллик югурди. У тушунмай маломат қилган одамдан хафа ҳам бўлмади. Аксинча, шундай теран фикр юритувчи, сергак ва ҳақгўй одамлар борлигидан хурсанд бўлди.

ҲАЗРАТИ УМАРНИНГ ШАҲОДАТИ

Хулофои рошидин (тўғри йўлдаги халифа)ларнинг ҳазрати Абу Бакр Сиддиқдан ташқари қолган уч нафари, яъни ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али Ислом душманларининг фитна ва суиқасдлари туфайли шаҳид бўлишган. Ҳазрати Умар ҳам Ислом душманлари қўлида шаҳодат топдилар.
Ҳазрати Умарнинг халифалик даврларида муборак Ислом фатҳи жуда кўп ўлкаларни қамраб олди, у ерларга араб лашкарлари Аллоҳнинг дини Ислом шариатини, охирги Пайғамбарнинг суннатини етказиб боришди. Бу халққа манзур тушиб, рисолат етиб борган ўлкалар гуллаб-яшнаган эса-да, мансабидан айрилиб, зулм ва истибдодга тўла сиёсатларини аввалгидай эмин-эркин ўтказолмай қолган ҳукмдорларнинг ғазаб ва нафратини кучайтириб юборганди. Айниқса, Ислом фатҳи туфайли инқирозга юз тутган Ироқ ва Эрон давлатларидаги мансабдорларнинг Ислом фотиҳларига адовати чексиз эди. Эроннинг кўзга кўринган ҳукмдорларидан Хурмузон урушда асир тушиб, Мадинага келтирилган, ҳазрати Умарга ҳийла ишлатиб, ўз жонини сақлаб қолганди. Мадинада ундан бошқа ўз мол-мулки, мансаб-мартабасидан ажраб қолган кўпгина аъёнлар ҳам яшаб турганди. Бу ҳам бир сиёсат эди, ёвуз душманнинг кўз ўнгингда тургани яхшироқ эди.
Ана шундай аламзада ва душман кимсалар анчадан буён мусулмонларнинг одил халифаси жонига қасд қилишни ният қилиб юришганди. Бир куни улар Муғийра ибн Шуъба хонадонига тўпланиб, ҳазрати Умарни жисмонан йўқ қилиш режасини тузишди. Бу ишни Шуъбанинг қули Абу Луълуага топширишди. Бу қул ўзи эронлик насроний бўлгани учун мусулмонларга адовати ва нафрати чексиз эди, улар зарарига ҳар қандай қабиҳ ишдан қайтмасди.
Абу Луълуа қандай жанжал чиқаришни билмасди. Бир гал қул дунёнинг ярмига ҳукмронлик қилиб турган халифани кўчада тўхтатиб, ўз ҳаётидан, мусулмонлардан озор чекаётганидан шикоят қилиб зорланди. Халифа унинг ўрнида бошқа одам бўлганида қул билан, бунинг устига насроний қул билан гаплашиб ҳам ўтирмасди. Аммо ҳазрати Умар унинг шикоятини батафсил тингладилар, аҳволини яхшилашга доир маслаҳатлар бердилар. Аммо ичи аламга тўлган қул шунда ҳам тинчимади. Амирга очиқдан-очиқ таҳдид қилиб, ҳақорат қила бошлади. Аммо халифа атрофларида тўпланган оломонни ҳайратга солиб, қулнинг ҳақоратларига, таҳдидларига эътибор бермай, ўз йўлларида кетавердилар.
Аммо бадбахт Луълуа нима қилиб бўлсаям ҳазрати Умарни ўлдиришга қасд қилганди. Ўша куни кечқурун бир ханжар топди, уни яхшилаб чархлади, ўткир оғу билан заҳарлаб тайёрлаб қўйди. У тонг оқармай туриб, ҳазрати Умарнинг бомдод ўқиш учун масжидга келишларини пойлаб турди.
Халифа намозга жуда эрта келарди, шунинг учун масжидда қавм ҳали тўла тўпланмаган эди. Қул масжид ичиги кириб яширинди. Қўлидаги ханжарни шай қилиб, юраги дук-дук уриб, ҳазрати Умарнинг намоз бошлашларини кутиб турди. Чунки у халифанинг ҳар қандай ҳолатда ҳам намозни бузмаслигини эшитганди.
Мана, халифа меҳробга ўтди. Икки қўлини қулоқларига яқинлаштириб, «Аллоҳ акбар», деди. Ортда турганлар ҳам гувраниб қўшилишди. Халифа қироатни бошлади. Ҳамма чурқ этмай, сомеъ бўлган, пашша учса, эшитилгудай сукунат ҳукмрон эди. Суиқасд учун бундан ортиқ имконият борми? Абу Луълуа ханжарини маҳкам чангаллаганича, бекинган жойидан чиқиб, меҳробга қараб юрди. Ўеч нарсадан бехабар ҳолда Аллоҳнинг каломини қироат қилаётган халифага яқинлашиб, унинг бўйни, елкаси аралаш олти ерига ханжарини жон-жаҳди билан санчиб, ботириб олди. Халифанинг ёнида Амр ибн Маймун ва Абдуллоҳ ибн Аббос туришганди. Ҳазрати Умар (р.а.) рукуъга кетдилар-да, бирдан «Уҳ, мени ўлдирди, ушланглар», дея қичқириб юбордилар. Абу Луълуа ҳазрати Умарнинг бир неча жойларига ханжар уришга улгурган эди. Ҳазрати Умарнинг хитобларидан сўнг у намозхонлар орасидан отилиб чиқди-да, ўнгу-сўлида учраган ҳар бир одамга ханжар ура бошлади. Шу тариқа бир пасда у ўн уч кишини жароҳатлади, улардан етти киши ўлди.
Бу ҳодисани кўриб турган мусулмонлардан бири бурнуси (чопони)ни ечиб, қулнинг устига отди. Шунда бояги қотил қўлга тушганини сезиб, ўзига ханжар санчиб ўлдирди. Ҳазрати Умар (р.а.) йиғилиб кетмаслик учун Абдураҳмон ибн Авфнинг қўлидан ушлаб қолдилар. Фожиани фақат халифанинг ортида турганларгина кўриб, у кишига ёрдамга шошилишди. Орқа сафдагилар бундан тамоман бехабар, ҳазрати Умарнинг овози тўхтаб қолганидан таажжубланиб: «Субҳоналлоҳ, субҳоналлоҳ», дейишарди.
Ҳазрати Умар (р.а.) кўп қон йўқотганликларидан ҳолдан тойиб қолгандилар. Шунинг учун ўрниларига Абдураҳмон ибн Авфни имомликка қўйдилар. У киши намозхонларга имом бўлиб, намозни тезда тугатдилар. Намозхонлар масжиддан чиқиб бўлишгач, ҳазрати Умар буюрдилар: «Эй ибн Аббос, менга ким суиқасд қилганини билиб кел!» Ибн Аббос чиқиб кетиб, бироздан сўнг қайтиб келди ва: «Сизга суиқасд қилган Муғийранинг насроний қули экан», деди. Ҳазрат Умар (р.а.): «Ас-Сунуъми?» - деб сўрадилар. Ибн Аббос тасдиқ қилди. Ҳазрат Умар (р.а.): «Уни Аллоҳ таоло ҳалок қилди. Мен унга амру маъруф қилган эдим. Аллоҳ таолога шукрким, У мени мусулмоннинг қўли билан ўлдирмади. Эй ибн Аббос, сен ва отанг Мадинада улужларнинг кўп бўлмоғини истар эдингизлар!» дея ундан ўпкаладилар. Дарҳақиқат, Ибн Аббос ва унинг отаси улужларни, яъни араб бўлмаган кофир қулларни Мадинада кўпайтириш тарафдори бўлиб, уларнинг ажамий қуллари бошқасидан кўпроқ эди. Хижолатда қолган ибн Аббос: «Агар истасангиз, уларни ўлдирамиз», деди. Бунга жавобан ҳазрати Умар (р.а.): «Иккалангиз ўз тилларингиз билан «Мадинада ажамий қулларни кўпайтирайлик», деганингиздан кейинги бу гапинг ёлғондир, энди бўлар иш бўлди, ўз қиблаларингизга қараб намозларингизни ўқийверинглар, ҳажларингизни адо этаверинглар», дедилар.
Ҳазрати Умарни уйларига олиб кетишди. Мадина аҳли, узоқ-яқиндаги мусулмонлар бу даҳшатли қотилликдан гангиб қолишганди. Халифанинг қаттиқ яраланганини эшитган мусулмонларнинг кўзидан ёш жаласи қуйилар, душманлар шод, масрур эди. Баъзилар «Ҳеч нима қилмайди, тезда тузалиб кетадилар», дея ўзига тасалли берса, бошғалар у кишининг соғлиқларидан хавотирга тушиб, ўзини қўйгани жой тополмасди.
Халифа ҳузурига табиб олиб келишди. У беморга шарбат, сут ичириб кўрди. Иккови ҳам жароҳат ўрнидан оқиб чиқди. Буни кўрган табиб афсусланиб бош чайқади: «Қиладиган ишингизни қилиб олинг, эй амирал мўминин, жароҳатингиз хийла оғир!»
Ҳамма ҳазрат Умарнинг ҳузурларига кириб, у кишига тасалли, ҳамдардлик изҳор қилди. Сўнгра бир ансорий йигит кириб келиб, шундай деди: «Эй мўминлар амири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳобийлик қилганингиз ҳамда Исломда ўзингизга маълум шижоаткорлигингиз туфайли Аллоҳ таоло жаннатий эканлигингиз хусусида қилган башоратидан хурсанд бўлингиз! Кейин адолат билан халифалик қилдингиз, бунинг устига, мана сизга шаҳидлик ҳам насиб этиб турибди».
Бу қизғин гапларни индамай эшитган халифа: «Шояд шундай бўлса! Эй жияним, аммо булар менинг на Аллоҳ таоло олдидаги ҳисоб-китобим ва на Унинг бандасига берадиган қарзим учун кифоя қилмас эди», дедилар. Кейин ўғилларини чақириб: «Эй Абдуллоҳ ибн Умар, қара-чи, қанча қарзим бор экан?» - деб сўрадилар. Ҳисоблаб чиқишса, дунёнинг ярмига ҳукмронлик қилган ва Арабистонни олтин-кумушга кўмиб юборган халифанинг саксон олти минг дирҳам қарзлари бор экан. Ўнларидан эса 30-40 дирҳам пул чиқди. Шунда ҳазрати Умар (р.а.) ўғилларига топшириқ бердилар: «Агар қарзимни узишга Умар оиласининг мол-мулки етса, уни тўлагин, башарти етмаса, Бани Адий ибн Каъб қабиласидаги қариндошларимдан сўра, аммо уларни ўзгалар қошига бормоққа мажбурлама, улар берган мол-мулкнигина қарзимга тўла! Ҳозир эса мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига боргил-да: «Отам Умар сизга салом айтдилар», деб айтгин, аммо «Мўминлар амири салом айтдилар», демагин, чунки мен бугундан эътиборан мўминларнинг амири эмасман. Сўнг «Отам Умар ибн ал-Хаттоб икки дўстлари ёнига дафн қилинмоқларига сиздан ижозат сўраётирлар», деб айтгин».
Ўғиллари ҳазрати Оишанинг ҳузурига киришга рухсат сўрадилар ва оталарининг илтимосларини етказдилар. Оиша онамиз: «Мен ўзимнинг улар ёнига дафн қилинмоғимни орзу қилар эдим, аммо бугун бунга ўзимдан кўра ҳазрат Умарни муносиброқ кўрурман», дедилар.
Ибн Умарнинг қайтиб келганини ҳазрати Умарга маълум қилишди. Шунда у киши бошларини ёстиқдан бироз кўтариб қўйишни сўрадилар ва ўғилларига «Қандай жавоб келтирдинг?» - дедилар. Ибн Умар: «Эй мўминлар амири, сиз истаган жавобни келтирдим, ул муҳтарама ижозат бердилар», деди. Ҳазрати Умар чуқур қониқиш билан: «Алҳамдулиллаҳ, менинг учун икки дўст ёнига дафн қилинмоғимдан кўра муҳимроқ нарса йўқ эди!» - дедилар.
Сўнгра мўминлар онаси Хафса (ҳазрати Умарнинг қизлари) бир неча аёллар билан кириб келишди. Эркакларни кўриб, аёллар ташқарида қолишди, биргина Хафсанинг ёлғиз ўзлари ҳазрати Умарнинг ҳузурларига кириб, тепаларида бир мунча вақт йиғлаб ўтирдилар. Тўпланганлар ҳазрати Умарга: «Эй мўминлар амири, васият қилиб, бирор кишини ўрнингизга халифаликка қолдиринг», дейишди. Шунда Умар (р.а.): «Мен бу ишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари олдида розиликларини билдирган ўшал кишилардан кўра ҳақлироқ бирор одамни топмадим. Жаноб Расулуллоҳ ўшанда Али, Усмон, Зубайр, Талҳа, Саъд ва Абдураҳмонни тилга олган эдилар. Ўғлим Абдуллоҳ ибн Умар эса менинг олдимда «Халифаликни талаб қилмайман», деб сўз беради. Унинг халифалик хусусида ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқ бўлиб, менинг бу васиятим унинг учун халифаликни талаб қилмоқдан тийиб турувчи бир улуғ ҳайъат кабидир. Агар халифалик Саъдга насиб этса, бу Аллоҳ таолонинг иродасидур. Башарти насиб этмаса, қайси бирингиз ҳам халифа бўлсангиз, ўз ишингизда унга суянинг, чунки мен унинг ожизлигу хиёнат қилганини сира билмайман», - дедилар.
Кейин ёстиқдан бошларини аранг кўтариб, тўпланганларга сўнгги васиятларини айтдилар: «Менинг ўзимдан кейинги халифага қиладиган васиятим шуки, аввалги муҳожирларнинг ҳақ-ҳуқуқларини эътироф қилиб, уларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйсин! Мадинага ва иймонни қалбларига жо этган ансорларга яхшилик қилсин, уларнинг яхши ишларини қабул айлаб, ёмонларини кечирсин! Мен унга яна бундай васият қилурман: шаҳар аҳлига яхшилик кўрсатсин, чунки улар Ислом таянчи, мол йиҚувчи ва душманга қирон келтирувчи бўлиб, улардан рози қилиб ортиқча молларигина олинади. Мен унга яна бундай деб васият қилурман: бадавийларга яхшилик қилсин, чунки улар арабларнинг илдизи ва Ислом ўзаги бўлиб, уларнинг сархил бўлмаган молларидан олиниб, фақирларига қайтарилади. Мен унга яна бундай деб васият қилурман: «Аллоҳ таоло ва унинг Расули зиммасидаги (яъни, зиммийлар билан мусулмонлар ўртасидаги) аҳдномага вафо қилсин, зиммийларни ҳимоя айласин, уларга тоғатлари етадиган юкнигина юклангизлар!»
Ҳазрати Умар (р.а.) юқоридаги васиятни айтиб бўлгач, ҳижрий 23 (милодий 645) сананинг 27-зулҳижжа куни оғир жароҳатлардан тузала олмай, жонни Ҳаққа топширдилар. Жанозалари масжидда ўғилди, Суҳайб Румий имом бўлдилар. Тобутларини кўтарган юзлаб кишилар Оиша онамизнинг ҳужралари томон йўл олишди. Абдуллоҳ ибн Умар у муҳтарамага салом бериб: «Умар ибн ал-Хаттоб икки дўстлари ёнига дафн қилинмоқликларига изн сўраётирлар!» - деди. Оиша онамиз: «Тобутни ҳужрамга олиб кираверинглар», дедилар. Ҳазрати Умарнинг (р.а.) жасадлари ҳужраи саодатга олиб кирилиб, икки дўст ёнига дафн этилди. Шундай қилиб, ҳазрати Умарнинг (р.а.) халифалик даврлари ўн йилу олти ой давом этди. Бу зот ҳам вафот этганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом каби 63 ёшда эдилар.
Амирал мўминин ҳазрати Умар жисман вафот топган эсалар-да, у зотнинг Аллоҳ йўлида, Унинг дини равнақи йўлида олиб борган ишлари, улуғ хизматлари, жасорат ва фидойиликлари мусулмонлар оламида яхшилик ва адолат тимсоли сифатида яшаб келяпти. Расули акрам (с.а.в.) Умар (р.а.) ҳақларида: «Аллоҳ таоло тўғриликни Умарнинг тилига ва қалбига солди», дегандилар. Яна ҳазрати Умарга «Ислом давлатини бошидан тўғри асосга бино қилган зот», деб таъриф берилган эди. Аллоҳ таоло барча асҳоби киромлар қатори ҳазрати Умар ибн Хаттобдан рози бўлсин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳудайбия сулҳи тузилиб, тинчлик ҳукм сура бошлагач, Ислом даъватини кенг миқёсда ёйиш учун қулай имконият туғилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чор давоми...

2633 09:00 / 17.07.2022
Асосий мақсадга ўтишдан аввал қисқача бўлсада, турли салбий сифатлари билан сифатланишига сабаб бўлган баъзи омиллар ҳақида фикр билдирайлик. Аввало, шуни айтиш давоми...

7591 05:00 / 06.01.2017
Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон ҳам катта ҳикматларга эга. Фаришталарга иймон ҳар бир шахс, жамият ва барча инсоният учун кони фойдадир. Аллоҳнинг инсон давоми...

1913 09:44 / 15 январь
Ана шундай оғир бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан бошқа ерда ҳам Ислом даъватини қилиб кўриш ҳақида ўйлай бошладилар. Бу жой ўша пайтларда давоми...

5146 19:03 / 25.03.2020
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021