
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Рўзадор мўмин киши – ҳар йили қишда дам олиб, куч йиғиб, ёзги мавсумга тайёргарлик кўрадиган боғбонга ўхшайди, Рамазон ойини эса ўша деҳқон парвариш қиладиган серҳосил боққа қиёс қилиш мумкин», дер эди устозларимиздан бири.
Дарҳақиқат, машаққатли, шарафли, шу билан бирга жуда масъулиятли касб эгаси бўлган деҳқон мақсадига эришиш учун анча тер тўкади: ерни юмшатади, унга ишлов беради, ўғитлайди, дарахтлару экинларни суғоради, пайти келганда кўчатларни иссиқ-совуқдан сақлайди. Шу тариқа ўз ишини сидқидилдан бажариб, ерга меҳр бериб, кўчатларни яхши парваришлаган миришкор мавсум якунида мўл ҳосил олиб, меҳнати самарасини кўради.
Шу каби Рамазонда рўза тутишни ният қилган мусулмон ҳам мазкур ойга алоҳида тайёргарлик кўради: битмаган ишларини имкон қадар битиришга ҳаракат қилади, Рамазонда ибодатлару амалларини бекаму кўст адо этиши учун зарур шарт-шароит яратиш пайида бўлади, кўчаю ҳовлилар тозаланади, уйлар тартибга келтирилади, саҳарликлару ифторликлар камчиликсиз ўтиши учун бозор-ўчар қилиб қўйилади, ўқилиши режалаштирилган китоблар харид қилинади ва ҳоказо.
Бундан ташқари, ушбу ойда рўза тутишни мақсад қилган киши қалбини поклаган ҳолда, тафаккуридаги фикру хаёлларини тозалаган ҳолда руҳан тадорик кўради. Рамазон ойи ва рўзанинг моҳияти хусусида мулоҳаза қилади... «Рўза нима учун фарз қилинган?», «Рўза нима учун айнан Рамазон ойида тутилади?» каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилади...
Келинг, биз ҳам (уламоларимиз фикр-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда) шу ҳақда мушоҳада қилиб кўрамиз.
Аллоҳнинг ердаги халифаси деган мақомга эга бўлган, тупроқдан яратилган инсонга Буюк Зот томонидан хос руҳ киритилди. Айнан ана шу руҳ инсонни ўзининг асл манбаи – Аллоҳ тарафига тортганидек, жасад ҳам ўз аслига, ерга тортиб туради. Шунинг учун ҳам инсон доимо ер ва ундаги нарсаларга меҳри бўлакча бўлади. Кучли руҳ инсонда ўзи кўчиб келган гўзал, бепоён оламга нисбатан иштиёқни уйғотган ҳолда бу моддий оламнинг оғирликлари, қоронғуликларидан озод бўлишга, жисмнинг лаззат ва истакларини улоқтириб юборишга, нафсу ҳаво қафасини бузиб ташлашга ҳаракат қилади. Қачонки руҳнинг ҳукмронлиги заифлашса ёки куч-қудрати кесилиб, тасарруф жисмоний майл-истаклар қўлига ўтса, инсон шаҳвату лаззатлар пайига тушиб қолиб, ўз истакларининг қулига айланади. Инсониятнинг диний-ахлоқий тарихидаги барча муҳим ҳодисалар мана шу икки хусусиятдан келиб чиққан курашдан иборат десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Аллоҳ таоло тарафидан келган дин инсониятни ана ўшандай ботқоқ ва разолатлардан қутқарди. Инсонга ҳақиқий инсоний ҳаёт тарзини, олийжаноб одамийликни тақдим қилди. Бу йўлда қўйилган қадамларнинг асосийларидан бири рўзани шариатга киритиш бўлди.
Шариат эса ўз навбатида рўзани инсонга фарз қилди. Маълумки, рўза инсоннинг вужудини уни бузадиган, соғлигига зарар келтирадиган моддалардан тозалайди. Шу тариқа рўза инсонга унинг руҳи ва жисмидан нафсу ҳаво тортиб олган фазилатларни қайтаради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларга рўзани фарз қилган оятда:
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз» (Бақара сураси, 183-оят), деган. Демак, рўзани шариатга киритилишидан бош мақсад – мусулмон кишида тақвони шакллантириш экан. Тақво бу Аллоҳ таолодан қўрқиб, гуноҳ ишлардан тийилиш, У Зотнинг розилигини топиш йўлида ҳаракат қилиш, савобли ишларни бажариш, ёмонликлардан сақланиш ва ҳусни хулққа эга бўлишдир. Чанқаб, очиқиб турган инсон уни Аллоҳ доимо кузатиб турганини ҳис қилгани боис, ўша инсон Аллоҳ айтган фурсатгача бир қултум сув ютмай юради, ҳеч ким кўрмайдиган, ҳеч ким сезмайдиган пайтда ҳам оғзига бир луқма таом солмайди. Бу ҳис уни ҳар қандай ҳолатда яхшилик, савоб иш қилишга ундайди, ҳар қандай вазиятда ёмонликдан, гуноҳлардан тийилишга чақиради. Бир ой давомида ўзини ана шундай ҳолда тутган киши йил бўйи, балки бир умр ўшандай эзгу ҳаёт кечиришга қодир бўлади.
Шу ўринда, Аллоҳнинг инсонларга улар учун зарур бўлган амални фарз қилгани У Зотнинг Ўз бандаларига инъом этган неъматларидан бири эканини айтиб ўтиш жоиз. Чунки инсон ҳар доим ҳам ўзи учун нима керак ёки нима керак эмаслигини билавермайди. Билган тақдирда ҳам, ўз ихтиёри билан ўша ишни бажариши қийин.
«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» (Бақара сураси, 185-оят).
Демак, нур устига нур бўлиши учун Ислом шариатида рўза айнан Рамазон ойида, Қуръон нозил қилинган ойда тутилиши жорий қилинди. Зеро,
ҳаётининг ҳар бир жабҳасида Қуръонга боғланиб яшаган, доимий тарзда илоҳий ваҳий қабул қилиб турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазон ойи келса, Қуръонга янада кўпроқ боғланиб қолар эдилар. Ҳар Рамазонда ўзларига тушган оятларни жамлаб, ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссаломдан ўтказиб олар эдилар. Вафот этган йилларидаги Рамазонда эса Жаброил алайҳиссалом билан бирга Қуръони Каримни бошдан-охиригача икки марта ўтказганлар.
Шунинг учун ҳам ана шундай улуғ онларда, жаннат дарвозалари очилган, дўзах эшиклари ёпилган, шайтонлар кишанланган, Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган лаҳзаларда қилинган ибодатнинг самараси ҳам ўзгача бўлади, ибодатни мукаммал бажариш ҳам бандаларга осонроқ кечади.
Рўзанинг инсон вужудига, унинг ахлоқ ва руҳиятига фойдалари сонсиз, саноқсиздир. Лекин Ислом динида, барча амаллар қатори, рўза ҳам иймон асосида, яъни унга қилинган ваъдаларга ишонган ҳолда, савоб умидида бажарилиши шарт қилинган. Бусиз рўза қабул бўлмайди. Унда кўр-кўрона тақлид, фақат руҳий қувватни ошириш, маълум кўникмаларни ҳосил қилиш ёки соғлиқни тиклашни мақсад қилиш каби ҳолатлар ўтмайди. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб айтганлар» (Бухорий ривояти).
Қолаверса, Исломда рўза ибодати нафақат қорин ва шаҳватни маълум муддатга тийиш, балки, кўз, қўл, қулоқ, қалб, борингки инсоннинг бутун вужудини гуноҳ ишлардан сақлаш, тақвога, одоб-ахлоққа риоя этиш билан адо этилади. Ушбу сўзимизга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам далолат бўла олади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза қалқондир. (Рўзадор) фаҳш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан уришмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, икки марта «Мен рўзадорман», десин», дедилар» (Бухорий ривояти).
Бундан ташқари, Рамазон ойи жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг яхшиланишида муҳим ўрин тутишини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Бинобарин, бу ойда хайрия ишлари жадаллашади, одамлар ёмон иллатлар урчийдиган жойлардан узоқроқ юришга, илгари билиб-билмай гуноҳ ишларга қўл уриб қўйган бўлсалар, тавба қилиб, яхши томонга ўзгаришга ҳаракат қиладилар. Саҳарликлару ифторликларда оиланинг барча аъзолари, қариндошлар, дўсту биродарлар яхши ният ила бир дастурхон атрофида жам бўладилар, ўзаро фикр алмашиб, бир-бирларининг қувончу ташвишларига шерик бўладилар.
Шундай экан, ҳар биримиз Рамазон ойи қандай улуғ ой эканини ҳис қилиб, ушбу ойга яхши тайёргарлик кўрган ҳолда фазилатларидан имкон қадар унумли фойдаланайлик.
Аллоҳ барчамизга Рамазон дея аталмиш файзли ва баракали боғдан мўл, муҳими ҳаммамизга манфаат келтирадиган ҳосил олишимизни насиби рўз айласин.
«Ҳилол» журнали 7(76) сон
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 15 январдаги 03/07/260-сонли хулосаси асосида тайёрланди.