
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Рамазон ойида одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту Фурқондан иборат очиқ баёнотлар ўлароқ Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, унинг рўзасини тутсин» (Бақара сураси, 185-оят).
Шайх ҳазратлари ўзларининг «Тафсири Ҳилол» номли китобларида ушбу ояти каримага қуйидагича шарҳ берганлар:
«Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, инсониятга Қиёматгача ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни нозил қилиш вақти сифатида Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда» (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Тафсири Ҳилол», 1-жилд, қайта тўлдирилган нашр, Тошкент: Ҳилол-Нашр, 2016, 160-бет).
Шайх ҳазратлари истиора сифатида қўллаган бу нурлар у киши ўзлари 1990-йилларнинг охирларида ташриф буюрган узоқ Шарққа – Японияга ҳам, албатта, етиб борди.
Ҳозирги кунда қарийб 123 миллион аҳолига эга Японияда, тахминларга кўра, 420 минг мусулмон яшайди (аҳолининг тахминан 0,3%). Бу кўрсаткич 20 йил олдинги ҳолат билан солиштирганда 3,8 баравар ўсган. Бу эътиборга лойиқ ҳолат бўлса-да, японларнинг кўпчилиги Исломни қабул қилганини англатмайди, чунки бу ўсиш асосан Японияга мусулмон мамлакатларидан кўчиб келганлар сони ортиши билан боғлиқдир. Японларнинг катта қисми иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврдан то ҳозиргача ўзини муайян бир динга мансуб деб ҳисобламайди.
Бугунги Япониядаги мусулмон жамиятининг асосий қисми (японлар учун) хорижликлардан иборат. Бу ҳолат Японияда туғилишнинг камайиши, аҳолининг қариши, шунингдек, ишчи кучи танқислиги билан чамбарчас боғлиқ.
Биринчидан, Японияда туғилишлар сони ўлимлар сонидан кам бўлиб, табиий камайиш жиддий даражага тушиб кетган. Масалан, 2000 йилда туғилишлар сони тахминан 1,19 миллион, ўлимлар сони эса 960 минг бўлиб, 230 минг табиий ўсиш кузатилган бўлса, 2025 йилда туғилишлар тахминан 700 минг, ўлимлар 1,6 миллионни ташкил қилиб, 900 минг кишилик табиий камайиш кузатилган. 2007 йилдан бери давом этиб келаётган бу тенденциянинг келгусида янада кучайиши кутилмоқда.
Иккинчидан, 2000 йилда Японияда 65 ёшдан юқори аҳолининг улуши тахминан 17 фоизга бўлган бўлса, 2025 йилга келиб, тахминан 29 фоизга етган. Шу сабабли меҳнат ёшидаги (Япониядаги тартибга кўра, 15-64 ёшдаги) аҳолининг улуши камайиб бормоқда. Бу танқисликни қоплаш учун Япония ҳукумати аёллар ва 65 ёшдан юқори кексаларнинг меҳнатдаги иштирокини рағбатлантириш билан бирга, хориждан меҳнат муҳожирларини қабул қилиш сиёсатини олиб бормоқда.
Ҳозирги кунда Японияда яшовчи хорижий фуқароликка эга мусулмонлар сони тахминан 363 минг нафар (тахминан 86%) деб баҳоланади. Япония фуқароси бўлган мусулмонлар эса тахминан 55 минг нафар (тахминан 14%) бўлиб, уларнинг кўпчилиги никоҳ орқали мусулмон бўлганлар ёки мусулмон мамлакатларидан келиб, фуқаролик олган шахслардир. Адлия вазирлигининг 2025 йилги маълумоти асосида хорижий мусулмон фуқароларнинг энг катта гуруҳини индонезияликлар ташкил қилади, кейинги ўринларда бангладешликлар, покистонликлар, малайзияликлар ва туркияликлар туради.
Сўнгги йилларда Япониядаги хорижий мусулмонлар орасида олтинчи ўринни эгаллаётганлар эса ўзбекистонликлардир. Айниқса, Токио ва унинг атрофида ўзбекистонликларнинг нуфузи ортиб бормоқда. Уларнинг асосий марказларидан бири Япониядаги энг қадимий масжид бўлмиш Токио жомеъ масжидидир.
1938 йилда қурилган ушбу масжидда илк бор имомлик қилган инсон Россиядаги инқилобдан кейин Усмоний салтанатига, кейин эса Буюк Япония империясига ҳижрат қилган татар уламоси Абдуррашид Иброҳимдир (1857–1944). Шунингдек, Россия инқилобидан кейин Манжурияга, сўнгра Буюк Япония империясига ҳижрат қилган бошқирд уламоси Муҳаммад Абдулҳай Қурбонали (1889–1972) ушбу масжиднинг масъули бўлган. Шу маънода ушбу масжид Японияни туркий халқлар билан боғловчи рамзий маскандир. Масжид 2000 йилда Туркия Республикаси диёнат ишлари бошқармасига қарашли Токио жомеъси диёнат фонди томонидан қайта қурилган бўлиб, ҳозиргача фаолият юритиб келмоқда.
Бу ерда доимий ишлайдиган ва кўнгилли равишда хизмат қилувчи ўзбекистонликлар ҳам бор. Улар азон айтиш, туркиялик имом-хатиб томонидан туркча айтиладиган жума хутбасини япон ва инглиз тилларида ўқиб бериш, никоҳларни, янги мусулмонларнинг шаҳодат келтириш маросимларини ташкил этиш, меҳмонларга йўл-йўриқ кўрсатиш каби хизматлар билан шуғулланади.

Токио жомеъ масжидининг шундоққина ёнидаги бинода Турк маданият маркази жойлашган. Бу ерда маданий тадбирлар ўтказиш зали, ҳалол озиқ-овқатлар дўкони бор. Бинонинг тўртинчи қаватида «Токио жомеъси ҳужжатлар архиви» деб номланган кутубхона жойлашган. Бу ерда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва ҳаёт», «Иймон», «Кифоя», «Руҳий тарбия» каби кўплаб китоблари бор.
2025 йилнинг февраль ойида Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид қорининг ушбу масжид ва маданият марказига ташриф буюриши Япония мусулмонлар жамиятининг тарихи учун ниҳоятда муҳим воқеа бўлди.
Рамазон ойида ҳам ўзбекистонликлар Токио жомеъ масжидида янада фаол бўлиб, ифтор ташкил қилиш, маданий тадбирлар ўтказиш орқали Япония жамиятида Ўзбекистон нуфузини янада оширмоқда.

Ўтган йилги Рамазон ойида Токио жомеъ масжидида ўтказилган ифторликда Туркия элчихонаси ва Қатар ҳаво йўллари қатори Токио атрофида яшовчи ўзбекистонлик фаол шахслар ҳам мезбонлик қилдилар. Улар ижтимоий тармоқлар орқали Япониядаги ўзбекистонликларга эҳсон қилишга чақириқ юбориб, бир ҳафта ичида йиғилган 250 минг иенани маблағ қилиб, ўзлари озиқ-овқат харид қилдилар ҳамда ош пишириб, тахминан 700 кишига тарқатдилар (9-расм).
Ош, нон ва сомса каби таомлари ватандан узоқда бўлса-да, инсон қалбига Ватан билан боғлиқлик туйғусини бахш этади. Шунингдек, Рамазон ойидаги ифторликда нималар тортилишини кўриш учун келадиган мусулмон бўлмаган японлар ҳам кўп. Японларнинг Исломга қизиқишини янада кучайтиришда ўзбекистонликлар катта ҳисса қўшмоқда.
Бундан ташқари, ушбу ойнинг сўнгги ўн кунида Токио жомеъ масжидида эътикоф қиладиган ўзбекистонликлар ҳам бор. Рамазон ойидагина масжидга келадиган ўзбекистонликлар ҳам оз эмас; улар ифторлик пайтида ва таровеҳ намозидан кейин чой устида узоқ вақтдан бери кўришмаган юртдошлари билан дийдорлашиб, эски алоқаларни мустаҳкамлайдилар. Ўтган йили закот миқдори 1,500 иена қилиб белгилангач, Токио жомеъ масжидида йиғилган умумий маблағ Туркия орқали Африкадаги мусулмон мамлакатларга эҳсон қилган экан.
Токио заминида ёнаётган Рамазон нурлари мусулмонлар учун иймонни мустаҳкамлаш имконияти бўлиши билан бирга, Ислом ила Япония ҳамда Ўзбекистон жамияти ила Япония жамиятини боғлаб турувчи умид нури кабидир. Аллоҳ таоло ушбу нурлар сабабли мусулмон бўлмаган японлар сиротул-мустақиймга янада кўпроқ ҳидоят топишларини насиб қилган бўлсин. Бу муборак ойда рўза тутиш, ҳавойи нафсга хилоф қилиш, қалбни поклаш, Қуръон билан уйларимизни тўлдириш, закот ва садақа билан муҳтожларга қувонч улашишга ҳаракат қилайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Рамазоннинг биринчи кечасида шайтонлар занжирланади, дўзах эшиклари ёпилади, жаннат эшиклари очилади ва кўплаб мўминлар дўзахдан озод қилинади» дедилар.
Термизий ва Ибн Можадан ривоят қилинган.
Муборак ойнинг ҳақиқатларини англайдиганлардан бўлайлик.
Сеика Вазаки