1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Фиқҳул-муқориннинг оммалашиб кетиши

16:57 / 14 февраль 285 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир даврада ўтиргандик. У менга: «Ҳозирги кунда атрофимиздаги ҳамма тўрт мазҳаб бўйича фатво беряпти, а?» деб қолди. Мен: «Улар фатво беришяпти эмас, тўрт мазҳабга нисбатан ёлғон гапиришяпти», дедим, чунки бунинг иложи йўқ ахир, иложи йўқ! Уларнинг тўрт мазҳабдан қиладиган нақли ҳам ҳаргиз саҳиҳ чиқмайди, мутлақо!

Хўш, унда нега бу йўл оммалашиб кетяпти? Уни нима оммалаштиряпти? Жаҳолат! Илмни пухта ўзлаштирмаслик, илмни чуқур ўрганмаслик, нотавонлик оммалаштиряпти!

Бу ғоя шунинг учун тарқалиб кетиб, оқибатда дуч келган одам фиқҳни ўрганмай туриб, ўша фиқҳдан дарс беришни бошлаворяпти! Умумий услубда ёзилган бир китобни олади-да, «Фалончи бундай дебди, пистончи ундай дебди», дейишга ўтади. Шу зайлда ёйилиб, ҳаммаёққа тарқалиб қолди бу нарса. Бу биринчи омил.

Иккинчиси – динга бепарволик! Биринчи навбатда бу фикрнинг кўпайиб кетганига сабаб жоҳиллик бўлса, иккинчи ўринда динга амал қилмаслик, динга енгил қараш турибди.

Сизда бир муайян мазҳаб бор бўлса, демак, ҳаётингизда аниқ бир тизим, тартиб, белгиланган ҳалол-ҳаромлар низоми, динга муайян ёндашув бор экан! Бундан ташқари, сизда Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун аниқ кўрсатмалар бор экан, мубоҳ амалларнинг ҳам, тақиқланган нарсаларнинг ҳам аниқ мажмуаси муҳайё экан!

Хўш, фиқҳул-муқоринга эргашиб юрганларда аҳвол қандай?

Улар «Бу нарса шофеъийларда бор», «Бу нарса моликийларда бор», «Бу амал ҳанбалийларда жоиз» деб юравериб, натижада бутун бошли динини зое қилиб юборади! Бунақада таҳоратнинг рукнлари, намознинг фарзлари, ибодат масалалари, саждаи саҳв қаерда бўлиши, қачон рўза тутмаслик мумкин, деган масала, кийиш жоиз бўлган кийимлар ва ҳоказолардан биронтаси аниқ бўлмай қолади! Шунинг учун ҳам ҳатто айрим ёш қизлар диний ўқишларда шариатни ўрганиб юриб ҳам, ясан-тусан қилиб, фитнали кийимлар кийиб юрганини кўрасиз! Улар учун бунинг фарқи йўқ, ҳеч ниманинг фарқига боришмайди, чунки ҳалол-ҳаромни аниқлашда ҳеч қандай мезонлари йўқ…

Бу ҳақда гап кўп.

Ҳозир айтишимиз керак бўлган нуқта шуки, бу нарсанинг оммалашиб кетганига сабаб унда қандайдир фазилат борлиги ёки кучлироқ илмий асосга эга экани эмас, шуни тушуниб олсак бўлди. Фиқҳул-муқориннинг оммалашиб кетишига сабаб динга енгил-елпи қарашдир. Шунинг учун ҳам бизга шайтонни эслатадиган, унга даъват этадиган бугунги замонда оламга кенг тарқалган моддапарастлик туфайли бу ғоя ўз йўлини осонликча топиб кетди. Бу бузуқ нарсанинг бемалол ёйилиб кетишига глобал муҳит жуда қулай келди.

Нима учун бу нарса кундан-кунга Ислом дунёсини эгаллаб бораётгани ҳақида гапирилганда, мана шуларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Шунинг учун биз ажам юртларини ёки мазҳабга эргашадиган халқлар яшайдиган жойларни бу фитна-фасод тарқалишидан огоҳ этамиз! Улар бундан қаттиқ эҳтиёт бўлишлари лозим. Бу нарса ёмонликнинг айни ўзидир, бугунги кунда шайтоннинг йўли мана шудир! Бу фитнага асло таслим бўла кўрманг, йўқса юртингизда диннинг қолган қисмини ҳам қўлдан бой бериб қўясиз!

Энди кейинги нуқта – бу фасоднинг таъсири ҳақида гапирайлик. Фиқҳул-муқорин келтирадиган зарар, тўғрироғи ‒ зарарлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Шунинг учун ҳозир бу ҳақда бирозгина тўхталиб, кейин бошқа нуқталарга ўтамиз.

Фиқҳул-муқориннинг қандай зарарлари бор? Энг катта зарарларидан бири шаръий аҳкомларнинг зое бўлиши, талабаларда керакли фиқҳий малаканинг йўқолишидир, чунки бу нарсага чалғиган талаба энди илмни пухта, чуқур ўрганмай қўяди, оқибатда унда фиқҳий малака деган нарса умуман бўлмайди. Натижада муайян мезонга асосланган шаръий аҳкомлар йўқолиб, динга журъат қилиш осон нарсага айланиб қолди! Ҳар ким ўзининг ноқис ақлидан келиб чиқиб фатво бера бошлади! Илмни, илм аҳлини эҳтиром қилмаслик, мазҳабларнинг, уламоларнинг қадрини пастга уриш оддий ҳол бўлиб қолди! Фиқҳий масалалар ҳақида тушунча йўқолди!

Мабодо улар муқорана тарзида илм ўқийди деб фараз қилсак ҳам, фақат бирламчи, асосий масалаларни ўрганишади, холос! Лекин тафсилотлар фақатгина мазҳабдан олинади! Бундай одам асосий арконларни айта олса ҳам, лекин намознинг ичидаги, закотнинг ичидаги тафсилотларни билмайди.

Хўш, ундай бўлса бу ички масалаларни қаердан оламиз? Шайтондан, ҳавои нафсимизданми?! Кўряпсизми, фиқҳул-муқориннинг жамиятга таъсири ‒ диннинг зое кетиши бўляпти. Бундан ташқари, фиқҳул-муқорин шаръий илм толибларини бўм-бўш идишларга айлантириб қўйди! Бузғунчи фикрдаги гуруҳлар уларни осонгина бўйсундириб олиши мумкин! Қарабсизки, бу талабалар бошқаларга таъсир қиладиган олимлар бўлиб етишиб чиқиш ўрнига, бировлардан таъсирланадиган бўлиб қолишди. Фақат «Фалончи замондош олим айтди, пистончи замондош шайх айтди», дейдиган бўлиб қолишди. Ҳолбуки, ўша номи айтилаётган «шайх»ларинг бир тўда адашган, залолатдаги одамлар холос! Бу бечора эса ҳали ҳеч нарсани ўрганмаган толиби илм эди. Анави кимсани эса камералар ўраб олиб, катта одамдек қилиб кўрсатиб беришяпти, холос! Ўша одамни «Бу фалончи шайх!» дейишади, лекин ким ўзи у ‒ ўша фалончи шайх?! Мазҳабда юрмаса, қанақа шайх у? «Залолат шайхи» дейиш керак бундайларни!

Хўш, бу ғўр толиблар нима учун ўша шайхлардан таъсирланишяпти? Нима учун улар шундай бўлиб қолишди? Илм ўрганмаганликлари учун! Агар яхши ўқишса, ҳақиқатни билган бўлишарди!

Шаръий илмларнинг зое бўлиб кетишига мана шу фиқҳул-муқорин даҳшатли таъсир кўрсатди. Эсингизда бўлсинки, мавжуд исломий илмларнинг 80 фоизини фиқҳ ташкил қилади. Биз мазҳабларни четга суриб, «Фалончи ундай дебди, пистончи бундай дебди» деб, асоссиз, аралаш-қуралаш тарзда илм ўрганишни бошлаган кунимиз илм зое бўлди, бу кетишда унинг кетидан Ислом ҳам зое бўлиши мумкин!

Мен айтмоқчи бўлган гапнинг маъноси шу: йигирманчи асрда мусулмонларга энг кўп зарар етказган илм – фиқҳул-муқориндир! Шу ўринда бир нарсага қисқача тўхталиб ўтмоқчиман. Ҳали бу ҳақда алоҳида суҳбат уюштирамиз, деган эдик. Суҳбатимиз бир неча қисмлардан иборат бўлади, чунки бу борада гапирадиган гап жуда кўп. Ҳозир эса фақат биргина ишора бериб ўтамиз, холос.

Гап шундаки, масала тушунарсиз бўлиб қолмаслиги учун учта илмни бир-биридан ажратиб олишимиз керак.

Фиқҳул-ихтилоф, яъни «ихтилоф фиқҳи» деган илм бор.

Ихтилоф илми деган илм, яъни «хилоф илми» бор.

Яна бир илм бор, лекин уни илм демаса ҳам бўлади, шунчаки бу ерда мажозан уни илм деб атаб турамиз. Бу ‒ фиқҳул-муқорин «илми».

Ихтилоф фиқҳига таъриф берадиган бўлсак, уни «фуқаҳоларнинг қавлларини мақсадли баҳс қиладиган илм» дейиш мумкин. Фуқаҳоларнинг қавлларини мақсадли баҳс қиладиган илм борасида китоб ёзган одам ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий уламоларнинг қавлларини айтиб ўтади. Бунга ҳеч қандай қаршилик йўқ. Нима учун «мақсадли» дейиляпти? Бунинг маъноси нима? Бу ‒ мен аввалбошдан бир китоб ёзиб, унда фақиҳларнинг сўзларини келтиришим дегани. Ибн Қудоманинг «Муғний» китоби, Бадриддин Айнийнинг «Биноя» ёки Нававийнинг «Мажмуъ» китоблари фиқҳул-ихтилоф ҳақидаги китоблар эмас! Тўғри, булар мазҳабга оид китоблар, лекин уларнинг муаллифлари тутган манҳаж шуки, улар ўз мазҳабларини баён қилиб, сўнг бошқа мазҳаблар билан қилинган ихтилофларни айтиб ўтишган. Фиқҳул-ихтилоф эса энг бошида, ишнинг аввалида, китобни ёзаётганда фиқҳий матн тарзида ёзилмайди, ёки мазҳабим у ёки бу, дейилмайди, балки китобга киришибоқ, нақлларни «ҳанафийлар бундай дейди», «шофеъийлар бундай дейди», «имом Молик бундай дейди» тарзида келтиради. «Мақсадли» деган сўзнинг маъноси шу.

Қизиғи шундаки, айримлар юқорида номи келтирилган китобларни фиқҳул-муқорана китоблари деб ўйлашади! Улар ўзи фиқҳул-ихтилоф китоби ҳам эмас-ку, қандай қилиб фиқҳул-муқорана китоблари бўлсин?! Улар муайян мазҳабга доир китоблар, шунчаки муаллифлари хоҳ мазҳаб ичидаги бўлсин, хоҳ мазҳаб ташқарисидаги бўлсин, бошқа фуқаҳоларнинг ҳам фикрларини келтиришни йўналиш қилиб олган, холос.

Фиқҳул-ихтилоф китобларида далиллар гоҳида айтилса, гоҳида айтилмайди. Далиллар айтилганда ҳам, гоҳида баҳс-мулоҳаза қилишади, гоҳида эса йўқ. Умуман олганда, фиқҳул-ихтилоф китобларида фуқаҳоларнинг қавллари, фиқҳий қарашлари келтирилади, бунда далилларининг баҳси биланми ёки бусизми, аҳамияти йўқ. Уламолар айтадиларки, бу илм борасида китоб ёзганларнинг биринчиси Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдир! Жумладан, бу илм фиқҳ билан бирга кенг тарқалган, яъни Исломда фиқҳ қачон пайдо бўлган бўлса, у ҳам ўшанда юзага келган. Бу ниҳоятда фойдали илм бўлиб, илм талабида бўлган ҳар ким уни ўрганиши керак. Шунинг учун ҳам сиз фиқҳий китобларимизни ўқий бошласангиз, аввалги босқичда китоблар сизга битта қавлни беради, кейин иккита қавлни, кейинги босқичларга чиқиб, учта қавлни ўқийсиз, аста-секин чуқурлашиб, бошқа мазҳаб фуқаҳоларининг қавллари ҳам келтириб борилаверади. Кейинчалик фиқҳни бемалол мана шу китоблардан ўқиб ўрганишингиз мумкин бўлади.

Хўш, уламолар нима учун бу мавзуда китоб ёзишган? Қозилар фойдаланиши учун! Демак, бу китоблар аввалбошдан фиқҳни ўрганиш учун ёзилган эмас экан. Балки қозилар, муфтийлар ва ҳокимлар учун ёзилган, чунки баъзан ҳоким бошқа мазҳабдаги бирор гапни олишга мажбур бўлиб қолади, мана шу вазиятга муносиброқ деб баҳолагани учун шундай қилади. Қози ва муфтийлар ҳам худди шундай. Демак, фиқҳул-ихтилоф китоблари мусулмонларга бирон масала жуда торлик қилиб қолганда енгиллик бериш мақсадида, мана шу табақадагилар учун хоссатан ёзилган. Ўзи уламолар одатда китобларининг бошида нима учун бу мавзуда китоблар ёзаётганини яхшилаб изоҳлаб ўтишади.

Бу ҳақда бериладиган умумий тушунчалар мана шу эди. Демак, бу турдаги китоблар илмий жиҳатдан жуда фойдали экан, толиби илмлар ҳам қайсидир босқичга етганда албатта уларни кўриб ўрганиши, ўзига фойдалар олиши лозим! Бу илмнинг тарихи ҳам маълум, биз ундан асло беҳожат эмасмиз.

Энди илмул-хилоф мавзусига ўтамиз. Илмул-хилофнинг маъноси – ўз сўзимни қандай қилиб исботлайман­-у, қандай қилиб бошқанинг сўзини рад этаман, дегани. Масалан, мен ҳанафий одам сифатида қандай қилиб «Бисмиллаҳ»ни жаҳрий айтиш масаласида ёки «Рофъул-ядайн», яъни такбирда қўлни кўтариш масаласида ўз сўзимни исботлаб, мухолифнинг гапини рад этишим мумкин? Мана шуни ўрганадиган илм ‒ илмул-хилоф илмидир. Далилларни ўз қавлингизни қўллаб-қувватлайдиган, мухолифнинг сўзини эса рад этадиган тарзда йўналтиришни шу илм ўргатади.

Хўш, бу илм қачон пайдо бўлди, қачон ўз ўрнига эга бўлди?

Бу илм ҳижрий 430 йилда, Абу Зайд Даббусий роҳимаҳуллоҳнинг қўлида кўзга кўринди. Шу зайлда мазҳабни ҳимоя қилиш, бошқа мазҳабларнинг фикрларини рад этиш мақсадида «хилоф илми» борасида кўплаб китоблар таълиф этилди. Масалан, «Тажрид» китобини олайлик. Қудурийнинг «Тажрид» китоби мана шу тартибга ниҳоятда ўхшаш ёзилган. Ундан кейин ҳам ҳанафий ва бошқа мазҳабларда бу мавзуда кўплаб китоблар ёзилган. Масалан, Самарқандий ва бошқаларнинг китоблари.

Бундан ташқари, баҳс ва мунозара илми ҳам айнан шу илмдан юзага келган, яъни кейинчалик хилоф илмидан баҳс-мунозара илми ҳам келиб чиққан. Киши ўз қарашини исботлаб, мухолифнинг қарашини рад этиши ҳақидаги илм ҳам ижобий ва муҳим илмлардан ҳисобланади, уламолар буни маъқуллайдилар.

Кимдир: «Ахир фиқҳул-муқорин ҳам мана шу сиз айтган илмларга ўхшамайдими? Нима учун бунчалик қаттиқ оляпсиз?» дейиши мумкин. Илм дегани дақиқлик, пухталикдир. Шунинг учун ҳам масалаларга шунчаки, юзаки қарамасдан, уларнинг нозик тафсилотларигача диққат қилиш, тўғри англаш керак.

Мана, «фиқҳул-муқорин» деяпмиз, лекин бу «муқорин» сўзи луғатда олдинги асрларда қўлланилмаган, фақат охирги асрда ишлатила бошлади. Ўтган асрларда эса бу сўз бирор атама ёки истилоҳ сифатида ишлатилганини кўрмаймиз. Масалан, луғат фанида «муқорин наҳв илми» деб истилоҳ тарзида қўлланилмаган, «фиқҳул-муқорин» деган ибора бўлмаган. Демак, агар бу ибора истилоҳ сифатида «мазҳабларни ўзаро қиёслаш» ёки «фирқалар ва ҳоказоларни ўзаро қиёслаб бирлаштириш» деган маъноларда қўлланилса, яқинда чиққан атама ҳисобланади. Лекин бу ибора луғавий жиҳатдан хато дегани эмас, чунки тил доим ривожланиб, янгича истилоҳлар пайдо бўлиб бораверади. Айтмоқчи бўлганимиз шуки, «муқорин» атамаси юқоридаги маънода яқинда пайдо қилинган, замонавий атама, яъни термин ҳисобланади. Унинг маъноси аслида эскичага қараганда тўғри, лекин «бир қанча илмларни муқорана қилиш», яъни «қиёслаш» маъносида янгича истилоҳдир.

Аслида асосий, муҳим масаламиз бу эмас.

Кўпгина замондошларнинг таъкидлашича, бу фан илк бор Аҳмад Иброҳим деган олимнинг қўлида пайдо бўлган экан. У 1945 йилда вафот этган, яъни яқинда яшаб ўтган одам. Демак, бу янги истилоҳ экан. Бу одам ҳақида ёзганлар ҳам бор, баъзилари уни «Ўзининг замонавий услубига эга бўлган, фиқҳнинг мужаддиди бўлган киши» деб ҳам атаган.

Исми Аҳмад Иброҳим, 1945 йилда вафот этган. Ҳуқуқ йўналишидаги Хедивия институтида мударрислик қилган. Бу одам шу ерда дарс бериб юрган пайтда унга «қонунул-муқорин», яъни «қиёсий қонун» тушунчаси ёқиб қолиб, фиқҳул-муқоринни ўйлаб топади, фиқҳул-муқорин бўйича 25 та мақола ҳам ёзади! Афсуски, кейинчалик бу нарса одамлардаги илмсизлик, дангасалик, диёнатсизлик, динни ўйин қилиш туфайли жамиятда худди хашакка теккан оловдек бирдан кенг тарқалиб кетди...

Хўш, нима ўзи бу? Бу ҳам бир илм, – агар бу нарсага нисбатан «илм» сўзини ишлатиш мумкин бўлса, – фуқаҳоларнинг қавлларини ўрганадиган илм, яъни «фиқҳул-ихтилоф» илми ҳақида айтган гапларимизнинг айни ўзи. Бунда ҳам хоҳ далиллар айтилсин, хоҳ айтилмасин, фарқи йўқ. Лекин гоҳида умуман далил келтирмасдан, тўғридан-тўғри гап-сўзларни айтишади, холос. Шу йўл билан одамларни чалғитишади! Лекин одатда далиллар келтиришади, кейин уларнинг бирини таржиҳ қилишади...

Фиқҳул-муқорин нима экан? Фуқаҳоларнинг қавллари, далиллари ва далилларнинг баҳсларини ўрганадиган, мазҳаб соҳибларидан холи равишда, усулларга суянмаган ҳолда бу қавлларни таржиҳ қилиш билан шуғулланадиган «илм» экан.

«Фуқаҳоларнинг қавллари, далиллари ва баҳсларини ўрганадиган ва таржиҳ қиладиган илм» деган жойда муаммо борми? Йўқ, бу ерда муаммо йўқ.

Унда муаммо қаерда? Муаммо «мазҳаб соҳибларидан холи равишда» деган жойда бошланади! Бироз олдин айтганимиздек, мазҳаб тутган ва тутмаган одамларни муқорана қилиш, қиёслаш борасидаги гапнинг ўзи. Бу илмдаги муаммо бошланган нуқта шуки, бу билан шуғулланадиган одам мазҳаблардан биронтасини чуқур ўрганмаган бўлади! Шунингдек, бунақалар фақат умумий илмий савияга эга бўлади, холос, улар фиқҳий мазҳабларни билиш учун умумий китобларгагина мурожаат қилади. Мана шуниси энг катта муаммо. Дарвоқе, бундайлар модомики фиқҳни бирор аниқ мазҳаб асосида ўрганмас экан, олдин ҳам айтганимиздек, асло фиқҳ аҳли бўла олмайди, ҳатто таҳорат ва поклик масалаларини ҳам тўғри тушуна олмайди! Мана шунинг ўзи катта бир муаммо.

Иккинчидан, улар таржиҳ қилишади. Бироз олдин айтганимиздек, мен ҳанафий мазҳабида бўлсам, доим ўз мазҳабимни таржиҳ қиламан, чунки таржиҳ қилганда ҳам, ўзимизнинг усуллардан келиб чиқиб таржиҳ қиламан, шунинг учун менда ҳар доим ўзимнинг мазҳабим рожиҳ бўлаверади! Анавининг эса мазҳаби йўқ. Демак, табиийки, унинг усуллари, фундаментал фиқҳий қоидалари ҳам йўқ.

Хўш, унда бу одам қандай қилиб таржиҳ қилади? Ҳавои нафсига қараб-да! Мана шу энг катта муаммо!

Аввало, фиқҳни бошидан пухта ўрганиб, чуқур ўзлаштирмаган. Иккинчидан, таржиҳ қиламан деса, мустаҳкам усулларга кўра таржиҳ қиладиган ҳанафий ҳам эмас, шофеъий ҳам эмас у! Бунинг устига, табиийки, ҳавои нафси айтган ғалати нарсаларга қараб таржиҳ қилаверади: Бухорийда бирор ҳадисни кўриб қолади ёки бир оятнинг маъносини ёқтириб қолади ва ҳоказо. Аҳвол шу – қоида деган нарса йўқ, усул ва қоидаларсиз таржиҳ қилаверади. Адашиб кетишига ҳам мана шу нарса сабабчи бўлади.

Учинчи муаммо шуки, бундай кимсалар аввалбошдан барча мазҳабга бараварига амал қилишини хоҳлайди! Бунинг ақлга сиғмайдиган гаплиги шундоққина кўриниб турибди. Қандай қилиб киши бир вақтнинг ўзида ҳанафий, шофеъий, ҳанбалий ва моликий мазҳабига амал қилиши мумкин? Бунинг устига, ҳали аввалбошдан шуларнинг ҳаммасини бир вақтда ўрганиш ҳам бор! Яна булар ҳаммасига бирдек амал қилишни хоҳлашади.

Демак, бу муаммолар нималардан келиб чиққан экан?

Биринчидан, фиқҳни муайян мазҳабга тобе бўлиб ўрганмаган;

Иккинчидан, муайян мазҳабнинг усул қоидаларига суянмай таржиҳ қилади;

Учинчидан, аввалбошдан мазҳабларнинг ҳаммаси бўйича фатво беради;

Тўртинчидан, ҳаммасига бирдан амал қилишни хоҳлайди;

Мазҳабларнинг барчасидан бирдек дарс бераверади.

Охир-оқибат бунинг натижаси нима бўлди? Дин зое бўлди! Мана шуни яхшилаб тушуниб олинг.

Юқорида, фиқҳул-ихтилоф мавзусида айтдикки, бу йўлдан юрган одам фиқҳни бирор мазҳабга асосланиб ўрганади, мазҳабни ўзига йўл қилиб олади, мазҳабга кўра таржиҳ қилади, лекин бошқа мазҳаблардан ҳам нимадир олишни, истифода қилишни буткул четга суриб қўймайди. Анавилар эса бошиданоқ бирданига барча мазҳабларни татбиқ қилиб кетавермоқчи бўлади.

Демак, мулоҳаза қилинадиган муҳим нуқта шу экан: бошқа мазҳаблардан истифода қилиш ман қилинмаган!

Дарвоқе, олдимизда турган иккита босқични бир-биридан ажратиб олишимиз керак: ўрганиш-ўзлаштириш босқичи ҳамда амал қилиш-татбиқ босқичи.

Фарқлаб олишимиз керак: ўрганиш вақти ва амал қилиш вақти.

Фиқҳул-ихтилоф ва мазҳаб фиқҳини ўрганишда, яъни ўзлаштириш босқичида таълим олиш буткул битта мазҳабга кўра бўлади. Бошқа мазҳабларни эса охирида ўрганиш мумкин, холос! Буни кибор уламолар, хусусан, толиби илмнинг одоблари тўғрисида китоб ёзган уламолар қаттиқ таъкидлашган: «Толиби илмга энг зарарли нарса – таҳсилнинг энг бошида турли ихтилоф ва қарашлардан бохабар бўлишдир».

Бу мударрислар дарсга кириб, масалан, таҳорат масалаларини ўргатмоқчи бўлса, «Таҳоратнинг рукнлари шофеъий мазҳабида бундай, ҳанафий мазҳабида бундай, моликий мазҳабида бундай, ҳанбалий мазҳабида бундай», деб гап бошлар экан! Шунинг учун кейинчалик бу бечоралар: «Ақлим ҳар хил фикрлар, шубҳа-гумонлар, турли тасаввурларга тўлиб кетяпти», деб юришади. Устози илк дарсдан бошлаб «Фалон мазҳабда фалон-фалон гаплар бор», деб ўргатса, бу талаба ўша арконлар нима эканини асло ўзлаштира олмайди, чунки тушунмайди. Бугун дарсда ёдлаган нарсасини эртагаёқ унутиб, йўқ қилиб юборади. Демак, толиби илмга аввалбошдан турли ихтилоф ва қарашларни айтсангиз, унинг учун энг зарарли ишни қилган бўласиз. Талаба ихтилофларни илмни яхшилаб ўзлаштириб олгандан кейин, учинчи ёки тўртинчи босқичларда ҳам ўрганаверади. Бу гапларни Сожуқлизода, Ибн Халдун, Ғаззолий каби уламолар ўз китобларида «толиби илмга энг зарарли нарса» деб аташган.

Иккинчи босқич – амал вақти. Биз мазҳабга амал қилиш, ҳукмни татбиқ қилиш учун нимадир олиш бу жараённинг охирида бўлади, деймиз, улар бўлса аввалбошдан ҳамма мазҳабларга амал қилаверишни хоҳлайди.

Ўрганиш ва амал қилиш босқичлари қачон бўлиши ҳақида мулоҳаза қилар эканмиз, биз амални охирги босқичга қўямиз, улар эса аввалги босқичда бўлсин, дейишади. Бунинг оқибати нима бўлади? Шариат илмлари заифлашиб, охири зое бўлади.

Лекин кимдир ишончли шайх билан уч ой бирор фиқҳий матнни ўқиб тугатса, бундай одамнинг дарс беришига, фатво беришига ёки мударрис бўлишига ишонишимиз мумкин. Лекин роппа-роса ўн икки йил университетларда юрган бўлса-ю, илмни ҳақиқий илмий манҳаж билан ўрганмаган бўлса, унга фатвонинг биронта мавзусида ишониб бўлмайди! Нима учун? Чунки у шунча умрини фойдасиз нарса билан ўтказган, фиқҳни нотўғри услубда ўрганган, вақтини шунга сарфлаган.

Шуни билиб қўйингки, фиқҳул-муқорин кемасида эллик йил сузиб юрсангиз ҳам, ҳаргиз фақиҳ бўла олмайсиз!!!

Мен бир нечта кишини танийман, улар фиқҳул-муқоринни ўн икки йил ўрганган, университетларда 30-40 йиллаб дарс берган, лекин намоз ўқиётиб, хато қилиб қўйса, нима қилиш кераклигини билмайди! Ўзи эллик йилдан бери фиқҳдан дарс беради, лекин у қанақа фиқҳлигини билмайсиз… Чунки унда саждаи саҳв қаерда бўлиш-бўлмаслигининг, аркон ва бошқаларнинг қоидаси йўқ, буларни билмайди. «Моликий мазҳабида бундай, ҳанафий мазҳабида ундай, шофеъий мазҳабида бундай» дейди-ю, лекин амал қилишни билмайди! Қачон намоз ботил бўлади, қачон кароҳиятли бўлади – билмайди! Лекин «Ҳанафийлар хилоф қилган», «Шофеъийлар хилоф қилган», дейишни билади. Хўш, ундан кейин-чи? «Хилоф қилди, хилоф қилмади» деган гаплар қандай илм бўлди? Биз «хилоф қилди»ни ўрганиш учун илм оламизми ёки амал қилиш, фатво бериш учунми?

Менинг ўз тажрибамдан ўтказганим шу. Фиқҳни устозлар қўлида ўрганмаган ўнлаб мударрисларни кўрдим, уларнинг айтаётган гапларига умуман ишониб бўлмайди! Нима деяётганини ўзи ҳам билмайди. Уларнинг гапи янгиликларни ўқиб бераётган журналистнинг гапидан фарқ қилмайди, яъни ҳиссиётга берилиб айтилган умумий диний гапларга ўхшайди, лекин фиқҳий ёки ақийдавий ҳукм жиҳатидан ҳеч қандай қийматга эга эмас!

Бундан англашиладики, тарихимизда бу илмнинг ҳеч қандай асоси, асли ёки пойдевори бўлмаган. Бу динни бузиш учун ўйлаб топилган, янги пайдо қилинган «илм». Кўпчилик буни билиб ёки билмай, илм деб кўтариб юради, оқибатда кўп фитна-фасодларга сабабчи бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам бу фасод янада тарқалишидан огоҳ бўлиш керак, жуда қаттиқ огоҳ бўлиш керак! Айниқса араб бўлмаган, мазҳабни биладиган, мазҳабни маҳкам ушлаган юртларда бу нарса тарқалиб кетишидан эҳтиёт бўлиш лозим.

Мен бундай юртларда яшайдиган мусулмонларга «Ҳар хил гап-сўзларга алданиб қолманглар», деган бўлардим, чунки биз араб диёрларида яшаймиз, ўнлаб йиллардан бери мана шу бузуқ ҳолат ичидамиз, кечирган кўргиликларимизни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Не-не уламолар зое бўлди, илм зое бўлиб, ўйинчоққа айланди, дин аҳлининг қиймати қолмади... Барчадан бунга ниҳоятда ҳушёр бўлишни сўраб қолган бўлар эдик…

Шу ўринда тақлиднинг таърифидаги «Муқаллид ўз имомининг далилини билиши шарт эмас, ундан буни талаб қилмаслиги керак», деган жумлага бироз шарҳ бериб ўтсак.

Тўғри, уламолар муқаллид ва муқаллид бўлмаганларнинг фарқини шундай ажратган: бири далил талаб қилса, буниси масалага далилсиз амал қилаверади, далил сўрамайди. Тўғриси, бу ерда далилни билиш ёки билмасликнинг асло аҳамияти йўқ, чунки мужтаҳид бўлмаган одамга далилни билиш умуман муҳим эмас. Бунинг сабаби шуки, далил деган нарса уни тушунишда усулларга муҳтож бўлади! Дарвоқе, доим шу тақлиднинг таърифини келтириб, доим шу саволни қайта-қайта айтиб юрадиганларга бир саволим бор эди: «Бу билан «Абу Ҳанифа тўғри гапирганмикан?», «Шофеъий тўғри айтганмикан?» деб ишонч ҳосил қилмоқчимисиз? Улар бир гап айтган бўлса, сиз унинг далилини кўрмоқчисиз, шундайми? Агар ўша далил айтилса, ундан қаноат ҳосил қилсангиз, шундан кейин «Яхши, зўр, буни оламиз!» дейсизми? Ёки «Қониқарли эмас экан!» дейсизми? Агар биз ва бизга ўхшаганлар мужтаҳид имомлар ҳақида ҳукм қилса, уларнинг гапларини фақат текшириб кўргандан кейингина оладиган бўлса, у ҳолда бу имомлар бир гала жоҳил, фосиқлар экан-да?! У ҳолда уларга тақлид қилиб нима қиламиз? Аксинча, агар биз уларни буткул ишончга сазовор уламолар деб ҳисобласак, унда улар нима деса ҳам, далил билан айтган бўлади, деб билишимиз керак! Бошқача йўл тутиш мумкин эмас! Агар улар биттагина масалада, ҳа, бир дона масалада далилсиз гапирган бўлса эди, «имом» деб номланмаган бўлишарди!

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳақида «Ўн учта ёки тўққизта масалада у кишининг наздида ҳеч нарса рожиҳ келмабди, фикрига маъқул келмабди ёки биронта фикр устун бўлмабди, шунинг учун узил-кесил хулоса қила олмабди», дейишади. Ҳа, таваққуф қилган, яъни хулоса қилмай тўхтаган, бундан уялмаган! Масалан, у кишига «Даҳр нима?» дейишса, «Билмайман, менда уни баён қиладиган ҳеч нарса йўқ», деб жавоб берган. «Ёш бола қачон хатна қилинади?» дейишса, «Билмайман», деган. «Имом Молик роҳимаҳуллоҳ ҳам қирқта масаладан ўттиз олтитасида таваққуф қилган», дейишади. Ҳа, уларга бир масалада биронта далил кучли келмаса, ҳеч нарса дейишмаган!

Агар бу зотлар бир дона масалада бирор далил устун келмай, тахминан нимадир деб юборадиган одам бўлишганида, имом бўлишга ҳақли бўлишмас эди!

Хўп, аслини олиб қараганда, муқаллид бўламан ёки бўлмайман, дейишингиз учун далилни билиш-билмаслигингизнинг нима аҳамияти бор ўзи? Ахир ўтган минг йил вақт мобайнида тақлиддан бош тортиб яшаганлар фақат жоҳиллар, адашганлар эди-ку? Қолганларнинг барчаси эса мазҳабга эргашган-ку! Умматнинг кибор уламолари ўзини ҳанафий, шофеъий ёки моликий мазҳабига нисбат бериб келишган ва бу билан фахрланишган! Масалан, сиз шофеъий мазҳабида бўлган Ибн Ҳажар Асқалонийнинг даражасига ета оласизми? Ҳанафий мазҳабида бўлган Бадриддин Айнийнинг даражасига-чи?

Шу ўринда мавзудан бироз четлашсам. Мазҳабсизликни маъқуллаб, баралла қичқирадиган, қадим уламолардан хато қидирадиган кимсаларнинг ўзи ҳам барибир мазҳаблар олиб келган илмларга мурожаат қилади! Жуда ғаройиб-да бу! Улар эътимод қиладиган кибор уламолар, Миззий бўлсин, Асқалоний ёки Ироқий бўлсин, барча-барчалари мазҳабга эргашган, ўзини бирор мазҳабга нисбат берган олимлар бўлишган! Рижоллар ҳақида китоблар ёзган, ҳадисларга саҳиҳ, саҳиҳ эмас дея ҳукм бера олган, ҳар хил мавзуларда гапира олган тарихий шахслар бўлишига қарамай, улар ўша мазҳаблардан чиқмаган!

Қандай қилиб бизга қолдирилган илмларни олиб, кейин уларни мазҳабларга қарши курашишга восита қилишимиз мумкин?! Агар улар илмни шу мақсадда ишлаб чиққан бўлганларида, биринчилардан бўлиб ўзлари мазҳабларни тарк қилиб кетган бўлишарди! Лекин уларнинг баъзилари ўз замонида шофеъий мазҳабининг қозиюл-қуззоси бўлса, бошқаси ўз асрида ҳанафийларнинг қозиюл-қуззоси бўлган. Агар анавилар айтаётгандек, ҳақиқатда ҳам улар дунёвий манфаат ёки қозиликни қўлга киритиш учун шундай қилган бўлишса, у ҳолда ёлғончи, каззоб экан-да?! Агар улар ростдан ҳам бир тўда каззоблар, мансаб ортидан қувган дунёпарастлар бўлса, унда қандай қилиб ҳадис илмини бу ишончсиз одамлардан олишимиз мумкин?! Лекин улар ростгўй бўлган экан, айнан ўшалар мазҳаб тутиш ҳақ йўл эканини айтишган, ҳадис билан шуғулланган, мужтаҳидларнинг мазҳабларидаги далилларни ўргатишган-ку! Далилни билиш керакми ёки керак эмасми, деган саволлар билан қайсарлик қилсангиз, шуни билингки, далилни ижтиҳод ва назар қилишга қодир одамлар ўзлари яхши билишади! Бошқалар билишининг эса ҳеч қандай аҳамияти йўқ.

Шу ўринда бир шогирдимиз берган саволни келтириб ўтсам:

«Кувайт фиқҳий энциклопедияси» китоби ҳам «фиқҳул-муқорин» китобларидан ҳисобланадими? Бошқа мазҳаблар ҳақида маълумот олиш, уларнинг қавлларини ўрганиш учун бу китобдан фойдаланиш масаласида фикрингиз қандай? Маълумингизки, ҳозирги кундаги толиби илмлар ҳар бир масалада мўътамад гапни аниқлаш учун мазҳабнинг китобларига мурожаат қилишни оғир олишади. Айтинг-чи, бу энциклопедиянинг муаллифлари ҳақиқатда ҳам ҳар бир мазҳабнинг энг кучли, мўътамад гапларини келтиришганми?»

Камина фақир банданинг фикрича, сиз айтаётган Кувайт фиқҳий энциклопедияси ҳозиргача чиққан фиқҳул-муқорин китобларининг энг афзали бўлса керак. Бу китоб ёзилиши учун Кувайт давлати миллионлаб динор сарфлаган, бу ишда дунёдаги барча давлатлардан, барча уламолардан ёрдам олган. Бу китобнинг мундарижасини ишлаб чиқиб, мавзуларини тайёрлагач, шундай услуб қўллашган: китобнинг фалон қисмидаги ишни Фалончи олимга, фалон жузидаги ишни Фалончи олимга вазифа қилиб топширишган. Бошида фиқҳий мавзуларни абжад ҳарфлари тартибига қараб тақсимлаб олишган. Эътибор беринг: абжад ҳарфларига, яъни алифбога кўра. Сўнг ҳар бир олимга ўзига берилган қисмни ёзиш топширилган.

Бу китобни яратишда эришилган энг катта ютуқ шуки, бу толиби илмлар истифода қилиши мумкин бўлган энг яхши асар бўлди. Лекин толиби илм бу китобдан фойда олиши мумкин бўлган доира қандай? Бу – фиқҳий мазҳаблар тўғрисида умумий тушунча ҳосил қилишдир. Ундаги бирорта гап билан фатво бериш мумкинми? Йўқ! Чунки бу сизни тўғридан-тўғри барча мазҳаблардан умумий шаклда бохабар қиладиган китобдир. Лекин бирор масалада фатво олмоқчи бўлсангиз, ўз мазҳабингиз уламоларига мурожаат қилишингиз керак.

Демак, биринчидан, бу фиқҳул-муқорин йўналишида ёзилган энг маъқул китоб; иккинчидан, фиқҳий мазҳабларни ўрганиш, улар ҳақида тушунча олишда мурожаат қилинадиган энг яхши манбадир.

Энди бу китоб қандай танқидларга учраганини ҳам айтиб ўтсак. Уч-тўрттасини келтириб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Биринчидан, бунда фиқҳни авомга ёзув шаклида тақдим қилиш мақсад қилинган. Бу эса илмий хатодир. Илм – уламоларники, авом илмни ўша уламолардан олиши керак. Хуллас, авомга тақдим қилинаётгани учун китобда фиқҳни янгича тартибда келтиришган. Майли, бунга жиддий монелик йўқ, мавзуларни алифбо тартибида жойлаштираверишсин. Шунда оддий шифокор ёки муҳандис ҳам китобга мурожаат қилиб, ўқиб-тушуниши осон бўлади. Лекин яна бир нарса: улар бу ғояни ислоҳчиларнинг ғоясидан, яъни таҳаллулчилардан олишган. Уларнинг фикрича, улар уламоларга муҳтож эмас, илмни бемалол, тўғридан-тўғри оммага тақдим қилса бўлаверади. Бу нимаси бўлди?! Ахир авом одам илм ўрганмаган бўлади, қандай қилиб бу китобларга мурожаат қилиб, илмни ўзи ўқиб олиши мумкин? Ахир бунақада у катта муаммоларга тушиб қолади-ку! Мана шундай мақсад уларни китобни янгича тартибда ёзишга ундаган. Майли, бунда ҳам муаммо йўқ, лекин бундай ғояни ўйлаганларининг сабаби нотўғри сабабдир.

Иккинчидан, бу ишда йўл қўйилган яна бир катта хато борки, бу хато китобнинг илмий савиясини анчагина пасайтириб юборган: улар фиқҳни қайтадан, замонавий тилда ёзишган! Авом халққа осон қилиш учун матнни ҳозирги кун услубига кўчиришган...

Бошқа илмлар каби, фиқҳ ҳам ўзининг қонун-қоидалари, истилоҳ ва терминларига эга бўлган мустақил илмдир. Шунинг учун бу илмнинг қоидаларини индамай тарк қилиб кета олмайсиз. Уни ҳозирги замон тилида ёзсангиз, унинг ўзига хос истилоҳ, термин ва атамаларини йўққа чиқарган бўласиз! Бу китобда олдингиларнинг масалалари ҳозиргиларнинг услуби билан ифода этилган, натижада кўплаб хатолар юзага келган, қарабсизки, бу китобга ишонч йўқолган. Ҳеч бўлмаганда фуқаҳоларнинг гапларини ўз ҳолича келтиришмаганки, текшириб, ишонч ҳосил қилиб олсак! Ҳамма гаплар ҳозирги замон одамининг таъбири билан ифода этилган.

Учинчидан, китобдаги баҳсларни ҳар хил олимлар ёзгани учун айрим мавзулар илмий жиҳатдан кучли, айримлари эса сустроқ ёритилган, яъни ёзган одамнинг савиясига қараб, мавзу ҳам бошқалардан бошқача савияда бўлиб қолган.

Яна бир жиҳат: бир куни зинодан туғилган бола ҳақида лиъон, яъни лаънатлашув масаласида Абу Ҳанифанинг қавли бўйича баҳс ёзаётган эдим. Кейин мана шу фиқҳий энциклопедияни очиб қарасам, бу масала уч марта келтирилган экан. Қарасам, Абу Ҳанифанинг гапини уч жойда уч хил келтиришибди! Бу ерда ёзилгани у ерда ёзилганидан бошқача, у ерда ёзилгани бояги ёзилганидан бошқача… Мана шу томонлари ҳам китобнинг яна бир камчилиги бўлиб қолган.

Юқорида айтганларимнинг барчасидан шундай хулоса қиламиз:

– бу китобга фатво олишда суяниб бўлмайди. Фатво учун ҳар бир мазҳабдаги суяниладиган китобларга мурожаат қилиш керак;

– ўқувчилар бу китобдан мазҳаблар борасида умумий илмий тушунча олиши мумкин;

– бу китоб фиқҳул-муқорин бўйича ёзилган китобларнинг энг яхшилардан ҳисобланади.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таҳаллул тарафдорлари ақл манфаатли деб кўрсатган нарсани муқаддам қўяди. Улар ақл ҳақ ва тўғри деб кўрсатган нарсани шариатда ворид бўлган нарсалардан олдинроқ, давоми...

1242 10:14 / 14.04.2025
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙММуқаддимаБизларни Ўзига ибодат қилиш бахтига лойиқ кўрган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Аллоҳга қуллик энг буюк мақом эканини давоми...

9306 09:50 / 29.03.2017
Албатта, ҳамма фақиҳ номининг олганларнинг даражалари бир хил эмас. Балки улар турли табақаларга бўлинадилар ва ўша табақаларида уларниннг даражалари билинади. давоми...

3663 16:12 / 28.03.2017
.Фиқҳ, сўзи .фаҳмлаш,, .англаш, деган маънони билдиради. Бу ерда .фаҳм, сўзи жуда муҳим, чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, Аҳли суннани бошқалардан ажратиб турган давоми...

1404 16:50 / 14.12.2024