1446 йил 14 жумадул аввал | 2024 йил 16 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Қўл остидагиларга яхши муносабатда бўлиш

16:16 / 26.01.2018 4013 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Энди қўл остидагилар билан муомала одоби ҳақидаги таълимотлар билан танишамиз. Бу ерда бир нарсага алоҳида эътибор беришимизга тўғри келади. Ушбу масалага оид ҳадиси шариф ва ривоятларда қул ва чўрилар ҳақида ҳам сўз боради.

Албатта, ҳозирда қуллик тузуми тугатилган. Бу тузумга қарши курашни биринчи бўлиб Ислом бошлаган ва жуда кўплаб намунали ишларни қилган.

Ушбу саҳифаларда келадиган «қул» ва «чўри» лафзларини «ходим» ва «ходима» деб тушунсак бўлаверади.

Дунёдаги барча халқларда қўл остидагиларга бўладиган муомаланинг ўзига яраша маданияти бор. Улар турлича эканини ҳам яхши биламиз. Бугунги кунимизда ҳам худди шу мавзуда ҳар хил муносабат ва амалларнинг гувоҳи бўлиб келмоқдамиз.

Ислом дини таълимотлари бўйича қўл остидагиларга қандай муомала қилиш кераклигини келгуси ҳадиси шариф ва ривоятлардан ўрганамиз.

156. Али ибн Абу Толиб солавотуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолганларида:

«Эй Али! Менга қоғоз-қалам олиб кел, умматимни залолатга кетишдан асрайдиган бир нарса ёзиб берай», дедилар.

Келгунимча жон таслим қилиб қолишларидан қўрқиб:

«Ёздирмоқчи бўлган нарсангизни албатта ёдлаб оламан», дедим.

Бошлари билакларим ва тирсагим орасида эди.

Намоз(ни тўкис адо этиш), закот(ни бериш) ва қўл остидагилар(га яхши муносабатда бўлиш) ҳақида тавсия қилдилар. Жон таслим этгунларича шуларни айтиб, «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳ», деб гувоҳлик беришга амр қилдилар ва ким бу иккиси билан гувоҳлик берса, дўзах унга ҳаром бўлади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин ўз умматларига васият қилган баъзи нарсалар ҳақида сўз юритилмоқда.

Улар қуйидагилардан иборат:

1. Намоз.

2. Закот.

3. Қўл остидагиларга яхшилик қилиш.

4. Калимаи шаҳодатни маҳкам тутиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдин қилган васиятларида қўл остидагиларга яхшилик қилиш ҳам бўлиши бу амалнинг аҳамияти қанчалар катта эканини кўрсатади.

Айниқса қўл остидагиларга яхшилик қилиш намоз, закот ва шаҳодат келтириш орасида зикр қилинишига алоҳида эътибор беришимиз керак.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин васиятнома ёзиб қолдирмоқчи бўлганлари.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг мақомлари юксак бўлгани.

3. Намоз ибодатининг қадри ғоят улуғлиги.

4. Закотнинг қадри ҳам ғоят улуғлиги.

5. Шаҳодат калималари билан вафот этган шахс дўзахий бўлмаслиги.

6. Қўл остидаги кишиларга зулм қилмаслик ҳам ниҳоятда аҳамиятли иш экани.

157. Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чақирганга ижобат қилинглар, ҳадяни қайтарманглар ва мусулмонларни урманглар», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам бир қатор муҳим ижтимоий масалалар кўтарилган. Жумладан, бир одам бирор маросим қилиб, меҳмонга чақирса, унга бориш керак.

Албатта, бу катта масала, чунки таклиф қилинган маросим исломий бўлиши, одоб-ахлоқ доирасида бўлиши, ҳалол бўлиши керак ва ҳоказо. Ана шундай таклифларга ижобат қилиш лозим. Борилмаса, чақирган киши хафа бўлади. Бу эса ижтимоий алоқаларнинг заифлашишига, мусулмонларнинг ўзаро муносабатларига футур етишига сабаб бўлади.

Уламолар: «Никоҳ тўйига шахсан таклиф қилинганда бориш вожиб, қолган чақириқларга бориш мустаҳабдир», деганлар.

Ҳадяни қайтармаслик ҳам муҳим масала. Бир киши ҳадя берса, ҳадя берилган киши уни олмаса, берган одамнинг кўнглига ҳар хил фикр келади –  «Нимага олмади, мени ёмон кўрадими, ҳаромдан топган деб ўйладими?» каби хаёлларга боради.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни рад қилмасликни буюрганлар.

«Мусулмонларни урманглар».

Одатда одамларни уриш кўпроқ қўл остидагиларни уриш орқали юзага чиққани учун ҳам бу ҳадиси шариф ушбу бобда келтирилмоқда. Дарҳақиқат, бировни уриш бир умр эсда қоладиган иш. Бунинг маънавий жароҳати ҳам оғир бўлади. Бундай иш жамиятда кенг тарқалса, мусулмонларнинг ўзаро алоқалари бузилади, бундай жамият таназзулга учраб, охири ҳалокатга дучор бўлиши турган гап.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Даъватга ижобат қилиш кераклиги.

2. Ҳадяни қайтармаслик лозимлиги.

3. Мусулмонларни уриш мумкин эмаслиги.

158. Али салавотуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги каломлари «Намоз! Намоз! Қўл остингиздагилар борасида Аллоҳдан қўрқинглар!» бўлган эди».

Шарҳ: Аввал ўтган ривоятлардан билганимиздек, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги нафасларида у зотнинг муборак бошларини қўлларида тутиб турганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим олдидан «намоз, намоз» деб кўп айтган эканлар, яъни «Намозни унутманглар, намозга эҳтиёт бўлинглар, уни маҳкам тутинглар», деб туриб, яна: «Қўл остингиздагиларнинг (қулларнинг) ҳаққида Аллоҳдан қўрқинглар, уларни азобламанглар, оғир вазифа буюрманглар, уларнинг ҳаққини поймол қилманглар», деган эканлар.

Бу ҳақиқатни раҳбар ходимлар, ишбоши ва хўжайинлар яхши билишлари ва қўл остидаги одамларга нисбатан муомалалари гўзал тарзда бўлиши учун ҳаракат қилишлари лозим бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар хазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барча халқларда қадимдан ўтган улуғ кишиларни, машshyҳур кунларни, воқеаларни ёки бошқа муносабатларни эслаш, қадрлаш учун байрам қилиш, бу байрамларда давоми...

5044 12:45 / 14.06.2018
391. Абу Дардодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ даражани айтиб берайми, дедилар..Ҳа Айтиб беринг, давоми...

5177 20:07 / 04.04.2018
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади.Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози давоми...

15110 23:09 / 18.08.2017
Тушлар уч хил бўлади 1. Аллоҳ томонидан бўлган солиҳ туш2. Шайтондан бўлган тушкунликка солувчи туш3. Хаёлидан ўтказган нарсаларни тушида кўриш. Солиҳ тушга оид давоми...

10090 11:30 / 16.01.2018
Видеолар

2712 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

134545 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54867 14:35 / 11.08.2021