1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Икки хислат

06:59 / 09.11.2025 1135 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: خَصْلَتَانِ أَوْ خَلَّتَانِ لَا يُحَافِظُ عَلَيْهِمَا عَبْدٌ مُسْلِمٌ إِلَّا دَخَلَ الْجَنَّةَ، هُمَا يَسِيرٌ، وَمَنْ يَعْمَلُ بِهِمَا قَلِيلٌ، يُسَبِّحُ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ عَشْرًا، وَيَحْمَدُ اللهَ عَشْرًا، وَيُكَبِّرُ عَشْرًا، فَذَلِكَ خَمْسُونَ وَمِائَةٌ بِاللِّسَانِ، وَأَلْفٌ وَخَمْسُمِائَةٍ فِي الْمِيزَانِ، وَيُكَبِّرُ أَرْبَعًا وَثَلَاثِينَ إِذَا أَخَذَ مَضْجَعَهُ، وَيَحْمَدُ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَيُسَبِّحُ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، فَذَلِكَ مِائَةٌ بِاللِّسَانِ، وَأَلْفٌ فِي الْمِيزَانِ، فَلَقَدْ رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْقِدُهَا بِيَدِهِ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، كَيْفَ هُمَا يَسِيرٌ وَمَنْ يَعْمَلُ بِهِمَا قَلِيلٌ؟ قَالَ: يَأْتِي الشَّيْطَانُ أَحَدَكُمْ فِي مَنَامِهِ فَيُنَوِّمُهُ قَبْلَ أَنْ يَقُولَهُ، وَيَأْتِيهِ فِي صَلَاتِهِ فَيُذَكِّرُهُ حَاجَتَهُ قَبْلَ أَنْ يَقُولَهَا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки хислат ёки одат бор. Мусулмон банда уларни муҳофаза қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осондир ва уларга амал қиладиган оздир. Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбеҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта. Тарозида бир минг беш юзта.

Қачон ётар жойини олса, ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбеҳ айтади. Булар тилда юзта, тарозида мингта. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни қўллари билан санаётганларини кўрдим. Шунда:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Уларнинг осон бўлгани ва уларга амал қиладиган оз бўлиши қандай?» дейишди.

«Шайтон бирингизга уйқусида келади ва уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди. Намозида келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Ҳадиси шарифдаги «Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбеҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта» дейилганда беш вақт намоз кўзда тутилган.

Бу ерда намоздан кейин ва ухлашдан олдин тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтишнинг яна бир услуби ҳақида сўз кетмоқда. Уйқуга кетишдан олдин ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбеҳ айтиб ётишга амал қилиб борилса, катта хайр, баракага эга бўлинади.

Бизда намоздан кейин айтиладиган тасбеҳ, ҳамд ва такбирда бошқа ҳадиси шарифга амал қилиб келинмоқда.

Имом Муслим ва Термизийлар Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбеҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар».

Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш кейинги ривоятларда келадиган зикрлар ила уйғунлашиб, татбиққа кирган.

Имом Муслимнинг ривоятида:

«Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар» деса, ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлиши – «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр»ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби кўп бўлса ҳам мағфират қилинур», дейилган.

Имом Муслимнинг ривоятига аввал ёки охирида «Оятал Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Бу сўфийлар хатми деб номланади. Бу нур устига нур дейилади, чунки «Оятал Курсий» Куръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган нарсадир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 2 августдаги 02-07/6202-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким тўшагига ётаётган пайтда .Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла давоми...

3463 09:34 / 22.05.2023
. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи қизларига .Тонг оттирганингда .Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, лаа қуввата иллаа биллаҳи, маа давоми...

929 01:07 / 28.11.2025
Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Поклик иймоннинг ярмидир. .Алҳамду лиллаҳ, калимаси тарозини давоми...

2824 04:31 / 02.05.2019
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким тонг отганда ва кеч кирганда юз марта давоми...

1234 00:35 / 11.11.2025
Аудиолар

232103 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150613 09:35 / 11.08.2021