
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аҳли сунна наздида бу фиқҳ тўрт мазҳабдан ташкил топган. Тарихда эътиборли, сўзига қараладиган, гапи гап бўлган биронта олим бўлса, шу тўрт мазҳабдан бирига эргашган бўлади. Фиқҳ фани бўйича ёзилган ҳар қандай китоб шу тўртта мазҳаб доирасида ёзилган. Буни инкор қилиш Қуръон оятини инкор қилиш саналади
Биз ҳозир баён қилмоқчи бўлган мавзу кўпчиликка номаълум бўлган, тўғри тушуниш ўрнига бошқача тушуниб қолинган мавзудир. Шунинг учун биз айтадиган кўп гаплар ғалати туюладиган бўлиб қолган. Баъзи одамлар бу маълумотларни беркитишга ҳам уринишган. Кўпинча шундай бўладики, хато гап кўп гапирилаверса, катта доирада эълон қилинаверса, оқибатда ҳақиқатдек бўлиб қолади, кўпчилик бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмайди.
Аммо олдимизда бир ҳақиқат турибдики, бу борада ҳеч ким ихтилоф қилмайди: фиҳқ – илмдир, ҳа, амалий-татбиқий, исломий илмдир. Ислом илмларининг 80 фоиздан ортиғини фиқҳ ташкил қилади. Тафсир, ҳадис, жарҳ ва таъдил каби барча исломий илмлар тарози палласига қўйилса, масалаларининг кўплиги жиҳатидан йигирма-ўттиз фоиздан нарига ўтмайди. Масалан, ақоид илмидаги баҳсларни олсак, ҳаммасини йиғиб келганда ҳам фиқҳдаги таҳорат бобидаги баҳслардан ошмайди. Тафсир илмининг бир қисмини фиқҳ илми ташкил қилади. Қуръон илмлари борасида битта кичик китоб ўқисангиз ҳам, бу фан ҳақида умумий тасаввур ҳосил қилишга кифоя қилади. Фиқҳ илми эса Ислом илмидир, жуда катта илмдир. Ер юзида фиқҳ илмидан кенгроқ илм йўқ десам, муболаға қилмаган бўламан. Бу фикрнинг исботи сифатида ҳанафий мазҳабининг фиқҳи кифоя қилади. Ҳеч қайси фаннинг китоблари, масалалари бу фанникичалик кўп эмас, одамларнинг эҳтиёжи ҳам энг кўп шу фанга тушади. Бу илм ер юзидаги энг катта илм саналади. Биз энг кўп муҳтож бўлган нарса ҳам шу илмдир.
Фиқҳнинг ўзи бир илм экани ҳақиқат. Бу илм ўзига хос қоидалардан ташкил топган. Ҳар қандай илмнинг ҳам ўз олимлари бўлади, бу олимлар шу илмнинг қоида ва асосларини тузиб чиқишади, сўнг ўша нарса бир илм сифатида шаклланади. Биз билган барча илмлар шу йўсинда пайдо бўлган. Тиб, ҳандаса ва бошқа фанлар ҳам шундай ижтиҳодлар самарасидир. Аммо бу илмлар фиқҳнинг олдида жуда оз, йўқ деса ҳам бўлади.
Фиқҳ ҳам мустақил илм бўлиб, ўз қоидаларига асосланади. Табиб ҳам институтда ўқиб, фанда маълум даражага етмагунича табиб бўлмайди. Ҳамма илмларда ҳам шундай. Энди айтинг-чи, энг кўлами кенг, энг катта, энг нозик, энг керакли бўлган фиқҳ илмига ҳам бошқа илмларга қилгандек муносабатда бўлишимиз керак эмасми?
Барча илмларда ҳам ҳал қилувчи сўзни ўша илмдаги қоидалар, ўша илмнинг уламолари айтганидек, фиқҳ илмида ҳам худди шу мезонни қўллаш керак. Ортга – фиқҳ илмининг аввалига қайтишимиз тўғри эмас. Бир киши келиб, «Биз шаръий ҳукмларни билишда Қуръон ва ҳадисларга қайтамиз», дейиши бутун бошли фиқҳ илмини инкор қилиш ҳисобланади, чунки фиқҳ илми асрлар давомида Қуръон ва ҳадислардан чиқариб олинган ҳукмлар мажмуаси бўла туриб, яна Қуръонга қайтиш даъвоси бу илмни рад этишнинг айни ўзидир. Бундай даъво ҳанафий, моликий ёки шофеъий мазҳаби уламолари айтган миллионлаб сўзларга зиддир.
Бу даъвони қилганлар ёрқин ҳақиқатни четга сурмоқчи бўляпти. Бунга ўхшаган бузуқ фикрли одамларнинг қанчалик қиймати бор? Ҳеч қанча. Уларга қараб ҳам, қулоқ солиб ҳам ўтирилмайди, чунки улар илмдаги бошланғич асосларни тан олишмаяпти.
Юқорида улар учун илм мусбат эмас, манфий тушунча, деган эдик. Улар энг катта қоидаларни ҳам рад этаверишади, чунки улар илмга бирор қадам босишмаган. Шундай бўлганидан кейин, қандай қилиб жиддий илмий масалаларда улар билан баҳс қила оламиз? Ўзи улар илмнинг борлигига ҳам шубҳа қилавергани учун илм доирасидан ташқарида қолиб кетган. Улар илмни қатъий ҳукм қилувчи омил деб билишмайди.
Демак, олдимизда турган катта ҳақиқат шуки, фиқҳ – бу улкан илмдир. Бу ҳақиқат қуёш ва ернинг борлигидек равшан ҳақиқатдир.
Фиқҳ илми нималардан ташкил топган?
Аҳли сунна наздида бу фиқҳ тўрт мазҳабдан ташкил топган. Бу гапни мен ўйлаб топганим йўқ. Тарихда эътиборли, сўзига қараладиган, гапи гап бўлган биронта олим бўлса, шу тўрт мазҳабдан бирига эргашган бўлади. Фиҳқ фани бўйича ёзилган ҳар қандай китоб шу тўртта мазҳаб доирасида ёзилган. Буни инкор қилиш Қуръон оятини инкор қилиш саналади, чунки Аллоҳ таоло Ўз Китобида бу динни асрашни ваъда берган. Бу дин эса мана шу фиқҳ билан – тўрт мазҳаб фиқҳи билан мавжуддир. Бунга воқелик ҳам гувоҳ, ижмоъ ҳам боғланган. Демак, фиқҳнинг мустақил илм экани ҳақиқат бўлса, унинг тўрт мазҳабдан ташкил топгани ҳам алоҳида ҳақиқатдир. Бутун уммат шу тартибга рози бўлган ва шу йўлдан юрган.
Яна бир фикрни кўриб чиқсак: Илм қандай пайдо бўлади? Илм қандай шаклланади?
Илм кечаси туш кўриб, кундузи шуларни қоғозга тушириш билан ҳосил бўлиб қолмайди. Жоҳилларнинг хаёлига келган, улар валдираган нарсалар илм бўла олмайди. Бу шайтону иблисларнинг иши, асло илм аҳлининг йўли эмас. Бир нарса илмга айланиши учун, ундаги қоидалар тўғри бўлиши учун асрлар оша сайқалланиши керак, яъни олимлар фатво бериб, асослар ишлаб чиқишади, кетидан бошқа авлод олимлари келиб, улар ҳам шу асосларга мувофиқ келишади, кейинги асрда яна шундай ҳолат такрорланади ва ҳоказо. Илм асрлар давомида, кейингилар олдингиларни тасдиқлаши билан шаклланади. Агар бундай давомийлик бўлмаса, бу фикр мустаҳкам ўрнашмаган бўлади.
Масалан, бизга яқин араб давлатларидан бирида вақф вазири бўлган, унинг номидан юзта, икки юзта китоб чоп этилган. Аммо ўша кишининг ўзидан шу китоблар ҳақида сўрасангиз, жавоб бера олмас эди. У вазир бўлгани учун Урдунда таҳқиқ марказини очиб, пул бериб, мутахассисларни ишлатар эди, кейин муқовасига ўзининг исмини ёздириб, китобларни чоп қилар эди. Бунга ўхшаш ҳолатларда бир одам обрў-мартабасидан фойдаланиб, муайян фикрларни тарқатади, лекин салтанати кетгач, фикрлари ҳам завол топади, илм сифатида рўёбга чиқмайди. Хуллас, фикрлар илмга айланиши учун узоқ асрлар ўтиши талаб қилинади.
Яна бир ҳолат: баъзида бир ёки бир неча шахслар эмас, балки бутун бошли давлат муайян фикрни олға суриб, қўллаб-қувватлайди. Масалан, аббосийлар давлати бир муддат мўътазила ақийдасини илгари сурган. Агар бу ақийда тўғри бўлганида, ҳукумат кетса ҳам илм сифатида қолиши керак эди. Аҳли илмлар бу эътиқодни қабул қилган бўлишар эди. Аммо воқеликда бунинг акси бўлди.
Демак, фикрлар илмга айланиши учун асрлар ўтиши, мақбулият қозониши лозим. Бугун баъзи сиёсатлар дин душмани бўлган катта давлатлар билан тил бириктириб, Исломни емириш учун ташаддуд йўналишини қўллаб-қувватлашяпти. Бу бузуқ фикрларни тарқатиш учун сармоялар тикишяпти, зўр бериб уринишяпти. Бунинг натижасида мусулмонлар орасида «Қуръон ва ҳадисдан тўғридан-тўғри ҳукм олиш» деган фикр пайдо бўлди. Бу аҳмоқона фикр эканини калласи бор етти ёшли бола ҳам билиб турибди. Бироқ оммавий ахборот воситаларида, сон-саноқсиз жойларда шу ғоя тинимсиз сингдирилавергач, динига муҳаббати бор авом халқ шунга алданиб қоляпти. Аммо юқорида айтганимиздек, бу тушунчалар тўғри деб топилиши учун асрлар ўтиши керак. Қани, кўрайлик-чи, қанча давом этаркин?
Яна бир масала: илмлар тараққий қилади, ўсади, турли босқичларни босиб ўтади.
Аслида илмнинг илк босқичида қолиб кетиш ғалати ҳолат. Мисол учун, мен Қуръон ва ҳадислардан бир масалани ижтиҳод қилдим, буни қойиллатиб бажардим, дейлик. Мендан кейинги асрда яна бир олим келиб, у ҳам ўша масалада ижтиҳод қилди. Икки юз йил ўтгач, яна шу ҳолат такрорланди. Ҳаммамиз битта ишни қилишда давом этяпмиз. Бир-биримизнинг фикримизни қабул қилиб, ўша ижтиҳодга кўра янгидан-янги масалалар чиқариш ўрнига, ортга қайтиб, яна янгитдан ижтиҳод қилаверсак, ривожланиш қаердан бўлади? Мен бир ишда янгилик қилсам, Зайд ҳам, Амр ҳам айни ўша иш устида ишлаб ўтираверса, илм тараққий этадими?
Биринчи босқични босиб ўтсак, ўша босқични пухта ўрганиб чиққан бўламиз-ку? Демак, кейинги одам янги поғоналарга чиқиши керак-ку? Илм ўсиши, кўтарилиши, кенгайиши керак-ку. Аммо ҳозир нима бўляпти? Биз Қуръон ва ҳадисда ижтиҳод қилсак, кейинги авлод келиб, яна ўша масалада Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қилса. Бир муддатдан кейин яна баъзилар чиқиб, Қуръон ва ҳадисдан яна ўша масалани янгитдан ижтиҳод қилаверса, ўсиш қаерда қолади? Қувват қаердан келади? Муқаддима сифатида мана шуларни эслатиб ўтмоқчи эдим.
Энди муҳим нуқталарга тўхталиб ўтамиз. Ёқадими, ёқмайдими, инкор қилиб бўлмас ҳақиқат шуки, бугунги кунда тўртта мазҳаб бор, дин – айни мана шу мазҳаблардир. Буни мен исботлаб чиқаётганим йўқ. Бутун тарих бир овоздан шуни тасдиқлаб турибди. Бундан бошқа гапни айтган одам уммат тарихига хилоф қилаётган бўлади. Энди айтинг-чи, бутун уммат, бу умматнинг барча уламолари адашган-у, мана бу тирранчалар тўғри айтаётган бўлиши мумкинми? Қанчалар машҳур одам бўлмасин, қанчалик катта муфтий бўлмасин, ким бўлса бўлсин, уммат олдида мутлақо вазн босмайди. Бу ҳақиқатга барча таслим бўлган.
Хўш, бу тўрт мазҳаб нега вужудга келган?
Мана шу саволга жавоб беришга ҳаракат қилайлик. Аввало бу тўрт мазҳабнинг қарор топгани равшан ҳақиқат. Бу борада гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Келинг, бунинг сабаблари ва аҳамияти борасидаги баъзи нуқталарга тўхталамиз. Аслида бу жуда катта мавзу. Силсилавий давра суҳбатлари ҳам, алоҳида китоблар ёзилса ҳам, буни тушунтириб чиқишга етмайди.
Биринчи масала шуки, Исломнинг биринчи ва иккинчи юз йиллигида саҳоба ва тобеъинлар тарафидан бениҳоя кўп ижтиҳодлар қилинган. Лекин Аллоҳнинг иродаси билан бу ижтиҳодлар фиқҳ мактабларига бориб, сингиб кетди, у ерда таҳлил қилинди, чуқур ўрганилди.
Мадинада қанчалаб мужтаҳидлар, Зайд, Оиша, Ибн Аббос, Ибн Умар каби катта саҳобалар бор эди. Улардан кейин етти фақиҳ зотлар етишиб чиқишди. Сўнгра яна мужтаҳидлар табақаси келди. Шуларнинг барчаси сўнгги босқичда моликий мазҳабида таҳқиқ қилиниб, тартибланди. Кўфада ҳам саҳобалар, тобеъин ва табаъа тобеъинлар тарафидан саноқсиз ижтиҳодлар қилинган. Булар ҳанафий мазҳабида тартибланиб, қайта кўриб чиқилди. Ҳадис билан шуғулланган уламоларнинг фатволарини, усулини шофеъийлар низомга солишди.
Айтмоқчиманки, ижтиҳодлар кўп бўлган, уларнинг барчаси фиқҳ мактаблари қозиғида айланган. Бу мактабларнинг ўз хусусиятлари, ўз маслаги бор бўлиб, авлоддан-авлодга ривожланиб, шаклланган. Бу мазҳаблар жамиятдаги қозилик ва фатво ишларига тўла жавоб бера оладиган, ўрганиш ва ўргатишга ўта яроқли ҳолатга келгач, энди бошқа мазҳабларга эҳтиёж тушмай қолди.
Бу ҳолат худди Қуръон бир неча важҳларда нозил бўлгач, саҳобалар Зайд ибн Собитнинг қироатига иттифоқ қилишганига ўхшаб кетади. Бир пайтлар Ибн Масъуд ва Убай ибн Каъб каби саҳобаларнинг ҳам қироати оммавий тарзда ўқилган, аммо кейинчалик шозз қироатлар қаторига кириб қолган. Албатта, бу қироатлар ҳам ваҳий сифатида нозил бўлган, лекин Усмон розияллоҳу анҳу жамлаган мусҳаф билан кифояланишган.
Шунга ўхшаб, фиқҳ борасида ҳам муайян ижтиҳод мактаблари билан чекланиб, бошқа ижтиҳодларни тарк этишни энг афзал йўл деб билишди. Юксак тажриба, малака, маърифат ва воқелик шу танловни тақозо этган эди. Биз эса бугунги кунда улар огоҳлантириб кетган фитнанинг ёпиқ эшикларини очишга уриниб ётибмиз. Натижада тўрт мазҳабдан чиқиб кетдик, майдонда ташаддудчилар ва таҳаллулчилар пайдо бўлишди. Дин ва илм йўқ бўлди, шаръий илмлар парчаланди. Булар эса мусулмонлар кўпчилик бўлишига қарамай, қолоқ бўлишига, ўз қадр-қийматини йўқотишига олиб келди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.