1447 йил 25 жумадис сони | 2025 йил 16 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Таомланиш маданияти

16:31 / 09 ноябрь 796 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَلِمُسْلِمٍ وَأَبِي دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيِّ: نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الشُّرْبِ قَائِمًا. وَلِمُسْلِمٍ: لَا يَشْرَبَنَّ أَحَدٌ مِنْكُمْ قَائِمًا فَمَنْ نَسِيَ فَلْيَسْتَقِئْ.

Муслим, Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар», дейилган.

Муслимнинг ривоятида эса:

«Сиздан бирортангиз ҳам тик туриб ичмасин. Ким унутган бўлса, қусиб юборсин», дейилган.

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ  قَالَ: رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْرَبُ قَائِمًا وَقَاعِدًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.

Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тик туриб ҳам, ўтириб ҳам ичаётганларини кўрдим».

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Уламо аҳли ичимликни тик туриб ёки ўтириб ичиш ҳақида келган ривоятларнинг ҳаммасини жамлаб, таққослаб, бошқа сабабларини ҳам топиб, ўрганиб чиққанларидан сўнг «Ўтириб ичиш мустаҳабдир, тик туриб ичиш эса баъзи вақтларда жоиздир», деганлар.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنِ النَّفْخِ فِي الشَّرَابِ، فَقَالَ رَجُلٌ: الْقَذَاةُ أَرَاهَا فِي الْإِنَاءِ، قَالَ: أَهْرِقْهَا، قَالَ: فَإِنِّي لَا أَرْوَى مِنْ نَفَسٍ وَاحِدٍ؟ قَالَ: فَأَبِنِ الْقَدَحَ إِذَنْ عَنْ فِيكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар. Бас, бир киши:

«Идишга тушиб қолган нарсани кўрсам-чи?» деди.

«Олиб ташла», дедилар у зот.

«Мен бир нафасда ича олмайман», деди.

«Ундай бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомланиш маданиятини қанчалик меҳнат билан жорий қилганларининг ёрқин намунасини кўриб турибмиз. Ҳар бир нарсани айтиб, тушунтириш, турли саволларга чидам билан жавоб бериш лозим бўлган экан. Аввал у зот саҳобаларга ичиш одобларидан бирини баён қилмоқдалар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар».

Аммо ҳамма ҳам бу қайтаришни эшитиши билан «Бундай қилмаслигимиз керак экан», деб кетавермади.

Бас, бир киши:

«Идишга тушиб қолган нарсани кўрсам-чи?» деди».

Яъни, «Сиз идиш ичига пуфламанглар деяпсиз. Аммо бир ичимликни ичмоқчи бўлиб, оғзимга олиб борсам, идишда – ичимлик устида бир нарса турган бўлса, пуфлаб юбориш керак бўлади-ку?»

Бу саволга жавобан:

«Олиб ташла», дедилар у зот».

Яъни «Ўша нарсани ҳам пуфлама, балки олиб ташла». Сўровчида яна бошқа савол пайдо бўлди ва у ўша саволни ҳам берди:

«Мен бир нафасда ича олмайман», деди.

Яъни, «Мен идишдаги ичимликни бир нафас билан охиригача ичиб, битира олмайман. Орада нафас олишим керак бўлади. Орада нафас олсам, идиш ичига пуфлашим керак бўлади. Бунга нима дейсиз?»

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани ҳам сабр билан ҳал қилдилар:

«Ундай бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир», дедилар».

Яъни, «Нафасинг етмай қолганда идишни оғзингдан узоқлаштириб, нафасингни ростлаб олиб, кейин ичишда давом этсанг, идиш ичига пуфлаш содир бўлмайди».

Одамнинг оғзидан чиқадиган нафасда турли кўзга кўринмас зарарли нарсалар, қўланса ҳид ва бошқалар бўлиши ҳозирги пайтда ҳаммага маълум бўлиб қолди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жуз

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903- рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мажлисга кирган одам икки кишининг орасига фақатгина уларнинг рухсати билан ўтириши мумкин. Чунки мазкур икки кишининг ўзаро муҳаббати, сирли гапи ёки давоми...

4211 13:02 / 05.02.2019
. .Усайд ибн Зуҳайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қубо масжидидаги намоз худди умра кабидир,, дедилар,.Термизий давоми...

2896 14:45 / 18.04.2021
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одам боласи сажда оятини қироат қилиб, сажда қилса, давоми...

2746 13:00 / 01.03.2021
. . Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолсаю, уни Бомдод давоми...

1779 14:14 / 02.01.2024
Аудиолар

213935 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

133138 14:35 / 11.08.2021