1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Имом Мотуридийнинг устозлари

11:37 / 06 ноябрь 646 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Абу Наср Иёзий.

Бу зотнинг тўлиқ исмлари Аҳмад ибн Аббос ибн Ҳасайн ибн Жабала ибн Ғолиб ибн Жобир ибн Навфал ибн Иёз ибн Яҳё ибн Қайс ибн Саъд ибн Убода Ансорий Хазражий фақиҳ Самарқандий. Абу Наср Иёзий раҳматуллоҳи алайҳининг тўлиқ исмларидан у кишининг насаблари ҳам имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳига ўхшаб ансорийларга бориб тақалиши кўриниб турибди.

Абу Наср Иёзий раҳматуллоҳи алайҳи Яҳё ибн Қайс ибн Саъд ибн Убода Ансорий Хазражий розияллоҳу анҳунинг авлодларидандир.

Абу Наср Иёзий раҳматуллоҳи алайҳи катта олимлардан бўлганлар. Илмда, парҳезкорликда, ботирликда ва жувонмардликда у кишига тенг келадигани бўлмаган. У киши раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг ортидан имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи билан бирга у зотга тенгдош яна қирқта олим шогирдни қолдирганлар.  

Абу Наср Иёзий имом Абу Мансур Мотуридийнинг устозлари бўлиш билан бирга, у кишига ҳамдарс бўлиб, Абу Бакр Аҳмад Жузжонийнинг ҳалқаларида дарс олар эди.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, юртда Абу Наср Иёзийга тенг келадиган олим бўлмаган. Турк юртларида олиб борилган урушлардан бирида шаҳид бўлган.

Абу Наср Иёзий раҳматуллоҳи алайҳининг Абу Бакр Муҳаммад ва Абу Аҳмад исмли икки нафар фақиҳ ва фозил ўғиллари бўлган.

Абу Муъийн Насафий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Табсира»сида Абу Наср Иёзий раҳматуллоҳи алайҳини таърифлаб қуйидагиларни ёзади:

«У киши илмда тубсиз денгиз эди. Фуруъ ва усулда унга ҳеч ким тенг кела олмас эди. Ким у зотнинг сифатлар масаласида ёзган китобига ва унда аҳли ҳақнинг гапи тўғрилигига, мўътазилаларнинг гапи ботиллигига келтирган далилларига назар солса, унинг бу борада денгиз бўлиб кетгани ҳақида маърифат ҳосил қилади».

Абулқосим Ҳаким Самарқандий Абу Наср Иёзий раҳматуллоҳи алайҳи ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Фақиҳ Абу Наср Иёзийга бидъат ва ҳаво аҳлларидан, динда талашиб-тортишадиганлардан бирортаси ўз мазҳабига хужжат қилиб Қуръони Каримнинг бир оятини келтирса, Абу Наср Иёзий дарҳол унинг оғзига уриб, тинчитар эди».

Абу Наср Иёзий раҳматуллоҳи алайҳи Сулаймон ибн Мусо Жузжонийнинг шогирди имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжонийдан илм олган эди.

2. Абу Бакр Аҳмад Жузжоний.

Тўлиқ исми Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний бўлган бу зот имом Абу Мансур Мотуридийнинг устозларидан бири бўлиб, у киши усул ва фуруъ илмларини ўзида жамлаган ва турли илмларда баланд чўққиларни забт этган улкан олим эди. Абу Бакр Аҳмад Жузжоний раҳматуллоҳи алайҳи бир қанча асарлар ёзган. Жумладан, «Ал-Фуруқ», «Ат-Тамйиз», «Ат-Тавба» ва бошқалар.

3. Муҳаммад ибн Муқотил Розий.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг бу устозлари Райда қозилик қилган. Муҳаммад ибн Муқотил Розий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Мутийъдан ривоят қилган. Шунингдек, Заҳабийнинг таъкидлашича, ҳадисларни Вакийъдан ва унинг табақасидаги ровийлардан ривоят қилган.

4. Нусайр ибн Яҳё Балхий.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг бу устозлари имом Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний, Абу Мутийъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхий ва Абу Муқотил Ҳафс ибн Салам Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳимодан дарс олиб олим бўлган эдилар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг устозларига назар соладиган бўлсак, уларнинг барчаси Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг илмларини давом эттирувчилар бўлганини кўрамиз. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг устозлари Абу Бакр Аҳмад Жузжоний ва Нусайр ибн Яҳё Балхий раҳматуллоҳи алайҳимо Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжонийнинг шогирдлари бўлганлар. У киши эса ўз навбатида имом Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳимонинг шогирди бўлган. Шунингдек, имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг  бошқа бир устозлари Муҳаммад ибн Муқотил Розий раҳматуллоҳи алайҳи ва аввал зикрлари ўтган Нусайр ибн Яҳё Балхий раҳматуллоҳи алайҳилар имом Абу Ҳанифанинг ўзларидан бевосита дарс олган улуғлардан бўлишади.

Эътибор бериладиган бўлса, имом Абу Мансур Мотуридий устозларининг устози орқали имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадга етиб борадилар.

Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.

Абу Наср Иёзий – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.

Нусайр ибн Яҳё – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.

Муҳаммад ибн Муқотил – Абу Мутийъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхий – имом Муҳаммад.

Ушбу машҳур олимлар ўз шогирдларига асосан имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг китобларидан дарс берар, «Фиқҳул Акбар», «Рисола» «Фиқҳул Абсат», «Китабул олими вал-мутаъаллим» ва бошқа китобларни чуқур ўргатишар эди.

Имом Абу Мансур Мотуридий бу ва бошқа барча дарсликларни қунт билан ўргандилар. Мазкур китоблардаги билимлар у киши томонларидан яна ҳам ривожлантирилди.

Имом Абу Мансур Мотуридий ўз замоналаридаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топдилар. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилдилар. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб бердилар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг илм булоғига бунчалар яқин бўлиш имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг кейинчалик ҳам ақийда – калом илмида, ҳам фиқҳ илмида улкан аллома бўлиб танилишларида катта аҳамият касб этди.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Мовароуннаҳрда Аҳли суннанинг шайхи бўлиш даражасига эришганлар. Бу ерда Аҳли сунна кўп ва ғолиб бўлгани учун у киши имом Ашъарийга ўхшаб ҳар хил йўлларда ва турланишларда бўлмаганлар. Балки аввал бошдан мўътадил йўлдан бориш имконини топганлар. У киши кези келганда нақлга, кези келганда ақлга ўз ҳаққини берганлар.

Аҳли сунна вал жамоа фуқаҳолари ва муҳаддисларидан бири бўлган Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи жуда ҳам машҳур бўлиб кетганлар. Мовароуннаҳрда одамлар барча турдаги илмий масалаларда у кишига мурожаат қилишган, ақоид, фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмлар бўйича у кишидан таълим олганлар.

Усул бўйича «Китабул жадал»ни ва фиқҳда «Маъохизуш-шарийъа»ни таълиф қилганларидан кейин имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг шуҳратлари яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳлининг мазҳаб соҳибига айландилар.

«Ҳидоят имоми» китоби асосида тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Касир ибн Яҳё отасидан ривоят қилади .Сулаймон ибн Абдулмалик Мадинага келди. У пайтда Умар ибн Абдулазиз у ерда волий эди. Сулаймон одамлар билан бирга пешинни давоми...

2749 19:00 / 26.11.2022
Ислом уммати mdash инсоният тарихидаги деярли барча империялар томонидан доимимй равишда ҳарбий ҳужумларга учраган ягона уммат. Ажабланарлиси шундаки, ўша давоми...

2751 11:30 / 29.03.2021
Маълумотларга кўра, Собитхон тўра камолот ҳосил қилиш учун нақшбандия тариқатининг етти пири муршидидан таълимтарбия олиб, илму ирфонда камол топади. Устозлари давоми...

2992 15:30 / 18.12.2021
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун Ислом оламида тан олинган олим эди. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб давоми...

1698 14:00 / 16.10.2023
Аудиолар

210801 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10427 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130066 14:35 / 11.08.2021