1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Жаннат аҳлидан бўлган киши

09:56 / 01 октябрь 2874 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан масжидда ўтирган эдилар. Бир пайт уларга: «Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши киради!» деб қолдилар.

Шунда ансорлардан бир киши кириб келди. Унинг соқолларидан таҳоратининг сувлари оқиб турарди.

Эртаси куни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга дедилар: «Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши киради!»

Яна кечаги ансорий кириб келди.

Учинчи куни яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши киради!» дедилар.

Масжидга яна ўша ансорий кириб келди! Мажлис тарқалгач, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ўша ансорийга деди: «Мен отам билан талашиб қолдим. Уч кеча унинг уйига кирмасликка қасам ичдим. Шу уч кун сеникида қолсам бўладими?»

Ансорий: «Марҳабо! Хуш келибсан!» деди.

Абдуллоҳ унинг уйида уч кун турди. Ансорий кечаси ҳам, кундузи ҳам бирор-бир ортиқча нафл ибодат қилмади. Фақатгина кечаси уйғонганида Аллоҳни зикр қилиб қўяр эди. Токи муаззин бомдодга азон айтгунича шу ҳолатда тонг оттирди. Сўнгра туриб бомдодни ўқиди!

Уч кундан сўнг Абдуллоҳ унинг қиладиган амалларини оз деб ўйлади ва ансорийга деди: «Мен билан отам ўртасида ҳеч қандай хусумат келишмовчилик бўлмаган эди. Аммо уч кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши киради!» деганларида, уч кун ҳам сен кириб келдинг. Бундай мартабага нима билан эришганингни билмоқчи бўлдим, холос!

Ансорий деди: «Кўриб турганингдек ортиқча амалим йўқ. Аммо кўнглимда мўмин-мусулмонларга нисбатан ғиллу ғаш, адоват, алдов йўқ, Аллоҳ уларга берган нарсаларда қалбимда ҳасад ҳам йўқ!

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу унга деди: «Сен мана шу амалинг билан жаннатга эришгансан. Биз тоқат қила олмайдиган нарса ана шу!

Қалбингизни ислоҳ қилинг. Ана шунда фарзлардан бошқа ибодатлар қилмасангиз ҳам, сизга зарар бермайди.

Инсонларга мусибат қалбларининг хароблигидан келади!

«Кўнглимда мўмин-мусулмонларга нисбатан ғиллу ғаш, адоват, алдов йўқ, Аллоҳ уларга берган нарсаларда қалбимда ҳасад ҳам йўқ!» деяпти ансорий...

Яъни, муомалада ростгўйлик, савдода ростгўйлик, маслаҳатда, насиҳатда ростгўйлик...

Ҳадисда келади: «Ким бизни алдаса, биздан эмас!»

«Аллоҳ уларга берган нарсаларда қалбимда ҳасад ҳам йўқ!» Ширкдан кейин қалбдан жой оладиган энг ёмон нарса ҳасаддир. Ҳасад Аллоҳга қилинган биринчи гуноҳдир. Иблиснинг Одам алайҳиссаломни ёмон кўриб қолишига, Аллоҳ унга Одам алайҳиссаломга сажда қилишни амр этганида сажда қилмаганига сабаб айни ҳасаддир. Ўшанда у ўзини Одам алайҳиссаломдан афзал деб ўйлаган, бу мақомга ўзини муносиб деб билга эди!

Аллоҳ сизга берган нарсага қаноат қилинг, кишиларнинг энг бойи бўласиз. Бошқаларнинг қўлига қараманг. Агар бошқаларга берилган неъматларга қарайверсангиз, ўзингизга берилган неъматларга шукр қилиш учун вақт топа олмай қоласиз.

Ҳадисда келади:

إِيَّاكُمْ وَالْحَسَدَ فَإِنَّهُ يَأْكُلُ الْحَسَنَاتِ كَمَا تَأْ كُلُ النَّارُ الحَطَبَ

«Ҳасаддан сақланинглар! Чунки ҳасад, олов ўтинни егани каби, яхшиликларни еб битиради».

Имом Бухорий ривояти.

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга давоми...

2216 11:08 / 26.06.2021
Ихлос амални ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилишдир. Аллоҳдан ўзгани тасаввуф машойихлари .ағёр,, яъни ўзгалар, бегоналар деб аташади. Ағёр сиздан юқори давоми...

1527 12:31 / 12.08.2024
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Албатта, Соат илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани давоми...

3376 09:09 / 02.06.2021
Икки кундан бери Тошкентда чангли муҳит ҳукм сурмоқда. Кеча кечки пайт бундай ҳолат водий вилоятларига етиб борди. Чангтўзон ҳамма нарсада ўз изини қолдирмоқда. давоми...

5017 18:40 / 05.11.2021